282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Аристотель » » онлайн чтение - страница 12

Читать книгу "Ахлоқи кабир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:40


Текущая страница: 12 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Кўнгилда аъло ва паст хилқатлар бор. Паст хилқат аъло хилқатларга хизмат қилиши зарур. Руҳ аъло хилқат, вужуд, бадан – тубан, паст хилқат. Вужуд аслида руҳга хизмат қилиш учун берилган. Агар вужуд, бадан руҳ ишига халақит бермаса, аксинча, унга дастёрлик қилса соғлом вужуддир (ekhein kalos). Шундай экан, туйғулар, ҳиссиётлар ақлга халақит бермай, ақлга мувофиқ иш тутсалар – оқилона иш юзага чиқади. (Арасту юқорироқда туйғулар ҳаракатини – баланд мартабада деб, исбот қилган эди. – М.М.).

Баъзилар бу фикрларга эътироз билдирадилар: «Ҳиссиётлар қандай ҳолатда ақлга халақит бермайди? Шунақа ҳолат қачон бўлиши мумкин? Биз бундай ҳолатни билмаймиз. Шундай саволларга жавоб бериш осон эмас. Ҳушини йўқотган касалга дамлама дори беришни буюрган шифокор ҳам худди шундай аҳволга тушади. Ундан сўрайдилар: «Беморнинг ҳуши йўқолганини қандай биламиз?» Шифокор айтади: «Бемор сарғайиб кетади». Яна сўрайдилар: «Беморнинг сарғайгани қандай билинади?» Шу вақтда шифокор айтадики (яъни, айтиши керакки), «Ўзингиз шундай аҳволга тушмаган бўлсангиз, буни сизга тушунтириб бўлмайди». Мана шу умумий мулоҳаза бошқа соҳаларга ҳам тўғри келади. (Ақл фаолиятига халақит бермайдиган) ҳиссиётлар йўналишини тушуниш учун бу ҳолатни одам ўз бошидан кечирган бўлиши керак, шунда ўша ҳолатни равшан ҳис этиши, тасаввур қилиши мумкин.

Яна бундай савол берадилар: «Мана шуларнинг барчасини билиб олсам, бахтли бўламанми?» Одатда сўровчига «Ҳа» деб жавоб берадилар. Аммо бу нотўғри жавоб. Ахлоқдан бошқа илм-фанларни билган одамлар ҳам билимларини амалда қўллай олмайдилар, улар фақат ўша илмларга оид билимларни эгаллайдилар, холос. Қандай қилиб бахтли бўлиш мумкинлигини билиб олган одам бахтли бўлиб қолмайди. Чунки бахтли бўлиш учун ғайрат билан меҳнат, ҳаракат қилиш (курашиш) керак. Бахт нималардан иборатлигини билган одамни бахтли одам деёлмаймиз, чунки ана шу билимларга амал қилиш керак бўлади. Бахтга доир билимларга амал қилиш, қўлланиш, фаолият кўрсатиш – бу энди (бахтга доир) илмнинг вазифаси эмас (аммо мақсадидир. – М.М.). Бошқа ҳар қандай фанларда ҳам амалиётга ўтилмаса, билимларни қуруқ эгаллаш бўлиб қолаверади.

11. Шу гаплардан кейин энди дўстлик (philia – филия) нима, у кимга нисбатан, қандай намоён бўлади? – деган мавзуда гапирмасак бўлмайди. (Чин) дўстлик ҳар қандай шароитларда ҳам умр бўйи давом этади, дўстлик неъматдир ва у бахт-саодатга алоқадор масаладир. Яхшиси, бу масаланинг мушкул тарафларидан гап бошлай қолайлик.

Одамлар кўпинча, дўстлик бир-бирига ўхшаш одамлар ўртасида боғланади, деб ўйлайдилар ва гапирадилар. Шундай мақоллар ҳам бор: «Зоғча зоғчанинг ёнида ўтиради». Яна: «Тенг тенги билан».9191
  «Зоғча зоғчанинг кўзини чўқимайди», «тенг тенги билан». Қаранг: «Никомах этикаси», VIII китоб, 2-боб.


[Закрыть]
Қандайдир ит доимо бир ғиштнинг олдида ухлар экан. (Файласуф) Эмпедоклдан бунинг боисини сўрашибди. У айтибдики: «Бу ғишт ўша итга ўхшаб кетади, шунинг учун ит ўша жойни яхши кўради».

Баъзилар эса, аксинча, қарама-қарши одамлар бир-бирига интиладилар, «Ер қуриб кетса, ёмғир азиз кўринади», дейдилар. Бир хил одам ўзига ўхшаш одамга (унчалик) муҳтож эмас, шунинг учун қарама-қарши одамлар бир-бири билан дўстлашувга интиладилар.

Дўстлашув (дўст топиш) осонми, қийинми? Лаганбардор, хушомадгўй одамлар бировларнинг ишончини тез қозонадилар (пинжига тез кириб оладилар), аммо дўстга ўхшаса ҳам булардан дўст чиқмайди.

Яна бир масала: Яхши одам ёмон билан дўстлаша оладими? Йўқ, дўстлик учун садоқат ва ишончни оқлаш керак, ёмон одамда бундай фазилатлар бўлмайди.

Аввало, биз қанақа дўстликни кўриб чиқмоқчимиз, шуни аниқлаб олайлик. (Баъзилар ўйлашича) Худои таоло билан дўстлашиш мумкин, яна жонсиз нарсалар билан ҳам дўстлашиш мумкин, дейдилар. Бу фикр тўғри эмас. Дўстлик бор жойда икки томонлама меҳр, садоқат, («жавоб меҳри» – antiphileisthai) туғилади. Худои таоло билан қандай дўстлашиш мумкин? (Арастунинг бу фикри бир қарашда исломий ахлоққа зидга ўхшайди, аммо яхшироқ ўйлаб кўрилса, юнон файласуфи, биринчидан, мушриклар маъбуди билан дўстлашиш мумкин эмаслигини, иккинчидан, энг олий Зот, якка Худои таоло билан дўстлашиб, тенглашиш вожиб эмаслигини кўзда тутган бўлиши мумкин. – М.М.)

Зотан, биз ҳозир Ҳақ таоло билан дўстликни, жонсиз нарсалар (масалан, бутлар, санамлар, тоғу тошлар. – М.М.) билан дўстликни эмас, балки жонзотлар ўртасидаги жавоб қайтгувчи дўстликни кўриб чиқмоқчимиз. Дўстона туйғулар уйғотувчи нарса (phileton – филетон) билан дўстликни талаб қилувчи нарса (phileteon – филетеон) бир хил бўлмаганидек, севимли нарса – (boyleton) билан севинтирувчи нарса – (boyleteon) ҳам бир хил эмасдир. Севикли нарса ўз-ўзича мавжуд неъматдир, севинтирувчи нарса эса бирор одамни севинтириш мумкин бўлган нарсадир.

Меҳр-оқибат уйғотувчи нарса ҳам ўз-ўзича мавжуд неъмат, меҳр-муҳаббат талаб қилувчи нарса эса муайян бир одам учун неъматдир. Шундан келиб чиқиб, муҳаббат истовчи томон муҳаббат уйғотувчи томон билан доимо бирга бўлишни истайди. Муҳаббат уйғотувчи томон эса муҳаббат истовчи томон билан мувофиқ келмаслиги мумкин.

Шу масала билан боғлиқ савол: яхши, муносиб одам билан ёмон одам дўст бўлиши мумкинми? Аслида фақат маълум одам учун яхши бўлган неъмат бошқалар учун неъмат бўлиши мумкин. Худди меҳр-муҳаббат истовчи билан меҳр-муҳаббат уйғотувчи боғлиқ бўлганидек. Ёқимли ва фойдали бўлиш ҳам неъматларнинг (бу ўринда, дўстликнинг) хусусияти билан боғлиқдир.

Муносиб (яхши) одамларнинг дўстлиги ўзаро жавоби қайтадиган дўстликдир, дейдилар. Булар иккаласи бир-бири учун меҳр-муҳаббат уйғотувчи лардир. Булар муносиб (яхши) бўлганлари учун ҳам меҳр-муҳаббат уйғотадилар. Унда яхши одам билан ёмон одам ўртасида дўстлик бўлмас экан-да? Йўқ, бўлади. Чунки неъмат фойдали (to synpheron), ёқимли (to hedy) ва ёмон бўлиши ҳам мумкин. Одамлар бировни ёқимли (хушфеъл) бўлгани учун, бировни ёмон бўлса ҳам фойдали бўлгани учун дўст тутадилар. Албатта, кейинги дўстлик ўзаро меҳр-муҳаббатга суянмайди (ва мустаҳкам эмас. – М.М.).

Ўзига меҳр-муҳаббат уйғотувчи одам неъматдир; ёмон одам эса ўзига меҳр-муҳаббат уйғотмайди. Бундай дўстликнинг асоси меҳр уйғотувчида эмас, балки меҳр истовчидадир. (Озми, кўпми) фазилатли одамларда дўстликнинг турли кўринишлари: ҳузур-ҳаловат берувчи дўстлик ҳам, фойда етказувчи дўстлик ҳам учрайди. Ҳузур-ҳаловатли дўстлик билан фойдани кўзловчи дўстлик бир-бирига тенг эмас, аммо бир-бирига бегона ҳам эмас.

Мана шу икки хил дўстликнинг умумий асоси ҳам бор. Масалан, пичоқ шифо беради, врач шифо беради, илм (тиб илми) шифо беради, аммо булар бир-бирига тенг эмас. Пичоқ шифокорликда ишлатилади, инсон шифокор, илм-ҳунар эса шифокорликнинг сабаби ва асосидир. Фазилатли одамларнинг дўстлиги ҳам ё неъмат, ё ҳузур-ҳаловат ва ё фойда топиш асосига қурилади. Бу ерда умумийлик фақат ўхшаш сўзларда эмас, (балки ўзаро дўстона муносабатлар пойдеворидадир). Масалан, биров: мана бу одам ҳузур-ҳаловат учун дўст тутинган, у ҳақиқий дўст эмас, деганида дўстликнинг барча турларини (неъмат, ҳузур-ҳаловат, фойда асосидаги дўстликларни) назарда тутган бўлади. Ва у ҳақ бўлиб чиқади: ўша одам (яхши одам билан) ёқимли ва фойдали бўлгани учун дўстлашган бўлади.

Фозил одамлар бир-бири билан дўстлашадими? Ахир улар бир-бирига муҳтож эмаслар-ку? – деган савол туғилади. Аммо бундай саволни дўстликдан фақат фойда қидирганлар бериши мумкин. Булар, одамлар бир-биридан фойда топганлари учун дўстлашадилар, деб ўйлайдилар. Аммо биз юқорида кўнгилхушлик, роҳатланиш учун, фойда кўриш учун ҳамда фазилатлари учун боғланган дўстлик турларини кўриб чиқдик. Фозил одам билан дўстлашгани муносиб одам – фозил одамдир. Фозил одамлар дўстлиги энг кучли, мустаҳкам дўстликдир. Чунки бундай одамларнинг дўстлигида неъмат, яхшилик ҳам, роҳат ҳам, фойда ҳам бор.

Аммо фозил одам ёмон одам билан дўстлаша оладими? Ҳа, агар у ёмон одамдан қандайдир фойда кўрадиган бўлса, ўша меъёрда дўстлаша олади. Ёмон одам ёмон одам билан дўстлашадими? Иккаласи учун ҳам бу дўстлик фойда келтирса, дўстлашади. Келадиган фойда учун ёмон одамлар ҳам дўстлашадилар.

Хуллас, энг мустаҳкам, садоқатли ва ажойиб дўстлик – фазилат ва яхшилик асосига қурилган муносиб, фозил одамларнинг дўстлигидир. Бундай дўстлик заминидаги фазилатлар айнимаганидек, буларнинг дўстлиги ҳам бузилмасдир. Фойда асосидаги дўстлик эса, фойда келмай қолса, узилиши мумкин. Кўнгилхушлик учун дўстлашув ҳам шундай.

Энг яхши одамларнинг дўстлиги фазилатга, кўпчилик одамларнинг дўстлиги фойдага асосланади; қўпол (phortikoisin) ва жўн, бачкана (tykhoysin) одамларнинг дўстлиги эса кўнгилхушлик қанча давом этса, шунгача сақланиб туради.

Одатда одамлар дўстлари ёмон чиқиб қолса, ҳайрон қоладилар ва хафа бўладилар. Аммо бунинг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Кўнгилхушлик ва фойда учун дўст бўлганлар, оладиган роҳатлари ёки фойдалари йўқолса, дўстликлари ҳам йўқола ди. Шундайлар ҳам борки, агар дўстидан ёмонлик кўрса, қаттиқ хафа бўладию, аммо дўстидан воз кечмайди. Бу ҳам табиийдир, чунки бу одамларнинг дўстлиги фазилатга асосланмаган. Бундай пайтда хафа бўлиш ҳам ўринсиздир. Чунки ўзлари кўнгилхушлик учун дўстлашган, аммо фазилати учун дўст бўлган эдим, деб ўйлайдилар. Кўнгилхушлик ва фойда учун дўстлашган одамлар фазилатдан узоқ одамлардир. Кўнгилхушлик учун дўстлашиб туриб, бир-биридан фазилат излаш беҳудадир. Кўнгилхушлик ва фойдани азиз деб билган дўстларда фазилат нима қилади?

Аксинча, фозил одамлар дўстлигида (юқорида айтганимиздек) роҳат ҳам, фойда ҳам топилади. Фозил одамлар бир-бирига ёқади, деган фикрни рад этиш нотўғридир. Чунки ҳатто ёмон одамлар ҳам бир-бирига ёқади. Эврипид айтганидек, «Ёмонни кўрса ёмон эриб кетади».9292
  Эврипид трагедиясидан. М.Гаспаров таржимаси.


[Закрыть]
Аслида, кўнгилхушликка фазилат ҳам қўшилмайди, балки фазилатга кўнгилхушлик ҳам қўшилади.

Муносиб одамларнинг дўстлигида кўнгилхушлик, роҳат борми? Йўқ, дейиш ақлдан эмас. Чунки, мабодо яхши дўстлар бир-биридан роҳат топмаса, улар дўстлари билан эмас, балки бошқа, ёқимли одамлар билан яқин бўлур эдилар. Айниқса, биргаликда иш кўрадиган дўстлар бир-бирига ёқиши керак. Яхши одамлар бир-бири билан аҳил, иноқ бўлмайди, дейиш бемаъниликдир. Одатда бир-бирига ёқимли одамлар аҳил, иноқ яшайдилар. Бундан чиқди, фозил одамлар, айниқса, бир-бирига ёқимли бўладилар.

Юқорида уч хил дўстлик ҳақида гапириб, дўстлик тенгликка асосланадими ёки тенгсизликками? – деган масаланинг мушкуллигини айтган эдик. Энди шу масалага қайтамиз: дўстлик тенгликка ҳам, тенгсизликка ҳам асосланади. (Кўнгиллари) ўхшаш одамларнинг дўстлиги муносиб, яхши одамларнинг баркамол дўстлигидир. Бир-бирига ўхшамайдиган одамларнинг дўстлиги фойдани кўзловчи дўстликдир. Камбағал бой билан шунинг учун дўстлашадики, ўзида йўқ нарсаларни бойдан топиши мумкин. (Инглиз мумтоз шоири Оскар Уайльд «Садоқатли дўст» ҳикоясида бунинг ажойиб намунасини кўрсатади. – М.М.)

Ёмон одам ҳам худди шу ниятда фозил одам билан дўстлашади: умид қиладики, фозил одамнинг фазилатидан менга ҳам юқса, дейди. (Бу фикрга қўшилиш қийин. Агар аҳмоқ одам шундай ният қилганида, ақлли одам бўлур эди. Бизнингча, аҳмоқ одам фозил одамнинг баланд мавқеи ёхуд обрўйидан фойдаланиш учунгина дўстлашади. – М.М.).

Хуллас, бир-бирига ўхшамайдиган одамларнинг дўстлиги фойда асосига қурилади. Эврипид (юнонларнинг даҳо шоири) «Ер қуриб кетса, ёмғирни соғинади» деганида қарама-қарши томонларнинг бир-бирига фойда етказувчи дўстлигини кўзда тутган эди. Сув билан ўтни олайлик: булар бир-бирига фойдалидир. Одамлар айтадики, сув сепилмаса, олов ўчиб қолади. Баъзилар ўйлашича, олов сув билан озиқланади. Агар намлик кўпайиб кетса, олов ўчиб қолиши мумкин, озгинаси эса уни кучайтиради. Демак, бир-бирига зид хилқатлар ўртасида ҳам фойда асосида дўстлик бўлиши мумкин. Тенглик ва тенгсизлик асосидаги барча дўстона муносабатлар ҳам юқорида айтганимиздек, уч турга алоқадордир.

Дўстликнинг барча турларида ўзаро муносабатларда тафовутлар бор: дўстларнинг бир-бирига меҳр-муҳаббати, яхшилик қилиши, ёрдами ва ҳоказо муомалалари бир хил эмас. Дўстлардан бири жонини койитса-ю, бошқаси бепарволик қилса, бепар во дўстни койийдилар ва қоралайдилар. Айниқса, дўстлар ўз олдларига умумий мақсад қўйганларида (масалан, фойда, кўнгилхушлик) бир томон бепарволик қилса, дарҳол кўзга ташланади. Мабодо сен менга кўпроқ яхшилик қилсанг, мен сени кўпроқ яхши кўришим керак. Агар дўстлашувда умумий мақсад бўлмаса, фарқлар кўпаяверади. Бундай пайтда қайси тараф бепарволик қилаётгани унчалик билинмайди. Масалан, дўстлардан бири кўнгилхушликни кўзлайди, иккинчиси фойдани кўзлайди. Шу пайтда ўртада баҳс туғилади, ҳар икки томон ўзи кўзлаётган нарсани дўстидан топмаётганидан хафа бўлади. Чунончи, фойда етказаётган одам ўйлайдики, тўғри, дўстим менга кўнгилхушлик топиб бермоқда, аммо бу мен етказган фойдага нисбатан арзимас-ку? – дейди. Бошқаси ҳам шунга ўхшаб, норозилик билдиради. Мен етказаётган роҳатга нисбатан дўстим кам фойда етказмоқда, дейди. Дўстликнинг мана шу турларида кўпинча узоқлашув юз беради.

Тенгсиз одамларнинг дўстлигида ҳам шундай. Бойлиги ё бошқа неъмати кўп одам: «Мен дўстларимни яхши кўрмасам ҳам камбағал дўстларим мени яхши кўришлари керак», деб ўйлайди. Аммо (билиш керакки) севилишдан кўра севиш яхшироқ, чунки севиш неъматдир ва у инсонга роҳат бағишловчи фаолиятдир. Севилган одамда эса ҳеч қандай фаолият юз бермайди (фақат у севилганидан хурсанд бўлади, холос, баъзилар эса бундан хурсанд ҳам бўлмайди. – М.М.).

Яна: билинишдан кўра билиш яхшироқ. Чунки билиниш жонсиз нарсаларга ҳам хосдир. Билиш ва севиш жонли мавжудотларга хосдир. Ва яна: Хайр қилиш хайр олишдан яхшидир (исломий ахлоқда ҳам шундай: берувчи қўл – устида, олувчи қўл – остида, деган ҳадиси шарифни эсланг. – М.М.).

Севгувчи севганидан яхшилик қилади, севимли одам эса севилгани учун яхшилик қилмайди. Шунга қарамай, кўпчилик одамлар иззатталаблик қилиб, севишдан кўра севилишни афзал кўрадилар. Чунки севимли одам кўп жиҳатлардан имтиёзларга эга. Роҳат ҳам, севги ёки маблағ ҳам, яхшилик ҳам севимли одамга берилади. Шунинг учун иззатталаб одам (севишдан кўра) севилишни, устунликни афзал кўради. Бундай одамлар дўстим севгани эвазига, мен уни севишим керак, деб ўйламайди, мен ундан афзал бўлганим учун у мени суяверсин, деб ўйлайди. Пул (мол-дунё), роҳат-фароғат, фазилатларга муҳтож одам шундай неъматларга бой одамни яхши кўради, сабаби – шуларни дўстидан олишни кўзлайди.

Баъзи одамлар бировга ҳамдардлик билдириб, яхшилик қилиш ниятида ҳам дўстлашадилар. Бундай дўстликда юқорида айтилган хусусиятлар йўқ: биз у одамга яхшилик тилаймиз, аммо бошқалар билан муомала қиламиз. Бундай ҳиссиётни умуман дўстликка хос деймизми ёки фақат мукаммал, фазилатли дўстликка хос деймизми? Фозиллар дўстлигида шуларга муносиб барча хислатлар: роҳат, фойда етказиш, фазилатидан баҳра олиш – барчаси мавжуддир.

Мукаммал дўстликда одам фақат муносиб дўст билан яқинликда яшашни истайди, унга яхшилик, узоқ умр ва фаровонлик тилайди.

Одам ўзи билан дўстлашиб, ўзини севиши мумкинми, йўқми, бу ҳақда ҳозир индамаймиз. Аммо кейинроқ бу масалани ҳам кўриб чиқамиз. (Табиийки), биз ўзимизга барча яхшиликларни хоҳлаймиз. Ўз-ўзимиз билан гаплашгимиз келади, ўзимизга яхшилик, фаровонлик тилаймиз. Ўзимизга кўпроқ ачинамиз, йиқилиб ё бошқа сабабдан бирор жойимиз лат еса, дарров хафа бўламиз. Шу маънода одам ўз-ўзига дўстдир. Ўз-ўзимизга дўст бўлганимизда ёки мукаммал дўстликда бошқаларга ҳамдардлик қиламиз, яхшилик тилаймиз, ташвиш ва қувончларимизни баҳам кўрамиз. Ҳар иккала ҳолда ҳам биргаликда (ёки яқинликда) ҳаёт кечириш, узоқ умр ва фаровонлик тилаш истаги бўлади.

Адолатли муносабатлар бор жойда дўстлик (дўстона туйғулар) теран бўлади. Шу сабабли адолатнинг қанча тури бўлса, дўстликнинг турлари шунчадир. Аслида мусофир билан фуқаро, қул билан хожа ўртасида, бир давлат фуқаролари ўртасида, ўғилнинг отага, эрнинг умр йўлдошига муносабатлари каби, барча муаммоларда адолатли иш тутиш мумкин. Барчасидан мусофирлар ўртасидаги дўстлик теранроқдир, чунки бир давлат фуқаролари умумий мақсад учун ўзаро рақобатлашганида дўстлик йўқолиши мумкин. (Мадинада ансорлар дўстлигини эсланг. – М.М.)

(Дўстлик турларига) хулоса ясар эканмиз, энди инсон ўзига дўст бўлиши мумкинми, йўқми, деган масала ҳақида фикр юритамиз. Дўстлик қайси неъматлар кўзда тутилишига қараб, турларга бўлиниши ҳақида юқорида гапирдик. Мана шу неъматларнинг барчасини инсон аввало ўзига тилайди: ҳақиқатан, биз ўзимизга яхшиликларни ҳам, узоқ умрни ҳам, фаровонликни ҳам тилаймиз. Ҳаммадан кўра ўзимизга ачинамиз, ҳаммадан узоқроқ яшашни истаймиз. Ўзимизга ўзимиз дўст эканлигимизни мана шу неъматларнинг барчасини ўзимизга тилашимиздан ҳам билсак бўлади.

Баъзан одамлар ўз-ўзига адолатсизлик қилганидек, ўз-ўзига дўстона муносабатда ҳам бўладилар. Одам ўз-ўзини хафа қилганида, уни биров эмас, ўзи хафа қилгани учун гўё адолатсизлик қилин маган бўлади. Аммо кўп ҳолларда одам ўзига ўзи адолатсиз бўлишини кўнгилнинг турли қисмлари бир-бирига номувофиқ иш тутганида кўриб чиққан эдик. Шундай экан, одам ўзига ўзи дўст ҳам бўлади (халқимизда бунинг аксини ифодаловчи, ўзига зарар келтирувчи бирор ножўя иш қилиб қўйган одам ҳақида «Кейинги пушмон (пушаймон) ўзингга душман», деган ибора ҳам бор. – М.М.). Зотан, бир яқин дўстимиз ҳақида: у билан кўнглимиз бир ёки жонимиз бир, деган иборани ишлатамиз (ўзбеклар дўстининг сўзи жуда кўнгилга яқинлигини кўзда тутиб: «Ичимсиз», дейди. – М.М.).

Аввал айтганимиздек, кўнгил турли қисмлардан иборат эди, ана шу қисмлар ўзаро мувофиқ иш тутса, ақл ва ҳиссиётлар ҳамкор, ҳамоҳанг бўлса, кўнгил бутунлиги, дил бирлиги намоён бўлади, шу пайтда инсоннинг ўзига дўстлиги кўринади. Фақат фазилатли (фозил) одамлардагина ўз-ўзига дўстлик бўлади, кўнгилнинг турли қисмлари бир-бирига қаршилик қилмай, аҳил, иноқлик билан иш кўрадилар. Ёмон, нодон одам эса ўзига ўзи дўст бўлмайди, кўпинча у ўзига ўзи душманлик қилади. Тийиқсиз, нафси ёмон одам ҳузур-ҳаловат истаб, бирор ножўя иш қилади, оқибатидан ўзи ўкинади. Ёмон одамнинг кўпгина ножўя қилиқлари ҳам ўзига дўстлик эмас, душманлик оқибатидир.

Тенглик асосига қурилган дўстлик ҳам бор. Мисол учун, бир гуруҳ дўстлар (келишувга кўра қиймати ва микдори жиҳатдан тенг мол-мулк, рўзғорга эга бўладилар; булардан ҳеч ким бошқасидан ортиқча ё кам мол-мулкка эга бўлмайди (Илк ислом жамоалари, саҳобалар, аввалроқ ва кейинроқ тузилган коммуналар, кооперативлар, жумладан Париж коммунаси, илк социалистлар шундай ижтимоий тенглик идеали учун курашган эдилар. – М.М.). Дўстларнинг тенглиги шуни тақозо этади.

Тенгсизлик асосидаги дўстлик ота билан ўғил, бошлиқ билан хизматчи, эр билан хотин, яхши билан ёмон одамлар ўртасидаги дўстликдир. Дўстлар қуйи ва юқори табақа вакиллари бўлганида шундай (тенгсиз) дўстлик юзага келади. Бундай дўстликда тенгсизлик ҳам мутаносиб (пропорционал нисбатда) бўлади: Неъматлар тақсимотида ҳеч ким яхши ишловчига ҳам, ёмон ишловчига ҳам бир хил миқдорда ҳақ бермайди. Оз ишловчи оз олади, кўп ишловчи кўп олади, шу маънодаги муносабатларда (ижтимоий) адолат вужудга келади.

12. Биз кўриб чиққан дўстлик турлари орасида энг яқинлари қариндош-уруғлар, айниқса, ота билан ўғилдир. Аммо нима учун ота ўғилни жуда яхши кўради-ю, ўғил отани камроқ яхши кўради? Бунинг сабабини кўпчилик, тўғриси, оломон, бундай тушунади: Ота ўғилга яхшилик қилувчидир, ўғил эса отанинг қилган яхшиликларига миннатдорчилик билдирувчидир. Бундай сабабни (юқорида) фойда кўзлаган дўстлик турида ҳам кўрган эдик. Бу ерда ҳам худди ўша амалиётни кузатамиз. Мен бу ўринда мақсад билан ҳаракат мувофиқ келган, ҳаракатнинг ўзи мақсад бўлган ҳолатлар ҳақида гапираман. Мисол учун, найчининг мақсади ҳам, ҳаракати ҳам най чалишдир. Қурилишда мақсадни бошқа одам ўйлайди, бошқа одам ижро қилади. Дўстлик ҳам найчи санъатидай, бунда ҳам дўстликдан мақсад – дўстлик, меҳрибонликдир. Шу маънода, мақсад қилувчи ва ижро қилувчи бир одам – отадир. Бу ўринда ота бинокор, ўғил бино (яъни, ундан бино бўлган. – М.М.). Бошқа соҳаларда ҳам шу ҳолни кўрамиз: барча ижодкорлар ўзлари бунёд этган нарсаларга меҳр-муҳаббат билан қарайдилар. Ота ҳам ўзи бунёд этган ўғлига (ширин гўдаклик даврларини) эслаб ва (келгусида ундан яхшиликлар) умид қилиб, доимо унга яхши қарайди. Шу сабабли, ўғилнинг отага меҳридан кўра отанинг ўғилга меҳри (беқиёс) кўпдир.

Энди бир қарашда дўстликка ўхшаш ҳолатларни кўриб чиқамиз. Булар дўстликми, йўқми, шуни аниқлаймиз. Мисол учун, (кўплар) хайрихоҳлик (eynoia) ни ҳам дўстлик деб ҳисоблайдилар. Умуман хайрихоҳлик аслида дўстлик эмас. Биз кўпинча, бировлар ҳақида мақтов ёки яхши гап эшитсак, ўша одамларга кўнглимизда хайрихоҳлик уйғонади. Биз уларга дарров дўст бўлиб қоламизми? Йўқ, албатта. (Юнонлардан) кимдир Эрон шоҳи Дорога хайрихоҳ бўлсалар, бундан улар дўст экан, деган маъно чиқмайди-ку. (Бу ерда Арасту холис, демократ одам сифатида, душман подшоҳга хайрихоҳ бўлган одамни дарров ёвга дўст, деб сиёсий айб қўйиш тўғри эмаслигини назарда тутаётганга ўхшайди. – М.М.).

Аммо (бошқа ҳолларда) хайрихоҳлик дўстликнинг бошланиши бўлиши мумкин. Агар яхшилик қўлидан келадиган одам ўзи хайрихоҳ бўлган одамга яхшилик қилаверса, дўстлик вужудга келиши мумкин.

Хайрихоҳлик маънавият негизида туғилувчи ахлоқий фазилатдир. Чунки жонсиз нарсаларга, масалан, маст қилувчи ичкилик ёки бошқа кўнгилхушликларга хайрихоҳлик қилинмайди-ку! Одатда яхши хулқли, фазилатли одамларга хайрихоҳлик билдирилади. Дўстлик бор жойда хайрихоҳлик бўлади, булар бир-биридан ажралмасдир. Шу маънода хайрихоҳлик дўстликка алоқадордир.

Бирдамлик, ҳамжиҳатлик (homonoia) том маънода дўстликка яқин хислатдир.

Фараз қилайлик, кимдир Эмпедокл билан бир хил тушунчаларга эга, у ҳам Эмпедокл тан олган нарсаларни тан олади. Шу одам Эмпедокл билан бирдам, ҳамжиҳат бўладими, йўқми? Аслида ҳамжиҳатлик бундай нарсаларда эмас, бошқа нарсалардадир. Аввало, ҳамжиҳатлик ўй-фикрларда эмас, балки амалий ишларда кўринади (Аслида ўй-фикрларда ҳам кўринади. – М.М.). Яна фараз қилайлик, икки киши ҳокимиятга эришиш ҳақида ўйлайди, буни бир хил ўйлаш, деб бўлмайди. Чунки у ҳам, бу ҳам ўзи учун ҳокимиятни ўйлайди, дўсти учун эмас. Буларни ҳамфикр дейиш мумкинми? Албатта, йўқ.

Аммо аҳвол бошқача бўлса, масалан, мен ҳокимиятга эришувни ўйласам, дўстим ҳам менинг ҳокимиятга эришувимни ўйласа, шунда биз ҳамжиҳат бўламиз. Шу маънода, ҳамжиҳатлик амалий ишларда кўринади, дедик. Яъни икки киши бир одамнинг (эҳтимол, учинчи кишининг. – М.М.) мансабдор бўлишини тиласа, булар том маънода ҳамжиҳат одамлардир.

13. Инсон ўзига ўзи дўст бўлиши мумкинлигини юқорида айтдик. (Аммо энди) муносиб, яхши инсон ўзини ўзи яхши кўрадими? – деган масалани кўриб чиқайлик. Ўзини яхши кўрувчи одам доимо ўз фойдасига иш қилади (бошқаларни ўйламайди) десак, бу ёмон одам бўлиб чиқади. Муносиб, яхши одам бундай бўлмайди. Яхши одам бошқалар манфаати учун (Ватан, халқ манфаати учун. – М.М.) иш қиладиган фозил одамдир, яъни у худбин эмас. Аммо (бошқа жиҳатдан) ҳамма одамлар неъматни тилайди ва ўзи учун кўпроқ неъматлар ато қилинишини хоҳлайди. Яхши одам бойлик ва мансабни бошқаларга кечиб бериши мумкин. Бунинг боиси яхши одам мана шу неъматларни хоҳламаганида эмас, балки бошқа бир одам бойлик ва мансабни яхшилик йўлида ундан кўра яхшироқ ишлата олишини билгани учундир. Бошқа (оддий) одамлар бундай ўйламайдилар. (Улар ё бойлик, мансаб қандай суиистеъмол қилинишини билади, ёки ўзлари мансабга ўч бўлади). Яхши одам бу иккала хавфдан узоқдир. Демак, яхши одам мана шу нарсаларда ўзини яхши кўрувчи (худбин) эмас. У ҳам ўзини яхши кўради, фақат у ажойиб, гўзал ишларда бошқалардан орқада қолишни истамайди, агар моддий фойда ёки мансаб бўлса, воз кечиши мумкин. Демак, яхши одам гўзал, солиҳ иш-амалларда ўзини яхши кўради, фойда ва роҳат, кўнгилхушлик бобида ўзини яхши кўрган одам эса ёмон одамдир.

14. (Давоми). Муносиб, яхши одам дўстини яхши кўргани учун фойда келтирувчи неъматлар унга бўлсин, дейди. Аммо, шу иши яхши бўлгани учун, шу гўзал феъл ўзида бўлишни истайди, шу маънода бошқалардан ўзини яхшироқ кўради. Демак, у ўзини эмас, эзгуликни (гўзал ишларни) яхши кўради. Мабодо ўзини яхши кўрса ҳам яхшилиги учун қадрлайди. Ёмон одам эса худбин, у ўзида яхши кўришга арзийдиган ҳеч нарсаси (хислати, фазилати) бўлмаса ҳам бари бир ўзини яхши кўраверади. Шу маънода ёмон одамни ўзига бино қўйган, иззатталаб дейдилар (philaytos).

15. Юқоридагиларга яна шуни қўшимча қилиш керакки, ўзидан кўнгли тўқлик, ўзидан мамнунлик (avtarkeias) нима ва ўзини баланд тутувчи (такаббур) одам ким? – деган масала ҳам муҳимдир. Бундай одам дўстларга муҳтож бўладими? Ёки бу масалада ҳам у ўзидан мамнунлик билан чекланадими? Ахир баъзи шоирлар ҳам ёзади-ку:

 
Ўзга дўст не ҳожат? Омадлар аро
Тангрилар раҳмати бизга кифоя. 9393
  Эврипиднинг «Орестея» асаридан.


[Закрыть]

 

Шу маънода савол туғилади: барча ноз-неъматларга эга бўлган, ўзидан кўнгил тўқ одам дўстга муҳтожми? Ёки худди шундай одам дўстларга кўпроқ муҳтожми? Чиндан ҳам у ўз бойликларини кимга сарфлайди ёки кимлар орасида ўзини кўз-кўз қилади? У яккамохов бўлиб, ёлғиз яшашни истамайди, албатта. У, кимлар орасидадир ўзини кўрсатишни истар экан, албатта, дўстларга муҳтож бўлади. Бундай одамлар ҳақида гап борганда Худои таоло(нинг ёлғизлиги) билан қиёслаш ўринсиздир. Тангри таоло Кофий (Ўзига ўзи кифоя), ҳеч кимга муҳтож эмас экан, бундан биз ҳам ҳеч кимга муҳтожмасмиз, деган маъно чиқмайди, албатта.

Баъзилар Худои таоло ҳақида бундай ўйлайди: Худои таоло ҳамма неъматларнинг эгаси, Ўзига ўзи кифоя экан, унда нималардан ташвишланади, ухлайверса бўлмайдими? (Нодонлар шундай фикрайдилар. – М.М.) Ёки Тангри гўзалликларни томоша қиладими? Ундай бўлса, барча гўзалликлар Унинг ўзида-ку? Ёки Ул зот ўзини ўзи томоша қиладими? Ахир, бу маъносизлик-ку? Биз ҳатто ўз жамолига маҳлиё бўлган одамни ҳам аҳмоқ деймиз-ку?

Худои таоло нималарни кузатиб, мушоҳада қилиши масаласини бу ерда кўриб чиқмаймиз.9494
  Худо – одамларнинг хулқига доир фан мавзуи эмас.
  (Арасту инсон хулқи ҳақидаги илмлар оддий мавзу, Худои таолонинг таважжуҳи бошқа, илоҳий мавзудир, демоқчи. – М.М.).


[Закрыть]
Биз бу ерда (банда) инсоннинг ўзидан мамнунлигини, таманносини кўриб чиқмоқчимиз. Бундай одам дўстларга муҳтожми, йўқми? Бунинг учун «дўст» деган (тушунча) ўзи нималигини билишимиз зарур. Аслида инсон учун ҳақиқий дўст унинг иккинчи «мен»идир. Халқ орасида «Бу иккинчи Ҳеракл-ку» деган ибора ҳам бор. Хуллас, дўст инсоннинг иккинчи «мен»идир.9595
  Одатда қаҳрамон ёки паҳлавонни (лоф бўлса ҳам) Иккинчи Ҳеракл, деб атар эдилар. Бу ерда инсон соддадиллик билан ўзига жуда юксак баҳо беришига киноя қилинмоқда.


[Закрыть]

Ўзини, ўзлигини билиш эса, энг мушкул ва энг қувончли ишдир. (Ўзни билиш қувонч бахш этар).9696
  Инсон дўстида, кўзгудаги каби, ўзини билиши Афлотуннинг шу ҳақдаги фикрини шарҳлаш ва ривожлантиришдир. (Ислом файласуфи имом Муҳаммад Ғаззолий «Кимиёи саодат» асарида бу фикрни жуда кенг ва теран шарҳлайди. – М.М.).


[Закрыть]
Аммо биз ўз кучимиз билан ўзимизни била олмаймиз. Биз ўзимизни (кўнглимиз, феълимизни) кўра олмаслигимизни шундан билиш мумкинки, бошқаларга танбеҳ бераётганимизда, шу камчиликлар ўзимизда ҳам борлигини пайқамаймиз. Бунинг боиси – ё ўзимизга танқидий қарай олмаслигимиз, ёки манфаатпарастлигимиздир. Мана шулар бизнинг кўзимизни кўр қилиб, ўзимизни кўришга халақит беради. Шунинг учун ҳам биз ўзимизнинг ташқи қиёфамизни кўришни истасак – ойнага қараймиз, ички қиёфамизни – феъл-атворимиз, руҳий оламимизни билишни истасак, дўстимизга қараймиз. Дўст одамнинг иккинчи «мен»и деган сўзнинг маъноси шудир.

Хуллас, ўзини билиш қувонч келтирар экан, биз ўзимизни дўстимиз ёрдамида биламиз. Ўзидан мамнун, тўқ одам ҳам шу маънода дўстларга муҳтождир. Айниқса, ўзига тўқ одамга Худо хайр-саховат ҳам ато этган бўлса, у гўзал ишларни, яхшиликни кимларга қилади? Кимлар билан бирга (бир замонда) яшайди?

У, албатта, ёлғизликда яшашни истамайди. (Ёлғизликда яшашга нисбатан кўнгил яқинлар билан) биргаликда яшаш ёқимли ва зарур ҳамдир. Агар бирдамликда, ҳамжиҳатликда яшаш гўзал, зарур, ёқимли экан, демак, ўзига тўқ, таманноли одам ҳам дўстларга эҳтиёж сезади.

16. Дўстлар кўп бўлгани яхшими, оз бўлганими? Ози ҳам, кўпи ҳам унчалик яхши эмас. Агар дўстларингиз кўп бўлса, ҳар бирига меҳрибонлик қилишингиз қийин бўлади (Шарқона одоб-ахлоқда яхши дўстларнинг кўп бўлгани яхши ҳисобланади, ёмон дўст – биттаси ҳам ортиқча. – М.М.). Узоқдаги дўстларга эътибор бериш, айниқса, қийин. Инсон кўзи табиатан узоқни кўролмайди, қулоғи узоқдаги товушни эшитолмайди. Шунга ўхшаб, баъзилар табиатида дўстга меҳр ҳам узоққа етмайдиган, заифроқ бўлса, дўстлар орасида гап-сўз бўлиб, таъна, гиналарга қоласиз. Дўстга меҳри, эътибори заиф одам дўстини амалда эмас, фақат оғизда яхши кўради. Бундай одам эса дўстликка ярамайди.

Яна: агар дўстларингиз жуда кўп бўлса, хафачилик ҳам кўпаяди (хурсандчилик ҳам. – М.М.). Негаки, кўпчилик дўстлар орасида кимнингдир бошига ташвиш тушади, эшитиб, хафа бўласиз. Бошқа жиҳатдан дўстларингиз камлиги ҳам ёмон. (Бир-иккита дўст билан катта ва яхши ишларни қилолмайсиз). Дўстларнинг оз, кўплиги ҳар бир одамнинг дўстларга меҳр-муҳаббати оз ёки кўплигига боғлиқ.

17. Энди, дўстларга қандай муомала қилиш кераклигини кўриб чиқайлик (Бу муҳим мавзу ҳақида донишмандларнинг жуда кўп яхши асарлари, фикр-мулоҳазалари бор: «Калила ва Димна», «Қобуснома», Ибн ал-Муқаффа «Одоби кабир», Аҳмад Югнакий «Ҳиббатул-ҳақойиқ», Юсуф Хос Ҳожиб «Қутадғу-билик», Саъдий «Гулистон», «Бўстон», Алишер Навоий «Маҳбубул-қулуб», В.Шекспир «Икки вероналик», М.Монтен «Ҳаёт тажрибалари», И.Кант «Дўстлик ҳақида», Ларошфуко «Максималар», Оскар Уайлд «Садоқатли дўст», У.Честерфильд «Ўғлимга мактублар», А.Авлоний «Туркий «Гулистон» ёхуд ахлоқ» ва ҳоказо. – М.М.). Ҳозир биз ҳар қандай дўстликни эмас, балки мушкулликлар, ўзаро гинахонлик туғиладиган дўстликни тадқиқ қиляпмиз.

Дўстликнинг барча турларида гинахонлик турлича мазмундадир. Фойда, манфаат асосидаги дўстликда тарафлар «Мендан бугина, сендан угина» қабилида иш тутадилар, агар бирор томон шартни бузса, жиддий низо келиб чиқади. Ота билан ўғил дўстлигида бундай эмас. Дўстлар (ёшда, ижтимоий мавқеда: бой, камбағалликда, мансабда) тенгсизлик бўлган дўстликда, албатта, томонлар ўзини тенг тутмайди. Ота билан ўғил меҳрида, эр билан хотин, қарол билан хожа дўстлигида тенглик бўлмайди. Ҳар жиҳатдан тенг бўлган дўстлар бир-бирини (дўстлик шартини бузишда) айблашлари мумкин. Шунинг учун биз бу ерда қадр-қимматда тенг бўлган дўстларнинг ўзаро муомаласи қандайлигини қўриб чиқишимиз зарур…9797
  Бу ерда фикр узилса ҳам матн таҳлилидан англашилишича, фақат эвдемонизм (бахтиёрлик) масаласи таҳлил этилмай қолган. Эҳтимол, қадимги тўлиқ нусхада бу мавзу чуқурроқ очилгандир. Аммо асарни кутилмаган ўринда тугаллаш Арастуга хос хислатдир.


[Закрыть]

Ҳаддан ошиш инсондан ташқаридаги неъматлар (бойлик – мол-дунё, мансаб, обрў, дўстлар, шоншуҳрат)га алоқадор бўлиши ва ўзимизга, вужудимизга алоқадор (сезги ва таъм билиш, иштаҳа карнайлиги) бўлиши мумкин. Ёки тан роҳати, ҳиссий лаззат шу соҳаларда ҳаддан ошиши мумкин. Биз, асосан шу кейинги тийиқсизлик ҳақида фикр юритамиз.

Аввал кўрганимиздек, баъзи соҳаларда ҳаддан ошиш яхшими, ёмонми? – деган савол ҳам туғилиши мумкин. Иззат-ҳурматга доимо интиладиган одам том маънода, ҳаддан ошувчи одам эмас. Баъзан бундай одамларни ўз қадрини билади, деб мақтайдилар ҳам. Шу хилдаги ҳаддан ошганларга кўпинча, обрўга, шон-шуҳратга ўч одам ёки жаҳлини тиёлмайдиган одам, деб айтамиз. Аммо, аниқ айтмасдан, умуман очкўз, тийиқсиз, ҳарис одам деганда тан роҳатига, овқатни кўп ейишга ўч одамларни кўзда тутамиз.

Яна бир сабабга кўра, мана шунақа одамларни умуман тийиқсиз, ҳарис, деймиз. Модомики, тийиқсизлик қораланар экан, шунинг манбаи ҳам қораланади. Обрўга, шон-шуҳратга, амал-мансабга, пулга ва ҳоказоларга ўч одамлар унчалик қаттиқ қораланмайди. Аммо инсон баданига алоқадор ҳиссий лаззатларга ўч одамлар (нопок одамлар деб) қаттиқ қораланади. Шундай савол туғилади: ғазабини босолмайдиган одам билан тан лаззатига берилган одамдан қай бири кўпроқ, қаттиқроқ қораланади? Жаҳл, ғазабни босолмасликни бефаросат, муте хизматкорларга ўхшатиш мумкин. Булар «Олиб кел!» деган буйруқни эшитишлари билан ҳали хўжайин нима сўраётганлигини тушунмай туриб, ҳали китоб, ҳали хат, ҳали қаламни олиб югуриб келадилар. Булар хўжайин китоб деса, янглишиб қаламни ва қалам деса китобни олиб келадилар. Ғазаби тез, сержаҳл одам ҳам шундай: у бировнинг салгина хафа қиладиган сўзига ловиллаб, жаҳл отига ми нади: бу сўздан хафа бўлишга арзийдими ё қаттиқ хафа бўлишга арзийдими, шуни хотиржам ўйлаб кўрмайди. Бунақа жаҳли тез одамларни қаттиқ қораламайдилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации