Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 16

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 16 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Йўқ ҳали.

– Менда бирон ишингиз бормиди?

– Бу нима деганингиз? Қачон келасизлар, шуни билмоқчийдим. Агар бугунам келмасаларинг, эртага ўзим бориб келсамми деб режалаштириб тургандим.

– Овора бўлманг. Биз… бугун тушдан кейин йўлга чиқа қоламиз. Ноиланинг ўқиши бор.

Молхона тарафдан пилдираб келаётган Маърифат хола қизининг сўнгги сўзларини эшитиб қолди.

– Фақат қизимизнинг ўқиши боис қайтяпсизми? Бошқа сабаб йўқми?

– Тилимни қичитманг, Файзулла ака.

Маърифат хола гапириб ўтди:

– Куёвимми? Биздан салом айтиб қўй. Айт, келсин бир айланиб.

– Мана, ойим ҳам сизга салом деяптилар.

– Онахон саломат бўлсинлар. Менинг ҳам саломларим… Хўш, унда кечқурунга кутаверайинми?

– Насиб қилса, – аранг ғазабини ичига ютиб гапирди Гулноза.

– Бўпти. Унда ўзим яхши бир қўлбола ош дамлаб қўяман. Йўлда овқатланиб юрманглар тағин.

– Хўп.

– Кечқурун кўришгунча, хоним.

Телефон ўчди. Ўйланиб қолган Гулнозанинг ёнига бўш пақир тутган Маърифат хола яқинлашди.

– Эртага эрталабдан йўлга тушардиларинг-да, қизим.

Гулноза кўтаринки кайфиятда гапиришга уринди:

– Кечки салқин билан ҳам бемалол етиб оламиз, ойи. Куёвингизгаям айтиб қўйдим.

– Унда майли. Ишқилиб, олис йўлда худонинг ўзи асрасин.

– Мана, келдик, кўрдик. Анча хотиржам бўлдик. Отам ҳам, Ўктабр амаким ҳам, Серсенбой амаким ҳам яхшилар. Қайтанга энди ўзингиз биз билан кетаверсангиз бўларди, ойи. Баҳонада уч-тўрт кун дам олиб қайтардингиз.

– Э, отанг ёш боладай бўлиб қолган. Бир кун ҳам ташлаб кетиб бўлмайди.

– Ишқилиб сизларга «дом»имиз ёқмади-ёқмади-да, – кулди Гулноза. – Шошмай туринг, ҳовли ҳам насиб қилиб қолар. Ана ўшанда иккалангизни боғлаб бўлса ҳам олиб кетаман.

– Вой, у нима деганинг, қизим? Қўғирчоқдай уйинг бор. Кўрган одамнинг суқи киради. Маза қилиб яшаяпсан…

Ногоҳ Гулнозанинг қўлидаги чойнак тушиб кетиб, чил-чил синди. Чўчиб кетган жувон чойнак синиқларига ачиниб қаради:

– Эсизгина. Янгигина эди-я.

– Қўявер, қизим. Келган бало шунга урсин.

Гулноза энгашиб, чойнак синиқларини бир жойга йиға бошлади, Маърифат хола қизига кўмакка ошиқди.

* * *

Туриб-туриб Ноилага алам қилди. Аввал қишлоқдан чиқишда, сўнг шаҳарга етиб келганидан сўнг атай қўнғироқ қилди, аммо Дилшод телефонини кўтармади. Бўлмаса гудоклар кетаяпти…

Шу сабабли ўйинлар ўйнаётган болаларнинг ғала-ғовурига тўлган интернет-кафеда интернет орқали қизлик фамилияси Мэлсова бўлган аллақандай Коммуна Октябровнани излаётган маҳал Дилшод телефон қилганида энсаси қотиброқ жавоб қилди:

– Алло. Эшитилмаяпти… Ҳа, билмасдан қўнғироқ қилиб қўйгандим. Узр… Менми? Интернет-кафедаман, Дилшод ака… Сиз бемалол юраверинг… таксичилик қилиб… Мениям вақтим йўқ, ишим кўп… Эшитилмаяпти…

Ваҳоланки, йигитнинг айбдорона овози балодек эшитилаётганди. Шундай бўлса-да. Ноила телефонни ўчириб, сумкачасига солиб қўйди.

Ниҳоят излаган одамни тополмай, тарвузи қўлтиғидан тушган ҳолда интернет-кафедан чиқиб келаётган Ноила шундоқ эшик ёнида Дилшодга тўқнаш келди. Йигит гапни кечирим сўрашдан бошлади:

– Узр, Ноила, минг бор узр, эрталаб телефонда гаплашолмадим.

Ҳали алами тарқамаган қиз чимирилди:

– Бемалол, Дилшод ака, бемалол. Бунча ўзингизни оқлайсиз? Нима, мен бир нарса деяпманми?

– Сиз демасдан туриб дейсиз-да.

– Ростданам бемалол бориб ишларингизни давом эттираверинг. Нима қиласиз қимматли вақтингизни менга сарфлаб? Ўзи келар ёр-ёр, ўзи кетар ёр-ёр.

Ноила жаҳл билан йўлакдан юриб кетди, Дилшод унга эргашди.

– Узр сўраяпман-ку.

– Узрингизни балиқчаларингизга обориб, майдалаб-майдалаб беринг. Зора қоринлари тўйиб қолса бечораларингизнинг.

Дилшод бирдан ғамгин тортиб қолди:

– Балиқчалар энди йўқ, Ноила.

– Нега энди йўқ бўларкан?

– Бугун кечаси… йўқ қилиб кетишибди.

Қиз ишонмади:

– Қанақасига йўқ қилиб кетишади? Кимга зарил экан ўша балиқчаларингиз?

– Менам шуни тушунолмаяпман.

Ноила тўхтади, қўлларини жуфт қилиб, кўкка кўтарди:

– Наҳотки ҳаётингизнинг мазмунидан бир кечада айрилиб қолган бўлсангиз, Дилшод ака? Энди нима қиласиз? Ҳойнаҳой, дунё кўзингизга қоронғи, мен эса шу қоронғи дунёдаги алвасти бўлиб кўринаётгандирмиз?

– Мазах қилманг, Ноила. Бу иш ҳақиқатан ҳам мен учун жуда қадрли эди.

Қиз шафқатсиз тарзда йигитнинг устидан кулишда давом этарди:

– Ҳай-ҳай, ҳозир йиғлаб юбораман. Эҳтёт бўлинг-а, кўз ёшларим дарё бўлиб, балиқлари сизни ютиб юборади.

Дилшод йўл чеккасидаги ёзги қаҳвахонага ишора қилди:

– Юринг, яхши музқаймоғи бор.

Аммо қиз ҳузурланиб ўч олишда давом этарди:

– Импорт балиқчалар дардида ёнган-куйган юрагингизни сал совутиб олмоқчимисиз? Бунинг учун бир челак музқаймоқ етадими, Дилшод ака?

– Ноила, илтимос, мазах қилманг. Ундан кейин, балиқчалардан бошқа гаплар ҳам бор.

– Майли, юринг. Ўшаларингизга бирга мотам тутамиз.

Қаҳвахонага кириб, чеккароқдан жой олишди. Дилшоднинг ишораси билан официант музқаймоқ, шарбат олиб келди.

Йигит шарбат тўла стаканни қиз томон сурди:

– Марҳамат.

– Раҳмат. Бу дунёда сизни балиқлардан бошқа нарсалар ҳам қизиқтиришини эшитиб, очиғи, ҳайрон қолдим. Марҳамат, гапираверинг, нима демоқчи эдингиз?

– Мендан бекорга жаҳлингиз чиқяпти. – Шу маҳал Дилшод шу томонга келаётган ўртоғини кўриб қолди. – Ие, Мансур!

Мансур улар ўтирган стол ёнига келди:

– Яхшимисизлар.

– Яхшимисиз, – деб қўйди қиз.

– Кел, ўртоқ. – Мансур ўтиргач, Дилшод уни Ноилага таништирди: – Бу менинг энг яқин дўстим. Мансур. Синфдошим. Бу эса Ноила. Тошкентдан келган меҳмон. Айтгандим-ку.

– Айтгандинг. Яхшимисиз, Ноилахон. Уйдагилар яхши эканми?

– Раҳмат… – Қиз яна Дилшодга мазахомуз қаради: – Мени бутун шаҳарга танитиб улгургансиз шекилли?

– Йўғ-э. Айтдим-ку, Мансур энг ишонган дўстим деб… Официант.

Официант қиз чопқиллаб келди.

– Бизга яна музқаймоқ, шарбат… Ё бирон нарса ейсанми, ўртоқ?

– Менга ҳеч нарса шарт эмас. Ўтиб кетаётиб, машинангни кўриб қолдим. Ҳали бозорга боришим керак. Сизлар бемалол.

Дилшод қизга қараб изоҳ берди:

– Мансур бозорда балиқ сотади.

– Ҳа, тирикчилик шундан, – жилмайди Мансур.

– Озгина ўтир, ўртоқ, – ялинди Дилшод. – Бозор қочиб кетмайди.

Мансур кўнди:

– Майли, озгина бўлса ўтираман.

Официант музқаймоқ билан шарбат олиб келди.

Мансур қиздан сўради:

– Шаҳримиз ёқдими сизга?

– Ёмон эмас. Лекин менга қишлоқ кўпроқ ёқади. Шундоққина дарё бўйи. Салқин.

– Буни қаранг-а, – ёйилиб илжайди Мансур. – Дидимиз бир экан…

– Ростдан-а? – Танишганларидан бери қиз биринчи марта Мансурга қизиқсиниб қаради: – Сизга овулнинг яна нимаси ёқади?

Шу билан қиз-йигит суҳбати бошланиб кетди. Ноила Мансурнинг ҳар бир гапини диққат билан эшитар, маъқуллаб бош ирғар, ундан кўзларини узмасди. Дилшод ҳайрон бўлиб Ноилага бир-икки қаради. Аммо қиз намойишкорона тарзда Дилшодга эътибор бермас, гўё дунёда шундай йигит борлигини унутгандай ўзини Мансурнинг гапларини берилиб тинглаётгандай тутарди…

Ўч олишнинг қадимий бу усули қаҳвахонадан чиққандан сўнг ҳам давом этди. Ноила атайлаб фақат Мансур билан гаплашиб келар, қовоғи тушиб кетган Дилшод томонга қараб ҳам қўймасди. Учовлон Дилшоднинг «Нексия»си ёнига келишди. Машина ёнида Мансурнинг «Москвич»и ҳам турарди.

– Энди қаёққа, Ноилахон? – сўради Мансур. – Балки бир оз шаҳар айланармиз.

– Жон-жон деб айланардим-у, – афсусланиб бош чайқади Ноила, – лекин овулга етиб боришим керак. Насиб қилса бугун ойим билан жўнаб кетамиз.

– Энди танишганимизда жўнаб кетасизми?

Тоқати тоқ бўлган Дилшод орага суқилди:

– Ўзим обориб қўяман.

Қиз Дилшоднинг гапини эшитмагандай Мансурга мурожаат қилди:

– Сизники анави «Москвич»ми?

– Ҳа, шу дулдул меники, – илжайди Мансур.

– Бунақа машиналарнинг салонини кенг дейишади. Шу ростми?

– Кенг ҳам гапми, сарой дейсиз, сарой! – ҳовлиқиб машинасини мақтай кетди Мансур.

– Ростдан-а. – Ноила машина ойнасидан ичкарига қаради, истеҳзо билан гапирди: – Айрим таксичиларнинг бебурдлиги роса жонга тегиб турганди ўзи. Овулгача неча пулга обориб қўясиз, Мансур ака?

– Тошкентгача десангиз ҳам текинга обориб қўяман, Ноилахон.

Қиз эшикни очди, ҳайдовчи ёнидаги жойга қаради, бирдан фикридан қайтди:

– Йўқ, кенг эмас экан. Мен яхшиси автобусда кетаман. Беминнатгина. Ҳам кенг-мўл…

– Ие, нега унақа дейсиз, Ноилахон? – ҳайрон бўлди Мансур. – Биз турганда тиқилинч автобусда нима бор?

– Жойни мендан олдин банд қилиб қўйишибди-ку!

Қиз нари юрди. Мансур ажабланиб ўриндиққа қаради. Дарҳақиқат, унда тескари ўгирилган бир сурат билан диск ётарди. Мансур қўлига олган суратда ўзининг дарёда, қамишзор орасида тиланчи аёлнинг майити солинган қопни чўктираётгани акс этганди.

Йигитнинг ранги ўчиб кетди. Ўртоғига ўшшайиб қараб турган Дилшод бирдан ҳушёр тортиб, унинг ёнига келди ва суратни кўрди.

Оғир-оғир нафас олаётган Мансурнинг бўғзидан хирқираган овоз чиқди:

– Ў-ў…

Дилшод аранг:

– Мен… мен ҳозир… – дея олди.

У гандираклаб йўлга чиқди, йўлдан келаётган, томида «такси» белгиси бор «Матиз»га қўл кўтарди.

Машина тўхтади. Унинг ҳайдовчиси, олтмишлардан ошган, дўппили одам ойнадан бошини чиқарди:

– Тинчликми, Дилшоджон?

Дилшод ҳайдовчини таниди:

– Ҳа, бу сизми, Амирқул ака… Яхши бўлди. Мана. – У чўнтагидан бир даста пул чиқариб бергач, йўл четида шошмасдан кетиб бораётган Ноилага ишора қилди: – Илтимос, меҳмонни Сайхунга обориб қўйсангиз. Дарё бўйидаги қишлоқ бор-ку.

– Биламан.

– Турғунбой отанинг уйи десангиз ҳамма билади. Бу қиз отанинг невараси. Илтимос.

– Бемалол, – ҳайдовчи пулга қаради: – Лекин бу кўп-ку.

Дилшод қўл силтади ва чопиб қизга етиб олди.

– Ноила!

Қиз ўгирилди, қоп-қорайиб кетган Дилшоднинг аҳволини кўриб ажабланмади, балки ўзича «рашк қиляпти» деган ўйга боргандир.

– Амирқул ака сизни уйингизгача обориб қўяди. Ўтиринг. Кейин гаплашамиз.

«Матиз» яқинлашди.

– Келинг, қизим. Баҳонада бобонгизниям кўриб келаман. Кўп йиллар бурун у киши билан балиқ артелида бирга ишлаганмиз.

Дилшод машинанинг орқа эшигини очиб турди. Ноила ўтирди.

Машина йўлга тушгандан Дилшод энди Мансурнинг ёнига чопди.

Мансур машинасида гаранг аҳволда ўтирарди.

– Бер-чи! – деди Дилшод ҳарсиллаб.

Мансур суратни берди. Суратнинг паст қисмига сана билан соат ҳам ёзилиб қолганди.

– Буни… буни ким ташлади?

Мансур елка қисди.

– Эшикни қулфламаганмидинг?

– Йўқ. Кираману чиқаман деб.

– Бу нима? – қалт-қалт титрарди Дилшод. – Шантажми?

– Билмадим.

Оғир уф тортган Мансур алам билан бир неча маротаба машина рулига бошини урди.

– Яна борми?

Мансур ўриндиқдаги дискни олиб узатди. Дилшод орасига диск солинган қоғозни очди. Унда «25 000 $» ёзуви бор эди.

– Бизникига ўтайлик-чи.

Икковлон Дилшоднинг машинасига боришгач, Дилшод дискни ноутбукига қўйди.

…Экранда қамишзор ичида майит солинган қопни кўтариб кетаётган Мансур… Қопни дарёга чўктираётган Мансур…

– Ўчир! – қичқириб юборди бошини чангаллаб қолган Мансур.

– Шантаж қилишмоқчи! – алам билан муштини тугди дискни компьютердан олган Дилшод. – Телефон қилишади. Мана кўрасан.

– Шунча пул? – кўзлари олайиб кетди Мансурнинг. – Ундан кўра мен ўзим ҳаммасини бўйнимга олиб, қамалиб кетганим яхши… Қара, ҳаракатларим бекорга кетмапти. Бу ишни қилган одамлар сендан бехабар.

– Сенингча мен ўзининг ўрнига ўртоғини қаматиб юборадиган йигитга ўхшайманми? Ё сени жарга итариб ташлаб, ўзим маза қилиб юра оламанми?

– Лекин…

– Шошма. Ўйлаш керак, ўйлаш…

Дилшод алам билан пешонасинии чангаллади. Унга илинж билан қараётган Мансур туйқусдан ойна артгич тагида турган кичкина конвертчани кўриб қолди.

– Бу яна нима? – Мансур машинадан тушиб, конвертни очди-ю, унинг ичидан чиққан кичик суратни кўрган заҳоти инграб юборди: – Им-м…

– Нима? Нима?

Мансур жавоб ўрнига қўлидаги суратни кўрсатди. Унда зинадан ерга қулаб тушаётган тиланчи аёлга ваҳима билан қўл чўзиб турган Дилшод…

Бу гал уларнинг ўзларига келиб олишларига анча вақт кетди… Ахийри Мансур тилга кирди:

– Ўртоқ… Булар қаттиқ олишди. Кўзир қарталарнинг бари буларнинг қўлида. Менимча…

– Нима демоқчисан? – руҳсиз пичирлади Дилшод.

– Ҳеч бўлмаса сени қутқариб қолмоқчийдим. Ҳаммасини ўзим бўйнимга олмоқчийдим… Лекин буни кўргандан кейин… Менимча… менимча… улар сўраган пулни бериш керак. Видеонинг оригинали эвазига, албатта. Шу билан бизни тинч қўйишса… Мен камбағал бир балиқчиман. Буни улар ҳам яхши билишса керак. Демак, уларнинг асосий нишони сен бўлгансан. Балки… Пул одамнинг жонидан азиз бўлдими, ўртоқ. Балки савдолашсак, сал тушишса, бериб юборсанг-чи шу пулни. Қутулардик. Агар бермасак… Бир кун қамоқда ётганингга арзимайди бу…

– Тўғри, пул одамнинг жонидан азиз эмас, ўртоқ. Бир оз йиққанимам бор эди. Лекин, ўртоқ, очиғи, боримни анави ишга сарфлаб қўйгандим. Россиядан увилдириқ олиб келиш, МЧЖ очиш, озуқа, қайиқ, маош… Ҳатто машинани гаровга қўйиб қарз олишимга ҳам тўғри келди. Шунинг учун, минг хоҳласам ҳам сенга битта тузукроқ машина оберолмадим-ку.

Бу гаплар Мансурни карахт аҳволга солиб қўйди:

– Йўғ-э? Ростданми?

– Рост, ўртоқ, рост. Ишларим юришиб кетишига жуда ишониб тургандим-да. Ахир қанча ҳисоб-китоблар, уйқусиз тунлар… Охири бунақа бўлиши кимнинг хаёлига келибди?..

Велосипед қўнғироғи жиринглади. Уларнинг ёнига келиб тўхтаган болакай қўлидаги конвертни узатди:

– Саломалайкум. Буни сизларга бериб юборишди.

– Ким берди? – гарангсиб сўради Дилшод.

– Бир амаки.

Болакай қайтиб кетди. Дилшод конвертни очди, ичидаги қоғозни олди. Компьютерда, катта ҳарфларда терилган матн: «СОАТ УЧДА. 12-КОНТУРДАГИ ҚАМИШЗОРДА. 25 000 $ БИЛАН. БИТТАНГ КЕЛ!»

Дилшоднинг тишлари ғижирлади:

– Бошланди…

Хатни ўқиган Мансур сўради:

– Энди нима қиламиз?

– Билмадим… Менимча, бизда битта йўл қолди: милисага бориб, ҳаммасини тан олиш. Ахир мен атай қилмадим, эҳтиётсизлик…

Мансур қатъий бош чайқади:

– Ишонишмайди! Энди иккаланг тил бириктириб қилгансан бу ишни деб ҳар биримизга ўн беш йилдан беришади. Балки йигирмадан илиб қўйишар. Шу билан ҳаммаси тамом: эртанги кун ҳам, келажак ҳам…

– Унда нима қил дейсан?

– Очиғи… очиғи, сен учун 25 минг арзимаган пул деб ўйлардим.

– Қўйсанг-чи, ўртоқ! Нима, мен миллиардернинг эркатойиманми?

– Одамлар шунақа дейишарди-да.

– Сен одамларга ишонасанми, менгами?

– Ўртоқ, хафа бўлмагин-у, менимча, сен дадангга ишонаяпсан. Пахан зўр, барибир йўлини қилиб олиб чиқиб кетади деб ўйлаяпсан. Ҳаммасига битта Мансур айбдор бўлиб чиқаверади. Шунақами?

– Бу нима деганинг, ахир биз қиёматли ўртоқмиз-ку.

Негадир Мансурнинг жаҳли чиқа бошлади:

– Қиёматли ўртоқмиз дейсан, лекин шу ўртоғингдан арзимаган пулингни аяйсанми? Менга ўхшаб кунини аранг кўраётган йигит бўлганингдаям майлийди.

– Мансур, сени тушунмаяпман! Бу нима деганинг? Пул дейсан, мен сен учун жонимни ҳам аямайман.

– Тилда жонимни аямайман дейсан, лекин амалда… – ўпкаси тўлган Мансур гапиролмай қолди. Сўнг хатни Дилшоднинг қўлидан юлқиб олди. – Бу ёққа бер! Ўзим бораман. Тушунтираман, илтимос қиламан, керак бўлса тиз чўкиб ялинаман… Ишқилиб, емаган сомсамга пул тўлайман.

– Мансур! У ёққа боришнинг ҳеч кераги йўқ.

– Керак! Бу аблаҳларни ўз кўзим билан кўрай. – Мансур илдам бориб машинасининг ўриндиғи тагидан каттагина пичоқ олиб, қўйнига тиқди. – Оч биқинига шартта суқаман! Ана ундан кейин ҳақиқий жиноятчи бўламан-қўяман. Сен оппоқ бўласан-қоласан. Ана шунда кечаси милиса келиб уйимдан қўлимни қайириб олиб кетсаям биров ажабланмайди.

Дилшод ўртоғининг елкасидан маҳкам чангаллаб тўхтатди:

– Ўзингни бос, оғайни! Бундан бир нарса чиқишига ишонмаяпман, лекин жуда бориш керак бўлса ўзим бораман.

– Шундай… қуруқ қўл билан бораверасанми? Ахир улар сени нимталаб ташлашади-ку!

– Одам ўлдириш осон бўптими, ўртоқ? Қани, борайин, кўрайин-чи. Балки келишиб олармиз.

– Қани энди шундай бўлса… – бирдан бўшашиб қолди Мансур. – Сен мендан хафа бўлма. Эркин юрган одам бирдан у ёққа тушишини ўйласа… ёмон бўларкан.

– Ҳечқиси йўқ. Ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетади, ўртоқ. – Дилшод соатига қаради. – Мен секин йўлга тушаверай.

– Мен изма-из бораман.

– Керак эмас. «Биттанг кел» деб шарт қўйилганми, битта ўзим бораман. Сен уйингда бўлиб тур. Бир нима бўлса, қўнғироқ қиламан.

Дилшод машинасига чиқди, моторни ўт олдириб, тез юриб кетаркан, жойида қотиб қолган Мансурга қараб қўл силкиди, ҳатто жилмайиб ҳам қўйди…

Бу жойларни яхши биладиган Дилшод ярим соатларда айтилган манзилга етиб келди. Дарҳақиқат, бу ерлар ҳатто мол-пол кирса ҳам адашиб қоладиган даражада қалин ва анчагина катта ҳудудни эгаллаган қамишзор эди.

Машинасини тупроқ йўлда қолдирган йигит қамишзор томон юраркан, атрофга аланглади. Ҳеч ким кўринмади.

– Ҳой, ким бор? Мен келдим.

Жимлик. Фақат қамишларнинг сокин шовуллашию, сувнинг жилдираб оқиши эшитилади. Дилшод олдинга юраверди.

– Ким бор?

Ногоҳ қамишлар орасидан учиб чиққан қушлар тўдаси йигитни чўчитиб юборди. Худди шу маҳал Дилшод ортида нимадир шитирлаганини ҳам эшитгандай бўлди. Шошиб шу томонга ўгирилмоқчи бўлган йигитнинг бошига оғир ғўла билан кучли зарба берилди. Дилшод «гуп» этиб қулади…

Кимдир беҳуш Дилшодни оёғидан тортиб судраб кетди.

* * *

Камерага ташланган Тоҳирнинг ўзига келиши қийин кечди. Тоқати тоқ бўлган, озроқ хавотирга ҳам тушган лейтенант Назаров каравотда чўзилиб ётган инспекторни тиббий кўрикдан ўказиш учун шифокор чақирди.

Ора-сира ғудраниб қўяётган, кўтарилган қўлини ташлаб юбораётган, боши «шилқ» этиб кўкрагига тушаётган Тоҳирни бир амаллаб текшириб кўрган кекса шифокор қаддини ростлади:

– У маст. Ҳаёти учун бошқа ҳеч қандай хавф йўқ.

– Шунақа денг. Сержант, чўнтакларини кўринг-чи.

Тоҳирнинг ички чўнтагидан гувоҳнома билан биргаликда бир даста пул чиқди.

– Бунисиям тўғри келаяпти… – қошларини чимирди лейтенант.

– Кетсам бўладими, ука?

– Тиббий хулосангизни ёзиб бериб, баённомани имзолашингизга тўғри келади. Сизни ортиқ безовта қилмаймиз. Аммо биз жиноий иш очиб, делони терговга ўтказганимиздан кейин бирон ҳолатга аниқлик киритиш зарурати туғилса терговчи сизни чақириши ёки олдингизга ўзи бориши мумкин.

– Бемалол.

– Сержант. Инспекторнинг олдига ҳеч кимни киритманг!

– Барибир аҳволидан хабар олиб туриш керак менимча, – Тоҳирга ачиниб қаради шифокор. – Оғзи билан ётиб қолса, нафаси қисилиб, ўлиб қолишиям мумкин.

– Қўрқманг, бунақаларни балоям урмайди, – жаҳл билан қўл силтади лейтенант. – Юринг, доктор. Фамилияси қанақа эди, Холиёровми? Қани, аввал текшириб кўрайлик-чи, шунақа одам ҳақиқатан ҳам инспектор бўлиб ишлайдими ёки йўқми? Эшитишимга қараганда, уч-тўрт олғир сохта гувоҳнома билан одамларни қон қақшатиб юрган эмиш. Буям ўшаларнинг бири бўлмасин..

Йўқ, инспектор Холиёров «ўшалардан бири» бўлиб чиқмади. Бош инспектор Равшан ака чиндан ҳам қўл остида шундай исм-фамилияли инспектор ишлашини айтди.

Унинг «Тинчликми?» деган саволига жавобан лейтенант пичинг қилди:

– Холиёров бизда. Чўнтагида жарақ-жарақ пул. Нима, ходимларингиз сменага чўнтакларида пул би-лан чиқишадими? Дарёнинг ўртасида дўкон бор-да, а? Хуллас, ортиқча савол бериб ўтирмаслигингиз учун олдиндан айтиб қўяй, ходимингиз ўйиндан ўт чиқарганга ўхшайди. Ўхшайди ҳам эмас, аниқ. Жабрланувчиларнинг аризалари қўлимизда. Қолганини тергов аниқлайди.

Лейтенант шу гаплари билан бош инспекторни ваҳима комида қолдирган кўйи телефонини ўчирди.

* * *

Қариялар дарё бўйига чиқишди.

Қирғоқда Турғунбой ота одатига кўра ёғоч кемача ясашда давом этди, негадир кайфиятсиз Ўктабр ота эса дарёга термилиб ўтираверди.

– Умр ҳам худди шу сувдай оқиб ўтиб кетаверар экан-да, а, Турғунбой? – деди у ниҳоят оғир сўлиш олиб.

– Йўғ-э? – жилмайди Турғунбой ота. – Қариганингда катта бир ҳақиқатни тушуниб етибсанми?

– Авваллариям тушунардим, лекин ҳис қилмасдим. – Ўктабр ота жиддий эди. – Тушуниш бошқа, ҳис қилиш бошқа экан.

– Балки шундайдир… Менга эса ўтган умрим худди тушга ўхшаб кўринади, жўра.

– Туш эмиш! Ана, Сакени қара. Саккиз фарзанд, эллик невара, юздан ошиқ чевара, яна аллақанчаям эвара… Бечора санаб саноғигаям етолмайди. Ҳозирам бир вагон чурвақанинг ичида ўтиргандир.

– Буям бир бахт-да.

Ўктабр ота баттар маъюс бўлиб қолди:

– Тўғри айтасан. Қизим болалигида неча марта «Нега менинг укам ё синглим йўқ?» деб сўраганида нима деб жавоб беришни билмай қолганман.

Йўлдан ўтиб бораётган Дилмурод кўринди. Ўктабр ота йигитча томонга кўзини қисиб қаради:

– Тоҳирнинг боласими?

– Ҳа, ўша.

– Жуда қайсар деб эшитаман, шу ростми?

– Қайсар ҳам гапми? – уф тортди Турғунбой ота. – Икки гапининг бири «Кетаман».

– Қаёққа кетаркан? – жаҳл билан пишқирди аста-секинлик билан бўлса ҳам одатий кайфиятига қайта бошлаган Ўктар ота. – Нима, уйидан илон чиқиптими бунча?

– Биласан-ку.

Ўктабр ота сабрсизлик билан Дилмурод томонга қўл силтади:

– Ҳой бола! Қани, бу ёққа кел-чи!

Йигитча истар-истамай қайрилди.

– Ассалому алайкум.

– Яхшимисан, – деб қўйди Турғунбой ота.

– Ваалайкум ассалом. Қани, бу ёққа чўк-чи.

Дилмурод Ўктабр отанинг ёнига ўтирди.

– Мана сен ўқиган-билган, тушунган боласан, – гапни узоқдан бошлади қария. – Мана шу олдимизда оқиб ётган дарё муборак дарё десам ишонасанми?

– Унчаликмас, – дарёга эмас, ерга қараб жавоб қайтарди Дилмурод.

– Нега энди «унчаликмас»?

– Ўзингиз бунга тўлиқ ишонасизми?

– Шак-шубҳасиз. Икки юз фоиз.

– Бунга далилларингиз ҳам борми?

– Бор бўлганда қандоқ! Кел, биринчи далилдан бошлаймиз. Она дарёмизда ҳазрати Юнус пайғамбарни ютиб юборган, уни уч кеча-кундуз қорнида асраган балиқнинг авлодлари яшайди.

Дилмурод истеҳзоли кулди:

– Китобларда Юнус пайғамбар Дажла дарёсидан кемада денгизга чиққанида наҳанг ютиб юборган деб ёзилган. Дажла қаёқда-ю, бизнинг дарё қаёқда.

– Кўриб турибмиз, билимдон экансан, – бўш келмади Ўктабр ота. – Лекин унақа дема. Биринчидан, дарё бўлмаса денгиз бўлмайди. Иккинчидан, дунёнинг барча дарёлари бир-бири билан боғланиб туради.

– Бизга бунақа ўқитишмаган, – қайсарлик қилди Дилмурод.

– Дарёларнинг ер устидан бўлмаса ҳам ер остидан бир-бири билан боғланиб туриши аниқ. Хўш, ўзинг шунча ўқимишли экансан, балиқни нега луқмаи ҳалол дейишларининг сабабини биларсан?

– Ҳа, энди, балиқ сувда яшайди-да, – деб қўйди йигитча ҳафсаласиз.

– Бор-йўғи шуми? – ажабланди чол.

– Шу.

Турғунбой ота суҳбатга қўшилди:

– Балиқнинг ўлганиям ҳалол, тиригиям. Шунинг учун олдиндан ойқулоғидан сўйиб қўйилган.

– Тушундинг, болакай? – мамнун кулди Ўктабр ота. – Майли, ҳозирча бугун эшитганларингни ҳазм қилиб тур. Энди мен сенга иккинчи далилни айтиб бераман.

– Кўпми далилларингиз? – сал бетоқатланиб сўради Дилмурод.

– Кўп. Лекин санамаган эканман.

– Санамаям, баракаси кетади, – жўрасининг гапини маъқуллади Турғунбой ота.

– Эшитдинг, жигит?

– Эшитдим.

– Шунақа, ота ўғил.

Шу маҳал уларнинг ёнига Равшан ака ҳаллослаб етиб келди.

– Э, бормисизлар, оқсоқоллар!

– Тинчликми, бунча ит қувган соқовдай ҳовлиқиб келаяпсиз, Равшанбой? – ҳайрон бўлиб сўради Ўктабр ота.

– Ҳозир, ҳозир, – нафасини ростлашга уринаётган Равшан ака энтикиб Дилмуроддан сўради: – Даданг қани?

– Ишда.

– Ишда? – Равшан ака ерга беҳол ўтириб қолди. – Наҳотки ҳаммаси рост бўлса?

Дилмурод хавотирланиб қолди:

– Дадамга бир гап бўлдими, Равшан ака?

– Сотканг борми? – «Ҳа» жавобини олган Равшан ака шоширди: – Тез, тез дадангга телефон қил-чи. Овозини чиқариб қўй.

Дилмурод ҳайрон бўлиб қўл телефонида рақам терди. Аппаратдан «Телефон хизмат кўрсатиш доирасидан ташқарида» деган овоз келди.

– Бир гап бор бу ерда… – Равшан ака бош чайқади.

– Ёрилсангиз-чи бундоқ, Равшанбой, – қаттиқ гапириб юборди Ўктабр ота. – Шундан-шунга, яна пойипиёда бекорга келмагандирсиз.

– Оқсоқол, милисадан телефон қилишиб, «Холиёров бизда» деб қолишди. Телефон қилсам, соткаси доирадан ташқарида. Шунга юрагим ёрилиб чопиб келаётганим.

– Қанақа милиса, Равшан ака?

– Аниғини билмадим-у, лекин даданг бир ёмон иш билан тушиб қолганга ўхшайди. Ҳар қалай, яхшиликка эмас-ов бу. Телефон қилган милиса жуда дарғазаб эди.

– Яхши ният қилинг, ука, – деди Турғунбой ота. – Тоҳир унақа одамлардан эмас.

– Туянинг думи ерга тегибди дейишса ишонаман, лекин Тоҳирнинг ёмон иш қилиб милиса тушишига ишонмайман! Кўз олдимда ўсган бола у, – ишонч билан таъкидлади Ўктабр ота.

– Шунақа дейсиз-у, оқсоқол, одамнинг оласи ичида бўларкан. Ўтган йилиям биттаси мулойим супургидай бўлиб юрди-юрди. Охир бир кун қарасак, – Равшан ака бармоқларини панжара қииб кўрсатди, – шунинг орқасида ўтирибди. Орада менинг бир ой шаҳарга лўкиллаб чопиб, сўроқ берганим қолди.

– Сизга чопиш фойдали, – кесатди Ўктабр ота. – Лекин аввал ўйлаб, кейин сўйланг, Равшанбой. Бизнинг Тоҳир сиз айтган мулойим супургилардан эмас. Эркак у, эркак! Маҳалла оқсоқоли сифатида айтиб қўяй: тўғри, Тоҳир ўжар, қайсар, ўзбилармонроқ, лекин ҳалоллигига гап йўқ. Бунақа кадрни кундузи чироқ ёқиб ҳам топиб бўлмайди, Равшанбой.

Равшан акага жон кирди:

– Агар у ёқдан сўраб қолишса, шунақа деб ёзиб берасиз-да, оқсоқол. Ҳар қалай, менгаям яхши. Ишга олганимда жамоатчилик фикрини ўрганганман деб туравераман. Ахир кадрларга мен жавоб бераман.

– Равшанбой! – жаҳлдан лаблари пир-пир учди Ўктабр отанинг. – Элбурутдан ваҳима қилманг. Арзимаган нарса бўлса, эртага ўзингиз уялиб қоласиз. Ўзи ким сизга телефон қилди?

– Лейтенантман деди. Фамилиясини айтувди. Адашмасам… Назировмиди-ей.

– Назаров. Учрашувга келганида савол беравериб роса бошини қотириб ташлаганман. Эсида бўлса керак. Хўш… Манави мўъжиза шунақа пайтлари роса қўл келади-да. – Ўктабр ота чўнтагидан қўл телефонини чиқариб, рақам терди.

– Сиз… сиз милисага телефон қиляпсизми? – ваҳимага тушиб сўради Равшан ака.

– Телефон қилсам нима қипти?

– Балки шарт эмасдир. Ортиқча ташвишнинг нима кераги бор, оқсоқол?

– Бу ерда ўзимизча фол очиб, ич-этимизни еб ўтиришимиз ташвиш эмасми?.. Алё. Шаҳар ички ишлар бошқармасими? Мен «Сайхун» қишлоғидаги Гулзор маҳалласи оқосоқоли Ўктабр Мэлсов бўламан. Октябрь эмас, Ўктабр. Менга лейтенант Назаровни улаб берсангиз. Зудликда… Маҳалламиз фуқароси масаласида… Раҳмат. Кутиб тураман… Алё. Ваалайкум ассалом, Назаров болам. Мен Ўктабр амакингизман. Ҳа, ўша оқсоқол. Шу… инспектор Тоҳир Холиёров масаласида қўнғироқ қилаётгандим… Ҳа, у йигит бизнинг маҳалладан. Мана, ёнимда қарчиғайдай ўғли ҳам турибди… Кимдан дейсизми? – Ўктабр ота Равшан акага қаради, аммо у жон-жаҳди билан қўлларини силкиб, «мени айтманг» ишорасини қилди. – Тасодифан эшитиб қолдим. Энди, биласиз-ку, гап тез тарқалади… Тоҳир ажойиб йигит… Ҳм-м… Шунақа денг… Йўғ-э?! У ичмайдиям, чек… Қанақа жиноий иш? Ўйлаб гапиряпсизми?.. Майли, Назаров болам, бирон тушунмовчилик юз бергандир… Майли… Эртагами? Бўпти. Хайр.

Ўктабр ота телефонни ўчирганча ўйланиб қолди.

– Нима бўлди? Бир гап бор эканми? – ҳовлиқиб сўради бош инспектор.

– Ҳозирча… ҳеч гап йўқ. Ҳеч нарса аниқ ҳам эмас.

– Дадамга нима қипти, Ўктабр ота?

– Айтдим-ку ҳеч нарса қилмапти деб. Бир тушунмовчилик юз берганга ўхшаб турибди.

– Бошқармадамикин? Мен ҳозир жўнайман.

– Шошилма, ўғлим, бирга борамиз. Назаров эртага келсаларинг яхши бўларди, дегандай бўлди.

– Эртага дедими? – баттар ҳовлиқди Равшан ака. – Ана, айтмадимми, бу ерда бир гап бор… Ўзи шу йигитдан кейинги пайтлари анча шубҳаланиб юргандим. Мана, бекорга эмас экан.

– Қизиқ, Равшанбой, нимадан шубҳаланиб юргандингиз, билсак бўладими?

– Марҳамат, Ўктабр ака. Масалан, Тоҳирни ичмасдиям, чекмасдиям дедингиз. Менам шундай деб юрардим. Лекин у чекаркан, ҳа, чекаркан! Чеккандаям яширинча чекаркан.

– Наҳотки? Буни қандай фош қилдингиз, агент номер 007?

Оқсоқол ўзини майна қилаётганини сезмаган бош инспектор баттар ҳовлиқди:

– Жуда осон. Буни ўзи тан олди. Яширинча чекиб ўтириб, қайиғини ёндириб юборганидан кейин ноилож тан олди. Яқиндагина.

– Буни қаранг-а! Хўш, яширинча чекса нима қипти? Бу жиноятми?

– Яширинча чеккан одам яширинча ичадиям, – чуқур мантиқий мулоҳаза юритишда давом этди Равшан ака. – Мана мени айтди дейсиз.

– Ичса нима қипти?

– Яширинча ичган одам… нима десак экан… ҳалиги… ҳа, қонунбузарликка мойил бўлади… Бизам ўқиганмиз… Эшитдик, жиной иш дедингиз. Демак, дело очилган, тўғрими? Касални яширманг, барибир иситмаси ошкор қилади, оқсоқол. Бизда бегуноҳларга дело очишмайди, ҳа… Хўп, мен идорада бўламан. Ҳар эҳтимолга қарши Холиёровнинг ҳужжатларини тайёрлаб тураман. Ким билади, балки у кечадан бошлаб ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшагандир-у… Хўп, хўп, – дея қўлини кўксига қўйди у Ўктабр отанинг ўзига ғазаб билан яқинлашиб келаётганини кўриб. – Буни шунчаки айтдим-қўйдим-да. Вариант сифатида… Лекин бир нарса аниқ бўлса тўғри ўзимга тез хабар қилинглар… – Бош инспектор қайтиб кетаркан, тўнғиллади: – Э, худо, қилғиликни бошқалар қилади, жавоб бериш бўлса менга тан…

– Сен қаёққа? – сўради Ўктабр ота қишлоқ томон шошиб кетаётган Дилмуроддан.

– Шаҳарга, – деб қичқирди аллақачон узоқлашиб бўлган Дилмурод.

– Ҳа, боласи тушмагур-а. – Ўктабр ота Турғунбой отага қаради. – Жўра, кемангни кейин битирасан энди. Бориб Тоҳирдан хабар олайлик-чи.

Турғунбой ота ўрнидан турди:

– Уйга юр. Гулнознинг машинасида бора қоламиз.


Иккала оқсоқол шошиб ҳовлига кириб келишганида Маърифат хола билан Гулноза нарсаларни «Нексия» юкхонасига ортишмоқда эди.

– Гулноз! Гулноз дейман!

Отасини ранги ўчган ҳолда кўрган Гулноза шошиб қолди:

– Тинчликми, ота?

– Бўл, машинангни юргиз. Шаҳарга боришга тўғри келиб қолди.

– Шаҳарга? Биз қайтсакми деб тургандик-ку. Неварангиз йўлда экан. Ҳозир етиб келади.

– Аввал овқатланиб, кейин йўлга тушасизлар, – деди қизига Маърифат хола. Сўнг чолига қаради: – Шаҳарда нима қилади? Булар куннинг ёруғида ватанларига етиб олишсин.

– Агар зарил иш бўлса… – иккиланиб қолди Гулноза.

– Зарил ҳам гапми, қизим…

Ўктабр ота энди гап бошлаган маҳал машина сигнали эшитилди. Дарвоза ёнида тўхтаган «Матиз»дан Ноила тушди.

– Ҳаммага салом! Топшириқлар бажарилди! – деди у қўнғироқдек овозда.

Гулноза қизига қараб бармоғини лабига босди, кўз ишораси билан Ўктабр отани кўрсатди.

Турғунбой отага кўзи тушган ҳайдовчи шошиб машинадан тушди.

– Э, Турғунбой ака! Ассалому алайкум!

Қария унга кўзларини қисиб қаради:

– Амирқулмисан?

– Худди ўзи! Эсингиздами, армиядан келганимдан кейин рибартелда қўлингизда икки йил ишлагандим. Сиз бригадир эдингиз.

Улар қучоқлашиб кўришишди.

– Ассалому алайкум, Ўктабр ака. Қаранг, сизам ўзгармабсиз, бирдан танидим.

– Сениям танидим. Ўша пайтлариям машина жинниси эдинг. Қарибам қуюлмабсан-да, – кулди Ўктабр ота.

– Пенсияга чиқандан кейин шуни эрмак қиляпман. Барибир уйда бекор ўтираман-ку.

– Таксичилик қиляпсанми? – шошиб сўради бирдан қувониб кетган Ўктабр ота.

– Ҳа. Тирикчиликнинг…

– Э, қолган гапни йўлда айтасан! – ҳайдовчининг гапини бўлди Ўктабр ота. – Ҳол-аҳвол сўрашишниям йўлга қолдирамиз. Сени бизга худонинг ўзи етказди… Гулнозни безовта қилма, жўра. Келин тўғри айтаяпти, йўл олис, ёруғ пайтда манзилига етиб олишсин. Сен эса, Амирқул, бизни шаҳарга опкетасан. Йўл-йўлакай Сакени оламиз. Саке эсингдами?

– Серсенбой кўкеми? Албатта эсимда. «Қаҳрамон ота» бўласан деб ҳазиллашиб юрардингиз-а?

– Ҳа, ўша. Ҳозир у «Қаҳрамон бобо» бўлган. Хуллас, кетдик. Лекин сен қўрқма, ҳақингни икки баравар тўлаймиз.

– Бу нима деганингиз, Ўктабр ака? – ранжиди Амирқул ака. – Қанақа ҳақ? Хафа бўламан-а.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации