Читать книгу "Ахлоқи кабир"
Автор книги: Аристотель
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Бундай ҳолларда қандай йўл тутиш яхши бўлишини муҳокама қилиш имкони бор, илм-фанда эса (бундай танлаш имкони) йўқ, (Масалан, астрономия фанида ой, юлдузларни ундай эмас, бундай ҳаракат қилса яхши эди, деёлмаймиз. – М.М.). Грамматикада Арслон исмини ундай эмас, бундай ёзиш яхшироқ деб, ўз ихтиёримизча танлай олмаймиз, чунки бу исмни ёзишнинг аниқ қоидаси бор. Бу исмни ёзишда ўйлаб иш тутишда эмас, балки ёзган одамнинг саводида хато юз бериши мумкин. Бирор хатти-ҳаракатнинг яхшиси (ёки тўғриси) қандай бўлиши аниқ белгиланмаган ҳолларда хатоларга йўл қўйилади.
Одамларнинг (баъзи) қилмишлари ва хатти-ҳаракатлари учун аниқ қонун-қоида йўқлиги туфайли икки хил хатога йўл қўйилади. Бу хатолар фазилатга интилишдаги хатоларга ўхшашдир (масалан, тез ғазабланиш ҳам, умуман ғазабланмаслик ҳам ёмон, ўртача йўл тутиш яхшилиги каби. – М.М.) Бирор фазилатга (мўътадил йўл тутишга) интилар экансиз, табиий, туғма майл, одатларимиз туфайли хатоларга йўл қўямиз (гоҳо зиёдалик томонга, гоҳо камлик томонга оғамиз). Лаззатлар ва изтироблар бизни у ёки бу томонга оғдиради. Лаззат, роҳат топамиз деб, биз инсонга номуносиб хатти-ҳаракатлар қиламиз. Азоб, изтиробдан қочиш учун яхши, савоб ишлардан узоқлашамиз.
18. Яна. Ақл (dianoia) ҳис-туйғуга, сезгига ўхшамайди6868
Юнонча: kai anei toy prattein. Афлотуннинг ақлга хос кўринмас гўзаллик (нуйс) ҳақидаги фикрини давом эттириб, Арасту шу гўзаллик қандай ифодаланишини айтади. Арасту учун севги ҳам агар ифодаланмаса, у севги эмасдир («Никомах этикаси», 1-боб. Ўша китоб, 2-боб).
[Закрыть]. Айтайлик, кўз кўришга, қулоқ эшитишга хизмат қилади. Шу иккала аъзо шундан бошқа нарсага хизмат қилмайди. Шундай экан, қулоғимиз билан кўрайликми ёки эшитайликми? – деб муҳокама қилиб ўтирмаймиз. (Демак, ҳислар, сезгилар аниқ бўлиб, муҳокама қилинмайди). Ақл эса бундай эмас. Ақл билан бирор ишни қилиш мумкин, айни чоғда, ақл билан бошқа ишларни ҳам қилиш мумкин. Шу сабабли, ақл вазифаси, фаолиятини муҳокама этиш жоиздир.
Неъматларни танлашда келиб чиқадиган хатолар мақсад соҳасида эмас, балки, мақсадга етиш йўлларини танлашдадир (Чунончи, соғлиқ – неъмат эканлиги ҳамма учун равшан), аммо соғлиқни сақлаш учун фалон овқатни ейиш фойдалими, зарарлими, шуни билиш учун ақлни ишлатиш керак. Бу соҳадаги хатоларга – роҳатланиш истаги ёки роҳат-фароғатнинг бузилиши сабаб бўлиши мумкин. Одатда, (хато бўлса ҳам) роҳатни танлайверамиз, фароғатимиз бузилмасин, деб, фойдали нарсадан қочамиз (бу иккала хато соғлиқ учун зарарлидир. – М.М.).
Хатолар қандай келиб чиқишини аниқлаб олганимиздан кейин, энди фазилат нимага тааллуқли: мақсадгами ёхуд мақсадга етиш йўлигами – шуни аниқлашимиз зарур. Чунончи, фазилат гўзалликнинг ўзидами ёки гўзалликка етишув йўлидами? Шу жиҳатдан, илм-фан вазифаси нимада? Масалан, бинокорлик илмининг вазифаси қандай гўзал бино қуришни мақсад қилишдами ёки гўзал бинони қандай қилиб қуришни билишдами? Агар мақсад яхши бўлса (масалан, гўзал бино қуриш мақсади) бунинг учун зарур нарсалар, воситалар ҳам топилади. Ва бу гўзал иморатни бинокор уста қуради.
Мана шу қоида фазилатга ҳам тааллуқли. Фазилат яхши мақсадни қўя билишдадир (бу мақсадни қандай йўл билан амалга ошириш ҳам муҳим, аммо мақсад, ният асосийдир). Аммо ана шу яхши ният, мақсадни ўз олдига қўядиган одам ҳам фазилатли одамдир (бошқача айтсак, фозил, фазилатли одамгина ўз олдига яхши мақсадни қўяди. – М.М.).
Фазилатнинг фаолияти (яхшиликни) ният қилишдир, деган фикр оқилонадир. Олий жавҳар соҳиби бўлган ҳар қандай инсон ўз олдига яхши мақсадни қўйиб, ўзи амалга ошира олади. Аммо инсонда фазилатдан олийроқ нарса йўқ (иймон, инсоф, виж дон софлиги ҳам фазилатларнинг олийларидир. – М.М.). Бошқа барча ҳаракатлар фазилатни қўлга киритиш учундир. Фазилатнинг аввали – жавҳари ҳам, фазилатга эришиш воситалари ҳам асосан фазилатнинг мақсади учундир. Яхши мақсаднинг ўзи фозил одам учун олий фазилатдир. Хуллас, фан каби, фазилат ҳам воситаларга эмас, балки (гўзал) мақсадга интилади.
19. Фазилатдан мақсад гўзалликдир (To Kalon), айни чоғда фазилат – гўзаллкнинг таркибий қисмларига эмас, балки ўзига интилади. (Ишқ, севгида ҳам шундай: ошиқ ёрнинг фақат қошига, кўзига, қаддига эмас, балки ўзига интилади. – М.М.). Тўғри, таркибий қисмлар (масалан, қош, кўз, хушқомат) ҳам аҳамиятли, аммо фақат шулар учунгина (ёр) фазилатли саналмайди.
Мусаввирликда ҳам шундай (қонуният бор), рассом ўз ишига моҳир бўлиши мумкин, аммо уни ҳар қандай тасвири учун эмас, балки гўзал намуналардан қолишмайдиган тасвирлари учун мақтайдилар. Шундай экан, фазилатнинг асосий қиладиган иши гўзал мақсадларни қўйиб яшашдир.
Баъзилар бизга эътироз билдириши мумкин: аввалроқ, фазилатга эга бўлишдан кўра (гўзал) фаолият яхшироқ, деган эдик-ку? Нега энди, фазилатнинг энг гўзал хислати деб фаолиятнинг ўзини эмас, балки фаолиятсиз сабаб – мақсадни аҳамиятлироқ демоқдамиз? Тўғри, биз ҳозир ҳам фаолият эгалик қилишдан яхшироқ, деймиз. Ҳақиқатан, фазилатли (фозил) одамни ишларига – фаолиятига қараб баҳолаймиз. Ана шу амалий ишларини кўрмасак, у қайси мақсадни танлаганлигини қаёқдан биламиз? Агар инсон виждони (gnome)ни ва унинг гўзалликка интилишини кўриш мумкин бўлганида, ишларини кўрмай туриб ҳам фозил одам дейиш мумкин эди.
Юқорида ҳис-туйғуларнинг мўътадилларини санаб ўтдик, энди туйғуларнинг (pathon) қайси бири қандайлигини кўриб чиқамиз.
20. Агар жасурликни (ҳеч нарсадан) қайтмаслик ва қўрқиш (туйғулари) билан қиёсласак, нималардан қайтмаслик ва нималардан қўрқиш ҳақида гап бораётганини билиш муҳимдир. Масалан, ўз мол-мулкини йўқотишдан қўрқаётган одамни қўрқоқ деб бўладими? Ёки мол-мулкини йўқотишдан қўрқмайдиган одамни жасур деб бўладими? Ё бундай деб бўлмайдими? Касалликдан қўрқувчи одамни қўрқоқ ва касалликдан қўрқмайдиган одамни ботир дейиш мумкинми? Демак, жасурлик бундай туйғуларда кўринмайди. Момогулдирак, яшин ёки ўзга ғайриинсоний ва даҳшатли ҳодисалардан қўрқмайдиган одамни жасур демаймиз, балки қандайдир жинни, ақлсиз (mai-nomenos) деймиз. Демак, жасурлик инсон табиатига хос, мувофиқ ҳодисаларга муносабатда билинади. Айтайлик, агар кўпчилик ёки ҳамма инсонлар қўрқадиган нарсалардан қўрқмайдиган одамни жасур дейдилар (Масалан, подшоҳлар ёки амалдор бошлиқларнинг камчилигини айтишга кўпчилик қўрқади. Шу борада қўрқмайдиган одамни жасур дейдилар. Ислом динида бу иймон талабидир. – М.М.).
Мана шу нарсани фарқлаб олганимиздан кейин, одамлар кўпгина сабабларга кўра жасур бўлишини кўриб чиқишимиз мумкин. Баъзи одамлар тажриба туфайли жасур бўладилар. Масалан, баъзи жангчилар ўз тажрибаларидан келиб чиқиб, фалон жойларда ёки фалон вақтларда, ёки (душман) ўзини фалондай тутганида, бизга талафот етмайди, деб дадил ҳаракат қиладилар. Шу нарсаларни билиб туриб, душманга бас келган одамларни ҳам жасур демаймиз (чунки улар шу нарсаларни тажрибада кўрмаганларида душманга бас келолмаган бўлур эдилар). Шунинг учун тажриба сабабли жасорат кўрсатганлар жасур эмаслар. (Арасту ҳакимнинг бу фикри мунозаралидир. – М.М.). Жасоратни билим деганида Суқрот ҳақ эмасди.6969
Суқрот жасурликни билимга боғлар экан, фақат оддий хабардорлик ва малакани назарда тутмайди, албатта. Суқрот фикрича, билим фазилат билан тенг ва у тўғри ўйлаш ва оқилликка яқиндир. Арасту фикрича ҳам фазилатлар шулардан келиб чиқади. Бу ерда ҳам Суқротнинг ўзи эмас, балки унинг таълимотини нотўғри талқин этувчиларнинг фикрлари рад этилмоқда.
[Закрыть]
Билим одатланиш (такрорлаш) туфайли тажрибага айланади. Тажриба билан бойиган билим эса илмга айланади. Тажриба сабабли душманга бас келганларни жасур демаймиз. Бундан чиқди, жасурлик – илм эмас экан.
Шундай одамлар борки, тажрибасизлиги туфайли жасурлик кўрсатадилар. Тажрибасизлиги туфайли, бирор иш ёмон оқибатга олиб боришини билмаган одам шу ишнинг оқибатидан қўрқмайди. Бундай одамларни ҳам жасур, деб бўлмайди. Баъзи одамлар қизғин эҳтирослари (pathe) туфайли жасур бўлиб кўринадилар. Масалан, ошиқлар (эrontes) ёки илҳом оғушидаги одамлар (enthoysiadzontes). Буларни ҳам жасур деб бўлмайди. Чунки қизғин эҳтироси бўлмаса, улар оғир ишга қўл урмас эдилар. Жасур одам ҳар доим (ҳар қандай ҳолатда) жасур бўлади. Халқ ҳайвонларни жасур демайди, масалан, чўчқаларни биров урса ҳам чидаб туриши жасурлик эмас. Эҳтироси туфайли жасурлик қилган одам ҳам аслида жасур эмас.
Бошқа бир турдаги, масалан, фуқаролик жасорати бор. Масалан, баъзилар ватандошлари олдида уялгани учун жасур кўринадилар. Мана бунга мисол: Омир (Ҳомер) Гекторни бундай сўзлатади: «Биринчи (дуч келган) Полидамас менга таъна қилади.7070
Омир, Ҳомернинг «Илиада» («Илионнома») асаридаги юнонлар баҳодири Ахиллга қарши курашувчи троялик қаҳрамон Гекторнинг жанг олдидаги айтган сўзлари. – М.М.
[Закрыть] Гектор (таънадан қўрқиб) жангга кириш керак, деб ҳисоблайди. Шу сабабли, бу – жасурлик эмас. Бунга ўхшаш ҳолатларнинг барчасини бир меъзон билан аниқлаш мумкин (diorizmos): бирор сабаб йўқолганида жасурлиги ҳам йўқолса, бундай инсонни жасур деб бўлмайди. Чиндан ҳам агар биров (Гектор) юртдошлари олдидаги уятни йиғиштириб қўйса, жасурлик қилолмас эди.
Яна баъзи одамлар бирор яхшилик кўриш умидида жасорат кўрсатадилар. Вазиятга қараб иш қилувчи бундай одамларни ҳам жасур деб бўлмайди.
Хуллас, бу хил одамлардан ҳеч бирини жасур деёлмаймиз. Ундай бўлса, жасорат нима? Қандай одамни жасур дейиш мумкин? – Шу масалани кўриб чиқайлик. Аслида юқоридаги сабабларга кўра эмас, балки жасоратни неъмат, яхшилик деб билувчи одамларнинг жасурлиги ҳақиқий жасурликдир. Бундай одамлар биров қараб турганида ҳам, ҳеч ким йўқлигида ҳам жасурлик қилаверади (Исломий ахлоқда ҳам шундай: ҳеч кимга кўрсатмай, худо йўлига (фи-сабилиллоҳ) жасорат кўрсатадилар. – М.М.) Аммо, шуниси борки, эҳтирос ва интилишсиз ҳам жасорат бўлмайди. Фақат шу интилиш оқилона ва гўзалликка интилиш бўлса – чинакам жасорат туғилади. Кимки яхшилик, эзгулик учун хавф-хатардан қўрқмай, ўзини шу хавфга урса, ана шу одам жасурдир. «Қўрқмай» деганда мен умуман ҳеч нарсадан қўрқмайдиган одам маъносида айтмадим. Умуман ҳеч нарсадан қўрқмаслик тошга ва бошқа жонсиз нарсаларга ҳам хосдир. Йўқ, жасур одам хавф-хатардан қўрқади, аммо мардона, сабот билан туради (hynomenein). Мабодо, ҳеч қўрқув билмайдиган одам мардона турса – бу жасурлик эмас.
Яна шуниси муҳимки, жасурлик учун ҳар қандай хавф-хатарни эмас, балки инсон ҳаётига таҳдид қилувчи хавф-хатар(oysias)ни кўзда тутамиз. Ва яна: жасурлик ҳар қанақа вақтда эмас, балки қўрқинчли ва хавф-хатарли куч жуда яқин келган вақтда намоён бўлади. Агар одам ўн йилдан кейин келадиган хавф-хатардан қўрқмаса, уни жасур демаймиз. Чунки бундай одам хавф-хатар узоқлигида жасур кўринади, аммо хавф яқин келгач, қўрқувдан ўлиб қолиши мумкин. Жасорат ва жасурлик (табиати) мана шунақа.
21. Оқиллик (sophrosine – благоразумие) ҳирс ва лоқайдлик, ҳиссизлик ўртасидаги ҳолатдир. Ҳақиқатан, оқиллик ва умуман ҳар қандай шу каби фазилат энг яхши ҳол(hexis)дир. Энг яхши ҳол эса энг яхши неъматга эга бўлишдир. Энг яхши неъмат эса ошиқчалик (исрофгарчилик) ва етишмовчиликнинг ўртасидир. (Ҳаддан) ошиқчаликни ҳам, етишмовчиликни ҳам қоралайдилар. Энг яхшиси мўътадиллик – ўрталик экан, оқиллик ҳам, қизиққонлик, ҳирс билан лоқайдлик, ҳиссизлик(anaisthesias)нинг ўртасини танлашдир. Демак, оқиллик мўътадилликда, меъёрни сақлашда кўринади.
Оқиллик хурсандчилик (роҳат-фароғат) ва хафагарчиликларга ҳам алоқадор. Аммо ҳар қандай хурсандчилик ва хафагарчиликларда оқиллик бўлавермайди. Масалан, кимлардир гўзал тасвирни, ҳайкални ё шу каби бошқа нарсаларни кўриб роҳатланса бу – бузуқлик эмас. Куй тинглаш ва гулларни ҳидлашдаги роҳатлар ҳам суюқликка кирмайди. Тегиниш ва емак-ичмоқликка алоқадор ҳолатларда (агар ўзини тия билса) одамнинг оқилона йўл тутганидир. Бундай нарсалардан маза топмайдиган одам ҳам оқил эмас (бундайлар лоқайд, ҳиссиз одамлардир). Яхши кўрган нарсалари (емак-ичмак ёки аёлларга яқинликдан) роҳатланувчи одам бу ишларга ортиқча ружу қилмаса, бошқа ҳамма дил роҳатларидан кечиб, фақат шуларга муккасидан кетмаса, оқил одамлардир. Мана шу ишлар билан ҳам яхшилик йўлида шуғулланса, оқилдир.
Қўрқув туфайли ё бошқа шу каби сабабга кўра роҳатланишдан ўзини тийгувчи одамларни оқил деб бўлмайди. (Шу нарсадан тийилишнинг ўзи яхшиликдир, деб тушунадиган одам оқилдир). Биз инсондан бошқа жонзотларни оқил демаймиз, чунки уларда ақлнинг ўзи йўқ – шу туфайли улар нима яхшилик, неъмат эканлигини ажратолмайдилар. Ахир, ҳар қандай фазилатдан мақсад яхшиликдир (ва оқил шу мақсадга интилади).
Хуллас, оқиллик сезмоқ ва емоқ-ичмоқ борасидаги хурсандлик ёки хафачиликка муносабатда кўринади.
22. Шуни аниқлагач, энди вазминлик (praotetos – уровновешенность) нималигини, у нималарда намоён бўлишини кўриб чиқамиз. Вазминлик ғазаб, сержаҳллик ва лоқайдликнинг ўртасидаги ҳолатдир. Ва умуман, мана шунақа ўртача ҳолатларда бўлиш инсоний фазилатлардир. Бошқача айтганда, энг яхши ҳолат – ўрталик, фазилат ҳам ўрталик бўлгани учун энг яхши ҳолатдир.
Шуларнинг ҳар бирини алоҳида кўриб чиқсак, масала равшанлашади. Чиндан ҳам ҳар нарсага тез жаҳли чиқиб кетаверадиган одам сержаҳл одамдир; бундай одам қоралашга лойиқдир. Чунки оқил инсон ҳар нарсага, ҳамма вақт ва ҳаммага жаҳлини сочавермайди. Аммо бунинг акси – ҳеч кимдан, ҳеч вақт ғазабланмайдиган, лоқайд одам ҳам қораланади. Демак, сержаҳл одам ҳам, сира жаҳли чиқмайдиган лоқайд одам ҳам ёмон. Шу иккала ҳолатнинг ўртасини танлаган одам оқил одамдир. Вазмин одам сержаҳл ҳам эмас, лоқайд ҳам эмас, балки шуларнинг ўртасида турувчи одамдир. Вазминлик жаҳл-ғазаб ва лоқайдлик туйғулари ўртасидаги руҳий ҳолатдир (pathon).
23. Сахийлик (eleytheriotes) – исрофгарчилик ва зиқналик, хасислик ўртасидаги сифатдир. Бу руҳий майл пул ва бошқа бойликларга алоқадордир (фақат шуларгагина эмас. – М.М.). Пул ё бошқа бойликни кераксиз нарсаларга сарфлайдиган ёки керагидан зиёд сарфлайдиган одам исрофгардир. («Акулу, ашрабу ва ло тусриф» – енг, ичинг, исроф қилманг – ҳадисини эсланг. – М.М.). Хасис одам эса зарур нарсага ҳам, зарур вақтида ҳам ва керагича сарф қилмайдиган одамдир. Булар иккаласи: исрофгар ҳам, хасис ҳам ёмонлашга лойиқдир. Камлик ҳам, ортиқчалик ҳам ёмон. Мақтовга лойиқ бўлган сахий одам эса шулар иккаласининг ўрасида туради. Сахий одам ким? – дейилса, айтамизки, керакли нарсаларга, керакли вақтида ва кераклича сарфловчи одам сахийдир.
24. Шуниси ҳам борки, хасисликнинг турли даражалари фарқланади. Масалан, баъзи одамларни зиқна, баъзиларини бачкана, баъзиларини пасткаш, яна баъзиларини ғаразгўй деймиз. Шуларнинг ҳаммаси хасисликнинг кўринишларидир. Чиндан ҳам яхшилик бир хил, ёмонлик турличадир. Масалан, саломатлик яхши ва оддий, аммо касаллик ёмон ва турлари кўпдир.
Барча турдаги хасисларнинг иллати – пулга тақалади. Ундай бўлса, сахий одам (кўпроқ) пул топиши ва тўплаши керак экан-да? Ё бундай эмасми? Аслида гап пул йиғишда эмас. Яхшилик қилиш фақат пулнинг кўп ёки озлигига қарамайди. Мисол учун, жасур одамнинг вазифаси кўпгина қуроллар ясашида эмас, балки шу қуроллардан бирини олиб, ундан тўғри фойдаланишидадир. Оқиллик ва бошқа фазилатлар ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Бирон бойликни тўплаш саховатга эмас, балки ўз оти билан бойлик тўплай билиш маҳоратига боғлиқдир.
25. Олижаноблик (мардлик – megalopsykhia – мегалопсихия) мақтанчоқлик, манманлик ва хокисорлик, ғарибликнинг ўртасидаги хислатдир. Бу фазилат ор, номус ва беномуслик ҳолатларига алоқадордир. Ор, номус, шаън, қадр-қиммат оломоннинг баҳоси билан эмас, балки муносиб, шу хислатларга эга одамлар баҳоси билан берилади. Чунки ориятли одамлар орият нималигини тушунадилар ва шунинг учун баҳо бера оладилар. Мард ликни қадрлай оладилар. Мард, олижаноб одамнинг ўзи ҳам уни мард, олижаноб одамлар баҳолашини афзал кўради. Яна шуниси борки, оддий ор, номус эмас, балки юксак даражадаги ор, номус шарафли ҳисобланади. Шон, шараф эса неъматдир, яна: неъматларнинг энг аълоларидан биридир.7171
Олий неъмат ор-номус эмас, бахтиёрликдир. (Бу ерда, албатта, ор-номус ҳам буюк неъмат, аммо) Арасту олижаноблик, олиҳимматни барча фазилатларнинг осмонига ўхшатар экан, бундай ҳиммат бошқа фазилатларга ҳам йўл очишини кўрсатади. Ана ўша фазилатларнинг барчаси – евдемония – бахтиёрликни ташкил этади ва у неъматлар орасида энг эъзозлиси (timion) деб ҳисобланади. («Никомах этикаси).
[Закрыть]
Мақтанчоқ, аҳмоқ ҳамда ўзларини буюк одам деб ўйлаб, иззатталаблик қилаётган одамлар олифта, қуруқ, паст одамлардир. Бунинг акси, ўзини аслидагидан анча паст кўрадиган одамлар ўз қадрини билмайдиган одамлардир. Зеро, ўзини аслидагидан баланд ҳам, паст ҳам кўрмайдиган одамлар номусли одамлардир. Бундай одамлар муносибидан зиёда иззатталаб ҳам эмаслар. Мард одам шундайдир. Демак, равшанлашдики, мардлик – мақтанчоқлик, манманликдан ҳам, хокисорликдан ҳам узоқда, шулар ўртасида туради.
26. Қўли очиқлик, кенгфеъллик (megaloprepeia) бемаврид сарфлаш, совуриш ва қизғанчиқлик ўртасидаги ҳолатдир. Бағрикенглик – зарур вақтида, зарур миқдорда сарфлаш хислати фазилатдир. Бемаврид, ўринсиз сарфловчи одам ўзини шу билан бой-бадавлат қилиб кўрсатмоқчи бўлган (обрўпараст, мақтанчоқ) одамдир. Қизғанчиқ, майда одам эса катта пуллар сафлаш ўрни келганида (тўйда ёки бошқа маросимда) беҳимматлик қилиб, озгина сарфловчи одамдир. Майда одам шундай. Қўли очиқ одам эса, ўз номи билан ўрнида ва бемалол сарфловчи одамдир. Хуллас, бағрикенглик мақтовли хислат бўлиб, бундай хислатли одам керагидан камроқ ҳам, керагидан ортиқча ҳам сарфламайди. Демак, бағрикенглик камлик ва ортиқчалик ўртасидаги хислатдир.
Бағри кенгликнинг турли кўринишлари бор деб ўйлайдилар. Масалан, бир одам (фалончини қандайдир кичик хатоси учун жазоламай) бағрикенглик қилди, дейдилар. Бу харажатлар, моддият маъносидаги эмас, балки ботиний, руҳий олам соҳасидаги тушунчадир.
27. Нафрат (nemesis – немесис) – ҳасад ва ичиқоралик ўртасида туради. Ҳасад ҳам, бахиллик ҳам (иллат сифатида) қораланади. (Ёмонликдан) нафратланувчи одам эса мақталади. Нафрат бирор неъмат номуносиб одамга берилганидан норозилик, хафачиликдир. Бировга ноҳақ равишда сазо ёки жазо берилганига (зулм қилинганига) норозилик, нафрат билдирувчи одам яхши одамдир.
Ҳасадгўй одам эса, аксинча, муносиб ёки номуносиб одам яхши яшаётганини кўрса ичи куяверади. Ичиқора (бахил) эса бировларнинг бошига кулфат, бахтсизлик келса, хурсанд бўлади. Нафратланувчи одам бундайлардан узоқ, у омадли одамларга ҳасад ҳам қилмайди, биров бахтсизликка учраса қувонмайди (фақат ноҳақ ишларга норозилигини билдиради).
28. Ўз қадрини билиш (semnotes – симнотис) – такаббурлик ва хушомадгўйлик ўртасидаги хислат (русча таржимада, назаримизда хатолик бор, у ерда такаббурлик ўрнига – тантиқлик (своенравие) деб олинган. – М.М.). Бу хислат одамлар ўртасидаги муомала маданиятига алоқадор.
Такаббур одам кўпчилик билан яхши муомала қилолмайди. Бу (сўзнинг ўзидан ҳам кўринадики) такаббур фақат ўзини ёқтирадиган, худбин одамдир.
Хушомадгўй эса, ҳамма билан, ҳамма ерда ва ҳар қанақа муомалага киришиб кетаверади. Бу иккала хислат ҳам мақтовли эмас. Ўз қадрини билган, ҳар ким билан ош-қатиқ бўлиб кетавермайдиган, фақат муносиб (ориятли) оамлар билан муомала қиладиган, ўзини барчадан баланд ҳам тутмайдиган, одамлардан қочмайдиган, мўътадил, меъёрни сақлайдиган одам мақтовга сазовордир.
29. Камтаринлик (aidos) уятсизлик ва тортинчоқлик ўртасидаги хислатдир. Бу хислат одамларнинг қилмишларида ва гап-сўзларида кўринади. Уятсиз, шалоқ одам ҳаммага, ҳар қандай вазиятда ҳар нарсани гапираверади ( ва уятли ишларни ҳам бажараверади. – М.М.). Тортинчоқ одам эса зарур гапни зарур вақтида айтмайди, зарур ишни бажаришга ҳам журъати етишмайди (Ўта тортинчоқ одамлар одатда фаол эмас – Арасту изоҳи).
Камтарин одам эса, уятсиз одам каби, ҳар вақт, ҳар ерда, ҳар қандай гапни айтавермайди; ва ўта тортинчоқ одам каби, зарур вақтда зарур гапни айтишга журъатсизлик ҳам қилмайди.
30. Ҳазил-мутойибани ҳис этиш (eytrapelia – юмор) – масхарабозлик ва ёввойилик (одамови, сув одами) ўртасидаги хислат. Бу ҳазил, мазах борасида кўринади. Масхарабоз ҳамманинг устидан, ҳар нарсага кулаверади. Одамови, тунд, қўрс одам эса ҳеч нарсага ҳеч қачон кулмайди (ҳазилни тушунмайди), ўзининг устидан кулишларини ҳам ёқтирмайди. Булар ўрталигида эса ҳазилни тушунадиган, ҳис этадиган одам туради. Бундай одам бўлар-бўлмасга кулавермайди (маъноли ҳазилга кулади), тунд, қўрс, ёввойифеъл ҳам эмас.
Ҳазил, юмор ҳиссини икки маънода тушуниш керак: ҳазилни тушунадиган одам бошқаларга ҳам ҳазил қилади, ўзи ҳам бошқаларнинг ҳазилини, қочиримларини кўтаради (чидайди).
31. Дўстпарварлик (philia – филия) – хушомадгўйлик, ялтоқилик ва душманлик ўртасидаги хислат. Бу ҳам инсон гап-сўзларида ва хатти-ҳаракатларида кўринади.
Хушомадгўй бошқаларни (айниқса, бошлиғини ёки ўзга мансабдорларни) йўқ фазилатларини ҳам бор, деб мақтайди. Душманлик кайфиятидаги ҳасадчи одам эса бировнинг бор фазилатларини ҳам кўришни истамайди. Буларнинг ҳар иккаласи ёмон хислатлардир. Шу икки хислат оралиғидаги дўстпарвар одам дўстида йўқ фазилатни мақтаб, хушомадгўйлик ҳам қилмайди, дўстининг (бор фазилатини) камайтириб, ерга ҳам урмайди. Дилида бошқани ўйлаб, тилида шунинг тескарисини айтмайди. Дўстпарвар одам шунақа бўлади.
32. Ҳақгўйлик (aletheia) риёкорлик (eironeas) ва мақтанчоқлик оралиғидаги хислат. Гап-сўзларда (ва қилмишларда) кўринади. Мақтанчоқ ўзида йўқ яхши хислатларни бор дейди ёки билмаган нарсасини биламан дейди. Риёкор эса, ўзидаги ёмон хислатларни яширади ёки бир нарсани билса ҳам билмасликка олади. (Бу ерда ҳам, назаримизда, русча таржимада хатолик бор – фикр мантиғига кўра, тузатишга ҳаракат қилдик. – М.М.). Ҳақгўй одам эса, билганини биламан, билмаганини билмайман, дейди. Ўзида бор нарсаларни бор, йўқ нарсаларни йўқ дейди (яъни, тўғрисини айтади).
Мана шу юқорида айтилган хислатлар фазилатми ё бошқа нарсами, бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз, чунки бу хислатлар муайян шароитларда – фазилат, бошқа вазиятда камчилик бўлиши мумкин.7272
Бу хусусда «Никомах этикаси», IV китоб, 10-14-бобларга қаранг. Арасту бу ерда санаб ўтилган ўрталик – меъёрлардан 6 тасини (мустақил) фазилатлар қаторига қўшмайди: ёмонликдан норозилик, ўз қадрини билиш, уят ва камтарлик, ҳазил-мутойиба, хушмуомалалик, дўстпарварлик ва ҳақгўйлик. Булар барчаси «ҳаяжонли ҳолатларнинг ўрталиги» (pathetikai mesotetes)дир. Уларни қисман аффектлар (руҳий камчиликлар) – нуқсонли ҳиссиёт, эҳтиросларга, қисман ҳали камол топмаган табиий, туғма фазилатлар қаторига киритади (арастушунос олим В.В.Бибихиннинг бу фазилатларни Арасту шундай талқин этганлиги ҳақидаги изоҳларига биз қўшилмаймиз. Чунки Арасту бундай қадрли хислатларни аффектлар – нуқсонлар қаторига қўшиши мумкин эмас. – М.М.).
[Закрыть] Фақат шуниси равшанки, бу хислатлар юқорида айтганимиз ифротлар ҳаддан ошишларнинг ўртасида турадиган ҳолатлардир. Ва шу мўътадил ҳолатларга мувофиқ яшовчи одамлар мақтовга лойиқдир. (Навоий рост гапни ҳаммага айтавериш – нодонлик, дейди).
33. Энди яна адолат нима (dikaio synes) ва у қандай ҳолларда намоён бўлади, нималарга алоқадор эканлигини кўриб чиқишимиз қолди. Аввало, адолатлилик нималигини билиб олайлик. Икки хил адолатлилик бор. Бири қонунга мувофиқликдир. Қонун буюрганини қилиш адолатли ҳисобланади (агар адолатли қонун бўлса). Қонун (яхши, яъни илоҳий қонун) одамлардан мард, оқил ва фозил бўлишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам одиллик – энг мукаммал фазилат, дейилади.7373
Афлотун адолатни «мукаммал фазилат» дейди. У «Давлат» асарида ҳам адолатни барча фазилатларнинг етакчиси, дейди. У, «Адолат олижанобликдан ва ҳатто оқилликдан ҳам юксакроқ фазилатдир, чунки адолат бошқа барча фазилатларни ўз ичига олади, шу маънода у барча фазилатлар жамидир» (hole arete) деб ҳисоблайди. Чунки адолат фуқаролардан (айрим) фазилатларга эга бўлишни эмас, балки (илоҳий) қонунларга амал қилишни талаб этади. («Никомах этикаси», V китоб, 3-боб). Арастунинг адолатга оид бу фикрини И.Кант сал ўзгартириб: «Бизга тепамизда юлдузли осмон, қалбимизда маънавий фармон (илоҳий қонун) бўлса, бас», деб ифода қилган эди (И.Кант. «Амалий ақлни танқид» асари. Хулоса).
[Закрыть]
Модомики, адолатлилик (яхши, илоҳий) қонунларга мувофиқ яшаш экан, қонун эса барчадан фазилатлар билан яшашни талаб қилар экан, қонунларга мувофиқ, адолатли иш тутувчи одам энг фозил одамдир. Адолатлилик (одиллик) энг яхши фазилатдир. Адолатлиликнинг бир тури мана шудир.
Аммо биз ҳозир бундай адолат ва бундай одилликни кўриб чиқмаймиз. Одиллик фақат бундай тушунилса, одам ўз-ўзига адолат қилгандек бўлади. Оқил, жасур, сабр-қаноатли одамлар ўз-ўзига табиатан шундай бўладилар.
Қонун талабларига мувофиқ яшашдан фарқланувчи иккинчи хил адолат бошқа одамларга нисбатан адолат қилишдир. Бошқа одамларга адолат қилувчи одам ўз-ўзига адолат қилмаслиги ҳам мумкин. Биз бу ерда мана шу ҳақда, ўзгаларга адолатли муносабатда бўлиш, шу соҳадаги одиллик ҳақида сўз юритамиз.7474
Қаранг: «Никомах этикаси». V китоб, 3-боб. Арастунинг «Адолат pros heteron (бошқаларга нисбатан) деган фикри Афлотуннинг кўнгил хотиржамлиги, ўзимизга адолат, деган фикрига қаршидир. (Яхши, теранроқ ўйлаб қаралса Афлотун ва Арастунинг бу фикрлари ўртасида зиддият йўқдир. – М.М.).
[Закрыть]
Ўзгаларга муносабатда адолатли иш тутиш, аслини олганда тенгликка амал қилишдир (to ison). Чиндан ҳам тенгсизлик адолатсизликдир: баъзи одамлар ўзига яхши нарсаларни кўпроқ, ёмон нарсаларни камроқ оладилар. Мана шу тенгсизликдир, шу (тенгсизлик) туфайли бу одамлар ўзгаларга адолатсизлик қиладилар. Ёки шу туфайли ўзгалар адолатсизлик, ноҳақликдан жабр кўрадилар.
Модомики, адолатсизлик – тенгсизлик (ноҳақлик) экан, адолат ва одиллик (ҳар икки томоннинг ўз мажбуриятларига (symbalaion) тенг риоя қилишида кўринади.
Шу маънода адолатни ҳам ортиқчалик ва етишмовчиликнинг, кўплик ва озликнинг ўртаси дейиш мумкин. Адолатсизлик (ноҳақлик) қилувчи одам (яхши нарсалар – неъматларни) ўзига кўпроқ, яъни ортиқча олади: адолатсизликка учраган, жабр кўрган эса, керагидан камроқ олади (ёки ҳеч нарса олмайди. – М.М.). Мана шу, ортиқчалик ва камликнинг ўртаси – тенглик ва мана шу тенглик адолатдир. Аввал айтганимиздек, тенглик камлик билан ортиқчаликнинг ўртасидир ва мана шу ўрталик адолатдир. Одил одам эса, барчани тенг кўрувчи, тенгликка риоя қилувчи одамдир. Демак, ўзгаларни ўзига тенг кўрувчи одам одил одамдир.
Энди (масалани яна ойдинлаштирсак), одамлар муайян нарсаларда адолатли иш тутди, фалон нарсаларга тенг кўрди, фалон ва фалонлар (ўзаро зидлашиб, низолашиб тургани)да ўртача йўл тутди, деймиз. Бинобарин, адолат ва одиллик муайян ҳолатларда амалга ошади.
Модомики, адолат тенгликда экан, мутаносиблик (пропорционаллик) ҳам адолатлидир. Мутаносибликнинг тўрт таркибий қисми бор: «А» – «В» га қандай нисбатда бўлса, «Г» ҳам «Д»га шундай нисбатда бўлади. Мисол учун (ҳиссадорлик жамоасида) мутаносиблик асосидаги тенгликка амал қилинса, мол-мулки кўп одам – кўпроқ, мол-мулки кам одам – камроқ улуш ҳисса қўшади. Даромад олишга келганда ҳам кўп ҳисса қўшган – кўпроқ, кам ҳисса қўшган – камроқ олади. Меҳнат сарфида ҳам шундай: кўп меҳнат қилган – кўпроқ, кам меҳнат қилган – камроқ олиши адолатлидир (Аммо турли ижтимоий, сиёсий, иқтисодий вазият, ҳолатларга кўра, баъзи вақтларда бу мутаносиблик бузилади ва адолатсизлик келиб чиқади. – М.М.)…
Афлотун ҳам «Давлат» асарида мана шу адолатли мутаносибликни қўллайди.7575
Афлотуннинг «Давлат» асаридаги эҳтиёж сабабли айирбошлаш назариясини Арасту «Никомах этикаси», V китоб, 8-бобида муфассал баён қилган.
[Закрыть] Афлотун айтишича, деҳқон дон етиштиради, бинокор уй қуради, ти кувчи либос тикади, пойабзалчи пойабзал тикади. Деҳқон бинокорга дон (ёки ун) беради, бинокор деҳқонга уй қуриб беради. Бошқа барча ҳунармандлар ҳам шу каби ўз маҳсулотларини ўзаро айирбош қиладилар.
Жамият ҳаёти – ижтимоий ҳаёт шундай мутаносиблик асосига қурилади (politeian). Адолат ҳам мутаносибликдир, шу маънода жамият ҳаёти ҳам адолат асосига қурилмоғи керак.
Аммо, вақтики, бинокор уйининг баҳоси этикдўз маҳсулотидан қимматлиги аён бўлгач, бинокор уйини этикдўзнинг этигига бермагач, адолат юзасидан кумуш дирҳамлар (nomisma)ни ўйлаб топишган ва буни пул деб аташган. Шундан сўнг ҳар бир ҳунарманд ўз маҳсулотини қийматига мувофиқ кумушга сота бошладилар. Шу тариқа пул муомаласи пайдо бўлиб, давлат жамияти (politiken koinonian) шундай мутаносиблик асосида қурилди.7676
Koinono gar hoi politai tines. Кенг маънода: «Фуқаролар ўзаро умумий (мулкларга) эга бўлгани, яъни тенгҳуқуқли бўлгани учун ҳамжамият (бу ерда жамият маъносида) тузадилар».
[Закрыть]
Адолат яна ўзаро жабр чекиш (яъни, ким ёмонлик қилса, унга ҳам ёмонлик қилиш)дир (to antipeponthos). Аммо пифоғурчилар ўйлашган маънода эмас. Пифоғурчиларнинг фикрича, бошқага не қилган бўлсанг, ўзингга ҳам шуни раво кўр. (Бу қоида ислом дини адолатида ҳам бор. – М.М.) Аммо барча аҳолининг ўзаро бундай муомала қилиши мумкин эмас. Масалан, қул билан озод ўртасида бундай мутаносиблик ярашмайди: агар қул озод одамни бир урса, озод одам қулни кўп марта уриши зарур. Қулдорнинг қулга нисбатан мавқеи қандай бўлса, ўзаро зарар етказиш ҳам шунга мутаносиб, яъни қулнинг қилган ёмонлиги учун уни кўпроқ жазолаш керак (токи қул эгаларига осийлик, исёнкорлик қилмасин, бу, албатта, қулдорлик жамияти тасаввуридаги адолатдир – Зотан, Ислом дини, шариатида амир оддий жангчини ноҳақ урса, од дий жангчи ҳам амирни уришга ҳақлидир. Баъзи амирлар бу адолатга чидолмай, ислом динидан қайтганлар. – М.М.). Озод одам ўзидай озод одамга зарар етказса, жабр кўрган томон шунга мувофиқ жазо талаб қилишга ҳақлидир. Аммо бу ерда агар бир одам бошқасининг кўзини чиқарса, жабр кўрган ҳам унинг кўзини чиқариши адолатдан эмас, бу ҳолда биринчи бўлиб зарар етказган одамнинг айби кўплиги учун унга жазо ҳам кўпроқ берилиши керак.
«Адолат» сўзини жуда кўп маъноларда ишлатамиз. Шундай экан, бу ерда қайси (соҳадаги) адолатни тадқиқ этаётганимизни аниқлаб олайлик.
Баъзилар қаролнинг хожага ва ўғилнинг отага муносабатида адолат қилиши ўринлидир, дейдилар. (Бу ерда русча таржимада хато борга ўхшайди. Аксинча, хожанинг қаролга ва отанинг ўғилга муносабатида адолатли иш тутиши муҳимроқдир. – М.М.) Аммо бу ўринда давлатнинг барча фуқароларни тенг кўриши борасида адолат сўзи билан хожа ва қарол, ўғил ва ота муносабатларидаги адолат ўхшашдир. Биз ҳозир фуқароларга адолат қилишни тадқиқ этмоқчимиз, бу эса тенглик масаласига алоқадор (чунки фуқаролар – ўзига хос умумият – жамоа вакиллари бўлиб, табиатан тенгликка интиладилар, аммо хулқлари (ахлоқи) жиҳатидан турличадир – Арасту изоҳи). Ўғилнинг отага ва қаролнинг хожага муносабатларида бундай (яъни, тенглик маъносидаги) адолат йўқдир. Ахир, инсон оёғи ёки қўлининг, ёхуд бошқа аъзоларининг бутун вужудга адолатли муносабати бўлмаган нарсадир. Ўғилнинг отага адолати ҳам шундайдир. Ўғил улғайиб, катталар сафига қўшилиб, ота (уйи)дан ажралиб чиқмагунича, отанинг бир «қисми» бўлиб туради. Шундан (ота уйидан ажралиб чиққандан) кейин эса, ўғил отага тенг ва унга ўхшашдир (Бу ерда Арасту ота ва ўғил нинг давлат олдида фуқаролар сифатида (ҳуқуқда) тенглигини назарда тутади. – М.М.). Фуқаролар (шу маънода) тенг бўлишга интиладилар.
Шу сабабга кўра қарол ва хожа муносабатларида (тенглик маъносидаги) адолат йўқдир. Чунки қарол хожанинг мулкидир. Мабодо унга нисбатан адолат сўзи қўлланса ҳам бу уйдаги, хонаки адолатдир (ислом ахлоқшунослигида бу муҳим ижтимоий масала ҳисобланади. Ҳазрати Муҳаммад расулуллоҳ ҳадисларида «Қулларингизга ўзингиз еган таомдан беринг, ўзингиз кийган кийимдан кийдиринг», деб марҳамат қилганлар. – М.М.).
Аммо биз бу ерда хонаки эмас, балки фуқаролик адолати нималигини тадқиқ қилмоқчимиз. Фуқаролик адолати, чамаси, тенглик ва ўхшашликда кўринади. Аммо эркак билан аёл ўртасидаги адолатли муносабат ҳам давлатнинг (фуқароларга муносабатидаги) адолатга ўхшашдир. Аёл эркакдан паст туради, аммо у (оиладаги бошқа аъзоларга нисбатан) эрига энг яқин турувчи, шу сабабли, булар муносабати фуқароларга адолатли муносабатларга ўхшашдир. Хуллас, адолат давлатнинг жамоа аъзоларига муносабатида (ва уларнинг ўзаро муносабатларида) бўладиган ижтимоий ҳодисадир. Адолат ва одил одам деганимизда фуқароларга нисбатан адолатни тушунамиз.
Адолат табиий ва қонун билан ўрнатилган бўлиши мумкин. Аммо, бу фикрни, табиий адолатда ўзгариш бўлмайди, деган маънода тушунмаслик керак. Чунки табиатда мавжуд нарсаларда ҳам ўзгаришлар бўлиб туради. Масалан, биз чап қўлимизда жуда кўп машқ қилсак, у ўнг қўлга тенг бўлиб қолиши мумкин. Табиатан, чап қўл – чап қўлдир, ўнг қўл ундан афзалдир. Чап қўлда ҳар қанча машқ қилсак ҳам, бари бир, табиатан ўнг қўл афзалдир. Бундай ўзгариш (машқ) билан ўнг ва чап қўллар табиати ўзгариб қолмайди (Аммо чап қўлнинг табиати, фаолияти ўзгаради. Мисол учун, Амир Темур ҳар иккала қўли билан қилич чопар экан).
Табиатан адолатпарвар одам ҳам шундайдир. Мабодо биз шундай одил одам билан (ёмон) муомала қилганимизда, у ўзгарса, ўша одамнинг табиатида адолатпарварлик йўқ, деган сўз эмас. Табиий адолатпарварлик бор. Кўпчилик ҳолатларда (мушкул ҳолатларда ҳам. – М.М.) адолатли бўлган одам табиатан адолатлидир. Биз (қонун чиқарувчилар) бир ҳолатни адолатли деб белгилаб қўйганимиздан сўнг, одам шу ҳолатда бўлса, бу қонуний (яъни, қонунга мувофиқ) адолатдир.
Табиий адолат қонуний адолатдан аълодир. Аммо биз ҳозир фуқаролар жамиятидаги адолатни таҳлил этмоқчимиз, бу эса табиий эмас, балки қонунга мувофиқ адолатдир.
Бир қарашда адолатсизлик (adikon – ноҳақлик) ва адолатсиз (adikema – ноҳақ қилмиш) бир нарсага ўхшайди. Аммо бундай эмас. Адолатсизлик – бу, қонунда белгиланган тушунча. Масалан, бировнинг омонатини қайтариб бермаслик – адолатсизликдир. Адолатсиз қилмиш – зулм эса – кимдир содир қилган ёмонликдир. Шунга ўхшаб, адолат (dikaion) ва адолатли иш (dikaiopragema) ҳам тенг эмас: адолат – қонунда белгиланган тушунча, адолатли иш эса – адолатли, ҳаққоний ишлар-амаллардир.