Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
10 апрель

Йиқилаётган одам тиланчининг таёғига тирмашади, чўкаётган эса – хасга… Мени ҳаёт уриб-суриб тор кўчага тиқиб қўйди. Истайманми, йўқми шу кўчадан кетишга, ҳамроҳ танлаш имконини қидирмай, борига кўниб мутеларча йўл босишга маҳкумман. Бу кўча мени катта йўлга олиб чиқадими ёки қашқа пешонам яна бориб деворга уриладими – фақат Ўзигагина аён…

Албатта, эски жойга қайтиш умиди узилганини Дилбарга айтиб ўтирмадим. У руҳиятимдаги синиқликни пайқади чоғи, шаҳдам келиб қўлимдаги китобни олиб, ёпди-да:

– Опа, сиз бир чўмилиб чиқинг. Мен кечки овқат тайёрлайман, – деди ишчан руҳда.

Чўмилиб чиқиб, телевизўр кўриб ўтирган эдим, у планшетдан интернетга уланди. Бир муддатдан сўнг бизиллаган телефонини кўтариб ошхонага кириб кетди. Мен бекорчиликдан унинг планшетини томоша қилишга ўтдим. Битта профилдаги очиқ қолган хабар остида суратимни кўриб қолдим. “Бу опа ўзимиздан. Сал довдирроғ-у, тарбияласа одам бўлади”, деб ёзилган изоҳни ўқиб иситма чиқиб кетди. Алам қилгани “ўзимиздан” дегани бўлди. Наҳотки мен дилбарлар қаторига тушиб қолган бўлсам? Ҳа, шеригинг олақарға бўлса, емишинг гўнг бўлади! Аммо мен ноиложликдан у билан бирга турибман, лекин шерик бўлганим йўқ-ку!

Профиль эгасидан жавоб келмаган ёки ёзган бўлсаям ўчириб ташланган… Эй худо, нима қилиш керак? Қаерга борай? Бўлди, эртагаёқ уй топиб кўчиб кетаман! Озарбойжонларга айтиб кўраман, бирор таниш-паниши бўлса, сўраб беришар…

Планшетини отиб юбордим.

Бош чангаллаб ўтирсам, эшик тақиллаб қолди. Юрагим типирчилаб, бесаранжом бўлиб кетди… Ишқилиб, бир балони бошламадими бу манжалақи, деб хаёлимдан ўтказдим.

Инсоннинг ички сезгиси камдан-кам панд беради. Дилбар ошиқиб эшикни очди, икки эркак узун-қисқа бўлиб кириб келди. Биттасини танидим, “биринчи эрим” деб аталган нусха. Ёнидаги кўзи олмакесак тераётган мўйловли йигитни “жияним Собир” деб тантанавор таништирди.

Дилбар чой дамлади, йигитлар келтирган сомса, шашлик ва ароқни дастурхонга қўйди… “Биринчи эр” ароқни очиб, қадаҳларга тўлдираётганда Дилбар, менга коньяк олиб келмабсизлар, деб аразлаб тумшайиб олди… Меҳмонлар унга ортиқча парво қилмасдан, бир-бирларини сийлаб, еб-ичиб ўтираверишди. Ниҳоят нафси ором топган собиқ почча чап кафти билан оғзини тўсиб, тишини гугуртчўпда ковларкан:

– Бу йил яна Ўзбекистон шарманда бўлди. Ўл-а, карислар билан Тошкентдаги ўйинда ўзига ўзи гол уриб турибди-ю! Маза қилдим! – деб кўзларини қисиб, бирпас “ҳи-ҳи”лаб турди.

Мен гап нимадалигини англаб улгурмай жиян илиб кетди:

– Бизникилар футболчимас, ўйинчи! Уларни бозорга обчиқиб арава торттириш керак. Футболни тепасида ўтирганлар ҳар битта ўйинни манавинга сотади, – у ўрта бармоғига бошмалдоғини ишқалаб, фавқулодда фикр айтгандай атрофга кеккайиб назар ташлади.

Футболни тушунмайман, лекин уларнинг ўз спортчиларимиз ҳақидаги масхараомуз сўзлари менга оғир ботди:

– Аста-секин-да, худо хоҳласа, ёшлар орасидан зўрлари чиқиб қолар…

Тоға-жиян гапирадиган қуённи кўргандай ажабланиб бир зум менга қараб қолишди.

Вазиятни юмшатиш учунми, билмадим, бирдан Дилбар ўтирган жойида бир қимирлаб олди-да, суҳбатга аралашди:

– Айтгандай, туманимизда ўқитувчиларни қама-қама қилишибдими?

– Учтасини холос.

– Нега? – дедим беихтиёр. – Нима гуноҳи бор экан уларни?

– Гуноҳи? Жинояти денг! Ҳаммаси намозхон экан, жумага боришаркан.

– Шунга қамайдими?

– Қамайди. Режа бор, топшириқ бор, қамайди. Ўзимизам шунақа қилардик.

– Ўзимиз?

– Ҳа, бизам ўша тизимда ишлаганмиз. Биламиз. Маза-да, олдинига йўқ айбларини бўйинга қўярдик, кейин, ҳукмни енгиллаштириш ваъдасини бериб патларини юлардик. Биздан қолганини катакни хўжайинлари афвга туширамиз, муддатингни қисқартирамиз, деб қоқиштирарди. Бизнес-да тайёр…

– Сиз унда нима қилиб юрибсиз бу ерда… тайёр бизнесни ташлаб? – дедим кесатиқни бекитмай.

Собиқ почча бир жойида санчиқ тургандай афтини бужмайтирди:

– Кетишга мажбур қилишди, – алам билан қўл силтади, – э-э, тарихи узоқ…

– Ўзиям сизнинг шарофатингиз билан қишлоқда бирор қариндоши судланмаган, “кесилмаган” оила қолмади-ёв. Ўшан-чун уйга оёғим тортмайди. Борсам ҳам тезроқ сурвориш пайида бўламан. Душманингиз кўп, билиб бўладими, бирортаси ўчингизни мендан олиб “Собирга жир битиб қолди, соғиш керак”, деб етказса, қарабсизки, ертўлада яримўтказгичга айланиб ўтирибман-да, – Собир зўраки ишшайди. Дилбар ўз ёқасини тутамлади:

– Худо сақласин-е, юзини тескари қилсин! Унчаликмасдир?

– Сен нима деяпсан! Узоқ йили, роса тобга келган пайтим Оқариқда бир фермерни буқаси йўқолиб қолди. Арз қилиб келган эди, “Суюнчини олдиндан чўзинг, молингиз бир соатда топилади”, деб эллик доллар бадалига бутун қишлоқдаги ўспиринларни йиғиб келиб обдон чиғириқдан ўтказдим…

– Бегуноҳ болаларни-я? Яна уялмай мақтанишингизни қаранг! – давомига сўз тополмай, дудуқланиб қолдим. Аммо бу сафар бирортаси менинг эътирозимга парво қилмади. Аксинча, почча янада илҳоми жўшиб, овозини кўтарди:

– Тасаввур қил, юзга яқин бола ертўлада бир-бирига қапишиб, сувсиз, нонсиз икки кун ўтирди. Ҳаммасини бир-бир пўстагини қоқиб, “Уюшган гуруҳ жонлиқни ўғирлаб, далани бир четида сўйиб, лаҳм жойини пуллаб, қолганини пишириб еб юборган”, деб жиноят тарихини ёздирдим. Қиёмат! – шу жойга келганда почча завқи тошиб қарсак чалиб юборди. – Роса жиноий гуруҳ “фош этиладиган” пайтда ҳалиги фермер қайтиб келиб, “Узр, ака, адашибман, укам менга айтмай қўшни қишлоқдаги фермерга ғунажинларини қочиргани ижарага бериб юборган экан… Бизни буқалар наслдор-да, харидори кўп”, деб турибди-ку!

– Ота-оналарни нима деб тинчитдингиз? – Дилбар собиқ эрига иштаҳа билан термилди. – Узр сўрагандирсиз?

– Узр сўраган мелисани бандаси кўрганми? Профилактика қилдик, жиноят олдини олиш учун тадбир ўтказдик, деб қўяқолдим.

Кайфиятим расво бўлди – разиллиги билан оғиз кўпиртиришини кўринг! Ёнидагиларни ҳайбаракаллачилигига қаранг! Шунақаларни иқим суймайди. Индамай ўрнимдан туриб, бўшаган идишларни ошхонага олиб кириб юва бошладим. Дилбар ортимдан кириб:

– Мен хўжайинжон билан кўчага чиқиб коньяк олиб келай, жиянни бир ўзи зерикиб қолмасин, опа, – деб илтимос қилди.

– Чарчадим, Дилбар, у билан ниманиям гаплашардим? – дедим ҳафсаласиз.

– Йигитга айтасиз, уқалаб, сийпалаб қўяди, чарчоғингиз чиқади, – деди эшикка суянганча тиржайиб.

– Мени ўзингизга ўхшатяпсизми?

– Ҳазил, опа! Тез келамиз. Қўрқманг, емайди, – деб пальтосини кийиб чиқди…

Мен меҳмонхонага қайтиб кирдим. Дилбар чиқиш эшиги ёнида поччага йўл бераркан:

– Опа, жиянни хафа қилманг яна, – деб беҳаёларча кўз қисиб қўйди.

– Йўғ-е, нега хафа қиламан? Менга ёмонлик қилгани йўқ-ку, – дедим.

– Хўп, яхши ўтиринглар. Ортиқча шовқин қилманглар, яна кампирим уйғониб кетмасин. Эрталабгача ғингшиб чиқади кейин, – деб эшикни ёпди…

Биз ёлғиз қолдик… Бола чой қуйиб берди.

– Ичмайман, – дедиму пиёлани олиб дастурхонга қўйдим.

– Камгап, тортинчоқ экансиз. Менга шунақалар ёқади. Янгамни қаердан танийсиз?

– Шакаржон опа таништириб қўйган эди, – дебман у опани танийдигандай.

– Янгам бало! Шайтонгаям дарс беради, – деб ўрнидан турди.

– Билмайман, – елка қисдим. Фикри-зикрим тезроқ Дилбар қайта қолсаю хонамга кириб оғриган бошимни рўмол билан танғиб ётсам… Орага тиғиз сукут чўкди…

– Одамни зериктираркансиз, гапириб туринг, – деди у дераза пардасини суриб ташқарига қараркан.

– Нимадан гапирай? – сўрадим. – Достоевскийни “Телба”си ҳақида гаплашамизми?

У менга анқайиб қаради:

– Ким у? Ўрисми? Девонами?

– Ёзувчи.

– Биз тарафда бировни устидан ёзадиганларни ёзувчи дейишади. Битта ёзувчи қўшним бор, ҳар қандай одамга лой чаплаб, ишини чаппа қиворади. Лекин тегмаганга тегмайди. Мени ҳурмат қилади. Борганимда сигарет-пигарет бериб тураман. Сиз чекмайсизми?

– Нима? Нос чекаман! – дедим ғазабим қайнаб.

У:

– Носкашга тортмаяпсиз. Мен биттада биламан, қани, ҳидлаб кўрай-чи, нос чекадиган хотинни ёнида туриб бўлмайди, – деб менга яқинлаша бошлади.

Мен ўрнимдан туриб, столнинг нариги томонига ўтиб олдим.

– Келинг энди, худди ўн тўрт яшар қизчалардай ноз қиласиз, – деди у юз мускуллари учиб. – Лекин қадди-қоматингизга гап йўқ. Мўрчамиён, мўрчамиён! Бўлинг, янгам айтди кимлигингизни…

Тутақиб, қалтираб:

– Оғзингга қараб гапир! Яқинлашма! – дедим ва ўзимни ҳимоя қилиш учун дастурхондан пичоқми, санчқими олмоқчи бўлдим.

– Тўғри-да, бунча тарозига соласиз? – деб яна бир қадам ташлади.

– Онанг қатори аёлга шилқимлик қиляпсан, эсинг жойидами?! Мен сен ўйлаган ёмон хотин эмасман!

– Ёшни нима аҳамияти бор, нафас олса бўлди-да, – деб икки ҳатлаб йўлимни тўсиб, чироқни ўчирди. Тамом бўлдим. – Бунча ялинтирдингиз. Бўлинг тез. Ҳозир келиб қолишади, – деб ёпиша кетди. Жон ҳолатда силтаб ташладим. – Қуруқ қўймайман, азоб берманг одамга бунча, – деб қўлига эрк берди. Қучоғидан юлқиниб чиқиб, кампир ётган хонага қочиб кирмоқчи бўлдим. У яна йўлимни тўсди. Сенсираб, – Бунча нархингни оширдинг, нима, тиллоданми? – деди тиш ғижирлатиб.

Нима дейишимни билмай қолдим:

– Ўчир овозингни, уятсиз!

Қани энди лаънати Дилбар кела қолса!

– Йўқ нарсага овора қилиб нега чақирдиларинг! Мен сенларга ёш боламанми? Башарангга бир қара, олачипор бўлиб ётибсан!

– Мен сен баттолни чақирганим йўқ! Ит чақирсин сени!

– Ҳаққингни бердим Дилбарга, кам бўлса айт! Беш мингни оз десанг, яна қўшаман! Ке, хом терига жин урармиди!

Чидолмадим, чойнакни чой-пойи билан юзига қаратиб отдим. “Торс” этиб нишонга тегди. У “вой онам-а!” деб бошини чангаллаб ўтириб қолди.

Қўлимга кирган кийим-кечагимни қўлтиқлаб, ҳужжатларимни қўйнимга тиқдиму ўзига келиб улгурмаган “меҳмон”ни четлаб ўтиб, кўчага отилдим.

* * *
11 апрель

Сужи билан онаси Олмос иккимизни корейсча таомлар билан сийлаган емакхонада суҳбатимиз қизиб, қоронғи тушиб қолганини пайқамабмиз ҳам.

Улар тунги шаҳарни томоша қиладиган, Олмос мени уйга кузатиб қўядиган бўлди.

Йўлда Сужининг талаффузида ўзбекча сўзлар бошқачароқ маънога оғиб кетишини кулиб-кулиб гапираётсам, тўсатдан Олмос иккала билагимдан тутиб, бағрига тортди. Мен эсанкираб, бир зум ўзимни йўқотиб, беихтиёр унинг кўксига бош қўйганимни билмай қолдим. Бу ҳолат бирор лаҳза давом этди, холос, тез ўзимга келиб, қучоғидан юлқиниб чиқдим-да:

– Бу нима қилиқ? Уятмасми? – дедим товушим титраб.

Олмос ҳаяжонданми, ҳарсиллаб нафас олар, фақат бир гапни такрорларди:

– Узр, билмай қолдим, узр, билмай қолдим…

Бир қарашда унинг бу туриши кулгили ҳам эди. Лекин мен ўзимни жиддий тутишга ҳаракат қилдим:

– Бизники тана севгиси эмас, демабмидингиз? Ишқ, соф муҳаббат, пок туйғулар демабмидингиз? Илтимос, покизалигимизча қолайлик…

Олмос қайтиб бу номаъқулчиликни қилмади…

* * *

Ўша кезлари устоз Салима Назирова бир гап айтганди: “Ҳаёт шундай бешафқат. Одам одамга бўри… Ё йиқитиб устидан босиб ўтиб кетасан, ёки сени йиқитишиб, янчиб, топтаб кетишади. Агар енгилсанг, ертепки бўлишга, камситиш ва ҳақоратларга чидайсан! Бўрилар орасида бошқа жонзотга жой йўқ. Ҳаётни чидаганга чиқарган!”

Уйга келиб бу фалсафани дадам билан муҳокама қилганимда:

– Одамларни муносабатига қараб муомала қилиш керак. Сенга ташланмаган одамга сен нима учун тиш қайрайсан? Ҳаётда шундай вазиятлар бўладики, ваҳшийлик терисини эгнингга тортмасанг, тилка-пора қилиб ташлашади. Бу – ҳаёт-мамот масаласи. Лекин инсон дунёда инсондай яшаши, имкон қадар бировга озор бермай ўтиши керак. Чоғинг келган ишга бел боғла, беҳуда кучаниш белни чиқаради, агар кучинг етмайдиган тоифага дуч келсанг, уни айланиб ўтишни ҳам ўрган. Охури баланд пасткашларни эса худога сол! Энг одил ҳакам Унинг ўзи! – деб хулоса берганди.

Айнан шу саволни устоз Баҳрулло Аҳмадга берганимда у бир ривоят билан жавоб айтган эди: “Қадим замонда бир донишманднинг шогирди дарёдан сув олиб қайтаётса, от чоптириб келаётган аскар унинг кўзасини бир қамчи уриб синдириб, ўзи соҳилда қўниб, отини суғора бошлабди. Шогирд бола аскарнинг важоҳатидан қўрқиб, ҳеч нима дея олмай, келиб устозига бўлган воқеани айтиб берибди. Шунда устози:

– Сен бориб унга бир тош отиб кел, – деб шогирдини қайтариб юборибди. Бола дарё бўйига боришга борибди-ю, яна аскардан чўчиб, тош отолмай қайтиб келибди. Кўпни кўрган донишманд: “Бор, ҳеч бўлмаганда аччиқ сўз айтиб, аламингни тўкиб кел”, деб яна жўнатибди. Шогирд бу сафар ҳам юраги дов бермай, нафаси ичига тушиб қайтибди. Устоз шогирдини учинчи бор “Ҳеч бўлмаса у дилозорга ёмон кўз билан қара, сал иззат-нафсинг ором олсин”, дебди. Шогирд қўрқа-писа бориб қараса, ҳалиги суворий ер тишлаб ётган эмиш. Аскар ҳордиқ чиқаргани ёнбошлаган пайти илон чақиб ўлдирган экан. Бола кўрганларини устозига айтганида: “Бир кўза сув учун битта инсоннинг ўлимига сабабчи бўлдинг. Ҳеч бўлмаганда уни сўкиб хуморинг босилганида унга нисбатан Аллоҳнинг ғазаби бироз пасайган бўларди. Худо аскарнинг гарданидаги ҳаққингни унинг жонига қўшиб олди”, деган экан”.

* * *

Кўчага чиқдим.

Уй рўпарасидаги ўриндиққа ўтириб, аввалига хўрлигим келиб, кўнглим бўшагунча йиғлаб олдим.

Кейин ғазабим қайнади: Дилбар келса, сочини юламан! Бошини деворга уриб ёраман! Уддалай олмасам, ҳеч бўлмаганда баш-шарасини бежайман! Ҳар сафар кўзгуга қараганида мени эслайдиган қилиб қўяман!

Шу дарғазаб аҳд билан узоқ кутдим. Улардан дарак бўлмади. Ифлослар! Жирканч махлуқлар! Ўҳ! Нималар демади-я! Умримда эшитмаган уятсиз гаплар! Афсус, қўлимга пичоқ илашмади-да, қамалсам қамалай, ўлсам ўлай, қорнини ёриб ташлардим! Аттанг, юзига тупурмабман-да!

Дилбарга қўнғироқ қилиш учун чўнтакларимни қарасам, телефон йўқ. Нима бўлса бўлди деб яна нахс босган уйга кўтарилдим. Шунча эшик қўнғироғини босдим, тақиллатдим, тепдим, эшик очилмади. Безовта бўлган ён қўшни чиқиб, “Ҳозир полиция чақираман, тез кўздан йўқол, дайди!” деб кўчагача ҳайдаб чиқди ва темир эшикни силтаб тортиб ёпди. Ана энди тамом! Ҳеч йўқса зинада ўтириб жон сақлаш имконидан ҳам маҳрум бўлдинг!

Бу ердаги ҳамма уйлар эшиги рақамлар билан тилсимланган. Мен қишлоқи шуниям Дилбардан қизиқиб сўрамаганман.

Кўнглим айниб, вужудимни титроқ босди. Оббо! Йиқилиб қолмасам гўргайди… Совуқ қота бошладим. Сочим ҳали қуришга улгурмаган экан. Энди сезилди. Уёқ-буёққа юриб, жиннига ўхшаб ўзимга-ўзим гапириб, ўзим тинглардим:

– Ўл! Бу кунингдан баттар бўл! Сенга буям кам! Нима, билмасмидинг қачондир шундай бўлишини?! Билардинг! Билганда ҳам жуда яхши билардинг! Бир эмас, бир неча марта шу “хизмат”ни таклиф қилди. “Ютуқ”лари ҳақида сен билан ўртоқлашиб, ўз йўриғига солишга уринди… Индамадинг. Узил-кесил гап айта олмадинг. Сукут – аломати ризо деб хулоса чиқариб, ҳаммасини ўзи ҳал қилди-қўйди. Жуфти билан чиқиб кетаётиб сени нима мақсадда қолдираётганига очиқ ишора қилди. Шундаям тушунмадингми? Тушунган бўлсанг нега чиқиб кетмадинг? Ит итлигини қилишини билмасмидинг?! Қозонга яқин юрсанг қораси юқишини-чи?… Билар эдинг!.. Билиб туриб индамадинг! Оқ кўйлакка куя юқтирмай қора қозоннинг ёнидан ўтиб кетаман деб ўйладинг. Дилбар анойилардан эмас. Пихини ёрганлардан! Бирни бериб, юзни кутадиганлардан. Буни билар эдинг… У ҳамма нарсани пул билан ўлчайди. Ўзига-ўзи нарх қўйган одам сенга баҳо бичмайдими? Ўзининг охиратини, қадр-қимматини ўйламаган сени виждонингни, шаънингни ўйлармиди?.. Синалмаган отнинг сиртидан ўтма! От тепкисини от кўтаради, сен бу байталнинг тенгимидинг? Анави айғир ҳам сени Дилбарга ўхшаган “ҳожатбарор хоним” деб муомала қилди. Бунга ҳаққи бормиди? Бор эди, чунки капалакни шериги капалак бўлади. Эҳ, сенгина! Тенг тенги билан, деган ҳикматни эшитмаганмисан? Эшитгансан! Энди кимдан хафа бўляпсан? Бировдан хафа бўлишга ҳаққинг йўқ!

Бу Дилбар деганларининг отаси, акаси ё укаси йўқмикан? Бор бўлса, орини, ғурурини, номуси ва уятини қаерига беркитган экан? “Аёл – муқаддас, аёл – келажагимиз, аёл – гўрди баломиз!..” деб кўксига мушт урадиган эррайимлар кўклаб чиққанми? Ё ҳамма олижаноб туйғулар қуруқ сўзга кўчиб, шеъру қўшиқларда қолиб кетганми?

Ғалаба байрами куни ҳамюртига гап отиб қўйгани учун иккита давангирни тиз чўктириб кечирим сўратган миқтигина чечен болани кўргандим.

Гап жасадда эмас, юракда экан-да!..

Бўзчининг мокисидай бориб-келиб монолог ўқияпман-у, бир кўзим йўлда… Худди ўғрига ўхшайман. Биринчи бор қулф бузган ўспирин хавотирда қанча алангласа, мен ҳам шундай…

Кўп кутдим, Дилбарлар келмади… Мазам қоча бошлади.

Тезроқ тунашга жой топмасам, ўлигим кўчада қолиши аниқ…

* * *
12 апрель

Ўриснинг қирчиллама қиш кечасига қарши эгнимда кузги чакмон, бошяланг, юпун турибман.

Кўчада одам сийрак, борлари ҳам мени одам ўрнида кўрмаслиги тайин. Ана энди додингни худога айт!.. Қаерда, қандай қилиб тонг оттирасан?… Тонг отармикан ўзи?!

Шакаржон опани қоралаб борай десам, ёнимдаги пул йўлкирага етмайди. Қолаверса, опанинг навбатчилиги тугаб, ижарауйига кетгандир. Ҳеч бўлмаса телефон бўлгандаям бирорта танишимни топармидим…

Ҳайҳотдай юртда битта одам учрата олмасанг-а?..

Бу совуқда қайси аҳмоқ кўчада юради?

Тасодифан бирор эшик очилиб қолса кириб олиб зинапояда жонимни қутқараман деган илинжда кўп қаватли уйлар атрофини икки-уч айландим… Бироқ мен шўрпешонага бу кеча барча эшиклар тақа-тақ берк эди.

Қўрқувданми, совуқданми қалтироғим кучайди. Узоқ-узоқлардан итнинг ҳургани эшитиляпти. Ўша ерлардаям менга ўхшаган бенаволар кўппакларнинг диққатини тортиб, тунагани жой излаб юрганмикан?..

Йўл четидаги уч томони девор билан ўралган бекат панароқ кўринди.

Машиналар ўтиб-қайтяпти.

Бироз ўтирдим. Йўқ, бу деворлар тобора авжга минаётган совуққа ғов бўлолмайди.

Бошпана топиш илинжида атрофга синчков назар сола бошладим. Чироқлари кўзимни қамаштириб бир машина ғизиллаб ўтдию тез орқага қайтди. Уловдан бир эркак тушиб:

– Ҳа, уйингда зерикдингми, дўндиқ? Бир айлантириб келайми? – деди русчалаб.

Қўрққанимдан ҳеч нима дея олмадим. Яна қайта сўради:

– Кимсан? Нима қилиб ўтирибсан бу ерда?

– Мен ўзбекман. Эримнинг ишдан қайтишини кутяпман, – миямга келган биринчи фикр шу бўлди.

У машинада ўтирган ўртоғига бақириб:

– Димка, ўзбек экан, – дейиши билан ўртоғи тушиб келди.

Иккаласи икки ёнимга ўтирди. Энди қўрқувдан қалтирай бошладим. Димка дегани:

– Хоҳлайсанми биз билан далаҳовлига боришни? Эринг ишдан қайтгунча келтириб қўямиз, – деди менга чама солиб қараркан.

– Эрим ҳозир келади, – дедим ғазаб ва аламдан титраб.

Машинадан биринчи тушган эркак:

– Нимага қалтираяпсан? Қўрқаяпсанми? – деб сўради.

Индамадим… Қўлини бошимга чўзди. Негадир уради, деб ўйлаб билагидан қаттиқ қисиб ушладим. У шеригига қараб:

– О-о, буни чайирлигини қара! Ўзбеклар кучли бўлади деб эшитганман, – дея кулди ва, – сочингга хашак илашибди, йўқ, сочтўғноғич экан, синиб қопти, и-е, қонми? – деб кафтимга қонталаш тўғноғичимни қўйди. Ҳали анави ит билан олишганимда бошим деворга теккандай бўлувди, ўшанда синиб, бошимга санчилса ҳам сезмабман. Сочим ҳўл деб ўйлаганим аслида силқиган қон экан. Жароҳат юзаки бўлганидан тезда тўхтаган бўлса керак…

Э худо! Буниси нима бўлди энди? Ақлдан озаман ҳозир… Ёмғирдан қочиб дўлга тутилдимми? Итдан қочиб бўрига рўпара келдимми?

У гапида давом этди:

– Йиқилдингми? Биров урдими? Нега бошинг қон?

– Сирпаниб йиқилиб тушгандим. Пайқамабман…

– Ҳа, сизлар чидамли халқсиз. Мени битта ўртоғим бор, ўзбекка уйланган. Мана бундай яшашяпти, вў! – деб бош бормоғини кўрсатди.

– Буни менга нима дахли бор? – дедим.

У индамай елка қисди. Димка бўлса:

– Тур, машинага чиқ! Эрталаб шу ерга келтириб қўямиз, хафа қилмаймиз. Тушунамиз сени ҳам. Балки, пул учун шу ерда ўтиргандирсан, – деб чўнтагига қўл солди.

Ўрнимдан сакраб туриб йўлга чиқиб кетибман.

– Мен фоҳиша эмасман. Айтдим-ку, эримни кутяпман! – бақириб йиғлаб юбордим. Димка мен томонга аста-секин юра бошлаганди, – Яқинлашма! Ўзимни машинани тагига отаман, – дедим телбаларча ўкириб.

– Тинчлан, ўзингни бос! Тиш-ш! – деб кўрсатгич бармоғини лабига босиб, ёнимга яқин келди, – Агар бузуқ бўлмасанг, бу ерда турма. Балки, билмассан, бунақа пайтда фақат фоҳишалар бекатда туради. Яна, қизил чакмон кийиб олибсан… Тушундингми? – у икки кўзини баравар қисиб, “келишдикми” деган ишора берди… – Эҳтимол, сен ростдан ҳам эрингни кутаётгандирсан. Лекин бу ҳолатда ёнингдан ўтган ҳар қандай одам сен ҳақингда биздай ўйлайди, уқдингми? Йиғлама… Чоп, уйингга бор, – деб машинаси томон юрди.

* * *

Қаерлардан келиб қолдим-а бу палакат босган жойларга? Қаёққа кетяпман ўзи? Қаерга борай? Ҳаммасига нуқта қўйиб, бирорта машинанинг тагига ўзимни ташласаммикан? Жонимга тегди ҳаммаси!..

Шунчалик ҳам ширинми бу жон деган сабил? Ёки мен қўрқоқ, журъатсизманми?

Юриб-юриб, тўрт қаватли уйлар ёнидан чиқдим. Қани энди бути айри жонзот кўринса…

Битта уйнинг олдида болалар майдончаси бор экан. Шу ердаги ўриндиққа чўкдим.

Қишнинг қиличи қайралган кечаларда ҳам бу ерларда юлдузлар порлар экан-а? Изғирин Гоголнинг Диканка қишлоғидаги шайтонбаччадай чийиллатиб ҳуштак чалади, қор уюмлари ўзимизнинг барханларга ўхшаб у ёндан бу ён кўчади. Кўрмаган кўз ишонмайди – чиллаи зимистонда ҳам юлдузлар кулини эпкин ялаган саксовул чўғидай ялт-юлт қилади. Аммо бу “чўғ”ларнинг тафти йўқ, улардан тутантириқ олиб гулхан ёқиб бўлмайди. Бизнинг юлдузларга қарасанг, томирингга илиқлик югуради. Эсимга талабалик пахта даври, лўппи-лўппи юлдузлар, қизлар билан сайр, қўшиқларимиз… тушиб кетди:

 
На қилдим сенга мен, ёрим, жамолингдан жудо қилдинг?
Бошимга гарди ғамни чун чароғи осиё қилдинг… 1818
  Ҳувайдодан


[Закрыть]

 

Чанг тўзони ёғдуда жилваланганини кўргандирсиз? Симёғоч чироғи атрофида ғужғон ўйнаган чивин-ҳашаротларни эслатадими? Ана энди буғдой туйилган жувозхона шипига осилган тошфонус гирдидаги ун гардини тасаввур қилаверинг. Ишқ шарори тушган сархуш бош атрофида “гарди ғам” ана шунча!

Ташқарига нур сочаётган деразалар ўлчамида тўртбурчак қор зарралари гирдоб ҳосил қилиб айланади. Гўё фақат айнан мана шу нурафшонликдагина қор ёғаётгандек туйилади…

Қуюн атрофимни бир уюриб, бўйнимга тикон уриб ўтдию сесканиб ўзимга қайтдим. Бошимда не савдо-ю, калламда не хаёллар… Чиндан эсим оғаётганга ўхшайди, худойим, ўзинг асра, ўзинг тавфиқ бер!

Эҳ-ҳе, баҳоргача ҳали қанча бор… Бизда ўрик олайганда Московда кўклам бошланади. Кўрармиканман ўша кўкламни?.. Нималар деяпман, эрта тонгни тирик қарши олиш насиб қилармикан…

Одамзод дегани ким ўзи, нима ўзи? У қандай жумбоқки, ҳеч қандай аллома аниқ ечимини айтиб билмайди.

Келиб-кетмоқликнинг маъноси нима? Ҳар ҳолда, итдай еб, битдай кўпайиш эмасдир…

Ҳар қадамингда чоҳ, ҳар кадамингда гуноҳ, ҳар қадамингда алдов…

Одамларни нима жин урди?

Менга нима бўляпти?..

* * *

Бисотимдаги ҳамма кийимларни устма-уст кийдим. Битта кўйлагимни рўмолдай тахлаб, бошимга ўраб олдим. Аммо ўранганим билан совуқ суяк-суякларимни қақшатар, кулранг сочлари тўзғин ялмоғиз юзлаб жуволдизини бор вужудимга урар, азобимдан роҳатланиб, қаҳ-қаҳ отиб куларди.

Сочиқларимни ёстиқча қилиб, тиззамни қучоқлаб қунишиб бироз ётдим…

Бу ўриндиқда ётиб ухлаб бўлмайди.

Ўрнимдан тез турмасам, бўғотдаги сумалакдай яхлашим аниқ!

Турдиму, кўзимни очолмай қолдим. Водариғ, инсоннинг ҳамма аъзоси музлаши мумкин, фақат қорачиқлари ҳеч қачон музламайди дейишарди-ку…

Йўқ, кўз эмас, намхуш киприкларим оғиздан чиққан ҳовурдан баттар шувашиб, бир лаҳзага қовоқ юмганимда музлаб, бир-бирига пайванд бўлиб қопти. Кафтимни кафтимга ишқалаб қизитиб, кўзларимга босиб, кўзёши ёрдамида киприкларимни айириб олдим. Кўз очилиши учун ёш тўкилиши шарт экан-да, акажон?

Майдончанинг четида шимол эртакларига монанд қурилган ёғоч уйча бор экан. Ана шу ерда ухлайман, деб кўнглимдан ўтказдим…

Тонг отадими, йўқми, билмайман. Яхлаб, қотиб қолсам ёки юрак ҳунар кўрсатса… хайру хўш! Тонготар ўзимни тирик топсам, у ёғини пешонамдан кўраман…

Бир вақт “ғарч-ғурч” босилган қор овози эшитилди. Туйнукдан қарасам, иккита қора менга қараб келяпти. Аввалига Дилбарнинг “меҳмон”лари деб ўйладим. Яқинлаша келишгач, гапларидан ўрис эканини пайқадим. Яланғоч сувдан тоймас дейди. Энди қочмайман. Олса жонимни олади-да! Қутуламан қўяман!

Барибир, эҳтиёт шарт тишим ковагидаги юз рублимни аёллар “банки”га жойладим.

Шарпалар яқинлашиб, одам қиёфасига кирди: бир хотин, бир эркак экан. Сал енгил тортдим, ҳарна аёл ҳам бор экан-ку.

Эркак кулбамга бош суқиб, мени кўрдию бир енгил сўкиниб олиб, шеригига “Бу ерда кимдир бор”, деди. Аёл келиб ҳе йўқ, бе йўқ мендан пул сўради.

– Қанча? Нима қиласан пулни? – саволим ўта бемаъни чиқди.

– Пиво оламан, йигирма рубль чўз!

– Юз рублим бор, майдам йўқ, – десам, эркак:

– Нима қилиб ётибсан бу ерда? Дайдимисан? – деб сўради.

– Дайдимасман. Адашиб қолдим. Телефонимни йўқотиб қўйдим, шунга…

– Юр биз билан, – аёл ияги билан йўл кўрсатдию менга қарамай кетаверди.

Уларга сўзсиз эргашиб, таваккалга такя қилиб боравердим…

Йўлда бир уйнинг деразасини тақиллатиб пиво сўрашди ва менга маъноли қараб қолишди. Мен дарҳол эркакка чаппа ўгирилиб, пулни ёқамдан чиқариб узатдим.

Уй эгаси “Насияга пиво йўқ”, дея дарчасини ёпаётганди, аёл “Қарзгамас, бизни ким деб ўйлаяпсан?” деб пулни кўрсатди. Сотувчи норози ғудиллаб, икки шиша пиво берди. Аёл қайтимни бехижолат чўнтагига жойларкан, менга қараб: “Пивога тобинг қалай?” деб қўйди.

Шу совуқда-я! Темирни тутсанг қўлинг қапишиб қолади. Тупурсанг, тупугинг ерга муз бўлиб санчилади.

Лекин ҳамроҳларим бир шишанинг қопқоғини иккинчиси билан кўтариб очиб, олинг-беринг қилиб сипқориб боришарди.

Иккинчи шиша оёқлай деганда кўп қаватли уйнинг ертўласи олдида тўхтаб, пича тараддудланиб туришди. Кейин такаллуф билан мени ичкари ундашди.

Ишқилиб, эрталаб ўз оёғим билан чиқармиканман бу ердан?

Иккиланиб тўхтаб қолдим. Аёл ичкаридан:

– Нега қаққайиб турибсан, кир! Қўрқма, келавер, – деб бақирди.

Зинадан тушиб, эшикни ёпдим. Зах, тамаки ва чирпит ҳидидан нафас олишнинг иложи йўқ.

Иккита бўлмачадан кейин деразасиз, эшиксиз қўшалоқ катта-катта хона бўлиб, уларда икки аёл ва уч эркак алоҳида яшаркан. “Тадбиркор”лар қаердандир ўғринча ток тортиб, ҳам чироққа, ҳам қўлбола электр печга улаб қўйишган, уй шунинг ҳисобидан исияпти.

Эркаклар “кошона”сини битта чўлтоқ стол ва унинг атрофида давра қурган тўрт-бешта ҳар хил давр ва даражага мансуб суюқоёқ курсилар безаб турибди. Хонадоннинг диққатга сазовор замонавий қулайликларидан яна бири – овқат пиширадиган ясама электр ўчоқ бўлиб, унинг устида ярми эриб майишиб кетган темир това турарди. Оёқ остидаги ранги ва асли номаълум бўлган палос устига қават-қават қалин қоғозлар тўшалган. Ҳар хил андозадаги айпара чопон-чакмонлар уюми кўрпа-тўшак вазифасини бажаради чоғи. Бундан ташқари, ювилмаган идиш-товоқлар, бўшаган шишалар, газет ва тамаки қолдиқлари кўзга ташланади.

Ичкарида ўтирган аёл билан эркак менга ўзларини Анна ва Анатолий деб таништиришди. Кўчада топишганим аёлнинг исми Лена, йўлдошиники Андрей экан. Мана, танишиб ҳам олдик…

Жой ўта жирканч, эгалари ундан баттар исқирт бўлса-да, кўчада музлаб ўлишдан, бирорта қароқчининг қўлида хомталаш бўлгандан кўра маъқулроқ топдим. Ҳа, жон ширин…

Менга қайноқ сув беришди. Кўнглим ағдарила-ағдарила бир бало қилиб ичдиму, бироз қалтироғим босилди. Лена устимга эркакларнинг рўдапо қора чопонини ташлаб:

– Буни кийиб ол! Совқотибсан жуда… Бугун Игорь ишда, унинг жойига кириб ухлайвер, – деди…

Берган худога ёқибди, юз рублнинг кучи ҳали тарқамаган, ҳозир мендан яхши одам йўқ эди…

Танамга иссиқ ўтиб, титроқ аста-секин ҳорғинлик билан босилди.

Ҳамма ухлашга ётди. Негадир юрагим хотиржам уряпти… балки, ёнимда аёллар борлиги учундир…

Ёстиққа бош қўйиб, уйқу билан олишарканман, ўзимга ўзим истеҳзо қилиб кулардим: “Эртага тонг отади, албатта отади, ишонинг, Бонужон! Бечора қушнинг инини худойим солади, дейдилар-ку… Шунисигаям шукур! Минг марта, миллион марта шукур!

Куни кеча Володя амакининг ҳайҳотдай ҳовлисида кенг уйнинг келинчаги бўлиб ҳам ҳаётдан норози эдингиз.

Дилбар лаънатининг иссиқ ижаражойида яшаётиб ундан кўра осойишта, покиза жой хаёлида эдингиз…

Мана, чевар худойим тўғрилади-қўйди: каламуш инидай қўланса ковакда, эси бутун ҳар қандай одам кўрганда енгини димоғига босиб ўтадиган чувриндилар орасида шу ерга етишганингизга шукроналар айтиб ётибсиз!

Бонужон, дадасининг эркаси, ҳолингиз қалай энди?

Художоним, илоё шу кунингни ҳам кўп кўрма…”

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации