Читать книгу "Ахлоқи кабир"
Автор книги: Аристотель
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Кенгашув нутқида нотиқ нималар ҳақида гапиради? Одамларга, халқ ҳаётига алоқадор барча масалаларни кўриб чиқиш риториканинг вазифасига кирмайди (Риторикага тааллуқли алоҳида масалалар бор.). Риторика аналитик вазифани ва сиёсий соҳани ўз ичига олади. Кенгашув нутқида кўриб чиқиладиган беш масала: Молия (финанслар). Уруш ва тинчлик. Мамлакат мудофааси. Мамлакат аҳолисининг озиқ-овқати. Қонунчилик. Нотиқ (оратор) турли давлат тузумларини билиши керак.
* * *
Аввало аниқлаб олайлик: одамлар нималар ҳақида маслаҳатлашадилар? Нотиқлар кенгашда халқ учун нималар фойдали ва нималар зарарли экани ҳақида умумий гапларни эмас, балки мамлакат олдида муайян ўша вақтда кўндаланг бўлиб турган неъматларга ёки иллатларга доир масалалар ҳақи да гапиради. Ҳал бўлиши мумкин бўлган масалалар юзасидан кенгаш чақирилади. Йўқ нарса ёки бўлар-бўлмас нарсалар ҳақида кенгашиб ўтирилмайди. Тасодифан ёки табиий равишда, ўз-ўзидан ҳал бўладиган нарсалар ҳақида ҳам маслаҳатлашувдан фойда йўқ. Одатда бажарилиши, бошланиши ҳал этилиши кенгаш аъзолари – одамларга боғлиқ бўлган масалалар ҳақида фикрлар айтилади. Бирор ишни амалга ошириш мумкинми ёки йўқлигини аниқлаб олиш учун кенгашилади.
Одамлар ҳаётида ва илм-фанда учрайдиган жуда кўп муаммоларни риторика муҳокама қилмайди, уларни муҳокама қилиш бошқа фанларнинг вазифасидир. Шусиз ҳам олимлар риторика фанига тааллуқли бўлмаган нарсаларни ҳам бу фанга қўшиб юбормоқдалар. (Арасту шундай дейди-ю, лекин қуйироқда ўзи инсон руҳияти, психология, ахлоқшунослик – этика, ҳуқуқшунослик, қонунчилик соҳаларида ҳам риторикага боғлиқ ҳолда жуда теран фикрлар айтади. – Тарж.)
Аввал айтганимиздай, риторика (хитоба) бир жиҳатдан аналитик (аниқ) фанларга, бошқа жиҳатдан ахлоққа алоқадор (ижтимоиёт ва) сиёсатга киради. Яна, риторика – бир жиҳатдан диалектикага, бошқа бир жиҳатдан софистик мулоҳазаларга яқин туради.123123
Риторика ҳақиқий ишонтирувчи усуллари билан диалектикага, ишончлига ўхшовчи фикр айтиш билан софистикага яқин туради.
[Закрыть] Агар биз диалектик фикрлаш ва риторикани қобилият деб эмас, алоҳида фанлар деб олсак, ўзимиз сезмаган ҳолда уларнинг табиатидан узоқлашиб, бошқа фан соҳаларига ўтиб кетамиз, ўша фанларнинг эса ўзига тааллуқли мавзулари бор (Масалан, астрономияда – юлдузлар, ботаникада – ўсимликлар, зоологияда – ҳайвонлар каби. – Тарж.).
Лекин биз ҳозир кўриб чиқадиган масалаларни сиёсатшунослик учун ҳам муҳим бўлган бир қанча категорияларга – асосий тушунчаларга бўлиб ўрганишимиз ўзимиз учун фойдали.
Фуқаролар кенгашадиган, нотиқлар ўз фикрини билдирадиган беш соҳа бор:
1. Молиявий аҳвол (финанслар). 2. Уруш ва тинчлик. 3. Мамлакат ҳимояси. 4. Маҳсулотни четдан олиб келиш ва четга чиқариш. 5. Қонунчилик.
Мамлакатнинг молиявий аҳволи ҳақида маслаҳат берувчи нотиқ давлат даромадларининг барча моддаларини (бандларини) – улар қандай ва қанча, агар бирор соҳа унутилган бўлса, уни эслатиб, қўшиб қўйиши, бирор соҳага керагидан кам маблағ ажратилган бўлса, кўпайтиришни таклиф этиши, чиқимлар, харажатлар бирор соҳада бефойда бўлса – йўқотиш, ошиб кетаётган бўлса, камайтириш ҳақида гапириши керак бўлади. Чунки, мамлакатнинг чиқимлари камайтирилса, халқ бойлиги кўпаяди. Мана шу ишларнинг барчасида фақат маҳаллий аҳвол билан чекланмай, бошқа, чет мамлакатларда топилган ихтироларни, янгиликларни ҳам эътиборга олиш зарур.
Уруш ва тинчлик соҳасида эса, нотиқ ўз давлатининг куч-қудрати аввал қандай бўлганлигини, ҳозир қандай аҳволда эканлигини, нима ишлар қилинса, мамлакат куч-қудратини ошириш мумкинлигини билиши керак. Нотиқ яна ўз давлати илгари қайси давлатлар билан қандай уришганлигини (енгганми, енгилганми), бошқа давлатларнинг қандай аҳволда уришганлигини билиши зарур. Шу билан бирга нотиқ қўшни давлатлардан қайси бири (кимга қарши) урушга тайёрланаётганлигини, кучлироқ давлатлар билан сулҳ тузиш кераклигини, кучсиз давлатларга нисбатан уруш бошлаш ёки бошламаслик халқ ихтиёрида эканлигини билиши зарур.
Яна нотиқ, душман ҳарбий кучларининг ҳолатини, ҳарбий қуввати зиёдалиги ёки камлигини билиши ҳам фойдалидир, билмаслиги эса зарар келтириши мумкин.
Мамлакат мудофаасига келсак, нотиқ ватанни ҳимоя қилиш йўллари, усулларини, қаерларга қанча соқчилар қўйиш кераклигини билиши зарур. Буни билиш учун эса, нотиқ мамлакатнинг ҳамма жойларини яхши билиши, қаерда соқчилар кам бўлса кўпайтириш, ошиқча бўлса камайтириш кераклигини, энг муҳим марраларни яхшироқ қўриқлаш зарурлигини айтиши керак. Буни билиш учун нотиқ ўз мамлакати ва бошқа давлатлар қатнашган, аввал бўлиб ўтган урушлар (қандай бошланиб) қандай тугаганлигини ўрганиши керак, чунки чет мамлакатларда бўлган урушлардан ҳам ўз давлати учун хулосалар чиқариб олиш фойдалидир.
Мамлакатнинг озиқ-овқат захиралари, имкониятлари қандай, қайси озиқ-овқатлар мамлакатнинг ўзида, қайсилари четдан келтирилади, бу масалада кимлар, қайси давлатлар билан савдо-сотиқ шартномалари тузиш мумкинлигини нотиқ билиши зарур. Нотиқ ўз давлати фуқароларини (ҳарбий қуввати ва озиқ-овқат захиралари соҳасида) кучлироқ давлатлар билан, фойда келтирувчи давлатлар билан яхшироқ муомалада бўлиш зарурлигини эслатиши керак (русча матнда – эҳтиёткорлик билан, дейилган).
Мамлакат тинчлиги, хавфсизлигини таъминлашда бундан ташқари, яна ўз мамлакатидаги (ва бошқа давлатлардаги) қонунчиликка (қандай қонунлар борлигини) ҳам нотиқ билиши зарур. Чунки, давлат фаровонлиги кўп жиҳатдан қонунларга боғлиқдир.
Нотиқ турлича давлат тузумларини, ҳар бир тузумда мавжуд фойдали ва зарарли томонларни, яшнатувчи ёки ҳалокатга, таназзулга элтувчи томонларни билиши зарур. Ҳар бир давлатнинг равнақи ёки таназзули унинг ижтимоий тузуми табиатидан келиб чиқади. Энг яхши (идеал) тузумдан бошқа барча тузумлар давлатни таназзулга учратади. (Халқ, давлат учун) ортиқча эркинлик (демократия) олигархияга йўл очиб беради, ҳаддан зиёд қаттиққўллик тиранияга, жабр-зулмга йўл очади.124124
Арасту давлат бошқарувининг асосий уч турини: монархия, аристократия, тимократия (мулкдор) давлатини кўрсатади. Арасту фикрича: энг яхшиси монархия (агар подшоҳ тиран, золим бўлмай, адолатли, доно бўлса), энг ёмони – тимократия. (Перикл ва Демосфен демократия тарафдорлари эдилар. Арасту тиранияни чекланмаган ҳокимият деб қоралайди. Буни очиқ айтмаса-да, тиранни ўлдирган қаҳрамонларнинг ҳайкалларига ҳайрихоҳлигини билдиради. Тимократиянинг бошқача номи – олигархия. – М.М.)
[Закрыть] Бу гўё инсон юзини жуда катта бурун ҳам, жуда ялпоқ бурун ҳам хунуклаштирганига ўхшашдир.
Нотиқ ўз мамлакати ва бошқа давлатларнинг тарихида мавжуд бўлган қонунчилик турлари турли тузумлар билан боғлиқлигини, қайси бошқарув тузуми (давлат ва халқ учун) фойдалироқ эканлигини билиши зарур. Ўша давлатлар қандай ерларда (водийдами, тоғ орасидами, сувлими, сувсиз, чўлми) жуғрофий хусусиятларини ҳам билиши зарур. Лекин, буларни чуқурроқ билиш риторикадан кўра кўпроқ сиёсатшунослик соҳасига киради.
Давлат ишларида маслаҳат берувчи нотиқ мана шу соҳаларда яхши билимларга эга бўлиши зарур. Шундан сўнг биз кенгашда маслаҳат берувчи нотиқ тингловчиларни бирор ишни, чора, тадбирни қилиш фойдали эканига ишонтириш учун ёки аксинча бирор ишни, чора-тадбирни қилмаслик кераклигига ишонтириб, бу ишдан қайтариш учун яна қайси соҳаларни, қайси масалаларни билиши зарурлиги ҳақида фикр юритамиз.
5-БОББахт-саодат нима? У – инсониятнинг пировард мақсади. Бахт-саодат (тушунчаси)нинг тўрт хил таърифи – Бахт-саодатнинг таркибий қисмлари. Ички ва ташқи ноз-неъматлар. – Насл-насаб асллиги. Яхши хулқли ва кўп зурриёт қолдириш. – Мол-дунё, иззат-ҳурмат, жисмоний фазилатлар тахлили. Яхши дўстларнинг кўплиги. Дўст таърифи. Бахтли толеъ ва тасодифий бойлик – омад ҳақида.
* * *
Ҳар қандай инсон алоҳида ҳолида ҳам, жамоа ҳолида ҳам яхши, бахтли яшашга интилади. Одамлар шу мақсадга мувофиқ ҳаётда у ёки бу йўлни танлайдилар, баъзи қулларни шу мақсадга тўғри келмагани учун четлаб ўтадилар. Мана шу эзгу мақсад, мухтасар қилиб айтганимизда – бахт-саодатдир. У, бир неча таркибий қисмларидан иборат. Энди бахт-саодат нима, у қандай қисмлардан иборат, шуни кўриб чиқайлик.
Аслида, одамни бахтга элтувчи иш-амалларга даъват қилиш, аксинча, бахтсизликка элтувчи ишлардан қайтариш зарурати бор. Қандай қилиб, бахтни ва ё унинг бир қисмини бунёд этиш мумкин?
Бахт-саодатни нималар вайрон қилади? Нималар бахтга етишувга халақит беради? Ёки нималар бахтиёрликка бегона ишларни вужудга келтиради? Мана шу нарсаларнинг нима эканлигини одамлар яхшилаб тушуниб олсалар, ундай ишларни қилмаган бўлур эдилар.
Бахт-саодатни фазилатлар билан қўшилган фаровонлик деб таърифлаш мумкин. У яна: ўз ҳаётидан мамнунликдир? Ёки у – ёқимли ва беозор хизматчиларнинг кўплиги ҳамда уларни бемалол сақлаб туриш ва фойдаланиш имкониятими? Ҳар ҳолда одамлар шулардан бирортасини ёки бир нечтасини бахт-саодат деб эътироф этадилар125125
Бахт-саодат нималардан иборатлиги ҳақида Арасту «Никомах этикаси»да ва «Ахлоқи кабир»да ёзади. Унинг фикрича, «ҳақиқий роҳат фазилатларга мувофиқ руҳий фаолиятдир» (психик энергия). Арасту «Риторика»да роҳат-фароғатни Суқрот руҳида (фазилат – арете), стоячилар руҳида (ўзидан қаноатланиш – автаркия), эпикурчилар руҳида (ёқимли ҳаёт – ҳевестон, хевдемония) талқин қилади ҳамда кўпчилик ўртамиёна одамлар фикрича, роҳат, лаззат – бойликда деган тасаввурни танқид қилади.
[Закрыть].
Агар бахт-саодат чиндан ҳам шу каби нарсаларда бўлса, булар қаторига яна: насл-насабнинг асллиги, дўст-ёронлар кўплиги, яхши одамлар билан дўстлашиш, бойлик, яхши (хулқли) ва кўп фарзандлар ва набиралар, бахтли кексалик кабиларни ҳам қўшишга тўғри келади. Бундан ташқари, бахт-саодатга яна: соғломлик, чеҳра гўзаллиги, бақувватлик, хушқадлик, мусобақаларда эпчиллик каби жисмоний устунликларни ва яна: шон-шуҳрат, иззат, обрў, омад каби неъматларни ҳам қўшиш мумкин. Чунки, инсон ҳам ўзида, ҳам ўзидан ташқарида мавжуд неъматларга эгалик қилганидан ўзини бахтли ҳис этади. Инсоннинг ўзида (софдиллик, куч-қувват, соғломлик каби) руҳий ва жисмоний неъматлар бўлиши мумкин. Ўзидан ташқарида эса – насл-насабнинг асллиги (бу неъмат, қандай оилада туғилиш инсоннинг ўзига боғлиқ эмаслиги туфайли – ундан ташқарида ҳисобланади), яхши дўстлар, иззат-ҳурмат каби неъматлар бўлади. Яна: иззу жоҳ (мансаб) қудрати, омад ҳам инсон ихтиёридан ташқаридаги неъматлар бўлиб, агар шулар бўлса, одам қўлга киритган бошқа неъматларини ҳам яхши сақлай олади.
Энди, бахт-саодатни ташкил этувчи мана шу ноз-неъматларнинг ҳар бирини алоҳида кўриб чиқайлик.
Бирор кучли халқ ёки қудратли давлатнинг асл фуқароси учун ўша одамнинг ота, боболари шу давлатда қадимдан яшаб, машҳур йўлбошчилар, подшоҳ, вазир ёки уламолар авлодидан бўлиши ҳам бахт. Мана шундай машҳур зотлар авлоди бўлган одамлар насл, насаб баҳсида бошқалардан ўзини устун деб биладилар. Айрим шахс учун насл-насабнинг тозалиги ота томонидан ҳам, она томонидан ҳам давлатга, халққа катта хизматлар қилган машҳур одамларнинг хонадонига мансубликка боғлиқдир. Аждодлари орасида ана шундай шон-шавкатли эркаклар, аёллар, ёшлар ва қарияларнинг бўлиши насл-насаб асллигидир126126
Насл-насаб тозалиги. Афиналик нотиқ Исократ «Евагор ҳақида» нутқида унинг насл-насабини мақтайди.
[Закрыть].
Оилада яхши (солиҳ, хушхулқли, софдил, мард, меҳнатсевар, паҳлавон, олижаноб) фарзандлар кўп бўлиши – давлатнинг ҳам қудратини ташкил этади: чунки, мамлакатда яхши тарбия кўрган (руҳий, маънавий ва) жисмоний жиҳатдан ҳам гўзал, бўйдор, паҳлавон, чаққон йигитлар кўп бўлиши давлатни кучли қилади, обрўйини оширади. Маънавий гўзалликка келсак, камтаринлик ва мардлик – йигитларнинг энг яхши фазилатларидир.
Давлат учун ҳам, айрим оила бошлиғи учун ҳам фозил (фазилатли) йигит ва қизлар бўлиши бахт-саодатдир.
Қизлар учун жисмоний жиҳатдан гўзал, хушқомат бўлиш, маънавий жиҳатдан – камтарин, меҳнатсевар, олижаноб бўлиш – энг яхши фазилатлардир. Ҳар бир инсон ва умуман давлат шундай ажойиб йигитлар ва қизларга эга бўлиш (бахт-саодатидир). Ҳар бир инсон ва давлат шунга интилиши керак. Лакедемон (Спарта) давлатидаги каби, бузуқ аёлларнинг кўп бўлиши фаровонликни икки баравар камайтиради127127
Афлотун (Платон) «Қонунлари»да эркакларга нисбатан аёлларни (писмиқ, айёр-қув, тартибсиз), қадри пастроқ деб таърифлайди. Арасту «Сиёсат» асарида Спарта аёлларининг ўзбошимчалигини, эрларига таъсир ўтказишини, уларга ҳатто Ликург бас келолмай, ўз қонунларида аёлларга эркинлик берганини айтади. Афлотун фикрича, аёлларни давлат ишларига жалб этиш зарарли бўлиб, ғаразгўйликни, молпарастликни кучайтиради.
[Закрыть].
Озод инсон агар яхши фазилатлари билан иззат-ҳурматли, қадр топган бўлса, шу бойликлар унга фойда келтириши мумкин. Фойдали мулклар: озод инсоннинг қадр-қимматига яраша ҳосил ва роҳат, ҳузур-ҳаловат келтирувчи мулкдир. Ҳосил келтирувчи деганда мен олинадиган даромадни айтмоқчиман. Роҳат берувчи нарсалар эса – улардан фойдаланганингда хурсандчиликдан бошқа ҳеч вақо олинмайдиган нарсалардир… Мулкка эгаликнинг шубҳасиз ишончли бўлиши ундан ўзи истаганча вақтида, ўрнида ва шароитида оқилона фойдаланиш мумкин бўлган мулклардир. Умуман олганда, бойликнинг моҳияти ундан фойдаланишдадир, чунки бекор ётган, (моддий ва маънавий жиҳатдан) бефойда мулкларни бойлик деб бўлмайди.
Яхши обрўга (репутацияга) эга бўлиш халқ орасида жиддий одам деб ном чиқаришдир, кўпчилик одамлар, фозил ва оқил одамлар интиладиган хислатлар соҳиби бўлишдир. Олиҳимматли одамни халқ ҳурматлайди. Адолат юзасидан, фуқароларга яхшилик, хайр-эҳсон қилувчи одам иззат-ҳурмат қилинади. Ёхуд маълум вақтларда, маълум жойларда топилиши қийин бўлган бойликлар ва хислатларга эга бўлган одамлар ҳам иззат-обрў қозонадилар.
…Жисмоний фазилатлар: бадан соғломлиги, уни турли ёмон ишлардан, таъсирлардан асраш. Баъзи дарвешсифат одамларга, масалан Геродик соғломлигига одамлар ҳавас қилмайдилар.128128
Мегарали Геродик – Косли Гиппократнинг устози. У, Афинада гимназия очиб, шифобахш гимнастикани жорий қилган. У касалларнинг умрини чўзган, лекин касалини тузатолмаган. Афлотун «Давлат» асарида «У ўзини ҳам, беморни ҳам қийнарди» деб ёзади.
[Закрыть] (Лекин шарқда Иброҳим Адҳам каби подшоҳлигидан воз кечиб, шубҳали таомлардан ҳам кечиб, фақат ҳалол ва озгина таом еб, тоат-ибодат билан ҳаёт кечган дарвешлар иззат-ҳурматга сазовордир.)
Гўзалликка келсак, бу фазилат турли ёшдаги одамларда турличадир. Ўсмирлар, ёшлар югуриш, тош кўтариш ёки бошқа қийин машғулотлар билан хушқомат ва кучли, чайир гавдали бўлса – гўзал ҳисобланади. Айниқса, пентатл (беш кураш)129129
Пентатл – беш кураш: югуриш, сакраш, кураш, диск – лаппак отиш, найза отиш.
[Закрыть] билан шуғулланган атлетикачиларнинг гавдаси гўзалдир, чунки улар гавдасини ҳар жиҳатдан чиниқтирганлар.
Ҳам курашни, ҳам мушлашувни яхши билганлар панкратинчигалардир130130
Панкратий – кураш ва муштлашув қўшилгани.
[Закрыть].
Яхши қариганлар – бой-бадавлат, соғлом, саховатли, фарзандлари одобли чол-кампирлар ҳам бахтлидирлар. Полифилия – дўстларнинг кўпчилиги, кристофилия – яхши, доно дўстларнинг кўплиги ҳам бахт-саодатдир.
Баъзи (тасодифий) неъматлар инсон табиатига боғлиқ бўлмаслиги мумкин. Масалан, санъат (гимнастика) сабабли инсон соғлиги яхшиланади. Лекин, баланд бўйлик, гўзаллик инсонда табиий бўлади. Табиий неъматлар бошқаларнинг ҳасадини (ёки ҳавасини) келтиради.
Тасодифий неъматларда тартиб, қоида ҳам бўлмайди. Масалан, бир оилада барча болалар хунук, фақат биттаси чиройли. Ҳеч ким топмаган дафина – хазинани бир одам топиб олиши ҳам тасодифийдир. Ёки, жанг вақтида ўқ бошқаларга тегмай, фақат бир одамга тегиб ҳалок этиши ҳам тасодифдир.131131
Арасту «Табииёт» («Физика») асарида тўлиқ детерминизм – сабаб-оқибат боғланишларини чуқур ёритган. «Ўз-ўзидан ёки тасодифан бўлган деган нарсаларимизнинг ҳам сабаблари бор. Фақат баъзи сабабларни тушунишга инсон ақли ожизлик қилади».
[Закрыть]
Фазилатлар ҳақидаги таълимот мақтовларга алоқадор бўлгани учун, фазилатлар ҳақида мақтовлар бобида фикр юритамиз.
6-БОБКенгашув нутқининг мақсади – (ватанга, халққа) фойда етказишдир. (Савдога алоқасиз) Барча одамларга фойда етказиш – ноз-неъматдир. Ноз-неъматнинг таърифи. Таъсир этувчи сабабларнинг уч тури. Неъматларнинг тур ва даражалари: бахт-саодат, кўнгилдаги фазилатлар, гўзаллик, соғломлик, бойлик ва дўстлик, ор-номус, шон-шараф, яхши сўзлай билиш ва сўзлаганига амал қилиш, табиий қобилиятлар, илм-фанларни, турли ҳунар ва санъатларни билиш (тинч, осойишта), ҳаёт, адолат (барқарорлиги). Шубҳали неъматлар. Яна неъматнинг таърифи. Икки хил эҳтимоллик.
* * *
Биз (нотиқлар) бошқаларга, тингловчиларга бирор иш ва тадбирнинг ҳозирги вақтда фойдали, яхши ёки келгусида яхшилик келтиришини тушунтираётганимизда ёки ўша нарсанинг зарарли эканлигини айтиб, уни қилмасликка даъват этаётганимизда табиий ва равшанки, биз ўша ишнинг кўпчиликка фойдали ёки зарарли эканлиги ҳақида ўйлаймиз. Кенгашда маслаҳат бераётган нотиқ охирги мақсадни эмас, балки унга етишув йўллари, воситалари ҳақида гапиради. Ана шу воситалар мақсадга етишувда фойдали ишлар, тадбирлардир. Фойда келтирувчи нарсалар эса неъматдир. Шу нарсаларни яхши тушуниш учун яхшилик (ва ёмонлик), фойда (ва зарар) нималардан иборатлигини кўриб чиқишимиз керак.
Ноз-неъмат шундай нарсаки, биз уни истаймиз, ёқтирамиз, шу сабабли, ноз-неъмат келтирувчи бошқа нарсаларни (меҳнат билан келган бойликни ва ҳоказоларни) ҳам яхши кўрамиз. Ақлли одамларнинг барчаси (ақл неъмати насиб этган одамлар) ноз-неъматни яхши кўрадилар. Ақл билан топилган ноз-неъматлар инсонни хотиржам ва мамнун қилади. Ноз-неъмат ўз-ўзича турганида ҳам ёқимли, хотиржамлик ва мамнунлик ҳолатини давом эттираётгани учун ҳам ёқимли, бошқа ноз-неъматларни топишга хизмат қилаётгани учун ҳам ёқимлидир. (Масалан, анвойи мевалар ноз-неъмат, уларни истеъмол қилганингизда соғлиқ, саломатлик неъматига ҳам эришасиз. Ёки илм-фанлар ҳам неъмат, яна булар ёрдамида бошқа неъматларга ҳам эришасиз).
Ўзи неъмат бўлиб, бошқа неъматларни ҳам келтирувчи нарса уч жиҳатдан яхшидир: соғломлик яна узоқ яшашга имкон беради. (Меъёрда истеъмол қилинган) таом ўзи неъмат, у яна соғломлик неъматини келтиради. Гимнастика ҳам шундай, у (ҳузур беради) ва соғлиқни ҳам яхшилайди. Хуллас, ҳар қандай неъматни қўлга киритиш ва ёмонликни (ёмон хулқ ва ёмон қилмишларни) йўқотиш фойдалидир.
Ҳар бир нотиқ неъматларнинг даражалари, мартабаларини ҳам билиши зарур. Чунки, буларни билиш бизга ҳаётимизда янада аълороқ неъматларни қўлга киритишга ёрдам беради. Ноз-неъматларнинг озлигидан кўплиги аъло, ёмонлик, қайғу, кулфатнинг эса кўплигидан озлиги яхшироқ. Фазилатлар ҳам неъматдир, чунки, фозил одамлар (бошқаларга, мол-давлати кўп одамларга нисбатан) бахтлидирлар. Чунки фазилатлар неъматларга еткизади ва улардан (оқилона) фойдаланишни ўргатади.132132
Суқрот фазилатларга яна адолат, ҳалоллик, мардлик, ростликни ҳам қўшади (Афлотун. «Менон»). У, «Давлат» асарида бағрикенглик, олиҳимматликни чинакам файласуфлар фазилати, дейди.
[Закрыть] Аммо, фазилатларнинг ҳар бирининг мазмун, моҳияти, уларнинг табиати ҳақида кейин алоҳида фикрлашамиз. (Оқилона) роҳатланиш ҳам неъмат, барча жониворлар роҳатланишга интилади. Чиройли нарсалар барча одамлар учун ёқимли ва истакли, марғубдир. Аввал айтганимиздай, ҳаёт неъматлари қуйидагилардир: бахт-саодат неъмати бошқа кўп неъматларни ўз ичига олгани учун барча инсонлар унга интилади (лекин бахтни турли одамлар турлича тушунадилар, бу ҳақда қуйироқда тўхталамиз).
Бир сўз билан айтганда эзгулик, (неъмат) деб қуйидагиларни эътироф қилиш зарур: бахт-саодат, чунки унинг ўзи барча неъматлардан афзалдир, бундан ташқари айнан у туфайли биз кўп нарсаларни танлаб оламиз. Адолатлилик, мардлик, меъёр (мўътадиллик), олижаноблик, сахийлик ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларни эзгулик (неъмат) деб эътироф қиламиз, чунки булар қалбнинг яхши хислатларидир. Гўзаллик, соғломлик ва бошқа шунга ўхшашлар ҳам эзгулик (неъмат)дир, чунки бунинг ҳаммаси вужуднинг яхши хислатларидир, вужуднинг бу хислатлари кўпгина эзгуликларни туғдиради (келтириб чиқаради), масалан, соғ-саломатлик ҳузур-ҳаловатли ҳаётни вужудга келтиради, негаки у олий неъмат, (эзгулик) ҳисобланади, чунки у энг катта бебаҳо аҳамиятга молик бўлган иккита нарса – ҳузур-ҳаловат ва ҳаётнинг сабабчиси бўлиб хизмат қилади.
Ҳалол меҳнат билан топилган бойлик инсон қадрини (фазилатини), бошқалардан афзаллигини ифодалайди ва кўпгина неъматларнинг (эзгуликларнинг) сабабчиси бўлиб хизмат қилади. Дўст ва дўстлик ҳам азиз неъмат, у сабабли кўпгина яхшиликлар келиб чиқади. Ор-номус, шон-шараф, ёқимли ва кўп нарсаларни вужудга (юзага) келтиради, одамлар ор-номус, шон-шараф мавжудлиги туфайлигина фахрга, ҳурматга сазовор бўладилар ва ор-номус билан кўп нарсалар боғлиқ бўлади. Чиройли гапира олиш ва сўзига амал қилиш ҳам неъматдир, бунга ўхшаганлар ҳаммаси неъмат, эзгуликни яратади (вужудга келтиради). Истеъдод хотира, зеҳнлилик, зийраклик, зукколик ва шунга ўхшаш барча хислатлар ҳам шулар жумласига киради, чунки улар эзгулик (неъматлар)ни юзага келтирадилар. Худди шулар билан баробар тарзда илм-фан ва санъат, барчаси ҳам булар таркибига, жумласига киради (тааллуқлидир). Ҳаётнинг ўзи неъматдир (эзгуликдир). Ва ниҳоят адолатлилик ҳам эзгуликдир, чунки у ҳаммага фойдали ҳисобланади. Неъмат, эзгулик деб одамлар тан олиши мумкин бўлган нарсаларнинг ҳаммаси тахминан ана шулардан иборат. Баҳсли, мунозарали бўлган эзгулик, неъматларга келсак, юқорида эслатиб ўтилган эзгуликларга (асосланиб) улар тўғрисида хулоса қилиш керак бўлади.
Ёвузликка нимаики қарши бўлса ана ўша эзгуликдир ҳамда душманларга нимаики фойдали бўлса ўшанга қарши, тескари бўлган нарса ҳам бу – эзгуликдир (неъматдир). Масалан фуқароларнинг қўрқоқлиги, номардлиги душманларга фойда келтиради, у ҳолда равшанки жасурлик, мардлик фуқароларга жуда фойдали ҳисобланади. Умуман олганда душманлар ниманики хоҳласалар ва нимадан хурсанд бўлсалар ўшаларнинг барчасига тескари, қарши ҳолатда бўлиш фойдали ҳисобланади ва шунинг учун ҳам мана бундай дейишган:
Ҳукмдор Приам қандай завқланган бўларди… 133133
Ҳомер. «Илиада», 1-қўшиқ.
[Закрыть]
Лекин доим бундай бўлавермайди, кўпинча бир хил нарса икки томон учун ҳам фойдали бўлиши мумкин ва қачонки худди ўша бирор нарса икки томон учун ҳам зарарли бўлганида «бахтсизлик одамларни бир-бирига яқинлаштиради» деб шунга айтадилар. Меъёрида бўлган нарсани ҳам эзгулик деб аташ мумкин, зарурий чегарани бузиб ўтишни, ҳаддан ошишни эса ёвузлик деб аташ мумкин. Нима (қайси) нарса учун кўп меҳнат ва харажат қилинган бўлса ўша нарса ҳам эзгулик (неъмат) ҳисобланади, агар бундай нарса яхши мақсадга хизмат қилса. Ҳар бир (яхши) ният эзгулик бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам айтилган:
Лекин бениҳоя бу ерда кутавериш ҳам, шармандали ҳолдир биз учун. 134134
Ҳомер. «Илиада», 2-қўшиқ.
[Закрыть]
«Нақ (худди) эшикнинг олдига етганда сувли кўзани қўлдан тушириб юбориш» деган мақол ҳам шундан келиб чиққан. 135135
Бу мақолни бошқа ҳеч қаерда учратмадик.
[Закрыть]
Кўпчилик нимагаки интилаётган бўлса (ҳаракат қилаётган бўлса) ва бу борада мусобақалашишга арзийдиган нарса бўлса ана ўшалар ҳам неъматлар деб тасаввур қилинади, одамларнинг кўпчилиги, аксарияти тушунчаси эса «ҳамма одамлар» деган тушунчага баробар деб тасаввур қилинади. Мақтовга лойиқ бўлган нарса эзгуликдир (неъматдир), чунки эзгулиги мавжуд бўлмаган нарсани ҳеч ким мақтамайди. Душманлар ва ёмон одамлар ҳам яхши деб тан олган ишлар ҳам яхшидир, бу ишдан зарар кўрганлар ҳам маъқуллашган бўлса, бундай ҳамжиҳатлик (якдиллик) шубҳасиз эзгуликнинг самараси ҳисобланади. Душманлардан эмас, балки дўстларидан танбеҳ эшитувчилар ёмон одамлар ҳисобланадилар, яхши одамларни эса ҳатто душманлари ҳам койимайдилар.
Шунинг учун ҳам коринфликлар ўзларини Симониднинг шеърида ҳақоратланган деб ҳисоблайдилар:
Илион Коринф аҳлига танбеҳ бермайди. 136136
Кеосли Симонид (мил. авв. VI–V асрлар) машҳур юнон шоири, Элегиялар ва хор (жўр) қўшиқларнинг муаллифи. Юнон қаҳрамони Беллерофонтнинг ўғли Главк трояликлар тарафида эди. Лекин, Коринфликлар грек бўлгани учун ўзларини, трояликларнинг душмани деб билганлар. Шу сабабли, Симониднинг бу байти уларга ҳақоратдай кўринади.
[Закрыть]
Бунинг сабаби: Беллерофонт ўғли Главк бошчилигида баъзи коринфликлар Илион (Троя) тарафдори эдилар (А.Ф.Лосев изоҳи). Ақлли ё яхши эркак ёки аёллардан бирор кимсани афзал кўриш, хайрихоҳлик ҳам эзгуликдир, масалан, Афина Одиссейни, Тесей Еленани, Александр (Парис) маъбуда (Афродита)ни ва Ҳомер Ахиллни афзал кўрди.137137
Арасту машҳур юнон мифологиясидан мисоллар келтиради. Донолик илоҳаси (фариштаси) Афина урушда Одиссейни ҳимоя қилади. Уч фаришта – Афина, Гера, Афродита «Гўзаллар гўзалига» деб ёзилган олтин олмани талашиб қолганида, Троя шаҳзодаси Александр-Парис Афродитани энг гўзал деб, танлайди. Шу сабабли Афродита Парисга Спарта подшоҳи Менелайнинг гўзал хотини Еленани олиб қочишга ёрдам беради. Агомемнон бошлиқ юнонларнинг бирлашган қўшинлари Трояга, Парисга қарши уруш бошлайдилар. Ахилл – Ҳомер «Илиада»сининг бош қаҳрамони.
[Закрыть] Умуман айтганда одамларнинг афзал кўришига лойиқ бўлган нарсалар эзгулик (неъмат)дир, чунки улар юқорида кўрсатилган одамларнинг фазилатларини афзал кўрадилар. Одамлар душманларга ёмонлик ва дўстларга яхшилик тилайдилар. Бундан ташқари улар имкони етадиган – мумкин бўлган нарсаларни қилишни афзал кўрадилар. Мумкин бўлган нарсалар икки турда бўлади: бир хиллари аллақачон амалга оширилгани бўлса, иккинчиси эса энди амалга оширилиши мумкин бўлган нарсалар. Ихлос ва завқ билан қилинган иш осон ва тез бажарилади, чунки бирор ишни амалга оширишнинг қийинлиги ўша ишни ёқтирмаслик сабабли ёки кўп вақт талаб қилиниши сабабли кечиктирилади, бажариш қийинлашади.
Одамлар яна ўзларига ёқимли нарсаларни ёки машғулотларни афзал кўрадилар. Одамлар яна ёмонлиги ёки зарари камроқ, зарари унчалик сезилмайдиган нарсаларни афзал кўрадилар. Улар яна бирор нарса бошқаларда эмас, фақат ўзида бўлишини афзал кўрадилар. Арзимас бўлса ҳам, ўзига, оиласига керакли деб ўйлайдиган нарсаларни афзал кўрадилар. Улар яна дўстларга яхшилик қилишни, душманларга зарар келтиришни афзал кўрадилар. Одамлар ўзлари яхши билган ишлар, касб-ҳунарларни ҳам афзал кўрадилар. Улар яна ёмон одамлар қилолмайдиган (яхши) ишларни ҳам афзал кўрадилар (масалан, хайр-эҳсон, меҳр-мурувват каби).
Ҳар бир инсон яна ўз табиати, феъл-атворига қараб, масалан, шуҳратпараст одамлар (ҳар ерда) ғалаба қозонишни, иззатталаб одамлар иззат-ҳурматни, таъмагир (ғаразгўй) одамлар пулни афзал кўрадилар. Одамларга бирор неъмат, фаровонлик ҳақида гапирганда улар афзал кўрадиган нарсалар билан ишонтириш осонроқ бўлади.