Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 26 (всего у книги 26 страниц)
БАЙРАМ
– Эртага ўн бирда вилоят театрида байрам тадбири бўлади, рўйхатга сизниям қўшдик, – деди раҳбар ва ўз саховатидан эриб, курсига янада ёйилди.
Кутилмаган мурувватдан Шукуржон ўзини батамом йўқотиб, каловланиб қолди:
– Ўн бирда? Кундузими, кечқурун?
Савол раҳбарнинг энсасини қотирди:
– Ҳа, кечқурун! – деди у кесатиб, кейин зарда билан кўзойнагини стол устидаги газетага ташлади, – ҳеч замонда кечаси ўн бирда концерт бўлганини кўрганмисиз? Мажлис, энди, бошқа гап, Ғуломип, каллами бу ё карамми? Эртага эрталаб ўнда шу жойдан бирга чиқиб кетамиз! Ўзим бош! Кастим-шим, бўйинбоғ бўлиши шарт!
– Кўйлак-чи? – шошиб қолди Ғуломов. – Оқ бўлсин-а?
– Оқ бўлсин, – маъқуллади ходимининг бошига назар солиб раҳбар. – Бугун сочингизни ҳам калталатиб олинг. Биринчи марта боришингиз-а?
– Менми? – деб сўради ходим одатига кўра довдираб.
Ғуломов айтадиган гапини ўйлаб олиш учун гоҳида шунақа мантиқсиз саволлар ҳам бериб турарди.
– Сиз-да! Ўзимга-ўзим шунақа савол бермайман-ку!
– Тушундим, биринчи марта боряпман, раҳмат сизга, – деди Ғуломов ва одамзоднинг имконияти етар даражада эгилиб қуллуқ қилди.
Бошлиқнинг чеҳраси ёришди:
– Бизда ишлаётганингизга қанча бўлди, Шукуржон Ҳапизович? – у ходими қайта қад ростлагунча кутиб туриб саволни такрорлади.
Ғуломов:
– Менми? – дедию шоша-пиша илова қилди. – Ўн уч йиллар бўп қолди.
– Ўн уч йил… – раҳбар деразага қараб хўрсиниб олди. – Умр бамисоли канал демишлар. – Кейин Шукуржонга қайрилди. – Ҳа, мана, кўряпсизми, меҳнат қилган одам бизда икки дунёда хор бўлмайди. Пешанани терлатиб ишлаш – сиздан, моддий ёки маънавий рағбатлантириш – биздан…
– Икки йил бурун Ҳайит байрамига бир шиша коньяк билан бир жуфт ароқ ҳам олганмиз, тозасидан! – деди жилмайиб Ғуломов.
– Ҳа, сен ўз касбингни соатга қарамай севсанг, ишга шошиб келиб, уйингга секин қайтсанг, ўзингни аямасанг, оқил раҳбар албатта буни инобатга олади… Хўп, эртага шахсан менинг хизмат машинамда Дилбархон учаламиз бирга борамиз.
Ғуломов “Дилбархон ким эди”, деб сўрамоқчи бўлиб оғиз жуфтлади-ю, ўз вақтида гапини тўғрилаб олди:
– Дил… дилимдан хурсандман!
Шукуржон сартарошга ҳам бўлажак тантана ҳақида қувониб сўзлаб берди. Тоқати тоқ бўлган уста:
– Ака Ғуломип, табриклайману, энди пича жим ўтирсангиз сочингизни тартибга солиб қўярдим. Гапирсангиз каллангиз ўйнаб кетяпти, – деди қайчисини шиқиллатиб.
Ғуломов кечаси билан тўлқинланиб ухлаёлмай чиқди. Ахир ҳазилакам гапми? Кимсан казо-казолар қаторида тадбирда қатнашади. Пойтахтдан келган санъат арбобларининг жонли ижросидан баҳраманд бўлади… Қани энди бу мартабани хотин жонивор тушунса: гап бошлаши билан кенг эснадию пишиллаб ухлаб қолди.
Ниҳоят тонг отди.
Ғуломов пўримгина бўлиб, тадбирга киришда сўраб қолиниши мумкин бўлган барча ҳужжатларни сумкага солиб қўлтиқлади.
– Болаларни туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ҳам керак бўлиб қолар? – сўради эрининг обрўсини энди пайқаган хотин. – Билиб бўладими, паспортингизда болаларни номи бор, қани, ростми-ёлғонми деб суриштириб қолишса…
– Тўғри, – деди Ғуломов кўнгилсиз ҳолатни тасаввур қиларкан юраги увишиб. – Шоҳидбекнинг ўқув контракти пулини тўлаганимиз ҳақидаги паттаниям қўшиб қўй.
Ҳайтовур тадбирга кириш муаммо бўлмади, раҳбар билан етаклашиб келгани учунми, маъмурлар Ғуломовни енгил пайпаслаб кўришди-ю, паспортини беш дақиқача текшириб, ўтказиб юборишди. Фақат қўлидаги семиз сумкага қараб бош чайқашди: “Буни ичкарига олиб кириш мумкин эмас, гардеробга топширасиз”.
Кийимини билаклаб навбат кутганлар қаторига қўшилган Ғуломов ниҳоят чакмонига қўшиб сумкани ҳам топширди-ю, залга қараб югурди. Бўйинбоғ боғлаган сипо амалдорлар, маржон таққан ҳушбўй жувонлар оралаб маст одамдек эловлаб, чироқлардан кўзлари қамашиб бораркан, тўсатдан раҳбарининг таниш овози қулоғига чалинди.
– Буёққа, ўв, жойингиз мана, тез ўтиринг! – раҳбарнинг юзида табассум кўринса-да, товуши таҳдидли эди.
Тадбир бошланди. Аввал байрам табриги, кейин режалар, камчиликлар ва йўл қўйилиши мумкин бўлган нуқсонлар ҳақида тўрт соатга етар-етмас маъруза ўқилди. Саҳнага санъат усталари ва ёш ижрочилар таклиф этилганида қарсаклар зарбидан театрнинг томи бир қалқиб тушгандай бўлди. Ғуломов чапак уришни сал меъёридан ошириб юборганини ёнида ўтирган Дилбар тескари шапалоқдан ўзини эҳтиёт қилиб раҳбар томон ёнбошлаб олганида фаҳмлади. Ўсмир пайтлари рубоб чалиб юрган эмасми, мусиқани ҳали ҳам теран ҳис қилар, айниқса, операчилар “Фигаро”ни ижро этишганида завқи тошиб, бошқаларга билдирмай озгина кўзёши ҳам қилиб олди.
Атрофдаги зиёли-нурли, олижаноб инсонларнинг қиёфаси ўта жиддий, чироқлар залга тушиб жилваланган пайти рангли ёғдуга ва теран ўйга чўмиб ўтиришибди. Ана шуларнинг сафида Ғуломов ҳам бор!
Мана, сўзамол қиз кенг-мўл жилмайиб, тадбир якунланганини эълон қилди. Эшик тавақалари очилиши билан ҳамма бирданига жон ҳалпида ўзини ўша томон урди. Ғуломов бироз гангиб турди-да, “Демак, тадбир тугаши билан тезгина театрни бўшатиб қўйинглар, деган топшириқ бор экан-да”, деб ўйладию беш-ўн қадам орқасига тисарилиб, ўта катта тезликда афкор омма устига ўзини отди. “Халқ денгиздир”, деганлари чин, оломон Ғуломовни қайиқдек кўтариб гардероб олдига обориб қўйди. У бу ердаги олатасирни, қий-чувни, итар-итарни кўриб, ичкаридаги фикри тўғрилигига яна бир бор иймон келтирди. Ҳар ким куч-ҳолига яраша талвасада кийимини тезроқ олиб бошқалардан олдинроқ театрдан чиқишга талпинар, навбат талашиб турткилашар, қизиққон йигитларнинг бир тўпи устун ёнида қулочкашлаб муштлашишар эди.
Ғуломов оёқ остида чинқириб думалаб ётган Дилбарнинг устидан эҳтиёткорона сакраб ўтиб, олдинда турган лўппи кишини елкалаб сурди-да, ерга тиранганча тирсагини пона қилиб, халқ ичига кириб олди. У рақамли тахтачани тишлаб олиб гардеробчи аёлнинг назарига тушиш илинжида баландроқ сакрашга жон-жаҳди билан уринарди. Айни пайтда кимдир уни камаридан қўшқўллаб тортиб навбатдан чиқариб ташлаш учун силтанар, у эса чап қўли билан олдинда турган жувоннинг белига, ўнги билан тепакал чувак мелисанинг бўйинбоғига осилиб олганди. Оломон “гув” этиб бир ўнгга, бир чапга тебраниб бориб келар, шу жараён ичида Ғуломов ўзини икки марта кўчада ҳам кўрди. “Дарҳақиқат, – деб ўйлади тиззасини кўтариб тирбандликда қалқиб турганча, – бирликда, ҳамжиҳатликда гап кўп экан!”
У чакмонини оломон орасидан улоқчидай тортиб олганда вақт ярим кечадан оғганди. Яна икки соатча уриниб, сумкасини ҳам безавол қўлга киритди: энг муҳими, барча ҳужжатлари жойида эди!
Осойишта шаҳарнинг сокин кечасида уйга қайтаркан, мамнун илжаяр, димоғида “Фигаро”ни хиргойи қилиб, сумкасига қўшилиб оёқ учида енгил айланиб оларди.
Чакмоннинг енгини улаш қийин ишмас, қовоқнинг кўкаргани ҳам бир ойга қолмай кетади, аммо олиймақом тадбирнинг нашидаси бир умрлик…
2014
КИТОБ
Ҳикоя
– Китоб мавзуси оқ сақичга айланди, а? Хоҳлаган одам қарсиллатиб чайнайди, хоҳламагани пуфак қилиб шиширади, – хотин пиёланинг четига чертиб, ҳурпайиб ўтирган қайнопасига чой узатди. – Олиб ўтиринг, дастурхонга қаранг… – Кейин хонтахтага кўкрак бериб, журналист жувоннинг ҳар бир сўзига илжайганча бош ирғаб маҳлиё ўтирган эрига заҳарханда қилди. – Телевизорни бошқа каналга олинг-е, жонга тегди: китоб-китоб!
Оқил Қурбон синглисига узрли қараб қўйди-да, телевизорни ўчириб, ўрнидан турди:
– Аёл бирлан олам чароғон! Сизларнинг ҳар бирингизга биттадан ой, биттадан юлдуз садқа қилсак арзийди. Бирингиз моҳтоб, яна бирингиз эса мисли офтобсиз десам, муболаға эмас. Сизлар бемалол кўнгилларингиз ғуборин ёзиб, ҳасратлашиб ўтиратуринг, камина эса бозор айланиб, элу юртга кўриниш берай…
– Вой, буларни қаранглар, меҳмон сизникими, меникими? Бу кишини қўлларига тўрт танга тушса, Янгиободга китоб растасига ғириллайдила. Опа, сиз ҳам ўқитувчисиз, тушунган аёлсиз. Умрингизда китоб ўқиб одам бўп кетган одамни кўрганмисиз? Йўқ, тўғрисини айтинг, кўрганмисиз?
Боядан бери ўнғайсизланиб, дастурхон четини ҳимарганча қизариб-бўзариб ўтирган меҳмон уй бекасига омонат табассум билан қараб:
– Бор, келинжон… – дейиши билан мезбон юмдалаб олди:
– “Бор, мана – акам”, деманг фақат!
Оқил Қурбон шифтга осилган шамсимон чироқларни ўчирмоқчидай узу-у-н “уф” тортди.
Тўғри, баъзи масалалар борки, таърифини келтиролмайсан, ё фикринг баландпарвоз чиқади, ёки ўта жўн. Ҳозир хотинга мардонавор тик қараб: “Китобдан маънавий озуқа…” деса, “Бола-чақанинг томоқ озуқаси-чи?” деган савол кўндаланг тушади. Агар: “Китоб кўнгилни бойитади”, дейилса, “Чўнтакни-чи?” деган муаммо кўтарилади. Мабодо жайдари қилиб: “Мен китобни яхши кўраман”, деса “Мени-чи? Оилани, болаларни-чи?” қабилидаги ўроқдай сўроқ хонтахтага санчилиши тайин.
Энди, омади гап, хотинни ҳам тушунса бўлади. Унинг тошу тарозиси, ҳисоб-китоби аниқ: қўшнилардан кам бўлмайлик, овсинлардан тўкинроқ яшайлик дейди. Баланд охурлардан ем егиси келади. Бугунги аччиқ-тирсиқниям дов-дастаги бор: эрталаб тепа маҳалладаги синфдошиникига “чарлар”га бориб келган.
– Акангизни китоблари мактабингизда борми? Биров ўқийдими ўзи? – деди келин ўқрайганча бошини ёнбошлатиб, тергов оҳангида.
Меҳмоннинг лаблари учиб, қовоғи пириллай бошлаганидан пичоқ суякка қадалганини сезиш мумкин эди.
– Газетда ишлаб топган тангаларига китоб чиқарадила. Ҳа, агар зўр бўлсангиз, давлатни ўзи чиқариб, қалам ҳақи бермайдими? Йўқ, булар ўтмаган матоҳини лўлига ўхшаб кўтарволиб, мактабма-мактаб, коллежма-коллеж шара-бара қилиб юрадила.
Сингилнинг орияти қўзиди:
– Унчаликмасдир, келин! Ҳар ким ўз кўнглида шоҳдир, султондир! Дурру забаржадларни ҳам қадрин биладиган заргарлар бисёр! Тақдирга минг карра қуллуқ қиламан, шундай ижодкорнинг синглисиман мен! Айтар сўзим шуки, акажонимнинг ҳурматлари баланд қишлоқда мудом! – дедию қўлидаги шоколадни қоғозига қайта ўраб, ликопчага ташлади.
– Ўша ҳурматларига нон ботириб еб бўлармикин? Ит ҳам… ҳеч ким танимайди! Менга қолса, ҳалиям китоб-митобларни ташлаб сомсапазлик қилганлари маъқул!
– Соч-соқолим мош-гуруч бўлиб, неварали бўлган чоғда-я? – Оқил Қурбон аччиқ жилмайди.
– Ҳа, неварали бўлганда! Ҳечдан кўра – кеч! – хотин бирдан ўрнидан туриб, ўнг қўлини чопқи қилганча ўйната кетди. – Мана, неварангиз Истиқлолжонни икки ойдан бери боғчага жойлолмайман. Сизнинг хабарингиз ҳам йўқ. Қани, ҳозир бориб мен ёзувчиман, юрган йўлимда нуқул маънавият тарқатиб юраман, қалбим ниҳоятда гўзал, тафаккурим жуда бой, деб шу масалани ҳал қилиб келинг-чи!
Одатга кўра дўппи тор келган бундай вазиятларда Оқил Қурбон: “Кўча кезиб, ҳовуримдан тушай, токи рўзғор посангиси – тоқат дерлар!” деб кўчага чиқиб кетар, хотин совигандан кейин қайтиб келарди. Турмуш ўртоғи жаҳлидан тушганини эса эшик ёнига қўйилган чиқинди челагидан англаб олиш мумкин эди.
Бирдан у ўзига умидвор термилиб турган синглисининг кўзига қаради-ю, “Шунчалик абгормисиз ё нотавон, жон акажон?” деган ифодани ўқиди. Шаҳд билан ичкарига кириб, ишга киядиган кийимларини эгнига илди-да, жавонда турган қатор китобларидан қўлга илашганини олиб қайтиб чиқди.
– Мен ҳам катта йўлга чиққан карвонман! – деди у кўрсаткич бармоғини кўкка ниқтаб. Оғиз жуфтлаб яна нимадир демоқчи бўлди-ю, мабодо иш ўхшамай қолса, гап-сўз кўпаймасин деган ўйда сингилга нигоҳ ташлади. – Кетиб қолманг тағин, сингилжон, мен қайтурман ёруғ юз билан…
Сингил унинг ортидан сариқ касалга қон топширгани кетаётган кенжатойини кузатаётган онадай мўлтираб қараб қолди.
…Боғча мудираси ўз қароргоҳида ошпаз аёл билан ёзув-чизув қилиб ўтирган экан, бир соатча кутиб турди.
Ошпаз пишқирганча эшикдан ёнмачасига амаллаб ўтди-да, Оқил Қурбоннинг гулдай саломини аликсиз етим қолдириб, шох ташлаганча ҳовлига чиқиб кетди.
– Келинг, хизмат? – деди мудира деворга чизилган Буратинонинг расмидан кўзини олмай.
– Мен… – деб тараддудланиб қолди Оқил Қурбон. Кейин хотинининг дашномлари эсига тушиб, овозига ўктам тус берди. – Мен адибман!
– Яхши, хурсандман, – мудиранинг овозида ёш бола билан гаплашаётгандай чучмал оҳанг бор эди. – Қайси адиб?
Оқил Қурбон исми шарифини тантанали маълум қилиб, қўлидаги китобни узатаркан, қўшимча қилди:
– Бу янгиси, кўп бўлгани йўқ, узилгандир тандирдан иссиқ…
– Бирлашмага аъзомисиз? – сўради мудира яна суратдан нигоҳини олмай. – Яқинда масъул котибингиз келиб кетувди.
“Оббо, нетай, вазият тиғиз! – деб ўйлади Оқил Қурбон. – Самолардан човут соляпти!”
– Фақат узр, шошилганимдан дастхат ёзиш чиқибди ёддан, – деди адиб суҳбатни давом эттириш учун.
Мудира:
– Дастхат? Нима у? Ҳа, автографми? – деди яна ёш бола билан гаплашаётгандай лабларини чўччайтириб. – Ҳечқиси йўқ, ҳечқиси йўқ!
Кейин китобни беҳафсала очди-ю, бирдан чеҳраси кун тушгандай ёришиб кетди.
– Вой! – деди ўрнидан туриб. – Оқилжон Қурбонман демайсизми? Узр… мен, албатта, ўқиб чиқаман, – деди юзлари баркаш бўлган ойдай ял-ял ёниб. Товуши худди катталар билан гаплашаётгандай жиддий тортди. – Нима хизмат бизга, устоз?
Оқил Қурбон девордаги Буратинонинг расмига гердайиб қараркан, айни пайтда хотини ва синглисини етаклаб келмаганидан қаттиқ афсусланди. “Ҳеч бўлмаса анави ошпаз хотин чиқиб кетмай турса бўларкан”, деб ўйлади зое ҳолатга ачиниб.
Сўнг салмоқланиб, “Неварани боғчага жойлаш зарурати мавжудлигини” ўзбек адабий тили қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда изоҳлади.
– Вой, шу холосми? – деди мудира қўлларини қовуштириб. – Эртагадан… йўқ, эртага шанба, душанбадан келаверишсин! Бош устига!
Адибнинг илтимосига кўра мудира “Истиқлолжон “Шакароб” боғчасига душанбадан қабул қилинди”, деб тилхат ёзиб, қўл қўйиб берди.
Мабодо бирор ишни қойиллатган эркаклар бўлса, яхши билишади: бу дунёда хотиннинг топшириғини бажаришдан-да баланд мартаба йўқ. Хонадонда кенг қулоч ёзган бу хушхабардан сўнг бошланган шукроналик айёми ўйин-кулгига йўғрилган шодиёнага уланиб кетди. Оқил Қурбон уйнинг тўрида режиссёрларга ўхшаб ғўддайиб ўтирар, “лутфан таклиф этилган” қўни-қўшнилар унинг атрофида гирдикапалак бўлиб таҳсинлар ўқирди. Айниқса, худо берган сингил акасининг обрў-эътибори, нуфузи ҳақида тинмай тўлқинланиб сўзлар, “Меҳнат ўқитувчиси Салимахон ўтган йили кузак чоғида ўз набирасига Оқилжон деб исм қўйганида у минг маротаба ҳақ эди”, деб қувонарди.
…Хотин қайнопасини кетишга қўймади:
– Эртага шанба, Ипподромга бирга чиқайлик, қишлик кийим олишим керак, қарашворарсиз? Келинимга ялиниб юрмай, биласиз-ку уларни, бозорга чиқса, ҳеч бўлмаганда битта пайпоқ олдиради.
Акасининг зафарли юришидан маст бўлган сингил дарров рози бўлақолди.
…Саҳармардонда Оқил Қурбон пешонасида жазавага тушиб тўлғанаётган хотинини кўриб, босиринқи туш бўлса керак, деб тескари ёнбошлаганди, хотин тўшакни тортиб, дивандан думалатиб туширди.
– Китоб! – деди хотин кўзларини ола-кула қилиб.
Оқил Қурбон ҳеч вақога тушунмай, хотинининг етовида диконглаганча жавон ёнига борди. “Китоб! Китоб!” деб тинмай ҳансирарди хотин.
Бечорага сув ичириб, елпиб, нашатир ҳидлатишгандан кейингина одам тушунадиган тилда гапира бошлади.
Хотин энг хавфсиз жой, ҳеч ким йўламайди, айниқса, О.Қурбоннинг асарини биров варақламайди деган комил ишонч билан эрининг китоби ичига иккита “юзталик” солиб қўйган экан.
Ҳаммаси тушунарли…
…Ака сингилни кузатиш учун кўчага чиқди.
– Ажаб дунё экан, қизиқ савдолар… – деди сингил акасига қарашга ботинмайгина.
– Асосийси, иш ҳал бўлди, жон синглим, қўшнилардан суриштирдим бирма-бир, боғчамизнинг нархи шунақа экан. Ҳеч ким ютқазгани йўқдир, бу аён!
Сингил акасига чексиз меҳр ва ҳурмат билан термилди: “Ҳа, маънавияти юксак инсонларнинг тафаккури, дунёқараши ҳам коинот қадар кенг бўлади! Адиб аҳли биз билган ҳою ҳавасларни писанд қилмайдилар. Қаранг, Оқил Қурбон пул учун асло ачинмаяпти, билъакс, мудирага китоб туҳфа қилиб маърифат ва зиё тарқатганига хурсанд!”
2019 йил
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.