Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
13 апрель

Эрталаб кўзимни очсам, ҳеч ким йўқ. Рўпарамда юмронга ўхшаб бир бегона эркак ўтирибди…

Ётган жойимда салом бериб, “Сен Игормисан?” деб сўрадим. Тасдиқ олгач, “Мен кеча кечқурун келгандим, сенинг ўрнингни вақтинча беришди, узр”, деб турмоқчи бўлгандим, у қўймади:

– Ётавер! Қаердан келдинг? Бу ерни қандай топдинг? – деб тамаки тутатди.

– Лена опкелди… Қолганлар қани?

– Улар ишга кетган.

Бурним битиб, кўзим ёш ташлаяпти. Бошим тарс ёрилай дейди, қулоқларим батанг…

– Шамоллагансан, ухла, – Игорь бир пиёла иссиқ қаҳва берди-да, ҳозир келаман, деб чиқиб кетганича икки соатларда қайтди. Қўлида ҳапдори, нон, картошка-пиёз.

Мен дорини ичиб уйқуга кетдим.

Тўрт кун деганда сал-пал ўзимга келдим. Оёқларим шишгани қайтиб, бош оғриғим қолди. Ўрнимдан туриб қарасам, столда Игорнинг гугурт қутисидан сал тикроқ телефони ётибди. Қувониб кетдим. Эгасидан сўраб қўлимга олдиму, бирдан дами чиққан пуфакдай шалвирадим-қолдим. Ҳамма танишларим телефонимда исми билан сақланганидан ҳечам рақамига эътибор бермаган эканман. Номлар қандай жойлашган, ҳарфлар қай тартибда терилганигача ёдимда турибди, лекин бирорта рақамни эслолмадим.

Ишинг тушса тўнғизни тоға де, зора-мора Дилбарга улансаму телефонимни обкелиб берса, деган мақсадда ўз рақамимни тердим: ўчирилган… Сўнгги умидим ҳам ўчди…

Терлаб-пишиб, жун рўмолидан буғ таратиб, халта ортмоқлаган Лена кириб келди.

– Бугун иш унча юришмади, – деб ўзини курсига ташлади у.

Ўйлаб ўйимга етолмайман… Булар шу афт-боши билан қаерда ишлашар экан? Нега бунақа жойларда яшашаркан? Қариндош-уруғлари, бола-чақалари йўқмикан?

Хоналарни супуриб, идиш-товоқларни ювиб, бўш шишаларни, чиқиндиларни қоғозхалталарга босиб, кўчага чиқариб қўйдим. Нимаики топсам ҳаммасини қозонга солиб, макаронпалов пиширдим.

Кечки пайт олти кишига атаб овқатни суздим. Бирига ликопга, бирига косага, бошқасига елим идишга… Ҳамма ҳаққига рози. Мақтабмақтаб ейишди. Биринчи Игорь бошлади:

– Ана энди аёл борлиги маълум бўпти бизни саройда ҳам, – сўнг Лена билан Аннага қараб, – ўрган сенлар ҳам Бонудан рўзғор тутишни, – деди ёғли лабларини чапиллатиб.

Лена қўлини зўрға кўтариб, “менга барибир” дегандай қисқа ва паст товушда “аҳ”, деб қўйди. Анна оғзи тўла макарон билан бир нималар деб чайналди-ю, гапини англаб бўлмади. Лекин авзойидан Игорнинг луқмаси унга камситишдек туйилганини пайқадим. Бу лутфнинг аччиқ оқибати узоқ куттирмади: таом еб бўлингач, Анна: “Бас, эркакларга маъқул экан, бугундан бошлаб икки маҳал овқат пишириш, идиш-товоқни ювиш, хонани йиғиштириш сенинг бўйнингда! Албатта, ишдан кейин!” деб ҳукм эълон қилди. Эркаклар бош ирғаб тасдиқлашдан нарига ўтишолмади.

Ҳа, бу “ғор”даги тўдада матриархат ҳукмрон экан…

* * *
14 апрель

Эртаси пешинга яқин қароргоҳда фавқулодда жонсараклик аломати пайдо бўлди. Фаҳми ожизимча, хонадошларим қандайдир ҳурматли меҳмонларни кутишга тараддудлана бошлашди.

– Ароқ ўз йўлига, пивони кўпайтириш керак, шеф ароққаям пивони қопқоқ қилади, – деди Лена Игорнинг қўлидаги пулга қараб, – Гитлер ҳам, Ленин ҳам фирқасини пивохоналарда тузган… Газагига қоқбалиқ!

Уларнинг ўзаро гапидан қандайдир фирқа тузиш, сайловда қатнашиш ва яқин келажакда ҳокимиятни қўлга олиш мақсадини илғаб, дилимга ғулғула тушди. “Оббо, йигит бўлсанг, сиёсат билан ўйнашма, қиз бўлсанг, сиёсатга тегма, деган нақл бор эди-ку. Бир ками мухолифатчи тамғаси остида кафангадо бўлиб кетишим қолувди”.

Ҳайтовур, булар сиёсат ишига ҳушёр эмасми, маслакдош йўлбошчилари ташриф буюргач, мени ширин сўз билан ташқарига чиқариб юборишди. Уч-тўрт соат ер тепиб, қонимни юрғизиб, майда болаларга эрмак бўлиб юрдим.

Раҳнамолар кетишгач, ертўлага тушдиму яна сиёсатчиларга хос қизиққон баҳс-мунозарага гувоҳ бўлдим. Лена мен томон ола қараганини сезиб, Анатолий:

– Лена Павловна, буям бизга ўхшаган йўқсил, балки, фирқамизга номзод сифатида қарармиз. Бемалол фикрингизни ифода этаверинг, марҳамат, – деди зодагонларча лутф кўрсатиб.

– Эҳ, Анатолий Аркадьевич, биласизми, азизим, улуғ руснинг кўнгилчанлиги ва бағрикенглиги унинг энг катта душманидир. Ҳа, майли, нима деётувдим?

– Мисрдаги заббалинлар асос солган Маншиёт-Носир шаҳридаги йўқсиллар ҳаракати ҳақида гаплашаётувдик.

– Улар ҳам биздек насроний экан, имкон қадар тезроқ вакил йўллаб, биродарларимиз билан алоқа ўрнатишимиз даркор! Шу тариқа аста-секин бутун дунё инқилобини амалга оширамиз!

– Йўқолсин олигархлар! – Анна кўпириб турган пиво шишасини тўқиштириш учун узатди.

– Яшасин йўқсиллар! – Игорь узатилган шишага оҳиста чертиб қўйди.

– Ўзбек, сенга фирқамиз низомини берсак, она тилингга ўгира оласанми? – Лена Павловна кўрсаткич бармоғи билан столда ётган бир тахлам қоғозга ниқтади.

Ана энди ростмана уйим куйди! Мен шўрликни уюшган жиноятчилар тўдаси очиқдан-очиқ ҳамтовоқ қилиб олмоқчи!

– Йўғ-е, мен… ҳали русчаниям яхши билмайман… сиёсий онгим паст… тайёр эмасман…

– Қўяверинг, муҳтарама Лена Павловна, энг муҳими, унинг ижтимоий келиб чиқиши, бугунги даражаси ўзимиз қатори. Вақти келиб тарбиялаб, тўлақонли тарғиботчига айлантирамиз…

Ўзимни қўлга олишга, ваҳимамни босишга қанча уринмай, ички титроқ ўпкамни бўғзимга кўтарарди. Қайси инқилоб халққа ёруғлик олиб келган?

Биринчи имконият туғилиши биланоқ бу худо урган халқаро бузғунчилар бош штабидан жуфтакни ростламаган номард!

* * *
15 апрель

Тонг қоронғисида Лена оёғи билан туртиб уйғотди:

– Ўзбек, тур, ишга кетамиз!

– Қаёққа ишга? – кўзимни бир амаллаб очдим.

– Тур, борсанг кўрасан!

Қизиқ, қаерда ишлашар экан булар?

– Майли, фақат соат саккизгача, кейин ўзимни ишимга боришим керак, – дедим…

– Қаерга?

– Озарбойжон ошхонасида ишлайман. Саккиздан саккизгача.

– Кўрамиз. Саккизгача бормисан, йўқмисан…

Йўлдан ўтиб, кейинги кўчадан шаҳар марказига қараб юрдик. Лена бир ўриндиқ олдига ўрнатилган махсус ахлат қути ёнида тўхтаб, титкилай кетди. Чиқинди тубидан елимшишада яримлаган пиво қолдиғини топиб кўзлари чарақлаб:

– Оҳ, ўзбек, қара, нимани қўлга киритдим? Ҳали музлаб улгурмаган экан, – деди-ю данак топган тентакдай севиниб, ҳузурдан кўзларини юмиб, ғўлт-ғўлт ютди.

– Лена, ҳозир ишга борасан-ку, сени шу аҳволда қўйишадими? – дедим таажжубланиб.

– Яна қанақа ишга? Галварсмисан, ўзбек? Ишга келдик-ку, – деб қўйиб, бошқа қутига шўнғиди.

Унинг ёнига келдим:

– Нима қиляпсан?

У қаддини ростлай туриб:

– Нега довдирайсан? Овсармисан нима бало? Бу қутилар хазинани ўзгинаси. Бахтингни шуни ичидан қидир. Мени эгни-бошим, устимдаги манави чакмон ҳам шу мўъжизалар майдонидан топилган. Сен оқбилагойимни қара-ю! Бор, анави қутини титкила, биров келиб ризқингга чанг солмасдан бурун керакли нарса бўлса йиғиб-териб ол, – деди буйруқ оҳангида.

– Ким? Менми?

– Ҳа, сен-да, ўзбек, ўзингни ким деб ўйлаяпсан? Аҳволингга бир қара, мендан баттарсан, тез бўл! Бўлмаса бугун ҳеч нима емайсан, – Лена очиқдан-очиқ дағдағага ўтди.

– Бу менга тўғри келмайди. Худо кўрсатмасин, бирорта юртдош кўриб қолса, шарманда бўламан, ундан кўра ўлганим яхши, – деб ўгирилиб кета бошладим.

– Тўхта, сени ўзбекларинг ҳам изғиб юришади шу ерларда, тўхта дедим сенга! Қайга борасан?

Индамай кетавердим. У ортимдан келиб, бўйнимдан қайириб, чалқанча йиқитиб, босиб олди.

Тасаввур қилинг, чиқиндилар майдонида башараси ичкиликдан бўғриқиб кетган увинтўда дайди мени йиқитиб, ваҳшат билан вишиллаб ётибди. Яхшики, шаҳар ҳали уйғонмаган, кўчада зоғ йўқ. Дераза-перазадан кўзи тушган саҳархез “Иккита дайди насиба талашиб, муштлашиб ётибди”, деган хаёлга бориши тайин.

Яқинда дард чекиб энди оёққа турганим сабаб Ленани ағдарадиган дармоним йўқ.

– Кўрнамаксан, ўзбек, ўша куни кўчадан сени топиб уйга опкелмаганимда ўзинг ахлатни ичида тарашадай музлаб ётган бўлардинг. Ҳеч қайга кетмайсан! Аввал қилган яхшилигимни қайтар, кейин ўйлаб кўраман!

– Қандай қайтарай? – бир амаллаб панжасини бўғзимдан ажратдим, энди гапим тушунарли чиқди, – устимдан туш! Ана, полиция келяпти.

У ётган жойида юк машинасининг қорасини кўриб, чалғиди шекилли, ёнбошга ағдарилди.

Енгил тортдим. Ётган еримда хотиржам гаплашиб, келишиб олмоқчи бўлдим.

– Ленажон, яхшилигинг учун катта раҳмат. Бир куни албатта қайтараман. Ҳозир менга рухсат бер, ишимга борай. Қайтишда пиво олиб келаман.

– Майли, бор, лекин билиб қўй, биздан қочиб кетолмайсан, – у ўрнидан туриб, қўйнига қўл тиқиб яшил паспорт чиқазди, – мана, қара, Ўлмас Кашшейни жони тухумда, ўзбекники ҳужжатда… Ҳеч қаерга кетолмайсан!

Шу вазиятда нима қилишим керак? Нима қила оламан? Бу урғочи айиққа кучим етмаслиги аниқ. Мабодо бирор нарса билан уриб йиқитсам, кимдир кўрса, қамалиб кетишим ҳам ҳеч гапмас. Ўзи кўрмаганим ўша панжара орти қолди… Бўшашдим:

– Ленажон, хўп, сенинг гапинг гап. Ишимга борсам бўладими, рухсат берасанми?

Лена жаҳлидан тушди. Яхши гапга илон инидан чиқади. Пойчўкир бўлиб рухсат сўраганим унга чўчқа ёғидай ёқиб кетди.

– Майли, бор, яхши ишла, саккиз яримда уйда бўл… пиво билан, – деб паспортимни яна қўйнига урди.

* * *

– Ўрнингга бошқа одам олдик. Олти кундан бери қайда эдинг? Сени танимасак, билмасак, туғишганимиз бўлмасанг, абадий кутолмаймиз-ку! Телефонга жавоб бермасанг, нима қилиш керак? – озарбойжон эркакнинг ёнига хотини келиб, менга ачинишми, жирканишми кўзи билан бош-оёқ қараб чиқди-да, бурнини жийириб, ҳавони қисқа-қисқа ҳидлаб, гап қўшди:

– Мабодо иш бўлганда ҳам сени бу турқи тароватинг билан икки дунёда яқинлаштирмасдим. Қайси гўрдан чиқиб келяпсан? Бу ер ошхона, молхона эмас, тозалик, гигиена деган нарсалар бор, эҳтимол эшитгандирсан, – аёл энди авжга минмоқчи эди, эри билагидан тутиб, тинчлантирди:

– Бас, Адила, буям мусулмон, буям қардош. Зулм қилма! Бирор фалокатга дуч кепти, шекилли, бечора…

* * *
16 апрель

Очиғини айтсам, мен бундан ортиқ такаллуфни ҳам кутмаган эдим.

Чиқмаган жондан умид деганларидай, бир бош суқиб кўрай, ҳайдалган бўлсам, бошқа жойдан иш топиб беришар, деган ўйим бор эди. Аммо… мен ақли ожиз ўз кўринишимни, “турқи тароватимни” ўйлаб кўрмаган, дайдилар орасидаги олти кунлик ҳаёт нуқси туриш-турмушимга уриб кетганини сезмаган эканман.

Шу қиёфада дорилфунунни тамомлаган олий маълумотли филологман, китобсеварман, шеърият шайдосиман, “Ҳувайдо” бобонинг неварасиман десам ким ишонади?

Беш йил олдин ўзбекнинг сарвқомат гўзали эдим, бенуқсон қизи эдим, ҳаммага севимли, барчага ёқимли бетимсол сулуви мен эдим, ҳусну чиройимга ўз опаларим кунлашарди, кўчага чиқсам мени кўрганларнинг сўзи оғзида қоларди, даврага кирсам бир муддат жимлик чўкарди, бир вақтлар гўзаллик танловлари ғолиби эдим, бахтиёр эдимки, еру кўкка ишонмайдиган, тушимда ҳам қизғонадиган, эртаклардан чиқиб келган Тоҳирдай севгилим бор эди… армоним йўқ эди, деб айтсам кулгига қолиб, телба номини олишимга ақлим ҳартугул етади.

Бу ерларда шунчаки кун ўтказиш учун юрганим йўқ, юзи шувут бўлиб юртидан қочиб келганлардан ҳам эмасман, қишлоғимда мунис онам бор, шаҳримда шўрпешона Шоира опам бор, қоракўз, қорақош жиянларим жовдираб йўл қараб турибди, шуларга кўмак берай, уч-тўрт танга ҳалол пул топай, инсон бўлиб дунёга келганимни ўзим учун оқлай… ғаразим шу… деган гапимга фақат масхара ва ҳақорат жавоб бўлиши муқаррар.

* * *

Йўл четидаги ўриндиққа ўтирдим.

Бирдан ўзимни ниҳоятда ҳорғин, кераксиз ва қартайган ҳис қилдим. Олдимдан одамлар дарёдек оқиб ўтяпти. Одамлар дарёси ичида бир қултум эътиборга муҳтожман, одамга зорман.

Бошимни суянчиққа бериб, бир муддат хаёлни озод қўйдим. У қуш каби айлана-айлана яна хотиралар осмонига кўтарилди.

Бахтхуш талабаликнинг сархуш кунларидан бирида мана шундай ўриндиқда не сабабдандир кечикаётган Олмосимга илҳақ ўтирардим. Балки, ўшанда у жудаям узоқ куттирмагандир, лекин биласиз-ку, севган юрак бесабр бўлади, лаҳза санайди. У ниҳоят келди. Мен сурилиб, кафтимни ўриндиққа қўйиб, жой кўрсатдим.

Келиб ўлтирдию илкин чекиб ёнидан жой берди…

Олмоснинг димоғи чоғ эди: байтни шавқланиб шарҳлади:

– Қаранг-а, Бонужон, нақадар ҳаётий! Беш юз йил ўтса ҳам тирик, мана, сизнинг ҳаракатларингиз шу сатрни эслатди… Қаранг, қандай гўзал руҳий ҳолат!

“Илкин чекиб…” Бу Лутфийданми ё Огаҳийданмиди? Кўпроқ Навоийга тортяпти…

Қани талабалик даври давр бўлсаю сим қоқиб Олмосдан сўрасам. У беозор ҳазил аралаш “Ўткан кунлар”дан ўзлаштирма иқтибос келтирмасмиди: “Нега ҳеч нарсага етмаган ақлингиз шу масалага келганда ҳам оқсайдур, Бону? Ахир бу байт фалон шоирнинг фалон девонидан-ку, эсиз шунча сабоқ, эсиз шунча соч”…

Шууримда бир фикр учарюлдуз каби шуълаланиб, чақнаб ўтди: тўхта… Навоий… Алишернинг телефон рақами… Ҳазратнинг таваллуд санаси сон тартибида терилганди…

Ошхонага қайтиб, озарбойжон эркакдан телефонини илтимос қилиб олиб, титраб-қақшаб, ичимда дуо ўқиб, худога ёлвориб рақам тердим. Аллоҳим меҳрибон: Алишер биринчи чақирувдаёқ уланди. Мен эканлигимни билгач, “Бир дақиқа, ҳозир, йўл четига тўхтаб олай”, деди. Озарбойжон тезроқ бўл, пулим кетяпти, дегандай тақалиб қараб турса-да, Алишерга “Ўзингиз қайтарворинг”, деёлмадим – алоқа узилиб қолишидан, у қайтиб тушолмаслиги хавфидан қўрқиб, бўлган воқеани, шароитимни имкон қадар қисқача ва шошилинч тушунтириб, қаердалигимни айтдим. “Ҳозир етиб бораман, у ошхонани яхши биламан”, деди у ҳам ҳовлиқиб.

Ярим соат ўтар-ўтмас сариқ такси катта тезликда келиб йўл четида тўхтаб, аллақандай саросима ичида Алишер тушиб келди.

Машинага чиқдим. У индамай газни босиб борар, ҳар замонда бош чайқаб, рулга мушт уриб қўярди. Ниҳоят, ертўлага етиб келдик. Алишер ўнг томонга ёнбошлаб, машина сандиқчасини очди-да, қора тўппончани олди. Менинг эсхонам чиқиб кетди. Саргузаштларим қотиллик билан якун топмаса, мени деб бир йигит жувонмарг бўлиб кетмаса, деган фикрда унинг қўлига ёпишдим.

У:

– Қўрқманг, одамни ўлдирмайди, деярли ўйинчоқ, пневматик тўппонча, – деб ўзини ертўлага урди.

Қулоғим динг, машинада бетоқат ўтирибман. Ҳарқалай, ўқ овози эшитилмади. Алишер тез қайтиб чиқди. Лена ҳали “иш”дан қайтмаган экан. Машина боя “курашган” жойимизга қараб ўқдек учди.

Тўдабошини тепароқдаги ахлатхонадан топдик. Қоп устида ўтириб топган-тутганлари билан ўзини меҳмон қилаётган экан. Мени, Алишерни, тўппончани кўргач бирдан ҳушёр тортиб, индамайгина паспортимни узатди.

* * *
18 апрель

– Чўмилиб, манавиларни кийиб олинг, опа, – Алишернинг хотини қўлимга каттагина сувқоғоз халта тутқазди, – кейин ўз кийимларингизни халтага жойлаб, кўчадаги чиқинди қутисига ташлаб келарсиз…

Ҳовли этагидаги ҳаммомга кириб борки ғуборларимдан халос бўлайин деб узоқ чўмилдим. Очиғи, бундай ўзига тўқ, мулкдор ўзбекни биринчи кўришим. Олигархлар, мафиозлар ҳақида эшитганман-у, аммо бирорта қадди тик юртдошни учратмагандим.

– Бир иш бор, Бону, – деди эртаси нонуштадан кейин Алишер дўстона, – номи хунуг-у, ишончли хонадон.

Турли “номи хунук” жойлардан юрак олдириб қўйганимдан юзимда ҳадик пайдо бўлди шекилли, у енгил кулиб қўйиб, изоҳ берди:

– Номи хунук деганим – лўлиларнинг хонадони. Лекин бой, тартибли, яхши одамлар. Халқда “Лўлини эшагини суғор, пулини ол”, деган гап ҳам бор… Биздан унча узоқда эмас, хабарлашиб туришимизга ҳам ўнғай. У куни менга Макар “Бизга хизматчи керак, сени ўзбекларинг яхши, ичмайди, чекмайди, қўли эгри эмас. Шунақалардан бўлса топиб бер”, деганди. Ўзлари олтин бизнеси билан шуғулланишади, тилла дўконлари, заргарлик устахоналари бор.

Тавба, лўлининг ҳам яхшиси бўларканми? Булар қайда бўлса товламачи, от ўғри, фолбин, тиланчи бўлади деб ўйлардим. Олам – ҳодис, одам – турфа. Бўлса бордир, Алишер кафилини олиб турибди-ку…

– Кетдик, – дедим, – тезроқ борайлик, уям эгали бўлиб кетмасин…

* * *

Икки тавақали кунгирадор дарвозадан кираверишда хоразмча долонга ўхшаган зал. Биринчи қават тўрида чол-кампирнинг ётоқхонаси. Этак тарафида баскетбол майдончасидай келадиган меҳмонхона. Яна битта чоғроқ оилавий емакхона ҳам бўлиб, кенг деразадан ҳовлидаги усти шишаванд боғни томоша қилиб ўтириб, таомланасиз.

Ҳа, ҳовли деганимиз томоша қиладиган даражада. Турли чинни ҳайкаллар, осмонга сув пуркаган балиқ фавворалар, мовий ҳовузчаларда тилла балиқчалар думларини ҳилпиратиб шоирона ўйга толган, тустовуқ, товус, қирғовул каби паррандалар гердайиб сайр қилиб юради.

Гуллару буталарга шу қадар ишлов берилганки, биттаси Эйфель минорасини, бошқалари турнақатор таборни эслатади. Бир арчага гитара шакли берилган, бошқаси ечиб ўтлоққа ташлаб қўйилган шляпанинг ўзгинаси. Хуллас, боғ эмас, нақд ажойибхона дейсиз!

Келган куним уй бекаси – кўзлари чақчайган қорамағиз кампир ҳар бир хонани кўрсатиб, бу кимга тегишли, кимга атаб қурилган, шу вақтгача ким яшаган каби маълумотларни санаб ўтди. Шунингдек, уйни безаб турган жиҳозлар қаердан келтирилган, нархи қанча, буюмларни нима муносабат билан кимлар совға қилган, улар оила учун қай даражада қийматга эгалигини алоҳида мижғовланиб уқтирди.

Чол-кампир кенжа ўғли Макар, келини ва тўрт яшар эгизак невараси билан яшаркан.

Катта ўғиллари ва қизлари уйли-жойли бўлиб, ҳар якшанба куни йиғилиб келишаркан.

* * *
19 апрель

Биринчи кун тонг ёришмасидан кампир назоратида ётоқхоналардаги кўрпа-тўшак жилдларини янгилаб, гиламларни чангютгичда тозаладим. Кейин полларни ювиб, жиҳозларнинг ғуборини артиб, хоналарни шамоллатиб чиқдим.

Иккинчи қаватда жойлашган эгизаклар хонасидаги дунё харитаси диққатимни тортди. Бу харита билан мен ҳам болалигимдан танишман. Айнан шунақасини дадам шаҳардан олиб келиб дарсхонамиз деворига ёпиштириб берган эди.

Амакию аммамларнинг қизлари ва тенгдош дугоналар билан қишнинг узун кечаларида бир жуғрофий ўйин ўйнардик: айтайлик, мен “Италия” дейман, харитага тескари турган Рухсора дарҳол қайрилиб, “Рим” деб пойтахтини кўрсатиши, кейин “Рим” “м” ҳарфи билан якунлангани учун “Малайзия”, “Миср”, “Монголия” каби давлат номини айтиши, мен ҳам бошкентини дарров топишим керак бўлади. Гоҳида менинг шайтонлигим тутиб, йўқ мамлакатнинг номини айтиб ҳаммасининг жиннисини чиқарардим…

Кампирнинг айтишича, жавонлардаги ҳар хил рангдаги юзлаб қимматбаҳо тошлар Африка ва Ҳиндистондан келтирилган бўлиб, болалар руҳиятини тинчлантирар эмиш.

Ундан ҳам қизиғи, хонада телескоп, дурбин, микроскоп ва яна мен умримда кўрмаган турли хил техник буюмлар қалашиб ётибди.

Булар бир пайт ўғилларининг эрмаги бўлиб, эндиликда оилавий мерос сифатида кичкинтойларга қолган, улар мурғаклигидан шундай ускуналарга ошно ўсишса, дунёқараши кенг шаклланади, деб тушунтирди кампир.

Ичимда, “Қойил, лўли момо”, деб қўйдим.

Бу халқ табиатан ялтир-юлтирга ўч бўлишини билардим, лекин кўзгуга ишқибозлигини энди кўрдим. Кийиниш хонасининг ўзида олтита кўзгу. Кийим-кечаклар жавони эшигиям ойнаванд, безаниш учун мўлжалланган тўмбалару камод ҳам ойнадор, дам олиш хонасида ҳам гирдо-гирд ойна…

Билдим, лўлилар кўзгуга қараб фол очишади, яна аллақандай қора сеҳр-жодули машваратлари бор.

Деворларда ноёб ва қимматбаҳолиги яққол кўриниб турган ромли суратлар қатор илинган. Булар ягона нусха бўлиб, ким ошди савдосида қозонилган экан.

Ҳамма кийим-кечаклари Туркия ва Ҳиндистондан келтириларкан…

Гиламларига оёқ қўйсангиз майсада юргандек ботиб кетасиз. Мана, шерози гилам, манавиниси туркмани…

Лўли, лўли деймиз-у, бунақа ҳашам унча-мунча ўрис бойида бўлмаса керак деб ўйлаб қолдим.

Дам олиш хонасидаги иккита эчки ҳайкалчаси ва бир кемача эътиборимни тортди. Эчкичанинг бирини қўлимга олиб, уёқ-буёғини айлантириб, тагидаги “999” тамғага кўзим тушиб, сергакландим.

– Ҳўппа!.. – кампир бақира кетди, – тегма-тегма! Бу буюмларга мени назоратимсиз, рухсатимсиз болаларим ҳам тегмайди!

– Нега?

– Синади, – деди у қўлимдан ҳайкалчани оларкан.

Мийиғимда кулги билан кампирга айёрона қараб:

– Тилланинг “999” тамғалиси эгилади, букилади, бироқ синмайди, – дедим.

– Сен буни қаердан биласан? Уйимда қанча хизматчи яшади, лекин бирови шуни тиллалигини пайқагани йўқ, – яна қайта сўради, – сен қаердан билдинг?

– Бобомда бўларди…

Бобом раҳматли энг соф тилла “999” муҳрлиси бўлади, дегани қулоғимда қолган. Мен кўрганларим кичикроқ чойнакнинг қопқоғидай келадиган танга бўлиб, эҳтиёт юзасидан мум билан қопланган эди…

Бир куни мактабдан келсам, бобом ерга ёзилган белбоғига энгашиб, ниманидир синчиклаб томоша қиляпти. Бир қулоғи учган, нимдош сопол кўза ёнида увадаси чиқиб кетган пахта, латта-путталар сочилган. Чўнтак соатидай келадиган қора лаппакчалардан бири пишган ёнғоқ пўстлоғидай ёрилиб ётибди. Бу нима, деб сўрасам, бобом индамай кафтини очиб, тўлин ойдай ярақлаган тангани кўрсатди… Ўшанда: “Булар асл тилла, муҳри йўғ-у, “999”дан тозароқ… Лекин зинҳор-базинҳор ҳеч кимга оғиз очма”, дедию бир зум кўзларимга қаттиқ қараб, “Агар мени яхши кўрсанг”, деб қўшимча қилиб қўйди.

Кампир биринчи қаватга тушиб, тез қайтиб чиқди-да, чўнтагидан танга олиб, менга кўрсатди: “Шунақамиди?”

Танидим, худди ўзи!

– Ҳа, – деди кампир, – бу тангаи ашраф, бухорий тилла… Жаҳонда энг қадрли олтин шу бўлади…

Мен:

– Қандай қилиб бизнинг танга бу ерларда юрибди? – десам, у айёрона кўз қисиб:

– Бу давлат сири, тилланинг ва лўлининг ватани бўлмайди, – деб тишларини ярақлатиб кулди.

Кейин жиддий тортиб, ҳукмфармоликка ўтди:

– Бориб чўмилиб, уст-бошингни алмаштириб кел, болаларга нонушта тайёрлайсан.

Эгизакларга ширгуруч, келинпошшо Ларисага сабзи шарбати, Макарга қовурилган колбаса ва тухум, чолга қайнатилган сосиска билан қора увилдириқ, кампиршога эса сули ёрмасидан бўтқа…

Битта нонуштага шунча ҳаракату шунча харажат…

Мен ҳаммадан кейин емакхонага кирдим.

– Нима хоҳласанг олиб еявер, музлатгичда тунов куни Алишер аканг обкелган ўзбекча колбаса бор, ҳаҳ, оти нимайди-я, – кампир пешонасига бир кафт уриб олди, – ўшандан хоҳлаганингча е, бизга тўғри келмайди – отгўштидан экан, барибир ташлаб юборамиз, – кейин биттадан идиш-товоқ, қошиқ, санчқи ажратиб, мен томон сурди, – бугундан бошлаб мана шулар сеники, гигиенага риоя қил!

Ҳақиқатан, ҳар бир одам, ҳаттоки эр-хотин учун ҳам алоҳида коса-ликоп бўлишини тўғри қабул қиламан. Алам қилгани, мени давраларига қўшишмагани, ошхонада ёлғиз қолиб кетганим бўлди.

Энди келиб-келиб лўлининг қўлига қараб хор бўлиб ўтирсанг-а… Лўлиям сени одам сонига қўшмаса, ундан ёмони йўқ экан.

Музлаткични очиб, ўзимга егулик изладим. Икки дона тухум олдим. Қарасам, қайнатилган қази ва мол тили бор экан. Тухумларни жойига қўйиб, улардан икки япроқдан кесдим. Кўк чой дамлаб, нон олдим…

Бироқ негадир иштаҳам тортмади. Бир бўлак тилни оғзимга солиб узо-оқ чайнаб, зўрға ютдим. Қазининг ҳам бир япроғини жилвирқоғоз кавшагандай у лунжимдан бунисига айлантирарканман, негадир ўзимга ўзим ачиниб кетдим.

Лайлакқор уриб турган қишнинг сеҳрли кечасида ҳар қандай ташвишдан холи бир тўп шўх-шаддод қизалоқлар харитага бармоқ суриб шаҳар қидирганда ҳеч ишим Московга тушганмиди?

Иккиқат хотинини аравага қумғондай ўтқизиб олиб, яғир эшагини беаёв савалаб бораётган Мурод лўлидан чўчиб онамни қучиб олганим, Гулшан опам мени баттар ўтакамни ёриб “Она, дадасини эркасини мўлтонини қопига солиб берайлик, эвазига ҳамма олмақандимни ташлаб кетаман, деяпти”, деб қотиб кулгани ёдимга тушди. Кечқурун акам дорбознинг маҳсисидай юзлари тириш Мурод жўгидан олган пуфакни узатса, ушлашга ҳам таъбим тортмай, қўлларимни орқамга яшириб олган пайтим бир кун келиб шуларнинг эшигида чўри бўлишимни ўйлабмидим?

Дадамни, уйимизни, бирга рўза тутган кунларимизни эсладим. Ҳар рамазонда дадам икки жуфт қази олиб келарди. Ҳеч кимга ишонмай, ўзи ип билан чандиб, айлантириб игна уриб чиққач паст оловда қайнатар эди.

Ўша пайтлари бирорта опам ёки акам билан уришиб, аразлаб нонушта қилмасам, онам дадамга:

– Дадасининг эркаси туз тотмай, оч қоринга мактабга кетяпти… – деса, дадам аввалига панд-насиҳат қилиб:

– Ношукурчилик қилма! Худони қаҳри келади! Ношукурлик қилган одамга худо ҳамма нарсани бериб, хотиржамлигини олиб қўяди. Бир вақт келиб оғзимда ошим, кўзимда ёшим, деб йиғлаб юрма тағин, – дерди…

Мана ўша кун… Дадам айтган, мен қўрққан кун…

Отасизнинг оти оқсаркан…

Хотиралар гирдобига ғарқ бўлиб, қазили ликопга кўзёшим томиб ўтирсам, кампир эшикдан бош суқиб:

– Нонуштага йигирма дақиқа вақт! Бўлмаса бошқа ишларга улгурмайсан, – деди жаҳли чиққандай бўлиб.

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации