Читать книгу "Ахлоқи кабир"
Автор книги: Аристотель
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
3. Шу билан бирга неъматларни турларга бўлишнинг бошқа йўли ҳам бор. Неъматлар кўнгилда бўлиши мумкин – булар фазилатлардир. Ёки инсон танасида бўлиши мумкин – булар: соғлиқ ва гўзаллик. Неъматлар инсон кўнглидан ҳам, танасидан ҳам ташқарида бўлиши мумкин – булар: бойлик, ҳокимият, обрў-мартаба ва ҳоказолар. Энг олий неъматлар – инсон кўнглидагиси бўлиб, улар уч турга бўлинади: оқиллик, гўзал хулқ (ёки нодир фазилат) ва руҳий лаззат.
Шу ерда биз барча одамлар тан оладиган, чамамда, барча бошқа неъматларнинг мақсади ва олий неъмат бўлган бахт-саодат нималигини кўриб чиқишга ўтамиз. Биз (кўпинча) фаровонлик (ey prattein) ва яхши яшаш (ey dzen) ни бахт-саодат деймиз. Яна: ҳар қандай мақсад икки турлидир. Баъзи нарсаларга эга бўлишдан мақсад фаолият кўрсатиш ва фойдаланишдир. Масалан, (соғлом) кўздан мақсад кўришдир. Яна: неъматдан фойдаланиш (chresis) шунчаки унга эга бўлишдан муҳимроқдир. Чунки бир нарсага эга бўлишдан мақсад ҳам ундан фойдаланишдир. Кўзга эга бўлган одам кўзини юмиб яшамайди, балки ундан оламни кўриш учун фойдаланади. Қулоқ ва шу кабилар ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Демак, инсон учун бирор нарсага эга бўлиш муҳимми ёки фойдаланишми? деган савол туғилса – албатта, муҳимроғи – фойдаланиш деймиз: чунки фойдаланиш ва фаолият кўрсатиш мақсадида инсон бирор нарсага эга бўлишни истайди.
Энди агар илмларни кўриб чиқадиган бўлсак,6464
Epistemon pason – бу ерда фан – санъат ва ҳунар билан ўхшаш маънода олинмоқда. Учта «Этика»да ҳам Арасту фанни амалий фаолият сифатида тушунади.
[Закрыть] шунчаки уй қуриш илми алоҳида, яхши уй қуриш илми алоҳида деёлмаймиз, иккаласи учун ҳам умумий – меъморлик илми (санъати) бор. (Аслида русча таржимада хато борга ўхшайди. Фикр мантиқига кўра, шунчаки уй қуришнинг қонунларини ўргатувчи – қурилиш илми алоҳида, гўзал бино қуришни ўргатувчи – меъморлик илми алоҳидадир. – М.М.) Бу ерда қурилаётган уйнинг яхшилиги ёки ёмонлиги бинокор-қурувчининг қобилияти бор ёки йўқлигига боғлиқ. Бошқа илмлар ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин.
4. Шундан сўнг, энди, барча инсонларда кўнгил борлигига эътиборни қаратайлик. Лекин кўнгил оламида фазилатлар ҳам бор. Биз гоҳида, мана бу умуман кўнгил иши деймиз, гоҳида мана бу кўнгилдаги фазилатлар (меҳр-шафқат, саховат, софдиллик кабилар) деб гапирамиз. Ҳар қандай фазилат ўзини намоён этган пайтдагина яхши амаллар ҳисобланади. Кўнгилда бошқа кўп (ёмон нарса, одатлар) ҳам бор. Аммо барча инсонлар кўнгил билан яшайдилар. (Кўнгил истакларини жиловлаб яшовчилар ҳам бор. – М.М.) Кўнгилдаги фазилатлар шарофати билан биз гўзал яшаймиз. Гўзал ва фаровон яшаш эса бахт-саодатдир. Бахтли одам (моддий ва маънавий жиҳатдан) яхши яшаётган одамдир. Яхши, гўзал яшаш эса, (юқорида айтганимиздек) фазилатларга амал қилиб (яъни одамларга яхшилик қилиб) яшашдир. Инсон учун бахтли яшашдан мақсад ва олий неъмат мана шудир. Бошқача айтсак, бахт-саодат фазилатларни юзага чиқариб, (яъни шу фазилатларга фақат эга бўлибгина эмас, балки, улардан фойдаланиб, фаолиятга айлантириб) яшашдир. Яъни фазилатларга эга бўлишдан мақсад ҳам улардан фойдаланишдир. Ана шу фазилатларга амал қилиб яшаш бахт-саодатдир. Демак, олий неъматга эришишдан мақсад фазл ва камолот ҳосил қилишдир, буни ҳосил қилишдан мақсад эса бахтли яшашдир. Мукаммал мақсад мукаммал фазилатларда баркамолликка эришишдир. Гўзал фазилатларга амал қилиб яшаганимизда биз бахт-саодатни ва олий неъматни қўлга киритамиз.
Шуни унутмайликки, бахт-саодат мукаммал неъмат ва мукаммал мақсад бўлгани учун болаларнинг насибаси эмас, балки мукамал, баркамол одамларнинг насибасидир. Маълум вақт бахтли бўлиб, қолган вақтларда бахтсиз бўлган одамни энг бахтли одам демаймиз (Назарий жиҳатдан) бутун умрида яхши яшаган одамни энг бахтли одам дейиш мумкин. Одамзот умрининг охирларида, камолотга етишган вақтларида мукаммал бахт-саодатга етишуви мумкин (тўғрироғи, етишмаса ҳам мукаммал бахт нималигини, моҳиятини англаши мумкин. – М.М.) Бахт-саодат (дам олиш, роҳатланишда эмас, балки) фаолиятда, амалий ҳаракатда эканлигини қуйидаги мисолда кўриш мумкин. Албатта, биз ухлаб ётган одамни, айтайлик, умр бўйи уйқуда (мудроқликда) яшаган одамни бахтли демаймиз, чунки бу ҳолда одам яхшилик қилиб, эзгу фаолият билан яшамайди.
Шундан кейинги мулоҳазаларимиз гўё юқоридаги гапларга алоқасиз кўринади, аммо, диққат қилсангиз, алоқаси борлигини биласиз. Назаримда, инсон кўнглида шундай нарсалар борки, биз шулар ёрдамида (руҳан) озиқланамиз. Кўнгилнинг шундай (озиқланувчи) жойи бор, деб ўйлаш ақлга мувофиқдир. Биламизки, тош бундай эмас, чунки у жонсиздир. Озиқланиш қобилияти жонли нарсаларга хосдир. Модомики, (руҳан) озиқланиш – жонли нарсаларга хос экан, бунинг сабаби – кўнгил, руҳдир. Яна: мана шу озиқланувчи қисм борлигининг сабаби кўнгилдаги қаҳр-ғазаб, ҳою ҳавасга берилувчи қисмлар эмасдир, балки (эзгуликлардан) озиқланишга ташна қисмдир. Яхшилик, эзгулик кўнгилнинг шу қисмига хосми? – деб сўрашлари мумкин. Агар хос бўлса, равшанки, кўнгил ана шу яхшилик, эзгулик билан шуғулланиши (фаолият юритиши) зарур. Мукаммал яхшилик билан яшаш эса бахт-саодатдир.
Инсон кўнглининг шу қисмида яхшилик борми (ёки у яхшилик билан озиқланадими, яхшиликка ташнами?) бу ҳам алоҳида масаладир. Агар кўнгилнинг шу қисми яхшиликка ташна бўлса, унинг ўзида яхшилик йўқ (ёки етишмайди). Шундай экан, руҳнинг бу қисми яхшилик билан шуғулланмайди (аммо яхшиликни севади. – М.М.). Руҳнинг мана шу қисми оловга ўхшайди: оловга ёнадиган нарсаларни ташласанг – ямлаб ютаверади, аммо ташламасанг ўз ҳолича тураверади, озиқ сўрамайди (ёки ўчади). Руҳнинг ана шу қисмига озиқ берсангиз – озиқланади, акс ҳолда ўзи озиққа интилмай (оч ҳолича) тураверади. Демак, руҳнинг бу қисми фаолиятсиз бўлса, озиқланмаса бахтли бўлишга хизмат қилмайди.
Фазилатларга амал қилиш (фазилатларни юзага чиқариш) бахт-саодатга элтар экан, аввало, фазилатнинг ўзи нима? – деган саволга жавоб берайлик. Фазилат умумий маънода энг яхши руҳий ҳолатдир. Аммо фазилатни бундай умумий маънода билиш ҳали билим эмас. Биз фазилатни равшанроқ таърифлашимиз керак.
5. Аввало, фазилатнинг манбаи бўлган руҳ – кўнгил ҳақида гапириш зарур. Умуман кўнгил нима? – деган саволга эмас, балки, кўнгил умуман олганда қандай қисмлардан иборат эканлигини билиб олайлик. Биз кўнгилни икки қисмдан: 1. Ақлий қувватга эга қисми (to logon eknon) ва 2. Ақлдан ташқари (тўғриси, ақлга боғлиқ бўлмаган) (to alоgon) қисмдан иборат, деймиз.
Кўнгилнинг ақлий қувватга эга қисмига: оқиллик (фронесис), зукколик, фаросатлилик (agkhinoia) – донишмандлик, зеҳнлилик, хотира ва шунга ўхшаш хислатлар киради.
Кўнгилнинг ақлдан ташқари қисми, яъни фазилатлар деб аталадиган қисмига: инсоф (sophrasine соф-росина), адолат (зикайосина), мардлик каби ахлоқий хислатлар киради. Мана шу хислатлар мақтовга сазовордир. Кўнгилнинг ақлий қувватга эга қисмига оид хислатларни одамлар (унчалик) мақтамайди. Жумладан, одам ақли борлиги учун ёки шунга ўхшаш бошқа хислати учун мақталмайди. Кўнгилнинг ақлдан ташқари қисмига оид хислатлар, албатта, агар ақлга мувофиқ келганида ва оқилона ишлар учун хизмат қилганида мақтовга сазовордир.
Ахлоқий фазилатлар учун камчилик, етишмаслик ҳам, ортиқчалик (исроф) ҳам ҳалокатлидир. (Аслида, фазилатлар керагидан ортиқча бўлса гоҳ ҳалокатли, гоҳ ҳалокатли эмас. – М.М.). Камчилик ва ортиқчалик зарарли эканини ҳиссий идрок этилувчи нарса, ҳодисалар мисолида тушуниш мумкин (аввал айтилганидек, умумий, мавҳум нарса, ҳодисалар ҳақида гап борганида уларни аниқ-равшан нарса, ҳодисалар орқали тушунтирилади). Чиндан ҳам юқорида айтганимиз гимнастика (бадантарбия) машқларини олайлик: бу машқлар керагидан ортиқча бўлса, одамни чарчатади. Оз бўлса ҳам қувват камаяди. Ейиш ва ичиш ҳам шундай: керагидан зиёда (жуда кўп) овқат ейилса, соғлиқ учун зарарли. Керагидан кам бўлса ҳам қувват камаяди. Агар ейиш-ичиш меъёрида бўлса, қувват ҳам, соғлиқ ҳам асралади. Оқиллик, мардлик ва бошқа фазилатлар ҳам шундай: агар одам ҳаддан ташқари ботир, қўрқмас бўлиб кетса, худодан ҳам қўрқмайдиган бўлса, ундай одамни ботир эмас, балки, тентак дейилади. Ҳамма нарсадан қўрқадиган одам эса қўрқоқдир. Демак, мард одам – ҳамма нарсадан қўрқадиган одам ҳам эмас, ҳеч кимдан қўрқмайдиган одам ҳам эмас экан. Хуллас, бир хил йўл билан фазилатларни зиёда қилиш ҳам, йўқотиш ҳам мумкин: меъёридан ошиқ қўрқиш, ҳамма нарсадан қўрқиш – ҳалокатли, ҳеч нарсадан қўрқмаслик ҳам ҳалокатлидир.
Жасурлик – қўрқинчни енгишдир. Қўрқинч ҳисси камроқ бўлса, жасурлик кўпроқ бўлади. Бир хил воқеалар одамнинг мардлигини ошириши ҳам, йўқ қилиши ҳам мумкин. Бир хил қўрқинчли воқеаларга муносабатда одамлар жасур бўлиши ҳам, қўрқоқ бўлиши ҳам мумкин.
6. Қайғу ва лаззат ҳам одамнинг фазилати бор ёки йўқлигини аниқлашга ёрдам беради: одатда, лаззат – одамларни ножўя ишларга етаклайди. Қайғу эса одамни яхши ишлардан қайтариши мумкин. (Шарқ фалсафасида бундай эмас, айниқса, исломий фалсафада ўзгалар учун қайғуриш, хомушлик камолот белгисидир. – М.М.) Умуман олганда, ғам ва лаззатга қарашидан одамнинг фазилатини ёки айбини, гуноҳкорлигини билиш мумкин. Демак, қайғу ва лаззат фазилатга алоқадордир. (Бу ерда, чамаси, русча таржиманинг хатоси туфайли, нотўғри фикр чиқиб қолган. Арасту фикрининг мантиқига кўра, бу жумланинг тўғриси, бизнингча, бундай: «Демак, қайғу ва лаззатга муносабатда одамнинг фазилати борлиги ёки йўқлигини аниқлаш мумкин». Юқорида ҳам биз шундай таржима қилган эдик. – М.М.).
Агар ҳақиқатни сўзнинг ўзига қараб тадқиқ этсак (шундай қилиш ҳам керак), ахлоқий фазилат (этос) сўзи одат (эйтос) сўзидан келиб чиққан. Шундан кўринадики, инсондаги ақлга боғлиқ бўлмаган (ақлдан ташқаридаги) фазилатлар инсоннинг табиатида туғма эмас, балки, одатланиш туфайли келиб чиққандир. (Бу фикр ҳам тўғри, ҳам нотўғри. Чунки одамнинг айрим фазилатлари ирсият, насл орқали табиатига ўтиши ҳам мумкин –М.М.). Одамнинг табиатидаги туғма хислати эса одатланиш таъсирида ҳам ўзгармайди. (Арастунинг бу фикри ҳам мунозарали. Чунки биз Навоийнинг «Одат агар такрорланаверса табиат бўлур», деган фикрига қўшиламиз. – М.М.). Мисол учун, тошни юқорига отсангиз, оғирлиги сабабли пастга тушаверади. Уни осмонга учираман, деб ҳар қанча машқ қилсангиз ҳам у пастга қулайверади. (Бу мисол ҳаққоний. Навоий ҳам «Ким кучук бирла хўтукни қанча қилсанг тарбият, ит бўлур, эшак бўлур, бўлмаслар асло одамий», – деган эди. – М.М.). Шунга ўхшаш бошқа хислатларни ҳам ўзгартириш қийин.
7. Фазилат нималигини аниқлашни истасак, биз энди кўнглимизда нималар борлиги билан танишиб чиқайлик. (Бизнингча) инсон кўнглида ҳиссиётлар ҳаракати – пафос (халқ тилида – ҳис-ҳаяжонлар), майллар (dynames) ва руҳий ҳолатлар (hexeis) бор. Фазилатлар буларнинг қайси бирига алоқадор экан?
Ҳис-ҳаяжонга: жаҳл ёки қаҳр-ғазаб, қўрқув, нафрат, ҳавас, ҳасад, шафқат ва шу кабилар киради; булар одатда инсонни ё хафа қилади, ё хурсанд қилади. Майллар шундайки, бизда қайси майллар кучлироқ бўлса, ўша майлга хос ҳис-ҳаяжонларга бериламиз, ё жаҳлимиз чиқади, ё севинамиз, ё ачинамиз ва ҳоказо.
Руҳий ҳолатлар шундайки, биз қайси ҳис-ҳаяжонларга кўпроқ берилсак, ана шуларга мувофиқ кайфиятга тушамиз. Чунончи, жаҳлдор одам сал нарсага жаҳли чиқаверади. Агар салга жаҳлимиз чиқмайдиган оғир-босиқ одам бўлсак, жаҳлга салбий муносабат билдирамиз. Бу масалада эътидолда бўлиб (мўътадил) ўртача йўл тутсак, сал нарсага жаҳлимиз чиқиб ловиллаб кетмаймиз ва айни вақтда ҳиссиз, лоқайд ҳам бўлмаймиз. Мана шун да кўпинча, кайфиятимиз яхши юрамиз. Ғазабда мўътадиллик яхшилиги шундаки, биз сержаҳл, ғазабнок ҳам, беғам, тепса тебранмас ҳам бўлмаймиз. Мақтанчоқлик ҳам, бор фазилатни камайтириб, риё қилиш (eironeia) ҳам яхши эмас. Ўзимизда бирор фазилатни ёки қандайдир неъматни аслидагидан кўп деб ҳисобласак – мақтанчоқлик бўлади. Аслидагидан кам деб кўрсатсак – риёкорлик, сохталик бўлади. Бу иккала қутбнинг ўртаси – ростгўйлик (aletheia)дир.
8. Хафа қиладиган ёки хурсанд қиладиган бошқа ҳодисаларга муносабатда ҳам феълимиз, табиатимиз яхши ёки ёмонлиги билиниб қолади. Ҳис-ҳаяжонларимиз нимага қаратилгани ва камлиги ёки ортиқчалиги ҳам бизнинг руҳий ҳолатимизга, кайфиятимизга таъсир кўрсатади. Қарама-қарши ҳис-туйғуларнинг ўртасини танласак – одамлардан мақтов эшитамиз. Бизнинг руҳий ҳолатимиз севинарли ёки қайғули, яхши ёки ёмон воқеа-ҳодисаларга қандай муносабат билдиришимизга боғлиқдир. Бирор ишдан ортиқча қувониб, ғурурланиш ҳам, ҳаддан зиёда хафа бўлиб кетиш ҳам камчиликдир. Ўртача йўл тутиш эса фазилатдир.6565
Арасту айтган, етишиш қийин бўлган «ўрталик», «ўртача йўл тутиш» тушунчаси «ўртача одам» маъносига зиддир. Бу ерда гап ифрот – ҳаддан ошишнинг ҳар икки қутбидан қочиб, марказий мавқеда туриш ҳақида сўз боради. Мисол учун «Оломон»га мансуб одамлар (ёрқин шахслардан фарқланиб. – М.М.) гоҳ қизиққон-жаҳлдор, гоҳ лоқайд, гоҳ жуда мақтанчоқ, гоҳ индамас-писмиқ одамлардир. (Шарқ донишмандлари айтган олтин меъёр шудир. – М.М.)
[Закрыть] (Исломий ахлоқда ҳам шундай – масалан, фарзанд туғилганида ёки бой бўлиб кетганда ортиқча қувониш ҳам, яқин кишиси ўлганида ёки бойлик, мансаб қўлдан кетганида ортиқча қайғуриш ҳам ёмон ҳисобланади. – М.М.). Ҳис-ҳаяжонларимиз (Арасту илмий тилда туйғулар ҳаракати, дейди) ўртача бўлиши фазилатдир. Ҳис-ҳаяжонлар эса ё қайғурганимизда, ё севинганимизда юзага чиқади. Ана шу қайғули ёки қувончли ҳодисаларга муносабатда бизнинг муайян фазилатимиз борлиги ёки йўқлиги аниқланади.
Аммо шундай ҳис-ҳаяжон ёки эҳтирослар борки, улар камлигида ҳам, кўплигида ҳам ёмондир. Масалан, бузуқчилик, фаҳш ишлар. Бузуқ одам кўпроқ ёки камроқ ёмонлик қилишидан қатъи назар, бузуқ, разил одамдир. Баъзи лаззат турлари (қимор, ичкиликбозлик, фоҳишабозлик ва ҳоказолар)нинг ортиқчаси ҳам, ками ҳам ёмон ҳисобланади. Умуман, баъзи лаззатларга ортиқча берилиш ҳам, кам берилиш ҳам гуноҳдир.
9. Шундан сўнг (қайси ишларда) ўрталик, мўътадилликнинг зидди – ортиқчалик ёки камчилик саналади, шуни аниқлашимиз керак бўлади. (Бунга жавобимиз шуки), баъзи ҳолларда мўътадилликлар зидди – камлик, баъзи ҳолларда эса ортиқчаликдир. Масалан, жасурликнинг зидди ортиқча довюраклик эмас, балки қўрқоқлик, яъни журъатнинг камлигидир. Бошқа бир соҳада, масалан, роҳатланишда мўътадилликнинг зидди – лоқайдлик эмас, балки бузуқлик, яъни, ҳаддан зиёдаликдир.
Шундай ҳолатлар ҳам борки, мўътадилликнинг зидди ҳам ҳаддан зиёдалик, ҳам ҳаддан камликдир. Бундай ҳолларда мўътадиллик, ўрталик – ортиқчаликдан кам, етишмовчиликдан эса кўпдир. Масалан, исрофгар одамлар саховатли одамларни хасис деб ўйлайдилар. Хасислар эса саховатли одамларни исрофгар деб баҳолайдилар. Ортиқча ботир ва оқибатини ўйламай иш қилувчи одамлар мард одамларни қўрқоқ деб ўйлайдилар, қўрқоқ одамлар эса мард одамларни ўйламай иш қилувчи, довдир одам деб ҳисоблайдилар. (Яъни, бу ерда мардликни ҳар бир тоифа ҳар хил баҳолайди. Масалан, ижтимоий-сиёсий фикрлашда қўрқоқ одамлар ҳақ гапни айтувчиларни довдир ёки овсар деб, ўзларини оқил деб ҳисоблайдилар. – М.М.).
Икки сабабга кўра, биз мўътадилликка ё ортиқчаликни, ё камликни зид деб биламиз. Биринчи ҳолда, инсоннинг муайян руҳий ҳолати ёки феъл-атвори ўртачага (мўътадилликка) яқинми ёки узоқми эканлигига қараб, ҳукм чиқарамиз. Масалан, саховат дан узоқ турадиган нарса исрофгарчиликми ёки хасисликми? Албатта, хасислик саховатдан узоқ туради. Ўртачадан узоқ турган нарса ўша фазилатга энг кўп зид келади. Яъни, бу ерда саховат камлиги (ҳатто, йўқлиги) – саховатнинг зидди, тескарисидир. Иккинчи бир ҳолатда эса, инсон табиатида қайси нарса кўпроқ бўлса, фазилат ҳисобланувчи мўътадилликнинг зидди ҳисобланади. Мисол учун, вазминлик, босиқликка нисбатан енгилтаклик, тартибсизлик зиддир. Табиатимизда енгилтаклик, тартибсизлик қанчалик ортса, мўътадилликдан узоқлашаверади ва бу ҳол вазминликка таққосланса тескарисидир.
Хуллас, биз фазилат нима эканлигини (қисқача) кўриб чиқдик. Демак, фазилат қарама-қарши хислат ва майлларнинг ўртасидаги ҳолатдир. Шу сабабли, жамоа орасида иззат-ҳурмат топиш учун одам барча ҳис-ҳаяжонларида ўртачаликни ихтиёр қилади. Ҳар қандай ҳолатларда ўртача иш тутиш қийиндир (масалан, одам ўзини очкўзликдан, молпарастликдан, мансабпарастликдан тийиб, ўртача иш тутиши қийин. – М.М.). Шунинг учун баркамол, иззат-ҳурматга муносиб одам бўлиш жуда қийин. Мисол учун, айланани ҳамма ҳам чизаверади, аммо унинг марказини топишга кўпчилик қийналади. Шунга ўхшаш, ғазабга эрк бериш осон, бунинг зидди – бепарво бўлиш ҳам осон, аммо бу масалада ўртача йўл тутиш қийиндир. Умуман, ҳар қандай ҳис-ҳаяжонларда ҳам мўътадилликдан, ўртача ҳолатдан узоқлашув осон, мақтовга лойиқ ўртача йўл тутиш эса мушкулдир. Худди шу сабабли инсонларда фазилатлар кам учрайди.
Фазилатлар ҳақида шуларни айтганимиздан кейин, энди ана шу фазилатларни қўлга киритиш мумкинми ёки, Суқрот айтганидай, яхши одам ёки ёмон одам бўлиш бизнинг ихтиёримизда эмасми? Ҳар қандай кишидан одил ва ҳақгўй одаммисан ё ноҳақ, адолатсиз иш қилгувчимисан, деб сўрасангиз, ҳеч ким ўзини ноҳақ иш қилувчиман, номардман деб айтмайди. Жасурлик ва қўрқоқлик ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. (Ҳеч ким ўзини қўрқоқман, демайди). Бинобарин, одамлар ёмон ва аҳмоқ бўлар экан, ўз хоҳишлари билан шундай бўлмайди. Бундан келиб чиқадики, фазилатли одамлар ҳам ўз ихтиёри билан фозил бўлмайди. Аммо бундай фикрлаш нотўғридир. Зеро, қонун соҳиби (давлат) нега ёмон қилиқларни тақиқлайди ва яхши қилиқларни рағбатлантиради? Нима учун қонун соҳиби ёмон ишларни қилувчиларни ва яхши ишларни қилмаётганларни жазолайди? Бажариш бизнинг ихтиёримизда бўлмаган нарсаларни қонунлаштириш бемаънилик бўлур эди.
Йўқ, (яхши ишлар қилиб) ҳурматга муносиб бўлиш ёки ёмон одам бўлиш инсоннинг ўз ихтиёридадир. Мақташ ёки қоралаш имконияти борлигининг ўзи шундан далолат беради. Чиндан ҳам фазилат мақталади, ёмон, гуноҳ ишлар қораланади. Одам беихтиёр, билмасдан қилган ишлари учун мақталмайди ҳам, қораланмайди ҳам. (Баъзи уламолар айтадики) Касал одамларни касаллиги учун, хунук одамларни хунуклиги учун ҳеч ким сўкмайди-ку? Бу фикр тўғри эмас. Биз, керак бўлса, ўз соғлигига ёки танаси бесўнақай ва семизлигига бепарво қараган одамларни қоралаймиз. Биз бу масалада ҳам одамлар ўз ихтиёри билан иш тутадилар деб ўйлаймиз. Демак, энди шу нарса равшанлашдики, яхши ёки ёмон одам бўлиш ўз ихтиёримиздадир.
10. Қуйидаги мисолдан буни янада равшанроқ тушуниш мумкин. Табиатдаги барча нарсалар ўзига ўхшаш нарсаларни вужудга келтиради. Масалан, ўсимликлар ва қушлар шундай. Ўсимликлар уруғ ёки данак, қушлар тухум каби биринчи асосдан вужудга келадилар. Биринчи асос (яъни, уруғ ёки тухум) қандай бўлса, улардан вужудга келган нарсалар ҳам шундай бўлади…
Геометрияда буни янада равшан кўриш мумкин. Бу ерда ҳам биринчи асос қандай бўлса, уларнинг ҳосиласи ҳам биринчи асосга мувофиқ келади. Масалан, агар учбурчакдаги бурчаклар йиғиндиси – иккита тўғри бурчакдан иборат, тўртбурчакдаги бурчаклар йиғиндиси эса тўртта тўғри бурчакдан иборат, деб, фараз қилсак, мабодо учбурчак ўзгарса, шунга мувофиқ тўртбурчак ҳам ўзгаради. Ва аксинча, агар тўртбурчакнинг бурчаклари йиғиндиси тўртта тўғри бурчакка тенг бўлмаса, у ҳолда учбурчакнинг бурчаклари йиғиндиси ҳам иккита тўғри бурчакка тенг бўлмас эди.
11. Инсон ҳосилалари ҳам шунга ўхшайди. Модомики, инсон у ёки бу моҳиятли сифатларни муайян биринчи асослардан ҳосил қилар экан, унинг қилмишлари ҳам ана шу биринчи асосларга боғлиқдир. Агар шундай бўлмаса, инсон қилмишлари қайси асослардан келиб чиқар эди? Бу ерда биз ҳар қандай жонсиз ва жонли мавжудотлар ҳақида эмас, балки инсон ҳақида гапирмоқдамиз. Инсон табиатидаги биринчи асосларга мувофиқ ҳаракат қилар экан, агар ана шу биринчи асослар (мақсад, ниятлар) ўзгарса, ҳаракатлари ҳам шунга мувофиқ ўзгаради. Юқоридаги айтганимиз геометрия мисолидаги каби, яхши ёмон хатти-ҳаракатнинг биринчи асоси мақсад, ният, истак-хоҳиш (ирода) ва бошқалардир. Инсоннинг мақсад, нияти, истак-хоҳиши ўзгарса хатти-ҳаракатлари ҳам шунга мувофиқ ўзгаради. Биз мақсад-ниятларимизни истак-хоҳишларимизни ўз ихтиёримиз билан ўзгартирамиз (агар мажбуран ўзгартирсак, бу энди ўша мажбур қилувчи одамнинг мақсад-ниятларидир. – М.М.). Шундан ҳам равшанки, яхши ёки ёмон мақсад-ниятлар, истак-хоҳишлар билан яшаш инсоннинг ўз ихтиёридадир.
Баъзи бировлар: «Модомики одил ва фозил одам бўлиш ўзимнинг ихтиёримда экан, ўзим хоҳласам бас, барчадан фозилроқ бўла оламан» деб ўйлаши мумкин. Аммо ҳаётда бундай бўлиши мумкин эмас. Нима учун? Чунки ҳатто баданга тааллуқли ишларда ҳам бунга эришиб бўлмайди. Яъни, одам ўз баданини ҳар қанча парвариш қилса ҳам унинг қадди-қомати гўзал бўлиб қолмайди. Чунки хушқомат бўлиш фақат бадан парваришига боғлиқ бўлиб қолмай, табиатан (яъни, туғма равишда) хушқад ва қувватли бўлишига ҳам боғлиқдир (Kalon k’agathon – калон к-агафон). Гавда парвариш қилинса, хушқадроқ бўлади, аммо энг хушқад бўлмайди. Кўнгил, дил парвариши (маърифат) ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Энг фозил бўлишга интилган одам, агар табиатан фазилатли бўлмаса, бу мақсадига етолмайди. Аммо шу интилиши (маърифат) туфайли аввалги ҳолатидан кўра фазилатлироқ бўлиши мумкин.
12. Модомики, фазилатлироқ бўлиш ўзимизга боғлиқлиги равшанлашган экан, энди ихтиёрий феъл-қилмиш нима эканини кўриб чиқайлик. Фазилат касб этишда ихтиёрийлик жуда муҳимдир. Ихтиёрий сўзининг маъноси – бизни бу ишга ҳеч ким мажбур қилмайди деганидир. Шу фикрни янада ойдинлаштириш керак бўлади. Бирор ишни бажариш учун шунга интилиш (orexis – орексис) зарур. Интилишлар уч турлидир: эҳтиросли (оташин) интилиш (эпитамиа), орзу қилиш (фумос), истак-хоҳиш (бойлесис). Аввало, эҳтиросли интилиш нималигини кўриб чиқайлик. Бундай интилиш, афтидан, мажбурий эмас. Нима учун ва қай асосда буни мажбу рий эмас, деймиз? Шунинг учунки, биз мажбурий амалларни бирор мажбурият туфайли бажарамиз. Мажбурийлик (зўрлик билан) қилинган ҳар қандай иш ёқимсиз ишдир. Эҳтирос билан қилинган иш эса ёқимли, лаззатлидир. Бундан чиқди, эҳтиросли интилиш билан қилинган иш мажбурий эмас, ихтиёрийдир. Аммо бу фикрнинг тўғрилигини бир далил инкор этади. Бу далил шуки, баъзи ёмон, гуноҳ ишлар ҳам эҳтирос билан қилинади, бунинг боиси бузуқликдир. Одатда ҳеч бир инсон ёмон ишни ўз ихтиёри билан қилмайди, деб ўйлашади. Аммо бузуқ одам ўзи қилаётган ишнинг гуноҳлигини, ёмон эканлигини билиб турса ҳам, завқ-шавқ билан шу ишни қилади. У одам шу ишни гўё ихтиёрий эмас, завқи мажбур қилгандай кўринади. Аммо бундай ўйлаш тўғри эмас, чунки завқли иш мажбуран қилинмайди. Ҳар қандай эҳтиросли интилиш инсонга лаззат-роҳат келтиради. Лаззатли, роҳатли иш эса мажбурий иш эмас.6666
Суқрот ва Афлотун фикрича, биз одамлар ўз ихтиёримиз билан эмас, балки нафсимиз буйруғига бўйсуниб, ёвуз ва гуноҳ ишлар қиламиз; бизни ақлсизлик (яхшиликлардан) маҳрум қилади», ғам-ташвишлар «мажбурлайди», лаззат, роҳатлар «йўлдан оздиради». Ёвузлик (кўпайишининг) сабаби жамиятнинг чала, номукаммаллиги, ҳақиқий билимларнинг етишмаслиги ва (покиза, тўғри) яшашни билмаслигимиздандир.
[Закрыть]
Бузуқ одамлар ўз ихтиёри билан бузуқлик қилишини исботлайдиган яна бир далил бор – ноҳақ одамлар (адикойнтис) ўз ихтиёри билан ноҳақ ишларни қиладилар. Бузуқлар ҳам ноҳақдир, аммо ўзларининг бузуқлиги туфайли ана шу ноҳақ ишларни ўз ихтиёри билан қиладилар.
13. Бу масалада ҳам мажбурийлик фойдали эканини исботловчи далил бор. Ҳақиқатан, ўзини (ортиқча ширинликлардан ёки гуноҳ ишлардан) тийгувчи одам ўзини мажбур қилиб, чеклайди ва худди шу ўзини чеклай олгани учун одамлар уни мақтайдилар. Аммо (мантиқан олганимизда) жондил билан, эҳтирос билан бўлган хатти-ҳаракатлар – ихтиёрий ишлардир, истакка қарши қилинадиган ишлар эса – мажбурий қилмишлардир. Ўзини тийгувчи одам эса мажбурият туфайли бирор ишдан ўзини тияди. Бундан чиқди – ўзини тийгувчи (сабр-қаноатли) одам – мажбуран ўзини тияди. Аммо бу ҳам (охирги) ҳақиқат эмас.
Табиий интилиш туфайли қилинадиган хатти-ҳаракатлар ҳам шундай: бу ерда қизғин истак, эҳтирос ихтиёрий бўлганидек, табиий интилиш ҳам ихтиёрийдир. Чунончи, қаҳр-ғазаб енгилтак одамда ҳам, оғир-вазмин одамда ҳам қўзғолиши мумкин. (Аммо оғир-вазмин одам ўзини ғазабдан тияди, бу эса фазилатдир. – М.М.).
Интилишларнинг яна бир тури хоҳишдир (boylesis). Аммо хоҳиш ихтиёрийми, йўқми? Одамлар айтадики, енгилтак кишилар ўз ихтиёри билан тубан ишларга интиладилар. Аммо эс-ҳушли одам бирор қилмишни ёмонлик деб билса, ўз ихтиёри билан ёмонлик қилмаган бўлур эди. Енгилтак одам эса шу қилмиши ёмонлигини билиб турса ҳам бари бир шу ёмонликни қилаверади, чунки у шуни хоҳлайди. Бундан чиқди, хоҳиш уни шу ишга мажбур қилар экан-да? Мана шундай (нотўғри) фикрлаш оқибатида енгилтаклик ёки бузуқлик тушунчалари ҳам йўқ бўлиб қолади. Агар енгилтак одам мажбуран ёмонлик қилса, унда айб йўқ, деган таассурот туғилади. Аммо енгилтакликни, бузуқликни халқ қоралайди, демак, улар ўз хоҳиши билан ёмонлик қилгани учун қораланади.
Мана шундай бир қанча далил-ҳукмлар бир-бирига зид келавергани учун ихтиёрийлик ўзи нима? – деган масалани ойдинлаштириб олиш зарур бўлади.
14. Бунинг учун аввало зулм (bia) ва зўрлаш (anagke) нималигини аниқлаш керак. Зўрлик жонсиз нарсаларга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Чиндан ҳам ҳар қандай жонсиз нарсанинг ўз ўрни бор: олов юқорига, тош пастга интилади. Аммо бу ерда зўрлик ишлатиб, оловни пастга, тошни юқорига ҳаракатлантириш мумкин. Ҳайвонларга нисбатан ҳам зўрлик қилинади – айтайлик, тўғрига чопаётган отнинг жиловини тортиб, четга буриш мумкин. Ахир, жонли ва жонсиз нарсаларни табиатига ёки истагига қарши ташқаридан ҳаракатлантирилса, биз зўрлик ишлатган бўламиз. Агар ичкаридан ҳаракатга келса – зулм қилинмаган бўлади. Акс ҳолда бузуқ одам (айбловчиларга эътироз билдириб) мен асли ёмон эмасман, менинг қизғин хоҳишим ёмон (гуноҳ) ишга ундайди, дейди.
15. Хуллас, зулмни бундай таърифлаш мумкин: бирор ёмон хатти-ҳаракатга ундайдиган сабаб ташқаридан бўлса – зулм келиб чиқади. Агар сабаб ичкарида, нарсалар табиатида бўлса, зулм бўлмайди (Бу ерда гап зўрлик қилувчи ҳақида бормоқда. Золим одам ички даъвати, табиатига кўра ёмонлик қилар экан, бу ишни мажбуран қилмайди. – М.М.).
Энди ўрни келганда, золимлик ва мазлумлик (to anagkaios) нималигини кўриб чиқайлик. Ҳар доим ҳам бизни биров мажбурлаб, шу ишларни қилдирди, дейиш тўғри эмас. Айниқса, гап роҳатланиш ҳақида борганида, мажбурлашга ўрин йўқ. Фараз қилайлик, роҳатланиш истаги фалончини ўз дўстининг хотинини йўлдан уришга мажбур қилди, дейиш – тўғри эмас. Мажбурлаш (юқорида айтганимиздек) қандайдир сабаб туфайли содир бўлади. Кимдир бир нарсани асраб қолиш учун бошқа нарсани бой беради. Масалан, мен ҳосилни асраб қолиш учун (уйга бормай) шошиб далага боришга мажбур бўлдим, деганга ўхшаш хатти-ҳаракатнинг сабаби ички хоҳишдан келиб чиқади (Бу – ижобий мажбуриятдир. – М.М.).
16. Агар инсоннинг интилишида (hormei) ихтиёрийлик бўлмаса, нияти, мақсадида (dianoia) ихтиёрийлик бўлиши мумкин. Беихтиёр хатти-ҳаракат (akoysion) жабр-зулм ва зўравонлик таъсирида қилинмаган хатти-ҳаракатдир. Учинчидан, буқасддан қилинмаган хатти-ҳаракатдир. Ҳаётда юз берган ҳодисалар бунинг далилидир. Агар бир одам бировни қасддан эмас, билмасдан, ихтиёрсиз урса, ўлдирса ё бошқа ёмонлик қилса, у ғараз билан эмас, ихтиёрсиз шундай иш қилган, деймиз. Шу билан, ихтиёрий қилинган ишни ғаразли ниятда, қалбдан қилинган иш деб тан оламиз. Айтишларича, бир аёл севгилисига ишқ тўтиёсини берибди, бу шаробни ичган одам ўлибди. Аеропаг (халқ суди) «Аёл бу ишни қасддан қилмаган, беихтиёр, билмасдан қилган», деб оқлабди. Аеропаг аёлни шунинг учун оқлабдики, аёл ёмон ниятда эмас, севгилисини яхши кўргани учун тўтиё ичирган, аммо янглишиб (кўпроқ) ичиргани учун йигит ўлиб қолган, деган хулоса чиқарилган. Демак, бу қотиллик қасддан эмас, беихтиёр қилинган. Ихтиёрий шундай қилганда эди, у қасддан, ёмон ниятда қотиллик қилган бўлур эди.
17. Ихтиёрий (йўл) танлаш (proairesine) интилишми, йўқми эканлигини кўриб чиқайлик. Интилиш барча мавжудотларга хосдир, эркин (йўл) танлаш, ихтиёрий йўл тутиш эса ўйлаш (meta logoy) билан боғлиқ, ўйлаш эса ҳеч бир ҳайвонга хос эмас, фақат инсонга хосдир. Демак, ихтиёрий йўл танлаш – интилиш эмас. Балки, бу истак-хоҳишдир? Ё бундай эмасми? Амалга ошмайдиган нарсаларни ҳам хоҳлаш мумкин.
Эҳтимол, ихтиёрийлик хоҳиш, истакдир? Ёки бундай эмасми? Ахир хоҳиш-истак рўёбга чиқмайдиган нарсаларга ҳам тааллуқли-ку? Масалан, биз ўлмасликни хоҳлаймиз, аммо бунга эришиб бўлмайди. Ва буни ихтиёр қилолмаймиз (бу йўлни танламаймиз ҳам). Яна, ихтиёрий танлов мақсадга тааллуқли эмас, балки мақсадга элтувчи восита ёки йўлга тааллуқлидир: масалан, одам соғлиқни танламайди, балки соғлиқ учун фойдали бўлган сайр қилиш, югуришни танлайди.
Истак, хоҳиш эса – мақсаднинг ўзига тааллуқли: биз, масалан, соғ бўлишни хоҳлаймиз. Шу далилдан ҳам кўринадики, хоҳиш, истак ва танлов бир хил нарса эмас. Танлаш (proairesis) – шу сўзнинг моҳиятини тўлиқ ифодалайди: биз бир нарса ўрнига бошқа нарсани, ёмонроқ нарса ўрнига яхшироқ нарсани танлаймиз. Демак, биз таклиф этилган нарсалардан ёмонини эмас, яхшисини афзал кўрар эканмиз, назаримизда, ихтиёрий танлов ҳақида гапиришни ўринли деб ўйлаймиз.
Шундай қилиб, интилишларнинг ҳеч бири ихтиёрий танлаш эмас экан, бу балки ўйлаш (to kata dianoian)дир? – деб сўраймиз. Эҳтимол, бу ўйлаш ҳам эмасдир? Чунки биз кўп нарсалар ҳақида ўйлаймиз ва бирор фикрга келамиз. Аммо ўйлаётганда биз танлаймизми? Йўқ, танламаймиз. Масалан, биз кўпинча Ҳиндистонда нималар юз бераётгани ҳақида ўйлаймиз,6767
Бу ерда Искандарнинг Ҳиндистонга ҳарбий юришига ишора бўлмаса керак. Арасту кўпчилик асарларида Ҳиндистонни «жуда олис ўлка, у ёқдаги воқеаларга биз таъсир кўрсатолмаймиз», деб ёзади. Шуниси қизиқки, Афлотун ва Арасту кўпинча Миср донишмандлиги, илм-фанлари ҳақида гапирадилару, аммо ҳинд фалсафаси ҳақида индамайдилар. (Бизнинг ватандошимиз Абу Райҳон Беруний «Осорул боқия» ва «Ҳиндистон» асарларида ҳинд фалсафий таълимотлари ҳақида муфассал маълумотлар беради. – М.М.).
[Закрыть] аммо бу ўйлашда ҳеч нарсани танламаймиз. Демак, танлов – бу, ўй суриш ҳам эмас. (Бу мутлақ тўғри фикр эмас, чунки одамлар яқин ёки узоқ мақсадларини қайси йўл билан амалга ошириш, қайси йўл осонлиги ҳақида ўйлаб кўрадилар. – М.М.).
Модомики, ихтиёрий танлов юқорида айтилган алоҳида нарсаларнинг ҳеч бири эмас экан, ана шу айтилганлар (интилиш, истак, хоҳиш, ўй суриш) барчаси кўнгилда бор экан, демак, танлов, ихтиёр – шулардан баъзиларининг бирикувидан келиб чиқса керак.
Юқорида айтганимиздек, танлаш мақсадни эмас, балки, мақсадга элтувчи неъматларни танлашдир. Одатда у, амалга ошиш имкони бўлган ва қай бири яхши деб баҳслашиш мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардир. Шундан равшанлашадики, инсон аввало ўйлаб кўради ва сўнг бир қарорга келади. Ўйлаб кўриб, бирор йўлни яхши деб тан лаганимиздан сўнг ўша йўлда ҳаракат қилишга интиламиз. Демак, бу биз танлаган, ихтиёр қилган хатти-ҳаракатдир.
Аммо танлаш ва ихтиёр қилиш бир-бирига тенг ҳодисалар эмас. Чунки биз кўп ҳолларда ўйлаб кўрмасдан, бир қарорга келмасдан, бирор нарсани ихтиёр қилаверамиз; ўтирамиз, юрамиз ва ҳоказо. Танлаш эса ўйлаб кўришни тақозо қилади. Демак, ихтиёрийлик танлаш билан тенг келмайди. Аммо ( шу билан бирга) ўйлаб кўриб, бирор ҳаракатни танлаганимизда ўша хатти-ҳаракатни ихтиёрий равишда қиламиз. (Мажбурий танлаб, мажбурий ҳаракат қилиш ҳам мумкин. Бу ерда бир неча ҳақиқат ҳақида гапиришга тўғри келади. – М.М.). Баъзи ҳолларда ҳатто қонунчилар ҳам атайлаб (қасддан) танлаб олинган эркин хатти-ҳаракат учун оғирроқ, мажбуран қилинган хатти-ҳаракат учун енгилроқ жазо берадилар.
Хуллас, эркин танлаш бор жойда бирор хатти-ҳаракатни қилиш ёки қилмаслик, агар қиладиган бўлсак, қандай йўл билан амалга ошириш ўз ихтиёримизга боғлиқдир. Бундай ҳолларда ўша хатти-ҳаракатнинг сабабини ҳам аниқлаш мумкин.
Бунинг сабаблари ҳам турличадир. Чунончи, геометрияда тўрт бурчак нима учун тўртта тўғри бурчакка тенг? – деб сўралса, масаланинг аввалги асоси кўзда тутилади. Аммо танланган хатти-ҳаракатларда аҳвол бошқача (Бу ерда аввалги асосий ҳолат йўқ). Бу ерда «Нима учун шу ишни қилдинг?» – деган саволга, «Бошқача иш қилолмасдим» ёки «Шундай қилсам яхши бўлади» деб ўйладим», деб жавоб беришади. Демак, эркин танлашда мавжуд ҳолатлар тақозоси билан, яхшироқ кўринган йўлни ва яхшироқ натижага эришиш учун танлайдилар.