282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Аристотель » » онлайн чтение - страница 10

Читать книгу "Ахлоқи кабир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:40


Текущая страница: 10 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Адолат қачон мавжуд бўлади ва қачон, қай ҳолатда йўқолади? Умуман айтганда, бир одам бошқа одамга ихтиёрий, яхши ният билан, онгли равишда яхшилик қилса, шу адолатдир. Худди шу тариқа, бир одам бошқага нисбатан ихтиёрий, онгли равишда ноҳақлик, зулм қилса, бу адолатсизликдир. Мабодо, шу иккала ҳолатдан ташқари, ўзи билмаган (англамаган) ҳолда ноҳақ иш қилса, бундай одам адолатни бузувчи, оёқости қилувчи, золим эмас, бал ки бахтсиз одамдир. Масалан, биров душманимни ўлдиряпман деб ўйлаб, билмасдан отасини ўлдириб қўйса, бу – адолатни поймол қилувчи эмас, бахтсиз одамдир. (Ўзи билмасдан, душман деб ўйлаб, отасини ўлдириб қўйган Эдип шоҳни эсланг. – М.М.).

Агар одамзот кимгадир, нима биландир, бирор мақсадсиз, билмасдан ноҳақ иш қилиб қўйса, адолатни поймол қилмаслигини, бундай одам адолатсиз эмаслигини қандай аниқлаймиз? Қай ҳолатларда одам ўзи билмаган ҳолда бировга зарар еткизса ҳам адолатсиз бўлмайди? Буни қуйидагича таърифлаш мумкин: биров қилган бирор ёмонликнинг сабаби – билмаслик бўлса ва бу ёмонликни одам ўз ихтиёри билан, қасддан қилмаган бўлса – бу киши адолатсиз одам эмас (аммо беихтиёр ноҳақ одамдир. – М.М.). Ва агар одам бирор адолатсиз ишни қилсаю, шу ишнинг ёмонлигини билмаса, яъни шуни билмаганига ўзи айбдор бўлса, ҳаққоний равишда бундай одамни ноҳақ ва адолатни поймол қилувчи дейдилар. Масалан, ичкиликбозликни олайлик. Мастлик пайтида ёмонлик қилувчилар – адолатни оёқости қилувчилардир, чунки булар ёмон иш қилаётганини билмаслиги ўзларининг айби билан (ичкиликбозлиги туфайли)дир. Шу одамлар отасини урадиган даражада кўп ичмаслиги мумкин эди-ку! Шу ва шунга ўхшаш ҳолатларда билмасдан ноҳақ иш (ёмонлик) қилувчилар шу қилмишнинг ёмонлигини билмаганига ўзлари айбдордирлар.

Агар қилган ёмонлигига ўзлари сабабчи бўлмасалар, бундай одамлар адолатсиз одамлар эмасдир. Масалан, гўдаклар ота, оналарини урадилар, бу қилмишнинг ёмонлигини билмайдилар. Буларнинг билмаслиги табиий ҳолдир. Бу ишнинг ёмонлигини билмаслик болаларнинг айби эмас (уларга тушунтирмаган катталарнинг айбидир). Шу маънода, бундай гўдакларни адолатсиз одамлар деб қораламайдилар.

Энди адолатсизликка (ноҳақликка) чидаш масаласини олайлик. Одам адолатсизликка ўз ихтиёри билан чидаши (ёки йўл қўйиши) мумкинми? Ёки бу нотўғрими? Чиндан ҳам биз ўз ихтиёримиз билан ҳам адолатли ёки адолатсиз ишлар қиламиз, аммо бизга нисбатан бошқаларнинг адолатсизлик қилишини истамаймиз (рози бўлмаймиз). Биз ҳатто ҳаққоний жазоланишдан ҳам қочишга уринамиз. Ҳеч ким ўз ихтиёри билан зарар кўришни истамайди. Адолатсизлик ўзгаларга зарар етказишдир.

Аммо бизга (эътироз билдириб) айтадиларки, баъзи одамлар тенг улуш олишга ҳақли бўлса ҳам ўз ихтиёри билан камроқ улуш олишга рози бўладилар. Биз юқорида тенглик – адолат, камситилиш эса – адолатсизлик, деган эдик. Ихтиёрий равишда кам улушга рози бўлувчи одам – адолатсизликни ўз ихтиёри билан танлаган бўлиб чиқади. Аслида, ихтиёрий равишда кам улуш олувчи одамлар бу ишга мақтов, обрў, шон-шуҳрат топиш учун ё дўстлик учун розилик билдирадилар. Аммо кам улуш олиш эвазига ҳеч нарсага (шон-шуҳратга ёки дўстини севинтиришга) эришмайдиган одамлар адолатсизликка ихтиёрий равишда рози бўлмайдилар. Яна: ўз ихтиёри билан кам улуш олишга рози бўлган одамлар «Мен фалончи билан тенг улуш олишим керак эди, аммо ёши улуғроқ (ёки дўстим) бўлгани учун камига рози бўлдим», деб мақтанадилар ва обрў топишни ўйлайдилар. Аммо адолатсизликка чидайдиган одам обрў топмайди. Мабодо, бундай одамлар обрў топишни ўйламасалар, (фойда ёки ҳосилнинг) адолатсиз бўлинишига рози бўлмас эдилар. Айниқса, ихтиёрий равишда рози бўлмас эдилар.

Мана шу сабабларга зид бўлган бошқа бир сабаб – одамзотнинг тийиқсизлиги, қаноатсизлиги, фойда ёки мол-дунёга ружу қўйишидир. Худди шу қанотсизлиги, очкўзлиги туфайли одам ўзига ҳам (бошқаларга ҳам) зулм қилади ва ўз ихтиёри билан зулм қилади. Охир-оқибатда ўз ихтиёри билан ўзига адолатсизлик қилади (бошқаларга ҳам. – М.М.). Аммо маълум меъёрга, чекланишга риоя қилинса, бу сабабга ўрин қолмайди. Бундай меъёр, чекланиш адолатсизликни хоҳламасликдир. Тийиқсиз, очкўз одам эса жон-дили билан очкўзлик қилади ва шу туфайли ўзига нисбатан ҳам адолатсизлик қилади (Арастунинг бу фикрлари Қуръон ва ҳадисларга ҳамоҳангдир. – М.М.) Демак, у ўзига-ўзи ёмонлик тилайди. Аммо ҳеч ким ўзига адолатсизликни тиламайди. Демак, очкўз одам ҳам ўзига адолатсизлик қилинишини хоҳламайди.

Аммо одам наҳотки ўзига-ўзи адолатсизлик қилса? – деган савол туғилиши мумкин. Агар масалага очкўз, тийиқсиз одам нуқтаи назаридан қаралса – мумкин экан.

Яна қуйидаги сабабга кўра одам ўзига-ўзи адолатсизлик қилиши мумкин: Қонунда тайинланган (мумкин дейилган) хатти-ҳаракатлар адолатли бўлса, ана шу қонуний ишларни қилмаган (яъни қонунсиз ишлар қилган) одам қонун ҳимоясидаги одамга нисбатан адолатсизлик қилади.

Бироқ қонун (бошқа вазифаларидан ташқари, яна) оқилона иш тутишни (керагича мол-мулк сотиб олишни, ўз вужудини соғлом сақлаш учун керагича ейиш-ичишни) тақозо қилади. Мана шу талабларга амал қилмаган одам ўзига нисбатан адолатсизлик қилган бўлади. Бу ҳолатда адолатсизлик фақат шу одамнинг ўзига бўлади. Аммо шу маънода ўзига адолатсизлик қиладиган одам кам топилади.

Аслида бир одамнинг ўзи айни вақтда (керагидан) кўпроқ ёки камроқ олиши, ҳам ихтиёрий, ҳам мажбурий иш тутиши мумкин эмас. Аммо адолатсиз (ноҳақ)лик қилувчи одам (ўзига тегишлисига нисбатан) кўпроқ олади, адолатсизликка чидайдиган (ёки ўзига бепарво, лоқайд) одам камроқ олади. Шу одам ўзига нисбатан адолатсизлик қилгани учун кўпроқ олиши мумкин (у ўзига эмас, бошқаларга адолатсизлик қилади. – М.М.). Демак, ҳеч бир инсон ўзига нисбатан адолатсизлик қилинишини истамайди.

Яна шуниси борки, адолатсизлик қилаётган одам ўз ихтиёри билан шундай қилади. Адолатсизлик жабрини тортган одам эса ўз ихтиёри билан тортмайди. Одамлар яхши ниятда жабр чекиши ҳам, мажбуран жабр чекиши ҳам мумкин. Аммо бир вақтнинг ўзида одам ҳам яхши ниятда, ҳам мажбуран жабр чекиши, яъни ўзига адолатсизлик қилиши мумкин эмас.

Ва яна: адолатсиз ишларни алоҳида-алоҳида кўриб чиқсак, маълум бўладики, адолатсиз иш тутаётганлар ё бировнинг омонатини қайтармайди, бузуқчилик, ўғрилик, ё бошқа ноҳақ ишларни қилади. Аммо (назарий жиҳатдан олганда) ҳеч ким бировга бериб турган омонатидан ўзи воз кечмайди, ўз хотинига кўз олайтирмайди ва ўз мол-мулкини ўзи ўғирламайди. Шу маънодаги адолатсиз ишларни ҳеч ким ўзига нисбатан қилмайди. Лекин агар кимдир ўзига нисбатан шу маънода адолатсизлик қилса, бу ижтимоий руҳдаги эмас, балки «хонаки» адолатсизликдир. Юқорида айтганимиздек, инсон кўнгли бир неча қисмлардан иборат бўлгани, кўнгилнинг яхши жиҳатлари ҳам, ёмон жиҳатлари ҳам бўлгани учун ўзига нисбатан адолатсизликни кўнгилнинг бир қисмининг бошқа қисмига адолатсизлиги деб тушунмоқ керак. (Шарқона, тасаввуфий ахлоқда авлиёлар, сўфийлар, дарвешлар «ўз нафсингизга зулм қилинг» деб беҳуда айтмайдилар. – М.М.). Мана шу «хонаки» (ёки шахсий) адолатсизлик кўнгилнинг яхши ва ёмон қисмлари ўртасида юз бериши мумкин.

Аммо биз бу ерда шахсий эмас, балки ижтимоий, фуқароларга нисбатан адолатсизликни таҳлил этмоқдамиз. Биз кўриб чиқаётган адолатсизликлар соҳасида ҳеч ким ўзига нисбатан адолатсизлик қилмайди.

Яна шундай масала туғилади: икки тарафдан қайси бири адолатсизлик қилмоқда? Ва адолатсизлик қайси манбадан келиб чиқмоқда? Адолатсиз равишда бирор бойликни олган одамми ёки шундай ҳукм чиқарган одам адолатсизлик қилмоқдами? (Масалан, спорт мусобақаларида). Мусобақа ҳайъати раисидан ёки ҳакамидан ғолиблик япроғини (муносиб бўлмаса ҳам) олган одам ноҳақми? Ёки шундай ҳукм чиқарган одамми? Бу ерда ғолиблик япроғини олган одам ноҳақ эмас, балки нотўғри ҳукм чиқариб, дафна япроғини берган одам ноҳақдир (шарқона, исломий ахлоқда, нотўғри ҳукм чиқарган ҳакам ҳам, ғолиблик япроғини олишга номуносиб бўлатуриб олган одам ҳам ноҳақдир. – М.М.). Аммо ҳукм чиқарган ҳакам бир жиҳатдан ноҳақ, бир жиҳатдан ҳақлидир: у қайси тараф табиатан ва ҳақиқатан ҳақли эканини ажратолмагани учун адолатсиздир. Аммо ўзига қай тараф ғолиб кўринса, ўшани ғолиб деб топгани учун адолатсиз эмас (Бу фикр мунозаралидир. – М.М.).

34. Фазл, фазилат нима, у нималардан иборат, қайси соҳаларга қарашли эканлиги ҳақида юқорида гапирдик. Ҳар бир фазилатни кўриб чиққанда айтдикки, ҳар соҳада тўғри ўйлаб, ақлга мувофиқ иш тутиш, энг яхши йўлни танлаш фазилатдир. Аммо бу фикр ҳали мукаммал эмас. Бу билан биз гўё «одамни соғлом қилувчи воситаларни қўлланишда энг яхшиси соғлом яшашни ният қилишдир, дегандек бўламиз. Бу фикрда ҳали равшанлик (asaphes) йўқ. Мендан: «Қайси воситалар билан одам соғлом яшаши мумкин?» – деб сўрайдилар. Шундай экан, ўйлаш, тафаккур қилишнинг ўзи нима, қай йўсинда тафаккур қилиш тўғри бўлади? – деган масалани аниқлаб олиш зарур.

Аввало, ақл – дил, кўнгилнинг қайси соҳасига қарашли эканлигини аниқлаб олайлик. Юқорида биз умумий тарзда айтган эдикки, кўнгилда ақлга эга қисм (logon ekhоn) ҳам, ақлга муҳтож эмас қисм (alogon) ҳам бор. Кўнгилнинг ақлий тафаккур қилувчи қисми иккига бўланади: маслаҳат берувчи қисм (boyleytikon) ва билимга эга қисми (epistemonikon). Қайси соҳага оид эканлиги булар ўртасида тафовут борлигини билдириб турибди.7777
  Афлотунда, шунингдек, софистларда, кейинроқ стойикларда учрайдиган orthos logos – «чин ақл» иборасини Арасту ўзининг меъёр (ўрта йўл тутиш) таълимотига асос қилиб олган. Афлотун ҳам «Давлат» асарида «Доимо ўрта йўлни топишни билиш керак» деган эди (Х китоб, 619а бобида). Инсон ақлли мавжудот (logon ekhon), шундай экан, у асл руҳи, ўзлигини топиш учун ҳар қандай тушуниш эмас, балки энг тўғри тушуниш асосида иш тутиши керак. Айни вақтда orthos logos – қарама-қарши қутблардаги гуноҳлардан қочиш учун тўғри мавқе, нисбатни, яъни фазилатни топишдир. Арасту фикрича, оқилона фазилатларни ва фозил ақлни фикрий мантиқ йўли билан топиш мумкин эмас (ёки топиш қийин), меъёрни қалбан ҳис этиш керак. Амалиётнинг сўнгги мезони ҳис-туйғудир.


[Закрыть]

Мавжудотларнинг ранги, мазаси, товуши, ҳиди фарқли бўлганидек, бизнинг табиатимизга ато қилинган сезги, ҳиссиёт аъзоларимиз ҳам турличадир: биз товушни – тинглаш билан, мазани – тил билан, рангни – кўз билан фарқлаймиз. Кўнгилдаги турли қисмлар ҳам шунга ўхшаб фарқланади, биз кўнгилнинг турли қисмлари орқали турли нарсаларни ҳис этамиз ёки билиб оламиз. Фикрланувчи нарсалар бошқа, ҳис этилувчи нарсалар бошқадир. Кўнгилдаги бир қисмнинг ўзи ҳам фикрловчи, ҳам ҳис этувчи эмасдир. Кўнгилнинг маслаҳат қилувчи, яъни танловчи қисми (proairetikon) ҳиссий нарсаларга, доимий ҳаракатдаги нарсаларга ва умуман, пайдо бўлувчи ва йўқолувчи нарсаларга эътибор беради.

Биз чиндан ҳам бирор амални (яхши ёки ёмон амални) танлашда кўнглимиз маслаҳатига қараймиз, шу ишларни қилиш ё қилмасликни кўнгилда муҳокама қиламиз ва танлаймиз. Ҳиссий (идрок этилувчи) ва доимо ўзгариб турувчи нарсаларни шу йўсинда танлаймиз. Хуллас, шу мулоҳазага кўра, кўнгилнинг танловчи қисми ҳиссий идрокка алоқадордир.

Мана шу фарқларни аниқлаганимиздан сўнг ҳақиқат қай тарзда аниқланишини кўриб чиқамиз. Модомики, ҳақиқатни аниқлаш учун билим, оқиллик, илми ҳикмат, тасаввурга мурожаат қилар эканмиз, буларнинг ҳар бири нимага оидлигини кўриб чиқайлик… Билим (episteme) далиллаш ва фикр-мулоҳаза орқали билинадиган нарсалардир; оқиллик фаолият соҳасига, бирор (яхши ёки ёмон) хатти-ҳаракатни қилиш ёки қилмасликни ихтиёримиз билан танлашга алоқадордир. Нарсаларни вужудга келтиришда биз (ақлий) меҳнат қиламиз, ниятни бажаришда эса фаоллик кўрсатамиз; булар бир хил эмас. Нарсаларни ижод қилганимизда бирор мақсад билан ишлаймиз. Масалан, меъморлик санъатини олайлик. Бу ерда уйларни қуришдан мақсад – уйга эга бўлиш; фақат қуришнинг ўзи мақсад эмас. Дурадгорлик ва бошқа шу каби касблар ҳам шундай.

Мусиқада эса мақсад ижро этишнинг ўзидир. Масалан, кифара (чилтор)да куй чалишдан мақсад шу куйни чалишдир. Бунда бошқа мақсад кўзда тутилмайди. Оқиллик эса ҳам бунёдкорлик, ҳам ижрочиликка тегишлидир. Маҳорат эса – меҳнатда ва ясалган буюмда кўринади. Ихтирочилик, зукколик кўпинча ижро қилинадиган соҳадан кўра, бунёдкорликда кўринади (Аслида, куй ижро этишда ҳам зукколик керак. – М.М.). Шунинг учун эътироф этамизки, танланиши ва бажарилиши ўзимизга боғлиқ бўлган нарсаларни, (кўпчиликка) фойда келтирувчи иш, амалларни танлаш ва бажаришда оқиллик керак бўлади.

Шунинг учун оқиллик билим эмас, фазилатдир. Оқилларни шу фазилати учун мақтайдилар. Яна: ҳар қандай билимнинг энг юқори даражаси бор, оқилликнинг эса юқори даражаси йўқ, чунки оқил ликнинг ўзи маълум маънода, ҳар ҳолда юқори даражадир.

Фаол ақл (noys – нуйс) азалий мавжуд нарсаларнинг бошланғич асосларини ўрганади. Билим мудаллал (исботланувчи) нарсаларни билдиради. Бошланғич асос (дастлабки тушунча)лар эса (ҳали) исботланмаган, шунинг учун улар билим эмас. Ақл эса бошланғич асосларни излайди. Ҳикмат (донишмандлик – sophia – софия) билимлар ва ақл (уйғунлиги)дан иборат. Чунки ҳикмат бошланғич асосларни ҳам, улардан ҳосил бўлувчи нарсаларни ҳам ва билим берувчи нарсаларни ҳам қамраб олади. Шу маънода ҳикмат бошланғич асосларни очишда ақлга, бошланғич асослардан кейин келувчи исботланувчи нарсаларни очишда билимга суянади. Демак, равшан бўлдики, ҳикмат ақл ва билимдан иборат, чунки у ақл ва билимлар калитидир.

Фараз (hypolepsis – хиполепсис) – барча мавжудотларнинг (сифатлари) ҳақида ўйлаётганимизда, шу нарса шундайми ё бошқачами? – деб тасаввур қилиш қобилиятидир.

Ақллилик (оқиллик) ва донолик бир хилми ё бошқа-бошқа ҳодисаларми? Донолик исботлаш мумкин бўлган ва ўзгармас нарсаларни англашдир. Ақл эса, буларнигина эмас, ўзгарувчи нарсаларни ҳам англайди. Масалан, тўғри нарсалар тўғри, эгрилар – эгри ва ҳоказо, сифатларини ўзгартирмайди. Фойдали нарсалар эса нисбийдир, бугун фойдали, эртага фойдасиз; бировга фойдали нарса, бошқага фойдасиз (дори) бўлиши мумкин. Фойдали нарсаларни билишда оқиллик асқатади. Бунинг учун доно бўлиш шарт эмас. Демак, донолик оқиллик билан тенг эмас экан.

Донолик – фазилатми ё йўқми? Донолик – фазилат эканини оқиллик билан билиш мумкин. Чиндан ҳам оқиллик кўнгилнинг ақлли қисмига хос фа зилатдир. Оқиллик майдароқ нарсаларга эътибор бергани учун доноликдан паст туради. (Масалан, ақлли одам шу кунларда яхши яшашга интилади, доно одам эса охиратдаги бахт-саодатни ҳам ўйлайди. – М.М.) Оқиллик – фақат ҳозирги вақтда инсон учун фойдали нарсаларга, донолик – мангу ва илоҳий нарсаларга эътибор беради. Қуйи мавқедаги оқиллик – фазилат экан, олий мавқедаги донолик ҳам фазилат экани равшандир.

Зукколик, закийлик (synesis – синесис) нима? Зукколик ҳам оқиллик каби хатти-ҳаракат ва қилмишларда кўринади. Зукко одам (ҳар қандай қийин вазиятларда) аниқ фикрлаб, вазиятни тушуниб, тўғри йўл топа олади. Фақат, зукколик майда нарсаларга муносабатда кўринади. Зукколик ва зукко одам оқиллик ва оқил одамнинг бир жиҳатидир. Зукколикни оқилликдан ажратиш мумкин эмас.

Топқирлик (deinotes – дейнотис) ҳам шунга ўхшашдир. Оқил одам топқир ҳам бўлади, топқирлик ҳар ҳолда оқилликнинг қўшимча сифати. Лекин ёмон одамлар ҳам топқир бўладилар. Масалан, Ментор топқир эди, аммо оқил эмас эди. Оқил одам доимо энг яхши йўлни топишга ва доимо унга амал қилишга интилади. Топқир одам эса ҳар қандай ишни бажариш учун қандайдир фойдали воситани ўйлаб топади. Демак, топқир одам кичикроқ, майдароқ ишларда ўзини кўрсата олади.

Биз хулқ-атвор, шунга алоқадор сиёсат ҳақида сўз очиб, нима учун доноликни тилга олаётганимиздан кимлардир ажабланиши мумкин. Модомики, донолик – фазилат экан, биз кўриб чиқаётган масалага (яъни, фозил одамлар ахлоқига) албатта, алоқаси бор-да. Ва яна: файласуф ўзи кўриб чиқаётган масалага алоқадор нарсаларнинг барчасини йўл-йўлакай таҳлил қилиб бораверади. Кўнгилда нималар борлигини айтаётган эканмиз, жумладан, ҳикмат – донолик ҳам кўнгилга бегона эмас-да.

Топқирлик оқилликка қандай нисбатда бўлса, ҳар бир фазилат ҳам табиий хислат сифатида баркамол фазилат ҳолига шундай нисбатдадир. Ҳар бир инсон табиатида қандайдир фазилат бор, дейман. Ҳар бир инсон кўп ўйлаб ўтирмай, дадил ва адолатли бирор ишни қилишга интилади. Ҳар қандай фазилат эгасида шу хислат топилади.

Бундан ташқари, одат бўлиб қолган фазилатлар ва шахсий истакка боғлиқ фазилатлар ҳам бор. Ақл-идрок билан қўшилган фазилатлар мукаммал ва мақтовга лойиқдир. Табиий фазилатли инсон (бирор яхши ишни қилайми, қилмайми деб) мулоҳаза қилиб ўтирмайди. Аммо фазилат билан мулоҳаза ва танлов (истак) ҳам қўшилса, у мукаммал фазилатдир. Шу маънода фазилатга табиий майл, интилиш оқилона фазилатга йўл очади ва шу пайтда фазилат оқилликдан айрилмаган бўлади.

Лекин агар, инсонда фазилатга табиий мойиллик, интилиш бўлмаса, мулоҳаза ва ихтиёрий танлов баркамол фазилат ҳолатига етиштирмайди. Шу маънода Суқрот мулоҳазакорликни – фазилат деганда ҳақли эмас эди. Суқрот фикрича, инсон (фазилат нима эканлигини) билмай ва шу йўлни ақли билан танламай туриб, жасорат ва адолат кўрсатганидан фойда йўқдир. Шунга асосланиб, Суқрот фазилатни – мулоҳазакорлик дейиши тўғри эмас эди. Ҳозирги (файласуф)лар яхшироқ ҳукм-хулосага келганлар: фазилат, – дейди улар, – тўғри фикрлаш асосида гўзал, солиҳ ишлар қилишдир (Kata ton orthon logon).

Аммо буларнинг фикри ҳам тўғри эмас. Чунки одам ихтиёрий танловсиз, гўзаллик нималигини билмай туриб ҳам фикр-мулоҳазасиз, фақат майл, интилиш туфайли ажойиб ишлар қилиши мумкин. Ва унинг шу яхши иши тўғри ва ақлга мувофиқ бўлиши мумкин. Аммо бундай (тасодифий) яхшилик ҳам мақтовга лойиқ (мукаммал) эмас. Бундан кўра, «мулоҳаза билан (онгли равишда) гўзалликка интилиш яхшироқдир. Шундай интилиш фазилатдир ва у мақтовга лойиқдир.

Оқиллик ҳам фазилатми, йўқми? – деган савол туғилиши мумкин. Ҳа, оқиллик – фазилат, чунки адолат, жасурлик (мардлик) ва бошқа фазилатлар ажойиб ишларга, яхшиликларга йўл очгани учун мақтовга лойиқ бўлгани каби, оқиллик ҳам жасурлик каби яхшиликларни келтириб чиқаргани учун фазилат саналмоғи керак. Оқилона жасурлик фазилат экан, оқилликнинг ўзи ҳам фазилатдир.

Оқиллик амалий фаолият(praktike)ми, йўқми, буни меъморлик санъати мисолида билиш мумкин. Юқорида айтганимиздек, меъморликда (асосан) икки киши – меъмор (архитектор) ва уй қурувчи фаолият кўрсатади. Меъмор ҳам, уй қурувчи ҳам бунёдкор, амалиёт одамларидир. Бунёдкорлик фаолиятининг бошқа соҳаларида ҳам шундай. Барчасида лойиҳачи меъмор ва бажарувчи – бинокор қатнашади. Уй қурилиши раҳбари – архитектор ва бинокор – иккаласи бино ижодкорларидир.

Шунга ўхшаб, бошқа фазилатлар, жумладан, оқиллик ҳам яхшилик ижодкоридир. Барча фазилатлар яхшиликни бунёд этадилар. Шулар орасида оқиллик меъмор каби, инсонни барча яхши ишларга ундайди. Шу маънода оқиллик ҳам бунёдкор, фаол фазилатдир.

Энди яна бир масалани ҳал қилайлик: оқиллик кўнгилнинг барча қисмларига етакчилик қиладими? Бир қарашда етакчилик қилгандай кўринади. Лекин оқиллик олий фазилатларга етакчилик қилолмайди. Масалан, оқиллик донолик (донишмандлик) фазилатидан баланд эмас. Аммо, уламолар айтадики, оқиллик уй бекаси каби, барча ишларга бошқошлик қилади. Аслида, оқилликни уй бошқарувчига ўхшатиш мумкин. У хонадонда барча ишларга нозирлик қилади, аммо барча хизматчиларнинг хожаси эмас. У уй хожаси тинчлик, осойишталикда ором олсин учун хожага гўзал ва яхши ишларида ҳеч ким халал бермасин, деб, рўзғорнинг барча ташвишларини ўз зиммасига олади. Шунга ўхшаш, донолик кўнгилда хожа бўлса, оқиллик уй бошқарувчисидир. Оқиллик турли-туман эҳтирослар, ҳою ҳавасларни жиловлаб, инсофга чақириб, доноликка яхши ниятларни амалга ошириш учун шароит яратиб беради.7878
  Арасту таълимотида оқилона ҳис-туйғу (aisthesis) – баъзан логос (ақл)дан устундир. Фақат индивидуал, шахсий муайян ҳолатгина эмас, балки англашнинг биринчи асослари ҳам «оқилона туйғу» билан топилади. «Оқилона ҳис-туйғу» (aisthesis) дастлабки сезги нуйс (noys) билан тенгдир.


[Закрыть]

(Изоҳ: Шарқ фалсафасининг буюк мутафаккири Муҳаммад Зайниддин Ғаззолий ҳам «Кимиёи саодат» асарида Дилни – подшоҳ, Ақлни – вазир деб таърифлайди. У инсон вужудини бир шаҳарга ўхшатади: «Ва Дил – бу шаҳарнинг подшоҳи. Ва Ақл бу шаҳар подшоҳининг вазиридир. Бу подшоҳнинг мазкур бўлғонлар (қўллар, оёқ, бошқа аъзолар, шаҳват ва ғазаб… )га ҳожати бордур. Токи мамлакат иши булар бирла саранжом бўлғай… Вақтики, подшоҳ Дил, вазир Ақлнинг машварати (маслаҳати) бирла иш қилса, Шаҳват ва ғазабни вазир Ақлнинг зердасти ва фармонида қилса, бадан мамлакати анинг низомида (тартиботида) бўлғусидур. Ва агар вазир Ақлни Шаҳват ва Ғазаб ўз илкида (қўлида) асир қилса, бадан мамлакати вайрон бўлиб, подшоҳ Дил ҳам асир бўлиб, бадбахт ва ҳалок бўлғусидур» («Кимиёи саодат», «Камалак», 13-бет).

ИККИНЧИ КИТОБ

1. Шундан сўнг, ҳалоллик (epieikeia – эпиэйкейа) нима, унинг мазмуни ва нимага алоқадорлигини кўриб чиқамиз. Ҳалол одам шундайки, у қонуний олиши мумкин бўлган неъматлардан озроғини олишга розидир. Шундай нарсалар борки, қонун чиқарувчи (ҳукумат ёки Олий Кенгаш) неъматларнинг тегишли миқдорини аниқ белгиламай, «Шу нарса берилади», деб умумий қилиб айтган бўлади. Қонун чиқарувчи (миқдорини) аниқ белгилаёлмаган нарсаларни олишда озроғига рози бўлган одам қаноатлидир. Аммо бу – ўзининг қонуний ҳақидан воз кечиш, деган сўз эмас. У табиий ва ҳақиқий неъматларни олишда ўзини камситмайди, у фақат қонун (миқдорини) аниқ белгилашни унутган нарсаларни олищдагина озига қаноат қилади.

2. Онглилик ва онгли одам (eygnomon – эйгномон) ҳам ҳалоллик каби, қонунда белгилаш унутилган адолатли иш-амалларга алоқадор. Онгли одам қонун чиқарувчи нимани тушириб қолдирганини, қонунда белгиланмаган бўлса ҳам бу иш, хатти-ҳаракат адолатли эканини яхши тушунган кишидир. Ҳалол бўлмаган одам онгли бўлолмайди. Мана шундай фикрловчи ва шунга амал қилувчи киши ҳалол одамдир.

3. Ўйлаб иш қилиш, вазминлик (eyboylia – эйболия) оқилликка алоқадор. Яъни, бирор ишни бажариш яхшими, ёмонми, шуни танловчи ёки (ёмон деб билса) воз кечувчи одам вазмин одамдир. Оқилликсиз вазминлик бўлмайди.

Вазминлик инсон хатти-ҳаракатида энг яхши ва фойдали йўлни топиш учун яхшилаб ўйлаб кўриш дир. Мабодо кимнингдир иши ўнгидан келаверса, вазминлиги, ўйлаб иш тутгани учун эмас, омади келгани учундир. Омад эса яхши ўйлаб иш қилишдан кўра тасодифларга боғлиқдир. Омадда синаб кўриш бору, оқиллик йўқ.

(3а. Тенг кўриш). Ҳар қандай одам бошқа одамлар билан муомала қилаётганида ўшаларга ўзини тенг тутиши адолатлими, йўқми? Шу маънода лаганбардор ва хушомадгўй одамлар (барча ўзидан катталарга) бир хил тилёғламачилик қиладилар. Фақат адолатли ва ориятли одамгина ҳар кимга иззатига яраша муомала қилади.

(3в) Адолат ва оқиллик алоқадорлиги. (Биз бу рақамлар ва кичик сарлавҳаларни асар мазмунига кўра ажратиб қўйдик. – М.М.) Яна бир масалани аниқлашда қийинчилик туғилади: Адолатсиз иш қилувчи одам бировга қандай қилиб ва нима учун ноҳақ иш қилаётганлигини тушуниб, онгли равишда ноҳақ иш қилиб, зарар еткизади. Ноҳақ ишни билиб қилувчи одам нима яхши-ю, нима ёмонлигини билади, буларни билиш эса оқилликка ва оқил одамга алоқадордир. Чиндан ҳам бу ерда мантиқсизлик, бемаънилик бор: наҳотки ноҳақ, адолатсиз одамда энг улуғ неъматлардан бири – оқиллик фазилати бўлса?

Ёки тўғриси, ноҳақ одамда оқиллик хислати бўлмас? Аслида ноҳақ иш қилувчи одам ўзи учун нима яхшилик келтиради-ю, нима ёмонлик келтиради – билмайди, фарқига етмайди. Оқил одам эса бундай нарсаларни яхши тушуниши керак. Бу нарса тиббиёт илмидаги ҳолатга ўхшайди: биз гиёҳлар, ўсимликлардан қайси бири шифобахш, саломатлик учун фойдали эканлигини биламиз; итузумнинг сурги хусусияти борлигини, қон чиқариш ва куйдириш шифо беришини биламиз. Аммо бизда тиббий билимлар йўқ, қайси гиёҳ қандай одамга ва қандай ҳолатда ичирилса фойдали эканлигини табиблар – врачлардек билмаймиз. Худди шуларни билиш табобат илмининг ишидир.

Биз шифобахш ўсимликлар умуман фойдали эканини биламиз, холос. Шунга ўхшаб, адолатсиз, ноҳақ иш қилувчи одам ҳам – раҳбарлик, бошлиқлик, ҳокимият неъмат эканлигини умумий тарзда билади, аммо амал-мансаб қайси ҳолатларда, қайси шароитда ўзи учун фойдали эканлигини билмайди. Буларни билиш эса оқилликдир. Бинобарин, адолатсиз, ноҳақ одамда оқиллик фазилати йўқдир. Ноҳақ одам қўлидаги воситалар: бойлик ва ҳокимият ўз-ўзича неъматдир, аммо ноҳақ одам учун неъмат эмасдир, чунки ундай одам бойлик ва ҳокимиятга эга бўлволиб, ўзига ҳам, дўстларига (тўғриси, дўстларига эмас, фуқароларга. – М.М.) ҳам зарар еткизади, ҳокимиятдан тўғри фойдаланишни билмайди.

(3 с. Ёмон одамга нисбатан адолатсизлик) Шундай қилиш мумкинми? Ё мумкин эмасми? Бу масала ҳам (кўпчиликни) ўйлантиради. Агар адолатсизлик бировга зарар етказиш, уни қандайдир неъматлардан маҳрам қилиш бўлса, аҳмоқ одамга адолатсизлик қилиш (унга) зарар етказмайди. Бойлик ва ҳокимиятдан ёмон (нопок) одам тўғри фойдаланишни билмагани (халқни эмас, фақат ўзини ўйлагани) учун, бу неъматлар унга зарарлидир. Модомики, шу неъматларга эга бўлиш ёмон одамга (охирати учун) зарарли экан, уни шу нарсалардан маҳрум қилиш адолатсизлик эмасдир.

Оломон учун бу зиддиятли фикр бўлиб кўринади: барча одамлар (тўғриси, барчани эмас, кўпчилик одамлар) ҳокимият, бойлик, куч-қудратдан (тўғри) фойдаланамиз, деб ишонадилар. Қонун чиқарувчи лар тажрибасига кўра, бу фикр нотўғридир. Қонун чиқарувчи (ҳукумат) ҳар қандай одамга бойлик ва ҳокимиятни беравермайди: ҳокимият тепасига келувчилар фалон ёшга етган, ўзига тўқ (яъни, назари тўқ) одамлар бўлиши керак: чунки ҳамма ҳам бошлиқ, раҳбар бўла олмайди. Мабодо кимдир менга ҳокимият бермадинглар, деб норозилик билдирса, унга айтиш мумкинки: эй, биродар, сенинг кўнглингда раҳбарга хос фазилатлар йўқ.

Биз яна биламизки, ўзига ёққан нарсаларнинг барчаси ҳам бемор вужудини соғайтиравермайди. Аммо ким ўз вужудини соғайтиришни истаса, парҳезни сақлаб, (қайноқ, доғ) сув ичиши, камроқ овқат ейиши керак. Кўнгли носоғлом (бемор) одамлар учун ҳам бойлик ва ҳокимият кабилардан чекланиб туриш фойдалидир. Бунинг устига, инсон баданига нисбатан кўнгли тез ўзгарувчан, енгилроқдир. Бадани бемор одамга парҳез фойдали бўлгани каби, кўнгли носоғлом (нопок) одамга ҳам бойлик ва қадрият каби неъматлардан сақланиб туриш фойдалидир.

(3d) Мана бу ҳам ишкал, қийин масала: Инсон бир вақтнинг ўзида ҳам жасоратли, ҳам адолатли иш қилиши мумкинми? (Орадан 2400 йил ўтгач, ҳозир бу масала, бизнингча, қийин бўлмай қолган. Чунки ҳозирги жавоб оддий: гоҳо бошлиқ ман этганига қарамай, адолатли фикрни айтиш, адолатли иш қилишнинг ўзи жасоратни талаб қилади. Арасту бу масаланинг нозик тарафига эътибор беради, албатта. – М.М.) Биз аввалроқ айтган эдикки, табиий фазилатларга амал қилишда гўзал иш қилишга интилиш бору, оқилона асос йўқ. Инсон яхшилик йўлини ақли ва кўнглининг мулоҳаза қилувчи қисми ёрдамида танлайди. Бу ҳолатдаги инсонда танлаш қобилияти ҳам, оқилоналик билан йўғрилган, мукаммал фазилат ҳам, гўзалликка табиий интилиш ҳам бор. (Аслида) бир фазилат (ақл) бошқа фазилатга қаршилик қилмайди, балки ақл кўрсатган йўлдан юради. Ақл эса энг яхши йўлни танлайди. Оқилликсиз бошқа фазилатлар бўлмайди, оқиллик ҳам бошқа фазилатларсиз мукаммал бўлмайди. Барча фазилатлар оқилликка ҳамроҳ бўлиб, ўзаро ҳамкорлик (synergoysi – синергейс) қиладилар. (Исломий ахлоқда ҳам худди шундай: иймони кучли одамда виждон, адолат, меҳр-шафқат, уят-андиша, камтарлик каби фазилатлар бирга бўлади. Худони танимайдиган, ундан қўрқмайдиган одам – оловдан қўрқмай, унга қўл чўзадиган ақлсиз гўдакка ўхшайди, иймонсиз одам барча жиноятларга қўл ураверади: бировнинг ҳақидан қўрқмай, порахўрлик қилади, қарз берса, фойда (фойиз) олади, омонатга хиёнат, муҳтожларга жабр-зулм қилади. Исломда виждон, имон (ақл ва қалбдаги имон) барча фазилатларнинг пойдеворидир. – М.М.).

(3е) Мана бу ҳам мушкул масала: фазилатлар инсон вужудига алоқадор ва вужуддан ташқаридаги бошқа неъматларга ўхшашми ё бошқачами? Жавоб: Одамнинг вужудидан ташқари неъматлар жуда кўпайиб кетса (масалан, мол-дунё, бойлик, давлат) одамларни бузади. Бойлиги ошиб кетган одам калондимоғ, такаббур, ёқимсиз бўлиб қолади. Давлат, мансаб, обрў, гўзаллик ва улуғворлик кўпайса ҳам одамлар бузилади. Энди бу (қоида) фазилатларга тўғри келармикин? Фазилатлар (масалан, одиллик ва жасурлик)нинг кўплиги одамларни бузармикин ва ё бузмасмикин? Албатта, бузмайди. Аммо, шуниси борки, фазилат одамга иззат-ҳурмат келтиради, иззат-ҳурмати ошиб кетган одам бузилмайдими?

Фозил одамларнинг вазифалари жуда кўп бўлса-да, энг муҳими, иззат-ҳурмат ва шу каби неъматлардан тўғри фойдаланишни билиши зарур. Муносиб одам (яхши инсон) ўзига кўрсатилган иззат-ҳурматдан; амал-мансабидан агар тўғри фойдаланмаса, қадрсиз бўлиб қолади. Яхши одамни (чин инсонни) иззат-ҳурмат, обрўйи ошиб кетиши, амал-мансабида ўсиши ҳам бузолмайди. Демак, чин инсонларни фазилатлар бузмайди (балки халқ орасида обрўйини янада оширади. – М.М.).

Умуман олганда, биз аввал айтганимиздек, фазилат меъёрни сақлашдадир. Фазилат қанчалар юқори бўлса, унинг меъёри яна ҳам ўрталикдадир. Шу маънода фазилатларнинг кўпайиши одамни бузмайди, балки янада баркамол қилади. Меъёр, мўътадиллик (эътидол) деб, эҳтиросларнинг заифлиги ва ошиб-тошиб кетишининг ўртасини айтган эдик. Бу ҳақда айтганларимиз кифоядир.

4. Энди янги мавзуга ўтамиз. Сабр-қаноат (ўзни тийиш) ва тийиқсизлик (очкўзлик) ҳақида сўзлаймиз. Бу фазилат (сабр-қаноат) ва бу иллат (очкўзлик) ғалатидир ва шу сабабли бу ҳақдаги фикрларимиз ҳам ўзига хос(atopoi), ғаройибдир. Сабр-қаноат бошқа фазилатларга ўхшамайди. Бошқа фазилатлардан ақлни олайлик. Ақл ва (яхши) ҳиссиёт бир-бирига яқин, булар ўртасида зиддият йўқ.7979
  Кўнгилнинг эҳтиросли интилишлари билан «тўғри ўйлаб иш тутишнинг уйғунлиги (энтелехия) Арасту ахлоқий таълимотида жуда муҳим бўлганидан, у ички курашлар давомида эришиладиган вазминликнинг ўрни қаерда эканлигини белгилай олмайди. Шунга кўра, тийиқсиз одам ахлоқсиз, бузуқ одамдан яхшироқ деган фикрга келади. (Рус арастушуноси В.В.Бибихиннинг бу талқини тўғри эмас. Бу ерда Арасту масаланинг жуда ўткирлигини ҳисобга олиб, шу тарзда ўртага қўйган. Мазкур масала жуда кўп муҳокамаларга арзийди. – М.М.).


[Закрыть]
Сабр-қаноат бобида эса ақл ва ҳиссиёт бир-бирига қаршилик кўрсатади (Масалан, ҳиссиёт бойликка, лаззатга интилади, сабр-қаноат бу ҳиссиётга қаршилик кўрсатиб, уни жиловлайди. – М.М.)

Кўнгилдаги уч хислат учун бизни ёмон одам (ёки кучлироқ айтилса, одам эмас) дейдилар. Шулардан бири – нопоклик (kakias) иккинчиси – очкўзлик, тийиқсизлик (akrasias), учинчиси – ҳайвонлик (theriotes)дир. Ҳалоллик ва нопоклик (бировлар ҳақига хиёнат қилиш) ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Энди ҳайвонлик ва очкўзлик нималигини кўриб чиқайлик.

5. Ҳайвонлик (theriotes –зериотес) – ўтакетган нопоклик (kakias)дир. Мутлақо нопок одамни кўр сак, бу одам эмас, ҳайвон деб, шундай иллатга нафратимизни билдирамиз. Бунга қарши бўлган фазилатнинг исми ҳам йўқ – бундай фазилат инсонда ҳам кам учрайди, буни қаҳрамонлик ёхуд илоҳийлик, деймиз. (Зайниддин Муҳаммад Ғаззолий «Кимиёи саодат» асарида бу фазилатни аниқ қилиб, фаришталарнинг сифати, баъзи гўзал фазилатли одамлар фаришталарга яқиндир, деб таърифлайди. – М.М.). Бу фазилат номсизлигининг сабаби шуки, Худо инсонлардаги фазилатлар билан таърифланмайди. Унинг барчадан юксаклиги (одамларга хос) фазилатлари учун эмасдир. Шу туфайли (фаришталик)нинг зидди бўлган хислатларни – одамга хос эмас, ҳайвонлик, деб атаймиз. Ҳайвонлик инсонга хос бўлмаганидек, бунинг зидди (фаришталик) ҳам одамга хос эмасдир. (Арастунинг бу фикрлари ҳали Исо-Масиҳ диний таълимоти вужудга келмаган, Юнонистонда «кўпхудолик» – мушриклик ҳукм сурган замонларда айтилаётганини эсда тутайлик. Кейинчалик, ҳақ динлар бўлган масиҳийлик ва ислом – ахлоқий таълимотларида Худои таолонинг гўзаллик, одиллик, раҳмдиллик, ғаффорлик – кечирувчилик, жабборлик – тузатиб, созловчилик, сатторлик (баъзи кичик гуноҳларни парда билан ёпувчилик), қаҳҳорлик (катта гуноҳ қилувчиларга қаҳр-ғазаб билан жазо берувчилик) каби фазилат ва сифатлари инсонларга ҳам бўлиб берилганлиги эътироф этилади. Бу сифатларнинг энг мукаммаллари, Камоли Мутлақ – Ҳақ таолодадир, деб тушунилади. – М.М.).

6. Очкўзлик, тийиқсизлик (akrasias) ва сабр-қаноат (egkratias) ҳақидаги фикрларимизни чигал, равшан ва маълум ҳақиқатларга зид нарсаларни, мушкулликларни кўриб чиқишдан бошлаймиз. Чунки, шу йўлдан борганимизда иложи борича, бу нарсалар ҳақиқатини билишга интиламиз. Ёши улуғ Суқрот8080
  Арасту кичик Суқротдан фарқлаш учун шундай дейди. Бу сўзни «Муҳтарам, ёшулли Суқрот» деб ҳам таржима қилиш мумкин. Суқрот фикрича, пухта билим – кўнгилдаги энг ҳукмрон қобилиятдир. Шу маънода бирор соҳада пухта билимли одам иродасизлик қилди, деб бўлмайди: бу ерда иродасиз дейилаётган одам шунчаки ҳаётдан нима исташини ўзи яхши билмайди. (Бу масаланинг шундай шарҳланишига ҳам биз қўшилмаймиз. Бу ҳақда алоҳида фалсафий рисолалар ёзиб, чуқурроқ ва тўғрироқ шарҳлаш мумкин. – М.М.)


[Закрыть]
тийиқсизлик, юҳоликни йўқ деб ўйлайди. Унинг фикрича, ҳеч ким ёвузлик нималигини билиб туриб, ўзига ёмонликни раво кўрмайди. Очкўз, юҳо одам эса шу нарсанинг ёмонлигини билади, аммо, ҳирсига берилиб, шу ёмонликни (нопокликни) танлайди. Мана шу сабабга кўра, Суқрот тийиқсизликни йўқ, деб ҳисоблайди. Аммо (бу масалада) у ҳақ эмас. Ҳаётий тажрибага ишонмай, мазкур хулосага ишониш бемаъниликдир. Тийиқсиз, очофат одамлар бор ва улар, ёмонлигини билатуриб, очофатлик қиладилар. Энди яна бир савол: тийиқсизлик мавжуд экан, бундай одам очофатликнинг ёмонлигини (яхши) биладими? Унда шу билим (episteme) борми, деган савол туғилади. Бизнингча, очофат одамда бундай билим йўқ. Зеро, билим – биздаги энг барқарор ва энг енгилмас фазилатдир. Мана шу енгилмас фазилатни қандайдир бир иллат енга олиши ғалатидир (Бу ерда Арасту билим деганда қалбга сингиб, фазилатга айланган қадриятни назарда тутса керак. Акс ҳолда барча замонларда билимли ва ўзича ақлли одамлар нопоклик, порахўрлик, жабр-зулм, адолатсиз, ноҳақ ишларни қиладилар. Бизнингча, бу ерда фазилатга айланган диний ва ахлоқий билим ҳақида гап боради. – М.М.). Хуллас, (Суқротнинг) бу фикри яна бир далилга кўра инкор этилади, яъни очофат одамда шу ишнинг ёмонлиги ҳақидаги билим йўқдир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации