Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Нима қипти, эсдалик учун-да, – бўш келмади Ноила. – Кейин сиз мени оласиз Тоҳир ака билан.

– Майли. Олақол.

Ноила қўл телефонини уларга тўғрилади:

– Мана, оляпман. Кадрга сиғмаяпсизлар. Сал бир-бирларингга яқинлашинглар. Тоҳир ака, сурилсангиз-чи. Бир чақирим нарида ўтирибсиз-а! Нима, ойим сизни еб қўядиларми?

Тоҳир салгина сурилганди, елкаси Гулнозанинг елкасига тегди. Ноила суратга олди.

– Мана, – кўрсатди у. – Қалай? Зўрми?

Тоҳир билан Гулноза суратни мақташди.

– Энди мени.

Она бола ўрин алмашишди, Гулноза суратга олди.

Тоҳир ўрнидан турди:

– Мен яна озгина ўтин териб келай.

Инспектор қоронғилик қаърига сингиб кетди. Гулноза чирсиллаб ёнаётган оловга тикилганча ўйланиб ўтирарди.

– Биласизми, ойи, нима? – деб қолди Ноила шивирлаб.

– Нима, қизим?

– Сизни… кейинги йиллар ичида… биринчи марта бундай бахтиёр кўришим. Ёшариб ҳам қолгандайсиз…

Гулхандан кўз узмаётган Гулнозанинг ёноғидан бир томчи кўз ёши юмалаб тушди. Ноила онасини елкасидан қучоқлаб олди.

Бир қучоқ ўтин кўтарган Тоҳир келди.

Яна бир соатча гулхан ёнида гаплашиб ўтиришгач, орқага қайтишди.

Тоҳир уларни уйлари яқинидаги қирғоққа олиб келиб қўйди.

Ноила миннатдорчилик билдирди:

– Сизга катта раҳмат, Тоҳир ака. Биз учун унутилмас саёҳат бўлди.

– Сизни анча овора қилиб қўйдик, – деди Гулноза.

– Овораси бор эканми? Уйгача кузатиб қўяйми?

– Йўғ-э. Икки қадам жойга ўзимиз бора оламиз.

– Ундай бўлса хайр. Амакиларга салом айтиб қўйинг. Учаласига ҳам.

– Айтаман.

– Айтгандай, – бирдан эслаб қолди Тоҳир, – уйда озгина айиқ мойи бор эди. Сменам тугасин, ўзим обориб бераман. Ҳар қандай шамоллашни енгадиган дори у.

Тоҳир қайтиб кетди. Она-бола уй томон юришди.

Ноила қўл телефонидаги тугмачани босиб, аппаратни қулоғига яқин олиб борди.

– Хўш? – сўради Гулноза.

– Ўчирилган.

– Тушунарли.

– Ойижон… Бунақа пайти адамнинг ухлаб ётишлари табиий-ку, тўғрими?

Гулноза ёқтирмайгина жавоб қайтарди:

– Агар уйда бўлсалар.

– Уйдалар, ойижон, уйдалар. Уйда бўлмай яна қаерда бўлардилар?

– Буни билмадим. Лекин… Сулаймон ўлганида девлар қутулиб қолишини биламан…

Гулноза тез-тез юриб кетди. Бир муддат жойида туриб қолган Ноила ойисининг ортидан чопди.


Кўп йил ишлаган, тажрибага эга бўлиб улгурган инспекторларда савқи табиий туйғусига ўхшаш нимадир пайдо бўлади. Улар қонунбузарликни кўришдан аввал сезиб, ҳис қила бошлайдилар.

Қанчалик масрур кайфиятда, дунё кўзига янада чиройли кўриниб қайтаётган бўлмасин, дарёнинг чеккароғида, сув юзасида қалқиб турган ягона пўкак Тоҳирнинг эътиборини тортди.

Инспектор қайиғини шу томонга бурди.

Пўкак ёнида қайиғини тўхтатган Тоҳир моторни ўчириб, атрофга аланглади. Ҳеч ким кўринмади.

Тоҳир энгашиб, пўкак ёнини, сув ичини пайпаслаганди, қўлига қўлига тўрнинг бир учи илинди.

Инспектор аста-секин тортиб олаётган, каттагина эканлиги билиниб турган тўр ичида потирлаётган балиқлар кўринди.

– Аблаҳлар!

Тоҳир пичоғида тўрни кесиб, балиқларни сувга ташлаб юбораверди.

Қирғоқ бўйидаги қамишзор ичига биқиниб олган Самад билан Қаҳҳор инспекторнинг жаҳл билан тўрни кесиб-бўлаклаб ташлаётганини юрак-бағирлари эзилиб, йиғлагудай бўлиб кузатиб туришарди.

– Уҳ-ҳ! – инграб юборди Самад. – Қирқиб-қирқиб ташлаяпти, аблаҳ! Энди бу тўр одам бўлмайди.

– Қандай қилиб топди-я?

– Э, унинг саккизта кўзи бор! Энди нима қиламиз-а! Янги тўр эди-а. Биринчи ишлатилиши-я!

– Ё олдига борамизми?

– Хаёлинггаям келтирма. Кўрса бўлди, ўзимизниям олиб кетади у расво!.. Уҳ-ҳ! Қирқаяпти! Қирқаяпти!

– Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр. Қўй, эзилаверма, унгаям боққан бало бордир.

– Бирон овлоқ жойда қўлимга тушса соғ қўймайман лекин. Тилиб ташлайман! Кесиб ташлайман!

– Ўзингни бос! Унгаям аталган жазо бордир!

Икковлон ночор аҳволда, зўр бериб мушт бўлиб тугилган қўлларини инспектор томон силкитишарди…

– Ўшанда лекин мен уни… мен уни… ўлдираман!.. Им-м!.. Тўрим… Янгигина эди-я!

– Ҳали жазосини олади бу аблаҳ! Қон қусади!..

* * *

Қўзибойнинг ўзи келиб, ош бериб кетибди. Она-бола шуни баҳам кўришди.

Уч-тўрт қошиқ еганидан сўнг Бердиқул лаганни ўзидан нари сурди.

– Ҳеч нарса емадинг-ку, болам?

– Йўғ-э! Мен-ку, роса едим, ўзингизнинг чимхўрлигингиз қолмаяпти-да.

– Қаригандан кейин шу, бир бурда нонга қорнинг тўяди.

– Янгамнинг қўли ширин-да. Ошини қаранг, жуда мазали бўлибди.

– Илоё умридан барака топсин, фарзандларининг роҳатини кўрсин.

Бир зум жим қолишди. Солиҳа эна қўлини сочиққа артди.

– Айтгандай, аканг бир маслаҳатли иш билан келибди.

– Айтаверинг, эна.

– Ҳамсояси Тиркаш тегирмоннинг қизи бир боласи билан қайтиб келиб қўйганига йилдан ошибди. «У уйни елкамнинг чуқури кўрсин», деётганмиш. Жуда зулм кўрган бўлса керак-да шўрлик. Шунга… агар Бердиқул кўнса, оғиз солиб кўрсак деб келибди аканг.

Бердиқул ерга қараб ўйланиб қолди, сўнг:

– Эна… сал шошмай турайлик-чи, – деди. – Уйланиш бўлса қочмас. Аввал кўзингизни операция қилдирайлик. Яна ёруғ дунёни кўринг.

– Болам-а, менинг кўзимнинг нури – ўзингсан-ку. Сен қайтиб келган кунингдан буён ҳамма ёқ мен учун чароғон бўлиб кетган.

Бердиқул ҳазин кулимсиради:

– Эсингиздами, эна, келинингиз билан… бола асраб оламиз деганимизда нима дегандингиз?

– Нима деган эканман, Берди?

– «Сотиб олмагунча қул бўлмас, туғиб олмагунча ул бўлмас». Шундай дегандингиз, эна.

– Жаҳл устида айтсам айтгандирман. Бу гапимни юзимга солма, болам.

– Юзингизга солаётганим йўқ, эна. Шунчаки… бировнинг пушти камаридан бўлган болани уйга олиб келсак…

– Болада нима айб? То ўзингнинг фарзандинг туғилгунича, ундан кейин ҳам мен бу болани ўз неварамдай, ҳатто унданам ортиқ кўраман.

– Акам шу гапни айтиш учун келибдими?

– Ҳа. Кейин яна ўша гап: юринг, биз билан яшанг, дейди. Менам айтдим: аввал Бердижонимнинг бошини иккита қилай, кейин майли деб.

– Келинингиз… у ёқда… яна ўғилли бўлибди, эна. Эшитдим.

– У иккита ўғилли бўлган бўлса, худо хоҳласа сен уч ўғилли бўласан, тўрт ўғилли бўласан, болам. Фақат буйтиб юравермай, уйлан, болам. Қўзибой топган аёл ёқмаса, ана, Насибаям бир аёлни айтаяпти. Эрдан куйганлардан экан, бечора. Бор, кўр, гаплаш. Ҳеч ким сени мажбурлаб уйлантираётгани йўқ-ку. Зора иккита ярим кўнгил бирлашиб…

– Мен кўнгли яримлардан эмасман, эна. Худога шукр, бошимда сиз борсиз. Акам бор.

– Мен расамади гапни айтяпман-да, болам. Тунов куни шаҳардан Рисолат келганди. Бир-иккита қари қизларам бор дегандай бўлди. Биттаси ўзимизга узоқроқ қариндош ҳам чиқиб қолди. Агар рўзғор қилганини кўнглинг тусамаса…

– Бу гаплар кейин, эна. Насиб қилса, тез орада пулимиз бўлади. Аввал кўзингизни операция қилдирамиз. Кўздан кейин сизни Тошкентга обораман. Бир йўла… нариги касалликниям даволаб келамиз. Энди бошқача яшаймиз, эна. Мана кўрасиз. Шунча заҳматларни бекорга чекмаганингизни ўзингизам кўрасиз…

– Шу маҳал қўл телефони «ти-ти»лаб қолди: хабар келди. Бердиқул хабарни ўқиб, шоша-пиша бармоқларини юзига сийпади. – Омин. Эна, мени ишга чақириб қолишди.

– Шу пайт-а? – ҳайрон бўлди Солиҳа эна.

– Айтдим-ку янги ишга кирдим деб. Бу ишнинг тунги сменасиям бўлиб тураркан. Бормасам бўлмайди. Майли, сиз яхши ўтиринг. Ё невараларингиздан биронтасини чақирайми?

– Мени бўри ермиди, болам. Сен бемалол ишингга бориб келавер. Менга бурилма.

– Хўп.

Бердиқул шошиб уйдан чиқди, дарё бўйига чопиб борди. Қирғоққа бурни тақалган иккита моторли қайиқда беш-олтита йигитнинг қораси кўринди.

Йўлда, машинаси ёнида Рустам турарди. Бердиқул унинг ёнига ҳансираб келди.

– Ёмон эмас, – деди Рустам соатига қараб қўйиб. Сўнг қайиқлар томон ишора қилди: – Сени кутишяпти.

– Хўп.

– Замоннинг тезкорлигини қара, – истеҳзо билан гапида давом этди Рустам. – Эрталабки гапимга фаришталар «омин» деб юборишган эканми, мана, биринчи синовдан ўтадиган бўлдинг. Ишингга пухта бўл. Йигитлар сени кузатиб туришади.

– Хўп.

Бердиқул қайиқлардан бирига борди, Рустам жўнаб кетди.


Йигитлар жим ўтиришарди. Бердиқул ҳозир бирон нима сўраш ўринсиз эканлигини ҳис этди. Яхшиси, улар нима қилса, шуни қилиб тургани маъқул.

Қайиқлар тун қоронғилигида бўтана сув каби оқаётган дарёда шиддат билан сузиб кетди.

Тез орада дарёнинг чеккасидаги қирғоққа туташ жойга, понтонлар билан ўраб олинган сув бўйида тўхташди. Бердиқул бунинг нима эканини биларди: балиқлар кўпайтириладиган ҳовуз.

Қайиқлардан отилиб тушган йигитлар ёнларидан пичоқ чиқариб, понтонларни ёриб-кесиб ташлайвердилар, иккита йигит эса ҳовуз четидаги дамбани очиб юборди

– Эй, кто вы такие? – тун зулматида ваҳимага тушган эркакнинг овози эшитилди. – Это частная собственность!

– Ҳой, кимсанлар? – унга жўр бўлди яна бир эркак титроқ овозда.

Йигитлар миқ этмасдан чаққонлик бу икки одамга ташланиб, уларнинг оғизларига латта тиқишди, қўлоқёларини боғлаб ташлашди.

Сунъий кўл ичидаги балиқчалар сув билан қўшилиб дарёга оқди-кетди.

Йигитлар абжирлик билан қайиқларига сакраб чиқишди. Моторлар гувиллади ва улар ортга учиб қайтишди.

Индамас йигитлар йўл-йўлакай Бердиқулни овули яқинида қолдириб кетишди.

IV боб

Эрталаб МЧЖдан хабар олгани келган Дилшод ҳовуз бўшаб қолганини, Абулқосим билан Володянинг эса оғизларида латта, қўл-оёқлари чандиб боғланган ҳолда ётганини кўрди… Дилшод ишчиларига кўмакка отилди.

Арқон қийиб кетган қўлларини ишқалаётган Володя алам билан бошига муштлади:

– Варвары! Эх, какая популяция была!

– Абулқосим ака?

– Ярим кечаси қанақадир одамлар бостириб келишди. Сувдан. Иккита қайиқда. Ўшаларнинг иши…

«Москвич»ини «Нексия» ёнида қолдирган Мансур ҳаллослаб чопиб келди.

– Нима… нима бўлди, ўртоқ? Понтонлар қани? Балиқлар қани?

– Ҳаммаси… тамом бўлди… – беҳис пичирлади Дилшод.

Мансур унга анграйиб қараб қолди…

Ёмон хабар тез тарқалиши рост шекилли, бир пасда участка нозири Ҳамробоев ҳам етиб келди.

Ишчилардан у-бу нарсаларни сўраб олган капитан Дилшодга мурожаат қилди:

– Менга ариза ёзиб беринг, укам. Мен сизнинг аризангизни олишга, расмийлаштиришга мажбурман. Бу менинг бурчим. Мен эса бурчимни ҳалол бажариб ўрганганман. Тўғри, сувда из қолмайди, укам. Мингбоевнинг фарзанди бўлсангиз ҳам буни очиқ айтишга мажбурман. Аммо мен барибир…

– Илтимос, ўртоқ капитан, дадамни аралаштирманг.

– Майли, майли. Мен бу ишни барибир очаман, демоқчийдим. Шунинг учун, сиздан яна бир марта ариза топширишингизни илтимос қиламан. Кейин яна бир нарсани ўйлаб кўринг: балки ўзингизнинг душманларингиз бордир, бу уларнинг ишидир.

– Менда душман нима қилади, Сайдазим ака?

– Э, бу дунёда душмани йўқ одам борми, укам! Ҳатто гадонинг душмани ҳам бор, уям бўлса гадо. Шунинг учун душманни узоқдан излаб овора бўлиб ўтирманг. У балки ҳамкасбларингиз орасидадир, балки шерикларингиз… Лекин агар дадангизга бир оғизгина шипшитиб қўйсак борми, менимча, ҳаммаси осонгина ҳал бўларди-қўярди-да…

Дилшод асабийлашди:

– Бу масалада келишиб олдик-ку, Сайдазим ака.

– Хўп, дедим-ку. Ана, мен сизга ён беряпман, илтимосингизни бажаряпман. Сизам энди менинг таклифимни бир ўйлаб кўринг-да, укам. Шошилманг, ўйланг. Майли, аризани ҳозир ёзманг. Ҳозир қизишиб турибсиз, бир соат ўйланг, икки соат ўйланг. Кейин яхшилаб, хотиржам ёзиб беринг. Шунақа-шунақа бўлди, шунча моддий зарар етказилди деб. Мен жон-жон деб аризангизни қонунан расмийлаштираман. Бу атрофдагиларни ишлашга қўймаётган тунги қароқчилар билан кўпдан бери кўришгим келиб юрганди ўзи. Мана, укам, менинг визиткам. – Ҳамробоев ташриф қоғозини узатди. –Агар ариза топширишга қарор қилсангиз, телефон қилсангиз бас, қаерда бўлсангиз ҳам ўзим олдингизга етиб келаман.

– Майли.

Ҳамробоев кетишга чоғланди, Мансур уни машинасигача кузатиб қўйди.

Мансур қайтиб келганида Дилшод дарё бўйида, сокин оқаётган сувдан кўз узмай ўтирарди.

Дилшоднинг телефони жиринглади. Йигит экранчада пайдо бўлган Ноиланинг суратига бир лаҳза қараб тургач, телефонни ўчирди.

– Мен… мен синдим, – шивирлади у.

– Бу нима деганинг? – ўртоғига далда беришга уринди Мансур. – Кетса пулинг кетгандир. Пул одамнинг жони эмас-ку.

– Бу ерда… – Дилшод керакли сўзни қидириб қолди, – бу ерда пулдан ҳам муҳимроқ нимадир бор эди. Пулдан ҳам азизроқ. Бу иш менинг ҳаётимнинг мазмуни, интилган мақсадим эди. Мен ўзимнинг мустақил одам эканлигимни шу ишим билан исботламоқчи эдим.

– Кимга, ота-онанггами?

– Йўқ. Ўзимга.

– Қўй, кўп ғам чекаверма. Йўқ нарсадан фожиа ясашга устасан-да аммо-лекин. Дадангга ётиғи билан тушунтирсанг яна оёққа туриб олишингга ёрдам берадилар. Ахир аслини олганда бу фирманг у кишининг туғилган кунларига, э, юбилейларига совға эди-ку, шунақами?

– Йўқ, мен дадамга бу ҳақда айтмайман. Нима, иш бошлагандим, эплолмадим дейманми? Ё айбдорларни топиб беринг дейманми? Шармандалик-ку бу! Ўлим-ку. Йўқ, мен энди оёққа турмайман. Шу ҳолимда ўқишга кетаман. Чет элга.

Мансур ўртоғини кўндиришга урина бошлади:

– Балки даданг билан гаплашиб кўрармиз. Иккаламиз бир амаллардик аммо-лекин…

– Йўқ, ўртоқ, йўқ! Мени кечир. Сен менга шунча яхшилик қилдинг. Мен бўлса сени иссиқ жойингдан совутиб, мана энди шунақа аҳволга солиб ўтирибман. Кечир.

– Участковойга телефон қилмайсанми?

– Нима кераги бор? Бир камим аризабозлик қилиб юриш эди. Бош кетгандан сўнг сочга ачинмайдилар…

Жимлик чўкди. Дилшод дарёга ташлаган тошининг чўкишини кузатиб ўтираверди.

* * *

Панама шляпа кийиб олган иккита хорижлик меҳмон ва уларнинг таржимони, Азизбек исмли кўзойнакли йигитни балиқ овига олиб чиқиш учун сувга учта қайиқ туширилди.

Дарёни кўриб, оғизлари қулоқларига етган меҳмонларнинг қўлларига яхши қармоқлардан берилди.

Орадан ярим соат ўтар-ўтмас қувончларидан териларига сиғмаётган меҳмонларнинг бири иккита, бири битта балиқ ушлади-ю, оппоқ тишларини кўз-кўзлашганча таржимон билан чуғурлашиб кетишди.

Азизбек орқа қайиқда келаётган Рустамга ўгирилди:

– Ака, меҳмонлар қайтишмоқчи.

Рустам истеҳзоли илжайиб қўйди:

– Айтиб қўйинг, ҳақиқий балиқ ови энди бошланяпти.

– Рустам ака, – тушунтиришга ўтди таржимон. – Буларга шуям етади. Булар учун балиқ ови дам олишга чиқишдай гап. Сув асабларни юмшатади. Унинг шунақа хусусияти бор. Тиббиётдаям, руҳшуносликдаям исботланган бу. Бунинг устига жаноб Боб вегетариан. Балиқ гўштиниям емайди у.

– Емаса емас! – қўл силтади Рустам. – Биз ҳозир уларга ҳақиқий балиқ ови қанақа бўлишини кўрсатиб қўйиб, ҳайрон қолдирамиз. Анча пайт эсларидан чиқармай юришади. – У хизматдаги йигитларга буюрди: – Бошланглар!

Иккита қайиқда ўтирган шотирлар – улар орасида Бердиқул ҳам бор эди – энгашиб, олдиндан ташлаб қўйилган тўрнинг чеккасидан кўтаришди.

Тўр кўтарила борган сайин унда потирлаб, ўзини ҳар томонга ураётган балиқлар кўринаверди.

Балиқ овининг ўз завқи бор-да! Тўрдаги балиқларни «Торт!.. Кўтар!.. Ол!… От!..» дея шод-хуррам бақирчақир қилганларича қайиққа ағдарган йигитлар ғайрат билан иккинчи тўрга ўтишди. Хорижликларнинг оғизлари ланг очилиб қолди ўзиям.

Ниҳоят меҳмонлардан бири таржимонга мурожаат қилди:

– Жаноб Азизбек. Бунча балиқнинг нима кераги бор? Ёки булар лицензияли овчиларми?

– Ҳа, жаноб Смит. Шунақа. Улар сизларга ўзларининг овчилик маҳоратларини намойиш қилишяпти.

Смит деганлари сал безовталаниб қолди:

– Лекин бу… яхши эмас… Боб ҳайвонларни асраш ташкилотининг аъзоси.

Ов эса ёввойи завқ билан давом этар, Рустам бақириб буйруқ берарди:

– Тортинглар! Қаттиқроқ!.. Чеккасидан ушла! Тўк!..

Ахийри буларнинг ҳаммаси тугади.

Деярли икки қайиқни тўлдирган балиқларни қирғоқ бўйида махсус тайёрланган жойга олиб чиқишди.

Ерга тўшалган гилам устида аллақачон тўкин дастурхон, турфа ичимликлар. Чеккароқда шаҳарда номи чиққан ака-ука ошпазлар Ҳамроқул билан Санақул самовар қайнатишмоқда, бир қозонда ош пиширишиб, балиқ кабоб учун манқал тайёрлашмоқда.

Меҳмонларни тўрга ўтқазишди, «олинг-олинг» бошланди. Чарчаганми, ранги оқариб кетган жаноб Боб шунча қисташса ҳам фақат мева-чевалардан тотинди. Смит деганлари эса Рустам тутиб турган бир пиёла ароқни қўлигаям олмади.

– Жаноб Смит ростданам ичмайди, Рустам ака, – деб қолди таржимон. – Фақат баъзан-баъзан юз грамм мусаллас демаса.

Рустамнинг ҳафсаласи пир бўлди:

– Одам эмас экан-ку буларинг. Майли, зоримиз бор, зўримиз йўқ. Лекин боя балиқ овлаш қанақа бўлишини кўрсатиб қўйганимиздай, энди ароқ ичиш қанақа бўлишини ҳам кўрсатамиз.

– Балки керак эмасдир, – эътироз билдиришга уриниб кўрди таржимон.

– Керак. Хўжайиннинг топшириғи бу. Зўр кутиб олинглар деган, – таъкидлаб гапирди Рустам ва орқага ўгирилиб, чақирди: – Ҳамроқул!

Ака-ука ошпазларнинг каттаси бўлган қирқ беш ёшлардаги, катта қорин қўйган Ҳамроқул лапанглаб чопиб келди.

– Лаббай, хўжайин.

– Меҳмонларга ароқ ичиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўй! – буюрди Рустам.

– Хўп бўлади.

Ҳамроқул қўлини кўксига қўйганча тиз букиб пойгакка ўтиргач, ароқ шишасини олиб, тагига бир урганди, пўкак отилиб кетди. Шундан сўнг ошпаз ароқнинг ҳаммасини дастурхон четида турган бўш косага қуйди. Коса ароққа лим тўлди.

Ҳамроқул косани кўтарди ва худди сув ичаётгандай хотиржамлик билан ароқни охирига қадар симирди-да, косани дастурхонга тўнкариб қўйди. Умрлари бино бўлиб бунақа томошани кўрмаган меҳмонларнинг кўзлари катта-катта очилиб кетди.

Оғзини кафтининг орқаси билан артган Ҳамроқул Рустамга қараб бош эгди:

– Менга яна хизмат борми, хўжайин?

– Ҳозирча йўқ. Бор, ишингни қилавер.

Ҳамроқул қўлини кўксига қўйганча ўрнидан турди ва ҳаттоки гандиракламасдан ҳам укаси ёнига борди.

– Хўш, қалай? – меҳмонларга ўгирилди Рустам.

Меҳмонлар ўз ҳайратларини изҳор этиб улгурмасидан бурун чайла ёнига «Жип» машинаси келиб тўхтади. Ҳайдовчи ёнида Муҳиддинбой ўтирарди.

Рустам сапчиб ўрнидан турди:

– Мана, ўзлариям келиб қолдилар.

Муҳиддинбой меҳмонлари билан қайтадан кўришиб, уларнинг ёнига ўтирди. Яна мулозамат, яна «олинг-олинг»…

Муҳиддинбой учун аччиққина кўк чой дамлаётган Санақул тўсатдан дарё томонга қаради ва хотиржамлик билан қайиғидан тушиб келаётган Тоҳирни кўрдию, анг-танг аҳволда туриб қолди, чойнакдан қайноқ сув тошаётганини ҳам сезмади.

– Ўлдик! – ваҳима ичида шивирлади у. – Ошга пашша тушди!

Укасининг гапидан ҳайрон бўлиб шу томонга кўз ташлаган Ҳамроқул ҳам инспекторга кўзи тушган заҳоти «гуп» этиб ерга ўтириб қолди.

Тоҳир қўл телефонида қирғоқда уйилиб ётган балиқларни, ошпазларни, қозон ва манқалларни, ҳатто даврада қўр тўкиб ўтирганларни ҳам узоқдан суратга ола бошлади.

Тоҳирни шу машғулот устида кўриб қолган Рустамнинг авзойи бузилди. У дастурхондан бўш чойнакни олаётган Бердиқулга «Анов томонга бор» дегандай билинар-билинмас ишора қилди-да, ўзи ҳам ўрнидан туриб, чеккароққа ўтгач, чўнтагидан телефонини олди-да, Равшан аканинг рақамини терди.

У томондан бўлим бошлиғининг мулойим овози эшитилди:

– Эшитаман, Рустамжон.

Асаблари ўйнаб бораётган бўлса-да, Рустам аввалига хотиржам гапиришга уринди:

– Ака, анави инспектор бало-қазодай бўлиб етиб келиб турибди-ку.

– Қайси бири?

– Тоҳир.

– А? – бу исмни эшитишини кутмаган бўлса керак, Рустам аканинг нафаси ичига тушиб кетди. – Бўлиши мумкин эмас! Ахир бугун унинг сменаси эмас-ку!

– Лекин у шу ерда! Қайиқларни расмга олаяптими-ей ўзича. Ўзингиз гаплашасизми? Телефонни берайинми?

Бўлим бошлиғи қалтираб қолди:

– Рустамжон, биласиз-ку, у одаммас, худонинг бир балоси. Унинг олдида менинг номимни тилга олмай турганингиз маъқул. Дарров дафтарига тиркаб, устимдан рапорт ёзиб беришданам тоймайди у занғар! Яхшиси «Катталарнинг хабари бор» деб дўқ қилиб кўринг, фақат исмларни айтмасдан.

– Ака, лафз қилдингиз, ҳаммаси жойида бўлади, тушгача хоҳлаган ишларингни қилаверинглар, дедингиз, кафолати билан ярим кунлик тинч ов ваъда қилдингиз. Биз сизга ишондик. Одам гапига жавоб бериши ҳам керакми? Ахир бу ерда кичкина одамлар ўтиргани йўқ-ку.

– Рустамжон. Ўзингиз ҳамма нарсани тушунадиган, ақлли-ҳушли йигитсиз. Илтимос, шу аблаҳга мени рўпара қилманг. Бошқа истаган инспектор бўлса майлийди, бир дўқ билан жойига ўтқазиб қўярдим, фақат Холиёровни эмас. Ўзингиз гаплашинг, кўндиринг, пул ваъда қилинг, ишқилиб, бир амаллаб тинчитинг. Фақат менинг исмимни унинг олдида тилга олманг, илтимос!

Рустам вишиллади:

– Иштонингизни булғаб қўйманг, ака, сизни сотмайман!

– Минг раҳмат, Рустамжон, минг раҳмат! Муҳиддинбой акамларга вазиятни ўзингиз тушунтириб қўярсиз, а? Мендан асло ранжимасинлар. Сиздан қарздорман. Нима хизмат бўлса, тайёрман…

Рустам телефонни ўчиргач, тўғри Тоҳир томон юрди. Уни аллақачон уч-тўрт киши ўраб олганди.

– Қўйинг энди, ака… Кўриб турибсиз-ку, Муҳиддинбой акамнинг ўзлари… Чет эллик меҳмонлар олдида шарманда қилманг одамни. Улар нима деб ўйлашади…

Инспекторнинг бу ўтинчларни эшитмагандай ҳамон сурат олишда давом этаётганини кўрган Бердиқулнинг ғазаби қўзғади.

– Камандир! – деб юборди у баландроқ овозда.

Тоҳир уни кўрди:

– Ў, ўзлариям шу ерда эканлар-ку. Бузоқнинг югургани сомонхонагача деганлари шу-да. Қаранг, бутун қонунбузарлар бир жойга йиғилишибди. Кўр кўрни қоронғида топибди.

– Аввал айбимизни ибсотланг, бўйнимизга қўйинг, камандир, – сал паст тушди Бердиқул. – Кейин тепадан келасиз.

Тоҳир қўл телефонида Бердиқулни суратга олди:

– Айбларинг ўн марта исботини топди. Энди мендан қочиб қутулолмайсиз. Кўр ҳассасини бир марта йўқотади.

Жағида олхўридай ғудда пайдо бўлган Бердиқул инспекторга синовчан қаради:

– Ҳамма расмларам айтилган жойга етиб боравермайди, камандир.

– Мени қўрқитолмайсиз, Бердиқул. – У қўл телефонида рақам терди: – Алё. Милициями? Инспектор Тоҳир Холиёров гапиряпти. Тезликда қамишзор ёнига, 51-контурга етиб келинглар. Бу ерда катта жиноят содир бўлган. Кутаман. Раҳмат…

Тоҳир телефонини ўчириб, Бердиқулга мазахомуз қаради:

– Мана, тамом, Бердиқул. Тамом.

Бердиқул оғиз жуфтлаган жойида қолди, етиб келган Рустам уни гавдаси билан тўсди:

– Ҳорманг, Тоҳир ака.

– Бор бўлинг.

– Биласизми, инспектор, бу ерда, – Рустам дастурхон бошидаги даврага ишора қилди, – чет элдан келган жиддий инвесторлар ўтиришибди. Улар олиб келадиган маблағлар, технологиялар, линиялар, валюта нафақат Муҳиддинбой ака ёки у кишининг ходимлари учун, балки бутун шаҳримиз, вилоятимиз, республикамиз, қолаверса сиз қўриқлаётган мана шу дарё учун хизмат қилади. Янги очиладиган иш ўринларида эса неча-неча одамлар, балки сизнинг яқинларингиз, қариндош-уруғларингиз ҳам ишлашади. Мана шундай маҳобатли ишларнинг олдида тўртта балиқ нима деган гап, тўғри эмасми?

– Қонун ҳаммага баробар. Биз учун ҳам, ўша ҳамёни катта инвесторларингиз учун ҳам, – бўш келмади Тоҳир. – Ўзингиз қаранг: ов қонун йўли билан ман қилинган пайти ноқонуний фаолият юритиш, рухсат этилмаган жойда олов ёқиш…

– Санаманг, баракаси кетади, – кулиб қўйди Рустам.

– Мен баённома ёзишга мажбурман. Қолган гапларни ўзларингиз судда тушунтирасизлар.

– Балки келишармиз, – таклиф қилди Рустам.

Тоҳир хотиржам эди:

– Бу таклифингизни ҳам баённомага киритиб қўйишга мажбурман.

Бармоғини чаккасига қўйиб айлантирган Ҳамроқул энгашиб Рустамнинг қулоғига шивирлади:

– Бу шунақа. Ёзибам қўяверади.

– Тоҳир ака, балки бу гапларни дастурхон устида хотиржам гаплашармиз. Марҳамат, юринг, меҳмонимиз бўлинг.

Инспектор кўнмади:

– Ҳаққим йўқ.

Рустам асабийлаша бошлади:

– Ўзбекмисиз ўзи? Одамгарчилик деган нарсадан борми?

Ҳамроқул кесатди:

– Бу киши ичмайдиган, чекмайдиган сўфилардан.

Тоҳир индамасдан сумкасидан баённома қоғозини олиб, тўлдиришга тутинди.

– Хўп, ёзибам бердингиз дейлик, – яна муроса оҳангига ўтди Рустам. – Судам бўлди. Хўш, қози жаноблари биздан қанча жарима ундириш ҳақида ажрим чиқаради? Ўттиз минимал окладми? Элликтами?

– Буни суд ҳал қилади.

– Йўқ, шу ерда, ҳозир ҳал қиламиз! Дейлик, элликта. Етадими? Ҳозирнинг ўзида тўлайман. Нақд!

– Менда жарима миқдорини белгилаш ёки ундириш ваколати йўқ.

– Мен ҳам ваколат суриштириб юрмоқчи эмасман. Мен шу ерда ўтирган меҳмонларнинг кайфияти бузилмаслигини, мисол учун, юзта минимал окладга тенг деб баҳоладим. Нақд ва ҳозирнинг ўзида.

– Баённомага бу таклифингизниям киритиб қўйишга мажбурман, – деди ёзишда давом этаётган Тоҳир.

– Ҳой, бу жуда катта пул, Тоҳир ака! – қаттиқ пичирлади Ҳамроқул. – Рози бўлаверинг. Биз ҳеч кимга айтмаймиз.

Тоҳирнинг бош чайқаб қўйганини кўрган Рустам пул миқдорини оширди:

– Юз элликта!.. Етадими?.. Икки юзта!..

Бердиқул тутақиб кетди:

– Одаммисан ўзи? Ол, бор, кет. Яхшилик ёқадими сенга ўзи?!

Тоҳир индамай баённома ёзишда давом этаверди.

– Уч юзта!.. Тўрт юзта!..

Рустамнинг бу таклифини эшитган ака-ука ошпазларнинг тиллари калимага келмай, анграйиб қолишди.

– Охирги таклиф – беш юзта! Ўйлаб кўриш учун бир дақиқа вақт бераман, инспектор!

– Бу ахир ўттиз миллион сўмга яқин пул дегани, аҳмоқ! – ҳеч чидай олмасдан, жойида ирғишлади Ҳамроқул.

Тоҳир ёзаверди. Рустам унга диққат билан, ачиниб қаради.

– Демак, қарор қабул қилинди, шикоятга ўрин йўқ. Мен ҳозир.

Рустам дастурхон бошига бориб, аста:

– Хўжайин, – деди.

Меҳмонлар билан таржимон ёрдамида гаплашиб ўтирган Муҳиддинбой ёрдамчиси томон ўгирилди.

– Ҳаво айнияпти. Сал шамол кўтарилса, ҳамма ёқни чанг-тупроқ босади. Меҳмонларнинг олдида ноқулай. Агар қарши бўлмасангиз, меҳмонлар билан дачага ўтсаларингиз. Биз ҳамма нарсаларни олиб орқаларингиздан етиб борамиз.

Муҳиддинбой таржимонга қаради:

– Агар меҳмонлар рози бўлишса.

Азизбек меҳмонлар билан гаплашди.

– Булар «Бугун соат ўн саккизу нол-нолгача бизнинг ихтиёримиз мезбонларда», дейишяпти.

– Унда кетдик, – деди Муҳиддинбой. – Омин.

Меҳмонлар «Жип» томон бошлаб кетаётган Муҳиддинбой формадаги Тоҳирга ишора қилди:

– Муаммо борми? Ҳаммаси келишилган дегандинг-ку.

Қўл қовуштириб турган Рустам шу заҳоти ишонч билан жавоб қайтарди:

– Йўқ, хўжайин, ҳеч қанақа муаммо йўқ. Ҳаммаси олдиндан келишилган.

Муҳиддинбой билан меҳмонларни кузатиб қўйган Рустам бурун катаклари керилган, кўзлари ғазаб ва нафратдан чақнаган ҳолда инспекторнинг ёнига қайтди.

– Келганингиз яхши бўлди, – деди уни кўрган Тоҳир. – Фамилиянгизни айтсангиз, Рустам.

Рустам қандайдир ғалати илжайди:

– Фамилиямми? Наҳотки менинг фамилиямни билмасанг, палид?!

Рустамнинг гап оҳангидан ҳайрон бўлган Тоҳир бошини кўтарди. Шу сониянинг ўзида Рустам бир қулочча сакраб, куч билан Тоҳирнинг юзига тепди. Орқага учиб кетган инспектор қамишлар устига йиқилди.

– Бос! – буйруқ берди Рустам.

Уч-тўрт шотир бирдан Тоҳирга ташланди. Инспектор жон алфозда типирчилади, аммо йигитларга кучи етмади. Бунақа бўлишини кутмаган Бердиқул ҳайрон бўлиб туриб қолди.

– Ичмайман, чекмайман де! Емайман де! Фариштаман де! Балки қўлтиғинг тагида қанотинг ҳам бордир. – Рустам Ҳамроқулга қаради: – Оч!

Ҳамроқул қозон ёнидаги қоп тагидан ароқ шишасини олиб, тагига урди. Пўкак отилиб кетди.

Тоҳир хириллаб бақирарди:

– Қўйворинглар! Ўзларингга ёмон бўлади! Қўйворинглар!

– Бер бу ёққа! – Рустам шишани олди: – Оғзини очинглар!

Иккита йигит зўр бериб типирчилаб қаршилик кўрсатаётган Тоҳирнинг оғзини очиб турди. Рустам тик турган жойида инспектор оғзига ароқнинг ҳаммасини қуйди. Ичкиликнинг бир қисми Тоҳирнинг юзига, бўйнига тўкилди.

Рустам энгашиб Тоҳирнинг чўнтагидан қўл телефонини олди-да, уни очиб, суратларни кўргач, жаҳл билан дарёга ирғитиб юборди. Сўнг кейинги буйруғини берди:

– Ҳамроқул, носдан ол!

Ҳамроқул шоша-пиша чўнтагидан носқовоғини олди:

– Мана, Рустамжон ака.

– Сол манавининг оғзига! Ҳаммасини! Кайф қилганга яраша зўр кайф қилсин!

Ҳамроқул носқовоқнинг оғзини очиб, ичидаги бор носни кўзлари олайиб бораётган Тоҳирнинг оғзига қуйди.

Тоҳир ўқчиди. Рустам ўчоқ ёнида турган ярим шиша ароқни унинг оғзига қуйди. Тоҳир носни ютиб юборди.

Рустам қўлида бўш шишани тутганча, бўлаётган воқеаларни қалт-қалт титраганча кузатиб турган Бердиқулга қаради:

– Сен биринчи синовдан ўтдинг. Мана, иккинчисига ҳам навбат келди. Бунданам ўтсанг, бўлди, ўзимизнинг одамсан. Буни биласан-а?

– Биламан.

– Билганинг яхши. Унда мен ваъдамга вафо қиламан: сенга каттагина пул ишлаб олиш имкониятини бераман! Фақат бу ёғи энди ўзингга боғлиқ. Ундирганинг ўзингники, ҳалолинг бўлсин. – У инспекторга ишора қилди: – Манави чиранчиққа муносабатинг қандай?

– Мен ундан нафратланаман!

– Бу яхши. Ўзинг нафратланган одам келиб катталик қилса, сени ҳақоратласа, сўкса, пул талаб қилса, буям камдай шиша билан бошингга уриб қолса нима қилардинг?

Бердиқулнинг тишлари ғижирлаб кетди:

– Ўлдирардим уни!

Шу маҳал Тоҳир ҳушини йўқотди. Рустам буни кўрди, аммо эътибор ҳам бермади. У тобора қизишиб, жазава билан гапирарди:

– Жудаям яхши! Мен сенга шундай имконият бераман. Фақат аввал уни шир-яланғоч қил, токи охирги игнасигача сотиб сенга берсин. Лекин шундаям сендан қутулмасин. Ўлибам қутулмасин! Икки дунё сендан қутулмасин! Тушундингми? Тушундингми деяпман? Агар тушунмаган бўлсанг мана энди тушунасан!

Рустам кутилмаганда шишани куч билан Бердиқулнинг бошига урди. Шиша синиб кетди. Бердиқул оғриқдан чинқириб юборди, бошини чангаллаганча ерга ўтириб қолди. Унинг бармоқлари орасидан қон сизиб чиқди.

– Буни, – Рустам беҳуш Тоҳирни кўрсатди, – анави қилди. Хизмат вазифасини бажараётган пайтида сени урди. Энди тушундингми?

Бердиқул бир амаллаб бош ирғади. Рустам энди Ҳамроқулга ўгирилди:

– Сендан эса пул талаб қилди! Дарё бўйида дам олиб ўтирганларинг учун, ош қилаётганликларинг учун пул талаб қилди! – У чўнтагидан бир даста пул чиқарди. – Манавини бердинг. У эса кам деди. Яна берасан деди. Кейин ичиб олиб Бердиқулни сўкди, урди, охири маст бўлиб ётиб олди. Тушундингми?

– Тушундим, Рустамжон ака, тушундим, – жон алфозда такрорлади қўрқувга тушган Ҳамроқул.

– Тушунган бўлсанг пулни киссасига солиб қўй!

Ҳамроқул қўрқа-писа пулни инспекторнинг чўнтагига солди.

Рустам кейинги буйруқларини бера бошлади:

– Сен, Бердиқул, қула. Ёт. Сотрясения олгансан. – Санақулга: – Сен эса ҳаммасига гувоҳсан. Шунинг учун инспектор кайф бўлиб ётиб қолганидан кейин ўзинг «Тез ёрдам» чақирган бўласан.

– Хўп, акажон, хўп.

– Хўп бўлса… – Рустам қўл телефонидаги соатга қаради, – йигирма дақиқача вақтларинг бор. Милиция етиб келгунча ҳаммасини келишиб олинглар. Ҳаммасини. Айтадиган гапларингни, кўрсатадиган далилларингни. Ҳаммасини. Мен эртага орқаларингдан югуриб юрмайин.

– Хўп, акажон, хўп.

Рустам йигитларга ўгирилди:

– Бизнинг ўн беш дақиқа вақтимиз бор. Ҳамма нарсани йиғиштиринглар. Дачага олиб кетамиз. Тез! Биронтаям из қолдирманглар.

Йигитлар шоша-пиша нарсаларни йиғиштириб, қайиқларга жойлашди. Ҳамроқул балиқ кабоб тайёрланаётган оловни ўчирди, Санақул қирғоқдаги изларни супуриб ташлади. Балиқлар яна қайиқларга ортилди.

Дарҳақиқат, орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас яқиндагина бу ерда базм бўлаётганлигини тасаввур этишнинг ўзи мушкул бўлиб қолди. Фақат қамишзор ёнидаги ош дамланган қозон тагида чўғлар милтиллаб турарди.


Санақул чақирган «Тез ёрдам» милиция машинаси билан изма-из етиб келди.

Лейтенант Шомурод Назаров ака-ука ошпаздан дастлабки кўрсатмалар олаётган пайти Дониёр билан Гўзалой Бердиқулга биринчи ёрдам кўрсатишди. Сўнг Тоҳирнинг ёнига ўтишди. Ароқ исидан афти буришиб кетган Дониёр Тоҳирнинг елкасидан бир-икки туртиб кўрди. Бунга жавобан инспектор шифокорнинг баттар ғашини келтирганча ихраб қўйди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации