Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Бўпти. Сени хафа қилмаслик учун бир тийинам бермай қўя қоламиз.

– Бу бошқа гап. Шошаётган бўлсаларинг кетдик.

– Вой, овқат тайёр, – типирчилаб қолди Маърифат хола. – Ҳозир сузаман.

– Томоқдан овқат ўмай турибди, келин. Биз яхшиси тезроқ бора қолайлик. – Ўктабр ота Турғунбой отага ишора қилди: – Кетдик, жўра. Ҳар дақиқа ғанимат.

Учовлон машина томон юришди. Гулноза отасининг қўлидан ушлаб тўхтатиб қолди:

– Нима гап, ота?

– Ўзимизам ҳайронмиз. Тоҳир милисага тушиб қолибди.

– Милицияга? – ажабланди Гулноза. – Милицияга тушса нима қилибди? Биронта ўзига бўйсунмаган браконьерни оборгандир.

– Шунақа бўлса керак. Ҳали ҳеч нарса аниқ эмас. Ўктабр телефон қилувди, у ёқдагилар Тоҳир маст, эрталабгача кўришиш мумкин эмас дейишибдими-ей… Шунга хавотир олиб бораётгандик. Сен айтгандай, арзимаган иш бўлса керак лекин.

«Матиз» кетди.

– Адамга телефон қилсам, аллақачон қўнғироқлашиб, гапни бир жойга қўйиб ҳам улгурган экансиз-да, ойижон, – деди Ноила. – Бизам йўлга тушамизми?

– Ҳа, албатта… албатта… – деди ҳардамхаёллик билан Гулноза. – Сен овқатланиб ол, кейин йўлга тушамиз.

– Сиз-чи, ойижон?

– Биз яқинда овқатлангандик.

– Унақа дема, қизим, – деди Маърифат хола. – Эрталабки чой билан юрибсан-ку.

– Иштаҳам йўқ, ойи.

– Мен эса ростданам яқинда овқатлангандим. Ростакамига, – ойисига хавотирланиб назар ташлади Ноила.

– Барибир йўлга чиқиш олдидан яхшилаб қорнингни тўйдириб ол.

Бу гапларни гапираётган маҳал Гулнозанинг хаёли бошқа жойда эди. Ноила буни сезса-да, сир бой бермади:

– Хўп, ойижон, хўп.

Ноила ичкарига кирди. Маърифат хола қозон бошига шошди.

Гулноза жойида нималарнидир ўйлаб турди-турди, алоҳа қизи ўтирган хона ёнига келиб, деразадан бўйлади, иккиланиброқ гапирди:

– Нарсаларингни йиғиштириб бўлганингдан йўлга тушамиз. Йўл-йўлакай… шаҳарга кириб ўтамиз.

* * *

Кўзлари қизарган Гўзалой онаси ўтирган кичкинагина хонага кирди.

– Ишдан эртароқ қайтибсанми, қизим?

– Ҳозир қайтиб кетаман, ойи. Сменага чиқадиган бўлдим. «Тез ёрдам»да. Шуни айтиб қўяй деб киргандим.

Меҳри хола бош чайқади:

– Қиз бола… Касалма-касал юрмасанггам бўларди.

– Шунга ўқиганман-ку, ойи. Мана, – қиз сумкасидан икки даста пул олди, – ойлик беришганди.

– Ўзингга бирон нарса керак бўлса ишлата қол, қизим.

– Ҳамма нарсам бор, ойи. Янгаларим нималарнидир керак дейишаётганди.

– Э, уларнинг ташвиши тугармиди?.. – асабий қўл силтаган она қизига яқинроқ сурилиб, овози пастлатди: – Қизим, бир маслаҳатли гапим бор эди.

– Айтаверинг, ойи.

– Эсингдами, кўкламда Солиҳа холангнинг боласи қамоқдан қайтганини айтгандим.

Гўзалой эслай олмади:

– Қайси Солиҳа холам?

– Сен танимасанг керак. Отангнинг ўгай синглиси бор эди. Борди-келдимиз йўқ ҳисобида эди. Шунинг боласи туҳмат билан қамалиб кетган экан. Беш йил деганда қайтибди.

– Қайтган бўлса яхши бўпти, – деб қўйди қиз.

– Худойисига бориб келгандим.

– Эсимда йўқ. Нима, қамоқдан қайтган одам худойи қилиб берадими?

– Ҳа, энди, келган бало ўша ёқларда қолиб кетсин деган ниятда қилади-да. Эл-юртни чақириб, бир чўқим ош беради.

Гап нишаби қаёққа кетаётганини илғаган Гўзалой аччиқ кулди:

– Ош устида қамоқхона хотираларини гапириб бериб ўтиради-да. Худди армиядан қайтган аскардай.

Меҳри хола қизига мушт ўқталди:

– Тилинг қурсин сенинг! Бердиқул унақа ёмон бола эмас. Туҳматга учраган-да, туҳматга. У ёғини сўрасанг, бир пайтлар шу холанг қуда бўламиз, ўртада қариндошлик иплари узилиб кетмасин деб роса югурганди. Сени келин қилмоқчийди. Ўша пайтларда отанг нимагадир унчалик рўйхушлик бермаганди. Сендан бир мучал катталигини рўкач қилиб туриб олганди.

– Отам яхши қилган экан. Бўлмаса шу пайт эри қамоқда ётиб чиққан хотин бўлиб юрарканман.

– Тилингни ел олсин сенинг! Бир гап айтиб бўлмайди сенга, чақасан-а, чақасан! Эҳтиёт бўл, бола, бошингга келган ҳар қандай балога аслида тилинг сабаб бўлади.

– Тўппа-тўғри. Ҳаттоки қариқизлигимга ҳам.

Меҳри холанинг чинакамига жаҳли чиқди:

– Сен қиз одам бўлмайсан… Вақтида бирини ўпоқ, бошқасини сўпоқ демай… Хуллас, сени сўраб келишмоқчи, қизим.

– …

– Ёмон жой эмас, – ётиғи билан тушунтиришга уринди она. – Ўзим яхши билган-таниган одамлар. Қолаверса, қариндош. Бердиқул ўзи ёмон бола эмас. Бир туҳматга учради-да…

Гўзалой ажабланди:

– Ие, анави қамоқдан қайтганни айтяпсизми?

– Нима, қамоқдан қайтган одам одам эмасми? – бобиллаб берди Меҳри хола. – Ё қамоққа фақат жиноятчилар тушадими? Айтдим-ку, туҳматга учраган деб.

– Ўзининг хотини-чи? – бўш келмади Гўзалой. – Агар мендан бир мучал катта бўлса, демак, қирқдан ошган. Беш йил ўтирган бўлса… Қамоққа бўз бола ҳолида кетмагандир унингиз?

– У хотин ўлгур эр қамоққа тушгандан ажрашаман деб судга ариза бериб, ўш пайтиёқ бошини олиб чиқиб кетган экан, яшшамагур.

– Нима, – истеҳзоли кулди қиз, – сочини тараб, кутиб ўтирсинми туҳматга учраб қамалган эрини?

– Ўзи у хотин туғмас экан-у, – воқеани достон қилишга тушди она, – лекин бошқа эрга теккандан кейин иккита туғиб олибди.

– Ундай бўлса хотин туғмас эмас, эр туғдирмас экан-да.

Она бу гапни эшитмагандай тутди ўзини.

– Ҳар қалай, бегона эмас, ўгай бўлса ҳам холангнинг боласи. Борганда кўрганман, уй-жойи кенг-мўл. Рисолатхон шу масалада келиб кетганди. Шунга… бир олдингдан ўтай деб… Шўрлик Бердиқул меҳрга зор. Сал меҳр кўрсатсанг, бошига кўтаради. Албатта, аввал кўришасан, гаплашасан. Буни қаттиқ тайинладим. Кўнглингга сал маъқул келса…

– Ойи, бу Рисолатхон деганингиз… бугун ишхонамга бир… чолни юборипти. Энди бўлса… – ўпкаси тўлган қизнинг товуши титраб кетди: – Майли, ойижон, сизлар айтгандай бўла қолсин. Мен… розиман.

Нечукдир кўз олдида куппа-кундуз куни қиммат дўконда бир-бирининг пинжига кириб кетгудай бўлиб турган эр-хотин – Дониёр билан Муқаддам пайдо бўлган Гўзалой хонадан чопиб чиқиб кетди.

Меҳри хола унинг ортидан:

– Қизим… – дея талпинганча қолаверди.

* * *

Муқаддам неча йиллик яна бир пинҳоний орзусига эришди:дўконданчақалоқларнингкийимларигабағишланган рангли журналлардан бирини намойишкорона тарзда, «Кўриб қўйинглар!» дегандай шошмасдан, танлаб-танлаб сотиб олди. Иш бошлаган маҳали ҳам қандайдир қўшиқни минғирлаб хиргойи қилганча кириб-чиқиб турган меҳмонларнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора бири иккинчисидан чиройли суратларни томоша қилиб ўтираверди. Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич, деганлари шу бўлади, ҳа…

Қабулхонага тўрсайиб кириб келган Дилобар ҳам жувонни шу машғулот устида учратди.

– Менга хона керак.

Журналдан бошини кўтарган Муқаддам Дилобарни кўриб, ҳайрон бўлди:

– Сиз?

– Ҳа, мен. Нима, менга сизнинг меҳмонхонангиздан хона олиш мумкин эмасми? – Қиз зарда билан сумкасидан паспортини чиқариб берди. – Қўрқманг, бутунлай қолмоқчи эмасман. Бир суткага. Эртага эрталаб шаҳрингизни тарк этаман.

Муқаддам паспортни олиб, варақлаб кўрди:

– Бир кишилик бўлсинми?

– Албатта. Фақат биринчи қаватдан бўлмасин. Шовқинга тоқатим йўқ.

– Хўп.

Муқаддам қоғозларни расмийлаштириб, иккинчи қаватдаги хонага кузатиб қўймоқчи эди, қиз кўнмади:

– Ўзим топиб оламан.

Шу маҳал «Тез ёрдам» машинаси меҳмонхона эшиги ёнига келиб тўхтади. Ундан бир даста гул кўтариб тушган оқ халатли Дониёр ичкарига кирдию, зинадан юқорига кўтарилаётган Дилобарни кўрди. Аксига олиб, тепадан тушиб келган меҳмонлардан бири, тақа мўйловли, қирқ ёшлардаги киши Муқаддамдан ниманидир сўраб-суриштиришга тушди. Муқаддам одатига кўра табассум билан унинг саволларига жавоб бериб турди. Буни кўриб, ҳозиргина чарақлаб турган Дониёрнинг қовоғи уйилди.

Дониёр «тақ-туқ» қадам ташлаган кўйи Муқаддамнинг қаршисига борди-да, мўйловли одамнинг орқасида хўмрайиб тураверди.

– Демак, аввал чапга, кейин яна чапга. Шундайми, синглим?

– Худди шундай. Иккинчи марта чапга қайрилган заҳотингиз дарвозага пешонангизни уриб оласиз. – Меҳмоннинг ниманидир аниқлаштиришга чоғланга-нини кўрган Муқаддам Дониёрга қаради: – Келинг, дадаси.

Меҳмон ҳайрон бўлиб ортига ўгирилди ва ўзини ғажиб ташлагудай тикилиб турган Дониёрнинг важоҳатидан чўчидими, кетишга шошди.

– Раҳмат, синглим, раҳмат.

– Арзимайди.

Дониёр меҳмоннинг ортидан ўқрайиб қараб қолди:

– Нима керак экан бу… хотинбозга?

Муқаддам кулиб юборди:

– Унинг хотинбозлигини қаердан билдингиз?

– Шундоқ башарасидан кўриниб турибди-ку! – тутақиб жавоб қайтарди Дониёр. – «Аввал чапга, кейин яна чапга» эмиш! Бу гапни қандай маънодор айтганига эътибор бердингми?

– Қўйинг, дадаси. У бечора бозорга қандай боришни сўради?

– Бозорда нима бор экан? – тирғалишини қўймасди Дониёр.

– Шуни сўрамапман-а.

– Қара, сендан бозорни сўради, ўзи бўлса яна хонасига кўтарилиб кетди. Бу сенга шубҳали кўринмаяптими?

– Кўринмаяпти. Балки пулга чиққандир, балки сизнинг еб қўйгудай бўлиб тикилиб турганингизни кўриб… қистаб қолгандир.

– Сенга гап бўлса. Айтгандай, анави бу ерда нима қилиб юрибди?

– Яна ким? – ажабланди Муқаддам.

– Шопирлар билан жанжал бўлган қиз. Ҳозир кўриб қолдим. Уям тепага кўтарилиб кетаётган экан. Ҳойнаҳой мўйловнинг олдигадир. Кўр кўрни қоронғида топади-да.

– Ҳа, Одиловами? У ҳозиргина бир кишилик хона олди. Бир суткага. Эртага бизни ташлаб кетармиш.

– Кетса ундан нари. Лекин уни бу ерга киритиб бекор қипсан.

– Киритмасликка ҳаққим йўқ. Уям Ўзбекистон фуқароси. Паспорти бор.

– Барибир, бекор қипсан. Уни кўрганимдан негадир кўнглим ғаш бўлиб қолди. Бунақаларнинг палакати бегуноҳга уради, дейишади.

Муқаддам жон ҳолатда қорнини кафтлари билан беркитди:

– Унақа деманг-э! Аввал-ку, оддийгина рашкчи эдингиз, энди қип-қизил ваҳимачи бўлиб қолибсиз. Бу кетишда ўзингизни даволатишингизга тўғри келади, Лати… э-э, дадаси.

Дониёр кутилмаганда пиқирлаб кулиб юборди:

– «Дадаси» деган пайтингда анави хотинбоз мўйлов бирдан шалвираб қолганини сездингми?

– Бўлди-да энди, дадаси. Нима, шаҳарнинг жами эркакларию меҳмонлари битта сизнинг хотинингизга қараб қолганми? Кўнглингизни кенгроқ қилинг. Ўзи нимага келган эдингиз?

– Шундай, сендан хабар олишга, – сал ўзини босиб олган Дониёр кутилмаганда яна тутақа бошлади: – Кўрдингми, бекорга келмаган эканман. Кўнглим ниманидир сезгандай бўлувди-да.

– Об-бо, сизга худо бериб қолди, энди бир ҳафта кўзимни очирмайсиз. Яхшиси, менга пойлоқчилик қилгандан кўра ишингизга боринг.

– Бораман. Айтгандай, анави топилди…

– «Анави»ингиз нимаси? – эрининг хижолат чекаётганини кўриб, ҳайрон бўлди Муқаддам.

– Клофелин. Тумбочканинг пастига тушиб қолган экан.

– Ие, менга қарши ишлатадиган шундай далилингиздан маҳрум бўлиб қолибсиз-ку, дадаси! Энди нима қиласиз?

– Майли, мен кетдим.

Дониёр душман қидиргандай атрофга аланглаган кўйи эшик томон юрди.

– Дадаси-и!

Дониёр тўхтаб, ўгирилди:

– Нима дейсан?

– Қўлингиздагини айтаман, бутикка бостириб кирган, – Муқаддам «Тез ёрдам»га ишора қилди, – ҳозирам машинада ўтирган маъюс ҳамширангизга шекилли, а? Жуда чиройли экан. Мен гулдастани айтяпман, қизни эмас. Ҳар қалай, Эркин акага эмаслиги аниқ.

– А… ҳа… – довдираб қолган Дониёр шошиб қайтиб келиб гулдастани тутди: – Бу сенга эди. Хаёл билан бўлиб.

– Раҳмат. Иккиқат бўлиш яхши экан: ҳар куни саккизинчи март… Ана энди яхши боринг. Бемалол сменангизни ўтказаверинг.

– Нимагадир кетгим келмаяпти.

– Боринг деяпман! Вос-вос касалига чалиниб қолдингизми? Мени жин урармиди?

– Барибир вақтим бўлганда кириб тураман.

– Ў, худо!.. Нима, энди ёнимда қилич яланғочлаб турасизми?..

Муқаддам зипиллаб қабулхонадан чиққан эрининг ортидан адоқсиз меҳр билан узоқ қараб қолди.

V боб

Омадсизлик бир кўз тикдими, ўлжасини осонликча қўйиб юбормас экан. Биринчиси ортидан иккинчисига дучор қиларкан, кейин учинчисига…

Номаълум нуқтага тикилганча оғир ўйларга ботиб ўтирган Дилобар телефоннинг кескин жиринглашидан сесканиб кетди. Қиз шоша-пиша столдаги қўл телефонини олди, унинг экранчасида «Засекреченный номер» деган ёзувни кўрди. Бу ўша…

– Эшитаман.

Зардали, дағал овоз:

– Қаердасан?

– 29-хона.

Қисқа-қисқа гудоклар.

Дилобар ваҳима ичида хонага нажотсиз аланглади. Бунақа пайтда вақтнинг ўтиши ҳам қийин бўлади. Қиз телефонида рақам терди.

– Жора, келяпсизларми?

– Йўлдамиз, – деган жавоб келди мотоцикл тариллаши аралаш.

Қиз хиёл енгил тортди. Ҳар қалай, мадад…

Шу лаҳзада… «гурс-гурс» қадам овозлари тобора яқинлашаверди ва кимдир эшикни тақиллатиб ўтирмасдан ҳам очди.

Дилобар ҳукмни кутаётган маҳкума янглиғ бош эгганча титраб-қақшаб ўрнидан турди. Қора кўзойнак таққан Рустам хонага кирди, эшикни зич ёпди. Унинг биринчи гапиёқ пўписа, дағдаға бўлди:

– Ишнинг расвосини чиқардинг-ку!

– …

– Очкўзлигинг ўзингнинг бошингга етди! Дипломат билан сенинг нима ишинг бор эди! Йигирма миллион олиб кетишмайдими, ўттиз миллион олиб кетишмайдими! Сенларга топширилган вазифа нима эди?

Дилобар қўрқа-писа гапирди:

– Ҳайдовчиларни ухлатиб қўйиб… машина калитини олиб… кейин… хабар беришимиз керак эди.

– Бўлди, шундан кейин иккаланг мотоциклчиларинг билан жуфтакни ростлаб қолишларинг керак эди. Шунга келишганмидик, а, келишганмидик?

– Ҳа.

– Агар бу иш бўлмай қолса-чи?

– Унда… – қўрқа-писа гапирди Дилобар, – «Б» режага кўра ҳайдовчиларни меҳмонхонада ухлатиб, машина калитини олиб чиқишимиз, кейин… калитни сизнинг одамингизга топшириб, мотоциклда шаҳарга қайтиб кетишимиз керак эди.

– Унда нега топшириқни бажармадинг? Нега айтганни қилмадинг?

– Мени кечиринг, Рустам ака.

– Кечирмайман! Сен арзимаган ўн-ўн беш миллион сўм пулга чалғиб, мени машинадаги беш юз миллион сўмлик молдан маҳрум қилдинг. Айтганимни қилганингда шунинг ўн фоизини қуртдай санаб олардинг. Шуни биласанми, а?

– …

– Хўш, молни менга энди ким тўлайди? Сенми? Ё аллақачон қуён бўлган дугонангми?

– Мени кечиринг, Рустам ака. Бошқа… бошқа топшириқ беринг. Мен… бажараман.

– Гўр қиларсан. Асли ўзинг назаринг пастлигини сезгандим-а. Айтиб қўяй, сендақалардан ҳеч қачон ҳақиқий ишбилармон чиқмайди. Тўрт сўм пулга андармон бўлиб юраверасан! Ҳеч қачон катта иш қилолмайсан. Шу майда ҳолингда ўтиб кетасан! Чунки пастсан! Бурнингнинг тагидан нарини кўрмайсан!.. Қазисан-қартасан, ўз аслингга тортасан деганлари шу-да. Отанг ҳам шунақа майда ўғри эди, майда ўғрилигича ўтиб кетди. Қонинг тортган-да… Тамом! Отангнинг ҳурмати учун охирги марта кечирдим! Бўйнингга беш юз миллионни илиб қўймаганимга, омон қолдирганимга шукр қил. Ўзинг ёрдам сўраб келдинг, мен қўлимдан келганини қилдим, лекин ишни эплолмадинг. Мен сенга ўхшаган очкўз-суқатойлар билан иш-ла-май-ман! Тамом! Энди менга қайтиб қорангни кўрсатма!

– Рустам ака…

– Эсингдан чиқмасин, мен сенга пул бермадим, лекин катта пул ишлаб олиш имкониятини бердим. Шундан фойдалана олмадинг.

– Рустам ака… – ёлворди қиз.

– Яна нима?

– Пулим… қолмади. Уйга етиб олсам бўлди…

Дилобарга нафрат билан қараб турган Рустам «чирт» этказиб ерга тупурди.

– Ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик де… «Пастсан» дедим-ку. Пастсан! Шуни эсингдан чиқарма, сенга ўхшаган судралишга маҳкум кимсалар ҳеч қачон учолмайди, бир умр оёқ остида судралиб, хор бўлиб, зор бўлиб ўтади! Сенга ўхшаганларнинг пешонасига шу ёзиб қўйилган!

Рустам чўнтагидан бир даста пул чиқариб, полга ташлади. Кейин «гурс-гурс» қадам ташлаганча хонадан чиқди. Дилобар унинг ортидан юрди.

Рустам биринчи қаватга тушди, қабулхона ёнидан ўтиб, кўчада ўзини кутиб турган оддий машинага ўтириб жўнаб кетди.

Дилобар бўшашганча меҳмонхонага қайтиб кирди. У қабулхона ёнидан ўтаётган маҳал журналдан бош кўтарган Муқаддам сўраб қолди:

– Рустам аканиям танийсизми?

– Бу киши бир пайтлар отам билан бирга ишлашган. Баъзан хабар олиб туради.

– Ҳозир Муҳиддин аканинг ўнг қўли шекилли?

– Бунисини билмадим.

– Айтгандай, хонангизда бирон камчилик йўқми?

– Йўқ.

– Бирон нима керак бўлиб қолса, қўнғироқ қилинг.

– Хўп.

Дилобар ўз хонасига кирди, полда ётган бир даста пулга қиё боқмасдан дераза ёнига борди, ташқарига қаради.

Сокин шаҳар ҳаёти.

Дилобар алам билан, тишлари безгак тутаётгандай қалтираганча шивирлади:

– Бурнингиз кўтарилиб қопти-да, а, Рустамбой! Отамнинг югурдаги бўлиб юрган пайтларингиз эсингиздан чиқибди-да…

Биз бу сўзлар замиридаги маънони илғаш учун ўн икки йил орқага қайтишимизга тўғри келади.

…Яқинда биринчи мучал ёшини нишонлаган Дилобар мактабдан сўнг отаси мудир бўлган омборда чопқиллаб ўйнаб юрганди.

Бир марта инсультни бошидан ўтказиб улгурган Одил ака ишига ҳам, соғлиғига ҳам жуда эҳтиёткор бўлиб қолганди. Бироқ ўша куни Одил ака шогирди билан анча сан-манга бориб қолди, ҳатто овозини кўтариб гапириб юборди.

Албатта, қизалоқ отаси билан Рустам ўртасида бўлаётган гап-сўзларнинг мазмунига унчалик тушунмади. Бироқ, афтидан, Рустам отасини нимагадир кўндиришга уринарди, ора-сира: «Устига жуда кам қўйяпсиз-да, уста. Сал оширайлик. Қўлимиз пул кўргандай бўлсин», деб такрорларди. Бунга отаси эътироз билдирарди: «Инсоф сари барака… Худога шукр, оч эмасмиз, яланғоч эмасмиз, кечқурун хотиржам ухлаяп-миз…» Бир гал ҳатто отаси у томонга ҳам ишора қилиб қўйди: «Ота-болага бундан ортиқ яна нима керак?» Лекин Рустам ўз билганидан қолмасди: «Қилгандан кейин катта-катта ишлар қилиш керак-да»… Хуллас, гурунг якунида орадан гап қочди. Отаси қандайдир КамАЗнинг ҳужжатини сўради, Рустам «Бизнес қиляпман», деб ўзини оқлаган бўлди. Отаси «Еб тўймаган ялаб тўярмиди?» деб шогирдини жеркиб берди. Шу пайт омборга икки киши кириб келди. Улардан бири чўнтагидан қизил жилдли ҳужжатини олиб кўрсатди, сўнг у ҳам қандайдир КамАЗу, юкхатларни суриштира бошлади. Ранги пахтадай оқариб кетган, тез-тез нафас ола бошлаган отаси бир Рустамга қаради, бир чақирилмаган меҳмонларга. Сўнг… кўксини чангаллаганча ёнбошига қулади.


Орадан бир ойча ўтгач, мана шу Рустамнинг ўзи Дилобарни болалар уйига олиб бориб топширди. У қайтиб кетиш олдидан қизалоқни қучиб, бошини силаб қўйди:

– Шунақа қилишга мажбурмиз, Диля. Бу ерда вақт тез ўтади. Ҳеч нарсага муҳтож ҳам бўлмайсан. Қачон бир кун ёрдам керак бўлиб қолса, тўғри олдимга бораверасан. Тушундингми?

Қўрқувдан дағ-дағ титраётган Дилобар бош ирғади, холос.

Қизалоқ шу ерда Тамара, Жора-Жўрабой, Толян-Тожибой билан танишди, улар билан бирга улғайди…

«Ёрдам керак бўлса» эмиш! Ваҳоланки, Дилобарни Рустамнинг ўзи излаб топди, ўзи топшириқ берди. Энди бўлса…

Дилобар яна телефондан мадад излади:

– Яқин қолдиларингми, барака топкурлар?..

* * *

Бу бош не балоларни кўрмаган, на зарбаларга туриб бермаган, не жароҳатлар олмаган…

Реанимацияга олиб киришганида ҳам Бердиқул кўзларини юмиб ётаверди, гўёки ҳушсиз. Уни бир эмас, икки шифокор текширди.

– Ёзинг, – деди биринчиси, – «Тўмтоқ нарса билан бошга кучли зарба берилган. Натижада мия чайқалиши ҳамда бошнинг тепа қисмида ёрилиш содир бўлган. Жароҳатларни ўртача хавфли деб айтиш мумкин».

«Ўртача» сўзи ёқмадими, Бердиқул инграб қўйди.

– Балки «Ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли» деб ёзарман, – баайни беморнинг фикрини уққан каби таклиф қилди иккинчиси. – Ҳар эҳтимолга қарши-да.

– Ёзақолинг, ҳамкасаба.

Шифокорлар чиқиб кетишгач, боши боғланган Бердиқул аста ўрнидан турди-да, дераза ёнига бориб, ташқарига қаради. Тахмин қилганидай, биринчи қават экан.

Палатага кирган ҳамшира беморни тик оёқда кўриб, шайтонлаб қолишига сал қолди:

– Вой, вой, сизга туриш мумкин эмас! Қани, дарров жойингизга ётинг-чи!

Бердиқул ўз каравотига келиб ўтирди.

– Эҳтиёт бўлинг, бемор, эҳтиёт бўлинг.

– Сиз хавотирланманг, синглим, – куйинчак ҳамширани тинчлантиришга уринди Бердиқул.

– Бу нима деганингиз, бемор?! Сал қопти-ку бошингиз мажақ бўлиб кетишига! Яна хавотирламанг дейсиз-а!

Бердиқул кулимсираб, бинт устидан бошини ушлаб кўрди:

– Арзимаган нарса-ку.

– Бемор! – ер тепиниб дўқ урди ҳамшира. – Агар ҳозироқ ўрнингизга ётмасангиз ё даволовчи врачингизни чақираман, ё бўлмаса тўрт куб тинчлантирувчи доридан укол қиламан!

– Бўлди, синглим, бўлди, – дарров таслим бўлди жойига ётаётган Бердиқул. – Мана, қаранг, айтганингизни қиляпман, врачнинг ҳам, укол-пуколнинг ҳам кераги йўқ. Мен бир нарсани сўрамоқчийдим, синглим. Мумкинми?

– Сўранг.

– Кечқурун бир уйга ўтиб келсам бўладими? Онам ёлғиз. Бормасам бўлмайди.

Ажаблангани ва жаҳли чиққанидан қизариб-бўзариб кетган содда ҳамшира дастлаб гапира олмай ҳам қолди. Ниҳоят, қийналиб ютиниб олганидан сўнг унга забон битди:

– Сиз… сиз мени мазах қиляпсизми ё томингиз кетиб қолганми?

– Нега мазах қиларканман, синглим? Уйим яқингинада, «Сайхун» овулида…

– Нима? «Сайхун»да? Ахир у қишлоқ бу ердан… Бемор! Мен билан ҳазиллашишни бас қилинг-да, ҳозироқ ўраниб ётинг. Ахир реанимация бўлимидасиз! Сиз фақат дам олиб ётишингиз керак. Сизга осойишталик керак. Руҳий ва жисмоний осойишталик.

– Менам шуни айтяпман-да, синглим. Агар чопиб бориб онамни кўриб келсам, анча яхши бўлиб қолардим, кайфиятимам кўтариларди. Бошимдаги яра-чақаларниям кўрмагандай бўлиб кетардим.

– Бас қилинг, бемор! Чопиб бориб эмиш! Марафончи!.. Агар ҳозироқ бунақанги аҳмоқона гапларни бас қилмасангиз… мен… мен…

Бердиқул қўлини кўксига қўйди:

– Тушундим, синглим, тушундим.

– Мана, тинчлантирувчи таблеткадан иккита еб олинг-чи.

– Хўп, синглим, хўп.

– Ҳозироқ! Кўз олдимда!

Бердиқул қаддини ростлаб ҳамшира берган таблеткаларни оғзига солди, устидан ярим стакан сув ичди. Кейин каравотга ётиб, кўзларини юмди.

Беморга бир муддат диққат билан қараб туриб, унинг бир текисда нафас олишга ўтганига ишонч ҳосил қилгандан кейингина ҳамшира палатадан чиқди.

Эшик ёпилгач, Бердиқул кўзларини очди ва энгашиб, оғзидаги таблеткаларни чиқинди идишига туфлаб ташлади, ўрнидан турди-да, дераза ёнига бориб, ташқарини кузата бошлади.

* * *

Бошлиқларидан қаттиқ топшириқ олишганми, қарияларнинг, Дилмуроднинг минг таваллолари иш бермади: қўриқчилар ҳеч кимни ичкарига қўйишмади. Ана шунда тутаб кетган Ўктабр ота милиционерларнинг «ҳой-ҳой»ига ҳам қулоқ осмасдан тўғри Назаровнинг кабинетига кириб борди. Аммо лейтенант ҳам гапга кўнмайдиганлардан экан.

– Отахон, сизни жуда яхши тушуниб турибман. Лекин бунинг ҳеч иложи йўқ, – деб туриб олди у. – Тартиб-қоида ҳамма учун баробар.

– Ахир шундан-шунга сарғайиб келиб ўтирибмиз. Бир мартагина шу тартиб-қоидангга ёпишиб олмасанг бўлмайдими, Назаров болам?

– Бўлмайди, отахон. Холиёров сизнинг маҳалладошингиз бўлганлиги учунгина унга имтиёз беролмайман. Қолаверса, мана, – Назаров қоғозларни кўрсатди, – яқиндагина шифокорларнинг хулосасини олдик. Ўша сиз қўй оғзидан чўп олмайдиган ходим деб таърифлаётган Тоҳир Холиёров спиртли ичимлик ичган ҳолатда шиша билан бир бегуноҳ фуқаронинг бошига қаттиқ урган. Натижада жабрланувчи фуқаро мия чайқалиш, бош ёрилиши кўринишида инсон ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи оғир тан жароҳати олган. Бунинг ҳаммаси Холиёров хизмат вазифасини адо этаётган пайтда содир бўлганлиги эса оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланади. Шунинг учун, Ўктабр ота, зудликда жиноий иш очиб, делони терговчига ўтказишдан бошқа иложим қолмади. Ҳа, айтгандай, инспекторларнинг сменага чиқиш графигига кўра Холиёров ўша пайтда ишда бўлиши керак эмасди. Демак, у ё атай қасд олиш учун формада дарёга чиққан ё бўлмаса таъмагирик мақсадида.

– Назаров болам, – бу гаплардан боши шишиб кетган Ўктабр ота яна ялинди. – Тоҳирнинг ўзи билан ҳеч бўлмаса икки оғиз гаплашиб кўрмабсиз-да. Балки буларнинг ҳаммаси бутунлай бошқача содир бўлгандир.

– Отахон. Менинг алкашлар билан пачакилашиб ўтиришга вақтим йўқ. Ана, ётибди камерада ароқ са-сиб, ўз қусиғига ўзи беланиб. Кўтарсанг ич-да, дейдиган одамнинг ўзи йўқ у эркатойингизга. Яна менга бақрайиб туриб «Холиёров ичмайди», дейсиз. Отахон, милицияни чалғитишга уриниш яхши иш эмас. Айниқса, сизнинг ёшингизда.

– Болам-ов, сизни чалғитиб менга зарил кептими? Мен бор гапни айтяпман, холос.

– Тўғриси, ҳозир камерага кирсангиз ҳам, Холиёровнинг сизни таниши гумон. Бекорга овора бўлганингиз қолади, отахон. Айтдим-ку, молдай ичиб олиб, чўчқадай юмалаб ётибди деб. Дунё билан иши йўқ.

Ўктабр ота бош чайқади:

– Жуда унчалик эмасдир, Назаров болам.

– Хўп, менга шунчалик ишонмас экансиз, ана, боринг, кўринг, тўйиб томоша қилиб олинг. Сержант!

– Эшитаман, ўртоқ лейтенант.

– Отахонни вақтинчалик ҳибсда сақлаш камерасига олиб бориб, гумондор Тоҳир Холиёровни кўрсатинг. Ҳозирнинг ўзида.

– Хўп бўлади… Марҳамат, отахон.

– Раҳмат, Назаров болам.


Тоҳир каравотда уп-узун бўлиб ётарди.

Ўктабр ота шошиб унинг ёнига келди.

– Тоҳир!.. Тоҳир деяпман!

Аммо инспектор гап эшитадиган аҳволда эмасди. Эсанкираб қолган ота уни силкитди:

– Бу нима ётиш?

Тоҳир аранг кўзларини очди, қаршисида турган Ўктабр отани таниб, беўхшов илжайганча ғўлдиради:

– А-ама-ки…

– Уф-ф… Ароқ сасиб кетибсан-ку, Тоҳир. Ўзингмисан? Сени нима жин урди?

Тоҳир сал гавдасини кўтарди, нимадир демоқчи бўлди, бироқ «шилқ» этиб жойига қулади.

– Бунга бир нарса бўлган, болам, – сержантга ўгирилди Ўктабр ота. – Дўхтирга кўрсатдиларингми?

– Албатта. Диагноз: қип-қизил маст. Ўзингиз кўряпсиз-ку, агар шу ерда яна бирозгина турсангиз, ўзингиз ҳам ароқнинг ҳидига маст бўласиз-қоласиз. Ҳи-ҳи-ҳи. – Қария ўқрайиб қараганди, йигитча дарҳол жиддийлашди. – Вақт бўлди, отахон. Мана, гумондорни кўрдингиз, аҳволи билан танишдингиз. Менимча, шарт-шароитлар юзасидан ҳеч қандай шикоят бўлмаса керак.

– А?

– Судда гумондор вақтинчалик ҳибсхонада қандай шароитда сақланганди, деган савол берилса, ўзингиз «яхши эди» деб гувоҳлик бериб турасиз-да, отахон.

– Э, қанақа суд, болам? Нафасингни иссиқ қилсанг-чи!

– Мен бўладиган гапни айтдим-да. Қани, марҳамат.

Сержант эшикни очиб турди, Ўктабр ота Тоҳирга қарай-қарай камерадан чиқди.

Йўлакда сержант сўраб қолди:

– Хўш, лейтенантнинг айтганлари тўғри эканми?

– Ҳайронман, болам. Етти ухлаб тушимга кирмаган ҳодиса бу…

– Отахон, бир каттанинг, бир кичикнинг гапини ол дейишган. Сиз шу ёшингизда бежиз бу одамнинг ёнини олмаётгандирсиз. Менинг сизга бир таклифим, хоҳласангиз амал қилинг, хоҳламасангиз йўқ.

– Айтақол, болам.

– Холиёров устидан иккита ариза келиб тушган. Ёнидан порага олинган пул чиққан. Аҳволини бўлса ўзингиз кўрдингиз. Яна бу иш пайтида. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жиноий иш очилиши тайин. Бунақаларга қаттиқ туришади. Аммо аризаларни билвосита жабр кўрганлар беришган. Бевосита жабр кўрган, яъни Холиёров бошига ароқ шишаси билан урган одам эса шифохонада ётибди. Боринглар, кўринглар, агар жароҳати оғир бўлмаса илтимос қилинглар, даволанишига ёрдамлашинглар, хабар олиб туринглар. Агар ўша одам, яъни жабрланувчи бизга ариза бермаса ёки судга даъво аризаси киритмаса, унда Холиёров амнистияга илиниб қолиши мумкиндир эҳтимол. Яна билмадим. Ҳар қалай, хизмат ваколатини ўтаётган пайтда ичиб олиб юрган масъул ходим…

Ўктабр ота бутунлай довдираб қолди:

– Қанақа амнистияни гапиряпсан, болам? Айтдим-ку, Тоҳир ўзимнинг ўғлим қатори, уни жуда яхши биламан. Бунақа иш унинг қўлидан келмайди.

– Балки қўлидан келмас, аммо факт шуки, у шу ишни қилди. Шунинг учун жим юрган писмиқдан қўрқ, дейишган-да… Сиз бу ёққа. Майли, хайр. Яхши боринг. Кўп хафа бўлаверманг. Агар айби бўлмаса, Холиёровни ҳеч ким жазоламайди.

Сержант йўлакдан тез-тез юриб кетди. Ўктабр ота у кўрсатган эшикдан ҳовлига чиқди.

Дарахт соясида турган Турғунбой ота, Серсенбой ота, Гулноза, Ноила, Дилмуродлар бирдан уни ўраб олишди.

– Нима бўлди, амаки? – ҳовлиқиб сўради Гулноза.

Ўктабр ота унга ҳайрон бўлиб қаради:

– Уйингга кетмадингми, қизим?

– Йўл-йўлакай нима гаплигини билиб ўтай дегандим…

– Жавоб беришмадими? – жониқиб сўради Турғунбой ота.

Серсенбой ота ажабланди:

– Тайирни апшиқмадингба?

– Дадам яхши эканларми?

Ўктабр ота иложи борича хотиржам гапиришга уринди:

– Хуллас, учрашдим бошлиғи билан. Ҳаммаси жойида. Арзимаган тушунмовчилик экан. Лекин бу ернинг тартиб-қоидасиям ўзига яраша-да. Шунга Тоҳирга эртагача жавоб беролмаймиз, дейишди.

Гулноза шошиб савол берди:

– Ҳеч бўлмаса ўзини кўрдингизми, амаки?

– Кўрдим, албатта кўрдим. Кўрмасдан чиқармидим?

– Нима қиляпти, аҳволи қандай экан?

– Тоҳирми? Кўрдим. Ётибди… дам олиб.

– Тушунмадим, – норози бўлиб қошларини чимирди Гулноза. – Бу ерда шунча одам хавотирда, у киши бўлса бемалол ётибдими? Арзимаган нарса экан, уйига бориб ётсаям бўлади-ку. Шартми шу ерда ушлаб туриш?

– Бу гапни менам айтдим. Лекин тартиб-қоида шунақа экан-да, қизим. Нима ҳам қила олардик.

– Майли, тартиб шундай бўлса амал қилайлик. Энг муҳими, ўзи эсон-омон экан-ку. Бир кеча минг кеча эмас. Бирпасда тонг отади. Қишлоққа қайтамиз. – Турғунбой ота Гулнозага қаради: – Сенлар ҳам уйларингга кетаверинглар, қизим. Олис йўл.

– Майли, ота. Шундай қиламиз. Лекин аввал сизларни уйга обориб қўямиз.

– Қўйсанг-чи, қизим. Кўчага чиқсак мингта машина.

– Бир неверемнинг жумиси ўси қалъада, – жонланиб қолди Серсенбой ота. – Шақирсам, «Нексия»сида овулға биздерди-де алиб кетеди.

Дилмурод:

– Мен шу ерда қоламан! – деди.

Ўктабр ота:

– Қизим, сендан бир нимани илтимос қилмоқчийдим, – дея кулиб, Турғунбой ота билан Серсенбой отага ишора қилди: – Манавилар эшитмай қўя қолсин. Қариб, буларнинг оғзида гап турмайдиган бўлиб қолган, эртагаёқ ҳаммага ёйиб чиқади.

Икков чеккароққа ўтишди.

– Амаки, агар қизингиз масаласида бўлса, биз янги топилган адресларнинг ҳаммасига…

– Йўқ, – жувоннинг гапини бўлди ота, – бошқа масалада. Тунда Тоҳир қизинг иккалангни дарёда айлантирган экан. Турғунбой айтганди.

– Ҳа, шундай бўлганди. Нимайди?

– Ўшанда у… ичмаганмиди?

– Вой, бу нима деганингиз, амаки? У кишининг ичмаслигини ўзингизам яхши биласиз-ку.

– Яхши билардим. Лекин у… ичкарида… маст.

– Йўғ-э?

– Ҳа. Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас…

Гулноза безовталаниб қолди:

– Яна нима?

– У дам олишда бўлиши керак экан, лекин ишга чиққан.

– Ҳа, у қизим иккаламизни дарёда айлантириш учун сменадоши билан алмашганини айтганди. Бунинг нимаси жиноят экан, амаки?

– Билмадим. Кавласанг, тирноқ остидан кир топилади-ку, қизим…

Ўктабр ота билан Гулноза яна бир неча дақиқа шивирлашиб гаплашганларидан сўнг Гулноза имлаб Ноилани ёнига чақирди-да, унга машина калитини берди:

– Сен бобонгни, Серсенбой амакини, Дилмуродни олиб қишлоққа кетавер. Бизнинг Ўктабр амаки билан бу ерда қиладиган озроқ ишимиз бор. Биз кейин ўзимиз етиб оламиз.

Бу таклиф ёқмаган Ноила ўшшайиб олди:

– Бу нима деганингиз, ойи?

– Бу ойингнинг гапига қулоқ сол деганим.

– Ахир… ахир уйга хабар бериб қўйдик-ку, – тушунтиришга уринди қиз. – Бизни адам кутиб турибдилар-ку.

– Адангга кейин тушунтирамиз. Лекин ҳозир шундай қилишимиз керак, қизим.

Ноила онасига тик боқди:

– Тоҳир акани дебми?

– Ҳа, – очиғига кўчди Гулноза. – У оғир вазиятга тушиб қолибди.

– Тўғри, Тоҳир ака яхши одам. Оғир вазиятга тушиб қолган бўлса ёрдам бериш керак. Лекин… Мана, ойи, телефон, ўзингиз адамга тушунтиринг бор гапни. Адам тушунадилар. Мана кўрасиз.

Ноила рақам териб, телефонни ойисига тутқазди. Гулноза жаҳл билан аппаратни қўлига олиб, қизининг телефонини бутунлай ўчирди, кейин ўзиникини.

– Бекор бундай қиляпсиз, ойи. Келинг, ҳеч бўлмаса мен вазиятни тушунтирай адамга.

Гулноза бош чайқади:

– Аданг Тоҳирни биладилар…

– Билсалар нима қипти?

– Нотўғри тушунишлари мумкин. Кўнглига бошқа ўй келиши мумкин.

Ноила ўчган телефонларга ишора қилди:

– Бу аҳволда-чи? Тўғри тушунадиларми?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации