Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
25 декабрь

Сешанба ва шанба кунлари эрталаб авлиёнинг боши дафн этилган жойга ҳаммамиз зиёратга бориб келардик.

– Бобо, – дедим бир куни йўлакай, – нега авлиёнинг боши алоҳида кўмилган?

Раҳматли “Ҳувайдо” бобо таққа тўхтади, бир жойида оғриқ тургандай юзлари буришиб кетди:

– Ҳа, болам-а, бош билан вужуд, ақл билан юрак доим мувофиқ келавермайди. Хожа ўлимидан аввал каромат ила васият қилган экан: “Магарким, кофирлар бошимни олсалар, жасадимдан айро дафн этинг. Чунки руҳим фазода бўлди, вужудим ердан жилмади, бошим саждада бўлди, жисмим дунёдан узилмади…”

Кета-кетгунча ҳар ким ўз билганича тиловат қилиб борса, бобо Ҳувайдо ғазалларидан додлаб-додлаб, алам ва изтиробда айтиб-айтиб борарди. Назаримда, бобонинг бошқалардан мутлақ ажраб турадиган муножоти арши аълога туташиб, Малики Явмиддинга етиб бораётгандай, тез кунларда бир мўъжиза рўй берадигандай, нафақат бизнинг, балки жумлаи жаҳоннинг ҳаёти ўзгариб кетадигандек туйиларди:

 
Оҳ, мани дарду балоға мубтало қилғон фироқ,
Тахти бахтимни бузиб охир гадо қилғон фироқ.
 
 
Ман заиф бечораким, доимо фурсат билан
Куйдириб хокистаримни зери по қилғон фироқ…1414
  Ҳувайдодан


[Закрыть]

 
* * *
28 декабрь

Зиёратдан қайтишда яна у кишига етиб олардим, изн сўраб, мен ҳам марҳум бобом ёдлатган ғазалларни оҳангга солиб айтардим. У Ҳувайдонинг сўз қудратига қойил қолиб, бале, бале деб ерга қараб бош чайқаб борар, шу лаҳзада кўнглимда алланечук ҳузур-ҳаловат туярканман, ўзимни “Худонинг дўсти” замонасига бориб қолгандай ҳис қилардим.

Зиёратгоҳда ким оламдан ўтибди, касал эканми, майит эгалари хабар топишибдими, олиб кетишарканми, деган савол айланиб қолди. Баъзилар уйидагилар келишсин, кутайлик, деса, бошқалар жазирамани рўкач қилиб, жасад бузилади, деб шошилтирарди. Фақат мен бу инсоннинг кимсасиз экани, “Ўлмай туриб ўлиб бўлгани”, ҳеч ким уни йўқламаслигини… билардим. Лекин бу ҳақда бировга оғиз очмадим.

Йигитлар қабр кавлашди, жаноза чақирилди… Аёлу эркак йиғи бошлади, асл исмини ҳеч қайсимиз билмайдиган бу беозор мўйсафид ҳаммага отадек бўлиб қолган экан.

Саҳро кенгликлари дунёдан узилган, одамзодга бегона қавмнинг эмраниб-эмраниб кўтарган оҳу фарёди, нолаи афғонига чулғанди, жазирама барханлардан кўтарилган ҳовур гармселни уйғотдию қип-қизил биёбон тандирида қиёмат қўпгандай кўринди.

Тўрт томонинг қибла, қайси йўлдан хоҳласанг ўшандан бор, бироқ охирги манзилинг мана шу бўлади!

Бобони эркаклар лаҳад бошига элтган пайт бир нола осмонни чилпарчин қиладигандек, ерни икки порага ажратадигандек… майитни тирилтирадигандай… янгради.

Бу нима?!

Оломон Хожа Уббоннинг маржон сиртмоғи азобидан тонг-ла маҳшаргача афғон чекишга ҳукм қилинган аёлини хаёллади.

Ҳамма лолу ҳайрон бўлиб аланглаб турган пайт бир қизил мошина қудуқ ёнида тўзон кўтариб тўхтади. Чанг босилгач, оқ рўмолли қотма кампир уловдан тушиб, худди бошқаларни кўрмаётгандай, дунёда бир ўзи ва қўлбола тобутда ётган марҳумдан ўзга одам қолмагандай товушини озод қўйиб бўзлаб, кўксига муштлаб-муштлаб, ёқаларини йиртиб-йиртиб, юзларини юлиб-юлиб, тиззалаб келаверди. “Вой тўрам-а, вой шерпанжам-а, вой султоним-а, вой тожисарим-а!” деб ўзини чолнинг кўксига ташлади. Узоқроқда турган аҳли аёл ўртасида “Завжаси экан, дарров хабар топибди, балки, худо кўнглига солиб, кўргани келаётганмикан”, деган шивир-шивир бошланди. Мен яна тилимни тишладим.

Кампирнинг икки ўғли “Ҳувайдо” бобони совуққонлик билан уловга ортиб, олиб кетишди.

* * *

Армон нима, акажон?

Тўғри, бой берилган имкон…

Бобо ҳеч қачон ўлмайдигандай, мангу яшайдигандай кўринганмиди? Агар билганимда, кўп саволларимга жавоб сўраб олмасмидим? Ҳеч бўлмаса, доим бошимда айланган энг катта сўроқ: “Бобо, Мир Арабда ўқигансиз-а?” деган саволни бермасмидим?

Бошқа сабрим қолмади, уйдагиларга қўнғироқ қилиб, мени тез олиб кетишларини сўрадим…

* * *
30 декабрь

Ҳаёт зерикарли, рангсиз, оҳангсиз…

Ҳатто Олмосдан келадиган хатлар ҳам юракка чироқ ёқмай қўйди. Менга йўллаётган СМСлар азбаройи шафқат юзасидан, одамгарчилик шартидан, озгина виждон сўроғи юзасидан.

Унинг ўз шахсий ҳаёти, хусусий бахти бор. Унга шу туришимда мутлақо керакмасман.

Айтганча, кимга керакман ўзи?!

Ўйлай-ўйлай ҳаммасига нуқта қўйишга қарор қилдим…

Бир кун онам, акам ва янгам Резакдаги қариндошимизникига тўйга кетишди. Уйда мен жиянларим билан кечки овқатни еб, телевизўр кўриб ўтирдик… Фурсат танлаб, болаларга ҳозир келаман деб уйдан чиқдим, оғилга кириб, ҳозирлаб қўйган арқонни олдим, уни тўсинга ташлаб дор ясадим… Ўтган кунларимни эсладим, кўз олдимда бобом, дадажоним, “Ҳувайдо” бобо… гавдаланди.

Энг азиз инсонларим у дунёда экан, мен нима қилдим бу ерда? Мендан кейин қоладиган онамнинг аҳволини ўйладим… Унинг ҳолига ҳар қанча ачинмай, яшашим учун бирор-бир важ, сабаб топа олмадим… Онаизорим… опаларим, акам бор-ку, онам ёлғизланиб қолмас…

Бўйнимда сиртмоқ, бир тепинсам, оёқ остимдаги тўнгак думалайди, ҳаммадан, ҳаммасидан қутуламан. Кўзларимга негадир ёш келди. Ўзимга ачиндимми, билмайман, ё худо дедим, журъат бер, куч бер, кечир мени, деб ёлвордим.

Мени бандам деб яратдинг, ишончингни оқламадим, синовларга ташладинг, имтиҳондан ўтолмадим, бу дунёнинг дўзахидан зерикдим, майли, агар лаънатласанг, у дўзахингни ҳам кўрай, деб изилладим…

Қанча вақт ўтди, Ўзига аён, бирдан жияним Феруз “Апа, апажон!” деб бақириб-чақирганидан ўзимга келдим. Бошимни сиртмоқдан тортиб, у сезиб қолмасин деган мақсадда оғилдан югуриб чиқдим. Қарасам, қўлида телефон… Шоира опам қўнғироқ қилаётган экан… Айтишича, деканимиз иккита қизни опамнинг уйига юбориб, ўқишга қайтишимни, имтиҳонларни топширсам тўртинчи курсга ўтишимни… айттириб юборибди.

Мен опамнинг сўзларини беун йиғлаб эшитдим. Ярим соат олдин – ўлим арафасида ҳаммани эслабман-у, мен ношукурнинг хаёлига тутинганим – афзалим келмабди. Шунга йиғладим…

31 декабрь

Янги йилингиз янги омадлар олиб келсин, акажон! Қайғулар эски йилда қолиб кетсин!

* * *
3 январь

Бир маҳал онам ва акамлар тўйдан келишди.

Мен оғилга қайтиб кириб, дорни ечиб олишга улгурмадим. Ҳамманинг ухлашини кутдим… Бу орада мол-қўйга хашак ташлагани кирган акам арқонни кўриб ҳаммасини тушунибди.

Онам иккови талвасага тушиб, ақлдан озгандай фақат битта гапни бетиним такрорлашарди: “Нега? Нима учун? Бизни ўйламадингми? Кейин булар қандай яшайди, бу иснодни қандай кўтаради, демадингми?” каби жавоби шарт бўлмаган саволлар беришар, онам бўйнимдан қучиб, тинмай “Балодан ҳазар-а, худойим ҳушдан айирмасин, ақлдан бегона қилмасин! Шайтон васвасасига учмасин болам”, деб дуо ўқирди…

* * *
6 январь

…Суиқасд воқеасини эшитиб ақлдан озай деган Шоира опам Икромиддин акадан рухсат сўраб, мени Тошкентга дерматолог кўригига олиб борди.

Анча овораю сарсонликлардан кейин Марказий шифохонага йўл топдик. Инсон саломатлиги эвазига бизнес қилиб, бола-чақа боқадиган корчалонлар таниқли шифокорларни ўраб олиб, биз каби жовдираб нажот истаб юрганларни қармоққа илинтираркан. Ана шундай ишбилармон учарлардан бири мўмайгина “қўл ҳақи” эвазига Расулов деган профессорга рўпара қилди. Сочлари ипакдек толим-толим нуроний биз билан самимий суҳбатлашди:

– Кўзинг кўрадими, қизим?

– Ҳа.

– Қулоғинг яхши эшитадими?

– Ҳа.

– Овқат еб биласанми, таъмни ажрата оласанми, миянг ишлаб турибдими?

– Ҳа.

Яна савол берди:

– Қаеринг оғрияпти?

Жавоб беролмай бошим эгилди…

Профессор касаллик тарихим билан танишиб чиққач, Шоира опамга қараб:

– Бечорага кўп азоб берибсизлар-да, қуёшга солиш эскилик сарқити, отам замонидаги саводсиз, жоҳил одамларнинг йўриғи бу, – деб уқтирди. Айтишича, касалликни узоқ, босқичма-босқич даволаш керак экан.

– Шунда батамом тузалиб кетадими? – Шоира опамнинг кўзларида умид учқунлади.

Дўхтир қўлларини стол тагидан чиқариб:

– Мана, қаранг, агар бу дардни шифоси топилганида биринчи бўлиб ўзимни даволардим, – деди.

Не кўз билан кўрайки, у кишининг ҳам қўллари худди меникидек эди… Фарқи – унинг териси оқтоб бўлганидан эътибор бериб қарамасангиз унчалик кўзга ташланмайди…

Бу фақат медицина йўли билан тузалишини, тери оқариши модда етишмовчилигидан бўлиб, зарур фермент камайиб кетганда юзага келишини айтди. Жигар фаолиятини қайта тиклаб, доғларни ультранур билан куйдириб даволаш мумкинлигини, лекин барибир бу – кафолатланмаган муолажа эканини таъкидлади…

Ўн икки кун ётиб “кафолатланмаган муолажа” олдим. Яна бошимни қиришди, ҳар кун вакуумга солиб нур билан аввал уч, кейин беш… ва ниҳоят ўн дақиқагача нур билан куйдиришди…

Биринчи бор сочимни Хожа Уббонда олишганида уч кундан кейин оппоқ бўлиб чиқкан эди, бу ерда эса киприкларимгача қиров боғлагандай оқариб кетди…

Беш-олти кун ўтгач, ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти, деб шифокорга шикоят қилдим. У ҳамширага янада кўпроқ куйдиришни тайинлади… Ўн дақиқа нурда ўтириш қуёш тиғида куйишдан ҳам ёмонроқ экан… Одамзоднинг териси куйса, бундан ёқимсиз ҳид бўлмаскан дунёда. Униси ҳам майлику-я, тери оғриғидан ухлашнинг иложи йўқ. Баданинг тортишиб, гўё теринг шилиб олингандек ўз нафасинг тегсаям жизиллаб, жонинг бўғзингга тақалади…

Тортган азобларим “фойдага қолди”, нурнинг захми билан бадан қизил ранг олдию бир қават тери қуриб тушгандан кейин яна аввалгидай оқ ва қора бўлиб қолаверди…

Тирранча тиндирмайди, деганларидек, на ўзим тиндим, на онамни ва на акаму опаларимни тинч яшагани қўйдим…

* * *
10 январь

Бизда байрамлар мавсуми авжида. Хонадон тўс-тўполон. Меҳмон кузатавериб ҳолдан тойганимдан ётоғимга зўрға судралиб кириб, тош қотиб қоляпман. Агар маҳтал қилаётган бўлсам, кечирим сўрайман.

* * *
12 январь

Таътилга чиқибоқ онам иккимиз Қашқадарёга гиёҳ билан даволайдиган Ҳаким бобони излаб йўлга отландик. Сўраб-сўраб, берилган манзил бўйича қидириб топдик.

Табиб бува беморларни ялпиз (хулбўй) билан даволар экан. Биздан ташқари ҳам бир қанча бемор шифо излаб келган, навбат турнақатор. Табиб билан гаплашиб, келишиб, бир уйга жойлашдик.

Ўн тўрт кун ётиб даволандик. Асосан оч қоринга наҳор бир коса малҳам ичиради. Эрталаб беморлар учун махсус ерга қурилган тандирларга ўтин қалаб ёқиб юборадию тандир қизигандан кейин сув сепиб оловни ўчиради. Сўнг бир одам сиғадиган жой қолдириб, тандирни ялпиз билан тўлдиради. Ана шу қайноқ “ҳаммомча”га кириб, тандир совигунча ётасиз…

Терисига тошма тошган, суяги оғриган, буйрак касаллигига чалинган беморлар анчаси шифо топди. Фақат менда ҳеч қандай ўзгариш бўлмади… Яна уйга бош эгиб қайтдик.

Кейин Андижонга Тамара деган табиб аёлдан шифо излаб бордик. Опа ўз ҳовлисида балчиқ тайёрлаб, бемор баданга чаплаб, қуёш тиғига ётқизиб қўяркан. Лой қуригани сари тери тортишиб, чунонам қичишадики, уёқ-буёғи йўқ. Бир ҳафталик “лой базми”дан ҳам натижа кўрмадим.

Қозоққа бориб ўлан айттиришди… Кўк қўчқор сўйиб қон чиқаришди, хом терига мени ўраб, шомгача ётқизиб қўйишди… Бефойда…

Эрлар шоҳи, мазлумлар халоскори ҳазрати Алининг Шоҳимардонига “Ё нажот!” деб йўлга тушдик. Бу қадамжога бориш учун қирғизларга тегишли ерларни босиб ўтиш керак экан. Роса тинкамиз қуриди, улардан кўра ўзимизникилар кўпроқ сарсон қилишди.

Кўли Қуббонга чиқдик, Ёрдон Азизни зиёрат қилдик, оқ эчки сўйиб расм-русумларини жойига қўйдик.

Жувонмард Ҳамза Ҳакимзоданинг қабри бошида тиловат қилиб, қаттол шўрога лаънатлар ёғдирдик. Шоирга тош отган нобакорлар ер билан яксон бўлсин деб дуо қилдик.

Ҳабибулло – худонинг дўсти Хожамназар Ҳувайдонинг қабри Чимён қишлоғида эканини эшитиб, йўлимизни шу томон бурдик.

Мозористонни бамисли гулистон дейсиз. Ҳазратнинг байтларидек анвойи райҳону чечак ажиб тартиб билан йўл четини яшнатиб турар, эшон буванинг солиҳ муридларидек саф тортган арчаю шамшодларни кўриб кўз қувнайди…

Атиргуллар тагини юмшатиб юрган хоксоргина очиқ юзли киши бизни кўриб, кетмонини ўрик шохига илиб, истиқболимизга шошди:

– И-е, келинглар-е, хуш кўрдик, йўл чарчатиб қўймадими? – худди бизни бир умр кутгандек қувонч билан қаршилади у.

Бир пайтлар оёғости қилинган лаҳад тепасида ҳашар йўли билан қўқонча услубда савлатдор мақбара бино қилинибди. Жорубкаш – ҳазратнинг кенжа вориси майин овозда Каломулло ўгираркан, мовий гумбазга тортилган нақши нигорлар аро муқаддас оҳанг жаранг сочар, бу мусиқий жилва ортидан шоирнинг ошиқона сатрлари ҳам садо бераётгандек туйиларди:

 
Муҳаббатдан муҳаббат бўлди пайдо,
Муҳаббатсиз кишидан қоч, Ҳувайдо!
 
* * *

“Бобожон, мени танидингиз-а?”

“Танидим, қизим, танидим…”

“Бир саволим бор эди…”

“Биламан, қизим. Ҳа, боболаринг мен билан, дадасини эркаси…”

* * *

Бу зиёрат сафаридан кўнгилдан доғлар аригандай қалбимиз осойиш топди, руҳимиз Чимён райҳонидек дуркунлашди, баайни Ҳақ манзилига элтувчи рост йўлни кўргандек бўлдик. Зоҳирий иллатлар арзимасдек туйилиб кетди.

Сурхондарёнинг Шакарли ота деган зиёратгоҳига Гулшан опам билан бориб, қора мойидан баданга сурдик, мақбара ёнида етти кун ётиб, отадан имдод сўрадик. Йиғлаб-йиғлаб, ёлбориб-ёлбориб ўтиндик. Бу ёғи бояги-бояги…

Юрт кезганимиз фойдага қолди.

Хуллас, қулоқ эшитган умидбахш гапга эргашиб бормаган жойимиз, топинмаган тошимиз қолмади. Энди илинж узилиб, тарки дунё қилиш арафасига етганда кимдир тағин янги хушхабар келтирар, онам, опаларим ҳар гал мени ҳам, ўзларини ҳам мўъжиза рўй беришига ишонтиришар, қарз-қавола кўтариб, яна йўлга тушардик.

Ниҳоят, мўъжизадан кўнгил совиб, саргардонлик ва харажат ҳолдан тойдирган пайт акам тил учида Тибет томондаги ламай-памайлар ҳақида гап очганида Зебо опам жеркиб ташлади:

– Бўлди-да энди, худонинг иродасига терс туриб бўладими?! Пешонаси шу экан, бастига яраша эр-пер топилса, ўзи қаратиб олар! Шуни деб ҳаммамиз хонавайрон бўлайликми?!

Айтилган сўз – отилган ўқ, деганлари шу жойда чин бўлди. Бу ўқ орзу-умидимни, оқибатимни ҳалок қилди… Зебо ҳам…

* * *
15 январь

…Жуда зерикарли, ўта шахсий гаплар…

Сизни ҳам зериктириб қўйдимми деб қўрқаман.

У кунларни юрагим қаърига кўмиб қўйиб, ҳеч қачон эсламасликка қасам ичган эдим…

Аслида, ўтмишим учун эмас, эртанги куним учун сизни қидирган эдим, маслаҳат сўрамоқчийдим…

Қимматли вақтингизни олаётганим учун минг бор узр…

* * *
16 январь

Аммо, нетайки, опам ҳақ эди…

Албатта, худбин дилим ёмон оғриди, ҳалигача уни кўрсам илонни кўргандай бўламан.

Инсоф билан айтганда, жигарларимнинг ҳаёти менинг жаддимга издан чиқиши, ризқи қийилиши адолатга зид эди.

Хўш… шу тузалмас дард менинг чекимга тушган экан, нима ҳам қилардим?

Ҳар бир инсоннинг тақдирини Аллоҳ унинг сабрига, иродасига қараб битаркан, демак, чидашим, сабр қилишим ва албатта енгиб ўтишим керак! Лекин қандай қилиб? Қайси йўл билан?..

Ўйлай-ўйлай дорилфунунга қайтишга қарор қилдим.

Бироқ яна одамлар орасига қайтиш… Уларнинг паст назар билан ижирғаниб қарашларига ўзимда матонат топиб, жилмайиб дош бериш…

Олдинда жуда оғир йўл… Манзилга етгунча яна қанчадан-қанча довон ошиб ўтиш керак… Агар шу йўлни босиб ўтмасам, шу машаққатларни енголмасам, келажакда мени бағрини кенг очиб… “Ҳувайдо” бобонинг қисмати кутиб турибди…

Устозим тўғри гап айтди: онамдан кейин ҳолим хароб бўлади…

Яна ҳаммасини бошидан бошлаш керак!

Бу аҳволда Шоира опамларникига бора олмайман, демак, ишни жой қидиришдан бошлайман.

Кўчама-кўча сўроқлаб, ниҳоят шаҳар марказидан, ўқишимга яқин жойдан уй топдим.

Энди бир йил кейинги курс билан ўқишни давом эттирадиган бўлдим… Эски курсдошларим кўргани келишди, баъзиси таниди, баъзиси танимади.

Биринчи синфга борганимда бўйим пастлиги учун олд партада ўтирардим. Бу менинг табиатимда одатга айланган эди: коллежда ҳам, дорилфунунда ҳам биринчи қатордан жой олардим. Бугун энг охирги ўриндиқ бир ўзимга насиб қилди.

Уч кун дарсга қатнадим. “Сувга ботмаган ўпка”, дейишармиди, шунга ўхшаб ўзимни жуда беҳузур ҳис қилдим.

Дарсдан кейин собиқ курсдошларимга қўшилиб кутубхонага бордим, лекин негадир уларга ҳам элика олмадим.

Йўғимда деканимиз мажлис ўтказиб, мени ёлғиз қўймасликни, бу касаллик юқумли эмаслигини ва ҳар қандай беморга руҳий ёрдам кераклигини уқтирибди.

 
Танангда оғриқ ҳис этсанг, демакки сен тирик
                                                                жонсан,
Ўзгалар оғриғин сезсанг, демак, инсонсан,
                                                                инсонсан!
 

Бирдан ҳамма ўзгарди, атрофдагиларнинг муомаласи илиди. Мен ҳам аста-аста киришиб кетдим.

Аввалгидек “аъло” бўлмаса ҳам, “ўғил бола баҳо” билан ўқишни тугатиб, дипломни қўлга киритдим.

* * *
17 январь

Биринчи курслигимда дадам раҳматли дорилфунун домлаларини бирма-бир санаб, Баҳрулло Аҳмад ҳақиқий аллома, этагидан ушласанг одам бўласан, деган эди. Шу-шу, домлага ғойибона меҳрим тушиб қолган эди.

Аксига олиб, у киши бизга дарс бермас экан… Сўраб-суриштириб топдим. “Мени шогирдликка олинг”, деб икки-уч ёнига бордим. “Нега айнан мен?” деб сўраганида дадамнинг гапларини айтдим. “Унда сени эмас, отангни шогирдликка оламан”, деб қайирган эди ўшанда. Қовун тушириб қўйганим учун кечирим сўраб, яна келавердим. Тақиллатилган эшик очилмасдан қолмайди деганларидек, бир-икки суҳбатдан кейин менга китоб беришни бошлади, фикрлашиб, баҳслашиб-тортишиб устоз билан яқин бўлиб кетдик.

Иккинчи курсда дарсга кира бошлагач, яна ҳам меҳрим ошди. Ҳақиқатан риёга бегона, тақводор инсон, энг муҳими, камдан-кам учрайдиган ҳодиса – имонли олим эди.

Ўша даврларда Олмос билан шаҳар айланиш одатимиз бўларди. Бир куни суҳбатлаша-суҳбатлаша Минораи Калонга келиб қолибмиз. Эсдалик учун аввал мени Олмос ўз телефонига суратга туширди. Мен уни минора соясида расмга олаётсам, негадир хижолат тортиб ер чизиб қолди, қарасам, Баҳрулло устоз шундоқ ёнгинамда жилмайиб турибди. Жиноят устида қўлга олинган ҳаваскор ўғридай тангу тор аҳволга тушиб қолдим. Қўрқа-писа салом бергандим, овозим бўлиниб-бўлиниб чиқди.

– Эй аҳли ушшоқ! Ишқ дайрида сайр этиб, дунёвий сабоқлар сабил қолмасин тағин, – деди домла ёлғон пўписа билан.

Барибир айбдорона бош эгдим.

Маълум бўлдики, устоз Олмосга ҳам дарс берар экан. Унга қараб: “Ҳа, толиби ишқ, “шифо тилаб борсам табибим бемор”, дегандай, мудом ҳардамхаёлсиз, десам, кўнгил шаҳбозининг човути дорилфунун андалиби қасдида экан-да”, деб сўрашгани қўл чўзди. Кейин қош чимириб, “Муносабатларинг жиддийми?” деб қадим лисонидан ўзимизнинг давр тилига ўтди. Иккаламиз ҳам ийманиб бош ирғаб тасдиқ ишорасини бердик.

– Унутманг, муҳаббатли оила инсоннинг олий бахтидир, уни Аллоҳ ўзи танлаган, муносиб кўрган бандаларига беради, – деди. – Аммо бировнинг қалбини, ҳис-туйғуларини топташ, эрмак қилиш, бозорга солиш гуноҳи азим, муҳаббат саройида садоқат ва ишонч сизларга посбон бўлғай, – деб қиблага қараб дуо қилиб, юзларига фотиҳа тортди.

Биз ҳам устозга қўшилиб юзимизга кафт сурдик.

Шундан сўнг домла қачон дарсга кирса, “Синолардан салом сизга”, деб сабоқни бошлайдиган бўлди.

Бошқа талабалар:

– Устоз, нега ҳар сафар шу гапни айтиб хонага кирасиз? – деб сўрашганида:

– Гап эгасини, бўталоқ тевасини топиб олади, – деб кулиб қўярди.

Олмос дорилфунунга келавергач, сиримиз ошкор бўлиб, оғизга тушганимиздан кейин “Гуруҳ амалдорига тиб аҳлидан салом келтирдим”, дейдиган бўлди.

Устоз мени қаерда кўрса, “Ҳа, аҳли дил, аҳволинг нечук?” деб мутойиба қиларди. Мен кулиб қўйиб, салом бериб ўтиб кетардим…

Шуларни эслаб турсам, хонага устоз кириб келди. Саломлашгач, ким йўқлигини сўради. Гуруҳ сардори талабалар биттага кўпайганини айтди. Устоз:

– Қани янги талаба? – деб бўй чўзди.

Ўрнимдан турдим. Ёнимга келди:

– Қаердан келдингиз, Миллийданми?

– Йўқ, устоз, мен ўтган йил ҳам қўлингизда ўқиганман, – дедим ерга қараб.

Кўзойнагини тақиб, узоқ термилди:

– Гуруҳ амалдори? Аҳли дил?

– Ҳа, – дедим тўлқинланиб.

Яна бир оздан кейин хотираларига куч бериб:

– Минораи Кало-о-он… – деди. Мен кулиб, устознинг фикрларини тасдиқладим. – Тиб аҳли-и, – деди сўнг Олмосни назарга тутиб. Мен фикрларини давом эттириб:

– …эди, – деб қўйдим. Устоз:

– …эди? – дедию бирдан бўшашиб, жойига бориб ўтирди. Домланинг қалин кўзойнаги ортидан қорачиқлари “йилт-йилт” этдию бош эгганча сукутга чўмди. Сўнг аста туриб, вазмин қадамлар билан чиқиб кетди.

Ўн-ўн беш дақиқа ўтгач, гуруҳбоши безовталаниб, ташқаридан хабар олиб қайтиб, устоз деразага термулганча ўйчан турганини айтди. Ҳамма ҳайрон: “Нима бўлди? Биз ҳеч нарсани тушунмадик…”

Гуруҳбоши менга юзланди:

– Илгаридан танишмисизлар, устоз билан яқинмисиз?

Ҳеч кимга ҳеч нима демадим. Нима ҳам дея олардим? Бир пайтлар устоз Олмос номидан уйимга совчи бўлиб борганди, дермидим?

Китоб-дафтарларимни йиғиб, ижаражойгача йиғлаб келдим…

* * *
21 январь

Ўқув жиҳозлари сотиб олгани дўконга кирсам:

– Опажо-он, – деб бир қизча югуриб келяпти.

Қарасам, Дилдора – Шоира опамнинг кенжаси. Опам билан дўконга ҳарид учун киришган экан. Қучоқлашиб кўришдик. Ўқишга қайтганимни айтдим.

– Бир томондан хурсандман, лекин бизга билдирмай келганингдан хафаман. Акангга айтсам, уям хафа бўлади, биз сенга бегона эмасмизку, кетдик уйга, – деб қовоқ уйиб туриб олди.

– Боролмайман, опажон, менга ноқулай… аввалги ҳолатим бўлганидаям сўзингизни икки қилмасдим. Ҳозир боролмайман, болаларингиз катта бўлиб қолишди, буни устига ҳар куни уйингизда меҳмон. Биламан, сиз ҳам, акам ҳам ирганмайсизлар, бироқ… мен ҳам, сизлар ҳам ноқулай аҳволга тушамиз… Яхши бўлган куним бораман уйларингизга, – дедим ёлғон хушчақчақлик билан…

Опам кутилмаганда ўн минг пул сўраб қолди.

– Унча пулим йўқ эди, опажон, – дегандим, беш минг сўради. Яна тортиниб, – озроқ пул билан чиқувдим, – дедим.

– Қани, айт-чи, бу гапдан кейин мен уйимда қандай тинч ўтираман, қандай уйқум келади? Эркак тўқчиликдан ёмон йўлга юриб кетади, аёл эса йўқчиликдан… Даданг сени бизларга ишониб ўқишингга кўнган эди, – деб ёнчиғидан бир даста минг сўмлик чиқариб, қўлимга тутқазди. Олмадим, қайтардим:

– Сизларга фойдам тегмаяпти, зарарим ҳам тегмаслиги керак, – дедим.

– Мен билан сен бир кунлик одамлар эмасмиз, қиёматлик опа-сингиллармиз, биз бозоргачамас, мозоргачамиз… Укаларингни ўқитасан ҳали. Хижолат бўлма, – деб пулни чўнтагимга солиб қўйди…

Атай ижарауйимга келди, шароитимни кўриб қониқди шекилли, яшаса бўларкан, деб қўйди.

Қишлоққа икки-уч ҳафтада бир борар эдим. Шу кундан бошлаб Шоира опамнинг бир оёғи менинг ижара кулбамда бўлиб қолди. Ҳеч қурса кунора укаларим орқали егулик ва пул бериб юборар, шанба-якшанбада бир нимани баҳона қилиб уйларига чақирар эди.

Баъзан ҳасратга чўмиб:

– Ўшанда болаларимга қарайсан, деб уйимга олиб келмаганимда, қишлоққа қайтиб турмушга чиқиб кетган бўлардинг… Шунча азоб емасдинг, шу ўлиб кетгур дардга ҳам чалинмасдинг, – деб ўзини айбларди.

– Опажон, нега нуқул шу гапни такрорлайверасиз, буни қисмат дейдилар. Одамзоднинг тақдирига нима ёзилган бўлса, шуни кўради. Ундан кейин, сизнинг нима дахлингиз бор бу касалликка? – десам:

– Мен ўзимни айбдор ҳис қилишимни истамасанг, биздан узоқлашиб кетма, чақирган вақтимда кел, – деб таъкидларди.

– Сўз бераман, сиз билан акамга бир умрлик сингил, укаларимга садоқатли опа бўламан, – дердим кулиб.

Шўр тақдир мени сийлаб, шундай олижаноб инсонларни туҳфа этганига ич-ичимдан шукроналар айтардим.

Икром акам шартнома пулимни тўлаб турди.

Дарсдан кейин у кишининг ипак корхонасида бошқарувчи бўлиб ишлай бошладим. “Эпли бўлсанг, сепли бўласан”, деганга амал қилиб, акам бир марта кўрсатган ишни қайта ўргатишга эҳтиёж қолдирмасдим.

Дарсдан чиқиб тўғри шу ерга келаман, ишчиларни назорат қилиб, кирим-чиқим дафтаримни очаман. Ҳамма қоғоз ишлари менинг зиммамда, ишхонанинг икир-чикиригача ҳисобимда бор, чунки корхона менинг номимда эди…

Шундай қилиб, ҳаётим яна изга туша бошлади…

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации