282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Аристотель » » онлайн чтение - страница 17

Читать книгу "Ахлоқи кабир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:40


Текущая страница: 17 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +
10-БОБ

Адолатсиз, ноҳақ хатти-ҳаракатлар (қилмишлар)нинг сабаблари; бундай хатти-ҳаракатларга сабаб бўлувчи ҳолатлар; бу хатти-ҳаракатлар кимларга нисбатан содир қилинади (юз берган бўлса, содир қилинган бўлса) ўшалар ҳақида, ноҳақлик – адолатсизлик ўзи нима? Ножўя (ёмон, хунук) хатти-ҳаракатларнинг, иллат (қусур, айб, ёмон хулқ)нинг ва ўзини тия олмасликнинг мотивлари (сабаблари) – ихтиёрий ва ғайриихтиёрий қилмишлар, умуман инсон фаолиятининг мақсадлари, тасодифийлик, табиийлик, мажбурлаш, одат тусига кириб қолганлик тушунчалари, тушунган ҳолда онгли тарзда қилинган, дарғазаблик, жаҳл таъсирида қилинган, истак, хоҳиш билан ихтиёрий қилинган хатти-ҳаракатлар.

* * *

Кейин айблаш ва ҳимоя қилиш ҳақида нечта ва қандай хулоса чиқариладиган (хулоса қилинадиган) ҳолатлар, вазиятларнинг сони (миқдори) ва табиати борасида (тўғрисида) айтиш лозим. Бу ерда учта нуқтага (пунктга) эътиборни қаратишимиз керак. Сабабларнинг табиати қандай, сабаб миқдорининг нақадар катта аҳамиятга эгалиги, ўша сабабларнинг таъсирида одамларнинг ноҳақ муносабатда бўлишлари (адолатсизлик билан ҳаракат қилишлари); қандай кайфиятлар таъсири остида одамларнинг ноҳақ, адолатсиз иш қилишлари, қандай одамларга нисбатан биз нотўғри муносабатда бўламиз (ноҳақ муносабатда бўламиз) ва бу кишилар қандай шароитларда ҳолатларда зулм кўрадилар? – шуларни кўриб чиқамиз.

(Шундай қилиб), адолатсизлик, ноҳақлик тушунчасини аниқлайлик ва кейин эса юқорида кўрсатилган нуқталарнинг ҳар бирини тартиб билан таҳлил қиламиз, синчиклаб текшириб кўрамиз.

Қонунга хилоф тарзда бошқа бирор шахсга зарар етказиш майли – ноҳақ муносабатда бўлишни, қасддан ёмонлик қилишни билдиради. Лекин қонуннинг икки тури бор – хусусий ва умумий. Давлатдаги одамлар ўшанга мувофиқ яшайдиган ёзилган қонунларни мен хусусий қонунлар деб атайман. Гарчи у ёзилмаган бўлса ҳам, барча одамлар томонидан тан олинган, эътироф қилинган қонунни мен умумий қонун деб атайман.

Одамлар ўзлари онгли ва ихтиёрий (зўрлашларсиз) тарзда қиладиган ишларини кўнгилли бўлиб (ўз ихтиёри билан) бажарадилар.

Одамларнинг кўнгилли бўлиб қилган ишлари ҳамиша ҳам улар томонидан қасддан қилинмайди (бажарилмайди), лекин улар томонидан қасддан қилинадиган ҳамма нарса (иш) кўнгилли тарзда бажарилади, чунки одам ўзи қасддан қиладиган ишига нисбатан ҳеч қачон ғафлатда бўлмайди.

Биз ихтиёрий тарзда (кўнгилли бўлиб) зарар етказадиган ва ноҳақ муносабатда бўладиган сабаб – мотивлар, бу ёмон хулқ, (иллат, камчилик) ва ўзни тута олмаслик (тия олмаслик) (баднафслик; эҳтиётсизлик), қачонки биз битта ёки бир неча иллатларга (камчиликларга; касалликларга) эга бўлсак у ҳолда биз айнан, шу иллатларнинг таъсирида ноҳақ ишлар қиламиз. Масалан, пулга нисбатан таъмагирлик, очкўзлик, баданнинг, вужуднинг ором олиши, завқланишига, роҳатланишига нисбатан ўзини тия олмаслик, хавф-хатар вақтида дангасалик, қўрқоқлик қилиш, машаққатларга нисбатан заиф, чидамсиз бўлиш (чунки қўрқоқлар хавфли дақиқаларда қўрқиш таъсирида ўзларининг дўстларини, ўртоқларини ташлаб кетадилар). Иззатталаб одамлар ҳам ноҳақлик, жабр, зулм қиладилар. Жаҳли тез, жиззаки одам ғазабнинг таъсири остида ноҳақ иш қилади (ноҳақ, нотўғри иш қилади, нотўғри йўл тутади); ғалабани астойдил, жуда-жуда хоҳлаган (хоҳловчи) киши ғалабани деб (ғалаба учун) иш қилади (йўл тутади), қасоскор одам эса қасос олиш туйғуси таъсири остида иш қилади. Ақлсиз, фаросатсиз (калтафаҳм) одам эса – нима ҳақ ва нима ноҳақ эканлигидан бехабарлиги, билмаслиги оқибатида ноҳақ иш қилади, уятсиз, орсиз киши эса яхши одамдан нафратланиши туфайли ёмон иш қилади. Шунга ўхшаш тарзда қолган барча одамларнинг ҳар бири ўзининг иллатига (нуқсонига, камчилигига) мос ҳолда адолатсиз бўлиб чиқадилар. Лекин буларнинг ҳаммаси қисман биз айтган фазилатлар, яхши хислатлар етишмаслигидан ва қисман эҳтирос, қизиққонликдан келиб чиқади: Нимани кўзлаб (нима учун), қандай кайфият таъсири остида (таъсирида) ва кимларга нисбатан одамлар ноҳақ иш қилишларини айтиш қолди холос.

Шундай қилиб нотиқ (қораловчи) одамлар қандай сабаблар таъсирида ва қандай одамларга нисбатан бемалол ёмонлик қилишларини аниқлаб олиши, синчиклаб ўрганиб чиқиши керак. Чунки шак-шубҳасиз аниқки, қораловчи қайси сабаблар таъсирида одамлар ўзларининг яқинларига нисбатан ноҳақ иш қилишларини, бу сабаблардан айнан қайсилари ва қанчалари муҳим мотивлар эканлигини аниқлаши керак. Ўзини ҳимоя қилувчилар эса, айбловчи айтган сабаблар бўлмаганлигини исботлаб бериши зарур.

Ҳамма одамлар бирор ишни ё бировнинг мажбурлаши билан, ё ихтиёрий тарзда қиладилар. Ғайриихтиёрий иш қиладиганлардан баъзилари тасодифан шу ишни қиладилар, бошқалари эса зарурат туфайли содир этадилар. Зарурат туфайли ёмонлик қиладиганлардан баъзилари мажбурият орқасида (зўрлаш туфайли) қилсалар, бошқалари табиати (характерига, талабига мос тарзда қиладилар. Шундай қилиб, одам улар томонидан ғайриихтиёрий тарзда содир қилинадиган ҳамма нарсалар (воқеа, ишлар) ё тасодифан ёки табиатига мувофиқ ёки мажбурлаш орқасида (зўрлаш туфайли) содир қилинади.

Одамлар томонидан ихтиёрий тарзда қилинган ёмонликларнинг сабаблари ҳам уларнинг зиммасида (устида) бўлади, бирор иш улар томонидан одатга кўра содир қилинади, бошқа бириси эса кучли орзу, интилиш, иштиёқ, ният таъсирида содир бўлади. Бундан ташқари баъзилар ўз ақли билан, бошқаси эса ўйламасдан калтафаҳмлик билан ёмонлик қилади. Истак, бу яхшиликка интилишдир. Чунки ҳар бир киши мақсад, ниятини ўзи хоҳлаган яхши деб ҳисоблаганидагина бошидан кечиради. Истак, хоҳиш (мақсад) бу ғазаб ва кучли ҳис-туйғу, эҳтиросдир.

Шундай экан, одамлар ўзлари содир этадиган ишларнинг ҳаммасини еттита сабабга кўра қиладилар: 1. Тасодифан. 2. Табиати (характерига кўра (мос тарзда). 3. Мажбурият (зўрлаш) туфайли. 4. Одатига кўра. 5. Ўйлаш, мулоҳаза қилиш туфайли. 6. Ғазаб ва 7. Кучли ҳиссиёт, эҳтирос сабабли. Ёши, ҳолати (шароити) ва ҳоказо каби мотивларнинг таснифини бу ерга қўшиш бефойда бўларди.160160
  Арастунинг бу таснифини қуйидагича ифодалаш мумкин:
  Инсонлар қиладиган барча қилмишлар икки хил:
  1. Билмасдан (беихтиёр). 2. Билиб (ихтиёрий).
  I. Билмасдан (беихтиёр) қилинган ишлар ҳам икки хил:
  1. Тасодифан. 2. Муқаррар.
  Муқаррар ишлар ҳам икки хил:
  1. Мажбури. 2. Табиати, феъл-атворига кўра.
  II. Ихтиёрий, билиб қилинган иш-ҳаракатлар ҳам икки хил:
  1. Одатга кўра. 2. Интилиш, эхтирос сабабли.
  Интилиш, эҳтирос сабабли қилинган ишларнинг ҳам икки тури бор:
  1. Оқилона (яхшиликка интилиб).
  2. Ақлсизларча ишлар.
  Ўз навбатида, ақлсизларча ишлар ҳам икки турли:
  1. Жаҳл устида қилинган иш-ҳаракатлар.
  2. Ҳаяжон, эхтирос билан қилинган иш-ҳаракатлар.


[Закрыть]
Чунки агарда ўспиринларга, бўз болаларга, ёш йигитчаларга жаҳл, ғазаб кучли ҳиссиёт, эҳтирослар хос бўлса, у ҳолда улар ноҳақ ҳаракатларни ўзларининг ёшликлари сабабидан эмас, балки ўзларининг ғазаб ва эҳтирослари таъсирида қиладилар.

Одамлар бойлиги ва камбағаллиги сабабли ноҳақ ишлар қилмайдилар. Тўғри, камбағаллар муҳтожликлари туфайли кўп пул топишни орзу қиладилар, бойлар эса ортиқ даражада мол-дунёнинг мавжудлиги туфайли роҳатланиш, ҳузурланишни хоҳлайди. Аслида бу одамларнинг ёмонлик қилишга зарурат йўқ, лекин бундай одамлар бойлик туфайли ёки камбағаллик туфайли эмас, балки кучли эҳтирос, кучли ҳис-туйғуларнинг таъсирида ишга киришадилар. Шунинг сингари баъзи одамлар адолатли, одил ва баъзи одамлар адолатсиз бўладилар. Ҳамма одамларнинг хатти-ҳаракатлари уларнинг қалби кўнгли тозалиги ёки ичи қоралигини намоён қилади.

Одамлар юқорида кўрсатилган мотивларнинг таъсирида ҳаракат қиладилар, кучли ҳис-туйғу, эҳтирос таъсирида ёки эс-ҳуши жойида бўлганида ёмонлик қиладилар. Баъзи одамлар яхши феъл-атворни ўзларига дастуруламал қилиб оладилар ва бошқалари эса аксинча, ёмон феъл-атворни ва кучли жаҳл-ғазабни ўзларига дастурул амал қилиб оладилар. Кўнгли оқ одамларнинг яхши ишидан яхши оқибатлар келиб чиқади. Ёмон хулқли одамларнинг бўлмағур ишларидан ёмон оқибатлар келиб чиқади. Ўртача иш тутадиган одамда айнан унинг ўртача иш тутишлиги туфайли ҳузурланиш, роҳатланиш меъёрини билади, чегарадан ошмайди. Лекин ўзини тия олмайдиган одамлар эса ҳузур ва роҳатда ўзини жиловламайдилар.

Шу сабабли бунга ўхшаш таснифлашларни бир четда қолдириб, энди ёмонлик қилиш оқибатлари одатда қандай руҳий, маънавий хусусиятлар билан боғлиқ, алоқадор бўлишини кўриб чиқиш керак. Чунки агарда одам оқ ёки қора, қари ёки ёш бўлса, бундан ҳали ҳеч қанақа хулоса чиқариб бўлмайди. Аксинча одам ёш ёки қари эканлигига қарамай, адолатли ёки ноҳақ (адолатсиз) бўлиши муҳим фарқ ҳисобланади. Одамларнинг феъл-атворларида ҳам шундай фарқларни келтириб чиқариш мумкинлигини айтишимиз керак. Масалан, инсон ўзини бой ёки камбағал деб, бахтли ёки бахтсиз деб ҳисоблайдими, бу аҳамиятли. Лекин бу тўғрида биз кейин гаплашамиз.161161
  Арасту. Риторика. II-китоб, 11-боб.


[Закрыть]
Ҳозир эса бошқа (аввалроқ белгиланган) саволларга тўхталамиз. Шу масалалардан бири – тасодифийлик. Сабаби номаълум, бирор аниқ мақсад учун қилингани аниқланмаган, доимий ҳам, кўпинча ҳам учрамайдиган, белгиланмаган тартибдаги ҳолатлар тасодифий деб аталади. Буларнинг ҳаммаси шак-шубҳасиз тасодифийлик тушунчасининг таърифидан маълум.

Ихтиёрсиз, мажбурлаш билан қилинган ёмонликни одам ўз ақли билан ва хоҳиши билан қилмайди. Одат бўлиб қолган ёмонликни эса одам кўп марта содир қилган бўлади. Ўз ақли билан қилинган ёмонликни одамлар бирор неъматга, бойликка эришмоқ учун қилади.162162
  Арасту. Риторика. I-китоб, 5-боб.


[Закрыть]
Ўша одамларнинг назарида бу бойлик ё бирор нарса бошқа бир мақсадни амалга ошириш учун керак бўлиши мумкин.

Баъзи ўзини тиёлмаган одамлар ҳам ўзи учун фойдали (ўғирликни) фойда топиш учун эмас, бировга ёмонлик қилиб ҳузурланиш учун қиладилар.

Жаҳл ва ғазаб устида қилинадиган ёмон ишлардан мақсад қасос, ўч олиш учундир.

Қасос олиш ва жазоланишнинг фарқи бор: жазолаш ёмонлик қилган одамни тўғри йўлга солиш учун, қасос олиш эса қасд олувчининг фойдаси учун амалга оширилади.

Ғазаб нималигини эҳтирослар ҳақидаги рисоламизда163163
  Арасту. Риторика. II-китоб, 2-боб.


[Закрыть]
айтиб ўтганмиз.

Майл, истак эса ёқимли нарсаларга, ишларга қаратилади. Доим ҳаётимизда бўлиб турадиган, биз ўрганиб қолган нарсалар ҳам истакли, ёқимлидир. Одамлар ўзига ёқимли, ўрганиб қолган ишларни ўз ихтиёри билан бажаради.

Ҳақиқий ёки эҳтимолий ёмонликдан, ташвишдан қутулиш ҳам неъмат, яхшиликдир. Катта фалокат кичик фалокатга алмашгани ҳам яхшилик ва ёқимлидир. Ўта ёқимсиз нарса камроқ ёқимсизлик билан алмашгани ҳам яхшиликдир.

Энди биз фойдали ва ёқимли нараларнинг қанчалигини ва турларини кўриб чиқишимиз керак. Маслаҳат нутқи ҳақида гапирганимизда фойдали нарсалар нималар эканлигини эслатганмиз. Ҳозир эса ёқимли нарса, ҳодисаларнинг таърифини берамиз. Бу таърифлар жуда ноаниқ (қисқа) ҳам, жуда чўзиқ, бачкана ҳам бўлмаслиги керак.

11-БОБ

Роҳат таърифи. Ёқимлиликнинг турли даражалари.

* * *

Роҳат, ёқимлилик кўнгил иши бўлиб, бу ҳолатда инсон (билган, кўрган, ҳис этган нарсадан) табиий ҳолда тез севинади. Ёқимсизлик эса шу ҳолатнинг аксидир. Шундай экан, бизни севинтирадиган барча нарсалар дилимизни роҳатлантиради, бизни хафа қиладиган (ёки севинтирмайдиган) нарсалар эса ёқимсиздир. Руҳнинг табиий ҳолати асли роҳатда бўлади. 164164
  Роҳат, ҳузур-ҳаловат ҳақида қаранг: Арасту. «Никомах этикаси», VII китоб, 12, 13-боблар.


[Закрыть]
Ёқимсиз нарсаларни билиш, кўриш, ҳис этиш эса руҳнинг табиий ҳолатидан оғиши, издан чиқишидир.

Инсон (ўзида ва ўзгада кўрган) баъзи одатлар, қилиқлар ҳам ёқимлидир. (Хусусан, севимли одамнинг яхши одат, қилиқлари бўлса. – М.М.) Одат инсон табиатига яқинроқ ҳолатдир. Тез-тез бўлиб турадиган нарса доимий бўладиган нарсага яқиндир. (Алишер Навоийнинг «Табиатга ҳар неки одат бўлур. Чу эскирди одат, табиат бўлур» байтини эсланг. Навоий. Ҳикматлар. 62-бет. Тўпловчи Солиҳ Муталлибов.)

Инсон ўз ихтиёри билан иш қилиши ёқимли, мажбуран бажараши – ёқимсиз, яъни кўнгилга, табиатга зид. Мажбурий, зарурат, муҳтожликдан қилинадиган хатти-ҳаракат одамни қийнайди. Шоир айтади:

 
Ҳар қандай мажбурият дилни яралар. 165165
  Паросли Эвен. 8-парча (Дийл тўпламида). Арасту «Никомах этикаси»да шоир Эвеннинг одат давом этаверса табиатга айланиш ҳақидаги фикрини келтирган. Эвен номли икки шоир ўтган. Бири Афлотуннинг «Суқрот апологияси» (ҳимояси) асарида тилга олинган. Суқротнинг катта замондоши, софист.


[Закрыть]

 

Агар одам ўрганмаган бўлса, (бегоналарга) ғамхўрлик, хизмат қилиниши, уринишлари ёқимсиздир, чунки бу ишлар мажбурият юзасидан қилинади. (Шу маънода, инсоний бурчларни бажариш ҳам машаққатли, агар одам ватан, халқ, ота-она олдида бурчини ихтиёрий бажарса – фазилатдир. – М.М.)

Зарурият туфайли эмас, кўнгил майли, истаги билан қилинадиган кўпгина енгилтакларча (ахлоқсиз) ҳаракат, феъл-атворлар (онгсиз, одобсиз одамларга) ёқимли кўринади. Истаклар, ҳойу ҳаваслар, дангасалик, енгилтак феъл ва гап-сўзлар, беғам, бепарволик, ҳазилкашлик, кўп ухлаш (баъзиларга) ёқимлидир.

Шу маънода баъзи истак-хоҳишлар тубан, баъзилари оқилонадир. Менинг (Арасту) назаримда одамнинг жисми, бадани эҳтиёжларидан туғилган истак-хоҳишлар – ейиш-ичиш, ташналикни қондириш, танқис таомларга ўчлик тубан истаклардир. Яна шаҳвонийлик, лаззатпарастлик, сезиш, кўриш, тегиниш аъзоларига алоқадор роҳатланишга интилиш ҳам тубан истак, хоҳишлардир.

Оқилона истак-хоҳишлар билим, ишонч туфайли (яхшиликни севиш) фазилатлар туфайли туғиладиган истаклар: ёқтирган бирор нарсани (нодир ва қизиқарли китоб, ҳовли, боғ, соат, жавон, уй жиҳозлари, турмуш учун фойдали нарсаларни) қўлга киритишдан ёки шуларни эслаш, ўйлашдан одам роҳатланади.

Умуман, инсон сезувчи, ҳис этувчи нарсалардан ёки ўша нарсаларни эслашдан (масалан, Ҳомер, Эсхил, Софокл, Эврипид, Афлотун, Арасту, Вергилий, Овидий, Шекспир, Гёте, Байрон, Саъдий, Ҳофиз, Навоий, Машраб асарларини ёдлаш, эслашдан) роҳатланади. Агар ҳаётда кўп машаққат, қийинчиликларни кўрган одам кейинчалик, яхши яшаётган бўлса, аввал бўлиб ўтган воқеаларни эслаши ҳам ёқимли (ва фойдали)дир.

 
Ҳалокатдан омон қолган инсон гоҳида
Фалокатли лаҳзаларни эслаб, севинар. 166166
  Эврипид. «Андромеда» трагедиясидан.


[Закрыть]

 

Ёки:

 
Ортда қолган ҳалокатли, оғир дамларни,
Саргардонлик тугаб битгач, эслаш қувончли. 167167
  Ҳомер. «Одиссейнома», XV қўшиқ.


[Закрыть]

 

Буларни эслаб севинишнинг сабаби, эндиликда ўша машаққатларнинг йўқолганидир. Борлиги бизни севинтирадиган нарсалар эса ё ўткир ҳузур бағишловчи ёки ёқимли фойда келтирувчи нарсалар ё ҳолатлардир. Умуман олганда одамлар яхши нарсаларнинг борлигидан ёки ёмон ҳодисаларнинг ўтиб кетганини эслашдан роҳатланадилар ё бўлишини умид қилиш ва гоҳида ҳатто қаҳр-ғазаб туйғуси ҳам ёқимлидир. Ахиллес учун ғазаб:

 
Асалдан ҳам ширин роҳат оқизгай дилга. 168168
  Ҳомер. «Илиада». XVIII қўшиқ.


[Закрыть]

 

Бунинг сабаби шуки, биз арзимаган, номуносиб, енгил нарсалардан ёки аксинча, ўч олишга кучимиз етмайдиган, биздан қудратлироқ одамлардан ғазабланамиз ёки камроқ ғазабланамиз. (Одатда такаббур мансабдорлар қўл остидагиларга, кучлилар ожизларга қаҳр-ғазабини сочадилар. Арзимас хатоси учун одамларга ғазаб қилиш ахмоқ бошлиқларга хосдир. Лекин, агар кимдир бизга ёки дўстимизга, яқинимизга адолатсизлик қилса, зарар еткизса ғазабланишимиз табиийдир. Ёмонликни кўриб ғазабланмаслик орият, номус йўқлигини билдиради. Лекин, ҳар қандай ҳолда инсон қаҳр, ғазабини жиловлаб, ўзини босиши Алишер Навоий айтганидай, ўрмонда арслонни босгандан кўра паҳлавонликдир. – М.М.)

Инсон истак-хоҳишлари, ҳойу ҳавасларининг кўпчилиги роҳатланиш билан, ё унга интилиш билан ё лаззатли онларни эслаш билан боғлиқдир. Кучли ташналикни қондириши, ёки уни эслаш, ёки уни умид қилиш ҳам инсонга роҳат беради. Ошиқ, маъшуқлар – севишганлар ҳам шундай. Ошиқ ёки маъшуқа севгилиси билан суҳбатдан (висолдан) ва ё мактубини ўқишдан, ёки висол онларини эслашдан роҳатланади. Севишганлар висолдан ҳам, ҳижрон изтиробларидан ҳам роҳатланадилар. Шоир ишқ изтиробларини тасвирлаб берганида (аниқроғи, достон қаҳрамони севги тарихини баён қилганида)

 
Йиғлашга тушдилар тинглаб одамлар. 169169
  Ҳомер. «Илиада», XXIII қўшиқ. «Одиссейнома», IV қўшиқ.


[Закрыть]

 

Агар (ёмонлик қилган одамдан) ўч олиш қийин бўлса, қасос олганида роҳатланади. Агар ўч ололмаса, ғазабланиб, қайғуради. (Курашда, жангда, мусобақаларда ғолиб чиқиш ҳам ҳузур-ҳаловатлидир. Баҳслашув, беллашув, мусобақаларда, турли ўйинлардан (ошиқ, қимор, бедана, хўроз, ит уриштириш, шахмат, нарда ўйинларидан ҳам) одамлар роҳатланадилар.

Баъзилар гаров боғлаб, (пойгада) пул тикиб, судлашиб, ҳазиллашиб ҳам роҳатланадилар.

Иззат-ҳурмат, обрў ҳам одамга ёқимлидир. Ҳар бир инсон ўзини иззат-ҳурматга лойиқ деб билади. Яхши одамларнинг шундай ўйлаши табиийдир. Бундайлар айниқса ҳақгўй одамлардан иззат-ҳурмат кўрсалар хурсанд бўладилар. Бу ҳолда бизга яқин одамлар узоқ одамлардан ишончлироқ, дўстларимиз ва юртдошларимиз бегоналардан кўра ишончлироқ, (баъзиларга) замондошларимизнинг фикри ўтмишдаги одамларнинг фикридан кўра ишончлироқ, ақллининг фикри ақлсиздан кўра, кўпчиликнинг фикри озчиликнинг фикридан кўра ишончлироқ, ҳақиқатга яқинроқдир. Инсонлар ўзидайларга эътибор қилиб, болаларга ва ҳайвонларга кам эътибор берганидай, булар томонидан кўрсатилган иззат-ҳурматга ҳам эътиборсиз, бепарво қарайдилар. Мабодо бундайларнинг иззат-ҳурматини ёқтирсалар ҳам, иззат, обрў туфайли эмас, бошқа сабабдандир.

(Арасту замони учун бу фикрлар асосли эди, лекин ўтган 2400 йил давомида замонлар ўзгарди, одамлар ўзгарди. Кейинги замонларда одамлар иззат-ҳурмат, обрў ҳақида бу ерда айтилганларнинг тескарисини ўйлай бошладилар. Эндиликда иззат-обрў масаласида яқин одамларнинг, дўстлар ва юртдошларнинг ҳурматидан кўра, узоқдаги, бегона одамларнинг ҳурмати ишончлироқ бўлиб қолди. Ҳозирги одамларнинг мақтовидан кўра ўтмишдаги одамлар мақтаган нарсалар (масалан, камтаринлик, ҳалоллик, поклик афзалроқдир, ҳозир бу хислатлар учун деярли иззат-ҳурмат кўрсатмайдилар. Ҳозир ва аввал ҳам кўпчилик нодонларнинг мақтовидан кўра озчилик оқилларнинг мақтови ишончлироқдир. –Тарж.)

Дўстлар ҳам ёқимли, чунки улар даврасида ичилган май ҳам ёқимли. Дўстларнинг уни яхши кўриб, ҳурматлаши ёқади, чунки у ўзини яхши одам эканлигини ҳис этади. Барча ҳис этувчи одамлар буни яхши билади. Дўстларнинг ҳайратига сазовор бўлиш жуда ёқимли, чунки бу обрў келтиради. Одамзотга (кўпчиликка) хушомад ҳам, хушомадгўй одамлар ҳам ёқади, булар унинг ихлосманди, мухлиси, муҳиби бўлиб кўринади.

Доимо ўрганиб қолган бир ишни бажариш ҳам ёқимли, чунки одамга одатдаги нарсалар ёқади. (Баъзан) ўзгаришлар ҳам ёқимли, бир хиллик гоҳо жонга тегади. Одамлар айтганидай, «барча ҳолатларда ўзгариш яхши».170170
  Эврипид. «Орест» трагедиясидан. Электранинг акаси Орестга айтган сўзлари. Арасту «Никомах этикаси»да ёқимли ўзгариш ҳақида бундай дейди: Инсон табиати мураккаб, номукаммал бўлганидан тез ўзгариб туради. (Яхши томонга) ўзгариш ёқимлидир».


[Закрыть]
(Эврипид асарида Электранинг акаси Орестга айтгани.) Вақти билан ўзгаришларни кўриш ёқимли. (Яхшиликка ўзгариш бўлса. – М.М.) Кўп ҳолларда (илм, ҳунар) ўрганиш, ўқиш, ҳайратланиш роҳатлидир. Одам ўзини ҳайратлантирган нарсаларга ҳавас билан қарайди. Илм олиш эса табиат қонунларини билиб, уларга амал қилишга сабабчи бўлади.

Бошқаларга хайр-эҳсон, ҳомийлик қилиш ёқимли, завқлидир, уларни олганлар ҳам шодланадилар. Кимларга хайр-эҳсон қилса, у одам ўшалардан устун эканлигини кўрсатади. (Муҳаммад с.а.в. ҳадисини эсланг: «Устдаги қўл, остдаги қўлдан яхшироқ; берувчи қўл олувчи қўлдан яхшироқдир».) Хайр-эҳсон, дўстларга, яқинларга яхшилик қилиш яна шунинг учун ёқимлики, шу йўл билан уларни (камбағалчиликдан, ночорликдан қутқазиш), оёққа турғизишга асқатади. (Ислом дини ва ахлоқида ҳам бу энг гўзал хислатлардир.) Битмаган ишни битказиш, етишмаганни тўлдириш ҳузурлидир. Устозлик, ўқитиш шу камчиликларни тўлдиради. Устозлар ишидан ҳайратланиш ҳавасни туғдиради, ҳавас тақлид қилиш, ўрганиш истагини пайдо қилади. (Арасту яхшиликка, буюк ишларга, ҳаётга ва санъатга тақлидни ижодий ҳодиса деб билади.) Тақлидий санъатлар: рассомлик, ҳайкалтарошлик, поэзия (эпос, драма, бадиий наср) билан шуғулланиш ҳам, улардан баҳра олиш ҳам завқлидир. Гарчи тақлид мавзуи (объекти) арзимас нарса (майса, гул, дарахт, ҳайвон) бўлса ҳам, уларнинг ўхшашини ҳосил қилиш завқлидир (мимесис – ҳаётга тақлид шудир. – М.М.) Санъат асарлари одамларга ҳам завқ-ҳузур, ҳам билим беради.

Табиатан бир жинсдаги ва турдаги нарсалар – бир-бири учун ёқимли, масалан, «Одам одамни, тулпор тулпорни, ёшлар ёшларни, (ит итни) ёқтиради». Халқ орасида (юнонларда) «Тенг-тенги билан», «Ҳар ким ўзига ўхшаганни излайди», «Ҳайвон ҳайвонни танийди», «Қарға қарғани ҳимоя қилади» каби матал ва мақоллар бор.171171
  Афлотун, «Федр» диалогидан. Ҳомер ҳам «Одиссейнома»да айтади: «Ўхшатмаса учратмас, бу – Тангри иши».
  Арасту айтади: Натурфилософлар (Демокрит, Гераклит, Левкипп ва бошқалар) табиат – ўхшашрни яқинлаштириб, такомиллашиб, тартибга тушиб боради, деб ҳисоблайдилар.


[Закрыть]
(Ўзбекларда ҳам бор, фақат сал бошқачароқ: «Тенг-тенги билан, тезак қопи билан (ўртоқ)», «Ўхшатмагунча учратмас», «Қарға-қарғанинг кўзини чўқимайди».)

Барча ўхшаш нарсалар бир-бири учун яқин, ёқимли бўлгач, барча одамлар ҳам озми, кўпми ўхшаш, масалан, ўзи ўзига ёқимли, ўзини яхши кўрувчи (иззатталаб, худбин) бўладилар. Шу сабабли одамлар аввало ўзиники бўлган нарсаларни ёки ўз одатлари, қилиқларини, масалан, ўзини мақтовчи хушомадгўйларни ўз фарзандларини яхши кўрадилар. Чунки, болаларимиз ўзимиздан бўлгани учун. (Аввал айтганимиздай) чала ишларни битириш ҳам ёқимли, чунки биз битирган иш бизники бўлиб қолади (болаларни тарбиялаб вояга етказиш ҳам шундай.)

Мансаб, ҳокимият шунинг учун ёқимлики, унга етишиш учун билим, қобилият, донолик талаб қилинади. (Шу сабабли мансабдорлар ўзини билимли, доно ҳисоблайдилар, аслида бундай бўлмаса ҳам.) Ҳақиқий донолик жуда кўп ажойиб нарсаларни билишдир. (Баъзи мансабдорлар ажойиб нарсалар деб бойлик, пулдорликни айтадилар. – Тарж.) Кўпчилик одамлар иззатталаб бўлгани учун, ўз яқинларини сал нарсага койиб, сўкишни ҳам яхши кўрадилар.

Баъзан одам ўзи аввал бажаролмайдиган ишни қила олса ҳам роҳатланади, шодланади. Шоир айтганидай:

 
У бир ишга боғланиб қолган,
Ва кун бўйи шу иш билан банд.
Шуни уддаладим дея у хурсанд… 172172
  Эврипиднинг бизгача етиб келмаган «Антиопа» трагедиясидан.


[Закрыть]

 

(Ҳақоратга ўхшамайдиган) ҳазил-мутойиба ва дам олишни мазмунли қилувчи ўйин-кулгулар ҳам завқлидир. Аммо, биз кулгилилик масаласини «Поэтика» асарида алоҳида кўриб чиққан эдик. 173173
  Арастунинг кулгилилик ҳақидаги фикрлари, эҳтимол, «Поэтика»нинг йўқолган қисмларида бўлгандир. Мавжуд «Поэтика»да эса, қадим вақтларда комедиянинг келиб чиқиши баён қилинган.


[Закрыть]
(«Поэтика»нинг шу қисмлари бизгача етиб келмаган). Ёқимли нарсалар ҳақидаги фикрларимиз мана шулардан иборат. Энди бу айтганларимизнинг тескариси бўлган ёқимсиз, нохушликларнинг сабабларини кўриб чиқамиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации