Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 26 страниц)
20 апрель
Идиш-товоқларни ювиб, саранжом қилиб, чол ётган хонани тозалашга киришдик. Жилдини алмаштириш учун қўшқават ёстиқни кўтарсам, тагидан битта калта автомат ва тўппонча кўринди… Чаённи ушлаб олгандай бир зум ҳушим учиб, тўхтаб қолдим, танамни муздек тер қоплади. Аҳволимни кўрган кампир:
– Булар рўйхатдан ўтган қонуний қуроллар, хавотир олма, – деб таскин берган бўлди.
Бурчакдаги жавоннинг эшикларини очиб чанг-чунгини артаётсам, қуйи қутисида қисмларга ажратилган қурол-яроғларга кўзим тушди…
Қаерларга келиб қолдим?..
Кимлар билан яшаяпман?..
Булар қанақа инсонлар ўзи?..
Мени нималар кутяпти?..
Миямда айланган саволлар тинкамни қуритиб ташлади…
Тушлик тайёрлаш учун ошхонага ўтдик. Биринчисига карамшўрва, иккинчисига картошка ва нўхатдан бўтқа ҳозирлаб, гуруч ва маржумак қайнатиб, қўшимчасига мол гўштидан котлет пиширдик.
Кампир келинидан невараларини сўради. “Бугун сал кеч қолишдими? Ишёқмас Денисингга қўнғироқ қил!”
Денис – болаларга бириктирилган ҳайдовчи бўлиб, уларни хусусий боғчага олиб бориб, дарвоза олдида қўриқлаб кутиб турар, Макар ошпаз боғчахолаларнинг овқатига ишонмаганидан арзандаларни уйга тушлик учун олиб келтираркан.
Овқатни тайёрлаб бўлиб, жилдларни ювишга тушдим. Ундан кейин кампир бир қучоқ кийим-кечак олиб келиб ёнимга ташлади-да, дазмоллашни буюрди. Ички кийимларгача дазмол босиб, ҳар кимникини алоҳида-алоҳида ўз хонасидаги жавонига тахлаб қўйиш керак экан.
Бу ерда шахсият ҳам, ғурур ҳам бир тийин. Ишдан бўйин товлашга, талабларни рад этишга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ йўқ. Фақат иккита сўз ишлатилади: чақиришганида – “Лаббай”, иш буюришганда – “Хўп”.
Кутилмаганда дарвозахонада ўтирадиган қоровул кампирга қўнғироқ қилиб, кимдир мени сўраб келганини айтибди. Биргалашиб чиқиб қарасак, Алишер Шакаржон опа орқали Дилбарни топиб, телефонимни олиб келган экан. Бу мен учун умримдаги энг қадрли, энг азиз ва кутилмаган совғалардан бири бўлди.
Телефонимни ёқишим билан Дилбардан бир дунё тавба-тазарру хатлари ёғилиб келди.
Уни қўйиб, дарҳол онамга қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрадим, Шоира опам билан боғланиб, гаплашиб, кўнглим тинди.
Бу телефон деган матоҳ аллақачон бизнинг муҳим бир тана аъзомизга айланиб улгурибди. Усиз ҳаво етишмаётгандек, овқат тузсиз ва тахирдек, табиат бўёқларини йўқотган каби, ўзимиз дунёдан узилиб, ғафлатда қолгандекмиз…
Ажаб, кўчада қуш сайраса, уйда мушук миёвласа ҳам телефонингиз сизни чорлаётгандек туйилиб кетаверади. Шунақамасми?
* * *
Уч кундан кейин Замира деган аёл пайдо бўлди.
У мураббийлигини тасдиқловчи ёрлиғини кампирга пешкаш қилиб, эгизакларга энага “лавозим”ини қўлга киритди. “Лавозим” деганим сабаби шуки, бу юмуш роҳатижон: отнинг калласидай маош, бекорчи вақт бир қоп, қиладиган иши эгизаклар боғчадан келгач кийимларини алмаштиришу об-ҳавога қараб келин билан сайрга олиб чиқиш…
Нега мен аввалроқ шуни билмадим, мен ҳам педагогман, дипломим бор деган худбинона ўй миямни таталаб ўтди. Рости, кун бўйи чанг-ғуборга беланиб, орада ошхонада ёғ ҳидлаб, кўчага ахлат челаги кўтариб чопиб одам нафақат жисмоний, балки маънавий ҳам чарчайди.
Қолаверса, Замирахонимнинг биринчи кундан димоғ-фироқ қилиши, каминага бурнининг тагидан қараши, нигоҳини обқочиб гапириши ғашимга тега бошлаган эди. Айтишича, ҳеч қачон паст ишларни қилмаган, Тошкентда данғиллама ҳовли-жойи бор, пул учун эмас, фақат малака оширгани Московга келгану лўлилар қандай яшаркан деган маънода қизиқиб, шу жойни танлаган эмиш.
Бор-е, дедим, энди сениям ўйлаб юрагимни сиқайми?
Менга деса Фиръавннинг хотини бўлмайсанми! Сен ўз аравангни торт, менинг ғилдирагимга таёқ тиқмасанг бас…
* * *
21 апрель
– Бугун чолимнинг меҳмонлари келади, хизматда қоим турасан, бирортаси норози бўлиб кетмасин! Ҳаммаси тагли-тугли, жиддий одамлар. Губернатор ҳам келади. Уни кимлигини биласанми? Ҳа, балли! Уқдинг-а?
Меҳмонхона дастурхонини Макар келтирган маҳсулотлар билан безадим. Лариса уни унга, буни бунга қўй, деб кўрсатма бериб турди. Катта-катта лаганларда баракали қилиб турли ошкўк, қуш гўшти, пишлоқ ва колбаса қўйилди. Булар кўкпиёз ва саримсоққа ўч бўларкан.
Қўй гўшти ейишмайди.
Бурчакдаги ғилдиракли хонтахта ҳар хил спиртли ичимликлар билан лиқ тўла…
Бирин-кетин меҳмонлар кела бошлади. Ҳаммаси басавлат, кўплари хўппасемиз, баъзилари қулфсоқол қўйган.
Сочи тепага силлиқ таралган, кўзи кулиб турадиган кишига ҳаммаси хушомад қилиб, ҳар бир қадаҳ сўзи айтган одам уй эгаси қолиб унинг шарафига ичишни таклиф қиларди.
Қуриб кетгурлар паравозда туғилганми ё ҳаммомнинг мўрихонасидами, ҳаммаси баравар кимўзарга тамаки тутатаркан. Кулдонларни алмаштириб улгурмайман. Чой ва қаҳвани янгилагунимча кулдонлар дўмпайиб қолади.
Қуюқ овқат тортилгандан кейин ҳаммалари ҳовлига чиқиб, губернаторни кузатиб қайтишди.
Азза-базза бильярд ўйини бошланди. Пул тикиб, баҳслашиб, жанжаллашиб, хохолашиб ярим кечагача соққа думалатишди. Ўзларининг тилида мен ҳақимда ҳам бир нарсалар дейишганини ҳаммаси менга қараб қолганидан сездим. Лекин назарларида ёмонлик аломати пайқамадим.
Соат ўн икки бўлди. Нима бало, ҳаммаси хотини билан уришиб кўчага чиққанми, бирортаси кетаман демайди. Бу ёқдан уйқу қора булутдай босиб келяпти. Эрталаб бешда уйғонганим. Эртага… йўқ, бугун яна шу вақтда туришим керак. Ўлвор-е, дедиму ҳеч кимга индамай, хонамга кириб таппа ташладим.
* * *
– Тур! Нега талтайиб ётибсан? Нимага вазифангни охиригача бажармадинг? Сенинг ишингни мен қиламанми?!
Кўзимни базўр очдим, тепамда ялмоғиздеккина бўлиб чақчайганча кампир турибди. Соатга қарасам, уч бўляпти.
– Шартнома келишувида эрталаб бешдан йигирма биргача иш вақтинг, дейилган эди. Мен ўн иккигача ўтирдим, бешда иш бошлашим керак, чарчадим… – дедим.
Кампирнинг жини қўзиди:
– Бу уйда фақат мен мулоҳаза қиламан, мен буйруқ бераман, мен нима десам шу бўлади! – деб қўлимдан тортиб турғазди.
Яна қайтиб ётиб олдим.
Кампир асабийлашганидан кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Бақириб, икки қўли билан билагимдан тортиб, бошларини сараклатиб, жазавага тушиб додлади. Тирноқлари қўлимга ботди, тирсагимдан қон сизиб, томчилай бошлади. Ўзимни ҳимоя қилиш мақсадида кампирни итариб юбордим. Ахир боссангиз қурбақа ҳам “вақ” дейди-ку!
Кампир шайтонлаб қолди, аламидан турган жойида товуқдай типирчилаб сакради, қўлини карнай қилиб аввал эрини, кейин ўғлини қичқириб чақирди.
– Мени урди! Хизматкорим менга қўл кўтарди! – деб эрига юзланди. Чоли қўл чатиштириб, толиққан кўзларини қисганча бефарқ турганидан ҳафсаласи қайтиб, ўғлига:
– Макар, бор, тўппончангни олиб келиб манави манжалақини отиб ташла! Ўзим бости-бости қиламан… Онангни хўрлашларига қандай чидайсан?! – деб кўзёши қилди.
Макар лўличалаб бир нарсалар деди. Билагимдаги жароҳатга ишора қилганидан у менинг тарафимни олаётганини тушуниб, тўппонча ваҳимам босилди. Кампир жаврай-жаврай қўл силтаб, хобгоҳига гумдон бўлди. Чол менга бирпас қараб турди-да:
– Қизим, билагингни ароқ билан артиб, боғлаб ол. Ким билади бу мегажиннинг тирноқларида қанақа вируслар борлигини, – деб ўғлининг бўйнига дўстона шапатлаб қўйди.
Макар менга тушунарли бўлсин деди шекилли, русчалаб “Ҳозир хотинимга айтаман, анави тарбиячини уйғотади, ўша йиғиштирсин”, деб иккинчи қаватга чиқиб кетди.
* * *
22 апрель
– Кўчадаги хазонларни супуриб, йўлнинг у четига тўплаб қўй. Эртага машина келиб олиб кетади! – деди кампир эртаси қовоқ осиб.
– Кўчанинг ишлари қоровулники эди-ку, – мен ҳам терсайдим.
– Кеча бешдан йигирма биргача иш вақтим дедингми? Менга қара, дедингми ё йўқми? Бас, энди шу вақт ичида нима иш айтсам қиласан! Алишеринг ҳам бир тийин!
Бўйнидан боғланган саркаш эчкидай судралиб кўчага чиқдим. Аслини олганда, супуришдан осон иш борми? Ҳаммаёқ асфальт, қўлингда қулинг ўргилсин супурги бўлса… Алам қилмаса бўлди. Гап шунда-да, алам қилганда-чи!
Жуда у айтган даражада инсофини ямлаб ютганлардан эмасман, кечаги хорлик паллам, ертўладаги абгорлик вақтим ҳечам эсимдан чиққани йўқ. Лекин хом сут эмганмиз-да…
Момақалдироқ гулдирамагунча кўкка қарамаймиз…
Шукур деган сўз шапалоқдан кейин келади…
* * *
– Мен нонуштани хонамда қиламан, негадир этим учиб, титраб кетяпман. Бону, илтимос, олиб чиқиб берақол! – Макар менга иккинчи қаватдан сўз қотди.
Бугун якшанба. Лўлича таомилга кўра келин болаларини олиб ота уйига кетган. Ҳадемай “бизникилар” ҳам Мамай лашкаридай бостириб келиб қолишади. Қиёматни ана ўшанда кўрасиз!
Ларисанинг қизчалари ўпиб токчага қўйгудай, бирам ювош, бирам ақлли, қанот битса фаришта мана шунинг ўзи, дейсиз. Анавилар бўлса, икки гуруҳга бўлиниб, уруш-уруш ўйнаганида ростакам қирғин-барот кўргандай бўласиз.
Хоналарда ўқ ўрнида олма, нок, норинжлар учади. Бир-бирларига тизиллатиб сув сепишади, башараларига торт чаплашади…
Ана ундан кейин шўрлик Бонужоннинг ҳолини тасаввур қилаверинг! Сувюқмас деворларни артган, гиламга сочиқ босиб намини қочирган, тит-пити чиқиб кетган ёстиқларни ўз ҳолига келтирган, ойналарни ярақлатиб дока сурган, ахлат челак кўтариб кўчага қатнаган ким? Кимлигини яхши биласиз…
Нонуштани патнисга жойлаб, юқорига кўтарилдим-у, остона ҳатлаб ичкарига кираман деганимда чап оёғим чети кўтарилиб турган гиламга илашиб, ўнг оёғим устидан босиб, ўмбалоқ ошиб беришимга сал қолди. Мувозанатни сақлайман деганимда патнис қалқиб, шакар ва туз солинган кўвачалар, арчилган бир жуфт тухум, қовурилган сосиска ерга тушиб сочилиб кетди… Тақсимчалар синмади-ю, бироқ шакардоннинг қопқоғи хонтахта оёғига тегиб, нақд иккига бўлинди…
Ана томоша! Шу етмай турувди ўзи! Кампир кўрса, теримга сомон тиқади… Уф-ф, нима қилиб қўйдим-а? Намунча полпис бўлмасам! Серрайиб қолдим.
Компьютер кўриб ўтирган Макар бир қараб қўйдию ишини давом эттираверди. Унга қараб:
– Кечирасан, нохосдан бўлди. Атай қилмадим, – дедим.
У елка қисиб қўяқолди…
Йиғлаб-йиғлаб, “чаққон”лигим маҳсулотларини йиғиштирдим. Шакар ва туз сочаласидан чангютгич нонушта қилди.
Қайтадан тухум қайнатаётсам, кампир иккинчи қаватдан тушиб келди. Салом бердим. Истар-истамас алик олди. Оббо, чап томонидан турдими бу қарға, нима бало, бунча авзойи бузуқ, сезиб қолдимикан деб кўнглимдан ўтказдим.
Макар мени сотмади…
* * *
23 апрель
“Кичкинтой-ширинтой”лардан қолган пачоқ ўйинчоқлару эзилган-нетган мева-чеваларнинг ўзи бир халта бўлди. Унга катталарнинг чиқиндиларини қўшиб, икки халта ахлатни ташлаб келгани кўчага чиқдим.
Қуёш худди бобомнинг бухори тиллосидай товланиб ботяпти. Ўша тангаларни эслаганингда вужудингга қандайдир илиқ ёғду югуради, лекин манави қуёшнинг кампир кўзгу олдида ёқадиган шамчалик ҳарорати йўқ.
Ҳовлидан эллик одимча наридаги сайҳонликда Лариса билан Замира қизчаларни сайр қилдириб юришибди. Иссиқ кийимлар кийганидан эгизаклар тўлпоқ пингвинларни эслатади.
Лариса мени кўриб бош ирғаб саломлашган бўлди, Замира эса ўзини кичкинтойлар билан тиллашаётгандай тутиб, орқа ўгириб олди.
Халталарни ташлашим билан қайдандир бир жуфт дайди пайдо бўлдию мен томон ҳовлиқиб кела бошлади. Бир қарашда биттаси Ленага ўхшаб кетди, четланиб, разм солсам, хайрият, бошқа экан.
Шоввозлар ҳовузга калла ташлагандай ўзини ахлат қутисига урди.
Яна бир марта истиғфор айтиб қайтарканман, чўнтагимдан телефонимни олиб, Шоира опамга қўнғироқ қилдим. У ёқдан қизи Дилдора олди.
– Онанг қани, Дилдор?
– Қўшниникига чиқувдилар, чақириб келайми?
– Ҳай, майли, ўқишинг яхшими? Онанг яхшимилар? Уканг қалай?
– Яхши, ҳаммаси яхши…
– Нима қиляпсизлар?
– Укам билан тушлик қиляпмиз.
– Ҳа, нима еяпсизлар?
– Шу… нон…
Бўғзимга тошдек нимадир тиқилди. Ўксиб кетдиму “Кейин яна қиламан”, деб телефонимни ўчирдим.
Ҳали ўзимга келиб улгурмай, чиқиндихона ортидаги сайҳонликдан итнинг дарғазаб ҳургани, боланинг чинқириғи эшитилди. Жон ҳалпида ўша томон югурдим.
Бир ушоққина боланинг етовидаги пахмоқ кўппак олд оёқларини кўтарганча силтаниб, вовуллаб эгизакларга даф қилар, Лариса ердан тош қидирган бўлиб “Йўқол! Ўлдираман! Ҳой бола, маҳкам ушла!” деб бақириб-чақирарди. Замирахоним эса йўл четидаги дарахт ортига бекиниб олиб дағ-дағ қалтираб, “худойим”лаб турибди.
Мен бор кучим билан эгизаклар тараф чопдим. Етиб боришимга итнинг занжири боланинг қўлидан чиқиб кетди. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Хирсдай кўппакни хипчиндек болага ишониб бериб бўладими?
Ит тўппа-тўғри қизалоқлар устига ташланди. Мен унинг йўлига ғов бўлиб, телефонимни кафтимга қисганча, тумшуғи аралаш жон-жаҳдим билан туширдим. У “инғ” деган товуш чиқазиб, чапга оғдию “ғарч” этказиб болдиримдан тишлаб тортди. Ер музлама – сирғаниб елкам билан тушдим.
Кўппак учун энди мен асосий нишонга айланган, мени ғажиб ташлашдан бошқа муддаоси йўқ эди. Ётган жойимда бир лаҳза нажот истаб атрофга боқдим, Лариса болаларини кўтариб қочиб боряпти, икки-уч ўспирин тиржайганча томоша қилиб турибди.
Кўппак бўйнимдан олмоқчи бўлиб оёқларини жуфтлаганча ташланган эди, тирсагим билан ҳимояланиб қолдим. Унинг сўйлоқ тишлари кўз олдимдан чақмоқдай ярақлаб ўтди, юзимга илиқ, шилимшиқ сўлаги сачраганини сезгандай бўлдим, бир нафасдан сўнг ириллаб, елкамни тишлаб, силталай бошлади. Хаёлимдан ўтган оний фикр шу бўлди: “Мана, Бонужон, ажалинг қаерда экан… мана, кунинг битди…”
* * *
24 апрель
Кўзимни очаман десам, кучим етмади, қабоғим оғирлик қилди…
Ўзим узу-ун қувурми, қуюнми ичида буралиб-буралиб учиб боряпман. Шиддат зўридан кўзларимни юмиб олганман, бироқ ҳув олдинда бобом, дадам, “Ҳувайдо” бобо бир нималар деб гапираётганини жудаям аниқ-таниқ кўриб турибман, фақат овозларини илғаёлмаяпман.
Бобом кулиб, қўли билан имлаб, “Келавер, келавер”, деб ўзи қаёққадир ғойиб бўлди…
* * *
Кўзимни очдим: ҳаммаёқ қор, еру осмон сутранг туман билан қопланган. Бошим айланиб кетди. Айланаверди, айланаверди. Менга қўшилиб бутун олам, коинот айланишга тушди. Атрофимдан сайёралар ҳандалакдай бўлиб доира чизиб ўтаверди. Юлдузлар бошимдан мушакдай сочилаверди. Қулоғимга эринчоқ, сокин жарангдор товушлар урилаверди: “ғу-анг-нг”, “ғу-анг-нг”…
* * *
Кўзимни очиб қарасам, қорақайин япроғига ўхшаган кулранг шарпалар сузиб юрибди. Бирдан улар орасида дадам бир замонлар менга совға қилган қўғирчоқ пайдо бўлди. Уни соч толаларигача, киприкларигача, лаъли жужунчасигача тиниқ-равшан кўрдим. Қўлимни чўзсам, чирпираб нари кетдию ҳув дўкон ёнида бечораҳол турган мушфиқ онанинг бозорга солинган хушбўй чақалоғига айланиб, катта-катта кўзларини мендан узмай тураверди. Ажаб, болачанинг билагидаги кўзмунчоқ ўрнида қоп-қора илон билагузукдек ўралиб олган эди…
Кимдир қўлимни оҳиста ушлади. Қарасам, дадам. Энгашиб манглайимдан ўпди: “Шошилма, қизим, ҳеч қаёққа шошма!”
* * *
Бу сафар атрофимда бир гала ит тилини осилтириб иржайиб ўтирганини кўрдим. Орасида мени тишлаган кўппак ҳам бор эди…
* * *
25 апрель
Кечагидай эсимда: сувчечак аломат бергач, бобомникидан ўз уйимизга олиб кетгани дадам келди.
Сочимни силаб, бобом билан бирпас суҳбатлашиб ўтирди. Гаплари асосан қўшни қизчалардан юққан муборак дард ҳақида, бу касалликни ҳар ким албатта бошидан ўтказиши шартлиги, йўқса ҳатто қабрга тушганидан кейин ҳам суягига тошиши ҳақида этни жунжиктирадиган мавзуда бўлди. Шу пайт ўймакор ёнғоқ эшик ғийқиллаб қияладию акамнинг тақир қирилган калласи кўринди. Бобом “Оббо, бунинг Хурушшов даюсни ўзи бўпти-ку”, деб кулди.
Ҳовлимизга етишга ўн-ўн беш одим қолганда, ердан чиқдими, кўкдан тушдими, жунлари кигизга ўхшаб битиб кетган сариқ ит пайдо бўлиб, бизга ташланиб қолди. Сал орқароқда келаётган дадам етиб келгунча биз ака-сингилни деворга тираб, қуруқ ва ваҳшатли овозда тинмай ҳовуллаб турди. Кейинги воқеа кўз олдимда икир-чикири билан сақланиб қолган: дадам раҳматли катта-катта одим отиш давомида эгнидаги тўқ кўк чопонини ечиб, қимирласак тишлашга шай турган кўппакнинг боши аралаш елкасига ташлаб, курашчилардай бор оғирлиги билан босиб, думалатди. Кейин тўнга ўроғлиқ ит бўйнини тирсаги билан эзиб, жондорнинг сўнгги нафасигача қимирлашига қўймади. Фақат жон талашаётган бечора “хирқ-хирқ” деган бўғиқ товуш чиқарганча, икки орқа оёғи дастлаб тез-тез, сўнг борган сари секин силкиниб, охирда оҳиста ер тирнаб, қалтираб, ниҳоят бўшашиб, тек қотди.
Чопиб чиққан онам яна қайтиб уйга кириб, бир коса юзида қоракуя сузиб юрган сув олиб чиқди-да, аввал акамга, кейин менга ичириб, юзимизга, бўйнимизга бармоқлари билан сачратиб сепди.
Ҳансираб елкасидан нафас олаётган, қора терга тушган дадам чопонини ажратиб оларкан, “Мен-чи? Менгаям сувингдан бер”, деди.
Косанинг тагида қолган сувни ўз бошидан қуйиб, акамга қаради:
– Мирхонд, ҳўллаб қўймадингми?
Акам жавоб ўрнига итнинг иршайиб қолган бошига бир тепиб уйга қочди. Дадам менга юзланди:
– Ҳа, Бонужон, юрагинг тушдими? И-е, нега э-энди йиғлаяпсан?
– Бечора ит… кўзларини қаранг… уям йиғлаяпти…
* * *
26 апрель
Ларисанинг айтишича, ўн кун беҳуш ётибман.
Яна икки ҳафтадан кейин оёққа турдим…
* * *
27 апрель
Инсоннинг умр йўлида ҳал қилувчи бурилиш нуқталари бўлади.
Ана шу ҳаёт-мамот чизиғида тақдиринг қай тарафга қараб кетиши тарбиянгга, фитратингга, иродангга боғлиқ.
Мен атай қаҳрамонлик қилиш учун ит йўлини тўсмадим, азбаройи жужуқларнинг ҳимоясига бордим, агар, худо кўрсатмасин, кўппак бирортасини ғажиб ташлаганида менинг бу дунё да юришимдан маъно қолмасди. Мен бу ишни кимгадир яхши кўриниш, ишончга кириш, пул ишлаш учун эмас, савқим буюргани учун қилдим. Вассалом!
Аммо шифохонадалигимдаёқ менга муносабат мутлақо ўзгарди.
Ҳовлига кириб борарканман, чол тавозе билан бош эгиб, қўлимни ўпиб кутиб олди. Кампир менинг шарафимга ёзилган дастурхон устида бугундан бошлаб оила аъзолигига қабул қилинганимни, кимки мени хафа қилса, жазоланишини, менга даф қилган кўппак ўша куни қатл этилганини, бу даргоҳда хоҳлаган ишимни қилишим мумкинлигини тантанали эълон қилди.
Макар менга миннатдорлик сўзини қидириб тополмас, Лариса елкамдан қучиб, бошини бошимга тегизиб, дўстлик изҳор қиларди. Зиёфат поёнида сўнгги русумдаги телефон, бир жуфт “999” тамғали билагузук ва тилла соат тақдим қилишди.
Мен “лавозим”дан бўшатилган Замиранинг ўрнига ўтказилдим, мўмай маош эвазига эмин-эркин яшай бошладим. Фаррошлик ва ошпазликка оёқ-қўли чаққон иккита наманганлик қиз олинди. Уларни назорат қилиш, бошқариш менинг зиммамга юклатилди. Иккови ҳам камгап, бор-йўқлиги билинмайдиган саришта қизлар экан, тезда опа-сингилдек бўлиб кетдик.
Эртакларга ишонмайсиз, мўъжизага шубҳа билан қарайсиз, тўғрими? Мен эртаклар дунёсига бир ҳатлаб ўтиб олдим, дўзахдан жаннатга тушгандай бўлдим.
* * *
28 апрель
Кампир биринчи маошимни тутқазди: минг доллар!
– Бу кўп, – дедим, – ололмайман!
– Бу кам, қизим, – деди у, – биз сендан жон қарздормиз. Керак бўлса, оғзингга сиққанини сўра, Макар шу заҳоти санаб беради. Ўлиб кетишинг ҳам мумкин эди-ку… Бонужон, тортинма, сен ўзимизники бўлдинг.
Пулни шундайлигича Шоира опамга жўнатдим. У қарз деб олди, аканг чиқса, албатта, узамиз, тўйингга тўёна қиламиз, деди.
– Майли, яна юбораман, пулим кўп, бойвуччаман, – дедим ҳазиллашиб, – қанча керак бўлса, сўрайверинг, илтимос, укачаларимга яхши қаранг, едириб-ичиринг, кам қилманг…
Опам жим бўлиб қолди.
Сездим: йиғлаяпти…
* * *
Кунлар судралиб, ойлар чопиб ўтаверди…
Вақтни осон ва тез ўлдирадиган кушанда – интернет!
Гоҳида кун бўйи компьютерга мук тушиб ўтираман, дунёнинг уёғидан кириб, буёғидан чиқаман: Клеопатранинг гўзаллик сирлари нимадаю Пугачёва нечанчи умр йўлдошига харидор чиқяпти, малика Диана ўлимининг тафсилотларию бошқа маликанинг Московда қўлга тушган бир учоқ олтинлари – ҳаммаси кафтимда.
Эрталаб кўз очишим билан фейсбукка кириб, янгиликлар билан танишаман, шоу-бизнес юлдузларининг нима еб, нима ичганидан хабар топиб, бозорчи “шоир”ларнинг “виждон ҳайқириғи”дан баҳра оламан…
Аста-секин бу жозиб оламга асир тушиб, бангидай боғланиб қолганимни идрок қилсам-да, найлайки, қўлим компьютер тугмачаларига югуриб кетаверадиган бўлди.
Ўзим ҳам профиль очиб, менга иссиқ-совуғи йўқ масалаларга ҳам аралашадиган, муносабат билдирадиган, тортишадиган, тарафкаш қидирадиган бўлдим.
Кимдир четда ишлаб юрганларни ишёқмас, дордан қочганлар, ватангадо деб лой чаплаган экан, бирам асабим қўзиди, ўзимни тирик мисол қилиб келтирдим. Кўрган кўргиликларимни ҳам яширмадим, ҳар қандай шароитда ўзимга хиёнат қилмаганимни ёздим. Озгина мақтаниш бўлса-да, худо берган бир куни қадр топганимни, ҳозир моддият юзасидан ташвишим йўқлигини Европа сафарида тушган суратларим билан далиллаб, саҳифамга қўйиб қўйдим. Албатта, юз-қиёфам аён кўринмаган, асосан ҳашаматли “турмушим” акс этган расмларни танлаб жойлаштирардим.
Шу тариқа ғойибона дўстлар, хайрихоҳ ва танишлар орттирдим. Орада эски қадрдонларим ҳам чиқиб қолар, улар билан хотираларни ёд олиб ҳасратлашиб, кўнгил чигилимни ёзардим.
Лоп этиб кореялик дугонам Сужи профилимга дўстлик таклифи ташлаб турибди-ку! Ана интернетнинг каромати! Йўқ, корейсча унча эсимдан чиқмаган экан, уям ўзбекчани унутмабди, беармон гаплашдик.
Сужи турмушга чиқиб, ўғилчали бўпти, жудаям бахтли эмиш. Бир дунё расмларини юборди. Мен ҳам тарихимни қисқача айтиб, “ҳусни жамолим” учун истиҳола изҳор қилиб, маъқул суратларимдан жўнатдим. У Кореяга таклиф қилди, “Кел, бирга ишлаймиз, яхши ҳақ тўлашади, мен кафил”, деди. Мен унга “Майли, кўрармиз, лекин ҳозирча тирикчилик жойида”, деб ёзиб юбордим.
Ажойиб кунларнинг бирида профилимда кутилмаган бир мактуб пайдо бўлди: “Салом, мен эски қадрдонингиз Олмоснинг курсдошиман, балки эшитгандирсиз, исмим Ёрмуҳаммад. Сизларнинг ўртангиздаги муносабатдан яхши хабарим бор. У ўзининг бахтсизлигини Сизнинг қадрингизга етмаганидан, ранжитганидан деб ҳисоблаб, адойи тамом бўлди. Бугун унинг ҳаёти ҳаёт эмас…
Сиздан илтимос, Олмос билан боғланинг, у ҳозир Сизнинг эътиборингизга жуда муҳтож…”
Бу хат юрагимга ғалаён солди. Яна бошвоқсиз саволлар миямни пармалай бошлади: нега? Нима учун? Нима бўлдийкан? Гулдай хотини, ғунчадай қизчаси бор эди-ку!
Дарров жавоб ёздим: “Салом, илтимос, очиқроқ айтинг, унга нима бўлди? Мумкин бўлса, телефон рақамини берсангиз”.
У: “Рақамини бераман, фақат мендан олганингизни айтманг. Биласиз-ку, у жуда ориятли, мағрур йигит. Қўнғироқ қилсангиз олмаса керак, чунки гапиролмайди. Яхшиси, СМС ёзинг. Рақами: +998(90) 942-01-94”
Мен: “Раҳмат! Лекин нима учун гапиролмайди дейсиз? Соғлиғи ёмонми?”
У: “Ҳа, ёмонмас… жуда ёмон… оғир”.
Мен: “Очиғини ёзаверинг”.
У: “Саратон… Қизилўнгач саратони”.
Мен: “Худо асрасин! Нималар деяпсиз? Тавба денг!”
У: “Нима дей? Алдайми сизни? Бўпти, соппа-соғ, отдай!”
Мен: “Нега аччиқ қиласиз? Менинг аҳволимни тушунинг! У мен учун кимлигини билсангиз керак?”
У: “Билганим учун сизга хат ёздим. Олти ой бўлди, тўшакка михланиб ётибди. СМС ёзинг, илтимос. Биламан, ундан хафасиз, фақат одамгарчилик юзасидан икки энлик хат ёзинг”.
Қўнғироқ қилишга юрагим бетламади. Олса бир бало, олмаса минг…
СМС ёздим: “Ассалому алайкум, жума муборак! Мен Бонуман, Сизни излаб топдим. Соғлиғингиз яхшими? Оила тинчми? Қўнғироқ қилсам бўладими?”
Ҳар битта сўзни қайта-қайта тарозида тортиб, ранжитиб қўймай, озор етмасин деб танлаб-танлаб ёздим.
Ҳадеганда жавоб келавермади.
Кўнглимни ваҳм босди: кеч қолган бўлсам-а?
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.