Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 22

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 22 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
21

Мавлоно Али Қушчи ҳайрат ва аросатда қолди. Мана, бир ҳафтадан ошдики, ташқаридан келиб турадиган тўқач нонлар келмай қолди. Кечадан бери эса тўқач тугул арпа нон билан бир чойдишгина совуқ сув ҳам тўхтади. Ё уни эсдан чиқаришган, ёхуд бу қоронғи гўрда очдан ўлдиришга қасд қилишган. Энг ёмони шундаки, мавлоно “Рисолаи дар фалакиёт”нинг муқаддимасини қоғозга тушириб бўлган, энди бу ёзувларни чойдишга солиб, пинҳоний “садоқати зоҳир шогирдлари”га узатиш ниятида эди. Бу нияти ҳам пучга чиқди ҳисоб… Сўнгги кунларда мавлононинг иккала оёғи шишиб, бурунги оғриғига минг чандон оғриқ қўшилдики, юрса юрганда оғрийди, ўтирса ўтирганда. У соатлаб бир жойда турганича, оёқларини уқалайди, тишини-тиши га қўйиб шишларини силайди. Ниҳоят, ҳолдан тойиб, йиртиқ бўйрага ёнбошлайди. Лекин кўп ётолмайди, тагидан зах ўтиб, суяк-суякларигача зирқираб кетади-ю, туришга мажбур бўлади. Безиллаб оғриган оёқларини силаб-сийпаб сал тинчитгач, оқсоқлана-оқсоқлана тор хонани айланиб, яна рисола устида мулоҳаза юритади, ўзини чалғитиш, вужудини қақшатган оғриқни унутиш умидида ўйлайди. Лекин сўнгги пайтларда ўйлашга ҳам мажоли қолмади. Бир томондан очлик, бир томондан оғриқ енга бошлади чамаси, ҳарорати ортиб кўз олдини туман қоплайдиган бўлди, бу туман орасида гоҳ нурсиз кўзларидан шашқатор ёш қуйилган энаси Тиллабиби кўринар, гоҳ устод Мирзо Улуғбек, гоҳ Қозизода Румий ҳазратлари пайдо бўлиб, панд-насиҳатлар қилишар, гоҳо рисола устида баҳс юритишар, тузатишлар киритишар эди. Воажабо, ҳарорат пасайиб сал ҳушига келганда ўйлаб қараса, бу “тузатиш”ларда ҳамиша жон бўларди… Букун оғриқ уни айниқса қаттиқ қийнади. Тирноқларигача зирқиратган бу оғриқ билан олиша-олиша туришга ҳам мажоли келмай, ҳарорат ичида ёниб ётаркан, гўё эшик очилиб устод киргандай, гўё тепасига келиб:

– Сенга не бўлди, ўғлим Али? – деб сўрагандай туюлди.

– Не қилай, устод? – деди Али Қушчи, хаёлан ёнига чўнқайган устодга мурожаат қилиб. – Хасталик енгди…

– Аттанг! Бу оғир юмушни юклаб, сенга завол қилибмен, ўғлим. Ўрнингдан тур, шаҳзоданинг оёғига йиқил. Бошқа чора йўқдур, Али.

– Йўқ, устод. Сизнинг васиятингизни тарк этиб сир-асрорни очгандан кўра, бу совуқ гўрда ўлганим аълодур, устод. Тонгла маҳшарда қай юз билан сизнинг юзингизга қараймен?..

Устод унинг сўзига қулоқ солмай, қўлтиғидан кўтариб, ўрнидан турғазмоқчи бўлармиш, сўнг, бирдан ўзгарган дарғазаб овозда:

– Тур дейман! – деб ўшқирармиш. – Сени офтоби олам Мирзо Абдуллатиф чорлайдур!

“Офтоби олам чорлайдур! Тушимму бу, ўнгимму?” Мавлоно бутун иродасини жамлаб кўзини аранг очди. Ажабо: унинг ёнида устод эмас, икки сипоҳ қўлтиғидан ушлаб турар, эшикда машъал ушлаган учинчи сипоҳ кўринарди. Али Қушчи тишини-тишига қўйиб қаддини ростлашга ҳаракат қилди, лекин ростлай олмай деворга суянди-ю: “Сув!” деб пичирлади.

– Сув! – бақирди сипоҳлардан бири. – Сув келтир тез!

Али Қушчи бир коса сувни бир кўтаришда сипқариб, косани қайтариб берди. Муздай сув негадир ичини ёндириб ўтгандай туюлди. Хаёли равшанлашиб: “Шаҳзода фақирни не қилади? – деди ичида. – Мақсади не? Тағин сўроқми? “Куфр” китобларни топ, деб зуғум қилишми? – Али Қушчи дармонсизланиб кўзларини юмди. – Шаҳзода уни бу ҳолда кўрса не дейди? Ўжарлик қилсанг бундан ҳам хор бўласен деб хурсанд бўлмасми?”

Али Қушчи ҳибсхонадан ўзи юриб чиқмоқчи бўлди, лекин оёқлари иродасига бўйсунмай, қалтираб кетди-ю, сипоҳлар уни яна суяб қолишди. У узундан-узоқ ер ости йўлагидан ўтиб, тепага чиққунча сипоҳларга суяниб борди, сўнг тишини-тишига қўйиб бир-бир босиб ўзи юриб кетди.

Тонг яқин бўлса керак, олис-яқиндан хўрозларнинг қичқириғи, эшакларнинг ҳанграши эшитилар, лекин осмон тўла юлдузлар тиниқ чарақлаб турар, ғир-ғир илиқ шабада кўкатларнинг, баҳор гиёҳларининг муаттар ҳидини уфуриб, димоққа гуп-гуп урарди… Улар сарой ўртасидаги мармар сарҳовуз ёнига борганларида, Али Қушчи бир зум тўхтаб, осмонга, чарақлаб турган юлдузларга тикилди… Ана, қоқ пешанада Дубби аскар, ундан сал пастроқда бир ҳовуч қўрдай ғуж-ғуж милтираган Ҳулкар! Гумбаз устидаги Ноҳид юлдузи эса худди артилган олмосдай ялтиллайди… Тонг яқин… – мавлоно кўзларини юмиб, юзини майин шабадага тутди, гуркираб ўсаётган майсаларнинг сал тахир ва чучук бўйини тўйиб-тўйиб ҳидлади.

Ё тавба! Бу рўйи замин, бу ҳудудсиз коинот қанчалар фусункор, қанчалар гўзал экан, нечун одамлар бундай тубан, бундай раҳм-шафқатсиз яралгандур!

– Мавлоно! – сипоҳлар уни ҳолдан тойди деб ўйлашди чамаси, яна қўлтиқлаб олишди, лекин Али Қушчи “ўзим!” деди-да, оқсоқлана-оқсоқлана, ўзи юриб кетди.

Али Қушчини саломхонага олиб киришганда Мирзо Абдуллатиф олтин курсида чуқур хаёлга чўмиб ўтирар эди. Эшик очилганда у чўчиб бошини кўтарди, сўнг гўё Али Қушчидан ҳадиксирагандай оҳиста юриб ёнига келди-ю, қўл қовуштириб:

– Ассалому алайкум, мавлоно! – деди кутилмаган бир мулойимлик билан.

“Бу риёкор падаркушга не бўлди? Нечук сертавозе бўлиб қолди?” Али Қушчи деворга суянганича шаҳзодага ҳайрат билан тикилди. Мирзо Абдуллатифнинг кўзлари уйқусизликдан қизариб, бурни сўррайиб қолган, соқол-мўйловлари қайчиланмаган, хатти-ҳаракатлари бесаранжом, ўзиям қаттиқ саросимада эди.

“Ё тавба! Бунга не бўлди?”

Шаҳзода бежо кўзлари билан бир зум унга синовчан қадалиб турди, кейин қўлидаги шақилдоғини боши узра кўтариб, қаттиқ шақиллатди.

– Зиндонбеги бефаросатлик қилибди! – деди у эшикда пайдо бўлган саройбонга юзланиб. – Мавлоно кўп азият чекибди. Бу зоти шарифни дарҳол ҳаммомга юборинг! Эгнига янги сарупо кийдириб, қорнини тўйдириб, олиб келинг!

Ҳайратдан лол бўлиб қолган Али Қушчи ўзига келгунча саройбон уни қўлтиқлаб саломхонадан олиб чиқиб кетди. Мирзо Абдуллатиф ўз фармонидан мамнун бўлди чамаси, мийиғида кулимсираганича, қўлларини орқасига қилиб, тахт атрофида айланишга тутинди.

Али Қушчини чақиртиришдан мақсад – ундан зойича8181
  Зойича – гороскоп. Мунажжимларнинг юлдуз ва жадвалларга қараб башорат қилиши.


[Закрыть]
га қараб, ўз тақдирини билиб беришини сўрамоқ эди. Чунки расадхонада содир бўлган машъум воқеадан кейин шаҳзода яна эски дардга мубтало бўлди. Кечаларигина эмас, кундуз кунлари ҳам юраги ўйнайдиган, кўзига алланималар кўринадиган бўлиб қолди.

Кеча кечқурун ногаҳон унинг қўлига шаҳзода Султон Муҳаммаднинг бир номаси тушди. Нома Шайхулислом Бурҳониддин жанобларига йўлланган бўлиб, унда икки шаҳзода – Мирзо Абдулло ва Абу Саид Мирзонинг номлари зикр этилган эди. Шаҳзода Шайхулислом Бурҳониддиндан кўпдан бери ҳадиксираб юрар, чағир кўзли кибру баланд бу уламо, гўё унга эътимод қилмагандай, саройга ташриф буюрмаслигининг ўзиёқ унинг қора ниятларидан далолат берарди. Рост, узоқ Хуросондан йўлланган бу нома шундай сирли иборалар билан битилган эдики, унинг мазмунини илғаб олиш амримаҳол эди. Лекин сирли иборалар билан битилган номанинг Шайхулислом Бурҳониддинга йўлланишининг ўзи, хусусан, унда икки шаҳзоданинг номи зикр қилиниши Мирзо Абдуллатифнинг кўнглидаги эски шубҳани яна бир бор таъкидлади: доруссалтанада унга қарши фитна бор!..

У Мирзо Абдуллони яқинда кўрган эди. Лекин Мирзо Абу Саид… Шаҳзода Шайхулислом Бурҳониддиндан қандай ҳадиксираса, қайсар така-туркманлар қони аралашган бу нобакор Мирзодан ҳам шундай чўчиб юрар эди… Мирзо Абдуллатиф уни ўз кўзи билан кўришга азм қилди. У девонбеги билан ясовулбошини олиб, Кўксарой остидаги зиндонларга, тўғрироғи, зиндонларга олиб борадиган зимистон камбар йўлакка тушди. Зиндонбеги бошлиқ бир неча сипоҳлар, қўлларида машъал, тор ва қоронғи йўлакни ёритиб олдинда боришарди. Мирзо Абдуллатиф аъзойи баданини чулғаб олган мудҳиш қўрқувдан юраги увишиб, машъал ушлаган сипоҳлар орқасидан қоқилиб-суқилиб бораркан, бобоси қурдирган бу ер ости унгурга, илон изи бўлиб кетган бу чексиз камбар лаҳимга ҳайрат билан тикилар, машъал шуъласида аллақандай кўлагалар изғиган бу зимистон йўлак яна ҳам совуқроқ, ваҳималироқ туюлар эди.

Абу Саид Мирзо бу зимистон унгурнинг энг охирида, соҳибқирон Амир Темур ўзининг энг ёвуз ғанимларини сақлайдиган, эшигига темир қопланган тор ҳибсхонада сақланарди. Мирзо Абдуллатифни кўриб, нечундир олазарак бўлиб қолган зиндонбеги, қўллари дир-дир титраб, эшик қулфини узоқ тимирскилади. Ахийри ясовулбоши уни итариб юбориб эшикни ўзи очди ва ёнидаги сипоҳнинг қўлидаги машъални юлиб олиб, биринчи бўлиб, ичкарига кирди. Ясовулбошининг орқасидан Мирзо Абдуллатиф кирди, кирди-ю, юраги музлаб кетди: ҳибсхона бўм-бўш, бир учи деворга қоқилган узун кишан ерда арқондай эшилиб ётарди!..

“Фитна! Тахтга Абу Саид Мирзони кўтармоқ аҳдида уюштирилган фитна!”

Боши сарақлай бошлаган Мирзо Абдуллатиф, кўзлари олайиб, зиндонбегига қаради. Зиндонбеги гўё биров оёғига болта ургандай, ерга “гурс” этиб йиқилди-да, шаҳзоданинг этикларини қучди.

– Валинеъмат пушти паноҳим! Ўлимдан хабарим бор, лекин бу юмушдан хабарим йўқ!

– Ўлимдан хабаринг бўлса ўласен! Ё топасен, ё ўласен! – Мирзо Абдуллатиф этикларини ўпиб, ерда юмалаб ётган зиндонбегини бир тепди, бир тепди-ю, худди телбалангандай, унинг устига миниб, аёвсиз савалай кетди. Бир зумда оғиз-бурни қоп-қора қон бўлган зиндонбеги қўллари билан юзини, бошини тўсишга уриниб ерда илондай тўлғанар, қон туфлаб алланималарни ғулдирар, ялиниб-ёлворар эди. Лекин унинг меҳр-шафқат сўраб қилган илтижоси, оғзидан оққан лахта-лахта қон Мирзо Абдуллатифнинг юрагида раҳм-шафқат эмас, билъакс, қаҳру ғазаб уйғотгандай, тобора қаттиқроқ савалар, кўзлари телбаларча ёниб, аёвсиз дўппослар, тепкилар эди. У зиндонбеги ҳушидан кетиб, жимиб қолгандагина тепкилашдан тўхтаб ён-верига қаради. Ҳамма ундан кўзини олиб қочар, ҳамманинг юзида қўрқув аралаш аллақандай ижирғаниш ифодаси бор эди… Нафасини аранг ростлаган шаҳзода, бир ерда сулайиб ётган зиндонбегига, бир ёнидаги маҳрамларига қаради-ю, ўзини ҳам ваҳима босиб, шартта бурилиб, ҳибсхонадан чиқди…

Саломхонага қайтгач, бутун Кўксаройни оёққа турғазди. Хаста ётган амир Султон Жондорни олдириб келиб, сўроққа тутди. Лекин бундан не фойда? У энди Абу Саид Мирзонинг топилишига инонмай қолди. Доруссалтанада зимдан фитна уюштирилаётганига энди шубҳа қолмади. Лекин бу фитнанинг тепасида кимлар бор? Шайхулислом Бурҳониддинми? Шайхулислом бўлса, унга қайси амир, қайси аркони давлат, қайси аркони ҳарб қўшилган?.. О, кошкийди, ҳозир шаҳзода бу машъум фитнани очса, унинг тепасида турган барча ғанимларини тутса? Лекин кимни тутади? Шайхулислом Бурҳониддинними? Эвоҳ! Унинг қўли амирларга, бек ва бекзодаларга етса етадики, шайхулисломга етмайди! Амирлар эса… Шайтонни жиловлаб миниб, иблиси лаинга йўл кўрсатадиган бу сардору саркардаларнинг қайси бирини ушлайди? Мирзо Абдуллатифнинг назарида, энди бутун Мовароуннаҳрда ҳеч бир кимса қолмадики, унга инониб, унга суяниб бўлса! Унинг назарида, бу фитнага аралашмаган бир кимса йўқ, ҳамма, ҳатто Балхдан ўзи олиб келган мулозимлари ҳам унга қарши иғво бошлаган эди…

Мирзо Абдуллатиф тўсатдан хаёлига бир фикр келиб, саломхонанинг ўртасида тўхтаб қолди. Унинг эсига отаси Мирзо Улуғбекнинг бир сўзи тушди. Отаси худди шу ерда, олтин курсининг ёнида туриб:

– Болам! – деган эди ёлвориб. – Бу машъум тожу тахт, бу бебақо салтанат ҳеч бир кимсага вафо қилган эмас. Наинким сенга, ҳатто жаннатмакон бобонг Амир Темур Кўрагонийга ҳам вафо қилган эмас. Бу тожу тахтни деб, қатлу қирғинга юз тутмагил, зеро, тожу тахт ила бевафо хотин орасида фарқ йўқдур, болам…

“Наҳот ул бетавфиқ шоҳнинг илтижоси арш-аълога етиб бормиш? Наҳот унинг кўз ёшлари инобатга ўтмиш? Йўқ, йўқ! Қайдаги ўйлар келади хаёлига. Динул исломга қилич кўтарган ул шоҳи шарирнинг тилаги ижобат бўлмас! Осий бандангга ўзинг шафе бўлғайсен, халлоқи олам!”

Эшик оҳиста очилиб остонада саройбон кўринди. Эшик очилганда чўчиб, қиличининг бандини ушлаган Мирзо Абдуллатиф, қўрққанини билдирмаслик учун кўкрагини керди.

– Хўш?

– Мавлоно Али Қушчини келтирмишлар.

– Айт, кирсин!

Мирзо Абдуллатиф қатор лаъл қадалган кумуш камарини тузатиб, тахтга бориб ўтирди. Унинг юраги негадир тез-тез ура бошлаган, ҳаяжондан нафаси сиқилган эди.

Саройбон қўлтиқлаб олган Али Қушчи хаста одамдай хонага бир-бир босиб кириб келди-да, яна боягидай деворга суяниб бошини эгди. У таъзим қилдими ё ҳолсизликдан бош эгдими, буни билиб бўлмас эди. Али Қушчининг оёғига этик, эгнига иссиқ қора мовут чакмон, бошига қора кундуз телпак кийдиришган, фақат соқол-мўйлови олинмаган, лекин ўсиб кетган соқол-мўйлови унинг сўлғин, рангпар чеҳрасига бўлакча бир салобат, қандайдир маҳобат бахш этар эди. Мирзо Абдуллатиф саройбонга “чиқавер” деб имо қилди-да, кўнгли алланечук бўлиб, Али Қушчининг олдига борди. Овози ўзгариб:

– Қалайсиз, – деди, – ҳолингиз дурустми, мавлоно?

Али Қушчи кўзини бир очиб, қайта юмди. Олдида камоли эҳтиром билан қўл қовуштириб турган Мирзо Абдуллатифни кўриб, яна боягидай ҳайратга тушди. “Бу каззобга не бўлди? Нечук бу хункор саллоҳ бирдан инсофга келмиш?”

– Оллога шукур, – деди у оҳиста.

– Тамадди қилдингизми, мавлоно?

Али Қушчи билинар-билинмас бош ирғади: “Қилдим”…

– Бир қултум май ичасизми?

Али Қушчи индамади. У ҳамон кўзини юмиб турар, иссиқ ҳаммом ва яхши таомдан кейин унинг аъзойи бадани тамом бўшашган, зирқираб оғриган оёқлари қалтирар, кўз олдини туман босиб хаёли чувалиб борар, агар шаҳзода ижозат берса, у ҳозир “шилқ” этиб йиқиларди-ю, уйқуга кетарди…

Мирзо Абдуллатиф токчада турган нафас мунаққаш кўзачадан бир коса шароб қуйиб келиб, Али Қушчига тутди.

– Бир қултум ичинг, мавлоно! Банияти шифо, қувват бўлур.

“Ҳа, шифо қилса ажаб эмас!” – Али Қушчи дир-дир титраган қўлига қадаҳни олиб, бир кўтаришда сипқориб юборди. Мирзо Абдуллатиф унинг қўлидан пиёлани олиб, токчага қўйди, сўнг, индамай саломхонани бир неча марта айланиб чиқди. У шароб таъсир қилишини кутиб, бот-бот мавлонога ер остидан қараб қўяр эди. Дарҳақиқат, сал ўтмай, Али Қушчининг рангпар юзига қизиллик югурди, кўзлари чақнаб, серҳашам хонани кўздан кечирди. Мирзо Абдуллатиф четроқдаги суянчиғи зарҳалланган юмшоқ курсилардан бирини унинг олдига суриб қўйди.

– Ўлтиринг, мавлоно!..

Али Қушчи ичида кулимсираб қўйди. Хаёлидан яна: “Ғалат! Бу тубан фирибгарга не бўлди! Раъйи не бунинг?” деган фикр ўтди. Шароб унинг фикрини равшанлаштирди, оёғини, бутун вужудини қақшатган оғриқни хиёл босди.

Мирзо Абдуллатиф унинг олдида қўл қовуштириб тўхтади ва яна боягидай мулойим товушда:

– Мавлонои азиз! – деди. – Камина сиздай донои давронни лутфан таклиф қилмоқдан бир тилагим бордур. Лекин бу тилагимни изҳор этмоқдан аввал бир нарсани билиб қўймоғингизни сўраймен… Сизни ҳибсга солмоққа фармон қилганимда бу баттоллар сизни бундай қийноқ остига олур, деб ўйламаган эдим. Афв этгайсиз, мавлоно!

“Ҳа, ўйламаган эдинг! Эҳтимол, устоднинг орқасидан қотил йўллаганингда ҳам ул воҳиди замоннинг8282
  Воҳиди замон – ўз даврининг ягонаси.


[Закрыть]
қутлуғ бошини кесадилар деб ўйламагандурсен!..”

– Букун ҳолингизни кўриб, кўп пушаймон чекдим. Зиндонбегини қаттиқ жазолаб, ҳибс қилдирдим… Бенуқсон парвардигор, бандаи ғофилнинг гуноҳидин ўтгайсиз, мавлоно…

“Ё тавба! Бу бемеҳр-бешафқат мустабиднинг бошига не кунлар тушдиким, ҳибсда ётган мендай бир бечора бандидин кечирим сўрайдур!” Али Қушчи Мирзо Абдуллатифнинг аллақандай жовдираб турган кўзларидан кўзини олиб қочди.

– Сиздай ҳокими мутлақ хоқонлар фақирдай бандаи мўминлардин афв сўрамайдур. Муродингиз не, сўзланг, шаҳзода!

Али Қушчининг гапи Мирзо Абдуллатифга маъқул тушмади чамаси, юзига қон тепди, қовоғини уйиб:

– Сизни чақирмоқдан муродим шулким, – деди ранги ўчиб. – Зойичага қараб, салтанатнинг тақдирини сўзлаб берсангиз!..

Али Қушчининг лабларига билинар-билинмас табассум югурди:

“Фалакиёт илмига инонмай, устод барпо этган расадхонани бединлар уяси деб атаган одам, энди нечун каминага мурожаат қилади?”

Шаҳзода унинг табассумига тушунди чоғи:

– Кўнглингизга озор берган бўлсам… кечиргайсиз, мавлоно! – деди уф тортиб. Унинг касалманд чеҳрасида теран бир маҳзунлик акс этди, овози кутилмаганда ғамгин ва самимий оҳанглар касб этиб, қалтираб кетди:

– Аммо… сиздан яширмаймен, мавлоно. Ҳодисалар силсиласи шундайким… ўз тақдирим устида ўйламай иложим йўқдур, зеро, эл-улус тақдири, соҳиби тож тақдирига боғлиқдур… Сиз эса коинот сирларини, юлдузлар сирини биласиз, мавлоно…

Али Қушчи ҳамон кўзларини очмай сукутга чўмиб ўтирар, хаёлида эса қандайдир исёнкор ўйлар туғён қиларди.

“На яратғувчи ва на бандасининг жазосидан қўрқмай, ўз падари покингни қатл этдинг. Бу бебақо тожу тахтни деб, кулли аҳли донишлар сарбони бўлмиш улуғ алломани маҳв қилдинг. Энди остингдаги тожу тахт силкинганда тақдири азалдан қўрқиб, ҳибсда ётган фақир бир бандига юкунасен! Лекин бандаи ожиз не дейди? Унинг ҳоли эртакдаги йўловчининг ҳолига ўхшайди: ўнгга юрсанг шерга йўлиқасен, сўлга юрсанг аждаҳонинг комига тушасен!.. Зеро, ўз падарига қилич кўтарган зурриётнинг тақдири зойичасизоқ аёндур! Бўйнингга тавқи лаънат тамғаси осилиб, абадул-абад бадном ва бадбахт бўлғанинг пешанангда ярқираб тургандур, шаҳзода!”

– Шаҳзода маъзур кўрсинлар. Фақир кўпдан бери илми нужумни тарк этганмен…

– Боракалло сизга! – кулди Мирзо Абдуллатиф, унинг кулгиси сохта ва аллақандай асабий эди. – Илми нужум бобида довруғингиз оламга кетгандур!

– Қачонлар бўлган! Алҳол… хасталик енгмиш…

– Хаста бўлсангиз табибларга кўрсатамен. Тиланг – Кўксаройда туринг, тиланг расадхонада туринг. Энг яхши баковуллар, энг содиқ маҳрамлар хизматингизга мунтазирдур. – Мирзо Абдуллатиф унинг жавобини кутмай, шақилдоғини шақиллатди ва эшикда пайдо бўлган саройбонга юзланиб, фармон берди:

– Мавлонога Кўксаройдан энг кўркам, энг баҳаво жой тайин қилинг! Шу букун бу зоти шарифни сарой табибларига кўрсатинг! Баковуллар тайин қилинг. Яхши таомлар тайёрлаб берсин. Эндиликда мавлононинг ҳолидан ўзим хабар олиб турамен…

Али Қушчи эсига энаси Тиллабибининг сўзлари тушди:

“Раҳматлик қиблагоҳинг айтгувчи эди: “Шер билан подшодан йироқ бўлмоқ даркор!”

У хўрсиниб, ўрнидан турди… “Не чора, бу мустабиднинг қаҳрини кўрдинг, алҳол меҳрини ҳам кўриб қўй, Али! Ҳар қалай, ҳибсда ётганингдан ёмон бўлмас…” – Али Қушчи мийиғида кулимсираб, саройбон етагида саломхонадан чиқди.

22

Хуршида бону билан видолашиб “Куйган тепа”дан чиққач, отини бетиним чоптирган Қаландар Самарқандга қош қорайиб, дарвозабонлар дарвозаларини ёпишга ҳозирланаётганларида етиб келди. Агар эгнида суворий либослари бўлмаганда, эҳтимол уни шаҳарга киритишмас ҳам эди. Қалқонбек билан Босқонбек аҳдлашган жойларида – Шоҳизинда қабристони ортидаги жарликда кутиб туришар, лекин Қашқирдан дарак йўқ эди.

“Наҳот алдаган бўлса? Наҳот олтинларни чўнтагига уриб қочган ё сир-асрорни очган бўлса? Ё билъакс, Қашқир ҳам қўлга тушиб қолдими?” – Қаландар минг хил хаёлга борар, бетоқат бўлиб, жарликда у ёқдан-бу ёққа одимлар, лекин ғилайдан ҳамон дарак йўқ эди. Ана, милт-милт ёнган уфқ юлдузлари ёнида Зуҳро юлдузи ҳам кўринди, олис-яқинда хўроз қичқирди. Энди Қашқирнинг келишидан фойда йўқ. Қаландар қайтишни ўйлаб, отининг айилини торта бошлади. Лекин шу пайт тепада, жар устида аллақандай шарпа эшитилди, сўнг, пастга югуриб тушаётган кўлага кўринди. Қаландар ўзини панага олди-да, кўлага яқинлашгач, олдини тўсди:

– Бу ким? Сенми, Қашқир?

– Мен, дарвеш…

Қашқир ҳансираб тўхтади. Қаландар уни ёқасидан ушлаб ўзига тортди.

– Тағин не баҳона топиб келдинг, муғомбир?..

– Баҳона эмас, шум хабар, – деди Қашқир. – У ҳамон ҳансирар, қаттиқ югурганиданми, қўрққаниданми, ўпкасини босолмас эди.

– Хўш? – деди Қаландар сабрсизланиб. – Сўзла!

– Мирзо Абу Саид зиндондан қочибди. Кўксаройда тўполон…

– Қачон?

– Буни худо билмаса бандаси билмайди. Боя кечқурун шаҳзода зиндон айланиб юриб билиб қолибди. Қараса Мирзо Абу Саид йўқ. Сарой остин-устун. Зиндонбегининг ўзи зиндон қилинди.

Қоронғида Босқонбекнинг кимгадир писанда қилиб: “Ҳап сеними?” деган овози эшитилди. Қалқонбек гурс-гурс юриб Қаландарнинг ёнига келди:

– Ёрлиқсиз борсак не қилади? Ёрлиқ ўрнига қилич бор, оға?

Қаландар жавоб бермади. Хаёлидан: “Бўрининг оғзига тушган бутун чиқмас экан-да!” деган фикр ўтди. Ҳа, бир неча ойдан бери қилинган ҳаракат бекор кетган эди. Қаландар бўшашиб, ерга ўтириб қолди.

23

Сой бўйига тикилган кўримсизгина чодир ёнида бетоқат айланиб юрган амир Султон Жондор от туёқларининг дупурини эшитиб, ўгирилиб қаради.

Қир ёнбағридаги сийрак арчалар орасидан саман йўрғасига яйдоқ миниб, амирнинг зотли қорабайирини етаклаб олган Қашқир чиқиб келди. Қашқир, нечундир оғзи қулоғида, ишшайиб келарди. Уни кутавериб тоқати тоқ бўлган амир Жондор кумуш сопли оғир қамчисини ўйнатиб, Қашқирга томон юрди.

– Қайда юрибсен, шайтони басир?

Қашқир амирнинг ҳақоратомуз сўзларини эшитмагандай қийғоч кўзини қисиб яна тиржайди.

– Фақир бир ғаройиб нимарса кўрдим, амирим!

– Ғаройиб нимарсангни қўйиб, отларни эгарла, иблис!.. Чаноқийга кеч қоламиз!

Амир Жондор кумуш сопли қамчиси билан гулдор қизил сахтиён этигининг қўнжини чарс-чарс савалаб, чодирга кириб кетди. Амирнинг дарғазаб бўлиши бежиз эмас, Қашқир отларга кетганда пешин ҳам бўлмаган эди. Лекин пешинда сойдан бир уюр йилқи ўтган эди, тушовда юрган қора арғумоғи тушмагур тушовни узиб, йилқиларга қўшилиб кетди. Қашқир саман йўрғасига миниб, уюрни қувди. Йилқиларни жилғанинг қуйи томонидаги “Куйган тепа” деган қишлоқ ёнида зўрға қувиб етди. Лекин амирнинг боқувли қорабайири тутқич бермай қирга қараб чопди. Қашқир уни қир ёнбағридаги бир боғбоннинг четан девор билан ўралган боғига қамаб, зўрға ушлади, ушлади-ю, бояги “ғалати нимарсага” кўзи тушиб лол бўлиб қолди. Бу “нимарса…” мавлоно Муҳиддиннинг ожизаси, шоир Қаландар Қарноқийни шайдо қилган ва ниҳоят, Мирзо Абдуллатифнинг ҳарамидан қочиб, яшириниб юрган ҳуснда тенгсиз санам… Хуршида бону эди! Қашқир қорабайирни тизгинидан ушлаб, боғдан олиб чиқиб кетаётганида, болохонада турган жойида кўриб қолди, тўғрироғи, олис-олисларга тикилиб турган бу париваш бир кўринди-ю, йўқ бўлди, гўё шарпа сезган оҳудай ҳуркиб қочди. Лекин пуштиранг ипак кўйлак кийиб, юзига зар сочилган ҳарир дурра ташлаб олган бу нозанин бу ерларга шунчалик ёт ва шунчалик гўзал эдики, Қашқир, гарчи уни ҳеч қачон кўрмаган бўлса-да, дарҳол фаҳмлади: бу ўша, Қаландар Қарноқийни ақли-ҳушидан оздирган, шаҳзода Абдулъазиз амир Иброҳимбекнинг ўғлидан тортиб олган, энди эса, Мирзо Абдуллатиф билан амир Жондор қидириб юрган нодираи даврон эди…

Ҳуснда тенгсиз бу соҳибжамолнинг қочишига Қашқир ўзи ёрдам берган бўлса ҳам, Қаландар Қарноқий уни қаёққа гумдон қилганини билолмай доғда юрган эди. Омади келган экан, букун бу сир-асрорни ҳам билиб олди. Унинг олисдан ишшайиб келиши ҳам шундан эди. Қашқир бу хушхабарни амирга айтиб, уни хушнуд қилиш ниятида эди. Лекин… бошига мугиз битса ўз хўжасини сузадиган бу эшак унинг сўзига қулоқ ҳам солмади. Қутурган итдай қопиб берди. Жуда соз! Бир жиҳатдан бу ҳўкизнинг шундай қилгани ҳам яхши бўлди. Қашқир бу сирни арзонга сотмаслиги даркор…

Амир Жондор белига қиличини тақиб, чодирдан чиқди. Гўё беш-ўн нафар қароқчилар йиғинига эмас, Кўксаройга, Мирзо Абдуллатиф ҳузурида бўладиган машваратга ташриф қилаётгандай, зарбоф тўнини кийиб, кумуш камарини боғлаб олибди… У ҳамон қовоғини солганича гурс-гурс юриб келиб, типирлаб турган қорабайирни жиловидан олди, ғилай ёрдамида оғир гавдасини эгарга ташлаб, отига қамчи босди…

Кун ботган, лекин қорли чўққиларни чулғаб олган улкан аланга сўнмаган, буткул борлиқ – осмонўпар, кўм-кўк арчазор қирлар, ям-яшил яйловлар, шарқираб оққан сой – ҳамма, ҳаммаси гўё бу улкан аланганинг шуъласига чулғангану, бўлакча бир тиниқлик касб этган, тоғу тошларгина эмас, ҳатто майсаларга ҳам олтиндан жило берилгандай майин товланар, шабадада ястанган ўтлоқлар дам кўк-сарғиш ипакдай эшилар, дам қизғиш рангга кириб, ял-ял ёнарди… Қаердадир кўкда, кўз илғамас баландликда сўфитўрғайлар вижир-вижир қилади, тоғу тошлар панасида какликлар сайрайди. Аҳён-аҳёнда от туёқларининг остидан қирғовуллар пир-пир отилиб чиқади, лекин семизлигидан кўп учолмай, ўзини ерга тап-тап ташлайди. Ҳар сафар от туёқлари остидан қирғовуллар пир-пир учиб чиққанда, теран хаёлга чўмган амир Жондор сапчиб тушади-ю, ичида қаттиқ сўкиниб қўяди, лекин сал ўтмай, яна хаёлга кетади. Амирдан қолмай деб, саман йўрғасини тинимсиз қамчилаб бораётган Қашқир эса… ҳамон ногаҳон кўзи тушган болохонадаги санам тўғрисида ўйлайди. Унинг кўз олдидан ҳануз бир кўриниб ғойиб бўлган нозанин кетмас, назарида, нозанин бир лаҳзагина намоён бўлганда бу кенг жаҳон чарақлаб кетгандай туюларди. У эндигина бу мислсиз гўзални деб, Қаландар Қарноқийнинг тарки дунё бўлганини ҳам, амир Иброҳимбекнинг ўғли қатл қилинганини ҳам, Мирзо Абдуллатиф, ҳатто амир Султон Жондорнинг ўзи ҳам нечундир доғда юрганига – ҳаммасига тушунди. Лекин у ҳозир офтоб янглиғ кўзини қамаштириб юборган бу маъюс санам тўғрисида эмас, кўпроқ амир Султон Жондор тўғрисида ўйларди. Олдинда от чоптириб кетаётган амирнинг ўтовдай чўнг гавдасига тикилиб бораркан, Қашқир унга бу хушхабарни айтмаганини эслаб суюнарди.

Мана, икки ҳафтадан ошди, Абу Саид Мирзо зиндондан қочгандан бери амир Султон Жондор тархон шаҳзоданинг қаҳридан қўрқиб бу ерларда жон сақлаб юрибди. Амир билан бирга Қашқир ҳам қочди. Қочмай чораси қолмади, зеро, авваллари шайх Низомиддин Хомушдан қўрққан бўлса, сўнгги пайтларда шаҳзода ҳам уни шубҳа остига олганини сезиб қолди. Улар доруссалтанада туролмай бу тоғларга қочиб келганларида гиёҳлар эндигина униб чиққан эди, мана энди ўтлар тиззадан келиб қолди, тоғлардаги ёввойи ўрикларнинг довуччалари нўхатдай бўлди… Ўзлари ҳам инсон нигоҳидан йироқ бу тоғларда ёввойи ҳайвонлардай кун кечиришяпти. Шаҳзоданинг айғоқчи ва сипоҳларидан қўрққан амир бир кун бир жойда муқим туролмайди, у сойдан-бу сойга кўчади, ғорларга кириб ё жарликларга тушиб, кўримсизгина эски чодирини тикдириб пусиб ётади. Қашқир эса, кундуз ов қилади, қирғовул-пирғовул отиб, хўжайинини боқади. Кечалари эса чор-атрофдаги қишлоқларга ўғирликка боради, “ови юришган” кунлари битта-яримта қўйми, эчкими топиб отига ўнгариб қайтади. Лекин сўнгги пайтларда ўғирликка чиқиш ҳам хатарли бўлиб қолди. Қишлоқларда усиз ҳам ўлпону жарима йиғувчилар кўпайиб кетди. Деҳқонлар норози бўлиб ғалаён кўтарди, чамаси, ўлпончилар ёлғиз юрмай, қуролли сипоҳлар, ясовуллар етагида келишадиган бўлишди…

Амир ҳам тинч ётмас эди. Ора-сира, гоҳо уч-тўрт кунда бир, аксарият қоронғи тун қўйнида, пана-пана жойларда беш-олти номаълум кимсалар йиғилишиб маслаҳат қилишади. Амир Жондор “чаноқий” деб атаган бу маслаҳатларга Қашқирни чақиришмайди, у одатда отларни қўриқлаб олисроқда юради. Қашқир уни четлатганларидан ранжимас, лекин уни қўшмаганлари учунми, бу чаноқийлар жуда сирли туюлар ва кўнглида қизиқиш уйғотарди. Кунлар шу йўсин ўтиб бормоқда, бироқ бу хуфя чаноқийларнинг фойдаси кўринмайди. Зотан, беш-олти қувғинди амирларнинг қўлидан не келади? Бошида тож, тагида тахт, қўлида саноқсиз лашкари бўлган шаҳзодани сарнигун қилмоқ осонми?

Сўнгги кунларда Қашқирни кўп ўйлатган бу хаёллар букун унинг миясидан чиқмай қолди. Мана ҳозир ҳам, олдинда бораётган амирнинг ўтовдай чўнг гавдасига қайта-қайта тикилиб қараркан, ногаҳон хаёлига бир ўй келиб, аъзойи бадани жимирлаб кетди.

Агар Қашқир тўнғиз мижоз бу амирни тарк этиб, Кўксаройга қайтиб борса не бўлади? Қайтиб бориб, шаҳзоданинг оёғига йиқилса, бояги ҳуснда тенгсиз паривашдан дарак етказса не қилади? Шаҳзода унинг гуноҳларини кечмайдими? Нечук чекмасин? Кечади? Токи, қайда юрибсан деб, сўраса, “Ул нодираи давронни қидириб юрган эдим, уни топмай қайтмайман, деб қасам ичган эдим”, дейди. Агар шаҳзода тиласа амир Султон Жондорни ва ҳаттоки Қаландар Қарноқийнинг ўзини ҳам ушлаб бермоқ қўлидан келади, негаки Қаландар Қарноқий ҳам тузоқдан қўрқмай ўзини тариққа урган беданадай, шаҳзоданинг айғоқчиларидан қўрқмай, бу сулувнинг қўйнига кириб юргандур!..

Бу ўйлардан ҳаяжонланиб кетган Қашқир саман йўрғасини уст-устига қамчилаб, амир Жондорга етиб олди. Амир Жондор энсаси қотгандай бир ўқрайиб қаради-да, отининг жиловини қирга буриб, ўрлаб кетди. Бу қирнинг этагидан “Куйган тепа” қишлоғига олиб борадиган ўзан ўтар, ўзанда намозшом пайтлари одам гавжум бўлар эди.

– Амирим, қирнинг ортида “Куйган тепа” бор. У ерларда одам кўп бўладур!

Амир Жондор қир ёнбағрида ўсган ёлғиз арча ёнида тўхтади. Барваста гавдасини оғир тебратиб, эгардан тушаркан:

– Қишлоқ – сойнинг у юзида! – деди жеркинқираб. – Бу юзида ёлғиз қўрғон бор. Қирга чиқиб қўрғонга қара. Қўрғон ичида икки жойда ўт ёнмоғи даркор. Икки жойда ўт ёнса келиб хабар берасен. Уқдингми, шайтони басир?

– Уқдим, амирим!..

Қашқир қирга от солдириб чиққунча тоғ чўққилари устида лов-лов ёнган қирмизи шафақ сўниб, водий майин қоронғиликка чўмди. Пастдаги сой ва сой бўйидаги қўрғон кўринмас, фақат сойнинг у юзидаги боғлар орасидан ўчоқларда ёнган олов шуъласи милт-милт этарди. Қашқир отини ниқтаб қирдан энди туша бошлаган ҳам эди, қаердадир олдинда, оламни чулғаб олган майин қоронғилик орасида, бирдан лов этиб гулхан ёнди. Қашқир ҳадиксираб тўхтади. Гулхан хийла олисда ёнса ҳам, унинг айланасида ивирсиб юрган аллақандай кўлагалар кўзга чалинди. Сал ўтмай амир айтган иккинчи гулхан ҳам лов этиб ёнди-ю, қўрғоннинг баланд деворлари атрофида, дарвоза олдида от ўйнатиб юрган суворийлар кўринди. Қашқир саман йўрғанинг бошини орқага бурди. Лекин бу пайт тепадан от чоптириб тушиб келаётган амир Жондорнинг ўзи кўринди. У: “Амирлар келмиш! Орқамдан чоп!” деб буюрди-да, Қашқирнинг ёнидан от ўйнатиб ўтиб кетди.

Икки ҳафтадан бери одам қорасидан қўрқиб, пана-панада пусиб ётган амир Жондорнинг бу қилиғи Қашқирга ғайритабиий туюлди. Лекин буни ўйлаб туришга фурсат йўқ эди, у ҳам отига қамчи босди. Қўрғон дарвозаси олдида уларни бир гуруҳ суворийлар, қўлларида машъал ушлаган аллақандай нотаниш навкарлар қарши олди. Амир Жондор улар ёрдамида отдан тушгач, Қашқирни четга тортди.

– Дарвозадан жилмай, келган-кетганлардан воқиф бўлиб тур! Кимлар келди, кимлар кетди – барини билиб ол! Уқдингми?

Амир қамчиси билан этигини чарс-чарс уриб, қўрғонга кириб кетди. Қашқир отларни четроқдаги толга боғлаб, орқага қайтаркан, сойдан яна бир гуруҳ суворийлар чиқиб келаётганини кўриб, истиқболларига шошилди. Лекин машъал ушлаган навкарлар ундан олдин етиб бориб, суворийларни отдан тушира бошлашди. Қашқир навкарларга аралашиб-қуралашиб, отларни жиловидан оларкан, биринчи бўлиб отдан тушган қора чўққи соқолли салладор уламони таниб юраги ўйнаб кетди: отдан биринчи бўлиб тушган бу салладор уламо… кўпдан бери кўзга тушмай юрган Шайхулислом Бурҳониддин жаноблари эди!.. Шайхулислом жанобларидан кейин шаҳар доруғаси Мироншоҳ отдан тушди. Мироншоҳ билан шайхулислом жанобларини қўрғондан чиқиб келган серсавлат бир амир қарши олиб, ичкарига бошлади. Қашқир бу амирни ҳам таниб, яна боягидай ғалати бўлиб кетди: эгнидаги суворий либослари ўзига кўп ярашган, сарвдай хушқомат, хушсурат бу одам Мирзо Улуғбек ҳазратларининг суюкли навкари… Бобо Ҳусайн Баҳодир эди!.. Мирзо Улуғбек ҳазратлари тожу тахтдан жудо бўлиб, қатл қилингандан кейин Бобо Ҳусайн Баҳодир ҳам қайгадир ғойиб бўлган. Мирзо Абдуллатиф уни ҳам кўпдан бери қидиртириб топдиролмай доғда эди. Воажабо! Бу номдор аркони давлат ва аркони ҳарб, дин пешволари-ю, бек ва бекзодалар бу эски қўрғонда не қилади? Амир Жондор айтган катта чаноқийда не битим тузилади? – Қашқир қоронғида дарвозада турган навкарларнинг кўзини шамғалат қилиб, “лип” этиб қўрғонга кирмоқчи бўлди, лекин навкарлардан бири кўриб қолиб, йўлини тўсди. Қашқир бир-бир босиб, отлар ёнига қайтди, чакмонини шувоқзорга тўшаб, ёнбошлади…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации