Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 20

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 20 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Ўз ташвиши ўзига етарли Муҳиддинбой қўл силтади:

– Сен офисга боравер.

Бироқ индамай кетиш ўрнига Рустам милиция биносига ишора қилиб сўради:

– Айтдингизми? Ахир улар талаб қилишганди-ку!

Бу савол сўнгги томчи вазифасини ўтадими, Муҳиддинбой бирдан портлаб кетди:

– Айтган мен, сенинг нега орқанг куйяпти?!

Рустам довдираб қолди:

– Хўжайин… мен… ҳалиги…

– Офисга!

– Хўп…

Рустам шу аҳволда машинасини тез ҳайдаб кетди.

Баттар жаҳли чиққан Муҳиддинбой унинг ортидан бақириб қолди:

– Офис бу ёқда-ку, тентак!

* * *

Инспекторнинг барча айбларни ўйламай-нетмай инкор қилавериши охир-оқибат терговчининг жаҳлини чиқарди.

– Сиз қандай аҳволда эканлигингизни тасаввур қилмаяпсиз, шекилли? Шунинг учун ҳаммасини бўйнингизга олмасдан, силлиққина қутулиб кетмоқчи бўлаяпсиз. Лекин бизда ҳозирча мавжуд далилларнинг ҳаммаси сизга қарши.

– Буларнинг ҳаммаси туҳмат!

Терговчи истеҳзоли кулди:

– Наҳотки ҳамма қоп-қора-ю, биттагина сиз оппоқ бўлсангиз?

– Мен ҳақиқатни гапиряпман!

– Хўш, нима учун раҳбарингиз тасдиқлаб берган иш графиги асосида эмас, бошқа сменада ишга чиқдингиз?

– Мен сменадошим билан келишгандим.

– Қай тахлит? Бевосита раҳбарингизга билдирги билан мурожаат этганмисиз, у кишининг ёзма розилигини олганмисиз?

– Йўқ. Биз оғзаки келишгандик.

– Сабаб?

Ўйланиб қолган Тоҳир аниқ жавобдан ўзини олиб қочди:

– Шунчаки…

– Кўрдингизми? – ғолибона илжайди терговчи. – Бу жавобингизга ўзингиз ҳам ишонмаяпсиз. Бундан чиқадиган хулоса шуки, сиз соҳил бўйида дам олишга чиққан фуқароларга нисбатан олдиндан режа тузиб олгансиз ва шу режа бўйича иш юритгансиз.

– Мен ўз вазифамни бажардим.

– Тасдиқланган иш графиги бўйича сиз дам олишда эдингиз. Демак, сиз ўзбилармонлик билан, мавжуд қоидаларни писанд қилмаган ҳолда иш юритгансиз. Йўриқномага асосан эса сиз қонунбузарлик ҳолатини аниқлаганингиз заҳоти зудликда ўз сменасида ишлаётган ҳамкасбингизни чақиришингиз ҳамда бу жараёнда гувоҳ сифатида иштирок этишингиз лозим эди.

– Вазият тезлик билан иш юритишни тақозо этганди. Бўлмаса далиллар йўқ қилиниб ташланиши мумкин эди.

– Ҳар қалай, қўйнингизда пайдо бўлиб қолган саксон минг сўмни айтмаётгандирсиз?

– Мен ҳеч кимдан пул олганим йўқ. Олмайман ҳам.

– Яна ҳаммасини бошидан бошлаяпсиз, Холиёров. «Олмаганман, олмайман. Қўйнимга солиб қўйишган. Ичмаганман, ичмайман. Мажбурлаб ичиришган. Урмаганман…» Тўтиқуш бўлиб кетинг-э. Бўлмаса ким олди пулни? Ким ичди? Ким шиша билан урди бегуноҳ фуқарони?

– Нималарнидир ғира-шира эслагандай бўляпман, лекин аниқ бир нарса деёлмайман.

Жавлон қўлларини икки ёнга ёйди:

– Яна нима дейсиз? Яхшиси ҳаммасига иқрор бўлиб қўя қолинг. Чин кўнгилдан айбига иқрор бўлиш жазони енгиллаштиради.

Тоҳир зўр бериб ўша жанжални эслашга уринди, аммо ғира-шира нималардир ёдига тушгандай бўлди, холос. Инспектор оғир «уф» тортди…

* * *

Ичкарида дастлабки суриштирув-тергов ишлари олиб борилаётган пайтда оппоқ «Нексия» ички ишлар бошқармаси биноси дарвозаси ёнида тўхтади.

Машинани таниб қолган Ноила қийқириб, шу томонга чопди:

– Адам! Адажоним келдилар!

Машинадан кулимсираганча Файзулла тушиб келди. Ноила ўзини адасининг бағрига отди. Гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам машина томон шошишди.

Кўришишлару ҳол-аҳвол сўрашишлар тугаганидан кейин эр-хотин чеккароққа ўтишди.

– Йўл бўйи ўйлаб келдим, хоним. Аслида-ку, ўша Тоҳир деганларининг қамоқда чириб кетганлиги менга маъқулроқ эди. – Файзулла хотинининг кескин тарзда ўзига ялт этиб қараганини кўриб истеҳзоли илжайди. – Ҳай-ҳай, юрак пастга тушиб кетди-ёв… Хўш, ҳиссиётларни бир четга тугиб қўйиб, ақл билан иш юритамиз. Мен бу ишга киришаман. Ҳали ҳеч нарсадан хабарим йўқ, шу сабабли ҳеч нимага кафолат беролмайман. Биласиз, мен чангали маҳкам одамман. Бир киришсам, қаттиқ киришаман. Шу сабабли, виждонан ишлашимни олдиндан маълум қилганим ҳолда, натижа қандай бўлишидан қатъи назар, сизга ўз талабимни айтишга тўлақонли ҳақлиман деган қарорга келдим.

– Сиз уни олиб чиқасиз, – ишонч билан гапирди Гулноза.

– Насиб қилса, хоним. Хуллас, каминанинг камтарингина талаби шундан иборат: бундан кейин дунёда шундай одам борлигини тамомила унутасиз, табиийки, телефон-пелефон деган нарсалар ҳам буткул уну-тилади. Овулга ҳам баҳона бўлса-бўлмаса ёлғиз ўзингиз ликиллаб чопиб келавермайсиз, фақат мен билан келиб, мен билан кетасиз. Келган пайтларимиз ҳам ёнимдан бир қадам нари жилмайсиз. Бахтли эр-хотинлардек яшаймиз. Маъқулми?

– Розиман. Сизам машинамни тилга олмайсиз. Мен уни сотдим.

– Битта машина сизнинг бош-кўзингиздан садақа, хоним. Оғзаки келишув шартлари ҳар икки томонни қаноатлантирди, деган қарорга келамиз ва ишга киришамиз. Чақиринг ўша қаҳрамоннинг яқинини. Ўғлимиди? Мен ордер тўлдиришим керак-ку ахир.

Гулноза дарвоза ёнида турган Дилмуродга қараб қўл силкиди:

– Бу ёққа кел!


Файзулла ҳақиқатан ҳам ўз ишининг устаси эди. Зарур ҳужжатларни тўлдирганидан сўнг у қонунни пеш қилиб, энди гумондордан айбланувчига айланган Тоҳир Холиёровнинг камерасига кириб борди. Адвокатнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолган Тоҳирга нима дегани номаълум, аммо ўн дақиқалик кириш сўзидан сўнг инспектор Файзуллага бор гапни айтиб бераверган, у эса эринмасдан буларнинг барини қоғозга тушираверган.

Хуллас, адвокат терговчи Жавлон Сулаймоновнинг кабинетига кириб борган маҳали етарли даражада «қуролланиб» улгурганди.

Файзулла гапни талабдан бошлади:

– Мен ҳимоямдаги Тоҳир Холиёровнинг ҳаракатларида жиноят аломати йўқлиги сабабли зудликда озод этишингизни талаб қиламан.

Терговчи адвокатга «Бунинг эси жойидами ўзи» дегандай ажабланиб қаради:

– Қачондан буён хизмат вазифасини ўтаётган пайтда катта миқдорда пора олиш, бировга тан жароҳати етказиш жиноят бўлмай қолди?

– Мен ўз ҳуқуқимдан фойдаланган ҳолда тергов ҳужжатлари билан танишиб чиқдим, – сайраб кетди адвокат. – Холиёровнинг қўйнидан чиққан 80 та минг сўмлик купюранинг биронтасида унинг бармоқ излари топилгани қайд этилмаган. Демак, бу пуллар менинг ҳимоямдаги Холиёровга кейинчалик қасддан солиб қўйилган бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Шунингдек, жиноят қуроли бўлган ароқ шишаси далилий ашё сифатида ишга тиркалмаган, унда Холиёровнинг бармоқ излари қайд этилмаган. Демак, бу айблов ҳам дастлабки суд терговидаёқ совун пуфагидай ёрилиб кетиши аниқ.

– Балки гумондор Холиёровни мажбурлаб ичиришган ҳам демоқчидирсиз?

– Худди шундай демоқчиман.

– Талабингиз асоссиз, – ҳужумга ўтди терговчи. – Чунки Холиёров айёр одам сифатида қўйнига тиқилган пора пулларга атай қўл теккизмаган бўлиши ҳақиқатга яқинроқ. Ароқ масаласига келсак, бош инспектор берган тушунтириш хатида Холиёровнинг яширинча чекиб юриши келтириб ўтилган. Демак, у кўпчиликдан яширинча равишда ичиб юрган бўлиши ҳам мумкин. Жиноят қуролига келсак, зарба кучли бўлганлиги боис у синиб кетган.

Файзулла яйраб кафтларини бир-бирига ишқади: бунақа даҳанаки жанглар унинг жон-дили эди:

– Муҳтарам терговчи. Мен ҳали ўша талабларимни пунктма-пункт исботлаб бераман. Унгача ҳимоямдаги Холиёровни гаров пули эвазига озодликка чиқариш тўғрисидаги илтимосимга нима дейсиз?

Терговчи ноилож қолди:

– Илтимосингизни тегишли тартибда расмийлаштиринг, ўйлаб кўрамиз.

– Хўп.


Ташқарига илжайиб чиқиб келган Файзулла ўзини кутиб турганларга ётиғи билан вазиятни тушунтирди: инспектор гаров пули эвазига чиқариб юборилади, буни расмийлаштириш учун икки-уч соат вақт кетади, холос. Умуман олганда эса, ишнинг судга оширилмасдан, терговдаёқ ёпилиши ҳақиқатга яқин.....

* * *

«Ўзи яқинда қамоқдан қайтган одам бўлса… Унда пул нима қилади?.. Айтди-қўйди-да… Шу билан йиққан-терганим ҳавога учди-кетди», деб юрган эканми, кутилмаганда ўзини йўқлаб келган Бердиқул газетага ўралган бир даста пул тутиб турганини кўрганида Самад кўзларига ишонолмай, типирчилаб қолди:

– Минг раҳмат, ука! Келаётган шанба тўй, энди нима қиламан деб сочимни юлгудай бўлиб ўтиргандим.

Бердиқул илжайди:

– Пулингиз қисир экан, болалабди.

Ишорани тушунган Самад газетани очди. Долларлар. Самад шошиб санаб кўрди. Кўп. Анча кўп.

– Оббо укажон-ей, тўёнаси ҳам ичида денг.

– Ҳали уни топширишга алоҳида келамиз, ака.

Самаднинг кўзларида ёш ҳалқаланди:

– Илоё умрингиздан барака топинг, укажон. Тўғриси, умидимниям узиб қўйгандим. Минг раҳмат.

– Хўп, Самад ака, мен борай. Вақтингизни олмай, тўй ташвишлари билан юргандирсиз.

– Ёқимли ташвиш, укажон, бу ёқимли ташвиш. – Самад пулга ишора қилди: – Айниқса белинг бақувват бўлса. Лекин, укажон, бир пиёла чой ичмасдан кетмайсиз.

– Тўйдан кейин, ака, тўйдан кейин бафуржа ўтириб чойлашамиз. Ҳозир ўзимам шошиб тургандим.

– Майли, укажон, майли. Фақат ваъдани унутмасангиз бас: тўйдан кейин алоҳида отамлашамиз.

– Хўп.

Бердиқул қўлини кўксига қўйганча оғзининг таноби қочиб бораётган Самаддан узоқлашиб, кўчага чиққан чоғида қўл телефони жиринглади.

– Эшитаман.

– Қаердасан? – Бу Рустамнинг таҳдидли овози эди.

– Қишлоқда, Рустам ака.

– Анов масала ҳал бўлдими?

Бердиқул гап нима ҳақида кетаётганини тушунди:

– Ҳал бўлди.

– Тузук. Тез қамишзор ичидаги кулбага бор. Ҳамроқул кутиб турибди.

– Хўп.

Бердиқул уйига шошди.


Тўшакда беҳол ётган Солиҳа энанинг ёнида Қўзибой билан оқ халатли шифокор.

– Эна! – ошиқиб кириб келган Бердиқул ўтирганларни кўриб, салом берди.

– Келдингми, ука, – деб қўйди Қўзибой паст овозда.

– Яхшимисиз, – деди шифокор.

– Энам яхшими?

Қўзибой шивирлади:

– Яхши. Ҳозиргина ухлади.

– Келганингиз яхши бўлибди, ака, – ҳовлиқди Бердиқул. – Худо хоҳласа бугун ё эртага энамни дўхтирга обормоқчи бўлиб тургандим. Операцияга.

Шифокор бу гапга ишонқирамагандай бош чайқаб қўйди:

– ҚВПга оборолмай турибмиз-у.

Бердиқул онасининг ёнига ўтирди:

– Тинчликми, ака? Энамга бир гап бўлдими?

– Ҳаммаси жойида, ука. Сен безовта бўлмай қўя қол. Ўзимиз…

Бердиқулнинг жаҳли чиқди:

– Ака, менга ишонмаяпсиз шекилли? Мана!

Бердиқул чўнтагидан оқ салафан халтачага солинган бир даста доллар чиқариб, кўрпача устига ташлади. Қўзибой пулга бир қараб қўйди.

– Бунингни олиб қўй, ука.

– Бу нима деганингиз?

– Энамга… фақат ҳалол пул ишлатаман деб ният қилиб қўйганман.

– Нима, сизнингча, бу ҳалол эмасми? – дир-дир титрай бошлади Бердиқул. – Ахир буни мен пешона терим билан топдим.

– Фақат пешона тери билан бунча пул топиб бўлмаслигини иккаламизам яхши биламиз. Буни олиб тур.

– Лекин…

Шифокор орага гап қўшишга урингани маҳал Бердиқулнинг телефони жиринглаб қолди. Рақамларга қараган Бердиқул шошиб пойгакка ўтди.

– Эшитаман, Рустам ака.

– Етиб бордингми?

– Йўқ, энди…

– Тошбақамисан? Ўн минутда етиб бормасанг, тириклай терингни шилиб оламан!

– Хўп, хўп. – Бердиқул телефонни ўчирди. – Ака, ишдан чақириб қолишди.

– Бемалол, дедим-ку, ука.

– Энам уйғонганида мен келганимни айтинг.

– Хўп. Фақат, – Қўзибой пулга ишора қилди, – бунингниям олиб кет.

– Ака!..

Бердиқул нимадир демоққа чоғланди, аммо вақт зиқлигини англаб тургани боис шошиб келиб пулни олди ва хонадан илдам чиқиб кетди.


Қамишзор ичида, сувга деярли туташ ҳолатда чайла қурилган экан. Чайланинг бир бурчагида, қамишлар устида қўл-оёғи боғланган, оғзига латта тиқилган бир йигит ётибди.

Бердиқул қўшоғиз милтиғини маҳкам бағрига босиб ўтирган қоровул Ҳамроқулнинг ўрнини эгаллади.

Чайла четидаги банди кучаниб-иҳраниб, қўл-оёғини арқонлардан бўшатмоқчи бўлди, аммо эплай олмади. Ўз ўйларига ғарқ Бердиқул унга эътибор ҳам бермади.

Қамишзор ёнига Мансурнинг «Москвич»и келиб тўхтади. Ундан Мансур билан ўттиз ёшлардаги аёл тушишди. Улар тўғри қамишзор ичига кириб, уйча ёнига келишди.

Сергак Бердиқул милтиқ милини шу тарафга тўғрилади:

– Ким у?

– Ўзимизникилар, – овоз берди Мансур. – Бизни Рустам ака юборди.

Бердиқул милтиғини туширди.

Мансур билан жувон чайла ичига киришди. Бердиқул ўз жойини эгаллади ва ичкарини диққат билан кузатиб ўтирди.

Ўртоғини кўрган Дилшод типирчилаб, арқонларидан халос бўлишга уринди. Мансур илдам бориб Дилшоднинг оғзидаги латтани олди.

Дилшод хурсанд бўлиб кетди:

– Уф-ф… Келдингми, ўртоқ! Мени яна қутқардинг-а! Ким билан келдинг? Мени қандай топдинг? Мени ким бу ерга олиб келди? Нега?

Бирдан Дилшоднинг кўзи ўзига мазахомуз тикилиб турган жувонга тушиб, каловланиб қолди:

– С-сиз?

Жувон таманно ила Дилшоднинг ёнига келиб, лўли лаҳжасида гапирганча уни қўл телефонида суратга ола бошлади:

– Садақа қилинг, амак. Садақа радди бало дейдилар… Садақа қилинг, амак.

– Сиз… сиз тирикмисиз? – дея олди нафаси бўғилиб қолган Дилшод аранг.

Мансур Дилшоднинг ёнига бемалол жойлашиб ўтириб олди:

– Шу хушхабарни сенга айтиб, суюнчи олиш учун атай келдим, ўртоқ. Аммо-лекин сен суюнчи беришгаям ярамайсан. Шунинг учун суюнчининг каттасини даданг тўлайдиган бўлди. Ахир кимсан Муҳиддинбой!

Дилшод энди Мансурга гарангсиб қаради:

– Ўртоқ…

– Агар сенга ўхшаган иккита ўртоғим бўлса, – илжайди Мансур, – менга душманнинг кераги йўқ экан.

Ҳаммасини тушунган Дилшод инграб юборди:

– Нега… нега бундай қилдинг?

– Нега? – ўзини ажабланганга солди Мансур. – Чунки сен шу қадар сип-силлиқ, яхши ўртоқсанки, одамнинг бўғиб ўлдириб қўйгиси келади.

– Сенга пул керакмиди? – ғазаб билан сўради Дилшод.

– Ҳа, керак эди. Аммо-лекин пулданам зўр нарса бор. Буям бўлса ўзини осмон санаб юрган одамнинг ер билан битта бўлишини, ўзингданам пастга тушиб кетишини кўриш. Аммо-лекин сен буни тушунмайсан. Чунки умрингда бир марта оч қолмагансан, умрингда бир марта ҳақорат эшитмагансан, умрингда бир марта балиқ бозорида сени ўласи қилиб калтаклаб кетишмаган.

– Мансур!

– Нима Мансур? Мансур одам эмасми? Унинг орзу-ҳаваси йўқми? Ё бир умр итнинг кейинги оёғи бўлиб, сенинг хизматингда бўлиш учун дунёга келганми Мансур?! А, гапир!

– Аблаҳ экансан!

– Чунки сенинг ўртоғингман-да. Сени бир умр виждон азобида қийналиб юрмасин деб сен аллақачон ўлиб кетди деб юрган тиланчини тириклай олиб келсам-у, раҳмат ўрнига айтган гапингни қара. Ўзинг Муҳиддинбойнинг ўғли бўла туриб арзимаган йигирма беш мингни топиб беролмадинг-ку. Ўшани берганингда эди, олам гулистон эди. Айтдим-ку ахир. Йўқ, сен ўз бошингга ўзинг ташвиш сотиб олдинг.

– Бу… – Дилшод жувонга ишора қилди, – бу тиланчи… сенинг шеригингми?

– Ҳақорат қилма. Бу тиланчи эмас, собиқ актриса. Роҳатой. Умрида бир марта саҳнага чиққан, ундаям гадой лўлини ўйнаган. Шундан бери ҳаётдаям шу ролини ўйнаб юрибди. Аммо-лекин ҳақиқий режиссёр кимлигини сен барибир билмадинг. У тез орада мени олиб кетади. Роҳатой қолади, аммо уни хафа қилишни хаёлингга ҳам келтира кўрма… Сен билан хайрлашишга келдим, қурумсоқ. Отанг бугун пулни шиқирлатиб санаб беради, шу билан тамом. Биз эса узоқ-узоқларга кетамиз. Катта пули бор одам қаерга борса ҳам питпилдиқ!.. Аввал Қозоғистонга ўтамиз, у ердан Россияга, кейин Европага. Балки Америкадаям бир оз яшаб кўрармиз…

Қирғоқ тарафдан машина сигнали эшитилди. Бердиқул ўрнидан турди.

– Рустам аканинг машинаси.

– Мана! – хурсанд бўлиб кетди Мансур. – Хайрлашиш пайти келди, ўртоқ!

Шу маҳал Бердиқулнинг қўл телефони жиринглади. Бердиқул шошиб телефонни қулоғига яқин олиб бориб, паст овозда гапирди:

– Ака, мен ишдайдим. Кейинроқ ўзим…

Аппаратдан Қўзибойнинг ўкраб йиғлаётгани эшитилди:

– Энажонимиздан айрилиб қолдик, ука!

– А?

Шуурсиз аҳволда қотиб қолган Бердиқулнинг қўлидан телефон апппарати тушиб кетди.

Уйчага дарғазаб Рустам кириб келди. Мансур шошиб унга пешвоз чиқди:

– Мен тайёрман, Рустам ака.

– Ҳаммаси тамом бўлди! Ҳаммаси! – Ғазабланган Рустам Дилшодга нафрат билан қаради. – Манави аблаҳнинг отаси ўз боласидан пулини аяди! Ўз боласидан-а!

Мансур қичқириб юборди:

– Бермадими?

Рустам Дилшоднинг устига бостириб бориб, алам билан уни тепкилай бошлади.

– Аблаҳ! Мен ўн йил отангнинг хизматини қилдим. Итдай ишладим. Лекин отанг ўзи тозалаб қўйган суягиниям мендан қизғаниб келди. Сен бўлса бир пулга қиммат боласан! Отанг ҳам буни исботлади! Осмондан тушиб турган уч юз мингни сендан қизғанди! Бундан кўра болам ўлиб кетаверсин, деди! Нима ҳам дердик, Муҳиддинбой. Сизнинг амрингиз вожиб! Болангиз ўлиши керак бўлса ўлади!

Рустам атрофга аланглади. Бунақа воқеалар бўлишини кутмаган бўлса керак, Роҳатой бир чеккада, ваҳима ичида ғужанак бўлиб турарди. Рустам ҳамон шуурсиз аҳволда, кўзларида жиққа ёш билан турган Бердиқулни имлаб чақирди:

– Бери кел. От буни!

Бердиқул яқин келди, аммо милтиғини ушлаб тураверди.

– От дедим!

Бердиқул бош чайқади.

– Менинг буйруғимни бажармайдиган бўлдингми? Пул қутуртирдими?

Рустам бир тепишда Бердиқулни икки қадам ортга учириб юборди. Милтиқ Бердиқулнинг қўлидан отилиб кетиб, қамиш тўшама устига тушди. Бердиқулнинг чўнтагидаги қоғозга ўралган пул ҳам тушди, қоғознинг бир чети очилиб, ундаги долларлар кўринди.

Рустам Мансурга қараб, пулга ишора қилди.

– Ол буни! – Мансур буйруқни бажарди. – Энди милтиқни ол. – Мансур милтиқни олди. Рустам Дилшодни кўрсатди: – Энди от буни!

Мансур жовдираб, ялинди:

– Рустам ака. Ахир биз келишгандик. Мен фақат… Ахир у ўртоғим.

– От деяпман!

Мансур худди қўли куйгандай милтиқни бир четга отиб юборди.

– Шунақами? Ҳажиқизлар! Қаранглар, кўриб қўйинглар Муҳиддинбойдай пасткашни мана бундай қилиб бир умр куйиб ўтишга маҳкум қиладилар!

Рустам милтиқни олиб, Дилшоднинг пешонасини кўзлади. Роҳатой жон ҳолатда қулоқларини беркитиб олди. Бердиқул лабларидаги қонни енгига артганча ўрнидан турди.

Рустам тепкини босди. «Чирқ» этган овоз эшитилди, аммо ўқ отилмади. Рустам жон ҳолатда иккинчи тепкини босди. Милтиқ яна отилмади.

Рустам милтиқни очиб, стволларни қаради. Уларнинг ичи бўм-бўш эди.

– Ўқ қани? – бўкирди Рустам.

Бердиқул ўнг кафтини очди, унда иккита ўқ бор эди:

– Мана.

– Бер бу ёққа! – қўлини чўзди Рустам.

Бердиқул бош чайқади. Рустам қутуриб унга ташланди. Иккалови олишиб кетишди.

Бердиқул ўзини сал орқага олиб туриб, кутилмаганда Рустамнинг қаншарига кучли зарба берди. Рустам «гурс» этиб йиқилди.

– Мен… мен ёмон одамман! – жазавага тушиб бақирди Бердиқул. – Ёмон!.. Мен… ўз онамни ўзим… Лекин мен сени ўзимданам ёмон кўраман. Ифлоссан!

Бердиқул Рустамни судраб ташқарига олиб чиқди. Уйча ортида тўнкага боғлаб қўйилган эшкакли қайиқ турарди.

Бердиқул сал ўзига келиб, қаршилик кўрсатишга уринаётган Рустамнинг бошини дарё сувига тиқди. Рустам жон-жаҳди билан типирчилар, аммо бу бефойда эди.

Мансур билан Роҳатой ортидан Дилшод судралиб чиқди. Бердиқул Рустамнинг бошини сувга тиқиб тураверди. Ахийри Рустам тинчиб қолди. Шундан кейингина Бердиқул ўрнидан турди ва қалтираётган Мансурга яқинлашиб кела бошлади:

– Ўртоқ эмиш! Сенам устозингнинг орқасидан равона бўл, сотқин!

Мансур «гуп» этиб ўтириб қолди.

– Акажон! Жон ака! Анави, – у жон ҳолатда Рустамнинг жасадига ишора қилди: – анави мени мажбурлади! Ота-бола гўл, улардан катта пул ундирамиз-да, чет элда маза қилиб яшаймиз, деди. Кўнмагандим, қўрқитди! Ўлдиртириб юбораман, деди! У… ҳаммасига у айбдор!

Бердиқулнинг Мансурга хезланаётганини кўрган Дилшод:

– Қўйинг уни, ака, – деди. – Кўряпсиз-ку кимлигини…

Ранги қумдай оқариб кетган Мансур қўлидаги долларлар ўралган қоғозни жон алфозда Бердиқулга тутди. Бердиқул қоғозни олиб, пулларни Рустамнинг мурдаси устига сочди. Кейин арқонни ечди, сувни кечиб бориб қайиқни оқимга итаргач, қайиққа чиқди-да, эшкакларни отиб юборди. Сўнг шу ҳолида, тик турганча, боши хам ҳолда эшкаксиз қайиқда, оқим ихтиёрида кетаверди.

Қайиқ аста-секин кўздан йўқолди.

Буткул довдираб қолган Мансур шошиб келиб Дилшоднинг қўл-оёқларидаги арқонларни еча бошлади.

Қамишзор ёнига милиция машиналари келиб тўхтади. Биринчи машинадан отилиб тушган Муҳиддинбой милиционерлар билан биргаликда чайла томон чопди.

Муҳиддинбой узоқдан бақириб келарди:

– Ўғлим… ўғлим…

* * *

Терговчи ҳеч қачон олдиндан аниқ тўхтамга келиб қўйиши керак эмас. Ҳатто далиллар аниқдай бўлиб турганида ҳам…

Терговчи Жавлон Сулаймонов инспекторни олиб кетишган майдонга ўзи келиб, воқеа жойини диққат билан кўздан кечирди.

Ўчоқ ўрнида қолган кул. Бир қисми ёнган қамиш. Пойабзаллар излари. Чеккароқда шиша синиқлари. Бир шиша синиғи қиррасида қизил доғ кўринди. Жавлон энгашиб, шиша синиғини диққат билан кўздан кечирди. Сўнг оқ қўлқопини кийиб эҳтиёткорлик билан шиша синиқларини бир жойга тўплай бошлади. Аста-секин ароқ шишаси синиқлари тўпланди. Энди бундан бемалол бармоқ изларини олса бўларди…

* * *

Овулга келиб, озроқ меҳмон бўлишгач, кечга яқин оила аъзолари Файзулланинг машинасида йўлга тушишди.

Турғунбой ота, Ўктабр ота, Серсенбой ота, Маърифат хола улар билан дарвоза ёнида хайрлашиб қолишди.

Машина катта кўчага чиқаётган маҳал бекатда тўхтаган маршрутли таксидан Тоҳир ўғли Дилмурод билан тушиб келаверди. Уларни кўрган Файзулла Гулнозага саволомуз қаради. Гулноза ён томонга ўгирилиб олди.

Кулимсираб қўйган Файзулла газни босди…

* * *

Кейинги кунлари ҳувиллаб ётган «55» Масъулияти чекланган жамият» балиқ етиштириш корхонасида бугун эрталабдан ҳаракат бошланди. Володя билан Абулқосим ишни бутун ҳудудни супуриб-сидиришдан бошлашди.

Бу ерга хизмат машинасида хотинини ҳам ола келган Муҳиддинбой эринмасдан корхонанинг ҳужжатларини ўрганиб чиқди, қуриб ётган ҳовузни бориб кўрди, эни-бўйини қадамлаб ўлчади, ахийри юзи ёришиб, ўғлини мақтаб қўйди:

– Очиғи, яхши бизнес-режа тузган экансан, ўғлим. Вақтида шуларни менга айтганингда бунча ташвишлар бўлмасмиди.

Ҳикоятхон дарров ўғлининг ёнини олди:

– Вой, дадажониси, сизга сюрприз тайёрламоқчи бўлганини тушунтирди-ку.

Муҳиддинбой тахтачадаги «55» рақамига бир назар ташлаб қўйди.

– Ишни бошидан бошлаймиз, ўғлим. Балки банкдан кредит олишга ҳам тўғри келар. Фақат менда бир таклиф бор.

Дилшод отаси қаёққа қараганини сезганди:

– «55»ни «56» қилиб қўяйинми? Ахир бу йилги туғилган кунингизга барибир улгуролмайман.

– Нега энди «56»? – ҳайрон бўлди Муҳиддинбой. – Менга қолса «50» деб ёздириб қўярдим. Ҳаттоки «45» деб.

Ҳикоятхон ажабланди:

– Вой, нега, дадаси?

Муҳиддинбой кулиб юборди:

– Чунки… чунки ўғлимнинг ақл билан тадбиркорлик қилаётганини кўриб камида ўн ёш яшариб кетдим-да.

Муҳиддинбой уялинқираб турган Дилшоднинг елкасига қоқиб қўйди

* * *

Тожибойнинг ўлимидан сўнг гарангсиб қолган Дилобар ўйлай-ўйлай ахийри Тамара ишлаётган цехга кирди: бир оз кўзга чалинмай, тинч яшаб тургани маъқул.

Ўша куни юзига ун беланган қиз ҳовлига чиқиб, суви жилдираб турган фаввора ёнида ўтирганида кимдир ортига келиб турганини сезди.

Дилобар шошиб шу томонга ўгирилди. Бу фуқаро кийимидаги терговчи Жавлон Сулаймонов эди.

– Мен билан боришингизга тўғри келади, Одилова. Жўрабой машинада.

Дилобар пиқиллаб йиғлаб юборди:

– Толян… Жойи жаннатда бўлсин.

– Хабарим бор. Юринг.

Кўз ёшларини тиёлмаётган Дилобар терговчига эргашди.

* * *

Серсенбой невара-чевараларидан ажрала олмадими, келавермади. Икки қария ўзлари сув бўйида гурунглашиб ўтиришди.

Турғунбой ота ҳамон кемача ясар, Ўктабр ота эса негадир хижил кайфиятда эди.

– Биров арпангни хом ўрдими, бунча қовоқ-тумшуқ қиласан? – охири сўради Турғунбой ота. – Бунақа одатинг йўқ эди, ўзингни ўзинг қитиқлаб бўлсаям тиржайиб юрардинг.

Ўктабр ота айтсамми-айтмасамми дегандай бир муддат иккиланиб турди, алоҳа ёрилди:

– Бугун Марварид холамни туш кўрибман.

Турғунбой ота эслолмади:

– Қайси холанг эди у?

– Сен танимайсан. Аллақачон ўтиб кетган.

– Ўлик тушингга кирса яхши бўлади, умринг узоқ бўлади, жўра.

Ўктабр ота дўстининг бу гапини эшитмади чоғи.

– Ўшанда еттинчими-саккизинчи синфда ўқирдим. Бир куни мактабдаги атеистик лекциядан кейин уйга югуриб келдим-да, «Марварид хола, худо йўқ экан!» дедим. У кишининг яширинча намоз ўқишини билардим-да. Холам менга анча пайт кўз узмай қараб қолди, кейин аста сўради: «Худо йўқ бўлса, унда нима қилиб яшаб юрибсан?» Ёш эдим, пионер эдим, комсомолга ўтишга тайёргарлик кўраётгандим, шунинг учун холамнинг гапини омиликка йўйдим, ўзимча у кишига ачиндим ҳам… Кейинам уч-тўрт марта келиб шу га-пимни такрорладим, лекин холам миқ этмасди, менга диққат билан қараб тураверарди; худди соқовдай. Кўзлари жуда ақлли қарарди одамга. Холамнинг ўзиям зийрак аёл эди-да… Мен… уч-тўрт марта у кишининг қўлбола жойнамозини ўғирлаб, яшириб ташлаганман, лекин шундаям холам миқ этмаган. Бўлмаса бу ишни ким қилганини билиб турарди… Кейин холамга диннинг нақадар афюн эканлигини тушунтиришга уриниб, маърузалар ўқиб кетардим. Шундаям индамасди бечора. Фақат жуда жўшиб кетган маҳалларим менга ачиниб қарарди…

– Хўп, тушингда шу холангни кўрибсан. У сенга бирон нима дедими?

– Деди.

– Нима деди?

– «Худо йўқ бўлса, унда нима қилиб яшаб юрибсан?» деди.

Турғунбой ота дўстига ажабланиб қаради:

– Сен нима дединг?

– Индамадим…

– Нима қипти шунга? Тушга нималар кирмайди.

Ўктабр ота номаълум нуқтадан кўз узмай анча туриб қолди, сўнг тилга кирди:

– Кеча Булгаков деган ёзувининг китобини ўқигандим. «Ҳар кимнинг қисмати ўзининг эътиқодига боғлиқ», деб ёзибди. Демак, бир умр у дунёга, Яратганга яшониб ўтган холам жаннатий, шундайми?

– Албатта.

Ўктабр ота жўрасига қаттиқ тикилди:

– Унда… бир умр у ёқда ҳеч нима йўқлигига, фақат ва фақат абадий зулмат эканлигига ишониб келган одам ростдан ҳам шунақа жойга тушади-да, шундайми?

Турғунбой ота эътироз билдирмоқчи бўлди, аммо Ўктабр ота уни гапиргани қўймади:

– Мен ўттиз беш йил бир мафкурага хизмат қилдим. Боғча ёшимдан менга худосиз бўл, дейишди, бўлдим; коммунизмга ишон дейишди, ишондим. Мен дунёдаги энг эркин жамиятда яшаётганимга мутаассибларча ишонардим. Мен мукаммал механизмнинг оддий бир мурватчаси эканлигимдан, ўз вазифамни сидқидилдан бажараётганимдан мағрур эдим. Мен ёрқин келажакни ўйлаб яшадим, шу келажакка ишониб яшадим, шу келажак учун хизмат қилдим. Мен итоатли аскар эдим, буйруқни бажардим; зотан, буйруқ мазмун-моҳиятини таҳлил қилиш менинг вазифам эмасди. Мен шундай яшадим. Аммо ниҳоя не бўлди? Мен ишонган кўприклар ёнди, мен суянган тоғлар қулади, мен эътиқод қўйган мафкура йитди. Олтмиш йиллик умрим кўприкнинг у томонида, йигирма йили бу томонида… Олтмиш йиллик адашиш… Олтмиш йиллик сўқирлик… Уялганимдан Октябрь отимни Ўктабр деб ўзгартирдим… Лекин… агар ровийлар айтганлари рост бўлсаю, даҳрийлик эътиқоди билан ўстирилган мендек бир одам у ёқда сўроққа тутиладиган бўлса, нима деб жавоб бераман, нима деб? Менинг айбим – жамиятга ихлос билан хизмат қилганимми? Менинг айбим – зиммамга юклатилган вазифаларни сидқидилдан адо этганимми?

Турғунбой ота мийиғида жилмайиб қўйди:

– Ўзингизни босиб ол, жўра. Топган гапингни қара! Биз ўлимдан қўрқмайдиган, уни ўйлаб ваҳимага тушмайдиган ёшдамиз. Бу ҳамманинг бошида бор савдо.

– Биламан, гапирсам-гапирмасам, инсон табиат қонунлари олдида барибир ожиз, – оғир-оғир нафас ола бошлаган Ўктабр ота тобора қизишиб борарди. – Тирик нарса борки, унади-ўсади, етилади, камолотга етади, ниҳоят қарийди ва ана шундан кейин қуйига қараб аста-секинлик билан қулай бошлайди. Бу жараённи тўхтатиб қоладиган куч йўқ ва умуман, тўхтатишнинг ҳам кераги йўқ. Бунинг устига, мен ким бўлибман? Бир ожиз, хом сут эмган гумроҳ бандаман… Биламан, одамзот яхши қариб, фарзандлари, яқинлари даврасида тинчгина, ақли-ҳуши жойида жон топширишининг ўзи ҳам бир саодат. Лекин қани ўша саодат? Нега энди мен қариб, бир оёғим гўрда бўлиб қолганида саҳродаги заранг дарахтдай ёлғизман? Нега энди мен қариб…

Тўсатдан Ўктабр ота гапдан тўхтади, сўнг, фикрини давом эттирмоқчи бўлиб, бир неча бор оғиз жуфтлади, бироқ томоғидан хирқирашга ўхшаш товуш чиқди, холос. Ранги кўкариб кетаётган ота баногоҳ кўксини чангаллаганча гупиллаб йиқилди…


Бу сафар «Тез ёрдам»чилар Ўктабр отани шаҳарга, шифохонага олиб кетишди.

Икки-уч кунда отахон анча ўзига келиб қолди. Киришимли Ўктабр ота бирпасда бўлимдаги шифокорлару ҳамширалар билан апоқ-чапоқ бўлиб олди. Айниқса, Гўзалойни мақтагани-мақтаган эди:

– Қўлинг жуда енгил экан, қизим. Оғриқ сезмадим-а.

– Раҳмат, ота. Тузалиб, кўрмагандай бўлиб кетинг.

– Тўғриси, шу касалхона деганларини жиним суймайди, – тан оларди Ўктабр ота. – Келиб-келиб охирги манзилинг ка-сал-хо-на бўлса, бундан ёмони борми? Ўз уйингда бемалол оёғингни узатиб жон берганга нима етсин!

– Бу ер касалхона эмас, шифохона, ота, ши-фо-хона.

– Эсингда экан-а, – мамнун кулди ота.

– Кейин бу бўлимда даволанганлар отдай бўлиб тузалиб кетиб, камида яна эллик-олтмиш йил яшашади.

– Бу яхши экан. Менга қара, қизим, бир нарса сўрасам майлими?

– Бемалол, ота.

– Қишлоққа бориб ишлашга нима дейсан?

– Қишлоққа?

– Ҳа, ўша ўзинг борган Сайхунга. Э, бизнинг ҚВП ҳамширага ёлчимади-ёлчимади-да. Келишга-ку, келади, лекин ҳали таниб улгурмасингдан кетворади.

– Лекин Сайхунда танишим йўқ.

– Нима қипти? Танишинг бўлмаса, танишасан. Сен жой масаласида ўйланма. Ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзим тураман. Бемалол яшайверасан. Чолнинг уйи ёқмаса ҚВПнинг ўзидан хона ажратиб берамиз. Хўш, қалай, келишдикми?

– Ота, буни ўйлаб…

– Нимасини ўйланасан, а, нимасини? Шаҳарда юрасанми сиқилиб, рангинг чиқмай? Бизнинг овул бошқача. Кенг дала. Дарё. Балиқлар. Ўзим лаққасидан тутиб бераман. Мана бундайидан. Хўш?

Гўзалой аввал кулиб юборди, сўнг ўйланиб қолди.

Дониёр ака оиласининг фожиасидан сўнг қиз шаҳарга сиғмай қолганди, қўлиям ишга бормасди. Балки четроқда ишласа бир оз чалғир. Ахир бу ерда ҳамма нарса Дониёр акасини эслатади…

Гўзалой шу куниёқ онасига маслаҳат солди:

– Ойи, мени қишлоққа ишга таклиф қилишди. Жой беришаркан.

– Яна шу гапни бошладингми, қизим? – пешонаси тиришди Меҳри холанинг. – Айтдим-ку, тор қорнимга сиққан одам, энди кенг ҳовлимга сиғмай қолдингми?

– Гап фақат ҳовлида эмас, ойи.

– Нимада бўлмаса?

– Буни… буни тушунтириб беролмайман, ойи.

– Ўзи қаерга таклиф қилишяпти? – қизиқди Меҳри хола. – Одам бормайдиган чекка бир қишлоқ бўлса керак-да.

– Сайхунга.

– Вой, раҳматли Солиҳа холангнинг қишлоғи-ку! Шўрликнинг анави қамоқдан қайтган боласи бедарак йўқолибди-я…

– Сиз бўлса мени ўша одамга қўшқўллаб тутқазмоқчи эдингиз. Ҳозир ўтирарканман-да на бева, на эрли бўлиб…

– Шунинг учун бу қишлоқ бўлмайди! – кескин бош чайқади Меҳри хола.

– Мен у ерга ишлашга бормоқчиман. Нима дейсиз, ойи?

– Менга қолса шу ерда ишлайверганинг дуруст. Ҳар қалай, ўрганган жойинг.

Гўзалой бирдан маъюс тортиб қолди:

– Ўрганмаган жойимда ишласам дегандим. Янги одамлар билан.

– Маҳмадоналик қилма!

– Ойижон…

– Тушунтирибам ўтирма!

Кескин гапиришга ўтдими, бу Меҳри холанинг таслим бўла бошлагани аломати эди…


Эртаси куни қиздан онасини кўндирганини эшитган Ўктабр ота хурсанд бўлиб, бирдан «кетамиз»га тушиб қолди. Шифокорларнинг «ҳай-ҳай»лашларига жавобан ота Гўзалойни кўрсатиб тураверди:

– Энди менинг ўзимнинг шахсий врачим бор!

Хуллас, отахонга ноилож жавоб беришдию, ёрдам сифатида олиб бориб қўйиш учун «Тез ёрдам» машинаси ажратишди.


Ўктабр ота уйига минг қўйли бойдай гердайиб кириб келди. Ҳайдовчи йигитча Гўзалойнинг иккита жомадонини ичкарига олиб кириб бергач, қайтиб кетди.

Кўчадан ўтиб бораётган Тоҳир машинани кўриб қолиб, шу томонга қайрилди.

– Биз сизни кўришга борамиз деб турсак, ўзингиз келиб қўйибсизми, амаки?

– Биласан-ку, шифохона-пифохоналарга ҳушим йўқ.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации