Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 21 (всего у книги 25 страниц)
Дарвоза олдидаги майдонга йиғилган оломон, ҳатто ҳовлидаги дин пешволари-ю, аъёну боёнлар, бутун халойиқ, гўё тилдан қолгандай бир лаҳза гунг бўлиб қолди. Шу пайт, дарвозада… ечилиб кетган салласининг бир учи ерда судралган Салоҳиддин заргар кўринди. Ияги қалтираб, кўзларидан шашқатор ёш оққан Салоҳиддин заргар: “Пирим!” деб хитоб қилганича шайх Низомиддин Хомушга қараб югурди, лекин ҳовли ўртасида сипоҳлар билан олишаётган ўғлини кўриб, унга ташланди. Бироқ қаландарлар ва сипоҳлар заргарга эътибор бермай, мавлонони чалиб йиқитишди-да, қўл-оёқларидан ушлаб, судраб кетишди. Боши тошга тегиб ёрилган, уст-боши қип-қизил қон бўлган мавлоно Муҳиддин эса, ҳамон талпинар, ҳамон хириллаб бақирар эди:
– Ўтга ташланглар бу падаркушни, мусулмонлар! Ўтга ташланглар!
Салоҳиддин заргар юм-юм йиғлаб сипоҳлар ва қаландарларга ёпишар, уларни тўхтатишга ҳаракат қилар, лекин биров унга қайрилиб ҳам қарамас эди…
Шаҳзоданинг кўз олди қоронғилашиб еру кўк чархпалак бўлиб кетди-ю, йиқилиб тушишдан қўрқиб, шайхнинг қўлидан ушлаб қолди.
– Ўзингизни босинг, шаҳзода! Барча халойиқнинг кўзи сиздадур! Қаддингизни тутинг! Ҳа… – Шайх бошини баланд кўтариб, айланасига қаради, сўнг боягидай вазмин ва ўктам овозда:
– Ҳой, уммати мустафо! – деб хитоб қилди. – Алҳол ўзларинг шоҳид бўлдинглар. Кимки мутакаббирлик қилиб даҳрийлик йўлига кирса, иншооллоҳ, дуои бад теккан бу беимон алломадай Оллоҳнинг интиқомига дучор бўлур!..
Шайх яна узоқ ваъз айтди, кофирлар ва муртадларга қарғиш ёғдирди, лекин унинг сўзи шаҳзоданинг қулоғига кирмас эди. Унинг кўз олдидан ҳамон мавлоно Муҳиддиннинг мудҳиш важоҳати кетмас, қулоқлари остида ҳамон унинг хирилдоқ овози янграрди: “Падаркушни топдум, мўъминлар! Ўтда ёнмоғи даркор бу падаркуш! Ўтда…”
19
Норасиданинг қабридай кичкинагина янги қабр тепасида, кўзлари юмуқ, чўккалаб ўтирган Қаландар Қарноқий: “Туринг, шоир, фурсат зиқ, туринг” деб шивирлаган товушни эшитиб бошини кўтарди. Уч-тўрт қадам наридаги сада тагида чўккалаб ўтирган бир одамнинг қораси кўринарди. Бу – Мирам Чалабий эди.
Қаландар Қарноқий яна бир марта тиловат қилиб юзига фотиҳа тортди-да, ўрнидан турди… Тонг яқин, осмонда сузган сийрак булутлар орасида заиф милтираган юлдузлар кўзга чалинади, қаердандир олисдан, садақайрағочлар ортидан тиловат қилган қорининг ногирон овози қабристон устида ҳазин куйдай оҳиста таралади… Бу овоз Қаландарга нечундир мавлоно Али Қушчининг овозини эслатди. Назарида, гўё қори эмас, ҳибсда ётган устод ўз энасига қуръон бағишлаётгандай бўлиб, кўзига яна ёш келди…
Муштипар кампир! Беш ой кўчага тикила-тикила, эшикдан ким кирса шунга: “Бўталоғим!” дея талпина-талпина, кеча, ниҳоят, узилибди…
Қаландар бундан бехабар эди, чунки сўнгги пайтларда устодга боғлиқ махфий бир иш билан туну кун банд эди. Мавлонони қутқаришнинг минг бир йўлини ўйлаб кўрган Қаландар ва унинг дўстлари кеча, ниҳоят, шу қарорга келишди: ясовул кийимини кийган Қаландар ёнига Қалқонбек билан Босқонбекни олиб, от ва қурол-аслаҳаларини шай қилиб, тун ярмида Шоҳизинда қабристонига боришади. Қабристонда уни Қашқир кутиб олади… Қашқир уларга Али Қушчини ҳибсдан олиб чиқиб, махфий қатл қилиш тўғрисидаги девонбегининг сохта ёрлиғини топширади.
Ясовул кийимидаги Қаландар билан унинг йигитлари бу сохта ёрлиқ билан Кўксаройга киришади ва зиндонбегига ёрлиқни кўрсатиб, Али Қушчини олиб чиқишади…
Режа ниҳоятда хатарли эди: сохта ёрлиқ дарвозабон билан зиндонбегини шубҳага солиши эҳтимолдан холи эмас. Бу ҳолда… уларнинг тақдирини йигитларнинг довюраклиги-ю, қиличларнинг ўткирлиги ҳал қилажак.
Кеча Қаландар Қалқонбек билан Босқонбекни олиб, Зарафшон бўйидаги тўқайзорда тайёрлик кўрди. Ясовуллар киядиган либосларни топдириб келишди, қилич ва ханжарларини чархлашиб, эгар-жабдуқларни шай қилиб қўйишди. Сўнгра Шоҳизиндада учрашадиган жойларини белгилаб олишгач, Қаландар устанинг олдига кетди. – Бу хатарли юмушдан олдин у ҳозирлаб қўйган совға-саломларини олиб, Хуршида бонуни кўриб келиш ниятида эди. Ғорга борса… бу маъюс хабар!.. Хайрият, устанинг ёнида Мирам Чалабий бор экан, уни отига мингаштириб, гўристонга кетди…
Қаландар, гўё ўз энаси билан сўнг бор видолашаётгандай, орқасига қарай-қарай гўристондан чиқди.
… Эллик тиллага Қашқир топиб берган кўркам қашқа арғумоқ қабристон четидаги қайрағочзорда қантариғлик турарди. Қаландар ғамгин ўйга толган Мирам Чалабий билан жимгина хайрлашди-да, отига минди. Унинг хаёли ҳамон орқада, қабристонда, норасиданинг гўридай кичкинагина тупроқ уюми остида ётган, нимаси биландир ўз энасига ўхшаб кетадиган Тиллабибида эди.
Қаландар куни кеча совуқ қабр янглиғ Кўксарой зиндонида ётган устоддан ўз номасига жавоб олган, унинг “қоғоз ва қалам”дан кейин “энам Тиллабиби” деган сўзларини ўқиб титраб кетган эди… “Бенуқсон парвардигор. Унинг, мавлононинг гуноҳи бўлса бордур. Ва лекин фарзанд доғида ёнган бу муштипар онаизорнинг ёзуғи недур, ё раб?”
Қаландар анчагача маъюс ўйлар гирдобидан чиқолмади, фақат йўлнинг бир қисмини ўтиб, тонг ота бошлагандагина кўнгли сал ёришиб, хаёли Хуршида бонуга оғди…
Мана, бир ойдан ошдики, Хуршида бону тоғда, устанинг ошнаси Бобомурод мироб деган бир боғбоннинг уйида турибди. Қаландар ҳафтада бир, гоҳида икки марта бориб, уни кўриб келади. Бу учрашувлар Қаландарнинг дилини гоҳ ёруғ нурга, чексиз меҳрга тўлдиради, гоҳ кўнглига аллақандай нотинч, мубҳам ташвиш солади.
Хуршида бону соғиниб кутади, ҳар сафар уни кўрганда кўзи жиққа ёшга тўлади, лекин Қаландар билади: унинг кўзларида қандайдир шубҳа, пинҳоний бир андуҳ бор. Бу шубҳа, бу пинҳоний ғам худди олис-олислардаги ёнғин шуъласидай унинг ўйчан боқишларида, ногирон табассумларида, ҳуркак ҳаракатларида бот-бот зуҳр этиб қолади… Ҳар борганида бону ундан оиласининг ҳол-аҳволини қайта-қайта суриштирарди, унинг жавобларини энтикиб-энтикиб тинглайди. Қаландар ёлғон-яшиқ гапларни қўшиб бўлса-да, уни тинчитади. Аввалги сафар борганида бону отасининг ақлдан озганини эшитмаган эди. Лекин энди-чи? Расадхонада содир бўлган бу мудҳиш воқеани доруссалтанада эшитмаган бир кимса йўқ. Эҳтимол, унга ҳам бориб етгандур! Агар бориб етган бўлса, Қаландар унга не дейди? Кўнглини қандай овлайди?
Қаландар, эгнида суворий либос, бошида дубулға, белида қилич, отини дам йўрттириб, дам чоптириб бораркан, хаёлидан шу фикр чиқмас, тоққа яқинлашган сайин кўнглидаги нотинч мубҳам туйғулар ортиб борарди.
Йўл тобора ўрлаб, қирлар баландлашиб борар, мусаффо тонг ҳавосида йироқдаги қорли чўққилар жуда яқин кўринади. Офтоб ҳали чиқмаган, лекин қорли чўққилар усти гўё олов пуркагандай ял-ял ёна бошлаган эди. Ёмғирда чўмилган кўм-кўк барра майсалар ғир-ғир эсган тонг шабадасида майин чайқалар, гўё ипакдай товланиб, кишининг руҳини эркалар эди… Майса билан қопланган бу кўм-кўк адирлар, олисдаги қорли чўққилар, шарқираб оққан сойларни кўрганда Қаландарнинг эсига ўз юрти тушиб, дилини аллақандай осуда бир маъюслик чулғаб олди. Ҳа, унинг, Қаландар Қарноқийнинг суюкли юрти ҳам, Қарноқ теварагидаги қир ва адирлар ҳам мана шундай майин, ям-яшил майса билан қоплангандир. Қалин боғлардаги ўрик ва шафтолилар ҳам худди мана шундай куртак ёзиб, гуллаш арафасида тургандир… Қани энди, мавлоно Али Қушчи зиндондан қутулиб чиқса-ю, Қаландар унинг оқ фотиҳасини олиб, бонуни отга мингазиб, шу илиқ баҳор кунлари йўлга чиқса!.. Қирлар, довонлар оша сойлар, жилғаларни кечиб, оқ кўнгил чўпон-чўлиқларнинг овулларида тунаб, ўз юртига қараб кетса? Бону билан бу осуда қирлар, ҳудудсиз кенг даштда отларини дам йўрттириб, дам қушдай учиришиб, танҳо суҳбатлашиб, узоқ йўл босишса. Қаландар унинг кўнглидаги барча аламларни тўзғитиб юборса!..
Кун қиёмга келганда, олдинда, икки қир оралиғидаги сой бўйида “Куйган тепа” қишлоғининг боғлари кўринди. Қаландар жилғага тушиб, суворий либосларини ечиб, ўз кийимларини ки йиб олди. Сипоҳлар бу ерларга кам келар, қишлоқ аҳли, ҳатто Хуршида бонунинг ўзи ҳам от ўйнатиб келаётган суворийни кўриб, ваҳимага тушиши эҳтимолдан холи эмас эди.
Бобомурод миробнинг ҳовли-жойи қишлоқнинг энг чеккасида, тоққа туташиб кетадиган баланд қир ёнбағрида эди. Қаландар ҳар сафар одамларнинг кўзига тушавермаслик учун қишлоққа кирмасдан жилға бўйлаб бориб, қирга ўрлаб кета қолар эди. Бу сафар ҳам сойдан чиқиб, отини тикка соларкан, отанинг болохонасида алвон ранг бир нарса “лип” этгандай бўлди.
“Бону!”
Қаландарнинг юраги нечундир увишиб кетди.
Дарҳақиқат, Қаландар Бобомурод ота қўрғонининг четан деворига яқинлашганда ичкаридан югуриб чиққан бону кўринди. Эгнида уйларидан кийиб чиққан гулдор ипак кўйлак, бошида илиқ тивит рўмол, бону чопқиллаб келиб отнинг жиловидан ушлади-ю, юзини арғумоқнинг ўмровига босиб пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
Қаландар эгардан сакраб тушиб бонунинг қўлларидан ушлади.
– Сизга не бўлди, бону? Нечун йиғлайсиз?
Бону жавоб бермади, ҳовлидан чиққан Бобомурод отани кўриб, шоша-пиша кўз ёшларини артди. Лекин Қаландар мироб билан, кейин ҳовлида ип йигириб ўтирган отанинг кампири ва келинлари билан кўришиб бўлиб, болохонага чиққан ҳамон, бону яна ўпкаси тўлиб, кўзлари ёшланди. Қаландар унинг иягидан ушлаб, бошини кўтарди.
– Нечун индамайсиз? Ё бу ерда кўнглингиз оғридими, бону?
Хуршида бону “йўқ”, деб бошини чайқади.
– Сиз… бир ҳафта бўлди, қайда қолдингиз?
Қаландар кўнгли бир хил бўлиб, унинг нозик бармоқларини кафтлари орасига олди. – Ўзингиз биласиз, бошимда минг бир ташвиш, бону…
– Биламен… – Хуршида бону ёшли кўзлари жовдираб, Қаландарга тикилди. – Отамлардин хабар топдингизми?
– Ҳа… – Қаландар кўзини бонунинг жовдираб турган кўзларидан олиб қочди. – Оллоҳга шукур, осойишталик…
– Саройдан сипоҳлар бормаптиму? Тўполон бўлмаптиму?
– Йўқ, осойишталик…
– Оллоҳга шукур… – Хуршида бону маъюс кулимсиради-ю, ёқасига туфлаб қўйди. – Туш кўриб қўрққан эдим.
Қаландарнинг юраги орқасига тортиб:
– Не туш? – деб сўради.
Хуршида бону “сўраманг, ёмон туш”, деган маънода бош чайқади, сўнг, хиёл қизаринқираб:
– Бир ҳафта бўлди, ҳар куни кўзим тўрт бўлиб йўлингизга тикиламен, – деди. – Ёмон ўйларга бориб, жисмим зирқирайди…
– Бону! – Қаландар яна унинг нозик қўлларидан ушлади. У бир зумгина бу маъюс санамнинг хипча белидан қучоқлаб бағрига босгиси, юзидан, лабларидан ўпиб юпатгиси келди, лекин бонунинг кўзлари нечундир яна жиққа ёшга тўлганини кўриб, юраги шиғ этди-ю, айланиб келишга ундади.
Улар боққа чиқишди. Боғдан арчазор тоғ этакларига ўтиб, жилға бўйлаб ўрлаб кетишди. Хуршида бону гулдор ипак кўйлаги билан қизил бахмал камзулини, оёғига қизил қобулий этикчасини кийган, чеҳраси ҳам сал ёришган, фақат серкиприк бўта қўзларидаги аллақандай пинҳоний маҳзунлик сўнмаган эди.
Қаландар уни ёзилиб кетиб, тақимига тушган майин сочларига, ҳаяжондан тиниқ қизиллик югурган маъсум юзига, бошини бир томонга эгиб, ўйчан одимлашларига тикилиб бораркан, нечундир бу кун кечаси бўладиган хатарли юмуш қайта-қайта эсига тушиб, дилини она алласидай ҳазин бир туйғу чулғаб олди…
Пастда, қир ёнбағирларида деҳқонлар ҳайдалган ерларга экин экишар, кетмонларини офтобда ярқиратишиб ер чопишар, дарахтларнинг тагларини юмшатишар, ундан ҳам пастда, ям-яшил яйловда, сигир подалари, қўй-эчкилар ёйилиб юрар, қишлоқ боғларининг устидан эса ҳарир кўкимтир тутун кўтарилар, болаларнинг қий-чуви, бузоқларнинг, қўй-эчкиларнинг маъраши қулоққа элас-элас чалинарди… Унинг элида, узоқ Қарноқда ҳам худди шундай кунлар бошлангандир? Одамлар қалъадан “Қоровул тепа” ёнбағридаги боғларга кўчиб чиққандир?..
Қаландар чуқур хўрсиниб, офтобга қаради. Фурсат кетмоқда, офтоб тик тепага келган, ҳатто хиёл мағрибга оға бошлаган эди. Қаландар юрагига яна ёпирилиб келган совуқ ҳисларни ҳайдаб, олдинда гул териб, ўрлаб бораётган Хуршида бонуга қаради.
– Бону!
Бону қўлидаги нафармон ранг бинафша ва сариқ гуллар дастасини ҳавода силкитиб, “бу ёққа келинг!” деб имлади-да, тўзғиган сочларини майин қора ипак рўмолдай ҳилпиратганича тошдантошга сакраб ўрлаб кетди. У юқорироқдаги атрофи арча билан ўралган кўм-кўк майсазорга етиб тўхтади.
– Мирзам!..
Бу ўша таниш овоз, гадолик кунлари эшитган аламли нидо эди. Қаландар бир силтанишда эгнидаги чакмонини ечиб, қўлига олди-да, юқорига интилди.
Бону уни арчазор ичида кутиб турарди. Юзи сал оқарган, кўзларида пинҳоний тараддуд.
– Қайтасизми?
– Ўтиринг, бону. Сизга айтадурғон бир оғиз сўзим бор.
Қаландар чакмонини майсазорга ташлаб, ёнбошлади. Бу ердан, кўм-кўк арчалар билан ўралган майсазордан теварак-атроф кўринмас, фақат уларни қуршаган ёш арчалару, мусаффо осмонда сузиб юрган сийрак оқ булутлар қолганди, холос… Бону сочилиб кетиб, тақимига тушган сочларини назокат билан йиғиб, Қаландарнинг ёнига журъатсизгина чўнқайди.
– Не сўз?
Овозида аллақандай қўрқув, жовдираган кўзларида яна ўша тараддуд.
– Нечун бундай қиласиз, бону?
– Не қилдим?
Жавоб ўрнига Қаландар уни белидан қучиб, ўзига тортди-ю, пирпираб учган лабларидан, лабларининг четидаги нўхатдай холидан ўпди. Бону кўзларини юмиб, бирдан ловиллаб кетган юзини унинг юзига босди. Бону титрар эди. Унинг лаблари чўғдай оташ, кўкраклари етилган, лекин ҳали қўл тегмаган шафтолидай юм-юмалоқ ва майин, оппоқ, нозик танаси оҳу танасидай ҳуркак ва бетоқат эди…
Қаландар, гўё ҳушидан айрилгандай кўзларини юмиб узоқ ётди, кўзларини очганида эса мусаффо осмон сатҳида сузиб юрган оппоқ булутларни кўрди, улар булут эмас, кўкда оҳиста сузиб юрган оқ лайлакларга ўхшарди… Борлиқ унинг ҳисларидай тиниқ, осуда бир фароғатга чўмган, ҳаммаёқ жимжит, фақат қаердадир баландда, лайлаксимон оппоқ булутлар остида сўфитўрғайлар бетиним вижирлар, бу вижир-вижирда ҳам фақат бир нарса эшитилар эди: ором, ором, ором…
Қаландар офтобдай илиқ бу туйғуга бўйсуниб, кўзларини қайта юмди, юмди-ю, бонунинг аллақандай ўксик йиғисини эшитиб, қаддини ростлади.
Хуршида бону, хаёлий гўзал сочлари майсалар устига тартибсиз сочилган, етилган шафтолидай юм-юмалоқ кўкраклари очиқ, лабларини тишлаб пиқ-пиқ йиғлаб ётарди.
Қаландар унинг бошини кўтарди, тўзғиган сочларини йиғибйиғолмай:
– Сизга не бўлди, бону? – деб сўради.
Хуршида бону жавоб бермади, юзини қўллари билан яшириб ҳўнграб юборди.
– Бону! Сўзланг: не бўлди? Агарчи мен…
– Йўқ, йўқ! – деди бону ўксиб. – Сиз эмас, мен бахти қаро… ошиқлик қандай бўлишини энди билдим… Нечун Оллоҳ бизни бултур қовуштирмади? Нечун бизга бокира пайтимда… нечук илк ишқимни сизга инъом этмоқ насиб қилмади мен бахти қарога!..
– Бону! – Қаландар бутун йигитлик кучи билан унинг нозик қоматини ўзига тортди, қуруқшаган лабларини бонунинг офтоб тегмаган оппоқ сийнасига босди…
Бу сафар унга осмон боягидан ҳам тиниқ, офтоб боягидан ҳам илиқроқ туюлди. Кўкда пирпираб учган сўфитўрғайларнинг вижир-вижирларига энди чексиз меҳрга тўла майин бир овоз қўшилган эди:
– Мирзам, мирзам, мирзам…
Қаландар кўзларини очишга мажоли йўқ, ўзича жилмайди:
– Айтмишларким, равзаи ризвонда ҳуснда тенгсиз ҳурилиқолар бўлар эмиш. Бўлса бордур. Ва лекин фақирга ўшал тенгсиз жаннатингни ато қилсанг ҳуснда беназир ҳурилиқоларингга қарамас эдим.
– Нечун? – кулди бону.
– Сўраб не қиласиз? Фақир барча ҳурилиқою фаришталарни тарк этиб, Оллоҳдан ёлғиз сизни тилаб олар эдим.
– Мирзам! – Хуршида бону унинг боши узра эгилди, уялинқираб соқол-мўйловларини тузатиб, юзини юзига босди, босди-ю, негадир яна кўзига ёш олди.
– Энди кетманг, мирзам. Менга ҳеч нарса даркор эмас. Қорним тўқ, устим бут бўлса кифоя. Жориянгиз бўлиб, тоабад хизматингизни қиламен. Юртингизга кетайлик, мирзам.
Қаландар, эсига ёмон бир нарса тушгандай, ирғиб ўрнидан турди. Ё раб! Офтоб мағрибга энгашган, арчаларнинг сояси узунлашган эди.
Хуршида бону ранги ўчиб, Қаландарнинг кўзларига тикилди.
– Кетасизми?
Қаландар унинг изтиробли нигоҳига тоб беролмай, кўзини олиб қочди.
– Кечиргайсиз, бону. Бормасга иложим йўқ…
– Ҳозир кетасизми? – деди бону, овози титраб.
– Кетмасам бўлмайди, бону. Бир юмуш бор…
Хуршида бону унинг сўзини охиригача эшитмади. Пирпираб учган лабларини қаттиқроқ тишлади-да, тез бурилиб пастга қараб чопиб кетди. Қаландар уни жилғадан ўтиб, боққа яқинлашиб қолганида қувиб етди.
– Бону! Сўзимга қулоқ солинг, бону! – Қаландар уни елкасидан ушлаб ўзига қаратди. Лекин Хуршида бону юзини кафтлари орасига яшириб, ўксиб-ўксиб йиғлар эди. Бу – боягидай маъюс йиғи эмас, аччиқ аламга тўла чексиз фарёд эди.
– Бундай бўлса… нечук бу ерларга олиб келдингиз? Ўзингиз олиб келиб, нечук ўзингиз хор қиласиз? Нечук келмай туриб ташлаб қочасиз?
– Сабаби… – Қаландар унинг юрагини тилка-пора қилишини сезиб, дудуғланди. Лекин ҳақиқатни айтмай илож йўқ эди.
– Сабаби, букун мавлоно Али Қушчини зиндондан қутқариб олиб чиқмоқ ниятимиз бор, бону…
Хуршида бону нам киприкларини пирпиратиб Қаландарга қаради. Унинг ёш тўла кўзларида ҳайрат аралаш ваҳима акс этди.
– Зиндондан қутқармоқ ниятингиз бор? Қандай қутқарасиз?
– Йигитлар бор. Бир неча ойдан бери шу ишнинг ҳаракатида эдик. Сиз билан ҳар дам бўлолмаслигимнинг боиси ҳам шунда, бону…
Қаландар гапни бошқа томонга буришга уринди. Лекин Хуршида бону ранги ўчиб, унинг қўлидан маҳкам ушлаб олди.
– Бу ишингиз хатарли эмасму? Мен Кўксаройни биламен…
– Қўрқманг. Хатарнинг олдини олганмиз…
– Йўқ, йўқ, мен биламен! Биламен!
Барча гина-кудуратлари эсидан чиққан Хуршида бону оқариб кетган юзини Қаландарнинг кўкрагига босиб, бетоқат шивирлади:
– Йўқ, йўқ, бу ишингиз кўп хатарлидур! Сиз у ёқда… ҳибсга тушсангиз, мен бу ёқда не қиламен, мирзам? Не қиламен?
– Иншооллоҳ, ишимиз ўнгидан келар. Қўрқманг, бону, яхши йигитлар бор! – Қаландар унинг тўзғиган сочларини тузатиб, яна юзидан, кўзларидан ўпди. – Мавлоно зиндондан чиқса бас, ўз юртимга олиб кетамен. Насиб қилса эрта-бириси кун йўлга чиқамиз…
Хуршида бону, унинг иссиқ бўсаларига жавоб бермас, ҳамон юзлари ёниб, кўзларини юмганича Қаландарнинг пинжида унсизгина титрар эди. Тўсатдан у бошини кўтариб, Қаландарга қаради, кўзлари аллақандай чарақлаб:
– Боя… равзаи ризвондан сўзладингиз… – деди энтикиб. – Оллоҳдан бир тилагим бор дедингиз. Шу сўзингиз рост бўлса… Кетмоқдан аввал… имом топиб, никоҳ хутбасини ўқитсангиз…
Бу сўзларнинг шафқатсиз маъносига тушунган Қаландар ҳам титраб кетди.
– Мен сизнинг шаръий манкуҳангиз бўлсам дейман. Оллоҳ бу ёлғон дунёда саодатли кунларга еткизмаса, тонгла маҳшарда… – Хуршида бону гапиролмай энтика-энтика жим қолди. Қаландар ҳам индамай уни бағрига босди…
Қишлоқдан имом қидириб ўтиришга фурсат йўқ эди. Қаландар воқеани Бобомурод отага тушунтирди. Бу гапдан негадир хурсанд бўлиб кетган мироб, хутба дуосини ўзи ўқиб никоҳлаб қўйди.
Нон ушатилиб, дастурхонга фотиҳа қилингандан кейин аллақандай тинчиб, жимиб қолган Хуршида бону, Қаландарни боғ чеккасига кузатиб қўйди. Қаландар сўнг бор унинг жонсиз лабларидан ўпиб, отига минди. У боғлар ортидаги сўнгги қирга чиқиб ўгирилиб қараганида, Хуршида бону ҳамон хайрлашган жойида қотиб турар, кўзлари ҳамон унинг йўлида эди. Қаландар мудҳиш бир нарса рўй берадигандай юраги ачишиб отининг жиловини тортди, бир зум орқага қайтгиси, баланд қоя устида турган бонунинг олдига от чоптириб боргиси, уни даст кўтариб олиб, бағрига босгиси келди. Лекин қирларга ёнбошлаётган офтобга кўз ташлади-ю, тишини тишига босиб отининг бошини доруссалтана томон бурди.
20
Кўксаройдан чопар келганда амир Султон Жондорнинг чорхари меҳмонхонасига беш-олти амирлар йиғилган, улар шаҳар доруғаси Мироншоҳ билан Шайхулислом Бурҳониддин жанобларини кутишиб, суҳбатлашиб ўтиришар эди. Дарвозани қулфлаб, ҳамма эшикларнинг зулфинини солиб, дарчаларга кўк бахмал дарпарда тутиб, шам ёқиб ўтирган меҳмонлар “чопар” сўзини эшитиб ўринларидан ирғиб туришди. Оқ шоҳи кўйлак устидан банорас тўн кийиб, меҳмонларга ўзи хизмат қилиб юрган амир Султон Жондор турган жойида серрайиб қолди. Ёлғиз Мирзо Улуғбекнинг суюкли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир ҳушини йўқотмай, дарҳол шамдондаги ёлғиз шамни пуфлаб ўчирди, кейин, қоронғида амир Жондорнинг ёнига келиб:
– Меҳмонхонага ташидан қулф солдиринг! – деди амирона оҳангда. – Ўзингиз бошқа уйга чиқиб, тўшак ёзиб ётиб олинг! Тўшак ёзиб ётганингизни чопарлар кўрсин!
Амир Жондор дарҳол сергакланди. У меҳмонхонанинг эшигига отнинг калласидай қулф солдириб, ўзи бошқа хонага чиқиб, пешанасини танғиб ётиб олди. Лекин унинг тўшакда ётганини айтгали чиққан маҳрам тезда қайтиб кирди.
– Балхлик саройбон ўн нафар навкар билан келибди, амирим. Хаста тугул, ўлим тўшагида ётган бўлса-да, олиб кетамиз дейди. Шаҳзоданинг фармони олийлари шу эмиш… Билъакс, кириб тинтув қилар эмиш!
“Тинтув” сўзини эшитган амир Жондор жон талвасасида апилтапил ўрнидан турди.
– Чиқиб айт, ҳозир чиқамен. Отни жабдуқла!
Амир Жондор кийиниб, икки қўлтиғида икки маҳрам, инқиллаб-синқиллаб, кўчага чиққанида, балхлик занжисифат саройбон ўн чоғлик навкар билан дарвозада бетоқат от ўйнатиб турарди. Унинг авзойини кўрган амир Жондорнинг эти жунжикиб кетди. У жўрттага қаттиқ инқиллаб, маҳрамлар ёрдамида отга минаркан, ёш маҳрамнинг қулоғига секин шипшиди:
– Саройда нохуш хабар борга ўхшайди. Меҳмонларга айт: мен қайтгунча тарқалмасун…
Вақт тун ярмидан ошган, одатда бу пайтларда сукутга чўмадиган доруссалтана кўчалари аллақандай нотинч эди. Олисяқинда от туёқларининг дупури эшитилар, ўхтин-ўхтин қўлларида машъал ушлаган суворийлар у ёқдан-бу ёққа тасир-тусир от чопиб ўтишар, қоронғида изғиб юрган қандайдир кўлагалар кўзга чалинарди. Кўксаройда фавқулодда бир воқеа содир бўлганига шубҳа йўқ эди, лекин не воқеа? Амир Жондор ўйлаб ўйининг тагига етолмас, буни биладиган балхлик саройбон эса, оғзига талқон солгандай индамай олдинда от чоптириб борарди.
“Ё тавба! Бу бемеҳр мустабиднинг қаҳридан ўзинг асрагайсен!” деди амир Жондор, вужудини чулғаб олган совуқ туйғудан юраги увишиб. Мана, бир ойдан ошдики, амир Жондор саройга бормайди. Мавлоно Муҳиддиннинг ожизаси Хуршида бону бир тунда дом-дараксиз гумдон бўлганидан бери Мирзо Абдуллатифнинг кўзига тушишдан қўрқиб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб олди. Келган чопарларнинг ҳаммасига “хастамен, туролмаймен”, деб жавоб берди. Ҳатто расадхонада бўлган китобларни ёқиш маросимига ҳам бормади. Лекин маросимда содир бўлган воқеани, ақлидан озган мавлоно Муҳиддиннинг шайх Низомиддин Хомуш билан шаҳзодага айтган сўзларини ўша куниёқ эшитди. Ўша кундан бери, мавлоно Муҳиддиннинг сўзлари буткул доруссалтанага тарқаб, ҳамма жойда, ҳамма ўлтириш, ҳамма анжуманларда гап бўлмоқда. Шу воқеадан кейин нечундир амир Жондордан ҳол-аҳвол сўрагани келучилар ҳам кўпайиб кетди. Келувчиларнинг ҳаммаси расадхонадаги воқеадан сўз очар ва бу билан амир Жондорнинг кўнглига қўл солиб кўрмоқчи бўлишар эди. Лекин суҳбат асносида ёт бир кимса кириб қолса, мавзу дарҳол ўзгарар, суҳбат бошқа масалаларга кўчар эди. Шундай бўлса ҳам, амир Жондор бир нарсани аниқ билиб олди: шаҳзодадан, унинг шафқатсизлигидан норози одамлар, хусусан амирлар, бек ва бекзодалар у ўйлагандан ҳам кўп экан. Не чора? Шарафсиз Хуросон юришидан кейин Мирзо Улуғбекдан юз ўгириб, шаҳзода билан зимдан тил бириктирган саркардалар ва нуфузли беклар ўзлари кутган имтиёз, юксак рутба ва шон-шуҳратга эриша олмадилар. Шайх Низомиддин Хомушнинг оёғига бош урган шаҳзода ёлғиз шу такаббур шайх билан бир гуруҳ уламойи киромларнинг домига тушиб қолди. Шулар ёт деса ётади, тур деса туради. Ҳатто Шайхулислом Бурҳониддин ҳам бир четда қолиб кетди. Саройда эса тавфиқ ва фароғат қолмади… Бу ҳолатни зимдан кузатиб юрган амир Жондор, кўп шубҳа ва мулоҳазалардан кейин, бугун, ниҳоят, бир гуруҳ норози амирлар билан нуфузли бекларни чақиришга журъат этган эди. Бундан мақсад, уларнинг кўнглига қўл солиб кўрмоқ ва агар ҳамманинг фикри бир жойдан чиқса унда…
Унда нима бўлишини ўйлашдан амирнинг ўзи ҳам қўрқар эди.
“Ё дариғ! Наҳот бу диёнатсиз падаркуш унинг муддаосидан хабар топган бўлса? Хабардор бўлса бас – амирнинг боши кетиши муқаррар! Ё раб! Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилдим деган шудир! Мирзо Улуғбекдан қутулиб, шон-шуҳрат орттирамен деб, бу бемеҳр хунрезга йўлиқдимму? – деди амир Жондор, деди-ю, хаёлига бир фикр келиб, тирноқларигача музлаб кетди. – Ал қасосил миналҳақ! Бу савдо ва надоматлар аълоҳазратларининг бегуноҳ кесилган боши, тўкилган қони учун қайтган бир жазо эмасму?..” – Амир Жондор кўз олди қоронғилашиб, эгарнинг қошини ушлаб қолди-ю, ён-верига қаради.
Улар Кўксарой майдонига етган эдилар, Дарвоза олдида гулхан ёқиб ўтирган сипоҳлар амирни қўлтиғидан олиб, отдан туширишди. Амир Жондор, қандайдир ҳарорат ичида ёнса ҳам, дарвозадан ўзи юриб кирди, лекин ҳайҳотдай ҳовлидан ўтиб, саройга етганда оёқлари қалтираб кетиб деворга суяниб қолди. Саройбон уни чиндан хаста деб ўйлади чамаси, қўлтиғидан суяб олди.
Амир Жондор саройбон очган эшикдан ичкарига кириб қўл қовуштирганда, Мирзо Абдуллатиф нечундир саломхонанинг қоқ ўртасида оёқларини кериб олтин курсининг суянчиғига суяниб турарди. Амир Жондор икки букилиб таъзим қиларкан, бир дақиқагина унинг чеҳрасига кўзи тушди. Лекин шу бир дақиқанинг ўзидаёқ мудҳиш бир нарса рўй берганини сезиб, яна тирноқларигача музлаб кетди. Шаҳзоданинг усиз ҳам озғин, заҳил юзи, қовоғининг остлари кўкариб кетган, тикондай қадалган кўзларида ҳам қўрқув, ҳам аллақандай совуқ йилтиллаган муз шуъласи бор, лекин энг даҳшатлиси… худди жигари шаҳзода Абдулъазиздай бошини сарак-сарак қилиш одатини чиқарган эди. Амир Жондор шаҳзодага қарашга журъат этмаса ҳам, унинг гиламни товушсизгина босиб ёнига келганини ва қандайдир вишиллаб нафас олганини эшитди.
– Хўш, амир Жондор! Абу Саид Мирзо қайда?
– Абу Саид Мирзо? – Амир Жондор қўрқибгина бошини кўтарди-ю, дарҳол ерга қаради.
Мирзо Абдуллатифнинг ичига ботган телба кўзларида, мурдадай қонсиз юзида, бошини сарак-сарак қилишида, зотан бутун важоҳатида аёвсиз бир нарса бор эди.
– Нечун индамайсен? Абу Саид Мирзо қайдадур?
– Абу… Абу Саид Мирзо зиндондадур, давлатпаноҳ!..
– Зиндонда бўлса… топ! – Мирзо Абдуллатиф амирни ёқасидан ушлаб қаттиқ силкиди. – Зиндонда бўлса дарҳол топиб келгайсен. Дарҳол!
Амир Жондорнинг миясида “қочибди!” деган фикр чақмоқдай чақнади. – “Шаҳзода Абу Саид Мирзо қочибди!”
– Зиндонда бўлса нечун титрайсен? – Бор, кишанлаб олиб кел ул малъунни!
– Валинеъмат пушти паноҳим! Ўлимдан хабарим бор ва лекин Абу Саид Мирзодан хабарим йўқдур.. Бир ой бўлди, уйда тўшак ёзиб ётганмен… Оғир хастамен, давлатпаноҳ!..
– Хаста! – деди Мирзо Абдуллатиф ҳансираб. – Тўнғиздай семириб кетибсен. Тағин хастамен деб зорланасен! Биламен! Сен баттол тўшакда ётиб, менга қарши ўргимчакдай тўр тўқийсен.
“Ё раб! Бу телба не дейди? Валиликми бу ё тусмоллаб сўзлайдими?”
– Сўзла, азозил! Абу Саид Мирзо билан тил бириктирдингми, йўқми?
– Биллоҳи азим…
– Биллоҳи азим бўлса, ул ғаламис Мирзони дарҳол банди қилиб олиб келасен! Олиб келиб оёғим остига ташлайсен!..
– Ташлаймен, валинеъмат…
– Шу букун!
– Иншооллоҳ, офтоби олам!
Мирзо Абдуллатиф амирнинг ёқасини қўйиб юборди, вишиллаб нафас олганича гандираклаб бориб ўзини тахтга ташлади. Амир Жондор ҳам ҳолсизланиб деворни ушлаб қолди. Унинг кўз олдига негадир ўз меҳмонхонасида уни кутиб ўтирган меҳмонлар келди… “Шу букун банди қилиб олиб келасен, олиб келиб оёғим остига ташлайсен!..” Майли, ишқилиб, бу телбанинг қўлидан соғ-саломат қутулиб чиқса бас! У ёғи нима қилишни ўзи билади. На яхшилик ва на ёмонликни билган бундай телбага хизмат қилмоқ ўтакетган нодонликдур!
Амир Жондор чўчиб кўзини очди. Тахтда ялпайиб ўтирган Мирзо Абдуллатиф тилла шақилдоғини бетоқат шақиллатар эди. Эшик оҳиста очилиб, бошига сурмаранг салла ўраган балхлик саройбон кирди.
– Амир Султон Жондор тархонга сарой ясовулларидан ўн нафарини берасен. Амир жаноблари шу букун ул иблиси лаин Абу Саид Мирзони тутиб, банди қилиб олиб келадур!
Шаҳзода амир Жондорга “чиқавер”, деб бош ирғади-да, саройбонни имлади.
– Бу каззоб амирнинг орқасидан айғоқчи қўй! Эҳтиёт бўл: илоннинг ёғини ялаган бу тулки Абу Саид Мирзога қўшилиб қочиб кетмасин! Бошинг кетади! Уқдингму?
– Уқдим, давлатпаноҳ…
– Тўхта! – Мирзо Абдуллатиф эшикка йўналган саройбонни тўхтатди-ю, нечундир хаёли фаромуш бўлиб, бир нуқтага тикилиб қолди. – Ҳа! Зиндон бегига амр қил: ҳибсда ётган мавлоно Али Қушчини келтирсин!