Текст книги "Дарё"
Автор книги: Абдукаюм Йулдошев
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 21 страниц)
– Оббо тентак, а!
Шундай деган бўлса-да, Турғунбой ота ҳам ноилож маҳси-калишини ечиб, Ўктабр отанинг ёнига тушди. Серсенбой ота уларга қараб турди-турди, кейин жаҳл билан пойабзалини оёғидан суғура бошлади.
Ўктабр ота кўрсатма бериб турди:
– Тез-тез қимирласаларинг-чи! Вой!
– Не бўлди, Ўктабр? – шошиб сўради Серсенбой ота.
– Биттаси қўлимга тегиб ўтди. Катта балиққа ўхшайди.
– Балки илондир? – тахмин қилди Турғунбой ота.
– Бу ерда илон нима қилади, Турғунбой?
– Кеча иккитасини кўрдим сув юзасида, ўйноқлашиб сузиб ўтиб кетишганди. Балки улар қайтишгандир.
– Ўйноқлашиб сузишган бўлса, демак, сув илонлари, – сир бой бергиси келмади Ўктабр отанинг. – Сув илондан ҳам қўрқасанми, Турғунбой?
– Барибир одамнинг эти сесканади-да.
– Э, унақа сесканадиган терининг боридан йўғи. Қани, жўра, сен бор балиқни менга қараб ҳайда… Бўлсей, Саке. Тўс жўлини.
– Казир, казир… Ў, қудайим…
Тушга яқин шаҳарга етиб келишди. Ҳайдовчининг ёнида Бердиқул билан Самад.
Қўл телефони йўлбошловчидан яхшироқ хизмат қилди. Яна беминнатлиги-чи! Ош сўрамайди, нон сўрамайди, ҳар замонда уч-тўрт сўм томизиб қўйсанг бас…
Ёнига «Тирик балиқ» деб ёзилган машина шундай бозор дарвозаси ёнида тўхтади.
Ичкаридан кун иссиқлигига қарамай қалин костюм-шим кийиб, энли қора галстук тақиб олган Тош қучоғини кенг очган ҳолда чиқиб келди:
– Э, ошна! Сени кўрар кун ҳам бор экан-ку!
– Бормисан, Тош!
Иккалови қучоқлашиб кўришиб кетишди.
– Қандай шамоллар учирди, оғайни?
Бердиқул машинага ишора қилди:
– Айтдим-ку, озроқ балиқ бор эди деб…
– Балиқни қўй, дўстим, ўзингдан гапир, ўзингдан.
– Шу, юрибман ернинг остида, осмоннинг остида. Бир-иккита иш таклиф қилишганди, унчалик ёқмади. Қоровулман.
Тош нафрат билан лаб бурди:
– Э, дўстим, саккиз жойда қоровул бўлсанг ҳам, дўржи-дўржи пул келиб турмаганидан кейин қуруқ ойликнинг ўзига оилани боқиб бўлармиди?
– Шунга, – эҳтиёткорлик билан гапни ўз мақсади томон бурди Бердиқул, – тадбиркорлик қилсаммикан деб…
Аммо Тош уни гапиргани қўймади:
– Тўғри ўйлабсан. Замон ишбилармонники. Чиққанимга қанча бўлди, олти ойми? Шундан бери эски ишимни давом эттириб юрибман. Мана, кам бўлмадим. Ҳовли олдим, машина, ўғлимга данғиллама суннат тўйи қилдим. Тўйимга келмаган артист қолмади ўзиям.
– Қойилман, оғайни, – деб юборди Бердиқул ҳавас билан.
– Энг муҳими, қандай бизнесни қаерда, қандай қилишни билиш керак, ошна. Қолгани эса чепуха, – бир-дан маъруза ўқиб кетди Тош. – Ишнинг кўзини билсанг пулнинг ўзи оқиб келаверади. Фақат санашга улгурсанг бас. Ҳозир. Бир дақиқа. Зарур бир ишни ҳал қилиб қўйишим керак эди. Банкда кутиб туришибди.
Тош чўнтагидан қўл телефонини олиб, бир тугмачани босди-да, аппаратни қулоғига олиб борибоқ дўқ ура кетди:
– Манга қараларинг, анави ўн бир миллионни ҳозироқ ҳайдаларинг! «Кўк»ини санаб олларинг… Россиядан диллерлар келяпти, ўшаларни кутиб олишни ташкиллаштирларинг. Рестораннинг додасидан бўлсин… Бўлади. Фақат бутун зални заказ қилларинг. Бегона пашша ҳам кирмасин… Саксон тўрт миллион ҳам эсдан чиқмасин. Саксон тўрт миллион бугуноқ ўтиши…
Шу маҳал… Тошнинг қулоғидаги телефон жиринглаб қолди. Унга анграйиб қараб турган Самад бирдан ҳушёр тортди. Бироқ Тош пинак бузмасдан телефонининг бошқа тугмачасини босаркан, изоҳ берган бўлди:
– Соткам кўп каналли. Бирданига иккита одам билан гаплашса бўлади… Хўш, Бердиқул ошнам, нима масалада хизмат бор дегандинг? Узр, оғайни, ишлар билан бўлиб эсимдан чиқиб қопти.
Бердиқул яна бир бор машинани кўрсатди:
– Озроқ балиқ бор дегандим-ку.
Тош машинага қаради, кейин эгилиб, унинг ортига, сўнг ажабланиб сўради:
– Бор-йўғи биттагинами?
– Ҳа. Ҳозирча. Яхши ўтказиб берсанг, менга уч юзтўрт юз қоларди-да.
Тош ҳафсаласи пир бўлганини яшириб ўтирмади:
– Тўрт юз ҳам пулми, оғайни? Овора бўлганингга арзимайди-ку. Сен менга миллиондан гапир! Камида миллион қоладиган ишни гапир, ана шунақа ишга овора бўлса арзийди… Қолганлари эса, эҳ-ҳе, вақт сарфлашгаям арзимайди…
– Айтдим-ку бу бошламасига деб, – хижолат аралаш тушунтиришга уринди Бердиқул. – Қолганини кейин кўраверамиз.
– Келган жойидан давом эттираверамиз де. Ҳа-ҳаҳа. Майли. – У ҳайдовчига буюрди: – Ичкарига ҳайда, ука… Бердиқул, дўстим, сенлар шу ерда туриб турларинг. Сенларни кўрса оптовикчилар хитланиб қолишади, нархни ерга уришади. Мен ўзим оборсам «ғинг» демасдан айтган нархимга олишади. Соққасини ўзим опчиқиб бераман.
– Хўп, Тош, хўп.
– Айтгандай, бир оз «кўк»идан керак бўлиб қолди деганмидинг?
Бердиқул баттар хижолат чекиб ён-атрофга аланглади, сўнг овозини пасайтириб гапирди:
– Ҳа, оғайни. Қарзга. Онамни зудликда операция қилдиришим керак. Мени қачон келади деб йўлимга сарғайиб қараб йиғлайверганидан кўзлари кўрмай қолибди бечоранинг. Менга айтишмаган экан.
Тош афсусланиб, астойдил бош чайқади, ҳатто мижжаларида ёш ҳам пайдо бўлди чоғи:
– Шўрлик она… Шўрлик она-я… Юрагимни эвзординг-ку, ошнам. Майли, кўп куйинаверма, иложини қиламиз.
Бердиқулнинг ўпкаси тўлди, димоғи ачишди.
– Раҳмат… раҳмат…
– Мени кутгил, – Тош бола каби беғубор жилмайди, – ва мен қайтарман…
Тош машинани ичкарига бошлаб олиб кириб кетди. Бердиқул билан Самад унинг ортидан ҳаяжонланиб қараб қолишди.
Орадан ўн дақиқа ўтар-ўтмас машина қайтиб чиқди. Сўнг ярим соат ўтди, бир соат…
Самад тоқатсизланиб телефонига қаради:
– Икки соат бўлди.
– Парво қилманг, ака, – деди мутлақо хотиржам, ўз ўйлари оғушида ора-сира мийиғида кулимсираб қўяётган Бердиқул.
– Кўнгил – душман, ука, – ўзини оқлаган бўлди Самад.
Бердиқул ҳар эҳтимолга қарши телефон қилиб кўриб, бир зум узун гудокларни эшитиб тургач, Самадга жилмайиб қаради:
– Э, Тош унақа йигитлардан эмас. Биз камерада у билан битта майизни тенг бўлишиб еган вақтларимиз бўлган. Бизга чой-пой ташкиллаштириб юргандир-да.
Самад барибир кўнгил ғашлигидан қутула олмаётганди:
– Шундайдирку-я, лекин…
Бердиқул шеригини хотиржам қилиш учун ҳайдовчидан сўради:
– Ука, Тош бошқа ҳеч нима демадими?
– Йўқ. Балиқни тўртта аравага тушириб олишганидан кейин олдимга келиб, «Бориб кутиб тур», деди.
Самад асабийлашиб сўради:
– «Қанча кутаман?» деб сўрамадингми?
– Мен бировларнинг ишига бурнимни суқмайман, ака.
Самаднинг хуноби чиқди:
– Э, қанча кўп ўтирсанг, сенга шунча яхши-да. Сеники соатбай…
– Бўпти, бўлмаса мен бир бозорни айланиб келай, – деди Бердиқул. – Баҳонада нарх-навониям билиб келаман. Яна Тош мардлик қилиб, ёнидан бизга пул қўшиб юрмасин. Шунақа йигит у!
Самад дарҳол рози бўлди:
– Майли, оғайнингиз бу ерга келиб қолса, дарров ўзим сизга телефон қиламан.
– Келишдик.
Бердиқул бозорга кирди. Балиқ растаси ғала-ғовурга тўла бозорнинг охирроғида экан.
Бердиқул бир сотувчи олдига бориб нархни суриштирди, кейин иккинчисига, баттар ажабланиб учинчисининг ҳам ёнига ўтди.
Бердиқул гаранг аҳволда дарвоза ёнида депсиниб турган Самаднинг ёнига қайтди:
– Тош келдими?
– Йўқ. Ўзингиз кўришдингизми?
Бердиқул ўйланиб туриб қолди:
– Бир нарсага ҳайронман.
– Нимага?
– Бозорда балиқ нархи ўзимиздаги билан теппа-тенг, ҳатто сал арзонроқ ҳам. Улгуржи олувчилар икки баробар тушириб сўрашяпти. Бунақада биз қанақа қилиб фойда кўрамиз? Наҳотки… – Бердиқул иккиланиб қолди, ахири ўша сўзни тилига олди: – наҳотки шимон қилиб кетган бўлса? Мени-я?
Самад дилидагини тилига чиқарди:
– Шунақага ўхшайди, ука.
Бердиқул гарангсиб, дарвозага суяниб қолди:
– Бўлиши мумкин эмас. Биз ахир у билан…
Бердиқул телефонини олиб, шошиб рақам терди. Яна узун гудоклар.
– Энди у… – Самад бош чайқади, – телефонни кўтармаса керак-ов.
Бир зумда юзи қорайиб, яшин урган дарахтдай сўппайиб қолган Бердиқул шошиб бошқа рақамларни терди:
– Калта! Менга Тошнинг адреси керак. Ернинг остидан бўлсаям топасан!.. Ҳовлиси… Шунақами? Э, эскисини айтавер унда. Хўп, эслаб қолдим. Тўққизинчи қават. – У телефонни ўчирди. – Юринг-чи, Самад ака! Агар мени алдаган бўлса… ичак-чавоғини бошига салла қилиб ўрайман!
Бердиқул ҳайдовчининг ёнига борди.
– Қўйлиққа ҳайда, ука.
Ҳайдовчи тайсалланди:
– Лекин биз бозоргача келишгандик, ака. Ҳисоб-китоб шу ерда бўлади дегандингиз.
Бердиқул унга чақчайиб қаради:
– Ҳисоб-китоб мен хоҳлаган жойда бўлади. Нима, қочиб кетяпманми? Ё бир жойнинг одами эмасмизми?
– Тўғри-ю, – ожизона минғирлади Бурдиқулнинг авзойидан чўчиб кетган ҳайдовчи, – лекин мени ким туширган бўлса ҳаммаси ўзимизнинг жойнинг одамлари. Биронта бегонаси йўқ. Ҳаммаси бошида лафз қилишади…
Бердиқул хезланиб, ҳайдовчининг елкасидан маҳкам чангаллаб олди:
– Мен ҳамма эмасман! Мен Бердиқулман! Ё менинг кимлигимни эсингдан чиқариб қўйдингми?! Эсингга солиб қўяйинми?
Самад жон алфозда Бердиқулни қучоқлаб, нари судради:
– Қўйинг, ука, қўйинг. – Сўнг ҳайдовчини жеркиб берди: – Сен энди оловга мой сепмай тургин, ука. Оласан ўша ҳаққингни!
Ҳайдовчи машинага чиқди:
– Менга барибир. Меники соатбай…
Бердиқул билан Самад унинг ёнидан жой олишди.
Қўйлиқ деганлари катта жой экан. То айтилган манзилни сўраб-суриштириб топгунларига қадар кеч тушди.
Тош лифти ишламайдиган тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида яшаркан.
Лаби пир-пир учаётган, қўллари мушт бўлиб тугилган Бердиқул тўққизинчи қаватга пиёда кўтарилди. Иккита эшик: биттаси темир, иккинчиси оддий.
Қават майдончасига тўшалган газетада икки киши ўтирарди. Бердиқул қарз саломини берди.
– Ваалайкум ассалом, – деди биринчи киши сира ажабланмасдан. Сўнг оддий эшикка ишора қилди: – Тошгами?
– Ҳа.
Иккинчи киши қўлини кўтариб қўйди:
– Мендан кейин яна тўрттаси навбат олган.
Бердиқул гарангсиб қолди:
– Тушунмадим.
– Сиздан қанча қарз? – сўради хушмуомала биринчи эркак.
Бердиқул очиғига кўчди:
– Бир машина тирик балиғимизни сотиб бераман деб олганди.
Иккинчи эркак қўл силтади:
– Э-э, арзимаган нарса экан-у. Индамай кетаверсангиз бўларкан. Бир машина балиғам гап бўлибдими? Мана мендан ўн минг олган у занғар. «Кўк»идан. Бир ойга деб. Уч ойдан бери орқасидан қуваман. Охири, мана, уйига келиб ётиб олдим.
– Менинг қирқта гиламимни сотиб бераман деб еб кетди бу даюс! – Кўзларида ёш билан ҳиқиллади биринчи эркак. – Бўлмаса тайёр харидор турганди. Бу қимматига сотиб бераман деса лаққа ишониб турибман-да. Билмайман ўша пайт нима жин урди мени?
– Сиз буни айтасиз, – кўзларини ола-кула қилди иккинчи эркак, – у қирриқ мендан кейин навбатда тургандан қирқ миллион сўм олган.
Бердиқул ўз қулоқларига ишонмади:
– Қирқ миллион?
– Ҳа. Доллар қилиб бераман деган. Мана энди сўмам йўқ, долларам. Бечоранинг эси кирар-чиқар бўлиб қолган.
Биринчи киши оғир уф тортди:
– Шу кетиш бўлса яқинда биз ҳам ўшанақа аҳволга тушамиз.
– Нафасингизни иссиқ қилинг-э! – деди иккинчи киши.
– Ҳа, нима, бўладиган гапни айтяпман-да. Мол аччиғи – жон аччиғи, деб бежиз айтишмаган. Пул одамнинг жигар қонидан бунёд бўлади, биродар.
– Олинг-а. Пул қоғозга босилади, сифатлироғига. Қолгани краска, холос…
Даҳанаки баҳс анча давом этишини сезган Бердиқул орага гап суқишга улгурди:
– Тош ҳозир… уйидами?
– Э, биродар, – кўксига шапатилади биринчи эркак, – Тош уйида бўлганида биз бу ерда сарғайиб ўтирармидик! Келмаяпти занғар!
Шериги унга жўр бўлди:
– Қаерлардадир яшириниб юрибди.
Сўнг иккалови бири қўйиб, иккинчиси ғийбатга тушиб кетишди:
– Яшириниш қаёқда, яна одамларни чув тушириб юрибди деб эшитдим. «Ҳовлим бор, тўй қилдим, катта артистларнинг бариси келди» деб оғзини кўпиртириб юрган у туллак.
– Бунақаларга бизга ўхшаган содда одамларнинг йўлиқавергани-чи!
– Ҳа, худойим ҳаммани ўзининг ризқию ўзининг кушандаси билан яратиб қўйган, дегани рост экан…
Бердиқул бир амаллаб сўрай олди:
– Унда… Тош келмаса… нима қиламиз?
– Билмадим, – елка қисди иккинчи эркак. – Бизам шу саволга жавоб тополмасдан шу ерда ўтирибмиз гаранг бўлиб.
– Ахир бир кун келади-ку.
– Келгани билан пули бўлмайди. Орқасига эллик марта тепсангиз ҳам киссасидан эллик сўм тушмайди.
– Вақтингиз бемалол бўлса келинг. Гурунглашиб ўтирамиз-да. Ҳар қалай, икки кишидан уч киши яхши.
Бердиқул шошиб қолди:
– Йўғ-э. Пастда машина кутиб турибди.
Икковлон яна бири биридан ўзиб маслаҳат беришга тушиб кетишди:
– Ундай бўлса келинга исм-шарифингизни ёздириб кета қолинг. Зора инсоф бериб, телефон қилиб қолса.
– Қилмайди. Мен йигирма марта ёздириб кетганман.
– Айтяпман-ку, зора инсоф бериб қолса деб.
– Бунақаларда инсоф нима қилсин? Инсоф бўлганида шунча одамни қон қақшатиб юрармиди?
Бердиқул нима қилишини билмай қолди:
– Сира… бунақа бўлади деб ўйламагандим. Биз у билан ахир…
Бердиқул эшик қўнғироғи тугмачасини босди. Жимлик.
Бердиқул эшикни аввал секин, сўнг қаттиқ-қаттиқ урди, эшикка қулоғини босиб турди.
Ниҳоят ичкаридан «шип-шип» қадам товушлари эшитилди.
Бердиқул ўзини жангга шайлаб турган маҳал эшик очилди ва остонада ўттиз беш ёшлардаги қорни қаппайган жувон пайдо бўлди.
– Келинг. Марҳамат, ичкарига киринг.
Шу сўзларни айтгач, жувон орқага чекинди. Бердиқул беихтиёр ичкарига кирди, довдираб, узуқ-юлуқ гапирди:
– Узр… Мен Тош билан… қисқаси, озроқ олди-бердимиз бор эди.
– Киринг.
Жувон лапанглаб ошхонага ўтди, Бердиқул унинг ортидан юрди. Бу йўқсиллик ва фақирликнинг тимсолига айланган бир хонали уй эди. Поллар яланғоч, деворлардаги гулқоғозлар кўчиб кетган, қандайдир қўланса ис ўрнашиб қолган…
Йўлакдан бораётиб, Бердиқул ягона хонага бўйлади. Учта турли ёшдаги бола газета тўшалган полда ўтириб дарс қилишмоқда эди. Бир сочи тақир олинган болакай эса ногиронлар аравачасида сўлаги оқиб, номаълум нуқтага тикилиб ўтирарди. Бердиқул айниқса шу ногирон болага узоқ қараб қолди. Бола уни сезмадиям.
Ошхона янада ғариброқ эди. Қоп-қорайиб кетган газ плитаси, ис босган шифт. Умивальникда қалашиб ётган ювилмаган идишлар.
Иккиқат жувон ҳарсиллаб-пишиллаганча омонат стулга ўтирди, кейин лиқилдоқ столдаги қоғоз ва чўлтоқ қаламни ёнига тортди, кураша-кураша чарчаган, ахийри аччиқ қисматига тан берган банда янглиғ ҳазин овозда сўради:
– Ким деб қўяй, ака?
Бердиқул тамомила гарангсиб қолди:
– Мен…
– Сиздан қанча олган? Уф-эй, ўлар ўлсам ўлиб бўлдим бу одамнинг дастидан!
– Мендан… майли, келин, безовта бўлманг. Арзимаган нарса эди. Арзимаган…
Бердиқул ортга қайтмоқчи бўлаётган маҳал ошхонадан балконга ўтиладиган эшикнинг ёрилиб кетган ойнасида кимнингдир қораси кўрингандай бўлди. Бердиқул шу томонга отилди.
Балконнинг бетон полида Тош мунғайиб ўтирарди. Бир четга сасиб кетган пиёз ёйиб қўйилган. Иккинчи томонда оқариб, моғорлаб кетган қотган нонлар.
Бердиқул ўлдириб қўйгудай важоҳатда Тош устига бостириб борди. Тош бетон полдан кўз узмай ўтираверди.
Бердиқул Тошнинг елкасидан чангаллаб, ўзига қаратди.
Тошнинг кўзлари тўла ёш эди… Бердиқулнинг қўллари бўшашди.
– Тилингдан осайми, аблаҳ! – аранг шивирлай олди у. – Ҳеч бўлмаса болаларингнинг уволини ўйламадингми, паст!
Тош яна бетон полга қаради.
Бердиқул жаҳл билан Тошни итариб ташлади-да, ортга қайтди. У майдончага чиқиб, эшикни ёпаётган маҳал биринчи эркак умид билан сўради:
– Ёздириб қўйдингизми?
Бердиқул бўғиқ овозда:
– Ҳа, – дея олди.
Иккинчи киши унга яқин келиб, негадир пичирлаб гапирди:
– Ака, мабодо ичкарида Тошнинг ўзи кўринмадими? Агар шу ердалигини билсам, эшикни қўпориб бўлсаям кириб, таъзирини берардим унинг! Ногирон бола-поласига қараб ўтирмасдим!
Бердиқул кескин бош чайқади:
– Йўқ! Тош уйида йўқ!
Нафаси қайтиб бораётган Бердиқул икки-уч зинани бир қилиб ҳатлаганча пастга ошиқди.
Бердиқул адоғи йўқдай кўринаётган зиналардан тушаётган маҳал подъезд ёнида асабийлашиб турган Самаднинг ёнига мотоцикл келиб тўхтади.
Қандайдир ресторан номи ёзилган нимча кийган йигит мотоциклдан тушиб, шлемини рулга илди-да, орт ўриндиқдаги махсус кажавага боғланган тўртта қутидаги пиццани оларкан, Самаддан сўради:
– Ака, 69-уй шуми?
– Билмадим, ука.
Йигит унга ишонқирамай қараб қўйгач, уч-тўрт қадам ортга чекиниб, уй рақамига қаради. Сўнг пиццаларни кўтариб, подъездга кирди-ю, зум ўтмай қайтиб чиқди.
– Лифт ҳам ишламаяпти-ку, ака.
Ўзи бўлари бўлиб турган Самад портлаб кетди:
– Нима қилай шунга, суюнчи берайми?
Чўчиб тушган йигит яна подъездга қайтиб кирди:
– Тавба, заказ беришга бериб қўйишади-да, лифт ишламаётганлигини айтишмайди. Тўққизинчи қаватга пиёда чиқишнинг ўзи бўладими?
Йигит тўнғиллаганча зиналардан юқорига кўтарила бошлади. У иккинчи қаватга етай деганида юқоридан бўрондай отилиб тушаётган Бердиқулга дуч келди. Йигит қўлидаги пиццаларни четга тортиб қолишга аранг улгурди.
– Бу «дом»да соғ одам борми ўзи?
Бердиқулни кўрган Самад ҳовлиқиб қолди:
– Бердими? Бердими?..
Бердиқул индамай машинага чиқди, ҳамон шеригига умидвор термилаётган Самад унинг ёнига ўтирди.
Бердиқул ҳайдовчига «ҳайда» ишорасини қилди. Машина ўрнидан қўзғалди.
– Хўш, ундими? – яна сўради Самад.
Бердиқул индамади, қоронғиликка тикилганча ўтираверди.
Худди шу маҳал…
Қоп-қоронғи хонанинг очиқ деразасидан пастга қараб турган болалардан бири қичқириб юборди:
– Кетишди! Кетишди!
Ўзини ногиронга солиб ўтирган бола аравачадан учиб туриб чироқни ёқди. Қолган болалар ўйнаб кетишади:
– Кетишди! Кетишди!
Ошхонадаги иккиқат аёл илжайиб, этагини кўтарди, қорнидаги ёстиқни олиб, омонат табуреткага қўйди. Балкондан оғзи қулоғида Тош чиқиб келди.
– Кетишди! – деди Тош фахр билан.
Жувон жилмайди:
– Илойим келган бало ўзлари билан қайтиб кетган бўлсин!
Бешовлон хурсанд ҳолда ирғишлашиб қават майдончасига чиқишди. Икки эркак ҳавас қиларли садоқат билан ҳамон газетада ўтиришарди.
– Кетдими? – деб сўради улардан бири.
Бахтиёр жувон лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди:
– Қорасини ўчиришди.
Иккала эркак ҳам хурсанд ҳолда ўринларидан сакраб туришди. Тош бориб қарши тарафдаги темир эшикни очди.
– Энди зиёфатга марҳамат! Бугун кўп нарса унмади, лекин камбағалга бедана кабоб ҳам овқат, деган экан машойихлар. Эртага яна бир марта артистлик қилишга тўғри келади. Лекин унинг зиёфати бошқача бўлади.
Ҳамма хонадонга шошиб-ошиқиб кирди. Йўлакдан бошлаб юмшоқ гиламлар, деворларда алламбало ювиладиган гулқоғозлар, шифтда минг чироқли қандиллар, энг сўнгги русумдаги мебеллар… Умуман, жуда, жуда бой одамларга тегишли эканлигини шундоқ кўриниб турган уй.
Катта хонадаги стол тўкин-сочин дастурхон.
Болалар шу хонага ёпирилишди. Ҳамма ёқни шодон кулгилар босиб кетди.
Эшик қўнғироғи жиринглади. Ажабки, ҳамма бирдан жим бўлиб қолди, баайни буйруқ берилгандай.
Тош оёқ учида бориб «глазок»дан қаради ва тантанали тарзда эълон қилиб юборди:
– Пиццалар келди!
Болалар шовқин-сурон билан эшикка отилишди:
– Менга қўзиқоринли!.. Менга пишлоқли!..
Тош болаларга ғурур билан боқаркан, ёнига етиб келган жувонни қўлтиқлаб олди.
– Булар бола эмас, ҳақиқий талант, аяси. Анавиларга ўхшаш, – у меҳмонхонада жон-жаҳдлари билан еб-ичаётган, ликопчаларга егуликларни уйиб солаётган икки эркакка ишора қилди, – хашаки артистлар эмас.
– Нимасини айтасиз, дадаси.
– Юринг энди, аяси, пиццаларнинг пулини тўлаб қўяйлик.
– Кечикдинг, деб ярим пулини беринг, дадаси. Кўнмаса катталарига телефон қилинг. Мижозларни ҳақорат қилди, бир тийин бермаймиз денг. Мана биз гувоҳ бўламиз.
– Э, ақл ўргатманг, бунақа ишларни ўзим ҳам боплаб ташлайман! Мана ҳозир кўрасиз!
Бахтиёр эр-хотин қўлтиқлашганча буюртмаларни олиб келган бечора йигит томон юришди…
Одамзот пасткашлигига сарҳад бормикан?..
Яхшиям буларни Бердиқул кўрмади. Кўрганида, эҳтимол юраги сиқилиб, ажалидан беш кун бурун ўлиб кетарди…
Бу маҳал…
Бердиқул ҳамон қоронғиликка тикилиб кетарди.
Самаднинг фиғони фалакка чиқди:
– Ука, ёрилсангиз-чи бундоқ. Одамни пичоқсиз сўйиб юбордингиз-ку.
Ахийри Бердиқул тилга кирди:
– Ўтники ўтга, сувники сувга, қолди қатиқнинг пули… Бизга қатиқнинг пули ҳам қолмади, ака.
– Бу нима деганингиз? – анграйиб қолди Самад. – Ўлгандан Абдужаббор ўлди, деганларидай, яна мени балога гирифтор қиляпсизми?
Бердиқул яна қоронғиликка тикилиб қолди.
Ҳайдовчи алам билан билан пешонасига муштлади:
– Бошланди… Ҳозир акам минг битта баҳонани қалаштириб ташлайдилар. – У тезликни пасайтириб, Бердиқулга қаради, йиғламсираб гапирди: – Ака, нима бўлди, нима қўйди – менинг ишим йўқ. Лекин сиз лафз ҳалол дегансиз, қўл ташлагансиз. Келишилган пулни бермасангиз бўлмайди. Топганим бола-чақамнинг ризқи.
– Ука, мени ким деб ўйлаяпсан? – баланддан келди Бердиқул. – Зонада сенга ўхшаган жмотларни биласанми нима қилардим?
– Билмайман, билишниям истмайман! Менинг у ёқларга бориш ниятим йўқ. Агар ўзингиз яна бориб қолсангиз, билган ишингизни қиларсиз. Лекин ҳозир ҳаққимни берасиз!
– Ўзимни боплаб тушириб кетишган бўлса, ширяланғоч қолдиришган бўлса, нима, битимни сотиб бераманми ҳаққингни? – жаҳл билан гапирди Бердиқул.
– Бу энди сизнинг проблемангиз. Буни олдинроқ ўйлаш керак эди, ака.
Жанжал бошланиб келаётганини сезган Самад ҳайдовчига ётиғи билан тушунтиришга уринди:
– Энди, ука, ўзингизам кўрдингиз, бизам бировга орқа қилиб келгандик бу ерларга…
Аммо ичи тўкилиб бораётган ҳайдовчи насиҳат эшитадиган аҳволда эмасди:
– Аввалам айтдим: кимга орқа қилиб келдингиз, кимга олдин қилиб, бу сизларнинг ишингиз! Мен ўзимнинг вазифамни бажардим. Энди хизмат ҳаққимни олишим керак! Бошқаси билан ишим йўқ.
Бердиқул унга олайиб қаради:
– Лекин ўзиям бир уриб ўлдирадиган бола экансан!
– Бердиқул ака! – чийиллади ҳайдовчи. – Мен уйингизни биламан, холамни яхши танийман. Бугун мени уриб, бурнимни қонатиб юборганингиз билан эртага холамнинг олдига бораман…
– Бас! – бўкириб юборди Беридқул. – Холангни қўшма бу ерга! Қанча гапинг бўлса мен билан гаплаш!
Бердиқулнинг важоҳатини кўрган ҳайдовчи сал паст тушди:
– Ортиқча гап қилиб ўтирмайман, менга келишган ҳаққимни берсангиз бўлди.
Бердиқул бир муддат ўйланиб қолди, кейин, бир қарорга келди шекилли, хотиржам оҳангда гапирди:
– Уйга кирамиз. Битта боқувдаги қўчқорим бор. Хизмат ҳақинг эвазига ўшани олиб кета қол. Хоҳла сот, хоҳла сўйиб е. Розимисан, ука?
Ҳайдовчига жон кирди:
– Розиман, ака, розиман.
– Сизнинг масалангиз оғирроқ, Самад ака… Уйдан ҳамма пулни олиб чиққанмидингиз?
Шундай қилсам бир нарса ундираман деб ўйладими, энди Самад йиғламсиради:
– Ҳаммасини, ука, ҳаммасини. Тўйга деб йиғилган пул эди. Ой охирига тўй деб овозалаб қўйганмиз. Энди нима қиламан?
Бердиқул маслаҳат солди:
– Кимдан пул топса бўлади? Қарзга.
– Бунча пулни бериб турадиган мард топилмас-ов, – бош чайқади Самад. – Шаҳарда битта Муҳиддинбой ака бор. Ўшанинг олдига бош эгиб борилмаса…
– Наилож, борсак бораверамиз-да.
– У сўраган пулингизни бериб туради, дейишади. Лекин эвазига қулдай эзиб ишлатаркан ҳам.
– Лафз ҳалол, ака. Пулингизни қайтараман дедимми, қайтараман.
– Майли, ука, фойдасиям керакмас. Ўзи қайтса бўлди.
– Кўп хавотир олаверманг, ака. Иложи бор экан-ку.
– Э, бунақа иложи қурсин, ука… Лекин нима қилай, менам мажбурман-да. Пулсиз тўй қилиб бўлмаса…
Машина тезлашди.
Бирон соатларда овулга етиб келишди. Ҳайдовчи машинани тўғри Бердиқулнинг уйига ҳайдади.
Бердиқул молхонадан катта қўчқорни етаклаб чиқди-да, арқонни дарвоза ёнидаги ҳайдовчига тутди.
Йигит юришни истамаётган, маърай бошлаган қўчқорни даст кўтариб, машинасига ортди.
Ўз хонаси деразасидан бошини чиқариб, ҳовлини диққат билан эшитиб турган Солиҳа эна овоз берди:
– Ўзингмисан, болам?
– Ўзимман, эна, ўзимман.
– Кечаси нима ташвиш қилиб юрибсан?
Бердиқул тан олди:
– Қўчқорни сотдим, эна. Керак бўлиб қолди.
– Майли, болам, майли. Керак бўлиб қолган экан, бемалол сотавер.
Ташқарида мотор ўт олди, кейин машина юриб кетди.
– Сиз ётиб дам олаверинг, эна. Менам ҳозир ухлайман. Эрталаб мен шаҳарга бориб келаман.
– Яхшиликками, болам?
Бердиқул чайналиб қолди:
– Шу бир… тузукроқ иш қарасамми девдим.
– Ҳозирги ишинг ҳам яхши-ку, болам. Кеч қайтишингни айтмасак.
– Яхши-ю, лекин… ойлиги ҳам шунга яраша бўляпти.
– Кам бўлса етади, кўп бўлса кетади, болам. Шукр, оч қолмаяпмиз. Бир нарса керак бўлса, ана, аканг бор.
– Шундайку-я, лекин акамнинг ҳам бола-чақаси бор, ўз ташвишлари ўзига етарли. Шунга бир сўраб-суриштириб кўрай-чи.
– Майли, болам, майли. Ўзинг биласан.
– Шунга, эртагаям кеч қолсам хавотирланманг.
– Эҳтиёт бўл, болам. Кўчада яхши бор, ёмон бор.
– Хўп, эна.
– Оч эмасмисан, ишқилиб?
– Йўқ, эна, тўқман.
– Унда ухлай қол, болам. Чарчаганинг овозингдан билиниб турибди.
Бердиқул ўз хонасига кириб, ўринга чўзилди, гарчанд бу кеч ухлай олмаслигини билиб турса ҳам…
* * *
Бу кеча ҳам Дилшод учун уйқу ҳаром бўлди. Аввал кўрпа ўрнига янтоқ тўшалгандай у ёқдан-бу ёққа ағдарилиб, тўлғаниб ётди. Алоҳа сал кўзи илинганида эса қўрқинчли туш кўрди. Бу туш эмас, босинқирашга ўхшарди. Узуқ-юлуқ манзаралар: садақа сўраётган тиланчи аёл, унинг ерга йиқилиб тушиши, ваҳимадан кўзлари олайиб кетган Мансур… Дилшоднинг қонга ботган қўллари… Мансурнинг ваҳимали овози акс-садо беради: «Ўлиб қопти! Мияси билан бетонга урилипти аммо-лекин. Юзи мажақ бўлган, миясининг қатиғи чиқиб, ҳамма ёққа сочилиб кетган»…
Қора терган ботган Дилшод учиб ўрнидан туриб кетди.
Ҳансираб нафас олаётган йигит бир муддат қўлларига тикилиб қолди. Йўқ, уларда қон йўқ эди…
Дилшод ўрнидан турди, телефонини олиб, бир тугмачани босди.
У томондан Мансурнинг норози овози эшитлди:
– Нима гап, ўртоқ? Соат неча бўлганини биласанми?
Дилшод чуқур нафас олди:
– Ўртоқ, бундай яшаб бўлмас экан. Ўзлари келиб, қўлимга кишан солиб олиб кетмасларидан бурун, ўзим бориб қўя қолай. Ахир бу тасодиф, бахтсиз ҳодиса-ку.
Мансурнинг капалаги учиб кетди:
– Аммо-лекин энди бу гапга ким ҳам ишонарди? Ғишт қолипдан кўчган, оғайни.
– Мен… мен ҳаммасини тушунтираман.
– Нимани тушунтирасан? Қандай қилиб мурда «Москвич»нинг юкхонасида пайдо бўлиб қолганиними?
– Бу ишга сени қўшмайман, ўртоқ.
– Энди бунинг иложи йўқ… Сен яхшиси ҳозир ётиб ухла. Эртага гаплашамиз.
– Ухлай олмаяпман-да.
– Уйқу дориси ич. Анави реклама қилинадиган дори бор-ку, «Новопассит»миди, ўшандан ич. Айтгандай, сенга эртага айтмоқчи бўлиб тургандим, мен бир зўр нарсани аниқладим.
– Нимани?
– Шаҳардаги тиланчилар бизнинг фуқаролар эмас экан. Бошқа жойдан келишган экан.
Дилшод тушунмади:
– Нима қипти шунга?
– Нимасини тушунмайсан? Бизнинг фуқаромиз бўлмаган одамни ким излайди, нега излайди, қаердан излайди? Улар бугун бу ерда бўлса, эртага Тошкентда, индинга Самарқандда. Ундан кейинги куни балки Россияда юрар. Қайга борса питпилдиқ!
Дилшод иккиланиб қолди:
– Барибир…
– Нима барибир? – сал асабийлашиб сўради Мансур.
– Барибир уям одам.
– Одам бўлса уйида тинчгина ўтирсин эди. Ўртоқ, ваҳиманинг уяси бўп қопсан аммо-лекин. Жуда уйқунг келмаса олдингда турган катта-катта ишларни ўйла. Ё бўлмаса минггача сана.
– Ҳаракат қиламан.
– Ҳаракат қил, ўртоқ!
Дилшод «тут-тут» овози келаётган аппаратга руҳсиз тикилиб қолди.
Туннинг бу қисми уйқусиз ўтди…
Хўрозлар қичқира бошлаган маҳал боши ғувиллаб турган Дилшод ўрнидан турди, бориб деразани очди.
Ҳовлидаги мармар ҳовуз ёнида ғимирлаб юрган Ҳикоятхон шу тарафга қаради, ўғлидан садо чиқмагач, пичинг қилди:
– Ассалому алайкум. Яхши ётиб турдингизми? Яхши тушлар кўрдингизми?
– Кечирасиз, ойижон. Ўзингиз…
– Нима «ўзингиз»?
– Юзингни ювмасдан салом берма деганингизга…
– Айтган бўлсам бажар. Бор, юзингни юв. Ё ўрнингга кофе олиб бориб беришимни кутяпсанми?
– Йўғ-э.
Дилшод ҳовлига чопиб чиқиб, шоша-пиша ювинди. Ҳикоятхон ўғлининг ёнига келди:
– Сен бола бугун Тошкентга борасанми ё яна кун бўйи саланглаб юрасанми?
– Тошкентда нима бор, ойижон? – ҳайрон бўлди артинаётган Дилшод.
Ҳикоятхон чапак чалиб юборди:
– Вой, вой, кеча эрталабдан қулоғингга танбур чертдимми? Айтдим-ку, даданг «Ўғлим эрта-индин боради» деб тайинлаб қўйганлар деб.
Дилшод гап нимадалигини тушунди:
– Ўша қизлар билан учрашмасам бўлмайдими, ойижон?
– Бўлмайди, ўғлим, бўлмайди. Унда орада турганларни беҳурмат қилган бўласан.
– Лекин ёқмаса ёқмади деб айта оламан, а, шундайми?
Она ажабланди:
– Яхши ният қил. Ниятинг – йўлдошинг. Ундан кейин, нега энди шундай одамларнинг қизи сенга ёқмас экан?
– Олдиндан сўраб қўйяпман-да, ойижон.
– Ҳеч ким сени мажбурлаб уйлантирмоқчи эмас, ўғлим. Бор, учраш. Бахтинг очилиб турган бўлса ҳай-ҳай, ёқмаса кўнгилга буюриб бўлмайди дейсан-у, индамай қайтаверасан.
– Бу бошқа гап, – хурсанд бўлиб кетган Дилшод ойисини маҳкам қучиб олди. – Ўзимнинг ойижонимдан!.. Айтгандай, биттасининг сартарошхонаси бормиди?
Ҳикоятхоннинг жаҳли чиқди:
– Сартарошхона эмас, гўзаллик салони! Ота-онаси битиб кетган бўлса ҳам қизнинг ўзи очибди салонни, ўзи бошқаряпти экан.
– Яхши қипти. Бир нима деяпманми? Иккинчисида дўкон бормиди?
– Қанақа дўкон, нодон? – ўғлининг пешонасига кўрсаткич бармоғида уриб-уриб қўйди Ҳикоятхон. – Бутик! Бу-тик! Қиммат моллар сотилади дегани.
– Эсладим. Битта галстук юз доллар турадиган магазин-да.
– Қиммат беҳикмат бўлмас, ўғлим. Бир сабаби борки, нархи осмон.
– Бугун… – Дилшод ўйланиб қолди. – Бугун… Майли, ойижон, бугун бир шаҳарни айланиб келай. Ҳозироқ йўлга тушаман. Ҳозироқ!
Ҳикоятхон ўғлига шубҳаланиб қаради:
– Алдамаяпсанми, бола?
– Чин сўзим. Ҳозирнинг ўзида йўлга тушаман деяпман-ку.
Она яшнаб кетди:
– Болажонимдан ўргилай! Лекин сени нонуштасиз чиқармайман.
Ҳикоятхон ошхонага шошди…
* * *
Овул одамлари эрта уйғонишади.
Шунгами, тонг палла уйидан чиқиб кетаётган Бердиқул ўзи томон шошиб келаётган нотаниш одамни кўрганида унчалик ажабланмади: қишлоқда тўй бордир, маърака бордир.
– Мен қишлоқ врачлик пункти шифокори Шамсиддиновман.
– Келинг, духтир.
– Сиз Бердиқул акамисиз?
– Ҳа.
– Хайрият-эй, сизни кўрар кун ҳам бор экан-ку! Ассалому алайкум, – Бердиқулнинг кўлини маҳкам сиқиб кўришди шифокор. – Менинг ҳисобимга кўра, келганингизга уч ойдан ошди, лекин ҳалигача бир марта кўришиш насиб этмади-я. Бўлмаса ойда бир келиб кетаман.
– Иш-пишда бўлган бўлсам керак-да.
– Эҳтимол, – шифокор ёнига осиб олган сумкасидан дорилар солинган қутичаларни олиб, Бердиқулга топширди, сўнг журнални очди. – Марҳамат, манави ерга қўл қўйинг.
Бердиқул ҳайрон бўлиб имзо чекди.
– Энди асосий мақсадга ўтайлик, – деди Шамсидинов. – Бердиқул ака, онахонни қачон даволанишга оборасиз?
– Энамними? Кеча гаплашиб келдим духтир билан. Насиб қилса яқин кунлар ичида.
– Худога шукр, – худди ўз онаси тузалаётгандай шодланиб кетди Шамсиддинов. – Катта иш қилибсиз лекин. Онахон бежиз сизни интиқ бўлиб кутмаган эканлар. Айтдим-а, сиз келгандан бери юришлари ҳам ўзгариб қолди деб. Хабарингиз борми-йўқми, икки марта бир амаллаб шифохонага оборгандик. Икки са-фар ҳам операцияни кутмай келиб қўйдилар. Топиб олган гаплари: «Улим келиб қолса, уй ҳувиллаб турмасин…» Ё бўлмаса: «Улим келсин, кейин». Гўё сиз билан қўшилишиб мўъжиза келадигандай.
– Бундан хабарим йўқ экан, – тан олди Бердиқул.
– Онахоннинг сабрларига балли! Лекин, ака, мен бундай фидойиликни қабул қилолмайман. Тўғриси, бундай фидойиликлари учун онахонни ҳажга кўтариб олиб бориб келсангиз ҳам кам. – Қайтиб кетишга чоғланган Шамсидинов дориларга ишора қилди: – Буларни узмай туринглар. Айтгандай, операция Тошкентда бўладиган бўлдими? Хабарингиз бордир, одамлар яқинларини у ёғи Москва, бу ёғи Ҳиндистонга оборишяпти.
Бердиқул баттар ҳайрон қолди: