Электронная библиотека » Абдукаюм Йулдошев » » онлайн чтение - страница 13

Текст книги "Дарё"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Абдукаюм Йулдошев


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 13 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Жажжи сумкачасини елкасига ташлаб олган Дилобар бир сўз демасдан, таманно билан ҳайдовчининг ёнидан жой олди.

– Дугонангиз ҳам биз билан кетадими? – деб сўради ҳайдовчи.

Бунақа маҳаллари одамларнинг ички ўй-хаёлларини уқиб олиш бўйича қандайдир яширин истеъдоди юз кўрсатиб қоладиган Дилобар:

– Биринчидан, – дея таъкидлаб гапирди ҳайдовчи томон ярим ўгирилгач, – бу аёл менинг дугонам эмас, шунчаки танишим. Иккинчидан эса, яхши йигит, эътиборингиз учун, бу аёлнинг қиличдай эри бор. Шунинг учун сузилавермасдан, ҳайданг!

Шариф газни босди:

– Мен бир нарса дедимми…


Йўқ, Шариф қизни «энг қимат ресторан»га бошлаб бормади. Улар кичикроқ қаҳвахонага киришди.

Майин мусиқа эшитилиб турган ўртачароқ залда мижоз кам эди.

Шариф мусиқадан узоқроқ жойни, энг чеккадаги столни танлади.

Залга мамнун аланглаган Дилобарнинг кайфияти бирдан бузилди: бу чеккада фуқаро кийимидаги терговчи Жавлон Сулаймонов ёлғиз овқатланмоқда эди.

Ҳар тугул, мардлиги ҳам бор шекилли, илдам етиб келган официант жувонга Шариф бир дунё егулик айтиб ташлади, лекин ичкиликдан воз кечди, «рулдаман» деди, Дилобардан номига бўлсин «Нима буюрай?» деб сўрамади; афтидан, қиз боланинг спиртли ичимлик ичмаслиги унга кундай равшан эди.

Дилобар овқатларни танлаб-танлаб ея бошлади.

Қиз кутганидай, орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас Шариф куйиб-пишиб арзи ҳол қилишга тушиб кетди:

– Йўқолган пичоқнинг сопи олтин бўларкан, Дилобархон. Бўлмаса законний ажрашганимизга уч йилдан ошди. Холида бўлса, кун бермайман деб қасам ичганми нима бало, ҳалигача ортимдан одам қўйгани-қўйган. Унинг дастидан бир ерга боролмайман, борсамам хотиржам ўтиролмайман, биров билан танишолмайман! Шуям ҳаёт бўлдими, тўғрими?

– Тўғри. Нима ҳаққи бор сизнинг шахсий ҳаётингизга аралашишга? Расман ажрашган бўлсаларингиз.

Ўзига ўзи ачиниб, хўрликлари келиб кетган Шариф «қулт» этиб ютиниб қўйди:

– Менам шуни айтаман-да. Энди мен билан нима иши бор? Ахир менинг ҳам бахтли яшашга, иккинчи ярмимни қидириб топишга ҳаққим бор-ку, тўғрими?

– Буям тўғри.

– Биламан, Холида бу ергаям ўзининг биронта шпионини юборган. Ҳозир ўша аблаҳ «қилт» этмай бизни кузатиб ўтирган бўлса керак.

Бу гапни бош ирғаб маъқуллаган Дилобар атрофга аланглаган бўлиб, терговчига қараб қўйди:

– Кўрдим, биттаси биздан кўз узмай ўтирибди.

– Қаерда? Қани? – питирлаб қолди Шариф.

Қизиқ, Дилобарнинг назарида, айни пайтда бу одам шундай бўлаётганидан ич-ичидан хурсанддай эди. Шундай бўлса-да, қиз ўйинни давом эттирди:

– Орқангизда. Охирги столда. Кўзини узмай қараб турган экан. Мен қарасам, дарров ўзини овқат еяётганга солди. Тажрибалиларидан бўлса керак-да.

Эркакнинг қўллари мушт бўлиб тугилди:

– Мен ҳозир бориб унинг таъзирини бериб қўяман.

Бунақа пайтларда Дилобар пишанг беришни боплайди:

– Эҳтиёт бўлинг, Шариф ака. Спортсменга ўхшайди.

Шариф ортига ўгирилиб, хотиржам овқатланаётган терговчига синчков назар ташлади:

– Э, мен ундан зўрлариниям чалпак қилиб ташлаганман, Дилобархон.

– Из қолмайдиган қилиб уринг, – маслаҳат берди қиз. – Муғомбир-да, муғомбир, сизнинг қараганингиз-ни кўрганидан дарров овқатига ёпишиб олди. Қўрқди! Сиздан қўрқди лекин! Лекин энди аяманг!

Шариф ўрнидан турди:

– Қип-қизил жосуслиги башарасидан кўриниб турибди.

– Ҳа, менгаям шубҳали кўринди, – оловга мой сепишда давом этди қиз. – Жуда шубҳали. Чўнтагида камерасиям борга ўхшайди. Билдирмай видеога оламан деган-да!

– Олса-олаверсин! Ундан қўрқадиган аҳмоқ йўқ!

Шариф тўғри Жавлоннинг ёнига келиб, қўлларини столга тиради:

– Менга қара, олифта, сен…

Кутилмаган ташрифдан ҳайрон бўлган, аммо буни билдирмасликка уринган терговчи санчқини ликопчага қўйиб, Шарифга қаради:

– Ассалому алайкум. Менда ишингиз бормиди, ака?

– Менга қара, сен… сен нега менинг… – Шариф шу томонга мазахомуз тикилиб турган Дилобарга ишора қилди: – хотинимга ёмон қараяпсан?

Дилобарни таниган Жавлон қулоқларига ишонмади:

– Кимга? Хотинингизга? Одилова қачондан буён сизнинг хотинингиз бўлиб қолди? Ё бугун ЗАГСдан ўтдиларингизми?

Шариф қутуриб кетди:

– Ҳали унинг фамилиясиниям билиб олдингми, исковуч? Мана сенга!

Шариф муштини сермади, аммо терговчи осонлик билан унинг қўлини маҳкам тутиб қолди-да, қайирди. Оғриқдан додлаб юборган Шариф «гуп» этиб ерга қулади.

Тўполонга официантлар билан қаҳвахона мудири чопиб келишди.

Жавлон уларга чўнтагидан гувоҳномасини олиб кўрсатди:

– Ҳаммаси жойида. Хўрандангиз сал кўпроқ ичиб қўйибди.

Жавлон ғалаба нашинасидани суришга ҳозирлик кўраётган Дилобарга бир қараб қўйгач, хотиржам тарзда овқатланишда давом этди. Мудирнинг ишораси билан официантлар оҳ-вой қилаётган Шарифни ердан турғазиб, столига суяб боришди ва жойига ўтқазиб қўйишди.

Ҳафсаласи пир бўлган Дилобар афтини бужмайтирганча овқатланишда давом этаверди.

– Ростданам спортсмен экан, энағар! – ўзини оқлашга уринди Шариф.

– Хотинингиз… собиқ хотинингизни айтаман, – ачитиб гапирди қиз, – яхши йигитни танлабди лекин. Дидига қойилман.

Шариф бунақа вазият учун фавқулодда тез сергак тортди:

– Бу нима деганингиз?

– Келишган, ёш, бақувват йигит экан. Бунақалар билан менам жон-жон деб танишган бўлардим. Хотинингиз бало!

Дилобарнинг нима демоқчилигини фаҳмлаган Шариф довдираб, аранг ғўлдиради:

– Лекин… лекин Холида унақа аёл эмас.

– Қанақа аёл эмас? – темирни қизиғида босиб қолишга уринди қиз.

– Эркаклар билан танишадиган аёл эмас. У… жуда одобли…

– Сизнингча, – Жавлон томон ишора қилди Дилобар, – сизнингча, бу йигит хотинингизга… ҳа, майли, собиқ хотинингизга текинга хизмат қилиб беряптими?

– Текинга эмас, албатта. Пулга-да! – енгил тин олди эркак.

– Пулга эмас, Шариф ака. Бошқа нарсага…

Гавдаси баҳайбат бўлгани билан Шарифда ёш боладек ишонувчанликми, соддаликми бор эди. Ҳозир ҳам қизнинг қармоғига илинди-қолди.

– Ни-нимага?

– Нимага эканлигини ўзингиз яхши тушуниб турибсиз. Ахир бу йигитга пул керак эмаслиги шундоққина кўриниб турибди-ку.

Эркак жон-жаҳди билан собиқ хотинини оқлай бошлади:

– Лекин… лекин Холида виждонли… Холида унақа аёл эмас!

– Унақа аёл эмас… эди! Мана энди эркин қуш. Хоҳлаган одами билан танишади, хоҳлаган жойига боради. Маза! Хоҳласа майиз еган хотин бўлади, хоҳламаса майиз емаган.

– Холида… ахир у мени пойлаб юрибди-ку, – сўнгги дастагини ишга солди эркак.

Қиз пинак бузмади:

– Бу шунчаки ниқоб, холос. Агар сиз айтгандай, виждонли бўлса, у ер-бу ери тутаб қолаётган виждонига сув сепиб қўйиш учун бу ўйин.

Шариф бир муддат анграйиб қолди, сўнг кўзларига қон қуйилиб, пешонасига реза-реза тер тошганча ўрнидан тура бошлади:

– Мен ҳозир бориб уни… уни…

– Агар мен эркак бўлганимда, аввал анавининг, – Дилобар яна Жавлонни кўрсатди, – боплаб таъзирини берган бўлардим. Бирон қоронғироқ жойда пойлаб турардим-да, калласига лўм биланми, ғишт биланми қарсиллатиб солардим. Ё бўлмаса оч биқинига «ғарч» этказиб пичоқ санчиб, бураб-бураб олардим. Кейин биларди бу олифта бировнинг собиқ хотинига кўз олайтириш қанқа бўлишини!

– Йўқ, – бош чайқади бу йўриққа юргиси келмаган Шариф, – мен аввал бориб… Холида билан гаплашаман… Нима ҳаққи бор унинг, а? Нима ҳаққи бор…

Шарифнинг ростдан ҳозирнинг ўзида собиқ хотинининг ҳузурига чопиб кетишга тайёрлигини сезган Дилобар уф тортиб қўйди:

– Ҳеч бўлмаса ҳисоб-китоб қилиб кетарсиз, жигит. Ё хотинингизнинг… собиқ хотинингизнинг хиёнати баҳона думингизни хода қилиб қочиб қоласизми?

Шариф чўнтагидан икки даста пул олиб, столга қўяркан, дунёда ўзининг собиқ хотинидай яхши аёл борлигини билмайдиган қизга ғазаб аралаш ачиниб қаради:

– Холида… Холида ҳеч қачон менга хиёнат қилмайди. Шуни билиб қўйинг! У… у бошқача хотин! Бошқача!

Шариф қаҳвахонадан деярли югуриб чиқиб кетди.

– Кайфиям тарқаб кетди-я.

Дилобар терговчи ўтирган столга қаради. Аммо стол бўш эди. Қиз телефонини олиб, рақам терди:

– Тамарчик!.. Олдимда бир стол овқат. Пули тўланган. Ейишга одам керак, холос. Келмайсанми?.. Жа ишондим-да. Кечадан бери туз тотмагансан-ку… Бўпти, унда аввал ўзим иссиқ-иссиқ еб оламан-да, қолганини олиб кетаман. Айтаман, чиройли қилиб ўраб беришади…

Чиройи очилган Дилобар телефонини ўчириб, жилмайиб қўйди-да, иштаҳа билан овқатланишга тушди.

* * *

Уйда деярли овқатланмаса-да, Гўзалой ҳар ҳафта ҳовлига кўтарганича бозор қилиб келади: картошка-пиёз, сабзи, кўкат… Ойлик ёки аванс олганида эса албатта бир ярим-икки кило гўшт. Ахир онасининг сўзлари билан айтганда, бу хонадонда нечта «тешик томоқ» бор…

Қанча бозорлик қилса ҳам қиз уйга таксида келишга ийманади. Бекатдан бу ёғига эса анча йўл. Аммо нима ҳам қиларди…

Кун иссиғида майда-чуйдага тўла икки хўжалик сумкасини қўллари узилгудай аҳволда терлаб-пишиб кўтариб келаётган Гўзалой дарвоза ёнида тўхтаб, нарсаларни пастга қўйди-да, увишиб қолган бармоқларини, қизариб кетган кафтларини силади.

Ичкаридан болаларнинг қий-чувини эшитиб жилмайиб қўйган қиз шошиб энгашиб, сумкаларни олаётган маҳал қия очиқ дарвозанинг у тарафида гурунглашаётган янгалари Шарофат билан Одинанинг гап-сўзларини эшитиб қолдию, жойида таққа тўхтади. Улар Гўзалойни ғийбат қилишмоқда эди. Дарвоқе, иккала овсин бир-бирига нисбатан ит-мушук, сув-олов бўлганлари ҳолда баъзан бир масалада якдил бўлиб, бир-бирларига дардларини дастурхон қилиб ёйиб қўярдилар. Бу, табиийки, қайнсингил масаласи бўларди.

– …Овсин, – дерди катта янга Шарофат, – ўзи кўнглига қарайвериб, ёлғиз қиз деявериб қайнонамиз буни жуда эрка қилиб юборган-да.

– Э, ҳаммаси қизнинг ўзига боғлиқ, – ҳовлиқарди овсинининг олдида мақтаниб қўйиш имконияти туғилгани боис ийиб кетган кичик янга Одина. – Мана биз беш қиз эдик. Ўзимиз ёмон эмас эканмизки, ота-онамиз ёмон эмас эканки, ҳаммамиз жой-жойимизни топиб кетдик. Биронтамиз уйда ўтири-иб қолмадик.

Бу ёғи энди ҳамишаги гаплар:

– Қиз бола вақтида жуфтини топмаса, палакда қолиб кетган қовундай сарғайиб қоларкан, овсин. Ишқилиб, кеч бўлсаям, буям жойини топсин, борган жойида тош бўлиб қолсин. Тўйида бир маза қилиб ўйнайлик.

– Ҳай билмадим-ов. Бунақа бу осмонга сакрашида тенгини топиши қийин. Ўзи кал-у, кўнгли нозик. Кўрасиз, танлаб-танлаб тозисига йўлиқади. Хотини ўлганми, хотин қўйганми биттасига тегади-да, кўзи мошдек очилади. Лекин унда кеч бўлади.

– Ана унда бизнинг аҳволимизниям тушунади. Ахир тор жойда гўшт егандан кенг жойда мушт еган яхши.

– Сиз ўпкаламасангизам бўлади, – нишини суқиб олди осмондан ерга тушган кичик келин. – Ахир уч бирдай хонани эгаллаб ўтирибсиз-ку.

Катта овсин отиладиган милтиқдай тайёрланиб турган экан, шу заҳоти зардали жавоб келди:

– Сиз ўзингизам Гўзалойнинг хонасига иккита қизингизни элдан бурун тиқиб олгансиз-ку.

– Яхши ният-да, ўргилай, яхши ният.

– Э, ният қилавериб ҳам чарчадим. Мен келин бўлиб тушганимда бўй етган қиз эди бу. Энди бўлса ўзимнинг қизим бўй етай деб турибди…

Кўчадан одамлар ўтмоқда эди. Ўз уйингнинг дарвозаси тагида узоқ туриб қолиш ҳам ноқулай. Ранги ўчган Гўзалой дарвозанинг бир тавақасини очиб, ичкарига кирди. Унга кўзи тушган Шарофат янга бирдан гапдан тўхтаб, ёйилиб илжайди:

– Вой, қизгинажон, келдингизми? Бир дунё бозор қилибсиз-ку яна… Эй, қулоқсизлар, аммаларинг келди!

Гўзалойнинг ишдан қуруқ қайтмаслигини яхши биладиган болалар унинг ёнига шошишди. Қиз сумкачасидан ширинликлар олиб, уларга улаша бошлади.

Шу маҳал аммаси томон пилдираб чопиб келаётган бир қизалоқ супургига қоқилиб йиқилса бўладими! Чириллаб йиғлаб юборган боласини ўрнидан турғазган Одина болаларга чақчайди:

– Палакатни қайси биринг ерга ташладинг, а, қайси биринг? Ҳозир қулоқларингни узиб оламан!

Ширинликларга талашиб-тортишаётган болалар бирдан жим бўлиб қолишди. Бунақа пайтда ким ҳам айбни бўйнига оларди.

Буни кўрган Одина дийдиё қилишга ўтди:

– Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим-ку сенларнинг дастингдан, ўлиб бўлдим-ку! На кундузи ҳаловат бор бу уйда, на кечаси. – У жаҳл билан қизининг орқасига шапатилади. – Янги кўйлакни расво қипсан-ку, аҳмоқ. Бугун эрталаб кийгандинг-а. Сенга неча марта айтдим бу тор ҳовлида чопма, чопма деб! Нима, сенларнинг кирларингни ювишдан, сенларга овқат қилишдан бошқа ишим йўқми? Мен бу уйга қулман-да, а, қулман! Онам мени шунақа ишлар учун туғиб қўйган!

«Қизим, сенга айтаман, овсиним, сен эшит» қабилидаги бу шама Шарофатга тегиб кетди:

– Ҳой овсин, оғзингизга қараб гапиринг. Ким қул? Ювсангиз тўртта кир ювгандирсиз, дарров шунгаям оғзингизни ўн биринчи калишнинг оғзидай очиб, тепадан келасиз?

– Ким калиш?

– Сен калиш!

Катта жанжал бошланаётганини сезган болакайлардан икки-учтаси йиғлаб юборди.

– Ҳали мен калишманми? Етти жонни иккита каталакдай-каталакдай хонага сиғдирган мен калиш бўлиб қолдимми? Айримларга ўхшаб «Мен катта келинман, ўзим хон, кўланкам майдон» деб учта хонани эгаллаб олмаганмиз!

– Алам қилсин! Сенам катта келин бўлганингда эгаллаб олган бўлардинг!

– Закон бўйича она кенжа ўғил билан яшаши керак. Сенлар бўлса бетимнинг қалини, жонимнинг ҳузури деб учта хонани эгаллаб олгансанлар!

– Иккита каталак эмиш! – Енгини шимараётган овсинига «қўлингдан ҳеч нарса келмайди» дегандай мазахомуз тикилиб турган Шарофат Гўзалойга ишора қилди: – Қизгинанинг хонасига ҳам иккита болангни тиқиб қўйгансан-ку…

Ҳаммаси бошидан бошланади энди!..

Уят-номусдан ерга кириб кетгудай бўлаётган Гўзалой шоша-пиша нарсаларни ошхонага обориб қўйдию, хонасига киришга ҳам ҳадди сиғмасдан, яна қайтиб кўчага чиқди…

Даҳанаки жангни авжига чиқарган овсинларнинг овози бу ерга ҳам баралла эшитилиб турарди. Мана, Одина вишилламоқда:

– …Чунки у хона бизники, законний бизники!

– Шошилма, келин, шошилма! Аввал қиз эрга чиқсин, хонани кейин бўлишамиз.

Одина изиллаб йиғлади:

– Камбағални туянинг устида ит қопади ўзи. Тезроқ эр олсин деганим сайин буям тайсаллайди…

Юзини маҳкам беркитиб олган Гўзалой жон алфозда дарвозадан узоқлашди. Аммо барибир овозлар уни қувиб етди:

– Бўлмаса ўзинг ҳам топ, қидир.

– Қаердан топаман? Нима, кўчага чиқсам куёв деганлари қаторлашиб дарахтда осилиб турибдими…

Ахийри овсинларнинг саси эшитилмай қолди. Шундагина қадамини секинлаштирган Гўзалой бекатдан шу томон келаётган онасини кўрдию, шоша-пиша юз-кўзини артди.

– Ҳа, қизим, йўл бўлсин?

– Ишга.

Меҳри хола ҳайрон бўлди:

– Ҳали вақтли эмасми?

– Сал эртароқ бориб турмоқчийдим.

– Ҳм-м… – ниманидир тушунган она бош чайқади. – Янгаларинг яна жанжаллашишдими?

– Йўғ-э, ойижон.

– Сен уларга эътибор берма, қизим. Ҳали кўрасан… сенга шундай жойлар ато этилганки, булар аламдан бармоқларини тишлаб қолишади…

– Ойи!

– Айтгандай, эртага туш пайтида уйда бўласан-а?

– Ҳа. Нимайди?

– Рисолат бир кириб ўтарман дегандай бўлувди.

Қизнинг энсаси қотди:

– Янами, ойи? Ўша хотинни кўрсам жиним қўзийдиган бўлиб қолган.

– Чида, қизим, озгина чида, – қизини юпатди Меҳри хола. – Бизга така бўлсин, сут берсин. Хўпми, қизим?

– Хўп… Айтгандай, ойи, сиздан бир илтимосим бор эди.

– Илтимос?

– Шу… квартирага чиқсам дегандим.

Меҳри хола сесканиб кетди:

– Квартирага? Ижарагами?.. Ўйлаб гапиряпсанми, қизим? Икки бирдай аканг, онанг тирик туриб сен бировнинг уйида яшайсанми? Ё… янгаларинг бир нима дедими?

– Йўғ-э, ойижон. Улар нима дейишарди. Бири биридан меҳрибон. Мен ўзим. Ишхонамизга яқинроқ уй топилса…

– Бу гапни бир айтдинг, иккинчи айтма. То мен тирик эканман, сен шу уйда яшайсан. – Ўпкаси тўлган онанинг товуши титраб кетди. – Ўлиб кетсам, кейин билмадим…

Томоғига муштдай бир нима тиқилган Гўзалой онасининг елкасига бош қўйди, сўнг нимагадир аҳд қилгандай, алам билан шивирлади:

– Ундай бўлса… ундай бўлса… чақиринг ўша Рисолатингизни. Мен розиман. Ким бўлсаям…

– Қўй, қизим, унақа дема. Бузма кўнглимни. Ҳали сен… ҳали сен…болам… сени ахир…

Меҳри хола ортиқ гапиролмади.

Она-бола бир-бирларини маҳкам қучганларича пиқиллаб йиғлаб юборишди…

Бугун Гўзалой учун кўз ёшлари кўп тўкиладиган кун шекилли…

Қиз «тез ёрдам» станциясидан ташқари шифохонада ярим ставка ҳамширалик қиларди. Ҳарна-да…

Онаси билан ҳиқиллаб-энтикиб ажрашган Гўзалой ишга келиб, эмлаш хонасида қизарган кўзларини ҳамкасблари, беморлардан яширганча кундалик юмушларига киришди.

Аввал бир жувон кирди. Сўнг қоп-қора юзини тўрлаган қовундек ажинлар босган, биткўз, тор пешона, уккидек кўзлари ёшига номутаносиб равишда ўйнаб турган, ўнг қўли бир томонга қийшайиб қолган ва шу ҳолида бир дона эзилган атиргул тутган, калта сочининг ҳар жой-ҳар жойи кул теккандай оқариб қолган эллик беш ёшлардаги эркак. Айниқса, атиргул беморнинг қўлига монанд равишда эгилиб қолганлиги ажабтовур ҳолат эди.

Эркак ҳамширага ўта диққат билан, ҳатто, айтиш мумкинки, суқ билан термилиб қарарди. Гўзалой журнал саҳифасини очди:

– Ассалому алайкум.

– Мен Михлибойман.

Эркак ўз исмини шу қадар сирли тарзда ва яққол кўзга ташланиб турган ғурур билан айтдики, ҳамшира ажабланиб, беихтиёр бошини кўтарди.

– Келинг, Михлибой ака. Уколгами?

Михлибой деганлари пихиллаб кулди:

– Уколди ҳали кўп қўясиз, Гўзалхон. Аввал танишиб олайлик. Мени Рисолатхон юборди.

Ҳамшира эслолмади:

– Рисолатхон? Қайси Рисолатхон? Терапияданми?

– Унинг ҳамсояси бўламан, – саволни эшитмагандай, бирдан мақсадга ўтди Михлибой ака: – Сиз ёлғиз экансиз, биз ҳам.

Гўзалой анграйиб қолди.

– Шунақа бўлиб қолди, Гўзалхон, – сира афсус чекмасдан, аксинча, бирон муждани айтаётгандай яйраб маълумот беришда давом этди Михлибой ака. – Эртага тўқсон кун бўлади аёлимни ерга қўйганимга.

Қон миясига тепган ҳамшира аранг гапира олди:

– Лекин сиз… ҳали раҳматли хотинингизнинг тупроғи совимасдан…

Михлибой ака янаям яйраб кетди, баайни шу саволни кутгандай ва жавобини олдиндан тайёрлаб келгандай:

– Ўтган ўтди, Гўзалойхон, қолганларни ўйлаш керак. Ўзи қирқи ичида топ деб маслаҳат беришувди. Ҳалиям мен шунча кутдим. Мана, бекорга эмас экан. Сизни топдим. Сиз ёлғиз экансиз, биз ҳам.

Гўзалойнинг хўрлиги келди.

– Ишдан чиқишингизни кутиб тураман. Яқиндан танишиб-билишиб дегандай. Кафега борардик, шашлик-пашлик ердик…

Ҳамшира баногоҳ қичқириб юборди:

– Йўқ!

Бунақа жавобни эшитишни кутмаган эканми, Михлибой ака кўп ҳайронлар бўлди:

– Лекин Рисолатхон айтгандики…

– У кишига… у кишига ҳаммасини ўзим тушунтираман.

Кайфияти тез ўзгариб турадиган одам эканми, бу гапдан сўнг Михлибой ака яна яшнаб кетди:

– Шундай қилинг, Гўзалой. Аёл кишининг тилини аёл билади-да. Бўпти, биз кетдик эмаса… Э, мана бу сизгайди.

Михлибой ака гулни тутди, аммо уни олиш учун ҳамширада қўлини кўтаришга ҳам мажол йўқ эди. Бироқ буни ўзича қиз ҳаяжонланяпти, уяляпти деб тушунган ва янада яйраган Михлибой ака гулни стол четига қўйди-да, деярли ирғишлаб кабинетдан чиқди.

Гўзалой чопиб бориб унинг орқасидан эшикни ёпди, бунга қаноат ҳосил қилмасдан ичкаридан қулфлаб ҳам олдию, гандираклаб келиб кушеткага ўзини ташлади ва бармоқларини маҳкам тишлаганча, бутун вужуди титраб-қақшаб, сас чиқармасдан кўз ёшларига ғарқ бўлди…

«Тиқ» этса эшикка қараб ўтирган Ҳикоятхон машина овозини узоқданоқ танидию, дарвоза ёнига келиб турди.

Дилшод «Нексия»сини ҳовлига олиб кирди.

– Ассалому алайкум, ойижон.

– Ваалайкум, – Ҳикоятхон машинадан тушиб келаётган ўғлига ички ҳавас, ғурур билан қараб турарди. – Яхши бориб келдингми, бўйларингдан айланай?

– Бориб келдим, – Дилшод машинанинг орқа ўриндиғидан торт қутисини олди. – Манави сизга. Ўзингиз яхши кўрадиганидан.

– Барака топ, ўғлим… – Кўзлари чақнаётган она асосий саволга ўтди: – Хўш, қалай?

– Нима «қалай»?

– Ўзингни анқовликка солма-да, ростини айт: қай бири ёқди?

– Ҳа, анави қизларми?

Бепарво қўл силтаб қўйган Дилшод ҳовуз томон юрди, онаси унга эргашди.

– Юрагимни сиқмай, айтадиган гапингни айт, болам. Ўзи учрашдингми?

– Сизнинг гапингизни қачон икки қилганман, ойижон. Иккаласи билан учрашдим.

– Яша, ўғлим, яша! Бу бошқа гап.

– Аввал Маликахон Аббосовна билан учрашдим.

– Аббос аканинг қизларими? Ота-онаси зўр одамлар-да. Жуда меҳнаткаш, ҳаммасига ўзлари эришишган.

– Қиз ҳам шу йўлдан бормоқчи.

– Қуш уясида кўрганини қилади-да, болам. Ҳар қалай, меҳнаткаш келиним бўлгани яхши-да.

– Шунинг учун уч-тўрт йил тинчгина ишласам, дейди. Ундан кейин, ойижон, сиз менинг дидимдаги йигит эмассиз деб тўғрисини айтди-қўйди.

Ҳозиргина масрур жилмайиб турган Ҳикоятхон бирдан «пов» этиб ёнди:

– Вой дидига ўт тушсин! Ҳали сендай йигитга ноз қилдими?!

– Ноз қилиб ўтирмади, тўғрисини айтди.

– Майли, болам, майли, – ўғлини юпата бошлади она. – Сен хафа бўлма. Ҳали кўрасан, ўзи афсусланиб қолади. Бошига қўнаётган бахт қушини кўрмаётган қандай қиз экан у. Хўш, кейингиси-чи?

– Муштарийми? – Дилшод бош бармоғини тикка қилиб кўрсатди. – У мана бундай қиз экан лекин.

– Кўрдинг! – хурсандлигидан ўзини қўйгани жой тополмай қолди Ҳикоятхон. – Сен бўлсанг бормайман дейсан! Отини қара, отини, шунча чиройли бўлганидан одамнинг тилиям келишмайди-я!

– Лекин у қиз сизга ёқмаслиги аниқ, – очиғига кўчди Дилшод.

– Вой, нега унақа дейсан, болам? Сенга ёққан қиз менгаям ёқади-да.

– У қиз… Муштарийхон… хуллас, ичкуёв бўлсангиз сизга тегаман деган шарт қўйди. Бўлмаса тегмасмиш.

– Нима? – Ҳикоятхоннинг нафаси ичига тушиб кетди. – Ичкуёв? Менинг ўғлим-а? Кимсан Муҳиддинбойнинг ўғли-я? Эсини еганми унинг?

Дилшод темирни қизиғида босди:

– Менам шуни айтдим-да.

– Ичкуёв эмиш! – тобора ғазаби ортиб борарди онанинг. – Ичкуёв – иткуёв… Бўлди, йўқот унингни! Қайтиб отини тилга олма! Ичкуёв эмиш-а! Топибди аҳмоғини! Менинг ўғлим хотинсиз ўтса ўтади, лекин ичкуёв бўлмайди. Ҳа!

– Тўппа-тўғри, ойижон!

Ҳикоятхон ўғлига синовчан қаради:

– Ишқилиб, жавобини бериб келдингми? Аччиқ ичакдай чўзиб юрмайсанми?

– Йўғ-э, ойижон. Тўғрисини айтдим. Ойим бу таклифингизга икки дунёдаям кўнмайдилар, дедим.

– Бўлди, бас!.. Дадангнинг гапига кирган мен аҳмоқ ўзи. Келин танлаш масаласини эркак кишига ишониб бўлармиди? Бўлди, бу ишга энди ўзим киришаман. Атрофда шунча қизлар турганда… Ичкуёв эмиш-а! Топган гапини!.. Кир, у-бу нарса еб ол, тайёрлаб қўйганман.

– Ойижон, йўлда овқатлангандим.

Тортни ошхонага олиб кетаётган она ҳамон норози бўлиб тўнғилларди:

– Ичкуёв эмиш-а! Отинг қурсин! Тилингга куйдирги чиққур…

Дилшод шошиб хонасига кирди-да, Мансурга қўнғироқ қилди.

Салом-аликдан сўнг Мансур ҳайрон бўлиб сўради:

– Чарчамагансан шекилли. Овозинг ҳам анча бардам аммо-лекин.

– Э, чарчаш қаёқда! Бир томондан, борганим яхши бўлган экан. Анча кўнглим ёзилиб келдим.

– Тўғри-да, бир уйда ваҳимага тушиб ўтирганнинг фойдаси йўқ.

– Ўзиям оқшом қотиб ухласам керак.

– Яхши-да.

– Ишни эртадан бошлайверасанми, шуни сўрай деб телефон қилаётгандим.

– Келишдик-ку. Эртага эрталаб саккизда ўша ерда бўламан.

– Мен сал эртароқ бориб тураман. Айтгандай, бозорга ўтмайсанми?

– Шарт бўлмай қолди. Машинага харидор топдим. Шундай ён қўшним анчадан бери сўраб юрганди. Гилам сотсанг қўшнингга сот дедим-у… Нархиниям келишдик. Бир ҳафтада тўғрилаб берадиган бўлди. Пулини тўлагандан нотариусга борамиз.

Дилшод бирдан жиддий тортиб қолди:

– Майли-ю… мабодо иложи бўлса, узоқроқ жойга сотиб юбор.

– Тушундим, ўртоқ, тушундим. Албатта шундай қиламан. Майли, кўздан узоқроқ бўлсин. Унда эрталаб чиқиб қўшнимга узримни айтиб қўяман.

– Хўп, ўртоқ, эртага кўришамиз.

– Эртагача.

Дилшод гўшакни жойига қўйган маҳал унинг чеҳрасига яна ташвиш ўз кўланкасини солиб ўтганди. Намозшом билан билан биргаликда йигитнинг қалбига қандайдир безовталик, хавотир бостириб келмоқда эди.

У ўрнидан туриб, дераза ёнига келди, чароғон ҳовлига қараркан, ойнада тиланчи хотиннинг юзини кўргандай бўлиб, сесканиб кетди.

Дилшод қайтиб яна диванга ўтирди, аммо барибир юраги ҳаприқиб, чидай олмади: ирғиб ўрнидан туриб кетди. Ҳовлига чиқди, ундан кўчага. Оёқлари йигитни ўз-ўзидан «Ором» томон бошлаб кетди…

Ресторанда тўй бўляпти экан. Ҳамма ёқни кундуздай ёритган чироқлар. Мусиқа, ғала-ғовур. Турли-туман машиналар.

Катта кўчадан шу томонга қайрилган Дилшод мармардай ялтираб турган ўша майдонча чеккасигача келди, ён томонга, бетон суянгичга қараб қолди. Йигитнинг кўз ўнгидан ўша тунги мудҳиш воқеа аралаш-қуралаш ҳолда ўтаверди: садақа сўраётган тиланчи аёл, унинг пастга қулаши. Мансурнинг ваҳимадан қийшайиб кетган юзи…

Вужуди қалт-қалт титраётган Дилшод зиналардан бир-бир босиб пастга тушди, тиланчи аёл қулаб тушган жойга қаради. Зина ёнига бир қадамча энлиликда мармар тўшалган. Бу ёғига ер, гуллар.

Дилшод мана шу мармарга илон ҳушини олган бақадай термилиб қолди.

Юқорида «тақ-туқ» қадам товушлари эшитилди. Дилшод ўзини ўнглаб олишга, бу ердан узоқлашишга уринди, аммо улгуролмади: майдончада пўрим кийинган, басавлат Рустам пайдо бўлди.

– Дилшодбек? Сизмисиз?

Иложсиз аҳволда қолган Дилшод бошини кўтарди:

– Саломалайкум, Рустам ака.

– Яхшимисиз. Дилшодбек, у ерда нима қиляпсиз? Чекишга чиқдингизми?

– Ҳм-м…

– Мен бўлса тоза ҳаво олишга чиққандим. Буни қаранг, тўйда сизни кўрмабман. Ўзи одам ҳам кўп экан-да.

Рустамнинг зинадан тушаётганини кўрган Дилшод унинг ёнига шошди.

– Сизам куёв тарафданми? – сўради қўл бериб кўришганларидан сўнг Рустам.

Дилшод мубҳамроқ тарзда бош чайқаб қўйди.

– Ҳа, келин тарафданми? Муҳиддин акамни чақирмаганларига…

Рустам сўраб-суриштиришдан эринмайдиган одам. Шу туриши бўлса, ҳали бориб Дилшоднинг дадасига айтиши ҳам ҳеч гап эмас. Буни сезган йигит гапни ортиқча чувалаштириб ўтирмасликка қарор қилди:

– Мен тўйга келганим йўқ. Шунчаки… айланиб юргандим. Тоза ҳавода. Шу ердан ўтаётгандим. Кимнинг тўйи экан деб…

Рустам бажонидил маълумот берди:

– Куёв бизнинг маҳалладан. Раҳмонқул сомсапазнинг кенжаси.

– Ҳа, – деб қўйди Дилшод.

– Юринг, бирга кирамиз. Ўз оёғингиз билан келибсиз, бирпас ўтириб кетасиз энди. Қудалар сизни кўришса хурсанд бўлишади.

– Раҳмат, Рустам ака, – кескин бош чайқади Дилшод. – Уйга борақолай. Сал чарчабман шекилли. Дам олай.

– Йўғ-э, сизни шундай қўйиб юбориш менга ноқулай, Дилшодбек.

– Йўқ, Рустам ака, тўй эгалариниям безовта қилиб юрмайлик. Уларни табриклаб қўйинг.

– Албатта, Дилшодбек, албатта.

– Хайр.

– Хайр. Яхши боринг.

Дилшод шошиб катта йўл томон кета бошлади. Рустам ҳайрон бўлиб сўради:

– Дилшодбек. Машинангиз қани?

– Машинасиз чиққандим.

– Унда ўзим обориб қўяман.

– Йўқ, Рустам ака, айтдим-ку, бир оз пиёда юрмоқчиман.

– Ундай бўлса майли. – Сўнг, илдам узоқлашган йигит ортидан, ўзига ўзи гапиргандай қўшиб қўйди: – Сиз унақа демадингиз, Дилшодбек. Сиз «Чарчадим, уйга бориб дам олай» дедингиз…

Тоҳир она-болани кечки маҳал, дарё ой ёғдусида кумушдай товланиб, сирли-сирли оқаётган пайтда сайрга олиб чиқди.

Гулноза-ку, шу ерда ўсган, бундай сўлим, гўзал манзараларни кўп томоша қилган. Мотори ўчирилган, оқим измида оҳиста сузаётган қайиқда ўтирган Ноиланинг ҳайрати эса чексиз эди.

– Вой, бунча чиройли! – дерди у жойида типирчилаб. – Мен буни адамга гапириб беришим керак! Антенна бор-а, Тоҳир ака.

– Ҳозирча бор. Ичкарироққа кирсак йўқолади.

Ноила шоша-пиша рақам терди, аппаратни қулоғига олиб борди. Узун гудоклар. Қиз анча кутиб турди. Охири онасининг саволомуз нигоҳига жавобан:

– Йиғилишда бўлсалар керак, – деди. – Бўлмаса албатта кўтарардилар.

– Ҳа, – мунғайиб қолди Гулноза. – Кечаси ўнда… жуда муҳим йиғилиш бўлса керак… Ие, анавини қаранглар!

Қармоқ тутган бир киши қирғоқда худди ҳайкалга ўхшаб қилт этмай ўтирарди.

– Браконьерми? – шошиб сўради Ноила.

Тоҳир кулиб қўйди:

– Йўқ, бу ўзимизнинг Коля ака. Кулибин. Балиқ ови жинниси. Қармоқни сувга ташлаб қўяди-да, тун бўйи пашшаларга таланиб ўтириб чиқади.

– Фамилияси танишдай, – деб қўйди чўнтагига телефонини солаётган Ноила.

– Бу ўзининг фамилияси эмас. Лақаби.

– Ихтирочими? – сўради қиз.

– Ҳа. Қўли гул уста. Токарь, слесарь, фрезерчи, пайвандчи… Ўғли билан автосервис очиб олган. Машинамни Коля акага кўрсатаман деган шопирлар ойлаб навбат кутишади. Керакли нарсани ўзи ясаб ташлайверади. Одамлар ташлаб юборган эҳтиёт қисмлардан ўзига иккита машина йиғиб олган. Ана, биттаси.

Тоҳир қирғоқдага машинага ишора қилди.

– Кўп балиқ овлайдими? – қизиқди Гулноза.

– Э, қаёқда, – завқланиб кулди Тоҳир. – Коля ака қармоққа қараб ўтирса бас. Тун бўйи ушласа битта ушлайди. Уям «ухо»га. Кейинги илинганларини қўйиб юборади.

Тоҳир эшкак эшиб, қайиғини қирғоққа яқинлаштирди. Уларни кўрган Коля ака бошидан шапкасини олиб силкитди.

– Ҳорманг, Коля ака.

– Бор бўлинг, инспектор, – деди Коля ака соф ўзбек тилида.

– Қалай, илиняптими?

– Илиниб қолар.

– Майли, сизга халақит бермайлик.

– Бу нима деганингиз, инспектор. Яхшиси, хонимларингиз билан икки-уч соатлардан кейин айланиб келинг. Ажойиб балиқ шўрва тайёрлаб қўяман.

– Раҳмат, Коля ака. Бошқа сафар. Яхши қолинг.

– Хайр. Сменангиз яхши ўтсин.

– Раҳмат.

Тоҳир моторни юргизиб, қайиғини қирғоқдан узоқлаштирди.

Бироз юрганларидан сўнг қайиқ дарё ўртасидаги оролчага келиб тўхтади. Тоҳир Гулнозага қаради:

– Бу жой эсингиздами?

Жувон атрофга, оролчага қаради, жилмайди:

– Эсимда. Бундан йигирма уч йил бурун, сўнгги қўнғироқдан кейин бутун синфдошлар, синф раҳбаримиз билан шу ерга келгандик. Сиз қўй сўйгандингиз. Кейин кабоб қилгандик. Кейин магнитофонни баланд қўйиб, роса ўйнагандик.

– Тўппа-тўғри. Ҳайитмуроднинг «Весна» деган магнитофони эди. «Чингизхон» деганми қўшиққа роса сакрагандик.

– Ҳа, ҳа, – Гулноза хиргойи қилди: – «Чинг-чинг-чингизхан»… Сакрайвериб терлаб кетгандик. Саид ака «Сакраган пайтларинг вибрация бўлиб, оролча қимирлаб кетяпти, энди жойидан силжиб кетса керак», деб бизни қўрқитганди.

– Ҳа, агар магнитофоннинг батареяси тугамаганида, оролча ўрнидан силжиб кетиши ҳеч гап эмасди.

Тоҳир оролчага сакраб тушиб, қайиқ арқонини дарахтга боғлади.

– Марҳамат, хонимлар.

Оролга тушишгач, Гулноза бирдан безовталаниб, сўраб қолди:

– Биз билан жуда бемалол юрибсиз. Ишингиздан гап эшитиб қолмайсизми ишқилиб?

– Сменадошим билан ўрин алмашганман.

– Ҳа, унда яхши.

– Бу ёққа.

Қўл чироғини ёққан Тоҳир меҳмонларни орол ичкарисига бошлади.

Бунақа ишларга уста бўлиб қолган эмасми, омонат чайла етиб келишганидан Тоҳир бирпасда гулхан ёқди, буталардан сих тайёрлаб, балиқ кабоб пиширди.

Ўртага қўлбола дастурхон ёзилди, овқатланишга ўтиришди.

– Даҳшат! – деб юборди балиқ кабобдан татиб кўрган Ноила.

– Бу нима деганинг, қизим? – ҳайрон бўлди Гулноза.

– Жуда зўр экан деганим.

Гулноза бош чайқаб қўйди:

– Ўктабр бобонг эшитиб қолсами шу гапингни! Ўзиям бир соат насиҳат эшитишингга тўғри келарди.

– Ўтган йили эшитиб бўлганман.

– Таъсир қилмабди-ку, демак, камлик қилган. Яна эшитишингга тўғри келади.

– Майли, эшитсам эшитавераман-да. У киши аяб гапирадилар, – парво қилмади қиз, сўнг чўнтагидан қўл телефонини чиқарди. – Ҳа, антенна йўқолибди… Худди дунёнинг бир чеккасига келиб қолгандаймиз. Ҳаттоки алоқа ҳам йўқ… Сизларни суратга олиб қўйсам бўладими?

– Йўғ-э, – деди Гулноза шошиб. – Бетим роса куя бўлгандир.

Тоҳир жувоннинг юзига қаради:

– Роса эмас, лекин озгина тегибди. Ҳозир.

Тоҳир чўнтагидан рўмолчасини олиб, эҳтиёткорлик билан Гулнозанинг устки лабидаги қоракуяни суртаркан, улар бир-бирларига тикилиб қолишди. Ноила томоқ қириб қўйди.

Гулноза дарров ўзига келди, ноқулай аҳволда қизини тергаган бўлди:

– Ҳеч тинч ўтирмайсан. Шу… шартми расмга олишинг?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации