Читать книгу "Ахлоқи кабир"
Автор книги: Аристотель
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Риторика (хитоба)нинг бошқа фанлар ва санъатлар (касб-ҳунарлар) қаторидаги ўрни. – Ишонтиришнинг «техник» йўллари (риторика усулларига, маҳоратга асосланган ишонтириш) ва «нотехникавий» йўллари (объектив – холис маълумотлар, далил, ҳужжатлар асосида ишонтириш. Маҳорат билан ишонтиришнинг (яъни, ишонтириш санъатининг) уч усули. Хитоба – риториканинг ҳам диалектика, ҳам сиёсат соҳаларига алоқадорлиги. Мисол ва энтимема. – Ишонарли нарсалар, воқеалар таҳлили. Риторика (хитоба) ўрганадиган масалалар доираси. Энтимемалар (далиллар) қаердан олинади? Эҳтимоллик, мумкинот таърифи. Аниқловчи белги, сифатларнинг турлари. Мисол келтириш – риторикада йўл кўрсатиш. Умумий далил (топлар) ва хусусий далиллар (энтимемалар).
* * *
Риторика – хитоба ҳар бир аниқ фикрга тингловчиларни ишонтиришнинг мумкин бўлган йўллари, усулларини топиш санъати (қобилияти)дир. Бошқа фанлар ҳар бири ўз соҳасига алоқадор нарсаларни ўргатади ва (ўша нарсаларга) ишонтиради. Шифокорлик, тиббиёт соғлиқни сақлашга доир ёки касалликларнинг кечишига доир нарсаларни ўргатади ва шуларга ишонтиради, геометрия – турли чизиқлар, миқдорлар, сатҳларни, уларни ўзгартиришни, ариф метика – сонларни олиш, қўшиш, кўпайтириш, бўлиш амалларини ўргатади ва ҳоказо. Бошқа касблар, ҳунарлар ва фанлар ҳам шу каби, ҳар бири ўз масалалари билан шуғулланади. Риторика (мантиқ илмининг бир бўлими сифатида) барча фанлар учун умумий бўлган, ҳар бир фан учун зарур бўлган ишонтириш усулларини ўргатади.
Ишонтириш усулларидан баъзилари «нотехникавий», баъзилари «техникавий»дир (маҳоратга боғлиқ.) «Нотехникавий» ишонтириш усулларини биз (риторлар – нутқ маданияти олимлари) тўқиб чиқармаганмиз, улар аввалдан бор нарсалардир. (Булар: гувоҳлар, уларнинг кўрсатмалари, иқрорномалари ва ҳоказолар далил, ҳужжатлардир). «Техникавий усуллар биз (риторлар) ўйлаб топган ишонтириш воситалари, усулларидир. «Нотехникавий» ишонтириш усуллари (далил, ҳужжатлар) тайёр бўлганида фойдаланадилар, риторик ишонтириш усулларини эса, аввал ўйлаб топиб, сўнг фойдаланамиз (яъни, бу – сўз санъати билан ишонтиришдир.)
Нутқнинг ишонтириш усуллари уч турлидир: биринчи усул – гапирувчининг шахсиятига, кимлигига боғлиқ. (Масалан, элга таниқли, ўз соҳасининг усталари гапирса – ишончли; билимсиз, ёлғончи, енгилтак одам гапирса ишонадилар). Ишонтиришнинг иккинчи усули – тингловчиларнинг ёшига, савиясига ва кайфиятига қараб сўзлашдир. (Масалан, билимга қизиқмайдиган, енгилтак тингловчиларга, талабаларга гапирсангиз, идрок этмайдилар ва шу сабабли, айтганингизга ишонмайдилар. Агар билимга чанқоқ, иқтидорли талабалар, ўқувчилар бўлса, уларни маҳоратингиз, чуқур билимингиз билан фикрингизга ишонтира оласиз. – М.М.). Учинчи усулда ишонтириш нутқ мазмунига боғлиқ, нотиқ ё ростдан ишонтиради, ё тингловчиларни ишонтирдим деб ўйлайди.
Биринчи усулда, нотиқ агар яхши инсон бўлса, гаплари ҳам шунга яраша (рост ва ишонарли) чиқади. Умуман олганда биз яхши одамларга тезроқ ва кўпроқ ишонамиз. Агар яхши одам гапирса, нутқининг мазмунини тушунмаса ҳам ишонаверадилар. Бу унчалик адолатли эмас. Баъзилар нотиқнинг нутқида унинг ҳалол, соф, виждонли эканлиги билиниб туради, деб ўйлайдилар.106106
Плутарх («Қиёсий ҳаётномалар»да) Демосфен билан Фокионни таққос лаб, биринчиси – энг буюк нотиқ, иккинчиси энг моҳир нотиқ эди», дейди. Демосфен тингловчиларга нутқи билангина эмас, балки мардона ҳаёти билан ҳам таъсир ўтказарди. Эврипид трагедиясида ҳалок бўлган Гекторнинг онаси (Гекуба) Оддисейга бундай дейди:
Сен сўзламасанг ҳам,Грекларнинг кўнглиниром этасан жозибанг билан…
[Закрыть] Бу унчалик тўғри эмас. (Атоқли эстетика олими А.Ф.Лосев бу фикрни шарҳлаб, Арасту «Илиада» достонида троялик она-малика Гекуба ўғли Гектордан айрилгач, Одиссейнинг сўзларидан уни соф виждонли деб ўйлашини, у эса, айёр, алдамчи эканлигини назарда тутган бўлса керак. Хуллас, Алишер Навоий айтганидек, «Сўз ҳолига боқма, сўзчи ҳолига боқ». Яъни, сўзда, нутқда айёр, қув одам ҳам ўзини ҳалол, соф виждонли қилиб кўрсатиши мумкин).
Нотиқнинг ишонтириши тингловчиларнинг кайфиятига ҳам боғлиқлиги шунда кўринадики, улар нутқдан тўлқинланиб, турли (ўринли ва ўринсиз) хулосага келадилар. Биз нутқни тинглаётганимизда завқланиш ёки норозилик, меҳр-муҳаббат ёки нафрат таъсирида турли-туман қарорлар қабул қиламиз. Сўз санъатининг ҳозирги назариячилари (Арасту давридаги) тингловчиларни шу каби ҳолатларга соладиган ишонтириш усуллари ҳақида гапирадилар. Биз булар ҳақида эҳтирос фаслида гапирамиз.107107
Арасту эҳтирослар ҳақида «Риторика»нинг II китобида кенгроқ, муфассалроқ фикрлайди.
[Закрыть] (Арасту нотиқ маҳорати ва тингловчиларнинг эҳтирослари, ҳойу ҳавас ҳақида «Риторика»нинг 2-китобида гапиради).
Ишонтириш фақат шундай уч усул, асос, далиллар билан мумкин бўлгани сабабли, нотиқ тингловчиларни (талабаларни) ишонтира олиши учун ақлий – мантиқий хулосалар чиқаришга қобилиятли, одамларнинг феъл-атворларини (характерларини), фазилатларини ва эҳтиросли майл-истакларини, ҳар бир майл-истак, ҳою ҳаваснинг табиати қандайлигини тадқиқ этган (яъни, психолог, руҳшунос) бўлмоғи керак. Шу маънода риторика (нутқ маданияти ва нотиқлик санъати) ҳам диалектик фикрлаш соҳасига, ҳам ахлоқшунослик ва сиёсат соҳаларига алоқадор экан.108108
Арасту «Никомах этикаси»да («Катта ахлоқ китоби»да ҳам) сиёсатшунослик илми билан риторика, стратегия, экономика яқинлигини айтган эди («буларни билганлар энг қобилиятли одамлардир»).
[Закрыть] Худди шу сабабли, баъзи билимсиз ёки масхарабоз (шарлатан) одамлар риторикани билиб олсак бўлди, кейин сиёсатчи бўламиз деб ўйлайдилар. (Арасту «Катта ахлоқ китоби»да ахлоқ – сиёсатнинг бир қисми деб кўрсатган эди). Биз сўзимизнинг бошида ҳам риторика (хитоба) диалектик фикрлашнинг бир қисми ва диалектикага ўхшаш санъат деган эдик: чунки, риторика ҳам, диалектика ҳам бирор фан соҳаси эмаслиги, риторика табиати, ҳар иккала ишонтиришнинг йўллари, усулларини топиш санъати эканлиги ҳақида гапирган эдик. Биз бу икки илм (диалектика ва риторика)нинг моҳияти, қандайлиги, уларнинг ўзаро муносабатлари ҳақида етарли фикрлар айтдик.
Ҳақиқий исботлаш ёки нисбий исботлашга келсак (нисбий исбот ҳали чин исбот эмас), бу нарса диалектика илмига ҳам, риторика илмига ҳам тааллуқлидир: ҳар иккаласида ҳаётий мисол – (хусусийдан умумийга) йўллашдир. Энтимема – силлогизм (асословчи фикрдир). Энтимемага ўхшовчи фикр силлогизмга (асослашга) ўхшовчи фикрдир. Мен риторик силлогизмни (асословчи фикрни) – энтимема деб атайман, ҳаётий мисолни эса – риторик йўллаш деб атайман: чунки барча нотиқлар ўз фикрини асослашда ё ҳаётий мисол келтирадилар, ё энтимемалар қурадилар – фикр билан асослайдилар.109109
Йўллаш, грекча эпагога, хусусий, якка нарсалардан умумий билимга йўлловчи индукция усулидир. Арасту. (I–Аналитика, 2-китоб)
[Закрыть] Нотиқлар исботлашнинг бошқа йўлларидан фойдаланмайдилар. (Арасту нима учундир, мантиқ илмига тааллуқли далиллаш – хулоса чиқаришнинг турли модуслари – қоидаларини ҳам фикрий далиллаш – энтимема қаторига киритган.)
Нотиқ ҳар қандай фикрни исботламоқчи бўлса, ё силлогизм (асословчи фикр)дан, ё йўллашдан (хусусий мисолдан умумий хулоса чиқариш йўли – индукциядан) фойдаланадилар. (Бу ҳақда Арасту «Биринчи анатилика»да кенгроқ фикр юритади.110110
Энтимема билан силлогизмнинг алоқадорлиги ҳақида 2-изоҳга қаранг. Арасту «II – Аналитика» асарида бундай дейди: «Нотиқлар бошқаларни ё индукциянинг бир тури бўлган мисоллар билан ёки силлогизмли энтимемалар (асословчи фикрлар) билан ишонтирадилар».
[Закрыть])
Ҳаётий мисол билан энтимема (фикрий асослаш) нинг фарқига келсак, бу ҳақда «Топика» асарида кўпроқ айтилган,111111
«Топика», I китоб, 10-боб.
[Закрыть] у ерда силлогизмлар асословчи фикрлар ва йўллаш ҳақида бундай дейилган: (Муайян воқеага) ўхшаш кўплаб воқеаларнинг бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақида хулоса чиқарадиган бўлсак, бундай хулосани у ерда («Топика»да, йўллаш деймиз, бу ерда («Риторика»да) ҳаётий мисол деймиз. Мабодо бирор иш содир қилингани оқибатида бошқа воқеа ҳам юз бергани ҳақида хулоса чиқарилса, у ерда – силлогизм деб, бу ерда – энтимема деб атаймиз.
Риторик далиллаш (аргументация)нинг бу иккала тури ҳам ўз фазилатларига эга. Биз «Методика» асарида112112
Арастунинг «Методика» асари бизгача етиб келмаган (ёки у бизгача бошқача номда етиб келгандир? (М.М.) Дигоген Лаэртий (II аср) ёзишича, «Методика» 8 китобдан иборат бўлган.
[Закрыть] айтган фикрларимизни бу ерда ҳам айтамиз: баъзи нутқлар мисолларга бой, баъзи нутқлар энтимемаларга (асословчи фикрларга) бой бўлади, чунки баъзи нотиқлар ҳаётий мисоллар келтиришни, бошқа нотиқлар асосли фикрлар келтиришни яхши кўрадилар. Ҳаётий мисоллар ҳам тингловчиларни яхши ишонтиради, лекин энтимемага (асословчи фикрларга) бой нутқ кучлироқ таъсир кўрсатади. (Бунинг акси бўлиши ҳам мумкин. – Тарж.) Биз қуйироқда бунинг сабабларини ҳамда улардан фойдаланиш усуллари ҳақида батафсил фикрлаймиз. Энди бу иккала турдаги асослашнинг мазмун, моҳиятини аниқроқ баён қиламиз.
Ишонтириш илми (риторика) фақат айрим шахсларга қаратилмайди, масалан, тиббиётда фақат Суқрот ё Каллийнинг (ёки бошқа бирор шахснинг) соғлиги ҳақида эмас,113113
Суқрот (469–399) – Афина донишманди, ҳақиқатни топишнинг диалектик усулини (йўлловчи, зиддиятларни аниқлаб, ҳал этувчи савол-жавоблар усулини) кашф этган. У Греция маъжусийларининг кўпхудолигини тан олмагани учун ўлимга ҳукм этилган. Афлотун (Платон) «Суқрот апологияси», «Критон» ва «Федон» асарларида донишманднинг сўнгги кунлари ва соатларида айтган фикрларини муфассал баён қилган. (Яна қаранг: Ксенофонт. Сократические сочинения. М.: Академия, 1935.)
[Закрыть] балки умуман инсонларнинг соғлиги ҳақида фикрлар айтилади. Хусусий, якка воқеа-ҳодисалар чексиз бўлиб, уларнинг ҳар бирига алоҳида қоида қўлланмайди. Диалектика ҳам шундай: у дуч келган одамга қараб хулоса чиқармайди (ҳатто жиннилар ҳам нимагадир ишонадилар), диалектика муҳокама қилиб, кўриб чиқиш вожиб (зарур) бўлган нарсалар ҳақида хулосалар беради. Худди шу каби, риторика ҳам маслаҳатлашиб бир фикрга келинадиган нарсаларни, мавзуларни кўриб чиқади.
Риторика шундай масалаларни муҳокама қиладики, бизда у масалалар ҳақида аниқ қонун-қоида йўқ, тингловчилар ҳам узун-узоқ фикрлар силсиласини бирданига англаб ололмайдилар. Биз кўпинча, муҳокама натижасида икки хил хулоса чиқариш мумкин бўлган нарса ҳақида (тўғри хулосани танлаб олиш учун) маслаҳатлашамиз. Аниқ равшан хулосага келиш мумкин бўлган нарсалар ҳақида маслаҳатлашмаймиз (Таржимон мисоли: Фалончи ўғрилик қилибди, буни ёмон дейликми, яхши дейликми, деб маслаҳатлашмаймиз, чунки бу ишнинг ёмонлиги маълум).
Биринчидан, илгари силлогистик йўл билан (асосли фикрлаш йўли билан) исботланган нарсалар ҳақида бир хулосага келиш мумкин. Иккинчидан, илгари силлогистик (асословчи фикрлаш) йўли билан исботланмаган ва шундай йўл билан исботлашга муҳтож бўлган ҳолатлар ҳақида бирор хулосага келиш зарурати бор. Агар шу ҳолатлар ҳақида асосли бир фикр-қарорга келинмаган бўлса ишонарли бўлолмайди. Биринчи ҳолатда айтилаётган фикрлар жуда узун бўлса, ҳакам (судья) ўртача, жўн одам бўлса, у чиқарган хулоса – қарор ишонарли бўлмайди. Иккинчи ҳолатда ҳамма эътироф этмаган ва ҳақиқатлиги шубҳали фикрлаш йўли сабабли хулоса ишонтирмайди. Шу сабабли энтимема (асословчи фикр) – силлогизм, ҳаётий мисол – йўллаш бўлиши керак. Энтимема ҳам, ҳаётий мисол ҳам кам ҳолатларда келтирилади, булардан бирортаси ҳаммага маълум бўлса, келтирмаса ҳам бўлади. Масалан, Дориэй исмли одам Олимп баҳсларида ғолиб чиқиб, (олтин) гулчамбар билан мукофотлангани ҳаммага маълум.114114
Дориэй – атлет (курашчи) Родосли Диагорнинг ўғли. Олимпия ўйинларида кураш (панкратий) бўйича уч марта ғолиб бўлган. Афина – Спарта урушида Спарта жангчиси сифатида Дориэй асир тушган. Лекин, спортдаги шон-шуҳрати сабабли озод қилинган. Булар ҳақида Павсаний «Эллада тавсифи» асарида ёзади.
[Закрыть] Шунинг учун нотиқ Дорий ҳақида гапирганда мусобақа ғолиби деса етарли, гулчамбарни айтиш шарт эмас, чунки ғолибга гулчамбар берилиши ҳаммага маълум. (Қадимги Юнонистон нотиқлари асосий фикрни, жуда ихчам, қисқа ифода қилганлар, ихчамлик жуда қадрланган, жамоа олдида узундан-узоқ гапириш қонун билан тақиқлаб қўйилган. – М.М.).
Одамлар одатда ўз фаолиятига доир ишларни муҳокама қиладилар. Улар зарурият, муқаррар қонунлар асосида эмас, балки ўз фикрлари, қарашлари асосида меҳнат қиладилар. («Аналитика»да бу ҳақда айтилган.115115
«I – Аналитика», I китоб, 8-боб.
[Закрыть]) Энтимема – асословчи фикрлардан баъзилари зарурият сабабли, баъзилари (кўпчилиги) тасодиф туфайли келиб чиқади.
Энтимемалар (асос – фикрлар) эҳтимоллардан (бўлиши мумкин нарса-ҳодисалардан) ва аломат, сифатлардан ҳам келтириб чиқарилади. Эҳтимол нарсалар – кўпинча содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатлардир.
Белги, сифатлар шундайки, улардан баъзилари хусусийларга нисбатан умумий, баъзилари эса умумийларга нисбатан хусусий бўлиши мумкин. Булардан аниқ хулоса чиқариш мумкин бўлганлари – аниқ исбот (текмерия) дейилади. Бошқа тури эса номланмайди.
Аниқ хулоса чиқариш мумкин бўлган белгини мен силлогизм (асос – фикр) ҳосил қилувчи белги – сифатлар деб атайман. Одатда нотиқлар ўз фикрларига тингловчилар эътироз билдириши мумкин деб ўйласалар – аниқ далил – тесмериялар келтирадилар. Қадим вақтларда текмер ва перас бир хил маънони билдирган.116116
Грекча tecmor сўзи «белги» ва «мақсад» маъноларини англатади.
[Закрыть]
Белги, сифатлардан хулоса чиқаришда тасодифий сифат ва зарурий – вожиб сифатни фарқлашимиз керак. Суқрот – донишманд ва адолатли одам деган асос– фикр – силлогизмдан барча донишмандлар одил, деб хулоса қилиб бўлмайди. Чунки, Суқротнинг адолатли деган сифати барча донишмандлар учун умумий сифат эмас, фақат хусусий – Суқротга хос сифатдир. Касалликда иситма чиқади ва одам тез-тез нафас олади, деган асос-фикр, силлогизмдан барча тез-тез нафас олувчилар касалдир, деган хулосани чиқариш мумкин эмас, чунки тез-тез нафас олиш барча касаллар учун вожиб белги эмас. «Янги туққан аёлнинг кўкрагига сут келади» силлогизмидан кўкрагига сут келган барча аёллар туққан аёллардир, деб хулоса чиқариш тўғри, чунки сут келиши – тасодифий эмас, вожиб сифатдир.
Хуллас, биз эҳтимоллик нима, белги ва аломат нима эканлигини тушунтирдик, уларнинг фарқларини айтдик. Қайси исботловчи хулосалар силлогизм (асословчи фикр) қоидалари бўйича, қайсилари бошқа йўл билан келтириб чиқарилиши ҳақида биз «Биринчи аналитика» китобида кенгроқ фикр юритганмиз.117117
«1-Аналитика», 2-китоб (энтимема ҳақида).
[Закрыть] Ҳаётий мисол – ҳақиқатга йўллаш эканлигини ҳам айтдик. Мисол қисмга ва қисмнинг бутунга муносабатини билдирмайди, балки қисмнинг бошқа қисмга, ўхшашнинг ўхшашга муносабатини билдиради. Бундан қисмлардан бири одамларга маълумроқ фикр, иккинчиси номаълумроқ бўлади. Мисол: Сиракуза (Сицилия) ҳокими Дионисий ўзини ҳимоя қилиш учун қуролли соқчилар сўрайди. Аввалдан маълумки, Писистрат ўзига қуролли соқчилар олганида тиран бўлган эди. Шунга кўра, Дионисий ҳам тиран бўлишни кўзламоқда, деган хулосани келтириб чиқарамиз. Мегаралик Феаген ҳам шундай йўл билан тиранга айланган эди.118118
Сиракуза (Сицилия) тирани Катта Дионисий. Унинг ўғли Кичик Дионисий ҳам тиран эди. У, Афлотунни ўлимга ҳукм қилганида жияни Дион устозини тилаб олгач, Афлотунни қул қилиб сотиб юборишган. Қаранг: Плутарх. «Дион». («Қиёсий ҳаётномалар»). Писистрат – Афина тирани, у айёрлик билан ўзига шахсий соқчиларни кўпайтирган. Феаген – Мегара тирани.
[Закрыть] Бунга яна бошқа мисоллар ҳам қўшилиб, Дионисий қан дай одамлигини билмасак ҳам, унинг тиран бўлиш мақсади борлигини билиб оламиз. Бунда биз ўзига қуролли соқчилар сўраган ҳокимда тиран бўлиш мақсади бўлади, деган умумий ҳолатдан (топдан) келиб чиқамиз.
Юқорида биз аподиктивга ўхшаш ишонтириш усуллари қандай тузилиши ҳақида айтиб ўтдик.119119
Аподиктив – мантиқ термини: тўла ишонтируви фикр.
[Закрыть]
Диалектик ва риторик силлогизмлар (асос – фикрлар) билан бошқа, алоҳида фанларнинг силлогизмлари (асос фикрлари) ўртасида жуда катта фарқ бор. Агар нотиқ ўзи сезмагани ҳолда бирор фанга доир силлогизмларни (асос фикрларни) кўпроқ айтаверса, кўп фойдаланса, у оддий нотиқликдан ўша фанни билувчи мутахассис олимга айланади. Демак, диалектик ва риторик силлогизм (асос фикрлар) айрим фанлар учун эмас, барча фанлар учун умумий бўлган далил, исботли фикрлашни – топикани ўргатади.120120
Арасту. Топика. I-китоб, 1-боб.
[Закрыть]
Нутқ тизимининг уч унсури (грекча ва русчада элемент дейилган). Тингловчиларнинг уч тури. Риторик (хитобий) нутқларнинг уч тури. Кенгашув нутқи, ҳакамлик (ҳукм чиқарувчи, судлов нутқи), эпидейктив нутқ (тантанали нутқ). Бу турлардаги нутқларнинг вақти (мавриди). Ҳар бир турдаги нутқнинг мақсадлари. Ҳар бир нутқ турининг асосларини билиш зарурлиги.
* * *
Нотиқнинг ва нутқнинг вазифалари қайси тингловчиларга талабаларга ёки мажлис қатнашчиларига ёки барча китобхонларга (ёзма нутқда) мўлжаллангани билан белгиланади: тингловчиларнинг уч турига кўра, риторика (хитоба, мурожаат) ҳам уч турлидир. Нутқнинг уч таркибий қисми бўлиб, бу қисмлар бир-бирига мувофиқ келиши керак: 1. Нотиқ. 2. Нутқ мавзуси. 3. Тингловчилар.
Мана шу сўнгги, учинчи таркибий қисм – тингловчиларнинг кимлар эканлиги нотиқ нутқининг мавзуини ҳам белгилайди. Нутқни тингловчилар оддий (фуқаро), томошабин, ё ҳакам (судья ва ҳакамлик ҳайъати аъзолари) бўлиши мумкин. Нотиқ ва тингловчилар бўлиб ўтган воқеани ёки энди бўлажак воқеани муҳокама қилиши ҳам нутқ мавзуига таъсир кўрсатади. Мисол учун, энди бўладиган воқеа ҳақида халқ йиғини қатнашчилари муҳокамада фикр билдиради. Аввал бўлиб ўтган воқеани масалан, адлия идорасида ҳукм чиқарувчилар (суд аъзолари) муҳокама қилиб, фикр билдирадилар. Оддий тингловчилар (фуқаролар, талабалар) нотиқнинг сўзлаш маҳоратини баҳолайдилар.
Шу асослардан келиб чиқиб, Арасту шартли равишда барча нутқни мақсади, вазифасига кўра уч катта турга (жинсга) бўлади:
1. Кенгашув (маслаҳатлашув) нутқи.
2. Адлия, судлов нутқи (қораловчи, оқловчи, гувоҳлар ва ҳоказо).
3. Эпидейктив – тантанавор нутқ.121121
Эпидейктив нутқ – тантанали нутқ, бирор жуда муҳим воқеага бағишланган нутқ.
[Закрыть]
Кенгашув нутқининг мақсади, вазифаси – тингловчиларга бирор таклифни тасдиқлатиши ёки рад эттириш (Нотиқнинг тингловчиларга бирор таклифни тасдиқлатиш кўпроқ учрайди).
Адлия, судлов нутқининг вазифаси, мақсади – (бирор ножўя иш қилган одамнинг қилмишини) айблаш ёки оқлашдан иборат. Бу хил нутқ шунга хизмат қилади.
Эпидейктив – тантанавор нутқларда (бирор бўлиб ўтган воқеа, қаҳрамоннинг қилмиши) мақталади ёки (душманларнинг қилмиши) қораланади.
Мана шу уч турдаги нутқда муҳокама қилинадиган вақт ҳам турличадир. 1. Кенгашув нутқида (яқин ёки узоқ) келгувси вақтда юз берадиган воқеалар муҳокама қилинади. Нотиқ тингловчиларни энди бўладиган воқеага тарафдор, хайрихоҳ қилиш ёки қарши чиқишини кўзлаб гапиради.
2. Адлия, ҳакамлик нутқларига келсак, бу ерда нотиқлар муҳокама қилинаётган шахсни ё айблаб (қоралаб) ва ё ҳимоя қилиб (оқлаб) гапирадилар.
3. Эпидейктив – тантанавор нутқнинг вазифаси, мақсади – (ватан, халқ учун қилинган яхши ишларни) мақташ ёки (ватанга, мамлакатга, халққа зарар келтирувчи ёмон, тубан, ярамас ишларни) ёмонлаш (қоралаш)дан иборат.
Таржимон шарҳи. Афина давлатининг кенгаши (сенат) аъзоси, буюк нотиқ ва лашкарбоши Демосфен машҳур нутқларида Афинани алдовлар йўли билан босиб олишга уринаётган Македония подшоси Филиппга (македониялик Александр – Искандарнинг отасига) қарши, умуман бировларга қул бўлишни қоралаб гапирган. У халқ озодлиги – буюк қадрият эканлигини ишончли далиллар билан тушунтирган. Исократ, Эсхин ва бошқа нотиқлар уруш бошламасдан, Македонияга қарамликда, тинч яшаш тарафдори эдилар. Демосфен уларга ва барча халқ йиғинига Македонияга қарамликда яшаш, озодликдан айрилиб, қул бўлиб яшаш эканлигини ёрқин нутқида маънодор, мантиқли фикрлари билан исботлаб беради. Мазкур нутқ мил. авв. 341 йилда айтилган.
Демосфен нутқининг аввалида Эрон-Юнон урушларида элладаликлар кўп марта ғалаба қозониб, Афина қудратли, гуллаб-яшнаган давлатга айланганлигини эслатади. Сўнг халқнинг миллий ғурури йўқолиб, босқинчи македонияликларга хайрихоҳлик билан қараётган одамларни, фақат шахсий бойлигини ошираётганларни, ёвга қул бўлсам ҳам, бой-бадавлат яшай деювчиларни танқид қилади. «Филипп (Македония подшоҳи) Фессалияни қандай бошқариш ҳақида йўл-йўриқ кўрсатмайдими? У, Эритрея демократларини қувиб юбориш учун ва Ореос давлатига ўзига қарашли тиранни раҳбар қилиш учун ёлланма қўшинларни юбормаяптими? (Бу давлатлар Афинага қарашли эди.) Лекин, эллинлар (элладаликлар) бу хўрликларга худди осмондан дўл ёғишига чидагандай, чидамоқдалар. Дўл ёққанда ҳар бир фуқаро дуо қилади, лекин дўлни тўхтатишга кучи етмайди. Юнонлар (грек)нинг ҳар бири айрим ҳолда бу ҳақоратларга чидайди. Ҳеч ким (ёвга) қарши чиқмагани учун, бутун Эллада шармандали ҳолга тушмоқда. Македониянинг куч-қудратидан қўрқиб, бирор сиёсатчи оғиз очмаётган вақтда Демосфен бундай оташин нутқ сўзлаши катта жасорат эди. Атоқли тарихчи Плутарх ёзишича, Демосфеннинг шу нутқи таъсирида юнонлар босқинчиларга қарши курашга отланганлар. (М.М.)
Арасту «Хитоба» асарида яна бундай дейди: «Эпидейктив (тантанавор) нутқда асосан, сўзланаётган вақт («ҳозирги» вақт)даги вазият муҳокама қилинади, чунки бунда нотиқ мавжуд вазиятда ҳукм сурган ижтимоий фикрни маъқуллайди ёки қоралайди. (Демосфен ўша вақтда ҳукм сурган босқинчиларга таслимчилик руҳидаги ижтимоий фикрни кескин қоралаб, халқни ватан ҳимоясига даъват қилган.) Тантанавор нутқда гоҳо бошқа вақтлар (ўтмиш ва келажак) ҳам муҳокама қилиниши мумкин. (Демосфен яқин келгусида Македония Афинани ўзига қўшиб олса, Афина халқининг қулликдаги оғир аҳволини тасвирлаб, халқни огоҳ қилади.)
Мана шу уччала турдаги нутқнинг вазифаси, мақсади ҳам турличадир. (Аввал айтганимиздек) Кенгашув нутқининг мақсади – фойда ва зарарни тушунтириш. Бир нотиқ яхши ишнинг фойдасини исботлаб, яхшиликка ундайди. Бошқа нотиқ ёмон ишнинг зарарларини исботлаб, халқни бундай ишдан қайтаради. Маслаҳат нутқида бажарилиши кўзда тутилган ишнинг фойда, зарари кўрсатилади, лекин бунда шу иш адолатлими ёки ноҳақ ишми, эзгулик, яхшиликми ё тубанликми – буларни ҳам эътиборга олинади. Соҳибқирон Амир Темур тузукларида баён этишича, кенгашув вақтида айтилган фикрларнинг фойдали ва зарарли томонларини яхшилаб ўйлаб, муҳокама қилар эди: «Агар (ғаним устига) лашкар тортмоқчи бўлсам, амирларимнинг кўнгиллари бу икковидан қай бирига мойиллигини билишга интилардим. Агар ярашдан сўз очсалар, бунинг фойдасини уруш зиёнига солиштириб кўрардим. Агар урушга мойил бўлсалар, унинг фойдасини зиёнига таққослаб кўрардим. Қайси бири фойдалироқ бўлса шуни ихтиёр қилардим. Сипоҳни иккилантирадиган (турумсиз) кенгашни (маслаҳатни) эшитишдан сақланардим».
Ҳакамлик нутқида даъвогарлар ва жавобгарларнинг мақсади – юз берган воқеа (қилмиш) адолатлими ёки ноҳақлик, ёмонликми, шуни аниқлашдир, лекин бу ерда ҳам яна баъзи бошқа мақсадлар бўлиши мумкин.
Эпидейктив, тантанавор нутқда бирор шахсни мақтаб ёки ёмонлаб сўзловчиларнинг асосий мақсади бу иш эзгулик, яхшиликми ёки ёмонлик, шармандалик, уятли ишми – шуларни аниқлашдан иборат.
Ҳар бир нутқ турининг айрича мақсадлари бўлишининг далили шуки, нотиқ ва муҳокама қатнашчилари асосий мақсаддан ташқаридаги воқеа, хатти-ҳаракатлар бўлганлигини эътироф қилсалар ҳам, ўша нарсалар ҳақида баҳслашмайдилар. Айбдор фалон ишни қилганлигини тан олса ҳам, ўша ишни ёмонлик, ноҳақлик деб ҳисобламайди. Агар ёмонлик деб ҳисобласа, баҳс, муҳокамага ҳожат ҳам йўқ эди.
Бирор шахсни мақтаётган ёки танқид қилаётган баъзи нотиқлар, ўша шахснинг қилмиши (кўпчиликка) фойдалими, зарарлими, буни ўйлаб ўтирмайдилар. Масалан, бу нотиқлар Ахиллнинг дўсти Патроклга мадад беришини эзгулик деб мақтайдилар.122122
Ахилл – Ҳомер «Илиада»си қаҳрамони. Пелей ва Фетида (сув париси)нинг ўғли. Патрокл – Троя жангчиси, Гектор уни жангда ўлдирган (Гекторни Ахилл ўлдиради). «Илиада»нинг XIX қўшиғида Ахиллнинг тулпори Ксанф тилга кириб, унинг ўлимини башорат қилади. Уни Гекторнинг укаси Александр – Парис товонига ўқ отиб ўлдиради.
[Закрыть] (Аслида эса, Ахилл дўстига ёрдам бераман деб ўлиб кетади, бу эса юнон қўшинларига зарар келтиради. Ҳолбуки, Ахилл бу ишга аралашмаса, ўлмай қолиши мумкин эди.) Бундай ҳолларда Ахиллнинг дўсти учун ўлими бир жиҳатдан эзгулик, фазилат, бошқа жиҳатдан, у ўлмай қолганида ўзи учун ва қўшин учун ҳам фойдали бўлур эди. (– Тарж.)
Ҳар бир нутқ турининг махсус муқаддималари (бошланғич асослари) борлигини нотиқлар билиши зарур, чунки далиллар, эҳтимолликлар ва белги, сифатлар – риторика – хитобанинг муқаддималари, бошланғич асосларидир. Умуман олганда, силлогизм (нисбат, қиёс) муқаддималардан ташкил топади. Далиллари эҳтимолликлар, белги, сифатлардан иборат муқаддималардан ташкил топган силлогизмлар – нисбатлар, қиёсларни (риторика илмида) энтимема – далиллаш асослари деб аталади. Нотиқлар билиши керакки, ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам, келгусида ҳам фақат бўлиши мумкин, эҳтимоли бўлган воқеа-ҳодисаларгина юз беради. Бўлиши мумкин бўлмаган, эҳтимоли ҳам бўлмаган воқеалар юз бермайди. Шундай экан, кенгашув нутқида ҳам, ҳакамлик нутқида ва эпидейктив (жуда муҳим, тантанавор йиғилиш) нутқида ҳам нотиқлар бирор воқеа ўтмишда юз берганми, йўқми ва келгусида юз берадими, йўқми, аниқлаш учун мумкинот, эҳтимоллик ва номумкин, имконсиз нарсалар нималиги ҳақида тайёр муқаддималар – бошланғич асосларни билиб туриб гапириши зарур.
Таржимон шарҳи. Нутқнинг барча турларида сўзловчи нотиқлар, улар бирор масалада тингловчи ларни (фуқароларни) бирор тадбирни амалга оширишга ундайдими ё уларни бу ишдан қайтарадими (кенгашув нутқида), бирор шахснинг қилмишини қоралайдими, оқлайдими (адлия, ҳакамлик нутқида) ва кимнингдир қилган жасоратли ишини мақтайдими (эпидейктив, тантанавор нутқда), қайси мавзуда бўлса ҳам ўз фикрларини далиллаш вақтида бахт-саодат нима, буюклик ва тубанлик нима, яхшилик нима, ёмонлик, жабр-зулм нима, гўзаллик, эзгулик нима ва шармандали ва уятли ишлар қайсилар эканлигини, яъни, энг муҳим муқаддималар – бошланғич (умуминсоний) асосларга суянган ҳолда ўз фикрини исботлашга уринадилар.
Бу муқаддималар – умуминсоний қадриятларнинг бошланғич асосларини барча нотиқ, хусусан, устоз, мураббий, ўқитувчилар жуда яхши билишлари шарт).