Читать книгу "Ахлоқи кабир"
Автор книги: Аристотель
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Агар ҳақиқатга қарши ғазабланган, ноҳақ ва шармандали ишлардан нафратланган яхши, ажойиб ишлардан ҳайратланган, қайғули ишлардан маъюсланган одамнинг нутқи (гаплари) ҳис-туйғуга бой, ҳаяжонли бўлади. Арасту яна ҳушёрлик билан айтадики, баъзи нотиқлар аслида йўқ ҳолатларни ҳам бордай кўрсатиб, ҳис-ҳаяжон билан гапириб, тингловчиларга таъсир ўтказадилар… Яна: нотиқлар агар яхши, ёқимли нарса-ҳодисалар ҳақида совуққонлик билан, ёмон ишлар ҳақида мулойим, ёқимли оҳангда гапирса, тингловчиларнинг ишончини йўқотади. Жаҳл билан гапирганда мураккаб сифатлаш ва муболаға («фалокат осмондай бепоён» ёки «аждаҳодай» яшовчи деган) сўзларни ишлатиш узрли, кечирарлидир. Руҳлантирувчи, ҳаяжонли, ҳис-туйғуга бой сўзлар поэзияга ярашади, чунки шеърият – илоҳийдир…
Учинчи китобнинг кейинги фаслларида Арасту насрда гапирувчи шеърий вазнда сўзламаслиги, лекин насрда ҳам оҳангдорлик, равонлик (ритм) бўлиши зарурлиги, ямбий вазн жонли тилга хослиги, трохей ва тетраметрлар – рақсга мослиги, пеон – мадҳияга мувофиқлиги ҳақида гапиради.
Арасту фикрича, тинимсиз, давомли нутқ қадимий услубга хос («Илиада» шу услубда) даврларга бўлинган нутқ сўзлашга ҳам, ўқишга ҳам осондир. Лекин даврлар (тугал фикрлар) жуда узун ҳам, жуда қисқа ҳам бўлмасин. Зид ва қарама-қарши маъноли сўзларни ўринли ишлатиш (тезис ва антитезислар) ҳам нутқни ёқимли қилади. Масалан: «Улар шахсий ҳаётда варвар-қуллар хизматидан фойдаланадилар, сиёсий ҳаётда эса ўзларини қулга айлантирадилар». Яна: «Ўз уйларида (юртларида) сизларни сотган эдилар, бу ёққа келганида ўзлари сотилдилар». Яна: «Ўзи мис чақага арзимаса ҳам, унга мис ҳайкал ўрнатдилар».
Арасту учинчи китобнинг 10-фаслида нафас ва таъсирли иборалар қандай топилишини айтади. Аввало, сийқа, ҳаммага маълум фикрларни эмас, иложи борича, оҳорли, янги билим берувчи сўзларни айтиш зарур. Масалан: «Уларнинг тинчлиги биз учун урушдир». Аниқ-равшан тасаввур қилинадиган сўзларни айтиш ҳам яхши таъсир қилади.
Арасту фикрича, тўрт хил метафорадан энг яхшиси – ўхшашлик (аналогия) асосида тузилганидир. Перикл сўзлари: «Давлатимиз ёшларининг урушда ҳалок бўлиб йўқолиши – йил фаслларидан баҳорнинг йўқолиши кабидир». Леонтин сўзи: «Элладанинг бир кўзи кўр бўлиб қолишини истамайман». Лашкарбоши Хабрийни давлат кенгаши ноҳақ жазолашни истаганида «Уни мис ҳайкали ҳимоя қилади» (яъни, унга шарафли ишлари учун мис ҳайкал ўрнатилган). Бу ерда ҳайкал жонлантирилган.
Кейинги фаслларда сўз ўйинлари (лутфлар), топишмоқ, жумбоқлар, парадокслар, омонимлардан фойдаланиб топилган ҳазиллар, мақол ва маталлар, гипербола-муболағалар нутқнин таъсирчанлигини ошириши ҳақида сўз бор боради. 12-фаслда нутқ турлари, мақсадлари ҳам услубни белгилаши айтилади. «Ёзма нутқнинг услуби бошқа, оғзаки нутқ ва баҳс-мунозара, халқ олдида ёки судда сўзланадиган нутқларнинг услублари бошқа-бошқадир. Ёзма нутқ равон, равшан, баҳс-мунозара нутқида турли одамларнинг фикрлари, сўзларини келтиришда нотиқ актёр каби, уларнинг нутқига ўхшатиши керак бўлади.
Баҳс-мунозарали нутқнинг икки тури бор: 1. Ахлоқий-тарбиявий нутқ услуби билан. 2. Патетик (ҳис-ҳаяжонли) нутқ услуби фарқланади. Эҳтиросларни жунбишга келтирувчи патетик нутқ, актёрлик нутқи асосан драмаларда қўлланилади.
Ўқиганда осон кўринган шоирнинг тили (шеърий нутқ)ни халқ тинглаётганида тушуниш қийин кўринади. Оғзаки нутққа хос такрорлар ёзганда ёмон кўринади. Арасту фикрича (таъсирни кучайтириш учун) такрорлар зарур бўлиб қолса, синонимлардан фойдаланиш яхшидир.215215
Древние риторики. Стр. 150.
[Закрыть]
Арасту 13-фаслда ёзадики, ҳар қандай нутқ икки қисмдан иборат: 1. Баён, ҳикоя. 2. Ишонтириш учун далиллаш қисми. Бошқача айтганда: 1. Вазифа, масалани ўртага қўйиш қисми. 2. Шу масалани хал этиш қисми. Арасту фикрича, нутқни тўрт қисмга ҳам бўлиш мумкин: 1. Кириш (муқаддима). 2. Масала қўйиш. 3. Ишонтириш (далиллаш). 4. Хулоса.
Учинчи китобнинг 14-фаслида Арасту нутқнинг муқаддима қисмини алоҳида кўриб чиқади. Унинг фикрича, нутқ муқаддимаси (достон ёки драматик поэзиядаги) пролог, най навосида – прелюдияга ўхшайди. Найчи куйнинг прелюдия қисмида бор маҳорати билан (тантанавор оҳанг билан) тингловчиларнинг эътиборини тортади. (Людвиг ван-Бетховеннинг «Қаҳрамонлик симфонияси» муқаддимасини эслайлик. Эпидейктив (ахлоқий, тарбиявий) нутқда ҳам нотиқ муқаддимада нималар ҳақида сўзлашини муфассал айтади, сўнг баён қисмига ўтади. Исократ «Елена ҳақида» нутқида софистларнинг эристикасини – баҳс-мунозара усулларини қоралайди. Хуллас, эпидейктив нутқнинг муқаддимаси: мақтов ёки қоралов, ишонтириш ёки ишонмасликка чақириш, тингловчиларга мурожаатлардан иборат.216216
Древние риторики. Стр. 152.
[Закрыть]
Арасту шу китобнинг 15-фаслида айбловни рад этишнинг турлича усулларини кўрсатади. Бу усулларда содир этилган қилмиш адолатлими, йўқми, кимга фойда келтиргани ва кимга зарар келтиргани аниқланади, айбдорни нотиқ оқлаш ниятида бўлса, унинг фазилатларини кўпроқ гапиради, камчиликлари ҳақида камроқ гапиради.
Шу ерда Арасту шоир драматург Эврипид ҳаётидан қизиқ бир воқеани мисол қилиб келтиради. Бир душмани Эврипидни Дионис шарафига мусобақада ҳакамлик қилган вақтида қонунни бузди, бунинг учун у судга берилсин, деб ҳақорат қилган экан. Бу даъвони Эврипид «Антидосис» деган асарида рад этганлигини айтади (Досис – ҳақорат, Антидосис – ҳақоратга қарши жавоб, деган маънони билдиради).
16-фаслда Арасту нутқнинг баён ёки ҳикоя қисмини қандай қуриш, айблов нутқида айбдорнинг ёмон ишларини кўпроқ ҳимоя нутқида бу ҳақда камроқ ҳикоя қилиш керак, дейди. Ҳамма билган, таниган одамларнинг таърифини камроқ айтиш, номаълумроқ одам ҳақида бўлса, унинг қандай одамлиги ҳақида ҳикояларни кўпроқ айтиш зарур бўлади.217217
Ўша китоб. 153-бет.
[Закрыть]
Арасту 17-фаслда нутқнинг учинчи – далиллаш қисмини таҳлил қилади (1-қисм – муқаддима, 2-қисм – ҳикоя). Бирор шахснинг айблов иши кўриб чиқилаётганида (суд нутқларида) шу ишнинг зарари каттами, кичикми, агар бу иш қилингани аниқ исботланмаган бўлса, далиллар талаб қилиш, халқ олдидаги нутқда эса, қилинган иш адолатлими, ноҳақликми – аниқлашга кўпроқ эътибор берилади. Бу нутқларда Ҳомер асаридан мисоллар ёки бошқа машҳур донишмандларнинг ҳикматли сўзларини келтириш ҳам далиллаш санъатига хосдир. Рақибидан кейин гапирган одам айтилган айбловларнинг асоссиз эканлигини далиллар билан исботлаши керак бўлади.
18-фаслда Арасту суд нутқларида айбловчига уч ҳолатда мантиқий саволлар бериб, айбномани рад этиш мумкинлигини айтади. У бундай мисол келтиради: Суқротни «Худолар»га ишонмайди, деб, ўлимга ҳукм қилишни истаган айбловчи Мелетга у: «Менинг демонларга (фаришталарга) ишонишимни тан оласанми?» – деб сўрайди. Мелет «Ҳа» деб жавоб беради. Кейин Суқрот: «Ундай бўлса ғалати-ку, Худонинг фаришталарига ишонган одам Худонинг ўзига ишонмайдими?» – деб савол беради ва шу тариқа айбловни рад этади. (Айбловчилар енгилганига қарамай, аввалдан ўзаро келишиб олган суд ҳайъати аъзолари Суқротни ўлимга ҳукм этадилар ва қайси хилда ўлишни ўзи ҳал қилсин, – дейдилар. Муддати етганда Суқрот цикута заҳарини ичиб, ҳалок бўлади, қонунга қаршилик қилишни истамайди.)
Яна бир ҳолатда, дейди Арасту, рақиб саволга жавобида софистлар каби «ҳам шундай, ҳам шундай эмас», деб жавоб берганида, бу жавобнинг мантиқсизлигини айтиш зарур. Агар рақиб ўзининг аввалги фикрига қарши фикр айтган бўлса, буни ҳам фош этиб, унинг фикрини рад этиш мумкин.
Гоҳида эса, қарши томоннинг жиддий гапига ҳазил билан ёки ҳазилига жиддий гап билан жавоб бериш керак. «Биз «Поэтика» асарида ҳазиллар неча турли бўлишини айтганмиз», дейди Арасту. Атоқли олима А.А. Тахо-Ҳоди изоҳ беришича, «Поэтика»нинг ҳазилнинг турлари ҳақидаги қисми бизгача етиб келмаган.
Арасту «Риторика» учинчи китобининг сўнгги 19-фаслида нутқнинг хулоса қисми ўз навбатида яна тўрт қисмга бўлинишини айтади. Бу қисмлар: 1. Аввалги далилларга асосланиб, ўзининг ҳақли эканини, рақибининг ноҳақлигини эслатиш. 2. Муболаға ва камайтиришдан фойдаланиш. 3. Тингловчиларни қиздириш. 4. Қайси мақсадда нутқ сўзлаганини эслатиш.
Бу тўрт қисмнинг ҳар бирини қандай бажариш «Риторика»нинг биринчи ва иккинчи китобларида муфассал баён қилинган эди.
Хулоса қилиб айтсак, Арасту «Риторика»сида бу санъат умуман тилга, нутққа алоқадор бўлиш билан бирга, нутқнинг насрий, шеърий ва драматик турларига тааллуқли бўлиб, айни вақтда нотиқлик санъатида ҳам бадиий наср, поэзия, драматик санъатларнинг бадиий тасвир воситаларидан фойдаланиш мумкинлиги ҳақида фикр юритилади. Яна, риторика санъати диалектикага, фикрни мантиқий асослаш, зиддиятли фикрлардан ҳақиқийларини ажратиб олиш илмига ҳам яқин, яъни шу илмдан ҳам фойдаланиш шарт.
Лекин Арасту «Риторика»сининг қиммати фақат шуларда эмас. Энг муҳими, бу асарда Арасту нутқнинг барча турларида нотиқ фалсафани, ахлоқий, маънавий баркамолликни, адолат ва ҳақиқат, гўзаллик ва инсоний фазилатларнинг ҳимоясига, уларнинг ғолиб чиқишига хизмат қилиши зарурлигини тушунтиради.
АРАСТУ «ПОЭТИКА»СИ ИБН СИНО ТАЛҚИНИДА
Ибн Синонинг «Аш-Шифо» асари 24 китобдан иборат бўлиб, унга устози аввал Арастунинг «Органон» асарига ўхшатиб, тартиб берилган. «Аш-Шифо»нинг «Мантиқ» қисми 9 китобдан иборат бўлиб, тартиби қуйидагича:
1. «Мантиққа кириш» («Исоғучи»).
2. «Маъқулот» («Категориялар», Форобийнинг шу номдаги асарига ўхшайди).
3. Ал-Иборат – (Арастуда «Ҳерменевтика», Форобийда «Бармениёс»).
4. «Қиёс» – «Силлогизм», Арастуда «1-Аналитика», Мантиқнинг асосий қоидалари шу асарда тушунтирилган.
5. «Бурхон» – «Исбот», Арастуда «2-Аналитика».
6. «Ал-Жадал» – Арастуда «Диалектика», Форобийда ҳам – «Ал-Жадал».
7. «Сафсата» – («Софистика»).
8. «Ал-Хитоб», («Арастуда-Риторика») – Нотиқлик санъати.
9. «Фанн аш-Шеър» («Поэтика»).
Ибн Сино «Хитоба» асарини ёзишда Арасту «Риторика»сидан фойдалангани аниқ сезилиб туради. Атоқли шарқшунос олима Б.Я.Шидфар аниқлашича, Ибн Сино «Аш-Шифо»нинг «Мантиқ» қисмида, аниқроғи, «Хитоба»да Саффо, Ҳомер, Агомемнон, Елена, Ахиллес номларини келтиради ва уларнинг қилмишлари ҳақида гапиради, «Илиада» ва «Одисейнома» асарларидан иқтибослар – цитаталар келтиради. Бизнингча, Форобий ва Берунийда юнон тилини ўрганишга имконият бор эди. Ибн Синода эса, доимо қувғинда юргани ёки вазирлик ишлари билан бандлиги сабабли бундай имконият бўлмаган. Агар у истаса мавжуд даҳоси билан юнон тилини ўргана олади. Лекин, шуниси аниқки, ибн Сино ўзини Форобийнинг шогирди деб билган ва Арастунинг «Метафизика»дан бошқа асарлари билан ҳам Форобий асарлари орқали танишган. Лекин Ибн Сино Арастунинг «Риторика»сининг мазмунини Форобийга нисбатан яхшироқ билиши бу асарнинг билимдонларига яққол сезилади.
Ибн Сино «Хитоба» асарида ёзишича, воиз, нотиқ халқ оммасидан илмда устун, маърифатда етук бўлиши керак. Арасту «Риторика»да нутқ тугаллиги уч омилга: нотиқ, мавзу ва аудитория, тингловчиларининг мувофиқ келишига боғлиқ деган эди. Ибн Сино бу фикрни яна-да аниқлаштиради. Унинг фикрича, нотиқ оддий одамларга тушунарли қилиб гапириши керак, лекин у оддий одамларга нисбатан маърифатда устун туриши зарур. Оддий одам нотиқнинг чиройли сўзларига ишонади, унинг рост ёки ёлғонлигини ажратишга билими етишмайди. Зиёли одам эса асоссиз, далилсиз гапларга ишонмайди.
Абдуллоҳ Ибн ал-Муътазз ва Қудома ибн Жаъфар каби Ибн Сино ҳам Қуръон ва Ҳадислар тилини нутқнинг етук намунаси, деб билади ва гўзал ибораларни шулардан ўрганиш зарур, дейди.218218
Б.Я.Шидфар. Ибн Сина. М., Наука. 1981. стр. 108, 109.
[Закрыть] Қуръон сўзларининг балоғати, фасоҳатини юксак намуна деб билади». «Осийлиги сабабли Охиратдаги жазодан қўрқадиганларга пайғамбар, имом ёки шоир сўзлари билан мурожаат қилган яхши. Кўнгли юмшоқларга ишонарли сўзлар, ошиқларга ёрининг мақтови хуш келади. Ўзига бино қўйган, худбин одамлар мақтовни ёқтиради. Кўпчилик ёмон кўрадиган одам ҳақида гапирганда унинг алдамчи, ёлғончилигини танқид қилсангиз, тўғри чиқади»219219
Б.Я.Шидфар. Ибн Сина. – Москва. Наука. 1981. Стр. 111.
[Закрыть].
Ибн Сино фикрича, воиз, нотиқнинг сўзи адолатга ва яхшиликка хизмат қилиш учун шулар ҳақида ҳақ гапларни айтиши зарур. Ноҳақ гапларни айтса, нутқ адолат ва яхшиликка хизмат қилмайди.
«Оддий одамлар воиз нутқидан тўғри хулоса чиқариб олиш учун уларни мажбурлашнинг фойдаси йўқ. Аввал айтганимиздай, хитоба (мажбурлаш санъати эмас) ишонтириш санъатидир. Хитобада баҳс-мунозара орқали ҳам тўғри хулосага келинади».220220
Ўша китоб. 111-бет.
[Закрыть] Арасту ҳам риторика фани бир жиҳатдан диалетикага яқин деганида баҳс-мунозарани кўзда тутган.
Шарқшунос олима Б.Я.Шидфар тўғри кўрсатиб ўтганидай, Ибн Сино назарида риторика илмида «фойдали» ва «зарарли» деган тушунчалар нисбийдир. Яъни, бир одам учун фойдали нарса (фикр ёки иш-ҳаракат) бошқа одам учун зарарли, бир давлат учун фойдали нарса бошқа давлат учун зарарли бўлиши мумкин. Арасту ва Форобийга нисбатан бу масалада Ибн Сино кўпроқ амалиётчидир. Чунки, Арасту ва Форобий назарий жиҳатдан «фойдали» деганда барча халқлар учун фойдали нарсаларни, «зарарли» деганда барча халқлар учун зарарли нарсаларни кўзда тутадилар. Бошқа одамларнинг зарарига фойда орттиришни Арасту ҳам, Форобий ҳам зулм деб атайдилар.
Юқорида биз Ибн Сино Форобий «Хитоба»сини эмас, Арасту «Хитоба»сини яхши билишини айтган эдик. Бунинг далили – Форобий «Хитоба»сида эсламаган ва Арасту «Хитоба»сида эсланган қадимий юнон адабиёти қаҳрамонларининг Ибн Сино асарида фикрини далиллаш учун тилга олинишидир. Ибн Сино бу ҳақида яна аниқроқ айтади: «Риторик нутқ (хитоба) мазмунан уч турлидир: 1. Тўғри тасдиқни билдирувчи фикр. 2. Хато тасдиқ-фикр. 3. Мадад сўраш»221221
Б.Я.Шидфар. Ибн Сина. – М.: Наука, 1981. Стр. 112.
[Закрыть].
Ибн Сино хитобий нутқининг учинчи турини «Мадад сўраш» деб аталишига ажабланмаслик керак. Арасту «Хитоба»сида ҳам нутқ уч турга бўлинади. Лекин, бу тасниф Ибн Сино кўрсатганига ўхшамайди. Арасту хитобий нутқи бундай турларга бўлинади: 1. Кенгашув нутқи. 2. Ҳакамлик ёки адлия нутқи (судланув нутқи). 3. Эпидейктив нутқ – бирор тадбирни маъқуллаш ёки қоралаш, яъни баҳоловчи нутқ.222222
Аристотель. Риторика. Античные риторики. – М. Изд. Мгу, 1978. Стр. 25.
[Закрыть]
Ибн Сино таснифи эса бу масалада Форобий таснифига яқиндир.
«Устози Аввал (Арасту) замонида нотиқлар икки оқимга бўлинган эдилар», – дейди Ибн Сино. Биринчи оқимга мансуб нотиқлар нутқнинг учала туридан фойдаланганлар. Иккинчи оқимга мансуб нотиқлар эса ёлғон хулосали нутқларни инкор этганлар. Суқрот, Перикл, Демосфен шундай нотиқлар эдилар (М.М.). Юнонистонда барча нотиқлар бирор қонуншунос буюрган фикрлардан эмас, балки оддий одамлар яхши тушунадиган умумий эътироф этган ҳақиқатлар – асос фикрлардан фойдаланган (Масалан: Ота, онани ҳурматлаш керак. Яхшилик қилган одамни унутмаслик керак.223223
Б.Я.Шидфар. Ибн Сина. – М.: Наука. 1981. Стр. 112.
[Закрыть]) Арасту бундай асос фикрлар, муқаддималарни юнонча «топлар» деб атайди. У «Риторика» асарида топларга катта эътибор бериш билан бирга, бу ҳақда яна махсус «Топика» асарини ҳам ёзган (Форобий «Тубиқа» деб таржима қилган).
Ибн Сино «Хитоба»сида Арасту ва Форобийда учрамайдиган оригинал ҳаётий кузатишларни ҳам кўрамиз. У турли ёшдаги тингловчиларнинг табиати, феъл-атвори, руҳиятини нотиқ яхши билиши зарурлигини таъкидлайди. «Ёшларда турли эҳтирослар бор, лекин бу эҳтирослар асосан Зуҳрога алоқадор, улар севиш, севилишни, чиройли кийнишни, атир, ифорларни жуда яхши кўрадилар. Ёшларнинг кайфияти тез ўзгариб туради, улар бирор иш билан шуғулланса, тез зерикиб, бошқа ишга қизиқиб қоладилар, улар кўнгилхушликларга, ифортга ружу қўйган, меъёрни билмайдилар. Ёшлар эҳтирослари кучли, қизиққон, фикри беқарор бўлгани учун тез толиб, чарчаб қоладилар. Уларнинг жаҳли тез, ғазабини босолмайдилар, иззат-нафс учун тез жанжаллашадилар. (Ўсмирларнинг енгилтаклиги шундан. – М.М.)».
Балоғатга етгач эса йигитлар ўзига бино қўйган, лекин дўстларни, тенгдошларни ҳам ҳурмат қиладилар, ҳаётни, шўхликни севадилар. Шўхлик эса дўстлар орасида бўлади. Булар ўзларига ҳақиқий фойдани ўйлаб эмас, фақат ҳузур-ҳаловатни, маза қилиб яшаш учун дўст танлайдилар ва дўстликдан лаззат оладилар.
Қариялар эса буларнинг тескариси, жуда ўжар, қайсар ва шубҳакор, кўп фалокатларни кўрганлари ва кўп марта алданганлари учун ҳеч кимга ишонмай қўйганлар. Шу сабабли жуда эҳтиёткор бўлиб қолганлар. Улар келгусида бўлажак ишлар ҳақида ҳам ишончсизлик, «балки», «эҳтимол» деб гапирадилар. Улар энди севгини эмас, тансиқ, лаззатли таомларни ўйлайдилар. Адолат қарор топишини истайдилар, лекин бу истаклари тинч ҳаётни яхши кўриши, қўрқоқлиги ва заифлиги сабабдир224224
Ибн Сино. Аш-Шифо. Б.Я.ШИдфарнинг «Ибн Сино» китобида. М. Наука, 1981. Стр. 116.
[Закрыть]…
Афлотун «Давлат» асарида Суқрот ва бошқа донишмандлар суҳбати ва баҳс-мунозараси жараёнида адолатни кучлилар эмас, заифлар севади, деган ғояни муҳокама қиладилар. Суқрот бундай қараш хато эканлигини исботлайди.
Ибн Сино «Хитоба» асарида («Аш-Шифо» таркибида) нотиқнинг маҳорати, фазилатлари нутқ безакларида, чиройли гапиришда эмаслигини айтади. Ибн Сино фикрича, ақлий қуввати кам, маърифат ва маънавиятда заиф нотиқлар ўз нутқларини турли усуллар билан безашга ҳаракат қиладилар. Маънавий етук, кучли нотиқлар вазмин, камтарин, оғир-босиқ бўлади. Улар обрў топиш учун кибру ҳавога муҳтож эмаслар (одатда маърифатсиз, жоҳил одамлар такаббур, манмансираган, кеккайган бўлади. – М.М.) Маънавий етук одамлар эса ўз ақли ва қобилиятларига ишонадилар, катталарга ялтоқлик қилмайдилар. Муҳими – чиройли гапириш эмас, далил, исбот билан гапиришдир.
Шундан сўнг Ибн Сино риторикада – нотиқлик санъатида ва шеъриятда фойдали бўлган чиройли иборалар, ташбеҳлар, сўз безаклари аниқ фанларда зарарли эканлигини айтади.225225
Ибн Сино. Хитоба «Аш-Шифо»дан иқтибослар. Б.Я.Шидфернинг «Ибн Сино» китобидан олинди.
[Закрыть]
«Шеъриятда ярашадиган сўз санъатлари (истиора, ийҳом, тажнис, талмеҳ…) нотиқлик санъатида ярашмайди», – дейди Ибн Сино. Унинг бу фикри антик давр риторикаларининг қарашларига зиддир. Машҳур тарихчи Фукидид китобида келтирилган Перикл нутқида Саламин жангида ўлиб кетган ёшларга чуқур ҳамдардлик билдириб, «бирор давлатда ёшларнинг йўқолиши йил фаслларидан баҳорнинг йўқолиши кабидир», деган шоирона ташбеҳи тингловчиларда кучли таассурот қолдирган.226226
Хрестоматия по античной литературе. Том I. 1948. М. Стр. 419.
[Закрыть] Бошқа машҳур нотиқлар ҳам ўз нутқларида Ҳомер, Гесиод, Саффо, Эсхил, Софокл, Эврипид каби даҳо шоирларнинг шеъридан ўринли фойдаланиб, тингловчиларнинг қалбларини ларзага солганлар. Лекин, кейинги даврларда жаҳон мамлакатларида сиёсий арбоблар таълим, тарбиясида шеъриятга эътибор камайгани сабабли уларнинг нутқи баъзан зерикарли ва таъсирсиз бўлиб қолади. Ибн Синонинг юқоридаги фикрини инкор этмаган ҳолда бу фикр ҳақиқати нисбий эканлигини билдирмоқчимиз. Чунки, Ибн Синодан аввалроқ ўтган ал-Жоҳиз, Бишр ибн Муътамир, Қудома ибн Жаъфар, Ибн Синодан кейин яшаган Муҳаммад Ғаззолий, Муҳаммад Авфий, Арузий Самарқандий, Ҳусайн Воиз Кошифий асарларида ҳам насрий нутқ орасида шеърлардан, ташбеҳлардан ўринли фойдаланилган.
Ибн Синонинг юқоридаги фикрни айтишдан мақсади, Арасту «Поэтика»да ёзганидай, илмий мавзулардаги фикрларни шеърий йўлда ёзишни шеърият қаторига қўшмаслик ҳақидадир.
Ибн Сино фикрича, шоирлар ҳам ҳаёт воқеаларини, табиат манзараларини, инсон руҳиятини тасвирлашда бадиий нафисликка эришаман деб, ортиқча безакдорликка, жимжимадорликка берилиши керак эмас. Бу билан мутафаккир ўз замонасидаги Муиззий, Фарруҳий, Утбий каби мадҳиябоз шоирларнинг сохта ялтироқлигини танқид қилмоқчи эканлиги шубҳасиз. «Шоирнинг сўзлари тубан ва тушунарсиз бўлмасин, шу билан бирга жуда тўпори ва жўн ҳам бўлмасин. Машҳур шоирлар ўз шеърларида халқ орасида қўлланган ва қўлланилаётган кўпчиликка маълум иборалардан ҳам, ноёб сўзлардан ҳам фойдаланганлар. Шеър халқнинг оддий тилидан гўзалроқ, лекин жимжимадорликдан узоқ бўлиши керак».
Ибн Сино фикрича, шеър санъати одамларни бирор фикрга ишонтириш учун эмас, балки уларда ҳаққоний тасаввурлар уйғотиш учун мавжуддир.