Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 25 (всего у книги 26 страниц)
“ГАП”
Азбаройи кўп чекилганидан хонанинг ичи қуюқ тутунга тўлган. Кайфлар тароқланиб, ҳар ким ўзининг гапини маъқуллашга ўтган маҳал:
– Ўртоқлар, ўртоқлар! – деб Ўктам даст ўрнидан турди-ю, боши тутуннинг ичида қолиб, “при-қ” деганга ўхшаган товуш чиқарди. Жойига қайтиб ўтираркан, нотаниш ҳашаротни кўрган товуқдай даврага қия боқиб, – ўртоқлар, ўртоқлар! – дея такрорлади қошиқни бўш шишага уриб шовқин соларкан.
Ён-атрофдан “Оббо!”, “Тақсир пишиб қопти-ю”, “Яна томоша кўрамиз шекилли”, “Жимжим! Тағин пиёла учиб қолмасин”, деган висир-висирлар эшитилди.
– Хў-ўп, – деди Ўктам тирсаги билан шимини кўтараркан. – Энди гап бундай, ҳозир мен битта ашула айтаман, ҳамманг пул қистирасан!
– Ия, янги ҳунар-ку!
– Бу сафар бошқачароқ бўларкан-да.
– Мана майнавозчилик! На овоз бор, на фигура!
– Бирор қўшиқнинг сўзини билармикан ўзи?
Шу ташланган охирги луқма ортиқча бўлди. Ўктам обдон силкитилган шампан виносидек бирдан тошиб кетди:
– “Сўзини билармикан?” – овозини атай ингичкалаштириб, қийшанглаб масхараомуз илжайганча атрофга аланглади. – Биз қайдан билайлик, сиз биласиз-да! Кимсан – бозорда даллолбоши бўлсангиз! Сўз нималигини бу киши биладилар-да! – Ўктам атрофдагиларга заҳарханда билан қараб чиқди. – Ҳайит арафаси бозорга борсам, Бойакамнинг қўли қўлига тегмайди. Яп-янги тоғ асали деб шакарқиёмни уриб ётибди. Харидорнинг: “Ака, дориликка керак эди”, деб мўлтирашига “Тепамда Худо турибди! Малҳами бегумон деганлари – шу, ер юзида бундан тоза асал йўқ! Агар гапим ёлғон бўлса, турган жойимда тил тортмай ўлай!” – деб қасам ичворяпти. Синамоққа жимжилоғимни ботириб ялаб кўрсам, асални “а” ҳарфиям йўқ. Бойакамга қараб, “Ҳа, қасамхўр?” десам, кўзини тангабалиқдек лўқ қилиб “Тепамда Худо турибди дегани қасаммас, бу – информация”, дейди. Ҳа, сўз нималигини бу кишим биладилар-да…
Унинг гапи биринчи бўлиб Бойаканинг ўзига нашъа қилди – осмонга қараб елка ташлаб куларкан, ёнидаги домла билан енгил қўл ташлашиб олди.
Ўктам ароқ тўла пиёлани бир сипқоришда бўшатиб, шўр бодрингни сузмага булаб тишлади-да, қолдиғини домла тарафга отди. Чўлтоқ бодринг нишонга етиб бормай, ҳаволаб тутун ичида ғойиб бўлди. Домла ёлғондакам мушт ўқталиб, яна жойига ўтирди.
Даврадошлар кулги, пичинг ва масхара аралаш “Пиёлани отмайсанми, пиёлани!”, “Шиша билан сол!”, “Томоша энди қизияпти!”, “Ҳаммамизни бир-бир ясаб чиқади шекилли!”, “Одамга ўхшаб ўтириш йўқ экан-да!”, деб яна бош қаҳрамоннинг қитиқ патига тегишди.
– Сен ҳам энди одам бўп қолдинг-да, а, домла! Тунов куни мактабга ҳашарга бориб аҳволингни кўрдим. Биз ўқиган маҳалда ўқитувчиларни салобати бўларди, сири бўларди. Дўлта, эсингдами? – Ўктам чап томонда дўпписини пешонасига суриб, бўйнини қашлаб ўтирган чорпаҳил йигитга юзланди. – Энди нос отган пайтинг Маҳкамов домла келиб қолгани эсингдами? Туфлагани илож тополмай носни ютвориб, бошқоронғи хотиндай роса ўқчиган эдинг. Манави-чи, манави! – Ўктам кўрсаткич бармоғини домлага тўппонча қилди. – Ўқувчилари билан чекиши-иб ўтирибди. Эй, садқаи домла кет, эй, шудинг қурсин сени!
Дўхтир Ўктамдан кўз узмай ёнидаги Устанинг қулоғига бир нима деб шипшиди-ю, пиёлага шишани ёнбошлатди.
– Ўв, ўв! Ҳозир манави шалпангқулоққа нима деганингни уқдим: “Ичирамиз – ўчирамиз”, дединг. “Ўчадиган” аҳмоқ йўқ! Э, ўргилдим сендақа жаллоддан! Тўлдириброқ, симидан қилиб қуй! Ишқилиб касалхонангдаги спиртлардан ўқланмаганми бу ароқлар? Сенга айтяпман, ўв Азроилни малайи! Касал тузалиб кетса, “Мен тузатдим”, деб терисини шиласан. Ўлиб қолса, Худони айбдор қиласан… Ўтган йили Ибройим сўхтани ўлигини бозорга солганинг эсингдами? Боласи Хуршид соқов мишиғини оқизиб кеп қолди. Ҳа, десам, вингиллаб гапини тушунтиролмайди, каллам ишлаб қолди-ю, ёзиб бер, дедим. Дарров бир варақ қоғозга чизиб ташлади: “Дўхтир дўстингиз экан, отамнинг ўлигини бермаяпти. Вилоятга жўнатармиш, вилоятдан Тошкентга, Тошкентдан Самарқандга”.
– Нимага Самарқандга? – бўйнини чўзди Уста.
– Нимага бўларди, соқовни қўрқитгани-да, – деди кўз қисиб Домла.
– Астағфирулло, – деб қўйди Устоз.
Ўктам Дўхтир томон энгашиб, бир кўтаришда ароқни сипқорди-да, пиёлани бошига дўппи қилиб кийди.
– Эркак бўлсанг, ҳамманг шунақа қилиб ич!
Навбат Устага келди.
– Ҳа, ҳалидан бери сувсаган ғозга ўхшаб бўйин ирғайсан? Қурувчи уста эмиш! Сен қурувчи эмас, қирувчисан! Соққани қиришга устасан! Қурган уйларингни миси чиқиб Тошкентга боролмай қолдингми! Яхшиям уй босиб қолганда ичида одам йўқ экан. Ўтган йили “Қишда ғишт арзон бўлади, ўттиз-қирқ мингта ғамлаб қўйиш керак”, деб янги ҳовли солаётган бойга маслаҳат берибдилар. Бой ғишт бозорига укасини жўнатибди. Укаси арзонроғидан топибди. Арзонлиги шуки, ҳожатбарорлар “Далага тўкиб қўйилган, ўша ердан юклаб берамиз”, дейишибди. Майли-да, деб ука ғиштфурушларга эргашса, улар тў-ў-ғри бизни Уста қураётган ҳовлига етаклаб борибди. У ёқдан ака етиб келган, бу ёқда бизни Уста ўзини ғиштини ўзига уриб ётибди. Қалай? – Ўктам чап ёнида ўтирган кўсанамо улфатга ёнбош қаради. – Ҳа, Газетчи! Нега енгимдан тортасан? Ҳозир меҳру оқибатдан келиб менга насиҳат бермоқчимисан? Ўзинг-ку, имкон топди дегунча улфатларни лойдан олиб, балчиққа қорасан! Ҳамма сенга масхара, сендан бошқа ҳеч ким одаммас… Бировга бир тийининг ўтиб кетса, ўзингни ўнинчи ғалтакка осасан! Қачон қарама юртингни ёмонлаганинг ёмонлаган. Бор, яхши юрт топиб ол! Хаҳ, муттаҳам!
Устоз ўнг қўлини “тап” эткизиб дастурхонга урди:
– Бўлди, Ўктамжон, ҳамма нарсани чегараси бор, ўтиришниям майлис қилвордингиз. Турамиз энди! Кейинги “гап” навбати Устаники. Йўқ, шанба бўлмайди, қайси кун маъқуллигини ўзим айтаман!
Ўктам дами чиққан пуфакдек бўшашди.
– Устоз! – деди бузилган овозда. – Сизни ҳурмат қиламан, лекин манавилар…
– Бас! – деди Устоз чўрт кесиб. – Даврани бузма. Сен яхши йигитсан, оқкўнгилсан. Шунинг учун ҳаммамиз ачиқ-чучук гапларингга чидаймиз. Майли, эртага кайфинг тарқагандан кейин телефонлашармиз.
Ўктамнинг кўзида ёш милтиллади.
– Устозжон! – деди қўлини қорнига қўйганча букилиб. – Мени сўкинг, урсангиз ҳам ҳаққингиз бор. Талабалик юпун пайтим жой бергансиз, туз бергансиз, буни унутсам кўр бўламану! – гап охиридаги “у” товуши увиллоқ йиғига уланиб кетди.
– Ажаб замонлар экан-да! – устоз сипогарчилик билан иягини тутамлади. – Ўзим денг, бировларникида ижарада тураман, яна раҳмим келиб кўчадан Ўктамжонни ҳам етаклаб кепман-а…
– Жа қуруққа қилмагандирсиз? – тиржайиб сиртмоқ ташлади Газетчи.
Устоз бу гапни эшитмаганга олиб қўяқолди:
– Қани, омин, еган-ичганларимизни савоби…
– Қарта-чи, қарта?
– Бугун “Йигирма бир” бўлмайдими?
– Вой-бў, – деди Устоз ўрнидан туриб. – Деразаларни очворинглар! Ҳаммомни буғхонасидай бўпти!
Пиллапоядан эҳтиёткорона пастга тушиб кўчага чиқишди.
– Хайрият-е, тоза ҳаволарам бор экан-ку! – деди Газетчи Ўктамни қучоқлаб.
– Бу гапинг билан тепада ҳавони сен буздинг, демоқчимисан? – Ўктамнинг гапига ҳамма мириқиб кулди.
– Узоқ хайрлашмаймиз, – деди домла бирдан қовоқ уйиб. – Хайрнинг қисқаси яхши. Ўктамжон, бўпти, яхши бор! Уй-ичиларга салом айт. Эрта-перта қўнғироқлашамиз.
Зум ўтмай ҳамма тарқалди.
Ўктам гоҳ тўхтаб, гоҳ йўрғалаб ўзи билан ўзи гаплашиб бекатгача етиб олди. У ўтириши билан суҳбатлашаётган икки жувон ўриндиқдан аста туриб, бекатнинг нариги бошига ўтиб олишди.
– Мана сенинг аҳволинг, – деди у тиззаларига шапат уриб. – Бўлган бўтанг, қурган капанг шу! На боланг гапингни олади, на улфатинг, на хотининг! Масхарабозсан! – соат неччи бўлганини билиш учун чўнтагига қўл солди-ю, дик этиб ўрнидан туриб кетди. – Оббо, телефон қоп кетибди-ку!
У чойхонага етиб келганида ҳарсиллаб елкасидан нафас олар, вужуди терлаб-пишганди. Зинадан тушаётган югурдак бола унга қараб жилмайди:
– Ҳа, шамоллаб келдингизми, акам? Улфатларингиз бугун астойдил, – қоши билан болохонага ишора қилди.
– Ия, қайтиб келишдими?
– Ҳа, жамоат жам, – деди югурдак шашти пасайиб.
Ўктам шаҳд билан пиллапоядан кўтарилиб таниш эшик ёнига борди. Қабзани тутиб энди итармоқчи эди, ичкаридан Газетчининг хотинчалиш овози эшитилди:
– Яшасин тинчлик! Ўктам нахсни боплаб йўқотдингиз-да. Кейинги пайтда бунақа ғишаваларни кўнгил кўтармай қолди ўзи.
Устоз салмоқланиб жавоб қайтарди:
– Палакати ўзи билан кетсин! Тамом, “гап”дан чиқди! Мабодо битта-яримтангдан сўраб қолса, ўтириш бўлмаяпти, Устоздан сўра, денглар. Ўзим уни похоллаб тинчитаман… Қани, чийла! Айтиб қўяй, ўтган сафаргидай қартани чотга уриб ғирром ўйнаш йўқ. Ҳаммамиз битта одаммиз…
Дарвозахонада деворга суяниб ўтирган Ўктамга югурдак бола хавотирда энгашди:
– Акам, нима бўлди? Маза қочдими? Рангингиз оқариб кетибди? Шериклардан чақирайми?
– Йўқ, ука, кайф… кайф… Сендан илтимос-да энди, мен кирсам ўтириб қоламан, яна борадиган жойим бор эди. Ичкарида телфоним қоп кетибди, олиб қўярсан, эрта-перта келарман…
Тепадан улфатларнинг пойма-пой қийқириғи эшитилди.
2019 йил
ДАВЛАТ ТИЛИ
– Светни ёқ! Ўв писка, сенга карисчалаб гапириш керакми? – раислик қилувчи кесак улоқтираётгандек қўл қоқиб эшик ёнида турган қийиқкўз йигитчанинг диққатини ўзига тортди. Сўнг пишқирди. – Эшикни ёп, сквазняк бўляпти! – Чироқ ёқилиб, эшик ёпилгунча кутиб турди-да, ёнига ўгирилди. Тердан шалаббо кўйлаги баданига чип ёпишиб, бағбақаси қорнига туташиб кетгани аён кўриниб турган вакилнинг йилтироқ пешонасига қараб секин сўради, – Джаббар Сагатович, рухсатингиз билан… Кворум бор. Панятка берганман, канкрет-канкрет даклад қилишади. Абедгача успет қиламиз…
Джаббар Сагатович кўзойнаги тепасидан мудроқ кўзларини салобат билан пича бақрайтириб тургач, киприк қоқмай қорачиғи соққасини кескин пастга ташлаб “маъқул” ишорасини берди.
Раис ёлғондакам йўталиб олмоқчи бўлганди, кутилмаганда тупуги тугилиб, энкайганча узоқ ўқчиб турди. Кейин кўзёшларини кафти билан артиб, хирқи товушда “р” ҳарфига алоҳида урғу берганча анжуманни очиб, сўз навбатини асосий маърузачига ўтказди. Ваъзхон салобат билан минбарга чиқиб, мажлис аҳлига бир, ҳайъат аъзоларига икки таъзим қилиб, сўз бошлади:
– Муҳтарам мезбонлар, яъни меҳмонлар! Мазкур беҳад ва бебок фарҳунда халқаро анжуман даврасида муштарак мақсадда маърузага сазаворлигимиздан бениҳоя мамнун ва масрурмиз. – Нотиқ ўта жиддий қиёфасига катта тезликда табассум ёйди ва ўшандай шиддат билан яна жиддий тортиб сўзида давом этди, – Дарвоқе, зотан ўзбек тилига давлат тили мақоми баҳонаи сабаб олиму уламоларнинг, зеҳнпош тадқиқотчиларнинг, ажнабий дўст ва ёронларнинг бу муҳташам кошонада гўё гулдаста каби жамлангани боис бешумор бахтиёрмиз. Инчунун тил… – шу сўзни айтатуриб маърузачи тилини чиқазиб кўрсаткич бармоғини текизди, – тил инсонлар қалбининг хуршиди, диллар чаманининг хушбўй гулъузоридур. Нафақат гулъузори, балки таҳайюл ва таҳайюр моҳтобидур…
Олд қаторда ўтирган ёш тадқиқотчилардан бири иккинчисини туртди:
– Шоризо, Турциядан Нуқул Солар кептими?
– Кеча ужинда кўргандай бўлдим. Келмадинг-да, роса виски солдик. Спонсир ҳокимнинг ўзи. Закиска бери не хочу бўп кетди… Баҳорой Ингамовнаям гудет қилди.
– Келолмадим, мойкада очередда қопкетдим. Солар орқада ўтирибдими? Телефониям ўчиқ, чўрт!
– Нима ишинг бориди у жмотда? Бизнесми? Шмотками?
– Да, типа шунақа. Наски-паски, женски белйў… Янги номер олдимикан казйўл?
– Ничў, ўзи сенга чиқади. Зелёнкага апетити мўре!
– Манави мазги ким? Чўта, рожаси таниш…
– Ҳақғулом Саршакар деган кандидат, раисни пакалениясидан.
– Маладес, сваяк дегин? Балтун “Табиб-ус сияр”дан цитата уряптими?
– Резинка қиворди брат! Пятница куни зашитада авация қип трибунадан Шамшат Салмановични думалатворганимизни эшитдингми?
– Чўтки иш бўпти, манавиниям чакагини скочлаб ташлаш керак…
Маърузачи пастдаги йиғинди одамларга қараб яна жилмайиш ҳосил қилди-да, эътиборни ўзига тортганига ишончи ҳосил бўлди шекилли, бирдан ўта жиддий тортиб шифтга қараб сайрай кетди:
– Аммо, рубъи маскунда он қадар махлуқотлар, бинобарин мавжудодлар умргузоронким, шўрпешона хилқатлар гуҳари шарифдан бенасибдир. Боз ва боз таъкид даркорки, баъзи қавм такаллум илмидан минбаъд фироқда, баски, тафаккур майдонидан ҳам бебаҳрадир.
Кимдир орқадан “Нима бало, кайфи борми буни, нима деб алжираяпти? – деб луқма ташлади, – Давлат тили ҳақидаям шунақа майнавозчилик қиладими?”
Кимдир кулди. Биров ғудранди. Яна кимдир жўрттага чучкирди. Кўз юмиб диққат билан маъруза тинглаётгандек кўринган Джаббар Сагатович лўнда қилиб хуррак тортиб юборди-ю чинакам ғалағовурни бошлаб берди.
Нотиқ залга яна ўшандай бўриқараш қилди. Раис чапак уриб тинчлик ўрнатгач, тағин жилмайганча давом этди:
– Алалхусус, шукур ва тавозеки, давлат тили нуфузи мавжуд ва номавжуд салтанатлар каҳкашонида кам воқе ҳисобланадики, филҳақиқат, бу саодат суруди асло муболаға эмас. Тўти анвойи патлари туфайлимас, лазиз лисони ва ширин каломи хоссасидан икрому эътиборга ноилдир. Пировард…
Анжуман аҳли аввал олачалоқ, кейин гулдурос қарсак чалиб Ҳақғуломни гапиргани қўймади. У беш дақиқача гоҳ хўмрайиб, гоҳ тиржайиб тураверди. Ниҳоят чор-ночор раис ҳам қарсакбозликка қўшилиб, маърузачига бош эгиб миннатдорлик изҳор қилишга мажбур бўлди. Ваъзхон худди сомеълар уни олқишлаб шарафлаётгандай қайта-қайта таъзим бажо келтириб саҳнадан тушди.
Танаффус эълон қилиниши биланоқ ғаройиб маъруза юзасидан изоҳ сўраб бурчакка қисилган раис журналистга шундай тушунтириш берди:
– Секрет жойи йўқ, бизда ҳозир переводчиклар аснавной проблема ҳисобланади. Грамитнийлари “ёғли” жойларга уриб кетишган, слабийлари эса туристлар билан қизиқади. Такшто, межнародний тадбирларда маблағни иқтисод қилгани Ҳақғулом домлани привлакат қиламиз. Қаранг, иранликларам, аравия, египтликларам дакладни переводсиз юз процент тушунишди. Местний олимларимиз ҳам чут-чут терпет қилишса, лишний вапрос чиқмайди…
Эртасига “Уз.уз” ижтимоий хабарномада анжуманнинг юксак савияси ва фидойи ташкилотчиларнинг замон билан ҳамнафаслиги, фавқулодда топқирлиги тарғиб этилган “Креатив инновация – модернизация флагмани” номли мақола чоп этилди.
2019
ОХИРЗАМОН
Садарайҳон шохларига илашган зарпечакларни тирноқлаб сидираётган Ўктам уста бир қўлини белига қўйиб энгашган кўйи қийшайганча қолди: очиқ дарвозадан чилдирманинг қасқонини автомобиль чамбарагидай айлантириб “Ваанг!” деб шовқин солиб етти ёшлар чамаси болакай кириб келдию ҳовли ўртасига етганда “Қиийқ!” деб “тормозни босди”. Кейин елкаси оша орқага қараб “машина”сини қайириб оларкан, ўнг кафтини карнай қилиб жонҳолатда қичқирди:
– Амаки! Диққат-диққат! Ҳозир телевизирда айтишибди, эртага эрталаб ўн бир яримда… ҳалиги… қиймамат бўларкан!
Ўктамжоннинг бармоғи райҳонда, саволи бўғзида қолди, ҳай дегунча болакай “қих-х” деб “тезлик дастаги”ни олдинга урди-да, дарвозахонадан отилиб чиқиб кетди.
“Ўбба қисталақ шайтонвачча-ей! Балони ўқи-я! Қиёмат дейдими? Э, тавба!”
У увишган белини ушлаб зўрға қад ростларкан, ўзига ўзи “Телевизўрда айтишди дедими?” деб қўйди. “Қиёмат қачон бўлишини ҳокимлар ҳам билмаса керак. Ё жиян дадасини гапини нотўғри тушунган, ё дадаси мени яна аҳмоқ қилмоқчи”.
Ўктамжон устани ўй босди, кўнгли ғашланди, қўли ишдан совиди.
“Бордию рост бўлса-чи? Ҳозир техника ривожланиб кетди, онасини қорнида тиззасини қучоқлаб ётган болачоқни ўғил-қизлигини аниқ айтиб беряпти-ку. Об-ҳаво маълумотиям гоҳида тўғри чиқиб қолади… Мендан нима кетди, ке, бир оғиз Содирбекни олдидан ўтиб қўяй. Кайфи бўлмаса, тўғри гапиради”.
У чўнтагидан қўл телефонини олиб, бироз тимирскиланиб зарур рақамни топди-да, кўк тугмани босди. Содирбек у ёқда гаплашгани одам тополмай кўзи тўрт, қулоғи динг бўлиб турган эканми, телефон чақирар-чақирмас ипакдеккина “Лаббай?” деган товуш янгради.
– Тузукмисиз, Содирбек?
– Раҳмат, акажон, ўзингиз тинчмисиз? Келинойим бардаммилар? Жиянлар соғ-саломатми?
Содирбек адабиёт ўқитувчисимасми, гапга зарбоп тўн кийгизворадиган чечан йигит-да! Салом-аликнинг ўзига ўн дақиқа кетади. Худди биров бетоб бўлса, дори обкелиб берадигандай ижикилаб соғлиқ суриштиради.
Уста қалбаки йўталиб олди-да, муддаога ўтди:
– Содиржон, ука, сиз катталарни даврасида юрасиз, мабодо қулоғингизни бир четига ғалатироқ хабар чалинмадими?
– Кеча Ҳаким Тўрани туғилган куни эди, роса тортганмиз, кўп гап бўлди, лекин ғалатиси йўғиди. Ё мен самоварни тўккани чиққанда гапиришдимикан?
– Телевизўрда айтишибди, эртага ўн бир яримда бирнима бўлармишми?
– Ҳа, устака, нима бўларди, давра суҳбатидир-да. Ё футболмикан?
– Ука, қизиқчимисиз? Давра суҳбатини биров реклама қилармиди? Футболаммас. Эрталабда қайси тентак тўп тепади? Бошқа нарса…
Ўктамжон қараса, муаллим аравани қуруқ обқочадиган. Эшитганини очиқ айтақолди.
– Йўғ-е, худо сақласин-е! – кайфи учиб кетди Содирбекнинг. – Унақа демай туринг, даштга нўшпиёз сепиб қўйганман-а! Бу ёқда индинга “шанба гап” бор.
– Демак, бунақа гап йўғ-а?
– Йўқ, устака, йўқ… Тўхтанг-чи, гузарга чиқиб Мақсуд шилқимни дўконига кирай-чи, ҳамма янгилик ўша ерда-ю. Ўзи кечагидан кейин каллаям сал зинғиб турибди. Бўпти, акажон, бир гап бўлса, тилпон қиламан.
Ўктамжон ҳовлининг ўртасида осмонга қараганча бир муддат қаққайиб турди. Кейин тилар-тиламас кўчага чиқди.
Велосипед эгарига кет тегизмай катта тезликда келаётган Азим терак ўн беш-йигирма қадам наридан рулни ортга қайириб қайтиб келди-да, уловини чотига қисиб Ўктамжон билан қўшқўллаб кўришди. Азим теракнинг юз-кўзи ташвишли эди.
– Ҳа, Терак, сериалга кечиккан хотиндай мингга қўйиб кетяпсан?
– Ўзим, шу, секин… – деди Азимбой каловланиб.
– Қассобхона очиқмикин? – деб яна сўроққа тутди уста гап тополмай.
– Қарамабман, – Азимбой салом бериб ўтган қизчаларга бош ирғаб қўйди. – Уч-тўрт одам йиғилиб турувди, очиқ бўлса керак.
– Азимбой, сен мабодо эшитмадингми, телевизўрда… ҳалигиндақа…
– Ҳа, – деди Терак жонланиб. – Гузарда сомсахона ёнида шу ваҳима бўлётган экан.
– Бекорчи гапдир-а? – деб суҳбатдошининг кўзига умидвор термулди Ўктамжон.
– Ким билади дейсан? Лекин аломатлари бор-да.
– Қанақа аломатлари? – Ўктамжоннинг ички аъзолари бир тортишиб қўйворгандай бўлди.
– Масала-а-ан, – деб Азимбой велосипедининг орқа ғилдирагини кўтариб, тепкини бир айлантириб олди. – Масалан, олчинлик Умар дўхтирни сигири уч каллалик бузоқ туғди. Эшитгандирсан?
– Бунақаси илгариям бўлган.
– Хўп, бунақаси бўлган дейлик. Мисол, кун ниҳоятда қисқариб кетди. Тўғри, вақт ўлчами бўйича йигирма тўрт соат турибди, оммалекин баракаси йўқ. – Азимбой “энди бунисига нима дейсан?” дегандек қошини керди. – Илгари, эҳ-ҳе, бир кунда қанча нарсага улгурардик, ҳозир шундай дўконга чиқиб келгунингча соатни оёғи осмонда.
– Балки, бу ўзимизни қариганимиз белгисидир?
– Ёшлардаям шу. Мана, мени кичкинам Козимжонни олайлик. Пешингача ухлайди. Ҳов, туққан хотинга ўхшаб мунча кўрпадан чиқмайсан, десам, уйқуга тўймаяппан дейди. Нимага? Ўйлаб кўрсам, вақтни тайини йўқ. Бола бечора ўн соат ухласаям, ҳов бизни ёшлигимиздаги беш соатдай мириқмайди. Эсингдами биз қанақа ухлардик? Дарс пайти беш минут мизғиб олсанг, ярим кечагача санғиб юраверардинг. Э, у даврлар…
– Гапингда жон бор, ўртоқ.
– Илгари мажлисларам қисқа бўларди, нари борса, бир соат. Ҳозир-чи, етти-саккиз соат чакак уришсаям, гаплари ичларида қолиб, “Асосий масалани эртага кўрамиз”, деб тарқалишяпти. Соат тез айланяпти.
– Ҳа, тез айланяпти.
– Яна, одамларда инсоф умуман қолмади, – янги далиллар топишга киришди Азимбой.
– Бу гапинг ниҳоятда тўғри, – деб оғирлигини чап оёғига солди уста. – Инсоф қолмади.
– Мана, мисол, ўн кун олдин Қувасойга бир тўнна булғори обордим. Нақд пул йўқ, деб юз литр вино беришди. Ноилож рози бўлиб уйга олиб келиб ичиб кўрсам, грам кайфи йўқ. Ярми памил чой экан.
– Ана холо-ос, – Ўктамжон дўстининг чув тушганига азбаройи ачинганидан лаблари қийшайиб кетди, – савдони устида синамоққа бир пиёла олиш керак эди-да.
– Рулда эдим, ўртоқ, рулда, мелисаларни биласан, мени пиёда кўрсаям тўхтатиб оғзимни ҳидлайди, – деди жаҳлланиб Азимбой.
– Қайтариб обориб бермабсан-да!
– Оборганим билан тан олармиди худобехабарлар? Қолаверса, йўлда чайпалиб, бор спиртиям учиб кетмасин дедим. Буни устига, каззоблар нима қўшганини аниқлаймиз деб Мираббос хўроз билан бир ярим пақирини ичиб қўйганмиз.
– Қолганини нима қилдинг? – бетоқатланди уста.
– Қайноғам келиштириб, Ибройим таппакни чойхонасига ўтказворди.
– Боплабди, – деди Ўктамжон енгил ютиниб. Унинг юзи бирдан яна сўлғин тортди. – Менга қара, Азимбой, каттам раҳматли “Қиёмат арафасида сўпи янтоқни устига чиқиб азон айтади”, дерди. Одамлар шунақа майдалашиб кетаркан. Ҳали унчаликка борганимиз йўғ-у. – У шундай деб қўлини қилич қилиб Азимбойнинг дўпписи устидан ўтказди.
– Биз майдалашишимиз шартмас, – деди уҳ тортиб Терак. – Ўтган йили Бухорога тўйга борганда кўрганман. Янтоқ деганинг хирмондек бўп ётибди, устига бемалол чиқиб “Анжан пўлкаси”га ўйингга тушсаям бўлади.
– Ҳа-а, – деди Ўктамжон ҳафсаласи қайтиб. – Энди нима қилиш керак?
– Ҳайронман.
– Ё Ҳасан мулладан бир сўраб қўйсакмикин?
Икковлон велосипедга мингашиб йўлга тушишди.
Мулла сўрида иягига муштини тираб афсонавий донишманд қиёфасида ўтирар, устунга тирмашган қора мушук панжа узатиб тўрқовоқни тимдалаганига ҳам бепарво эди. Ҳол-аҳвол сўрашиб сўрига чўкишгач, мулланинг хотини Санобар фолчи чипор дастурхонга бир жуфт обинон ташлаб:
– Ҳозир тўк келса, симчойнакда чой дамлаб бераман-а, айланайлар, – деди-да, ҳарсиллаб ичкарига кириб кетди.
– Тўк қачон келиши аён бўлмайдими, опа? – мутойиба қилмоқчи бўлди Ўктам.
Деразадан фолчининг зардали жавоби эшитилди:
– Ҳамма нарсани кўришим мумкин, сизга ёлғон, менга чин, фақат шу тўк билан газга бир нарса деёлмайман, айланай!
– Ҳа, Ўктам бойвачча, – деди мулла гапга болта солиб. – Нима хизмат, жигар? Ё яна хотинингни қўйвордингми?
Меҳмонларнинг ташрифи сабабини билгач, мулла яна аввалги қиёфага қайтиб иягига муштини тиргак қилганча теран хаёлга чўмди. Дераза ортидан тағин фолчининг жарангдор овози эшитилди:
– Қиёмат қачон бўлишини Худойимнинг ёлғиз ўзи билади. Хоҳлаган пайтда бўлиши мумкин, айланайлар.
– Аниқ жавоб йўқми, опажон? Вақти-соати… – Азимбой дераза томонга бўйнини чўзиб, ўнг кўрсаткич бармоғи билан чап билагига уриб қўйди.
– Аниғи шу – Худо билади, айланиб кетай.
– Бўлиши мумкин, – совуқ сув урилгандай бир сесканиб тилга кирди мулла. – Одамлар ниҳоятда йўлдан озди, жигар. Дарахтлар ҳам илгаридақа мева қилмай қўйди. Қушлар-чи? Ёшлигимизда “қаймоқўғри” деган қуш бўларди. Сариқ, кўк, қизил пати бор. “Куёв-куёв! Кимга куёв?” деб сайрарди, – мулла тиззалаб олиб бўйнини чўзганча қушга тақлидан нола қилди. Кейин дами чиққандай бўшашиб, сўзида давом этди. – Ҳозир мусича билан олақанотдан бошқа нарса йўқ. Балиқ-чи? Бачқирариқдаги олдинги балиқлар қани? Эсингдами, Ўктамбой, жигар, аканг раҳматли билан қўйхонани ёнидаги гумга тўк ташлаб балиқ ушлардик. Мана шундай-мана шундайлари чиқарди, – деб ўзини орқага ташлаб, ўнг оёғини кўтариб қуймичига шапатилади. – Ҳозир-чи, ҳозир, Муҳрни булбулчасидай балиқ ушлаганга ўн минг тикаман, отамни арвоҳи!
Сўритокка осилган тўрқовоқ илкис силтаниб, бедана “пит-бил…” деган жойида таққа тўхтади. Азимбойга жон кирди:
– Футбол ҳам расво бўлди. Илгари қанақа ўйинлар бўларди! “Пахтакор” “Спартак”ни 4:0 га қоққани эсларингдами?
– 3:0 га, – деб тўғрилади Ўктам ёнига сакраб тушган мушукка хавотирли қараб. – Красницкий бўларди, ҳақиқий эркак футболчийди, чап оёғига қизил қийиқ боғлаб оларди.
Бу гапдан мулланинг энсаси қотди:
– Ўктамжон, ўлдирдингу гапни, жигар, эркак футболчи бўлса, оёғига қизил боғлайдими?
– Йў-ў-қ, муллака, “Шу оёғим билан тепсам ҳушёр бўп турасизлар, майиб-пайиб қип қўйсам менданмас”, деган огоҳлантириш учун боғлаган. – Ўктамжон мезбоннинг қистирма киноясидан қизариб-бўғриқиб кетди. – Стадионга кираётганда судяларам қийиғинг қани деб сўраб туришаркан. Ёш болайдим, ўн бир метрдан қанғиллатиб тепиб, маймунни қорнини ёрворганини отам раҳматли билан бирга кўрганмиз.
– Ҳа, отанг раҳматли кўпни кўрган одам эди, – деди мулла айёрона кулимсираб.
– Полвонлар-чи, қанақа полвонларимиз бор эди! Рустам полвонлар қайда ҳозир? – Азимбойнинг ҳовлиқишидан мушук чўчиб, белини камон қилганча ғириллаб қўйди.
– Рустам полвон бир келиб, бир кетди-да, жигарларим, – мулла афсус билан бош чайқади. – Ҳожимуқон-чи, Ҳожимуқон? Ҳўкизни елкалаб кўтарарди.
– Эндиги спортни аҳволини қаранг, – деди Ўктам чорданадан чўккалаб олиб. – У куни телевизўрда кўрдим. Музни устида биттаси қийпанглаб келиб, дазмолга ўхшаган нарсани сирпантирворди. Дазмоли ҳов этакдаги чизиққа бориб тўхташи керак экан. Ялтироқ тор иштон кийган иккита йигитча дазмолни олдига тушволиб тутқаноқ тутгандек музни чўткалаб йўл очиб қолса! Шу ҳунарлари тепагаям хуш келмадими, “тирс” этиб чироқ ўчдию мен қутулдим. Шуям спорт бўлди-ю! Манави қиёматни ҳақиқий белгиси!
– Ҳаммасидан ҳам анов томонларда эркак билан эркак рўзғор қилётганига нима дейсиз? – деди таъсирчан мисол топганидан руҳланиб Азимбой.
Бу янгиликдан мулла бехабар шекилли, бирдан капалаги учиб, ёстиққа ёнбошлаб олди:
– Астағфирулло! Хотинқурибкетганаканми?! – мулланинг гапи оғзидан битта сўз бўлиб яхлит отилиб чиқди.
– Ҳа, ишонаверинг, муллака. Бир-иккита раҳбарлари халқига очиқчасига айтибди, “Мен ҳам ўшанақаларданман”, деб бўйнига опти.
– Ўбба қизталоқ даюслар-ей! – салмоқланди мулла соқолини тутамлаб. – Демак, етиб кепмиз. Қиёмат бўлади, тамом!
– Қиёмат бўлса, биз нима қилишимиз керак, муллака? – тавозе билан бош эгди Ўктам.
– Шуни сўрагани келувдик, – деди зорланиб Азимбой Ўктамжоннинг дастурхонга юмалаб тушган дўписини олиб ёнига қўяркан.
– Тавба қиласизлар, бўтам, тавбадан бошқа йўл йўқ, – деди мезбон қўйнидан тасбеҳ чиқариб.
А-ҳа! “Жигар” “бўтам”га айландими, демак, масала жиддий деяверинг!
Ичкаридан яна фолбиннинг овози эшитилди:
– Бировлардан қарзларинг бўлса, ҳозироқ тўлаб қўйинглар, хўпми!
Бу шарт Ўктамжонга унчалик ёқинқирамади:
– Биринчидан, қандай қилиб улгурамиз, опагинам? Иккинчидан, шунча пулни қайдан топамиз?
– Бу ёғи қиёмат бўлса… уй-жойни соту қарздан қутул! Қарз ёмон, тикка жаҳаннамга судрайди, бўтам, – кўзларини юмиб оҳангга солди мулла. – Бизники айтиб қўйиш, огоҳлантириш.
Ўктамжон совуқ қотгандай қунишиб титраганча нажот истаб мезбоннинг киприксиз кўзлари очилишини кутаётган пайти Азимбой деразага қараб нидо қилди:
– Қарзи йўқлар-чи, улар нима қилади, опажон?
– Кимларгадир ёмонлик қилган бўлса, узр сўраб кўнглидан чиқариш керак. Бошқа гап йўқ!
– Қанақа ёмонлик? – ўртоғининг титроғи Азимбойга ҳам юқди шекилли, товуши қалтираброқ чиқди.
– Туҳматми, ўғирликми, ғийбатми… Ўзингиз биларсиз! – Фолбин ичкаридан чойнак кўтариб чиқиб, “тўқ” эткизиб сўрига қўйди-да, икки муштини биқинига тираб, кириллча “Ф” ҳарфига ўхшаб қаққайиб олди.
Азимбойга чекингани жой қолмади. Ўзини қўлга олиб, ясама ҳайрат билан “Ишши!” деб, гап улади:
– И-е, зўр экан-у! “Мен сизни гузарда ҳар куни кетингиздан ғийбат қиламан, кечирасиз”, “Ғўнажинингизни ўғирлаб Ултарма бозорида жарқишлоқлик Абжал қассобга сотворганман, узргайсиз”, “Ариқчадаги сувни ярим кечаси атай буриб юбориб, янги иморатингни ёнбошлатган аканг қарағай бўлади, кўнглингга оғир олма”, деб айтиб чиқадими? Раҳмат-е! Қиёматдан олдин оқ калтак-қора калтак бўп кетади-ку одам бунақада.
Дарвоза ғийқиллаб очилди-ю, учта катта-кичик бола билан жўровоз йиғлаганча рўмолини тутамлаган жувон кириб келди. Мулла билан фолбин илон чаққандай сакраб уларга қараб югурди.
– Ҳай, қизимжоним, Салимагул, нима бўлди, айланиб кетай?
Жувоннинг йиғиси авж олиб, сўзлари тўйбоп қўшиқларнинг нақоратидай тушунарсиз нағмага айланди.
– Ҳов, нима бўлди? Эринг ўлдими ё уйингга ўт кетдими?
Ярим пиёла чой ютиб, нафасини ростлаб олган жувон сўзларни қайчилаб-қайчилаб дийдиё қилди:
– Уйим куйса майлийди, эрим ўлса қанийди! “Сени севмайман, шунча йил тишимни тишимга қўйиб келдим, эртага қиёмат экан, бир кун бўлса ҳам одамдай яшай”, деб Рисолат ўйинчини етаклаб келиб тахмонга ўтқазиб қўйди. Ўша билан мактаб пайтида севишган экан. Йўл-йўлакай “Эртага қиёмат, қўрқадиган жойим йўқ”, деб Ҳаким Тўраниям абжағини чиқарибди, кўчада келаётсак, иккита мелиса мендан уйимизни сўраб ўтиб кетди-и… – номусга чидаёлмаган шўрлик аёл ўзини ерга ташлаб, баралла хўнграб юборди.
– Ана! Ана! – Мулла қўлларини кўтарганча тиззасини чала букиб, ҳовлини гир айланиб чиқди. – Айтдим-у қиёмат нақд деб! Одамларда орият, ҳаё, уят қолмади! У Рисолат деган данап кимлардан қолмаган ювинди бўлса, ўзимиз ҳам “шанба гап”ларга обкелиб роса ўйнатганмиз пайтида. – Кейин энгашиб, қизига қийшайиб қаради. – Содир кайфмиди? Эрингни айтаман, ичганмиди? – тайинли жавоб ололмагач, тўрқовоққа қизиқсиниб қараб турган катта неварасига юзланди. – Муҳриддинжон, ўв, Муҳр деяппан, мохов, нимага анграясан, дадангдан қиҳани ҳиди келятувдими?
– Ҳа, – деди болакай пиқиллаганча тўрқовоқдан кўз узмай бош ирғаб. – Қўлидаям шиша борийди.
Азимбой билан Ўктамжон мезбонларни безовта қилмаслик учун узр-маъзурни насия қилиб, оҳиста кўчага чиқишди.
– Ҳа-а, Содирбекни айтаман, ўртоқ, Мақсуд шилқимни дўкониниям тўзғитган бўлса керак… Ўзи, ичмаганда қўзидай нарса, – деди Ўктамжон велосипед рулини силаб. – Биз нима қиламиз энди?
Кўча гавжум, биров билан бировнинг иши йўқ. Гилам елкалаб югурган ким, қўчқор етаклаб ўтган ким, қувалашганлар қанчаю думалашганлар қанча… Баъзилар жонини жабборга бериб тўлғонганча тоғорани оташкурак билан қоқяпти. Шумтака жиян “машина”сини “ванғиллатиб” оломон оралаб кезиб юрибди. Ҳар замонда тўхтаб: “Диққат-диққат! Эртага эрталаб ўн бир яримда қиймамат бўлади!” деб қичқириб қўяди.
– Нима қилардик, анов тўғри айтди. Қиёмат қарз ёмон… Леки-ин, Азимбо-о-й, – аввал ўнг қўли, кейин чапи билан ўз бўйнини қашлади Ўктамжон. – Лекин, мабо-о-одо, – у иккинчи бўғинни ўн сонияча чўзиб турди. – Адашмовчилик бўлиб қиёмат бўлмай қолса-чи? Унда нима бўлади? Ҳозир шошиб қўйиб, эртага шарманда бўп қолишимиз ҳеч гапмас.
– Вой, омалекин каллангга қ…қойил. Шуни ўйламаганимни қара! Ростанам бўлмай қолса-чи? Ке, ўртоқ, шунча кутган яна бир кун сабр қип турайлик…
Икки дўст эртаси соат роппа-роса ўн иккида Мақсуд шилқимнинг дўконида учрашишга келишиб, мамнун қиёфада хайрлашишди.
2015 йил
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.