Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 20 (всего у книги 25 страниц)
– Йўқ…
– Билмасангиз, билиб қўйинг, бону. Бу баттол падаркуш жамолингиз таърифини эшитибди, эшитиб ўз ҳарамига олмоқни ният қилибди…
Совуқ қалтироқ босган Хуршида бону кўзларини юмди. Унинг нигоҳи олдидан дадасининг хаста чеҳраси кетмас, қулоқлари остида унинг ғамгин овози қайта-қайта такрорланар эди:
“Бу бечора падарингни кечиргайсен, қизим. Тақдири азал шу нарсани лойиқ кўрса не қилай?..”
– Нечук индамайсиз, бону? – Қаландар унинг муздай қўлларидан ушлади. – Сўзимни эшитинг, бону! Агар… Агарчи менга инонсангиз, шу букун олиб кетамен. Содиқ одамлар, жон аямас ёр-биродарлар бор. Бу хавф-хатар ўтгунча яшириниб турасиз. Нечун сўзламайсиз, бону?
Хуршида бону тўсатдан кўзига ёш олиб:
– Сиз, – деди титраб. – Сиз ташлаб кетмайсизму?
Қаландар кутилмаган бир журъат билан уни нозик белидан қучиб, ўзига тортди.
– Ё раб! Мен сизни ташлаб қайга кетамен, бону?
Хуршида бону ёш билан ювилган юзини бир зум Қаландар нинг серсоқол юзига босди. У таҳқирланган гўдакдай ўксиб-ўксиб йиғлар, алланималар деб пичирлар эди.
– Хуршида! Хуршида бону!..
Хуршида бону кўз ёшларини артиб, Қаландарга қаради.
– Хўп. Қайга десангиз кетамен.
– Иссиқ кийимларингизни олинг…
– Йўқ. Бу уйга қайта кирмаймен, – деди Хуршида бону. – Ёнимда сиз бўлсангиз совуқдан ўлмасмен…
Қарноқий индамай бонуни даст кўтариб олди-да, сирпанчиқ ерда тойиниб-сирғаниб, жарликка қараб кетди.
17
Зимистон ҳибсхонада бўйрага чордона қурганича чуқур хаёлга толган мавлоно Али Қушчи оёқлари зирқираб ўрнидан турди. Томирлари тортиб увишиб қолган оёқларини уқалай-уқалай, қафасдай тор хонани бир-икки марта айланиб чиқди. Сўнг, боши айланиб, хаёли чувалиб кетаётганини сезиб деворга суянди.
Тўсатдан унинг нигоҳи олдига иссиқ уйда оёқларини танчага суқиб, сувсар пўстинга ўраниб ўтирган мавлоно Муҳиддин келди, келди-ю, оёқлари баттар зирқираб кетди. У шундай толиққан, оёқлари шундай безиллаб оғрир эдики, ўзини яна бўйрага ташлаб чўзилгиси келди. Лекин зах ерга тўшалган бўйрага ўтириш – музга ўтириш билан баравар эди. Али Қушчи шу совуқ бўйрада ётаман деб оёқдан айрилди… У ҳам мавлоно Муҳиддинга ўхшаб шаҳзодага бўйин эгса, оёғига йиқилиб “Аждар ғор”га бошлаб борса бас, бу қоронғи гўрдан қутулиб, чароғон уйда без-без оғриган оёқларини шоҳи кўрпа ёпилган иссиқ танчага суқиб фароғатда ётмасмиди? Илми фалакиёт масалаларига бағишланган суюкли рисоласини ҳам шу кўркам истироҳатгоҳларда иссиқ танча ёнида ёзмасмиди? Ахир Мирзо Абдуллатиф, яширилган китобларни топиб берсанг саройга муаррих қилиб оламен деб ўзи айтмадими? Айтди! Тиласанг муаррих бўласен, тиласанг девонда муншийлик қиласен деди. “Нечун унинг иродасига бош эгмайсен? Эг! Нодир китобларни қайга яширганингни айт! Сўнгра шоҳона оромгоҳларда ўлтириб, шаҳзоданинг улуғ ишлари, Мовароуннаҳр элига қилган эзгуликлари, кўрсатган меҳр-мурувватларини тараннум этиб, китоблар бит, ҳамдлар ўқи! Бу китоблар эвазига сандиқ-сандиқ олтин оласен. Бойлик ва шон-шуҳрат орттирасен. Бу мислсиз азоб-уқубатлардан қутулиб, матлуб ёруғлиққа чиқасен”. Али Қушчи маъюс кулимсираб қўйди, гўё ўз ўйларидан ўзи қўрқиб кетгандай, яна тор хонада айланишга тутинди. “Унга не бўлди? Шайтон васвасасидан ўзинг қутқариб, ўзинг сабот ва сабру қаноат инъом қил, парвардигори олам!..”
Али Қушчи хаёлини чулғаб олган оғир ўйлардан қутулишга тиришиб, бошини қаттиқ силкиди, кўнглидаги ғам-андуҳни енгиш ниятида бор иродасини тўплаб, яна рисола устида ўйлай бошлади… Боя қаерга келган эди? Ҳа, кусуф, яъники сайёраларнинг тутилиши устида, кусуфи кулли ва кусуфи жузъий ҳодисалари – ой ва қуёшнинг тўла ва қисман тутилиши тўғрисида ўйлаган эди. Кусуф ҳодисаси икки курра – қамар7272
Қамар – ой.
[Закрыть] ва курраи арзнинг бирбири ва шамс7373
Шамс – қуёш.
[Закрыть] теварагидаги ҳаракатига боғлиқдир. Лекин буни қандай айтмоқ, рисолада қай йўсин баён этмоқ даркор? Буни шундай пардалаб айтмоқ лозимким, уни фақат аҳли донишларгина тушунсин. Зеро, “ҳаракат” деган сўзнинг ўзи бу жоҳил уламоларни ларзага солади. Ёдида бор: бу чигал масала жаннатмакон устод Қозизода Румий билан мавлоно Ғиёсиддин Жамшид ҳазратлари ҳаёт маҳалида ҳам кўп мунозара ва мубоҳасаларга сабаб бўлган эди. Лекин у маҳалларда расадхона ҳали ишга тушмаган кўп сайёраларнинг фалакдаги ўрни ва ҳаракатлари яхши аниқланмаган эди. Сўнгги йигирма йилда эса жаннатмакон устод раҳнамолигида юлдузлараро, сайёралараро ҳаракатлар, авж, яъники, энг юқори, ҳазиз, яъники энг пастки ҳаракатлар мукаммал жадвалларда қайд қилинди. Қани энди, бу жадваллар унинг қўл остида бўлса?.. Зеро, бу мукаммал жадвалларсиз, қоғоз-қаламсиз бу мураккаб рисола устида ишлаб бўлурму? – Унинг кўз олдига беихтиёр “Аждар ғор” келди. Ғорга яширинган сандиқларнинг бирига 1022 юлдуз ва бу юлдузларнинг фалакдаги ўрни тасвир этилган қирқ олти сурат жадвал жойланган… Мавлононинг эсида бор: ул бандаи хоксор, устод Мирзо Улуғбек кечалари нимқоронғи расадхонада ўтириб, бу сурат-жадвалларни томоша қилишни яхши кўрарди. Тилла суви юритилган бу суратлар кечалари чинакам самони эслатар, тилла нуқталар билан белгиланган юлдузлар эса қоронғида чинакам юлдузлардай ялтиллаб кетарди…
Али Қушчи “Зижи Кўрагоний” жадвалларини эсларкан, бундан беш-олти йил муқаддам устод билан шайх Низомиддин Хомуш ўртасида бўлиб ўтган бир тўқнашув ёдига тушди. Лекин… Воажабо! Шайхнинг ўшанда айтган гаплари тунов куни шаҳзода айтган гапларнинг баайни ўзи эди. Наҳот бу гапларни шаҳзодага шайх Низомиддин Хомуш ўргатган бўлса? Ё билъакс… йўқ, аксинча бўлиши эҳтимолдан йироқ. Шаҳзода у маҳалда бу жоҳил шайхдан узоқда, узоқ Ҳиротда эди…
Жума куни эди. Бир гуруҳ амирлар ва нуфузли беклар билан – улар орасида Али Қушчи ҳам бор эди. – Овга чиққан устод, жума кунлари масжиди жомеда ўқиладиган хутбага шошилар эди. Лекин ҳар қанча шошилмасин, улар борганда хутба ўқилиб бўлган, намозхонлар тарқала бошлаган эдилар.
Аълоҳазратларини дарвозада кутиб олган шайхулислом Бурҳониддин, масжидга бошлаб кирди. Лекин улар шоша-пиша таҳорат олиб, энди намозга киришган ҳам эдилар, масжид ҳовлисида қандайдир ғала-ғовур кўтарилди, кимнингдир: “Ҳой, уммати мустафолар!” деган дўрилдоқ овози эшитилди.
Эшикдан кирган жойга тиз чўкиб, саждага бош қўйган Али Қушчи хаёлини бўлмасликка ҳар қанча уринмасин, бу ўктам, дўрилдоқ овозни баралла эшитар эди. Ҳовлидаги шов-шувни босиб, ваъз айтаётган кимса эса, доруссалтанада бедин алломалар кўпайиб кетганини, улар арши аъло ҳисобланмиш осмони фалак сирларини очмоққа жазм этиб, барча мўъмин-мусулмонларни йўлдан ураётганини сўзлар эди…
Ранги ўчган, лаблари қаттиқ қимтилган устод намоз тугаган ҳамон шитоб билан юриб, масжиддан чиқди. Устоднинг кети дан чиққан Али Қушчи, айвонда туриб, ҳовлидаги юзларча намозхонларга, оқ ридо ва оқ саллали уламоларга қарата нутқ ирод қилаётган шайх Низомиддин Хомушга кўзи тушди. У маҳалда ҳозиргидан ҳам басавлат, хушқомат ва хушсурат шайх, бир қўлида асо, бир қўлида каҳрабо тасбеҳ, ичкаридан чиққан устодни кўриб, асосини силкитди, кўзлари аллақандай чиройли ёниб:
– Мана! – деди. – Ул бетавфиқ алломалар устози Мирзо Улуғбек ҳазратлари ўзи иқрордур…
Устод йироқроқда тўхтаб:
– Сўзингизни англамадим, тақсир! – деди.
– Нечун англамайсиз? Ё Оллоҳ ўз бандасига инъом этмиш ва ҳамвор ҳисобланмиш рўйи заминни курраи арз демоқ гуноҳи кабир эмасму, бандаи бероҳ?
Устоднинг кўзлари қисилиб, лаблари асабий пирпиради.
– Маъзур тутгайсиз, тақсир! Бу ҳақиқатни биздан салкам беш юз йил муқаддам муаллимул аввал Абу Райҳон Беруний Муҳаммад ибн Аҳмад ҳазратлари эътироф этгандур!
– Ул зот расул эмаским, анинг сўзи…
– Ҳа, ул зот расул эмас. Ва лекин ақл-идрокда тенгсиз бир воҳиди замон эрди!
– Демакким, арши аъло ҳисобланмиш осмони фалакни уммонга, Оллоҳнинг шамчироқларини балиқларга ўхшатмоқни ҳам ўшал бетавфиқ воҳиди замон ўргатгандур сизга?
– Йўқ, тақсир! Бу фикрга шогирдим Али Қушчи… – Мирзо Улуғбек Алига қараб кулимсираб қўйди. – Мавлоно Али ўз ақлидроки билан етгандур.
– Ана! – шайх ғолибона назар билан пастда бош эгиб турган уламоларга юзланди. – Шаҳнатун нажаф аталмиш бул зот ва унинг шогирдлари Қуръони мажидни унутмишдир! Зероким… Валақад занаган вассар дунё биносоҳибия ва жаҳонноҳа… Яъниким, биз дунё устидаги осмонни чироқлар ила безатдик ва аларни шайтонларга отиладурған тош қилиб яратдик… Бу оят ёдингиздан кўтарилибдур, Мирзо Улуғбек!
– Йўқ, бу оят ёдимдадур, тақсир. Ва лекин Оллоҳ ўз бандасига ақл-идрокни шу мақсадда инъом этмишким, илм ва тафаккур ила олам сирларини ўргансин!..
– Филҳақиқат! – хитоб қилди шайхулислом Бурҳониддин. У бошидаги салласини тузатиб, олдинга ўтмоқчи бўлди, лекин шайх Низомиддин Хомуш яна кўзлари чиройли порлаб:
– Даф бўл! – деб ўшқирди. – Шайхулислом бўлмиш сен бетавфиқ аҳкоми динни7474
Аҳкоми дин – дин қоидалари.
[Закрыть] оёқ ости қилдинг. Буткул…
– Бас! – Устоднинг овози масжид гумбазини янгратиб юборди. – Ё хонақоҳингизга бориб, тариқат ила шуғулланинг, ё навкарларимга фармон берамен – дарҳон зиндон қиладур. Токи салтанатдаги барча фисқи фужур, барча тубан юмушларга сиздай уламойи жуҳҳол7575
Уламойи жуҳҳол – жоҳил уламолар.
[Закрыть] сабабдур!
Устод шундай деди-да, вазмин одимлаб, айвондан тушди. Шайх Низомиддин Хомуш нажот кутиб, пастда бош эгиб турган уламоларга қаради. Лекин… устод айни кучга тўлган, тахтда муқим ўтирган пайтлар эди. Уламолардан садо чиқмади…
Ўша куни кечаси тун ярмида устод расадхонага кириб борди. У бир жойда ўтиролмас, дам ўзи тузган жадвалларга, дам осмони фалакка тикилар, дам кутубхонани оҳиста айланаркан, ҳадеб уф тортар ва бир сўзни такрорлар эди: О, жоҳиллар, жоҳиллар, жоҳиллар!
Ҳа, Али Қушчи ўшанда “ҳаракат” сўзидан қочиб, осмонни уммонга, юлдузларни эса балиқларга ўхшатиб бир рисола ёзган ва бунинг учун устоднинг таҳсинига ҳам сазовор бўлган эди…
Юлдуз эмас, шайтонга қарши отилган тош, курраи арз эмас, ҳамвор бўлмиш рўйи замин эмиш… О, жоҳил уламолар, ғафлат уйқусида ётган ғариб маҳдудлар!..
Тўсатдан Али Қушчининг хаёлига ёмон бир фикр келиб, тизгинсиз қайғу юрагини яна чангаллаб олди: бу мислсиз жазо, бу уқубатларга бардош беролмай шу совуқ гўрда ўлиб кетса… “Аждар ғор”га яширинган бу жадваллар, бу нодир хазинанинг тақдири не бўлади? Бу сирдан ёлғиз Мирам Чалабий воқиф. Лекин Мирам Чалабий сабийлик ёшидан чиқмаган бир муллаваччадир. Унинг қўлидан не келади?
Аъзойи бадани бўшашиб деворга суянган Али Қушчи эшик дарчасининг ғичирлаб очилганини эшитиб, сесканиб кетди. Кафтдеккина дарчадан тушиб турган заиф ёруғликда ичкарига чўзилган тўқач кўринди. Бу – одатда бериладиган пиёланинг юзидеккина арпа нонга ўхшамас, жўхори унидан ёпилган, қалин юмалоқ тўқач эди.
Али Қушчи ҳайрон бўлиб, тўқачни олди. Олаётганда энгашиб дарчадан йўлакка қаради. Оғзига талқон солгандай садо чиқмайдиган зиндон қоровули бу сафар ҳам индамай бир чойдиш сув чўзди.
Али Қушчи чойдишни олиб, бўйрага бориб ўтирди. У очми, тўқми – яхши билмас, овқатга аллақандай бефарқ бўлиб қолган эди. Лекин тамом ҳолдан кетаётганини сезиб, тўқачни синдирди, синдирди-ю, бир зум анграйиб қолди. Тўқачнинг ичида найча қилиб ўралган хат билан бир суямча келадиган ханжар чиқди. Ханжарнинг ёнида чинчилоқдеккина қалам ҳам бор эди… Гўё арзи доди арши аълога бориб етгану, парвардигор унинг кўз ёшига раҳм-шафқат айлаган…
Али Қушчи юраги гурс-гурс уриб ўрнидан турди. Эшикка суяниб, унинг кафтидеккина дарчасидан тушиб турган хирагина шуълада найча қилиб ўралган қоғозни очди.
“Меҳрибон устод! Аввало сиз меҳрибон отахонимизнинг дуои жонингиз ва сиҳатларингизни Оллоҳ таолодан туну кун тилаб турибмиз. Иккиламчи, билмоқни истаймиз: қутлуғ бошингизга тушган бу уқубатни осон қилмоқ учун не даркор? Шу қоғознинг орқасига битиб, чойдишга солиб чиқаргайсиз… Насиб этса қалбингизга туйнук очиб кирсак, сиз соябони марҳаматни бу зулматдан халос қилиб, дийдор кўришсак, деган ражодамиз7676
Ражо – умид.
[Закрыть]. Иншооллоҳ бу тилагимизга етурмиз. Садоқати зоҳир шогирдларингиз”.
Али Қушчи нечундир кўнгли эриб кўзига ёш олди. “Бу ҳифзи ҳимоятингга минг қатла шукур, эй парвардигор!.. Лекин ким экан бу “садоқати зоҳир шогирдларингиз” деган? Мирам Чалабийми? Йўқ, у ёш, бу иш қўлидан келмайди. Ёш мударрис Мансур Кошийми? Қайдам, Коший ҳам мўмин-мулойимгина бир одам. Бир бўлса Қаландар Қарноқий бўлур… – Али Қушчи Қаландарнинг забардаст сохт-сумбатини, саҳройиларга хос бўлакча мардлигини ва дангаллигини эслаб, меҳр билан жилмайиб қўйди. Ханжарни эса… Уста Темур Самарқандий ясагандур. Лекин… воажабо! Али Қушчи ханжарни не қилади? Қалам тарашлайдиму?”
Ногаҳон эсига яна мактуб тушди: “Насиб этса қалбингизга туйнук очиб кирсак, сиз соябони марҳаматни бу зулматдан халос қилиб, дийдор кўришсак, деган ражодамиз. Иншооллоҳ бу тилагимизга етурмиз…” – Бу сўзларнинг маъноси не? “Қалбингизга туйнук очсак”, деганлари зиндонга туйнук очсак деганлари эмасми?.. – Али Қушчи хаёллари алғов-далғов бўлиб, бир жойда туролмай қолди, қўллари билан деворнинг ғадир-будир тошларини пайпаслаганича, ҳибсхонани бир айланиб чиқди.
Йўқ! Бу харсанг тошларни емириб, бу метин девордан туйнук очиб бўлмас! Бу ақлга сиғмайдурган бир хом хаёлдур! Кимсан Соҳибқирон ўз раҳнамолигида қурдирган бу машъум зиндон, бу ҳибсхоналарни кўрмаган авомларнинг хаёлий умидларидур. Токи бу зиндон сон-саноқсиз қуллар ва асирлар, гадолар ва сипоҳлар елкасида келган харсанг тошлардан барпо бўлгандурким, уни тешган бир марди майдон чиққан эмас!.. Сенинг ғамингда юрган шогирдларинг бу ҳақиқатни билмайди. Сен эсанг бунга ақлинг ета туриб, кимдандир умид қиласен, негадир ҳовлиқасен? Кимдан умид қиласен, нечук ҳовлиқасен, ўпкангни бос, биродар!
Али Қушчи чуқур хўрсиниб, юришдан тўхтади. Негадир эсига яна энаси Тиллабиби тушиб, юрагини чангаллаганича узоқ турди, сўнг, тизгинсиз ғам қайта хуруж бошлаганини сезди-ю, ўзини койиб кетди:
“Нечун бунча кўз ёши тўкасен, нечун бунча оҳ-фарёд қиласен, мавлоно Али! Бундан кўра бемеҳр шаҳзодага изҳори ихлос қилиб, оёғига бош ур! Айтганларини вожибул-изъон, деб бил! Йўқса кўз ёшингни тий! Қаддингни тутиб, хаёлингни жиловлаб, ишингни қил! Суюкли рисолангни тугат! Зеро, бундай содиқ шогирдларинг бор экан, қилган ишинг ҳайф кетмайди, ўзинг фавт бўлсанг-да, битган китобинг ўлмайди!”
Али Қушчи кафтдеккина дарича шуъласида ҳалиги мактуб орқасига “Қоғоз. Қалам” деб ёзди. Бир лаҳза ўйлаб тургач: “Энам, Тиллабиби” деб қўшиб қўйди-да, шогирдлари айтгандай, чойдишга солиб, зиндон қоровулига узатди. Сўнг, кўнгли аллақандай равшан тортиб, “нонушта”га киришди.
18
Ҳарам бекаси таъриф қилган тенгсиз гўзал қайгадир қочганини эшитган Мирзо Абдуллатиф, амир Султон Жондорга: “То бу беҳаёни топиб, қўл-оёғини боғлаб олиб келмагунча кўзимга кўринма!” деб ҳайдаб чиқарган эди. Мана, бир ҳафтадан ошди ҳамки, на санамдан, на амир Султон Жондордан дарак бор! Бугун шаҳзода ўзи амирга чопар юборишга мажбур бўлди: шу букун кечқурун, намоз аср олдидан расадхона ҳовлисида маъжусийлар ва бединлар юртидан келтирилган куфр китобларни ёқиш маросими бўлиши керак эди. Шайх Низомиддин Хомуш ва бошқа уламойи киромлар кўпдан бери бу савоби азим ишга журъат этишни маслаҳат бериб юрган бўлса ҳам, шаҳзода негадир кўнгли чопмай, пайсалга солиб келарди. У бир неча марта расадхонага бориб, иккинчи ошиёнадаги кутубхонани кўздан кечирган, ҳатто бир қанча китобларни саройга олдирган эди.
Дарҳақиқат, кутубхонадаги китоблар орасида шайх айтган хорижий эллардан, маъжусийлар юртидан келтирилган ва номаълум ёзувларда битилган китоблар ҳам бор эди. Лекин ажабо: шаҳзода ҳар сафар расадхонага бориб кутубхонага кирганида ва шифтга тегадиган зарҳал жавонларга терилган чарм жилдли оғир китобларни, ипак ва шоҳи матоларга ўралган нодир қўлёзмаларни кўрганда негадир кўнгли бир хил бўлиб кетар ва жавонларнинг олдидан жилолмай қоларди. Ҳиротда, бобоси Шоҳруҳ Мирзо қўлида тарбияланган бўлса ҳам, фақат улуми диния7777
Улуми диния – диний илмлар.
[Закрыть] эмас, дақиқ фанлар, фалакиёт ва риёзиёт илмидан ҳам таҳсил кўрган шаҳзода бу кутубхонанинг довруғи бежиз эмаслигини биринчи кўришдаёқ тушунди. Гарчи, Али Қушчи ва унинг шогирдлари кўп нодир китоб ва қўлёзмаларни гумдон қилган бўлса ҳам, шаҳзода кутубхонани кўздан кечираётиб бунга яна бир карра инонди! Ҳалиям яхши китоблар кўп, отаси Мирзо Улуғбек чиндан ҳам энг нодир асарларни терган эди. Шаҳзоданинг расадхонага тез-тез қатнаб, даргоҳи куфриётда айланишиб қолгани шайх Низомиддин Хомушнинг қулоғига етиб борган чоғи, кеча баногоҳ Кўксаройга ташриф буюрди. Эшикданоқ қовоғини солиб кирган шайх сўзни узоқдан бошлади. Гарчанд, шаҳзодаи валиаҳд ул шоҳи шарирнинг кўп даҳрий юмушларига чек қўйиб, вазифаи шаръийн амри вожиб қилса-да, ҳанузгача кофирларга, алхусус, алломаи бетавфиқларга зарба берилмаганини таъкидлаб гапирди. Гапирганда ҳам аллақандай қайнаб, қалтироқ босиб гапирди. Сўзининг охирида эса ул соҳиби иршод7878
Соҳиби иршод – тўғри йўл кўрсатувчи.
[Закрыть] эшон Убайдулло Хўжа Аҳрорнинг шаҳри Шошдан йўллаган мактубини топширди. Эшон ҳазратлари ҳам ўз матлаи саодатида7979
Матлаи саодат – яхшиликка бошловчи сатрлар.
[Закрыть] шайх Низомиддин Хомушнинг сўзини сўзлаган, фақат бу сўзларни шиддатлироқ тарзда баён этган, шаҳзодаи валиаҳдга бу борада мужмал ва мутараддид бўлмоқ нолобид ва номақбул эканини алоҳида қайд этган ва Мовароуннаҳрда уя қўйган барча галаи саклар ва бепарҳезларга қарши қилич яланғочлаб, бобоси амирул-мўминин Амир Темур Кўрагонийнинг покиза руҳларини шод қилмоққа фатво берган эди.
Мирзо Абдуллатиф бу номани ўқиб чиққач, расадхонадаги хорижий бединлар юртидан келтирилган куфр китобларни ёндирмоққа розилик берди. Лекин ўзи бу маросимда қатнашиш нияти йўқ эди. Бироқ шайх яна қовоғини уйиб, бу савоби азим маросимга у ҳам лутфан ташриф буюрмоғи фарзи ва айн эканини уқтирди. Шайх гуноҳ китобларни ёндириш маросимига доруссалтанадаги барча аркони ҳарб ва аркони давлат, уламо ва ашроф, ҳаттоки барча фозиллар ва шоирларни, мударрис ва мавлоноларни, Улуғбек мадрасасида таҳсил кўриб, ҳидоят йўлидан тойган барча толиби илмларни йиғмоқни тилади. Зеро, куфр китобларнинг ўтда ёнганини ул дўзахийлар ўз кўзлари билан кўрсин, уммати мустафолар эса, шаҳзоданинг динул ислом ғанимларига бешафқат эканини билиб диллари сарафроз бўлсин!..
Шайхнинг бу тилагини қайтариб бўлмас эди. Мирзо Абдуллатиф розилик берди-ю, шайх кетгач, девонбеги билан ясовулбошини чақиртириб, балхлик содиқ суворийларидан икки юз нафарини расадхонага юборишни, Кўксарой билан расадхона орасидаги кўчаларнинг ҳаммасига отлиқ посбонлар қўйишни топширди. Бугун эса бунга ҳам кўнгли тўлмай, амир Султон Жондорга чопар юборди. Негаки, шаҳзода Мовароуннаҳрни забт этганига тўрт ойдан ошса ҳам на эл тинчиди, на унинг кўнгли! Ё тавба! У тахтда ўтириб не ёмонлик қилганини билолмайди. Ҳидоят йўлини тарк этиб, куфриётга юз тутган барча муртадларни зиндон қилдирди, баъзиларининг бошини танидин жудо эттирди, муртадлар уяси бўлмиш мадрасаларни ёпдириб, эшикларига қулф урдирди. Салтанат душманларини, Мирзо Улуғбекка ён босган барча аркони давлат, барча сардору саркардаларни шафқатсиз маҳв этиб, ҳаммаёқни тинчитгандай бўлди. Лекин нечундир кўнгли фароғат топмайди. Назарида ўтирган тахти тебраниб тургандай, гўё ҳаммаёқда унга қарши фитна уюштирилаётгандай, ҳамон қайлардадур қочиб юрган Бобо Ҳусайн бошлиқ бир гуруҳ амирлар шамшир чархлаб, уни сарнигун қилиш пайида бўлаётгандай туюлади. Ҳамон кечалари ухлай олмайди, бир зум кўзи илинса, гўё биров қилич яланғочлаб эшикдан кириб келаётгандай бўлиб уйғониб кетади-ю, тонг отгунча мижжа қоқмайди… Ким билади, шайх Низомиддин Хомуш янглиғ уламойи забардастларнинг бу дуойи жонлари истиқболининг хайрли аломати, файзи илоҳийдур, эҳтимол букун бўладиган савоби азим юмуш – бединлар китобини ёндириш маросимидан сўнг ҳақ таоло ундан ўз марҳаматини дариғ тутмай, кўнглига ором, дилига тавфиқ ато қилур! Ким билади, эҳтимол даҳрий алломаларнинг энг қайсари бўлмиш Али Қушчини ҳам йўқ қилмоқ даркордур. Шаҳзода унинг такаббур бошини аллақачон танидан жудо қилар эди, фақат йўқолган китоблар ва гум бўлган олтин-жавоҳирлар қўлини боғлаб турибди, бир кун бўлмаса бир кун зиндон уқубатига бардош қилолмай, сир-синоатини очар, деган умид тўхтатиб турибди.
Эшик оҳиста очилганини эшитган шаҳзода кескин бурилиб қаради. Бўсағада шайх Низомиддин Хомушнинг таклифи билан саройга олинган ғилай ясовул қўл қовуштириб турарди.
– Хўш, амир Жондор қайда?
– Амир жаноблари хасталаниб тўшак ёзиб ётиб қолибдур, давлатпаноҳим!
Шаҳзода кўзлари қисилиб, ясовулга қадалиб қаради. Ясовул негадир қийшанглаб қолди.
– Амирнинг хасталигини ўз кўзинг билан кўрдингми?
– Ўз кўзим билан, валинеъмат…
– Ўзинг ғилай бўлсанг нени кўрасен?.. – Шаҳзода заҳарханда кулиб, Қашқирга яқинлашди. – Хўш, ул бешарму беҳаёдан дарак борми?
– Йўқ, пушти паноҳим…
– Йўқ! Йўқ! Қачон “бор” деган мужда келтирасен? Мавлоно Муҳиддин не дейди?
– Мавлоно… – Қашқир бошини бир томонга эгиб шаҳзодага журъатсизгина қаради-ю, унинг ҳамон қадалиб турганини кўриб, дарҳол кўзини олиб қочди.
– Хўш? Сўзла! Нечун ғилай кўзингни яширасен? – деди шаҳзода, ингичка мўйловлари ғалати қимирлаб.
– Подшоҳи олам! Мавлоно Муҳиддин… ақлидан озмиш…
– А?! – Шаҳзода ранги ўчиб, хиёл орқага тисарилди.
– Кимдан эшитдинг бу сўзни?
– Кеча тинтувга борган ясовуллардан эшитган эдим… Букун Регистонда кўрдим. Яланг оёқ, яланг бош, кўйлакчан чопиб юрибдур. Падари хожа Салоҳиддин заргар маҳрамлари билан тутиб кишанлаб олиб кетди. Бечора…
– Бечора! – деди шаҳзода ҳансираб. – Кимки халлоқи оламга шак келтириб, имонини иблиси лаинга сотса… ҳоли шу бўладур! Бор! Сарой аҳли ҳозир бўлсин, алҳол йўлга тушамиз…
Ғилай ясовул келтирган бу машъум хабар шаҳзоданинг дилидаги ғулуга ғулу қўшиб ғаш қилди. Лекин Кўксаройнинг аллақандай совуқ кошоналаридан очиқ ҳавога чиққач, кўнгли бирдан равшан тортди. Ажабо: бундан бир-икки ҳафта олдин ёққан қалин қордан асар ҳам қолмаган, билъакс, кун шундай исиган эдики, кўча юзларини, уйларнинг томини, ҳатто пахса деворларнинг устини кўм-кўк барра майса қоплаган, шарқираб оқаётган ариқ бўйларидаги тол шохлари қизариб, куртак ёза бошлаган эди. Ғир-ғир эсаётган илиқ шабада баҳор гиёҳларининг хушбуй ҳидини уфурмоқда, димоққа олис қирлар нафаси, бинафша ва чучмўмаларнинг нозик бўйлари, ёвшан ва шувоқларнинг сал тахир, лекин хушёқим ҳидлари гуп-гуп урарди. Шаҳзода чеҳраси ёришиб, тўйиб-тўйиб нафас оларкан, кўз олдига нечундир Ҳирот атрофидаги ям-яшил қирлар келди. Бобоси Шоҳруҳ Мирзо билан ҳар кўклам бу қирларга чиқиб, улоқ чопган, арғумоқ ўйнатиб пойгага тушган беғубор ўсмирлик йиллари эсига тушиб, кўнгли бир хил бўлиб кетди-да, остида бетоқат депсинган қора арғумоғига қамчи урди. Буни кўрган ёнидаги маҳрамлар ҳам отларининг жиловини қўйиб юбордилару, тош ётқизилган кўчалар от туёқларининг дупуридан қасир-қусур бўлиб кетди. Кўчанинг икки томонида, Кўксаройдан расадхонага бора-боргунча ҳар ўн беш-йигирма қадам жойда тиғларини кўкка қаратган найзабардорлар турар, гузарларда эса, оғир либослари устидан совут кийган сипоҳлар от ўйнатиб юришарди.
Мирзо Абдуллатиф от чоптириб бораркан, кўчанинг икки юзида, туғли найза ушлаган сипоҳларнинг орқасида, таъзимда қотиб қолган мингларча одамларни кўрарди. Гузарлардаги оломон ҳам жимгина саждага бош эгиб турар, одамлар девор ёриқларидан, эшик тирқишларидан мўралаб қарашар, болалар эса томларга чиқиб олишган, уларнинг кўзларида таажжуб, ҳайрат, қўрқув акс этарди. Шаҳзоданинг қалби букунги ложувард осмондай чарақлаб кетди. Ҳа, у Мовароуннаҳр учун, Самарқанддай шаҳри муаззам учун беҳуда олишмаган! Бобокалон Амир Темур ўзига доруссалтана қилган бу шаҳри бузрук кўчаларидан бир маротаба от чоптириб ўтмоқ, оломоннинг тиз чўкиб, саждага бош эгиб турганин кўрмоқ учун бир эмас, юз жон бўлса ҳам тикмоққа арзийди!.. О, нақадар улуғ, нақадар ширин экан бу салтанат, бу тожи тахт! Шаҳзода ҳозир отини жиловидан тортиб тўхтатса-ю, қўл қовуштириб турган бу оломонга тиз чўкиб, ер ўпмоқни амр қилса, амри вожиб бўлади. Тиз чўк деса чўкади, ер ўп деса ўпади. Қани бир кимарса амрини вожиб қилмай кўрсин-чи?..
Расадхона олдидаги майдонга ҳам тумонат одам йиғилган эди. Юзларча қаландарлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қўлларидаги исириқ тутатилган исириқдонларини силкитишиб, кулоҳ кийган бошларни бир меъёрда тебратишиб, мадҳу сано ўқишлар, яланг оёқ, яланг бош гадолар, қаланғи-қасанғилар, қоқ суяк қўлларини чўзиб тиланчилик қилиб юришар, қилич яланғочлаб олган суворийлар чор тарафдан оқиб келаётган оломон устига от чоптириб, орқага сурар, сипоҳларнинг ҳайқириғи йиғилган халойиқнинг гувиллаши, қаландарларнинг “ё Оллоҳ дўст, ё олло”си ва юқорида, расадхона минораларида чалинаётган ноғораларнинг гумбирию карнайларнинг суронли наъраси осмони фалакни тутган эди.
Расадхонанинг қўш тавақали темир дарвозаси ланг очиқ, дарвозанинг икки ёнида, кун илиқ бўлишига қарамай, устларига мовут чакмон, тулки ва сувсар пўстин, бошларига қундуз телпак кийган доруссалтана зодагонлари, қўлларида каломулло ушлаган имомлар ва уламолар йиғилган эди. Дарвозадан киргач, ҳовлининг ўнг қўл томонида баланд ёғоч сўри қурилиб, унга шерозий гилам ва шойи кўрпачалар ёзилган сўрида шайх Низомиддин Хомуш бошлиқ дин пешволари ўтиришарди. Сўрининг икки томонида тўнлари устидан оқ ридо кийиб, бошларига оппоқ салла ўраган уламойи киромлар, эгниларига зарбоф тўн, бошларига дур ва садаф қадалган қимматбаҳо телпак кийган, кумуш камарларига тилла бандли қилич таққан амирлар туришар, улар орасида шаҳар доруғаси Мироншоҳ ҳам кўринар эди. Сўрининг қаршисида, расадхонанинг қўш тавақали зарҳал эшиги олдида қуруқ шувоқ ва саксовул қаланиб, унинг устига китоб ва қўлёзмалар тоғдай уйилган эди. Лекин китоб кўп бўлса керак, ичкаридан ташиб чиқаётган қаландарлар уларни даста-даста қилиб “тоғ” устига уйишарди.
Шаҳзода дарвозада кўринган ҳамон, шайх Низомиддин Хомуш ўрнидан қўзғалди, сўрининг икки ёнида турган зоти олийлар, аъён ва боёнлар қўл қовуштирганларича орқага чекиниб унга йўл беришди. Шайх шаҳзодани ўз ёнига, шойи кўрпачалар ёзилган сўрига таклиф қилди, сўнг қўл қовуштириб турган уламолардан бирига юзланди.
– Даҳрийликни ихтиёр этган барча фузало ва шуарони ҳовлига киритинг! – деди. – Диёнатсиз бепарҳезлар! Ўзлари топган маъжусий китобларнинг ёнишини ўз кўзлари ила кўрсунлар!
Сал ўтмай, ҳовлига бошларига учлик такя кийган, уст-бошлари юпунгина йигирма чоғлик мадраса талабалари кириб келишди ва кўзлари жовдираб тўхтаб қолишди. Улардан кейин ҳамон мударрислик кийимларини ташламаган ўн чоғлик мавлонолар кириб, толиби илмларнинг ёнида саф тортиб туришди.
Шайх “бошлаймизми”, деган маънода шаҳзодага юзланди. Шаҳзода “бошлайверинг”, деб бош ирғади.
Шайх қўлидаги каҳрабо тасбеҳини ўгирганича ўрнидан турди. Қора бахмал тўн устидан кийган оқ ридосини тўғрилаб олдинга ўтди ва майдонга йиғилган оломонга қараганича нутқ ирод қилди. У ҳақ таолога шак келтириб, анинг Қуръони мажидни ва ҳадиси шарифни ҳукми ом билмай даҳрийликка юз тутган шоҳи шарир Мирзо Улуғбек ва унинг бетавфиқ шогирдлари тўплаган бу куфр китобларни ўтга ёқмоқ савоби азим юмуш эканини қаттиқ таъкидлади, зеро, маъжусийлар ва хорижий бединлар битган бу китоблар алангаси барча бединлар бошига барқи офат8080
Барқи офат – бало чақмоғи.
[Закрыть] бўлиб ёғилгай! Иблиси лаин йўлдан урган ва лекин калимаи шаҳодатни арз қилиб, ҳар лайлу наҳор истиғфор айтган, авлиё ва анбиёларни шафе келтириб тангри таолодан раҳм-шафқат тилаган осий бандаларнинг эса, кўзларини очиб, ҳидоят йўлини кўрсатгай… илоҳи омин!
Майдонга йиғилган тумонат одамнинг “илоҳи омин”, деган хитоби расадхонани, наинки расадхона, бутун доруссалтанани титратиб юборгандай бўлди…
Шайх Низомиддин Хомуш, қаландарлар ушлаган машъаллардан бирини олиб шаҳзодага узатди, иккинчисини ўзи олиб, ўртадаги шувоқ ва саксовуллар устига тоғдай уйилган китоблар ёнига борди. Шаҳзода бу маросимга қатнашса ҳам, ўз қўли билан китобларга ўт қўйиш раъйи йўқ эди. Лекин маросимда ҳукм сурган аллақандай илоҳий руҳ, расадхона ҳовлиси ва дарвоза олдига тўпланган оломоннинг гуриллаши, шайхнинг ҳаяжонли ваъзи, йиғилганларнинг “илоҳи омин!” деган хитоби – бунинг ҳаммаси унга яна истиқболнинг хайрли аломати, файзи илоҳий бўлиб кўринди-ю, руҳлантириб юборди. У қандайдир муқаддас бир иш қилаётгандай ички титроқ билан ловиллаб ёнган машъални қуруқ шувоққа биринчи бўлиб тутди. Ундан кейин гулханга шайх ҳазратлари ўт қўйди. Қуруқ шувоқ ва ёвшанлар “гурр” этиб ёнди-ю, илондай вишиллаган аланганинг қизғиш тили осмонга сапчиб бир зумда китоблар уюмини чулғаб олди. Аланга тобора авж олиб чарсиллаган учқунлар ҳовли узра юлдуздай сочилди… Яна “Илоҳи омин!” деган жўр хитоблар янгради. Бунга дарвешларнинг ҳамду саноси қўшилди-ю, шаҳзоданинг вужудини яна боягидай иссиқ ҳаяжон чулғаб олди. У гўё қанот ёзиб кўкка парвоз қилаётгандай туюлиб, кўзларини юмди, лаблари оҳиста пичирлади: “Эй, халлоқи олам! Осий бандангни ўзинг кечиргайсен! Ўз марҳаматингни дариғ тутмагайсен!” Унинг хаёлини аллақандай шов-шув бўлди. У юраги “шиғ” этиб кўзини очди. Ўртадаги гулхан ҳамон кўкка чарс-чарс юлдузчалар сачратиб ловиллаб ёнар, лекин одамларнинг кўзи гулханда эмас, дарвозада эди, у ерда эса қандайдир ғалаён давом этар, “ушла!”, “тўхтат!” деган хитоблар эшитиларди. Тўсатдан ғалаён тинди-ю, дарвозада… яланг оёқ, яланг бош, қўйлагининг ёқаси киндигигача йиртилган, бир енги узилиб, осилиб қолган, соқол-мўйлови ўсиб кетган бир кимса кўринди. Важоҳати мудҳиш, мажнунсифат бу кимса… ё раббий! – Мавлоно Муҳиддин эди! Мавлоно телба кўзларини ловиллаб ёнган гулханга қадаганича, кирган жойида бир зум турди, сўнг, қўлларидаги кишанларини шарақлатиб, ер депсиниб ўйнай кетди. Тўсатдан у ўйнашдан тўхтади, дарвоза томонга юзланиб:
– Ҳой, мўъминлар! – деб хитоб қилди. – Бу олов – дўзах оловидур! Кимки, ҳақ таолони дилидан тарк этиб, даҳрийликни ихтиёр этса шу ўтда ёнадур! Мана, кўриб қўйинглар, эй осий бандалар! Бу оловда куфриётга юз тутган шақийлар ёнур. Кўриб қўйинглар, аҳли мўъминлар!
– Ушланг бул телбани. Ушланг! – Шайх Низомиддин Хомушнинг овози шов-шувни босиб янгради. Мавлоно Муҳиддин, гўё қулоғига чўғ киргандай ялт этиб қаради, телба кўзлари ёниб шайхга бир дақиқа тикилиб турди-ю, “Ҳой мусулмонлар!” деб бақирди. – Зиндондан қочган кофир Али Қушчи топилмиш! Мана, ул иблиси лаин! Ушланглар бу кофирни! Ушланглар!
Бир неча сипоҳ унга ёпирилиб, занжирбанд қўлларини қайириб олишди. Лекин мавлоно қандайдир ғайритабиий бир куч билан уларни силтаб ташлади-да, шаҳзода билан шайхга томон яқинлаша бошлади. У ҳамон қутурган кўзлари ёниб: “Али Қушчи! Ушланглар бу кофир мавлонони!” деб бақирар эди. Унинг кўпирган лаблари, қутурган кўзлари, бутун важоҳатида шундай мудҳиш бир нарса бор эдики, шаҳзода беихтиёр орқага чекиниб: “Тутинглар бу телбани!” деб қичқириб юборди. Яна бир неча сипоҳлар ва гулханга китоб ташлаётган қаландарлар мавлоно Муҳиддинга ёпирилишди. Мавлоно ёпирилганлар билан олишаркан, бу сафар телба кўзларини шаҳзодага тикиб, бирдан: “Ҳа-а… Падаркуш! – деб хитоб қилди. – Ҳой, мусулмонлар! Ўз падари бузруквори, Мирзо Улуғбек ҳазратларини қатл қилган падаркушни топдум! Ушланглар уни! Ушланглар! Дўзах ўтида ёнмоғи даркор бу падаркуш! Ўтга ташланглар уни! Ўтга!”