Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 21

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 21 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Кўз тегмасин, кўринишингиз зўр! – дея отахонни мақтаб қўйди инспектор.

– Тузалмасам жавоб беришармиди! Ўзинг-чи, ўзинг қалайсан, ташвишлардан қутулиб олдингми?

– Раҳмат, Ўктабр амаки. Ишни бошлаб юбордим.

– Бу яхши.

– Кеча терговга чақиришди. Рустам деган йигит бошчилик қилган катта бир гуруҳни ушлашибди. Ўзимиздан Ҳамроқул билан Санақулниям олиб кетишган экан. Билганларимни айтиб бериб келдим.

– Анави… Бердиқул топилмадими?

– Йўқ. На тириги, на ўлиги…

– Онасининг худойисига бордингми?

– Албатта. Қўзибой ака бирдан чўкиб қопти…

– Ҳм-м… Ҳам онадан, ҳам жигардан айрилиш осонми?.. – Ўктабр амаки бир чеккада ийманиб турган Гўзалойни фахр билан кўрсатди: – Бу менинг қизим! Оти Гўзалой. Ҳамшира. Ўзимизнинг ҚВПда ишлайди энди.

Қиз салом берди:

– Яхшимисиз.

– Ўзингиз яхши келдингизми, синглим…

Гўзалой ичкарига кирди.

– Майли, амаки, мен борай. Сизга жуда катта раҳмат. Билмадим, агар сиз билан… – Тоҳирнинг товуши титраб кетди, – агар сизлар бўлмаганингизда…

– Бу гапларни қўй, болам. Ундан кўра кечқурун бемалол ўтирадиган бўлиб кел. Бир гурунглашамиз.

– Албатта, амаки, албатта.

Тоҳир ҳовлидан узоқлашаркан, ортига қараб-қараб қўярди.

* * *

Орадан бир ойга яқин вақт ўтди.

Гўзалой ишга, қишлоққа ўрганиб кетди. Шанба кечга яқин шаҳарга жўнайди, якшанба қайтади. Уйидагилар ундан хурсанд. Айниқса, янгаларининг қувончини таърифлашга сўз ожиз. Бўшаб қолган хонани талашиб қирпичоқ бўлишаётган эса-да, қайинсингил келган кунлари – «Балки менинг фойдамга бир оғиз сўз айтиб қўяр» деган илинжда бўлса керак – ундан минг айланиб-ўргилишади, соясига кўрпача солгудай бўлишади. Буни кўриб Гўзалой ҳам мамнун бўлади, Меҳри хола эса бош чайқаб, ўзининг маталини айтиб қолади: «Яқиндаги тишлашади, узоқдаги кишнашади»…

Ўтган вақт ичида… Тоҳир ҚВПга икки марта келиб кетди. Инспектор умрида қилмаган ишни қилиб, укол олишга рози бўлди: шамоллаб қолган эмиш. Саратонда-я? Илгарилари, қаҳратон қишда ҳам баданига бўрсиқ ё айиқ мойини суртиб, сменасига битта камзулда чиқиб кетаверадиган инспекторга нима бўлган, тушуниш мушкул эди. Ёши ўтиб, танаси нозиклашиб қолган десанг, ҳалиям тоғни урса талқон қиладиган кучи бор, унинг қувватига ҳали анча-мунча ёшлар ҳавас қилса арзийди…

Овулда гап ётармиди. Дилмурод аввал унисидан шамали гап эшитди, кейин бунисидан… Устигаустак, зингил солиб қараб кўрдики, дадаси кейинги пайтларда соқол-мўйловини қиртишлаб олиб, арчилган бодрингдай бўлиб юришга ўтибди, буям камдай – шу пайтгача қилмаган яна бир ишини қилиб – қиммат атир ишлатадиган бўпти. Ана, уйда нозик ифор шу қадар гуркираб кетганки, уни исириқ иси билан ҳам босиб бўлмади…

Охири жаҳли чиққан Дилмурод бу ҳамширанинг қанақалигини ўз кўзи билан кўрмоқчи бўлди. Гўзалой ҳафтада икки марта овулдаги иккиқат аёллардан хабар олиб кетарди. Шундай кунларнинг бириди Дилмурод уни кўчасида пойлаб турди.

Гўзалойнинг яқинлашаётганини кўрган Дилмурод велосипедида ҳовлидан учиб чиқди ва рулни буриб юбориб, ўмбалоқ ошиб тушди. Йиқилиш ҳақиқий бўлди ва оғриқ зўридан Дилмурод инграб юборди. Буни кўрган ҳамшира чопиб унинг ёнига келди-да, Дилмуроднинг туришига ёрдамлашди.

– Ҳеч нарса қилмадими?

Дилмурод осилиб қолган ўнг қўлини кўрсатди:

– Қўлим…

– Қани, кўрайлик-чи…

Ҳамшира қўлни пайпаслаб кўра бошлади.

– Нимасини кўрасиз. Қаранг, синибди-ку.

– Ҳа, ёмон синганга ўхшайди, – бош чайқади ҳамшира. Сўнг ачиниб сўради: – Оғрияптими?

– Албатта оғрийди-да.

– Биз ўқиган пайтларимиз синган қўл аввал оғримайди, оғриқ кейин билинади деб ўргатишарди, – йигитчага синовчан қараб қўйди Гўзалой.

– Тўғри, – дарров рози бўлди Дилмурод, – ҳозир унчалик билинмаяпти. Лекин зирқираб турибди барибир.

– Ўзи шунақа бўлади, – ҳамшира ерда ётган велосипедни кўтарди, унинг қийшайиб қолган ғилдирагига афсусланиб қаради. – Ачиниб кетяпман.

– Қўлимгами?

– Ғилдиракка. Янги экан… Қани, буни уйга киритиб қўяйлик-чи, полвон.

Дилмурод қўлини намойишкорона ликиллатганча йўл бошлади.

Гўзалой велосипедни ҳовли чеккасига қўйиб, Дилмуродга ўгирилди:

– Хўш, полвон, қўлни нима қиламиз?

– Нима қилардингиз, – ҳайрон бўлди «полвон», – гипслайсиз-да.

Ҳамшира атрофга аланглади:

– Нима, уйларингда цемент борми?

– Йўқ, лекин керак бўлса чопиб бориб дўкондан опкеламан.

– Майли, опке, – рози бўлди Гўзалой. – Унгача мен тахтакач тайёрлаб тураман.

– Қанча керак? – ҳовлиқиб сўради Дилмурод.

– Ҳм-м… Ярим қопча бўлса етиб қолар. Бир қоп бўлса янаям яхши, – жиддий жавоб қайтарди қиз.

– Спирт-чи, спирт керак эмасми?

– Керак эмас.

– Шунисигаям раҳмат.

– Ҳа, дўконда спирт йўқми?

– Бўлса керак. Лекин спирт, ароқ ҳиди дадамга ёқмайди-да.

– Ростдан-а?

– Ростдан. Тўғри, ойим вафот этганларидан сўнг озроқ пайт ичиб юрдилар. Лекин кейин бутунлай ташладилар. Ҳатто ярим пиёла ичса ҳам ҳушдан кетадиган бўлиб қолдилар… Бўпти, мен кетдим.

– Яхши бориб кел, – мийиғида жилмайди қиз. – Ўзингни эҳтиёт қил. Айниқса қўлингни, полвон.

– Эҳтиёт қиламан.

Дилмурод шошиб ҳовлидан чиққандан Гўзалой атрофга аланглади, деразадан хонага бўйлади. Ҳа, бу ерда иккита эркак яшаётгани билиниб турибди: нарсалар сочилиб ётибди, хона супурилмаган.

Гўзалой бир четда ётган супурги билан ҳокандозни олиб, ишга киришди.


Орадан ярим соатлар ўтгач, бир қопча цемент кўтарган Дилмурод қайтиб келди. У ҳовлига кирган-дан бир қўлини худди сингандай ликиллатиб олгач, овоз берди:

– Мен келдим, Гўзалой опа.

Уйда ҳеч ким йўқ эди. Аммо ҳовли ёғ тушса ялагудай қилиб супурилган, кўлоблатиб сув ҳам сепилган. Қопни ерга қўйган Дилмурод ҳайрон бўлганча шошиб хонага кирди. Бу ер ҳам саранжом-саришта, нарсалар жой-жойида. Ўртадаги хонтахта устида бир варақ қоғоз. Дилмурод шошиб бориб қоғозни олди. Бу Гўзалой қолдирган хат эди: «Шумтака! Опкелган цементинг билан дераза ёнларини суваб қўй».

Дилмурод ҳовлига чиқиб қаради. Дарҳақиқат, дераза кесакисининг бир неча жойи кўчган эди. Изза бўлган йигитча беихтиёр «синган» қўли билан пешонасини эзғилай бошлади.

* * *

Янги ҳамширанинг доимий ишлаб қолиш ниятида эканига ишонч ҳосил қилишди шекилли, қишлоқ врачлик пунктининг кенг-мўл бир хонасини унга ажратиб беришди..

Одатда Ўктабр ота мук тушиб китоб ўқишдан ёки қишлоқ фуқаролар йиғини идорасининг ташвишларидан бўш пайтлари ё икки тенгдош ўртоғининг олдига югурарди, ё қирғоқ бўйига чиқиб олиб, дарёни томоша қилиб ўтираверарди.

Гўзалой отани қирғоқ бўйидан топди. Ўктабр ота дарахт соясида, майсалар устига тўшалган чопонида ёнбошлаб ўтирарди. Унинг қаршисида эса инспектор Тоҳир.

Шу томонга яқинлашаётган ҳамширани кўрган ота қаддини ростлади:

– Кел, қизим.

Салом-аликдан сўнг Гўзалой муддаога кўчди:

– Ота, ҚВПдан алоҳида хона ажратиб беришди. Шунга, рухсат берсангиз, бугун кўчсаммикин деб тургандим.

Бунақа гапни кутмаган экан шекилли, чол эсанкираб қолди:

– Бу нима деганинг, қизим. Ё биздан бирон хатолик ўтдими?

– Йўғ-э! – жон ҳолатда ўзини оқлашга тушди ҳамшира. – Сиздан фақат яхшилик кўрдим. Лекин…

– Битта сен экансан, яна йигирма киши бўлса ҳам менинг ҳовлимга бемалол жойлашиб кетаверади. Кўнгил торликдан худо асрасин, қизим.

Гўзалой эътироз билдиришга уринди:

– Лекин…

– Бўлди! Ҳеч қанақа «лекин-пекин»и йўқ! – Ўктабр ота бирдан яйраб кулиб юборди. – Мен-ку, сендан битта каталакдай хонамни аямайман. Лекин айримлар, – ота ер остидан қизга тикилиб турган Тоҳирга ишора қилди, – сени уйининг тўрига ўтқазиб қўйишни орзу қилиб юришибди. Кенг уйининг келинчаги дегандай… А, Тоҳир?

Айб иш устида қўлга тушиб қолгандай бирдан лавлагиси чиқиб кетган Тоҳир қўл силтади:

– Э, амаки…

– Нима, ёлғонми? – Ота Гўзалойга кўз қисиб қўйди. – Сал тортинчоқлиги демаса, ўзи ёмон йигит эмас-а, қизим?

– Вой, бу нима деганингиз…

Юзи анордай қизарган Гўзалой ортига ўгириласола овулга қайтди. Ўз ўзидан мамнун бўлиб, пиқирлаб кулаётган Ўктабр отага бармоқ ўқталиб пўписа қилиб қўйган Тоҳир шошиб ўрнидан турди-да, қизга етиб олди.

– Гўзалой, хафа бўлманг. Амаким ҳазиллашдилар. Яхшиси юринг, сизга она дарёмизни бир кўрсатай. Ишонаверинг, қайиқда бир сузсангиз бўлди, дарёга меҳрингиз тушиб қолади.

Ердан кўз узмай кетаётган қиз унсиз бош ирғаб қўйди.

Гўзалойнинг ҳамон хижолат чекаётганини сезган инспектор гапни бошқа мавзуга бурди:

– Гўзалхон, дарё деганлари битмас-туганмас хазина, сир-асрор. Бир марта ишқингиз тушдими, тамом, кейин бир умр ундан нари кетолмай юрасиз.

Қиз бошини кўтарди:

– Сизга ўхшабми?

Тоҳир яшнаб кетди:

– Балки! Лекин одамнинг юраги жуда катта бўларкан, Гўзалхон. Катта дарёга муҳаббатнинг ёнида ҳамиша инсонга муҳаббат учун ундан ҳам каттароқ жой қоларкан…

«Булар келишиб олишганми, нима бало!» деган ўйга борган ва бу ўйдан нечукдир иссиғи чиқиб кетган Гўзалой ёнбошига «Балиқ» деб ёзилган катта машина дарёга нимадир ағдараётганини кўриб қолиб, шунга ишора қилди:

– Анави нима?

– Ҳа, буми? – дарҳол изоҳ беришга ўтди Тоҳир: – Балиқчилик хўжалигида уруғдан етиштирилган бир йиллик балиқлар. Катталиги сигаретадай бўлгани учун биз уларни «сигареткалар» деймиз.

– Уларни нега дарёга ташлашяпти?

– Ахир балиқча бир умр ҳовузда қолиб кетмайди-ку. У энди дарёда маза қилиб яшайди, бемалол сузади, ўсади, кенг дунёни кўради, муҳаббатини топади.

– Қизиқ экан. Хўш, мустақил ҳаётга қадам қўяётган балиқчаларни яқиндан кўрса бўладими?

– Албатта. Марҳамат.

Иккови машина ёнига келишди, майда балиқчаларнинг дарёга тўкилишини томоша қилишди. Сўнг Тоҳир қизни причалга бошлади. Аммо дарвоза ёнида чайқалганча «Унга кўрсатиб қўяман!.. Чиққан жойига киритиб қўяман!.. Келиб-келиб мен билан ҳазиллашадими? Мен билан-а?!» қабилидаги гаплар билан ўзларини ўзлари қайраб турган, кун иссиқлигига қарамасдан ҳарбийча пошнаси қаттиқ ботинка кийиб олган иккита барзанги эркак уларнинг йўлини тўсди.

Тоҳир буларни танимади. Афтидан, янги кўчиб келганлардан ё ўшаларнинг хеш-уруғлари. Бунақа аламзадалар билан тўқнаш келавериб, тажрибаси ортиб қолган инспектор иложи борича хотиржамлик билан сўради:

– Сизларга нима керак?

Биринчи эркак дарҳол пўписага ўтди:

– Сенинг дастингдан тирикчилик ўтмай қолди-ку, аблаҳ! На ўзинг ейсан, на бировга берасан, ит!

Унга шериги жўр бўлди:

– Ҳамқишлоғимиз бўла туриб тўримизни тортиб олдинг, индамадик, қайиғимизни мусодара қилдинг, индамадик, мана энди отнинг калласидай жарима ёзибсан!

– Бир бош балиққа иккита минимал оклад эмиш! Э, тангаси тиллоданми балиғингнинг! Айтиб қўяй, сийиғинг битди сен нокаснинг! Энди ўзингдан кўр!

Тоҳир Гўзалойга қараб:

– Узр, сиз нарироққа бориб туринг, – деди. Қиз узоқлашгач, мастларга ўгирилди: – Акалар, аввало бу ердан кетинглар…

Биринчи эркак бош бармоғини иккала бармоғи ичига солиб кўрсатди:

– Мана кетамиз!

– Иккинчидан, нима даъволаринг бўлса идорага, ҳушёр пайтларинг келинглар. Ўша ерда бафуржа гаплашамиз…

Инспектор гапини тугатолмади: кутилмаганда иккала эркак Тоҳирга ташланиб қолишди. Тоҳир ўзини ҳимоя қилишга уринди, аммо гавдали биттаси унинг устига ўзини отиб, ерга йиқитди. Эркаклар Тоҳирни аёвсиз тепкилашга тушишди. Улардан бирининг қўлида пичоқ ялтиради.

Қўрқиб кетган Гўзалой жон алфозда атрофга аланглади. Қўлга илингулик нарсалардан дарвоза ёнида синган эшкак ётарди, холос. Қиз эшкакни олдию, уришаётганлар ёнига чопиб келди-да, пичоқ кўтарганнинг қўлига қаттиқ урди. Пичоқ отилиб кетди.

– Манжалақи!

Жон аччиғида бўкирган эркак Гўзалойнинг қўлидаги эшкакни тортиб олиб, чеккага отди. Амаллаб ўрнидан тураётган Тоҳирнинг бошига иккинчи маст бор кучи билан тепди. Қаттиқ пошнанинг суякка тегиб қарсиллагани эшитилди, инспектор «гурс» этиб йиқилди.

Гўзалой додлаб юборди.

Тоҳирнинг чаккасидан қон оқаётганини кўрган эркаклар шипиллаб жўнаб қолишди.

Ҳушдан кетган Тоҳирнинг ёнига тиз чўккан, қонни, жароҳат ўрнини кўрган Гўзалой телефонига ёпишди:

– «Тез ёрдам»ми? Тез «Сайхуновул»даги причалга етиб келишсин! Инспектор оғир аҳволда! Ҳа, мен Гўзалойман. Кутаман!

Қиз бир нарсани биларди: бунақа жойларда албатта биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт қутиси бўлади. Гўзалой шошиб причалга кирди, хоналарга бирма-бир кириб чиқаркан, ниҳоят излаган нарсасини топди.

Шу куни Тоҳирга ўз вақтида кўрсатилган биринчи ёрдам эҳтимол унинг жонини сақлаб қолгандир…


Инспектор шифохонада бир ҳафта даволанди. Шу кунлар ичида Гўзалой унинг ёнидан жилмади ҳисоб.

Ниҳоят хавф буткул бартараф бўлиб, Тоҳир оёққа турган куни биргаликда истироҳат боғига сайрга чиқишганида қизиқ воқеа юз берди.

Икков йўлакдан аста кетиб боришмоқда эди. Қарши тарафдан қўлтиқлашиб келаётган жуфтликка Гўзалой эътибор бермаганди. Аммо уларнинг ёнида ўтаётган маҳал кутилмаганда жуфтлик тўхтади.

– Яхшимисиз, – деб қолди эркак. – Узр, исмингиз эсимдан чиқиб қолибди.

Гўзалой ҳайрон бўлиб бошини кўтарди. Унинг қаршисида ўша Шариф турарди. Ёнида сулув аёл.

Қиз беихтиёр исмини айтди.

– Ҳа, ҳа, Гўзалой эди-я. – Шариф қувонч билан жувонга ишора қилди: – Танишинг, бу…

– Холида кеннойим. Топдимми? – деб юборди Гўзалой.

– Э, қойил! Тўппа-тўғри топдингиз. – Шариф Холидасига ғурур билан қаради: – Қанчалик машҳурлигингни энди билдингми?

– Уялтирманг, – кулимсиради Холида. Табассум бу аёлни янада чиройли кўрсатиб юборди. – Бизникига меҳмон бўлиб келинглар.

– Албатта, – деди Гўзалой. – Ўзларингиз ҳам келингизлар.

– Раҳмат.

– Биз қайта топишдик! – ёш боладай мақтанди Шариф.

– Кўриниб турибди, – жилмайди Гўзалой.

– Қайтатдан ЗАГСдан ўтдик, – қувончини баҳам кўришини қўймасди Шариф.

Холида уялинқираб эрининг билагидан аста чимчиди:

– Қўйинг… Уят…

– Бахтли бўлинглар, – чин дилдан тилак билдирди Гўзалой.

– Раҳмат. Хайр, – деди Шариф.

– Яхши боринглар, – хайрлашди Тоҳир.

Эр-хотин ўтиб кетишди. Гўзалой бўлиб ўтган воқеани гапириб берганди, Тоҳир роса кулди…

* * *

Учинчи инсульт жуда оғир кечди…

Ўктабр ота уйида, ёлғиз ўзи эски суратларни томоша қилиб ўтирган маҳал қулаб тушган экан…

Тилдан қолди шўрлик. Кўзлари ғилтиллаб, бошида ўтирган жўраларига нимадир демоқчи бўлади, аммо томоғидан хириллашдан ўзга бир сас чиқмайди… Охири қоғозга, бармоқларини аранг қимирлатган кўйи қинғир-қийшиқ ҳарфларда ёзди: «У ёқдан сенларга жой олиб қўяй десам, менинг борар жойим маълум… Сен икковинг ҳам жаннатисан…»

Шу пайтгача ўзини тутиб турган Турғунбой ота чидай олмади: ўкраб йиғлаганча жўрасини маҳкам қучоқлаб олди, Серсенбой ота бўзлаб уларга ёпишди…

Чоллар узоқ йиғлашди…

Кейинги нома қисқа бўлди: «Уйимдан…»

Эртаси куни гоҳ ҳушини йўқотиб, гоҳ ўзига келаётган Ўктабр отани уйига олиб келишди…

Жўрасининг гаплари ёдида турган Турғунбой ота унинг бошида калима қайтариб, билган дуоларини ўқиб ўтираверди…

Ўктабр ота тонг маҳал, безовта уйқусида узилди…

Жаноза куни қишлоққа одам сиғмай кетди…

Исм-шарифи Коммуна Октябровна Лопетайте бўлган бу аёл қишлоққа отасининг вафотидан саккиз кун ўтгандан сўнг, олти яшарлар чамаси сап-сариқ қизчаси билан кириб келди.

Албатта, Папакириакопоулос фамилияли, ўзбекчани қийиб ташлайдиган «Саша грек»лар яшаб ўтган овулда бу ажабтовур фамилияни айтиш унчалик қийинчилик туғдирмасди. Аммо Коммунанинг она тилини аллатовур талаффузда, бунинг устига қийналиб гапириши, сап-сариқ қизчасининг эса биронта ўзбекча сўзни билмаслиги ғалати эди.

Тез орада Комилахон – қишлоқ аҳли Ўктабр отанинг ёлғиз қизини шундай деб атай бошлади – литвалик рассом эрининг фамилиясига ўтгани аён бўлди. Байналмилал оила аввал Вильнюсда яшабди, кейин Каунасда. Ҳозир эса Шенген визасига эга, демак, катта имкониятлари бор ёшлар сифатида Оврупонинг гоҳ у давлатида, гоҳ бу давлатида истиқомат қилишармиш. «Иш топилишига қараб», дея қўшиб қўйди Комилахон қизиқувчиларнинг бундай қўнимсизлик борасидаги содда саволларига жавобан.

Уй дарвозасига «Продаётся» деб ёзиб қўйган Комила-Коммуна шошиб турган эканми, икки марта қабристонга бориб келганидан сўнг қайтиш тадоригини кўра бошлади. Шу боис ёлғиз қизи, ўзи кўрмаган невараси иштирок этсин, раҳматлининг руҳи шод бўлсин деган ниятда Ўктабр отанинг қирқи жуда тез муддатда ўтказилди.

Қандайдир нотаниш одамлар келиб, уйни сотиб олишди. Янги эгалар уйдаги бор эски-туски қоғозлар, суратлар, ҳужжатлар ва бир олам китобларни ёқиб юборишмоқчи эканидан хабар топган Турғунбой ота илдам бориб уларнинг ҳаммасини уйига келтириб қўйди…

Раҳматли падари бузрукворини «папуля» деб гапирадиган Коммуна Октябровна Лопетайтени кузатишга ярим қишлоқ чиқди. Отасининг мозоридан олинган бир сиқим тупроқ тугилган рўмолчани қўлидан қўймаётган жувон, баайни энди бу овулга қайтиб келмаслигини сезаётгандай, озгина кўз ёши тўкиб ҳам олди…

* * *

Турғунбой ота Дилмурод билан қирғоқ бўйида анча гурунглашиб ўтирди.

– …Ўзинг бир ўйлаб кўр. Сен армияга кетсанг, даданг уйда ёлғиз қоладими? Қолади. Ёлғизлик ёмон, жуда ёмон. У худди бор қувватингни сўриб оладиган касалликка ўшайди. Демак, уйларингга бир бека керакми? Керак. Шунга, жўрамнинг йилини ўтказгандан кейин дадангнинг бошини иккита қилиб қўйсакми дегандим… Гўзалой жуда яхши қиз. Оқила, камсуқум, ўқиган-тушунган… Кўрдинг-ку, касалхонадаям отангнинг бошида парвона бўлди, худди нажот фариштасидай. Гапим тўғрими?

– Гўзалой опа… Гўзалой опа яхши қиз… – Дилмурод нигоҳини ердан узиб, отага тик қаради: – Лекин… лекин ойижонимнинг ўрнини босолмайди…

Афсусланиб бош чайқаб қўйган Турғунбой ота унга ниҳоят ўзи битказган, янги бўёқлари қуёш нурида ялтираб-товланиб турган ғилдиракчали, елканли ўйма кемачани тутди:

– Ма, ол. Буни дарёга қўйиб юбор.

Дилмурод бениҳоя чиройли кемачани ҳайратланиб томоша қилди, сўнг уч-тўрт қадам сув кечиб, ичкарига киргач, уни эҳтиёткорлик билан дарё сатҳига қўйди.

Ғилдиракча айланди ва кемача оқим измида сузиб кетди. Дилмурод қичқириб юборди:

– Сузди! Сузди-и!

Дилмурод тезлиги ошиб бораётган, ўркач-ўркач тўлқинларни писанд этмаётган кемачага қўшилиб қирғоқ бўйлаб чопарди…

Мўъжаз кемача эса тобора тезроқ, тобора шиддатлироқ ва айни пайтда улуғвор тарзда сузарди…

* * *

Она Дарё минг, миллион йиллардан бери тўхтамай оқаяпти; яна минг, миллион йиллар оқади. Биз йўқ эдик, Дарё бор эди. Биз келдик, Дарё бор. Биз ўтамиз, Дарё қолади. Вақт сув каби оқиб ўтади, деймиз, ваҳоланки, аслида Дарё вақт каби оқиб ўтаверади. У неча-неча минглаб, юз минглаб инсонларга жон бахш этди, сувга зорларнинг ташналигини қондирди, саҳроларни бўстонга айлантирди; яна бағрида балиқларни парваришлайди, уларни бизга тақдим қилади. Дарё ҳаёт мисоли: сиртдан сокин кўринган сув қаърида не-не пўртаналар, не-не гирдоблар, не-не шиддатли оқимлар яширин. Дарё бизнинг беминнат онамиздай меҳрибон, ғамхўр. Шунинг учун биз уни Она Дарё деб атаймиз. У тириклик ибтидоси. Унинг интиҳоси йўқ…

Тамом
2011–2014 йиллар

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации