Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 15 (всего у книги 26 страниц)
4 апрель
…Тонг отиши жуда қийин бўлди.
Бир китобда ўқиган эдим: “Агар эр хотинининг ёки хотин эрининг нуқсонини билиб туриб яширса, қиёматда Аллоҳ уларнинг нуқсонларини яширар экан”. Фаридуддин Атторнинг хотинлари жуда хунук, кўримсиз аёл бўлган экан. Одамлар у кишига:
– Сиз шу қадар машҳур аллома бўлсангиз, молу дунёнгизнинг ҳисоби йўқ, сизга манаман деган ҳурлиқолар маҳлиё… Қандай қилиб даражотингиздан паст аёл билан яшашингиз мумкин ахир, уни қўйиб бошқасига уйлансангиз бўлмайдими, – дейишганида, у зоти муҳтарам:
– Сиз айтган ишларга қурбим ҳам, имконим ҳам етади, бироқ қиёмат куни Аллоҳ “Мен даргоҳингга юборган одамни сен нега қувиб юбординг”, деса ва мени ўз даргоҳидан қувиб солса нима қиламан? – деган экан…
* * *
Эртасига Дилбарга яна қўнғироқ бўлди. Бу сафар бошқа эркакдан. Бир-бирлари билан роса бепарда гаплашишди. Кейин телефонни қўйиб:
– Опа, биринчи эрим… Тушида кўрганмиш мени, – деб кўзини қисиб қўйди…
– Нима дейди сизга? Қаердан топибди рақамингизни? – десам:
– Э, опажон, соддасиз, у менсиз яшай олмайди, жинни бўлиб қолади. Керакман-да, қидириб топган, – деди мамнуният билан.
Кейин яна телефон жиринглади. Менимча, унинг олдига келиш учун рухсат сўрашди.
– Келинг, дедим-ку, келаверинг! Қоламан десангиз уй бор. Чўмиламан десангиз душ тайёр. Ётаман десангиз мен бор, – Дилбарнинг гап якуни истиғнога уланиб кетди.
– Дилбар, ким билан гаплашдингиз? Қуюшқондан чиқиб кетдингиз-ку, – десам, бармоқларини қирсиллатиб, елка қоқиб, машҳур қўшиқ оҳангида:
– “Кутаман, кутаман, кутаман!” – деб куйладию илкис жиддий тортиб, менга уқдирди, – Зарари йўқ, ўргатволганман! Умуман, кишига қараб, ишига қараб гаплашишни билиш керак, опагинам!
Кейин ҳалиги одамга қўнғироқ қилиб, нималар еб-ичгиси келаётганини, кўнгли нималарни тусаётганини бирма-бир баён қилди…
Оқшом Дилбарнинг биринчи эри келди…
Яна ўша кечаги ҳолат…
* * *
Эрталаб Дилбар эрини кузатаётиб:
– Менга ўн минг пул ташлаб кетинг! Даволаниб, тезроқ туғишим керак. Вақт ўтиб кетяпти. Юраманми бировларнинг боласини кўрганда юрагим оқиб? Кампиршога, ана, опам қараб туради, – деб хархаша қилди.
“Эр” тезроқ қутулиш учунми, ҳеч қандай гап-сўзсиз ўнта мингталикни санаб берди…
– Опа, бўлинг, тез кийининг, сартарошга борамиз, – деди Дилбар меҳмон эшикни ёпар-ёпмас.
– Йўғ-е! Пулсиз бало борми? – дедим қўлимдаги китобни ёпиб.
– Пулдан ғам еманг. Мана, пул! – қўлидаги рублни қартадай ёйиб кўрсатди-да, кампир ётган хонага бир мўралаб қўйди.
– Қўйинг, ишга кириб олай, кейин кўрармиз. Ҳозир юракка сиғмайди, Дилбар, – деб китобга шўнғидим.
– Ташланг китобингизни! Сизга ош-нон берармиди? Э-э, турсангиз-чи, юринг, айланиб, кўнгил ёзиб келамиз. Бунча эр кўрмаган қиздай тарозига соласиз?
Энди ихтиёрсиз кийинаётган эдимки, кампирнинг қизи қўнғироқ қилиб, келаётганини айтиб қолди…
– Ана, опа, ниятингизга яраша! Наташа келаётган экан. Келиб кетсин, кейин чиқамиз. Лекин у кетгунча сиз кўчаларни, бозору дўконларни айланиб, бирорта кафега кириб кутиб туринг. Кетиши билан сизни чақириб оламан. Бегоналарни киритсам, менга гап тегади… Сени одамларингни боқиш учун бозорлик кўтариб келяпманми, деса мен бир тийин бўламан, – деб шошириб кўчага чиқариб юборди…
Кун бўйи шаҳар айландим.
Айтишларича, миллиардерлар кўплиги бўйича Москва биринчи ўринда турармиш. Йўқсил, дайдилар санаб чиқилса ҳам у етакчи кент бўлса ажабмас. Бошқа таърифга ўрин йўқ.
Устим юпқа… Қўлим калта… Дилдираб кўча кезаман…
Тушдан кейин бир қаҳвахонага кириб, битта гўмма билан бир бордоқ қора чой ичиб чиқдим…
Қош қорайганда Дилбардан садо келди…
Уйга қайтдим. Ҳақиқатан ҳам кампирнинг қизи бир дунё бозорлик кўтариб кепти. Йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Фақат онаси учун пишириб, оғзига қошиқ тутишга вақти йўқ…
* * *
5 апрель
Володя амакига қайта-қайта сим қоқиб, уланолмадим.
Байрам давом этяпти чоғи.
“SOS!” деб хат ёзиб жўнатдим…
* * *
Орадан икки кун ўтиб, яна бир “меҳмон” ташриф буюрди.
Дилбар уни поччам деб таништирди. Почча ҳам ҳимматларига яраша бир нималар кўтариб келипти.
Ўтган меҳмоннавозликлардан буниси са-ал бошқачароқ, чамамда, меҳмон нисбатан топармон-тутармон шекилли, унга ўзгача ҳурмат ва эътибор кўрсатилди.
– Анави Гулмир боридию Бакир аптекачини хотини… – Дилбар поччадан “эсладим”, ишорасини олгач давом этди, – ўша ғирт бўлиб кетганмишми?
Почча бир зум ишшайиб турди, сўнг бармоқларини қирсиллатиб, мамнуният билан гапга тушди:
– Биз қассоблик қилиб юрган пайтларда ҳоким-покимлардан “етмиш-саксон килоли қўчқор топиш” топшириғи бўлиб қоларди. Унақа бўрдоқилар бозорга чиқмайди, фақат махсус хонадонларда боқилади. Шуларни қўрасига бориб савдо қилиб олиб келардик, – у суҳбатдоши ажабланиб қараб турганидан завқланиб, хулоса ясади, – Гулмиринг ҳам эскидан бозорда йўқ эди-ю, савдода бор эди…
Бу теша тегмаган ташбеҳдан Дилбар вужуд-вужуди билан яйраб-ёйилиб кулди.
У кишим бетакаллуф еб-ичиб, қисқа-қисқа кекириб, ҳеч бир манзиратсиз Дилбарнинг ётоқхонасига кириб кетди.
Энди кўзим илган экан, бир нима гурсиллаб кетдию сапчиб ўрнимдан турдим.
Бечора кампир каравотдан ағанаб тушибди. Ҳар қанча уринмай, бир ўзим кўтаришга кучим етмади. Кампир шўрлик кўзлари тепага қияланиб, иҳрашдан нарига ўтмайди.
Кўмак чақиришдан бошқа чорам қолмади. Ётоқхона чироғи ёниқ экан. Ҳали ухлашмабди-да булар, деб эшикни тақиллатиб очдим… Очдим-у, шу заҳоти қайта тортдим. Илғаганим, жуда хунук манзара эди. Уни тасвирлаб ёзишга худоданам, бандасиданам уяламан.
Эшикни қаттиқроқ қоқдим. Дилбар чиқавермагач, тирқишдан кампир йиқилганини, аҳволи оғирлигини айтдим. Ниҳоят зўр-базўр чиқди, “Илоё, оғзингдан қора қонинг қарқираб келгур! Суякларинг дўзахни ўчоғига ўтин бўлгур”, деб қарғаниб-қарғаниб кампирни қўлтиғидан олди, мен оёғидан кўтардим, икковлашиб ўрнига ётқиздик.
Кампир яна ғафлат уйқусига кетди.
– Қари, озғин бўлсаям оғир экан-а, Дилбар? – дедим нафасимни ростлаб. У гапимга эътибор бермай, зарда аралаш:
– Опа, ишингиз бўлса, қўнғироқ қилиб чақиринг, эшигимни тақиллатиб ўтириш шартмас, – деди.
– Кечирасиз, шошиб қолдим, қўрқиб кетдим. Васвасада хаёлимга келмабди, – дедим узрхоҳ оҳангда гўё умас, мен гуноҳ қилгандай.
– Поччамни буйраги оғриётган экан, малҳам суртаётган эдим, – деди кўзларини нари олиб…
Мен “Малҳам суришни бунақа усуллариям бор экан-да, отинча?” деб ниш уришдан ўзимни зўрға тўхтатиб, индамай хонамга кириб кетдим…
Эй худо, охири бормикан бу кунларингни? Бунчалар хор қилмасанг мени… Бу нима, синовми? Имтиҳонми бу менга? Мен кимманки, шунчалар кўп азобларга ташладинг?
“Эй фалак, чархинг бузилсин, кимларга хор этдинг мени?!”
… Шу кетишда ақлдан озмасам яхши эди…
* * *
6 апрель
“Поччам” кетгандан кейин Дилбар билан ўтириб чой ичдик.
– Дилбар, мен зерикдим. Бу ерда ўтиришдан фойда йўқ. Иш излайман, – дедим дастурхонни йиғаётиб.
– Қаёқдан излайсиз? Чирсиллаган қаҳратонда сизни қайси иш кутиб турган экан? Маза қилиб қишдан чиққунча яшайвермайсизми шу ерда? Қорнингиз тўқ, устингиз бут бўлса. Ҳеч ким сиздан пул сўраётгани йўқ, кунингиз ўтиб турибди. Опа, хўп денг, баҳорда бирга-бирга иш қидирамиз.
– Баҳоргача тоқатим етмайди. Мен кўпчиликка ўрганганман, югуриб-югуриб ишламасам, томирларим тортишиб қолади. Кейин, уйдагиларга пул жўнатишим керак. Агар қишда дам оламан десам, қишлоғимда онамни дуосини олиб ёнида ўтирардим, – бирдан оилалиман, иккита болам бор, деганим эсимга тушиб, – сандалда жужуқларимни ачомла-аб, эртак айти-иб… – деб қўшиб қўйдиму кўнглим бузилиб, кўзимдан ёш тирқираб кетди.
– Бўлмаса, кампирни емишини бериб, “ухлатайлик”, кейин иш излаймиз… Шошманг, қурилишда Муҳиддин акамни қариндошлари ишлайди. Шуларни олдига борамиз. Зора-мора сизбоп юмуш чиқиб қолса, – деди у бироз ўй суриб тургач.
– Сизниям роса жонингизга тегдим. Яхшиси, сиз кампирингизга қаранг. Ўзим чиқаман, – деб этигимни кия бошладим.
– Нимага бирдан ўзгардингиз? Ёки мендан хафа бўлдингизми? Опа, худди ёш болага ўхшаб аразлайсиз. Дунёқарашингиз гўдакларникидай, – деб кампирни “аллалаб”, кийиниб чиқди…
Кета-кетгунча “почча”си билан ёшликдан бирга қатиқ ялашиб ўсганини, ўз акасидан яқинроқ бўлиб қолганини ҳикоя қиларкан, боёқиш умуртқа чурраси дардига учраб, кўп азоб чекканини, хуруж тутганда келиб малҳам сурдириб кетишини айтиб, бундан опасининг ҳам хабардорлигини, мусофирликда оқибат қилиб туришни ўзи тайинлаганини атай кўзларимга тик қараб қайта-қайта таъкидлади.
Сўнг бирдан таққа тўхтаб:
– Ишонмаяпсиз-а? Майли, ишонмасангиз ишиб кетинг… – деб қийқанглаб кулди.
Кўп гап ёлғоннинг устини ёпиш учун ишлатилади. Ёлғон ҳар қанча гўзал бўлмасин, унинг оқибати шунча хунук бўлади. Мен эшитганларимдан кўра кўрганларимга кўпроқ ишонаман, демоқчи бўлдим, худодан қўрқмаган келиб-келиб мендан қўрқиб, ўзингни оқлайсанми, дегим келди. Лекин, нима дейсиз, ўзбекчилик, ўзимни ҳеч нарса кўрмагандек, ҳеч нарса сезмагандек овсарона тутишга мажбур эдим.
Одамнинг юзи офтобдан иссиқ.
Автобусга чиқдик, метрога тушдик, кейин таксида Муҳиддин яшайдиган жойга келдик…
Атрофи тахта билан ўралган қурилиш майдони қишгарчилик туфайли ҳувиллаб ётибди. Уч-тўртта вагонда қурувчи ўзбеклар яшар, Муҳиддин буларга ишбоши экан.
Гулхан ёқиб, қўл тоблаб ўтирган тўрт-беш эркак Дилбарни кўриб ўрнидан турди. Улардан қайлиғининг вагони калитини олиб, мени ичкарига таклиф қилди:
– Опа, мана шу ерда Муҳиддин акам келгунича яшайверасиз. Ижара пули бермайсиз. Ҳеч ким сизга ғинг демайди, мен йигитларга айтиб кетаман, иш ҳам топиб беришади.
Капалагим учиб кетди. Яшаш учун мутлақо шароит йўқ, вагон қўлбола печда кўмир ёқиб иситилганидан ҳаммаёқ моғорлаб, сасиб кетган. Ювиниб-нетиш учун кўчадаги умумий эҳтиёжхонага қатнаш керак. “Хона”да анчадан бери Муҳиддин яшамаётган бўлсаям, ҳаво оғирлигидан одамнинг кўнгли озади.
– Йўқ, бу ерда қололмайман! Шунча эркак, ҳаммаси бегона…
– Вой, маза қилиб шу-унча эркакни эркатойи, ягона маликаси бўлиб юравермайсизми? Менга қолса жон-жон дердим.
– Булар ўзи ишсиз ўтирибди-ку, менга йўл бўлсин.
– Иш топилса, қоласизми? Ҳозир, қараб туринг! – Дилбар ишбилги одамлардай дадил одимлар билан қўшни йигитлар томон ўтиб кетди. Бироздан кейин пахталик тўн кийган бир ишчи билан қайтиб келиб, мени меҳмондорчиликка етаклади. Соч-соқоли патак бойлаб, юзлари совуқдан гезариб кетгани туфайли ёшини аниқлаб бўлмайдиган тўртта ўзбек чакмонига ўраниб-қунишиб, дастурхон атрофида ўтирарди.
Бир маҳал ўртага иккита сопол лаганда рангпаргина ош қўйилди. Биздек “азиз меҳмонлар” шарафига ароқнинг салласи ечилди. Юрагимда қўрқув ва ваҳима борган сари болалаб борар, бу ердан тезроқ даф бўлиш дардида эдим. Дилбар эса узатилган пиёлаларни бўшатиб қайтаришдан чарчамас, “Борган жойини обод қилсин! Совуқда жуда силлиқ кетади-да қурғур”, деб алёр айтиб, алқаб, шўр бодринг кавшарди.
Бир вақт қурилиш бригадири – Муҳиддиннинг хўжайини хўмрайиб кириб келди. Дилбар отасини кўргандай ўрнидан туриб тавозе билан қуюқ салом берди. Бригадир бош ирғаб, тил учида сўрашган бўлди холос. Кейин “ишёқмас ароқхўр”ларга “Ҳатто ит ҳам ётган жойини думи билан супуриб ётади, сенлар итчалик ҳам эмассан!” деб ўшқириб, ҳовли атрофини тезда тозалашни буюрди-да, оёқ тагидаги бўш шишани данғиллатиб тепиб чиқиб кетди. Дилбар унинг орқасидан югургилаб етиб, мен учун иш сўради. У илтимосни охиригача эшитиб ҳам ўтирмай, “Бўлди, қайтиб ўзбекларни ишга олмайман, ўзинг ҳам тезроқ туёғингни шиқиллат!” деди дағдаға билан.
Яхши бўлди! Барибир бу ерларда қололмасдим. Ажаб бўлди!
Ошхўрлар орқаваротдан вайсаб-вайсаб, хўжайин тўхтаган заҳоти дамлари ичига тушиб, майдонни супуришга тушди.
Биз орқамизга қайтдик…
* * *
“Василиса” деган рангдор ёзув пештоқида ёниб-ўчиб турган гўзаллик салони ёнига келганда Дилбар гўё уйида жўмракни очиқ қолдиргани эсига тушган бекадай кўзларини ваҳимали чақчайтириб:
– Опа, опа, менга қаранг, хоҳласангиз бир иш қиламиз! Ҳозир ичкарига кириб сочингизни қирқтириб, бўятамиз. Нозаниндай бўласиз. Кечки пайт мен одам чақираман. Пулни бетига қарамайдиган, кўнгилхушлик деса ўзини томдан ташлайдиган танишларим кўп. Сиз рози бўлсангиз бўлди, таништириб қўяман. Бир йилга қолмай сизни уйли қиламан, – деди.
Музлаб қолдим. Тилим калимага келмай, бақрайиб турганимга “тақдирга тан беряпти, кўнгиси бор” деган хулосага келдими, энди қатъий ишонч билан бидиллай кетди:
– Иш қидириб юрмайсиз. Мана, сизга иш! Кўчама-кўча итдай изғимайсиз. Мен ўттиз беш минг ойлик оламан, яна Муҳиддин акам беради, биринчи эримдан ҳам улушимни олиб тураман. Бошқа мижозларим ҳам кўп. Туғмас хотиннинг нархи қанчалик баланд бу ерларда, биласизми? Ҳар ой ўлдим деганда икки минг доллар жўнатаман уйга. Мана сизга иш! – деди “қойилмисан” деган оҳангда.
Юрагим бир ағдарилиб, этим увишиб кетди. Туш кўрмаяпманми, деб ҳайрон бўлиб Дилбарга қарадим. У худди ҳеч ким эплолмай келган ишни бир ўзи қойиллатиб қўйгандай мамнун қиёфада мағрур турарди.
Дунёда паст-баланд аёл зотини кўп кўрганману, ўзига ўзи нарх қўйиб олган хотинни биринчи кўришим.
Туғмас хотиннинг нархи баланд, дейдими? Унда туғмаган аёлнинг баҳоси қанча бўларкан?.. Ҳар ҳолда, дунё бозорида битта фоҳишанинг нархи бир буханка нон пули билан баравар, деб ўйларканим.
Дилбарга муносиб сўз қидириб тополмадим. “Ўзинг расвойи жаҳон бўлсанг, куйган охиратингни кулини чангитиб юрган бўлсанг, энди мениям жаҳаннамга судраяпсанми, сифатларинг қаторига қўшмачиликниям қўшиб олиб, “ҳунари комила” бўлмоқчимисан? Нима бўлсанг бўлиб ўл! Фақат менсиз! Мени тинч қўй! Мен хор бўлишим мумкин, зор бўлишим мумкин, лекин у дунё-бу дунё ғар бўлмайман!..” деб ёзғирдим-у, фақат ичимда, унсиз, товушсиз айтдим-да, шарт ўгирилиб, бу урғочи шайтондан тезроқ қутулиш орзусида жадаллаб кетдим.
– Нимадан қўрқасиз, опа? Ким билиб ўтирибди? Шунча қийналяпсиз, ким ёрдам беряпти сизга? Ким қизиқяпти тақдирингиз билан? – Дилбар мендан осонликча айрилмоқчи эмасди. Мен қисматимни қарғаб, ўзимдан нафратланиб кетавердим-кетавердим, у тилёғламалик билан мени товлаш умидида тоғ-тоғ ваъдалар берди, эчкиқасамлар ичди, охири тоқати тоқ бўлиб, шарт йўлимни тўсиб, маҳкам қучоқлаб тўхтатди. Шунда тилга кирдим:
– Дилбар, бўлди, мени аврайман деб овора бўлманг… Ўзбекистонга қайтаман…
* * *
8 апрель
Олмос менга теша тегмаган, чиройли фикрларни йўллар, мен ҳам муносиб жавоб қайтариш мақсадида ҳикмат дурларини теришга одатлангандим: “Биз ҳаётимизнинг маълум бир қисминигина ярата оламиз. Қолганларини танлаган ҳамроҳимиз ҳосил қилади…”
Бу сўзларнинг туб моҳиятига етиб бормай туриб ишқ дардига яқинда мубтало бўлган маъшуқага хос ошиқиб, Олмосга завқ-шавқ билан йўллаганим аниқ. Аммо бир қора кунда – мусофирчиликда, хорликда ана шу ҳаётий хулоса “ярқ” этиб шууримда чақнаб, “Ўқиганинг, уққанинг эмас, танангдан ўтказганинг фалсафадир”, деган бошқа фикрни етаклаб келишини хаёлимга ҳам келтирмагандим.
* * *
– Ўзбекистонда нима бор? Жинними бу хотин? Ҳой, менга қаранг, нимангизга ноз қиласиз, ўн етти яшар бокира қиз бўлсангизам бошқа гап эди. Ҳа, майли, хўп-хўп, бўлди, опа! Мен куйганимдан, сизга қайишганимдан гапиряпман. Менга бу ишдан нима фойда? Агар бировга қўшиб қўйиб соққа ишламоқчи деб ўйлаётган бўлсангиз, номаъқул бузоқни гўштини ебсиз! Мен унақа паст аёлмасман. Унча-мунча эркагингизни мардликда қочираман, хўпми? Тушундим сизни, хўп, сиз истаган ишни савобгарчиликка қидириб топамиз, илтимос, ўзингизни босволинг. Тамом, анави масалада оғзим қулф, мана, қулфладим, – деб қўли билан лабларини бураб “қулфлаган” бўлди.
Шайтон ёнингда, дейишади-ку, бирдан ғазабим сув ургандай ўчдию Дилбарнинг қилиғига кулиб юбордим.
* * *
Йигит киши ўттизида бир айнийди деган гап бор-а?
Кенжа амаким шу ёшида жўрабозлик қилиб, худонинг берган куни уйига тонгга яқин кириб келадиган одат чиқаради. Пешингача ухлаб, кейин яна дайдиб чиқиб кетаверади.
Янгам бечора қон бўлиб йиғлаб, бобомга арзи дод қилиб келади.
Бобом амакимни чақиртириб, пойгакка ўтқиздириб қўйиб, ўз отасининг замонидан тушади. Қандай қилиб падари мардикорлар рўйхатига қўшилиб қолганию Оқпошшонинг гўрига ғишт қалаб, ўрис ўрмонида Пўлкан шоир билан терма айтишгани; Фрунзе деган жаллод айроплан билан амирни тирқиратиб, раиятни чўчитиш учун Аркни тўпга тутгани; немисга қарши урушга ўн олти яшар акаси кўнгилли бўлиб кетганию асир тушиб, Освенсимда печкада ёқилгани; ўлмас Сталинни маккор Берия нима учун заҳарлагани; қимматчилик ва қаҳатчиликнинг фарқи… ҳақида узундан-узоқ гапириб ўтираверади.
Танбеҳ қачон бошланаркан, деб тоқати тоқ бўлган амаким юрак бетлаб сўз айтолмай, муллаваччалардай қўл қовуштириб бош ирғашдан нарига ўтолмайди.
Бугун ўйласам, бобом раҳматли профессионал психолог ўтган экан.
Вақт алламаҳал бўлганда амакимнинг бардоши чок-чокидан ситилиб:
– Бўлди, тушундим, қайтиб жўрабозликка бормаганим бўлсин! Тушундим, оқшом тушиши билан уйда бўламан, рўзғорни ғамини ейман, – деб тавба келтирганига мен гувоҳ бўлганман.
Амаким чин дилдан тазарру қилаётгани аён эди: ҳар бир сўзни ҳижжалаб “алифбо”чи боладай талаффуз этаркан, қалқиниб-қалқиниб кетар, мижжаларига ёш сизган бўлса керакки, бошини ердан кўтармасди. Шундагина бобом муддаога ўтди:
– Ҳар битта гуноҳинг битта ризқинг риштасини қирқади. Сен санғи, боланг билан хотинингни насибасини ўтга ташлаяпсан. Халқда боласидан қайтади, деган гап бор. Албатта, отасини ҳафталаб кўрмайдиган, у ҳақида яхши гап эшитмайдиган фарзанд отабезори бўлмай Мусо алайҳиссаломга қўзи бўлармиди?
* * *
9 апрель
Ҳар ким ўз манзилига ўзи танлаган йўлдан боради.
Нима ҳам дердим, пулдорлар, қулдорлар, “дилдор”лар сайрайдиган замон. Лекин энг катта фожиа шундаки, мен ҳозирча ана шу “булбулча”нинг ҳукмига бўйсунишга мажбурман. Биринчидан, ҳужжатларим унинг хобгоҳида қолган, қолаверса, Володя амаки билан алоқа боғлагунча қаердадир яшаб туришим керак.
Кўчада баҳслашиб, тортишиб уйга келсак, кампирнинг қон босими ошиб, яна қулаб тушибди, бурни қонаб, кийимлари олабайроқ тусга кирган, юз-кўзи шишиб, худди ёш болачалардек сирқираб йиғлаб ётибди.
– Мен ўзим иш излайман десам… кампирингизга қараб туришингиз керак эди, – дедим дилим хуфтон бўлиб.
Дилбар ярим қулоч докани сувга ботириб келди, кампирни юзларини авайлаб артдим, сув ичириб, оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи ҳапдори бердик. Кейин икковлашиб кўтариб, ўрнига ётқизиб қўйдик.
Кампир карахт ҳолда қўлларини осилтириб ётар, кўкси сал кўтарилиб-тушаётганини демаса, ҳаёт аломати сезилмасди.
Кутилмаганда Дилбар эркакча сўкиниб, кампирга тарсаки тортиб юборди. Мен унинг кутилмаган бу қилиғидан жаҳлим чиқиб:
– Одаммисиз, нимага урасиз бечорани? – дедим.
– Э, опа, булар ўлмайди! Бало ҳам урмайди жодугарга! Бу сиздақаю мендақаларни нечтасини бошига сув қуяди…
– Дилбарой, – дедим қайнаб-тошиб келаётган нафратимни бир амаллаб жиловлаб, – буям инсон, қолаверса, шу кампир туфайли нон еяпсиз… Бу ишингиз худога хуш келмайди…
У жавоб қайтармади…
* * *
Излаган одам имкон топар, излагани эринган – баҳона, деганларидек, тушдан кейин суриштириб, катта бозорнинг ёнида жойлашган озарбойжонларнинг ошхонасидан иш топдим. “Идиш-товоқ ювадиган, супуриб тозалайдиган чаққонқўл керак”, дейишди. Кунига беш юз рублдан келишдик.
Ўша куни пешиндан кейин иш бошлаганим учун уч юз беришди.
Худога шукур… Телефонга пул ташлаб, уйдагиларга қўнғироқ қиламан, онам, Шоира опам билан гаплашаман.
– Эртага эрталаб саккизда келасан, – деди иш эгаси. – Тушлик ва кечки овқатинг менинг гарданимда…
Володя амакига қўнғироқ қилдим. Яна ўша аҳвол: ўчирилган ёки “ўчган”.
Дилбар уч юз рубль ишлаганимни эшитиб, оғзини кафти билан ёпиб, силкиниб-силкиниб роса кулди. Нечта танишию дугонаси қўнғироқ қилган бўлса, ҳаммасига латифа қилиб айтиб чиқди…
– Опам-ей, опам, соддасиз-да! – деди елкамга кафт уриб.
– Нега? Нима соддалик қилдим?
– Қадрингизни билмайсиз! Ҳозир носвой пулига ишлайдиган замон эмас! Кўчада ўтирган чўлоқ гадой ҳам сиздан кўпроқ топади.
Жаҳлим чиқди:
– Бировларни ҳаром-хариш ғазнасидан ана шу носвойпули аъло, хўпми? Ҳалолни камига худо барака беради. Эртага беш юз оламан, – дедим…
– Ҳай, майли, ўзингиз биласиз, – деди ниҳоят ҳафсаласи пир бўлиб.
* * *
Кечги овқатдан кейин Дилбар телефонини ҳозирлаб:
– Опа, сизни битта суратга олай, – деб қолди.
– Мени нимамни суратга оласиз? Ўзим кўзгуга қарагани кўнглим чопмайди, қўйинг-е! Ўзи кунимни кўриб, бўларим бўлиб турибман.
– Кунингизга нима қипти? Мени айтганларимга кўнмаяпсиз-да, бўлмаса-ку, зўр яшардингиз, – Дилбар бош бармоғини ҳаволатиб кўрсатди. – Диққат, оляпман, “ширин” деб туринг, чиройли чиқади.
– Ҳа, майли, менга ҳам ўтказиб берарсиз кейин. Эссиз давримдан эсдалик, деб кўриб юрийман.
– Агар эсли бўлганингизда мени йўриғимга юриб, там-там бойвучча бўлардингиз, опагинам!
– Дилбар, мен сизнинг шахсий ҳаётингизга аралашяпманми?
– Йўқ.
– Бўлмаса сиз ҳам бурнингизни суқманг! Ўзи зўрға тоқат қилиб турибман.
– Қийналиб пул топаётганингизга айтаман-да, опа. Нимага тушунмайсиз, топган ақчангизга икки ўрам ҳожат қоғозиям бермайди-ку.
– Дилбарой, қадамингиз катта-ю, қаричингиз калта! – дедим яна феълим айниб.
* * *
Мен орзиқиб кутган воқеа содир бўлди: учинчи уринишимда Володя амаки телефон яшил тугмасини босди.
– Салом, бу мен, Бонуман, – деярли қичқириб юбордим.
Кейин алоқа узилиб қолишидан қўрқиб, шоша-пиша Света билан бўлган ҳодисани ҳикоя қила бошладим… “Айиқполвон” боши оғриб, хуноби ошиб, кимдан аламини олишни билмай турган эканми ё қизи ўз қилмишини бошқача шарҳлаб тушунтирганми, нима бўлганда ҳам, етган жойим шу бўлдики, у ланж, бўғиқ овозда:
– Жонга тегдинг баринг! Жин урсин ҳаммангни! Бор, йўқол сенам!.. – дедию қизил тугмани босиб қўйди.
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.