Читать книгу "Ахлоқи кабир"
Автор книги: Аристотель
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
…Жисмоний фазилатлар: бадан соғломлиги, баданни турли касалликлардан асраш. Баъзи узоқ яшовчи одамларга, масалан Геродик муолажа қилган одамларга бошқалар ҳавас қилмайдилар. (Гиппократнинг шогирди, Мегарали Геродик касалларни гимнастика билан «даволаб» умрини чўзар экану, дардига даво қилмас экан – А.А.Тахо – Ҳоди изоҳи.)
– Гўзалликка келсак, – дейди Арасту, – бу фазилат турли ёшдаги одамларда турличадир. Ўсмирлар, ёшлар югуриш, тош кўтариш ёки бошқа қийин машғулотлар билан хушқомат ва кучли, чайир гавдали бўлса – гўзал ҳисобланади. Айниқса, пентатл (беш кураш, югуриш, сакраш, кураш тушиш, диск улоқтириш ва найза отиш) билан шуғулланган атлётларнинг гавдаси гўзалдир, чунки улар гавдасини ҳар жиҳатдан чиниқтирганлар.
Етук ёшдаги одамларнинг танаси ҳарбий машаққатларга чидамли, хушқомат, савлатли (виқорли) бўлса гўзалдир. Қариялар агар тирикчилик учун зарур юмушларни ўзи бажаролса, мункиллаб, касал бўлиб ётиб қолмаса – гўзал ҳисобланади. Бақувват деб, бошқа нарсалар ёки одамларни ўз ихтиёри билан ҳаракатга келтира оладиган одамни айтамиз. Бу эса (оғирроқ) нарса ёки одамни жойидан жилдириш, туртиш, қисиш ва ҳоказоларда кўринади. Кучли одам шуларнинг барчасида ёки баъзиларида моҳир бўлиши мумкин. Паҳлавон деб, бошқаларга нисбатан бўйдор, чайир, кенг яғринли – елкали одамни айтамиз. Аммо, бу сифатлар унинг чаққонлигига халақит бермаслиги керак.
…Яхши қариш деб, анча ёшларгача қаригани билинмайдиган, дард чекмайдиган (соғлом) одамни айтамиз. Агар тез қариса ёки секин қариганида ҳам кўп дард тортса, кўп жойлари оғриса – бахтли қариш эмас, албатта. Яхши қариш аслида одамнинг ўз феъл-атворига (хушчақчақ, очиқ чеҳрали, салга асабийлашмайдиган, покиза ва яхшилик билан яшашга) ҳам боғлиқдир. (Исломий ахлоқ-одобда ҳам покиза, яхшилик билан яшайдиган одамларга узоқ умр ваъда қилинади. – М.М.) Яхши қариш одамнинг толеига, тақдирига ҳам боғлиқ. Кўп ғам, кулфат бошига тушган одамлар тез қариши ҳам табиийдир. (Бунда кучли ё соғлом одам ҳам тез қариши мумкин.)
Полифилия – одамнинг дўстлари кўп бўлиши ёки христофилия – яхши дўстлари бўлиши яхши албатта. Чунки, дўстлик – ўзига раво кўрадиган яхшиликларни ўзгаларга (яъни дўстларига) ҳам раво кўришдир. Бунда бошқа одамга қилинадиган яхшилик шу одамни яхши кўриш, ҳурмат қилиш юзасидан бўлади. (Исломий хулқ-одобга кўра, дўстларга яхшилик қилувчилардан Аллоҳ таоло ризо бўлади ва мукофотлайди.)
Омад (yevtuhia) деб, барча неъматларни ёки улардан баъзиларини кутилмаганда қўлга киритишни айтамиз. Бу ҳолатнинг ҳам сабаблари бор, аммо ўша сабабларни инсон ақл-идроки англаши мушкулроқдир. Тасодифий муваффақиятлар – омадга ҳам одамнинг бирор ишга сабаб бўлиши мумкин. Аммо, гоҳо шу соҳада маҳоратсиз одамга ҳам омад келиши мумкин. (Баъзилар билимсиз бўлса, олий ўқув юртига кириб олишни омад ҳисоблайдилар, аммо бу омад эмас, балки тасодиф сабаблидир.) Аммо, гўзал қад-қоматли бўлиш омади одамнинг маҳорати ёки мол-дунё сарфлашига боғлиқ эмас, балки табиат инъоми, илоҳий неъматдир. Кўпинча, тасодифий бахтга эришув, омад бошқаларда ҳасад уйғотади. Мисол учун, бир оилада барча ака-укалар хунук, биттаси чиройли. («Таврот» ва «Қуръон»да келтирилган Юсуф алайҳиссалом ва унинг оғалари каби.) Ёки хазинани бошқалар топмасдан, бир одам топиши. Ёхуд уруш вақтида ўқ бошқаларга тегиб, бир одамга тегмай қолиши – тасодифий омадлардир.
Арастунинг бадиий-эстетик қарашлари «Риторика» I китобининг 9-фаслида ҳам равшан ифодасини топган. Бу ерда донишманд эпидейктив (тарбиявий) нутқ сўзловчи нотиқ билиши зарур бўлган ажиблик, эзгулик, гўзаллик, инсоний фазилатлар ва унинг турли даражалари, мақтовли қилмишлари ҳақида фикр юритади. Арасту шу фаслда ажойиблик, баркамоллик, гўзалликнинг бундай таърифини беради: «Гўзаллик (грекча to kalon) ўзича ёқимли, мафтункор бўлиш билан бирга, яна мақтовга лойиқдир, ёки ўзича табиий неъмат (agatos) бўлгани учун ҳам ёқимли бўлади. Гўзаллик тушунчасининг маъноси шундай экан, демак инсон учун фазл – фазилат (aretes) ҳам гўзаллик ва неъмат, эзгуликдир. Фазилат ҳам (илоҳий неъмат сифатида) мақталади. Агар инсонда фазилатлар фозиллик бўлса, шу неъмат орқали у бошқа неъматларни ҳам қўлга кирита олади. Арасту фикрича, фазилатлар, қуйидаги хислатлардан ташкил топади: адолат, яъни одиллик, беғаразлик, самимият мардлик, оқиллик, саховат, олижаноблик, меҳр-шафқат, мулойимлик (аёллар учун), донишмандлик, оғир-босиқлик (вазминлик, виқор). Бу фазилатларнинг баъзилари, масалан, жасурлик – уруш вақтида, адолат эса ҳам уруш, ҳам тинчлик вақтида зарур. Бағри кенг (ҳимматли, феъли кенг) одам пул учун ўзини пастга урмайди; ҳолбуки, кўпчилик назари паст одамлар пул учун одамгарчиликдан кечадилар. Арасту фикрича, адолатли давлатда фуқароларнинг инсоний фазилатлари қонунларда ҳам мақтовли деб белгилаб қўйилади ва бунинг зидди – иллатлари – алдов, бахиллик, жабр-зулм, очкўзлик, таъмагирлик, мунофиқлик, юлғичлик ва бошқа тубан хислатлар қонунларда ҳам қораланади. Барча хислатларда, айниқса фойда-манфаат излашда, роҳатланишда ёки ғазабланишда, шодлик ва қайғуда ҳаддан ошмаслик, ўртачалик, меъёрни билиш ҳам – фазилат ҳисобланади. (Грекча ва русчада қўлланадиган «олтин меъёр» жисмоний ҳаракат ва руҳий ҳолатларда ҳаддан ошмаслик – олтин меъёр доимо қадрланади.)
Арасту «Риторика»нинг I китобидаги 9-фаслда воқелик, ҳаётнинг турли-туман соҳаларида нима гўзал ва нима хунук, тубан эканлиги ҳақида кенг, теран фикрлайди, бу фикрларини фалсафий асослайди. Арасту фикрича, бағри кенглик, саховат, ҳиммат одамларга чин дилдан, беғараз пул ва мол билан ёрдам беришдир. Бахиллик ва хасислик – бунинг тескарисидир. Олижаноблик, олиҳимматлик (medaeopsehia) – буюк даражада хайр-саховатлар қилишдир. Пасткашлик, майдалик (mikropsyhia) – бунинг тескарисидир. Оқилона, ўйлаб иш қилиш (phrоnesis) интеллектуал фазилат бўлиб, у юқоридаги ишларда меъёрни сақлашга ёрдам беради.
Устози Афлотуннинг фикрларини ривожлантириб, Арасту айтадики, фазилатларнинг ўзи ҳам, шу фазилатлардан келиб чиқувчи иш-ҳаракат, қилмишлар ҳам гўзалдир. Жасурлик фазилати гўзал, айни вақтда жасурлик билан битказилган иш ҳам гўзалдир. Адолат, одиллик фазилати гўзал, айни вақтда одиллик билан ҳал этилган иш ҳам гўзалдир. Бировларга ўз фойдасини кўзлаб яхшилик қилиш ҳам дуруст, лекин ўз фойдасини кўзламай, холисона (исломий фалсафада – холисанлиллоҳ) қилинган яхшиликлар гўзалдир. Ўзи учун эмас, ўзгалар манфаатини ўйлаб яхшилик қилиш гўзалдир. Баъзи одамлар ўз роҳатини кўзлаб, бирор уят иш қилишни ният қилсаю, лекин уялиб, ўша ёмон ишни қилмаса, ўзини шармандаликдан асрай олса, бу ҳам гўзалдир. Бошқалар фойдасига беғараз, фақат шоншуҳрат топиш учун улуғ ишлар қилиш ҳам гўзалдир. Ватанга ёмонлик қилган, халққа зарар етказган душманлардан қасос олиш ҳам гўзал, чунки, қасос олинмаса, шармандаликка рози бўлиш демакдир. Бизнингча, Арасту бу ерда Ҳомер «Илиада»сида Спарта шоҳи Менелайнинг ёш ва гўзал хотини Еленани олиб қочган трояликлардан қасос олиш учун жанг қилган барча қаҳрамонларни айтмоқчидир.
Шундан сўнг Арасту барча замонлар ва барча инсонлар учун қимматли бўлган абадий қадриятлар ҳисобланувчи гўзалликлардан ташқари, вақти, ўрни, ҳолатига қараб, баҳоланадиган, ўзгарувчан гўзалликлар ҳам бўлиши мумкинлигини эслатади. Арасту фикрича, моддий манфаат кўзланмайдиган ва барча халқлар ҳурмат қиладиган ишлар ҳам гўзалдир. Юнонларда тирикчилик учун фойда келтирмайдиган мол-мулк гўзал ҳисобланган. (Бизнингча, Арасту бу ерда аслзодаларнинг уйларидаги чиройли айвонлар, нақшинкор устунлар, барельеф, сурат ва ҳайкаллар, чиройли ва жўшқин фаввораларни, хуллас, моддий фойда келтирмаса ҳам, завқлантирувчи, руҳни бойитувчи санъат асарларини ҳамда хушманзара ўрмон ва боғларни айтаётган бўлса керак.) Арасту «Риторика» асарида қадимги адабиёт ва фалсафада биринчилар қаторида жамият тинчлиги, осойишталигига зарар келтирувчи, адолатсиз, ноҳақ ишлар қилувчи одамларнинг руҳий олами таҳлилини берган. Арасту психоанализ асосчиларидан биридир.
Нотиқнинг мақсади жиноят ёки бирор ножўя ишнинг содир этилганлигини фош этиш бўлса, айбдорнинг бирор жиноий ишни қандай ният-мақсад билан қилганини яхши ўрганиб, билиши зарур, – дейди Арасту. Унинг фикрича, нотиқлик санъатининг энг муҳим вазифаси, мақсади – адолатсиз, ноҳақ ишлар қайси сабабга (ёки сабабларга) кўра қилинганини билиш учун инсон руҳиятидаги интилишларни, майл-истакларни яхши билиш учун моҳир руҳшунос ҳам бўлиши зарур. Арасту фикрича, халққа зарар келтирувчи ноҳақ ишларни бундай таснифлаш, турларга ажратиш мумкин.
I. Тасодифий қилмишлар ва эҳтиёж сабабли, пухта ўйланган қилмишлар. (Тасодифий қилмиш жазоси енгилроқ.)
II. Пухта ўйланган, эҳтиёж сабабли қилмишлар икки турли:
1. Мажбурий, бировнинг зўрлаши билан қилинган ёмонликлар.
2. Ўз табиатига кўра, ихтиёрий қилмишлар.
Жамият ҳаётида адолатсиз, ноҳақ ишларнинг жуда кўп қисми инсонларнинг ихтиёрий, табиатидаги майл-истаклар (иллатлар) билан боғлиқдир.
Инсон табиий майл-истаклари ҳам икки хил:
1. Оқилона, майл-истаклар.
2. Ақлга зид (жамият учун зарарли) майл-истаклар.
Оқилона майл-истакларга қуйидагилар киради:
1. Соғлиқни яхшилаш учун куч-қувватли бўлиш.
2. Имкони етганича тоза таомларни ейиш.
3. Маълум миқдорда мол-мулкли бўлиш.
4. Оила қуриб, фарзандларга эга бўлиш.
5. Ота-онага, яқинларга моддий ва маънавий ёрдам бериш.
6. Яхши дўстлар орттириш.
7. Истеъдоди, меҳнати билан обрў, шуҳрат қозониш ва бошқалар.
Арасту фикрича, ақлга зид майл-истаклар қуйидагичадир:
1. Ихтиёрий ёмонлик қилиш.
2. Табиий эҳтиёжи сабабли уят ишлар қилиш.
3. Бировларнинг (кўпинча катталар, хўжайинларнинг) зўрлаши билан бировларга ёмонлик қилиш.
4. Ўз одатига кўра ёмонлик қилиш.
5. Бировларнинг ёмон фикрига қўшилиб иш қилиш.
6. Жаҳл-ғазаб устида ёмонлик қилиш.
7. Эҳтирослар (тубан эҳтирослар)га берилиб, ёмонлик қилиш.
Арасту ноҳақ иш қилувчиларнинг руҳиятини шу қадар теран, чуқур таҳлил қиладики, (психоанализ) бу ҳақдаги фикрлари келгуси асрларда яшаган руҳшунослар учун ҳам қимматли илмий манба сифатида хизмат қилади.
Баъзиларнинг фалончи ёшлик қилиб, шу хатога йўл қўйди, аслида у ёшлиги сабабли эмас, жаҳл-ғазаб ва эҳтирослари туфайли ёмонлик қилади. Камбағаллар бой бўлай деб, бойлар айш-ишратда яшай деб, ноҳақ ишларга, жиноятларга қўл урадилар. Барча хатти-ҳаракатларда, қилмишларда меъёрни унутиш, ҳаддан ошиш ёмон оқибатларга олиб келади. Адолатсиз, такаббур, мақтанчоқ, номард, жоҳил бойлар меъёрга ҳам, қонунга ҳам беписанд қарайдилар. Барча ишларни ўзлари ишламай топган пул, бойлик билан битиришга интиладилар.
«Риторика»нинг II китобида Арасту уч турли нутқларда ҳам (кенгашув нутқи, суд нутқи, сафарбар этувчи ва тарбияловчи нутқ) нотиқ халқда (тингловчиларда) ўз сўзларига ишонч уйғотиши зарурлиги ҳақида, қайси усуллар билан ишонч уйғотиш мумкинлиги тўғрисида фикр юритади. Арасту нотиқнинг ҳақиқатни ҳимоя қилишда холислиги, беғаразлиги, ўз фойдасини эмас, давлат ва халқ манфаатини кўзлаб гапириши зарурлигини уқтирган ҳолда, нотиқ ўз тингловчиларининг руҳиятини яхши билган ҳолда уларнинг эҳтиросларини уйғотиш зарурлигини ҳам тушунтиради.
Нотиқ бирор мансабга номуносиб одам ҳақида гапираётганида у одамнинг тубан қилмишларини исботлаб, тингловчиларнинг ўша одамга нисбатан қаҳр-ғазабини уйғотиши керак бўлади. Бунга эришиш учун нотиқ ҳам холис ва эҳтирос билан сўзлаши зарур. Лекин жаҳл-ғазаб устида қилинган ножўя ишларнинг сабаби бошқа, нотиқнинг тингловчиларда ёвуз ва олчоқ одамнинг ножўя ишларига адолатли қаҳр-ғазаб уйғотиш бошқадир.
Арасту фикрича, адолатсиз, хунук, ноҳақ ишларнинг кўпчилиги бировларни менсимасликдан келиб чиқади. У, менсимасликнинг (русча – пренебрежение) уч турини кўрсатади: жирканиш, аҳмоқлик, ҳақорат қилиш. (Лекин буларнинг ҳам кўпгина сабаблари бор.)
7-фаслда Арасту хайрли ишлар ва кимларга хайр-эҳсон қилиш, 8-фаслда кимларга ҳамдардлик, меҳр-мурувват кўрсатиш, меҳр-шафқатга кимлар муҳтожлигини айтади.
Арасту «Поэтика» асарида трагедиянинг мазмуни ва қаҳрамон характери ҳақида фикр юритиб, ёмон қаҳрамонлар эмас, балки айрим камчиликлари бўлган софдил, олижаноб, яхши одамларнинг фожиага учраши томошабинларда ҳамдардлик уйғотишини айтиб, трагедиянинг инсонларни ҳамдардлик орқали поклаш (katarsis) назариясини баён қилган эди. Аслида ҳам яхши одамларнинг бошига қайғу, кулфат, мусибат ёғилганида ҳамдардлик билдириш (баъзан ёмонларга ҳам) софдил, олижаноб, яхши инсонларга хос хислатдир.
Баъзан эса, фожиалар ёмон одамларнинг ҳам кўзини очиши, хушига келтириши мумкин. 9-фаслда – нафрат ва унга сазовор одамлар, 10-фаслда – ҳасадгўйлик ва бунинг сабаблари, 11-фаслда – рақобат ва мусобақа, 12-фаслда – ёшлар табиати, характерига хос хусусиятлар, 13-фаслда – қарияларга хос характер хусусиятлари, 14-фаслда – етук ёшдагиларнинг характери, 15-фаслда – насл-насабли аслзодаларнинг характери, 16-фаслда – бадавлат одамларнинг характерли хислатлари, 17-фаслда – куч-қудрат, ҳокимият эгаларининг характерига хос хусусиятлар, 18-фаслда – уч турли нутқ сўзловчилар нималарга эътибор бериши зарурлиги, 19-фаслда – воқеаларнинг бўлиши мумкинлиги ва мумкин эмаслиги (имкон ва имконсизлик эҳтимоли) ҳақидаги масалаларни кўриб чиқади.
Иккинчи китобнинг 19-фаслида Арасту бир эмас, кўп масалаларни ўртага қўяди. Булар ҳам санъатга, ҳам фалсафага алоқадор масалалардир. Арасту баъзи шоирларнинг фикрларига асосланиб, воқеаларнинг содир бўлиши ёки бўлмаслиги эҳтимоли ҳақида сўзлаётганида нотиқ буни аниқлаш учун воқеани содир қилган ёки содир қилиш эҳтимоли бўлган одамларнинг табиати хусусиятларидан келиб чиқиши зарурлигини айтади.
Арасту «Поэтика» асарида ҳам воқеа ва характерлар, уларнинг қилмишлари ҳақида гапирганида бу масалага жиддий эътибор берган эди. У «Поэтика»нинг XXV бобида поэзияга қарши эътирозлар ва уларга раддиялар ҳақида бундай ёзади: «Модомики, шоир (мусаввир ёки бошқа тасвирловчи, санъаткор) ҳаётни акс эттирар экан, у муқаррар равишда қуйидаги уч ҳолатдан бирини: (1) ҳаёт қандай бўлса, шундайлигича, (2) ё одамлар айтаётган ва тасаввур қилганича, (3) ё ҳаётнинг қандай бўлиши кераклигини тасвирлаши керак бўлади».204204
Арасту. Поэтика. Ахлоқи кабир. – Т.: «Янги аср авлоди», 2004, 59-бет.
[Закрыть]
Арасту «Поэтика»нинг бундан аввалги (XXIV) бобида шоир ҳаётда йўқ, бўлмайдиган нарсаларни ҳам худди бўлгандай қилиб тасвирлаши мумкинлигини айтган эди. «Умуман, ғаройиб, аммо эҳтимол тутилган нарса, ишонарсиз бор нарсадан кўра ҳақиқатга яқинроқдир».205205
Ўша китоб. 58-бет.
[Закрыть]
Лекин, шунга қарамай, Арасту санъатдаги реализм, ҳаққонийликни ёқлаб, бундай дейди: «Ҳикояларда (асар сюжетида) тасаввур қилиб бўлмайдиган нарсалар бўлмагани яхши, агар бўлса ҳам, улар мазкур ривоятдан ташқарида қолсин».
Қуйироқда Арасту бу фикрини янада ойдинлаштиради: «Шоир ҳаётда қандай бўлса, шундай тасвирламабди, деган таънага эътироз билдириб, шуни айтиш мумкинки, шоир ҳаётда қандай бўлиши кераклигини ҳам тасвирлайди. Софоклнинг айтишича, у одамларни қандай бўлиши керак бўлса, шундай тасвирлади. (Бу фикр Эсхилга ҳам тааллуқли) Эврипид эса, одамлар ҳаётда қандай бўлса, шундай тасвирлади».
Аристофан «Қурбақалар» комедиясида нариги дунёда (Аид салтанатида) Эсхил билан Эврипиднинг худди шу масалада баҳслашганларини тасвирлайди ва Арасту айтган Эсхилнинг йўлини (идеал қаҳрамонлар тасвирини) – юксакроқ санъат деб, хулоса қилади.
Арасту «Риторика»нинг II китобидаги шу 19-фаслда Альберт Эйнштейндан 2400 йил аввал эҳтимоллик, нисбийлик назариясининг ҳам тамал тошини қўйган. У ёзади: «Охири бўлган нарсанинг бошланиши ҳам бўлади. Чунки ҳамма воқеа-ҳодисанинг бошланиши бор. Давоми бор (мавжуд ёки янги вужудга келаётган) нарсаларнинг аввалги қисми ҳам бўлади… Санъат ва фанларнинг мавзуи бўладиган воқеа-ҳодиса бўлган, бўлаётган ва энди (бундан кейин) бўлиши мумкин. Қисмлари бор нарсанинг бутуни ҳам бордир».206206
Античние риторики. М.: Изд. МГУ, 1978. Стр. 102.
[Закрыть] Шу орада Арасту мантиқ илми фалсафасини санъатга ҳам татбиқ этиши қизиқарлидир. У, жинс (род) ва тур (вид) ҳақида гапириб: «Агар жинс (масалан, одам), ҳайвонлар, қушлар ҳам бўлади. Агар турлар бўлса (масалан, одамлар, ҳайвон ва қушлар) бўлса, уларнинг жинси (жониворлар) ҳам бўлади. Кемалар бор экан, триера (уч қатор эшкакли кемалар) ҳам бўлади. Триера бор экан, кема ҳам бўлади. Ўзаро боғлиқ бўлган икки нарсадан бири бор экан, иккинчиси ҳам бўлади… Ва агар бирор нарсани санъат, ҳунар ва тайёргарликсиз ясаш мумкин бўлса, у нарсани санъат, ҳунар ва тайёргарлик билан ясаш янада мумкинроқ (осонроқ) бўлади». Шу маънода трагедиянавис Агафон асарида бундай дейилади:
Арасту яна айтадики, табиатда кам учрайдиган нодир нарсалар бўлиши мумкин бўлса, кўп учрайдиган нарсаларнинг борлик эҳтимоли кўпроқдир.
Ҳаво очиқлигидан кўра, ҳаво булутли бўлса, ёмғир ёғиш эҳтимоли кўпроқдир. Бу фикрлардан шундай хулоса чиқадики, нотиқ ўз фикрини исботлаш вақтида эҳтимоллик даражаларини ҳам яхши билиши зарур.
Арасту «Риторика» II китобининг 20-фаслида нотиқ сўзлаётганида ўз фикрини исботлаш учун ҳаётий мисоллар, ўхшатишлар, Эзоп ва бошқаларнинг масал ва ривоятларидан фойдаланиши яхши самара беришини айтади ва ўзи ҳам намуна учун шундай масал ва ўхшатишлардан бир нечтасини келтиради. Кейинги, 21-фаслда Арасту афоризм – ҳикматли сўзлар (доноларнинг айтганлари) билан риторик силлогизм ёки энтимема (яъни, чиройли далил) ўртасидаги фарқни кўрсатади, 23-фаслда топлар – баҳсда рақибининг айбловига қарши қўлланилладиган рад этиш далиллари (Арасту бу ҳақда махсус «Топика» асарини ёзган, Форобий шарҳида арабий қилиб «Тубика» дейилган) ҳақида фикр юритади. Шу фаслда Арасту бизнинг замонамизгача етиб келмаган бир қанча трагедиялардан мисоллар келтиради (Масалан, нотиқ ва трагедиянавислардан Теодект. У Исократ, Афлотун ва Арастунинг шогирди, 50 та трагедия ёзган, «Алкмеон», «Аякс», «Орест» ва бошқалар – А.А. Тахо – Ҳоди изоҳи.). Шу ерда Арасту яна яхши топлардан бири сифатида нотиқ Алкидамантнинг донишмандлар ва шоирларни барча халқлар иззат-ҳурмат қилишини исботловчи қуйидаги топи – исботловчи жумласини келтиради:
«Паросликлар Архилоҳни, бу шоир чақимчи бўлса ҳам, Ҳиос аҳли Ҳомерни, у ватандоши бўлмаса ҳам, Митилена аҳли, Саффони у аёл бўлса ҳам ҳурматини жойига қўярдилар, Лакедемон аҳли Хилонни, Италия аҳли – Пифагорни Ҳеронтлар – оқсоқоллар кенгашига сайладилар Лампсак аҳли Анаксагор вафот этганда ўз ватандоши бўлмаса ҳам иззат-ҳурмат билан дафн қилган эдилар, уни ҳозир ҳам эъзозлайдилар…» Афиналиклар бир вақтлар Солон қонунларига риоя этганларида, Лакедемон (Спарта) аҳли Ликург қонунларига амал қилиб турганларида, Фива аҳли файласуфлар давлат раҳбари бўлиб турганда бахтиёр, осойишта яшаган эдилар. Арасту яна Периклнинг замондоши, Кипр-Қибрис давлатининг маърифатли подшоҳи Евагорни мақтаб нутқ ёзган Исократнинг маҳоратини эслатади. Яна Исократнинг Тесей давридаги Еленани ва Александр – Парис олиб қочган Спарта маликаси Еленани оқлаб, ёзганини эслатади.208208
Буюк нотиқ Исократ ўз ватандоши, машҳур Демосфен каби, Македониялик Филипп ва Искандар истилочилигини кескин қоралайди. Херонеяда (Плутарх ватани) Македония греклар устидан ғалаба қозонганида (мил.авв. 338) Исократ заҳар ичиб ўлган.
[Закрыть] (Ҳомер «Илиада»сида Троя оқсоқоллари бундай аёл номуси учун уруш бошлаш айб эмас, деган фикрга келадилар.) Яна бир ўринда Арасту ўз сабоқдоши ва шогирди, трагедиянавис Теодектнинг Суқрот ҳақидаги нутқини мақтайди. Исократнинг истеъдодли шогирди моҳир нотиқ Каллип ҳам олтин гулчамбар билан тақдирланган. Унинг яна бир шогирди Эфор – адабий танқидчи, жаҳон халқлари тарихчиси эди.
Арасту II китобнинг 25-фаслида рақибнинг силлогизмларини қарама-қарши фикр айтиб, йўққа чиқариш ҳақида ёзар экан, бунинг учун ҳаётни, тарих ва адабиётни чуқур билиш зарурлигини айтади. Ҳақиқат билан ҳақиқатга яқин фикрларнинг фарқини кўрсатади. (Ҳақиқат доимо тўғрилик, ҳақиқатга яқин нарсалар эса баъзи ҳолларда тўғри, чиқишини англатади.)
Арасту «Риторика»сининг III китоби асосан риторик ва поэтик услуб масалаларига бағишланган. У, риторика санъати (хитоба), нотиқликда энг муҳими уч масалани ҳал этиш зарурлигини айтади:
1. Тингловчиларни ишонтириш усулларини қаердан олиш, ўрганиш масаласи. Булар ҳақида I ва II китобда айтилди.
2. Нутқ услуби масалалари (lexis). Бу энди кенгроқ кўриб чиқилади.
3. Нутқ қисмларини қандай қуриш масаласи.209209
Античные риторики. М., Изд. МГУ, 1978, стр. 127.
[Закрыть]
Арасту 1-масаланинг хулосасини такрорлайди. Тингловчиларни ишонтиришнинг ҳам уч манбаи бор.
1. Нотиқ айтган ҳолатни тингловчилар ҳам бошидан кечирган бўлса, ўша фикрга ишонадилар.
2. Тингловчи нотиқнинг софдиллигини, маънавий етуклигини билганларида.
3. (Қонунга мувофиқ) нотиқ хулосаси исботлаб берилганида.210210
Ўша жойда.
[Закрыть]
4. Услуб ҳақида. Қандай усулда ва оҳангда гапирилади? Бунинг ҳам уч шарти бор. 1. Табиий тартибга кўра энг муҳим масалани биринчи ўринга чиқариш. 2. Шу масалага доир фикрларни қай тартибда қисмларга бўлиб жойлаштириш (Аввал нимани, ундан кейин нималарни гапириш). 3. Декламация – ижро масаласи. Арасту фикрича, трагедия ва рапсодия (достон айтишга) воқеа, ҳаракат киритилмаган, авваллари фақат шоирлар, рапсодлар воқеани баён қилар эдилар (Кейинроқ бир, икки, уч актёр ва хор ижрочилари қўшилди). Асарни бир одам (шоир, достончи – рапсод) ижро этганида турли қаҳрамонларнинг характерини кўрсатиш учун шоир ёки рапсод (актёр каби) овозини турлича қилиб ўзгартириши зарур эди. Айниқса, эҳтиросли саҳналарда. Шоир, рапсод қаҳрамонларнинг ҳолатига мувофиқ гоҳ баланд овозда, гоҳ секин, гоҳ қичқириб, гоҳ ўртача овоз билан ижро қилиши, ритмни ҳам акс эттириши керак эди. Кейинроқ буларни актёрлар ижро эта бошладилар.
Арасту айтишича, драматик, трагик поэзия энди туғилаётганида актёрларнинг обрўси асарни ёзган шоирга нисбатан баландроқ эди, сиёсий баҳсларда ҳам давлат арбобидан кўра нотиқларнинг обрўси баландроқ эди. Арасту маданиятсиз, ривожланмаган ёки айниган давлатларда шундай бўлади, деб шоирдан актёрни баланд қўйишни қоралайди.
Асар мазмунига нисбатан услуб ва усулларнинг биринчи ўринга қўйилиши ҳам худди шу сабаблидир, дейди Арасту. У, шу ҳолатни қоралаб, бадиий асарнинг мазмуни бирламчидир, бу мазмунни турлича усул ва оҳангларда айтишни муҳим деб билиш тингловчиларнинг савияси пастлигидандир, дейди. Аниқ фанларда, масалан, геометрияда секин ё тез, ёки турлича овозда ва услубда айтишнинг сира аҳамияти йўқ. Шу ҳақда Фрасимах211211
Фрасимах – Суқротнинг баҳсдаги рақиби, Афлотун диалогларининг қаҳрамонларидан бири.
[Закрыть] «Ҳамдардлик уйғотиш» асарида тўхталиб ўтган. Ҳолбуки, актёр табиатан, туғма истеъдодли бўлиши керак. Истеъдодли актёр маҳорати техникага (турли усулларни ўрганишга) муҳтож эмас. Нутқ услуби ва усуллари эса техника соҳасидир. Нутқ услуби, техникасини яхши билган нотиқлар шон-шуҳрат гулчамбарини олиб кетишлари шу сабаблидир. Ёзма нутқда ҳам мазмунга, фикрга нисбатан услуб гўзаллиги биринчи ўринга қўйилмоқда.
«Шоирлар, табиийки, бу соҳада анча илгарилаб кетдилар, – дейди Арасту. – Сўзлар нарсаларнинг хусусиятига тақлид қилади. Санъатлардан рапсодия (достончилик, куйлаб айтиш, драматик санъат ва бошқалар шу тариқа вужудга келган. Шоирлар оддий нарсаларни ҳам шоирона ифодалаб, ўз услуби билан шон-шуҳрат қозонгач, (нотиқлар) аввало шоирона услуб (поэтик стиль)ни ижод қилдилар. Масалан, Горгий шундай қилади.212212
Горгий – машҳур ритор, Сицилиянинг Леонтин шаҳридан, софистика асосчиларидан бири (мил. авв. 483–375), эллик беш ёшида Афинага келган. Афлотуннинг «Горгий» диалоги бор.
[Закрыть] Ҳозир ҳам кўпчилик саводсиз одамлар шу услубни (шоирона услубни) нафис деб ўйлайдилар. Аслида ундай эмас». Арасту шеъриятдаги нафислик билан нотиқ нутқидаги нафислик бошқа-бошқа нарсалар эканлигини тушунтиради, «Ҳозир ҳатто трагедия ижодкорлари ҳам нафис сўзлардан, гексаметрдан воз кечиб, жонли тилга яқин ямб вазнида ёзмоқдалар». Ҳозирги шоирлар, дейди Арасту, ўзлари илгари қўллаган (баландпарвоз) ифодаларни жонли тилга яроқсиз деб ишлатмай қўйдилар. Қадимги юнон маданияти заршуноси, атоқли филолог олима А.А. Тахо-Ҳоди «Риторика»га ёзган изоҳларида билдиришича, қадимги шоирлар гексаметр вазнини ташкил этувчи «дактил-спонда» ритм шаклининг «муҳим», «тантанавор», «улуғвор» турларини, трохей вазнининг «даҳшатли» ва «қўрқинчли» турларини, ямбнинг тезлиги ва шиддатли эканлигини фарқлаб кўрсатганлар. Шарқ халқларининг диний эътиқодини юнонлар ўзлаштирганидан сўнг «Илоҳларнинг Буюк Онаси – Кибела-Ҳубални шарафлаш учун айтиладиган қасида – пеонларнинг ғайрат-шижоат уйғотишини айтганлар. Арасту шоирлар фойдаланмай қўйган баландпарвоз вазнда ёзиш ҳозир кулгини қистатади», дейди.
Шу мулоҳазалардан сўнг Арасту услубнинг энг муҳим хусусиятлари эндиликда шоирона (жимжимадор) ёзиш эмас, балки фикр аниқлиги, равшан, тушунарли бўлиши зарурлигини айтади: «Нутқ услуби юксак ҳам эмас, тубан ҳам эмас, нутқ мазмунига мувофиқ бўлиши керак».
Арасту фикрича, «нутқда қўлланадиган отлар-исмлар ва феъллар халқона бўлса яхши. Бу лардан бошқача отлар-исмлар ҳақида поэтик санъат ҳақидаги асарларимизда айтиб ўтганмиз». Бу фикр «Поэтика»нинг 21–11-фаслларига тааллуқли. 21-Фаслда Арасту кенг қўлланадиган ва ноёб сўзлар ҳақида гапиради. Лекин, бир сўз баъзи одамлар орасида кенг қўлланилиши, бошқа одамлар орасида кам қўлланилиши мумкин. Ноёб сўзлар эса барча халқларда кам истифода қилинадиган сўзлардир. Фақат шоирлар ўйлаб топган янги сўзлар ҳам таъсир қилади ўқувчига. Масалан, шоир май косасини «Дионис қалқони» дейди, жанг қалқонини эса «Арес косаси» дейди.
Арасту фикрича, кўпгина хорижий нарсалар қимматли бўлгандай, шоирлар учун кўпчиликка номаълум, ноёб сўзлар ҳам қимматли, ҳайратли кўринади. Шеърий тилга ярашган тантанавор, улуғвор сўзлар насрга ярашмайди. Қариялар айтадиган сўзлар ёш болага ярашмайди ва аксинча, ёш болаларнинг сўзлари қарияларга, қулнинг сўзлари хожага ва мансабдорнинг сўзларини қул айтса ярашмайди. Арастунинг бу фикрлари икки минг йил ўтгандан кейин бадиий адабиёт ва санъатнинг ҳаётийлиги, табиийлиги, ҳақиқатга яқинлиги, реалистик услуб ҳақидаги назарияларга пойдевор бўлди, дейишимиз мумкин.
Шу фаслдаги мана бу сўзлар ҳам санъат асли – спецификасини билдирувчи реализм қонуниятига алоқадор: «Нотиқнинг гапириш услуби актёр Феодорнинг овозига ўхшаши керак, у кимнинг номидан гапирса, ўша одамнинг овозига ўхшатар эди, бошқа актёрлар овози (қаҳрамонларнинг характерига, нутқига) бегона эди».213213
Античные риторики. М. Изд. МГУ, 1978, стр. 129.
[Закрыть] Лекин, бизнингча, комедиограф драматурглар ва умуман шоирлар орасида 2400 йил давомида қаҳрамонлари тилининг жонли халқ тилига яқинлаштиришда Аристофанга етадиган санъаткорни топиш қийин. У, «Булутлар» комедиясида умумлашган, типик олим – софист сиймосини тасвирласа ҳам, исмини Суқрот деб қўйгани учун, ўзи истамаган ҳолда донишманд Суқротнинг ўлимига сабабчилардан бири бўлиб қолди. Бу санъатнинг қудратли таъсир кучи ёмонликка хизмат қилди. Арасту ҳам шу фаслда Аристофаннинг «Бобилонликлар» комедиясидаги ҳазил сўзлар завқ уйғотишини айтади. У Аристофаннинг ўзи билмасдан Суқротга ёмонлик қилганини билса ҳам, кек сақламай, буюк санъаткорлигини эътироф қилади.
Арасту яна бир ўринда Эврипид трагедияларининг тилини жонли халқ тилига яқинлиги учун мақтайди. Шу билан у «ўзининг санъаткорлигини яшириб туради». Яъни, томошабин бу сўзларни драматург шоир Эврипид тўқиган эмас, қаҳрамон ўзи айтмоқда, деб ўйлайди. Бу эса, Арасту айтмоқчи ҳаётга тақлиднинг энг яхши намунасидир!
Шу фаслда айтилган кўчма маъноли сўзлар, метафоралар бадиий асар тилини, мазмунини бойитиши ҳақида Арасту айтган муҳим фикрлар «Поэтика»да жуда қисқа қилиб айтилган эди.
Арасту «Риторика» III китобининг 4-фаслида ўхшатиш ва метафоранинг ўхшашлиги ва фарқлари ҳақида гапиради. «Булар орасида фарқ жуда кам, – дейди у. – Агар «Ахилл шердай жангга ташланди» дейилса, ўхшатиш, агар «Шер (яъни, Ахилл) жангга ташланди, дейилса метафора бўлади. Насрда ҳам ўхшатишлар фойдали, лекин у кўпроқ шеъриятда асқатади». Сўнг у ўхшатишларга турлича мисоллар келтиради. … Геодамантнинг ўхшатиши: «Евксен=Архидам – геометрия билимлари» ёки аксинча: «Архидам=Евксен+геометрия билимлари». (Бу насрдаги ўхшатиш, яъни, Евксен геометрияни билса Архидамга тенг бўлар эди, геометрияни билмагани учун унга тенг эмас.)
Афлотун «Давлат» асарида «ўликлардан зирҳли кийимларни ечиб олган одамлар ҳақида одамлар тош отса, одамларни эмас, тошларни тишлаётган итларга ўхшайдилар», – дейди. Перикл Самос аҳлини «Қанд бўлагини олиб туриб, йиғлаётган ёш болаларга» ўхшатади. Ўхшатиш билан метафора орасидаги фарқ шуки, «…дай», …дек», …ўхшайди» қўшимчалари бўлса ўхшатиш, бу қўшимчалар бўлмаса метафорадир.214214
Арасту. Риторика. 3-китоб. // Античные риторики. МГУ, 1978, Б. 145.
[Закрыть]
Лекин, бизнингча, орадан ўтган минг йиллар давомида бадиий адабиёт қоидалари ўзгариб, ривожланиб, ўхшатишга нисбатан метафоралар маънолари чуқурлашиб, аллегорияларга яқинлашган кўринади. Арасту келтирган яна бир мисолда фиал – катта пиёла, яъни коса – Диониснинг қалқони деб аталса, қалқон эса Арес (уруш илоҳи)нинг май косаси деб аталса, бу шубҳасиз метафорадир. Демак, метафораларда фалсафий маъно чуқурлашади.
Учинчи китобнинг 5-фаслида Арасту нутқ равон, мазмуни тушунарли, тўғри бўлишининг бешта шартини кўрсатади. Бу шартлар қуйидагилардир:
1. Жумла тузишда боғловчиларни тўғри ишлатиш.
2. Сўзларнинг ўзини тўғри ишлатиш.
3. Бир неча маъноларни англатувчи сўзларни иложи борича ишлатмаслик. Атайлаб айтилса, бошқа гап. Арасту шу ўринда Эмпедоклни айтадиган муҳим фикри бўлмаса ҳам, чуқур маъноли гаплар айтаётгандай ўзини кўрсатишини танқид қилади. Шу ерда Арасту яна башоратчи Оракулларнинг ҳам аниқ бир фикр айтмай, чуқур маъноли гап айтишларини эслатиб, уларга деярли ишонмаслигини билдиради.
4. Жумлада исмлар-отларнинг жинсини тўғри айтиш. (Баъзиларнинг гапидан эркакми, аёлми, ўрта жинсдаги исмми, билиш қийин бўлади.) Бу масалада Протагор тўғри жумла тузганини айтади: «У аёл келиб, суҳбатлашди ва кетди». (Агар бу жумлада аёл деб кўрсатилмаса, «келди», «суҳбатлашди», «кетди» сўзларидан эганинг жинси билинмайди. Бу масалада рус тили жуда аниқ ва қулайдир: «Она пришла, поговорила и ушла». Бу ерда агар «Она» сўзи бўлмаса ҳам, аёл бошқа сўзлардан билиниб туради.
5. Жумлада исмлар, отларнинг сони аниқ кўрсатилиши зарур. Масалан: «Улар келиб, кетдилар».
«Умуман олганда, – дейди Арасту, – гап (жумла) ўқишга ва уқишга қулай бўлиши керак. Боғловчилари кўп (узун) жумлаларни тушуниш қийинлашади. Тиниш белгилари (вергул, нуқта, сўроқ, ундов…) қўшилмаган ёзма нутқни ҳам тушуниш қийин». Арасту шу ўринда тушуниш қийин қилиб ёзгани учун «Қоронғи» деб ном олган Гераклитнинг бир жумласини келтиради.
Арастунинг 6-фаслда айтганлари барча замонлар ва барча тиллар учун ҳам аҳамиятлидир. «Тил услубнинг тарқоқ, узун жумлада ёки ихчам жумлада ифодаланиши сабаби шуки, – дейди у, – «доира» деб айтиш ўрнига таъриф, тушунча: «марказдан узоқ нуқталари бир хил масофада жойлашган текис юза» деб айтилса, чўзиқ услуб, аксинча, таъриф ўрнига исмлар айтилса ихчам услуб вужудга келади». Арастунинг яна бир муҳим фикри: «Нарсалар ҳақида уларда аслида бўлмаган сифатларни исталганча қалаштириб ташланса чўзиқ услуб вужудга келади». Бу ерда Арасту тил ва услубнинг ҳаётийлиги ҳақиқатни ифодалаш каби поэтиканинг асосий қонунларидан бирини эслатмоқда.
Етти фаслда услубнинг асосий фазилатлари – унда жонли ҳаётдаги каби патетика (pathetice) бўлиши, у характерни (ethice) ифодалаши ва ҳақиқатга мувофиқ бўлиши ҳақида сўз боради. Сўнгги сифат-фазилат шуни билдирадики, нотиқ (ёки адиб, шоир) муҳим нарсалар ҳақида арзимас, енгил сўзлар айтмаслиги, арзимас нарсалар ҳақида тантанавор сўзламаслиги, оддий сўзларни безамаслиги (жим жимадор қилмаслиги) керак. Масалан, Клеофонт «Муҳтарам дўлана» дегандай.