Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 16 (всего у книги 25 страниц)
Али Қушчи кафти билан кўзларини шуъладан тўсиб, бошини кўтарди.
– Афв этгайсиз, шаҳзода. Зулматга ўрганган кўзим бу шуълага чидамайдур…
– Зулматдан қутулмоқ мавлононинг ўз изми ихтиёридадур! – деди шаҳзода, маънодор кулимсираб.
“Камина сени қиличидан қон томган бир қаттол десам, тулкиликни ҳам биласенми?..”
– Сўзингизни англамадим, шаҳзода?..
Мирзо Абдуллатиф ял-ял ёнган шерозий гиламларни товушсизгина босиб, эшикка яқинроқ келди. Унинг кўкимтир, касалманд чеҳрасида, чуқур ботган сарғиш кўзларида аллақандай ички бир дард, қандайдир мунгли ифода пайдо бўлди-ю, устоднинг маҳзун чеҳрасига ўхшаб кетди.
– Мавлоно Али, мен сиздай донойи давронни беҳад ҳурмат қиламен. Шу боисдан билмоқчимен: сиз фақирни ким деб биласиз? – шаҳзоданинг овози фавқулодда ғамгин эшитилди.
“Ё дариғ! Бу нобакор не дейди? Муддаоси не? Кўнглимни эритмоқми? Кўнглимни эритиб ўзига тобе қилмоқми?”
Али Қушчи шаҳзоданинг ғамгин нигоҳидан кўзини узиб, бир нуқтага тикилиб қолди.
– Нечун индамайсиз, мавлоно? – деди шаҳзода аллақандай ўксиб. – Менга аён: сиз мени… ўз валинеъмати… ўз қиблагоҳи билан тожу тахт талашган бир нобакор зурриёт, эл-улус осойишталигини бузган бир мустабид, аҳли урфон ғаними бўлмиш жоҳил бир гумроҳ деб биласиз!.. Ва лекин!.. – Шаҳзода кўзига ёш келган одамдай тўсатдан қулт-қулт ютиниб, индамай қолди.
Али Қушчи унинг ғамгин кўзларига кўзи тушишидан қўрқиб, ҳамон ерга қараб турар, хаёлидан эса бояги фикр чиқмас, шаҳзоданинг мақсадига тушунолмай қийналарди. Дарҳақиқат: ўз падари поки билан салтанат талашган, тожу тахт деб, уни қатл қилган, ҳокимлик жилови қўлига теккан ҳамон барча маърифат даргоҳларига қулф осдириб, барча илм аҳлини тумтарақай қилган бу ҳокими мутлақ нечун унинг олдида, ҳибсда ётган бир банди олдида ўзини оқламоққа уринади, нечун кўз ёши тўкади?
– Ва лекин… – деди шаҳзода ўзини босиб олиб. – Осий банда ўз падаримни тахтдан сарнигун қилган бўлсам… бу юмушни мулки ислом йўлида қилганмен, мавлоно! Менга аён: сиз ул зотни устод деб биласиз. Ва лекин, не қилай, ул зот ҳадисни ҳукми ом билмай, шариати мустафони дастурил-амал тутмай, бетавфиқлик қилса не чора? – деди шаҳзода ва гўё Али Қушчи эътироз билдиришидан қўрққандай, бир ютиниб давом этди: – Йўқ, мен илми фунунга қаршилик қилмоқ ниятим йўқ, мавлоно. Фақат илм деб, ҳақ таолони унутмоқ жоиз эмасдур…
Али Қушчи юрагида уйғонган туғённи зўрға босиб:
– Беайб парвардигор, шаҳзода! – деди секин. – Ул бандаи покни ҳақ таоло бу фано даргоҳидан ўз оромгоҳига чорламишдур. Худованди карим даргоҳига парвоз этган осий бандани ёмонламоқ, унинг қилмишларини сўзламоқ гуноҳи азимдур, шаҳзода.
Али Қушчи шаҳзоданинг юзига қарамади, лекин унинг гап тополмай дами ичига тушиб кетганини сезди. Анча сукутдан кейин шаҳзода:
– Не чора? – деди уф тортиб. – Бир-икки малъун хунхўрлар бу машъум ишни қилгандир. Парвардигори олам шоҳид, мавлоно. Эшитиб қон йиғладум. Бу машъум юмушга бош қўшган барча қотилларни туттириб, барининг калласини олдирдим, мавлоно!..
Али Қушчи юраги музлаб, шаҳзодага ялт этиб қаради. Мирзо Абдуллатиф олтин курсига суяниб, қаққайиб турар, унинг ранги ўчган, қилич бандини чангаллаб олган қўли дир-дир титрар эди.
Али Қушчи яна кўзини олиб қочди.
“Бас! Бу мислсиз тубанлик, бу риёкорликка чек қўймоқ даркор!”
– Шаҳзода! Каминага бу сўзни сўзламоқдан муродингиз не?
– Муродим, – деди шаҳзода. – Муродим… Сиздай илм аҳлига ҳақиқатни етказмоқдур!
“Ҳақиқатни айтмоқми ё уни яширмоқми?..”
Шаҳзода Али Қушчидан жавоб кутиб сукут сақларди. Лекин Али Қушчидан сас чиқмас, у ҳамон ерга тикилиб, қовоғини солиб турар, унинг бу туришида қандайдир исёнкор бир нарса бор эди. Шаҳзода қалбида уйғонаётган ғазаб билан олишиб:
– Мен биламен! – деди. – Барча илм аҳлининг дилида не борлиғини биламен! Мақсадлари не? Барини биламен, мавлоно!..
– Шаҳзода! – деди Али Қушчи. – Сиз ҳақиқатдан сўз очдингиз. Агарчи сиз айтган сўзлар ҳақиқат бўлса, илм аҳли не дейди – бундан қўрқмағайсиз. Зеро, бандаси не демасин, ҳақиқат – ҳақиқатлигича қоладур. Башарти муддаонгиз шу бўлса…
– Муддаом – бу ҳақиқатни барча аҳли мўминга етказмоқдур. Фақир бу ишда сиздай фозилларнинг ёрдамига муҳтожмен, мавлоно!
“Ё тавба! Қачондан бери бу падаркуш фақир бўлмиш?”
Шаҳзода Али Қушчининг сукутини ўзича тушунди чамаси:
– Маъзур тутгайсиз, мавлоно, – деди яна овози мулойимлашиб. – Нобакор амирлар сиздай алломалар сарбонини берухсат ҳибсга олибдилар. Бас! Алҳол мартабангиз бурунгидан ҳам юксакроқ бўладур!
Али Қушчининг эсига совуқ, зимзиё ҳибсхона тушди, кана ва бургалар бижғиб юрган ғадир-будир деворлар кўз олдига келиб, аъзойи бадани жимирлаб кетди.
– Тиласангиз девонга оламиз, девонбеги бўласиз, тиласангиз саройда муаррихлик5959
Муаррих – тарихчи.
[Закрыть] қиласиз… Ёнингизга ўзингиз истаган фузало ва шуарони олиб, салтанат юмушларини қаламга олиб ўлтирасиз…
“Ҳа, ёнимга истаган шоирлар ва фозилларни олиб, сендай падаркушнинг разил юмушларингни яшириб китоб битамен, бўлғуси авлодлардан қатлу қирғинларингни беркитиб, мадҳу сано ўқиймен, шон-шуҳратингни улуғлаб рисолаю қасидалар ёзамен… Ё раббий! Ўзинг мадад бер! Устоднинг покиза руҳини шод этмоқ ўрнига, унга қилич кўтарган бу падаркушни мадҳлаб тонг-ла маҳшарда ул бандаи покнинг кўзига қай кўз билан қараймен?”
Али Қушчи хаёлини чулғаб олган тумандан қутулмоқчи бўлгандай бошини қаттиқ силкиб, кўзини очди. Шаҳзода унинг рўпарасида турар, унинг киртайган кўзларида сохта табассум жилва қиларди.
– Кечиргайсиз, шаҳзода. Камина муаррих эмасманким, сарой юмушларини китобга битсам…
– Ўзингиз битмасангиз, бош донишларга бош бўласиз! Тиласангиз Ҳиротдан машҳур муаррихлар чақиртирамиз…
– Афв этгайсиз. Ул зукко муаррихлар бандаи ожизнинг раҳнамолиғига муҳтож эмасдурлар…
Шаҳзоданинг юпқа лабларидаги сохта табассум оҳиста сўниб, кўзлари қисила бошлади.
– Муаррихлик қилмасангиз, саройда мунажжимлик қиласиз.
– Бу ишда ҳам маъфудурмен6060
Маъфу – узрли.
[Закрыть], шаҳзода. Камина илми нужумдан бехабармен…
– Бас! – Мирзо Абдуллатифнинг қисилган кўзларида совуқ учқунлар чақнади. – Мен сенинг муродингни биламен, бетавфиқ! Сен… сен қиблагоҳимни йўлдан урган, Оллоҳнинг қудратига шак келтирган кофирсен! Сен барча алломаларни чалғитган муртадсен, муртад!..
Али Қушчи унинг нигоҳида худди қутурган итнинг кўзларида бўладиган мудҳиш бир ифодани кўриб кўзини юмди…
“Ё тавба! Наҳот барча илм аҳлининг тақдири, бутун Мовароуннаҳр тақдири ақли-ҳушидан айрилган шу телбанинг қўлига тушса?”
– Тилла қайда? – тўсатдан сўради шаҳзода.
– Қайси тилла?
– Ул диёнатсиз шоҳ бобом Амир Темур хазинасини ўғирлаб, сенга топширган қуйма тиллаларни айтамен! Диёнатсиз шоҳ топширган хорижий бединлар битган китобларни айтамен!
– Шаҳзода! Ўз падари покингизни диёнатсиз шоҳ демоқ…
– Бас! Сўзла, иблиси лаин! Бединлар битган куфр китобларни яширмоқдан муддаонг не? Барча бандаи мўъминларни йўлдан урмоқму? Ҳақ йўлидан қайтариб, кофирлар динига киритмоқму? Айт, иблис! – Шаҳзода, лабининг четлари кўпириб, Али Қушчини ёқасидан ушлади. – Олтин ва жавоҳирларни яширмоқдин мақсадинг не, фитна қўзғаб, мени сарнигун қилмоқму?
Али Қушчи юзига сачраган тупукдан ижирғаниб кетди. Унинг дилида уйғонган ва бир зум аъзойи баданини карахт қилиб қўйган мудҳиш қўрқув тўсатдан зўр ички туғён билан алмашди.
У шаҳзодани силтаб ташламоқчи бўлди-ю, тўсатдан негадир ҳужрада йиқилиб қолган энаси Тиллабиби эсига тушиб, бир дақиқа иккиланиб турди, сўнг, қалбидаги туғён устун келиб, қаддини ростлади.
Қалтироқ босган шаҳзода ҳамон унинг ёқасига ёпишиб силкир, кўпик сачратиб такрорлар эди:
– Топ, тиллаларни! Ё дарҳол топасен, ё…
Али Қушчи омбурдай метин панжалари билан уни билакларидан ушлаб қаттиқ сиқди.
– Торт қўлингни, шаҳзода! – деди ҳансираб. – Тиласанг шамширингни олиб чопиб ташларсен, тиласанг зиндонингда чиритарсен! Аммо қўлингни торт ёқамдин! – У шаҳзоданинг қўлларини ёқасидан узиб, кўкрагидан итариб юборди. Мирзо Абдуллатиф гандираклаб бориб тахт олдидаги зинага қоқилиб кетди-ю, олтин курсини ушлаб қолди. У нима бўлганини тушунолмай, бир зум талмовсираб турди, кейин овозининг борича:
– Саройбон! Амир Жондор! Ким бор? – деб бақирди.
Эшикда бир-бирини туртган амир Жондор билан бошига сурмаранг салла ўраган занжисифат саройбон кўринди.
– Олиб чиқ, бу азозилни! Олиб чиқиб кишанла! Эндиликда умри зиндонда ўтсин! – Шаҳзода саройбонга қараб шундай дедида, ҳансираб амир Жондорга юзланди. – Мавлоно… ким эди… мавлоно Муҳиддин қайда?..
– Мавлоно Муҳиддин дарвозахонада… Давлатпаноҳимга арзи ихлос билдирмоққа мунтазирдур…
– Айт, кирсин!
Хонадан чиқаётган Али Қушчи мавлоно Муҳиддиннинг исмини эшитиб тўхтади. Балхлик саройбон билан амир Жондор унинг қўлларига ёпишди. Лекин Али Қушчи уларни силтаб ташлаб, шаҳзодага ўгирилиб қаради. Кўзларининг косаси ўйнаган Мирзо Абдуллатиф бир нуқтага тикилганича хонанинг ўртасида оёқларини кериб турар, у гўё ҳамма нарсани унутган, аллақандай мудҳиш ўйлар билан банд эди.
– Шаҳзода! – Али Қушчи эшик кесакисига оёқларини тираб тўхтади. – Эҳтимолким, бошқа кўришмасмиз. Шу боисдан сўнгги сўзимни айтамен: сен устоддай донои давроннинг илм дурдоналарини йўқ қилмоқни ният қилибсен. Падари покинг арвоҳини ўртага солиб, башорат қиламен: ё бу тубан ниятингдан қайтасен, ё икки дунё хор бўласен!
– Иншооллоҳ, мен эмас, сендай ношаръий ишлар қилган бединлар хор бўлур! – Шаҳзода яна боягидай оғзидан кўпик сачратиб, яқинлаша бошлади. – Халлоқи олам ўз бандаси учун ҳамвор6161
Ҳамвор – текис.
[Закрыть] қилиб яратган рўйи заминни курраи арз6262
Курраи арз – Ер шари.
[Закрыть] деган, кавокиби собиталарни6363
Кавокиби собита – ҳаракатсиз юлдузлар.
[Закрыть] эса фалакда чарх уриб айланур деб, Қуръони мажидга шак келтирган сендай бетавфиқлар дучор бўлур Оллоҳнинг ғазабига!
Аламли туғёнда ёнган Али Қушчи кулмоқчи бўлди-ю, кулолмади:
– Воажабо! – деди у бўғилиб. – Устод яратган фалак илмига шубҳа қилсанг, нечук боя фақирни мунажжим қилмоқ истагини билдирдинг? Нечук…
Шаҳзода бетоқат қўл силтаб:
– Олиб чиқ уни! – деб бақирди.
– Даф бўл, амир. Ўзим чиқамен! – Али Қушчи амир Жондорни силтаб ташлаб, эшикни бир тепиб очди-да, саломхонадан ўзи юриб чиқди.
9
Мавлоно Муҳиддин дарвозахонанинг тагидаги ертўлада ўтирар, тўғрироғи, дам ўтирар, дам оёқ остида ивирсиб ётган темиртерсак, эски қурол-аслаҳа, эгар-жабдуқлар орасида туртинибсуртиниб, бетоқат айланар эди. Ертўла зиндондай зим-зиё, умрида зиндон кўрмаган мавлоно Муҳиддин зиндонга тушганига амин эди.
Уйдан чиқишда мавлоно уни Кўксаройга сўроққа чақирганларига, сўроқдан кейин қўйиб юборишларига амин эди. Қиблагоҳи Салоҳиддин заргар ҳам қулоғига шундай деб шивирлаган эди. Шунинг учунми, бошқами, ишқилиб, йўлда келаётганларида мавлоно сўроқ ҳақида эмас, кўпроқ Али Қушчи билан бўладиган юзлашиш тўғрисида ўйлаган, чунки уни ўйлаши билан расадхонадаги тўқнашув эсига тушган эди. Бу учрашув сира хаёлидан чиқмас, ҳар эслаганда Алининг: “Ёдингда бўлғай, мавлоно Муҳиддин! Тепангда устоднинг арвоҳи бордур!” деган сўзлари қулоқлари остида янграгандай бўларди. Кўксаройга етиб отдан тушаётганларида ҳам гўё ҳозир Али Қушчи кутиб оладигандай юраги орқасига тортиб кетди. Лекин уни Али Қушчи эмас, турқи тароватлари совуқ, қўрс ясовуллар қарши олишди, дарвозахонадан олиб ўтишгач, худди қудуққа тушаётгандай тик зиналардан юриб, қандайдир ертўлага бошлаб тушишди-да, шу зим-зиё зиндонга итариб юбориб, эшикни занжирлашди. Ҳамиша Кўксаройга чақирилганида сержило, чароғон хоналарда, шоҳи ва кимхоб кўрпачаларда ўтириб, устоднинг гулгун суҳбатларини тинглашга ўрганган мавлоно Муҳиддин, эс-ҳушидан айрилгандай, қаерга келиб қолганини тушунолмай узоқ турди. Уни оёқлари остида изғиб юрган каламушлар ҳушига келтирди. У сочлари тикка бўлиб, ўзини эшикка отди. Жон талвасасида нимжон муштлари билан эшикни дўппослади, оғир мис ҳалқаларидан ушлаб юлқиди. Лекин темир билан қопланган зилдай эшик қимирламади ҳам, қўрқув ва даҳшатдан совуқ тер босган мавлоно, эшикни қўллари қонагунича дўппослади, кейин уни очишга ожиз экани, бу совуқ қабрга тириклай кўмилганини ўйлади-ю, ерга тиз чўкиб, ёш боладай ҳўнграб юборди…
“Ё парвардигори олам! Осий бандангни ўзинг кечиргайсен!”
У кўзларидан тирқираб оққан ёш томчиларини қўллари билан артиб, юм-юм йиғларкан, бу жаҳаннамга тириклай кўмилгани бежиз эмаслигини, ҳақ таоло олдида кечирилмас гуноҳ қилганини ўйлаб, ўзидан койинишга тутинди. Ҳа, у кечаю кундуз тоат-ибодат қилиб, хилватда истиғфор айтиб ўтириш ўрнига, даҳрий шоҳга шогирд тушиб, даҳрий илмлар ила шуғулланди. Ул сарвари коинотнинг даргоҳи илоҳийсига кўз тикди, Оллоҳдан қўрқмай фалакиёт сирларини очмоққа жазм қилди. Шайтоннинг измига кириб, кўп ношаърий ишлар қилди. Энди ҳақ таолодан қўрқмоқ ўрнига унинг ношукур бандаси Али Қушчидан қўрқиб ўтирибди…
Эгар-жабдуқ ва темир-терсаклар орасида изғиб юрган каламушлар яна оёғидан тортқилади. Мавлоно ўрнидан сакраб турди. Яна боягидай сочи тикка бўлиб, ўзини эшикка отди, отди-ю, бутун вужуди қулоққа айланиб қотиб қолди: тик пиллапоялардан тушиб келаётган дукур-дукур оёқ товушлари эшитиларди.
“Ё парвардигор! Ўз ҳифзи ҳимоятингга олғайсен!..”
Дукур-дукур оёқ товушлари яқинлашиб, қулф-калитларнинг шарақ-шуруғи эшитилди. Оғир эшик ғирчиллаб очилиб, тор йўлакда машъал ушлаган икки ясовул кўринди.
– Мавлоно Муҳиддин!..
– Мен! Камина! – Мавлоно Муҳиддин ўзини машъалга отди.
Машъал ушлаган ғилай сипоҳ уни елкасидан ушлаб, қаттиқ силкиди.
– Тўхта! Ақлингдан озибсен, мавлоно! Орқамдан юр!..
Мавлоно Муҳиддин тор йўлканинг совуқ деворларини пайпаслаб тик зинанинг поғоналаридан апил-тапил ҳатлаб, юқори кўтариларкан, яна ўпкаси тўлиб, кўзига ёш олди.
“Водариғ! Наҳот тағин бу ёруғ дунёни кўрмоқ насиб бўлур?”
Зимистон йўлакдан ўтгач, олдинда бораётган ясовуллар уни қандайдир бостирмалар, отлар кишнаган отхоналар, гурс-гурс босқон урилиб, темир-терсаклар тарақ-туруқ қилган ертўлалар ёнидан олиб ўтишди. Ҳовлига чиққанлари ҳамон мавлононинг кўзи осмон тўла юлдузларга, Кўксарой гумбазининг устида осилиб қолган ва гўё соф тилладан ясалгандай тиниқ ялтиллаган ярим ойга тушди, тушди-ю, дарҳол кўзини олиб қочди. Назарида, кўкда милт-милт ёнган юлдузларга қараш шаккоклик бўладигандай туюлиб: “Гуноҳкор бандангни ўзинг кечиргайсен, тангрим!” деб қўйди.
У қаёққадир шошар, лекин нега шошаётганини ўзи ҳам билмас, ҳамма нарса тушида бўлаётгандай туюлар эди. Қудуқдай чуқур, мудҳиш ертўладан кейин улар кирган чароғон хоналар, олтин шамдонларда ёнган юзларча шамлар, қуббасимон ложувард шифтларда товланган тилла қандиллар, оёқ остига тўшалган майин ипак гиламлар – уни ғалати ҳолатга солиб қўйди. У гўё бу музайян серҳашам хоналардан тушида ўтиб бораётгандай бўлар, бояги мудҳиш гўр ҳам, бу чароғон хоналар ҳам, ҳаммаси туш бўлиб чиқишини тилар эди. У фақат четларига дур ва инжу қадалган ўймакор эшик олдида тўхтаб, кўк кимхоб тўн кийган серсавлат одамни кўргандагина ҳушига келди. Бу одамни у қаердадир учратган эди. Ҳа, уни қудаси амир Иброҳим тархоннинг уйида кўрган эди. Исми шарифи амир Султон Жондор тархон эди, чамаси…
Амир Жондорнинг қип-қизил серсоқол юзида ачиниш ифодаси жилва қилди. У қовоғини уйиб:
– Тугмаларингизни солинг, саллангизни тузатинг мавлоно! – деди. – Ҳозир давлатпаноҳга қуллуққа кирасиз…
Мавлоно Муҳиддин шоша-пиша мовут чакмонининг тугмаларини солди, ихтиёрига бўйсунмаган қалтироқ қўллари билан салласини тузатган бўлди. Ичкарига кириб кетган амир Жондор қайтиб чиқиб, имо қилди: – киринг!
Мавлоно Муҳиддин яна туш кўраётгандай бўлиб, ичкарига кирди, кирди-ю, одатда устод Мирзо Улуғбек ўтирадиган олтин тахт ёнида қовоғини солиб турган, сийрак мўйлови ғалати дикрайган заҳил юзли новча одамни кўриб, пойгакка тиз чўкди.
Қўлларини кўксида қовуштириб, тахт ёнида оёқларини кериб турган Мирзо Абдуллатиф ер остидан амир Жондорга кўз ташлади: “Мавлоно Муҳиддин шуми?”
– Шу? – бош ирғади амир Жондор.
– Ҳмм… – шаҳзода истеҳзоли жилмайиб лабини тишлади. У мавлоно Муҳиддинни биринчи кўриши эди. Лекин донғи Али Қушчидан кам бўлмаган бу одамнинг рисолаларини ҳам мутолаа қилган эди. Мутолаа қилган пайтларида машҳур рисолаларнинг муаллифи унга нечундир тамом бошқача, нигоҳи ўткир, соқоли кўксига тушган, калондимоғ бир аллома бўлиб туюлган эди. Шаҳзода бу одамнинг ўз эътиқодидан воз кечиб, бош эгиб келган бу алломанинг Али Қушчидан ҳам забардаст ва шиддатлироқ бўлишини истар эди. Бу ерда эса… қора мовут чакмони озғин танасида қопдай шалвираган, нимжонгина бир кимса оёқлари остида юмалаб ётарди.
Мирзо Абдуллатиф бир-бир босиб, унинг тепасига борди.
– Ўрнингиздан туринг, мавлоно!..
Мавлоно Муҳиддин шоша-пиша ўрнидан туриб, шаҳзодага кўз қирини ташлади-да, синган таёқдай икки букилганича қотиб қолди. Шаҳзодани унинг кўзлари ҳайратга солди. Мавлононинг қўрқувдан катта очилган кўзлари худди гўзал нозанинларнинг кўзларидай серкиприк ва аллақандай маъсум эди. Шу сабаб бўлдими, негадир шахтидан тушиб:
– Нечун қалтирайсиз, мавлоно? – деди. – Юқори ўтинг, ўтиринг…
Мавлоно Муҳиддиннинг жовдираб турган маъсум кўзларида қўрқув аралаш таажжуб акс этди. У худди уйқудан уйғонган одамдай талмовсираб:
– Қуллуқ, валинеъмат… – деб ғудранди. – Камина оёғингизга юкунмоқ тилагида келдим…
– Юқори ўтинг, ўлтиринг, мавлоно! – шаҳзода кулиб, устига ипак кўрпача ёпилган курсини кўрсатди. Шаҳзоданинг кулганини кўриб, амир Жондор ҳам кулимсиради.
– Ўтинг, мавлоно, ўтинг…
Мавлоно Муҳиддин, гўё бу кутилмаган такаллуфга инонмагандай, журъатсизгина юриб бориб, шаҳзода кўрсатган курсига омонатгина ўтирди. Шаҳзода қўлларини кўксида қовуштирганича унга яқинроқ келиб тўхтади.
– Мавлоно Муҳиддин! Мен сизнинг илми риёзиёт ва фалакиёт бобида битган рисолаларингизни мутолаа қилган эдим…
У сўзини тугатмаган ҳам эди, мавлоно Муҳиддин апил-тапил ўрнидан туриб, таъзим қилди.
– Давлатпаноҳ афв этгайлар! Бандаи ғофилни шайтон йўлдан оздирган эди…
Мирзо Абдуллатиф ижирғаниб юзини бужмайтирди. У мавлоно Муҳиддиндан бу гапни кутмаган, билъакс, мавлоно ўз эътиқодларини ҳимоя қилишини истар, чунки Али Қушчи билан бўлган тўқнашувдан кейин у негадир илми фалакиёт бобида баҳс қилишни, донғи оламга кетган бу алломага ўз илми, ақл-идрокининг ўткирлигини кўрсатиб, сўнг уни ҳақ йўлга қайтаришни тилар эди. Мавлоно бўлса…
– Ҳмм… Шайтон йўлдан оздирган денг, мавлоно?..
– Шундай, валинеъмат. Шайтон!
– Демакким, ўзингиз битган рисолаларга эмди ўзингиз инонмайсиз?
– Инонмаймен, давлатпаноҳ!
Шаҳзода кинояли кулимсираб, ер остидан амир Жондорга қаради. Амир эса “мавлоно яхши одам”, деган маънода илжайди. Шаҳзода ундан юз ўгириб яна қовоғини солди. Қизиқ. Унинг иродасига сўзсиз бўйин эгишга тайёр турган бу нимжон мавлоно нечундир шаҳзоданинг ғашини келтирмоқда эди. У ҳозир нима истайди – ўзи ҳам билмас эди. Агар мавлоно Муҳиддин Али Қушчига ўхшаб, ўз сўзи, ўз эътиқодида қаттиқ турганида шаҳзода эҳтимол боягидан ҳам дарғазаб бўлар, балки уни жаллодга топширишдан ҳам тоймас эди. Лекин ажабо: даҳрий шоҳнинг суюкли шогирди ҳисобланган, донғи мағрибдан машриққача кетган бу фозилнинг субутсизлиги ҳам унга нечундир ёқмади. У кўнглининг бир четида Али Қушчига қарши чиққан аллома Али Қушчидан ҳам иқтидорлироқ бўлишини истарди. Мавлоно эса…
Мирзо Абдуллатифнинг дилидаги қизиқиш бирдан сўндиқолди. У амир Жондорга “олиб кет уни!” деб буюрмоқчи бўлди-ю, китоблар эсига тушиб, мавлонога юзланди.
– Расадхонадаги китоблар сонини билурсиз, мавлоно?..
Мавлоно Муҳиддин кўзлари яна садоқат билан милтираб, бош ирғади:
– Ўн беш-ўн олти минг жилд, эҳтимолким ундан ҳам кўпроқдир, пушти паноҳ.
– Қайси китоб, қайси қўлёзмалар йўқолганини яхши биласизму?
– Билмоқ қийин эмасдур, давлатпаноҳ.
– Хўш?
– Мирзо Улуғбек ҳазратлари барча нодир китобларни…
– Куфр китобларни денг!
– Афв этинг, давлатпаноҳ! Барча куфр китобларни ажратиб, алоҳида сақлар эди. Булар орасида Рум ва Чиндан, Миср ва Фарангистондан, Ҳинд ва Истамбулдан келган китоблар, ноёб қўлёзмалар бўлар эдиким, бари йўқолгандур. Мовароуннаҳр ва Хуросон донишларининг асарлари алоҳида сақланар эдиким, булар ҳам бир неча минг жилддан ортиқ эди…
– Бу китобларни Али Қушчи яширганини қайдан биласиз?
Мавлоно қулт этиб ютинди.
– Мавлоно Али Қушчи ўз оғзи билан иқрор бўлган эди, давлатпаноҳ.
– Олтин ва жавоҳирларни яширганига ҳам ўз оғзи билан иқрор бўлганму?
– Ўз оғзи… – Мавлоно Муҳиддин гапиролмай дудуғланиб қолди.
– Хўш? – Шаҳзода бир ҳатлашда унинг ёнига келди ва ўрнидан турмоқчи бўлган мавлонони елкасидан босиб ўтказди. – Сўзланг, мавлоно!..
– Устод… Мирзо Улуғбек ҳазратлари… – Мавлоно Муҳиддин ранги ўчиб жим қолди.
– Хўш? – бақириб юборди шаҳзода.
– Даҳрий шоҳ… тожу тахтдан жудо бўлишидан бир ҳафта муқаддам мавлоно Али Қушчини чақириб, бу гуноҳ юмушни унга юклаган эканким, ул зот каминани бу сир-синоатдан воқиф қилган эди…
– Не мақсадда сизни воқиф қилгандур?
– Мақсади… бу гуноҳи азим юмушга каминани ҳам тортмоқ эди…
– Сиз бош қўшмадингиз?
– Асло, давлатпаноҳ. Фақирни бу гуноҳ юмушдан ҳақ таоло ўзи асрамиш…
– Ҳмм… – Шаҳзода ер остидан яна амир Жондорга қаради. Бўшашиб турган амир Жондор кўкрагини керди, қаддини ростлаб:
– Чақирайми? – деди. – Мавлоно Али Қушчини… олиб кирайликми?
Али Қушчининг исмини эшитган мавлоно Муҳиддин ялт этиб амир Жондорга қаради, жовдираган серкиприк кўзларида қўрқув аралаш бир илтижо жилва қилди.
Амир Жондор ранги ўчиб:
– Мавлонода айб йўқ! – деди ёлворган товушда. – Имонсиз Али Қушчи…
Шаҳзода сийрак мўйлови ғалати дикрайиб:
– Йўқ! – деди қатъий. – Мавлонони ул муртаднинг ёнига элтинг! Икковини бир зиндонга ташланг! Мавлоно бу сўзларни ул бетавфиқнинг бўйнига қўйсин. Сўнгра бирга олиб келасиз!..
Мавлоно Муҳиддин курсидан ҳолсизгина сидирилиб тушиб, шаҳзоданинг оёқлари остига йиқилди: – Шафқат қилгайсиз, давлатпаноҳ!
– Олиб кет буни! – Шаҳзода кўзлари ёниб, бақириб юборди. Рангида қони қолмаган амир Жондор нимжонгина мавлонони қўлтиғидан олди.
– Сабр қилинг, мавлоно…
Мавлоно Муҳиддин амирнинг сўзларига қулоқ солмай унинг қўлида ёш боладай талпинар, кўз ёшларини юзига суртиб, юм-юм йиғлар эди. Шаҳзода афти буришиб, тескари бурилди.