Текст книги "Дарё"
Автор книги: Абдукаюм Йулдошев
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 21 страниц)
– Ҳозир шуни ўйлагим келмаяпти, қизим. Айтганимни қил.
– Кўнглим сезяпти, катта жанжал бўлади, ойи. Сиз туяқушга ўхшаб бошингизни қумга тиқиб олманг-да, ундан кўра…
Гулноза қизини силтаб ташлади:
– Менга ақл ўргатишга ёшлик қиласан! Бор, айтганимни қил!
Изза бўлган Ноила машина томон юрди. Бу ерда Ўктабр ота иккала жўрасинию Дилмуродни машинага ўтқазишга уринмоқда эди.
– Мен ҳеч қаёққа кетмайман! Шу ерда қоламан! – деб такрорларди Дилмурод ўжарлик билан.
Турғунбой ота ҳам тайсалланарди:
– Уйга бориб заҳар ютиб ўтиргандан кўра шу ерда жимгина ўтирганимиз яхши, жўра.
– Тусинмедим, бизди айдеб жериб, ўзинг не қиласин бул жерде?
Ўктабр ота Гулнозага қараб қўлларини кенг ёзганча ноиложлигини билдирди.
– Бўпти, булар шу ерда ўтириб туришсин бўлмаса, – деди жувон. – Юринг-чи. Қаерда у шифохонангиз?
– Кўчанинг нарёғида.
Ўктабр ота йўл бошлади.
Вақтида не-не катта-кичик амалларда ишлаб, одамлар билан муомала қилишнинг роса ҳадисини олган Ўктабр ота бирпасда қабулхонада ўтирган навбатчи ҳамширалар билан апоқ-чапоқ бўлиб олдию, уч дақиқа ўтар-ўтмас керакли маълумотларни билиб қайтди.
– Аниқладим, бегона эмас, ўзимизнинг Бердиқул экан.
Гулноза эслолмади:
– Қайси Бердиқул?
– Овулга ерга кўчиб келишган йили отаси авария бўлиб ўлиб кетганди. Тегирмоннинг ёнида туришади. Онасининг оти Солиҳа. Оилада иккинчи ўғил-ов, ҳа, иккинчи ўғил. Қўзибой деган акаси бор. Акаси бо-ла-чақали, ўзидан тинчиган. Фақат шунисининг ҳаёти ўнгланмади-ўнгланмади-да.
– Танимайман. Қишлоққа ҳар йили қанча одам келади, қанчаси кетади.
– Адашмасам, булар сен ўқишга кетган йилинг кўчиб келишди-ёв.
– Ишқилиб, ўзи яхши одамми?
Ўктабр ота аниқ бир нима дейишга иккиланиб қолди:
– Тўғриси, овулда битта одамнинг кимлигини тушунмасам, уям Бердиқул. Бир қарасанг, жуда яхши. Қўли кўксида, «биздан нима хизмат?» деб такрорлаб чарчамайди. Шунинг учун уни «Хизмат кўрсатган хизматчи» деб атайман. Яна бир қарасанг ўлгудай ўжар, қўрс, инсон зотига қулоқ солмайди, ўтакетган чарс, минг гапирсанг ҳам без бўлиб тураверади, миқ этмайди. Шу феълига беш йилча қамалибам келди. Ўзи фарзандсиз. Қамоқда пайтида хотиниям кетиб қолди. Солиҳа шу боласини жуда яхши кўради. Бердиқул қамоқдалигида ҳовлида бир ўзи шумшайиб ўғлини кутди, тўнғичиникига бормади. Йиғлайверганидан кўзи кўр бўлиб қолди бечоранинг. Бердиқулнинг келганига уч ойлар бўлиб қолди-ёв. Кимдир уни шаҳарда қоровул бўлиб ишлайди дегандай бўлувди. Лекин…
– Яна нима?
– Бир-икки марта Бердиқул билан Тоҳирнинг орасидан ола мушук ўтган деб эшитганим бор. Аммо бунинг сабабини билмайман. Балки қуруқ ғийбатдир, балки Тоҳир унинг тўр-пўрини мусодара қилган жойи бордир.
– Нима бўлсаям кириб илтимос қилиб кўрайлик-чи. Тушунар. Ҳамқишлоқ экан-ку.
– Шуни айт. Юр-чи.
Бердиқул елкасига халат ташлаб олган меҳмонларни хушламаганини билдириш учунми, қовоқ уйиб ётаверди.
Ўктабр ота гапни ҳазилдан бошлади:
– Ҳа, хизмат кўрсатган хизматчи, бурга тепдими?
– Бурга эмас, қўтос тепди, – кесатди бемор. – Ўзиям роса семиртириб боққан экансиз.
Ўктабр ота кулди:
– Тилинг бор экан-ку, болам, гапиравер.
– Бу тил ҳали керакли жойда керакли гапларни гапиради! – тепадан келди Бердиқул. – Ана ўшанда айрим зўравонларга сичқоннинг ини минг танга бўлиб қолади.
– Болам, ўпка-гинани қўяйлик. Ўзингдан гапир, яхшимисан, қийналмаяпсанми?
– Аҳволимни сўраб нима қиласиз, оқсоқол? Аллақачон дўхтирлардан барини билиб олгандирсиз. Тўғри мақсадга ўтаверинг, мақсадга.
– Ишқилиб, сени қийнаб қўймаймизми?
– Қийнаб қўя бошлаган пайтингиз ўзим айтаман. Унгача бемалол.
Ўктабр ота Гулноза билан кўз уриштириб олгач, гапни узоқдан бошлади:
– Бердиқулжон, худога шукр, бир юрт, бир қишлоқнинг одамимиз…
– Оқсоқол, – унинг гапини бўлди бемор. – Бекорга овора бўлманг. Тўғри, мен қамалиб чиққанман. Лекин одамман. Тоҳирга ўхшаган қутурган кўппакларга ўзимни талатиб қўймайман. Ўз ҳақ-ҳуқуқимни талаб қилишни яхшилаб ўрганиб келганман.
– Бердиқулжон, эски гапни эсини еган кавлайди. Яхшиси, янги гаплардан гаплашайлик.
Бердиқул Гулнозага қаради:
– Сиз адвокатмисиз?
– Йўғ-э. Турғунбой жўрамнинг қизи-ку. Шаҳарга тушган. Тоҳир билан бир классда ўқиган.
– Эшитганман, эшитганман… – мийиғида илжайди Бердиқул. – Биринчи муҳаббатнинг куйиги ёмон бўлади, дейишарди, тўғри экан. Мана, сиз Тоҳиржоним қамалиб қолди деб Тошкентдай жойдан учиб етиб келибсиз-а. Ҳойнаҳой долларларингизни қўлтиғингизга қисиб олгандирсиз. Ё Бердиқулдай ўтириб чиққанларга сўмам бўлаверади, деб ўйладингизми?
Отанинг жаҳли чиқди:
– Бердиқул. Оғзингга қараб гапир!
– Мен хоҳлаган гапимни гапираман, оқсоқол! – овозини кўтарди бўйин томирлари ўқлоғдай бўртиб чиққан бемор. – Ҳеч ким менинг тилимга хўжайин эмас! Эсларингдан чиқарманглар, сизларнинг эркатойингиз мени уриб, миямни чайқатиб қўйди. Энди балки бир умр даволаниб ўтарман, балки эртага, индинга ё бир йилдан кейин ногирон бўлиб қоларман. Шунда кунимга ярармидиларинг? Қаёқда? Бердиқул қачон йиқилади-ю, қачон тепиб ўтамиз деб ҳозирдан лабларингизни ялаб кутиб ўтирибсизлар. Қонундан озгина қўрқмаганларингда-ку, аллақачон жанозамни ҳам ўқиб қўйган бўлардиларинг-а.
– Ўғлим, мени ҳайрон қолдиряпсан. Тўғриси, сенинг кимлигингни билмас эканман.
– Билмасангиз, энди билиб оласиз! Сўд билан мелисага шундай ариза топшириб, аризамга шунақанги справкаларни тиркаб қўяманки, Тоҳир зўравонларингиз охирги иштонини сотибам мендан қутулолмайди! Бир умр қутулолмайди!
Шу пайтгача жим турган Гулноза Бердиқулнинг бошига келиб, тик қаради:
– Қанча?
Бердиқул ўзини анқовликка солди:
– Нима деяпсиз, гапингизни тушунмаяпман.
– Ҳаммасини тушуниб турибсиз. Қанча?
Бердиқул мушук-сичқон ўйинини йиғиштирди:
– Анча.
– Аниқ айтаверинг.
Бердиқул Ўктабр отага қаради.
– Амаки, сиз чиқиб туринг.
– Бу нима деганинг, қизим! Ҳеч қаёққа чиқмайман. Шу ерда ўтираман.
– Илтимос, амаки.
Бердиқул қарияга мазахомуз қаради:
– Кўрдингиз. Шаҳарликлар қишлоқилар билан қандай гаплашишни билишади. Пул кўп-да буларда, пул кўп.
Ўктабр ота ноилож палатадан чиқди.
– Қанча?
– Анча деб айтдим-ку. Ҳадеб бир саволни такрорлайверасизми? Лекин билиб қўйинг: мени арзимаган чақаларга сотиб ололмайсиз.
– Шунинг учун менга конкрет аниқ суммани айтинг.
– Ҳа, ишбилармон аёл эканлигингиз кўриниб турибди. Хўп, ана, ҳисобланг: беморни Москвага олиб бориб, операция қилдириб келиш керак. Кўкрак саратони.
– Лекин, менимча, – Гулноза беморнинг бошига ишора қилди, – бошингиз зарар еганди шекилли.
Бердиқул пинак бузмади:
– Бунақа бошлар шу ерда, текингаям даволанаверади. Гап бошқа бош ҳақида кетяпти. Ҳақиқий тилла бош ҳақида. Кейин худди шу беморнинг кўзини операция қилдириш керак. Шу ерда, хусусий шифохонада. Плюс озгина қарзим бор, бир ярим мингча. «Кўк»ида ҳисоблаганда. Сиз шаҳарликлар шуни маъқул кўрасизлар-ку.
– Ариза ёзмаслигингиз, даъво қилмаслигингиз эвазига… – Гулноза ўйланиб қолди, сўнг машина калитини тумбочка устига қўйди. – «Нексия» сизники. Ҳали янги. Қирқ минг юрган.
Бердиқулнинг жаҳли чиқиб кетди:
– Бир уюм темир-терсакни бошимга ураманми? Менга пул керак. Ҳақиқий пул!
– Ишонч қоғози қилиб бераман. Хоҳлаган одамингизга сотишингиз мумкин.
– Марҳамат қилиб ўзингиз хоҳлаган одамингизга сотинг-да, менга пулини опкеб беринг-чи. Ўзингиз. Гувоҳларсиз. Ана ўшанда эҳтимол келишиб олармиз.
– Майли. Бир нарсани сўрамоқчийдим. Сиз… Тоҳир акани нега бунча ёмон кўрасиз? Ҳатто исмини тилга олган пайтингизам нафратдан қалтираб кетяпсиз.
Бердиқулнинг кўзлари ўт бўлиб ёнди:
– Тегиб кетдими? Ҳар қалай, биринчи муҳаббат… Майли, майли, дарров жаҳлингиз чиқмасин. Мана, қаранг, узоққа бормасдан, ўзингизни олинг. Орадан шунча йил ўтиб кетган бўлсаям Тоҳир деб куйиб-пи-шаяпсиз. Бўлмаса у сизга бутунлай бегона-ку. Шундаям етса молим деб турибсиз. Кўнгил-да. Кўнгилга буюриб бўлармиди? Ҳар кимники ўзига… Мен-чи, мен нима қилай? Ахир бу аблаҳ мен суйган қизни ўзига хотин қилиб олди, буям камдай, гўрга тиқди. Йўқ, гўргаям тиқмади, сувга оқизди-юборди.
Гулноза эслади:
– Жамила…
– Сиз бу исмни тилга олманг! – қичқириб юборди Бердиқул. – Руҳини безовта қилишга ҳаққингиз йўқ!.. Тоҳирга келсак… Яхши кўриб уйлансаям майлийди. Йўқ, сизга қасдма-қасд… Мен ҳаммасини биламан… Хўп, ана, уйланишга уйланибсан, хотинингни дарёда олиб юришга бало борми? Эр бўлиб битта аёлни қутқариб қололмагандан кейин… Аввал хотинингга қарамайсанми, аблаҳ… Сиз мени тушунарсиз балки. У ўлганидан кейин бутун олам ҳувиллаб қолди. Яшагим ҳам келмай қолди. Атай ўғирлик қилдим. Мақсадим бу ерлардан узоқларга кетиш эди. Кетдим ҳам. Ўша ёқларда ўлиб кетаман деб ўйлагандим. Ўзимга ўлим тилагандим. Лекин одамни ҳаёт билан боғлаб турувчи ришталар мустаҳкам бўларкан, ҳатто боланг бўлмаса ҳам. Ўзингни ўйламасанг, яқинларингни ўйларкансан. Онангни… Шунақа гаплар. Лекин мен бу гапларни сизнинг раҳмингизни келтириш учун айтмадим. Сиз ҳозир мени сотиб олишга уриняпсиз. Мен бўлса ўзимни қимматроқ сотишга ҳаракат қилаяпман. Бу бизнес, холос. Айтиб қўяй, савдомиз келишса-келишмаса то бу дунёда тирик эканман, мени бебахт қилган, фариштадай қизнинг умрига зомин бўлган Тоҳирни тинч қўймайман. Ҳеч қачон!
– Сиз… сиз шундай оҳангда гапиряпсизки, гўё Тоҳир акам қасддан…
Бердиқул Гулнозанинг гапини бўлди:
– Пул қачон бўлади?
– Эртага.
– Унда эртага кўришамиз. Хайр. Лекин айтиб қўяй, мен узоқ кутмайман.
Бердиқул устига ёпилган чойшабни кўтариб, бошини ҳам бекитди. Гулноза бир муддат иккиланиб тургач, калитни олди-да, палатадан чиқди.
Гулноза Ўктабр ота билан ички ишлар бошқармаси ҳовлисига қайтгани маҳал унга биринчи бўлиб қўлидаги телефонини кўз-кўзлаётган Ноила пешвоз чиқди:
– Эътиборингиз учун, дадам ўн икки марта қўнғироқ қилибдилар. Ҳатто дастурхонга қўйилган ажойиб тортнинг суратини ҳам юборибдилар. Бунга нима дейсиз, ойижон?
Гулноза нима ҳам дерди…
* * *
Аввал Қўзибой келди.
Тўнғичининг дарди ўша-ўша:
– Бизникига юрақолинг энди, эна. Невараларингиз ҳам ҳар куни сўрашади.
Қолган гап-сўзлар эса маълум.
Дарвоза ёнидаги қўлбола ўриндиқда муштдайгина бўлиб, ҳассасига иягини тираганча нурсиз кўзларини йўлга тикиб ўтирган Солиҳа эна кўнмади:
– Сен боравер, болам. Бердиқулим келиб қолса…
Қўзибой дили оғриганини яширишга уринди, аммо барибир сал кескинроқ гапириб юборди:
– Бердиқулингиз келса, бизнинг уйни билади-ку, эна.
– Майли, болам, кута қолай. Нимагадир кўнглим ғаш. Янги ишга кирдим, деганди. Ўрганолмай қийналаётгандир-да болам бечора.
– Эна, Бердиқул энди ёш бола эмас.
– Унинг ёш боладан фарқи йўқ.
– Юрақолинг, эна.
– Сен бемалол боравер, дедим-ку. Мени деб ишингданам қолиб юрма. Мен кутиб тураман. Келиб қолади.
– Бўлмаса невараларингизни юбораман.
– Қўй, болам, уларниям овора қилма. Бердиқул келиб, кўнглим тинчигандан сўнг, икковимиз бирга ўтиб келамиз.
– Хўп, эна. Келинингиз қовоқ манти қилаётганди. Бўлмаса сузмай, сизларни кутиб ўтирамиз.
– Майли, болам. Сен энди ишингдан қолма. Мендан хавотир олма.
Қўзибой Солиҳа энасига қарай-қарай ишига кетди. Аммо тўнғич ўғил бир нарсани – энаси барибир бугун унинг уйига боролмаслигини ич-ичидан сезди. Ё Бердиқул кеч келган бўлиб чиқади, ё бошқа бир сабаб…
Шу боис Қўзибой кенжа ўғлидан бир товоқ қовоқ манти бериб юборди.
Солиҳа эна неварасини овозидан таниди.
– Овқатни ичкарига киритиб қўя қол, Ботиртой. Бердиқул келсин, бирга ермиз.
– Мен бугун шу ерда ётаман, эна. Ойим «Энанг билан бирга қолгин», деб қаттиқ тайинлаб юборди.
Эна сал безовталанди:
– Шунақа дегин. Мен жон дердим-у… аммо бугун ҳеч иложи йўқ-да, болам.
– Нега, эна?
– Буни кейинги келганингда тушунтириб бераман. Майлими, Ботиртой?
– Майли, эна. Мен овқатни опкириб қўяй.
– Дастурхонга ўраб қўя қол.
Бола ичкарига кирди. Эна беихтиёр пичирлади:
– Бир нарса бўлиб қолсам… сен бола қўрқасан-да… Э, худо! Ишқилиб, омонатингни олар чоғингда Бердиқулжоним ёнимда бўлсин-да!..
* * *
Учрашув совуққина кечди. Дилобар бир қарашдаёқ сезди: дарди дунёйи қоронғи Тожибойни эплаб бўлмай қолганди ҳисоб… Ҳозир ҳам келганига чорак соат бўлгани йўқ-у, бир ўзи шишани яримлатиб қўйди.
Дилобарнинг ўзларини алдаб кетган Рустамдан боплаб ўч олиш учун аввал пухта режа тузиш, кейин уни янада пухталик билан амалга ошириш тўғрисидаги қизғин таклифини эса икки ўртоқ ёқтирмайроқ тинглашди. Сўнг Жўрабой очиқдан-очиқ:
– Рустам бизни ёллади, лекин биз топшириқни бажаролмадик. Одамда лафз бўлиши керак. Агар бажариб, ҳақимизни ололмаганимизда эди, ичагини бошига салла қилиб ўрасак ярашарди. Ҳозир қайси томондан олма, ўзимиз айбдормиз, – деб туриб олди.
Ўзича бир нималарни орзу қилиб, ҳаяжонланиб ўтирган қиз дами чиққан пуфакдай шалпайиб қолди.
Жўрабой яна ўзига ароқ қуяётган ўртоғини жеркиб берди:
– Бўлди-да! Етади!
Тожибой унга чақчайиб қаради:
– Нима етади, а, нима етади? Етмайди. Ҳеч нарса етмайди! – У стол четидаги пулга ишора қилди. – Рустамбой қолдирган садақа етадими? Ё арзимаган умр кўриб, икки қўлим тепада кетаётганими? Йўқ, етмайди! Етмайди…
Жўрабой Дилобарга ўгирилди:
– Бунга эътибор қилма, Диля. Асаблари ишдан чиққан, ҳаммага тўнини тескари кийиб олган ўзи.
Ҳамма гапдан хабари бор Дилобар Тожибойни юпатишга уринди:
– Хафа бўлма, Толян. Ҳаммамиз ҳам бир куни ўша ёққа кетамиз. Биров эрта, биров кеч.
– Бунақа аллаларни Жорадан ҳам кўп эшитдим. Энди таъсир ҳам қилмай қўйган. Хўш, мен бу дунёга келиб нима кўрдим, Диля? Онам тирик бўла туриб етимхонага тушдим. Шу билан болалик ҳам кетди қулоғини ушлаб. Ўзимнинг туғилган маҳалламга боролмасам. Ҳалигача одамлар фариштадай пок онамни «Фоҳиша» деб аташади. Мени, муҳаббат туфайли дунёга келган болани «ҳароми!» деб бармоқларини бигиз қилиб кўрсатишади… Энди ишга кирдим, энди одамдай яшайман деганимда бу бало чиқиб турибди! Тузаладиган касал бўлсаям майлийди! Э…
– Сен ҳаётни сўкиб, ўчингни аёллардан оляпсан, Толян. Уларнинг айби нима? – орага қўшилди Жўрабой.
– Менинг-чи, менинг айбим нима? Нима учун энди мен айни кучга тўлган, навқирон ёшимда индамасдан ўлиб кетаверишим керак экан? Нима учун? Йўқ, мен ўнтаси, йигирматаси, ўттизтаси, юзтасини ўзим билан олиб кетаман! Мен сиғмаган ҳаётда уларгаям ўрин йўқ!
Дилобар оғир уф тортди:
– Яхшиям Тамарчикнинг кетгани.
Жўрабой қизнинг гапини маъқуллаб бош ирғади, сўнг жўрасига таънали қаради:
– Ичиқоралик қилма, Толян. Сен кўр бўлсанг, қолганларам кўр бўлиши керакми?
– Бўлиши керак! Ҳамма басир бўлиши керак!.. Келинглар, бир базм қилайлик. Қирқ йилда бир от ўйин бўлса бўлибди-да. Қўйинглар ўша бажарилмаган топшириқниям, «А»-«Б» планларниям, қурумсоқ Рустам думига қисиб қолган пулларниям. Ўшасиз ҳам кунимиз ўтиб турибди-ку. Яхшиси, ичамиз. Ахир ҳамма учун беш кунлик дунё келиб-келиб мен камбағал учун учун икки кунлик бўлиб қоляпти. Шуми инсоф? Шуми адолат?
Тожибой тўкиб-сочиб пиёлаларга ароқ қуя бошлади. Дилобар билан Жўрабой кўз уриштириб олишди.
Бу сафар ҳам ёлғиз ўзи ичган Тожибойнинг кўзлари қонталаш тус олди, пешонасига реза-реза тер тошди.
– Хўш, нима учун мен? Нега бошқа эмас, айнан мен? Қайси гуноҳим учун ахир? – дея одатдаги дийдиёсини бошлаётган маҳал у бирдан ҳушёр тортди: – Тамара қани?
– Тамара йўқ! – кескин оҳангда гапириб юборди Жўрабой. – Бор бўлгандаям яқинингга йўлаттирмасдим.
Дарвоқе, Тожибой билан Тамара болалар уйидан ошиқ-маъшуқ эдилар. Коллежни битириб, заводга ишга кирганларидан сўнг тўй қилмоқчи бўлишди. Бироқ ўзи туғилган маҳалла аҳли ўртасида обрў орттирмоқчи бўлдими, ишқилиб, кутилмаганда Тожибой тўйни айнан ўша маҳалла гузарида ва албатта эл қатори, яъни каттагина ўтказишни орзу қилиб қолди. Табиийки, катта тўй учун катта пул керак. Ана шунда Тожибой-Толян ҳайё-ҳуйт деганча бир йилга Россияга кетди. Ҳар қалай, у ёқларда мардикорлик қилиб бўлса ҳам уч-тўрт танга топиб келди, бироқ никоҳдан ўтиш учун ариза берганларидан сўнг уларни мажбурий тиббий кўрикка юборишадию, шу ерда йигитнинг СПИДга чалингани аниқланади… Тожибойнинг ўзи бориб аризасини қайтариб олди. Балки шу «қаҳрамонлиги» эвазигами у анча вақтгача Тамаранинг йўлини пойлади. Назарида қизнинг ўзи бош эгиб келадигандек эди. Аммо Тамара қурбонлик бўлиш йўлини танламади… Ана шунда аламига чидай олмаган, болалик орзусини амалга ошириб, пулига иккита мотоцикл сотиб олган, ўзига қўшиб жўраси Жорани ҳам байкерга айлантирган Тожибой ароққа ва …нотаниш қиз-жувонларнинг бошларини айлантириб ёки пул эвазига тўшакка тортишга зўр берди…
– Унда менга бошқа Тамарани топиб берасан! – ҳозир ҳам қичқирарди у бўйин томирлари ўқлоғдай бўртиб.
– Бўлди-да энди, Толян. Шусизам беш-олтитасининг бошига етдинг шекилли.
Бу гапни эшитган Дилобар ваҳимага тушиб қолди:
– Шунақа қилдингми, Толян?
Тожибой бир кўтаришда пиёласини бўшатди, асабий кулди:
– Шунақа қилдим, қиламан ҳам! Айтдим-ку, у ёққа бир ўзи кетадиган аҳмоқ йўқ деб. Камида бир галасини олиб кетаман. У ёқда ўзимнинг ҳарамим бўлади. Юраман маза қилиб.
– У бечораларнинг айби нима эди, аҳмоқ?
– Айби шуки, учраб қолди қорним очганда… – Тожибой ўпкалади: – Диля, шуям инсофданми, меҳмонхоналарда ўзларини сотиб юрадиган қандайдир суюқоёқ хотинларга раҳминг келади, менга бўлса бир тийинлик ачинмайсан?
– Унақа дема, Толян. Ростданам, шунақа бўлганингни эшитганимдан бери юрагим туздай ачишади.
Тожибой ишонқирамай бош чайқади:
– Ўхшамаяпти-да. Агар ростдан ачинаётган бўлсанг… ҳа, ана, чақир бу отелнинг қўшмачисини.
– Бу унақа отел эмас, Толян, – бош чайқади қиз.
– Нима, бу отелнинг шохи борми?
– Бу тинчгина дам оладиган меҳмонхона. Шаҳар кичкина бўлса. Ҳамма бир-бирини таниса. Унақа аёллар сен айтган катта отел-мотелларда, катта шаҳарларда бўлади, – тушунтиришга уринди Дилобар.
– Бекор айтибсан! Алдама мени!
– Гапимга жавоб бераман, Толян!
Тожибой бўш шишага меровсираб тикилиб қолди:
– Унда… ҳеч бўлмаса битта ароқ топиб беринглар. Илтимос. Ароқ одамнинг жони эмас-ку.
Жўрабой уни жеркиб берди:
– Опкелганингни тугатдинг-ку!
– Шунинг учун сенлардан илтимос қиляпман-да. Юз граммгина топиб беринглар.
– Уф-ф. Жонга тегдинг-ку. Диля, меҳмонхонада ароқ сотадиган кафеми, ресторанми йўқми?
– Йўқ.
– Бу энди қўймайди. Юр, бир шаҳарни айланиб, бунга бирон нима топиб келайлик.
– Майли. Ўзи сиқилиб ўтиргандим. Унда… – Дилобар бир зум ўйланиб қолди, – унда кейин йўлга тушаверамизми? Энди бу ерда қолгандан нима фойда?
– Лекин бу йўлга ярамайди.
– Ўзим ҳайдай қоламан, Жора.
– Яхши, Диля. – Жўрабой ўртоғига тайинлади: – Толян. Сен дам олиб тур. Биз Диля билан ароқ топиб келамиз. Кейин кетамиз. Келишдикми?
– Майли-ю… Унда менга… ҳеч бўлмаса анави… ресепшнда ўтирган жувонни чақириб бериб кет, Жора. Дўмбоққина экан. Айтганини тўлайман!
– Жуда сенга кўзи учиб турибди-да.
Тожибой кўкрагини керди:
– Ё ўзим борайми?
– Буни хаёлинггаям келтирма! – Жўрабой муштини дўлайтирди. – Агар шу хонадан чиқадиган бўлсанг, қайтиб келганимдан кейин бир уриб бошингни мажақлаб ташлайман!
– Шундай қилсанг савобнинг тагида қолардинг, – пичинг қилди энгашиб, сумкасидан шприц чиқараётган Толян.
Шприцни кўриб, Дилобар баттар ваҳимага тушиб қолди.
– Бу… ахир…
Жўрабой қизнинг билагидан ушлаб, йўлакка бошлади:
– Қўявер, Диля… Бу тамом бўлган, дедим-ку…
Икковлон пастга тушиб, қабулхона ёнидан ўтаётганлари маҳал Дилобар жойида баайни чарақлаб ўтирган, ниманидир ёзганча, ўз-ўзидан кулимсираб қўяётган Муқаддамнинг ёнига борди:
– Хонада шеригимиз қолди. Сал мазаси йўқ экан, дам олиб турсин. Биз тезда дори олиб қайтамиз.
– Бизда аптечка бор, – деди шошиб Муқаддам. – Қанақа дори керак?
– Уники махсус дори, – аниқ жавобдан ўзини олиб қочди қиз. – Рецепт билан сотилади.
– Унда «Тез ёрдам» чақира қолайлик.
Дилобар кўнмади:
– Шарт эмас.
– Тўғри бориб, иккинчи чорраҳадан ўнгга қайрилсаларингиз, навбатчи дорихона бор.
– Раҳмат.
Дилобар йигитнинг ёнига қайтди.
Бирга ҳовлига чиқишаркан, Жўрабой Муқаддамга ишора қилди:
– Бахтиёрлиги юз-кўзидан бу қадар аниқ билиниб турган аёлни биринчи кўришим.
– Бахтиёрлиги? – сўради қиз ҳамрдамхаёллик билан. – Эътибор бермабман. Ким билади, балки сигири эгиз туққандир.
Жўрабой ҳайрон қолди:
– Шаҳарда сигир нима қилади?
– Билмадим. Менинг хаёлим Толянда.
Икковлон ҳовлининг чеккароғида турган икки мотоцикл ёнига боришди.
Шлем кийган йигит билан қиз мотоциклда ҳовлидан чиқиб кетаётган маҳал дарвозадан «Тез ёрдам» машинаси кирди.
Яна ёзишда давом этган Муқаддам шошиб келаётган Дониёрни кўрдию, «оҳ» тортиб юборди.
– Латипов! – деб қичқирди шоша-пиша қоғозни стол ғаладонига яширган Муқаддам. Сўнг дарров ўзига келди: – Вой, узр, дадаси. Сиз ўзи ишлайсизми-йўқми? Ё фақат менга пойлоқчилик қилиб юрасизми?
– Пойлоқчилик қилганим йўқ, аяси. Мана, – Дониёр қўлидаги салафан халтачани тутди, – у-бу нарса обкелдим. Энди сен овқатни танлаб-танлаб, калориялисидан ейишинг керак. Фаст-фуд, кетчуп, майонез деган нарсаларни тамомила унут.
– Раҳмат, – жувон халтачани очди. – Вой, мен яхши кўрадиган қийма кабоб-ку.
– Ҳа, фақат қатиқданам ич. Кабобнинг ўзи оғирлик қилиши мумкин. – Дониёр шубҳаланиб атрофга аланглади: – Яна…
– Яна нима?
– Ҳеч ким бозорнинг йўлини сўраб бошингин қотирмаяптими, шуни сўрамоқчийдим.
– Асло ташвиш чекманг, дадаси. Мендан бошқа ҳеч ким ҳеч нарсани сўрагани йўқ.
– Мўйлов-чи?
– Эътиборингиз учун, мўйлов кетди. Командировка муддати тугабди.
– Индамай кетавердими? – тирғалашини қўймасди Дониёр.
– Йўқ, маданиятли одамларга ўхшаб раҳмат айтиб кетди.
– Барибир гаплашибсан-да.
– Дадаси! Нима, сизнингча эркак меҳмонларнинг ҳаммаси калитни узоқдан отиб юборасола қочиб қолсинми? Мўйлов келди, калитни топширди, кейин кетди. Бўлди.
– Кетгани яхши бўпти, – деб қўйди Дониёр.
– Асли шуни аниқлаш учун келганмидингиз? Кабоб баҳонада, а?
– Йўғ-э, тупканнинг тубидаги бир қишлоққа чақириб қолишди. Ўша ёққа кетаётгандик. Шуни айтиб қўяй деб киргандим. Уч-тўрт соат хабар ололмасман-ов.
– Вой, орқангизга ўгирилмасдан бемалол бориб келаверинг. Мени бўри ермиди.
– Телефон қилиб тураман.
– Вой, қанақа одамсиз, а. Борсангиз-чи. У ёқда бемор илҳақ кутиб турган бўлса-ю, бу кишининг валақлашиб ўтиришларини! Чопинг.
– Бўпти. Чопдим, – шошиб чиқиб кетаётган Дониёр бирдан тўхтади: – Менга қара, аяси, «Элёр» сенга ёқадими?
– Яна қанақа Элёр?
– Исмни айтяпман, аяси. Шу эли ёр бўлсин, деган маънода шунақа исм қўйсак, нима дейсан?
Муқаддам тушунмади:
– Кимга?
Дониёр хотинининг қорнига ишора қилди:
– Кимга бўларди, тўнғичимизга-да?
– Э, худо! Туғилмаган болага исм қўйиши нимаси?! Боринг, дадаси, ишингиздан кечикманг. Ҳали исм қўйишга улгурасиз. Қиз бўлса…
– Нега қиз бўларкан?
– Латипов! Ўзингиз кетасизми ё ҳайдаб чиқарайинми? Ахир у ёқда сизни бир бечора жовдираб кутиб ўтиргандир.
– Хўп, хўп, мана, мана. Кетяпман, кетяпман.
Ташқаридан «Тез ёрдам» сигнали эшитилди. Дониёр югуриб чиқиб кетди. Муқаддам эрининг ортидан бир муддат кулимсираб қараб тургач, ғаладондан бояги қоғозни олди ва ундаги исмлар қаторига «Элёр» деб ёзаркан, кўзларини юмганча орзуманд шивирлади:
– «Элёр». Яхши…
Бу дунёдаги энг бахтиёр эр-хотиннинг охирги кўришишлари эди…
Ички қўнғироқ жиринглади. Муқаддам шошиб гўшакни кўтарди:
– Ассалому алайкум. Меҳмонхона навбатчиси эшитади.
Кимдир ғўлдиради:
– Тўққиз… ўн бир… Худди америка киноларидагидай…
– Қайси хонадансиз?
– Йигирма тўққиз.
Муқаддам бирдан безовталаниб қолди:
– Ҳа, ҳа, менга айтишганди…
– Айтишганмиди? – жувоннинг гапини бўлди Тожибой. – Унда тез келинг. Мен… мен ўляпман…
– А? – ваҳимага тушган Муқаддам учиб ўрнидан турди: – Вой, мен ҳозир! Ҳозир!..
Муқаддам иккинчи қаватга чопиб чиқди, 29-хона эшигини жон-жаҳди билан очдию, ичкарига шошди.
Билагини чилвир билан боғлаб, томирига шприцдаги дорининг ярмини юбориб улгурган, ҳузурланганидан илжайиб қўяётган, нечукдир ўзини кучли, бақувват ҳис этаётган ҳолида эшик ёнида чайқалиб турган Тожибой мўлжаллаб ҳам ўтирмасдан хонага отилиб кирган Муқаддамнинг яланғоч билагига шприцни санчди.
Муқаддам, билагида чайқалаётган шприц билан анг-танг аҳволда қотиб қолди. Тожибой унга ғолибона қаради:
– Мен бир ўзим кетмайман!
Тожибой шошмасдан эшикни ёпди, қулфлади. Унга ҳайрат аралаш ваҳима билан қараб қолган, нима бўлаётганини ҳали-ҳануз тушунмаётган аёлнинг кўзлари олая бошлади…
Орадан ярим соатлардан сўнг Жўрабой билан Дилобар меҳмонхонага қайтиб келишди. Улар ичкарига киришаркан, қабулхонанинг бўшлиги қизни ҳайрон қолдирди.
Тўсатдан ранги бўздек оқариб кетган Дилобар иккинчи қаватга чопди, таажжубланган Жўрабой унга эргашди.
Хона эшиги берк эди.
Ваҳимадан адойи тамом бўлган, оёқлари майишиб кетаётган Дилобар эшикни бир тортди, икки, сўнг жон-жаҳди билан ура бошлади:
– Оч! Оч эшикни, Толян!
Ичкарида калит «ширқ» этди. Эшик очилди ва хонадан афтодаҳол, сочлари тўзғиган, паришон Муқаддам чиқиб келди.
Дилобар билан Жўрабой унга карахт аҳволда қараб қолишди. Жувоннинг ортидан Тожибой кўринди.
Муқаддам йўлакдан бир-бир босиб кетаверди. У чайқалиб, деворга суяниб қолди, кейин яна йўлида базўр давом этди.
Жўрабой Тожибойни судраб хонага олиб кирди. Ғижим тўшак, столда чилвир, игнасида қон юқи қолган шприц…
– Нима бўлди, Толян?
Вужуди қалт-қалт титраётган Тожибой ўзини бепарво кўрсатишга уринди:
– Унинг ўзи келди, – сўнг алам билан қўшиб қўйди: – Айтгандим-ку, у ёққа бир ўзим кетмайман деб!
Дилобар ваҳима ичида нарсаларини йиғиштира бошлади:
– Кетиш керак! Ҳозироқ бу лаънати шаҳардан кетиш керак! Ҳозироқ!
Жўрабой ўртоғининг юзига мушт туширди:
– Калланг қурсин сен аҳмоқнинг!
Диванга йиқилиб тушган Тожибой лабини артиб, чайқалганча бўш шиша билан шприцга ишора қилди:
– Менга бу дунёда шулардан бошқа ҳеч нима қолмади! Ҳеч нима!
– Жора, Толян! – бақириб юборди Дилобар. – Кетиш керак! Атас!
Учовлон оёқ учида пастга тушишганида қабулхона бўш эди.
Дармонсиз Тожибой Жўрабойнинг орқасига ўтирди. Иккинчи мотоциклни Дилобар ҳайдади.
Улар жуда тез юришиб, катта йўлга чиқиб олганларидан сўнг ўзини тобора ёмон ҳис қилаётган Тожибойнинг ишораси билан дарахт тагида тўхташди.
Мотоциклдан чайқалиб тушган Тожибой чеккароқда тиз букиб ўтирди, йилтир бошини чангаллаганча анча қайт қилди.
Ниҳоят у қайтиб келди. Дилобар йигитга нафрат билан қаради:
– Хўш, Толян, етдингми мақсадингга? Ўзингга яна битта ҳамроҳ орттирдингми?
– Унинг ўзи келди, – зўр бериб такрорларди йигит. – Телефон қилиб чақиргандим, ўзи келди.
– Ростдан-а? – мазахомуз сўради Жўрабой.
– Ҳа… Кейин… кейин мен унга бор гапни айтдим.
– Нимани айтдинг?
Тожибой ерга тикилганча анча ўйланиб қолди, ахийри садо берди:
– Ҳаммасини. Наркоманман дедим. СПИДман дедим. Оз қолган дедим.
– У индамай қараб туравердими? Дод солиб милиция чақирмадими?
– Йўқ… Индамади. Лекин қадалиб қараб тураверди… Қараб тураверди… Мен қўрқиб кетдим… Ёмон қўрқдим… Ичим музлаб кетди… Мен шунда… шунда бу аёлнинг суюқоёқ эмаслигини билдим… Бу аёл… онамга ўхшаб кетди…
– Ким бўлсаям, – енгил нафас олди Жўрабой, – милицияга хабар қилмагани бизга яхши бўлибди. Шундан қўрққандим.
Тожибой бу фикрга қўшилмагандай бош чайқади:
– Бундай қарагандан кўра… хабар қилгани яхшийди… хабар қилгани яхшийди…
– Бўлар иш бўлди, ўртоқ, энди ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди. Бу ерлардан қанча тез кетсак, изимизни қанча тез йўқотсак шунча яхши. Яна бир оз чидаб берасан, Толян.
Тожибой бошини кўтарди, ўртоғига тийрак назар ташлади:
– Мен яхшиман. Аравамниям ўзим ҳайдайман.
– Қўйсанг-чи.
– Ўзим!
Қандайдир оғир ўйлар оғушида қолган, кўзлари жиққа ёшга тўлган Тожибой шошмасдан бориб мотоциклини ўт олдирди, ўриндиққа ўтирдию, шлемини ҳам киймасдан тез ҳайдаб кетди.
Жўрабой хавотирга тушиб қолди:
– Бунга бир бало бўлганга ўхшайди. Юр-чи.
Мотоциклини учириб кетаётган Тожибойга етиб олиш осон эмас эди. Жон-жаҳди билан тезликни ошираётган Жўрабойнинг спидометрга қарашга юраги дов бермасди.
Тожибой тўсатдан рулни кескин бурди ва даҳшатли тезликда қаршидан келаётган улкан «КамАЗ» тагига кириб кетди.
Дилобар додлаб юборди:
– Тол-я-ан!..
* * *
Ишдан ҳориб қайтган Муҳиддинбойни хотини ҳовлиқиб кутиб олди:
– Дадаси! Ўғлингиз куни билан йўқ.
– Телефон қилмадингми?
– Юз мартадан кўпроқ қилгандирман. Нуқул «хизмат доирасидан ташқарида».
Муҳиддин пинагини бузмади:
– Шунга шунча ваҳимами? Юргандир у ер-бу ерда биронта ўртоғи билан.
– Дадаси, Дилшоджоним ҳар куни ҳеч бўлмаса ҳар икки-уч соатда бир марта қўнғироқ қилиб турарди. Бугун жим. Кўнглим жуда ғаш.
– Ваҳима қилаверма, хотин. Эр етган бола бўлса. Балки учрашув-пучрашувга чиққандир. Қиз боланинг ёнида телефон орқали онасига ҳисобот бериб ўтирмайди-ку, тўғрими?
– Шунақа дейсиз-у, лекин барибир юрагим ҳапқириб кетяпти. Ҳозир ким кўп – бой эр излаб юрган қизлару, бўлмаса бой куёв излаб доғули хотинлар кўп…
Муҳиддиннинг қовоғи уйилди:
– Бу гапни айтгандинг. Қўй, болани бунақа па-палайверма. Парникда ўсгандай нимжон бўлиб қолади. Пишисин бироз. Одамлар ўғлини бир йиллик армияга юборади. Сен бўлсанг бир кунга «бў» деб ўтирибсан.
Муҳиддин ичкарига кира бошлади. Ҳикоятхон йиғлагудай бўлди:
– Дадаси!
– Бўпти, – рафиқасини хотиржам қилишга уринди Муҳиддин, – Рустамга айтаман, йигитлари билан бир излаштириб кўради. Лекин айтиб қўяй, бирон жойда учрашув-пучрашув қилиб юрган бўлса ўзинг уялиб қоласан.
– Майли, мен уялсам уялай. Фақат…
Хотинининг ортиқ гапиришини истамаган Муҳиддин ёрдамчисини чақирди:
– Рустам!
Худди сўраб қолишларини билгандай дарвоза ортида турган Рустам оёқ учида юриб, сассиз кириб келди.
– Гап шу. Бутун йигитларни ишга сол. Менга деса шаҳарни тит-пит қилиб чиқ. Лекин бир соатдан кейин, кўпи билан икки соатдан кейин Дилшод шу ерда бўлиши шарт! Шарт! Тушундингми?
– Тушундим, хўжайин.
– Тушунган бўлсанг, бор. Ҳаракатни бошланглар! Биронтаям дискотека, биронтаям билярдхона, биронтаям ресторан-песторан қолмасин! Иложи бўлса аввал анави бирга юрадиган ўртоғи бор эди-ку… ҳаҳ оти нимайди-я, қисқаси, ўшани топинглар!
– Хўп бўлади.
Рустам шошиб ҳовлидан чиқди.
Муҳиддин хотинига қаради:
– Бўлдими, кўнглинг тўлдими энди?
Ҳикоятхон жавоб ўрнига пиқиллаб йиғлаб юборди. Муҳиддинбой асабий тарзда ичкарига кириб кетди.
Орадан бир ош пишгулик фурсат ўтар-ўтмас Рустам Мансурни бошлаб келди.
Қисқа салом-аликдан сўнг Муҳиддинбой мақсадга ўтди:
– Бугун Дилшодни кўрдингми?
– Кўрдим, – деди Мансур.
Кўзлари қизарган, ранги сўлғинлашган Ҳикоятхон жон ҳолатда сўради:
– Қаерда? Қаерда кўргандингиз боламни?
– Туш пайти кўчада кетаётиб, машинасини кўриб қолдим. Қарасам, Дилшод кафеда бир қиз билан ўтир-ган экан. Менам кафега кирдим. Иккаласи морожний еб ўтиришган экан. Қизнинг оти эсимда йўқ. Лекин Дилшод уни Тошкентдан келган деб айтди. Кейин иккаласи кетишди. Дилшоднинг машинасида.
– Қаёққа кетишди? – сўради Муҳиддинбой.
– Билмадим. Дилшод айтмади, мен сўрамадим.
– Вой, нега сўраб олмадингиз…
Муҳиддинбой бир ўқрайиб қараганди, Ҳикоятхон тилини тишлаб қолди.
– Тошкентлик қиз дегин… – Муҳиддинбой ўйланиб қолди. – Балки бу Аббос Усмоновичнинг қизидир? Ё Қаҳрамон Темировичнинг арзандасимикин?
– Дадаси, айтгандим-ку, ўғлингиз улар билан кўришган, лекин ёқтирмаган деб, – эътироз билдирди Ҳикотяхон.