Электронная библиотека » Рахматулла Усманов » » онлайн чтение - страница 24


  • Текст добавлен: 8 мая 2024, 17:00


Автор книги: Рахматулла Усманов


Жанр: Прочая образовательная литература, Наука и Образование


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 24 (всего у книги 26 страниц)

Шрифт:
- 100% +
22.2. Жабрланганларга шифокор келгунча дастлабки ёрдам кўрсатиш

Кўз ифлосланганда дастлабки ёрдам кўрсатиш. Чангли цехлар ва участкаларда ишловчиларни кўзи чанг ту шишидан ифлооланиши мумкин. Кўз ифлосланганда уни зудлик билан сув ёки бор кислотасининг 2% ли эритмаси билан ювиш керак. Бунинг учун жабрланган ишловчини бошини ифлосланган кўз қаршисига қилиб ётқизилади, ифлосланган кўз ташқарисидан бурунга қараб бурчак остида сув ёки эритма оқими йўналтирилади. Кўзни артиш мумкин эмас. Баъзида, тоза икки панжа билан кўзнинг юқори кипригини ушлаб, уни оҳиста олдинга тортилади, кўзнинг пастки қовоғи устига қўйилади ва юқори қовоқ пастки қовоққа эҳтиёткорлик билан қисилади. Бунда ифлослик тепа қовоқнинг ички сиртидан пастки киприк билан олинади. Бунга одатда, икки-уч марта қайтаришдан сўнг эришилади. Агар кўздан ифлосликни олиб бўлмаса ёки қизариш содир бўлса, кўзда нухушлик сезилса, кўзни стирил боғич билан ёпиш ва зудлик билан жабрланувчини тиббий муассасага йўллаш керак.

Одам танаси лат еганда дастлабки ёрдам кўрсатиш. Лат ейиш қаттиқ оғриқ билан бўлади. Оғриқни ва қон тўпланишини камайтириш учун, лат еган жойга совуқ нарса билан: совуқ сув оқими, қор, муз, сув шимдирилган сочиқ билан таъсир этиш керак. Қон тўпланмаслиги учун 4—5 кун масаж қилиш, иссиқлик билан таъсир этиш ва иссиқ ванна қилиш мумкин эмас. Лат еган жойни дам олдириш керак: қўлни бўйинга боғич билан боғлаб осиб қўйиш, оёқни баландда, ёстиқ устида бўлишини таъминлаш тавсия этилади. Агар лат еганда жуда кучли оғриқ сезилса, суяк шикастланган бўлиши мумкин. Лат еган жойни, тромбофлебитга (қаттиқ қон тўпланиши) олиб келмаслиги учун артиш мумкин эмас. Терида яра бўлмаса, лат еган жойга йод настойкаси суриш мумкин эмас. Лат еганда одамнинг ички органлари ҳам шикастланган бўлиши мумкин. Шунинг учун оғир лат еган жабрланувчини эҳтиёткорлик билан замбилга ёки ерга ётқизиш, сиқаётган кийимларини ечиш, зудлик билан шифокор чақириш ёки яқинроқдаги тиббий муассасага олиб боиш керак. Бош, кўкрак, қориннинг пастки қисми оғир лат еганда, баландликдан йиқилганда (ўзидан кетган, чанқоқлик сезган, қайд қилганда) жабрланувчини дам олишини таъминлаш ва шифокор чақириш керак. Жабрланувчини ўрнидан туриши ва юришига йўл қўймаслик керак. Уни қўлда ёки замбилда кўтариб олиб бориш керак.

Ишловчи ярадор бўлганда шифокор келгунча дастлабки ёрдам кўрсатиш. Яралангада биричи навбатда қон кетишини тўхтатиш керак.

Агар яра катта бўлмаса, унга стерил докали антисептик боғич етарли, унинг устига пахта қўйилади ва боғловчи бинт билан боғланади. Бунда қуйидаги қоидага риоя қилинади. Микроб тушишидан сақлаш учун, ярани ювиш мумкин эмас. Қон кучли оқиб кетмаслиги учун, ярадан қотган қонни олиб ташламаслик керак. Ярадан: ҳар хил бўлакчалар, чўпчалар, латта-путталар, тупроқни, агар улар яра юзасида бўлгандагина, олиб ташлаш мумкин. Қўл панжалари билан ярага тегиб кетиш мумкин эмас. Агар шахсий боғловчи пакет, стерил бинт бўлмаса, бир-неча томчи йод настойкаси томизилган тоза матодан ҳам фойдаланиш мумкин.

Қон оқаётганда ярали тана қисмини юқорига кўтариш ва ярани шахсий пакетдаги боғлагич мато билан ёпиш керак. Бунда қон кетиши тўхташи мумкин. Қон оқаётган томирни яранинг тепа қисмидан қўл панжалари билан қисиб, артерия томиридан оқаётган қонни ҳам тўхтатиш мумкин. Кучли қон оқишини аптечкадан олинган резиналик шланг (жгут) ўраб тўхтатиш мумкин. Бунинг учун сочиқдан ҳам фойдаланса бўлади.

Катта артерия томири шикастланганда (қон фаввора бўлиб отилаётганда) яранинг юқори қисмидан резинкали жгут ўралади, у билан 2—3 марта ўралади ва боғлаб қўйилади. Жгут бўлмаса дастрўмол ёки кўйлакдан йиртиб олинган латтадан ҳам фойдаланиш мумкин. Дастрўмол (латта) билан яра атрофи ўралиб, дастрўмол учлари боғланади ва у солинган чўп ёки қалам билан қон тўхтагунча айлантирилади. Терини шикастламаслик учун айлантирилаётган латта тўпи ёки жгут остига юмшоқ мато қўйилади. Жгут ёки боғич қон тўхтагунча керак, лекин икки соатдан кўп вақт қон томири боғланган ҳолатда қолиши мумкин эмас. Бу вақт ўтгандан кейин жгут (боғич) 10 дақиқаларга салқиланиши (яранинг пастида томир уриши пайдо бўлгунча) керак. Агар қон оқмаса ёки кам оқса, жгут олинади ва ярани босиб турувчи боғич ўралади. Агар қон оқиши давом этса, вақтинча (боғични салқилаш пайтида) артерияни ярадан юқори қисмидан панжалар билан қисилади ва сўнгра жгут қайта боғланиб қисилади. Агар вена томири шикастланган (қон тўқ қизил ранг билан текис оқаётганда) бўлса, қон оқаётган жойга босадиган антисептик боғич ўраш, агар у ёрдам бермаса, яра пастидан жгут ёки мато билан боғланади. Кучли урилганда ёки қориндан яраланганда ичдан қон ўтиши мумкин. Унинг белгилари: оқариб кетиш, ланж ҳолат, томирнинг секин уриши. Бунда жабрланувчини шундай ётқизиш керакки, унинг боши танасидан пастроқда бўлсин. Уни қўзғатиш (унга халақит бериш) мумкин эмас. Албатта шифокорни чақириш ёки жабрланувчини шифохонага олиб бориш керак.

Бурундан қон оқиши қуйидагича тўхтатилади: жабрланувчи ўтқазилади ва унинг бурнини уясига пахта ёки дока бўлакчаси тиқилади, боши олдинга эгилади. Бошни орқага эгиш мумкин эмас. Агар иложи бўлса, оёққа иситгич (грелка), бўйинга совуқ (муз, сувуқ сувда ҳўлланган) латта ёки сочиқ қўйилади. Қон оқишини бурунни икки томонини унинг ўрта деворига кучли қисиш йўли билан ҳам тўхтатишга ҳаракат қилиш керак. Бунда касалнинг боши мумкин қадар баланд қилиниб олдинроққа эгилади ва куч билан бурун қисилади. Бурунни 3—5 дақиқа ва ундан кўпроқ вақт ҳам қисиш мумкин. Оғизга келган қонни касал туфлаб ташлаши керак. Агар қонни тўхтатиш иложи бўлмаса, жабрланувчини зудлик билан шифохонага олиб бориш керак.

Баъзан яра жуда ифлосланган бўлади. Бунда стерил вата ёки дока билан яра атрофи терисини, яра четидан ҳаракат қилиб артиш мумкин. Сўнгра шундай ҳаракатлар билан дизинфекция воситаси (водород перекиси, йод настойкаси, фурацилин эритмаси, бриллиантли кўкатнинг спиртдаги эритмаси, этил бўлмаган бензин ва ш.к.) суриш мумкин. Ярага ишлов беришда, бу воситаларнинг жароҳат жойини куйдирмаслиги учун, ярага тегиб кетмаслигига эътибор бериш керак.

Стерил боғичлар ўралганда бинтлаш қоидасига риоя қилиш керак. Боғич силжимаслиги ва салқиламаслиги, жабрланувчини зўриқтирмаслиги, боғланган жойни қаттиқ қисмаслиги керак. Бинтлашни танани ингичка қисмидан бошлаш керак, масалан, қўл ва оёқни пастдан юқорига. Боғич бинт (мато) ни ўрашда, чап қўл билан ўралган бинтни ушлаб, ўнг қўл билан соат стрелкаси бўйича бинтлаш давом эттирилади. Бинтни биринчи ва иккинчи ўрами биринчиси ва иккинчисининг ярим кенглигини ёпиб, уни жипс ёпадиган қилиб ўралиши керак. Бинтни боғланган охирги учи ярани устида бўлмаслиги керак.

Ишловчининг тана қисмлари чиққанда дастлабки ёрдам кўрсатиш. Чиққанлик аломатлари: бўғинлар шаклини ёки тана қисмини узунлигини ўзгариши; бўғинда фаол ҳаракатланмаслик ва пассив ҳаракатни қилиб бўлмаслик; тана қисмини нотабиий ҳолатга тушиб қолиши ва уни ўзгартириб бўлмаслик; қўл-оёқнинг ҳаракатланмай қолиши. чиққанда жабрланувчига оғриқни кетказувчи восита (аналгин, амидопирин) берилади ва жароҳатланган бўғин сиртига совуқ нарса билан таъсир этилади. Совуқ, бундан ташқари, бўғин сиртининг оқишини (оттек) камайтиради. Сўнгра жароҳатланган бўғин қўзғатилмаслиги керак. Юқори тана қисмларини (қўлларни) рўмолда ёки бинтли боғичда бўйинга осиб қўйиш, пастки тана қисмларини (оёқни) тахтакач ёки бошқа восита билан қўзғалмайдиган қилиб қўйиш керак. Чиққан жойни, агар у янги бўлса, жойига солиш осонроқ. Шунинг учун, жабрланувчини тезда тиббий муассасага олиб бориш керак. Чиққан жойни ўзбилармонлик билан тўғрилаш, жойига туширишга ҳаракат қилиш мумкин эмас.

Ишловчини тана суяги синганда дастлабки ёрдам кўрсатиш. Синганликнинг аломатлари: жароҳатланган тана қисми ёки суякнинг маълум нуқтасига босилганда қаттиқ оғриқ бўлиши; синган жойда жароҳатланган қисмнинг ўзгача ҳаракатланиши ва шаклининг ўзгарганлиги; жароҳатланган тана қисмини қўзғатиб бўлмаслиги. Қовурға синганда, чуқур нафас олганда оғриши ва йўталиши. Синиқ очиқ (тери ва мускуллар жароҳатланганда) ва ёпиқ (очиқ яра бўлмайди) бўлиши мумкин. Очиқ синиқ бўлганда яра атрофидаги терига йод настойкаси суриш, ярага стерил пахта-дока боғич боғлаш керак. Ўзбилармонлик билан синиқни тўғрилаш (солиш) мумкин эмас. Шикастланган суякни қўзғатилмаслигини ва тўлиқ дам олишини таъминлаш керак. Синган сиртга қаттиқ материалдан тахтакач (фанер, картон, чўп, чизғич, тахта) қўйиш керак. Тахтакачнинг узунлиги синган суякнинг икки томонидаги бўғинларигача етиши керак. Тахтакач синган тана қисмига бинт, тасма ёки арқон билан боғлаб қўйилади. Тананинг юмшоқ жойига ботмаслиги учун, тахтакач танага қўйиладиган жойга пахта ёки юмшоқ мато қатламини қўйиш керак.

Бирламчи ёрдам кўрсатилгандан сўнг, жабрланувчини имкони борича тезроқ шифохонага олиб бориш керак. Уни қўлда фақат қисқа масофага олиб бориш мумкин. Узоқ масофага фақат замбилда олиб бориш керак. Замбилга қўйиш ва ундан олишни икки киши бажариши, жароҳатланган қўл ёки оёқни ушлаб туриш керак.

Куйганда шифокор келгунча дастлабки ёрдам кўрсатиш. Жароҳатнинг оғирлигига кўра, куйиш тўрт даражага бўлинади: 1– тери қизаради, шишади ва оғриқ пайдо бўлади; 2– терида суюқлик билан тўлган пуфакчалар пйдо бўлади; 3– нафақат тери, ундан чуқурроқ жойлашган тўқималар ҳам жароҳатланади, терининг барча қатламларини ва жароҳатланган тўқималарнинг ҳам ҳаракатсизлиги (ўлиши, жонсизланиши) содир бўлади; 4– тўқималар кўмирга айланади, тери, мускуллар, пайлар, суяклар ҳамда тананинг бошқа қисмлари ва органлари шикастланади. Куйганда шифокор келгунча дастлабки ёрдам беришда қуйидагиларни ёдда тутиш керак: куйган жойга қўл ёки нотоза нарсалар билан тегиш мумкин эмас, куйган жойни ювиш, пуфакчаларни тешиш ва олиб ташлаш, куйган жойга ёпишган кийим қисмини тортиб олиш, куйган сиртга ёғлар (вазелин, мол ёки ўсимлик ёғи) суртиш ёки турли кукунлар сепиш ярамайди. Куйган терига «Пластуболом», куйишга қарши аэрозолли ёки тегишли антисептиклар билан ишлов берилади. Сўнгра қуруқ антесептик боғич билан боғланади (дазмолланган пахтали тоза матодан фойдаланса ҳам бўлади). Боғич матосига спирт, ароқ, атир ёки марганцовканинг кучсиз эритмаси билан ишлов берилиши керак.

Оғир – 2, 3, 4– даражали куйиш содир бўлганда, жабрланувчига куйишдан қаттиқ маънавий эзилмаслиги учун, аналгин таблеткаси бериш мумкин, иссиқ кофе ёки вино аралаштирилган сув, озгина ароқ ичириш мумкин. Сўнгра жабрланувчининг тўлиқ дам олишини таъминлаш керак. Уни ичимликдан чеклаш керак эмас. Дастлабки ёрдам кўрсатилгач, жабрланувчини шифохонага олиб бориш керак.

Электр пайвандлаш ишлари бажарилаётганда, электр ёйи таъсирида кўз куйганда, кўзга совуқ ҳўл латта (бор кислотасининг 2% ли эритмасида латтани ҳўллаб) қўйиш ва зудлик билан жабрланувчини шифокор ҳузурига жўнатиш керак.

Агар куйиш кимёвий модда таъсирида бўлса, тананинг куйган жойлари совуқ сув билан ювилади. Кислота билан куйган жойлар ичимлик сода эритмаси шимдирилган (1 стакан сувга 1 чой қошиқ) рўмол боғич билан ўралади. Ишқорлар билан куйдирилганда куйган жой сирка, лимон ёки бор кислотасининг 2% ли (1 стакан сувга 1 чой қошиқ) эритмаси билан шимдирилган рўмолча (мато) билан боғланади.

Баданни иссиқлик урганда дастлабки ёрдам кўрсатиш. Иссиқлик уруши – одам танасининг қизиб кетиши натижасида содир бўладиган оғир ва баъзан одам ҳаёти учун хавфли ҳолат. Иссиқлик урганлигининг аломатларига: бош оғриғи; бош айланиши; чанқоқлик; бехосдан кучсизланиш; қайд қилиш; қулоқда шовқин пайдо бўлиши; алаҳсираш; томирнинг секин уриши; тез-тез нафас олиш; юракнинг тез уриши; уйқусираш; терининг иссиқ бўлиши (тана ҳарорати 38—40 даражага кўтарилади); юз терисининг қизариши; баъзан бехосдан хушдан кетиш ва томир тортиши (талвасага тушиши) киради.

Иссиқ урганда жабрланувчини тоза ҳавога олиб чиқиш, уни сояга ётқизиш, қисиб турган кийимларини ечиш, бошини кўтарилган ҳолатда қўзғалмас сақланишига эришиш (ёстиқ қўйиб), совуқ сувни тўйгунуча ичириш, боши ва кўкрагини ҳўллаб танасини совутиш, атрофида ҳавони ҳаракатлантириш (шамол бериш) керак. Жабрланувчини нафас олишини тезлаштириш учун унинг юзини ҳўл сочиқ билан артиб қўйилади ва нашатир спирти ҳидлатилади. Агар у нафас олмаётган бўлса, ёки секин нафас олаётганда, сунъий нафас олдиришни бошлаш ва тез ёрдамни чақириш керак.

Баданни совуқ урганда шифокор келгунча дастлабки ёрдам кўрсатиш. Баданни совуқ урганда жабрланувчини иссиқ хонага олиб кириш, унга иссиқ чой ёки кофе бериш, совуқ урган жойни совунли иссиқ сув (36—37 даража) билан ювиш ва инфекция тушмаслиги учун тоза қўлда ароқ, спирт ёки атир билан териси қизаргунча артиш керак. Агар совуқ олдирилгандан кейин вақт ўтиб кетган ва терида пуфакчалар пайдо бўлган бўлса, жароҳат жойини қуруқ иситувчи боғич билан боғлаш ва жабрланувчини шифохонага йўллаш керак. Қўл-оёқнинг катта қисми ҳамда умумий совуқ урганда, энг яхшиси ванна қилиш керак ва унинг сувини аста-секин тана ҳарорати даражасигача кўтариш керак. Ифлосланганликларни ювгандан сўнг, тоза сувда баданни ишқалаш ва массаж (ишқалаш ва массаж ҳам соғлом ҳам совуқ урган тана қисми учун бажарилади) қилиш керак. Агар жабрланувчида ҳаётлик аломатлари сезилмаса, уни иситгандан сўнг, сунъий нафас олдириш керак. Дастлабки ёрдам кўрсатилгач, жабрланувчини тиббий муассасага оли бориш керак.

Заҳарланиш содир бўлганда дастлабки ёрдам кўрсатиш. Газлар билан заҳарлани аломатлари (бош оғриғи; бошни оғир сезиши; бош айланиши; қулоқларда шовқин; юракни тез уруши; умумий кучсизланиш; нафас бўғилиши; чанқоқлик ва қайд қилиш; заҳарланиш оғир бўлганда, томир тортиши ва ҳушдан кетиши) жабрланувчида сезилса, уни тоза ҳавога ёки дереза-эшиклари очилган бошқа хонага олиб чиқиб, жабрланувчини нафас олишига халақит бераётган кийимларини ечиш керак. Бемор ҳушидан кетган бўлса, шифокор чақириш керак. Ҳушдан кетиш, бошдан қонни қўқисдан, тезда тана пастига оқишидан содир бўлади. Шунинг учун, жабрланувчини шундай ётқизиш керакки, унинг боши танасидан пастда жойлашган бўлсин. Бунда бошга қон оқишига эришилади. Ҳушдан кетганда нашатир спирти ҳидлатилади. Лекин, бошга совуқ нарса қўйиш керак эмас. Жабрланувчига бу ҳолда сув бериш ҳам мумкин эмас, чунки бу ҳолатда ютиш қобилияти йўқолади, сув эса нафас олиш йўлини тўсиб қўйиши мумкин. Нафас олиш тўхтаганда, зудлик билан сунъий нафас олдиришга киришиш керак. Сўнгра танани артиш, оёққа иситгич (грелка) қўйиш ва унга тетиклаштирувчи ичимлик (чой, кофе) бериш керак.

Ичга бензин ёки антифриз кетишидан заҳарланганда, ошқозонни корбалин қўшилган сув билан чайиш ва кучсизлантирувчи (сурги дори) – канакунжут мойи бериш керак. Бемор мажбуран бўлсада, қайд қилиши керак. Ичишга иссиқ кофе ва сут бериш мумкин.

Кислоталар билан заҳарланганда ошқозон ишқорли (1 стакан сувга 1 чой қошиқ) ёки оддий совуқ сув билан, 2—3 стакан суюқликни ичиш ва шундан кейин сунъий қайд қилиш орқали, чайилади.

Электр токи билан жароҳатланганда дастлабки ёрдам кўрсатиш. Электр токи билан жароҳатланганда, аввал жабрланувчини электр токи таъсиридан озод қилиб сўнгра унга тиббий ёрдам кўрсатиш керак. Жабрланувчини электр токи таъсиридан озод қилиш учун, электр занжири участкасини ўчириш, дастаси ёғоч болта билан ток ўтказгич симларни узиб ташлаш, жабрланувчини кийими қуруқ бўлса ундан ушлаб ёки қуруқ ёғоч таёқдан фойдаланиб, уни ўтказгич симдан ажратиш керак.

Агар кучланиш 1000 В дан юқори бўлса диэлектр қўлқоп, боти, керак бўлса ихоталанган штанга ва қисқичлардан фойдаланилади.

Агар жабрланувчи ўзидан кетмаган бўлса, унга шифокор келгунча тинчлик бериш ёки зудлик билан уни шифохонага олиб бориш керак.

Агар жабрланувчи ўзидан кетган, лекин нафас олаётган бўлса, уни юмшоқ нарса устига ётқизиб, камари ва кийимларини ечиб унга тоза ҳаво келишини таъминлаш керак. Нашатир спирти ҳидлатиш, сув сепиш, баданни артиш ва қизитиш керак.

Жабрланувчида ҳаётлик белгилари (ўзидан кетган, нафас олмаётган, юраги урмаётган-клиник ўлим) бўлмаган ҳолда унга сунъий нафас олдириш ва юрагини ташқи массаж қилиш керак.

«Оғиздан-оғизга», «Оғиздан-бурунга» сунъий нафас олдириш усуллари ва юракни ташқи массаж қилиш. Сунъий нафас олдириш жабрланувчини электр ўтказгичдан озод қилгандан сўнг, унинг ҳолати аниқлангач, зудлик билан қилинади. Сунъий нафас олдириш «оғиздан-оғизга» ва «оғиздан-бурунга ” усуллари билан бажарилади.

Сунъий нафас олдиришда жабрланувчи чалқанча ётқизилади, оғзи очилади ва оғиздан бегона нарсалар ва сўлак олиб ташланади. Томоқ очилиши учун ёрдам берувчи жабрланувчининг бошини орқага олади, ияк тагидан бир қўли билан ушлаб иккинчиси билан жабрланувчини пешонасини итариб туради. Бунда жабрланувчининг ияк ости унинг бўйни билан бир текисликда бўлиши керак. Шундан сўнг ёрдам берувчи бор кучи билан нафас олиб, жабрланувчининг оғзига пуфлайди. Бунда ёрдам берувчи ўзининг оғзи билан жабрланувчининг оғзини ёпиши, юзи билан унинг бурнини сиқиб беркитиши керак. Кейин ёрдам берувчи ўзини орқага олиши ва яна чуқур нафас олиши керак. Бу пайтда жабрланувчининг кўкрак қафаси пасаяди ва у пассив нафас чиқаради. Пуфлашни марли, қўлрўмол ёки махсус трубка орқали қилса бўлади. Бир дақиқада 10—12 марта пуфлаш керак.

Сунъий нафас олдириш жабрланувчи ўзига келгунча ва унинг ўзи тўлиқ нафас ола бошлагунча давом эттирилади.

Юракни ташқи массаж қилиш – организмда қон айланишини ва юрак фаолиятини қайта тиклаш мақсадида бажарилади.

Жабрланувчининг кўкрак қафасига қўл билан босиш жойи аниқланади, кўкракни бўш жойидан 2 панжа юқорида бўлади.

Ёрдам берувчи бир қўлини кафтини жабрланувчи кўкрагининг босиш жойига қўяди, иккинчи қўлини тўғри бурчак остида биринчи қўлининг устига қўяди ва ўзининг оғирлиги билан жабрланувчининг кўкрак қафасини босади.

Бир сонияда бир марта, тез итариш ҳаракати билан босиш керак, бунда кўкрак 3—4 см га (семизларда 5—6 см гача) пасайсин.

Тез босилгандан сўнг 0,5 сония мобайнида қўллар босилган ҳолатда сақланиб турилади, сўнгра ёрдам берувчи қўлларини кўкракдан олмасдан бўшатиши керак.

Юракни массаж қилишни сунъий нафас олдириш билан биргаликда олиб бориш керак, 4—5 марта кўкрак босилгандан сўнг ҳаво пуфлаш керак бўлади.

Агар бир киши ёрдам бераётган бўлса, ҳар 2 та пуфлашга 15 марта кўкрак босиш керак бўлади.

Қурилиш ташкилотлари ишлаб чиқариш участкалари дорилар қутичаларидаги дорилар таркиби. Корхоналар ишловчилари бахтсиз ходиса натижасида жабрланганларга шифокор келгунча кўрсатиладиган биринчи ёрдам беришга ўргатилган бўлишлари, дорилар қутичасининг қаердалигини, ундан фақат биринчи ёрдам кўрсатишда фойдаланиш кераклигини ва ундаги дорилардан фойдаланишни билишлари керак. Цехларга қўйиладиган дорилар қутичаларида қуйидаги дори-дармонлар бўлиши керак:


22.3. Жабрланганларни силжитиш ва ташиш

Иммобилизациялаш – шикастланганда, шамоллаш ёки бошқа касалланиш жараёнларида, шикасланган (касалланган) органга ёки тананинг қисмига тинчлик керак бўлганда, қўл-оёқларни ёки танани бошқа қисмини қўзғалмаслик (ҳаракатланмаслик) ҳолатини яратиш. Иммобилизациялаш вақтинчалик бўлиши, масалан тиббий муассасага транспортда ташиш даврида, ёки доимий, масалан синган суякларни ўсиши, яраларни битиши ва ш.ў. керак бўладиган шароит яратиш учун. Чиқишларда, синишларда, яраланишларда ва бошқа оғир шикастланишларда транспортли иммобилизацияланиши биринчи ёрдам беришда муҳим чоралардан бири бўлади. Уни ҳодиса бўлган жойнинг ўзида, шифохонага ташиб етказиш жараёнида шикастланган жойни қўшимча жароҳатланишдан сақлаш мақсадида, бажариш керак бўлади. Бу вақтинчалик иммобилизациялашни касалхонада керак бўлганда у ёки бу вариантли доимийсига алмаштиришади.

Айниқса синиқлар билан қисқа масофага бўлса ҳам иммобилизациялашсиз силжитиш ва транспортда ташишга рухсат этилмайди, чунки бу синган суяклар бўлакларини силжишини кўпайишига, қўзғалувчан суяк бўлаклари билан бир қаторда жойлашган нервлар ва томирларни шикастланишига олиб келиши мумкин. Юмшоқ тўқималардаги катта яраларда, шунингдек очиқ синишларда танани шикастланган жойини иммобилизациялаш инфекцияни тез тарқалишига тўсқинлик қилади, оғир куйишларда (айниқса қўл-оёқларни) кейинчалик уларни унчалик оғир кечмаслигини таъминлайди. Транспортли иммобилизациялаш жуда оғир шикастланиш ҳисобланадиган жароҳатланиш шоки (травматик шок) ни олдини олиш бўлади. Ҳодиса жойида кўпинча қўлаки воситалардан (тахта, шохлар, таёқлар, чанғилар) фойдаланишга тўғри келади, улар билан танани шикастланган қисмини фиксациялашади (қўзғалмас қилишади) (бинтланади, бинтлар, ременлар ва б.қ. билан маҳкамлашади). Баъзан, қўлаки нарсалар бўлмаса, етарлича ҳаракатланмасликни таъминлаш мумкин, шикастланган қўлни танага тортиб рўмолча билан бўйинга осиш, оёқлар жароҳатланганда эса – бир оёқни иккинчисига бинтлаш керак. Жабрланувчини тиббий муассасага ташиш даврида, шикастланган қўл-оёқларни иммобилизациялашни асосий усули шиналарни қўйиш бўлади.

Одатда тез ёрдам хизмати тиббиёт ишловчилари қўядиган турли стандарт шиналари тўплами мавжуд. Бироқ кўпчиллик ҳолларда жароҳатланишларда қўлаки материаллардан тайёрланадиган вақтинчалик шиналардан фойдаланишга тўғри келади. Шинани кийимларни устидан қўядилар. Уни пахта ёки бошқа юмшоқ материал билан ўраш тавсия этилади, айниқса суяк чиққан жойларни (тўпиқлар, кондиллар ва ш.ў.), шина ўтказадиган босимдан асинма (ишқалиш) ва босим яраси вужудга келишига олиб келиши мумкин. Яраланиш бўлганида, масалан қўл-оёқни очиқ синиш ҳолатида, яхшиси кийимни кесиш (чоклар бўйича кесиш, аммо шундай кесиш керакки, бунда ярани ҳаммаси кўриниши ва унга қўлда тегиш мумкин бўлсин). Сўнгра ярага стирил бандаж тақилади ва фақат ундан кейин иммобилизациялаш амалга оширилади (фиксацияловчи шиналар тасмаси ёки бинтлари яра сиртини кучли босмаслиги керак).

Ярадан кўп қон кетаётганда, қон тўхтатиш жгутини қўллаш кераклигида уни шиналаштиришгача қўйилади ва бандаж билан ёпмайдилар. Шинани маҳкам бўлиши учун қўл-оёқларни бинтни алоҳида қатламлари билан кучли тортиб боғламаслик керак, чунки бу қон айланишини бузилишига ва нервларни шикастланишига олиб келиши мумкин. Агар транспорт шинаси қўйилгандан сўнг унининг маҳкам тортилгани сезилса, шинани бошқатдан қўйиш керак. Қиш вақтида ёки сувуқ об-ҳавода, айниқса узоқ вақт транспортда ташишда шиналангандан кейин танани шикастланган қисмини иссиқ қилиб ўрайдилар.

Вақтинчалик шинани қўйишда шуни эсда тутиш керакки, тананинг шикастланган жойидан юқорида ва пастда жойлашган камида иккита бўғим фиксацияланган бўлиши керак. Шина ёмон жойлашганида ёки етарлича фиксацияланмаганида у шикастланган жойни фиксацияламайди, силжиб кетади ва қўшимча жароҳат келтириб чиқариши мумкин.

Биринчи ёрдамни муҳим вазифаси касални ёки жабрланувчини даволаш муассасига тез, хавфсиз, транспортда оҳиста ташишни ташкиллаштириш бўлади. Транспортда ташиш вақтидаги оғриқ сабабабли жабрланувчини ҳолати ёмонлашади, шок ҳолатига тушишини ривожланишини келтириб чиқаради. Транспортда ташиш усулини танлаш жабрланувчини ҳолатига, жароҳат ёки касалланиш тавсифига ва дастлабки ёрдам кўрсатувчининг имкониятларига боғлиқ бўлади. Транспорт йўқлигида жабрланувчини даволаш муассасига замбилда, шунинг билан бирга вақтинчалик қўлаки замбилда ҳам ташиш мумкин.

Биринчи ёрдамни ҳеч қандай қўлаки воситалар бўлмаганда, ҳатто уни тайёрлашга вақт бўлмаган ҳолатларда ҳам бажаришга тўгри келади. Бундай ҳолатда касални қўлда кўтаришга тўри келади. Бир киши касални қўлларда, орқасида ва елкасида кўтариб бориши мумкин. «Қўллар билан олдинда» ва «елкада» кўтариб ташиш услублари агар жабрланувчи жуда кучсиз ва ҳушсиз ҳолатда бўлганида амалга оширилади. Агар касал ўзини тута олса уни уни орқада кўтариш қулайроқ бўлади. Қўлларда икки киши бўлиб кўтариб олиб бориш қулайроқ.

Қўлларда ёки замбилларда ташишни замбил тасмаси анчагина осонлаштиради. Қатор ҳолларда қисқа масофани ҳамроҳи ёрдамида касал мустақил ўзи босиб ўтиши мумкин, ҳамроҳ ўзини елкасига касални қўлини қўйдириб ўзини бир қўли билан ушлайди ва иккинчи қўли билан жабрланувчини кўкрагидан ёки белидан олади. Жабрланувчини мустақил ҳаракатланиши мумкин бўлмаганда ва ёрдамчилар йўқлигида вақтинчалик судратгич – брезент ёки плаш-палаткада судраб ташиш мумкин. Касални ташиш ёки кўтариб силжитишда ташиш воситасини ва ҳолатини танлашда етакчи ролни жароҳатни кўриниши ва локаллаштирилганлиги ёки касалланишни тавсифи етакчи ролни ўйнайди. Яраланганларни орқаси билан ётган ҳолатида, орқа билан букилган тиззада, орқа билан боши туширилган ва оёқлари кўтарилган ҳолатда, қорин билан пастга қараган, ёнбош билан бўлган ҳолатларда ташилиши мумкин.

Орқаси билан ётган ҳолатда боши яраланган, бошсуяги ва бош мияси, умуртқа ва орқа мияси шикастланганларни, тос суяклари ва оёқлари синган жабрланувчиларни транспортда ташишади. Худди шу ҳолатда жароҳат шокни ривожланиши билан кечадиган барча касалларни, кўп қон кетиш ёки ҳушсиз ҳолатдагиларни, қисқа вақт бўлсада ўткир жарроҳлик касалликлари (аппендицид, чурра бузилиши, тешилган яра -қорин язваси ва б.қ.) ва қорин бўшлиғи органлари шикастланган жабрланувчилар ҳам ташилади. Ҳушсиз ҳолатда турган шикастланганлар ва касаллар қоринда ётган ҳолатда, пешона ва кўкрак остига роликлар (валиклар) қўйилиб ташилади. Бундай ҳолат асфиксияларни бартараф қилиш учун керак. Кўпчиллик касалларни ўтирган ёки ярим ўтирган ҳолатларда ташиши мумкин. Зинапоялардан тушишда ва чиқишда замбилларни ҳолатини тўғрилигини ҳам кузатиб бориш керак. Йилнинг совуқ вақтида ташишда жабрланувчининг совуққотмаслик чорасини кўриш керак. Ташиш вақтида касални ҳолатини узлуксиз кузатиб бориш, нафас олишини, юрак уришини, қайд қилганида нафас йўллари тўсилиб қолмаслигига эътибор бериш ва ҳакозо.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 | Следующая
  • 5 Оценок: 1

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации