Читать книгу "Ахлоқи кабир"
Автор книги: Аристотель
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Неъматларнинг даражалари. Катта ва кичик неъматлар. Жуда фойдали ва озроқ фойдали неъматлар. Буларнинг турлича таърифлари.
* * *
Одамлар кўпинча неъматларнинг қай бири (инсон бахт-саодати учун) фойдалироқ, деб баҳслашиб қоладилар. Бундай баҳсни ҳал этиш учун катта бойлик – неъмат ва фойдалироқ неъматлар қайси эканлиги масаласини кўриб чиқишимиз керак. Бир неъматни бошқасидан афзал кўриш учун билиш керакки, афзал кўрилган неъматда ундан кичикроқ неъмат ҳам бўлади ва айни вақтда унда зиёдроқ неъмат ҳам бор. (Мисол учун, бировда қўй ва сигир бор, булардан сигир зиёдароқ неъмат, чунки у сут беради). Катта ва кичик деган сўзларни одатда буюмлар, жиҳозлар, шаклларга нисбатан қўллаймиз. Лекин катта ва кичик сўзлари бойлик, мол-мулк, маънавий қадриятларга ҳам тааллуқлидир. Одатда катта деб, афзалроғини, кичик деб, бирор нарсанинг камроғини айтамиз. (Кейинроқ Арасту баъзи нарсаларнинг кўпи яхши, баъзи нарсаларнинг ками яхши экани ҳақида гапиради. Масалан, фазилатнинг кўпи, иллатларнинг ками яхши. Фазилат – неъмат, иллат эса неъмат эмас, кони зарардир. – М.М.)
Неъмат деб одатда бирор фойдали ишга хизмат қиладиган воситани эмас (аслида бу ҳам неъмат, масалан, гимнастика, соғлиқни сақлаш воситаси), балки ўзича ёқимли, истакли бўлган нарсани айтамиз. Ақлли ва тажрибали одамлар шундай неъматларни топишга, қўлга киритишга интиладилар. Яна шундай неъматлар борки, улар ёрдамида бошқа неъматлар вужудга келади, ёки борлари яхши сақланади. (Масалан, илм ва ҳунар. Бу неъматлар ёрдамида инсон бошқа кўп неъматларга эришади ва борларини сақлайди. – М.М.) Баъзи неъматлар мақсад қилинган неъматларни ҳосил қилиш учун керак. Мана шу сўнгги мақсад қилинган неъмат шу мақсадга хизмат қиладиган неъматга нисбатан афзал ёки катта неъматдир. Миқдори камига нисбатан кўпроғи афзал ва катта неъматдир. Агар табиат жонзотларини олсак, от эшакдан афзалроқ неъмат. Бўйдорлик неъмати аёлларга нисбатан эркакларда кўпроқдир. Борлиги бошқа нарсаларга боғлиқ неъматга нисбатан, ўша нарсаларга боғлиқ бўлмаган (мустақил) неъмат ҳам афзалдир.
Бир-бирига боғлиқ, бирин-кетин келадиган неъматлар уч турли. Бирор яхши ҳодиса: 1. Ё бошқа ҳодиса билан бир вақтда юз беради (Масалан, соғлиқ ва узоқ умр. 2. Ё келиши ўша бошқа ҳодисага боғлиқ бўлади (бойликнинг келиши ва мансабдор бўлиш). 3. Ё бир яхши ҳодиса бошқа яхши ҳодисадан кейин келади. (Масалан, уйланганидан маълум вақтдан сўнг фарзанд кўради). Бу неъматлардан соғлиқ афзалроқ, чунки у бўлса инсон узоқ яшайди. (Лекин фаровон яшаётган одамда соғлиқ яхши бўлмаслиги ҳам мумкин.)
Илм олиш ва билим ўртасида бирин-кетинлик алоқаси бор (аввал билим, сўнг илм келади). Худони билмаслик – зиндиқлик билан ўғрилик ўртасида имконий алоқа бор. Яъни, худони билмайдиган (ундан уялмайдиган ва қўрқмайдиган) одам босқинчилик, ўғрилик ҳам қилади.
Яна яхшилик келтирувчи неъматнинг ҳам имконияти кўпроқдир. Соғлиқ учун фойдали нарса ёқимли, роҳатли нарсадан яхшироқ неъматдир (Роҳатли нарса, масалан, ичкилик соғлиқ учун зарарли – Тарж.)
Бақувват одамда соғлиқ ҳам бўлади. Мақсадга етказувчи неъмат мақсадсиз (бир мартали) неъматдан яхшироқ. Масалан, гимнастика соғлиқни яхшилайди (у янги кийимдан яхшироқ неъматдир). Бошқа неъматларга эҳтиёжи бўлган неъматдан кўра мустақил, ўз-ўзича неъмат яхшироқдир. Агар бир неъмат бошқа неъматларга асос ва сабабчи бўлса, асос ва сабабчи бўлмайдиган неъматдан афзалроқдир. Чунки, асос ва сабабсиз ҳеч нарса вужудга келмайди.
Каттароқ яхшиликка сабабчи бўлувчи неъмат кичикроқ неъматга сабаб бўлувчи неъматдан афзалроқ. Шуниси ҳам борки, мақсад асосга нисбатан муҳимроқдир. (Афина халқ кенгашида) нотиқ Леодамант (Спарта билан сулҳ тузишни истаган) Каллистратни айблаб гапирганида «Маслаҳатчи ижрочидан кўра кўпроқ айбдор», чунки у маслаҳат бермаганида бу иш (сулҳ) бўлмас эди, деган эди. Ва аксинча, у Хабрий ҳақида гапирганида маслаҳатчидан кўра ижрочи кўпроқ айбдор, чунки, ижрочи бўлмаса, маслаҳат амалга ошмас эди, деган.138138
Леодамант – машҳур нотиқ Исократнинг шогирди, у ўз нутқида стратеглар Каллистрат ва Хабрийни Спарта билан сулҳ тузиш тарафдори бўлганлари учун айблайди. Хабрий мил.авв. 388-йилда Спарталиклар устидан ғалаба қозонган. Кейинроқ, сулҳ тузиш фикрига келган.
[Закрыть]
Табиатда кам учрайдиан нарса (масалан, олтин) кўп учрайдиган нарсадан (масалан, темирдан) қадрлироқдир. Лекин, бошқа томондан, ҳаёт учун зарур, кўп ишлатиладиган нарсанинг камига нисбатан кўпи яхшироқдир. Шу сабабли шоир Пиндар айтади:
Барчасидан сув аъло. 139139
«Барчасидан сув аъло» – шоир Пиндарнинг 1-Олимпия одасидан. Бу ерда шоир донишманд Фалеснинг олам мавжудотлари сувдан пайдо бўлган деган фикрига ишора қилган.
[Закрыть]
Умуман олганда, осон топиладиган нарсадан кўра қийинчилик билан топиладиган нарса қадрлироқдир. Лекин, бошқа жиҳатдан қийин ишга нисбатан осон битадиган иш яхшироқ, чунки тезроқ мурод ҳосил бўлади.
Табиийки, фазилатли (хулқ) фазилатсиз (хулқ) дан яхшироқ. Катта нуқсон кичик нуқсондан ёмонроқдир.
Сабаблардан яхшилик ёки ёмонлик жиҳатидан оқибати кучлироғи салмоқлироқдир. Ҳидлашдан кўра кўриш муҳимроқ бўлгани учун ҳид билиш ўткирлигига нисбатан кўзи ўткирлик аълороқдир.
Пулни яхши кўришдан кўра дўстларни яхши кўриш фозилроқдир, чунки дўстсеварлик мол-дунёни севишдан афзалдир.
Яхши нарсаларнинг аъло даражалиси ҳам афзалроқдир. Энг юксак ва энг гўзал ҳис-туйғуларни уйғотувчи нарса (ҳодиса, қилмишлар) ҳам гўзалроқ, юксакроқдир. Ҳунар, санъат ва фанларнинг ҳам энг ажойиби ва қимматлиси шуғулланадиган мавзулар, объектлар ҳам юксакроқдир.
(Фалсафа бошқа фанлардан аълороқ бўлгани каби. – Тарж.) Ҳар бир фаннинг ўз ҳақиқатлари бор. Юксак фаннинг ҳақиқатлари ҳам юксакроқдир.
Неъматлардан қайсиларини оқил ва донолар ёки кўпчилик халқдан энг фозиллари яхши деб биладиган ўша неъматлар қадрлироқдир. (Ҳаётга енгил қаровчи айрим кишилар ота, онадан, ёру дўстлардан кўра пул ва мол-дунё яхшироқ деб ўйлайдики, бу хатодир. – Тарж.)
Энг ақлли ва фозил одамлар қадрлайдиган неъматлар энг яхши неъматлардир. Энг яхши одамлар нимани афзал кўрса ўша нарса яхшироқдир. Масалан, бировга адолатсизлик қилувчи одамдан кўра адолатсизлик жабрини тортган одам яхшироқдир.140140
Афлотуннинг «Горгий» асарида Суқрот «Ноҳақ иш қилувчидан ноҳақликка учраган одам яхшироқдир» дейди. Афлотуннинг «Кратон» асарида ҳам Суқрот – ноҳақликка ноҳақлик билан жавоб беришни қоралайди. Эврипид эса «Одамлар душманларига зарар етказишни истайдилар» дейди.
[Закрыть] Куч-қувватга нисбатан чидам ва мардлик афзалдир.
Лаззатли, роҳатли нарсалардан зарарсизроғи, ташвиш, ғам келтирмайдигани яхшироқдир. Камроқ ё ўртача чиройга нисбатан мукаммалроқ чирой, гўзаллик афзалроқдир.
Кўпчилик одамлар ўзига раво кўрган яхшиликлар ҳам неъматларнинг афзалидир. Кўпчилик одамлар ўзига сира раво кўрмайдиган ёмонликлар каттароқ ёмонликдир.
Неъматлардан вақтинча фойдалисига нисбатан доимо фойдалиси афзалроқдир. Буюмлардан бўш заифига нисбатан мустаҳкамроғим яхшидир. Ўртача одамдан кўра жасур одам қадрлироқ. (Лекин, ахлоқ фалсафасида ҳаддан ошувчиларга нисбатан ўртача йўл тутувчилар азизроқдир. – Тарж.)
Барча қадрлайдиган нарсалар озчилик қадрлайдиган нарсалардан яхшироқдир. (Арасту замонидан 2400 йил ўтгач, бу фикрнинг моҳияти ўзгарди. Бу замонда жуда кам одамлар илм, фанни қадрлайди, энди олимлар аввалгичалик қадрланмайди. Шунга қарамай, озчилик зиёлиларгина олий идеалларни яхши қадрлайдилар. – Тарж.)
Неъматларнинг мақтовга лойиқроғи афзалроқ, чунки, гўзал неъматлар мақтовлидир. Энг кўп ҳурматга лойиқ неъматлар ҳам шундай. (Масалан, илм, фанлар, санъатлар.) Ва аксинча, жазоланишга лойиқ ишлар энг ёмон қилмишлардир (алдов, порахўрлик, ўғрилик, жабр-зулм ва бошқалар).
(Сўз санъатида, шеъриятда, нотиқликда) воқеа, ҳолатни қисмларга ажратиб кўрсатиш фожианинг буюклигини равшанроқ англатади. («Илиада» достонида аёл эри Мелеагрни босқинчиларга қарши курашга даъват қилиб (манзарани қисмларга ажратиб) бундай дейди:
Воқеанинг айрим қисмларини таққослаш, қиёслаш ва бириктириш билан ҳам мазмунни кучайтириш мумкин. Эпихарм 142142
Эпихарм (мил. авв. VI–V асрлар) – сицилиялик комедиянавис. Пифагорчилар издоши. Фалсафий асарларидан айрим парчалар сақланиб қолган.
[Закрыть] кўпинча шундай қиларди. Воқеа, ҳодисани турли қисмларга ажратиб, ўзаро таққослаш йўли билан ҳам бутун нарсанинг кўламдорлигини, у бошқа буюк ишларнинг бошланиши эканлигини билдириш мумкин. Бирор воқеа, хатти-ҳаракат, нарсанинг қийин кечгани, нодирлигини, ёши, ўрни, вақти одатидан ташқари эканлигини билдириш ҳам маъно салмоғини оширади, ўша одам, хатти-ҳаракат, нарсанинг ажойиблигини, фойдали ёки адолатли эканлигини ёки бунинг аксини кўрсатади. Бир шоир (Симонид) Олимпия ўйинлари ғолибига ёзган эпиграммасида бундай дейди:
Шу маънода Ификрат 144144
Ификрат – Афина стратеги. У оддий кўнчининг ўғли эди.
[Закрыть] ҳам «Улғайишим шу тариқа бошланган эди», деб ўзини мақтайди. Ўқиб, ўрганилган маҳоратга нисбатан табиий, туғма истеъдод, қобилият қадрлироқдир, чунки туғма қобилиятли одамлар кам топилади. Шу сабабли шоир айтади:
Мен ҳаваскорман 145145
Ҳомер. «Одиссея». Достон охирида Одиссей хотини Пенелопани безовта қилган куёвларни камонидан ўқ отиб, қириб ташлайди. Биргина Фемийни қўшиқчи шоир бўлгани учун омон қолдиради.
[Закрыть]
Буюк воқеа, ҳодисанинг энг катта қисмини билдириш ҳам унинг салмоғини кўрсатади. Перикл «Дафн маросимидаги нутқ»ида урушда ўлиб кетган ёш жангчилар ҳақида: «Ватаннинг ёшлардан айрилиши йил фаслларидан баҳорнинг йўқолиши кабидир» дейди.146146
Перикл (469–429 йилларда) – Афина давлат раҳбари, стратег, демократлар етакчиси, оташин нотиқ. Афина унинг даврида гуллаб-яшнаган. Қаранг: Плутарх. Қиёсий ҳаётномалар. 1-том. Перикл. Бу ерда Пелопоннес урушининг биринчи йили жангда ўлган ёшларнинг дафн маросимида Перикл шундай дегани айтилмоқда.
[Закрыть] Қарияларга ва касал одамларга, муҳтожларга берилган ёрдам савоблироқдир.
Икки неъматдан мақсадга яқинроғи афзалдир. Бир одамга қилинган яхшиликдан кўпчиликка қилинган яхшилик қадрлироқ. Имкон бўлган нарса имкон бўлмаган нарсадан яхшироқ. Яна: инсон ҳаётининг охирида кўрган яхшилик ҳам аввалгиларидан яхшироқдир, чунки сўнггилари мақсадга яқиндир.
Шон-шуҳрат учун қилинган ишлардан кўра адолат, ҳақиқат учун қилинган ишлар афзалдир. Шон-шуҳрат учун қилинган ишлардан кўпчиликка билдирилмаган, овоза қилинмагани яхшироқдир. Одатда кўпчилик одамлар ўзи учун хизмат қилишни ёқтиради, бошқалар учун хизмат қилишни фақат мард, олижаноб инсонлар ёқтиради.
Яхши бўлиб кўринишдан кўра яхши бўлган яхшироқдир, чунки иккинчиси ҳақиқатга яқин. Баъзилари буни эплолмагани учун адолат муҳим эмас, деб ўйлайдилар. (Афлотуннинг «Клитафонт» асарида бу мавзу чуқурроқ очилади. – Тарж.)
Қадриятлар ичида энг фойдалиси – бахтли яшашимизга, завқланишимизни келтирадиган, яхшиликлар қилишимизга ёрдам берадиганидир. Шу сабабли бойликни ва соғлиқни энг буюк неъматлар деб биладилар. (Яхши одамлар учун шундай, ёмон одамлар бойликдан тубан ишлар учун, босқинчилик, қотиллик учун фойдаланадилар. – Тарж.) Ғам-ташвишнинг йўқлиги ёки камлиги, завқ ва роҳатининг борлиги яхшироқ. Роҳат борлиги, ғам-кулфат йўқлиги ҳам неъматдир.
Бой бўлиб кўринишдан кўра бой бўлган яхшироқ (Ҳалол меҳнат билан, албатта. Нопок йўллар билан бойиш – жиноятчиларнинг иши. – Тарж.) Кўпчилик севадиган неъматлари (масалан, боғлар, гулзорлар, чиройли бинолар) афзалроқдир. Инсонда фақат битта, ягона бўлган нарса, айниқса, бошқаларда йўқ, нодир нарса бўлса қадрлироқ. Иккала кўзи соғ одамни бир кўзидан жудо қилган айбдорга нисбатан бир кўзи соғ одамни ўша кўзидан жудо қилган айбдорнинг жазоси оғирроқдир.
Шундай қилиб, биз нотиқ тингловчиларни риторик далиллар билан ишонтириш мумкин бўлган неъматларнинг тахминий турларини кўрсатдик.
8-БОБКенгашда маслаҳат берувчи нотиқ турли бошқарув тузумларини билиши керак. Ижтимоий бошқарув тузумининг тўрт тури: демократия, олигархия, аристократия, монархия. Ҳар бир бошқарув турининг мақсади. Маслаҳат берувчи нотиқ бошқарув шаклларининг мазмун, моҳияти, табиатини билиши керак.
Нотиқ тингловчиларни (фуқароларни ёки кенгашдаги халқ вакилларини) ўз фикрига ишонтириш ва яхши маслаҳатлар бера олиши учун давлат, мамлакат бошқарувининг барча турларини, одатлар ва қонунларни, улардан қайсилари фойдали эканлигини тушунган бўлиши керак. Чунки, барча одамлар давлат қурилиши, тузуми учун фойдали фикрни маъқуллайдилар. Бунда олий ҳокимиятнинг истак-иродасини (мақсадини) билиш муҳимдир. Олий ҳокимиятнинг турлари эса бошқарув тузумлари қандайлигига боғлиқ.
Давлат ва жамиятни бошқарув тузумлари тўрт турлидир: демократия, олигархия, аристократия ва монархия 147147
Бошқарув тузумлари ҳақида 27-изоҳга қаранг. Афлотун «Давлат» асарида яна аралаш тузумлар ҳақида ҳам гапиради. Спарта давлатининг тузуми гоҳ тиранияга, гоҳ энг демократик тузумга, гоҳ аристократияга, гоҳ монархияга ўхшаб кетади.
[Закрыть] (якка ҳокимият, кейинроқ Арасту монархияга ўхшаш – тирания ҳақида ҳам сўзлайди. – М.М.). Шу тузумларнинг табиатига қараб, олий ҳокимият ва судлов ҳокимияти, ё давлатнинг барча аъзоларига (демократия), ёки уларнинг бир қисмига берилган бўлади.
Демократия тузумида давлат мансаблари қуръа ташлаш йўли билан берилади (бунда бир раҳбар фикрини мажбуран ўтказолмайди, кўпчиликнинг фикрларидан фойдаланиб, иш қилади). Олигархия тузумида энг йирик мулкдорлар давлатни бошқаради. Аристократия тузумида яхши тарбия кўрган (насл-насаби тоза) одамлар давлатни бошқарадилар. Тарбия кўрган деган сўзни мен илм-маърифат олган, маънода тушунаман – аристократия тузумида қонундан четга чиқмайдиган аслзодалар давлатни бошқаради. Улар фуқароларнинг энг яхшилари ҳисобланади (аристократия – асллар, энг яхшилар дегани). Монархия тузумида бир одам барчага (барча ижтимоий тоифаларга) раҳбарлик қилади. Якка ҳокимиятлардан навбат билан раҳбар қўйилувчи тузум подшоҳлик (юнонча basileia) тузуми бўлиб, навбатга, тартибга қаралмайдигани, чекланмагани – тирания деб аталади.
Ҳокимиятни бошқарув тузумларининг барчаси ўз олдига қўйган мақсади билан фарқланади. Демократиянинг мақсади – халқ эркинлиги. Олигархиянинг мақсади – (бошқарувчи гуруҳнинг) бойлигини, мол-мулкини кўпайтириш. Аристократиянинг мақсади – тарбия ва қонунчилик. Тираниянинг мақсади – ҳимоядир (Бу ерда тираннинг ўз ҳимояси учун қўриқловчи – соқчиларни жуда кўпайтириш маъносида. Тиран якка раҳбар доно одамлар билан кенгашиб ўтирмайди, ёки хўжа кўрсинга халқни алдаш учун кенгашади. – Тарж.).
Нотиқ сўзлаётганида давлатнинг асосий мақсадидан келиб чиқади, яъни шу мақсадга етиш учун фойдали фикрларни айтади.
Нотиқ одамларни фақат сўзи, далиллари билангина эмас, балки ўз хулқи, ҳалоллиги, яхши инсонлиги билан ҳам ишонтиради. Шунга ўхшаб, ҳар бир бошқарув тузумининг ҳам табиати, хулқи, одатларини билиш зарур. Нотиқнинг ахлоқий, маънавий фазилатлари кўпроқ ишонтиради. Маънавий хислатлар ҳам одамнинг нияти, мақсади қандайлиги билан боғлиқдир (ва аксинча, одамларнинг маънавий хислатлари уларнинг ният, мақсадларини белгилайди. – Тарж.).
Шундай қилиб, биз нотиқ (давлат, мамлакатнинг) келажаги ёки ҳозирги аҳволи ҳақида гапирганида одамларни ўз фикрларига, нима қилиш фойдали (ва нима қилиш зарарли) эканига ишонтириш учун, бу соҳадаги масалаларни ҳал этиш учун ҳокимиятни бошқариш турларини (давлат тузумларини), уларнинг табиатини, хислатларини билиш ва бу масалаларни ҳал этишни енгиллаштириш зарурлиги ҳақида мавзуимиз кўтарганича фикр айтдик. Бундан кўпроқ маълумотлар керак бўлса, «Сиёсат» китобимиздан топиш мумкин.148148
Арасту. Сиёсат. IV китоб, 4, 5, 8-боблар.
[Закрыть]
Эпидейктив (мақтов) нутқи мавзулари. Ажойиблик, гўзаллик таърифи. – Фазилат нима? Фазилатларнинг (таркибий) қисмлари. – Энг буюк фазилатлар. Турли фазилатларнинг таърифлари. Ажойиб, гўзал нарсалар. Мақтов ва энкомий (мадҳия). 149149
Энкомий – авваллари Олимпия ўйинларида ғолибни шарафлаб айтиладиган қўшиқлар, кейинроқ умуман мақтов сўзлари, нутқлар. Арасту «Никомах этикаси»да ёзишича умуман мақтов фазилатларга тааллуқли, энкомий эса ҳам руҳий, ҳам жисмоний қобилиятлар мақтовидир.
[Закрыть] Роҳат-фароғат тавсифи. Бахт-саодатни шарафлаш (evdamoni smos). Мақтов ва маслаҳат. Ҳолатни кучайтирувчи ўхшатиш (ташбеҳ) ва муболаға – эпидейктив нутқ учун зарур. Маслаҳат нутқи учун – мисоллар, судлов нутқи учун энтимема – асос, далиллар зарур.
* * *
Шундан сўнг биз фазилат ва иллат, гўзал ва шармандали ишлар, хатти-ҳаракатлар ҳақида гапирамиз, мақтов ёки айблов мавзулари худди шу нарсалардир. Шу ҳақда гапирган одамлар инсонни хулқи, маънавиятига қараб баҳолайдилар. Нотиқ асосан, бир хил йўл билан (яъни, маънавий баҳолаш йўли билан) ўзига ва бошқаларга нисбатан ишонч уйғотади. Ишонтиришнинг силлогизм – далиллашдан бошқа йўли мана шу – маънавий баҳолаш йўлидир.
Одамлар инсонни ёки Худони шарафлаш билан бирга, бошқа жонли ва жонсиз мавжудотларни, ҳатто дуч келган ҳайвонни ҳам (агар чиройли бўлса) мақтайдилар. Шунинг учун бу масалага (гўзаллик, нодирлик масаласига аниқлик киритиш, уни баҳолашнинг асосий мезонлари, қоидаларини билиш, мисоллар келтириш зарур.
Баркамоллик (юнонча – kalonos) ўзи ёқимли, марғуб, севимли бўлиш билан бирга мақтовга ҳам лойиқ неъматдир.150150
Арастунинг «Эвдем этикаси»да, Афлотуннинг «Горгий» диалогида айтиладики, баркамоллик, гўзаллик ҳам неъмат ва ҳузур берувчидир. Афлотунга нисбат берилувчи «Таърифлар»да «ажойиблик – неъматдир».
[Закрыть] (Хислатлардан) фазилатлар ҳам гўзалдир, чунки улар ҳам неъмат бўлиб, мақтовга лойиқдир. (Арасту гўзалликнинг бошқача таърифларини «Евдем этикаси» асарида келтиради, бу ерда эса гўзал сифатлар, фазилатлар ҳақида сўз боради. – М.М.) Фазилат инсон учун ўзи неъмат, айни вақтда бошқа неъматларни қўлга киритишга ва сақлашга, яна одамларга яхшилик, эҳсон қилишга имконият беради. (Масалан, саховат фазилати шундай, сахий одам бошқа неъматларни ҳам қўлга киритади, бошқаларга ҳам яхшилик қилади. – М.М.) Қуйидаги хислатлар – фазилатлардир: Адолат. Мардлик. Оқиллик. Саховат. Олиҳимматлик. Беғаразлик – самимият. Мулойимлик – хушфеъллик. (Алишер Навоий бу фазилатни – ҳилм, ҳалимлик, дейди). Вазминлик. Донолик.151151
Афлотуннинг «Менон» диалогида фазилатлар муҳокама қилинади. Арасту «Никомах этикаси»да ёзади: «Роҳат, ҳузур фазилат билан боғлиқ руҳий фаолият бўлса, биз фазилат нималигини билишимиз зарур».
[Закрыть] (Афлотун «Менон» диалогида, Арасту «Никомах этикаси» ва «Катта этика» («Ахлоқи кабир») асарларида фазилатлар ҳақида кенгроқ фикрлайди. – М.М.) Шундай экан, фазилатларнинг энг буюги инсонларга фойда етказишдир. Шу сабабли, адолатли ва жасур одамлар буюк фазилат эгаларидир. Жасур одамлар уруш вақтида, адолатли, одил одамлар тинч вақтларда халққа фойда етказиб, яхшилик қиладилар. Шундан сўнг олиҳимматлик (elevteriotes) туради. Олиҳиммат, бағридарё одамлар пулга ортиқча қизиқмайдилар, пул учун жанжал кўтармайдилар. Бошқалар учун эса пул умрининг мазмуни бўлади. Адолат (dicaiosyne – дисайосине) шундай фазилатки, у бўлса, ҳар бир инсон фақат ўз меҳнати билан топганини, қонуний ҳаққини олади. Жасурлик шундай фазилатки, у бўлса, одамлар хавф-хатардан қўрқмай, қонунга зид келмайдиган ажойиб ишларни (қаҳрамонликларни) қилиши мумкин. Қўрқоқлик (deilia) эса, бунинг аксидир. Оқилона меъёрни билиш, қаноат (sophrosyne, софросина) ҳам фазилат, бундай хислатли одамлар жисмоний, моддий ҳузур-ҳаловат олишда қонундан четга чиқмайдилар. Нафси бузуқлик (acolasia, аколазия) – бунинг аксидир.
Бағрикенглик, дарёдиллик (megalopsyhia, мегалепсихия) – хайр-саховатда мардона ишлар қилишдир. Майдакашлик, назарипастлик (micropsyhia, микропсихия) – бунинг аксидир. Сахийлик (megaloprepea, мегалопрепея) – кўп миқдорда хайр-эҳсон, савоб ишларни қилиш. Зиқналик, бахиллик (misroprepea, микропрепея) – бунинг аксидир.
Оқиллик (phronesis, фронесис) – юқорида айтилган фазилатлар ва иллатлар ҳақида соғлом фикр юритиб, оқилона йўл тутишдир.
(Шундан сўнг Арасту фазилатларнинг афзал даражалари ҳақида фикр юритади. Инсоний фазилатлар яна кўп яхшиликларни пайдо қилишини айтади.) Жасурлик, мардона қилинган барча ишлар, ҳаракатлар гўзалдир. Барча адолатли ишлар ҳам гўзалдир.
Фақат адолат масаласида аҳвол бошқачароқ. Адолатли жазо олган одамдан кўра адолатсиз, ноҳақ жазоланган одам яхши одамдир. (Бу ерда Арасту исмини айтмаса-да, Суқротнинг машҳур гапини эслагандир. Диоген Лаэртий ёзишича, Суқрот ўлимга ҳукм қилинганида хотини йиғлаб туриб, «Сени ноҳақ жазолашганига куяман», деганида, у кулиб: «Эй, аҳмоқ, мен жиноят қилиб, адолатли жазоланганимда хурсанд бўлармидинг?» – деган экан. – Тарж.)
Яна – иш-амалларнинг гўзалроғи бир инсон ўзи фойдаси учун эмас, ватани, халқи учун қилган яхшиликдир. Тирик одамни мақташ (хушомадгўйлик) дан кўра марҳумларнинг қилган яхшиликларини мақташ гўзалдир. Ўзгалар учун қилинган яхшиликлар ҳам гўзалдир. Бизга яхшилик қилганларга фаровонлик тилаш ҳам гўзал. Мискин, муҳтожларга хайр-саховат, меҳр-мурувват кўргазиш ҳам гўзалдир. Уятли ишларни қилмоқчи бўлган одам шу ишларни қилмай, уялгани ҳам гўзалдир. Шоир Алкей шоира Саффога дейди:
Сенга бир сўз айтай дейман, уят йўл бермас.
Саффо эса унга жавобан: «Агар сен олижаноб ва гўзал нарса ҳақида гапирмоқчи бўлсанг уят йўлингни тўсмас эди, адолатли сўз айтишдан қўрқмас эдинг», дейди. 152152
Саффо (Сафо) ва Алкей – VII–VI асрларда Лесбос оролида яшаган қадимги юнон шоирлари. Мелодия, мелика, яъни яккахон ашула шеърияти асосчилари.
[Закрыть]
Манфаат, қўрқув сабабли эмас, шон-шараф учун ихтиёрий қилинган ишлар гўзалдир. Табиатан яхши одамларнинг ишлари ҳам гўзал. Аёлча ишдан кўра эркакча, мардона иш гўзалдир. Фақат ўзимизга эмас, балки кўпчиликка манфаат етказувчи фойдали ишлар ажойибдир. Адолатли ишлар ва адолат фазилати гўзалдир. Душманларга бўйсунмаслик, улардан паноҳ тиламаслик, ёвдан енгилмай, уларни енгмоқ гўзалдир.153153
Архилохнинг бир шеърида содиқлик қасамига хиёнат қилган дўстнинг бошига кулфат ёғилганига хурсандлик ифодаланган.
[Закрыть] Ғалаба, агар моддий бойликлар, бой ўлжалар келтирмаса ажойибдир. Бундай ғалаба икки карра гўзал, чунки бунда ғолиблар моддий фойдани кўзламай, ғалаба қилганлар. Ҳеч қандай моддий фойда кўзламай (адолатни кўзлаб) ғолиб чиқиш буюк шахсларнинг фазилатидир.
Эсда қоларли, фавқулодда барча (яхши) ишлар гўзалдир, қанча узоқ эсда қолса шунча гўзалдир (Широқ, Тўмарис, Спартак, Спитамен, Иван Сусанин, Жалолиддин, Темур Малик, Форобий, Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Бобур, Навоий, Беҳзод, Машраб каби зотларнинг қилган ишлари нодир, ажойиб асарлари сира унутилмасдир. – Тарж.)
Фақат бир одамда бўлган нодир нарса ҳам ажойиб, гўзалдир (Мусо пайғамбарнинг асо – таёғи (у ўн хислатга эга эди: у бўри ёки ёв келса – аждарга, дарё келса – кўприкка, чўл иссиғида – соя солувчи дарахтга, оч қолса – тез мева берувчи дарахтга айланар эди). Яна ажойиб нарсалардаги Меърож, Буроқ, ҳазрат Алининг зулфиқор қиличи, Каъбадаги қора тош – ҳажарул-асвад, дунёнинг етти мўъжизаси саналган эҳромлар ва ҳоказолар киради.)
Баъзи халқлардагина бўлган одатлар ҳам ажойиб. Масалан, Лакадемон (Спарта)да йигитларнинг узун соч қўйиши озод инсонлигини билдиради, улар қуллар бажарадиган ишларни (мажбур қилсалар ҳам) бажармайди.154154
Бу одат ҳақида: Ксенофонт (Суқротнинг шогирди)нинг «Лакедемон (Спарта)ликларнинг давлат тузуми ҳақида», Элианнинг. «Турли-туман ҳикоялар» асарларида айтилган.
[Закрыть] (Шу сабабли, маҳбусларга соч ўстириш тақиқланган.) Майда касб-ҳунарлар (этик тозалаш, хизматкорлик, баққоллик) билан шуғулланмаслик ва одамларга қуллардай иш қилмаслик яхши. Бировларга мутеъ, қул бўлиб, хорланиб яшаш – ёмон. (Арасту қулдорлик жамиятида яшаган. – Тарж.)
Баъзи инсонларнинг бир хислатларидан бошқа хислатларини ҳам билиб олиш мумкин. Баъзи ишлар, хатти-ҳаракатларни маъқуллаш ёки қоралашда шуни билиш керакки, эҳтиёткор одам кўпинча совуққон ва маккор бўлади. Соддароқ одам оқкўнгил бўлади. Ҳиссиётга берилмайдиган, қизишиб кетмайдиган одам ювош, вазмин бўлади.
Баъзи ёмон кўринган хислатларни яхшиликка йўйиш мумкин: тез жаҳли чиқувчи ва ўзини тиёлмай қоладиган одам самимий, соддадир. Баъзи ўжар, айтганидан қайтмайдиган одамларда ўз қадрини билиш ва улуғворлик бўлади. Гоҳо қандайдир хислатлари ҳаддан зиёд, меъёридан ошган одамлар фазилатлидир. Ўйлаб ўтирмай дадиллик қилувчи – жасур одам, орқа-олдини ўйламай мол-дунёсини сарф қилувчи сахий одамдир. Ҳар ҳолда, бу одамлар халойиқда шундай тасаввур уйғотади. (Кўпинча, бу тасаввур тўғри чиқади. – М.М.)
Айни вақтда сабаб орқали паралогизмга (билган ҳолда мантиққа зид хулосага) келиш мумкин.155155
Паралогизм – исботлашда, баҳсда атайин мантиқий хатога йўл қўйиш (софистика).
[Закрыть] Вақти ва ўрни бўлмаса ҳам хавф-хатарга ўзини урадиган одам вақти ва ўрни келганида ҳам инсоний бурчини бажариб, жасорат кўрсата олади. Бегоналарга сахийлик қилувчи одам ўз дўстларига ҳам сахийлик қилиши табиийдир.
Бундай ҳолатларда бирор одам кимларнинг олдида мақталаётганига қараш керак. Суқрот айтганидай, афиналик одамни Афинада мақташ қийин эмас.156156
Афлотун «Менексен» диалогида Суқрот тилидан айтади: «Афинада Лакедемонликларни (спарталикларни) мақташ ва Лакедемонда афиналикларни мақташ учун нотиқдан маҳорат талаб қилинади.
[Закрыть] (Платоннинг «Менексен» асарида Суқрот афиналикларни Лакедемонда (Спартада) ва Лакедемонликни Афинада мақташ учун ритор (нотиқ) дан юксак маҳорат талаб қилинади, дейди. Арасту шуни кўзда тутмоқда – А.А.Таҳо-Ҳоди изоҳи).
Нотиқ тингловчиларни ўз мақтовига ишонтириш учун қайси муҳитда (қайси халқда) қандай фазилатлар қадрланишини билиши керак. Масалан, искифларда бошқа, Лаконикада бошқа, файласуфларда бошқа хислатлар мақтовли саналади. (Умуминсоният эътироф қилган хислат – фазилатлар адолат, ҳақиқат, ватансеварлик, Олиҳиммат, саховат, меҳр-мурувват барча халқларда қадрланади. – М.М.)
Кимнидир мақтаётганида нотиқ ўша одамнинг қилган иши, жасорати, қаҳрамонлиги аждодлари ва ўзидан аввал ўтган машҳур одамлар қилган улуғ ишларга тенг, муносибми эканлигини ҳам ўйлаши зарур. Чунки, аждодлар шон-шуҳратига яна шоншуҳрат қўшиш ажойибдир.
Одамларнинг турли бахтсизликларга учраганида биз кутмаганда яхши томонга ўзгариши ҳам гўзал ҳолат. Биров аввал ўртача одам эди, бахтсизликка учраганида жасурлигини кўрсатди (ёнғин, тошқин ва бошқа офатлар вақтида). Ёки аксинча, бир одам аввал ҳеч қандай фазилати йўқдай эди, катта мансабга қўйилганида камтаринлашиб халққа яхшилик қила бошлади. (Ҳаётда бунинг акси кўп учрайди.) Кеосли Симонид бир шеърида ёшлигида сув ташувчи бўлганини мақтайди,157157
Юқоридаги 46-изоҳга қаранг.
[Закрыть] бошқа шеърида Лаодика исмли аёлнинг отаси тиран (Афина тирани Гиппий), эри тиран (Лампсак шаҳри ҳокими Эантид), акаси тиран (Афина ҳокими Гиппарх) бўлишига қарамай, мард, халқпарвар аёл эканлигини мақтайди.158158
Кеосли Симонид Афина тирани Гиппийнинг қизи Архедика қабртошига ёзган битик-эпитафиядан. Изоҳи матнда кенгроқ берилган.
[Закрыть] (Халқ шу аёлдан бундай яхшиликни кутмаган. – М.М.)
Мақтов нутқи аслида (бирор давлат ва жамоат арбобига хос) фазилатларни тасвирлаб беришдан иборат. (Фазилатлар эса маънавий гўзал инсонларда бўлади.) Инсон фазилатлари унинг фаолиятида, қилган ишларида кўринади. Энкомий – мадҳияда қисман насл-насабга, тарбияга эътибор берилгани ҳолда, асосан хасаб (шахснинг амалий ишларда етуклиги) биринчи ўринга қўйилади. Шу сабабли мадҳияларда инсон фаолияти тасвирланади, буюк қилмишлар эса фазилатли одамларга хосдир.
Нутқда мақтов ва маслаҳат бир-бирига ўхшашдир. Инсоннинг яхши қилмишлари, амал-иш лари тасвирланганида бошқаларга ибрат қилиб кўрсатилади. Мана шу мақтов сўзларни бошқача тарзда (умумлаштириб) айтилса, маслаҳат ва ўгит – панд-насиҳатга айланади. Инсон тақдир насиб этган нарсалари билан эмас (яъни, бойлиги, насл-насаби билан эмас), балки ўзи қилган мардона ишлари билан фахрланиши керак. (Шарқда ҳам насаб ва ҳасаб (ўз кучи билан шуҳратга сазоворлик) тушунчалари бор. Атоқли олим Ваҳоб Раҳмон бу ҳақда махсус мақола ёзган. – М.М.)
Шахс ё бир ўзи, ё сафдошлари бўлса ҳам, улар сафида биринчи бўлиб, ёки бир неча яқин сафдошлари билан бирга жасоратли ишни бажарган бўлса ажойиб, гўзал иш деб мақталади. Яна, бир инсон ноқулай вақтда ва ноқулай, оғир шароитларда буюк ишни бажарган бўлса, кўпроқ мақтовга сазовордир. Яна бир инсон кўрсатган жасорат мадҳия қўшиқларда куйланган бўлса, ўша қаҳрамон сабабли давлат тақдирлаш ва шарафлашнинг янги турларини жорий этган бўлса, ўша одамларнинг қилган ишлари ҳам гўзалдир. Агорада (Афина шаҳри халқ йиғини майдонида) Гармодий ва Аристогитонга қўйилган ҳайкал ҳам гўзал.159159
Бу воқеанинг изоҳи ҳам матнда берилди (М.М.). Тиранкушларга атаб ишланган гуруҳли ҳайкал муаллифлари Критий ва Неосиот. (Агорада)
[Закрыть] (Бу икки йигит Афина тиранларини ўлдиришни ўз зиммасига олган. Гиппарх ўлдирилган, Укаси Гиппий қизи ва куёви яшаётган Лампсак шаҳарига қочган (Кичик Осиёдаги Лампсак шаҳри, Эпикур шу ерда яшаб, ижод қилган. Афина халқ кенгаши қарори билан тиранкушлар, тиран ўлдирувчилар Гармодий ва Аристогитонга шу манзара тасвирланган бронза ҳайкаллар гуруҳи ўрнатилган. – А.А.Таҳо-Ҳоди изоҳи.)
Агар бирор муносиб шахсни мақташга сўз топилмай қолса, унинг қилмишини машҳур одамларнинг қилмишига ўхшатиш мумкин. Агар бу мумкин бўлмаса, ўша шахсни номашҳур одамлар билан таққослаб, улардан устунлигини кўрсатиб бериш ҳам мақтов турларидан биридир. Нотиқ Исократ шундай қиларди. Лекин, мамдуҳ (мадҳ этилаётган шахс) муносиб бўлса, машҳур одамларга қиёслаш яхшироқ, чунки агар бу одам ўша машҳурлар каби ёки улардан кўпроқ яхши ишлар қилган бўлса, унинг қадр-қиммати янада ошади. Бундай вақтда адолат юзасидан муболаға ишлатиш ҳам ўринли, чунки кимдир кўпчилик яхшилардан афзал бўлиши ажойиб камолотдир.
Муболағалар уч турдаги нутқлардан (кенгашув нутқи, ҳакамлик – суд нутқи, эпидейктив – васф, тантанавор нутқ) кўпроқ эпидейктив нутқда ярашади, чунки бу ерда нотиқ чиндан-да ажойиб ишлар қилган одамлар ҳақида гапиради, бунда нотиқнинг вазифаси ўша яхши ишларни ярашиқли сўзлар, маънолар билан васф этиш (ва тасвирлаш)дир.
Ҳаётий мисоллар эса кўпроқ кенгашув (маслаҳат) нутқига ярашади, чунки бу ерда биз бўлиб ўтган воқеалар мисолида энди бўладиган ишлар, катта мақсадлар ҳақида гапирамиз.
Энтимемалар (риторик силлогизм, асословчи, далилловчи фикрлар) эса кўпроқ ҳакамлик, судлов нутқларида қўлланилади. Чунки, бу ерда нотиқ бўлиб ўтган воқеадан (судланаётган шахснинг айби бор-йўқлиги) ноаниқ бўлса, (айбловчи ёки оқловчи) ўз фикрини далиллаши, сабабларини кўрсатиб, асослаб бериши керак.
Ҳар қандай мақтов ва қоралов нутқида, мана шу қоидаларга риоя қилиш, мақтов мазмуни нималардан иборатлигини, далиллар қаердан олинишини билиш зарур. Қоралов нутқида мақтовнинг зидди бўлган қоидаларга (қораланаётган шахсда муайян инсоний фазилатлар йўқлигига, аксинча, муайян иллатлар, камчиликлар борлигига) эътибор берилади.