Текст книги "Дарё"
Автор книги: Абдукаюм Йулдошев
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 21 страниц)
Ғиёс алам билан қўл силкиди:
– Э, агар сенки пок қиз бўлсанг…
Дилобарнинг туси ўзгариб келаётганини кўрган Жавлон столни уриб қўйди:
– Бас! – Ҳайдовчилардан сўради: – Пул бутми?
– Ҳа. Ўзим санаб кўрдим, – деди Акбарали.
– Унда аввал меҳмонхонага бориб, синган ойна пулини тўлайсизлар. Кейин эса… кетишларингиз мумкин… Сизларнинг эса, қизлар, қолишларингизга тўғри келади.
– Асос?
Жавлон ўзига ўқрайиб қараб турган Дилобарга қалингина папкани кўрсатди:
– Бу ҳайдовчиларнинг аризалари, суд-экспертиза хулосалари. Асос етарли.
Қиз ҳайдовчиларга беписанд қаради:
– Сизлар ҳали менинг совунимга кир ювмаган экансизлар. Ариза ёзганларингга шундай пушаймон қилдирайки… Ҳали кўрасанлар, охири бориб ўзларинг айбдор бўлиб қоласанлар. Уйларингга бостириб бораман! Хотинларингнинг сочларини юламан! Бутун элюрт олдида шундай шармандаи шармисор қиламанки, бош кўтариб юролмайдиган бўласанлар!
Иккала ҳайдовчи турган жойларида қотиб қолишди. Ахийри Ғиёсдан садо чиқди:
– Э-э… Ўртоқ терговчи. Қўйинг, шу худонинг балоси билан тенглашиб юрамизми? Кўриб турибсиз-ку. Биз иш одами бўлсак. Терговга, сўдга қатнаб юришга вақтимизам бўлмайди. Келинг, аризани қайтариб ола қолайлик.
Дилобар мамнун илжайди:
– Қовоқ каллангиз энди ишлай бошлади.
Жавлон ҳайрон бўлди:
– Жиддий айтяпсизми?
– Ҳа, ўртоқ терговчи. Қўйинг, оғримаган қулоғимизга олтин исирғанинг нима кераги бор… Кўриб турибсиз-ку… Қайтариб бера қолинг аризамизни. Биз ҳамма даъвойимиздан воз кечдик…
Дилобар терговчига кулимсираб қаради:
– Фуқаролар калласи ишламай турган пайтда ёзган аризаларини, кейин, эс-ҳушлари жойига қайтгани-дан сўнг қайтариб олишга ҳақлидирлар. Уларнинг бу ҳуқуқларидан фойдаланишларига қаршилик қилмассиз, ўртоқ терговчи…
Иложсиз аҳволда қолган Жавлон қўлларини икки ёнга ёйди.
Аризаларини қайтариб олган ҳайдовчилар меҳмонхонага ўтиб, жой, синдирилган ойна ҳақини тўлашгач, шоша-пиша шаҳарни тарк этишди.
Акбарали бошқараётган «КамАЗ» қирғоқ йўлидан борарди. Кумушранг дипломатни маҳкам бағрига босиб олган Ғиёснинг қовоғи солиқ.
Ҳайдовчи қуёш нурида товланиб оқаётган дарёга бир қаради, икки қаради, сўнг бирдан рулни буриб, машинани сув лабида тўхтатди, моторни ўчирди.
– Нима қиляпсан? – деди норози бўлиб Ғиёс. – Машинани Тошкентга киришда ювдириб оламиз.
– Машинани у ёқда ювдирармиз. Бу ерда ўзимиз бир ювиниб олайлик. Ҳамма жойимизни ғубор босиб кетди-ку.
Ғиёс Акбаралига ҳайрон бўлиб қаради.
Акбарали индамасдан пастга тушди, кийимларини ечиб, ўзини дарёга отди.
Акбарали оқар сувда роҳатланиб, шўнғиб-шўнғиб чўмиларди.
Ғиёс дипломатни кабинада қолдириб, пастга тушди:
– Етти марта юмала, шунда ҳалол бўласан.
Акбарали Ғиёснинг бу гапига парво қилмасдан чўмилишда давом этаверди. Унга бир муддат қараб турган Ғиёс завқланиб кетиб, шоша-пиша ечинди-да, чопиб келиб сувга калла ташлади
Иккала ўртоқ қуёш нурида товланиб оқаётган, сатҳида сон-саноқсиз тилла тангачалар ҳосил бўлган дарёда узоқ чўмилишди. Гўё тўлиб оқаётган дарё вужудлари, кўнгиллари, руҳиятларидаги ғуборларни олиб кетаётгандай ҳайдовчиларнинг кайфиятлари тобора кўтарилиб бораверди. Улар бир-бирларига сув сепиб, бир-бирларининг бошларини сувга босишиб, қийқиришиб-кулишиб чўмилардилар…
III боб
Кўнгил – душман. Айниқса, хотининг чиройли бўлса…
Бўлмаса неча марта ўзини тергашга уринди, «Рашк – ишончни ҳақорат қилади. Ана, Отелло ҳам ишончсизлик қурбони бўлган» ёинки «Ишонолмаслик – ўзлари ишончдан маҳрум кимсаларга теккан касаллик», қабилидаги ҳикматли гапларни ён дафтарига кўчириб ёзиб олди, уларни ёдлашга, энг асосийси, уларга амал қилишга уриниб кўрди. Аммо воқелик игнаси теккан заҳоти буларнинг ҳаммаси совун пуфагидай «пақ» этиб ёрилади-ю, яна ҳаммаси бошидан бошланади…
Кичикроқ қаҳвахонага овқатланиш учун кирган Дониёр чеккадаги столлардан бирида, нимқоронғиликда бегона эркак билан шакаргуфторлик қилиб ўтирган Муқаддамни кўрди. Тўғри, у нариги тарафга қараб олган, аммо соч турмаги, кийими… Ўзи! Худди ўзи! Демак, ишхонасига бориш ўрнига…
Ғазаб миясига урган Дониёр чайқалиб келиб шу стол ёнида тўхтади, қаҳр билан аёлга ўгирилди… ва унинг Муқаддам эмаслигини кўрди. Бу шу қадар кутилмаган ҳол эдики, довдираб қолган Дониёр бир муддат бегона аёлга бақрайиб қараб тураверди.
Эркакнинг жаҳли чиқиб кетди:
– Бировни йўқотиб қўйдингми, оғайни?
Шундагина Дониёр ўзига келди:
– Узр.
Аммо иш узр билан битадиганга ўхшамасди. Важоҳати бузилган бақувват эркак аста ўрнидан тура бошлади:
– Нега бегона аёлга кўзингни лўқ қилиб қараяпсан?
– Узр. Бировга ўхшатибман.
– Узрингни пишириб е! – пўписага ўтди эркак.
Аёл жон ҳолатда эркакнинг мушт бўлиб тугилган қўлидан ушлади:
– Қўйинг, Шариф ака, тинчланинг.
Аммо Шариф деганлари тинчланадиганга ўхшамасди, билъакс, тобора қутуриб, кўзи қонга тўлиб борарди:
– Биламан, буни Холида шпионликка юборган! – деган қатъий ҳукмини чиқарди у ногаҳон. – Ахир ажрашганимга уч йилдан ошди, яна қачонгача ҳаётимни заҳарлайди у? Унинг дастидан бир ерга боролмасам, биров билан танишолмасам! Шуям ҳаёт бўлдими?
Гап нимадалигини тушунмаган бўлса-да, Дониёр ҳар эҳтимолга қарши:
– Яна бир бор узр, – деб қўйди.
Аёл ялинишга ўтди:
– Шариф ака, қўйинг, эътибор берманг бунақаларга.
– Эътибор бермай бўладими? – баттар жазавага тушди негадир хўрлиги ҳам келаётган, шунданми, овози қалтираб кетган эркак. – Мен энди кўрсатиб қўяман бунақанги ёлланма жосусларга! Жонимдан тўйдириб юборишди. Ҳар нарсанинг чегараси бор-да!..
Ва мутлақо кутилмаганда Шариф гурзидай мушти билан Дониёрнинг жағига солиб қолса бўладими! Орқага учиб кетган Дониёр қўшни столга қулади. Стол-стуллар тарақлаб қулади, идишлар жаранглаб синди. Аёл чинқириб юборди…
Етказилган зарарни ошиғи билан тўлаб, қаҳвахонадан бир амаллаб қутулиб чиққан Дониёр ўтган-кетганлардан кўкарган кўзи, шишган юзини яширганча меҳмонхонага келди.
Қабулхонада Муқаддам нарсаларини йиғиштирмоқда эди.
Дониёр хотинини ойнадан бир оз кузатиб турди, сўнг, бу аҳволда киришга уялдими, ичкаридан чиқиб қолган фаррош аёлдан хотинини чақириб беришни илтимос қилди. Уни таниган, аммо ўзини аллатовур тутишидан ажабланган бўлса-да, ҳар тугул, фаррош орқага қайтди.
– У ёқда сизни хўжайинингиз сўраяпти, – деди қабулхонага ҳовлиқиб кирган фаррош.
Аллақачон эрининг шарпасини илғаган бўлса ҳам, атай ўзини бепарво, иш билан машғулдай тутаётган Муқаддам сўраган бўлди:
– У ёғи қаер?
– Эшик олдида.
– Қизиқ, – елкасини учирди Муқаддам, – нега киравермаяпти? Бостириб кириб юрган жойи бўлса.
– Билмадим, лекин менимча ичган. Нуқул юзини яширяпти. Уялаётган бўлса керак.
– Ростдан-а? – бирдан ишини тўхтатди Муқаддам ажабланиб. – Ичган? Бу Латиповга ўхшамаяпти. Сиздан илтимос, опа, бориб айтинг, ҳозир ишим кўп, қўлим бўшаган заҳоти чиқаман.
Аёл чўчиб кетди:
– Шундай деб айтайинми? Эрингизга-я?
– Айтаверинг. Кўрамиз, Латиповнинг сабри қанчага етаркан?
Фаррош елка қисиб қўйди-да, эшик томон юрди.
Муқаддам соатига қараб турди, роппа-роса олтмиш сониядан кейин «тарс-турс» қадам товушлари эшитилди ва Дониёр қабулхонага ғазаб билан кириб келди.
– Нега чақирсам чиқмайсан? Нима экан у қолиб кетаётган ишинг?
Муқаддам эрига диққат билан тикилди:
– Қизиқ, нега юзингизни яширяпсиз? Юзингизни яширадиган нима иш қилиб улгурдингиз, Латипов? Яна умримда бир марта чўнтагингизни кавлаганимни юзимга соласиз. Ёдингизда бўлса, ўшандаям шу аҳволда келгандингиз, Латипов.
– Мен боғдан келсам…
Дониёр бўшашиб, хотинига қаради. Унинг юзининг бир томони шишиб кетган, кўз атрофи кўкарган эди. Буни кўрган Муқаддамнинг эси чиқиб кетди:
– Вой ўлай! Нима бўлди? Муштлашдингизми?
Дониёр яна юзини яширди:
– Йўқ. Йиқилиб тушдим.
– Кўриб турибман, жуда муваффақиятли йиқилибсиз. Юринг-чи.
– Қаёққа?
– Яна шифокор эмишлар. Юринг «Биринчи тиббий ёрдам» хонамизга.
Муқаддам келиб меҳрибонлик билан эрининг билагидан тутди ва тиббиёт хонасига бошлади.
Бу ерда аёл Дониёрнинг юзини спирт сурилган пахта билан артаркан, сўнгги соатларда меҳмонхонда бўлиб ўтган воқеани гапириб берди:
– …Кейин терговчи менга қараб деразани кўрсатди-да: «Келтирилган зарарни айбдор тўлайди» дедию, ўша аёлни олдига солиб ҳайдаб чиқди-кетди. Дипломати билан.
– Яхши бўпти. Бир балодан қутулиб қолибсан.
– Сиз-да, бало-бало деб бошидан бошимни қотириб ташладингиз.
– Ўзингга эҳтиёт бўл, хотин. Шунда кейин пушаймон чекмайсан. Ҳозир шундай устомон аёллар борки…
Муқаддам лабини чўччайтириб, аразлаган бўлди:
– Қўрқитинг-а, қўрқитинг. Мен қанча қўрқсам, сизга шунча яхши.
– Қўрқитмаяпман, бор гапни айтяпман… Уф-ф, ачитиб юборди!
– Ачитади-да, – эрига ачиниб қаради Муқаддам. – Ўзиям аввал роса мўлжаллаб туриб, кейин йиқилгансиз шекилли, а, каскадёр Латипов. Аслида-ку, сизга буям кам.
– Ичи қоралик қилма, – хотинининг қўлига аста уриб қўйди Дониёр.
– Бу ичиқоралик эмас. Ҳақиқат шунақа аччиқ бўлади. Бир бегуноҳ аёлнинг кўнглини ранжитган, унга туҳмат қилган эркак албатта жазоланади. Мана исботи! Ё ҳалиям ўрлик қилиб, «бў!» деб тураверасизми?
– Бегуноҳ эмиш! – ён бермади Дониёр. – Тили бир қарич дебам қўшиб қўй.
– Тилимга нима қилибди, Латипов?
– Нима қилибди эмиш? Кимнинг оғзига қарасанг шу гап: «Пул йиғаётган экансизлар, катта ҳовли олиб Тошкентга кўчиб кетармишсизлар…» Бу гап сендан чиққани аниқ.
Муқаддам стулга беҳол ўтириб қолди, аммо аҳволини билдирмасликка уриниб, жилмайган бўлди:
– Хўп, ким айтяпти шунақа гапларни?
Дониёр беҳафсала қўл силтади:
– Ким бўларди, хотинлар-да.
– Хотинлар айтаётган бўлса… демак, бор гап.
Дониёр хотинига ўқрайиб қаради:
– Яна без бўлиб «Тилимга нима қипти?» дейсан. Ҳали хом режага ҳаммадан суюнчи олишнинг нима кераги бор эди.
– Ажаб қилдим, хўп қилдим! Нима учун яширишим керак, нима учун сир сақлашим керак? Пул йиғаётганимиз рост, Тошкентни кўзлаётганимиз рост. Яна нима керак? Нима, режамизга кўз тегади деб ўйлаяпсизми? Қўрқманг, уйнинг ҳаммаёғига кўзмунчоқ осиб ташлаганман, кўз-пўз тегмайди. Чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди, Латипов. Биз эса Тошкентнинг нонини еган чумчуқлармиз, Маккатиллодан ҳам қайтиб борамиз.
– Мен аниқ кетамиз демаганман, ўйлаб кўрамиз деганман.
– Ўзингизни тарозига солишни бошламанг, Латипов. Бу қарорни биргаликда қабул қилганмиз. – Муқаддам энгашиб, эрининг юзига диққат билан разм солди. – Ҳечқиси йўқ, кўчиб кетгунимизча тузалиб қолади. Шу ерда чорак соатча кутиб турсангиз, кейин уйга бирга қайтамиз.
Пахтани қоғозсаватга ташлаган Муқаддам кабинетдан чиқа бошлади.
Дониёр норози бўлди:
– Нега энди бу ерда? Нега энди ёнингда ўтирмас эканман?
– Об-бо! – Муқаддам стол жавонидан кўзгу олиб, эрининг юзига тутди. – Қаранг. Ахир бу кўринишингиз билан келаётган меҳмонларни қўрқитиб юборасиз-ку.
– Баҳона қидирма, – бўш келмади Дониёр. – Меҳмон келган пайтида ерга қараб туришим мумкин.
– Жуда ишондим-да. Бўпти, юринг. Фақат айтиб қўяй, дуч келган одамни менинг танишимга чиқариб, жанжал кўтармайсиз.
– Бўлмаса ўзинг ҳам дуч келган одамга тиржайиб қарайверма-да.
Муқаддам кабинетдан чиқаётган жойида тўхтади, эрига ўгирилди:
– Касбим шу, Латипов. Ҳар қандай меҳмонга илжайиб қарашга мажбурман. Бизни шунга ўқитишган.
Дониёр тутақиб кетди:
– Бекор айтибсан! Менам ёш бола эмасман, кўп меҳмонхоналарда бўлганман, лекин сенга ўхшаб тиржайи-иб турадиган биронтаям ходимани кўрмаганман!
– Уф-ф… – иложсиз бош чайқади Муқаддам. – Эгри одам эгри ўйлайди-да. Лекин айтиб қўяй, Латипов, сиз одам бўлмайсиз!
– Аввал ўзингга боқ…
– Мен яхшиси ўзим бориб сменамни топшириб кела қолай.
– Ана, кўрдингми, менинг бирга боришимни истамаяпсан. Бир гап бор сенда. Бўйнида айби борнинг оёғи қалтирайди деганлари шу-да…
– Латипов! Э, худойим-ей…
Мана шу тарздаги даҳанаки жанг асносида Муқаддам сменасини топширди.
Эр-хотин кўчага чиққанларида Муқаддамнинг эти жунжикиб кетди. Буни Дониёр сезди:
– Нима бўлди?
– Ҳеч нима. Шунчаки, чарчаган бўлсам керак.
Дониёр хотинининг пешонасини ушлаб кўрди:
– Иссиғинг бор. Дори ич.
Бирдан эрини қўлтиқлаб олган Муқаддам кўтаринки оҳангда гапиришга ўтди:
– Бу қувонганимдан. Мукофот чиқадиганга ўхшайди. Бузмасдан, қўшиб қўяман. Ҳарна жамғармамизнинг кўпайгани-да.
Эр-хотин йўлга тушишди.
– Ўзингга бирон нима керак бўлса олақол.
– Менинг ўзимга ҳозир ҳеч нарса керак эмас. Ҳеч нарса. Тезроқ йиғиниб, тезроқ кўчиб кетсак бас.
– Бунча ошиқма, хотин. Улгурамиз.
Муқаддам тўхтаб, эрининг кўзларига қаради:
– Йўқ, мана энди ошиқаман, Латипов. Умр ўтиб кетаяпти. Вақтида сизга ажарашайлик дедим, ажрашмадингиз.
– Астойдил сўрамагансан-да, – ҳазил қилишга уринди Дониёр.
Бироқ Муқаддам жиддий оҳангда гапирарди:
– Сўраш ҳам гапми, ялиниб-ёлвордим-ку.
– Йиғинг ёлғон эди. Умуман, аёл киши кўз ёши тўка бошладими, ақлли эркак у айтаётган гапларнинг тескарисини қабул қилавериши керак. Бу аксиома! Замонлар синовидан ўтган.
– Нима бўлганда ҳам ўшанда жавоб бермадингиз. Мана энди кетмайман. Сизни маҳкам қучоқлаб оламан-да, ҳеч қаёққа кетмайман, Латипов.
– Ҳеч ким сенга кет деётгани йўқ шекилли.
– Лекин бу ерда бугун ишдан чиқиб, эртасига туғруқхонадан бола олиб келишга ҳам чидамайман. Шаҳар кичкина, ҳамма бир-бирини танийди. Эрта-бир кун бирортаси болажонимни «асранди» атаб, кўнглига озор етказиши мумкин. Мен бунга чидай олмайман. Шунинг учун тезроқ Тошкентга кетайлик, Латипов. Тошкент катта шаҳар. Унга бизга ўхшаганлар сингишиб кетади. Икки йил-уч йил бор-йўқлигимизни бировга билдирмаймиз ҳам. Майли, ўн олти қаватли «дом»нинг ўн олтинчи қаватидаги бир хонали каталакда яшайлик. Бола олгандан кейин бошқа жойга кўчамиз. Сўнг яна бошқа жойга. Изимизни йўқотамиз. Қўни-қўшнилар билан ҳам борди-келди қилмай турамиз. Майли, бизни «ёввойи» дейишсин, майли, бизни яккалаб қўйишсин. Биз ҳаммасига чидаймиз. Боламиз учун, унинг бахти учун, ўзимиз учун ҳаммасига чидаймиз! Ана ундан кейин, ана ундан кейингина биз бу ерга келамиз. Меҳмон бўлиб, уч киши бўлиб. Болажоним қуйиб қўйгандай ўзимга ўхшаган бўлади. Биронтаси шубҳаланмайдиям.
Кўзлари жиққа ёшга тўлган хотинига қараб Дониёр ҳам беихитёр ҳаяжонланиб кетди:
– Нега энди шубҳаланишлари керак экан? Инсон, жумладан, аёл танасида бунданам ғаройиброқ мўъжизалар юз берганига тиббиёт гувоҳ! Мисол учун, москвалик бир аёл ўн тўққиз йил тирноққа зор юрган. Бачадони операция бўлган-да. Ҳамма нарсадан умидини узиб қўйган аёл бир кун қараса…
Ўз орзуларидан сархуш Муқаддам титраб-қақшаб эрининг гапини бўлди:
– У томони сизга тан, Латипов. Мен учун бола муҳим! Ҳаммасидан муҳим! Аммо унинг бирон кун келиб боши эгилишини истамайман. Шунинг учун Тошкентга тезроқ кетайлик, Латипов, кетайлик. Кўнглим сезиб турибди, ажойиб чақалоқ асраб оламиз. Мен уни тушимда кўрдим. Шунчалар аниқ кўрдимки, ҳатто кўкрагимга сут келди…
Муқаддам йиғларди…
* * *
Қишлоқ бозори ёнидан нималарнидир ўйлаганча, боши эгик ҳолда ўтиб бораётган Тоҳир таниш овозни эшитиб, сесканиб кетди.
– Тоҳир?!
Йигитнинг қаршисида Гулноза турарди!
Жувон биринчи бўлиб салом берди:
– Ассалому алайкум.
– Яхшимисиз, – дея олди Тоҳир. Сўнг бундай меровсираб туриши аёл учун ноқулайлик туғдиришини сезди чоғи, гапида давом этган бўлди: – Бу ердалигингизни… билмагандим, Гулноз.
– Ўзи эрталаб келгандим.
Тоҳир чуқур нафас олди. У эркак киши, ўзини босиб олиши керак, ўзини ўйламаган тақдирда ҳам қаршисида жилмайиб турган жувонни ўйлаши лозим.
– Узр, иш билан бўлиб хабар ҳам ололмадим. Кечқурун ўтсамми деб тургандим ўзимам. Турғунбой амаким яхшимилар?
– Раҳмат. Оёққа туриб кетдилар.
– Яхши бўпти. Сал эркалик қилган эканлар-да.
– Шунақага ўхшайди. Энди эркалик навбати Ўктабр амакига ўтди.
– Тинчликми?
– Кўрпа-тўшак қилиб ётиб олганлар.
Тоҳир безовталаниб қолди:
– Уйларидами? Ёлғиз…
– Йўқ, бизникидалар.
– Унда яхши. Қизингиз қалай?
– Ўқияпти.
– Ўтган йили келганида кўргандим. Ўзингизга ўхшапти. Худди мактаб даврингиз.
– Ҳа, вақт ўтиб кетяпти. Ўзингизнинг ўғлингиз қалай? Коллежни битиради дегандингиз. Ишлаяптими?
– Ҳозирча бекор. Армияга бормоқчи.
– Омон бўлсин. Отасига тортибди-да, – Гулноза бирдан маъюс тортиб қолди. – Эсингиздами, «Армияга бормаган йигит йигитми?» дегандингиз.
– Ҳа, эсимда. Ёш бўлганман, ғўр…
Гулноза шошиб гап мавзуини ўзгартирди:
– Айтгандай, телефон қилганингиз, тўғрироғи, SMS юборганингиз учун раҳмат.
– Қўйсангиз-чи. Арзимаган нарса.
– Ўтган гал қўнғироқ қилганингизда эрим телефонни кўтариб қолиб, анча асабингизни бузган шекилли.
– Йўғ-э, – кўзларини олиб қочди Тоҳир. – Шунақа бўлганмиди? Эсимданам чиқиб кетибди.
Гулноза кулимсиради:
– Шунинг учун рақамни ўзгартирган экансиз-да.
– Э, йўқ. Ўзи шусизам шунақа қилиб, тез-тез сим-картани янгилаб тураман. Ишимиз шуни тақозо қилади.
– Нега?
– Рақам эскираверса гоҳ у ёқдан, гоҳ бу ёқдан бўладиган телефонлар кўпаяди.
Гулноза яна кулимсиради:
– Аёлларданми?
– Қаёқда, – очиғига кўчди Тоҳир. – Раҳбарлардан. Кимларнингдир қандайдир «акахон»лари балиқ овига чиққан бўладими-ей.
– Тушунарли.
– Қишлоқни айланиб юрибсизми?
– Ҳам саёҳат, ҳам тижорат. бир оз лаҳм гўшт олсам дегандим. Уч оғайни ботирга қайнатма шўрва қилиб бермоқчийдим. Уйда сабзи-пиёз, шолғом бор экан-у…
– Сиз шаҳарликлар гўштнинг фарқини билармидингиз?
– Ҳо, биз ҳали шаҳарлик бўлиб қолдикми?
– Ҳа, ахир йигирма икки йилдан бери шаҳардасиз.
Тоҳирнинг гап оҳангидаги ғуссани англаган Гулноза маъюс тортиб қолди. Буни сезган Тоҳир ўзини ноқулай ҳис қилганча қассобхонага шошди:
– Сиз шу ерда туриб туринг. Мен ҳозир… Кейин… кейин сиз билан бориб Ўктабр отадан хабар олсам дегандим.
– Яхши бўларди…
Ўктабр ота ҳамон ухлаб ётган экан. Турғунбой ота азалий эрмагини давом эттириб, ёғочдан кемача ясарди.
Тоҳир Серсенбой ота билан бир оз гурунглашди.
Елкасига сочиқ ташлаган Гулноза дастшў, қумғон кўтариб кирди:
– Овқатам пишиб қолди. Серсенбой амаки, қўлингизни ювасизми?
– Қўл таза, қизим.
Гулноза савол назари билан отасига қаради. Турғунбой ота шошмасдан пичоқни кўрпача тагига яширди:
– Опке.
Гулноза илдам бориб отасининг ёнига дастшў қўйди, сув қуйиб турди. Турғунбой ота қўлларини ювгач, қизи тутган сочиққа артди.
– Барака топ. Сувдай сероб бўл, қизим.
Гулноза Тоҳирга қаради.
– Қўл тоза, – деди у шошиб.
Шу маҳал Ўктабр ота ингради, кейин нимадир деб пичирлади. Турғунбой ота энгашиб, қулоғини жўрасининг оғзига яқин олиб борди.
– Ком… Коммуна…
– Қизини сўраяпти, шўрлик, – афсус билан бош чайқади Турғунбой ота.
Серсенбой ота лаб тишлади:
– Бавур-да, бавур.
Турғунбой ота Гулнозага қаради:
– Хабар беришнинг иложи топилмадими, қизим?
– Неварангизга тайинладим, ота, излаб кўради. Лекин, тўғриси, топилишига ишонмайроқ турибман.
Турғунбой ота ўйланиб қолди:
– Унда… уйига бориб қараб кўр-чи. Балки бирон жойга адрес-падресини ёзиб қўйгандир.
– Майли, ота. Ҳозироқ бориб келаман.
– Ҳовлида бўрибосар бор. Нақ эшшакдек келади. Эҳтиёт бўлинг-а, – деди Тоҳир.
Серсенбой ота қўл силтади:
– Э, ўл кўклемде қариб-шириб ўлдиғўй.
– Билмаган эканман, – деди ноқулай аҳволга тушиб қолган Тоҳир.
– Барибир эҳтиёт бўл, қизим. Овлоқ уйга ҳар хил дайди ҳайвонлар кириб олиши мумкин.
Тоҳирга жон кирди:
– Сменам бошлангунча бекорман. Мен бирга бориб келишим мумкин.
– Яхши бўларди, ўғлим.
Чойнак кўтарган Маърифат хола кирди. Тоҳир ўрнидан тура бошлади.
– Овқат-чи? – сўради Турғунбой ота.
– Раҳмат. Қорним тўқ эди. Бориб кела қолайлик.
– Майли…
Ўктабр отанинг уйи икки кўча нарида эди. Кўп йиллардан буён таъмирланмаганиданми ё мол-ҳол ҳам сақланмаганиданми, қандайдир нураб қолгандай таассурот уйғотадиган ҳовли бошқа уйлар ёнида шумшук, ғариб кўринарди.
Улар ранги ўчиб кетган дарвоза ёнида тўхташди.
– Эсимда, – деди Гулноза, – бу дарвозани охирги марта… йигирма йилча бурун кўргандим. Ўзгармапти.
– Ўзгарган. Қаранг, ранглари ўчган, – деди Тоҳир ва дарвозани итариб кўрганди, ғижирлаган овоз эшитилди. – Ошиқ-мошиқлариям занглапти. Мойлаб қўйиш керак… Дарвоза қарипти.
– Одам қариб кетяпти-ю.
Икковлон ичкарига киришди. Кимсасиз, файзсиз ҳовли. Яқин орада одам қўли тегмаганлиги шундай кўриниб турибди.
Ўктабр отанинг чанг босган хонаси. Жавонлар тўла китоблар. Деворга суратлар осилган. Қозиқда тўн, дўппи.
Тоҳир бир суратни қўлига олди. Оқ-қора суратда сочи орқага таралган, галстук таққан, галифе шим кийган жиддий киши уч яшар чамаси болакайни қўлидан тутиб турибди. Тоҳир суратнинг орқасига қаради.
– 1940 йил. Райком секретари Мэлс Мэлсович уч ёшли ўғли Октябрь билан.
Бошқа бир сурат рангли эди. Кексароқ, орқага таралган сийрак сочи оқарган, галстукли жиддий одам чақалоқни бағрига босиб олган.
– 1980 йил. Иттифоқ аҳамиятига молик пенсионер Мэлс Мэлсович невараси Коммуна билан.
– Эшитишимга қараганда, – деди Гулноза, – бунақа ғалати исмларни Мэлс Мэлсовичнинг ўзи қўйган экан-а?
– Ҳа. Шахсан ўзи, – Тоҳир суратларни кўрсатди. – Мана, Октябрь амакининг акалари Жонрид, Тельман. Буниси опаси Клара. Илоё жойлари жаннатда бўлсин. Байналмилаллик тарафдори бўлган Мэлс Мэлсович атайлаб рус қизига уйланган дейишади, Хрушчёв бош котиб бўлганида эса келини украин бўлишини талаб қилиб туриб олган экан.
Гулноза эслади:
– Лекин Агния янга тоза ўзбек бўлиб кетганди. Ўктабр амакиниям бошига кўтарарди раҳматли.
– Мана, ниҳоят латиш невара куёв.
– Билишимча, невара куёвга у кишининг алоқаси йўқ. Ёшлар ўзлари топишишган.
– Ҳа, алоқаси йўқ. Лекин барибир суяк сурган-да. Энди Европанинг қайси бир бурчагида юрган мана шу Коммунахонни излаб топишимиз керак.
– Хўш, қидирувни нимадан бошлаймиз?
– Ҳайронман. Ўктабр амаки авваллари «Қизимдан ҳар ҳафта хат олиб тураман» деб мақтаниб юрарди.
– Тўғриси, бу гапга ишониш қийин. Майли, шундай бўлсаям бир излаб кўрайлик-чи. Зора адресими, телефон рақамими чиқиб қолса.
Тоҳир жавонларни очиб, нарсаларни бир-бир кўра бошлади. Гулноза китобларни, ёндафтарларни варақлашга ўтди.
Бир соатлардан сўнг ортга қайтаётган Тоҳир билан Гулноза қирғоқда ёғочдан кема йўниб ўтирган Турғунбой отага дуч келишди.
– Ҳорманг, ота, – деди Гулноза.
– Ҳорманг, – деди Тоҳир ҳам.
– Бор бўлинглар. Топдиларингми бирон нарса?
Тоҳир изоҳ берди:
– Амаки қизидан келган хатларни алоҳида қутига солиб асраган экан. Лекин охирги хат бундан икки йил бурун келган.
– Жўрам «Қизим ёнига чақиравериб чарчади, охири аразлаб хат ҳам ёзмай қўйди», дегандай бўлувди.
– Шунақага ўхшайди, – деди Гулноза. – Қизи ҳар бир хатида отасини чақирган. Ҳатто икки марта «Виза масаласини ҳал қилиб қўйдим», деб ҳам ёзган.
– Лекин негадир жўрамнинг у ёқларга оёғи тортмайди. Саке билан неча марта уришиб, сўкиб ҳам жўнатолмадик-ку. Жуда қўймасак, «У ёққа борсам ўлиб қоламан, шуми ниятларинг?» деб туриб олади.
– Одам боргиси келмаган жойига бормаганиям маъқул, – деб қўйди Тоҳир.
Турғунбой ота бу фикрни маъқуллаб бош ирғади.
– Хатлардаги ҳамма адреслар, телефон рақамларини кўчириб олдим. Ноила келса, бераман. Интернетдан яна бир излаб, телефон қилиб кўради.
– Майли, бир уриниб кўринглар. Боя алаҳлаб, яна қизини чақирди. Шамдай сўниб боряпти бечора. Асли ўзи қизининг йўлига илҳақ экан-да боёқиш.
– Ҳалиям жўрангиз мард одам. Ичидагини билдирмайди, – деди Гулноза.
– Ҳа, ичи йиғлайди-ю, сирти кулиб туради.
Тоҳир қуёшга бир қараб қўйди:
– Хўп, амаки, мен борай. Сменам бошланишига ҳам оз қолди… Айтгандай, қизим келади деётгандингиз, Гулноз. Телефон қилсангиз, қирғоққа келиб тураман. Кечқурун дарё жуда чиройли бўлади. Агар хоҳласаларингиз, иккалангизни бир айлантираман.
Гулноза жилмайиб қўйди:
– Қизим билан гаплашиб кўрай. Лекин у шумтака бунақа саёҳатларни жуда яхши кўради.
– Унда келишдик. Хайр. Яхши қолинг, амаки.
Тоҳир кетди. Гулноза унинг ортидан қараб қолди.
– Одам… вақт ўтганини ўзига қараб билмас экан-а, ота. Бировга қараб биларкан. Қиличдай йигит эди-я. Эсингиздами, ота? Букчайиб қолибди.
– Тоҳир унча-мунчага бўйин бермасди. Лекин буни ғам қаритди, қизим. Осонми хотиндан ажраб қолиш. Энди яшай бошлаганларида. Ҳалиям садоқатли экан, бошқа уйланмади. Хотинининг қирқи ўтмай боши очиқ жувонларга совчи қўйиб ётганларам бор ўзимизнинг шу қишлоғимизда.
Гулнозанинг лаби қимтилди:
– Демак… хотинини яхши кўрган. Яхши кўрган.
Турғунбой ота қизига диққат билан тикилди, сўнг ёнига чақирди:
– Бери кел-чи.
Гулноза бориб отасининг ёнига ўтирди.
– Хўш, қизим, ўзингдан гапир. Онангнинг олдида кўп сўраб-суриштириб ўтирмадим. Оиланг қалай? Куёвим хафа қилмаяптими?
– Ҳаммаси яхши, отажон, ҳаммаси яхши. Бундан ортиғи бўлмайди.
Турғунбой ота ишонмади:
– Ростдан-а? Унда нега…
Шу томонга пилдираб келаётган аёлини кўрган Турғунбой ота жим бўлиб қолди. Маърифат хола ҳарсиллаб етиб келди.
– Яна нима бўлди, Раҳмонқул чегачининг қизи? – сал норози оҳангда сўради Турғунбой ота.
Гулноза ўрнидан турди:
– Тинчликми, ойижон?
– Жўраси… ўтириб олди. Тураман деяпти. Бу кишининг бу ёқдалигини эшитиб, менам дарёга бораман деяпти.
Турғунбой ота беҳафсала қўл силтади:
– Келса келар. Қайтанга яхши-ку. Шунга шунча ваҳимами?
Гулноза ойисининг ёнини олди:
– Лекин доктор Ўктабр амакини жойидан қимирламай ётсин деганди.
– Духтир айтаверади-да. Мениям касалхонага юбормоқчи бўлганди.
– Юринг-чи, ойижон.
Она-бола овул томон юришди. Турғунбой ота нарсаларини йиғиштира бошлади:
– Ваҳимакашлар-эй…
Ўктабр ота ўрнидан тураман дегани рост экан. У Гулнозанинг:
– Яна озгина ётиб туринг, амаки, – деган илтимосига ҳам кўнмади.
– Ҳай қизим-а, айтдим-ку, яхшиман деб. Нима, ётганим билан бунданам яхши бўлиб қолармидим?
Хонага кириб келган Турғунбой ота жўрасини енгилгина уришиб берди:
– Ётмасанг шундай ўтир. Дарёга ликиллаб бориб нима қиласан?
Ўктабр ота жўрасига ўпкалаб қаради:
– Ҳой одам, сен бемор пайтинг кўнглингга қарадик-ку. Нега менга қолганда тихирлик қиляпсан?
Турғунбой ота бўш келмади:
– Менга духтир тоза ҳавода юрсин деган, сенга ўраниб ётсин деган.
– Бекор гап! – тан олмади Ўктар ота. – Менга ўраниб ётишни маслаҳат берадиган духтир ҳали онасининг қорнида. Қани, бўл, кетдик, жўра. Иккаламиз бир айланиб келамиз. Аёлларни овора қилма. Анов нарсаларингниям олвол.
– Чиқмасанг бўлмайдими?
Ўктабр ота бош чайқади:
– Бўлмайди. Сен билан менинг дардимни сув олади.
– Бўпти, дардинг шу билан ариса юр!
– Ота! – деб юборди Гулноза кескин оҳангда. Сўнг зўр бериб беморнинг қимирламай ётиши кераклигини қўл ишоралари билан тушунтира бошлади.
Турғунбой ота бош чайқади:
– Энди бу «қўй» десанг қўядиган ёшда эмас. Қирғоқда ўтирамиз. Тўғри-да, бу ерда ўтирди нима, у ерда ўтирди нима?
– Сенданам ақлли гап чиқаркан-ку, жўра, – хурсанд бўлиб кетди Ўктабр ота. – Жилдикми?
– Сен яхшиси бориб Сакени чақириб кел, – қизига тайинлади Турғунбой ота. – Невара-чевараларидан бўшаган бўлса, олдимизга келсин.
Ўктабр ота жўраси кўмагида ўрнидан турди.
Уч қария ўзларининг қирғоқдаги севимли жойларига етиб келишди. Бу ерда дарё жуда кенг бўлиб, сокин оқарди.
Турғунбой ота кемачаси билан машғул бўлди. Жиддий тортиб қолган Ўктабр ота оёқларини тиззасигача сувга тиқиб ўтириб олди. Серсенбой ота эса, чарчаган эканми, ёнбошлаган ҳолида бошини кафтига қўйганча мудрашга тушди.
– Энди кўнглинг жойига тушдими, жўра? – сўради Турғунбой ота.
– Тушди, – деди Ўктабр ота. – Сен менга қарамай ўзингнинг ишингни қилавер.
– Ҳалиям ишимни қиляпман.
– Шу кетишинг бўлса, – ҳеч чидай олмади шекили, барибир гап билан нишини суқиб олди Ўктабр ота, – шу кетишинг бўлса яна бирон йилларда тугатарсан-а бу эрмагингни?
– Нега энди бирон йил? – ҳайрон бўлди Турғунбой ота. – Битди ҳисоб. Елкан билан ғилдирак қўйсам, тайёр-да.
– Жуда ишондим-да. Агар менинг маслаҳатимга қулоқ солиб, шунинг қисмларини станокда ясатганингда, ҳозиргача камида саккизтаси тайёр бўларди.
– Қўйсанг-чи, қўл турганда станокка бало борми?
Энди илжая бошлаган, недир ҳазил қилмоққа чоғланаётган Ўктабр ота бирдан маъюс тортиб қолди:
– Қизим, «Бу ерда қўл меҳнати жуда қадрланади. Агар қўлда тайёрланган нарса совға қилсангиз, бу ердагиларнинг боши осмонга етади. Фақат бола меҳнати бўлмаслиги керак», деб ёзганди.
Турғунбой ота қўлидаги кемани кўз-кўзлади:
– Жўра, мана шу битган заҳоти сеники. Бемалол олиб кетавер. Хоҳласанг, яна битта ясаб бераман.
– Кейинги йил тайёр бўлади-да, а?
– Нега энди кейинги йил? Сен меҳмонга бораман десанг бўлди, мен тун-кун ухламай чиқсам ҳам, айтган пайтингга ясаб ташлайман буни.
– Айтган пайтим… – Ўктабр ота тиниқ осмонга, ёйилиб оқаётган дарёга, қирғоқ бўйини қоплаган ўт-ўланларга, қўлида ғимирлаб кетаётган чумолига аллақандай ҳарислик билан, тўймай тикилди, – айтган пайтим ўтганга ўхшайди, жўра. Аввал эрта дедим, унинг ўзи келсин дедим… Энди бўлса… кеч…
– Бу нима деганинг, жўра! – жеркиб берди Турғунбой ота. – Муштдай болалар бу ёғи Америка, у ёғи Ҳиндистон деб юрганда сен…
– Менам муштдай бўлганимда, албатта борардим..
– Бугун сенга бир бало бўлганми? Индамасам, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ҳам оласан шекилли?
– Балки шундай қилганим яхшийди, лекин… йиғламайман.
– Тўғри қиласан. Қари одамнинг кўнгли бўш бўлиб қолади. Демак, ҳали қариганинг йўқ.
Ўктабр ота яна дарёга қаради.
– Икки-уч кун кўрмасам, сув кўзимга ўтдек кўринадиган бўлиб қолибди.
Яқинлашётган моторли қайиқ овози эшитилди. Серсенбой ота чўчиб кўзларини очди. Инспектор формасидаги Тоҳир таъмирдан чиққан қайиғида уларга яқинлашиб, моторни ўчирди.
– Ассалому алайкум, отахонлар. Яхши бўлиб қолдингизми, Ўктабр амаки?
– Отдайман! – бош бармоғини бигиз қилиб кўрсатди Ўктабр ота. – Ўзинг келиб қолмаганингда, энди сувга тушиб балиқ овласамми деб тургандим. Бир браконьерлик қилай.
– Сизга бемалол, амаки. Хоҳласангиз бир-иккита балиқ олиб келиб берай.
– Э, йўқ! – кўнмади Ўктабр ота. – Ўзинг тутганингга нима етсин!
– Сиз қалайсиз, Серсенбой кўке?
Серсенбой ота ҳам бош бармоғини кўрсатди:
– Миқдай.
– Хўп, амакилар, мен борай. Хизматчилик.
– Бемалол, болам, бемалол, – деди Турғунбой ота.
Тоҳир моторни юргизиб, узоқлашгач, Турғунбой ота жўрасига кулиб қаради:
– Балиқ овлар эмиш. Бош бармоғингга чувалчанг-пувалчангдан қистириб қўй, бирон каттароқ лаққа келиб ғарчча тишласа, шартта тортиб оласан-қўясан.
– Шўртан тисдесе, бармағингдан айрилиб қаласин, – ваҳимага зўр берди Серсенбой ота.
Ўктабр ота жўраларига синовчан тикилди, сўнг ҳужумни бошлади:
– Саке, уйқтаб бўлдингба?
– Бўлдим. Уйде уйқу жўқ. Балдар, неверелер, шеверелер…
– Бемалол эваралар деявер. Сенгаям қийин. Ўзиям бир вагон бўлди-ёв.
– Вай-бў-ёв, ў не дегенинг? Қаят балдарминен, балдарнинг балдаримен татти.
Ўктабр ота қўлини кўксига қўйди:
– Хўп, хўп, тан бердик. Мен бошқа нарсани айтмоқчийдим. Эсларингдами, болалагимизда қуруқ қўл билан тутиб олардик балиқни.
– Ҳа, энди у пайтлар чаққон эдик, – деб қўйди Турғунбой ота.
– Келинглар, яна бир уриниб кўрамиз.
Турғунбой ота жўрасига ҳайрон бўлиб қаради:
– Эсинг жойидами?
Серсенбой ота Турғунбой отага қараб бош бармоғини чаккасида айлантирди:
– Бунинг миеси кеткен.
– Қўрқдиларинг-а? – тантанавор хитоб қилди Ўктабр ота.
– Нимадан қўрқарканмиз?
– Биронтаям балиқ тутолмай, шарманда бўлиб қолишдан қўрқдиларинг. Мен эса тутаман. Мана кўрасанлар!
– Бириншиден…
Ўктабр ота бирдан дарёга тушиб, энгашди ва қўлларини сув ичига тиққанча аста-секин илгарилай бошлади.