Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 12 (всего у книги 26 страниц)
20 март
Бобур билан Внуково аэропортидан Бухорои шарифга учдик…
Умримда биринчи бор учоққа чиқаётганим учун ҳаяжонимнинг чеки йўқ. Бобур ҳам ўзида йўқ хурсанд эди…
Барибир ўз уйинг – ўлан тўшагинг. Бировнинг юрти сенга бошпана бўлиши мумкин, лекин ватан бўлолмайди.
Бир ярим йил… Ўн саккиз ой… Етмиш саккиз ҳафта… Беш юз қирқ етти ярим кун… Саккиз минг тўққиз юз қирқ икки ярим соат… Беш юз йигирма беш минг етти юз саксон икки ярим дақиқа… Шоира опам Тошкентга профессор кўригига олиб борганда ассистентлар томиримни тутиб, юраги яхши, саксон иккита уряпти, дейишганди… Демак, шунча вақт ичида онажонимга ичиккан юракжоним қирқ икки ярим миллиондан кўпроқ маротаба “О-на!” деб урган экан-да…
Володя амаки қарамоғидаги ўн еттита ҳамюртга ҳисобчилик қилганимни айтувдим-а, ўзи умуман мактабдаям аниқ фанларни яхшироқ ўзлаштирардим. Карра жадвалини биринчи синфдаёқ ёд олгандим. Опаларим ҳам баъзида ҳисоб-китоб масаласида мендан кўмак сўрашарди.
Қайтар кунимни ҳеч кимга айтмаган эдим. Акам Тверда, опаларим ҳаммаси уй-уйида ўзи билан ўзи овора. Айтсам хурсанд бўлгани билан қўналғага келиб кутиб оладигани йўқ.
Бобур икковимиз бир “Нексия”нинг кира савдосини пишириб, қишлоққа шоду хуррам йўл олдик.
* * *
…Акам Тверга кетганидан кейин онам янгамнинг қабатига кўчиб чиқибди…
Ота ҳовли ҳувиллаб ётибди. Одам яшамагандан кейин мармар ҳам нурайди, пойдеворга қурт тушади. Дадам йўқ – қут йўқ, онам ўзи билан қолган-қутган файзни ҳам олиб кетган.
Деразаларни очиб, пардаларни кўтардим. Разм солиб чиқдим, ҳеч нима ўзгармаган. Дераза тагида дадамнинг каравоти… Хонанинг этак қисмидаги печка устида обдаста суви билан турибди. Қўл солиб жунжикиб кетдим – муздек.
Уй тўрида бир эшиги ёнбошлаган жавон ичига чиннивор идишлар териб қўйилган. Кетишимдан илгари ўзим шундай мувофиқ қўйиб чиққандим. Қандай бўлса шундайлигича турибди…
Жавоннинг тепасида дадамнинг охирги тушган сурати, устига дастрўмолча ташлаб, портрет ярмигача ёпиб қўйилган. Беихтиёр хаёлан дадам билан гаплаша бошладим:
– …Уйимиз ҳувиллаб қопти, дадажон. Одамни ютаман дейди… Сизни соғиндим… соғинмадингизми… мен келдим, дада…
Орадан ярим соатлар ўтгандан кейин Феруз онамни етаклаб супага яқинлашдию мени кўриб қолиб:
– Биби, апам келипти, – деб хонага югуриб кирди.
Бўйи чўзилиб, мийиғи ниш отиб, овози дўриллаб қолипти. У билан тузукроқ кўришиб улгурмай акамнинг иккинчи ўғли Файзулло чопиб келди.
Онам бечорагина жонҳалак бўлганини кўрсангиз энди. Она барибир она-да, ҳар қандай ҳолатда фарзандим, дейди. Ҳамма сендан юз ўгирган вақтида ҳам ёнингда мунғайибгина сен билан қолади.
Аслида фарзанд учун бахт ана шу мушфиқ муштипарнинг борлиги экан…
Қўлидаги ҳассасини ерга ташлаб, шаҳд билан, жон ҳолатида менга қараб йиғлаб келяпти… Кўришиш учун отилиб чиқиб:
– Ҳа-а, соғинибсиз-а, онажон, – дедим.
– Э-э, юрагингга тош боғладингми, а, шунчаям кетадими, – деди кўзёшлари юзларини ювиб…
Ўзимни оқлашга уринмадим. Кўрган-билганларимни, чеккан азобларимни ичимга ютиб:
– Узоқчилик-да, онажон, мусофирчилик, истаган пайтинг келиб бўлмайди, илож йўқ, – дедим…
Уйга кирдик. Тўртовлон суҳбатлашиб ўтирсак, янгам ўғилларини чақириб келиб қолди. Файзулло деразадан онасига:
– Онажон, апам келди, киринг, – деди болаларча беғуборлик билан.
Бунга жавобан янгам:
– Бўл тез, кампирга ўхшаб ўтирма эзмаланиб, пахтага борасан мен билан, – деб гўё мени пайқамагандай дарвозадан чиқиб кетди.
Мен онамга қарадим.
– Эътибор берма, болам, ёмон бўлсаям янганг шу! Аслида сен ўрнингдан туриб салом бериб ёнига чиқишинг керак эди, – деди сўлиш олиб.
* * *
21 март
Бу ерларда ҳалиям қирчиллама қиш бўлганидан Наврўз эсдан чиқиб кетибди.
Бугун фейсбукдаги табриклар, тилакларни ўқиб, чаппар гуллаган бодому гилосларни кўриб, димоғимга бол ҳиди урилгандай бўлди.
Қишлоқда фасллар тақвимга қараб алмашади. Биринчи мартдан баҳор келди деб айтавериш мумкин, шу кундан уйғонган тупроқнинг намхуш ҳиди таралади, дараларда ёлларини ҳилпиратиб мовий шабадалар тойчоқлардек ўйноқлайди. Гапларим шеърга ўхшаб кетди, а? Биз ҳам филологмиз, қолаверса, кўклам нашъаси ҳар қандай юраги қайроқтошдан йўнилган банданинг ҳам кўнглини юмшатади…
Энди сизни Наврўз билан қутлаб, ҳамма шаръий ва шеърий ниятларингизга етказсин, деб тилак билдириб, ерга – насрга қайтамиз…
* * *
Шўринг қурғур акамнинг хотинга ёлчимаганини ўйлаб ачиниб, хаёлим бобомга кетди.
Ҳамқишлоқларимиздан бири ҳовлига келиб, бобожонимга ўз жуфти ҳалолидан арз қилди шекилли, бобом тахминан шундай ривоят айтиб, уни қайтариб юборгани эсимда:
Бир киши аёлини талоқ қилмоқчи бўлибди.
“Аёлингда қандай айб борки, ундан қутулмоқчисан?” – деб сўрашибди. У: “Эркак киши ўз аёлининг айбини фош қилмайди”, деб жавоб қайтарибди. Хотинининг жавобини бергандан кейин: “Энди айт-чи, собиқ турмуш ўртоғингда қандай қусур бор эди?” дейишибди. Эркак: “Энди у менга бегона, номаҳрам аёл билан ишим йўқ”, деган экан.
Акамнинг дўзах азобида ўтаётган ҳаётининг ажри бордир, ҳеч бўлмаса тоқати, бардоши, изтироби учун бир куни Ҳақ таоло мукофотини берар…
* * *
22 март
Сабр – ожизнинг қуввати, кучлининг зийнати… Ҳамма нарсанинг ибтидосию интиҳоси бўлганидек, сабрнинг ҳам ниҳояси бўлар экан.
Сабр қилсанг ғўрадан ҳалво битар дейдилар. Агар сенинг дарахтинг гуллаган чоғида ушуқ уриб кетган бўлсаю сен қайси ақл билан ғўрага кўз тикиб, ҳалводан умид қиласан?
Ҳа, “ҳалво” деган билан оғзинг ширин бўлиб қолмайди…
* * *
Мозорбосди ширинликларни дастурхонга қўйиб чой ичдик…
Онам Ферузга:
– Пиёлангни тезроқ бўшатиб, онангни ёнига югур, бўлмаса кечагидай яна таёқ ейсан, апанг ҳеч қайга кетмайди, хавотир олма. Тур, болам, онанггаям манави кампитлардан элт, – деб қўлига қанд-қурс тутқазди.
Феруз:
– Фақат мен бораманми, Файзи ҳам борсин, – деб хархаша бошлади. Файзулло:
– Мен бибимга қарайман, ҳеч қаёққа бормайман, – деб туриб олди.
– Фазикжон, тур, иккаланг ҳам бор, бугун бибингга мен қарайман, ишларингизни тез бўлинглару қайтиб келинглар, – дедим. – Ҳадемай аммаларинг келишади. Тушдан кейин далага бормайсизлар.
Болалар истар-истамас кетишди…
Гулшан опам онамга қўнғироқ қилиб қолди. Телефонни мен олиб, онамнинг номидан ўхшатиб гапирдим:
– Ҳа-а, балам, яхшимисан, домот яхшими, бачаларинг яхшими?
Опам пайқаб қолиб:
– Иби, Бону, сенми, ҳа, ўрисни шайтони! – деди қувонч аралаш таажжубланиб.
– Йўқ, қанақа Бону, у Ўрисда-ку, мен онангман, Гулшан, – дедим-у, ўзимни тутолмай кулиб юбордим. Опам ўпкаланиб:
– Ярамас, дадасини эркаси, нега бир оғиз айтмайсан келишингни? – деди.
– Қани, менсиз онам қандай яшаяпти, шуни билиш учун атай айтмай бостириб келдим, – дедим.
Опам қолиб, онам дарров изоҳ бера кетди:
– Мен яхшиман, болам, Ўзбекистонда ҳеч ким очдан ўлмайди, мени пошшойим боқади, – деди нафақасини назарда тутиб. – Лекигин пластик дегани қайдан чиқди, тамом баракага куя тушди. Бону, шу гаплар Маскапдаям борми? Пластикни насия пулидан юз минг ечиб, олтмиш минг нақд беради. Уям ҳаммагамас. Ҳей, бозорда биров насияга битта олма берармиди? Ана шу бемазагарчиликни пошшойимга айтиш керак. Билса бу ўғриваччаларни оёғидан осади. Кеча телевизўрда чиқди, худога шукур дедим, кулиб турибди, ҳали бардам. Байрам охирида ўйингаям тушди…
Пешиндан кейин бирин-кетин опаларим, жиянлар, поччалар, амаки-аммалар, ҳешу ақраболар, қўни-қўшнилар йўқлаб келишди. Ҳовли одамга тўлиб кетди… Соат олтиларда опаларим билан дадамни зиёрат қилгани сарихокка – мозорбошига ўтиб келдик…
Оқшом кетарман қўноқларни кузатиб, опа-сингиллар тонготар ҳангамалашдик…
Бир ярим йил ўтибди…
Қизиғ-а, бир муддатгина четга чиқсангиз уйингизда, ишхонангизда, юртингизда недир ўзгаришлар, янгиликлар рўй бериб, сиз ғафлатда қолаётгандай туйилаверади. Кетганимга шунча вақт бўпти-ю, яқинларим ҳаётида деярли ҳеч нима ўзгармабди, фақат йиллар болачаларни бироз улғайтирибди, холос…
Фақат онагинам озиб, кичкинагина бўлиб мункайиб қолибди…
Ёнида бўлсам бунчалик қартаймасмиди? Ё аксинча, менинг шўр қисматимга куйиб, аллақачон адойи тамом бўлармиди?
Қариндошлар бир жойда йиғилса, олижаноб туйғулар жўш уриб кетади. Опаларим янгам билан ярашишга ундаб, бири олиб, бири қўйиб одамгарчилик, бағрикенглик, мусулмончиликдан ваъз айта кетишди.
– Бир ой бориб эрини ёнида ишлаб келсин, ўшандан кейин гаплашаман, – дедим… У ҳам кечирим сўрамади. Балки, шу аразимиз яна қанча кўнгилсизликларнинг олдини олар…
Эртасига чарчоқлар ва уй соғинчи бироз босилгандан кейин Шоира опамга сим қоқиб келганимни билдириб қўйдим…
* * *
23 март
Шоира опам онамдан баттар кўйга тушибди, онажоним қарилик туфайли озиб кетган, мункайган бўлса, опажоним умидсизлик ва ҳақсизлик сабаб кўзлари киртайиб, тўзиб кетибди. Бир ҳафта ёнида бўлдим, кўнглини олишга уриндим, озроқ пул билан рўзғорига кўмаклашдим. “Совимоқ” деган феъл бор-а? Тандир совийди, тана совийди… Шоира опам ҳаётдан совиган эди. Фақат фарзандлари учун яшаётганди, холос. Шундай аёл-а? Тасаввур қилинг, барқ уриб очилган гулзорга биров мой сочиб ўт қўйса. Ёки шишажомдаги тилла балиқчани кулга ташлаб, чўп билан туртиб-суртиб ўйин қилишса…
– Аканг ҳалолман, тўғриман деб, пора сўрашганда узил-кесил рад қилди. Ўшанда отдан тушиб муомала қилганида, қуриб кетгур савил машиналаридан бир-иккитасини сотиб пулини тутқазганида шу кунлар йўқ эди. Ўйнашмагин арбоб билан, дейди-ку. Мана энди мениям, ўзиниям еди, болаларни айт, кўзларига қара, йўқ, бу боланинг кўзи эмас. Хўрлик эрта улғайтирган норасидага қарашдан кўра оғирроқ азоб йўқ экан дунёда.
– Опажон, бу кунлар ҳам ўтади, кўрмагандай бўлиб кетамиз, – дейман ўзим ҳам ишонмай. Опам руҳсиз алфозда яна тилга киради:
– Ўша дастлаб ҳукм ўқилганда “Ҳой инсон, айбим йўқ, дегандингиз-ку, нега ақл бовар қилмайдиган, қуюшқонга сиғмайдиган жиноятларни бўйнингизга олдингиз?” десам, “Ичкарида қонун йўқ экан, нима қилишганини сенга айтолмайман, шу кўйга солишадики, тезроқ жонимни олақол, деб худога ёлворасан. Ҳар қандай қоғозга қарамай қўл қўйиб берасан. Энди бўлар иш бўлди, мени кечир”, деб умрида кўзидан ёш чиқмаган эркак ҳиқиллаб йиғлаб юборса-я. – Шоира опам ютиниб, “уҳ” тортди.
– Опажон, “юқори”га мурожаат қилганларингиз ҳам… Опам беҳафсала қўл силтади.
– Ҳақиқат фақат осмонда экан, бандаси қўлга қарайди. Заринг ё зўринг бўлмаса, зоринг бўлар экан, холос. Бир куни кўришишга борганимда Икром акам бир гап айтди. Шундан кейин биров адолат қилишидан узил-кесил умидимни уздим. Айтишича, бир киши қотиллик ҳукми билан ўн етти йил ўтиргач, ҳақиқий жиноятчи топилибди. У четга қочиб кетган экан, мусофирликми, виждон азобими, бошқа сабабданми, ҳартугул, ўзи келиб иқрор бўпти. Бу хабар ичкарига етгач, “Энди сиз озод бўласиз, табриклаймиз”, десак, “Айнан шу қотиллик жинояти бўйича уч кишини қамашган эди, улар ҳам чиқармикан”, дебди. Қара-я, кимнидир айбдор қилиш керак бўлса, битта ўлим билан бир гала одамни айблаб, қамайверишаркан. Азбаройи ҳар бирига алоҳида жиноят иши очишга эриниб, ҳукмдаги исми-насабини ўзгартириб қўяқолишаркан. Ана сенга адолат!
* * *
Ич-ичимда бир қора оғриқ бор. Юрагим ёришмайди. Буни шарҳлаб тушунтиришнинг иложи йўқ. Дарвоқе, иложи бўлганда ҳам эшитадиган одамим йўқ.
Бир куни майда-чуйда олиб, киракаш ёллаб Хожа Уббонга жўнадим. Кетяпману хаёлимда “Ҳувайдо” бобом. Унинг оппоқ соқоли, ўсиқ қошлари, йилтироқ қўйкўзлари тасаввуримда жонланади. Киракаш мени суҳбатга тортмоқчи бўлиб бир-икки савол ташладию тайинли жавоб ололмагач, минғирлаб хиргойи қилганча йўлга қараб кетаверди.
Ниҳоят узоқдан тўнгакдай бўлиб таниш қудуқ кўзга ташланди. Етиб бориб бозорликни тушираётганимизда бир болакай чопиб келиб кўмаклаша бошлади. У менга қизиқиш билан синчков разм солар, гоҳида пешонасидаги оқ доғларини яшириш учун дўпписини тепасидан босиб-босиб қўярди.
– Сиз кимсиз? – деб сўради ниҳоят сабри чидамай.
– Ҳеч ким… – дедим унга кулимсираб қараб.
– Сиз ҳам даволангани келдингизми? – юзларимга ачиниб қаради болакай.
– Ҳа… дардимга даво истаб келдим, – дедиму қабр томон йўл олдим.
* * *
* * *
Мен юборган пулларни ҳалимкўнгил волидам зориққан опаларим, аммаю холаларимга “орттирганингда берарсан” деган шарт билан тарқатиб, ўзи нафақа пулини пойлаб ўтиргани маълум бўлди.
Гулшан опамнинг айтишича, акамнинг рўзғор беланчаги менинг ҳисобимдан тебранар, янгам лутфан онамни ўз ҳовлисига кўчириб чиқишидан муддао ҳам шу экан.
Жонҳалак онаизорим ким тўй-тўйчиқ қилса, албатта, бир томонини кўтарар, бир кун келиб улар ҳам менинг жонимга ора киришига ишониб, сўраган ақчасини тўяна қилиб тутқазавераркан.
Эҳ, онажоним-а, мен қай азобларда тийинлаб йиққанимни билмайди-да…
Оч-наҳор, юпун юрганимни айтмаганман, ўзимни ўйнаб-кулиб юргандек тутганман, балки, шу гапларимга ишониб қолганмикан?
Пул ўлсин, қўлнинг кири дейишади-ку, аммо усиз кун ўтмаса нима қилиш керак?
Мен сафар олди Шоира опамга қарашишни, укаларимнинг эгнини бутлаб, ярашиқли кийим-кечак олиб беришни ният қилиб қўйгандим. Чунки ҳув ўшанда бозорда эскифурушлик қилган аянчли кунларимиз доимо эсимда турар, қоп кўтариб кетаётган Шоира опамнинг майда тер босган пешонасию биров кўриб қолмасин деган андишада олазарак қараган кўзлари тушларимга кириб чиқарди.
Онамга нима дейман? Нимаям дея олардим?
Қариндошлар йиғилган куни баъзи бировлари ўзини тортиб тездагина жўнаб қолганининг сабабини энди тушундим. Гап айланиб пулга, “қарз”га уланмасидан олдин ўз эҳтиётларини қилишган экан-да.
Шундай қилиб, бир ярим йиллик меҳнатим ҳосили – Штатларнинг олти минг икки юз доллари хайру эҳсонга сарф бўлиб кетибди.
Илоё даргоҳида қабул қилсин!
Яхшики, онамнинг дори-дармони учун Гулшан опамга алоҳида пул юбориб турганман…
* * *
24 март
Сафаримни ўзим тез қаритдим.
Бобурга “Қайтамизми?” десам, “Жўрам уйланяпти, кейинги ой охирига етиб бораман”, деди…
Хайр-хўшлашиб, йўлга отландим.
Бу сафар бир ўзим Бухоро – Тошкент, Тошкент – Москва йўналиши поездига чиқдим.
Купедошларим – бир татар кампир келини ва невараси билан “Қайдасан, бахт маёғи?” деб саёҳатга чиққан, ҳамма сайёҳлар каби қизиқувчан, ҳайратланишга мойил эди. Мен умримда биринчи бор Ўзбекистондан шунчаки сайрга чиққан одамларни кўриб ҳайрону лол эдим.
Кампир мендан тинмай Қизил майдон, Лениннинг мақбараси ҳақида сўрар, кўрмаганимни, билмаслигимни айтсам, тилини чиқиллатиб, бош чайқаб “Ай, жалка, адам ҳийятга бир бара кила, ай жалка”, дерди.
* * *
Москвага етиб келиб, такси танладим. Бир ўзбек киракаш боражак манзилимни айтсам, савдолашмасдан рози бўлди.
Йўлда уёқ-буёқдан суҳбатлашиб кетдик. Кўпни кўрган, мулоҳазали, босиқ йигит экан. Мен биринчи учраган одамга айтиш мумкин бўлган гапларни такрорлар, кўнгилга ўргимчак тўри ташлаган ғашликдан ўзимни чалғитишга уринардим. Чунки поезддаги кампирнинг ҳайрати, келинининг мендан эҳтиётсираб нарсаларини беркитиши ёмон таъсир қилганди.
– Ўрисвойларга худо қўшқўллаб берган-да. Қаранг, сингил, ҳаммаёқ ўрмон. Ўзиям дунёни тўртдан бир қисми шуларники. Ерини тагида нефт билиқлаб қайнаб ётибди… – ҳамроҳимнинг не сабабдандир димоғи чоғ шекилли, сўзамол эди. – Шу ерларда Темур бова от ўйнатиб Тўхтамишни тизғитиб юрган-да… Қаранг, манави қишлоқчаларни – санаторий дейсиз.
– Сизнинг кўзингиз билан қараса, шунақадир…
– Тушунаман, тирикчилик кўйидаги темиртирноққа арча ўтин бўлиб кўринади. Лекин гўзалликни ҳис қилиб, ундан баҳра олиб қолиш керак…
“Гўзаллик… нима эди у? Кўпдан бери эшитганим ҳам, кўрганим ҳам йўқ…”
– Жуда тушкун, ҳардамхаёлсиз, – деди у мен томонга синовчан қараб олиб, – нима муаммо қийнаётганини билмайману, лекин ҳар қандай масала инсон ҳаёти олдида сариқ чақалигини тушуниб етганман. Парво қилманг, сиқилманг! Ҳаммаси ўтади. Мен ҳам қаттиқ ердан таталаб чиққанларданман. Кўрмаган куним қолмаган. Худога шукур, ҳаммасини енгдим… – у чуқур хўрсинди.
– Ҳа, чоҳлардан ўтиб олган одам ҳар қанча гапирса бўлаверади. Ўтаётган кишининг калласига эса бундай фалсафий фикрлар келмайди.
– Менга ишонинг, ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Ўзимизни назарда тутяпман, оққан дарё оқади. Бизда кучли шахслар кўп, ҳали юзага чиқса…
– Ажабмас, ажабмас…
Шаҳарчага яқин қолганда Володя амакига қўнғироқ қилдим:
– Мен келдим, уйга бораверайми?
– Боравер, боравер, ҳамюртларинг бор, калит ўзларида, – деган жавоб бўлди.
Етиб келгач, киракаш узуқ-юлуқ сигнал босди. Уйдан иккита бегона бола чиқди.
Пул санаётсам, таксичи:
– Синглим, иккита бегона эркак ичида қоласизми? – деди норози.
– Иккита эмас, тўртта. Нима қипти? Булар ҳам одам. Буларда ҳам опа, сингил, она бор, – дедим совуққонлик билан.
– Ҳа, нафс ҳам бор. Бегона эркакдан ҳар балони кутиш мумкин. Айниқса, бу ерларда. Биринчи келишингиз эмас экан, биларсиз, бизникилар қидириб юриб ўзимизникиларни қон қақшатишади. Ўзи қайси номард сизни кўчага чиқариб юборди? – деди қошларини уйиб.
– Тақдир, – дедим кулиб. – Насиба…
– Нима иш қиласиз бу ерда, қаерда ишлайсиз? – деб сўради ҳайдовчи узатган пулимга назар солмай.
– Ўтган сафар дўконда ишлаган эдим. Бу гал… билмайман ҳали, – дедим.
– Иттопмас жойларда, ёт одамлар орасида… ишингизни тайини йўқ… сизни кимга ишониб юборишди? – асаби бузилиб тўнғиллаганча машинасини ортга қайирди. – Бу ерда қолмайсиз… Қолдириб кетолмайман, – деди сўнг қатъий оҳангда.
– Нимадан хавотир оляпсиз? Тўртта эркак дейсизми? Мен ўн еттита йигит билан бир ярим йил яшадим мана шу уйда, – деб ҳовлига ишора қилдим.
У менга синовчан қараб туриб:
– Бўлиши мумкин эмас, унақа аёлга ўхшамаяпсиз, – деди.
– Ҳамма аёл ҳам сиз ўйлаган иш учун келмайди бу ерларга. Ҳаммани ўзию худоси… – деб машина эшигини очдим.
– Ўзингизга ишонасизми, ҳай? – у ҳам эшигини қиялатди.
– Мабодо терговчи бўлиб ишламаганмисиз? – аччиқ кулимсирадим.
– Йўқ, ўқитувчи бўлганман.
– Адабиётдан дарс берганмисиз?
– Йўқ, тарихдан.
– Мен ҳам ўқитувчи эдим, – дедим хўрсиниб. – Тил ва адабиёт…
– Унда нега келдингиз бу ерларга? Ўқитувчилигингизни қилиб юраверсангиз бўлмасдими?
– Муаммоларим бор, ҳал қилиб олай, қайтаман, – деб ерга оёқ қўйдим. У ҳам тушиб, юкхонадан сумкаларимни олди-да, қўлларини чўнтакларига тиқиб бетоқат турган ҳалиги йигитлар билан бош ирғаб саломлашди. Кейин мен билан Бобур яшаган уйгача юкларимни олиб чиқиб берди. Бош суқиб хонани кўздан кечираркан:
– Иш топиб, сизни бу ердан олиб кетаман, – деди.
– Нима учун, – дедим. – Менга бўлаверади, бу ерда доим қолмайман-ку.
– Шунчаки, ватандош бўлганингиз учун, бошқа гап йўқ, –деб гапга нуқта қўйди.
– Шунчаки яхшилик қиладиганларга ишонмай қўйганман. Яқинда бу ерга укаларим келади, улар ҳаммаси ўзимни уруғларим. Сиз хавотир олманг, ўзингиз айтгандай ҳаммаси яхши бўлади, – деб кирани узатдим.
– Керакмас, қўяверинг, уйим шу тарафда бўлгани учун сизни йўлакай олиб келдим.
Таксист телефон рақамимни олиб, уйдан чиқди-да, ҳовлида турган болаларнинг ёнига борди. Улар билан танишиб:
– Мен шу атрофда оилам билан яшайман, бу синглим бўлади. Мабодо бирортанг хафа қилганингни эшитсам, уйингга қайтиб бормайсан! – деди томдан тараша тушгандай.
Улар ҳам, мен ҳам ҳайрон бўлиб қолдик. Йигитлардан ёши каттароғи:
– Ҳамма ишлагани, оилам, болам-чақам деб келган. Бизни нима ишимиз бор бу аёл билан, – деди афтини буриштириб.
Ҳайдовчи:
– Мен огоҳлантириб қўйдим, – деди ва менга ташрифнома узатди, – исмим Алишер, бирор гап бўлса, дарров қўнғироқ қилинг, – деб машинасига ўтирди.
* * *
Уйга кириб, дастлаб онамга, кейин акамга қўнғироқ қилиб:
– Мен етиб келдим, ҳаммаси жойида, – деб кўнгил тиндирдим.
Сўнг қўл-бетимни ювиб, уйдан олиб келган нон ва сариёғдан нонушта қилганимча ёнбошлаб, кўзим кетиб, шу билан эртаси тонгда уйғонибман.
Эрталаб Володя амаки келгач, паспортим ва миграцион қоғозимни бердим. Рўйхатдан ўтказиб, патент тўғрилаш учун Мигрантлар хизмати бўлимига кетди.
Володя амаки шу ерда туғилиб ўсган аслзода руслардан. Ҳафтада бир қурилишдан хабар олгани келавериб мен билан яқин бўлиб қолган қизи Светанинг айтишича, у ёшлигида офицер бўлган, лекин қайси тизимда ишлашини ҳатто рафиқаси ҳам билмаган.
Алоҳида хизмат автомобили гоҳида ярим тунда келиб олиб кетар, у эзилган, чарчаган аҳволда қайтиб келаркан. Йигирма йил мобайнида сирли хизмат ўтаган офицер 1996 йил кузида ишсиз қолади. Айни шу паллада Россияда ўлим жазоси бекор қилинган, олий ҳукмни ижро этадиган жаллодлар қатори Володя амаки ҳам истеъфога чиқарилган экан.
– Ажаб, – дейди қизи, – ишга кетяпман, деб портфелини кўтариб одам ўлдиргани бораркан. Касбни қара, Бона (у мени ўзига яқин олиб шундай атарди), қўли қон уйга қайтиб, бизни манглайимизни силаб эркалатаркан, бир дастурхонда тановул қиларканмиз. Қотиллиги эвазига топган пулига менга йиғлайдиган қўғирчоқ, акамга пўкакли тўппонча олиб келганда қувониб ўйинга тушганимизни эсласам, ҳалиям юрагим музлаб кетади. Уни миясини айнитган воқеа шуки, нафақада зерикиб, ов билан ўзини овутиб юрган пайти Рязанда бир аёл билан тасодифан учрашиб қолади. Аёлнинг отаси Андрей Кравченко деган одам ҳам суд ҳукмига кўра қотилликда айбланиб, отиб ўлдирилган экан. Кейинчалик маълум бўлишича, асл қотил машҳур Чикатило бўлиб, шўрлик Кравченко жувонмарг кетгани аён бўлади. Жабрдийда аёл дадамнинг кимлигини, касби-корини билмасдан ўз ўтмишини айтиб бергани аниқ. Лекин падари бузрукворим ўша аёлнинг гапларини такрорлай-такрорлай ақлдан озишига сал қолган: “Дадамга отилган ўқ оиламизни, бизнинг болалигимизни, эътиқодимизни ўлдирди…”
Умуман олганда, амаки бадқовоқ бўлса-да, яхши одам. Уйидаги ишчиларнинг ҳужжатини ўзи тўғрилайди, полис ва рэкетдан ҳимоя қилади, иш билан таъминлайди. Ўзи иш мавсумида ароқ ичмайди ва болаларни ҳам ичишга қўймайди. Фақат байрамларда, айниқса, Янги йилда бир ҳафтача уйидан чиқмай, кечаю кундуз сурункали ичади. Бунақа ароқхўрлик, худога шукур, бизда ҳозирча урф эмас. Мен Володя амакининг “майзада” бўлганини ўз кўзим билан кўрганман. Қишда уйқуси бузилган айиқдай айқириб, гангиб, йиқилиб-суриниб юрганини, шишани тик кўтариб бўшатганидан кейинги қилиқларини кўриб одамзод қандай тубанлашиши мумкинлигига амин бўлганман.
Бу аҳволда инсон ҳар қандай жиноятга қўл уриши, ўз жонига қасд қилиши, жаҳон урушини бошлаб юбориши ҳам ҳеч гапмас.
Шундан кейин ғайриинсоний ваҳшийликлар ҳақидаги хабарлар мени таажжублантирмайдиган бўлди.
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.