Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"
Автор книги: Иқбол Мирзо
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 26 страниц)
14 май
Алишер Зилолга иш топиб берадиган бўлди, менга икки кун кейин Тошкентга учишга чипта олиб келди:
– Пулларингни беш минг-беш минг қилиб “Вестерн”дан таниш-билишларингга юборамиз. Бирдан бунча яхлит пул бир кишининг номига борса, шубҳаланишади. Тақинчоқларинг кўпайиб кетибди, таваккал, ҳаммасини тақиб ол, индашмаса керак, сўрашса, ўзимни зийнатларим дейсан, – ака хаёлига келган гапдан завқланиб “пиқ” этиб кулиб олди, – жуда тиқилинч қилишса, кафтингизни тутинг, фол очиб бераман, деб қўяқоласан.
– Рўпара қилган ўзингиз-ку, яна куласиз, – дедим мен ҳам жилмайиб, – тағинам кийим-кечакларини олмадим.
– Олавермабсан-да, ўзимизда харидорлар бор эди, – Алишер ака хотинига тегишиб қаради. Аёли қўлидаги капгир билан ёлғондакам пўписа қилиб, қошларини кўтариб, “ҳап, сеними!” дегандай “ёвқараш” қилди.
Зилолнинг таъбири билан айтганда, “Оянинг лоямути” пишгунча фейсбукка кириб, “йўқланди”ларни текшира бошладим. Қаранг-да, худонинг қудрати билан интернетга шунақа ўрганибманки, ҳар соатда бош суқмасам, бир нарсалардан қуруқ қолаётгандай юрагим ҳовлиқади денг.
Кечадан бери биз фақирни ҳеч ким йўқламабди. “Қўйингни чўпонга ишон, лекин пичоғидан кўз узма”, деган мақолга амал қилиб, Ёрмуҳаммадга нома жўнатдим: “Ассалому алайкум! Нима янгиликлар? Муддат яқинлашиб қолди-ку… Олмос қалай?”
Маҳаллий телевизўрда собиқ губернаторнинг кирдикорлари, ҳамтовоқлари ҳақида кўрсатув берилаётган экан, “бизникилар” ҳам чиқиб қолса-я деган хавотирда юрак ҳовучлаб, охиригача кўрдим. Хайрият, қочиб қутулишибди шекилли. Яна фейсбукка қайтиб, йўқотган бир пой зирагини топиб олган келинчакдай бир ҳовлиқиб олдим: жавоб бор!
У: “Салом! Катта билан кеча гаплашдим. Акангиз “катак”да ҳам мунтазам тартибни бузиб, ҳаракатимизга халақит қилаётган экан. Опангизга айтинг, учрашувга борганда тайинласин, ака ўзини тийиб олсин, бўлмаса айб ўзида қолади. Катта: “Бўлмаганга бўлишма дегани рост экан, бунақада “сўнгги қўнғироқ”қача ўтиради”, деяпти.
Олмос сизнинг шарофатингиз билан кун сайин ўнгланиб боряпти. Бирор ойлардан кейин оёққа туриб кетсаям ажабмас. Лекин келиннинг айтишича, яна бироз моддий кўмак керак эмиш. Қанчалигини аниқ айтмади. “Опадан сўрагани бетим чидамайди, аммо йўл ярмида муолажани тўхтатиш Олмос акамни тоғдан итариб юбориш билан тенг”, дейди. Менимча, кўп эмас, икки-уч минг кетса керак.
Катта билан индинга яна кўришаман. Бирор гап бўлса, ёзиб юбораман”.
Мен: “Яхши, опамга айтиб қўяман. Каттангизга айтинг, нима қилиб бўлса ҳам акани чиқариб берсин, мукофоти нақд.
Янга хижолат бўлмасин, айтган пулини қўлларига ўзим бераман. Эртага Тошкентга учаман. Худо хоҳласа, сиз билан ҳам юртда юзма-юз кўришиб, гаплашамиз…”
У қайтиб фейсбукка кирмади.
* * *
15 май
Ўз уйингдаги ўлан тўшак бировнинг пар кўрпасидан минг марта аъло!
Долче вита2121
“Ширин ҳаёт” – (“Dolce vita”) итальянча ибора.
[Закрыть] қавми – ширинтомоқлар танда қўйган тамаддихоналарнинг довруғи достон таомларидан татиб, пахта ҳашари мавсумида шийпондаги қоратол соясида ўтириб, қоқнон бўктирилган пиёва шўрва ичганларимни орзиқиб эсладим.
Қора денгиз бўйида биз учун махсус тикилган лўличодирда ўн кун ётиб, беармон чўмилиб, беозор қуёшдан тоб оларканман, хаёлимдан Хожа Уббоним кетмади…
Малайзиянинг сув урилган тандирдай иқлимидан лоҳас бўлиб, ҳолгинамга маймунлар йиғлаб, меҳмонхона ҳавосовутгичи нафасидан базўр ўзимга келиб, Ларисанинг раъйи билан тамаддихонага тушган пайтим чувак юзига териси ёпишган мўғулбашара киши чакка мускуллари ўйнаб-ўйнаб, қалин кўзойнак ортидаги ифодасиз кўзларини бир нуқтага тикканча бетиним кавшанаркан, унинг рўпарасида ялпайиб ўтирган тепакал лорс худди малай фили ноласидай шовқин солиб қоғозсочиққа такрор-такрор бурун қоққанини кўриб, дадажоним ўсмир опаларимга: “Пиёлани ювгач, алоҳида-алоҳида қўйинглар, бир-бирига тегиб чиқирласа, меҳмонни кўнглига келиши мумкин”, деганлари хотирамда уйғониб, негадир ўксиб кетдим.
Буньоль кўчаларида Лья Томатина деб аталмиш ҳосил байрами чоғи бир-бирларини беаёв помидорбўрон қилиб, тўпиғигача чиққан қизилбўтқада сирпаниб, ғайритабиий завқ жазбасида қийқириб юрган оломонни кўрганда ҳовлимиз ишкомига онам шода-шода иладиган “памадурқоқи” ёдимга тушди.
Нега шунақаман?
Нега доим дилимнинг бир чети хижил, ўқпати юлиб олинган каптардайман, имкон туғилиши билан ўзимнинг барханларим томон йилдиримдек учгим келаверади?
Балки, фикрим чеклангани, кимларгадир ошно мутлақ эркинлик туйғуси менга бегоналиги учундир…
Эҳтимол, эл қатори камсуқум-камхарж яшаганим, исрофни гуноҳи азим деб билганим сабабдир…
Ватан масаласига келсак… мен шу кўҳна тупроқда ҳурпайиб ўсган янтоқлар панасида дунёга келган хонгули қуралайи кабиман, тилло қумлар ўйнаган булоқларда кўз очган гулимоҳдайман.
“Ҳувайдо” бобом елкасини бериб ўтирган қудуқ ёқасига яшил бахмалдай ёпилган чимнинг серсоқол илдизларига попук томирларим тарам-тарам ўришу арқоқ бўлиб туташиб кетган.
Ҳужайраларим шу диёрнинг иқлимидан семириб, об-ҳавосидан атиргулдай очилган, ҳар бир заррам қишлоғим сувтомчисини танийди… фақат онамдай мунис ва мунир ўлкамнинг ҳур-ҳур шабадасигина тани-жонимга лаззат бахш этади…
* * *
Онажоним ёнида елкаларига бош қўйиб ўтириб, кексаларга хос паришонроқ, ҳорғинроқ товушларини эшитиб томирларимда ҳузурбахш оқ шуъла оқаётгандай, ёшим ўттиздан ошган бўлсаям, қизалоқлик давримга, ўша қизамиқлар тошган пайтларимга қайтгандай бўлдим:
– Энди тузалмайманми, она? – дейман.
– Вой дадасини эркаси! Нима дейди бу? Нега тузалмас экансан? Тузалиб қопсан-ку, мана, кўзгуга қара!
Мен кўзгуга қарагани чўчийман. Бордию яна юзлари ажи-бужи одам қараб турган бўлса-я…
– Она, мени ким тузатди? Сизми? Дадамми? Ё бобожонимми?
– Худойим… Ўзи чевар, Ўзи зардўз…
– Ўзи тузатар экан, нега мени бунча қийнади?
– Бу синов-да, болам, Яратганнинг катта имтиҳони.
– Катта имтиҳонни катталарга берса бўлмайдими, онажон?
Онам кулимсираб, мени бағрига тортади. Мен мушукчадай мулойимланиб, илиқ ва хушбўй пинжга суқиламан.
Огоҳлантирувчи йўтал билан акам кириб келди. Қўлида амири қовун. Дадам раҳматли шу қовунни яхши кўрарди. Бозор кунлари қийиғига боғлаб, елкасида кўтариб кириб келар, “Дадасини эркаси лаган келтирсин-чи, опаларини чақирсин-чи, бир пуд асал обкелдим”, деб ўзи чақмоқлаб, тилигига икки энликдан кўндаланг пичоқ уриб, қўлимизга тутқазар, биз кесилган жойдан қайириб, бир оғзим-бир оғзим қилиб ураверардик.
Қовунга қараб, ўша кунлар акамниям эсида экан-да, деб ўйладим. Оғзимнинг суви келди.
Акам мени қучоқлаб, “Тошюраклар эридими, а? Московингни кимга ишониб омонат ташлаб келдинг, Бонужон?” деб юзларимдан ўпди. Аразим офтоб кўрган шабнамдай буғланди-кетди.
– Ўзиям, ёз бўйи денгизма-денгиз юрдингми дейман-а?
– Ҳа, шоли баҳона сув ичиб…
– Ёқибди сенга, туф-туф-туф! Она, тўйга ошпаз гаплашиб келаверайми?
Онам гап тагидаги гапни тушунмади:
– Тўй? Ҳовли тўйими? Уйинг битдими?
Акам негадир бир қизариб олди:
– Йўғ-а, ҳали иши бор… Бонуни тўйини айтаман…
Онам яна Юсуфни эслади, яхши йигит эди бечора, ёш ўлиб кетди, деб фотиҳа тортди. Менинг кайфиятим бузилганини кўрган акам усталар ҳали тушлик қилган йўқ эди, деб келтирган қовунини қўлтиқлаб кўчага шошилди.
* * *
16 май
Бобур жияним ўғилчали бўпти.
“Чилласиям чиқиб қолди-ёв”, деди онам. Атаганимни олиб қўшалоқ қутловга отландим.
– Иби, вой-бў, шунча нарса кўтариб… овора бўпсиз-да, Бонужон, – холам қўлимдаги совғаларни авайлаб олиб, ичкарига қўйиб чиқди.
Бобур томорқада сув тараб юрган шекилли, шимининг почаси қайрилган, калиши лой аҳволда шошилиб келиб мен билан қўл бериб кўришди.
– Холажон, сизга невара, Бобурга фарзанд, менга жиян муборак! Умри билан, ризқи билан бергани чин бўлсин! Қалай, суюниб ўтирибсизми? Янги меҳмон қайда?
Холам дами чиққандай уф тортиб, супа четига букланиб чўкди.
– Гўрда суюнаманми? Бу келин эмас, бошгинамга бало бўлди. Худо урган жўгининг ўзи экан. Лайлак тарбиянинг ўрнига нуқул гўшт берган эканми, фикри-зикри еб-ичишда! Қишни кунида олмага бало борми!
– Она, бошқоронғи бўлгандан кейин… дадам ҳам айтди-ку, – Бобур супага дастурхон ёзаркан, эътироз билдириб, ён тараф бир қараб қўйди.
– Нима? Келган кунлариёқ бошқоронғимиди? Оғироёқ хотин обкелганмидинг? Сен биласанми, мен биламанми?! Ўша мен айтган пайтда эркак бўлиб жавобини берганингда шунча гап йўқ эди! Бўғоз бўлмасидан, иссиғида қутулардик. Мана, энди шалтоғини бир умр тозалаб ўтасан!
– Узр, холажон, келин… кетдими?
– “Кетдими?” Шундай жаннат жойдан осонликча кетармиди? Қайнота ғинг деб оғиз очолмаса! Эрнинг аҳволи бу туриш! Моховканадай ёпишиб олди-ку! Ҳайдаб-сўкиб зўрға кетказдик.
Бўғриқиб кетган Бобур эшитилар-эшитилмас “Бир оғиз сўзингиз билан кетди-ку, она, Фарҳоджонни кўтариб”, деб яна томорқа томонга ўтиб кетди.
– Фарҳоджонмиш-а! Товуғимни отини Тўтиниса қўйдим, деган экан битта девона. Энди нимаймиш, бу лайлаквачча алимент тўлатармиш. Бу бола бир жойда ишламаса, ойликчи бўлмаса, катта холамдан обераманми пулни?
Шу тобда менинг кўз олдимга холамнинг “катта хола”си – шол рўмол ўраган, бурнининг чап ёнида сўгали бор истарали момомнинг ромдаги сарғайган сурати келди.
– Бекор бўпти-да, ёшгина нарсанинг умри…
– Бонужон, бизга насиҳат-пасиҳат керакмас. Ҳамма иш ҳал бўлган! Бир ҳафтадан кейин маҳкамада ажрим бўлади. Ўзи, бошида тўй дарагини эшитиб кимдир “Икки-уч ойда келинчак кўзингизга хунук кўриниб қолади”, деб совуқ ният қилганди. Фаришталар кафт жуфтлаб турган экан-да! Тағин кўнглингизга келмасин…
Акажон, шугина маломатдан кўнглим оғрисинми? Бу кўнгилга не-не заранг таёқлару қирраш тошлар тегмади.
Энди уни бемалол палахмонга солиб кимсасиз томонларга отса ҳам бўлади.
* * *
Шоира опам қўнғироқ қилганда шаҳар шифохонаси ёнида Олмоснинг хотини билан гаплашиб тургандим, ололмадим.
Бошига оғир мусибат тушган одамлар каби янга ҳам алланечук жонсарак, кўзлари бежо эди. Мен бўлимга кириб Олмос билан бир оғиз салом-алик қилиб, ҳол сўраб чиқай, десам талвасага тушиб:
– Ҳечам, опажон, келганингизни эшитиб бўлари бўлди, “Мени бу аҳволда кўрсатманглар, унга нотавон, ғариб кўринишни истамайман. Ундан кўра ўлиб кетганим яхши”, деб қайта-қайта тайинлади. Орияти кучли-да, тағинам сиз пул бераётганингизни билмайди. Агар сезиб қолса, оламга ўт кетди, деяверинг. Тузалиб кўчага чиққанидан кейин кўришарсиз, опажон, – деб қолди жовдираб.
– Яна озгина кечикканингизда, ўзим кириб борган бўлардим. Яхшиям кутганим…
Янгага аталганини бериб, Шоира опамга қўнғироқ қилдим. Опам томдан тараша тушгандай:
– Юр, Бонужон, шаҳарга тушамиз, – деб қолди.
Мендан бекорчиси бор эканми? Дарров етиб бордим.
Дўкон айландик, рўзғорга майда-чуйда харид қилдик. Тушлик учун Лаби ҳовузга бориб, алоҳида бўлмага кириб ўтиргач, тараддудлана-тураддудлана:
– Гап бор, Бонужон, – деди овозини пастлатиб. Чойни қайтариб, тин олишга қўйиб, опамнинг оғзига қарадим, – сенга харидор чиқди, кўп қошингни чимирма, бу умр савдоси, қулоқ бер, қачонгача бошинг очиқ юрмоқчисан? Эрсиз хотин – тувоқсиз қозон деган гапни эшитгансан. Ҳали қариганингда иссиқ-совуғингга қарайдиган бола керак бўлади. Ҳозир кучинг бор, кексаликни ўйламайсан, лекин бу бўладиган гап…
– Ким экан у харидор? Биласиз-ку, менга камида шаҳзода бўлиши керак, ўшандаям бўйи бўйимга, ёши ёшимга, кўнгли кўнглимга мос бўлсин.
– Ўла қол-а сен! Ҳамма гапи ҳазил буни! Ҳаёт ҳам ҳазил бунга! Хўп, бундай қиламиз, сен аввал кўриш, ёқмаса, катта кўча, кетаверади. Салгина “жиз” этсаям, уёғи маслаҳат… Маъқул?
– Сизлар нима десаларинг шу, – дедим ўрнимдан туриб машҳур анъанага кўра. Опам майнавозчилигимга баралла кулиб юборди. Менимча, бу неча йиллардан бери биринчи кулгиси бўлса ажабмас…
Мажидбек Шоира опамнинг маҳалласида яшайдиган эски бойлардан бўлиб, ёши ўттиз бешларда, хотини бепушт чиқиб, ажрашган, ҳовли-жойи, улови бор, автосалонда менежер, ўзини тутиб олган олифтагина йигит экан.
Мени талабалик пайтим кўрганини, бир-икки йўл-йўлакай саломлашганини айтиб, “У пайтларда биздақаларни кўзга илмасдингиз, биз ҳам оғиз очгани ботинолмасдик”, деб такаллуф қилган бўлди. Кейин юзимга синчиклаб бир қараб олиб, “Ҳалиям ўзгармагансиз”, деб хушомадини янада силлиқлади. Шеъриятни севишини, тарихга қизиқишини, спорт билан шуғулланишини, айниқса, футбол жони-дили эканини таъкидлаб, “Гоҳида чемпионат бўлиб қолса, ишдан таътил олиб, телевизўрга уйланволаман”, деб ўзи маза қилиб кулди.
Мен ҳам четда ишлаганимни, лўлиларга хизматкор бўлганимни, касаллигим тарихини қисқача айтиб бердим. Тўғрисини айтсам, ёқди деёлмайману, ҳарҳолда, ўйлаб кўрса бўладиган номзод сифатида тасаввур пайдо бўлди.
Иш жойини эшитиб, машина сотиб олиш ниятимни айтганимда қўярда-қўймай, дўконига судраб қолди. Московда автосалонларга кўп кирганман. Дастлаб иш қидириб, кейин Лариса билан харид қилгани борганмиз. Аммо ўзинг харидор бўлиб кирсанг, дўконнинг шифт чироқлариям бошқачароқ кўринаркан.
Бозор – шайтоннинг айвони, ҳамма фириб шу ерда.
Дўконга кирдигу Мажидбек сотувчига, мен харидорга айландим-қолдим. Тавба, чет автоларининг нархи Россиядан икки баравар қиммат экан. Ёқамни қўшқўллаб ушладим: бу баҳоларни қайси ақл тайин қиларкан? Мажидбек эса тўхтовсиз ўшанақа машиналарга мени рўпара қилиб, лаганга солиб, мақтагани мақтаган. Ларисанинг “Пежо”сига ўхшайдиган усти очиб-ёпиладиган автонинг эшигини қиялатиб, мени мажбур ўтқазди. Телефонига расмимни тушириб, ўзимга кўз-кўз қилди: “Бир қаранг, узукка кўз қўйгандай бўлдиларинг, бундан бошқаси ҳаром! Борйўғи етмиш минг туради…”
Илоннинг устига ўтириб олгандай ирғиб машинадан тушдим: “Бунақа пулим йўқ, уялтирманг…”
Мажидбекнинг кенг пешонаси кампирқовундай тиришди: “Унда, манави “БМВ”ни кўринг. “Пежо”нинг ярми бўлади”.
Менга ўзимизнинг “Нексия” кераклигини айтсам, лабларини пуриллатиб дам чиқарди: “Сизга ярашмайди-да, у қишлоқи дўмбоқчаларга кетади. Сиздек дўндиқ қизга…”
Мен ўйлаб кўришга вақт сўраб, “куёвтўра” билан хайрлашдим. У телефон рақамимни ижикилаб сўраб, кетмасимдан қўнғироқ қилиб текшириб, кейин рухсат берди.
Ўзимни Олмос олдида гуноҳкор ҳис қиляпман. Гўё аҳду паймонни мен бузаётгандай, унга хиёнат қилаётгандай, муҳаббат деб аталган атиргулнинг гулбаргларини юлқилаб, оёқ остига сочаётгандай… хуллас, этагига лой теккан келинчакдай дилхира бўляпман.
Олмос ҳам ўз вақтида шундай туйғуларни кечирганмикан ё ўзини осонгина кечириб кетаверганмикан?..
Ҳаво етишмаяпти…
Ёмон бўляпман… кўнглим беҳузур…
Олмос билан хайрлаша туриб, “Ҳазрат, жавоб беринг, борақолай”, десам, у жаҳлланиб, “Қайтиб жавоб беринг деманг, бу жавобимни беринг дегани бўлади, фаришталарнинг фотиҳаси бор, тилчисиз, сўзни танлаб ишлатинг”, деб дакки берганди. “Унда рухсат берасизми, ҳазратим?” деб бош эгсам, жилмайиб, “Бу бошқа гап, маликам, сизга изн бердик”, деб қўлини кўксига қўйгани бугунгидек кўз олдимда турибди.
* * *
Икром акам авфи умумийга тушмади.
Изоҳ сўраб Ёрмуҳаммадга қайта-қайта хат ёздим – жавоб йўқ.
Янга “Бу телефонни гапи эмас”, деганига юзма-юз кўришиб, бўлган гапни айтдим. У “Сизга айтсамми, йўқми деб турувдим, Ёрмуҳаммад акани обкириб қўйишибди”, деди хавотирли шивирлаб.
– Нега? – дедим, – нега қамашади?
– Менимча, акасининг душманлари яна тил бириктириб, энди укасига туҳмат уюштиришган. Уйидан варақа чиққанмиш.
Одамзодни қаранг, шумхабарни эшитиб, “Икром акам масаласида қўлга тушдимикан?” деган шубҳа ва ҳадик уйғонганди, варақа чиққанини билгач, тавба деб айтай, бирдан енгил тортдим.
– Бизнинг иш нима бўлади энди? Уйлари қаерда? Хотини, қариндошлари бордир? Суриштирайлик…
– Опа, бунақа модда билан ушланганларни уйини пойлашади. Бир балога йўлиқиб қолмайлик. Кутайлик-чи, вақт ўтсин-чи, унгача Олмос акам ҳам соғайиб қолар. Дўст сифатида у киши борса, биров гумонсирамайди.
Бу маслаҳат менга маъқул тушди. Кутамиз.
Бошқа йўлимиз ҳам йўқ.
Шўрлик Шоира опам…
Бечора Икром акам…
Мен…
* * *
17 май
Ўйчининг ўйи битгунча таваккалчининг уйи битади.
Акам оппоқ “Ласетти” олди. Янгамнинг оғзи қулоғида, жиянлар машинага яқинлашса, пашшакалтакни кўтариб қувлайди. Ҳаммадан онам хурсанд, бир кулади, бир йиғлайди. “Даданг бўлганда… умрини охиригача шайтонарава минолмай ўтди-я…”
Эҳ, онагинам-а, қариндош-уруғларга таламон бўлган “амиркони пул”ларига бунақа машинадан иккитаси келишини билмайди-да.
– Ака, – дейман, – ишқилиб, ҳайдашни биласизми?
– Эшак миниб юрган одамга темир нима? – акам қўлини белига қўйиб гердаяди. – Ўрганамиз-да. Мана, Феруз ҳам ҳўкиздай бўлиб қолди. Бирга ўқиймиз, ҳужжат оламиз.
– Сизни ҳужжатингиз бордир-а, – янгам ўзини овсарликка солиб, менга кесак отади, – ё уёқларни қоғози бизда ўтмайдими?
– Буни “қоғоз”и ҳамма ёққа ўтади, хотин. Ҳазиллашма, мошинаниям зўрлари келади ҳали, – акам “биз ҳамма гапдан хабардормиз”, дегандай онамга қараб кўз қисиб қўяди.
Опаларим, аммаларим, холаларим бирин-кетин тугун кўтариб, “қуллуқ бўлсин”лаб кела бошлади. Тўй эмас-у, тўйчиқ бўлиб кетди. Ҳаммаси машинани мени олиб берган деб ўйлаб, алоҳида эҳтиром кўрсатиб, икки юзимдан чўлпиллатиб ўпиб, “Биз томонларгаям кун чиқармикан?” деганга ўхшаш қочиримлар қилишди. Фақатгина катта аммам эски одатига кўра кафтини пешонамга босиб, тескари тарафини ўпди-да, кўзлари билан бўйимга ўлчов солиб:
– Энди чет-петга чиқиб юрма, куёв топиб, тўйни тезлаштир. Даданг тушимга кирибди, – дедию супанинг тўрига чиқиб ястаниб олди.
Гулшан опам сочларимни қулоғим ортига ўтказаркан, тартиб берган киши бўлиб, “Ҳамма нарсани фурсати бор, дегани шу-да, ростанам тўйни тезлат энди, ўзингга қараб, пардоз-андоз қилиб юр”, деб меҳр кўрсатди.
Феруз ёнимдан кетмайди.
– Апа, яна Московга қайтиб кетманг-а, шу ерларда юраверинг. Ана, мактабда ишланг, – дейди қўли билан мактаб томонни кўрсатиб, – энди дадам ҳам кетмайди. Ҳаммамиз маза қилиб яшаймиз, – кафти билан оғзини пана қилиб, қулоғимга, – дадам-чи, Твердан бир қоп пул билан келган, – деб шивирлаб, кўрсаткич бармоғини лабига кўндаланг қўяди.
Феруз билан қаймоқлашиб ўтирсак, телефон нағма қилиб қолди.
– Салом, яхшимисиз, Бону? Онангиз, акангиз, опаларингиз, амакилар, аммалар… – эҳтимоли бор қариндош турларини эринмай санаб чиқди Мажидбек.
– Эчки-улоқлар, сигир-бузоқлар, қўй-қўзичоқлар, қозон-товоқлар… ҳаммаси яхши. Мана, ёнимда Феруз ўтирибди. Уям яхши, – дедим энсам қотиб.
Ўз отини эшитиб, жияним бўйнини чўзди:
– Ким, апа?
– Битта бекорчи, – дедим телефонни узоқроқ тутиб.
Мажидбек муддаога ўтди:
– Шу дейман, Бону, машина олмасдан тўғри қиласиз, мана, менда бор-ку, икковимизга бўлади-да. Эр-хотин қўш ҳўкиз, сизда алоҳида, менда алоҳида авто бўлса, гап кўпайиб кетар.
– Ҳа, гап кўпаяди. Ҳозирам кўпайяпти.
У киноямни қулоғи ёнидан ўтказиб юборди.
– Шу дейман, Бону, қўлингиздаги пулни оилавий бизнесга тиксак. Мен қачонгача Назарбекни салонида бировларни машинасини силаб юраман? Келинг, пулингизни фоизга қарзга берайлик. Ҳозир йигирма фоизга ўйнаб-кулиб қарз кўтаришади. Ўн мингингиз бир ойда икки минг туғади. Юз минг – йигирма минг.
– Қаранг-а, жонни ҳузури бу ёқда экан-ку.
– Шуни айтаман-да, Бонужон, – Мажидбекнинг жони кирди. – Сиз қўлингизга кирсовун олмай таралло қилиб юраверасиз, мен хизматда. Тўйни Тошкентдаги “Эзидёр”да қиламиз. Ўтган йили бизни хўжайин шу ресторанда ўғлини уйлантирди. Тўйни охиригача Хуршидбекни ўзи турди. Бизам роса қистирдик.
Феруз тоқатсизланиб, юзимга қаттиқ қаради:
– Апа, тўй дейдими? Қанақа тўй? Ким ўзи бу?
Мен “Жим ўтир” деган маънода қўл қоқиб, елкасига уриб қўйдим.
– Қишлоғимизга сал узоқлик қилмасмикан? Амма, хола, опа, амаки, эчки-улоқлар бор…
– Уларга қишлоқда бошқа тўй қиламиз. Ахир орзу-ҳавас деган гаплар бор…
– Хўп, тўйни қачон қиламиз?
– Аввал бир-икки ой фоизимизни йиғиб, сал жамғаришиб олайлик. Ҳозирги тўйларга ҳазилакам пул кетмайди. Кейин, “Асал ойи”, “Никоҳ саёҳати” бор…
– Ҳа-а, шунақа денг… – энди боплаб тузлайман деб турсам, Феруз телефонимни юлқиб олиб бақира кетди:
– Ўв! Ким бўлсанг ҳам қайтиб апамга қўнғироқ қилма! У сенга икки дунёда тегмайди! Тушундингми, пайтава?!
У томон бунақа “лутф”ни кутмагани аниқ, гангиб:
– Кечирасиз, ким бу? Тушунмаяпман, – деди.
– Уйингга бориб тушунтирайми, латта? Бўлди, йиғиштир тўрва халтангни, бу рақамни ўчириб ташла, яна апамга шилқимлик қилсанг, машинангни бомбардимон қиламан!
Мажидбекнинг телефони энди чилласи чиққан жўжадай қисқа-қисқа “ғуқ”иллаб қолди.
– Феруз, – дедим қулоғидан авайлаб тутиб, – шу ишинг яхшими? Қаерда ўргангансан бунақа дағдағани?
– Кинодан, апажон… – у талтайиб илжайди.
* * *
18 май
Шоира опамнинг қизи Дилдора билан рус тили дарсини такрорлаётсак, опам ҳовлиқиб кириб келиб, қўлимга телефонини тутқазди.
– Манавини қара, Бону, тавбангдан кетай…
– Олмосми? Ҳа, мана, янгаям ёнида турибди. Эски расм шекилли.
– Расмни қўй, Бонужон, мақолани ўқи!
– “Олмос, Ёрмуҳаммад, Султон, Абдусаттор, Қамариддин… “олим”, “фермер”, “табиб”, “адвокат”, “бемор”… ёки фирибгар”, – анқайиб, сарлавҳани қайта ўқиётувдим, опам телефонни олиб, ўзи давом эттира кетди:
– “Ўзини физика-математика фанлари дўхтири, дунё аниқ фанлари академияси аъзоси Султон Аъзамов деб таништириб, инглиз, француз, испан тилларида китоблари чоп этилгани, Эйнштейн назариясининг тескари формуласини кашф этгани, Нобель мукофотига номзоди қўйилгани ҳақида овоза тарқатган олим ҳақида эшитганмисиз? Эҳтиросига жилов сололмайдиган омма “Хайрият-е, ўзбекдан яна чиқибди-ку, отасига раҳмат, қўллаймиз, қувватлаймиз”, деб тўлқинланиб, баъзилари кўзига ёш олиб турганда, бошқа “йирик алломалар” Аъзамовнинг ҳаёти хавф остида, жигар циррозига учраган, хайрия қилайлик, пул йиғайлик, ҳисоб рақами мана бу, деб бонг уриб турса… беморнинг аянчли суратлари тиркалса… тошюрак ҳам эрийдими? Ҳа, балли! Ёки бир қарич ер дўппидан азиз бўлган Фарғонанинг Бағдодига бориб “Ўзим фермерман, Сирдарёда минг гектар ерим бор, ҳоким билан келишдим, ярим баҳосига ижара бераман”, деб паспорт нусхасию фермерлик ҳужжатларини дастурхондаги нон устига ташласа… “Кутилмаган бахт”дан каловланиб қолган деҳқон эл тахмондаги кўрпа қатига қўл тиқиб, дастмоясини чамалаб турган пайти қора “Прадо”дан тарвуз ютгандай салобатли акалар меҳмонни “излаб келиб”, “ҳалиги айтилган минг гектарни кўтарасига оламиз, мана соққа”, деб йириги тахланган жомадонни очиб турса… худо берадими? Содда бағдодликлар “Прадо”дан тушганларга ўқрайиб, “саховатли фермер”га тавозе билан илжайиб, қайдан чиқди ёруғлик деб, “кимошди” савдосини бошлаб бермайдими?..
Дарди бедаво касалликлар шифохонаси ёнида кўрпа-тўшак қилиб, беморларининг тузалишини худодан сўраб илтижода ўтирганлар орасига кириб, “Узр, фалончи деган одам ораларингда йўқми? Менга қўнғироқ қилиб, Абдусаттор табибнинг қабулига олиб боролмайсизми, деб йиғлаганди. Табибнинг вақти йўқ, навбат кутганларнинг охирига кузда навбат келади, десам ҳам ёшгина болам жувонмарг бўлиб кетадими, деб ҳўнграганига кечаси ухлолмай, бу ерга келган жойим… ҳа, майли, йўқ бўлса йўқда”, деса, эшик очилиб, ҳамширанинг қалпоғи кўринганида “Бизники узилган бўлса-я”, деб юрагини ҳовучига олиб ўтирган қоракўзлар “Ҳазрати Масиҳ”нинг элчиси чопонининг барини чангаллаб, кўмак ўтиниб ялинмайдими?..
Ёки жигарбанди қамалиб қолган пулдорроқ одамни топиб, гап орасида “Яқинда туғишган акамни обчиқдим, ўн беш йилга кесилганди, йилма-йил нақд тўлаб қутқарволдим. Яхшики, бир инсофли “танка” рўпара кеп қолди. Анча арзонга тушди. Бу дунёда савобталаб яхши одамлар кўп. Лекин ўзим орага тушмайман, қўлимга пул ушламайман, бирорта яқинингиз орқали иш битиришга кўмаклашишим мумкин”, деб турса, ака ё укасининг “қафас”даги хўрлигини ўйлаб, унинг болаларининг зорлигини кўриб турган қайси ўзбек молини қизғанади? Жониниям қўшиб берворар…
Мен ўзим бошқачароқ тузоққа тушганман. Укамнинг ҳужжатларини университет қабул комиссиясига топшириш учун навбатда турсак, бир пўрим йигит келиб, “Сиз фалончи эмасмисиз?” деб қолди. “Йўқ”, дедим. У “Ҳа, майли, ўша фалончи шу ерда учрашайлик, оқ кўйлакка қизил бўйинбоғ боғлаб бораман, бир жияним ўқишга кирмоқчи, шунга ёрдамингиз керак, телефон рақамингизни Ёрмуҳаммаддан олдим, деганди. Кийимингизга қараб ўшами деб ўйлабман…” деб чиқиб кета бошлади. “И-е, омад қуши бошингга қўнса, чучкирмай тур, афанди”, деб ортидан ҳаллослаб чиқдим. “Ака, биздаям шу муаммо, укамизнинг билими куя тушган пўстакдай… қўллаворинг, уёғини келишамиз…” дедиму қўлини қўйвормадим. У “Узр, мен сизни танимайман, анави одамга Ёрмуҳаммаднинг ҳурматидан хўп девдим. Нарх-навони кўриб турибсиз, олимпиадада Усайн Болт ўрнатган рекорд даражасига чиқди… Лекин яхши одамга ўхшаяпсиз, мана рақамим, эртага бир хабарлашайлик, мен танамга ўйлаб кўрай…” деб “Мерс”ини ўтатди. Биродарлар, хуллас, сезиб турганингиздай, қурттеккина тўққиз мингга тушдим. Тўғри, пора бериш ҳам жиноят, лекин жиноятчини билиб туриб башарасини очмаслик гуноҳи азим. Майли, мениям жазолашсин, лекин Олмос, Ёрмуҳаммад, Султон, Абдусаттор, Қамариддин… ларни халқ олдида очиқ суд қилиш керак! Бунинг учун улардан биттасини қўлга олиш кифоя. Чунки мазкур номлар билан шайтонга дарс берган иблисваччалар, аслида, битта одам: Олмос!
Бу лаъин фейсбукда беш-олти ном билан ов қилади, эр-хотин жуфт калиш деганларидай, унинг “жуфти ҳалоли”ям бу жараёнда қарчиғай ролини ўйнайди. Мана сизга оилавий бизнес!
Бир вақтлар ўрис матбуоти машҳур комбинатор Остап Бендер тимсоли яратилишида Турғун Ҳасанов деган бизнинг юртдошимиз фаолияти асос бўлгани ҳақида ёзганди. Шукур, муносиб издош чиқиб турибди!
Мен икки йил унинг изидан тушиб, ўнлаб жабрдийдалар билан суҳбатлашиб, ниҳоят асл башарасини сизга ҳам очяпман. Кўриб қўйинг, дўстлар, фирибгарларнинг қаллоби, қаллобларнинг фирибгари, товламачилик оламининг қироли мана шу бўлади!”
Мақолага Олмоснинг ҳар хил давралардаги расмлари илова қилинган эди.
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.