Текст книги "Дарё"
Автор книги: Абдукаюм Йулдошев
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 21 страниц)
– …Йиққан сепи тўрт хонали уйни тўлдиради. Пардаларининг ўзи аллақандай «Элит» деганидан, бир миллиондан ошиқ туради, ўзи атай бориб Тошкентдан олиб келиб қўйган. Хрусталларига-ку, қараган одамнинг суқи киради. Бари жуфт-жуфти билан. Ишлайди, қўлида гулдай ҳунари бор, яхши пул топади. Ойлигини бир сўмигача қўлимга олиб келиб беради. Худо хоҳласа, эрининг топганига шерик бўлиб ўтирмайди. Қисқаси, Рисолатхон, ўзингиздан қолар гап йўқ. Ўзингиз бош бўлиб, бирон жойга бошқарсангиз дегандим. Бу ерда янгаларининг, акаларининг қош-қовоғига қарайвериб сиқилиб кетди бечора. Уйда камроқ бўлай деб оқшомги сменагаям чиқяпти. Яхшилигингиз ерда қолмайди. Эл қатори атаб қўйганимиз бор.
– Хола, – қўлидаги сомсанинг ичини очиб кўргач, кўнгли тўлмади шекилли, қайтариб ликопчага қўйди Рисолат сатанг. – Гап бўлиши мумкин эмас, албатта, ҳаракат қиламан. Испискамдан қизингизга мос бир-иккита номзод чиқибам қолса керак. Лекин олдиндан айтиб қўяй, энди уйланмаган йигитдан умид қилманг.
– Вой, бу нима деганингиз, Рисолатхон? – эсхонаси чиқиб кетди Меҳри холанинг. – Гулдай қизим турмуш кўрган эркакка тегадими?
– Ҳали шунақаси топилсаям шукр қилинг, хола. Бу биринчидан. Иккинчидан, «эл қатори» атаганингизни икки баробар оширасиз. Чунки, хола, мен хизматимга яраша оламан, қариқизларга эр топиш имконияти эса икки баравар кам.
– Вой, ўлай! – беихтиёр бетини чимчилади шўрлик она. – Бу нима деганингиз, Рисолатхон? Менинг гулдай қизим… қариқиз бўлиб қолдими?
Бунақа савдоларда қатнашавериб, пишиб кетган Рисолатхон пинагини бузмади:
– Ўттизга бориб қолган қиз қариқиз бўлмай, нима, боғча боласи бўладими? Мен очиғини айтаман, хола. Тўғри келса, ишни бошлайман, тўғри келмаса, марҳамат, мажбурламайман. Шусизам клиентларим тиқилиб кетган.
Меҳри хола ялинишга ўтди:
– Вой, Рисолатхон, унақа деманг. Оғзингизга сиққанини сўрамайсизми. Мен қизимнинг бахти учун керак бўлса жонимни беришгаям тайёрман…
Юраги сиқилиб кетган, оғир-оғир нафас ола бошлаган Гўзалой бир амаллаб болалар шовқинига тўлган ҳовлига чиқди.
Шарофат унинг ёнига келиб, меҳмонхонага ишора қилди:
– Кўринмай турсангиз яхши бўлармиди дейман-да.
Иккинчи тарафдан Одина зипиллаб етиб келди-ю, вишиллаб, дабдурустдан мақсадга ўта қолди:
– Айтиб қўяй, бу қизнинг хонаси бизники!
Бу масалада Шарофатнинг жавоби тайёр эди, ҳозирам овсинининг гапини оғзидан олиб ёқасига ёпиштирди:
– Шусизам хонага иккита қизингизни тиқиб қўйгансиз-ку.
– Тиққан бўлсам ноиложликдан тиққанман. Ахир етти бирдай жон иккита товуқнинг катагидай хонада яшаймиз! Сизга ўхшаб «Мен катта келинман, ўзим хон кўланкам майдон» деб учта хонани эгаллаб олмаганмиз!
– Шошманг, – ётиғи билан гапиришга уринди Шарофат. – Аввал қайнсинглимизнинг тўйини қилайлик, янги уйга кузатиб қўяйлик. Хонани кейин бўлишсак ҳам бўлар.
– Ҳеч қанақанги бўлишиш-мўлишиш йўқ. Хона бизники, қизларимники, тамом-вассалом!..
Ранги баттар оқариб кетган, қийналиб нафас олаётган Гўзалой ҳовлига аланглади, аммо бирон бўш жой, нафас ростлаб олишга, бу шармандагарчиликдан, бу хўрлик-ҳақоратдан, маломатдан яширинишга макон тополмагач, жон алфозда дарвоза томон чопди.
Эшикдан отилиб чиққанча энтикиб-энтикиб нафас олаётган, вужуди терак баргидай дир-дир титраётган қизнинг мижжаларига аламнинг аччиқ ёшлари қалқиб чиқди…
Аммо… аммо ўз уйининг дарвозаси ёнида, яна бу аҳволда узоқ туриб бўлмасди. Одамлар… одамлар ҳаммасини кўришади. Кўриш билан кифояланмасдан, ўзларича хулоса ҳам чиқаришади: «Қон йиғлаб турган экан… бежиз эмас… ташлаб кетган… балки қорнида… балки эмас, аниқ, айланай…»
Ва қиз бошини эгганча яна халоскор шифохонаси томон юрди…
«Тез ёрдам» бўлимида навбатчи шифокор Камол, ҳамшира Мунира ширинлик билан чой ичиб ўтиришарди.
Кабинетга руҳсиз тарзда «Яхшимисизлар» дея кириб келган Гўзалойни кўрган Мунира яшнаб кетди:
– Наҳотки нолаларим худога етган бўлса?!
Гўзалой ўзини мажбурлаб жилмайди:
– Шундай… уйда ўтириб зерикиб кетдим. Агар иш-пишинг бўлса, ўрнингга чиқишим мумкин.
Мунира ҳаяжон оғушида Гўзалойнинг юзидан ўпиб олди:
– Вой, дилимсиз-а, Гўзалой опа, дилимсиз! Ўзи қайнонам «Энди чилласи чиққан келинчакка ишда бало борми?» деб минғирлайвериб-минғирлайвериб, миямни қоқиб қўлимга берганди. Ҳозир уйга кириб борсам, ўзиям қувонганидан бир қарич ўсса керак. «Айтганимни қипсан-да», деб алқаши-чи!
– Бўлмаса бориб қайнонангни бир қаричга ўстир.
Мунира шифокорга қаради:
– Майлими, Камол ака?
Шифокор Гўзалойга синовчан тикилди:
– Ўз оёғи билан келиб турганидан кейин… нимаям дердим. Ишқилиб, Гўзалойхон, ишга ярайсизми?
– Ярайман.
Мунира чапак чалиб юборди:
– Вуй! Зўр бўлди-да!.. Мана, опажон, чой, мана ўзим пиширган паҳлава. Раҳмат. Илойим яхши кунларингизда қайтарай бу яхшилигингизни. Тўйингизда ўйнаб берай!
Мунира халатини ечиб, шкафга илдию, сумкасини елкасига ташлади ва хайрлашишни ҳам унутган кўйи чопқиллаб кетди.
Камол ширинликни қиз тарафга сурди:
– Марҳамат, гўзал хоним Гўзалой.
– Раҳмат, қорним тўқ.
Шифокор ҳамширага яна синовчан тикилди:
– Шунақа денг. Ўз хоҳишим билан келдим денг. Бўларкан-ку.
Гўзалой ундан кўзларини олиб қочиб, деразага қараб олди.
* * *
Ғалати бўларкан…
Ўйлаб кўрса, шунча йил яшаб, ҳали бирон марта сўроқ бермаган экан.
Ҳали бу гапни Латипов эшитиб қолса нима бўлади, тасаввур этиш ҳам қийин. Роса тутақса керак ўзиям! Бошидан тутун чиқиб кетишиям ҳеч гап эмас…
Муқаддам бошидан, сочлари орасидан қуюқ тутун чиқаётган эрини кўз олдига келтирмоқчи бўлди, аммо эплай олмади, бунинг ўрнига қаршисида худди ичида нима гаплар борлигини билиб олмоқчидай ўзига диққат билан тикилиб турган терговчини кўрди.
– Демак, сиз қизларга жой бермайман дедингиз. Шундайми?
– Мен жой сўраганларнинг қизлар эканлигини ҳам билганим йўқ, – тушунтиришга уринарди Муқаддам. – Мўйловли ҳайдовчи яна икки кишига жой берасизми, фақат уларнинг паспортлари уйда эсдан чиқиб қолиб кетибди, деди. Мен кўнмадим. Шу.
– Лекин улар барибир қизларни ўз хоналарига олиб киришган.
– Ҳа, олиб киришган. Лекин, эътиборингиз учун, эшикдан эмас, деразадан. Яширинча..
– Бу билан агар ҳайдовчилар қизларни эшикдан олиб келишганида киритмасдим, демоқчимисиз?
– Ўртоқ терговчи. Меҳмонхона ўз номи билан меҳмон-хона. Казарма эмас. Мижозларимиз ўз хоналарига истаган меҳмонларини таклиф этишлари мумкин. Биз буни ман этолмаймиз. Мижоз ҳамиша ҳақ деган қоида бизгаям тегишли.
– Бу меҳмонхонанинг эшиги куну тун очиқ дегани эмас-ку. Йўриқномага кўра, агар янглишмасам, меҳмонхонангиздаги меҳмондорчиликларга тунги ўн биргача рухсат этилган. Ана шундан кейин мижозларингиз амалдаги тартибларга риоя қилган ҳолда дам олишлари лозим.
– Биз учун кун билан туннинг фарқи қолмайди. Бунинг устига бизнинг мижозларимиз асосан кечаси келишади. Ҳайдовчилар, балиқчилар, овчилар, савдогарлар. Улар билан бир марта яхши муомалада бўлмасангиз, инжиқликларига чидамасангиз, кейинги гал хусусий меҳмонхонага ўтиб кетишади. Шу шаҳарчамизнинг ўзида бунақа мини-меҳмонхоналардан учтаси бор. Норасмийлари қанча! Шу сабабли биз ҳар битта мижоз учун курашишга мажбурмиз. Рақобат катта. Бу воқеа ҳам мижозларимизни чўчитиб қўйиши мумкин. Шуни ўйлаб эзиляпман.
– Шунақа денг. Энди бир савол. Сиз Дилобар Одилова билан Тамара Маратовани олдиндан танийсизми? Ёки улар билан аввал ҳам учрашганмисиз? Шошилмасдан ўйлаб кўриб жавоб беринг. Бу жуда муҳим.
Муқаддам ўйланиб қолди.
– Анави икки қизми… Ўзбегини қаердадир кўргандайман. Лекин аниқ эсимда йўқ. Ўрисини…
– Маратова татар миллатига мансуб. Ўзбекчани сувдай билади.
– Унисини биринчи кўриб туришим.
– Балки улар меҳмонхонангизнинг доимий… мижозларидир.
Муқаддам сесканиб кетди:
– Уларни келган мижозларнинг қўйнига ўзингиз солиб қўясиз, демоқчимисиз? Сиз анави… кал…
– Фуқаро Ибодуллаев. Вилоят ободонлаштириш бошқармасининг масъул ходими.
– Ҳа, ўша кишининг гапларини такрорлаяпсиз. Лекин бу бўлмағур сафсата, қуруқ туҳмат. Бошқа меҳмонхоналарни билмадим, аммо бизда ҳеч ким бунақа иш билан шуғулланмайди.
Жавлон стули суянчиғига суянди:
– Майли, ўртоқ Латипова, бориб ишингизни давом эттиришингиз мумкин.
– Дераза…
– Деразага ҳозирча тегмай туринг. Эшик ҳам ҳозирча муҳрланган ҳолда туради.
– Хўп.
– Марҳамат қилиб сўров баённомаси билан танишиб, имзо қўйиб беринг.
Муқаддам шаҳар ички ишлар бошқармаси биносидан чиқаркан, «Булар мени бошқа безовта қилишмайди шекилли. Яхшиси тергов берганимни Латиповга айтмай қўя қоламан», деган қарорга келди. Жим ётган арслонни уйғотишдан нима наф…
Аммо… дарвоза ёнида қовоғи солиқ, ҳурпайган Дониёр уни кутиб турарди. Капалаги учиб кетган Муқаддам айбдорона қиёфада эрининг ёнига борди. Дониёр индамай олдинга юрди, жувон унга эргашди.
– Латипов, бу сиз ўйлаган нарса эмас, – шоша-пиша ўзини оқлашга тушди Муқаддам. – Мени шунчаки, гувоҳ сифатида сўроқ қилишди. Воқеа менинг навбатчилигимда юз бергани учун, холос.
Дониёр тўхтади, хотинига диққат билан тикилди:
– Нима учун воқеа айнан сенинг навбатчилигингда юз беради?
– Бу тасодиф-да, Дониёр ака. Шунча вақтдан бери бунақа воқеа рўй бермай келаётганди-ку.
Дониёр яна юра бошлади:
– Кўза кунда эмас, кунида синади.
– Мени ҳамиша қилмаган гуноҳим учун ўзингизнинг олдингизда ўлиб-тирилиб оқлашга мажбур қиласиз, Латипов. Ахир айбим нима? Ишлаётганимми? Навбатчилигим шу кунга тўғри келиб қолганими?
Дониёр ҳужумга ўтди:
– Ҳайдовчиларнинг қони таркибида клофелин чиққани ҳам тасодифми?
Муқаддам ваҳимага тушиб қолди:
– Нима у, қора дорими?
– Уйқу дориси.
– Хайрият-эй. Мен бўлсам… Туф-туф.
– Лекин бу жиноят.
– Уйқу дорининг нимаси жиноят, Латипов? Ичса ичгандир уйқуси келмагандан кейин. Шунгаям мен жавоб бераманми?
Дониёр яна тўхтаб, хотинига қаттиқ тикилди:
– Муқаддам! Бу қасдан қилинган жиноят. Тушуняпсанми? Ўша… қизлар ҳайдовчиларга атайлаб уйқу дори беришган. Ухлатиб қўйиш учун.
Муқаддам йиғлагудай бўлди:
– Қизлар уйқу дори берган бўлса, бунга менинг нима дахлим бор?
– Дахлинг шундаки, улар бемалол, ўз уйларида ўтиргандай хотиржам ҳаракат қилишган. Демак, улар сенга ишонишган, сенинг… шерикларинг бўлишган. Бу бир. Иккинчидан, менинг сумкамда худди шунақа доридан бор эди.
– Барака топгур, шунақа доридан бўлса нима қипти?
– Энди эса йўқ!
Бу сафар Муқаддам эрига узоқ тикилиб қолди:
– Нима дейин, нима десам ишонасиз, Латипов. Ўша клофе… уйқу дорингизни мен ўғирладим, сменамга келаётиб йўл-йўлакай беш-олтитасини заҳарладим, қолганини сиз айтган ўша шерикларимга бериб, иккала ҳайдовчини ҳам ўлдириб, меҳмонхонанинг ҳовлисига кўмиб ташламоқчи эдим десам ишонасизми?
– Одамни майна қилма. Мен сенга бор гапни айтяпман.
– Мен ҳам бор гапни айтаяпман. Ҳеч қанақа дори-порингизни кўрганим йўқ, сумкангизни титкилаш одатим ҳам йўқ.
– Чўнтакларни титкилаган одам учун сумкани титкилаш нима деган гап!
– Ҳой, инсон, – ҳайқириб юборди Муқаддам, – умримда бир марта чўнтагингизни титкилаган бўлсам… ундаям… ундаям…
Аёл гап тополмасдан, йиғлаб юборди.
– Хўп, гапларинг чин ҳам дейлик, – сал паст тушди Дониёр. – Лекин ўша қизлар қасддан сени шеригимиз эди, йўқ, шерик эмас, раҳбаримиз эди деб туриб олишса нима қиласан, а?
Пиқиллаб йиғлаётган Муқаддам ҳайрон бўлди:
– Нега энди бунақа гапни айтишаркан?
– Айтишади. Дўппи тор келиб қолганда ўзлари қутулиб қолиб, сенга ўхшаган лақмани қамоққа тиқиш учун шунақанги гапларни айтишадики, ўзингнинг туя эмаслигингни исботлаш учун бутун умринг ҳам камлик қилади!
Шу гапларни айтгандан сўнг Дониёр жаҳл билан ўнгга қайрилиб кетди.
– Қанақа қамоқ? Қанақа туя? Бу… бу нима деганингиз, Латипов?
Бирон саволига жавоб ололмаган Муқаддам юлқиниб, чапга қараб юрди.
* * *
Браконьер балиқни қаерга олиб боради? Албатта, бозорга-да. Эҳтимол, улгуржи сотиб кетар, эҳтимол, доналаб. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг гирибонидан тутиб «Сен буни ноқонуний овлагансан!» дея олмайсан. У ҳам аҳмоқ эмас. Жуда тирғалиб келсанг, «Бир нотаниш одамдан оптом олдим!» деб тураверади. Ҳаққи бор. Бозор чиптасини тўлаган. Қани, эндиям бир нима деб кўр-чи бу тадбиркорга…
Бозор қайнайди. Тирик балиқларнинг ўзи неча хил, дудланган балиқлару, пивохўрлар учун тайёрланган майда шўр балиқчаларгача тур-тури билан бор.
Самад билан Қаҳҳор растадан жой олишди, балиқларни сотишга ўтиришди. Бир четда уларнинг ишини кузатиб ўтирган Бердиқул ёнига келган фуқаро кийимидаги Тоҳирни кўриб қолдию, «дик» этиб ўрнидан турди.
– Бизга нима хизмат, начайник? Балиқнинг қилтаноқсизидан бор, берайми, томоғингиздан силлиққина ўтиб кетади. Айтишларича, мусодара қилинмай қолган балиқнинг гўшти бошқача ширин бўларкан.
Ғазабдан ранги ўчиб кетган Тоҳир Самад билан Қаҳҳорга ишора қилди:
– Ўғирлик балиқларини сотишяптими?
– Ҳай-ҳай, унақа деманг, начайник. Туҳмат қилманг. Нима, уларни ўғирлик устида қўлга туширдингизми, қўлингизда ашёвий далил борми, гувоҳларин-гиз-чи? Эски мақолни унутманг, камандир: ўғри ўғри эмас, қўлга тушган ўғри. Мен бунга қўшимча қилган бўлардим: қўлга тушган эмас, ўғрилиги исботланган ўғри.
– Ҳали қўлимгаям тушиб қоларсан! Бу сафар энди ситилиб чиқиб кетолмайсан!
– Омон бўлсак кўрамиз, камандир. – Бердиқул соатига қаради. – Адашмасам, сизнинг инспекторлик сменангиз тугаганига беш соату ўттиз етти дақиқа бўлди. Шундай экан, бозорга келиб, ҳалол тирикчилик қилаётган, лицензияли балиқчилардан арзонроққа улгуржи балиқ сотиб олиб, қимматроққа пуллашга уринаётган бечораларни ҳақорат қилишингизни мен инсон шаъни ва ғурурини топташ, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш деб ҳисоблайман. А, сиз ўзингиз буни нима деб ҳисоблайсиз, камандир?
Тоҳир жаҳл билан ерга тупурди-да, нари кетди. Бердиқул унинг ортидан мазахомуз қараб қолди.
– Ана кибру, ана ҳаво! Отдан тушсаям эгардан тушмайди бу! – деди у сотувчиларнинг ёнига боргач. – Нега бунча имиллайсизлар? Жони бордай бақириб-чақириб, мақтаб-мақтаб ўтказиб юбормайсизларми! На овозларинг чиқади, на…
– Бугун ўзи ҳамма ёқ балиқ экан, – ўзини оқлади Самад. – Ўзи боя улгуржи бериб кетаверсак бўлар экан.
– Сув текинга-я?! Топибсиз аҳмоғингизни!
Қаҳҳор гапга аралашди:
– Лекин бу аҳволда кечгача турсак ҳам бунинг кетиши қийин.
Бердиқулнинг росмана жаҳли чиқди:
– Э, оғизларингга чайнаб берса, ютишниям эплолмайсизлар! Ландавурлар! Сал арзон қилинглар бўлмаса! Шуниям ўргатиш керакми?
Самад хавотир ичда у ёқ-бу ёққа аланглаб, шивирлади:
– Бундан арзон қилолмаймиз.
Бердиқул ҳайрон бўлди:
– Нега?
– Йўл қўйишмайди, – яна шивирлади Самад.
– Ким? – таажжубланди Бердиқул.
– Бу ернинг ўз эгалари бор, ука, – энди пичирлашга ўтди Самад.
Бердиқул қаддини керди:
– Ким экан ўша эгалари? Қани, бир эркакча гаплашиб қўяйлик-чи. Мен уларга бировнинг ҳалол йўл билан овлаб келган балиғига хўжайинлик қилиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяман!
Самад жон ҳолатда Бердиқулни елкасидан тутиб, унинг қулоғига шипшиди:
– Бас қилинг. Улар гаплашиб ўтиришмайди. Балиқ-малиғингиз билан қўшиб керакли жойларга топшириб юборишади. Кейин у ердан осонликча қутулолмайсиз.
– Нега энди топширишаркан? Балиқ бизники-ку.
– Балиқ бизники, лекин бозор уларники. Арбоб билан олишмаган маъқул, ука. Ундан кўра балиқни шундай ташлаб кетган яхшироқ.
Бу жумбоқ Бердиқулнинг бошини оғритиб юборди:
– Уф-ф!.. Бу нима деганингиз?
Самад дарвоза томонга ишора қилди:
– Ана, яна битта гўшт.
Бердиқул шу ёққа қаради. Эллик ёшлардаги, озғин эркак балиқ тўла ғилдиракли аравани итариб келмоқда эди. Унга қабариқ кўзойнак таққан, бозор ходими кийимидаги, боягина Самадга балиқларини улгуржи нархда сотиб кетишни маслаҳат берган семиз йигит ҳарсиллаб-пишиллаб яқинлашиб, йўлни тўсди:
– Мумкин эмас! Олибсотарларга мумкин эмас!
Эркакнинг жаҳли чиқди:
– Э, қанақа олибсотар? Бу ўзимизнинг ҳовузда кўпайтирилган балиқ! Тушундингми, ўзимизнинг ҳовлидаги ҳовузда! Қишлоқ фуқаролар йиғинидан маълумотномам ҳам бор.
– Жа ишондим-да, – сурбетларча тиржайди йигит.
– Сенга ўхшаганлар учун олиб қўйганман ўзи. Мана!
– Қани, – йигит маълумотномани олди. – Хўш, «…қишлоқ фуқаролар йиғинидан шул ҳақдаким… ҳақиқатан ҳовлисида балиқ етиштирадиган ҳовузи бор».
– Бўлдими, ука?
Йигит маълумотномани қайтариб бераётган маҳал бирдан тўхтаб қолди:
– Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор-да, ака.
Эркак ҳайрон бўлди:
– Тушунмадим, ука, яна қанақа томони?
– Гап шундаки, сиз ўтган ҳафта ҳам келиб балиқларингизни сотиб кетгандингиз. Ҳеч ким ҳеч нима демаганди. Ёқиб қолди шекилли, ё яхши фойда кўрдингизми, яна қайтиб келипсиз. Лекин бу ерни бозор деб қўйибдилар. Бозорнинг эса ўз эгалари, раҳбарлари бор. Бозор бедарвоза эмас. Манави сохта маълумотномани эса, – йигит маълумотномани йирта бошлади, – кўпи билан битта лаққа эвазига ёздириб олган бўлсангиз керак. Демак, сиз ҳақиқатан ҳам олибсотарсиз. Меҳнат қилмасдан даромад кўрмоқчи бўляпсиз. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр деганлари шу-да. Бу эса яхши эмас. Яхшиси, келишинг. Келишганингиз ўзингизга яхши. Бўлмаса ишингиз солиққа ўтиб, отнинг калласидай жарима тўлашингизга тўғри келади. Кейинги сафар яна шунақа қиладиган бўлсангиз, текис йўлда келаётган аравангиз чуқурга қулаб кетиши мумкин. Нимагадир чуқурга қулаган араванинг ичидаги балиқларни шу ернинг ўғрилари бир зумда хомталаш қилиб кетишади. Бир зумда! Одамларда инсоф йўқ-да, ака, инсоф. Кейин араванинг эгаси минг югурсин-елсин – бир тийин: ҳеч нарсани исботлай олмайди. Эришгани бозордан қувилиш бўлади. Бундай одам қайтиб бу ерда қорасини кўрсатмагани маъқул.
Эркак довдираб қолди, ранги қумдай оқарди:
– Лекин, ука…
– Яхшиликча келишамиз-а, ака? Улгуржи ташлаб кета қолинг, йигитларга айтаман, олишади.
Эркак бош эгди.
Бу воқеани кўз остидан кузатиб турган Бердиқул тутақиб кетди:
– Э, кетдик-э!.. У-бу нарса еб олайлик.
Бердиқул бозор адоғидаги ошхона томон юрди.
Ҳайрон бўлган Қаҳҳор шеригига қараб, балиқларга ишора қилди.
– Буни бўри ермиди! – деди Самад. – Ана, қўшниларга айтамиз, қараб туришади.
– Майли, майли.
Бердиқул чеккароқдаги столда уч косада ош, бир шиша ароқ, бир ликопчада шўр бодринг олиб ўтирган экан. Самад билан Қаҳҳор қўлларини ювиб келишди.
Бердиқул ароқ шишасини олифталарча тагига уриб очгач, учта пиёлага тўлдириб қуйди. Самад бир пиёлани нари сурди:
– Биз рулда-ку.
Бердиқул бу пиёлани ҳам ёнига олди, учинчи пиёлани Қаҳҳорга тутди:
– Ичим ёниб кетяпти.
Самад кулди:
– Ёнаётган ичингизга яна олов қуйиб нима қиласиз?
– Бу нима деганинг? – шеригини жеркиб берди Қаҳҳор. – Ичмагандан кейин жим ўтир-да бировларнинг иштаҳасини бузмай. Аччиқниям аччиқ кесади билсанг. Олдик.
Пиёлалар тўқиштирилди.
– Олдик. Банияти шифо.
Бердиқул аввал биринчи пиёлани, кейин иккинчисини ичиб юборди, Қаҳҳор ҳам пиёласини бўшатди.
Самад ош солинган косани қўлига олди:
– Қозоқи пиёладай келаркан-а. Каттароқ ошасанг ё бир ошам келади ё келмайди. Чап ичакка ҳам юқ бўлмайди-ку бу.
– Бу ерни шаҳар дейдилар, – илжайди кўзлари ёшланган Бердиқул. – Шаҳарликларнинг ошқозони юпқа бўлади. Ҳалиям бу бутуни, яримта олганимда нима қилардингиз?
– Ҳеч нарса қилмасдим. Нон бор экан-ку, шундан қўймасин.
– Балиқ бунақа сотилишида кабоб ея олмайдиганга ўхшаймиз, жўралар, – деб қолди Қаҳҳор. – Қани энди Тошкентга оборсак. Бу ердан уч баробар баланд нархга супуриб олиб кетишаркан.
– У ёқнинг ҳам ўз бўрилари бор, – дарҳол шеригининг попугини пасайтиришга тушди Самад. – Ҳар ерни қилма орзу…
Бердиқул тўсатдан пешонасига бир шапатилади:
– Калла энди ишлаб қолди. Ўзи олдинроқ ичсам бўларкан! – У қўл телефонини олиб рақам терди, аппаратни қулоғига олиб борди. – Тош! Ўзингмисан! Ҳа, бу мен… Раҳмат… Раҳмат… Хизматми? бир оз балиқ бор эди, шуни тузукроқ нархда ўтказиб бероласанми? Ҳа, тирик балиқ… Ўзи Тошкентда килоси қанчадан? Қанча дейсан?.. Албатта, албатта, Тош. Бу гапинг ҳам тўғри. Хўп. Етказаман… Хизмат дейсанми? Ҳа, агар имконинг бўлса, бир кичкина илтимосим ҳам бор эди… Ҳа, уч мингча… Келишдик. Раҳмат, оғайни. – Бердиқул телефонни ўчириб, шерикларига ғурур билан боқди. – Анави ёқда бирга ўтиргандик. Тошкентнинг бозорлари қўлимда, кел, бирга ишлаймиз, олти ойда тувагингни тиллодан қилиб ташлайман дерди. Телефонини эслаб қолганим яхши бўлган экан.
Самад ҳовлиқиб қолди:
– Нима деди? Килосини қанчадан оларкан?
– Тош унақа майда йигитлардан эмас. Опкелсанг эллик-олтмиш кило қилиб ўтирмасдан, бир йўла учтўрт тонна олиб кела қол. Тузукроқ фойдаям кўрасан. Менга сенинг бир тийининг керак эмас, деди.
– Э, қойил! – ҳайратланиб бош чайқади Қаҳҳор.
– Бу гапи тўғри лекин, – бирдан калласи ишлаб кетди Самаднинг ҳам. – Эллик-олтмиш кило оборадиган бўлсак, кўрган фойдамиз бензин пулидан ортмайди. Лекин бунча балиқни қаердан оламиз? Балиқ-ку, топилар. Лекин қайси пулга оламиз?
Бердиқул билан Қаҳҳор худди келишиб олгандай Самадга тикилиб қолишди.
– Нега менга қараб қолдиларинг?
– Мен яқинда укамни уйлантирдим, – тушунтирди Қаҳҳор. – Сен бўлса энди келин туширасан. Демак, пулинг бор.
Бердиқул қўшимча қилди:
– Пулингизни бир айлантириб, икки-уч баробар кўпайтириб олсак ёмонми?
Самад иккиланиб қолди:
– Ўзи у одам… ишончлими?
– Унақа одамларга бунақанги саволлар берилмайди. Шартта юзингизни тилиб ташлаши мумкин.
Бердиқулнинг бу гапи Самаднинг шубҳаларини тарқатиб юборгандай бўлди.
– Во-ей… Балки насияга гаплашиб кўрармиз. Бу ердан оладиган балиғимизни айтяпман.
– Унақа аҳмоқларни қаердан топасан? – кулди Қаҳҳор.
– Уф-ф!.. Нима бўлса Самад, Самад! Ўлмаган жоним!
Бу Самаднинг рози бўлгани эди. У ўрнидан турди.
– Мен бўлмаса уйга бориб, борини қиртишлаб келай-чи.
– Бир машина балиққа етадиган бўлсин, – тайинлади Бердиқул. – Машинани ўзим гаплашиб қўяман. Бир-иккита ходка қилайлик, кейин бунақа ишлар учун алоҳида пул ажратиб қўямиз.
Самад кетди. Бердиқул пиёлаларга тўлдириб ароқ қуйди:
– Қани, олдик! Бўлғуси муваффақиятлар учун! Бизнинг кўчамизда ҳам байрам бўлсин!
– Байрам бўлсин!
Бердиқул ароқни ичиб, пиёлани жойига қўйгач, столдаги нарсаларни Қаҳҳор томон сурди:
– Сиз бемалол. Самад ака қайтгунича бир жойга ўтиб келаман. Бир йўла машинани ҳам гаплашиб келаман.
Шўр бодринг газак қилаётган Қаҳҳор бошини силкиди:
– Хўп, хўп.
Бердиқул шошиб ошхонадан чиқди.
Худди шуни кутиб тургандай, эшикдан чиққан маҳал унинг ёнига кўзойнакли бозор ходими ҳарсиллаб-пишиллаб етиб келди:
– Ака, нима бўлди, оптом ташлаб кетаверасизми?
– Боя айтган нархинггами?
– Ҳа, ака. Ёмон нарх айтмадим-а.
– Энди… – Бердиқул бош бармоғини кўрсаткич ва ўртанча бармоғи орасига суқиб кўрсатди: – мана сенга балиқ, бақалоқ!
Кўзойнакнинг ранги ўчиб кетди:
– Ака, ҳаддингиздан ошманг, яхшиликча таклиф қилдим. Хўжайинлар эшитса хафа бўлишади. Бунинг оқибати…
– Қўлингдан келганини қил, тўрткўз! – беписанд оҳангда гапирди Бердиқул. – Хоҳласанг, ҳозир мен билан биттама-битта чиқ. Эзиб ташлайман! Хоҳласанг чоп, бориб суюнчи ол. Беш йил ўтириб келган биттаси балиғини биз айтган нархда сотмасдан, шаҳарга олиб кетди дегин. Бор!
Кўзойнак жойида анграйиб туриб қолди, сўнг балиқ растаси томон зипиллаб жўнади.
Ўз-ўзидан мамнун бўлиб бораётган Бердиқул эса бозордан унча узоқ бўлмаган «Кўз зиёси» хусусий шифохонасига деярли югуриб келди. Деворларига «Барча кўз касалликларини тузатамиз», «Кўз нурини қайтарамиз!», «Янгилик: лазер жарроҳлиги!» ёзувлари осиб қўйилган шифохонанинг кўз таниш бўлиб қолган ёшгина жарроҳи Бердиқулни мулозамат билан кутиб олди.
– Ўша гап – гап, ака. Худо хоҳласа момойни олиб келасиз, уч кунда кўрмагандай бўлиб, тузалиб кетадилар, – дея ваъдани катта бериб юборди шифокор.
– Раҳмат, ука, – қўлини кўксига қўйди Бердиқул. – Бутун умидим сиздан.
– Биз сизга ўхшаганларнинг умидини оқлаш учуноқ шу ерда ўтирибмиз-да, ака, – янада баланддан келди шифокор. – Нарх ўша келишганимиз. Олдиндан юз фоиз. Лекин буни бировга айтиш шарт эмас.
– Албатта, ака, албатта. Насиб қилса эртага ё индинга бус-бутун қилиб олиб келаман.
– Бу яхши, – Бердиқулнинг қувончига шерик бўлди шифокор. – Лекин ўтган куни бошқача гапиргандингиз. Нима, хазина топдингизми, а?
Бердиқул лаб-лунжини йиғиштиролмай қолди:
– Э, йўқ. Бир қадрдон дўстимни топиб олдим бугун. Шунинг олдига кетяпман. У хазинадан ҳам авло.
– Унда яхши бориб келинг, ака. Эслатиб қўяй: эрталаб пул, кечқурун операция. Бизники хусусий. Навбат-павбат, дори-пори деб ўтирмаймиз. Пулни олдикми, ишга киришамиз. Натижа гар-рантия!
– Раҳмат, дўхтир. – Бердиқул ўрнидан турди. – Раҳмат.
– Э, раҳматни кейин, момойнинг кўзлари чароғон бўлиб кетганидан кейин айтасиз…
Шундан кейин ҳам одам қувонмай бўладими!..
Мана шу кайфият таъсирида бўлса керак, Бердиқул қолган ишларни жуда енгиллик билан, ҳатто, айтиш мумкинки, ўйнаб-кулиб бажарди: ёнбошига «Тирик балиқ» деб ёзилган машина шопири билан гаплашди, қадрдони Тошга қўнғироқ қилиб:
– Биз йўлга тушяпмиз, – деб айтиб ҳам қўйди.
Бунга жавобан Тош аллақачон бозорни гаплашиб қўйганини, бемалол келаверишлари мумкинлигини айтганида эса ногоҳ босиб келган шодон ҳаяжон пўртанасидан Бердиқулнинг боши айланиб кетгандай бўлди…
* * *
Ҳайдовчилар сўроғи узоққа чўзилмади. Бунинг устига ҳар иккалови жойида типирчилаб, учиб кетгудай бўлиб ўтиришарди.
– Терговчи ака, – охири ялинишга ўтди иккинчи бўлиб терговчининг олдига кирган Акбарали. – Энди, агар саволларингиз тугаган бўлса, бизга жавоб берсангиз. Тез гастинисага бормасак бўлмайди. Уйимиз куяди!
– Бунча ваҳимага тушасиз? Машинангиз турибди, ўзим кўрдим, пломбалар жойида.
– Ахир биз почтачилик ҳам қилиб турамиз-да.
Терговчи жойлашиброқ ўтириб олди:
– Тушунтириброқ гапиринг, Мўминов. Қанақа почтачилик?
– Ғиёснинг тоғаси бор. Кабир ака деган. Ўша кишининг укаси Тошкентда ҳовли сотиб олаётган экан. Кабир ака «Нексия»сини сотиб, биздан укасига пул бериб юборганди. Жигарига ёрдам-да. Тошкентда ҳовли олишнинг ўзи бўладими?
– Қанча?
– Ўн тўрт миллион сўм.
Терговчи ҳуштак чалиб юборди:
– Шунча пул меҳмонхонадаги хоналарингизда турибди, демоқчимисиз?
– Ҳа. Дипломатда. Лекин… – иккиланиб қолди Акбарали, – менинг қўрққаним…
– Давом этинг.
– Бошим ҳалиям ғувиллаб турибди. Ҳушимдан кетишдан олдин ўша дипломатни анави қизларнинг қўлида кўргандайман…
– Дипломат қулфланганмиди?
– Ҳа.
– Унда чўчимасангиз ҳам бўлади. Одилова билан Маратова меҳмонхонадан олиб чиқиб кетилаётганида қўлларида ҳеч қанақа дипломат йўқ эди.
Акбарали енгил нафас олди:
– Хайрият-эй… Лекин, ака, яна бир нарса бор-да. Шундан қўрқаяпман-да.
– Нима экан у?
– Мен дипломатни қизларнинг қўлида очиқ ҳолда кўргандайман.
– Буниси энди қизиқ. Демак, калитни ўзларингиз бергансизлар.
– Йўғ-э! – жон ҳолатда эътироз билдирди Акбарали. – Калит Ғиёснинг бўйнида осилиб турибди, ўз кўзим билан кўрдим.
– Шунақа денг. Қизиқ… Одилова билан Маратова машинага чиққанидан кейин сиз шеригингиз билан пул ҳақида гаплашмадингизми?
– Йўқ.
– Дипломат қаердайди?
– Ёстиқнинг тагида. Кўринмай турганди.
– Ҳм-м… Сиз чўчиманг. Хона муҳрланган. У ерга ҳеч ким киролмайди.
– Лекин барибир, ака, катта пул…
Акбарали баённомага имзо қўйиб чиққач, терговчи савол назари билан ёрдамчисига қаради.
– Ҳайдовчиларнинг кўрсатмалари бир-бирига тўғри келяпти, – деди Асқарали. – Афтидан, бу ерда гапнинг ҳаммаси аёлларда. Шерше ля фам.
Жавлон бош ирғаб қўйди:
– Мени бир нарса ўйлантиряпти. Наҳотки Дилобар Одилова тўйга кийимлари солинган сумка кўтариб борган бўлса?
Асқарали керакли баённомага кўз ташлаб, ўқиди:
– «Хонада менинг шахсий косметикамдан у-бу нарсалар, кийимларим солинган сумкам тушиб қолибди. Ўшаларни бориб олишим мумкинми?» Балки тўйда кийимини алмаштиргандир?
Жавлон бир муддат ўйланиб қолди, сўнг ўрнидан турди:
– Асқаралибек, меҳмонхонага ўтиб келишимизга тўғри келади. Машина чақиринг.
– Хўп бўлади, ўртоқ капитан.
Шаҳар кичкина эмасми, орадан чорак соат ўтар-ўтмас улар меҳмонхонада эдилар.
Муҳрланган хонадан арзирли бирон далилий ашё чиқмади. Хонани тинтавериб чарчаб кетган Асқарали:
– Уф-ф! – деб юборди. – Бу ерда косметиканинг «к» ҳарфи ҳам йўқ-ку, Жавлон ака.
Қўлқоп кийган терговчи индамай ювиниш хонасига кирди, диққат билан ҳар ёққа қарагач, энгашиб, ванна тагига кўз ташлади-ю, қўл чўзиб, каттагина дипломатни суғуриб олди
Жавлон дипломатни полга қўйиб, қулфчалар тепасидаги бўртиқларни босган эди, иккала қулф ҳам «ширқ» этиб очилди. Дипломат ичи дасталанган пулларга тўла эди.
– Косметика йўқ, лекин бошқа нарса бор, – дея мийиғида илжайиб қўйди терговчи.
* * *
Вақт пешинга яқинлашди ҳамки, «уч оғайни ботир»дан дарак бўлавермади.
Хавотирга тушган Гулноза онаси билан дарвоза ёнидаги қўлбола ўриндиққа чиқиб ўтирди-да, йўлнинг қарши тарафидаги дарахт соясида майда-чуйда сотиб ўтирган, беўхшов семириб кетган Зуҳрани ер остидан бир оз кузатди.
Ў, бир пайтлар сочи тақимини ўпадиган қиличдай қиз эди Зуҳра! Мактабнинг қайси бир тадбирида битирувчи синфда ўқиётган Гулнозани спорт залига алдаб олиб кирган ва титраб-қақшаганча: «Тоҳирни тинч қўй, бўлмаса!…» дея худди бўғиб ўлдириб қўядигандай пўписа қилган шу кўккўз қиз эди-да. Ўшанда, албатта, Гулноза мағрур тарзда «Э, бор, пишириб е ўшанингни!» деган, аммо барибир Тоҳирнинг бу қизга қайрилиб қарамаслигига ишончи комил бўлганидан, бадхоҳларча қувониб ҳам қўйганди… Ў, ёшлик! Ана, иккаловига ҳам насиб қилмади-ку Тоҳирбой… Зуҳраой қўшни қишлоққа эрга чиққанди, аммо турмуши бўлмади: икки боласи билан қайтиб келди.
Ғалати томони – мактаб давридан бери Зуҳранинг Гулнозани кўргани кўзи, отгани йўқ. Бўлмаса қанча сувлар оқиб кетди… Йўқ, барибир, Гулнозага кўзи тушса бас, Зуҳра бирдан тумшайиб қолади, унинг саломига алик олмайди, ўзи биринчи бўлиб сўрашишни-ку, хаёлига ҳам келтирмайди. Буни кўриб Гулнозанинг энсаси қотади, бир кўнгли тўғри бориб бу аразчи жувонга: «Нима, мен еб, сен қуруқ олдингми? Оч-да энди қовоғингни!» демоқчи ҳам бўлади, аммо шайтонга ҳай беради… Зеро ўзи йўқ пайтлари Зуҳраой ота-онасининг ёқасидан кириб енгидан чиқишини, елиб-югуриб уларнинг хизматида бўлишини Гулноза яхши билади… Мана, ҳозир ҳам уни кўриб кўрмаганга оляпти, атай шу томонга қарамаяпти. Ў, доғули!..
Қариб қолибди шўрлик… Дарвоқе, адашмаса, Зуҳра ундан икки ёш кичик эди. Демак, ўзи ҳам олма билан ўрик эмас…
Ёқимсиз ўйлардан тезроқ қутулишни истаган Гулноза онасига ўгирилди:
– Почтага ўтиб келсаммикан?
Маърифат хола хотиржам эди:
– Қўявер. Учаласи йиғилса, гурунглариям тугамайди, баҳслариям. Келиб қолишади.
– Ишқилиб, отам чарчаб қолмасмиканлар?
– Чарчамайди. Ўзи менга билдирмайди-ю, лекин ҳар куни шуларнинг йўлига илҳақ кўз тикиб ўтиради. Одам қаригандан кейин дўст-биродарларигаям суяниб қоларкан-да.
– Мен бўлсам отам сизга, сиз отамга суяниб қолишингизни истайман.
– Ҳалиям шундай.
Гулноза онасига ҳайрон бўлиб қаради:
– Буни оддий гапдай айтяпсиз-а, эна.
– Ўзи шундай бўлади-да, қизим, – кундан кейин тун келиши ҳақидаги жўнгина ҳақиқатни тушунтираётгандай таъкидлади она. – Қариганингда биласан.
Гулноза ўйчан бош чайқади:
– Йўқ, эна, бизда… бизда бундай бўлмайди. Биз бир-биримизга суянмаймиз.
Сал жаҳли чиққан Маърифат хола қизини тергаб қўйди:
– Отангнинг олдида уйтиб мўлтирайверма. Қизинг бўй етиб турибди, ахир.
Гулноза уф тортди:
– Аввал қизим туғилди деб чидадим, кейин ҳали кичкина деб. Мана энди бўйи етиб қолди деб чидаяпман. Худо хоҳласа, энди неварали бўлдим, деб озроқ чидаб берсам, қарабсизки, шу билан умр ўтиб турибди-да.