282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Аристотель » » онлайн чтение - страница 11

Читать книгу "Ахлоқи кабир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:40


Текущая страница: 11 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Очофат одамнинг шу соҳада билими йўқ, деб ўйлайлик. Эҳтимол, унинг шу ҳақда ўз фикри бордир? Эҳтимол, у лаззатга (шаҳватга) ўчлик ёмонлигини билмасдан, фақат тахминан сезиб (чала билиб) гуноҳ иш қилгандир, балки уни кечириш керакдир? Биз (одамлар) бировни кечириш мумкин бўлган ишлар учун қораламаймиз. Аммо бундай қилиш тўғри эмас. Биз уни албатта қоралаймиз!

Хуллас, тийиқсиз, очкўз одамни ифрот – ҳаддидан ошиш – ёмонлигини билмагани учун ёхуд унинг бу ҳақда ўз фикри борлиги учун оқламаймиз. (Арастунинг бу фикрлари ҳам исломий, шарқона одобга яқиндир. Муҳаммад с.а.в. ҳадиси шарифларида ифрот – ҳаддан ошишлик аввал ўтганларни ҳалокатга учратган, сизлар ҳам ҳаддан ошманг, дейилади. – М.М.)

Яна бундай масала кўпчиликни ўйлантириб қўяди. Оқил одам (sophron – софрон) ўзини тия олади, яъни покдомондир. Аммо у қайсидир гуноҳ ишга кучли майл қўйган бўладими? Ахир оқил ўзини тия олса (гуноҳ ишдан), кучли майли, истагини жиловлай олади. Чунки оддий истакларини тия олган одамни зоҳид, покдомон демаймиз-ку? Аммо бошқа жиҳатдан (гуноҳ ишларга, масалан, шаҳватга) кучли майл-истаклари бўлган одамни оқил демаймиз, бундай (гуноҳ) ишларга майли йўқ одамни оқил одам, деймиз-ку?8181
  Sophrosine нинг оқиллик ёки сўзнинг этимологий (келиб чиқиш) маъносига кўра «ҳалол» дейиш мумкин. Чунки бу ерда шунчаки, босиқлик, вазминлик ҳақида эмас, балки нопок, гуноҳли ишлардан сақловчи мукаммал фазилат ҳақида гап боради. (Бу оқилона шарҳга биз ҳам қўшиламиз. – М.М.).


[Закрыть]
(Арасту бу саволга ўз муносабатини айтмайди, эҳтимол, асрлар давомида асар матнидан бу жавоб тушиб қолгандир? Буни биз Арастунинг ахлоқ ҳақидаги бошқа асарларини ўқиганда аниқлашимиз мумкин. Бу масалага бизнинг жавобимиз бундай: ҳар бир инсон, табиатан фаришта эмас, энг оқил одамнинг ҳам эркак зотига хос табиий ва кучли истаклари уйғониб, безовта қилади. Мана шундай ҳолатларда ана шу уятли истакларини жиловлаб, ўзини тия олган одам оқил, зоҳид, покдомондир. Ғарб ва Шарқ адабиётларида, шундай ҳолатларда ўзини тийолмай, тубан кетган баъзи азиз одамлар фожиаси очиб берилади. Алишер Навоийда: шайх Санъон ва шайх Барсисо. Булардан шайх Санъон охири ўзини жиловлай олгани учун авлиёлик мартабаси сақланиб қолади. Сайфуз Зафар Навбаҳорийнинг «Дуррул-мажолис» асари да шайх Барсисо ўзига асраш учун қолдирилган омонатга хиёнат қилади, ёш қизга тажовуз қилиб, сири фош бўлишидан қўрқиб, яна бир жиноятга қўл уради, қизни ўлдириб, жасадини яширади. Аммо, оқибатда Ҳақ таолонинг қаҳрига учраб, дўзахий бўлиб кетади. Жованни Боккаччонинг «Декамерон» асарида, француз адиби Проспер Мерименинг «Авлиё Антонийнинг айниши» драмасида ҳам шу масала таҳлил қилинади. – М.М.).

Яна бундай қийин масала ҳам бор: Баъзи ҳолатларда одамлар ўзини тиймаган одамни оқлаб, ўзини тийган одамни қоралайдилар. Фараз қилайлик, кимдир бирор яхши ишни ёмон деб, янглишган ҳолда ўзини бу ишни қилишдан тияди. Ўзини тийолмаган одам эса шу (яхши) ишни бари бир қилаверади (ёмон деб, янглишса ҳам). Оқибатда, бу одам хайрли, гўзал иш қилган бўлиб чиқади. Бундай одам, ўзини тиёлмаса ҳам, мақтовга сазовор бўлади (қилган яхши иши учун). Бу хулоса эса мантиққа зиддир.

Яна бир ҳолатни фараз қилайлик: бир одамга қандайдир гўзал иш ёмон, уятли бўлиб кўринади, у шу ишга жуда дили суст кетса ҳам бари бир ўзини тияди, чунки у сабр-қаноатлидир. Аммо, бошқа жиҳатдан, ана шу гўзал, яхши ишни қилмаган одам қораланади. Демак, гоҳида қаноатли одам қоралашга лойиқдир. Бундай хулоса ҳам мантиққа зиддир.

(Бундай масала, исломий шариат одобида кўп учраб туради. Баъзи художўй, яхши одамлар ҳам турли соҳаларда, айниқса, диний илмларни ўрганишдан ҳам ўзларини тиядилар, «Барча нарсаларни Аллоҳ таоло билади, биз бу нарсаларни билишга қизиқсак, гуноҳга ботамиз, яхшиси, ўқимай, билмай қўя қолайлик, деб, ўзларини билимдан ва илмдан чеклайдилар. Қуръони каримда ва ҳадиси шарифда эса, аксинча, «Илм талаб қилиш барча мусулмон ва муслималар учун фарздир», дейилган. Бу масалада аксинча иш тутадиган, масалан, тоат-ибодатнинг чин дилдан, ихлос билан ўқилишидан кўра, иш, амалнинг зоҳирий томонини, таҳоратда қўлни тирсаккача, оёқни тўпиққача ювишни биринчи масала деб, ифрот қилувчилар ҳам учраб туради. Тўғри, таҳорат мукаммал бўлса, савоби ҳам тўла бўлади. Аммо кўпчилик мусулмонлар таҳоратни тўлиқ қилишга вақтим ва имконим етмайди, деб намоз-ибодатни тарк этадилар. Бу эса, чала таҳоратга нисбатан каттароқ гуноҳдир. – М.М.)

Ҳаддан ошиш, (очкўзлик, олчоқлик) барча соҳаларда юз берадими ёки баъзи соҳаларда, масалан, фақат пулга, иззат-обрўга, шон-шуҳратга ўчликдами, ё қаҳр-ғазабдами? Кўпинча одамлар худди шу соҳаларда очкўзлик қилиб, ўзини тия олмайдилар (юқорида кўриб чиқилганидек, лаззат, шаҳват, озиқ-овқат нафсида ҳам. – М.М.) Ёки ҳаддан ошиш бошқа бирор соҳада кўпроқ кўринадими? (Масалан, ёши улуғларга, подшоҳ, вазир, ҳокимларга муносабатда ёки шу катталарнинг фуқароларга муносабатида. – М.М.) Бу масала ҳам анча мушкуллик туғдиради.

Мана шунга ўхшаш чигал масалалар бизни кўпинча ўйлантириб қўяди. Аммо бу масалаларни ҳал этиш зарур. Аввало буларни (қайси ҳолатларда ҳаддан ошмаслик зарурлигини) билиш муҳим масаладир. Шуларни билган одамнинг ҳаддан ошиши, гўё билмагандек, ўзгариб қолиши ғалати ҳолдир. Билим билан рой, фикр яқин бўлгани учун, одамлар ўз фикрларида қатъий, ўзгармай турсалар, бу ҳам билим кабидир. Чунончи, эфеслик Ҳераклитнинг ўзи билган нарсалари ҳақидаги фикри шундай қатъий, ўзгармасдир.8282
  Арасту «Никомах этикаси»да бу ҳақда кенгроқ тўхталган (VII китоб, 5-бобда).


[Закрыть]
(Билим ва қатъий фикр тенг эмасдир. Қатъий фикр нотўғри, янглиш бўлиши ҳам мумкин. Янглиш билим ҳам ҳақиқий билим ҳисобланмайди. – М.М.)

Бирор соҳани билган ва ё шу ҳақда қатъий фикрга эга бўлган одамнинг ҳаддан ошиши ажабланарли эмас. Гап шундаки, билимлар икки турлидир: билимга эга бўлиш бошқа, шу билимларга суяниб иш тутиш (яъни, илмга амал қилиш. – М.М.) бошқадир. Тийиқсиз, қаноатсиз одам гўзал, яхши иш-амал нималиги ҳақида билимга эга, аммо бунга амал қилмайди. Билимига амал қилмагач, ёмон, гуноҳ ишларга қўл уриши табиийдир. Булар худди уйқудаги одамларга ўхшайди: ухлаётган одам билими бўлса ҳам тушида худди кўп номаъқул ишларни қилади, негаки, билганлари тушида унга таъсир қилмайди. Қаноатсиз, очофат одам ҳам уйқудаги одамга ўхшайди, билимдан фойдаланолмайди. Бу масалани шундай ҳал этиш мумкин.

Савол туғилади: бундай ҳолатларда очофат одам билимини ахлатга улоқтирадими ёки тусини ўзгартирадими? Ҳар иккала фикр ҳам мантиқсиздир. Бу масалани ойдинлаштириш мумкин. «Аналитика» китобида айтган эдикки, силлогизм (хулоса) иккита асосдан, биринчи – умумий асос; иккинчи – унга боғлиқ, хусусий асосдан иборат.8383
  Бу иборалар Арастунинг «Биринчи аналитика» асаридан кўра, «Топика» асарида кўпроқ учрайди. Баъзи асарларини адаштириб юбориш Арастуга хос эмас.


[Закрыть]
Мисол: мен иситмалаб турган ҳар қандай беморни тузата оламан. Мана бу одам иситмалаб турибди. Бинобарин, мен бу беморни ҳам тузата оламан. Ёки: мен умуман бирор билимдан, масалан, тиббиётдан қандай фойдаланишни билишим мумкин. Аммо хусусий ҳолатда (бирорта оғир бемор учраб қолса) тиббиётдан фойдаланолмаслигим мумкин. Очофат, суллоҳ одам ҳам баъзи машғулотлар зарарли ва уятли эканини умуман билиши мумкин, аммо бирор аниқ машғулотга келганда зарарлими, йўқми, билмай қолиши мумкин. Шу сабабли, очкўз, харис одам, фалон ишнинг ёмонлигини билса ҳам хато қилиши мумкин, деб ўйловчиларнинг гаплари куракда турмайди. Мастликни олайлик. Мастлар кайфи тарқалганида яна ақлли бўлиб қоладилар. Уларни мастлик пайтида ақл ҳам, билим ҳам тарк этмаган, аммо ўша пайтда улар мастлиги туфайли ақли ва билимини ишлатолмаган. Очкўз ҳам шундай. Уни очкўзлик ҳирси эгаллаб олганида (худди маст одам каби) ўзини бошқаролмай қолади. Аммо ҳирси тинчиган пайтида у яна ақлли одам бўлиб қолиши мумкин. (Изоҳ: Арастунинг бу фикрига тўлиқ қўшилиш қийин. Очкўз одам, бу иллат табиатига сингиб кетгани учун доимо очкўзлик, пасткашлик, суллоҳлик қилаверади. Бундай одам: бошқалар заифу, мен бақувватман, бошқалар лоқайд, ҳиссизу, мен ғайратлиман, деб, ўзининг очкўзлигини, аёлларга шилқимлигини, ҳаром ишларини ҳам мақтайверади. Бу ахлоқсизликнинг илдизлари тарбиясизлик, маданиятсизлик, динсизлик, имонсизлик билан боғлиқ виждонсизлик, уятсизлик ва ҳоказо иллатлардир. – М.М.).

Яна бир мушкул масала: баъзи ҳолларда ҳаддан ошувчи мақталади, ўзини тийувчи – қораланади, деган хулоса ҳам ғалатидир. Аслида қаноатли одам янглиш фикр-мулоҳаза қилган одам эмас, балки тўғри фикр юритиш ёрдамида нима яхшию, нима ёмон эканлигини билган одамдир. Ҳаддан ошувчи, тийиқсиз одам эса тўғри фикрга бўйсунмайди. Қаноатли одам эса тўғри фикрга бўйсунади, ҳою ҳавас, ёмон нафс кетидан эргашмайди.(Тескари мисол) Кимдир (жаҳл устида) отасини уришни жуда хоҳлаб турганида, урмасдан ўзини босиб олган бўлса, бу одамни вазмин демаймиз. Бундай ҳолатлар босиқлик ва ҳаддан ошишга алоқадор эмас (балки ахлоқсизлик, тарбиясизлик, жоҳиллик оқибатидир). Шундай экан, босиқ одам қораланиб, ҳаддан ош ган одам оқланиши мумкин, деган фикр нотўғри фикрдир.8484
  Яъни, босиқлик, вазминлик, мақтовли тўлиқ фазилат бўлмаса-да, у доим фазилатдан узоқ эмас.


[Закрыть]

Гоҳида тийиқсизлик, ўзини босолмаслик табиий руҳий касалликдан бўлиши мумкин. Масалан, баъзи одамлар (бир нарсадан қаттиқ хафа бўлиб кетсалар) ўзларининг сочларини юлиб, тирноқларини тишлайдилар.8585
  Матн «Никомах этикаси»га қараб тўлдирилди (VII китоб, 6-бобга қаранг).


[Закрыть]
Бундай вақтда ўзини босган одамларни ҳеч ким мақтамайди. Ёки ўзини босолмаган одамларни сўкмайдилар, ёки енгил танбеҳ берадилар. Табиатан, туғма тийиқсизликка мисол: судялар (қозилар) бир йигитни ўз отасини урганликда айблайдилар. У эса, отам ҳам ўз отасини урар эди, деб ўзини оқлайди. Бундай пайтда ҳакамлар ўғилга қаттиқ жазо бермайдилар, чунки бу жиноят уларнинг табиатида бор экан, деб қўядилар. Аммо шундай пайтда ўзини босиб, отасини урмаган одамни мақтайдилар (чунки бу фазилат эмас, инсоний бурчдир. – М.М.). Биз ҳозир бу хилдаги мушкул ҳолатларни эмас, балки ошкора кўринадиган босиқлик (вазминлик) ва енгилтаклик, ифротни тадқиқ этмоқдамиз.

Инсондан ташқаридаги неъматлар: бойлик, мансаб, обрў, дўстлар (кўплиги), шон-шуҳрат. Инсон танасидаги неъматлар: сезиш, таъм билиш (соғломлиги) ва ҳиссий лаззатлар. Биз бу ерда шулардан охиргиси (ҳиссий лаззатлар) соҳасидаги ўзини тия олмасликни кўриб чиқамиз.

(Ҳиссий лаззатлардан бошқа соҳалардаги) тийиқсизликни кўриб чиқишда мушкул саволлар келиб чиқишини айтдик. Чунончи, иззат-ҳурматга интилишда ҳеч ким ўзини тиймайди. Чунки иззат-ҳурматга ҳаддан ташқари интилиш гоҳо мақтовлидир: бундай одам ўз қадрини, шаънини ўйлайди. Шу каби масалаларда тийиқсизлик бўлса, биз қўшимча сўзларни қўллаймиз: иззатталаб, шон-шуҳратга ўч, ғазабини жиловлай олмайди, деймиз. Умуман, тийиқсизлик, очкўзлик, ҳарислик ҳақида гап борганида ҳеч бир сўз қўшмай айтамиз, негаки, тийиқсиз, харис деганда одатда жисмоний лаззат, роҳатларга ўчликни назарда тутамиз.

7. Энди роҳат ёки лаззат (hedones – хедонис) масаласига ўтамиз, бу масала бахт-саодат (eydemonias – евдемониас) билан боғлиқдир. Барча одамлар бахт-саодат лаззатли, ширин ҳаёт кечиришда ёхуд умрни кўп ҳолларда роҳат-фароғатда ўтказишда, деб ўйлайдилар. Баъзи одамлар, аксинча, лаззатга ўрганиш ёмон деб, уни неъматлар қаторига қўшишни шубҳа остига оладилар. Бу одамлар бахтни ҳар ҳолда касалликсиз (ва ғам-кулфатсиз) ҳаёт кечиришда деб биладилар. Касалликсиз ҳаёт эса роҳат-фароғатга яқиндир. Биз ҳозир одамлар роҳат-фароғатни ўйлаши зарурлиги учун эмас, балки бахт-саодат ҳақида гап бошлаб қўйганимиз учун кўриб чиқамиз. Бахт-саодат эса (аввал аниқлаб, тасдиқ этганимиздек) мукаммал фазилатларга амал қилиб яшашдадир. Фазилатлар эса роҳат-фароғат ёки ғам-кулфат билан боғлиқдир. Бу ҳақда яна шунинг учун гапирамизки, бахтли ҳаёт роҳат-фароғатсиз ҳам бўлмайди.

Аввало, лаззат ва роҳатлар ҳаёт неъматлари қаторига кирмайди, деб ўйловчиларнинг далилларини кўриб чиқамиз. Биринчидан, лаззатланиш бирор ишнинг бошланиши, шаклланиш (жараёни)дир, дейди улар. Шаклланиш жараёни эса камолотдан, мукаммалликдан ҳали анча узоқдир. Неъматларда эса номукаммаллик бўлмайди (бу одамларнинг фикри тўғри эмаслигини Арасту қуйироқда кўрсатади. – М.М.). Иккинчидан, лаззатлар одобсизлик, иллатга алоқадор бўлиши мумкин. Иллатлар эса неъмат эмас. Яна: лаззатлар неъмат эмаслигининг сабаби – роҳатланиш, гуноҳ ишларга ҳам, инсонга муносиб, яхши ишларга ҳам, ҳайвонларга, жумладан, молга ҳам хос бўлиши мумкин. Бундан ташқари (учинчидан), лаззатлар инсон учун аъло яхшилик эмас, неъматлар эса аъло яхшиликдир. Ва ниҳоят (тўртинчидан), лаззатлар инсонга ўзини яхши тутишга халақит беради. Яхшиликка халақит берувчи нарсалар неъмат эмасдир.

Аввало, лаззат олиш бошланиш, шаклланиш жараёнидир, деган далилни кўриб чиқайлик. Бу далил ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки, биринчидан, ҳар қандай лаззат ҳам шаклланиш эмас. Масалан, (гўзал манзарани томоша қилиш (Муҳаммад Ғаззолий «Кимиёи саодат»да «Яшил майсаларни, оқар сувларни, гуллар ва боғларни томоша қилиш гуноҳ эмас», деган фикрни айтадики, бу фикрда Арастуга ҳамоҳанглик бор. – М.М.) Яна: (яхши мусиқа ё қўшиқни) тинглаш, (гўзал чеҳраларни кўриш, гулларни ҳидлаш каби лаззатлар мустақил, тугал бўлиб, (ширин нарсаларни) емак-ичмакдан лаззатланиш каби (инсоннинг тўйинишига) ёрдамчи жараён эмас. Емак-ичмак жараёнида эса лаззатланиш ширин таомларнинг камлиги ёки кўплиги билан боғлиқдир.

Яхши нарсанинг кўпайишидан ёки ёмон нарсанинг камайишидан лаззатланиш шаклланиш жараёни бўлиб кўринади. Шу маънода (яхши нарсаларнинг) етишмаслиги ва (ёмон нарсаларнинг) зиёдалиги одамни хафа қилади. Яхшиликнинг кўпайиши ва ёмонликнинг камайишидан инсон роҳатланар экан, бу жараёндан аввал хафачилик юзага келади. Аммо (яхши, гўзал нарсаларни) кўриш, тинглаш, ҳидлашдан аввал хафачилик бўлмаслиги мумкин. Хуллас, шаклланиш жараёни бўлмаган (мустақил) лаззатлар ҳам бор. Ҳалиги одамлар айтганидек, агар шаклланиш жараёни бўлган лаззатлар неъмат бўлмаса, демак, шаклланиш жараёни бўлмаган (мустақил) лаззатлар неъмат бўлиши мумкин.

Умуман олганда, бирорта лаззатни шаклланиш жараёни дейиш тўғри эмас, чунки ҳатто емак ва ичмак лаззатида ҳам шаклланиш жараёни йўқ, бу нарсаларни шаклланишдир, деганлар янглишадилар. Уларнинг фикрича, таом ейилаётганида одам лаззатланар экан, бу шаклланиш жараёнидир. Аммо бу тўғри эмас. Чунки бизда йўқ ёки етишмаётган таомни истеъмол қилаётганимизда кўнглимизнинг қайсидир қисмида лаззатланиш сезамиз. Овқатланиш пайтида кўнглимизнинг шу қисмида ҳаракат ва фаолият бошланади, шу ҳаракат ва фаолият бизда лаззат ҳиссини уйғотади. Таом ейиш кўриниб тургани учун ҳалиги одамлар буни шаклланиш жараёни дейдилар, аммо улар кўнгил қисмининг ҳаракатини кўрмайдилар. Баъзи одамлар инсон баданини сезиш, ҳис этиш мумкин, кўнгилни эса сезиб бўлмайди, деб ўйлайдилар. Аммо кўнгил бор нарса-ку. Лаззатланишда ҳам кўнгил фаолият кўрсатади. Таом истеъмол қилинаётганида кўнгилнинг ўша қисми ҳаракатга келади. Шундай экан, ҳар бир лаззатланиш тараддуд (тайёрланиш) эмас, балки фаолиятнинг ўзидир.

Баъзи одамлар айтадики; ҳар қандай лаззат ҳам – неъмат эмас. Бу масалани қуйидагича аниқлаш мумкин. Агар биз ҳар қандай категория – ўлчов, мезон турини (моҳият, муносабат, миқдор, вақт ва ҳоказони) гапираётганимизда неъматларни ҳам кўзда тутсак, эътироф этиш керакки, лаззат, роҳат ҳам неъматдир. Ҳар қандай неъматларни олиш, қўлга киритиш одамга роҳат бағишлар экан, демак, роҳат, лаззат ҳам неъматдир.8686
  Яъни: агар илмлар роҳат бермаса, умуман роҳатнинг кераги йўқ бўлиб қолади. «Роҳат берувчи илмлар» ибораси Афлотуннинг «Ҳорғий» асаридан олинган.


[Закрыть]
(Бу ерда ахлоқ-одобга зид келмайдиган роҳат, лаззатлар ҳақида гап боради. – М.М.)

Шуни ҳам айтиш керакки, роҳат, лаззатланишларнинг турлари ҳам кўп, ҳар бир тури муайян мезон, тушунча билан ўлчанади. Аммо бу ерда аҳвол илм-фан, масалан, грамматика (тил қоидалари)даги аҳволга ўхшамайди. Айтайлик, Лампр (олимнинг исми) грамматика илмида моҳир экан, бундан бошқа одамларга ўхшамайди, деган маъно чиқмайди. Чунки грамматика қоидалари барчага бирдир: Лампр учун алоҳида, Ил учун алоҳида грамматика қоидалари йўқ. Лаззат, роҳат соҳасида аҳвол бошқача. (Бир нарсадан биров роҳат олади, бошқа биров роҳат олмайди. – М.М.) Мисол учун, ичиб маст бўлиш ёки жимоъ барчага ҳам роҳат келтиравермайди. Хуллас, роҳат, лаззатлар ҳар ким учун ҳар хилдир.

Роҳатни неъмат қаторига қўшмайдиган (олимлар) яна бир далилга суянадилар: баъзи роҳатлар ахлоқсиз, гуноҳ ишлардадир. Бундай далил, бундай баҳолаш фақат роҳат, лаззатга эмас, балки табиатга, илм-фанга ҳам алоқадор. Баъзи жониворларнинг, масалан, қуртлар, қўнғизлар ва бошқа жирканч жониворларнинг табиати тубандир. Аммо бундан – табиат тубан, деган маъно чиқмайди. Баъзи ҳунарлар (масалан, инсонлар учун зарарли қуроллар ясаш) тубандир, аммо бундан, умуман, касб-ҳунар тубан, деган маъно чиқмайди. Илм-фанлар ҳам, табиат ҳам ўз турига кўра неъматдир.

Ҳайкалтарош ишига баҳо бериш учун унинг ёмон чиққан асарларига эмас, балки яхши асарларига қаралади. Бошқа касб-ҳунарлар, фикрларга ҳам шундай баҳо берилади. Шунга ўхшаш, роҳат, лаззат ҳам неъматдир, деймиз ва айни чоғда тубан лаззатлар борлигини ҳам унутмаймиз.

Турли жониворларнинг табиати турлича, гўзал ва тубан бўлганидек, инсон табиати умуман яхши, бўри ё бошқа ҳайвонларнинг табиати – тубан яралган. Масалан, от билан одам, эшак билан ит табиатлари бир-бирига ўхшамайди. Буларнинг табиатлари турлича бўлгани учун роҳатланиш табълари ҳам турличадир. (Олимлар фикрича, лаззат нотабиий ҳолатдан табиий ҳолатга кўчиш, ёхуд табиий ҳолатнинг тикланиши)дир. Улар (олимлар) яна айтадики, тубан табиатли жониворларнинг тикланиши тубан: гўзал табиатли жонзотларнинг тикланиши яхшидир.

Аммо бу фикрни яна ойдинлаштириш керак. Лаззатларни турлича тушунадиган одамларнинг ҳолати шунга ўхшайдики, Олимп маъбудлари (қадимги юнон мушриклари «кўпхудолик» эътиқодида эди. – М.М.) нектар, гул шарбати ичишини эшитганлар, аммо баъзиларнинг тасаввурича, маъбудлар ароқ ёки вино ичар эмиш, чунки бу одамлар назарида шу нарсани ичиш лаззатли кўринади. Бу янглишув ана шу одамларнинг маъбудлар табиатини билмаслигидандир. Шунга ўхшаш, баъзи одамлар барча роҳат, лаззатларни мукаммал эмас, чалалик оқибати деб тушуниб, бадан роҳатларига боғлайдилар, ва умуман, роҳатни номуносиб деб биладилар.

Модомики, табиат энди тикланаётган жойларда ё вақтларда ҳам, табиат тикланиб, мукаммаллашган жойларда ҳам роҳатланиш бордир. (Гўзал табиат манзараларини, нафис мусиқани) кўриш ва тинглаш вақтида олинадиган роҳатлар юксак (маънавий) ва табиий тикланган, мукаммал хилқатлардан олинадиган роҳатлардир. Мана шу ва шунга ўхшашлардан роҳатланиш ўзи ҳам фаолиятдир. Бадан роҳатлари агар етишмаётган нарсанинг тўлдирилиши бўлса, (гўзаллик ва теранликни) кўриш, тинглаш, тафаккур, мушоҳада қилиш (dianos – isthai) энг яхши роҳатлардир.

Роҳатни (баъзи уламолар) яна шунинг учун неъмат демайдиларки, ҳамма нарсаларга (яхшилик ва ёмонликка. – М.М.) тааллуқли ва умумий бўлган нарсани неъмат деб бўлмайди. Аммо бундай далил кўпроқ иззатпараст одамга ва иззатталаблик (philotimias)га хосдир. Иззатпараст одам барча (неъматлар) фақат ўзимга бўлсин, шу нарсаларда ҳаммадан аъло бўлай, деб яшайди. Бу одам назарида роҳат ҳам шундай нарсалардан биридир. Аммо бу тўғри бўлмаса керак. Чунки неъматларга ҳамма одамлар интилади ва худди шунинг учун улар неъмат саналади. Чунки ҳамма одамлар табиий равишда неъматларга, фаровонликка интилар экан, роҳат, лаззат ҳам неъматдир.

Баъзи уламолар роҳатни неъмат деб ҳисобламаслигининг яна бир сабаби, улар назарида роҳат, лаззат (яхши ишларга, покиза яшашга) тўсқинлик қилади. Бундай деб ўйлашларининг сабаби – уларнинг роҳатни нотўғри усул (me orthos skopein)да тадқиқ этиши, ўрганишидир. Масалан, роҳатланиш умуман, ишлашга халақит бермайди, аммо баъзи бир номуносиб роҳатлар (ичиб, маст бўлиш) ишга халақит беради. Бундай мантиққа кўра бир вақтда икки илм, ҳунар билан шуғулланиш мумкин эмас, баъзи илмлар бошқа илмларга халақит беради, деб ўйлаш мумкин. Аммо илм ўрганишдан роҳат келадиган бўлса, илм – неъмат-ку. Илм ўрганишга роҳатланиш халақит бермайди-ку! Роҳатланиб ишлаётган одам кўпроқ нарса ишлаб чиқариши мумкин-ку! Аслида (фойдали) фаолиятдан роҳатланиш одамга янада куч-ғайрат бахш этади. Яхши одам бошқаларга яхшилик қилаётганида роҳатланса, унинг шу соҳадаги куч-ғайрати янада ошмайдими?

Яна: Яхшиликни роҳатланиб қилган одам муносиб, муҳтарамдир, яхшилик қилаётганидан хафа бўлган кимса яхши одам эмас. Чунки одам бир ишни мажбуран бажараётганида хафа бўлади. Мажбур бўлиб (бўйнидан боғлаб, судрагандай) иш қиладиган одам номуносиб одамдир. Бундан ташқари, инсон яхшиликни қилаётганида ё қувонади, ё ғам чекади. Ўртача (лоқайд) ҳолатда бўлмайди. Нима учун? Чунки яхшилик фазилати туйғулар ҳаракати (en pathei) билан намоён бўлади. Туйғулар ҳаракати қувонч ёки қайғу билан боғлиқдир, булар ўрталиғида эса ҳеч қандай туйғулар ҳаракати йўқ. Шунинг учун, равшанки, яхшилик ё қайғу, ё қувонч, роҳат билан боғлиқдир. Гўзал ишни хафа бўлиб қиладиган киши яхши одам эмас. Шундай экан, яхшилик қайғу билан эмас, қувонч, роҳат билан биргадир. Хуллас, (чин маънодаги) роҳат фаолиятга халақит бермайди, аксинча, ғайратни оширади. Яхшилик албатта қувонч, роҳат келтиради.

(Роҳатни неъмат демайдиганлар) яна бундай далилни келтирадилар: ҳеч бир илм роҳат келтирмайди (бу ерда Арасту илм деганда ҳунарни кўзда тутади. – М.М.). Бу фикр ҳаққоний эмас. Чунки, моҳир пазандалар, гулдаста, гултож ясовчилар, атторлар (хушбўй моддалар тайёрловчилар) одамларга роҳат, лаззат келтирадилар. Бошқа ҳунарларнинг асосий мақсади роҳат келтириш бўлмаса ҳам ҳар ҳолда улар билан шуғулланиш завқ-шавқ беради. Демак, ҳунарлар инсонга роҳат етказади.

(Уламоларнинг) яна бир далили: роҳат – олий неъмат эмас. (Бу тўғри, аммо) шу тахлит фикр юритилса, айрим фазилатларни ҳам йўққа чиқариш мумкин. Мардлик – олий неъмат эмас, бу тўғри, аммо мардлик – умуман неъмат эмас, дейиш нотўғри. Бошқа фазилатлар ҳақида ҳам шуни айтиш мумкин. Лаззат, роҳат олий неъмат эмаслиги тўғри, аммо роҳат умуман неъмат эмас, дейиш нотўғри.

Энди, фазилатларга келсак, бундай мушкул савол туғилади: маълумки, ақл ҳиссиётларни жиловлаб туради. (Босиқ, вазмин одамларда) ва аксинча, ҳиссиётлар ақлга бўйсунмаслиги, уни маҳв этиши мумкин (тийиқсиз, баднафс одамларда). Фараз қилайлик, кўнгилнинг ақлсиз қисми (гуноҳларни истовчи қисми – kakian) кўнгилнинг тўғри фикрловчи қисми (logos es diakeimehos)ни бўйсундиради;

ёки, айтайлик, ёмон йўлга бошловчи ақл (logos faulos diakeimenos – имом Ғаззолий буни нафси аммора, дейди) фазилатга эга бўлган ҳаққоний туйғуларни ўзига бўйсундиради, бу ҳолда ёмон йўлга бошловчи ақл фазилатли туйғудан ҳам ёвуз мақсадда фойдаланади. Оқибатда бемаънилик келиб чиқади.8787
  Тўғри, яъни эзгу ақлга мувофиқ келмайдиган, ёвузлик, ёмонлик учун ишлатиладиган фазилатни умуман фазилат деб бўлмайди. Инсоний майлларнинг логос (ақл) ва маънавий-ахлоқий фазилатлар билан боғлиқлиги Арасту фикрича, инсон табиати, жавҳаридан келиб чиққандир.


[Закрыть]

Бу мушкул саволни фазилат ҳақида юқорида айтганларимиздан фойдаланиб, қуйидагича ҳал этиш мумкин: аввалроқ эътироф этган, тўғри йўл кўрсатувчи ақл фазилатли туйғулар ҳаракати билан ҳамкор, ҳамоҳанг бўлганида фазилат пайдо бўлади. Ақл ва туйғуларнинг бундай ҳамоҳанглиги вақтида доимо ақл яхшиликларга буюради, тўғри, покиза туйғулар эса оқилона буйруқларга осон ва тез бўйсунаверади. Агар туйғулар покиза бўлсаю, уларга ҳукм ўтказаётган ақл йўлдан оздирувчи бўлса, фазилатга ўрин қолмайди. Чунки фазилат яхшиликка бошловчи ақл билан покиза туйғулардан келиб чиқади. Шунинг учун агар инсонда фазилат бўлса, уни ёвуз ниятда ишлатиш сира мумкин эмас.

Умуман олганда, баъзилар ўйлаганидек, фазилатнинг асоси, манбаи ва раҳнамоси – ақл эмас, балки, ta pathe – туйғулар фаолиятидир. Кўнгилда аввало гўзалликка, яхшиликка қандайдир ҳали англанмаган интилиш (hormen alogon) пайдо бўлади, шундан сўнг ақл ўз ҳукми билан интилишга йўл очиб беради. Бу ҳолни биз (беғубор) болаларда ва тилсиз жониворларда кузатишимиз мумкин: уларда ақл бўлмаса ҳам гўзалликка интилиш (kalon) бор. (Болалар улғайганда) ақл қўшилиб, гўзал ишларни бажаришга ёрдам беради. Аммо ақлнинг ўзида туғилган гўзалликка интилиш бошқачадир: бу ҳолда ақлга туйғулар унчалик бўйсунмайди ва қаршилик кўрсатади. Шунинг учун яхшилик ва фазилатнинг archei – асоси – ақл эмас, балки тўғри, покиза туйғулар ҳаракати (pathos ey diakeimenon) дир.

8. Бахт-саодат ҳақида гап борганида шулардан кейин энди тасодифий муваффақият – омад (eytykhias) нималигини кўриб чиқайлик. Оломон ўйлайдики, бахтли ҳаёт омадли ёки омадлар учраб турадиган ҳаётдир. Оломон ўзича ҳақдир, чунки омаддан келувчи, инсондан ташқаридаги ноз-неъматларсиз бахтли бўлиш қийин. Шунинг учун омад нима ўзи, том маънода омадли одам (haplos eytykhes) ким, қайси ҳолатларда, нимага нисбатан уни омадли деймиз? – каби саволларга жавоб излайлик.

Аввало, мушкуллик шунда туғиладики, яхшироқ ўйлаб кўрсак, ҳеч ким тасодифни табиий ҳолат демайди. Табиат деярли барча ҳолатларда бир хил тартибда ҳаракат қилади. Тасодифда эса тартиб йўқ, бехосдан иш кўради (hos etykhen). Бехосдан бўлгани учун ҳам тасодиф дейилади. Тасодифни ақлга ёки тўғри фикрлашга ўхшатиб бўлмайди; чунки ақл ва тўғри фикрлашда ҳам тартиб ва изчиллик бор. Ақл ва тўғри фикрлаш кўпроқ бўлган жойда тасодиф кам бўлади, аксинча, тасодифга кенг майдон бор жойда ақл ва тўғри фикрлашга ўрин кам бўлади. Эҳтимол, тасодифий муваффақият – омад «тангрилар»нинг аллақандай ғамхўрлиги (epimeleia) дир? Ё бундай эмасмикин? Биз эътироф этамизки, Тангри бу нарсаларнинг эгаси, у яхшилик ва ёмонликларни ҳар кимнинг қилмишига яраша тақсимлайди (бу ерда мушриклар замонида яшаган Арастунинг Тангрини бирликда айтишига эътибор беринг. – М.М.) Аммо тасодифлар ва уларнинг оқибатлари чиндан ҳам тасодифийдир. Биз мабодо Худони неъматларни тасодифан тақсимлайди, номуносиб одамларга ҳам бериб юборади, десак, Ҳақ таолони «ёмон» ва ноҳақ ҳакам» деб ўйлаётган бўламиз. Худои таолонинг ёмон ва ноҳақ бўлиши мумкин эмас (бундай ноҳақлик Унга ярашмайди). Аммо тасодиф, омадлар ҳақида бошқача ўйлаш ҳам қийин. Ақл, ҳисоб-китоб, илм-ҳунарлар тасодифий нарсалар эмас. Бошқа тарафдан Худои таоло раҳмати ва марҳаматини дуч келган, тасодифий одамларга раво кўрмайди. Раво кўрса, у Худога ўхшамайди. Ёмон одамларга яхшиликни раво кўриш Худога хос сифат эмас. Демак, омадга энг яқин турган нарса – табиат бўлиб қолади.

Омад ва тасодиф – мана шулар бизнинг ихтиёримизда эмас, биз буларга ҳукмимизни ўтказолмаймиз, уларни содир қилиш қўлимиздан келмайди (ёвуз ният билан, аввалдан уюштирилган сохта «тасодифлар» бундан мустасно. – М.М.). Шу туфайли, одил одамни адолатли иш қилгани учун, жасур одамни дадиллиги учун ва бошқа фазилатли одамларни ҳам омадли, демайдилар. Чунки бу фазилатларга эга бўлиш ёки бўлмаслик ўз ихтиёримиздадир. Қуйидаги нарсаларни омад дейишга кўпроқ ҳақлимиз: насл-насаби тоза, олижаноб одамни омадли дейиш мумкин, чунки насли тозалиги унинг ўзига боғлиқ эмас. Шунга ўхшаш, ўзига боғлиқ бўлмаган неъматларга эга бўлган бошқа одамларни ҳам омадли деймиз. Аммо бундай одамларнинг омади том маънода тасодифий (kurios – курйоз) эмас.

Омадли сўзи кўп маъноларни англатади: биров мўлжалидагидан яхшироқ нарсага эга бўлиб қолса ёки биров зарар кўраман, деган ишида фойда кўриб қолса – омадли деймиз.

Хуллас, ўзимиз кутмаган неъматга эга бўлиб қолсак ёки ёмонлик кутаётганимизда яхшилик кўрсак, бу ҳолатларни омад деймиз. Кутилмаган неъматларнинг келиб қолиши бахтли тасодифдир. Кутилган бало-қазога, фалокатга учрамай қолиш янада бахтли тасодифдир.

Демак, омад табиатнинг англанмаган ҳаракатидир. Табиат каби, одамлар ҳам, ўзлари яхши англамаган, аммо ўзлари билмаган ҳолда табиатларида бор яхшиликларга интилишдан (ly ekhomen) кайфияти чоғ, хурсанд бўлади. Ўзи билмай ё англамай яхшилик қилган одамдан: «Нима учун бундай иш (яхшилик) қилдинг, сенга ёқадими?» деб сўрасангиз, у: «Билмадим, лекин шу ишга дилим кетди, менга ҳам бир илҳом келиб қолди (enthoy siadzoisin – энтузиа-йадзойсин) деб жавоб беради. Илҳом оғушида иш қилувчи одамлар ўзлари англамаган ҳолда бирор яхшилик қилишга интиладилар (pratteinti).

Тасодифий кайфият, омаднинг сабаби ҳақида гапирганимизда бу нарсага яраша ном тополмаймиз, кўпинча сабаби фалон, деб қўя қоламиз. Аммо сабабнинг бўлиши омад тушунчасига бегонадир,8888
  Дирльмайер шарҳи: «Арасту бахтли тасодиф, омадни гоҳо «натижа» эмас, «сабаб» деса ҳам бу фикрини ойдинлаштириб, яна бундай дейди: «Омаднинг сабабкори – бизнинг фазилатимиз ва яхшиликка, неъматга интилишимиздир. Мабодо агар ёмонликдан яхшиликни афзал деб билмаганимизда бизга яхшилик қаёқдан келар эди? Шу маънода омад – сабаб эмас, натижадир».


[Закрыть]
негаки, биз айтаётган сабаб бошқа, омаднинг сабаби бошқадир. Шу маънода фалончи ўзи кутилмаган ҳолда неъматни қўлга киритиши ёки фалокатдан қутулиб қолишининг сабабини тасодифий муваффақият, яъни омад, дейдилар. Мана шу (иккинчи хил) омад аввалгисидан фарқланиб, қулай вазиятларнинг мос келиб қолишидан бўлади. Шу маънода бу ҳақиқий тасодиф эмас, балки маълум сабаб аралашган тасодиф, омаддир. Кутилмаган яхшилик – омад тасодифий бўлса-да, аммо бу омад инсон кўнглидаги яхшиликка пинҳоний интилиш билан боғлиқдир. Инсондан ташқаридаги неъматларсиз бахт-саодат бўлмас экан, тасодифан келган яхшилик, омад, ана шу бахтга интилишга ҳамкорлик, мададкорлик қилади (synergos). Омад ҳақида билганларимиз шудир.

9. Биз юқорида ҳар бир фазилат ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдик; энди турли қисмларни умумлаштириб, бирлаштириб, яхлит ҳолга келтиришимиз қолди. Шу маънода, баркамол фазилатларга эга бўлган, фозил одамнинг феълини ярашиқли ном билан – маънавий гўзаллик (kalokagathia) деб атайдилар.8989
  Анъанага кўра, kalokagatia – калокагатия (маънавий гўзаллик) ички, руҳий қадр-қимматнинг ташқи неъматлар билан қўшилишидир. Аммо Арасту бу фикрни яна теранлаштириб, инсонни ташқи неъматларга (бойлик, мансаб ва ҳоказоларга) эришганида ҳам айнитмайдиган фазилатлар соҳиби маънавий гўзалдир, дейди.


[Закрыть]
Баркамол, комил инсон (teleos spoydaios) ни маънавий гўзал одам, дейдилар. Маънавий гўзал деб, одамнинг фазилатларига қараб айтилади: адолатли, мард, оқил ва бошқа барча фазилатларга бой одамни маънавий гўзал инсон деймиз.

Яхшиликларни икки хилга бўлиб, баъзиларини гўзал, ажойиб (kala), баъзиларини яхши (agatha) деб атаймиз. Яхши нарсалардан баъзиларини асл деймиз. Фазилатлар ва хайрли нарсалар гўзал, ажойиб иш-амаллардир. Яхши нарсалар эса мансаб, бойлик шон-шуҳрат, шаън ва ҳоказолардир. Маънавий гўзал инсонда ажойиб, гўзал нарсалар (фазилатлар) ҳам, яхши нарсалар ҳам асл, табиийдир. Бундай одам ҳам яхши, ҳам гўзал инсондир (kalos kaiagathos). Асл, яхши нарсаларни ёмон кўрувчи одамлар маънавий гўзал инсон эмас, албатта. Бу гўё асл, фойдали нарсалар (таомлар) танасига ёқмайдиган одам соғ одам эмас, деганга ўхшайди. Бойлик ва мансаб кимгадир ёқмайди (яъни, бойлик ва мансаб уни бузади), бундай одам бойлик ва мансабни ёқтирмайди ва ўзига зарар келмайдиган нарсаларга эга бўлишни истайди. Бундай одам маънавий гўзал эмас.

(Изоҳ: Арастунинг бу фикри яхши одамларга нисбатан тўғри. Кўпчилик одамларга нисбатан нотўғридир. Кўпчилик одамлар бойлик, мансаб ва шу кабилар маънавий поклик учун хавфли эканини билиб туриб ёки билмасдан, бутун вужуди билан шуларга интиладилар. Бундай одамлар бойлик ва мансаб халққа яхшилик қилиш, яхшиларни рағбатлантириб, ёмонларни жазолаш учун керак эканлигини тушунмайдилар, аксинча, бу неъматлардан шахсий бойлик орттириш, одамлардан пора олиш, юлғичлик қилиш учун фойдаланишни кўзлайдилар ва оқибатда гуноҳларга ботадилар. – М.М.).

Бойлик ва мансаб каби неъматлардан айнимайдиган, яхшиликни биладиган одамлар маънавий гўзалдир.

10. Фазилатларга мувофиқ тўғрилик билан яшаш ҳақида юқорида гапирдик, аммо жуда кам гапирдик. Тўғри фикрга мос ҳаракат қилиш (kata ton arthon logon – кататон ортон логон)ни тўғри яшаш, дедик.9090
  I китобнинг 34-бобига қаранг. Арасту бу ерда «Мувофиқлик» ва «биргалик» сўзларининг фарқига эътибор бермайди. Уламолар сезганидек, Арасту кўпинча ўзи ихтиро қилган техник терминларга унчалик эътибор бермайди. (Кенни А. Аристотель этикаси. Оксфорд, 1978, саҳ. 220).


[Закрыть]
Аммо бунинг нималигини билмайдиган одамларда савол туғилади: тўғри фикрга мос ҳаракат қилиш нима, (қандай қилиб) қаерда тўғри фикрлаш мумкин?

(Жавоб) Кўнгилнинг ақл юритмайдиган қисми (alogon) кўнгилнинг ақлли қисми (logistikon) ҳаракатларига халақит бермаса; ҳаракатларимиз тўғри фикрлашга мос келса (тил билан дил мувофиқ бўлса) тўғри (фикрлаб) яшаш мумкин.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации