Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 24

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
АВАКАДО

– Ага-ар кимда ки-им менга-а байрамга биир донагина авакадо совға қилса-а, жуд-даям хурсанд бўларди-им!

Дилшоданинг томдан тараша тушгандай эълони хонадаги тўрт йигитга ёппа айтилгандек кўринса-да, гап ўз эгаси – Султонни топганини ҳамма фаҳмлаб турарди.

– Авакадо? Нима экан ўзи у? – Баҳодир олдидаги тошойнадек компьютердан кўз узмай сўради.

– Жонгға чиққан мошин бўса керак, – кинояли ишшайди Тўрамурод. У Тошкентда тўрт йил ўқиб, уч йилдан бери ишлаётган бўлса-да, сурхони шевасини соф тутарди.

– Ҳозир мистер “гугл” ҳазратларига мурожаат қиловуза. – Зариф кўзойнагини япасқи бурнига қўндирди. – “А-ва-ка-до-о”…

Дилшода бир оғзим гап билан тўрт бирдай йигитни овора қилиб қўйганидан мамнун ҳолда:

– Майли, яхши ишланглар, – деди ва қўнғироқ сочларини тўлқинлатиб настарин ифорини сочганча эшик томон енгил қадамлар билан бораркан, қизаринқираб турган Султонга табассум тортиқ этди. – Сиз… Султонжон, кетаётганда “гуд бай” деб қўярсиз-а?

– Ҳа… албатта! – деди довдираб Султон ва баттар қизариб кетди.

– Мана, ответ е-сть! – стулга елка ташлади Зариф. Сўнг баланд овозда ўқий бошлади, – “Авакадо – Америка қитъасида ўсадиган шафтолисимонлар оиласига мансуб мева бўлиб, оғирлиги юз граммгача, калорияси бир юз олтмишгача, витаминлари…”

– Шу Дили ҳеч қуйилмади-қуйилмади-да, ҳозир ҳаммамиззи аҳмақ қип чиқиб кетди, сездингларми? Бўмаса Дилидай бозори авж жувон шу… нарсага махтал қолармиди? – ижирғанди Баҳодир ва “ийҳ-ийҳ” деб керишиб қўйди.

– Ҳа, жегани олдида, жемагани… Бу йенағарди ҳовайнағи четга “суриб” жубарган йеридан бир чамадан “кўги”дан қоғанмиш. Йенди бўса, шуйтиб, бир донағана инишу… авакадага қараб қоптима, – Тўрамурод қийиқ кўзларини қисиб, Султонга синовчан син солди.

– Уни эридан қолган жомадонини ким очиб кўрган экан? Одамларга гап бўлса бўлди, шу чайналаётган бечора ҳам менга ўхшаб онасига азиздир, деб ҳеч ким ўйламайди. Ким билсин, балки, ростдан ҳам ўша мевага дили кетгандир, тўғрими, Султон? – Баҳодир одатига кўра илмоқ отди.

– Бу уккаарини шайтаннигини қорангғар! Туврилиқча “Султонбой, сиздан битта авакада”, деб қўйса ўлама?

– Нега мен? Бу гап ҳаммага тегишли, – Султон бир томоқ қириб олди. – У сизларга ҳамкасб. Мен четдаги одам бўлсам…

Зариф ўрнидан шошилмасдан турди, кўзойнагини қаншарига кўтарди, қўлларини шимининг чўнтагига имкон қадар чуқурроқ тиққанча денгиз мушугидай солланиб-солланиб келиб Султоннинг нақ иягига иягини тиради:

– Кароччи, Дилядай тин-ниқ жононга сўлаги оқмаган йигитни медасмотрдан ўткизиш керак. Сан бу канторага бизани кўргани келамидинг? Уни қораси кўриниши билан тиззанг қалтираб, тилинг айланмай, чакагинг қот-тиб қолишини сезмайди, булар лўх деб ўйлавоссами? Ҳозир томдан таша деса, ср-рази калламачак ташашинг аниқ! Жав-воб!.. – Чироқ акс этган йилтироқ туфлисининг учини кўтариб, ўнг оёғининг товони билан ортига айланиб қайриларкан, қўшимча қилди. – Агар манга шанс берсайди…

– Вўлла-я! – Тўрамурод тап эткизиб столга кафт урди.

– Қайт-қайт, Зариф, ювош-ювош! – овозини йўғонлатиб, Султонга хайрихоҳ қиёфага кирди Баҳодир. – Бу дунёда кўнгил деган матоҳ бор. Кетаётганда “Султонжо-он” деб чиқиб кетди-ю.

– Бизаники ҳазил, тўғри тушунасан, Султончик, – Зариф унинг елкасига дўстона енгилгина мушт қўйди. – Қандингни ур, мужик, куч-қувват берсин!

– Майли, мен кетдим. Қўйиб берса, ҳозир йўқ нарсадан Юрғумтоғ ясайсизлар. – Султон эшик дастасини тортди, – ишга борай, тушлик вақти тугаб бўлди.

Дилшода хонасида кўринмади. Султон уни чиқиш эшиги ёнида ҳаддан ташқари тарвақайлаб кетган қизилсоч аёл билан бирга кўриб тараддудда секинлади.

Дилшода ёнбошдан ўзига қадалиб турган чанқоқ нигоҳни пайқамаётгандай қўл чалиштирганча турарди. У гўё суҳбат билан банд: гоҳ хумор кўзларини катта-катта очиб қалам қошларини кўтарганча ҳайрат қиёфасига кирар, гоҳ қирмиз лабларини ғунчадек чўччайтириб, афсусини ифодалар, гоҳо назокатли бош тўлғаб шокила сочини елкасидан оширишга уринарди. Ниҳоят у суҳбатдошининг билагидан тутиб, ошиғич нималардир деди-да, худди дорда юраётган қадамлар билан Султонга яқинлашди.

– Жойингизда йўқ экансиз… – йигит бошқа сўз тополмай таққа тўхтади.

– Ҳа, Варя опа чақирувдилар. Шунга… Қайтяпсизми? – Дилшода унинг кўзларига шаддод нигоҳини тикди. Қизнинг чўлпон қароғида шўх жилва, истиғно айланар, қорачиғининг туб-тубида зулукдай қоп-қора митти шайтончалар ўмбалоқ ошарди…

Султоннинг чап кўксида ҳўл лаппактош кескин ағдарилгандай бўлди.

– Эртага оқшом сизни кутаман-а, – шивирлади кафтини оғзига пана қилиб жувон. Унинг юзларидан қон қочиб, чап ёноғи лип учгандек туюлди. Султон сўзсиз бош ирғади. – Ҳеч нарса кўтариб овора бўлиб юрманг. Авокадо. Бир донагина…

Султон ҳаяжонини босиб олиш учун ишхонасига яёв кетди.

* * *

Тошкентга келганига ҳали йил тўлгани йўқ – танишлари ҳам шунга яраша. Дастлаб ишхонасидаги тунд муҳит зериктирганидан ҳамшаҳри Баҳодир ишлайдиган илмий текшириш институтига аҳёнда бориб турарди.

Ажойиб кунларнинг бирида ойдан тушгандай Дилшода пайдо бўлди ва энди у имкон топди дегунча “Баҳодирни йўқлайдиган” одат чиқарди.

Биринчи кўришгандаёқ жувон йўлакда бир лаҳзагина Султонга кўз ташлаб ўтгандай бўлдию, ана шу оний назар асов тойнинг бўйнига ташланган каманд каби йигитни боғлади қўйди.

Чексиз самони тўлдириб тўлиной оч зангор ёғдусини сочаркан, ким унга маҳлиё бўлмайди дейсиз?

Қора қишдан чиққан қароғлар йўл четида фавқулодда очилган нишона қизғалдоққа беэътибор ўта оладими?

Ташналаб элкезар тубида заррин қумларни қўмитиб, ўз бошидан ҳовучлаб сув сочаётган яшма булоқ қошида тиз чўкмайдими?

* * *

Ҳаётнинг тақдир эркалатган арзандалари бўлганидек, қисмат қарғаган бахтиқаролари ҳам кўп.

Султон эсини танибдики, куни азоб-уқубатда, қаҳатчилик-қаттиқчиликда ўтди. Болалигини эсласа, отанинг дарғазаб қиёфаси, онанинг мунграйиб сиқтаётгани, ағдарилган хонтахта, қатиққа буланган дастурхон, чумдуги учган чойнак, бувисининг зорланиб қарғангани, қўшниларнинг масхараомуз қараши кўз олдига келади.

Отанинг маст жазавасидан юраги тушиб, оғилда қўйлар орасида ухлаганини, бешикда жонсиз ётган сингилчасини уйқу аралаш карахт тебратиб ўтирган кезларини унутиш мумкинми?

Майзада ота токчадаги яримлаган шишани оғзига олиб бораркан, “Ичманг, пашша, қаранг, пашша тушибди”, деб ҳалпинганда у ёғлама кўзларини сузиб маъносиз илжайганча шаробни лаблари четидан оқизиб “ғўлт-ғўлт” ютгани-ю, тишига ёпишган ҳашаротни олиб парда четига бепарво суртиб қўйгани… ҳар қанча уринса-да, хирапашшадек хаёл кўзгусига ёпишаверади.

* * *

Ҳовли орти шафтолизор бўларди. Эртаги, луччак, отёғи, оқпўстдан тортиб анжиршафтолигача бошини еб мева солиб ётарди. Тўрт-беш яшар чоғлари ерга тўкилганини бесўроқ олгани учун беҳи гаврони билан аёвсиз саваланган бола улғайиб ҳам бирор марта “думалоқ асал”дан татишга юрак бетламаганди.

Ҳақдорлар эшик турумини оёғи билан бузавергач, онанинг ёлворишларига қарамай ота бор-барака қилдию ҳовли билан шафтолизор ўртасига қўра тушди.

Кейинроқ инсоф бериб ота ичишни ташлади, лекин барибир рўзғорга барака йўламади.

Чойхонада югурдаклик қилиб, янгибойларнинг ерида мардикор бўлиб Султоннинг ҳам эти, ҳам бети, ҳам суяги қотди. Тоғасининг кўмаги билан ўқишга киргандан кейин бозорда арава тортиб шартнома пулини тўлади. Мана, ишлик бўлиб ҳам ҳануз баъзи шапшак қишлоқдошларининг “Тенгқурларингиз аллақачон ўғилчасини чўччисини каллаклатиб бўлди, сиздаям бирор мўлжал борми, эркак?” деган сўровидан безиб, уйга имкон қадар ҳаяллаб боради. Ҳар гал бўсаға ҳатлаб кўчага чиқаркан, онаси унинг бўйнидан маҳкам қучиб, “Болам, пешанамиз шуякан, отанг жанавардан нажот йўқ. Ўзинг ўзингга ота бўп тўйга тан йиғмасанг, тоғангам қариди, униям қўлига қарайдиган ўзини нонхўрлари бор. Қолувурса, чиқим чақани танга санайдиган бегана пути айри жунбош ўтирибди сандиғини миниб”, деб ҳиқиллайди.

Ўғри қариса мезанага тирмашади, дегандек, мана, ота масжидга танда қўйди, уззу-кун “Пошшо – Эгам…”, деб йиғламсирагани йиғламсираган.

Алқисса, Султон шу зайл ўзига ўзи ташвиш бўлиб, тенгдошлари қаторига киролмай, севгини ўйлашга, ўз кўнглига қарашга вақт ҳам, имкон ҳам тополмай эр етди. Ахир каптар ҳам дон чўқиб, нафси ором олгачгина болупарини тараб, ўзига оро беради-да…

Тирикчилик тошдан қаттиқ, Султон рамақижон рўзғор деб қорин-қурсоқ ғамида ишдан кейин чинни бозорида қўриқчилик қилади. Дам олиш кунлари мижозларнинг аравасига юк ортади.

“Пошшо – Эгам, Ўзига осон, бир куни ол қулим деса, ҳеч гапмас…”

* * *

Авакадо деганлари ростдан ҳам анқонинг уруғидай нарса экан. Калла суқмаган растаси, бош эгмаган савдогари қолмади. Ҳамма келишиб олгандай, қўлини ёнига ташлаб елка қисади. Охири, бўлмади, бозор эгасининг ҳайдовчисига маслаҳат солди. У бир зум истеҳзоли қараб турди-да, “Хўжайинни ертўласида йўқ нарсани ўзи йўқ. Шунчалик зарил бўлса, сўра, мард одам, қўли очиқ, биласану… Сени мақтаганиниям эшитганман, берса керак, уялма”, деб йўл кўрсатди.

Султон сатанг ойимлардек беписанд гердайган бадқовоқ кошонанинг қўнғироқ тугмасини босишга улгурмасдан ичкаридан кўппакнинг ҳирқиланиб ҳургани эшитилди. “Худо хоҳласа, мендаям шунақа қаср бўлади, менам олабай ит боқаман, менгаям ялиниб келишади… Қишлоқдагилар отимни айтиб мақтаниб юришади… Ҳозирча чидаш керак, вақти-соати кеп қолар…”

Хўжайин илтимосни эшитибоқ “Битта-яримтасини бошқоронғи қип қўймадингми, ишқилиб, укам? – деб ҳазиллашган бўлди. Сўнг жиддий тортиб, савдога ўзи даллоллик қилди. – Майли, эр йигитнинг ўзига яраша сири бўлгани яхши, айтмасанг айтма. Лекин саломга яраша алик, деган гап бор. Бирор ҳафта текинга ишлаб берасан. Тўғри келса, шу, укам…”

Султон ўйлаб ҳам ўтирмай, миннатдорлик ила шартга шартта рози бўлди.

* * *

Дилшоданинг хонадони шундоққина метро ёқасидаги тўрт қаватли уйнинг биринчи йўлагида экан. Қўнғироқ тугмасини босмоқчи эди, эшик қиялигини кўриб, бош суқиб қисқагина йўталди. Ичкаридан “Кираверинг, куёвтўра”, деган шодон товуш ва шўх кулги эшитилди.

Султон эшикни ёпиб зулфинини илди. Меҳмонхонада киройи дастурхон тузалган, ошхонадан “жаз-буз” овоз, пиёздоғ ҳиди келарди. Султон қўлидаги икки дона авакадони дастурхон четига қўйиб, қирмизи атиргулни тик тутганча ошхонага кириб борди. Дилшода қозонга сув қуяркан, “Ҳози-ир, мана ҳози-ир”, деб меҳмонга иккала кўзини баравар қисди. Тувоқни ёпиб, сочиқни илгач, жилмайганча атиргулни олди, ҳидлаган бўлди-да, бўй чўзиб йигитнинг офтобда қолган мис баркашдай қайноқ юзидан ўпиб қўйди.

Султоннинг бўғзига тўмтоқ нарса тиқилди, настарин ҳидидан боши айланиб кетди.

– “Бир дона қирмизи ати-и-ргу-у-л”, – мезбон оҳангга солиб куйлади. –Бунда ҳам рамз бор-да, а? – Кейин Султонни ёш боладек етаклаб меҳмонхонага олиб кирди. Чарм диван ўриндиғига ташлаб қўйилган кўйлак ва шимга ишора қилиб, – Манавиларни кийиб олинг, кўнглингизга келмасин, яп-янги, – деди тантиқланиб ва кутилмаганда “куёвтўра”нинг бўйнига қўл илиб, тиззаларини букканча осилиб олди. Султон беихтиёр кўйлагини ечди, жувон унинг ёлдор ва қабариқ кўксига бош қўйди. – Ўзимнинг паҳлавоним, арслоним…

Гўё бу ҳолатни кимдир пинҳон кузатиб тургандек йигитни хавотир аралаш ваҳима босди. Иситмада туш кўраётган каби воқеалар узуқюлуқ, ихтиёридан ташқарида кечарди.

Жувон чироқни ўчирди…

* * *

Султон ҳовурдан тушиб ўзига келганда юзига, бўйнига, лабига юққан ёғупадан кўнглини беҳузур сезди. Назарида лаббўёқдан бети олачалпоқ бўлиб масхарабозга ўхшаб қолгандек туюлди. Ичидаги кўланка лопиллаб тобора юрагини сиқар, ана-мана эшик очилиб, уни жиноят устида қўлга олиш учун изқуварлар кириб келадию бутун оламга шарманда қиладигандек таҳликада эди.

Дилшода ўрнидан турди-да, чойшабга ҳиндона ўраниб, дастурхон ёнига борди. Тўқ яшил авакадони қўлга оларкан:

– Опкелган экансан-да! Жоним, ўзимни асалим, – деди толғин товушда сенсираб. Сўнг мевани узатди. – Ма, ўзинг кес! Бир ҳафтача бурун телевизорда рос-са мақташувди. Ёнимдаги дўконлардан тополмадим, савил! Сен қаердан олдинг?

– Топдим-да, – деди қуруққина қилиб Султон. Жувоннинг ўзича яқин олиб сенсираши ёқмади, оҳангида қандайдир камситиш бордек туюлди.

Ўрнидан туриб, пичоқ билан расамадини келтириб мева кесиш малол келди. Ётган жойида бош бармоқларини ботириб иккига бўлмоқчи эди, палағда тухум чақилгандай кўкси аралаш бўйнига шиллиқ суюқлик оқиб тушиб, кўнгли ағдарилди.

– Ёввойигинам, – Дилшода гиламга чўкиб, диванга суянди. Мева палласини ички томонидан авайлаб тишлаб оҳиста чайнаркан, бирдан афтини буриштирди. – Фу! Нима бало, қазини ёғими? Мунча бемаза? Ёки эскирганмикин? – симдек ингичка қошини тугиб, синовчан қаради. – Ма, ўзингам еб кўр! – Султон юзини терс олди. Дилшода талтанглаб, унинг лабига авакадони айлантириб ишқади. – Ўзинг пиширган о-ош… Майли, емасанг ема… – Ўрнидан даст туриб дастурхондаги бутун авакадони ҳам зарда билан олди-ю, дераза дарчасини чиначоғи билан суриб, мевани ташлаб юборди. – Одамларгаям ҳайронсан, савил, қайда йўқ олқиндини осмонга чиқариб мақтайди-я. Ҳа ўла, байрамимниям байрам қилди!

Жувон саннаганча тарс-турс юриб ювиниш хонасига кирди-да, эшикни шарақлатиб қулфлади. Султон ўрнидан ирғиб туриб, апил-тапил кийинди-ю, ташқарига отилди.

* * *

Қош қорайиб, кўча чироқлари ёқилган. Автолар бетоқат шовқин солади. Шивалаётган ёмғир йўловчиларни ўз манзилига шоширади.

Султон бирпас кўкка юзини тутиб, ўпкасини тўлдириб тин олди-да, атрофга аланглаганча метро томон одимлади. Уч-тўрт қадам қўяр-қўймас, дарчаси очиқ дераза ёнига етгач таққа тўхтади.

Қўлидаги гулдастани ёғиндан паналаб тескари тутиб олган бир мийиғи бахмалдай йигитча йўлак четидаги майсага туфлиси тагини артаётган Султонга ажабсиниб қараб ўтиб кетди.

2013 йил
КЎЧАТ

Раҳматжон кўча эшикни елкаси билан итарганди, лўкидони ерга тушиб, даранглаб кетди. Ичкаридан аввал шошиб хотини, кейин олазарак ўғилчаси чиқди.

– Ҳа, тинчликми? Сулаймон тахтини кўтариб келдингизми, шаҳдингиз осмон? – деди хотин пешонасига танғилган яшил дуррани маҳкамроқ тортиб. Сўнг деворга суяб қўйилган жуфт кўчатга кўз ташлади. – Нима бу?

Кўчат экишни ният қилган ҳамма ҳаваскорлар қатори Раҳматжоннинг ҳам димоғи чоғ, кимгадир яхшилик қилаётгандай сурурли ҳиссиёт кўнглида ҳукмрон эди.

Хотиннинг зарда аралаш сўроғидан кейин шашти қайтди, пешонаси тиришди.

– Кўриб турибсан-ку, кўчат! – деди у норози пўнғиллаб.

– Нималигини сўраяпман. Олмами, беҳими? Гўрми, баломи? – деди хотин юзига қон тепчиб.

– Жўка! – Раҳматжон ҳам баланд пардага чиқди. – Ноёб дарахт…

– Нима? – деди хотин тиши оғриётгандай афт буриштириб. – Жўка? Ҳой далани боласи, гилосми, ўрикми экмайдими – мевасини болалар емайдими? Манави зормандани қандай йўқотишни билмай турибмиз-ку. – Хотин дарвоза ёнидаги тарвақайлаган эманга ишора қилди. – Буни ҳазонини супуриб, чангини ютадиган менда! Қуриб кетсин, турган битгани қуруқ савлат!

– Нима қилай? – деди Раҳматжон алам билан. – Қайтиб обориб берайми?

– Менга деса кўчага ташлаворинг! – хотин жаҳл билан ортига қайрилиб, ўғилчаси ичкари киргунча кутиб турди. – Маслаҳатни уйига ўт қўйган бу одам!

Раҳматжон бошлиқнинг туғилган кунида қутлагани бориб, шанпан пўкаги билан қандилни чил-чил қилганда ҳам худди шундай хижолат чекканди.

“Айб ўзимда, – деб ўйлади у. – Хотинни гапи тўғри, ўзимизни “ҳўкизкўзи” гилосдан обкелмайманми, уч йилда мевага кирмайдими…”

Кўчатни кўтариб кўчага чиқди.

“Ё манави гулзор ёнига қадаб қўйсаммикан? Қўшниларни машинасига ҳам соя ташларди”.

Ертўладан белкуракни олиб чиқиб, йўл ёқасидаги гулзордан жой чамалаб турганди, маҳалла оқсоқоли Собит чаққон пилдираб келиб қолди.

– Ҳай, ҳай, ҳай, – деб белкурак дастасидан тутганча шовқинлади Чаққон кекирдак олмасини ўйнатиб, – нима қилмоқчисиз, окаси? Шаҳар бедарвозами? Буни маҳалла деб қўйибди. Маҳалла институти деган гаплар бор…

Сўрашишга узанган қўли муаллақ қолган Раҳматжон ночор чаккаси аралаш бўйнини силади-да, жавоб қилди:

– Шу… жўка обкелувдим, экиб қўйсамми деб турган жойим.

– Ия, мулла Раҳматилла! Хоҳлаган одам хоҳлаган нарсасини хоҳлаган жойига экиб кетаверса, бу дунёда тартиб қоладими, окаси? Нима дарахт дедингиз?

– Жўка.

– Ана холос, – худди шумхабар олгандай оқсоқолнинг ўсиқ қошлари пайваста шаклга кирди. – Арча бўлсаям бошқа гап эди. Ҳа… – оқсоқол бироз ўйланиб турди-да, дабдурустдан аллақандай ички қониқиш аралаш “Субардинация!” деб қўйди.

Раҳматжон оқсоқол билан кўпда ошқатиқ бўлмаса-да, унинг тантиқсифат қилиқларига ажабланмай қўйганди. Шунинг учун жўкага субардинациянинг нима даҳли бор, деб сўраб ўтирмади.

Хотин ва ўғилча остонада пайдо бўлишди.

– Менам шуни айтаман-да, амақи, сомайкум, – деди хотин фиғони ошиб. – Ўзи манави ордонани йўқотолмай ҳалакман. Нимаймиш, бу юз йиллик дарахт давлат ҳимоясидаймиш, кесишга махсус рухсатнома керакмиш. Мана, йўқ жойдан бошоғриқ!

– Ҳа-а, – деди ғулғулиникидай салқи бўйнини чўзиб оқсоқол эманга суқ солганча. – Бунингни кесса борми, тахтаси Хитойга етади… Вестерн юнйўн!

– Ҳадемай гулига боларилар ёпирилиб келади, – Раҳматжон гўё ҳозир Чаққон болта кўтариб чиқиб, эманга ташланиб қоладигандай шоша-пиша табиат муҳофазасига ўтди. – Эман асали энг шифбахши бўларкан…

– Йўғ-е, қаранг-а, – деди хотини энсаси қотиб.

Яна нимадир деб узиб олмоқчи бўлди-ю, оқсоқолга бир қараб, боласининг орқасини кафти билан енгил “суваб”, индамай ҳовлига кириб кетди.

– Энди-и, гап бундай, окаси, – оқсоқол бошидаги бахмал дўппини бир айлантириб, кекирдагини сакратиб олди. – Бу зормандани неччи пулга олдингиз? Ҳа, арзимас чақа экан, қайтиб борганингизни кираси эмас. Яхшиси, буни анави боғчага обкириб экиб беринг. Орзугул бир нарса деса, оқсоқолни хабари бор денг, йўқ демайди.

– Балки, бирга-бирга…

– Йўқ! – гапни чўрт кесди оқсоқол. – Нариги маҳаллада ош бор. Розиқ қози намунали тўй қиляпти. – Оқсоқол куракни ерга бир уриб кўздан кечирди-да, Раҳматжонга қайтариб берди. – …Децибел!

“Бугун якшанба, боғчада одам бўлармикан?” деб ўйлади Раҳматжон. Шу саволни оқсоқолга ҳам бермоқчи бўлиб оғиз жуфтлаган эдики, гапи оғзида қолди. Гулзор бошида такси тўхтади-ю, ундан бир қолипдан чиққандек икки сариқсоч аёл тушди.

– Шу жой! – деди улардан бири ҳаяжонланиб. – Худди ўзи!

– Аниқми? Яна адашмаяпсанми? – деб сўради наригиси похол қалпоғини бошига босиб.

– Мана ўша эман! Ўшандай турибди! Танидингми?

– Уй сизникими? – Раҳматжоннинг қўлидаги куракка қаради аёллардан бири.

– Ҳа… меники, – деди каловланиб Раҳматжон.

Меҳмонларни кўргач оқсоқол изига қайтиб, қошини синчков кўтарганча уларга яқинлашди. Аёллардан бири оқсоқолга разм солиб бирпас қараб турди-да, шаҳдам бориб азот қучоқлаб олди. Оқсоқол аёлнинг кенг-мўл бағрида курк товуқнинг қанотига кирган сариқтумшуқ жўжага ўхшаб қолди.

– Танидингми, танимадингми? – қайта-қайта сўради аёл тўлқинланиб, – Сабиш, бу мен Юляман, синфдошинг. Бу – Оля. Асалчи Никифорни қизларимиз. Манави ҳовлида тургандик, эслолмаяпсанми? Манави эман гувоҳ! – иккала аёл ҳам жўровоз йиғлаб юборишди.

Оқсоқол аёлнинг қучоғидан чиқиб, атрофга бир аланглаб қўйди:

– Танидим, танимай ўлибманми? Болалар билан эслаб турамиз… ўша пайтларни, – кутилмаган учрашувдан қаттиқ ҳаяжонланиб томоғи қуриди шекилли, ҳалқумини ирғишлатиб ғўлтиллатиб ютинди.

Яна кўча эшиги очилиб, Раҳматжоннинг хотини ва ўғли бош чиқарди. Оқсоқол, эри ва икки малла аёл эманга қараб анграйиб турганини кўриб, ўғилчасини диконглатиб келиб даврага қўшилди.

– Тинчликми, нима гап? – деди хотини дарахтда арзигулик ўзгариш тополмай. – Булар ким, ҳокимиятданми?

Оқсоқол ва аёллар бири қўйиб бири ўтмишни эслай кетишди. Меҳмонлар Раҳматжонга, оқсоқол келинга изоҳлашича, буларнинг оналари Клавдия эри Никифор билан уруш пайтида кўчиб келишган экан.

– Никифор амақи қўли гул уста эди. Чап оёғи тиззасидан кетган бўлсаям, дурадгорлик дейсизми, чилангарликми, ҳамма ишни қойил қилиб кетаверарди, – деб хотирлади оқсоқол эманнинг уч-учига кўзларини қисиб қараркан. – У пайтлар шаҳар нарида эди, манави жойлар боғ-роғ бўлиб ётарди. Эсимда бор, амақи қайдандир она асаларини тутиб келиб уя ясаганида ёнида мих узатиб турганман. Манави эгизаклардан қайси бирини оласан, деб мени доим уялтирарди. Ўшанда маҳкамроқ турсам бўларкан. – Оқсоқол Раҳматжоннинг хотини ғашланиб қараб турганини кўриб хижолатли илжайди. – Ҳазиллашаман-да, келинжон… Жеймс Кемерон!

Меҳмонлар хандон ташлаб кулиб юборишди.

– Вой ҳозир ўламан, вой ҳозир ичагим узилади! Худойим-ей, ўша одати қолмабди-я! Юля, эсингдами, дарс пайти ҳамма иншо ёзиб ўтирганда томдан тараша тушгандай ҳе йўқ, бе йўқ “Кабардино-Балкария” ёки “Иосиф Виссарионович Жугашвили!” деб қоларди. Бу сўз қайдан келди, нимага алоқадор, тушунмай гаранг бўлардик.

Бу эскартма оқсоқолга ёқди. Елка қоқиб узоқ кулди-да, кафтининг орқаси билан қовоқларини артиб, “Отамдан ўтган, отамдан”, деб изоҳ берди.

Раҳматжон меҳмонларни ичкарига таклиф қилди. Хотин курси олиб чиқиб ҳовлига қўйди, сочоқ ёзиб, чой дамлаб чиқди.

Аёллар ўзларининг ўрис талаффузида чучук қилиб тўрт яшар қизчадай бирам бийрон ўзбекча сўзлашарканки, одамнинг завқи келади денг.

Оқсоқол узр сўраб, тез қайтиш ваъдаси билан намунали тўйга жўнади.

– Ҳа, ҳаммаёқ ўзгариб кетибди, – деди Оля чуқур хўрсиниб. – Бу жойлар жаннатдай боғу дала эди.

Эгизаклар ҳовлининг қаерида қанақа хона бўлгани-ю қанақа гул-гиёҳ ўсганини эслаб, бир-бирига “эсингдами-эсингдами” дейишдан чарчамасди.

– Нега кетдинглар? – сўради хотин қизиқсиниб. – Уёқда ҳаёт зўрми?

– Ким билади, озиқчига эргашиб… Ўттиз йил бўлибди-я, ўттиз йил! Бизнинг ҳамма бойлик-бисотимиз шу ерда: ота-онамиз шу тупроқда ётибди. Уёқда эслайдиган қадрдон ўтмиш йўқ, – Юля юзини четга буриб, кўз ёшларини қайтармоқчи бўлгандек бир муддат киприкларини пирпиратиб турди. Кейин эман ёнига борди-да, худди одам билан кўришаётгандай елка бериб силаб-сийпалади:

– Омонмисан, азизим! Бизни елкангда кўтариб катта қилгандинг. Бўйинг узоқлардан кўриниб турарди. Оля билан далада адашиб қолганимизда сенинг бастингни кўриб уйни топиб келардик. Паҳлавоним, азаматим! Гоҳида саҳар уйғониб чиқсам, онажоним сенга кифти билан суяниб, тескари қучоқлаганча кўзларини юмиб турганини кўрардим. Кейин билсам, сен таскин, куч ва ишонч берар экансан. Ўзимнинг эманжоним, отагинам, онажоним менинг!

Раҳматжон бўғзига тиқилган қаттиқ нарсадан йўталиб қутулмоқчи бўлди. Йўталганди, кўзлари ачишиб кетди. Хотинига қараса, эшикка суяниб лолу ҳайрон турибди. Оля ҳам эманнинг палахса танасига пешонасини қўйганча сукутга чўмган. Мана шу ҳолатни Раҳматжон ўғилчаси ҳам кўришини… у ҳам йиғлашини негадир ич-ичидан истаб, хотинига юзланди:

– Болани обчиқ!

Хотин эрига ажабланиб қараб қўйди-да, шошиб ичкари кирди.

…Раҳматжон белкуракни ертўлага жойлаб чиқаётганда хотини деразадан қараркан, кафтларини чаккасига ёстиқ қилиб, “Бола ухлаяпти” ишорасини берди ва шивирлаб сўради:

– Кетиб қолишдими?

– Ҳа, кетишди. Қабристонгаям ўтишлари керак экан.

– Яхши аёллар экан. Очиқкўнгил, самимий, – у бўйнини чўзиб эманга бир қараб қўйди. – Кўчатларни нима қилдингиз?

– Бервордим.

– Опкетишдими?

– Опкетишди. Сувқоғозга озгина тупроқ ҳам солиб беринг, дейишди. Шунда кўчат яхши тутиб кетаркан…

– Ҳа, яхши қипсиз. Савоб… – деди хотин синиқ овозда ва бирдан ўзини ичкарига олди.

2019 йил

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации