Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 25 страниц)
13
Қаландар Қарноқий Али Қушчи билан Мирам Чалабийни кузатиб қўйиб, ўзан ёқалаб орқага қайтарди. Тун ярмидан оққан, олис қирлар ортидан кўтарилган заифгина ҳилол шуъласида борлиқ сокин, осуда уйқуга чўмган.
Қаландар қирни айланиб ўтиб, расадхона дарвозасига яқинлашганда, “Боғи майдон” томондан эшагини хих-хихлаб келаётган одам қораси кўринди. Қаландар ўзини четга олмоқчи бўлган эди, йўловчи эшагини тўхтатиб:
– Ҳей, фақир, бу сенму? – деб сўради.
Бу – уста Темур Самарқандий эди.
– Ҳа, мен, отахон. Нечун қайтмадингиз?
Чол унинг саволига жавоб бермай, яқинроқ келиб шивирлади:
– Эҳтиёт бўлғайсен, болам. Боядан бери бу айланада бир қора кўлага изғиб юрибди. Сергак бўл. Уқдингму?
– Уқдим, отахон…
Уста Темур Самарқандий бошқа ҳеч нарса демай, эшагини хих-хихлаб ўтиб кетди.
“Бу не кўлага? Тағин айғоқчими?”
Қаландар атрофига диққат билан разм солди. Лекин ҳаммаёқ жимжит, бирор шарпа эшитилмас эди.
Қаландар бир-бир босиб расадхона томон бораркан, шу йил кўкламда бу ғаройиб чол билан учрашгани эсига тушиб, мийиғида кулимсираб қўйди.
Қаландар мадрасани тарк этган бўлса ҳам зоҳидлар хонақоҳидаги фисқи фасодлар, уруш-жанжалларга ўрганолмай, кўнгли ғаш бўлиб юрган пайтлар эди. Бир кун кечқурун у хонақоҳга боргиси келмай, шаҳардан чиқиб, Обираҳмат бўйидаги қишлоқларни оралаб кетди. У эртасига ҳам шаҳарга қайтмай қишлоқма-қишлоқ кезиб юраркан, бир маҳал баланд тепа ёнбағридаги ғор оғзида ўтирган ғалати бир одамга кўзи тушди. Чиройли кетмон соқоли дуд ва тутундан сарғайиб кетган, бошига ағдарма телпак кийган, пешонасидаги қат-қат ажинларини қора қурум босган, лекин қадди-қоматидан аллақандай салоҳият ва куч ёғилиб турган бу чол, қўлида темир болғача, ғор оғзида қумғон ва чойдишларни тузатиб ўтирарди. Ёнидаги ўчоқда қора қозон биқирлаб қайнарди.
Қаландар чолнинг ишига бир лаҳза разм солиб тургач, камоли эҳтиром билан салом бериб, бир пиёла сув сўради. Чол бошини кўтариб, унга бошдан-оёқ разм солди, кейин қора қумғондан бир пиёла сув қуйиб узатаркан:
– Шу бўй-бастинг билан гадолик қилиб юрибсенми? – деди қўрс овозда. – Боракалло сендай баҳодирга!
Чолдан бу қўрсликни кутмаган Қаландар сувни бир кўтаришда сипқариб, ўрнидан турди. Лекин чол бароқ қошларини силаганича кўзини ундан узмай:
– Самарқанд фарзандига ўхшамайсен, – деди. – Қай юртдан адашиб келмишсен, дарвеш?
Қаландар истар-истамас, Яссидан, Сайҳун бўйларидан келганини айтган эди, чолнинг пешонасидаги ажинлари тарқаб, чеҳраси очилиб кетди.
– Эй, дариғ! Сабаб, гулдай Яссини тарк этиб, бизнинг юртда мусофир бўлиб юрибсен? Бошингга не ғам-андуҳ тушди, сўзла, мусофир.
Қаландар кўнгли эриб, бошидан ўтган воқеларни ҳикоя қилиб берди. Чол унинг маҳзун ҳангомасини кўзини юмиб, бошини оҳиста тебратиб эшитди. Кўнглига тасалли берди. Сўнг, ёшлигида карвонга қўшилиб Яссига борганини, равишлари пок, нафаслари оташок Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасини зиёрат қилиб, сағанасини тавоф қилганини сўзлаб берди. Суюниб кетган Қаландар, эски ҳикматлардан ўқиб берган эди, чол ҳам ийиб кетиб, уни ғорига олиб кирди, қўйиб юбормай бир кеча меҳмон қилди. Шу-шу, Қаландар устанинг олдига тез-тез келадиган бўлди, ҳар келганида кўнгли тоғдай ўсиб, гўё ўз юртига борибкелгандай бўлар эди… Мавлоно Али Қушчига кўмаклашиш керак бўлганида Қаландар ҳеч тортинмай тўппа-тўғри устанинг олдига бошлаб боришининг боиси ҳам шунда эди. Бошлаб бориб тўғри қилган экан, саксон яшар уста ҳамма гапга дарҳол тушунди.
Шогирдларидан уч-тўрт йигитни йиғиб, ғорда иш бошлаб юборди. Қаландар ҳам кечалари, теварак-атроф сал тинчиганда ғорга бориб, усталарга ёрдам берди: кулоҳи билан жандасини ечиб, ярим яланғочланиб олиб, дам урди, отанинг шогирдлари шундай ёқиб қолдики, тун бўйи ишласа ҳам эрталаб кетгиси келмай қоларди. Айниқса, Босқонбек билан Қалқонбек деган акаука темирчилар жуда хуш келди. Иккиси ҳам ёш, шўх, ширинзабон, қўли гул йигитлар эди. Улар чарчоқ нималигини билмас, иш пайтида ҳам лабларидан кулги, қўшиқ, аския аримас эди. Ниҳоят, сандиқлар тайёр бўлгач, уста Зарафшон соҳилидаги қишлоқларга чиқиб кетиб, тўртта туя топиб келди…
… Қаландар расадхона дарвозасининг рўпарасидаги чинор тагида тўхтади. Чинорнинг остида катта супа бўлиб, Қаландар бир ҳафтадан бери шу супада тунар, кундузлари чордона қуриб қимир этмай ўтирар. Лекин кўзини расадхонадан олмас эди… У чинор ковагига яшириб қўйган эски наматни олиб, супага ёзди, хуржунини бошига қўйиб, чўзилмоқчи бўлди. Лекин шу пайт дарвоза томонда “лип” этган сояга кўзи тушди.
– Ҳей, худонинг махлуқи! Кимсан?
Соя дарахтларни паналаганича “Боғи майдон” томон йўналди.
– Жонингдан умидинг бўлса, тўхта, ҳей ғаламис!
Қора кўлага тўхташ у ёқда турсин, бир оёғини судраб босганича чопқиллаб кетди.
“Қашқир! Бу каззоб не қилиб юрибди?” – Қаландар қоронғида туртина-туртина, сояни қувиб кетди. Дарахтларни паналаб кетаётган кўлага бир-икки марта “лип-лип” этди-ю, “Боғи майдон” дарвозасига етганда гўё ер ютгандай йўқ бўлди-қолди…
Қаландар орқага қайтиб, супада хаёлга толиб, узоқ ўтирди. “Бу қора кўлага ким? Қашқирми ё бошқа бир айғоқчими? Кўрган бўлса не бўлар?..”
Гўё қишда ковакдан ҳувуллаб кирган изғириндай совуқ бир ваҳима Қаландарнинг юрагини зирқиратиб юборди. Бу туйғу қоронғи тундай тобора қуюқлашиб борарди. Қаландар буни сезиб қолди-ю, ўзидан ғижиниб қўлини бир силтади-да, жандасини бошига буркаб, йиртиқ наматга чўзилди…
Эртасига Қаландар кун бўйи супадан жилмади. У чордона қуриб, бошини тебратиб, ҳамду сано ўқиб ўтирар, лекин ярим юмуқ кўзларини расадхона дарвозасидан узмас эди. Кечаси кўрган қора кўлага хаёлидан кетмас, назарида, айғоқчилар панапанада уни кузатиб тургандай туюларди…
Дарвоза берк, тош қўрғон билан ўралган расадхона жимжит. Унинг муаззам пештоқларидаги сиркор безаклар, меҳробга ўхшаган даричаларининг ҳошиясидаги нозик нақшлар, деворларига тилла суви билан битилган ҳикматли сўзлар куз офтобида гўё мўъжаз камалакдай жилоланиб, ҳавойи бир гўзаллик касб этган эди.
Осмонга бўй чўзган бу муҳташам бино, илиқ куз офтобида ял-ял ёнган бу фируза гумбаз, юксак минораларнинг зарҳал жилоси Қаландарга бошқа даврларни, масъуд талабалик чоғларини эслатиб, кўнглидаги сўнмас дардни яна қўзғади. У чоғларда Улуғбек мадрасасининг талабалари ҳафтада бир марта расадхонага келиб, кечалари фалакиёт ва риёзат илмидан дарс олишарди. Дарсларни аксарият Али Қушчи билан мавлоно Муҳиддин ўқир, лекин гоҳо аълоҳазратлари ўзлари ҳам сабоқ берар эдилар. Аълоҳазратлари келган кунлари расадхонага Самарқанддаги барча мударрислар, барча аҳли ирфон, машҳур фозиллар ва алломалар, баъзида эса ҳатто хорижий давлат элчилари ҳам ташриф буюришар, иккинчи ошиёнадаги муаззам кутубхонага одам сиғмай қоларди. Бошига учлик қора духоба тақя, эгнига зарбоф тўн устидан оқ шоҳи ридо кийган аълоҳазратлари, кўзлари аллақандай порлаб, ёноқлари туртиб чиққан узунчоқ юзи ловиллаб, товуши ҳаяжонидан титраб, коинотнинг мураккаб сирларидан сўзлар, кўкда ғуж-ғуж ёнган юлдузларни номма-ном санаб, уларнинг самодаги ўрнини тушунтирар эди. Мирзо Улуғбек ўқиган фалакиёт сирларини, хусусан, риёзиёт фанининг мураккаб қонунларини биров тушунса, биров тушунмас, лекин унинг ранго-ранг оҳанглар касб этган овози, илҳом билан порлаган кўзларининг сеҳрига илинмаган, ҳаяжонга тушмаган бир кимса бўлмас эди! Аксарият, Мирзо Улуғбек ҳазратлари билан бирга баковуллар келишиб ош дамлашар, дарсдан сўнг барча аллома ва талабаларга зиёфат бериларди.
Қаландар кўзларини юмиб чуқур тин олди… Нечун бу улуғ донишмандлар даргоҳини масту аласт ҳасадгўйлар уясига, улуғ истеъдод ва зако соҳибларини фисқи фужур дарвешларга, оппоқ мударрислик дасторини бидъатчи гумроҳларнинг кир-чир кулоҳига алмаштирди? Нечун? – деди у, ўзидан ранжиб, лекин эсига яна Хуршида бону тушиб, ўрнидан туриб кетди…
Қаландар бонунинг тўйидан кейин гўшанишинликни ихтиёр этиб, гадолик қилиб юрган чоғлари эди. Бир кун кечқурун, Қаландар, бошида кулоҳ, эгнида хирқа, елкасида эски хуржун, “Мозори шариф”дан қайтаётиб, серҳашам бир дарвоза олдида тўхтади. Унинг “ё Оллоҳ дўст, ё олло”сига дарвозани очган қоровул чол, сопол косада қатиқли гўжа билан битта зоғора тўқач олиб чиқди. Қаландар, қорни оч эди, дарвозанинг супасига ўтириб, овқатга киришди. У гўжани ичиб, энди фотиҳага қўл кўтарган эди ҳам муюлишдан эгнига зарбоф тўн, бошига сувсар бўрк кийган хушқомат бир суворий от ўйнатиб чиқиб келди. Кетма-кет қандайдир қўнғироқчаларнинг жангур-жунгури эшитилиб, муюлишда устига қизил кимхоб соябон тутилган кобулий арава кўринди…
Хушсурат суворий дарвоза олдида отидан сакраб тушиб, арғумоғининг жиловини қоровул чолга тутқазаркан:
– Ҳей! – деди Қаландарга юзланиб. – Қорнинг тўйдими бу даргоҳда? Тўйган бўлсанг йўлингга равона бўл, дарвеш!
Суворийнинг сўзлари қаттиқ тегса ҳам, Қаландар кўнглига олмаган бўлиб, дуо қилди-да, йўлга тушди. Лекин бир-икки қадам юрмаган ҳам эдики, аравадан:
– Мирзам! – деган овоз эшитилиб, беихтиёр тўхтади: “Бону!” Чексиз мунг тўла бу товуш Қаландарни чорладими ё зарбоф тўнга ўранган хушқомат суворийними?
Қаландар хуржунини кўтарганича кўча ўртасида гаранг бўлиб қотиб қолди. Кимхоб соябон ичига яшириниб олган бону эса, кўз ёш аралаш энтика-энтика давом этди:
– Мирзам! Бу кун ёмон туш кўриб, Хожа Баҳовуддин ҳазратларига етти танга атаган эдим. Ақчангиз бўлса шу гадога етти танга инъом қилинг…
Қаландар ҳушига келиб, арава томон бурилиб қаради. Тепасига ипак попилдириқлар тақилган кимхоб соябоннинг пардалари туширилган, ҳеч ким кўринмас, фақат парда четини ушлаган заифанинг оппоқ қўли кўринар, зумрад кўзли қўш узук тақилган нозик бармоқлар гўё ниманидир тимирскилагандай титрар эди…
Хушсурат суворий аравакашга қараб: “Ҳайда!” деган маънода бетоқат ишора қилди, ўзи эса, қовоғини солганича чўнтагини кавлаштириб, ниманидир олди-да, ҳамон гангиб турган Қаландарга қараб отди. Тош йўлга тушган олтин танганинг мусаффо жаранги арава ғилдирагининг тарақ-туруғига қўшилиб кетди. Дарвоза тақа-тақ ёпилиб, кимхоб соябонли кобулий арава кўздан ғойиб бўлди…
Ногаҳон рўй берган бу учрашув, тош йўлдан юмалаб кетган бу олтин не ўзи? Бону қилган пинҳоний бир ишорами ё чиндан ҳам унга ачиниб берилган садақами, ёхуд қандай бадавлат, шоҳона даргоҳга тушганини пеш қилмоқчи бўлганими? Лекин ундай деса… чексиз мунг тўла бу товуш, бу зорли фарёд тамом бошқа нарсадан далолат берарди…
Ўша куни Қаландар, гўё азиз бир нарсасини йўқотгандай қора шомгача дарвоза теварагида дайдиб юрди, кейин боши оққан томонга кетди. Бир маҳал ҳушига келиб қараса… “Шоҳизинда” қабристонида ўтирибди. Лекин кулоғи остида ҳамон бонунинг фарёдга ўхшаган зорли овози турар, хаёлидан эса, нечундир унинг шеъри чиқмас эди:
Тилим лолдур, дилим розин баён этмоқдин ожизмен,
Висолнинг орзусинда хастадур кўнгил, билмассен…
Сал ўтмай, доруссалтанада машъум хабар тарқалди-ю, Қаландарнинг кўзига олам яна ҳам қоронғироқ кўринди: гўё шаҳзода Абдулъазиз амир Иброҳимбекнинг ўғлини қатл қилдириб, унинг ҳуснида тенгсиз қаллиғини ўз ҳарамига олганмиш!..
Қаландар эсдаликлар туғёни билан олишиб, расадхонани бир айланиб чиқди. Яна жойига қайтиб ўтираркан, от туёқларининг дупурини эшитиб қолди.
Шаҳар томондан от чоптириб келган тўрт нафар суворий чинорга етмай, расадхонага бурилишди. Қаландар беихтиёр сесканиб кетди: от чоптириб ўтган сипоҳлар орасида… амир Султон Жондор ҳам бор эди!.. Қаландар Қарноқий сохт-сумбати келишган бу калондимоғ амирни аълоҳазратларининг даврасида кўп кўрган, Мирзо Улуғбек амир Жондорни ҳамиша ўзи билан бирга олиб юрар эди.
“Тавба! Мирзо Улуғбекнинг энг яқин муқарраби, инонган тоғи ҳисобланган бу амир расадхонада не қилади?”
Дарвоза олдида отдан тушган суворийлардан бири қамчисининг дастаси билан дарвозани шақ-шақ урди.
– Али Қушчи қайда? Оч, дарвозангни!
Расадхона қоровули Али Қушчини йўқ деди, чамаси, суворийлар амир Султон Жондор билан алланимани маслаҳатлашиб, яна дарвозани қоқишди. Дарвоза очилгач, амир Жондор билан яна бир суворий отларни қолдириб расадхонага кириб кетишди, икки суворий ташқарида қолди. Кўп ўтмай, расадхонага кириб кетган амир Жондор қайтиб чиқди ва ёнидаги ҳамроҳлари билан келган йўлларидан шаҳарга қараб от чоптириб кетди.
Қаландар суворийларнинг орқасидан тикилганича карахт бўлиб ўтириб қолди. Унинг юраги нечундир гурс-гурс тепар, хаёли қуюндай чарх урар эди.
Ё тавба! Наҳот Мирзо Улуғбек ҳазратларининг ўнг қўли ва энг содиқ амири ҳисобланган Султон Жондор бу разолатга борса? Мирзо Улуғбек тахтдан йиқилмасдан туриб, унинг ғанимлари хизматига ўтса. Энг яқин амири бундай тубанлик қилса, устоднинг тақдири не бўлади? Али Қушчининг ҳоли не кечади?
Қаландар бу ташвишли ўйлар билан бўлиб, тун ярмидан ошганича мижжа қоқмай ўтирди. У расадхонани ташлаб кетишини ҳам, кетмаслигини ҳам билмас эди. Ташлаб кетай деса Али Қушчини ўйлар, кетмай супада ётиб қолай деса, назарида, шайх Низомиддин Хомушнинг айғоқчилари келиб, банди қилиб олиб кетадигандай туюларди…
Қаландар, бу ўйлардан боши ғовлаб, кўзи илинган экан, яна оёқ шарпасини эшитиб уйғониб кетди… Худди кечагидай бир қора кўлага кўчанинг у юзидаги дарахтларни паналаб расадхона томон ўтиб борарди. Қаландар секин ўрнидан туриб, кўчанинг у юзига ўтди ва дарахтларни паналаб, кўлаганинг орқасидан юрди. Дарвозага етган кўлага у ёқ-бу ёққа аланглаб қаради, сўнг, дарвозанинг оғир мис ҳалқаларини секин шақиллатди. Ичкаридан қоровул чолнинг таниш хириллоқ овози эшитилди.
– Бу ким, тун ярмида дайдиб юрган?
– Бу мен! – қўрқибгина жавоб берди кўлага.
– Ким бўласен? Расадхонага кирмоққа ижозат йўқдур!
Кўлага бир лаҳза сукут сақлагач, яна боягидай қўрқинқираб шивирлади:
– Каминани Мирзо Улуғбек ҳазратлари юбормиш. Мавлоно Али Қушчини сўрайдур…
– Али Қушчи йўқ! Қайга кетди – билмаймен!..
Кўлага нима қилишини билмай хийла турди, кейин, бир-бир босиб орқага қайтди. У чинорга яқинлашиб қолганида Қаландар дарахтлар панасидан чиқиб йўлини тўсди:
– Али Қушчида не юмушинг бор? Камина етказурмен унга.
Кўлага – паканагина одам, қўрққанидан тили калимага келмай, серрайиб турарди.
– Қўрқма! Мен Али Қушчининг шогирди Қаландар Қарноқий бўлурмен. Айт – не юмушинг бор Али Қушчида?
– Али… – деди кўлага ғудраниб. – Али Қушчини Мирзо Улуғбек ҳазратлари кўрмоқни тилайдур…
Қаландар бир лаҳза иккиланиб тургач:
– Мирзо Улуғбек қайда? – деди. – Олиб бор мени. Али Қушчи қайда – ўзим айтамен давлатпаноҳга!
14
Дунёда ҳамма нарсадан мубҳамлик ёмон. Кишининг бошига тушган кулфат нечоғлик оғир бўлмасин, уни сабру тоқат ва ирода билан енгиш мумкин. Лекин ноаниқлик эзиб ташлайди кишини.
Мирзо Улуғбек Мовароуннаҳрдан қувилиш хабарини илк бор эшитганда юраги қон бўлиб кетса ҳам, кейин идрок билан ўзига ўзи тасалли бериб, йўл ҳозирлигини кўра бошлади.
У ҳамон Кўксаройнинг бир бурчагидаги совуқ хонада истиқомат қиларди. Шаҳзода билан учрашган куни эртасига унинг олдига бошига сурмаранг салла ўраган балхлик янги саройбон кирди. Саройбон унга йўл ҳозирлигини кўришни ва бу ишда ниманики даркор топса, ҳаммасини муҳайё қилишини айтди.
Мирзо Улуғбек ортиқча ҳеч нарса сўрамади. Фақат иссиқроқ кийим-кечак билан уч-тўрт кунлик озиқ-овқату яхши от-улов бўлса бас, бошқа ҳеч нарса лозим эмас, деди. Рост, бир оз пул ё тилла бўлса зарар қилмас эди, лекин тиллани ёлғиз шаҳзода инъом этиши мумкин. Мирзо Улуғбек эса ўша кунги суҳбатдан кейин шаҳзодадан ҳеч нарса тиламасликка онт ичди. Зотан, ҳажга отланган осий бандага асъасаю дабдаба не даркор? Бошга тушганини кўз кўрар. Тақдирга тан бермоқ керак.
Мирзо Улуғбек кечаси тонг отгунча мижжа қоқмай минг хил режалар тузиб чиқди. Эсон-омон Маккаи мукаррамага етиб, ҳаж қарзини ўтаса, Дамашққа ё Қоҳиратулга боради. Бирор-бир мадрасада фаррошлик қилиб, ер супириб ўтса ҳам, илм аҳли билан бирга бўлади, қолган беш кунлик умрини таълиму тариқатга бағишлайди. Унинг номини Дамашқда ҳам, Мисрда ҳам, “Байтул ҳикма” аталмиш Бағдодда ҳам билишади. Қаерга бормасин, иншоллоҳ, хор бўлмас. Фақат… киндик қони тўкилган бобо юрти Мовароуннаҳрдан, суюкли Самарқандидан, болалик йиллари ўтган Зарафшон соҳилларидан кетмоқ, яхши кунига ҳам, ёмон кунига ҳам шоҳид бўлган бу маскандан айрилиб, ёт элларда мусофир бўлмоқ… уни фақат шу хаёл қийнар эди. У ҳар хил юмушлар билан ўзини овунтирмоқчи бўлар, тақдирга тан бермоқ керак, деган ўй билан кўнглини кўтаришга уринар, лекин барибир элидан жудо бўлиш ҳақидаги хаёл қайта-қайта ёпирилиб келиб, юраги чўғ теккандан ачишиб кетарди.
Тушдан кейин саройбон элликларга борган, чуваккина, ниҳоятда мулойим бир одамни бошлаб келди. Мирзо Улуғбек уни дарҳол таниди – бу одам Шоҳизинда хўжаларидан Муҳаммад Хисрав эди. Соқолига битта-яримта оқ оралаган, лабларидан мулойим табассум аримаган бу нимжон одам Мирзо Улуғбекка жуда ёқди, Муҳаммад Хисрав унга йўлдош бўлишини эшитиб, суюниб кетди. Саройбон шаҳзоданинг амри олийсини баён қилди: Мирзо Улуғбек билан Муҳаммад Хисрав шу бу кун, намози асрдан кейин Кўксаройдан чиқиб, “Боғи майдон”га бориб тунамоқлари, эртага субҳидам эса узоқ сафарга отланмоқлари лозим.
“Фуқаро кўрмасин дейдур!” – Мирзо Улуғбек юрагида кўтарилган аламли туғённи ичига ютиб, Муҳаммад Хисравнинг уст-бошига разм солди. Хожа эгнида эскироқ қора чакмон, оёғида қизил чармдан эскироқ маҳси, бошида одми салла эди.
– Кийимингиз олис йўлга юпун эмасму, Хожам?
Хожа Муҳаммад Хисрав мулойим кулимсиради.
– Ҳажга отланган бир фақирга шоҳона кийим не даркор, онҳазратим?
Муҳаммад Хисравнинг бу гапи ҳам Мирзо Улуғбекка маъқул тушди. Лекин у: “Шоҳона кийим бўлмаса-да, олис сафарга иссиқ кийим даркор, кунлар совиб қолди”, деб саройбондан унга бошоёқ сарупо олиб берди.
Улар шом намозидан кейин қўзғалишди. Кўксарой одатдагидай теран сукутга чўмган, ҳаммаёқ зим-зиё, фируза ранг юксак гумбазлар совуқ дахмалардай мудҳиш қорайиб турарди. Фақат мармар сарҳовузнинг четларидаги тош фонуслар заифгина шуъла сочар, кумуш фавворалардан қуйилган сувнинг сокин шовуллаши қулоққа чалинарди, холос.
Мирзо Улуғбек аллақандай совуқ бўлса ҳам, бутун умри ўтган бу кўҳна сарой билан абадул-абад видолашаётгани эсига тушиб беихтиёр тўхтади. Тўхтади-ю, дилидаги аламли ҳисга бўйсуниб, қибла томондаги ҳарамхонага қаради. Девор билан тўсилган ҳарам ҳам қоронғуликка чўмган, фақат энг чеккадаги дарича худди тунов кунгидай олис юлдуз каби милтираб турарди. Наҳот кўзлари маъюс ўша канизак бўлса? Қариган чоғида унинг аламли қалбини куз офтобидай илиқ нурга йўғирган ўша дилрабо маъсума бўлса? У нечун ухламайди? Нечун ҳамма даричалар қоронғи, ёлғиз унинг даричаси ёруғ? Мутолаа билан машғулми, ё…ё шаҳзода уни…
Мирзо Улуғбек кўнглига ёпирилиб келган мудҳиш шубҳадан кўз олди қоронғилашиб, деворга суяниб қолди. Назарида, юрагига заҳарли наштар санчилгандай туюлиб, бир дақиқа тишларини босиб турди, кейин саройбоннинг йўталини эшитиб, зўр ирода билан ҳисларини жиловлади-да, дарвозага томон юрди.
Дарвозадан чиққан жойда уларни тўрт нафар суворий қарши олди.
Мирзо Улуғбек кечаси бўлса ҳам Самарқандни бир айланмоқ, таниш кўчалар, даҳалардан ўтиб, доруссалтана билан видолашмоқ, Гўри Амирга бирров кириб, бобоси билан падари бузрукворининг сағаналарини тавоф қилмоқ, кейин йўлга тушмоқ ниятида эди. Лекин отга минишлари билан уларни қуршаб олган суворийлар пастга, Регистон томонга йўл олишди.
“Не қилай? Бу аёвсиз шаҳзода қабрингга сажда қилмоққа ҳам ижозат бермади. Ўзинг афв этгайсен, жаннатмакон!” – Мирзо Улуғбек, Гўри Амир томонга қарай-қарай ичида тиловат ўқиб, юзига фотиҳа тортди-да, отига қамчи босди. Силлиқ тош ётқизилган жимжит кўчалар тақа қоқилган от туёқларидан қарсиллаб кетди… Кўчанинг икки юзидаги пахса девор билан ўралган ҳовлилардан, тимли пастқам расталардан тиқ этган товуш эшитилмади… Ҳар йили бу маҳалда шаҳарда тўй-томоша авжга чиқар, кечаси билан ноғоралар тарақлаб, карнайлар наъра тортар, соябон араваларга минган заифалар, хонанда ва созандаларнинг қўшиқ ва лапарлари, от ўйнатган йигитларнинг қийқириғи доруссалтанани титратар эди. Мана энди ҳаммаёқ жимжит, гўё ташландиқ гўристондай ҳувуллаб қолган. Фақат Улуғбек мадрасаси рўпарасидаги хонақоҳдан ҳамду сано ўқиган дарвешларнинг “ҳу-ҳу”лари эшитилади.
Регистон майдонига етганда Мирзо Улуғбек чидай олмади. Отини жиловидан тортиб тўхтатди. У бир лаҳза мадрасага кирмоқчи, унинг осуда ҳужраларига бир-бир айланиб чиқмоқчи, шо гирдларидан бирортаси билан бўлса ҳам видолашмоқчи эди. Лекин олдинда бораётган суворийнинг таҳдидли овози эшитилди:
– Чуҳ денг, пушти паноҳ! Тўхтамоққа ижозат йўқ!
Мирзо Улуғбек отининг бошини бураркан, беихтиёр кўзига ёш олди. У ҳозир биринчи марта чиндан ҳам ожиз бир банда эканини тушунди. Эндигина ҳокимиятдан жудо бўлган шоҳ, умрбод дарбадарликка маҳкум этилган бир фақир эканини ҳис этди. У шундай бўлишини билар, эл-юртидан айрилишини тушунар эди. Лекин шу дақиқагача буни ақл билан идрок этса, энди, суворийнинг бетакаллуф амридан кейин, дил-дилидан ҳис этди, ҳис этди-ю, вужуд-вужудигача зирқираб кетди… “Ўзинг сабр ато қилгайсен, раббано! Наҳот у чиндан ҳам бу сокин кўчалардан юрмаса? Ўзи бунёд этган, чорак аср мударрислик қилган, энг масъуд дамлари ўтган бу мадрасаи муаззамни қайта кўрмаса? Ундаги суюкли талабалари билан сўнг бор видолаша олмаса? Наҳот жума номози кунлари масжиди жоменинг тилла меҳроби олдида саждага бош қўйиб, руҳан ва ақлан ўзингга тавалло қилмоқ бахтидан умрбод маҳрум бўлса, худованди карим? Нечун, қайси ёзуқлари учун уни бу кўргуликка маҳкум этдинг, халлоқи олам?..”
Тимли, қоронғи расталардан ўтилгач, чап қўлда масжиди жоменинг ложувард гумбази ярқираб кетди. Юлдузлар акс этган тилларанг пештоқлар қоронғида ғалати жилоланар, гириҳ нақшли гулдор безаклар орасига дур ва инжу сочилгандай кўк, қизғиш, сурмаранг шуъла таратиб, ял-ял ёнарди.
Наҳот суворийлар бир дақиқа тўхтамаса? Лоақал бир зум тўхтаб, тиловат қилишга ижозат бермаса?.. Йўқ, олдиндаги икки суворий отларини чоптирганларича ўтиб кетишди… Мирзо Улуғбек то Афросиёб харобаларига етгунча гўё онасидан айрилган бўтадай орқасига қарай-қарай борди… Мана “Шоҳизинда” қабристони ҳам орқада қолиб, расадхонага олиб борадиган катта тош йўлга тушиб олишди. Лекин “Боғи майдон” дарвозаси расадхонадан хийла берида, Сиёбдан ўтиб, тепага чиққан жойда. Наҳот у расадхонани ҳам кўролмаса? Али Қушчи билан видолашолмаса? Кутубхона тақдири не бўлганини билолмай кетса? Йўқ! Мирзо Улуғбек Али Қушчини кўрмай, суюкли кутубхонасининг тақдирини, гўё денгиздан жавоҳир қидирган ғоввосдай қирқ йил не машаққатлар билан қидириб топган ноёб китобларининг тақдирини билмай бу маскандан кетолмайди!
“Боғи майдон” дарвозасидан уларни яна тўрт нафар сипоҳ қарши олди. Кузатиб келган сипоҳлар Мирзо Улуғбек билан Муҳаммад Хисравни уларга топшириб, қайтиб кетишди.
“Боғи майдон” сипоҳлари Мирзо Улуғбек билан Муҳаммад Хисравнинг отларини олиб қолиб, ўзларини ичкарига таклиф қилишди. Боғнинг қоқ ўртасида деворлари хитой кошинлари билан безатилган “Чил устун” кошонаси бўлар, тепаликка қурилган кошонанинг иккинчи ошиёнидан расадхона рўй-рост кўринар, агар кошонадан сал ўтиб, девордан ошиб тушилса тўғри расадхонага чиқилар эди.
Кошонанинг олдида уларни соқоли кўксига тушган букри чол қарши олиб, ичкарига бошлади. Ҳам букри, ҳам туғма гунг бу чол “Боғи майдон”да Соҳибқирон ҳаёт вақтидан бери маҳрамлик қилар, Мирзо Улуғбекка ҳам мулозимлик қилган эди. Мирзо Улуғбек кошонага кирмай, чолдан бир қумғон сув сўраб олди-да, дарахтлар орасига шўнғиди.
Япроқлари сийраклашиб қолган яримяланғоч боғ дарёдай сокин шовуллар, чирс-чирс узилган хазонлар ҳавода пир-пир учиб оёқ остидаги “гилам” устига унсизгина қўнар эди.
Мирзо Улуғбек икки ёнига арча ўтқазилган кенг хиёбондан юриб, расадхона томонга бурилганида орқадан шип-шип оёқ товуши эшитилди. “Наҳот букри чол сезиб қолган бўлса?”
Мирзо Улуғбек ялт этиб орқасига қаради, қаради-ю, анграйиб қолди: уни таъқиб қилиб келаётган на букри, на сипоҳ, балки… фариштадай мулойим кўринган… Муҳаммад Хисрав эди!..
– Бу ким? Хожа Муҳаммад Хисрав ҳазратлари… сизму? Ниятингиз ҳажга бормоқму ё каминага айғоқчилик қилмоқму?
Муҳаммад Хисрав ҳансираб тўхтади.
– Маъзур тутгайсиз, давлатпаноҳ. Айғоқчиликдан худо асрасин. Лекин букри безовта бўлиб, сизни ахтариб юрибди…
Мирзо Улуғбек нима қилишини билмай бир лаҳза иккиланиб тургач мақсадини айтди.
– Расадхонага камина бориб келурман, – деди Муҳаммад Хисрав қатъий. – Мавлоно Али Қушчини топсам бошлаб келурмен. Сиз қайтмасангиз, букри сипоҳларга хабар берадур.
– Сиз-чи?
– Улар сиздан шубҳа қилурлар, камина билан ишлари йўқ.
Мирзо Улуғбек кўнглида бу мўъмин одамдан миннатдор бўлиб, унга йўл кўрсатиб қўйди-да, орқага қайтди. Букри чиндан ҳам кошона атрофида айланиб юрарди. Мирзо Улуғбекни кўриб, суюниб кетган букри, имо-ишоралар билан кошонага таклиф қилди. Кошонанинг иккинчи ошиёнидаги олди айвон ҳайҳотдай хонага шамлар ёқилиб, шоҳи кўрпачалар ёзилган, ўртадаги хонтахта мева-чевага тўла эди.
Букри бир чойнак чой олиб кириб хонтахтага қўйди-да, орқаси билан юриб чиқиб кетди. Мирзо Улуғбек секин юриб айвонга чиқди.
Олис уфқдан, Ургут тоғлари ортидан кўтарилган ҳилол осмонда бир парча муздай ялтираб турарди. Япроқлари тўкилиб, ҳувуллаб қолган боғ ой шуъласида яна ҳам ғариброқ, яланғочроқ туюлар, фақат бахмалдай тиниқ осмонни тўлдирган ғуж-ғуж юлдузлар ҳеч ўзгармаган, илгаригидай ўзига чорлар, чақнаб чарақлар эди… Ана, энг тепада, тўнтарилган чўмичга ўхшаган Дубби акбар юлдузлари, ундан пастроқда, гўё сочилган зардай ялт-ялт этган Сомон йўли, Сомон йўлининг тагида, бир парча муздай ялтираган ҳилол устида бир ҳовуч чўғ – Ҳулкар милтирайди…
О, юлдузлар, сеҳрли юлдузлар! У қирқ йил сенларнинг сирларингни билмоқ ниятида яшади, саноқсиз тунларни бедор ўтказди. Коинот сирларини билсам, ҳаёт ва башарият сирларини билурмен, деб умид қилди. Йўқ, ҳамма орзулари ҳаёт довулларида тўзғиб, қариган чоғида ғариб бир инсон, чорасиз бир банди бўлиб ўлтирибди… У бандиликнинг ғурбатини ҳам мана энди, ўзи кишансиз банди бўлганидагина тушунди. Ким билади, у ҳокими мутлақ чоғида қанча мўмин-мусулмонлар жабру жафо чеккандур? У ҳозир ўз фарзандидан зор йиғлаганидай, жабру жафо чеккан у бечоралар ҳам ҳақ таолога тавалло қилиб, унга интиқом тилагандур? Ким билади, қирқ йил тахтда ўлтирганида қанча адолатсизлик қилди, қанча гуноҳсиз бандаларнинг кўз ёшини тўкди? Воажабо, нечун шундай? Нечун осий банда бошига ғурбат тушгандагина бошқаларни ўйлайди? Дардларига ҳамдард бўлади? Билъакс, инсоф ва адолатни хаёлига келтирмайди? Энг қабиҳ туйғулар – ўзи янглиғ бандалар устидан ҳукм сурмоқ, барчани ўз иродасига бўйсундирмоқ, шон-шуҳрат орттирмоқ нияти кўзини кўр қилиб, ақл-идрокини ўғирлайди? Бу ғаддор дунёнинг бебақолигини унутиб, мислсиз манфурликлар қилади?”
Мирзо Улуғбек, хаёлини қора тумандай чулғаб олган маҳзун ўйлардан қутулмоқчи бўлиб, олисларга, сокин шовуллаган боғ ортидаги расадхона томонларга қаради. Шу пайт, айвоннинг эшиги оҳиста очилиб, Муҳаммад Хисравнинг боши кўринди.
– Соябони марҳамат!
Мирзо Улуғбек оёқ учида юриб эшикка яқинлашди.
– Хўш?
– Мавлоно Али Қушчини топмадим. Бир дарвеш қайдалигини ўзим айтамен, деб бирга келди.
– Қай дарвеш?
– Девсифат бир дарвеш. Онҳазратимга олиб борасен, деб, ёпишиб олди… Букри пинакка кетибди. Дарвешни чақир десангиз, чақириб келамен…
– Ҳай, чақиринг!
“Девсифат дарвеш… Дарвеш не қилади расадхонада? Мударрислар, талабалар қайда?”
Мирзо Улуғбек ўйчан одимлаб дастурхон ёзилган хонага кираркан, пастки хонадан, бошида эски кулоҳ, эгнида жулдур жанда, қора соқоли кўксига тушган, чиндан ҳам мажнунсифат бир дарвеш чиқиб келди.
– Ассалому алайкум, устод!
“Устод?” – Мирзо Улуғбек эшикда тўхтаб, жулдур кийимли дарвешга қадалиб қаради, қаради-ю, ҳайратга тушиб:
– Қаландар Қарноқий?! – деб хитоб қилди.
Қаландарнинг совуқда қорайган шиддатли юзида мулойим табассум жилва қилди:
– Танидингизми, устод!..
Мирзо Улуғбек ўрнидан жилмай ҳамон Қаландарга тикилиб турарди.
– Сени… мадрасани тарк этиб, зоҳидлик йўлига кирган, деб эшитган эдим… Расадхонада не қилиб юрибсен?
Қаландар қалин жингалак соқолини силаб, мийиғида кулимсиради:
– Расадхонада… айғоқчилик қилиб юрибмен, устод…
– Бу не сўз? Ҳазилму?
Қаландарнинг лабларидаги кулги сўниб, қовоғи солинди.
– Йўқ, чин сўз бу, устод. Шайх Низомиддин Хомушнинг фармони ила расадхонада айғоқчилик қиламен. Токи расадхонага кўмилган тилла ва жавоҳирларни, маъжусийлар ва бединлар битган куфр китобларини даҳрий шогирдларингиз ўғирлаб кетмасин!
– Расадхонага жавоҳирот қайдан келур?
Қаландар бошини кўтариб Мирзо Улуғбекнинг кўзларига тик қаради:
– Бобонгиз Амир Темур тиллалари қайда? Уларни мавлоно Али Қушчига ким бергандур?
“Воажабо! Бу телбанамо дарвеш не дейди? Бу сирни қайдан билади? Бу ерга келишдан муроди не?”
– Мақсадинг расадхонадаги тиллаларни асрамоқ экан, нечун уни ташлаб, салтанатдан жудо бўлган шоҳни йўқлаб келдинг? Муддаонг недур, дарвеш?
– Муддаом… Илм аҳлига яхшилик қилмоқдур, устод…
Мирзо Улуғбекнинг лабларига кинояли табассум қўнди.
– Балли, дарвеш! Ва лекин илм даргоҳидан юз ўгириб, гадоликни тилаган зоҳид нечун қайта илм аҳлига яхшилик қилмоққа жазм этгандур?
Қаландар кўзини Мирзо Улуғбекнинг кўзидан узиб, ерга қаради, овози бирдан ўзгариб:
– Валинеъмат, устод, – деди секин. – бандаи ожиздан кулмасангиз, дардимни айтамен…
Мирзо Улуғбекнинг кўзларидаги истеҳзо ҳайрат билан, ҳайрат аллақандай илиқ меҳр билан алмашди.
– Афв эт, дарвеш. Дардинг бўлса сўзла, ўғлим.
– Дардим шуки, – Қаландар энтикиб чуқур тин олди-ю, овози бўлакча бир самимият касб этди. – Дардим шуки, илм даргоҳини зоҳидлар гўшасига алмашиб қаттиқ янглишибмен, устод. Зеро, фақир пок деб юрган у даргоҳ бидъат ва хурофот макони экан. Фақир инонган уламолар у дунё эмас, бу бебақо дунё ғамида экан, устоз. Инсоф ва ҳақиқат уларда эмас, фозилу фузалода экан. Шу сабаб, яхшилик қилмоқ ниятини дилимга жо қилиб, илм аҳлига қайта юкуниб келдим, устод!..
Басавлат гавдаси билан яримқоронғи хонанинг эшигини тўсиб турган саҳройи дарвеш кулоҳлик бошини эгиб жим қолди. Унинг кўнгли гирён эканини сезган Мирзо Улуғбек, юраги яна оталик меҳрига тўлиб ёнига борди.
– Боракалло, дарвеш. Машойих Абубакир Тоҳир Абҳарийдин сўрамишлар: ҳақиқат недур? Дедиким – илмдур. Дедилар: илм недур? Дедиким – ҳақиқатдур! Кўнглимдаги ҳамма шубҳаларни совурдинг, раҳмат сенга, Қаландар. Кўп улуғ ният қилибсен, ниятингга офарин. Буни Али Қушчи билурми?
– Биладур, устод, биладур, – Қаландарнинг чеҳраси ёришиб кетди. – Кўнглингиз тўқ бўлсин, устод. – Мавлонога топширган тилла ва жавоҳирларингизни ишончли ерга яширдик. Ғанимларингиз минг йил қидириб тополмайдур!…
– Али Қушчи ўзи қайда?
– Китобларингизни туяга ортиб, яширгали олиб кетди…
“Воажаб! Гуноҳсиз норасидадай оқ кўнгил, кўзлари мусаффо бу гадони қайдан етказдинг?..”
Баногоҳ унинг эсига суюкли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодирнинг бир сўзи тушди: “Фуқаро сизга содиқ. Черик йиғайлик, онҳазратим!..” Нечун ўшанда Баҳодирнинг насиҳатига кирмади? Нечун фуқарога мурожаат қилмади?..