Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
29 март

Эрталаб уйғонсам, полда ётибман.

Тўшагимгача ҳам етиб боролмабман…

Бош оғриғию кўнгил айниши мазамни қочирди.

Туриб қарасам, коньяк шишаси думалаб ётибди.

Қўл-юзимни ювиб, бир пиёла сув ичдим. Яхшики, бугун байрам… дам олиш куни… а-ҳа, келган жойидан давом эттирамиз…

Битта коньяк олиб келсам бўлди, бошқа ҳамма нарса бор. Пальтомни кийиб кўчага чиқдим.

Кўприкдан ўтаётиб тўрт-беш ўспирин соҳилдаги ўриндиқни ўраб олиб, беҳаё бақириб кулишаётганини кўрдиму таққа тўхтадим. Уларнинг ёнидан ўтишга юрагим дов бермади. Орқамга қарадим: икки эркак ва улардан сал орқада ўрта ёшли аёл келяпти. Қадамимни секинлатиб, эркакларни ўтказиб юбордим.

Катталарни кўриб болалар шовқин-сурон кўтариб шаҳарчага қараб жуфтакни ростлашди. Ҳалиги аёлга эргашиб бориб, ўриндиқда бир жувон маст ҳолатда “ўчиб” ётганини кўрдим. Кеча байрамни “муносиб” нишонлаган шекилли, изғиринни сезмай, битта кўйлакда ястаниб ётибди. Устини ёпиб қўйиш ўрнига шумтакалар текин томоша деб бошқа жойларини ҳам очиб қўйишибди. У болаларни ёш десак, бояги икки эркак-чи? Ёнимдаги ҳамроҳим ҳам унга қараб тупуриб, сўкина-сўкина ўтиб кетди. Мен эса… ташлаб кетишга кўнглим бўлмади.

Бир лаҳза ичида неча хаёл кўчасига кириб чиқмадим.

Эгнидаги кўйлаги билан устини ёпаман десам… таги ҳўл… Ёш болачалар “чушша” қилиб қўйса, шамоллаб-нетмасин, ҳиди ўтириб қолмасин деб дарров таглигини алмаштирамиз… Бу хушрўйгина, ёш жувон бўлса…

Кўйлаги билан имкон қадар баданини ёпдиму ортимга зув қайтдим.

Йўл-йўлакай иситмам чиқиб, “Мен бундай томоша бўлишни, аёл шаънини, ўзбек аёли деган номни булғашни истамайман! Бошқаларга эрмак бўлишдан ўзинг асра… Тамом! Бошқа ичмайман! Ҳеч қачон, ҳеч қаерда! Ит бўлай қайтиб ичсам!..” деб кетдим.

Хонамдан уринган жункўрпани олиб югурганча соҳилга бордим-у, кўприкка оёқ қўяр-қўймас ўзимни тўхтатдим. Нариги соҳилга ёндош йўлда усти ёпиқ панжарали юк машинаси гуриллаб турар, иккита барзанги беҳуш жувонни бир оёқ бир қўлидан ушлаб судраб борарди.

Хонамга қайтиб, совуқ сувда чўмилиб чиқдим. Кечаги гуноҳим, иродасизлигим учун ўзимни ўзим шундай жазоладим.

Кейин ҳамма жойни супуриб-сидириб, полни ювиб, эшик-деразаларни ланг очиб, хонани шамоллатдим. Овқатни иситиб, лаганга сузиб, энди ўтираман деб турганимда телефоним қисқа занг урди – хат келди. Очиб қарасам: “Янги йил билан! Орзулар ушалсин, армон қолмасин! Ким ватанни севса, ватан ҳамма жойда у билан! Алишер. P.S.: Кеча Тошкент вақти билан янги йил кираётганда қўнғироқ қилдим, олмадингиз. Байрам базми қуюқ бўлди шекилли. Яна бир бор чин дилдан қутлайман!” деган ёзув.

Ичкилик асорати гаранг қилган калламга дабдурустдан хат муаллифи кимлиги келавермади. Рақамига қараб эсладим, мени вокзалдан олиб келиб қўйган таксистнинг ташрифномасига кўз ташлаб, сонлар тартиби Навоийнинг туғилган куни, ойи ва йилига тўғри келганидан бу шунчаки тасодифмикан ё атай исмига мослаб танлаганми деб кўнглимдан ўтказгандим.

Қизиқ йигит экан-да ўзи. Менда нима иши бор? Россияда юрган ўзбек қизлари анқога шафемаски, мен унга тансиқ кўринсам… Ўзимдан қолар гап йўқ, чирой-у ҳусн тўғрисида сўз ортиқча…

Ўйланиб ўтирсам, эшикдан қорбободек бўлиб Володя амаки кириб келди. Қўлидаги қоғозхалтани тутқазиб:

– Ҳаммасини дастурхонга қўй, – деб буюрди.

Икки хил салат, мева-чева, торт, пицца, шоколад ва яна… Шампан виноси…

– Кеча кечқурун соат бонг урганда эсимга тушдинг, келаман десам Светка йўқ деб оёқ тираб олди. Ёлғиз кутдингми? – сўради пишиллаб курсига чўкаркан.

– Ҳа, уйқуда бир ўзим кутдим, – дедим.

– Нега бизникига бормадинг, бирга кутардик, – деб винога қўл чўзди.

– Бу ўзбекларни байрами эмас. Бизда Янги йил йигирма биринчи мартда киради, Наврўзда, – дедим.

– Шунинг учун бизни байрамни нишонламадингми?

– Сизларга ўхшаб нишонладим, лекин вақтлироқ ухлаб қолибман.

– Сен ичмайсан-а? – деди амаки қўлида винони салмоқлаб.

– Умуман ичмасдим, шу кеча ичдим.

Володя амаки кўзларини катта-катта очиб, менга ишонқирамай қаради:

– Сен ичмайсан, алдама, кўп кузатганман сени, ҳатто пиво ҳам ичмайсан. Ҳамма болалардан сўраб чиққанман. Ичмайсан-ку, а? – деб сўради қайтадан. – Кеча келиб сендан хабар ололмадим, – кечирим сўраган бўлди у.

– Мен хафа бўлганим йўқ, узр сўрайдиган иш ҳам бўлмади, – деб кулдим.

Унга ҳам кечаги кабоб ва дўлмадан олиб келдим. Халтада ароқ ҳам бор экан. Очиб:

– Бугун мумкин – байрам, озгина ич, – деб қадаҳ тутди.

– Умуман ичмайман, амаки, сиз ҳам ичмасдингиз-ку. Болалар Володя амаки ичмайди ҳам, ичгани ҳам қўймайди, деб айтишган, – дедим.

– Сенга қойилман, ироданг мустаҳкам. Бир йил яшадингми шу ерда, ҳа, бир ярим йил… бирор бир камчилигингни кўрмадим, – деб мақтади амаки биринчи қадаҳдан сўнг. – Агар шу вақтгача ичмаган бўлсанг, бундан кейин ҳам ичма!

Кейин мен қизи Светадан эшитган ва тунов сизга баён қилганим ҳикояни айтиб берди…

– Мен буюк давлатнинг душманларини йўқ қиляпман, она халқимга фарзандлик бурчимни ўтаяпман, деб астойдил ишонардим. Бу дунёда энг катта фожиа – сен ишонган, эътиқод қўйган ғоя пуч бўлиб чиқса, доҳийлар ашаддий жиноятчи-ю, уларнинг ақидалари сафсатадан иборат экани фош бўлса…

Ароғи тугагунча суҳбатлашиб ўтирдик. Кейин яна бир бор Янги йил билан табриклаб:

– Мен энди бир ҳафта ичиб ётаман, телефоним ўчиқ бўлади, уйимдан ҳеч қаёққа чиқмайман, уйимга ҳам ҳеч кимни қўймайман. Сен ҳам ҳовлига бировни киритма, – деб тайинлаб, хайрлашди…

Бунча қийин бўлмаса бу оламда яшаш?!

Кўнглим муз-муз, тунд, хомуш бўлиб қолди. Кечаги ишим учун ўзимдан нафратланиб кетдим…

Қайтиб ичсам ит бўлай, деб қўйдим. Итда нима айб? Энди ичиб унинг номини ҳам маломатга қолдиргим йўқ…

* * *

Мен бирор илинж билан ёзмаяпман ўтмишимни, менга шафқат ҳам, мурувват ҳам, алқов ҳам керак эмас. Фақат битта тингловчи керак… бошқа ҳеч нарса…

Худо сизга сабр берсин…

Қаерда хато қилганимни билолмаяпман.

Тўғри маслаҳат беришингиз учун тафсилотларни тўлиқ ёзяпман.

Мени тўғри тушунинг…

* * *
30 март

Янги йил нашидаси тарқамай туриб, Эски янги йилга тадорик бошланди. Сурункали меҳмонвозликдан толиққан қиёфаларда яна байрам кайфияти: ҳамма ўзини бозор-ўчар, совға-саломга урган, дўкону новвойхонамизда яна жонланиш, савдо-сотиқ авжига миниб, қўлимиз қўлимизга тегмай қолган.

Ҳориб-толиб уйга келсам, дарвозанинг қўш табақаси очиқ, ичкарида қизил “Тойота” турибди: демак, Светахоним ташриф буюрибдилар. Қувониб кетдим. Янги йилда дадаси табриклаган эди, одамгарчилик бор-да, энди дугонам қутлагани келган кўринади.

Ичкари кириб, тарвузим қўлтиғимдан тушди: кўрпа-тўшакларим, лаш-лушларим қорда сочилиб ётибди. Иккита ўрис йигит тамаки тутатиб, иккинчи қават деразасидан шанғиллаётган Светага қараб туришибди.

Мени кўриб у бир зум ғойиб бўлди-да, эшикни зарб билан очиб чиқиб келди.

– Ҳа, кўрнамак келгинди! Дадамни авраб иш битириб юрибсанми, қанжиқ? Уйни кунпаякун қилай дебсан-ку!

Тилим айланмай қолди. Русчани яхши биламан, лекин қани бирорта сўз тилимга келса. Тахта бўлиб қолдим. Бу нима ҳақорат? Бу нима хўрлик?

Света менга яқинлашиб, поча-пўстини устидан кўксига мушт урди:

– Бу менинг юртим! Бу менинг уйим! Йўқол, қорангни кўрмай, лаънати! – Сўнг бамайлихотир томошабин бўлиб турган йигитларга қаради. – Игорь, Серёга, бу ялмоғизни дарёга улоқтиринглар! Яхшиликни билмайдиган қораялоқ!

Мен зўрға “Володя амаки…” дея олдим, у оғзимдан юлиб ёқамга ёпиштирди:

– Ҳа, сен мияси айниган чолни қўйнига кириб, бутун мол-мулкини эгалламоқчи бўлдингми? Чучварани хом санабсан! Янги йил эртаси бу ерда айш-ишрат қилганингни билмайди дейсанми? Деворни кўзи, қулоғи бор! – Яна йигитларга юзланиб, – тез йўқотинглар буни кўзимдан! – деб буюрди-да, бир қўли билан кўчани кўрсатиб, бир қўли билан пешонасини ушлади.

Тушунарли… Мусофирнинг нафақат думи, тилиям қисиқ.

Қўлга илашган нарсаларимни йиғдиму ломмим демай кўча томон юрарканман, оёғим остида бир нима “қирс” этди. Қарасам, онамга аталган бордоқчалардан бири қорга ботиб, бандидан ажраб ётибди…

* * *

Дўконга бориб бўлган воқеани Шакаржон опага дастурхон қилдим.

Опа менга бирпас ачиниб қараб турди-да, “Манғлайи кара, сани яшулли ахшам ишдан алди, анув бала сотган аял иши бўйинча уни судга чақирмишла, “Ман неердаги одамла учун судда тик турадиган кишиманми?” деб жини коришиб, биза бакирди. Новвойхонанг иясигаям бизим гўзимизча тилпон атиб, унгаям уқтирди. Манимча, у ишданам айрилдинг, бичара. Ўзим билан апкитийин дасам, икки хана уйда ети киши турамиз. Хўжайин дим иплас адам, кунда башимизи санийди… Тўхта, бир аёл бор ади Дилбар диган, гўрсанг, бамаънига ўхшийди, намозхон. Манда раками бўлса герак. Бўлди-е, мизиллама!” деб телефон тита кетди.

Урди худо, бу не кўргилик? Ҳам ишдан, ҳам бошпанадан айрилиб ўтирсам-а? Бунча толеим қаро бўлмаса? Қайга борай, кимга додимни айтай?

Шакаржон опа ғудрана-ғудрана уч-тўрт уринишда Дилбар билан боғланиб, вазиятни тушунтирди. У ёшимни сўради шекилли, опа мени бир кўзи билан чамалаб, “Яш, ўттиза бармаган”, деб телефонни менга узатди.

– Ҳозир қаердасиз, опа? – деб сўради Дилбар салом-аликсиз. Кейин жавобни ҳам кутмай, – Москвани яхши биласизми? Манзилни айтсам топиб келоласизми? Мен ҳайҳотдай уйда яккамохов бўлиб бир ўлимсанги кампирга термулиб ўтирибман. Келинг, танишайлик, агар маъқул тушсак, бирга яшайверамиз, пул-мулингиз ҳам керакмас. Унча-мунча эркагингизга мардликдан дарс бераман, хўпми? – деб ҳамма масалани бирпасда ҳал қилиб қўяқолди.

Шалдир-шулдур, кўнгли очиқ аёлга ўхшайди. Яна кайфиятим ростланиб, икки қўлимда кўч-кўроним посанги, дарҳол у айтган манзил томон йўл олдим.

* * *

Москва дегани билан хонадони шаҳарнинг ўрмонга туташ четроқ туманида, тупканинг тагида экан.

Топиб боргунча она сутим оғзимга келаёзди.

Дилбар ёшгина, келишган, қувноқ аёл чиқиб қолди. Ҳамма гапни шарт-шурт юзингизга айтавераркан.

Ичкарига кириб нафасимни ростлаганим ҳам йўқ, ўтирар-ўтирмасимдан савол ёғдира кетди:

– Биринчи йил Москвага келишингизми?

– Йўқ, икки йилдан бери шу ердаман.

– Ҳечам ўхшамайди-да!

– Нега ўхшамайди? Москвани кўрганларни шохи-бутоғи бўладими?

– Ғирт ўзбеклигингизча қоп кетибсиз, одам деган сал ўзига қараб юради-да, опа. Сочингизни сариққа бўяб, қошни териб, қалам суриб, қичиқ бўлиб юрмайсизми?

– У нима деганингиз? Қизиқмайман бўёқ-сўёқларга. Тўғрироғи, ярашмайди, масхарабозга ўхшаб қоламан.

– Ҳа, майли, ойлигимни олай, бирор кун сизни сартарошга элтиб сочингизни кестириб, бўятиб, келинчакдай қилдириб келаман!

– Мен новвойхона ва дўкондан бошқа жойда ишламаганман… У ерлардагилар ҳам худди мендай оддий одамлар. Пардоз-андозга қизиқиш ҳам, вақт ҳам, адашган пул ҳам йўқ… Қолаверса, афту башарамни кўриб турибсиз…

– Юзингизга нима қипти? Упа-элик, рангли крем бор, муаммо йўқ! Бу ерликларнинг яхши томони, одамни нуқсонига парво қилмайди, бизникиларга ўхшаб ижирғанмайди.

– Кераги йўқ! Ё аслингдек кўрин, ёки кўринганингдек бўл, деган гап бор.

– Жинни бўпсиз, ҳали сизни шундай пардозлаб ишлов берайки, ўзингизни ўзингиз танимай қолинг…

“Мен сенга қумсувоқ деворманми пардозлаб ишлов берасан?” деган эътирозни тилимдан зўрға қайтариб қолдим.

Қарасам, гап-сўз фақат енгил-елпи томонга қараб йўрғалаб кетяпти. Бошқа хаёлларга бормасин деган ўйда ҳар эҳтимолга қарши ёлғон ишлатдим:

– Мен оилали одамман, иккита фарзандим бор. Хўжайиним яхши одам, фақат соғлиғи туфайли оғир ишга ярамай қолди. Шунинг учун мен мусофирчилик нонини еб юрибман. Ҳалол топиб еб юрибман…

Дилбарнинг қиладиган иши шу хонадондаги эси кирди-чиқди бўлиб қолган қоқшол кампирга қараш экан. Унинг ёлғиз қизи ойда бир бозорлик келтириб, Дилбарнинг иш ҳақини бериб кетаркан…

Уч хонали шинамгина уй…

Жавонларга териб қўйилган китоблар диққатимни тортди. Ўҳ-ҳў, кимларнинг асарлари йўқ бу жавонда… Жуковскийдан тортиб Пастернак, Арастудан Айтматовгача, Шекспирдан то Коэло… Бир уй китоб… Бинойидек кутубхона дейсиз…

Мана шу ноёб асарларнинг ўзи хонадон соҳибаси ким ва қандай инсон бўлганидан дарак бериб турибди.

* * *

– Бонужон, китобларни тахла десам, ҳалиям расмини томоша қилиб ўтирибсанми? Сени ёрдамга обкелгандим-ку, дадасини эркаси… – қора духоба муқовали қалин китобни қўлимга олиб очишим билан қадрдон бўй димоғимга урилдию онамнинг меҳрли дашноми янграгандай бўлди.

Бизнинг кутубхонада аксар ўзбекча китоблар бўларди. Онам уларни нондай авайлаб эҳтиётлар, бирортаси нописанд муносабатда бўлса, астойдил ранжиб:

– Иби, айланай, бу азиз нарса, ўзи нон бўлмасаям, бир куни сенга нон беради… – дерди.

* * *
1 апрель

Дилбарнинг ҳаёти мусофирликда юрган унча-мунча одам ҳавас қилса арзигулик эди: альцгеймер дарди икки дунё оралиғидаги аросатга қамаб қўйган эсар кампирни уч маҳал едириб-ичиришдан бошқа иши йўқ. Суяккесар совуқда кўча-кўйда санғиб иш излаб юрмайди. Ўттиз беш минг рубль маоши ҳар ойнинг биринчисида қўлида нақдма-нақд.

Мен унга:

– Худога шукрона айтиб, маза қилиб китоб ўқиб ўтирсангиз бўлавераркан, – дейишим билан:

– Э-э, яхшиям эслатдингиз, намозим қазо бўлай дебди-ку! Сиз билан валақлашиб унутаёзибман… Нафасингизни ростлаб туринг, мен намозимни ўқиб олай, – деб ювиниш хонасига кириб чиқиб, жойнамоз тўшади.

Беихтиёр ҳавасим келиб кетди бу ажабтовур аёлга. Ёлғиз боши билан шунча ишни уддалаяпти, яна намоз ҳам ўқир экан. Ҳам дунё, ҳам охират ғамини еб, фарзу суннатларни адо этяпти. Эътиқодига, иродасига балли!

Мен-чи, битта бошимга эплаб туппа кесолмайман. Қайга оёқ қўйсам, лоп этиб ишкал чиқади. Ўзи, умуман, феъл-атворимни ўзгартириш керакмикан-а?

Менинг қаерим кам бу аёлдан? Ақлим бутун, доғларимни айтмаса, танам соғ. Фақат эътиқодим майиб… Қалбда иймон сусайган…

Ўқ илдизимдан тобора узоқлашиб кетяпман…

Тўхта, балки, айнан мана шу сабабдан бахтим қайтаётгандир? Пайғамбарнинг кўр мушугига ўхшаб нолиганим нолиган…

Миям ғовлаб кетди…

Бировнинг юртида, мусофирчиликда, ижара уйда “Ё худо”, деб жойнамоз устида ибодат қилаётган аёл кўзимга салкам фаришта кўринди…

Бобом менга намоз ўргатгунча қанча меҳнат сарфлаганини эсладим…

– Одамзод ўтиб кетганидан кейин уни йўқлаб ортидан борадиган дастурхони бу дуодир. Марҳумлар ҳар куни бир жойга жамланиб, бугун кимдан менга “дастурхон” келар экан, деб кутиб туришаркан. Аввал болаларидан, кейин невара, эвараларидан… Агар улардан ҳам йўқланди келмаса, Аллоҳ йўлида дуо ўқиб, “Савобини бир пуштимдан етти пуштимгача, етти пуштимдан етмиш пуштимгача бўлган аждодларимга бағишладим… Бағишладим гузаштаю гузаштагон, ғарибону ғурубон, бекасу бева-бечораларга”, деб билак кўтарадиган бегоналарнинг дуосидан савоб олар экан… Илоҳо, ўзгаларнинг “дастурхон”ига муҳтож қилмагайсан, – деб дуо қиларди…

Дилбар намозини тугатди…

Салом бериб кутиб олиб:

– Уч ракаат ўқидингиз-а? Шомни қазосимиди? – деб сўрадим.

Жавоб жуда ғалати бўлди:

– Йўқ, кечасини намозини ўқидим.

Бунақа иборани биринчи эшитишим. Ҳайратим ошди:

– Кечасини намози? – бир кулгим келди, бир ўлгим…

Кейин яна ўзимдан хафа бўлиб кетдим: барибир билиб туриб ибодат қилмаган одамдан кўра билмай туриб бошини саждага қўйган банданинг савоб тоши оғир-ку… Демак, қалбида иймон бор экан, деб ўйлаб турсам:

– Опа, сиз ҳам намозни ўрганинг. Жойнамозни устига ўтириб олиб ният қилинг, Эгам истаганингизни беради. Қачон ишим юришмай қолса, худодан сўрайман, йўлим ўз-ўзидан очилиб кетади, – деди.

– Ҳа, Аллоҳнинг карами кенг, даргоҳида қабул қилсин. Мен ҳам ўқирдим-у, мусофирчилик… Бир жойда муқим қўним топганимча йўқ. Уни устига, “Қунут” дуосини унутибман, айтиб турсангиз бўларкан, ёзиб олиб, ёдлаб, кейин бошлайман, худо хоҳласа, – дедим айбимни тан олиб.

– Нима деганингиз у қунт? Беқунт ўқиса ҳам бўлади. Асосийси, астойдил сўранг, худо бераверади, – деди худди кафилини олган одамдай.

Бобом эса…

Жойнамоз устида тоғдай бўлиб ўтираркан, пичирлаб: “Раҳмон ўзинг, беморларга, етим-есирларга, нотавонларга раҳм қилгайсан… Қодир ўзинг, адашганларга, мушрикларга, гумроҳларга тўғри йўл кўрсатгайсан… Собир ўзинг, бани инсон аҳлининг ношукурлигига, калтабинлигига, худбинлигига сабр қилгайсан… Розиқ ўзинг, марҳаматингни ҳеч бир бандангдан дариғ тутмагайсан…” деб Биру Борга ёлворарди.

* * *

Шундан кейин яна икки марта Дилбарнинг антиқа намозига гувоҳ бўлдим. Бири эрталаб соат тўққизда адо этилди. Бу “эрталабки намоз” экан. Иккинчиси кечқурун… Бу сизга таниш “кечасини намози”…

Нималар деяпман, тиззаси йиртиққа кулмаяпманми? Эчкиниям, қўйниям ўз оёғидан осишади. Унга баҳо беришга ҳаққим йўқ…

Эрталаб Дилбар:

– Ўлсин, юрагим сиқилиб кетди, юринг, дўконларни бир айланиб томоша қилиб, кўнгил ёзиб келамиз, – деб қолди.

– Ёнимда сариқ чақа йўқ, менга нима бор кўчада? – деганимда:

– Уйда ўтирсангиз ҳам, кўчада дайдисангиз ҳам вақт ўтаверади. Муҳими, кўриб қолиш, фурсатни ранг-баранг ўтказиш, – деди қаламқошини учириб.

– Кампирингиз уйғониб қолса-чи? – дедим баҳона топганимдан хурсанд бўлиб.

– Жодугар ҳали бери уйғонмайди… иккита уйқу дори бердим, катта даҳага кетди, – деди қақақлаб кулиб…

Юрагимда нимадир узилди:

– Нега ундай қилдингиз, ўлиб қолса нима қиласиз?

– Ўлмайди, хавотир олманг, бу биринчи марта эмас, – деди лабларини чўччайтириб бўёқ сураркан.

* * *

Ётоқ жойим тайин, еб-ичиш текин.

Аммо ётганда тиканга ағанагандек азобдаман, еган-ичганим томоғимни тирнаб ўтади. Бировнинг ҳиммати ортида миннатини кўп кўрганим учун алағдаман.

Нима дейсиз, меҳмоннинг меҳмониман-да. Қўшнингни эшагига минсанг, кетингни кўтариб ўтир, дейишади-ку. Кампир эшитса Дилбарга гап тегмасин, деб оёқ учида юраман, пичирлаб гапираман…

Кўнглимда бир илинж: яна уч-тўрт кундан кейин Володя амаки ўзига келиб, “майзада”ликдан чиқар, қўнғироқ қилиб “юз очди” қилиб оларман, инсофли одам “Қайт, қизим, тушунмовчилик бўпти”, дер, иш ҳам топиб берар, яна ҳаётим аввалгидек изига тушиб кетар деган умид мени ушлаб турарди.

* * *
3 апрель

Бир куни китоб ўқиб кўзим чарчаб, меҳмонхонага чиқсам, Дилбар хиргойи қилиб дастурхон тузаяпти. Ҳа, десам, иккинчи эрим меҳмонга келяпти, яйраймиз, опагинам, деб кафтини кафтига урди. Тавба, “иккинчи хотин”ни эшитгандим-у…

Пешин маҳали торт, коньяк, қанд-қурс кўтариб хушнуд қиёфада “куёвбола” кириб келди… Йигитмисан йигит. Дид билан кийинган, сўзни танлаб гапирадиган давранинг гули…

Коньякни чапдастлик билан очиб, қадаҳчаларни тўлатиб, аввал Дилбарга, кейин менга узатди.

– Йўқ-йўқ, мен ичмайман, – дедим қўлини қайтариб.

– Нима? Опа?! Олинг қани! Муҳиддин акам шунча жойдан яхши ниятда кўтариб келганлар, – Дилбар дўрдоқ лабини бурди.

– Соғлиғим яхшимас. Кейин, юрак азоб беради, кўтаролмайман! – Янги йилда ичиб абгор бўлганим эсимга тушиб, кўнглим ағдарилай деди.

– Майли, ичмасалар мажбурлама, – деди Муҳиддин авзойимга хавотирли қараб.

Янги йилда янги бахт ҳамроҳ бўлиши учун қадаҳларни уриштириб, ширинсуханлик билан роҳатланиб ичишди. Биринчиси иккинчисига, иккинчиси учинчисига уланиб, Дилбархонимнинг ёноқлари лолагун бўлди.

Муҳиддин дастурхондаги ноз-неъматлардан, таомлардан бир бўлак-бир бўлак қилиб санчқида назокат билан севгилисининг оғзига тутди, эвазига келинчагидан оралатиб енгил-енгил муччилар олиб турди. Балки, илгари бундай ҳолатларнинг томошабини бўлмаганим учун менга эриш туюлгандир… билмадим. Ҳарҳолда, жуда бачкана кўринди… Бундай меҳрибончилик ота ёки она ҳали оғзини тополмайдиган болачага қилса ёки ёшини яшаб, умрининг охирида қўллари бўйсунмай қўйган қарияларга кўрсатилса ярашади…

Шиша бўшади… Бу манзарадан мен уларнинг ҳисобидан хижолатдаман… Менинг борлигимни “Лайли-Мажнун”лар батамом унутишди…

Гап орасида Муҳиддин юртга бориб келмоқчилигини айтди. Бу хабардан Дилбарнинг сочлари тик бўлиб, қайлиғини бўғиб қўйишига сал қолди:

– Ҳа, хотинчангизни олдигами? Ҳеч қаёққа кетмайсиз! Ёки соғиндингизми момишингизни? – деди икки қўлини столга тираганча чақчайиб.

Бирдан ҳушёр тортдим. Назаримда, ҳозир Муҳиддин Дилбарга тескари шапалоқ тортиб юборадигандек туюлди. Аммо жавобан Муҳиддин жилмайганча:

– Ғизиллаб бориб, ғизиллаб қайтаман, – деди.

– Ҳа, мен момишингизни соғингансиз деб ўйлабман, – Дилбар яна атай таъкидлади.

– Жим тур! Опа нотўғри тушунмасинлар тағин, – Муҳиддиннинг эсига мен тушиб қолдим.

Дилбар оғзини тўлдириб гапира кетди:

– Битта чирпити хотини бор, жойини ҳўллаб қўяди, ўшандаям бу кишимга тўтиё… Тавба қилдим, эркак зотига анжир билан олмани фарқи йўқ, еса бўлди…

Муҳиддин ҳам унинг фикрини бош ирғаб маъқуллашдан, ўзини жабрдийда кўрсатишдан нарига ўтмади. Мен яна хаёл дарёсига ғарқ бўлдим. Дилбар қаердан билади унинг хотини касаллигини? Уйининг камчилигини, оила сирини бировларга айтган эркак эркак бўлдими энди?!

Бир пайтлар амаким қўшни қишлоққа совчиликка бориб келайлик, деб дадам ва онамни ундаб уйга келгани эсимга тушди. Қайтганларидан кейин опаларим қиз ҳақида сўрашганида онам: “Шаванда, чиройли, ақлли қиз”, деб таъриф бераётиб, гапи охирига етмай дадамга қараб:

– Менга қаранг, салкам шарманда қилдингиз-ку, бўлажак қудага шунақаям савол берадими? Нимаймиш, янгамни хафа қилган пайтингиз у киши кўчага чопадиларми, уйгами? Шунақаям қўпол гап бўладими? Яхшики, уй эгалари “Дарвозани қулфлаб олиб, кейин уришамиз”, деб ҳазилга олиб қўяқолишди, – деди чимрилиб. Шунда дадам:

– Ҳа, онаси, давлатбошидан кўра оилабошига қийин. Мамлакатни бошқаришдан рўзғорни эплаш оғир. Кўриб турибмиз-ку, – деб бир томоқ қириб олиб, – энди-и, яхши қиз маҳрам гапни ҳар қандай ҳолатда кўчага олиб чиқмайди, оила сирини бегоналар билан бўлишмайди. Ҳусн фақат тўйда, ақл ҳар куни керак, – деб ўз саволига шарҳ берганди.

Опаларим иддао қилиб:

– Э-э, қайси ота қизини тўйдан олдин бегона эркакка урдириб қўяди? – дейишганда:

– Бу бир халқона ҳикмат, асосий гап мағзида, қолгани восита, холос, – деб кулиб қўяқолган эди…

Бўлажак келинга шунча талаб қўйилса, оила султони бўлган эркакка қандай вазифа қўйилар экан? Ёки ҳамма масъулият фақат аёлнинг зиммасидами?..

Дилбарнинг чакаги тикув мошиндай тинмасди. Гоҳ ликопни, гоҳ бўш шишани асабий у ёқдан бу ёққа зарда билан суриб:

– Сизни мен одам қилдим! Юргандингиз эгасиз итдай сакиллаб. Хизматингизни қилган мен, едириб-ичирган мен! Тумшуғингиз итялоқда-ю, хаёлингиз сарёғда! Мен билан ишингизни битириб, унинг ғамини ейсиз! Уни ғамини егунча… Ҳа! Нега уфлаяпсиз? Нима ваъдалар бергандингиз менга? Эркакмисиз? Бўлмаса, “чий” деб қўйинг, қайтиб башарангизга қарамайман! Менга берганингиз юз рубль, мегажинингизга юборганингиз – минг! Кетсангиз кетинг! Келиб, ажрашганингиз ҳақида суд қоғозини кўрсатмасангиз, бошқа қорангизни кўрмай, – деб жалосини солди…

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации