Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 26 страниц)
5 февраль
Кунлар захкаш ариқнинг сувидек бир маромда иш-мактаб, уй-рўзғор ташвишлари билан оқиб борарди…
Янги йил арафасида етим ва камхарж оилаларнинг фарзандларига қишки уст-бош берилиши эълон қилингач, синфимдаги шу тоифа болалар рўйхатини тузиб, директорга имзолатиб олдим.
Улар ёши улуғроқ қариндошлари етовида келишгач, бирга хўжалик бўлимига учрадик. Мен кийимларни болаларнинг бўйига мослаб танлаётсам, масъул қилиб қўйилган ўқитувчи елкасига чакмон ташланган етим қизчага:
– Аҳа, сигирга тўқим ургандай ярашди-ку, қизий, – деб оғзини қийшайтириб кулди.
Мен:
– Опа, бола бўлсаям кўнгли бор, бугунги гап эрта эсидан чиқмайди, тилингизни назорат қилинг, – дедим аччиқланиб.
У бирдан менга ташланди:
– Менга қаранг, сиз бозордан нарса харид қилаётганингиз йўқ, бу ерда танлаш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган. Тор бўлсаям олиб бераверинг, ўзи киймаса, укалари кияди!
– Манави ўқувчим, айтганча, танийсиз – Робия, маҳаллангизда туради, совуқ тушгандан бери мактабга келмаяпти. Бугун ўзим олиб келдим, онаси оламдан ўтиб, бувисининг қўлида қолган, эшитгандирсиз? – дедим-да, яна ўқувчиларимга лойиқ пойабзал қидириб топиб кийгизавердим.
Масъул энсасини қотириб, “Вой-бў, яхшиям ўзингиз туғмагансиз, агар болангиз бўлса, тилингизни тагига солиб юраркансиз-да”, деб пичинг қилди. Ёшман, элбурутдан тортишиб ўтирмай деб эшитмаганга олдим.
Кийимлар ўз эгаларини топгач, у сурбетларча қўл ҳақига шама қила бошлади.
– Қанақа қўл ҳақи? – тишларим ғижирлаб кетди.
– Йўл харажатларига, – деб дудмал жавоб қилди у.
– Давлат томонидан – бепул, деб айтдиларингми? Бўлди, тамом! Мен ўқувчиларим олдида ёлғончи, муттаҳам бўлишни истамайман, – деб ўзимникиларга жавоб бериб юбордим…
Тортишув директоргача чувалиб етиб борди.
У мени хонасига чақиртириб, тизимдаги катта-кичик чиқимлар ҳақида гапира кетди…
– Менинг ўқувчиларим бир тийин ҳам бермайди! – унинг сўзини бўлиб, қатъий қилиб айтдим.
– Унда ўзингни маошингдан қирқиб, ҳисса чиқариб оламан, – деб тумтайди директор, – қарорим шу!
– Бўпти, қарорингизни қоғозга ёзиб беринг, ўқувчиларимни ўлган ота-оналаридан пул йиғиб бераман, – дедим заҳарханда қилиб.
Директорнинг жазаваси тутди:
– Ўв, пулинг менга керакмас, айтяпман-ку, туманга, туманга! – у қўли билан осмонга ишора қилди.
– Масала сиз билан битмайди шекилли, домла, эртага ўша… туманга бориб ҳал қилиб келаман, – деб чиқиб кетдим.
* * *
6 февраль
Уйга келиб онамга воқеани ипидан-игнасигача айтиб бердим. У жимгина тинглади-да:
– Айб сендамас, болам, раҳматли дадангда! Сув қаёққа оқса, ўша ёққа қараб суз деб ўргатганида қулоғинг тинч бўларди. Болам, ҳақиқатталаб одамда дўст бўлмайди, – деди куйиниб.
Эртасига туманга боришимга йўл бермади.
Шу кун ишга ҳам чиқмадим.
Кечқурун директор ўғли билан меҳмонга келди.
Дадам қанчалар меҳрибон устоз бўлгани, қандай таъсирчан дарс бергани, тошу тарозини нақадар адолатли қўйгани ва айниқса, ёш Тўрақулга оталарча хайрихоҳлик кўрсатгани, устоз отадан улуғлиги ҳақида гапириб, анча ўтирди.
Кейин дўстона оҳангда:
– Агар даданг бўлмаганида, худо билади, мен қайси йўлдан кетардим… Иккимизни бахтимизга яхшиям пешонамизга шу киши ёзилган экан… – деди-да, ниманидир чамалаётган одамдай чап кўзини қисиб, менга узоқ термулиб қолди. Кейин, – Ҳа, устоз керак пайтда қаттиққўл, керагида жуда раҳмдил инсон эди, бизга ҳамма хислатлар дадангдан ўтган, – деб гап улаётган эди:
– Домла, ҳалолликни ҳам дадамдан ўрганганмисиз? – деб чақиб олдим.
Сўз ўз-ўзидан кечаги можарога бориб тақалди.
– Нима қилайлик, қизим, агар бу балохўрларга ёнимдан тўлайверсам, кафангадо бўламан-ку. Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, деган машойихлар. Ҳозир ҳамма жойда “бер-бер”, пулинг бўлмаса ўлиб ҳам бўлмайди, – деб кулги чиқармоқчи бўлди.
– Демак, балиқ бошидан ачиган экан, – деб юбордим тоқатсизланиб. – Агар сиздек оқсоқоллар бу қилвирликка чек қўйиш ўрнига бош қўшиб, қўллаб турса, оқибати нима бўлади, устоз?
– Халқ сендан икки дунёда рози бўлмайди, қизалоғим. Ҳозир фидойи, билимли одам ҳеч кимга керак эмас. Фақат топшириқни қулоқ қоқмай бажарадиган югурдагу ялтоқлар башанг яшайди бугунги кунда…
Онам гоҳ менга ҳайҳайлаб, гоҳ домлани қувватлаб, суҳбатимизга ҳакамлик қилиб ўтирди.
Биз узоқ баҳслашдик. У фикрида қолди, мен ҳам ўз қарашимдан қайтмадим…
* * *
8 февраль
Эрталаб мактабимга йўл олдим.
Ўқитувчилар хонасига кириб борганимдан менга қарши кайфият шаклланиб бўлганини илғадим.
“Йўл ҳақи”, “қўл ҳақи”дан манфаатдор маишатпарастлар менга қарши туриши табиий, албатта. Нафақага бир-икки қадам қолган, ўзларини хизмат кўрсатган заҳматкаш деб ҳисоблайдиганлар “кечагина тухумдан чиққан” мендай сариқтумшуқ жўжанинг адолатпарварлигидан ғашланишини ҳам тўғри тушунаман. Аммо учинчи тоифа ҳам бор эдики, улар мактабни шунчаки кун ўтказиш учун тирикчилик воситаси деб билар, лоқайд ва бефарқ ҳаёт тарзини маъқул топган бу тепса тебранмасларга менинг ҳаракатим ваҳимали туйилар, “Эртага бир бало бошланиб, бизни ишлашга мажбур қилишмаса гўргайди”, деган ташвишлари бор эди.
Устомон директор радио можаросидан ўз тегирмонига сув бурибди: “қора рўйхат” тузиб, аҳил жамоа ўртасига рахна солган мен эканим! Ана шу қўпорувнинг олдини олиш мақсадида домлаи калон айни вақтида радиомни ёпган эмиш… Қойилмисиз? Мана буни “мактаб” деса бўлади!
Шундай қилиб, жамоанинг кўпчилиги менга рўйхуш бермай қўйди. Ташаббусларим уларнинг ғашига тегар, менга меҳр қўйган болалар атрофимда парвона бўлиши энсаларини қотирарди. Чунки мен, нокамтарлик бўлса-да айтай, бу даққиюнусдан қолган кўҳна чолдеворга тоза ҳаво олиб киришга уринаётгандим.
Шу туришимда гўё чорпоя остида кун бўйи мудраб вақт ўтказадиган кўппакнинг думидан тортиб ҳаловатини бузган шумтакадек эдим.
Менимча, айнан директорнинг илтимосига кўра тумандан текширув келди.
Бадқовоқ тафтишчилар биринчи менинг синфимга кириб, хонамни синчиклаб кўздан кечиришди. Кейин огоҳлантиришсиз дарсимга кириб, кутилмаган ва тутилмаган саволлар билан ўқувчиларимнинг олдида мени изза қилишга уринишди.
Йиллик, ойлик, кунлик иш режамни ва барча қўлланмаларимни, конспектларимни ижикилаб текшириб, арзирли нуқсон топа олишмади. Чунки дадам менга ҳамма вақт:
– Сен текширувчи учун конспект ёзма, ўқувчи учун тайёргарлик кўр, сенинг комиссиянг – ўқувчиларинг, шуларга кўнгилдагидек дарс берсанг, назоратчи-пазоратчидан қўрқмайсан, – дерди.
Ҳарҳолда, йўқдан кўра юпанчиқ, деганларидай, битта “айбона” топишди. Ҳамма ишни қилибман-у, бўш вақтларимда бошқа устозларнинг дарсларини кузатишга кирмабман. Шунга танбеҳ беришди.
Эртасигаёқ директор ўринбосари Лазизбек Маҳмудовичнинг дарсига кириб, назоратни бошладим. У киши математика ва физикадан дарс берарди.
Ҳеч кимга гапирмай, орқа партага бориб ўтирдим. Қўнғироқ чалиниб, дарс бошланди. Ўқитувчи ўн беш дақиқа кечикиб кирди. Боз устига, на синф журнали, на конспект дафтари, на ўқув кўргазмалари… Умуман, ҳеч нарсадан фойдаланмай, ҳафсаласиз дарс бошлади. Болалар бот-бот ёлғондакам йўталиб, мен томон тез-тез қарашлари билан ўзига хос ишора бериб, хонада бегона одам борлигини билдиришга уринса-да, устознинг парвойи фалакда эди.
Домла деразадан қараганча “ҳи-а-а” деган овозда ҳаво сўриб керишаркан, ўхшатиб ҳомуза тортди-да, ўқувчиларнинг баралла кулгисидан ўзига келиб, бирдан менга кўзи тушдию сесканиб кетди. Шундан кейингина дарс амалиёт эканини эълон қилди.
Шубҳасиз, ўқувчилар бунга тайёр эмасди. Уларнинг савол-жавоблари, ўзларини тутишларидан шу пайтгача амалий машғулот ўтилмагани аён кўриниб турарди. Домла ҳам чамамда, мавзу моҳиятини билмас, гап-сўзлари қовушмас, атамалар оғзидан тўкилиб тушарди. Бунинг сабабини Лазизбек Маҳмудовичга имзо учун таҳлил дафтаримни узатганимда тушундим: ундан ароқ ҳиди анқир, кайфи тарақ эди. Домла каловланиб, таҳлилимни ўқимай туриб имзо чекиб юборди.
– Узр, домла, асосий нуқсон ёзилмай қопти, ижозатингиз билан қўшиб қўяман-да, – деб имзоси ёнига катта-катта ҳарфлар билан “Ўқитувчи маст ҳолда дарс ўтишга уринди”, деб илова қилдим.
У қўлимдаги дафтарни юлқиб олиб, лапанглаганча директор хонасига чопди. Ана энди қиёмат қўпади деб шунча кутдим, ҳеч ким мени йўқламади. Ўйлаб кўрсам, ўринбосарига шишадош директор ўша пайтда бадмастлиги сабаб “балодан ҳазар”, деб менга юзма-юз келишни хоҳламаган экан.
Эртаси куни шахсан мактаб директорининг дарсига кирдим.
У кишида ҳам эга кесимга тўғри келмас, ичмаган бўлса-да, калласи ғум экани аниқ эди.
Дарс қандай ўтилган бўлса, шундайлигича таҳлил қилиб ёздим. Аммо Тўрақул амаки имзо чекмади. Дафтарга нари-бери назар ташлаб, кўзлари бўғизланган ҳўкизникидай олайди, бутун мактабни бошига кўтариб:
– Йўқо-ол! Пе-ес! Падарингга лаъна-ат! – деб бўкирди…
* * *
… Мен кимлигимни эсдан чиқариб қўйган эканим…
9 февраль
Акажон!
Сизни ғазал мулкининг султони Навоий ҳазратларининг таваллуд кунлари билан қутлайман! Ижод аҳлига руҳлари мададкор бўлсин!
Навосиз улуснинг навобахши бўл,
Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл!
Қаранг, бундай аччиқ танбеҳ айтиш учун шоир қанча азият чеккан экан-а! Биз-ку, оддийгина қора халқ вакилимиз, шунда ҳам кўнгилчамиз гунафшадан нозик. Ана энди Навоийдай даҳонинг зариф дилини тасаввур қилаверинг…
Акажон, синглингизнинг ғўра гапларидан кулмайсиз-да энди…
* * *
11 февраль
Шоира опамдан хабар олгани шаҳарга бориб, маҳалла бошида курсдошим Сарвинозни кўриб қолдим. Шалдир-шулдир қиз эмасми, бирпасда олам-жаҳон гапни тўкиб ташлади: ўзи бир футболчига турмушга чиқибди, битта ўғилчаси бор экан – исми Миржалол. Эри терма жамоага номзод эмиш, уни ўйинларини кўргани шаҳарма-шаҳар маза қилиб юрганмиш. Аҳад деган менинг собиқ ошиғимнинг хотини шу баҳорда учинчи қизини туғибди. Агар яна қиз туғаверса, ажрашмаган номард деб қасам ичганмиш. Дугоналаримиздан Гулбаҳор билан Мунира Дубайга қатнаб, бойвучча бўлиб кетишибди, бировни бир тийинга арзитмасмиш. “Ву-уй! Кўрсанг, аптини! Иккови кимўзарга кийинади. Кўрсанг, машинасини! Юлдуздаям йўқ бунақаси!”
Кейин, табиийки, мавзу Олмосга кўчди. У қайнотасининг ҳомийлигида шаҳарнинг қоқ марказида хусусий дорихона очиб, гуллаб-яшнаб, хотини билан бахтиёр яшаётган экан…
Сарвиноз кайфиятим ўзгарганини кўриб, “Узр, Бонужон, унинг уйланганидан хабаринг йўқмиди?” деб хижолат чеккан бўлиб, шоша-пиша хайрлашдию ошиқиб жўнаб қолди.
Олмос…
Орамизга қуюқ туман тушиб, кўздан йироқ – кўнгилдан нари бўлган эсак-да, ҳар замон телефонда гаплашиб турардик. Лекин ҳеч қачон ўз ҳаёти ҳақида оғиз очмасди.
Бир куни у хотини ҳомиладорлигини, яқинда ота бўлишини айтиб қолди. Мен бундай муҳим хабарни бамайлихотир, шунчаки кўча-кўйнинг гапидай айтаётганидан жуда тонг қолдим. Ахир, “хотиним” деяпти, демак, қачондир уйланган, лекин мен бундан бехабарман. Ҳолбуки, боя ёзганимдай, қўнғироқлашиб, гаплашиб турамиз, кўнгил узилган бўлса-да, муомалани узганимиз йўқ.
Аёли оғироёқ экан, демак, никоҳ тушганига анча вақт бўлган. У шунча гапни қандай қилиб қорнига сиғдириб юрдийкан? Бутун бошли тўй бўлади-ю, тақдирини ким биландир боғлайди-ю, менга билдирмагани ва яна фарзанд кўриши ҳақида кўз танишига айтаётгандай, шунчаки қистириб ўтиши… кўнглим кўзгусининг соғ жойларини ҳам чилзарра қилди.
Танамга ўйлаб кўрсам, рост-да, мен унга ким бўлибманки, менга ҳисоб берса, тўй-тўйчиғига таклиф қилса. Биз шунчаки тасодифан поезднинг бир купесига тушиб қолган ва маълум манзилгача ёнма-ён кетишига тўғри келган йўловчилар эдик холос. Бунақа пайт одам азбаройи зерикмаслик учун йўлдошига такаллуф қилади, қизиқ ҳикоялардан сўйлайди, балки, ул-бул тановул ҳам қилишар, эҳтимол, суҳбатлари соз тушиб, бир-бирларига кўнгиллари илигандек ҳам бўлар…
Алалоқибат, вақт ҳукми билан бири ўз манзилида тушиб қолади ёки иккаласи ҳам бир бекатдан икки ёққа қараб жўнайди…
* * *
12 февраль
Орадан бир ойча ўтиб Олмос қизли бўлгани, исмини Гулбаданбегим қўйганини айтди.
Телефонини ўчирмасдан ётоғига кирди, қизини атай йиғлатиб, овозини менга эшиттирмоқчи бўлди. Йиғлатди… қайтиб-қайтиб сўради:
– Эшитдингизми Гулбаданбегимнинг овозини, эшитдингизми?!..
Унинг қувончи еру кўкка сиғмасди… Бироз ўтиб хотинига телефон тутди: бахтли онанинг хуррам овози янгради… Мен лолу карахт эдим. У томондан келаётган табрикталаб такаллуфларга нима деб жавоб қайтарганимни билмайман.
Хаёлимда битта савол: у хотинига мени ким деб таништирган экан? Иссиқ жон, аёл зоти рашксиз яшолмайди, ким ўзи у, деб чимрилгандир, аразлаб, аччиқ-тизиқ гап қилгандир. Шунда… эй худо, менинг Олмосим кейинги пайтда дийдоримдан келишиб тушган суратимни кўрсатиб, “Манави қиз-да, шунданам қизғанасанми, асалим, гулим, кўзгуга бир қара, сен киму у ким?!” деганмикан?
Деган, албатта, шундай деган…
Телефондан келаётган овозлар жарангидан бошим айланиб, кўзимдан ёш чиқиб кетди…
Узоқ ўйга толдим… Шу ҳолат бошқача ҳам бўлиши мумкин эди… Афсус…
Биласизми, қайғу, азоб, қийноқ, ғусса, алам, дард, ғам, изтироб…ларнинг фақат ўзига хос туйғуси бўлади. Мен санаб ўтилган кадарларнинг ҳар бирини қайта-қайта бошдан кечирганман. Аммо ҳозирги ҳолатимдаги ситам ҳеч қайси андозага тўғри келмасди.
Мен ҳеч кимни айблай олмайман…
Мабодо Олмосга турмушга чиққанимдан кейин манави касофат дард қалқиб чиқса нима бўларди? Бир йигитни, гулдек йигитни илк турмуши барбод бўлиб, боши эгилиб қолмасмиди? Агар худо фарзанд ато этгандан кейин бу касалликни манглайимга битса, унда-чи? Балки, Олмосдек йигит фарзанди камолини ўйлаб, тақдирга тан бериб, умрини хазон қилишга кўнар… Бола-чи? Бола бечора ҳаёти давомида мендан уялиб, ўртоқларидан ажралиб, ор ва номус ўтида куйиб ўтармиди? Ё худо, ўзингга шукур! Вақтида берган дардингга қуллуқ!
Аммо хаёлимга келган истиҳола шуки, айнан мана шу мулоҳазани Олмос ҳам кўнглидан ўтказиб, Тангрининг иноятидан масрур бўлиб, тўрт мучаси соғ жуфти ҳалолини бағрига босиб, қайта-қайта шукроналар келтирмасмикан?
Келтиради!..
Кўнглига келтиради…
Шукрона келтиради…
Шу куни ҳаёт менсиз ҳам жуда гўзаллигини ва мендан кейин ҳам кам бўлмаслигини тушуниб етдим…
Болажоннинг маъсум чинқириғию ота-онасининг шодумон кулги аралаш қилган завқли хитоблари бир неча кун қулоқларим остида қайта-қайта жаранглайверди…
Шу кундан қаерда жужуқларни кўрсам Олмоснинг боласи ҳам шунча бўлиб қолгандир, улғайгандир, ота-она бўйига қараб суйиниб ўтиргандир, деб қараб қоламан…
* * *
13 февраль
Мактабдан кетганимга ҳамма мени масхара қилаётгандек, ҳамма устимдан кулаётгандек…
Ота-оналар мени кўрсатиб, “олабўжи”, деб болачоқларини қўрқитиб, “Агар вақтида юз-қўлингни ювмасанг, овқатингни емасанг, биз айтган пайт ухламасанг ана шунақа бўлиб қоласан” каби пўписалар билан “тарбия” қилишаётгандай туйилади. Мен бунга кўникишим шарт, парво қилмаслигим керак, дейману, барибир асабийлашиб, жирраки бўлиб боряпман.
* * *
Ўртанча опамнинг даласига бориб ғўзапоя ўришиб, шомга яқин уйга қайтсам, айвонда онам бир киши билан гаплашиб ўтирибди. Мени кўриб иккови ҳам ўрнидан турди. Меҳмонга салом бериб, ичкари йўналгандим, у йўлимни тўсиб, онамга терсайиб қараб:
– Кўряпсизми, хола, бунингиз биздақаларни одам ўрнида кўрмайди, итмисан, эшакмисан демайди, – деди димоғида аламзада оҳангда.
Қарасам, ўша бетинг қурғур Юсуф ароқ ҳидини гуркиратиб менга қараб иршайиб турибди. Бир қадам ташлаган эдим, йўлимни энди онам тўсди:
– Қизжоним, сени одам билиб йўқлаб кепти Юсуф аканг. Сўраш, ўтир, ҳангама қилинглар, ҳарна акангни жўраси…
Мен “акамнинг жўраси”га тик қараб, худди кечагина кўришгандай:
– Ҳа, Юсуф ака, нима дардингиз бор яна? – дедим.
У хушёр тортиб, аста кўрпачага чўкди:
– Ўзим, шундай, тинчлик, – деди хомуш тортиб.
– Бўпти бўлмаса, тинчлик бўлса… Акам Россияда, гапингиз бўлса, телефонда улаб берай. Ўзингизда рақами йўқдир ҳойнаҳой, – деб яна қалампир сепдим.
У бирдан ерга тиз ташладию тўсатдан ҳўнграб йиғлаб юборди:
– Сен ҳам одаммисан, Бонужон? Сендаям юрак борми-я, Бонужон? Севаман дедим, ишонмадинг, шарманда қилдинг… – у энди онамга қараб мастона йиғи аралаш сўзлай кетди. – Онажоним, шу асов қизингиз учун жонимдан кечаман! Кечганманам! Айтинг, менга тегсин! Кўрасиз, қизингизни бахтли қиламан!
Кўз олдим қоронғилашиб, деворга суяниб ўтириб қолдим. Бу нимаси? Шу аҳволимда-я?! Йўқ, бу мени масхара қиляпти. Қалайсан энди, етган жойинг шу экан-ку, демоқчи. Ич-ичимдан бир вулқон отилиб келаётган бўлса-да, ўзимни қўлга олиб, хотиржам гапиришга уриндим:
– Юсуф ака, кайфингиз эрталабгача тарқайди, айтган сўзларингиздан уялиб қоласиз. Менга сизнинг раҳм-шафқатингиз, мурувватингиз керак эмас. Боринг, эркаги йўқ уйга кириб ўтириш яхшимас. Шу гапларингизни агар эртага саҳар келиб ҳам такрорласангиз, унда ўйлаб кўраман!
Онам бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтладию қўл силтаб қўяқолди. Юсуф шалвираганча кўчага чиқиб кетди.
* * *
16 февраль
Маълумингизким, камина мактабдан “ковушим тўғриланиб”, ғирт бекорчилар сафида пешқадам эдим.
Ишсиз киши кўчада ётган гувалага ўхшайди – ўтган одам ё қоқилади, ё бир тепиб ўтади.
Бекордан худо безор, бирма-бир опаларимнинг уйига бориб хўжалик ишларига қарашган бўлдим.
Барчиной опам қабатига болаларини олиб, енг шимариб шўрданак қилаётган экан. Болалигимизни эслаб апоқ-чапоқ қаймоқлашиб, учта саватни тўлдирдик.
Сиз бу юмушни билмасангиз керак. “Фойдали маслаҳатлар” кўрсатувида айтадигандек, бунинг учун бизга ўрик данаги, ғишт, тешача, шўрсув ва албатта қозон керак бўлади. Ғиштга данакни қири билан тик қўйиб, тешача билан оҳиста урасиз. Зарб шундай маромда бўлиши талаб этиладики, данак оғзи “қирс” этган қисқа товуш билан нимтабассум ёрилишига эришиш лозим. Акс ҳолда қўлингизда ё мағизнинг ўзи, ёки мажақланган қолдиқ қолади.
Биз болаликдан бу ишнинг ҳадисини олганмиз. Ёз чилласи кирган пайтлари аммамнинг каттагина ўрикзор боғида уруғ-аймоқлар ҳашарга йиғилардик.
Йигитлар челаклаб-челаклаб супага тиллатоб ўрикни уяверади, биз оналаримизга ёндош ўтириб аввал ўрикнинг данагини ажратиб чойшабга ташлайверамиз. Шилта данаклар оқар сувда обдон ювилганидан кейин уч-тўрт соат жавзо қуёшида селгитилиши керак. Ана ундан сўнг қўлимизга яраша тешача олиб, “чақ-чуқ”ни бошлаб юборамиз.
Мен уёқ-буёқни ахтариб, ўтган йилги ҳашарда сандонлик қилган ғиштлардан бирини топардим, унда бошига теша еган данаклардан ўзига хос чуқурчалар бўларди.
Маза, қолипга солинган данак “қочиб” кетолмайди.
Бу ҳашарнинг гашти шундаки, аёллар ўтган-кетгандан ривоятлар айтар, оқшомда ваҳимали ҳикоялар авж олар, эркаклар қозон-товоққа баковул бўлиб, дошқозонда ўрикқиём, ўртамиёнасида ош пиширишарди.
Аммамнинг инжиқлиги сабаб шўрданак сархил чиқарди, харидори кўп эди. Биз қизалоқлар эса қариндошлар бир жойда жам бўлганидан хурсанд, ҳар хил ўйину эрмак ўйлаб топардик.
Бу ўйинларда тоғам Ботир шалайим даврамизга қўшилиб олар, оналаримизга шикоят қилиб, “Самовару самовар, самоварда ҳамма бор. Шунча қизнинг ичида Ботиржонга нима бор?” деб уни кулгига олсак-да қийшанглаб тураверар, анча бетаъсир бола эди.
* * *
19 февраль
Бир куни кечқурун ўша Ботир тоғам Москвадан телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Онам унга:
– Ёнингда иш бўлса, Бонуни ҳам чақир, ҳаво алмаштириб, ишлаб келсин, ҳарна чалғийди, – деди “маъқулми”, дегандай мен томонга бош ирғаб.
Тоғам айни иш борлигини, зудлик билан учоққа минсам, Москвада ўзи кутиб олишини айтиб қолди.
– Ҳа, менга қолса, тоғангни ёнига борганинг дуруст. Қачондан бери сени сўрайди, тайинли одам, қийналмасанг керак, – деди онам менга синовчан боқиб. Онамдан бундай маслаҳат чиқишини кутмаган эдим. Юзимдаги ифода ўзгаришини сезди шекилли, – кўряпсану, бизда маошнинг баракаси йўқ. Тоғанг ойда бўлмаса, ой оралатиб тузуккина пул жўнатяпти. Шу пиёнистаки шунчалик жамғараётган экан, сендай тишли-тирноқли қиз рўзғоримизни оёққа қўйсанг ажабмас. Тоғанг билан ишинг ўхшамаса, акангниям қўли тош орасидамасдир, – деб қўшиб қўйди.
– Кетсам сизга ким қарайди?
– Мен ўз кунимни ўзим кўраман. Ҳеч кимга оғирлигим тушмайди. Нафақам ўзимга етади. Сенинг муаммоларинг кўп. Жойингни топиб узатиб, тинчитмасам, икки кўзим орқамда кетади, – деди дарров йиғламсираб.
– Менсиз қийналиб қоласиз, онажон, – дедим-у, ичимда онам ҳақ эканини ҳис қилдим.
– Йўқ, болам, опаларинг хабар олиб туради, мендан хавотир олма, – онам енгларини қовоғига босди.
Рост гап, бу ерларда хунук кўриниб юргандан кўра олисга, бегоналар орасига кетганим аъло.
Очиғи, сизга ҳам таниш бўлиб қолган муҳитдан батамом безиллаб бўлгандим.
Кетай, “Ҳувайдо” бобомдай бош олиб кетай, манглайда бўлса бир кунимни кўрарман, бўлмаса пешонадан… Ҳечқурса, уч-тўрт танга топиб, онажонимнинг жонига ора кирарман, опаларимга, Шоира опамга қарашарман. У ёғига худо пошшо…
Таваккал деб чиптани олиб, мусофир тўнини бичиб, ҳозирлик кўра бошладим.
Йўлга чиқишимдан бир кун олдин “сафар оши” бериб, опалар, жияну поччалар, амаки, аммалар билан хўшлашдик. Қариндошлардан шўрданакчи аммам норози бўлганди, онам:
– Ишласин, ҳозир вақти бор, ўзини даволатсин, акангиз мозоридан туриб қайтиб келмайди бунга қайишгани, – деб қайириб ташлади…
Шу билан ҳамма тилини тишлади…
Мен йўлга отландим…
Поездга чиқиб жойлашиб олганимдан кейин Олмос билан хайрлашиш мақсадида қўнғироқ қилдим. Телефонни хотини Ҳилола кўтарди. Ноқулай қолиб:
– Олмоснинг курсдоши бўламан, Тошкентдан қўнғироқ қиляпман, – деб ёлғон гапирдим.
Қизчасини бешикка белаётган экан шекилли:
– Ҳо-зир, ҳози-и-р, ну-ну-уш, эгалари келди, бабалари ке-етсин, бир дақиқа-а, – деди-да, телефонни ўчирмасдан хўжайинини чақирди.
Билмадим, Олмос қандай юмуш билан банд экан, ҳадеганда келавермади. Бироздан кейин Ҳилола:
– Олмос акам уйда йўқ эди, келса айтаман, сизга телефон қилади, – деб жавобимни кутмасдан ўчириб қўйди.
Кўнглимдаги милтироқ шам ҳам бир қалқинди-да ўчди…
Поезд жилгандан кейин бир оз вақт ўтиб Олмос қўнғироқ қилди.
Узр сўрадим:
– Телефонни Ҳилола кўтарди, Олмосни курсдоши бўламан дедим. Ишқилиб уришиб қолмасангиз бўлди, – дедим.
– Ҳеч нима бўлмайди, хавотир олманг. Нима гап, тинчликми, қуёш қаёқдан чиқибди?
– Кетаётувдим… шунга…
– Ҳа, яхши-ку, қаёққа, ким билан? Айланганими ёки даволанганими?
– Бир ўзимман. Поездда, Москвага кетяпман. Хайрлашгани телефон қилгандим.
– Нима?! Қаерга? Бир ўзингиз? Жинни бўлдингизми? Нима қиласиз Москвада? Бегона жойга маҳрамсиз чиқасизми? – саволлар қалашиб кетди.
– Маҳрам?.. Мен рухсат сўрагани эмас, хайрлашиш учун қўнғироқ қиляпман.
– Кетмайсиз дедимми, кетмайсиз! У ерларда… кимингиз бор?
– Менга ишонмаяпсизми? Бошқа йўлим йўқ, мусофирчиликни ҳам бир кўрай… Хайр, соғ бўлинг!
Яна қайтиб сим қоқди.
– Сизга ишонаман, бироқ уларга ишонмайман! У ер сизга Ўзбекистон эмас, – деди. – Мени десангиз чиптани йиртасиз! Биринчи тўхтаган станцияда тушиб, ўша ерда кутиб туринг, кечки поезд билан бораман. Иш топаман, ишлайсиз! Ўзим ёрдамлашаман… Тушинг поезддан, – деди куйинчаклик билан.
– Мен ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмасман энди. Сизни кўп кутганман. Бошқа кутолмайман…
– Охирги маротаба…
– Поезд кетиб бўлди, Олмос, анча бўлди, – дедим…
Телефоним қуввати тугаб, “тинг-тинг” этиб… жон берди…
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.