Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 22

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
19 май

Олмосга қўнғироқ қилдим, кўтармади.

СМС ёздим, жавоб келмади. Кейин пўписага ўтдим: “Янга, рақамни керакли одамларга бериб, манзилингизни, ҳозир қайдалигингизни топтиришим мумкин. Сиз инсон ҳаёти билан ўйнашдингиз. Мен бу ишнинг охирига етмай қўймайман. Сизга эрингизнинг даволаниши учун берган пулларим бошқа мавзу. Лекин Икром акам масаласида фирибгарлик қилганингизни икки дунёда кечирмайман! Телефонни яхшиликча олинг!”

Ўша заҳоти менинг рақамим “қора рўйхат”га тушди. Кечга бориб телефонини бутунлай ўчириб қўйди. Энди фейсбукдан “Ёрмуҳаммад”га хат ёздим: “Ассалому алайкум, Олмос ака! Сизга қойилман! Етти ухлаб тушимга кирмаган ишлар бўлди”.

У: “Мен янгангизман. Фейсбукдаги мақоладан кейин Олмос акам ўз жонига қасд қилди. Ҳамманг бир инсоннинг уволига қолдинг! Сенларгаям худо бордир…”

Мен: “Қўйсангиз-чи, акагинам, шу тобда янгам бир қўлини столга тираб, елкангиз оша компьютердан кўз узмай қараб турганига ишончим комил… Хўп, жанозага қайга борай?

У: “Опа, ростдан аҳволлари оғир. Жонлантириш хонасида ётибди, ҳуши ўзидамас…”

Мен: “Зўр малҳам бор – “олакула” деган! Ўшандан суриш керак… Биласизми, бир пайтлар тилла деб тақдим қилганингиз узук эртасигаёқ бармоғимни қорайтириб, жездан тайёрланганини ошкор қилганда, яъни миси чиққанда, бирорта фирибгар алдаб сизга қалбакисини ўтказгани аниқ деб ишонгандим. Ва сизни хижолатга қўймаслик учун онамнинг бир пойи йўқолган қашқари балдоғини заргарга бериб, худди ўшандай узук ясатиб, тақиб олгандим. Кейинчалик сиз бармоғимни ушлаб, “Узук қисмаяптими, Бонужон?” деб қайта-қайта сўраганингизда ҳам шубҳага бормаганман… Чунки у пайтлар мени самимий севганингизга гумоним йўқ эди, балки, чиндан ҳам яхши кўргандирсиз, эҳтимол, кейинчалик қора муҳит сизнинг қалбингизни эгаллаб, қаллобга айлантиргандир…”

У: “Бону, ҳозиргина ҳушимга келдим, наҳотки менга ишонмасангиз? Бу қуруқ туҳмат. Мендаям душманлар бор. Ўшалар кўролмасдан уюштирган…”

Мен: “Албатта, кимсан Эйнштейннинг хатосини тўғрилаган алломада шу нуфузга яраша душман бўлади-да. Устига-устак, саховатли тадбиркор-фермер, ҳожатбарор адвокат бўлиб қанча инсонларни ёруғликка олиб чиққан бўлсангиз. Боз устига, ўликни тирилтирадиган ҳозиқ табиб ҳам ўзингиз, давоси йўқ дардга чалинган рамақижон касал ҳам сизсиз. Балки, саратонга даво топиш учун фидойилик кўрсатиб, атай ўзингизга юқтириб, тажриба олиб бораётгандирсиз…”

У: “Бону, бир вақтлар мени деб урган юрагингизга қулоқ солинг. Менга ишонинг!”

Мен: “Сизнинг “ижодий портретингиз чизгилари”га билдирилган ўнлаб муносабатлар-чи? Йўл-йўлакай “тўр”га тушган лақмалар-чи? Ҳаммаси ўз манзилини, исми-насабини, воқеа содир бўлган кунни аниқ ёзиб турибди-ку. Ҳайф сизга!”

У: “Хўп, нима дейсиз? Мен сиздан қўлим билан пул олмаганман. Исбот қилолмайсиз! Рози бўлиб ўзингиз бергансиз, хайрия, эҳсон дегансиз. Шу қилган савобингизни жанжал кўтариб гуноҳга айлантирмоқчимисиз?

Мен: “Менга сиздан ҳеч нарса керакмас. Сарф-харажатларимга розиман. Яхшиямки, Икром ака “операция”сидан на опамнинг, на акамнинг хабари бор. “Ғофиллик бандасининг бахти”, дегандингиз бир пайтлар. Бу ҳикматни бугун англатдингиз. Акам насиб қилган куни чиқиб қолар… Фақат сизга битта саволим бор, шунга тўғри жавоб берсангиз бўлди.

У: “Худодан қўрқмайсизми, демоқчисиз-да?”

Мен: “Саратонга чалинмагансиз-а?”

У: “Йўқ, худо сақласин!”

Мен: “Хайрият…”

* * *

– Бир йигитни дараги чиқдию униям йўқ қилдинг шекилли, қизижон? Қиз болага бошпаноҳ керак, ё бошқа кўз тутганинг борми?

– Йўқ, она…

– Эсим қурсин, ҳар сафар айтаман деб унутаман, даданг раҳматли қизинг эрга тегса, бобосидан тўёна, васият қилиб кетган, деб бир қулоғи синган кўзача бериб эди. Ажаб одамлар, сен эски-тускига қизиққанингга жавон-павонга қўйиб қўяди деб ўйлаганми, худо билади. Бўғзидан қарасам, ичида пахтами, латтами бор эди.

– Қайда?! Қайга қўйгансиз?!

– Оғилдаги яламатуз турадиган токчага ташлаб, устига сомон босиб қўювдим.

Югуриб кирдим: токча шип-шийдам, туз ҳам, сомон ҳам йўқ. Ҳаммаёқни ағдар-тўнтар қилдим.

Бир вақтлар тўсинига чилвир ташлаганим устунга суяниб узоқ йиғладим: бобом, дадам, “Ҳувайдо” бобом ва… Олмосни ёдлаб…

* * *

Олмос…

Мени кўнглим билан рақиб қилиб қўйдинг…

Кўнгил сен тараф, сенинг мудофаанг билан банд. Ақлим эса устимдан кулади. Ақлим айтадики, дастлаб тасодифан танишганинг пайт “Ётоқхонада турсангиз кераг-а?” деган СМСига “Йўқ, Эски шаҳардан Шоира деган саховатли опа топганман, даргоҳидан каминага ҳам жой теккан”, десанг, эрмакка хатлашиб турган одам дарров қўнғироқ қилиб, “Эрининг оти Икромиддин ака эмасми? Эҳ-ҳе, уларни бутун Бухоро танийди, лотереянгизга ютуқ чиқибди-ку”, деб бирдан жиддий муомалага ўтганини сезмаганмидинг? Кейинчалик қайта-қайта Икромиддин ака билан таништириб қўйинг, деб илтимос қилаверишдан асл мақсади “яқинларинг билан юзочди қилиш” эмас, сенинг воситангда янгибойлар ишончига кириб олиш бўлган, холос…

Қолган тафсилотлар ўзингга тан…

Ўйлаб кўр…

Кеч бўлса ҳам…

Акажон, мен ақлимга нима дей?

Кўнглимни қандай овутай?

* * *
20 май

– Сенга нима бўлди, дадасини эркаси? Бир ҳафтадан бери уйдан чиқмайсан? Қовоқларинг шишиб кетибди, ким ранжитди?

– Ҳеч нима…

– Онам бечора Бонуни мошинга солиб айлантириб кел, сиқилиб кетди, етти пирга олиб бор, зиёрат қилсин, дейди.

– Борганман, зиёрат қилганман…

– Бирор камчилигинг бўлса, менга айт, тўғрилаб берай. Ё пул керакми?

– Рост гап керак…

– Қанақа рост гап?

– Пулларингиз қайдан келди?

– Нима?

– Пулларингиз қайдан келди, деяпман, кармисиз?!

– Сен ўйлаган жойдан, Бонужон… Насиб-да, насиб… Лекин ҳозир бозорда олтиннинг қадри анча тушган…

– Ҳа, мен учун у нарса тилла эмас, бобомдан, бобокалонимдан, аждодларимдан ёдгорлик эди. Қадри шунда…

– Менам шу авлодданман. Мениям ҳаққим бор…

– Васият-чи?

– Сенга пул керакми? Қанча берай?

– Акажон, ўтинчим шу, бир дона танга беринг, бўйнимга тумор қилиб осиб юрай… Бир донагина қолгандир?.. Бобомнинг қўли теккан, дадамнинг кафти ҳарорати кетмаган танга… Борми?

– …

* * *
30 май

Акажон, бугун онамнинг еттиси.

Доим ўлимни осонини бер, деб сўрарди. Муродига етди: сўрида опаларим билан ҳангома қилиб ўтириб, “Вой художоним-а”, дедию ёстиққа ёнбошлаб жон берди-қўйди.

Мана, сўнгги япроғим узилди. Дарахтимда на мева бор, на япроқ…

Осмонга қарайман – уфқлар бўм-бўш…

Акажон, сизни топиб хат ёза бошлаганимда ташвишим ҳам, мақсадим ҳам бўлак эди. Ўшанда ёзганимдай, тақдир чорраҳасида иккиланиб турардим. Чунки ўша пайт мен жуда бой эдим – умидим бор эди…

Икки ҳафта бурун йўлларимиз кесишиб, сафардан қайтарингизда вокзалда кўришиб, сиздан китоб олиб қолмоқчи бўлганимда яна кўп гапларни айтиб беришни кўзлагандим.

Сизни узоқдан кўрдиму, негадир бирдан шаштим тушди: дардимни дастурхон қилиб бу кишининг ҳам тоза бошини қотирдим, ҳеч кимга айтмаган ҳасратларимни тўкиб солдим, балки унга мутлақо қизиғим йўқдир, мендақалар сонмингта-ку, деб иккиланиб қолдим.

Сиз кутиш залига кириб, атрофга аланглаб, мени қидирдингиз. Кейин тоқатсизланиб, қўнғироқ қилдингиз. Мен сизга кўринишга уялганимни, ўрнимга жиянимни юборганимни айтиб, китобни унга бериб қўйишингизни сўрадим.

Сиз ўзингизга қараб келаётган аёлни жилмайиб қарши олдингиз. Сўрашиб, китобни узатдингиз-да, бир-икки қадам босиб, илкис қайрилиб, “Бирор гапингиз бормиди менда?” деб сўрадингиз. У бош чайқагач, “Хайр, Бонуга салом айтинг”, деб шерикларингиз билан чиқиш йўлаги томон шошиб кетавердингиз.

Мен сизга китоб учун раҳмат айтишга қўнғироқ қилдим. Сиз “Жиянингиз жуда чиройли экан, ёшлигингизни кўргандай бўлдим”, дедингиз.

Акажон, ўша аёл… мен ўзим эдим…

31 май

Сиз билан ўн ойдан бери ошноман.

Деярли ҳар куни сизга мактуб йўллаб, ғойибона дардлашавериб ўз жигаримдай бўлиб қолдингиз.

Ўйловдимки, юрак кўзи билан кўрадиган одам мени, албатта, таниб олиши керак, қиёфам қандайлигининг аҳамияти йўқ, нигоҳимдаги ифодани бир қарашда ўқийди-да, “Тўхта, сен Бонусан-ку! Кўзларинг айтиб турибди-ку!” деб қувониб кетади…

Афсус… балки, бошқа жиддий муаммо билан хаёлингиз банд бўлгандир. Сиздан гина қилишга сираям ҳаққим йўқ. Лекин кўнгил экан-да…

Ҳа, акажон, мен тузалиб кетдим. Ўзи чевар… Ўзи зардўз…

Худодан амр бўлса, мўъжиза муддати киприк қоққандай гап экан. Ҳамма ҳайрон. Ўзим ҳам лолман.

Кўзгуга қарайману бу ким ўзи, дейман…

Акажон, ҳеч кимдан хафамасман.

Ҳаммани кечирдим… ҳаммасини…

Мен ҳаётдан безганим йўқ, бировлардан зерикдим холос…

Бу менинг охирги хатим.

Қатъий қарорга келдим: жоним ва руҳим осойиш топадиган, ҳеч ким ҳеч кимни алдамайдиган, зуғум ўтказмайдиган, камситмайдиган, “Ҳувайдо” бобом айтгандай, одамлар тароқ тишларидек тенг бўлган жойга кетяпман.

Энди қайтиш йўқ…

Мени бу оламда яшамаган, ўзим ўйлаб топган хаёлий қаҳрамоним деб ҳисобласангиз ҳам майли…

Ҳаммаси учун раҳмат сизга!..

…фақат битта доғ қолгандир… юрагимда…

2016 йил Дўрмон.

Хикоялар

ИЛТИМОС
1

Қўрғошин туман аста-секин эриб, ойнани қоплаган кулранг парда кўтарилгач, чинорнинг айри шохи аниқ шаклга кира бошлади.

“Уф-ф, яна уйғондимми? Яна тирикманми?”

2

Авваллари баҳор қўққис бостириб келарди. Кўз очиб юмгунча дарахтлар гуллаб барг ёзиб юборар, имиқ ҳаво бирдан исиб, кийимлар оғирлик қилиб қоларди.

“Қара-я, – деб ўйларди тўрт мучаси соғ ўша кезлари Собир ҳасратга чўмиб, – узумнинг барги қорайиб, кавобток даври ўтиб кетибди-ю, сезмай қопмиз. Гуллаганини кўрдикми-кўрмадикми, бозорга янги олма чиқибди…”

Собир ҳамма соғлом одамлар қатори кўкламни яхши кўрарди. Ҳар гал баҳор бор бўй-басти билан ястанганда қандайдир сирли воқеа рўй берадигандай, тақдири тубдан ўзгариб кетадигандай туюларди.

Қишнинг энг узун туни, ялдо кечаси дўстининг байрам дастурхонида ҳар йили деярли бир хил қадаҳ сўзи айтар ва бу алёр кўпроқ ўзига таъсир қилиб кўнгли чароғон бўларди: “Бугундан кун узая бошлайди, аслида, шу ондан Наврўз бошланади. Сен шундай яхши кунда туғилгансан.”

Даврадошлар бари эски қадрдонлар бўлгани учунми, Собир бу қадаҳ сўзини бир йил аввал эмас, бироз олдин – меҳмонлар энди йиғилган пайтда ҳам айтгандай туюларди. Дўсти унинг умр чақмоқдек ўтяпти, деган ташбеҳига жавобан кулимсираб, “Ҳа, ким-кимларнинг илтимосига кўмилиб, ҳожатини чиқарай деб югуриб-елиб-а? Ўзинг учун умрингда бирор нарса илтимос қилганмисан ҳеч?” деб бош чайқарди.

3.

Йўқ, вақт у ўйлаганчалик учқур эмас экан. Фурсат – нисбий, ҳар бир одам уни ўз тасаввурида шакллантиради, деган гап тўғри чиқди. У тўсатдан шифохонага тушиб тўшакка банди бўлиб қолгандан кейин, айниқса, Оврўпонинг Луқмони Ҳакимлари ҳам навмид бош чайқаб, кўзларини олиб қочган лаҳзадан бошлаб вақт керагидан ортиқчалигини ҳис қилди.

Кўпдан бери оғриқ безовта қилмайди.

Оғриқ нима? У асаб толаларининг бош мияга юборган хатарнок маълумотидан бошқа нарса эмас. Ана шу моҳиятни англашинг билан оғриқ тақа-тақ тўхтайди.

Дард бор-у, оғриқ йўқ…

4.

Иккинчи қаватдаги каталакдек бўлма ойнасидан чинорнинг пўст ташлаган кўкиш айриси ва унга аҳёнда омонатгина қўниб, ўз тилида жар солиб учиб кетадиган зағчалардан бошқа нарса кўринмас эди.

Бир ойча аввал оқсоч шифокор ҳуда-беҳуда эшик очилиб-ёпилиши безовта қилмасин деб каравотини айлантириб, оёғини деразага ўнглаб қўйишни буюргани Собирнинг назарида ҳаётидаги энг катта яхшилик кўринди. Агар тили яна сўзга қовушсайди, хат ёзишга бармоқлари келишсайди, албатта, бу ғамхўрлик учун миннатдорлик изҳор қилган бўларди.

Шукур, ҳозирча кўз – кўриб, қулоқ – эшитиб турибди. Илоҳим, кўз кўриб қулоқ эшитмаган томошалардан асрасин!..

Вақти бемалол, чинор қиш билан қандай хайрлашиб кўкламни нечук кутиб олганини лаҳзама-лаҳза кузатди. Дарахт танасидаги ҳарир муз ва чўтир қор офтоб тафтида эриб, пастга бир маромда силқиркан, у ўзи учун яна бир табиат ҳикматини топди: шахоблардан сизган сувни дарахт ўз тубига йиғиб, томирига қайта қувват оларкан…

5

Айришохда намгарчиликдан ивиган пўстлоқ қуёш тобида шишинқираб секин кўпчий бошлайди, кейин қилдек дарз тушиб, четлари китоб варағидай қайрилади. Лахтаклар болалигида Бачқирариққа ташланган қоғоз кемачалардай ҳаво тўлқинида қалқиб-қалқиб туради.

Бир куни Собир кўз очиб пўстлоқ ғойиб бўлганини, чинорнинг навқирон, шан баданида нур синаётганини кўриб, юраги миясига оғриқ берадиган даражада гупириб кетди.

Чинорнинг чигитдай куртаклари момиқ тортганига қараб ўрик гул тўкиб бўлганини, пичоқ учидеккина бўлиб барг чиқарганида беҳи гулга кирганини ҳис қилди.

6

Эшик ғийқиллаб, биров тимирскиланди, хлор ҳидидан билдики, фаррош пол артяпти. У курсиларни тарақлатиб сураркан, навбатчи шифокор кириб қолди шекилли, шанғиллаб сўради:

– Буни олиб кетишмасмикин?

Шифокор чақиб олди:

– Сизга нима? Оғирлиги тушяптими?

Бўлмага яна кимдир кирди. Собир уни овозидан таниди: катта ҳамшира.

– Ҳа, бу бечарашкага тикилиб турибсизлар? Домла айтди, шу киши қўлидан кўп иш келадиган “катта одам” бўлган экан. Энди ўзи одам қаторидан чиқиб ётибди. Ҳаёт шу-да, манаман деган мирзатерак ҳам бир куни ерга гурсиллайди…

– Икки ойдан бери ўсал, деразадан кўз узмайди. Жон асари йўқ, тирикмикин ишқилиб?

– Агар “пишса”, манави чийиллаворади, – катта ҳамшира, чамаси, “жон риштаси” уланган ускунага ишора қилди.

– Э, техникага ишонч йўқ. Ўзимизни қўлбола усулдан қўймасин. Ойнангизни бериб туринг! – оқ халатли озғин аёл Собирнинг оғзи-бурнига шапалоқдай кўзгуни қўйиб ўнгача санади-да, қиялатиб синчиклаб қаради, – ҳали узилмаганга ўхшайди…

7.

Шохга зағча келди. Оғзини катта-катта очиб, сариқ тилини кўрсатиб “қиюқ-қиюқ” деб шовқин кўтарганча қанотларини ёзиб деразага ёпишди. Бўлмага нимқоронғилик чўкди.

Қайдадир осма соат шовқин солиб, фурсатни бир маромда қиймалай бошлади.

8.

Кимдир Собирнинг билагини кўтариб, қўйиб юборди, қўл бураб сиқилган латтадай тўшакка тўп этиб тушди.

– Оёқ-қўлида жон йўқ, игна урсанг ҳам киприк қоқмайди. Фақат юраги номига уриб турибди. Манави найчани суғурсанг бўлди, тамом. Лекин бизни вазифамиз имкон қадар умрини чўзиш.

– Бечора роса қийналаётгандир, озиб кетганини қаранг, домла…

– Йўқ, оғриқни ҳис қилмайди. Клиник ўлим деганлари шу бўлади.

– Ҳалиям ташхиси гумонми?

– Олмонлар тайинли бир гап айтолмади-ку. Фанга номаълум хасталиклар ҳам бор-да…

Бу ўша – Собирга унутилмас мурувват қилган кекса профессор.

“Агар соғ бўлганимда, марҳамати учун ҳар қандай хизматга шай эдим. Ҳалиям бўлса, тезроқ омонатни топшириб, хонасини бўшатиб яхшилик қилишга тайёрман. Лекин нима қилай, Азроил билан савдомиз ҳеч пишмаяпти…”

9

Шохга мусича пардай қўнди. Чумдугидаги ҳилвираган хасни панжаларидек яйдоқ шохчаларга тўшади. Ўз ишини текширгандек бироз қараб турди-да, секин қанот қоқди.

Хас ҳилпираб унга эргашди.

10

“Мен беҳуш ётганимда Гавҳаримни олиб келишмадимикин? Аҳволимни кўриб юраги тушмадимикин қизим шўрликни?”

Собир дунёдан аллақачон кўнгил узиб бўлган, одамзоддан ҳеч бир илинжи қолмаган, йўқотадиган нарсаси ҳам йўқдай эди. Фақат зулмат қаърида йилтираган олмос ёритқичдек кенжаси – етти яшар Гавҳаройни ўйлар, ўйлаган сари ўзига ўзи ачиниб, ўзига ўзининг раҳми келарди.

11

Эшик очилиб-ёпилди, ғўнғиллаган овозлар секин тиниқ тортди. Кимдир дераза томонга ўтиб пашша қўриётгандай унинг қаншарида қўл елпиди.

– Тирикми?

– Ким билади. Қорачиғидаям ҳаракат йўқ.

– Ҳолинг шу экану… Юрардинг осмонга устун бўламан деб… Ҳовурингга ош пишарди.

– Секинроқ, эй! Сенга қанча ёрдам берганди. Ўқишга, ишга жойлаган, биламизу. Ундан ёмонлик кўрмагандинг шекилли?

– Ҳа, ёрдам берган, лекин ном чиқаришга, кимсан фалончини ўқиш пулини тўлаганман дейиш учун. Ғарази бўлган.

– Сен унда фалончи эмасдинг-ку, ҳеч ким танимасди чоғи?

– Одам бўлиб кетишимни билган-да, бўлмаса қўлламасди. Хуллас, ёмон кўраман!.. Шу кунга еткизганига шукур. У соғ пайти давраларни тўрини бировга бермасди. Мана, аста-секин бизга ҳам навбат тегяпти.

– Маразсан-да! Касал экан, кўриб келайлик десанг, одамгарчилигинг уйғонибди деб ўйлабман.

– Уни мана шу аҳволда кўриш мен учун ғалабага тенг. Энди давраларда гапириб юраман, бориб хабар олдик, устозни кўриб келдик деб. Оқибатли шогирдлигимни кўрсатаман. Ке, битта расмга обқўй, хи-хи-хи-хи!

“Бу аҳмоқлар мўндини кўрса, мум чамалайди. Ҳой инсон, кишининг тўнини қаричлаб ўрганган одам, менинг либосимга қараб баҳойимни бичма! Хоҳласам, сенинг жаддинг учун яна янги тўн кийиб, ортга қайтишим мумкин. Аммо сен бу жаҳдга арзимайсан-да! Менга арзигулик важ топиб бер, оёққа турмаган номард!”

12.

Зағча айри орасидан лўпиллаб ўтиб, деразага яна соя ташлади.

Қош қорайгани сари осма соат миллари худди ханжар қалқонга тўқишгандек тўмтоқ садоланади. Тун қаро бўлгач бу шовқин кучайгандан кучаяди.

13

Ишхонадагилар ҳам оёқ тортишди.

Очиғи, ҳамкасблар билан муносабат мажбурий, яъни расмий, демак, юзаки, табиийки, бироз таранг, ўз-ўзидан жуда омонат туюларди. Қоровулдан тортиб котибагача корхона фақатгина хўжакўрсинга ишлаётганини, маҳсулотлари ҳеч кимнинг чипқонига хамир эмаслигини, вақтни вақтинча ўлдириб, кимнидир алдаб туриш зарурати туфайлигина отнинг калласидай ойлик бериб турилганини яхши биларди. Эҳтимол, айни шу хўжалик кайфияти туққан ишончсизлик юзасидан, балки ҳадеганда “хўжа кўрмаётгани” ё кўриб кўрмасликка олаётгани сабаб идорада ўзаро ички нафрат, ғашлик ва асабият ҳукмрондир. Мажлислар-ку ўз ҳолига, йўлакдаги тасодифий учрашувинг ҳам бир кўз қараши боис тўқнашувга айланиб, ўт олиши, хоҳлаган пайтинг хоҳламаган одаминг билан можаро чиқиши нақд эди.

Бирор фалокат, айниқса, ҳалокат хабари етса, ҳамкасблар юзида бир лаҳза пайдо бўладиган кулгига ўхшаш ифодани эслади… Қизиқ…

“Дўстларим, жўраларим, улфатларим-чи? Улар… менинг бу хароб ҳолимни кўриб ўз кўнгиллари вайрон бўлишини истамай ва андуҳлари билан дилимни тилка-пора қилишни хоҳламаётганлари учун келмаётгандир.

Йўқ, ҳаммаси келган, фақат ўша пайти уйқуда бўлиб, сезмай қолганман. Ҳозиргина хотиним, опам, синглим, акаларим, шогирдларим шу ерда эди. Иш билан йўлакка чиқишган бўлса керак-да. Дўстларнинг бари менга ёрдам беролмай ноилож шифохона ҳовлисида ночор бош эгиб ўтиргандир. Улар ҳам нима қилсин, жонни жонга суқиб пайванд қилиб бўлмайди…

Уф-ф, бу кунлар чўзилиб кетганидан ўзим ҳам хижолатман”.

14.

Сингил унга Илтимосхўжа деб лақаб қўйган эди.

Пойтахтда уй-жойли бўлгач, бир-икки кунга ётоқжой сўраб ҳамқишлоқлар келар, баъзиларининг қўноқлик муддати ҳафталаб чўзилиб кетса ҳам, эр-хотин малол олмасди. Баъзан синамоққа “Одам бор жойга одам келади-да, хоним”, деб ўсмоқчиласа, ўзи ҳам ижара ғалвасини кўп кўрган хотини “Одам деб билса, одам келади”, деб кўнглини кенг тутарди.

Қўлидан иш келадиган даража топгач, илтимос қилувчиларнинг сафи кенгайди. Миршабга тушган ҳамқишлоқ усталарни олиб чиқиш керакми? Керак! Бу унинг юртдошлик бурчи. Чипта олиб холавачча, аммазодаларни Тюменга жўнатиш керакми? Шарт! Жигарчилик… Анавини ўқишга, манавини ишга жойла, акага ер олиб бер, қўшнига дўхтир топ, жиян-куёвни вазир билан таништириб қўй, танишларнинг билиши, билишларнинг таниши бор, ҳамкасбу ҳамгаплар қанча. Раҳбару акобирларнинг “Илтимос” деб юмшатилган буйруқлари-чи…

Кейинчалик хотини дарвозамиз қошига “Илтимосхона” деб ёздириб қўйинг, деганида “Бу ҳам илтимосми?” деб ҳазиллашган эди.

15.

– Одамларда бет йўқ, бу кишим сув ўтмай қилтомоқ бўлиб ётибди-ю, телефонига тинимсиз илтимос қилиб хат ёзишяпти. Баъзилари аразлаб зарда қилиб ҳам қўйишади. Минг марта айтганман, яхшиликни биладиган одамга қилиш керак! Бу одам кўчада учраб қолган дайдига ҳам ёрдам бермаса, кечаси бурга талагандай териси қизиб ухлолмай чиқади. Алам қиладигани, оёққа туриб олганларнинг кўпи бугун юз буриб кетди. Нега? Негалиги аниқ – ўша бир бурда нонга зор бўлиб юрган пайтларини эслагилари келмайди. Ўзи, одамзодни хамири балчиқдан қорилган – таниқли, нуфузли кишилардан хафа бўлиб юз ўгиришга, имкон топса, ғанимлик қилишга доим шай туришади. Қани бирорта ишонган укахону акахонлари? Топиб бўпти! Топдириб бўпти улар! Кўча-кўйда тасодифан рўпара келганда башарасидаги сохта қайғуни мен пайқамайманми, кўзларидаги “шилт” этиб ўтган сотқин кўланкани кўрмайманми?..

“Эсингдами, ўзимиз ёққан оташда гоҳ куйиб, гоҳ куйиниб юрган севги мавсумида фақат иккимизгагина маълум им-ишоралар бўларди. Масалан, “Соат неча бўлдийкин?” деб сўраганим “Бир соатдан кейин кўчада кутаман”, деган маънони берар, сенинг “Бугун қайси кун?” деганинг эса кечгача вақтинг бемалоллигини англатарди. Муҳаббат фақат ошиқ ва маъшуққагина маълум бўлган ана шу имо луғати билан ширин, ҳаёт айни шундай ўрол-имлари билан завқли…

Бугун эса кўзим орқали ишора бериш имконигина қолганда афсус чекяпманки, нега ўша кезлари “Кўз тили”ни ҳам луғатимизга киритмаган эканмиз? Нега шунча йил бирга яшаб нигоҳимдаги ифодани илғай олмайсан?

Худо хайр бергур, анави лаънати соатни тўхтат, жонимни қутқар, деб неча кунки ёлвораман-а!”

16

Таниш мусича энди жуфти билан келиб, битиктош ҳарфларидек шохчаларга хас ташлади. Ўз ишларидан хижолат бўлгандай атрофга аланглаб чиқишди-да, “гу-ку-ку, гу-ку-ку” деб сайраб, ғойиб бўлишди.

17.

Бир пайтлар оғир ётган устозини кўргани боргани эсига тушди.

“– Келаверма, дедим-ку сенга! Эркак кишининг кўрпа-тўшак қилиб ётишидан кўра хунук манзара йўқ. Сен шогирдлик бурчим, одамгарчилик деб келасан. Менга эса ноқулай. Биринчидан, одамларга юким тушмасин дейман. Қолаверса, мени заиф, абгор қиёфада, худди ҳукми чиқарилган маҳбусларнинг уст-бошидай нимранг кийимда эслаб қолишингни хоҳламайман. Ҳолбуки, ҳаммамиз маҳкуммиз…

Одам ҳурматида ўлгани маъқул. Шунда ҳаммага яхши бўлади. Ўлик – ҳамма учун қулай восита. Марҳум ҳақида хоҳлаган эртагингни тўқишинг, таржимаи ҳолини рандалаб, истакка қараб ясашинг мумкин. Майит эътироз билдирмайди, ҳақ талашмайди. Ўлсанг, ибратга, кўргазмали қуролга айланасан. Дўст ҳам, душман ҳам сенинг қўрингдан ўз кўмочига кул тортади. Вақтида кетишни билиш керак.

Анавиларга “Мана сенларга дунёи дунинг, яшаб ўлларинг!” деб кетяпман…

Лекин… сенга худойилигимни айтаман, тепангда ажал кўз тикиб, муздай нафаси юзингга урилиб тургандаям “Ҳали имкон бор, ҳали оёққа туриб кетаман”, деган яшил чироқча пилпиллаб туравераркан…”

18.

Зағча дераза бағирлаб шувиллаб ўтди.

19.

Эшик очилиб-ёпилди.

– Буни ҳеч кимга кераги йўқми дейман. Биров олиб кетай демайди, – ойна синиғидай ўткир бу овоз фаррошники.

Аслида, бўлмада ким ётганининг супуриб-сидирувчига иссиқ-совуғи йўқ, лекин нима дейсиз, уям одам, хонада ҳаёт аломати бўлгани, чучкурса, “Соғ бўл!” дея оладиган тирик жон ётгани маъқулроқ шекилли-да.

– Укаси ҳали менга телефон қилувди.

– Телефон қилгунча ўзи келса ўлармикин?

– Келиб нима қилади ишини ташлаб? Бу савил овқат емаса, сув ичмаса… Қийин-қийин, хотинига қийин, ёш қизчаси бор экан.

– Укаси нима дейди?

– Янгилик йўқми деб сўради…

20

Чинор танасига ўз барглари олатароқ соя ташлади.

“Ўрикнинг ғўраси тирноқдек бўлиб қолгандир…”

21

Мусичанинг ини битди. Тухумлаган бўлса керак, биттаси тумшуғини бўйнига тортиб, қимирламай ётибди.

22

Кимдир кирди. Настарин ҳиди таралди.

“Атирми ё биров гулдаста кўтариб келдими?”

– Вуй, тоғажоним-а, кўз тегдими? Биров илми амал қилдими? Ғанимлар бир нарса ичириб қўйишдими?..

– Оббо, яна ўша эски-туски гапларми? Худо шифо берса ҳеч нарсамас.

– Жигар – жигар, дигар – дигар экан-да! Мен куйиб кетяпман, дадаси! Шифо берсин илоҳим, тезроқ тузалиб кетсин!

– Мунча ўзингни ундан тортасан? Ё жирканяпсанми? Ўзингни севимли тоғажонинг-а?

– Мендан кўра сиз яқин эдингиз-ку. Ҳар ҳафта бир кўрмасангиз ичикиб қолардингиз!

– Ўзи қўнғироқ қилиб чақириб оларди. Нима, мени бошқа ишим йўқмиди?

– Боринг, дадаси, дўхтирлар билан гаплашинг, нима қилиб бўлсаям тузатишсин. Бу кишидан бошқа ишонган одамимиз йўқ ахир!

– Тузатиш мумкин бўлганда, аллақачон даволашарди. Мансабдаги одам, пули бор…

– Агар ўлиб-нетиб қолса… бу ёқда Акмалжонни ким…

23.

Зағча қанот ёйиб деразага кўкрак берди.

24.

“Яна қанча давом этаркин? Худойимниям азоблари турлича келаркан-да. Тан оғриғини сезишга қувват керак экан. Руҳ қийноғи жондан ўтди”.

Оғочда пишиб етилган ёнғоқ қобиғи дарз кетиб, қорайиб пахта чаноғидай кўриниш олган. Жон шу панжадаги суякранг ёнғоқдай омонат турибди. Қани энди бир эпкин урса, қани энди зағча уни илғаб чўқиса ёки мўмин мусичалар устига соч толасидай хас ташласа…

25.

Мусича бир жуфт жиш очди. Қанотлари ёғоч тароқдай, кокил-кокил сийрак парлари орасидан пушти танаси кўринади. Бечора мурғаккиналар ҳаво етишмаётгандай сариқ тумшуқларини каппа-каппа очиб, заиф нола қилади.

26.

“Ҳозир нечанчи йил? Қайси давр? Кимнинг замони? Мен кимман?

Милён-милярд йил нарида сўнган юлдузлар вақт нисбийлиги боис кўзимизга бор бўлиб кўринади. Шундай, аллақачон юраги ўлган одамлар тирикларга ҳалақит бериб дунёни тўлдириб юрибди. Иймонини омон сақлаб, қалби эсон кетганлар-чи?..”

Кўз олдидан марҳум устози, отаси, онаси, яқинлари аниқ-тиниқ намоён бўлиб саф-саф ўта бошлади. Уларнинг чеҳраси хотиржам, мулойим, табассумга мойил… жуда ойдин эди…

“Ё аллақачон ўлиб бўлдиму, руҳ шундай туш кўрармикан?”

Бирдан у сесканди, шундоқ пешонасида бир жуфт болаларга хос оқи оппоқ, қораси қоп-қора кўзлар ҳуркиб турар, улардан ўзлари каби йирик-йирик ёш думалаб бўйнига томарди. Қизча унинг суяклари туртиб чиққан заҳил ёноғига ҳўл юзларини босиб, йиғи аралаш секин пичирлади: “Кетманг, дадажон, кетиб қолманг… Илтимос…”

2019

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации