Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Дониёр ҳайдовчига ишора қилди:

– Эркин ака. Носилка!

Дониёр билан ҳайдовчи инграб ётган, юзи қонга беланган Бердиқулни замбилда кўтаришиб, машинага олишди. Гўзалой беморнинг ёнига чиқди.

Шифокор лейтенантнинг ёнига борди:

– Беморнинг аҳволи оғир. Зудликда шифохонага олиб бормасак бўлмайди.

Назаров Тоҳирга ишора қилди:

– Буниси-чи?

– Э, – аччиғи чиқди Дониёрнинг, – буниси ғирт маст. Ғишт бўлиб ётибди. Ўзиям, кечирасиз-у, чўчқадай ичганга ўхшайди. Яна устида форма билан. Муздай сувга бир-икки пишиб олсангиз балки сал ўзига келиб қолар. Хўп, биз кетдик.

– Бўпти.

Дониёр ҳайдовчи ёнига чиққандан «Тез ёрдам» тез юриб кетди. Лейтенант ошпазларга ўгирилди:

– Давом этамиз. Кейин нима бўлди?

– Кейин, – ҳовлиқиб гапида давом этди Ҳамроқул, – кейин пул берасан деб туриб олди. Киссамдаги борини берсам, бу кам, бунга бозорга бориб семичка сотиб ол, деб мазах қилди.

– Нима учун пул сўраяпсан, демадингизми?

– Айтдим. Дарё ёнида ўтирганларинг учун, ўт ёққанларинг учун, рухсатсиз ош қилганларинг учун деб туриб олди.

Назаров ажабланди:

– Бунинг учун пул тўланмайди, десангиз ҳам бўларди-ку.

– Бўларди. Лекин қўрқдим, ака. Инспектор ҳар қалай ҳукумат вакили. Устида форма. Арбоб. Арбоб билан ҳазиллашиб бўлмайди, барибир камчилик топади. Унинг ўзиям «Обориб тиқиб қўяман, қамоқда чиритаман!» деяверганидан кейин ҳар қандай одам ҳам чўчийди-да.

– Кейин-чи?

– Кейин ароғимиздан босиб-босиб ичди. Биз билан тинчгина ўтирган Бердиқул акага қараб сўкинди. Бердиқул ака ҳайрон бўлиб: «Ака, мени нега сўкасиз?» деганди, бутилка билан бошига солиб қолди. Бечора гуп этиб қулади.

– Унда Холиёров… инспектор нима учун бизни чақирди? Шунисига тушунмаяпман.

– Кайфи ошиб қолганди. Кейин Бердиқул аканинг қонга беланиб ётганини кўриб ўзиям сал чўчиди-ёв. Шунга сизларни чақирдими дейман-да. Яна ким билади.

– Хўш, кейин-чи?

Орага Санақул қўшилди:

– Кейин инспекторнинг кайф қилиб ухлаб қолганини кўриб соткамда «Тез ёрдам»га телефон қилдим. У кишига бир нарса бўлиб қоладими деб ёмон қўрқдим-да. Ё нотўғри қилдимми, ака?

– Тўғри қилгансиз, – лейтенант машина ёнида турган иккита милиционерни чақириб, чўзилиб ётган Тоҳирни кўрсатди: – Буни машинага олинглар. – Сўнг акаукага мурожаат қилди: – Сизлар шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи номига тушунтириш хати ёзиб берасизлар. Нима бўлганини батафсил, эринмасдан, эркин ёзиб берасизлар. Ҳеч нарсани яшириб ўтирманглар. Қоғоз билан ручка беришади.

– Хўп бўлади, – деди Ҳамроқул.

Ука унга жўр бўлди:

– Бажарамиз!

Лейтенантнинг ишораси билан сержант йигитча бир нечта қоғоз билан иккита ручка олиб келди.


Ака-ука ошпазлар тушунтириш хатини бир-бири билан маслаҳатлашиб, бири бошқасини тўлдириб ёзиб беришди. Ҳамроқул қоғозларни лейтенантга топширди.

– Мана, ака.

– Ҳаммасини ёздиларингми?

– Ҳаммасини, акажон, – қўл қовуштирди Санақул.

– Ҳеч нарсани яшириб қолмадиларингми?

– Худо сақласин, ака, – ўзини қўрқиб кетгандай кўрсатди Ҳамроқул.

– Яхши, – Назаров аризаларга бир кўз ташлаб чиқди. – Яхши. Хўп, ҳозирча хайр.

Санақул қозонга ишора қилди:

– Ош пишиб қолганди, акажон. Бир чўқимдан еб кетингизлар. Хизматда юриб чарчагандирсизлар.

– Вақт йўқ, – жавобни қисқа қилди лейтенант.

– Икки дақиқада қулинг ўргилсин қилиб сузиб келаман, акажон.

Назаров машинанинг очиқ эшигидан кўриниб турган Тоҳирни кўрсатди:

– Буни бу аҳволда кўриб иштаҳаям бўғилди. Ўғри бўл, ғар бўл инсоф билан бўл-да, номард.

– Бизам шунга ҳайронмиз-да, ака, – дарров орага қўшилди Ҳамроқул.

– Хўп, биз кетдик.

– Раҳмат, акажон. Яхшиям сизга ўхшаган ҳалол-пок милиционерлар бор. Кунимиз анавинақанги юлғич инспекторларга қолса нима қилардик, акажон?

– Гуручнинг ичида курмак ҳам учраб туради. Буни ўзингиз яхши биласиз.

– Албатта, акажон, албатта.

– Буларам курмакдай гап. Лекин, мана ўзларингиз кўрасизлар, сизларнинг кўмагингиз билан биз бу жиноятчини фош қиламиз. Энди у жазодан қутулиб кетолмайди. Ҳаром барибир тешиб чиқади деганлари шу-да.

Милиция жўнаб кетди. Машина сал узоқлашгандан яйраб кафтларини бир-бирига ишқалаган Ҳамроқул укасига буюрди:

– Энди ошни суз! Яхшилаб суз!

– Аввал хўжайинга телефон қилиб қўймайсизми? – сўради Санақул.

– Телефон қиламан. Аввал кайфиятни кўтариб олай, кейин.

Ҳамроқул ўсиқ қамишлар орасига ўтиб, бир шиша ароқ олиб чиқди-да, одатига кўра тагига бир уриб, оғзини очди.

– Ҳар эҳтимолга қарши ташлаб қўйгандим. Тўғри қилган эканман.

– Барибир бир телефон қилиб қўйсангиз яхши бўларди, ака. Кейин, тилингиз айланмай қолса, Рустам хитланади. Ер тагида илон қимирласа билади у туллак.

Ҳамроқул ароққа термилиб қараб турди-турди-да, охири чўнтагидан телефон чиқариб, тугмачасини босди. У томондан Рустамнинг:

– Хўш? – деган овози келди.

– Ҳаммаси жойида, – ҳисоб бера бошлади Ҳамроқул. – Аризани дўндириб ёзиб бердик. Милиса талаб қилганидай, ҳеч нарсани яшириб ўтирмадик. Юз-хотир қилмадик.

– Кетишдими?

– Кетишди. Милиция ҳам. «Тез ёрдам» ҳам.

– Кимни ким олиб кетди? Аниқ гапир.

– Бердиқул акани «Тез ёрдам». Инспекторни милиция.

– Тузук. Ўзларинг нима қиляпсанлар?

– Бир чўқимдан ош есакми деб тургандик.

– Яхши. Ҳалоллаб еб олинглар. Ош ейишга арзигулик иш қилдиларинг. Бўлмаса мен ярим соатлардан сўнг қозон-позонни обкелишга машина юбораман.

– Хўп бўлади, хўжайин.

Ҳамроқул мамнун тарзда телефонни ўчирди. Санақул лаганга босиб ош сузиб келди.

– Балосан, ука, балосан. Гуручлар югуриб юрибди-я! Қани, аввал бизнинг буюртма пиёлани ол-чи. Ош тагида қолиб кетсин.

Санақул тутиб турган бўш косага Ҳамроқул қултиллатиб ароқ қуя бошлади.

* * *

Бугун сменалари тескари келган: унисиники тугаганда бунисиники бошланади; бўлмаса-ку, меҳмонхонага неча марта кириб, хабар олиб чиққан бўларди.

Беморни шифохонага топширгунларига қадар иш вақти ҳам якунига етди. Дониёрнинг типирчилаб қолганини сездими, барака топкур Эркин ака уни уйигача ташлаб қўйди.

Ҳар тугул, улгурди: Муқаддам энди кийиняпти экан.

Кўнгли хотиржам тортган Дониёр ишдан оч қайтганлигини баҳона қилди, сўнг бунга ўзининг ҳам ишонгиси келдими, ювиниб олишга кираётгани маҳал:

– Қуймоқ егим келяпти, – дея қўшиб қўйди.

Муқаддам музлаткичдан тўртта тухум олиб, товани газга қўйгач, шкафдан ниманидир излай бошлади. Излаганини тополмагач, жувон ванна ёнига келиб, эшик ортидан бақирди:

– Писта мойи тугабди-ку, Латипов.

Ичкаридан Дониёрнинг овози келди:

– Пахтаникиям бўлаверади.

Муқаддам ошхонага қайтиб, шкафдан пахта ёғи солинган баклажкани олди-да, қизиган товага озгина ёғ қуйди. Сўнг тухумларни косага чақиб, аралаштира бошлади.

Товадаги ёғдан оқ тутун кўтарилди. Ногоҳ Муқаддамнинг кўнгли айниб, ўқчиб юборишига сал қолди. Жон-жаҳди билан кафтини оғзига босган жувон балконга отилиб чиқди. Йўқ, ўтиб кетди. Кўзлари қизарган Муқаддам шошиб ошхонага қайтиб кирди ва товага яқинлашган маҳал доғланмаган мой исига яна ўқчиб юборди.

Жувон жон ҳолатда энгашиб, совуқ сувни очди, вошиллаб оқаётган сувга юзини қайта-қайта чайди. Сўнг кўнгли баттар беҳузур бўлган кўйи бир амаллаб тухумларни қовурдию, ликопчага солиб, дастурхонга қўйди.

Ошхонага кириб, стулга ўтирган Дониёр сувнинг очиқ қолганини кўриб, хотинига танбеҳ берди:

– Агар Исроилда яшаганингда эди, бунақа сув оқизишингда бутун топган-тутганинг совуқ сувни тўлашга етмасди. У ерда одамлар бир стакан сув билан ювинишади.

– Энди сиз меҳмонхонасида тургансиз, Латипов. Бошқа жойларида сув унчалик қиммат бўлмас.

Дониёр рафиқасининг сал қийналиб гапирганини сезмади, қизишиб, ўзиникини маъқуллаб кетди:

– Гўё ўзингнинг меҳмонхонангда сув исроф бўлмаётгандай гапирасан-а! Қачон борсам шовуллаб оқиб ётади. Билиб қўй, хотин, нимани хор қилсанг, ўшанга зор бўласан.

– Биз энди ҳар қалай дарёга яқин жойда яшаймиз-ку, – ўзини оқлаган бўлди совуқ сувни ўчираётган Муқаддам.

– Демак, сувни икки баробар иқтисод қилиш керак. Зар қадрини заргар билади.

– Овқатга қаранг. Совиб қолади.

– Ҳа, ўзингга-чи?

– Нимагадир иштаҳам йўқ.

Дониёр хотинига ишонқирамай қаради:

– Балки меҳмонхонада алламбало таомлар кутиб тургандир, а?

– Бошламанг, Латипов, бошламанг.

Муносиб жавоб олмаганидан ҳайрон бўлган Дониёр хотинига диққат билан қаради:

– Нимагадир шаштинг пастроқ. Кўзларинг ҳам қизарган. Уйқу яхши бўлмадими?

– Яхши бўлмади.

– Нима, ишга оч кетмоқчимисан?

– Айтдингиз-ку, меҳмонхонада турли-туман овқатлар кутиб турибди деб.

– Хотин, энди сен бошлама.

– Хўп, тавба қилдим. Бугунни разгрузка куни деб эълон қиламан. Ҳеч нарса емайманам, ичмайманам.

– Чарчаб қоласан, – бош чайқади Дониёр. – Сен яхшиси ишга борганингда қатиқ ичиб ол, икки соатдан кейин иккита кўк олма е.

– Хўп, хўп.

Муқаддам бу сўзларни шошиброқ айтди. Дониёрнинг назарида, хотини уйдан тезроқ чиқиб кетишга ҳаракат қилаётгандай эди… Бу аллақандай шубҳали эди…


Муқаддам ишга кетди, аммо эрининг хотиржамлигини ҳам ўзи билан қўшиб олиб кетган экан. Бирдан иштаҳаси бўғилган Дониёр турди, ўтирди, турди, ўтирди, алоҳа, кўнгил ғашлигига, турли шубҳа-гумонлар илонларининг юрагига оғули нишларини ботиришларига ҳеч чидай олмагач, бир банка қатиғу салафан халтада олма кўтарганча меҳмонхонага йўл олди. Ҳар қалай, сабаб бор-ку.

Дониёр не кўз билан кўрсинки, қабулхонада… кўз таниш бошқа аёл ўтирарди.

Дониёр Муқаддамни сўради.

– Ҳозиргина кетди-я.

– Қаёққа?

– Билмадим-а. Айтмади. «Бир соатларда келаман, ўрнимга ўтириб туринг», деди.

– Бир соатларда… – тамомила гарангсиб қолди Дониёр. – Қаёққа кетган бўлиши мумкин?

– Билмадим. Ўзи бир оз ҳаяжонланиб турганди. Мен «Тинчликми?» деб ҳам сўрадим. «Тинчлик» деди.

– Ҳм-м… Майли. Раҳмат. – У қўлидаги нарсаларни аёлга тутди: – Келса буларни бериб қўйсангиз.

– Албатта бериб қўяман.

– Қачон кетди дедингиз?

– Сиз келмасингиздан салгина олдин дедим-ку.

Дониёр шошиб ташқарига чиқди, эшик ёнида қаёққа боришни билмай ўйланиб турди. Ногоҳ дарвозадан кираётган фаррош холани кўриб қолиб, шу томонга юрди.

– Кечирасиз, Муқаддамни кўрмадингизми?

– Кўрдим, – фаррош катта кўчани кўрсатди. – Тепага шошиб кетаётган экан. Қизариб-бўзариб кетибди бечора. Ёнгинасидан ўтсамам мени пайқамади. – Хола бош чайқади. – Яна уришибсизлар-да, а, болам? Уят эмасми?

Жавоб беришга ҳам вақтини қизғанган Дониёр чопиб дарвозадан чиқдию, фаррош кўрсатган йўналиш бўйича илдам юриб кетди.

Шаҳар кичкина…

Беш дақиқа юрар-юрмас у кўчада шошиб кетаётган хотинини кўрди-ю, бирдан оёқлари қалтираб, қадамини секинлаштирди.

Муқаддам чапга, кўп қаватли уйлар томонга қайрилди. Дониёр масофа сақлаган кўйи изма-из келаверди.

Беш қаватли уй ёнига борган хотини атрофга хавотирланиб аланглаётганини кўрган Дониёр ўзини юк машинаси ортига олди.

Шундан сўнг жувон ғойиб бўлди-қолди, афтидан, ичкарига кирди.

«Ўлдираман!.. Сўяман!..» Дониёр маст одамдай чайқалиб шу тарафга чопди.

Эр бинога отилиб кираркан, эшик тепасидаги «Маслаҳатхона» деган ёзувни кўрди, аммо буни англашга, мулоҳаза қилиб ўтиришга вақти бўлмагани боис шувиллаб ўтиб кетди.

Узун йўлак… Ана, Муқаддам учиб бораяпти. Унинг орқасидан басавлат бир эркак. Бўғриқиб, тишлари ғижирлаб кетган Дониёр эркакнинг изидан тушди.

Муқаддам чапдаги хонага қайрилди. Эркак бу хона ёнидан бемалол ўтиб кетди.

Гарангсиб қолган Дониёр хона ёнида тўхтади, шундагина шифохонага хос таниш ҳидни сезиб, гарангсиди. Наҳот… наҳот учрашув…

Дониёр шахд билан эшикни очди-да, ичкарига бостириб кирди.

Тўрда, стол ортида оқ халатли кекса шифокор аёл ўтирарди. Унинг қаршисида титраб-қалтираган Муқаддам.

Шифокор Дониёрнинг кирганига ажабланмади, қайтанга:

– Келинг, ҳамкасб, – деди мулойимлик билан.

Муқаддам ортга ўгирилиб, Дониёрни кўрдию, ранги қордай оқариб кетди.

– Латипов? – дея олди у аранг. Сўнг шифокор аёлга қаради: – Бу киши эрим…

– Хўжайинингизни танийман, – кулимсиради врач. – Марҳамат, ўтиринглар.

Муқаддам беихтиёр ўтирди.

– Хўш, – врач столидаги қоғозни олиб, диққат билан қарай бошлади: – Муқаддам Латипова. 32 ёш. Натижа… натижа…

Сеҳрланган каби қоғозчадан кўз узмаётган Муқаддам инграб юборди.

– Натижа… ижобий, – деб қолди бир пайт шифокор. – Табриклайман.

Муқаддам нимадир демоққа уринди, аммо оғзини бир-икки қур очса-да, гапиролмади.

– Нима ижобий? – тажанг бўлиб сўради Дониёр. – Тушунмадим.

– Рафиқангиз ҳомиладорликни аниқлаш тестида ўзини текшириб кўрган экан. Шунинг натижасини айтяпман. Табриклайман, рафиқангиз ҳомиладор. Мана, – врач тест таёқчасини кўрсатди, – ўзингизам кўришингиз мумкин, ҳамкасб.

Дониёр довдираб, титраб-қалтираганча аранг сўрай олди:

– Лекин… бу… ишончлими?

– Юз фоиз!

Шифокорнинг бу гапини эшитган Муқаддам «шилқ» этиб ёнига қулади…


Орадан ярим соатлар ўтгандан сўнг аёллар маслаҳатхонасидан қўлтиқлашиб чиққан эр-хотин дунёдаги энг бахтиёр жуфтлик эди…

Чор-атрофга энг камида қаҳрамон онадай масрур боқаётган Муқаддам кутилмаганда эрини… қиммат дўконга бошлади.

– Бир нарса кўрсатаман, дадаси.

– А? – деб юборди Дониёр беихтиёр. Шу-унча йилдан бери хотинининг оғзидан фамилиясини эшитавериб, ўрганиб қолган экан.

Муқаддам ноз қилди:

– Нима, эндиям «Латипов» деяверайинми?

– Йўғ-э! – кулди Дониёр. – Қайтанга шуниси яхши экан. Одам исиб кетарканми-ей… Шу ёқимли гапни айтиш учун опкирдингми бу ерга?

– Йўқ. Маслаҳатингиз керак бўлиб қолди, – жувон кийим илгичда турган бир кўйлакни кўрсатди. – Шуни олсамми деб тургандим. Қаранг.

– Ўзингга ёқяптими, ишқилиб?

– Ёқяпти.

– Унда олавер.

– «Олавер»миш, – ўзини хафа бўлгандай тутди Муқаддам. Умуман, жувонга энди хафа бўлишу, аразлагандай лабини чўччайтиришлар ҳам ярашаётганди. – Ҳеч бўлмаса кўнгил учун ҳам бир кўринг, Лати… э-э, дадаси.

– Мана, кўрдик, – Дониёр кўйлакнинг у ёқ-бу ёғини ағдарди. – Хитойми?

– Йўқ, Туркияники.

– Ҳа, тоза моллиги кўриниб турибди, – Дониёр кўйлакнинг ёқасига ёпиштирилган қоғозчани кўриб қолди. – Буниси нимаси?

– Нархи.

– Йўғ-э? Бир, икки, уч, тўрт, беш… Бешта нол… Войбўй! Ичига тилла қўшиб тикилганми нима бало?

– Тоза мол қиммат бўлади, дадаси. Шунинг учун бу ерни «бутик» дейдилар.

– Лекин бу битта кўйлак ярим миллион сўм туради дегани эмасдир. Бунча пул учун ярим ой ишлайман, ахир.

– Хасислик қилманг, Латипов! – расмий оҳангга ўтиб олди Муқаддам.

– Латипов эмас, дадаси!

– Йўқ, Латипов. Бундан кейин жаҳлимни чиқарсангиз сизни яна «Латипов» деб чақираман, – эркалаб эрининг бурнини чимчилади Муқаддам.

– Хўп, хўп, аяси. Ўзингга ёққан бўлса бемалол олавер деяпман-ку

– Бу мендан ташқари сизгаям ёқиши керак-ку. Мен буни аввал бир кийиб кўрсатай, кейин айтасиз фикрингизни.

Муқаддам кийиниш хонасига кириб, бир пасда янги кўйлакда чиқди.

– Қалай?

– Гап йўқ. Даҳшат!

Дарҳақиқат, янги кўйлак жувоннинг ҳуснини янада таъкидлаб кўрсатмоқда эди. Муқаддам жойида айланди.

– Шу сал… кенгроқми дейман-да, а, аяси, – деди яна беихтиёр рашк қутқусига уча бошлаган Дониёр. – Қара, этаги чувалашиб қолаяпти. Ё бунинг модаси ўзи шунақами?

– Хайрият-эй, дадаси! – яшнаб кетди Муқаддам. – Шу саволни охири ичингиздан тортиб олдим-а. Бу ахир… бу ахир шунақа… ҳалиги кенг киядиганлар учун… Тушунаяпсизми?

Аммо Дониёр тушунмади:

– Семиз хотинлар учунми?

– Уф-ф! Қанақа семиз хотинлар? Иккиқат аёллар учун! Ҳомиладор аёллар учун! – Муқаддам қорнини кўрсатди. – Ахир энди бу ерим аста-секин мана бу-ундай бўлади.

– Э-э, – пешонасига шапатилади Дониёр, – энди тушундим, аяси! Хомкалла! Сенга ярашди, жуда ярашди. Худди ўзингга атаб тикилгандай. Менимча ўзи битта чиққану, кейин фабрикаси ёниб кетган.

– Олаверайинми?

– Гап бўлиши мумкин эмас. Оламиз.

– Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу ёққа юринг-чи. – Муқаддам эрини эркаклар кийимлари томон бошлаб борди-да, бир костюм-шимни кўрсатди. – Мана буни сизга мўлжаллаб қўйдим.

– Нима, бу махсус ҳомиладор аёлларнинг эрлари учун эканми?

– Йўқ. Бу сизга ўхшаган келишган, меҳрибон эркаклар учун. Фақат битта шарти бор экан: буни кийган эркак рашк қилишни бас қилиши керак экан.

– Ҳо, бекорларни айтибсан! Бу киши янги кўйлакларда товусдай товланиб юрармишлар-да… – Дониёр бирдан костюм ёқасидаги нархни кўриб қолди. – Ёпирай! Бир, икки, уч, тўрт, беш, олти… Йўқ, аяси, керак эмас. Янги костюм-шимим бор. Бундан ўлса ўлиги ортиқ! Керак эмас.

– Дадаси, бу мендан совға. Туғилган кунингизга.

Нархни кўриб, пешонасига совуқ тер тошган Дониёр кўнмай туриб олди:

– Э, туғилган кунимга ҳали қанча бор!

– Нима қипти? Олдиндан совға қилиб қўявераман-да!

Атрофга аланглаб, ўзларидан бошқа харидор йўқлигига ишонч ҳосил қилса-да, Дониёр хотини томон энгашиб, шивирлади:

– Бунақа пул сарфлайверсак… Тошкент нима бўлади, аяси?

– Қанақа Тошкент? – ҳайрон бўлди Муқаддам.

– Ахир ўзинг неча йилдан бери «Тошкентга кўчмасак бўлмайди» деб пул йиғиб юрибсан-ку.

– Тошкент? – Муқаддам ғурур билан қорнига ишора қилди. – Мана Тошкент! У ёқда ким бизни қучоқ очиб кутиб турган экан? Бу ер бўлса ўрганган жойимиз. Шунча таниш-билишларимиз, яхши одамлар атрофимизда. Энди ҳеч қаёққа кетмаймиз, дадаси. Энди биз шу ерда яшаймиз! Болам шу ерда туғилади. Мен энди ҳомиладор аёлман! Ишга гердайиб келаман, ишда гердайиб юраман, ишдан гердайиб қайтаман. Дўст-душманнинг олдида бошим баланд! Баланд!

– Тўғриси, – иқрор бўлди Дониёр, – менгаям шу ерда қолганимиз маъқул. Майли, ўғлимизнинг исмини Тошкенбой деб қўя қоламиз.

– Шошилманг, дадаси, шошилманг. Сезиб турибман, бу қиз. Чиройли қизалоқ!

– Ҳечам-да! Биринчиси ўғил бўлади, майли, иккинчиси сен айтгандай қиз бўла қолсин.

– Кўнглингизнинг кўчасини! Қиз бола ота-онасига меҳрибон бўлади, шунинг учун тўнғичнинг қиз бўлгани яхши.

– Мен ўғлимни шундай тарбиялайманки, у ота-онасига қиз боладан ҳам меҳрибонроқ бўлади.

– Лати… Дадаси! – Муқаддам костюм-шимни кўрсатди. – Буни кийиб кўрасизми ё шундай олаверайинми?

– Кийиб кўраман! – деди шошиб Дониёр. – Кийиб кўраман! Шунча пуллик нарсани кийиб кўрмай оламизми?

Дониёр ичкарига кириб, костюм-шимни кийиб чиқди.

– Ярашди, дадаси. Қуйиб қўйгандай… Буюрсин.

– Сенгаям ярашди, аяси. Яхши кунларда кий.

– Раҳмат.

– Аяси…

– Дадаси…

Ёноқларига иссиқ ёш оқиб тушаётган Муқаддам эрининг кўксига бошини қўйди, Дониёр меҳр билан хотинининг елкасидан қучди.

Уйга боргиси келмай, шаҳар айланиб юрган, йўл-йўлакай «бутик»ка ҳам кирган Гўзалой эр-хотинни мана шу ҳолларида кўрди-ю, жойида лол туриб қолди…

IV боб

Болалик пайтларида овулнинг Гулабза қушночи «Дарёга чиққанингда бирон балиқнинг кўзига қараб туравер, шунда сариқ бўлмайсан», деб ўргатганди. Ёши улғайиб, ақли тўлишгач Турғунбой дарёнинг нафақат балиқлари, суви ҳам шифобахш эканлигига иймон келтирди. Мана, ўзи. Қачон сал мазаси қочса, қирғоқ бўйига келиб ўтиради, гоҳ тўлиб-тошиб, гоҳ вазмин оқадиган, баъзан тиниқ, баъзан бўтана, қуёш нурларида жимирлайдиган, кўкни булутлар эгаллаганда қораядиган, тунлари эса осмонга бодроқдек сочилган юлдузларни тилла тангалардек ялтиратиб кўрсатадиган сувга тикилиб ўтираверади, ўтираверади. Бир пайт руҳи енгил тортганини, жисмидаги дардлардан фориғ бўлганини ҳис этади… Барибир, шунда ҳам дарёдан узоқлашгиси келмайди, доимий эрмаги – ўйма кемачани қўлига олади…

Бугунги сайрдан бардам тортиб овулга қайтаётган Турғунбой ота ўзига салом бериб ўтаётган йигитчани таниб қолди:

– Дилмуродмисан? Қани, бери кел-чи… Яхши юрибсанми, ўғлим.

– Раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз.

Улар сўқмоқ йўлдан бирга кета бошлашди.

– Эшитишимга қараганда ўқишни битирибсан.

– Ҳа, коллежни.

– Ҳунар ўргандингми?

– Ҳа. Компьютер дастурчиси.

– Яхши-ку. Энди нима қилмоқчисан? Каттароқ ўқишга борасанми? Шунга тайёрланяпсанми?

Дилмурод бош чайқади.

– Ишга кирдингми?

Яна бош чайқаш.

– Ие, қип-қизил бекорчимисан? Яхши эмас, яхши эмас. Мен аниқ биламан, ҳамма ёмонликлар бекорчиликдан келиб чиқади. Айниқса, сенинг ёшингда.

– Армияга кетмоқчиман, – қарорини билдирди Дилмурод.

– Бу яхши. Йигит киши албатта хизмат қилиши керак. Кейин-чи, қайтиб келганингдан кейин нима қилмоқчисан?

– Қайтиб келмоқчи эмасман! – деди йигитча шартта.

– Ие, бу нима деганинг? – ҳайрон бўлди ота.

– Армияда қоламан. Ҳарбий бўламан.

Турғунбой ота тўхтаб Дилмуродга синчков кўз ташлади, бўйига қаради, билагини сиқиб кўрди, сўнг бош чайқади:

– Жуссанг аскарникига ўхшамаяпти. Бу ҳолингда олишмайди-ёв.

– Унда… – таслим бўлмади Дилмурод, – Тошкентга кетаман. Ўша ерда қоламан. Мардикорлик қилиб бўлса ҳам кунимни кўраман.

– Эсинг жойидами сен боланинг? – жаҳли чиқиб кетди отанинг. – Қўлингда гулдай ҳунаринг бўла туриб мардикорлик қиласанми?

– Тошкентда ишга кириш осон эмас.

– Шу ерда ишла. Ким сенга Тошкентга югуриб бор деяпти?

– Мен… мен бу қишлоқда қолмайман, ота. Барибир кетаман!

– Болам-ов, кетганда қаергаям борардинг. Дунё тор…

Бир муддатлик сукутдан сўнг Дилмурод кўнглидаги гапни айтди:

– Бу қишлоқда яшагим келмайди, ота.

– Ўзингга яхши баҳона топиб олибсан-да, а? – йигитчани уришиб берди ота. – Яшагим келмайди эмиш. Ўзингга ўзингнинг раҳминг келиб, кечалари йиғлаб ҳам чиқаётгандирсан. Вой бечора-ей! Мен сени йигит десам… Ётибсан туну кун осмонга қараб, қачон армияга кетарканман, шу қишлоқдан қутуларканман деб. Баданинг бўлса пахтадай кўпчиган. Куч йўқ. Шу аҳволда армияга бориб, бизни ҳимоя қиласанми? Ўзинг ҳимояга муҳтожсан-ку. Армияга ҳозир чиниққан болаларни олишаяпти, сенга ўхшаган нимжон-йиғлоқиларни эмас. Қара. – Турғунбой ота белбоғига қистирилган пичоқни кўрсатди. – Эшитган чиқарсан, шунга ўхшаган пичоқ билан олти йил бурун ёлғиз укамни тоғда ўлдириб кетишди. Нима, энди мен ҳалиям аза тутиб, уйдаги ҳамма пичоқларни жарга олиб бориб кўмиб ташлашим керакми? Ё бўлмаса бундан уч йил бурун жиянимни машина босиб кетди деб ҳамма машиналарга ўт қўйиб чиқишим керакми?.. Бунчалар тор ўйламагин-да, болам. Ўзи анчадан бери сен билан гаплашмоқчи бўлиб юргандим. Жойи жаннатда бўлгур онангнинг ўлимида дарёнинг айби йўқ, ўғлим. Сен бургага аччиқ қилиб, кўрпага ўт қўйишни бас қил.

Дилмуроднинг кўзларига ёш тўлди, товуши титраб кетди:

– Ота…

– Йигитмисан? Кўтар қаддингни! Нима, сенинг шу аҳволда юрганингни кўриб, онангнинг руҳи шод бўляптими?

– Илтимос, ойижонимга тил теккизманг!

– Мен онангга эмас, сенга тил теккизяпман! Қара. – Турғунбой ота дарёни кўрсатди. – Она дарё минг, миллион йиллардан бери тўхтамай оқаяпти. Худо хоҳласа яна минг, миллион йиллар тўхтамай оқади. Биз йўқ эдик, Дарё бор эди. Биз келдик, Дарё бор. Биз ўтамиз, Дарё қолади. Дарёмиз худди ҳаёт каби абадий. У неча-неча минглаб, юз минглаб инсонларга жон бахш этди, сувга зорларнинг ташналигини қондирди, саҳроларни гулистонга айлантирди, яна бағрида айнан сен, мен учун балиқларни парваришлайди, уларни бизга тақдим қилади. Дарё бизнинг беминнат онамиздай меҳрибон, ғамхўр. Шунинг учун биз уни Она дарё деб атаймиз. У тириклик ибтидоси. Унинг интиҳоси йўқ. Ундан хафа бўлиш ношукрликдан бошқа нарса эмас.

– Турғунбой ота, мен дарёдан эмас, дадамнинг ишидан хафаман. Агар шу иш бўлмаганида…

– Агар дадангга ўхшаган одамлар бўлмаса дарё эҳтимол биздан юз ўгирарди, эҳтимол қуриб қоларди, ё бўлмаса бошқа ўзанга бурилиб кетарди.

– Ота. Мен барибир дарёга хотиржам қаролмайман. Ойижоним… Очкўз дарё. Ҳеч бўлмаса онажонимнинг жасадини қайтариб бермади… – ҳиқиллади йигитча. – Бориб тавоб қилай десам онажонимнинг қабри бўлмаса. Мен қайси қабрга тош қўяй, ота? Мен қайси қабрнинг ёнига гул экай? Мен қайси қабрнинг атрофини панжара билан ўрай? Мен онам билан… онам билан қайси қабр ёнида туриб гаплашай, Турғунбой ота? Шунинг учун барибир бу ерда яшай олмасам керак.

– Онанг бир инсонни қутқараман деб ҳалок бўлди. Онанг дарёда. Унинг ҳар бир томчисида, ҳар бир заррасида, ҳар бир ўт-ўланида. Онанг ўлмаган… Сен бўлсанг тирик туриб ўзингдаги ўзингни ўлдиряпсан. Сен онангга муносиб фарзанд бўлмаяпсан!

– Ота!

– Мендан хафа бўлсанг ҳам гапнинг очиғи шу, ўғлим! Сен менга чақчаявермасдан, яхшиси, вақт топиб бу гапларимни бир танангга ўйлаб кўр. Ёқмаса, ўзинг биласан. Ҳаёт сеники.

– Мен барибир кетаман!

Турғунбой ота жаҳл билан қайрилиб, тез узоқлашаётган Дилмуроднинг ортидан афсусланиб бош чайқаб қўйди-да, йўлида давом этди.

Ота ҳовлиси дарвозаси ёнига келиб, қўлбола ўриндиққа ўтирди.

Ҳовлидан қизи билан неварасининг гап-сўзлари эшитилди.

– Ойижон, шаҳарга ўтиб келсам дегандим.

– Тинчликми?

– Интернетга кириб, сиз берган янги номерларга телефон қилиб кўраман. Балки омадим чопиб, топиб оларман бу сирли Коммунахон опани. Кейин йўл-йўлакай сизнинг топшириғингизга кўра адам билан ҳам гаплашиб, сизнинг қизғин саломларингизни етказиб қўяман.

– Телефон қилиб тушолсанг.

Гулнозанинг овозида истеҳзо сезилиб турарди.

– Мен тушаман, ойижон.

– Яхшиси, бир оз сабр қилиб тур. Серсенбой амакининг уйидан бешбармоқ келаяпти экан. Шуни сузиб берайлик. Еб бўлишганидан кейин бирга кетамиз.

Аммо қиз кўнмади:

– Сиз бу ерда бўлиб туринг, ойижон. Мен ўзим бориб келаман.

– Автобус қаерда тўхташини биласан-а?

– Бултурги жойидами?

– Ҳа.

– Унда биламан. Балки кечаги таксичини чақирарман.

– Телефонини олганмидинг?

– Ҳа. Ҳар эҳтимолга қарши.

– Ҳой қиз, – пўписа қилди Гулноза. – Кўзингга қара.

Ноила муғомбирлик билан кулди:

– Қарайман, ойижон, қарайман…

Жилмайиб қўйган Турғунбой ота ичкарига кирди:

– Ҳа, пучуқвой, йўл бўлсин?

– Шаҳарга, буважон, шаҳарга. Сиз рухсат берсангиз, албатта.

Гулноза отасига савол назари билан қаради. Турғунбой ота бош ирғади:

– Майли, бир айланиб кела қолсин. Учта чолнинг бошида ўтирадими зерикиб?

– Ўзимнинг бувижонимдан! – Ноила Турғунбой отанинг юзидан чўлпиллатиб ўпиб олди. – Бу гапингизнинг биринчи қисми учун. Иккинчисини эшитмадим.

Ноила чопқиллаб чиқиб кетди. Гулноза отасини уйга бошлади.

Олдинма-кетин Ўктабр ота билан Серсенбой ота кириб келишди.


Орадан чорак соат ўтар-ўтмас уч қариянинг олдига катта товоқда сергўшт бешбармоқ олиб кирилди. Одатдагидай, «гуруҳ»да ёши энг кичик эканлигини пеш қилиб, негадир шу сабабли ўзига алоҳида иззат талаб этишни хуш кўрадиган Ўктабр ота таомга биринчи бўлиб қўл узатди, кейин Серсенбой ота, охирида мезбон.

– Саке. Адеми татти бўпти, а? – деб қўйди Ўктабр ота.

– И-я, бесбармаққа ўхсапти, – дея бош ирғаб қўйди Серсенбой ота.

Турғунбой отага бу илимилиқ мақтов ёқмади:

– Ўхшапти эмас, ҳақиқий бешбармоқ бўпти, Саке! Кампирингнинг қўли дард кўрмасин.

Серсенбой ота бу гал бош чайқади:

– Буни кишик келиним писирген.

– Гапниям опқочасан-да, Саке, – кулди Ўктабр ота. – Кичик келининг ошпазлик қилганини қаердан билдинг?

– Ўсиндай кўриниб турипти-ғўй. Несини сўрайсин?

– Энди кўп таранг қилмай, нима кўриниб турганини бизгаям айт, – деди Ўктабр ота. – Кейинги сафар бешбармоқни ким пиширганини билиб, ўшанга раҳмат айтайлик.

– Эгер бесбармақни кемпирим писирсе…

Серсенбой ота шу гапни айтгач, оғзига бир бўлак гўшт ташлаб, бемалол чайнай бошлади. Турғунбой ота билан Ўктабр ота унга қараб тураверишди.

– Гапир энди, Саке! – деди охири тоқати тоқ бўлган Ўктабр ота. – Шундай тураверамизми сенга қара-а-аб?

– Казир, этти жеб олай, – Серсенбой ота ниҳоят гўштни еб бўлди. – Эгер бесбармақни кемпирим писирсе…

Серсенбой ота яна оғзига гўшт бўлагидан солди ва хотиржам чайнай бошлади. Тутақиб кетган Ўктабр ота товоқдаги каттакон суякни қўлига олиб, жўрасига кўз-кўзлади:

– Ҳўв Саке, гапирасанми-йўқми, Ё манави устихон билан бошингга бир уриб, бира тўла тилсиз-забонсиз қийиб қўяйинми? Ана ундан кейин юрасан «кемпирим» дейишга зор бўлиб.

Серсенбой ота мутлақо хотиржам эди:

– Эгер бесбармақни кемпирим писирсе…

Серсенбой ота яна оғзига гўшт бўлагидан солмоқчи бўлди, аммо Ўктабр ота унинг қўлидан маҳкам чангаллаб қолишга улгурди:

– Агар шуниям оғзингга солсанг, ўзимга жавоб бермайман лекин, Саке! Аввал айтадиганингни айт, кейин гўштни қўйиб, мана, Турғунбойга ўхшаб хамиридан е! Тишингни ая!

Бунақанги ғиди-бидиларга ўрганиб қолган Турғунбой ота бемалол овқатланаверди.

– Қўп, – рози бўлди Серсенбой ота. – Эгер бесбармақни кемпирим писирсе…

Ўктабр ота тутаб кетди:

– Саке! Айтдинг буни!

– Қўп, тусундим. Хуллеси, эгер бесбармақни кемпирим писирсе…

– Ҳов, Саке! – суяк билан пўписа қилди Ўктабр ота. – Уриб ўлдираман лекин! Буни айтдинг дедим-ку. Мақсадга ўт!

– Казир. Асиқбай тур-сей. Эсит, эгер бесбармақни кемпирим писирсе…

Ўктабр ота атрофга иложсиз аланглади, суякни товоққа қўйиб, каттакон пичоқни қўлига олди:

– Ум-м! Охирги сўзларинг шу бўладиган бўлди, Саке!

– Қўй пишақди! – маъсум ўсмир каби кўзларини пирпиратди Серсенбой ота. – Қан шақирма!

– Сўйла дедим! – ўкирди Ўктабр ота.

– Сўйлабатирман-қу. Эгер бесбармақни кемпирим писирсе алдин сўрпасини бериб, кейин қамиримен этини береди. Тусундингме?

– Уф-ф… – чуқур нафас олди Ўктабр ота. – Тушундим-эй. Шу гапни аччиқ ичакдай чўздинг-а!

– Сўраған сен, айтқан мен…

– Лекин кампиринг тўғри қилади. Бешбармоқнинг шўрвасидан терлаб-пишиб бир коса ичсанг, ҳар қанақа шамоллашдан қутуласан-қўясан.

– Қани, овқатга қаранглар, – манзират қилган бўлди мезбон.

– Биз қараб бўлдик. Энди еймиз. Айтиб қўяй, ҳар ким олдидаги гўштга хўжайин. Ҳамсоянинг территориясига ўтиш йўқ.

Чоллар иштаҳа билан овқатланишга тушишди.


Дераза ёнида «уч оғайни ботир»нинг болаларча қилиқларини жилмайиб кузатиб турган Гулноза бўш чойнакни кўтарганча ошхонага бораётган маҳал телефон жиринглаб қолди.

Рақамиданоқ маълум: Файзулланинг офиси. Демак, бир амаллаб адвокатлик бюросига етиб келган.

– Яхшимисиз, хоним. Отахон қалай?

Эрининг дастлабки жумлалариёқ жувоннинг ичини музлатиб юборди: булар совуққонлик билан тил учида айтилган, беҳис навбатчи гаплар эди, холос; баайни Файзулла хотинидан аҳвол сўраб қўйиб, бўйнидаги қарзини узаётгандай; сўрамаса ҳам осмон узилиб ерга тушмаслигини биладигандай…

Ваҳоланки, Гулноза баъзан мўъжиза кутаётган ёш қизалоқ мисоли турмуш ўртоғида фавқулодда эврилишлар содир бўлишини интиқлик билан кутиб қоларди: дейлик, ёниб-куйиб, хавотирга тушиб, ҳаттоки рашк оловида жизғанаги чиқиб қўнғироқ қилса, ҳеч кутилмаган пайтда етиб келса, майли, озгина жанжал кўтарса, сўнг дарсдан қочган ўқувчини жазолаган муаллимдай, хотинини қулоғидан тортиб қайтариб олиб кетса; қайнотасини «отахон», қайнонасини «онахон» демаса, меҳр билан «отам», «онам» деса…

– Биз яхшимиз, – саломга яраша алик тарзида совуққина жавоб қайтарди Гулноза. – Отам ҳам яхши бўлиб қолдилар. Ҳозир уч ўртоқ бешбармоқ ейишяпти.

– Ҳа, унда яхши. Уларга саломимни айтиб қўйинг. Онахон яхшимилар, Ноила-чи?

– Ҳаммамиз яхшимиз. Ўзингиз қалайсиз? – Шунча гапирмайман деса ҳам барибир Гулноза нишини бир суқиб олди: – Қулоғингиз тинчиб, анча дам олгандирсиз?

Файзулла кулди:

– Бу нима деганингиз, хоним? Уйда ҳеч ким йўқ, ютиб юборай дейди.

Гулноза ўз хоҳишига қарши кейинги зарбани берди:

– Шунинг учун шунча телефон қилибам сизни уйдан тополмаётган эканмиз-да. На кечқурун топиб бўлади сизни, на ярим тун.

– Йўғ-э. Кечқурун уйда бўляпман-ку!

– Ўзингизни оқламанг, Файзулла ака. Назаримда, бунақа пайтларда ўзингиз ҳам ўзингизга ишонмайсиз шекилли.

Иззат-нафси озор еган Файзулла ҳам пичингга ўтди:

– Ҳа, энди, касби бировларни оқлаш бўлган одамга ўзини оқлаш осон эмас-да. Айтадилар-ку, бўзчи белбоққа ёлчимайди деб.

– Ноила қўнғироқ қилдими? – гап мавзуини ўзгартиришга шошди Гулноза.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации