Электронная библиотека » Иқбол Мирзо » » онлайн чтение - страница 19

Текст книги "БОНУ УЧИНЧИ ЖИЛД"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:40


Автор книги: Иқбол Мирзо


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 19 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
29 апрель

Бугун эгизакларнинг туғилган куни.

Эрталабдан уларни ясантириб, шаҳар айландик, дўкон кездик. Муштдек бўлишса-да, нарса танлашади қақажонлар.

Бойлар учун мўлжалланган “Болалар дунёси” бозорига кириб, яна бир бор пул топиб ақл топмаган бандаларга беш кетдим. Худди шу кўйлакча оддий дўконда ўн доллар турса, бу ерда ўн беш баравар қиммат. Савдолашмай-нетмай, ёрлиғига қараб пулини тўлаб чиқиб кетишяпти азаматлар! Унақа десам, одамга муносабат ҳам шу-ку: “Сен фалон даврада юрганинг учун қийматинг баланд, сен эса эски бозордан харид қиласан, бекорчи саломим йўқ…”

Эгизаклар бўйларидан баланд “Барби” қўғирчоғини танлашди. Лариса киприк қоқмай бир даста ақчанинг баҳридан ўтди. Бу маблағга қишлоқда узунқулоқ тўй қиласан одам. Ҳа, майли, бировнинг чўнтагидаги пулни санамаймиз.

Қайтишда қизалоқлар қўғирчоқларини қучоқлаб ухлаб қолишди. Эсимга ўзимнинг Бонучам тушди.

Тахминан мана шу Лора ва Лара билан тенгдош пайтим туғилган кунимда роса ёмғир ёғганди.

Ўша даврда совға-салом, дастурхондан кўра “Бугун сенинг туғилган кунинг”, деган гапнинг ўзи қувончли эди.

Кечки пайт кийим-боши шалаббо дадам эшикдан кирасолиб “Қани дадасининг эркаси, буёққа келсин-чи, дадасини ўпиб қўйсин-чи”, деб чўнқайиб қучоғини очди. Чопқиллаб бордим. Дадам бошимни силаб, юзларимдан ўпди-да, қўйнидан малласоч қўғирчоқни чиқазиб, қўлида ағдариб “йиғлатиб” кўрсатди. Ўйинчоқни олиш ўрнига суюнганимдан хона бўйлаб қуёндай дикиллаб чопибман.

– Қани, бу қизчага нима деб исм қўясан, Бону? – дадам онамга маъноли қараб олди.

– Бону!

– И-я, буям Бону бўладими? Бир уйда иккита Бонуми?

– Ҳа, иккита бўлади. Мен кетсам уйда бу қолади. Йўқ, уям бирга кетади!

Ҳамма мириқиб кулди. Ўзим ҳам.

“Бону”ни қўлимдан қўймайман, кечаси қучоқлаб ётаман, опаларим “Бир кўра-ай”, деб ялинса ҳам бермайман, чунки у хафа бўлади, йиғлайди. У менинг энг яқин, энг яхши ўртоғим. Мен билан нарса талашмайди, уришмайди, юлишмайди. Фақат юзтубан тушса “инға”лаб йиғлайди, холос.

Бир ҳафта ўйнадимми, бир ойми, эсимда йўқ, бир куни уни йўқотиб қўйдим. Қидирмаган жойим қолмади. Ҳаммани оёққа турғаздим. Катта опам “Қўшнининг кучуги кўтариб кўчага олиб чиқиб кетди, қувиб етолмадим”, деди. Кучуги бор ҳамма ҳовлини акам билан айланиб чиқдик, топилмади. Дадам роса ачинди: “Хафа бўлма, қизим, кейинги туғилган кунингга ундан яхшисини олиб бераман”. “Йўқ, ундан яхшиси йўқ, ўзини келтириб беринг!”

Орадан анча вақт ўтиб, дадам том сувагани чиқиб, қўғирчоғимни топиб тушди. У қуёшда ўнгиб, ранги ўчиб кетган, юзлари тарам-тарам ёрилиб, пўст бойлаган, ёмғир-шамолларда униқиб, киприклари тўкилган, кўзларига қум тўлиб, бўрсиқиб, хунуги чиқиб кетган эди.

Сочига тароқ урсам, тагидан кўчиб чиқди. Бу менинг “Бону”м эмас эди. Онамнинг бағрида тонггача йиғлаб ётиб, эрталаб ухлаб қолибман…

Уни томга ким отган бўлса экан-а?..

* * *

Акам қўнғироқ қилди. Ишлари яхши эмиш.

Онамга, янгамга алоҳида пул жўнатибди.

– Икковларига бир хил – тенг жўнатгандирсиз? – дедим пичинг аралаш.

Акам довдиради. Ўзим ҳам ёмонман-да. Пул юбориш ўрнига, қарзга ботиб, муаммо яратиши ҳам мумкин эди-ку. Шукур, ақл битиб, озроқ бўлса-да онамни ўйлабди.

Умуман олганда, янгамга кўпроқ аташи тўғри, болалари ейман-кияман деган ёшда. Олдинда қаторлашиб тўйлар турибди, уй-жойни одамбашара қилиш керак.

– Бону, бобом тушимга кирибди, қўлида коса, менга узатиб, ма, ол, Бонуга берасан, дейди. Қўлимга олсам, коса тўла тош. Сумалакка солинадиган майда тош. Нега тушимга кирдийкан? Кўкламда бағишлаб сумалак қилсакмикан, Бону?

Менинг хаёлим бошқа ёқда эди.

* * *
30 апрель

Еганим ичимга тушмайди, юрагим зиқ, икки хаёлим телефонда. Акам қўнғироқ қилди, Шоира опам сим қоқди, онам билан гаплашдим, Алишер ҳол-аҳвол сўради, Дилбар узр сўраб хатлар ёзди, икки марта кимдир адашиб тушиб қолди…

Фақат… Олмосдан садо йўқ…

Юрагим қайнаб, Ёрмуҳаммадга яна хат ёздим: “Тинчликми? У жавоб бермаяпти…”

У: “Кеча кўргани боргандим, аҳволи жуда оғир, хотини бошида йиғлаб ўтирибди. Бечора алаҳлайди холос. Кўнглингизга келмасину, келин ҳам айтди, нуқул Сизни йўқлаб сандироқлаб чиқармиш. Гаплашишнинг имкони бўлмади. Ўзига келса, ёзиб қолар…”

Мен: “У қаерда ётибди? Қайси шифохонада?”

У: “Бошда Тошкентга олиб боргандик. Икки ойча нур билан даволашга уринишди. Кейин, фойдаси йўқ, деб уйга қайтарворишди. Ҳозир ўзимиздаги шаҳар шифохонасининг саратон касалликлари бўлимида…”

Мен: “Ростини айтинг, тузалишига умид борми? Нима қилиш керак? Балки, пул керакдир? Балки, чет элда шифоси бордир?”

У: “Умид деярли йўқ, буни ўзиям билади. Шифохонада вақт ўтяпти холос. Унга Сизнинг пулингиз керакмас, барибир олмайди. Чет элга чиқишга жуда кўп маблағ кетади…”

Мен: “Пулни сиз орқали берсам-чи? Сиз ўзим топдим, дейсиз?”

У: “Йўқ, мен бу ишни қилолмайман. Уни алдолмайман. Ҳеч қачон бировнинг ўртасига тушмаганман. Шайтон бор, гумон ёмон. Яхшиси, хотини билан гаплашинг. Уям кўнмаса керак, униям ғурури бор, қолаверса, тарихингизни эшитган…”

Мен: “Илтимос, бирор чора топинг, дўстисиз-ку! Менга ноқулай… Лекин сиз у ҳақда хабар берганингиздан бери мен ҳам кун сайин хароб бўлиб боряпман…”

Олмосга қўнғироқ қилдим. Уёқдан қизил тугма босиб қўйилди.

Яна кўнглимга шайтон қинғир қўлини солди.

Тағин хат ёзишга мажбур бўлдим: “Олмос ака, мен Бонуман, наҳотки эслолмасангиз? Ўтиниб сўрайман, биттагина сўз ёзинг… Мени илҳақ қилманг!”

Яна жавоб йўқ.

Кўз олдимдан у билан танишган кунларим, мактубларим, дунёни унутиб сайр қилганларимиз, узук совға қилгани, ҳамма-ҳаммаси бир-бир ўтаверди. Ва ниҳояда ўткир ва ўйчан кўзлари жонландию шу билан хаёл кўзгусидан кетмай тураверди.

Ўзаро мактубларда изҳори ҳол бўлиб ёдга қўнган байт қалдирғочдай чарх уриб айланаверди:

 
Кўнглум ёрилғай эрди торилғаб фироқдин,
Эй вой, агар бу кўз ёшию оҳ бўлмаса…1919
  Лутфийдан


[Закрыть]

 
* * *

Лора билан қўғирчоқ-қўғирчоқ ўйинига берилиб кетибман.

Лара сал тортинчоқ эмасми, бир четда бизни томоша қилиб, чапак чалиб ўтираверади. Лора “Барби”лар орасида ўзича қўғирчоқ тахлит ўтириб олади, мен уни “таниёлмай”, гоҳ унисига, гоҳ бунисига гапириб, қучоқлаб кўраман. Атай Лорани четлаб ўтаман, хонадаги бошқа ўйинчоқлардан “Лорани кўрмадингларми?” деб сўраб, ўзим уларнинг тилида “Боғчага кетган”, “Кўчага чиқиб кетди”, “Хонтахта тагида” деб жавоб бераману овоз бериб “излай кетаман”.

Бу ўйин қизалоқларга олам-жаҳон завқ-шавқ берганидай, ўзим ҳам чалғиб, бироз кўнгил ёзаман.

Бир маҳал Лара телефонимни қўшқўллаб кўтариб келиб, қара, деб ияк қоқиб ишора қилди. Қарасам, хат келган. Юрагим қалқиб тушди: Олмосдан.

Очдим, бештагина сўздан иборат СМС: “Ваалайкум ассалом, мен яхшиман, ўзингиз-чи?”

Тўсатдан қайта-қайта қучоқлаб, юз-кўзи аралаш ўпа кетганимга эгизаклар ҳайрон. Худога шукур-е, хат ёзишга ярабдими, демак, шумхаёллар бекор. Худойимдан ўргилай, агар кеч бўлганида, кейинроқ эшитганимда ақлдан озишим турган гап эди. Ўзимни кечиролмасдим!

Дарҳол ёзишга тутиндим: “Худога шукур! Олмос ака, илтимос, тўғрисини айтинг, нима қилиш керак? Нима қилай? Ҳозир имконим бор, керак бўлса, Москвага олиб келиб қаратаман. Керак бўлса, Европага борамиз. Хотинингиз ҳам бирга борсин. Унга салом айтинг. Жавобини интизор кутаман”.

* * *
1 май

Интизорлик узоқ чўзилди.

Ниҳоят яна жавоб келди: “Салом, опа, мен Олмос аканинг рафиқаси Ҳилоламан. Ўзлари яна ҳушдан кетдилар. Бизни эслаганингиз учун минг раҳмат! Самимиятингизга ишонганим учун очиғини ёзавераман: ҳаммамизнинг аҳволимиз оғир. Олти ойдан бери дўхтирлар сарсон қилишяпти. Асли тузалмас дард экан, лекин одамга умид бериб, фақат пулингизни шилишаркан”.

Хат ярмида узилгани кўриниб турарди. Пича кутдим, давоми келавермагач, ёздим: “Янга, бемалол тортинмасдан ёзаверинг, бу савдолар менинг ҳам бошимдан ўтган…”

Жавоб келди: “Узр, навбатчи врач эшикни очиб, тинчликми, деб сўраб қолди. Ичкари кириб, бемор ҳол-аҳволини текшириб, тавсия беришгаям ярамайди. Илгари, белимиз бақувват пайти ҳаммаси пойи патак эди. Пулинг бўлмаса, қадринг бир пул экан…”.

Мен: “Ҳа, янга, ҳамма жойда шунақа. Ҳаммасининг ота-буваси – пул, дейишади. Бу касалликни ҳам пул бартараф қилиши мумкин. Қанчадан-қанча одамлар оёққа туриб кетганини эшитганман. Маблағ топилади… Сизнинг номингизга юборсам бўладими?”

У: “Опажон, мен сиздан тўғридан-тўғри моддий ёрдам олсам, хўжайиним икки дунёда кечирмайди. Мен худодан қўрқаман. Опажон, тўғрисини айтсам, Тошкентда даволатиш учун уйимизни сотганмиз, ҳозир ижарада турибмиз. Қариндош-уруғлар қўлидан келганча қарашиб туришибди, аммо ҳамманинг ўз ташвиши, орзу-ҳаваси бор. Бугун ўзидан орттириб бировга ҳиммат қиладиган одамнинг ўзи йўқ. Кўпчилик бу отинг қурғур касалликни эшитиши билан ҳафсаласи совиб, оёқ узиб кетди. Яхшики, Ёрмуҳаммад каби чин дўстлари бор экан, хабар олиб туришибди. Сизга ҳам раҳмат, соғ бўлинг!”

Мен: “Шошманг, пулни кимга юборай ахир?”

У: “Билмасам, бирорта ишончли танишингиз йўқми бу ёқда? Мабодо жўнатсангиз ҳам, бўйнимизга қарз деб оламан. Худо хоҳласа, Олмос ака соғайиб кетса, бирга қайтарамиз, соғаймаса, болаларим билан ишлаб узамиз…”

* * *
2 май

Маврид топиб Ларисадан:

– Менга совға қилинган билагузук ва соатни сотсам оила ранжимайдими? – деб сўрадим.

У менга бирпас қараб турди-да:

– Қанча пул керак, айтавер, азизам, – деди.

– Икки минг, – дедим чўчинқираб.

У ўрнидан туриб, кийим жавони ғаладонини тортди-да, бир даста пул олиб, олдимга ташлади.

– Мана, ишлатавер!

Мен икки минг санаб олиб, қолганини қайтардим:

– Икки ойлик маошимни олдиндан олдим деб ҳисоблаймиз.

Унинг жаҳли қўзиди:

– Агар шунақа бўлса, бетимга тупур! Сен ҳалиям бизни яхши билмабсан. Сендан бир эмас, эҳтимол, икки, балки уч жон қарзимиз бор. Агар тиласанг, Макар сен учун ўзини отишга тайёр. Энди тушундингми, азизам?

У кўзимга қараб туриб, пулнинг қолганини қўйнимга тиқиб қўйди.

* * *

Онамга қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрашгач, пул жўнатганимни, ким сўраганга тарқатавермай, фақат ўзига ишлатишини тайинладим.

Биламан, хўп дегани билан опаларим сал қовоқ-тумшуқ қилиб келса, борини тутқазворади. Ҳа ўзимнинг онажоним-а…

Онам Шоира опамни эслаб қолди.

– Яхши юрибди, тинч, қўлдан келганча қарашиб турибман, – дедим.

– Эри чиқай деяптими?

– Чиқай, деяпти-ю, бошлиқлари шошмай тур, деётганмиш.

Онам ҳазилимни тушунмади:

– Бошлиқларигаям айтинглар-да, уларам одам-ку. Лекин Шоира опанг жаннати аёл экан. Ўзи ҳам ота, ҳам она бўлиб… Унча-мунча одам чидамайди…

Ларисадан пул олган кунимоқ Шоира опамнинг ўзига беш юз, бировнинг омонати деб Олмос учун икки минг жўнатиб, янгага опамнинг телефонини ёзиб юборгандим.

Онам:

– Юсуфни эшитдингми, Бонужон? – деб қолди.

– Қайси Юсуфни айтасиз, она? – дедим ўзимни беписанд тутиб, гарчи гап ким ҳақида кетаётганини билиб турсам ҳам.

– Ўша Юсуф-да, савил! Ўзингни тентакликка соласан-а, Бону? Гапимни бўлмай тур, ўтлаб кетаман… Ўша Юсуфинг кеча оқшом ўзини осиб қўйибди…

– Йўғ-е, нега осади?

– Осадиган одам менга сабабини айтиб осадими? Итим биладими? Ўзи сув ўрнигаям ароқ ичиб, кўча-кўйда юмаланиб ётадиган бўлиб қолган эди, дейишяпти. Бизникигаям нуқул маст келарди. Ўтган ҳафта бир келиб эди, уйга кир десам, унамай, дарвозахонада йиғлаб берувди.

– Худо раҳмат қилсин…

– Ўзи буларни авлодида “вос-вос” бор. Амакилариям ўзини отиб қўйган. Қазисан, қартасан, дейди-ку…

Сиздан яширмайман, ичим ачиди. Мени бадном қилаёзган, ғийбатчилар қўлига тоғораю оташкурак тутқазган ўша аблаҳ бўлса-да, барибир бировнинг боласи, худойимнинг якканусха яратиғи…

Уч-тўрт кун ғаш бўлиб юрдим.

Пайшанбаликда ҳаққига Қуръон ўқиб, дуо қилиб ичим сал ёришди.

* * *
3 май

Бировнинг хасми деган ибора бор.

Кўпчилик эркаклар буни хотинларга тегишли деб ўйлайди. Менимча, эркак ҳам шундай. Ҳарҳолда, аёллар мен тараф бўлиши аниқ: “Бу менинг хасмим, унга кўз тикма, яқинлашма, хаёлинггаям, тушинггаям киритма! Мен уни сенга бергунча, жон бераман ёки икковингниям жонингни оламан!”

Олмоснинг хотини – янга ёмон аёл эмас экан, лекин барибир ноқулайлик бор: у муносабатларимизни билади, рашк қилиши, қизғаниши аниқ. Ҳатто шу аҳволда ҳам.

Ўшан-чун мендан тўғридан-тўғри пул олгиси келмади.

Шу гапларни ёзаётиб қачондир Олмос айтиб берган латифа эсимга келди: бир аёлнинг уйига дугонаси меҳмонга келибди. Алламаҳалгача гурунглашиб ўтиришибди ҳамки, хонадон соҳибидан дарак йўқмиш. Хотин қўнғироқ қилса, “доирадан ташқарида” деган жавоб келармиш. Бетоқатланиб, ўзига ўзи “Бунақа одатлари йўғиди, тинчликмикан”, деса, дугонаси “Эринг кўзга яқин йигит, бирорта жонон билан топишгандир, ҳозир қаймоқлашиб ўтиргандир”, дебди. Хотиннинг бу гапдан эсхонаси чиқиб, “Йўғ-е, нима деяпсан? Нафасингни шамол учирсин! Йўлда мошина-пошина уриб кетгандир”, деган экан.

Олмос ёнимиздан ўтиб кетаётган хушқомат қизга қараб қўйганида енгидан силтаб тортганимдан завқи жўшиб, шу латифани айтиб, охирида қўшимча қилганди: “Рашк иймон белгиси, рашк қилаверинг, хурсанд бўламан”.

Дадам баъзан ҳазил аралаш: “Ошсиз уй бор-у, рашксиз уй йўқ”, деб қўярди.

Ишқилиб, янга билан очиқ гаплашиш қийин, умуман, аёл билан аёл самимий бўлиши мушкул, йигит ва қиз тил топишиши осон, ўртада деворсиз сирлашиши, дардлашиши мумкин, аммо “Қиз болага қиз бола дўст бўлмайди ҳеч қачон”, дейилади-ку қўшиқда, а?

Яна Ёрмуҳаммадга хат ёздим: “Салом! Безовта қилаётганим учун узр, лекин бошқа иложим йўқ. Аҳволи қалай? Бизда дори топиш осонроқ. Агар керак бўлса, номини ёзиб юборсангиз, топиб жўнатардим. Дўхтирлар нима дейишяпти?”

У: “Бугун эрталаб ёнига ўтиб келдим. Пул юборган экансиз, келин хурсанд, дуо қилиб ётибди. Анчагина қарзга ботишган экан, ҳақини қистаб жанжал кўтараётганларни тинчитдим, деди. Мендан бемаслаҳат фоизга пул олган экан, ўшаям болалаб кўпириб кетган, нима қилишга бошим гаранг, деб йиғлаб берди. Ажал човут солиб турса, одамнинг кўзига мол кўринадими? Ташвиши, муаммоси бор одам бахтли, кулфати бор инсон дод деса арзийди. Мен ҳам бор молу мулкимни совуриб, акамни қамоқдан яқинда чиқазиб олдим. Жон омон бўлса, мол топилади. Имконингиз борича Олмосга ёрдам қилаверинг. Муҳими, дўстим бир кун бўлсаям узоқ яшаса дейман. Агар қизчаларининг кўзчаларини кўрсангиз, жону жаҳонингиздан воз кечиб юборасиз. Сизга катта раҳмат! Дунёда ҳали муҳаббат, меҳр ва оқибат, инсонийлик борлигига мени ишонтирдингиз!”

Шоира опамга қўнғироқ қилсам, ҳансираб, “Ҳозир поездга чиқяпман, ўзим қайтарвораман”, деди.

Беш дақиқалардан кейин телефоним зингиллади.

– Алў, опажон, тузукмисиз?

– Шукур, ўзинг дурустмисан? Акангни ёнига кетяпман-да сени ҳисобингдан…

– Яхши бориб келинг, салом айтинг!

– Омонатни эгасига кеча оқшом етказдим. Хотини келиб олиб кетди. Жуда бамаъни аёл экан. Деярли пешонамиз бир экан, дедим. Меники қафасда, сизники тўшакда, бахтимизга Бону бор экан, дедим. Йиғлаб-йиғлаб кетди. Бонужон, сени жонинг соғ бўлсин, ҳаммага ёрдам қиласан, худойим ёрлақасин. Бизниям қарздор қилиб ташладинг. Яхши кунингга қайтарармиз…

– Опажон, энг ёмон кўрган гапим шу “қарз”. Қўйинг, гапирманг шуни! Мени ишим яхши, топганимни нимаям қилардим. Хижолат бўлманг, ўзимдан, онамдан орттирганимни сизга юборяпман. Акам омон-эсон чиқса бўлди. Сизни, укаларимни юз-кўзида аввалги кулгини кўрсам, менга етади, опажон…

* * *
5 май

Ёрмуҳаммад билан яна боғландим: “Акангиз нима сабабдан қамалганди? Узр, саволим қўпол чиққан бўлса. Мениям бир акам “кесилиб” кетган. Дардлашай дейман-да… Балки, маслаҳат берарсиз, чиқазиб олдим, деганингизга қараганда, анча тажрибангиз бор…”

У: “Ҳа, бунақа тажрибани душманимга ҳам раво кўрмайман. Акамни савдогар дўстлари иғво уюштириб, қаматиб юборишди. Ғаламис, мараз одамлар кўп-да. Бировга ёмонлиги тегмайдиган, фақат ўз ишини биладиган ҳалол одамниям душманлари бўларкан. Ишлари юришиб кетганига кунлашиб, кимларгадир пора бериб, уйидан, машинасидан “қорадори” топтиришди. Ўн беш йил беришганди, тўрт йилда олиб чиқдим. Ўзиям у ер-бу ердамас, нақ Жаслиқда ўтирди”.

Мен: “Мениям акам ўша ерда. Акамга ўн уч йил беришган. Жинояти – ноқонуний ишбилармонлик. Лекин айби йўқ. Мен аниқ биламан”.

У: “Очиқда юрганларнинг барчаси фаришта бўлмаганидек, уёқдагиларнинг бари ҳам жиноятчи эмас. Афсуски, кимнинг қанақалигига сиз билан мен берган баҳо ҳеч қаерга ўтмайди, инобатсиз. Акамга келсак, яхшики, омадим чопиб, шу соҳада ишлайдиган зўр “танка” топдим. Харажатсиз ҳаракатнинг қиймати – нолга тенг. Чиқимдан қочмадим. Уям беш бармоғини оғзига тиқмади. Асосийси, ваъдасининг устидан чиқди…”

Мен: “Агар менинг акамгаям ёрдамингиз тегса, ўша одамни ишга солишга кўмаклашсангиз, икки дунё савобига эришган бўлардингиз”.

У: “Узр, сизга айтгандим-ку, ўртага тушмайман деб. Савоб ишлайман деб маломатга қолиш ҳеч гапмас. Қолаверса, у инсон жуда катта одам. Илтимос билан борсам, ўзингнинг ишинг битди, энди бошқаларникини кўтариб келяпсанми, нима бало, бу соҳани бизнес қилиб олдингми, дейиши аниқ. Яхшиси, адвокат топинг. Тошкентда зўрлари бор”.

Мен: “Адвокатларнинг энг зўрлари бу ишга тишимиз ўтмайди, деб турибди. Болтани бўғинга ур, дейди. Илтимос, ёрдамингизни аяманг. Олижаноб инсон экансиз. Яхшилигингиз ерда қолмайди”.

У: “Яхшилигингиз ерда қолмайди?” Бу нима деганингиз? Сенгаям улуш бор демоқчимисиз? Кечирасиз, манзил бўйича адашдингиз! Мен унақа пасткашлардан эмасман! Яхшики, ўртада Олмос бор… Бўлмаса, шу гапингиз учун айтадиганимни айтардим! Хайр, саломат бўлинг!”

Мен: “Иби, мен асло ундай демоқчимасдим, агар шунақа маъно чиққан бўлса, узр сўрайман. Сизни ўзимга яқин олиб сирлашдим, ҳасратимни айтдим. Агар оғир ботган бўлса, кечиринг. Хўп, бошқа безовта қилмайман, яна бир бор узр”.

* * *

Бу Ёрмуҳаммад деганлари жуда тегманозик, инжиқ йигит экан-ку!

Арзимаган гапга тўнини тескари кийиб, тумтайиб олганини қаранг.

Ҳар хил одам бор-да, балки, бировларга яхшилик қилиб куйганлардандир. Эҳтимол, қайтиб ҳеч кимга қайишмайман деб қасам ичиб қўйгандир. Барибир яхши иш бўлмади. Бир инсоннинг кўнглини оғритиб қўйдимми…

Шу дудмал хаёллар гирдобида ўй суриб ўтирсам, телефоним “хат келди” деб бонг урди. Қарадим – Олмосдан: “Ассалому алайкум, Бону, яхшимисиз? Мен тузукман. Дўхтирларга худо инсоф бериб, астойдил қарай бошлашди. Юқоридан текширув бор шекилли. Томиримдан қанақадир ноёб дори юборишди, бирдан енгилладим. Икки ойдан бери сувичак орқали озиқланаётган эдим, шукур, бугун эрталаб келинингиз пиширган товуқшўрвадан икки қултум ютдим. Хатларингиз жавобсиз қолгани учун узр сўрайман. Ажаб дунё экан, соғ пайтинг на вақтни қадрлайсан, на нақдни. Ҳозир кичик қизим Рисолатнинг бошини силаб ўтирибман. Эрта унинг камолини кўрмаслигим аниқ-ку, бироқ одамда илинж жон билан чиқади шекилли, ҳечам шуларни, Сизни ташлаб кетгим келмайди. Хат ёзиб туринг, Сизнинг мактубларингиз мен учун жон озиғи… Ҳозирча хайр, имло хатолари учун узрлар сўралади.”

Демак, унга мен пул жўнатганимни айтишмабди. Тўғри қилишибди, эркак одамнинг, айниқса, Олмоснинг ғурурига тегадиган ҳар қандай мурувват ҳақоратдай кўринади. Унинг ўзиям бировнинг ғурурини капалакдай авайларди, ўзганинг дилини оғритишдан кўра оғир жиноят йўқ, дерди. Фақат… бир марта ўзи билмасдан менинг иззат-нафсимга теккан.

Дадам бандалик қилганда таъзия изҳор этгани уйимизга келиб, дарвозахонада анча ўтирган, мен уни узоқдан кўриб руҳим енгиллашган, табиий, яқин бориб сўрашолмаган эдим. Кейинчалик шаҳарда кўришганимизда суҳбат ичида “Анча фақир яшаркансизлар, ҳовли-жой ҳам ўта қишлоқча қурилган экан. Мен сизни биринчи кўрганимда кийим-бошингизга қараб тузукроқ хонадоннинг қизи бўлса керак деб ўйловдим”, деганда дунё кўзимга қоронғи кўриниб кетганди. Кейин у, “Йўқ, мен сизни ерга урмадим, сиз бутун борлиғингиз билан кошоналарга муносибсиз, ўша саройни қуриш менинг вазифам демоқчиман”, деб вазиятни юмшатганди.

Қаранг, ёмонман-да, шу арзимас гап шунча йилдан бери хотирамда турган экан.

Ҳа, одамнинг кўнгли гулкапалак қанотидан нозик…

* * *
6 май

Наманганлик хизматчи қизлардан бири шошилинч қишлоғига кетадиган бўлиб қолди.

Ўтириб гаплашсам, уч йил бурун Кореяга ишга кетган акаси қайтиб келиб, синглиси четдалигини эшитиб уйларига ўт қўйворишига сал қопти. Онаси: “Тезда етиб келмасан, эҳвал чатто, акан учинчи жаҳон уруши қилутти, одомла иснод қилади деб ўзини ўзи урутти, биласан, дидонгни пели бундаям бо”, деб қўнғироқ қипти.

Хулласи калом, қизгинанинг ҳисоб-китобини тўғрилаб, поездга чиқазиб юбордик. Кампир ёрдамчи ишчи кучи ҳақида сўз очиши билан кифтини келтириб, Шакаржон опамни тавсия қилдим. Розилик олиб, опамга сим қоқсам, телефони ўчиқ.

Денис билан дўконга бориб суриштирсам, бир ҳафта бурун уям юртга қайтиб кетибди. Оббо, дедим, бу кетишда Россияда фақат Дилбарлар қолади шекилли кўланкаси майдон бўлиб…

* * *

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации