Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 15

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 15 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Хуршида бону узуклари ялт-ялт қилган бармоқлари билан киприкларидаги ёшларини артиб, Қаландарга қаради.

– Мендан бир сирни яширмоққа уринасиз.

– Бону…

– Сўзланг! Бошга тушганини кўз кўрар. Қўрқманг!

“Ўзидан хавфсирайди. Энди сўзламасам кўнглига ёмон шубҳа тушади…” Қаландар кўкрагини тўлдириб нафас олди, сўнг:

– Сиз устод Мирзо Улуғбек қатл қилинганидан хабарингиз борму? – деб сўради.

– Ё раб! Қачон?!

– Бир ҳафта бўлди… Не чора, ўз фарзанди шаҳзода Абдуллатиф қатл қилмиш…

– Ё парвардигор! – Хуршида бону кўзларини юмиб лабларини секин пичирлатди. Унинг нигоҳи олдига Кўксарой ҳарамнинг серҳашам хонаси, хонага кириб, ҳарир ипак парда орқасида тўхтаган аълоҳазратлари келди, қулоқлари остида унинг аллақандай ғамгин товуши эшитилгандай бўлди: “Бону! Шаҳзода сизни қаттиқ хўрлабдур. Мен уни қаттиқ койидим. Лекин не чора? Бўлар иш бўлибдур. Энди не қиласиз? Ҳарамда қоласизму ё ўз хонадонингизга кетасизму?”

– Онҳазратим ижозат этсалар, кетар эдим…

– Тилагингиз вожиб бўлур. Саройбонга айтамен, шу букун элтиб қўядур. Отангиз билан бобонгизга дуои саломимни етказгайсиз. Онҳазрат шаҳзоданинг бу тубан юмуши учун узр сўрайдур, дегайсиз. Ёшсиз. Оллоҳ таоло эмди сизга саодат ато қилғай, қизим!..

Хуршида бону қуруқшаган лабларини ялаб:

– Ё парвардигор! – деб такрорлади. – Фарзанд ўз бузрукворини қатл қилса! Қай кунларга қолдик? Не сафолат, не қабоҳат бу?..

– Ҳа, тенгсиз сафолат, тенгсиз қабоҳат! – деди Қаландар бўғилиб. – Лекин зурриётлари қанчалар разил бўлса, устод шундай пок эди. Фарзандлари бир зулмат бўлса, ул зоти олий мисоли бир офтоб эди. Бу офтобнинг зиёсидин ёлғиз биздай муслимлар эмас, сиздай муслимлар ҳам баҳраманд эдингиз…

Хуршида бону “ҳақ сўз” дегандай оҳиста бош ирғади. Қаландар ой шуъласида бош эгиб турган бу маъсума санамга тикилганича бир зум жим қолди. У яна боягидай сирни очиш-очмаслигини ўйлаб қийналар, очай деса унинг юрагини қон қилишдан қўрқар, очмай деса… Бону бутун вужуди қулоқ бўлиб кутиб турарди.

– Устод Мирзо Улуғбек қирқ йил шоҳлик қилиб орттирган хазинасини асраб қолмоқ ниятида, бу фожиадан бир ҳафта муқаддам, мавлоно Али Қушчини чақириб, хазинани унга топширган эди…

– Хазина?!

– Илм хазинасини айтамен. Расадхонадаги барча нодир китобларни, барча ноёб қўлёзмаларни айтамен. Бу китоблардан баъзиларини кўргандурсиз, бону?

– Ҳа, ҳа, кўрганман… – Бонунинг эсига лоп этиб отаси берган рисола тушди. Аълоҳазратларининг олис тарих ҳодисаларни ҳикоя қилувчи бу рисоласини бону саргузашт қиссадай қизиқиб ўқиб чиққан, шунинг учун ҳам уни бўлакча бир меҳр билан оққа кўчириб берган эди!..

– Сўзлай беринг! – деди бону шивирлаб.

– Устод бу хазинанинг тақдирини мавлоно Али Қушчига топширған эди. Мавлоно Али Қушчи устоднинг васиятига амал қилиб, эҳтиёт чораларини кўрган эди. Буткул доруссалтанада бу сирдан бор-йўғи уч киши воқиф эди…

– Шулардан бири… қиблагоҳимдур?

– Балли!

– Сиз бу сирни отам ошкор қилмоғидан қўрқасиз?

– Не чора, шубҳа қилмоққа сабаб бордур.

– Йўқ! – Хуршида бону қоронғида кўзлари чарақлаб, Қаландарга тик боқди. – Бузрукворим бу тубанликка бормайди!

– Иншооллоҳ, айтганингиз келсин. Ва лекин… – Қаландар бонунинг порлаб турган кўзларидан кўзини олиб қочди. – Ҳар қалай, мавлоно билан бир суҳбатлашмоқ ниятида келдим, бону.

Хуршида бону чуқур тин олиб:

– Сабр қилғайсиз, – деди. – Отахоним билан ўзим сўзлашамен! Агар-чи, сиз айтгандай Кўксаройдан бешикаст қайтса ўзим сўзлашамен.

– Фақир эрта-бурускун келамен, – деди Қаландар ва жавоб кутиб бонуга қаради. Лекин Хуршида бону индамади. У бошидаги оппоқ тивит рўмолининг учини бармоқларига ўраб, кўкдаги ойга тикилиб қолган, лаблари ҳимарилган, мулойим чеҳрасида, бўтанинг кўзларидай катта-катта кўзларида чексиз бир мунг акс этиб турарди…

– Келмасам бўлмас. Сабаби… жаннатмакон Мирзо Улуғбек ҳазратларининг ноёб хазинасигина эмас, мавлоно Али Қушчидай илм офтобининг тақдири ҳам бузрукворингизнинг қўлидадур, бону…

– Мен сўзлашамен, – деди Хуршида бону. Лекин унинг овозидаги бояги қатъият сўнган, бу қатъият теран бир ўйчанлик билан алмашган эди.

– Ташаккур, бону, – деди Қаландар.

Гап тугаган эди. Лекин Қаландар Қарноқий кетгиси келмас, бошини ҳам қилиб чуқур ўйга чўмиб қолган бу нозик санамга тикилиб, унинг қўлларидан ушлаб узоқ тургиси, бағрига босиб юпатгиси, нечундир оёғига тиз чўкиб қайта-қайта кечирим сўрагиси келарди. Лекин узр айтиш ҳам ортиқча, бошқа сўзга ҳам ҳожат қолмаган эди. Буни бону ҳам тушунди чамаси:

– Хайр сизга, – деди эшитилар-эшитилмас. – Омон бўлғайсиз…

– Хайр, бону… – Қаландар оғир хўрсиниб, ёнғоқ тагидан чиқдида, оёқ остидаги хазонларни шатирлатиб, боғ охиридаги жарликка тушиб кетди. Хуршида бону бир-бир босиб орқага қайтди. Боғ эшикка етганда бутун вужуди бўшашиб, эшикка суяниб қолди. Сўнг, негадир бирдан ўпкаси тўлиб, иссиқ пешанасини муздай пахсага қўйиб юм-юм йиғлади…

7

Йўқ, бу Али Қушчи ўйлаган қудуқдай чуқур, мудҳиш зиндон эмас, узунига уч-тўрт, энига икки-икки ярим қадам келадиган зимистон бир унгур эди. Кечаси Али Қушчини олиб келиб қамаганларида, бу зим-зиё хона унга чин зиндондай мудҳиш туюлиб, тирноқларигача зирқираб кетган эди. Аста-секин ҳушини йиғиб, қамоқхонани бир айланиб чиқди. Али Қушчи умрида зиндон кўрмаган бўлса ҳам, унинг даҳшатлари тўғрисида бир-биридан ваҳимали кўп гаплар эшитган эди. Ҳар қалай, бу ҳибсхонага шукур қилса бўларди. Ёлғиз бир нарса ёмон, ҳибсхона сарой отхоналарига ёндош бўлса керак, димоғни ёриб юборгудай қўланса бир ҳид келар, ғадир-будир тош деворлар офтоб ўтказмагани учун жуда совуқ ва зах эди. Лекин не чора? Уни Кўксаройга, илгаригидай Мирзо Улуғбекнинг гулгун зиёфатларига, шоирлар ва фозиллар даврасида ўтадиган дилкаш суҳбатларга эмас, тамом бошқа жойга, бошқа муддаода олиб келмишлар… Бу мудҳиш, камбар ҳибсхонадан унинг қачон чиқишини, зотан тирик чиқадими, йўқми – буни ёлғиз парвардигори олам билади, холос. Бундан буён унга ёлғиз бир нарса – сабот керакдур, сабот!.. – Али Қушчи ўзини босишга қанча уринмасин, гўё қафасга тушган шердай бетоқат бўлиб, ҳибсхонада гир айланар, қоронғида туртиниб ғадир-будир деворларни, темир қопланган оғир эшикни қайта-қайта пайпаслаб кўрарди, гўё нафас етмаётгандай туюлиб бўғилар, тўлғанар эди. Гоҳо-гоҳо ҳушига келиб, қадамини секинлаштирар, тор ҳибсхонани оҳиста айланаркан, унинг учун энди биттаю битта чора қолганини, у ҳам бўлса сабру тоқат эканини қайта-қайта кўнглидан кечирар, лекин сал ўтмай бу аҳди эсидан чиқиб, яна тоқатсизлана бошлар эди. Ниҳоят, ҳолдан тойди чамаси, кўз олди қоронғилашиб, бурчакдаги эски бўйрага чордона кўриб ўтирди, ўтиргани ҳамон нечундир эсига энаси тушди.

Кеча кечқурун энаси Тиллабиби яна келган эди. Муштипар кампир! У Оқсаройдан расадхонага нўхат солинган бир лаган палов кўтариб келибди. Али Қушчи, гарчи кампирнинг таомларини яхши кўрса ҳам, унинг тез-тез келишини, келиб ўғлининг дунёдан сўққабош ўтаётганидан нолиб, кўз ёши қилишларини ёқтирмас эди. Лекин бу сафар эрталабдан нечундир кўнгли ғаш бўлиб, ўзини нохушроқ сезиб ётгани учунми, энасини кўриб суюниб кетди. Мирам Чалабийга айтиб, танчанинг қўрини янгилатиб, кампирга жой солиб берди. Сўнг, учовлон танча атрофига ўтириб, дастурхонни очишди. Зираворлар солиниб, Али Қушчи суйган қора мурч сепилган иссиқ паловнинг хушбўй ҳиди тор ҳужрани тўлдириб юборди. Лекин улар ҳали паловга қўл урмаган ҳам эдиларки, ташқарида аллақандай ғала-ғовур кўтарилиб, хонага уч-тўрт нафар навкар ёпирилиб кирди.

Навкарларни кўрган Али Қушчи билан Мирам Чалабий ўринларидан сакраб туришди. Тиллабиби эса, аввал ўтирган жойида бош сараклаб, беҳуш серрайиб қолди, кейин Али Қушчини олиб чиқиб кетаётганларини кўриб, апил-тапил ўрнидан турдида, пилдираб келиб, ўғлини бўйнидан қучоқлаб олди…

Энасининг унсиз йиғиси, сўник кўзларидан тирқираб оққан ёш томчилари эсига тушган Али Қушчи вужуд-вужудигача қақшаб секин инграб юборди. У кўзларини юмиб, тишини тишига босиб узоқ ўтирди, сўнг, аста-секин ҳушини йиғиб, ўзини ко йишга тутинди: нечук тўлғанасен, нечук ёш боладай бесабр-бетоқат бўласен, сенга не бўлди, Али? Ҳақ таолонинг синовларидан, бу мудҳиш ҳибсу зиндонлардан қўрқсанг, нечук устоднинг тилагига ризолик бердинг? Бошда, устод Кўксаройга чақириб, гарданингга бу хатарли юмушни юклаганида… нечук хўп дединг, нечук бир баҳона топиб ўзингни чеккага олмадинг? Ё шаҳзода Абдуллатиф шайх Низомиддин Хомуш янглиғ бидъат ва хурофот маддоҳларининг қўлидаги бир қора чўқмор эканини билмас эдингми? Ўз падари покига қилич кўтарган бу мустабид ҳеч бир кимсага шафқат қилмаслигини, меҳру оқибатдан маҳрум бир махлуқ эканини билмас эдингми? Йўқ, билар эдинг! Устоднинг бошида турган қилич сенинг бошингда ҳам ярқираб турганига, устод тожу тахтдан жудо бўлса, сенинг бошингга ҳам кўп савдолар тушишига ақлинг етар эди. Ақлинг етиб туриб, бу хатарли юмушга бел боғлаган эдинг. Илм-маърифат йўлида, бўлғуси авлодларга Улуғбек зиёсидан бир нур қолдирмоқ ниятида бу юмушга ризолик берган эдинг! Бас! Бошда ҳаммасига ақлинг етиб туриб, бу хатарли ишга бел боғлабсен, алҳол нечун титрайсен! Нечун телбаланиб, ўзингни у ёқдан-бу ёққа отасен? Сабру тоқат ўрнига бошингни деворга уриб, фарёд қиласен? – Али Қушчи яна боягидай истеҳзоли кулиб қўйди. – Билиб қўй, эй, алломаи замон! Бу ҳибсхона, бу мислсиз синов сен учун ҳали бир ҳалводир! Оллоҳ билади, бошингда ҳали не савдолар, не синовлар бор? Эҳтимол, устоднинг қутлуғ бошини кесган машъум қилич сенинг бошингни ҳам танангдан жудо қилур? Эҳтимол, қолган умринг шу тор, зах зимистон гўрда ўтиб кетар! Эҳтимол, энди ҳеч қачон ўзинг суйган чексиз коинотни, тунларда милт-милт ёнган сирли юлдузларни кўрмассен? Уларнинг унсиз розини эшитмассен?.. Қариндошуруғ, ёр-биродарларинг, волидаи меҳрибонинг билан абадул-абад дийдор кўришмассен? Сен-ку бошингга тушганини кўрарсен, етмишдан ошган муштипар энангнинг ҳоли не кечади?

Али Қушчи суяк-суякларигача зирқираб, изтироб ичида ўрнидан туриб кетмоқчи бўлди-ю, яна ўзини босиб, маъюс бош тебратди: “– Сабот қилғайсен, биродари азиз! Ҳибсга тушганингга бир кун ўтмай бундай бетоқат бўлсанг, кейин не қиласен? Бошингга бундан қаттиқ мусибат, бундан ёмон савдолар тушганда ҳолинг не бўлади, азизим? Ё парвардигор! Осий бандангни бу ёлғон дунёдан ўз раҳматингга чорлагайсен ва лекин юлдузлар тўла коинотни кўрмоқ ва мушоҳада қилмоқ, фалак сирларини идрок этмоқ саодатидан маҳрум қилмагайсен!”

Расадхонани эслаши билан Али Қушчининг кўзи олдига яна устод келиб, кўнгли хиёл равшан тортди.

Устод салтанат юмушларидан безган ё кўнгли аллақандай ғамандуҳга тўлган маҳалда ҳамиша расадхонага келар, қўлига олатларни олиб, фалакка кўз тикиб, тонг оттирар эди. Гоҳида, юлдузларни кузатиб чарчаган ёхуд мутолаадан толиққан пайтларида қўлига суюкли танбурини оларди…

Устод танбур чертишда беназир эди. Шаҳодат бармоғига олтин ноҳин тақиб, кўзларини юмиб, танбурни оҳиста чертганида, кишининг дилини аллақандай тиниқ, куз офтобидай майин бир мунг чулғаб олар, киши нечундир йиғлагиси келар, лекин кўздан оққан бу ёш юракни эзмас, аксинча, бутун андуҳ, бутун дард, бутун ғуборни ювиб кетарди… Ноҳин тақилган бармоқ тагидан оқиб чиқаётган бу ҳазин куй, тасвир этиш қийин бўлган бу теран мунг кишини қандайдир софроқ, яхшироқ, меҳрибонроқ бўлишга ундарди…

Устод ўзи ҳам, танбурни чертиб бўлиб, киприкларида милтираган кўз ёшларини артаркан: “ – Ғалат нарса-да бу куй! – деб қўярди. – Гоҳо бу фоний оламга келганимдан пушаймон бўламен. Умар Хайём ҳазратлари айтгандек, бу дунёга нечун келдиму, нечун кетдим, деган хаёлларга бориб, тўлиб кетамен. Ва лекин бир маротаба “Чоргоҳ”ни эшитсам, барча кўҳи ғамдан қутулиб, кеча туғилган гўдакдай мусаффо бўламен. Филҳақиқат; бу дунёга келиб, инсон фарзанди яратган бу бир куйни эшитиб кетмоқ ўзи бир саодат эмасму, ўғлим Али?..”

Не чора? Тенгсиз салоҳият эгаси бўлмиш шундай инсон бу бахти қаро элнинг пешанасига сиғмайди! Не чора?..

Али Қушчи тагидаги бўйрадан маҳсисининг ичига қандайдир ҳашаротлар ғивирлаб кирганини ва дарҳол оёқлари жазиллаб кетганини сезиб, ўрнидан туриб кетди… Ҳибсхонанинг қўланса ҳиди, захлиги ва совуқлиги етмас эдими? Энди бурга-ю, канага ем бўлиш қолдими?

Али Қушчи бир ўйи тонг отди чамалаб, бир ўйи ўзини овутиш умидида, таҳоратга сув сўраб, эшикни қоқди, ҳеч ким жавоб бермагач, қўлларини тупроққа суртиб, таяммум қилган бўлди-да, чакмонини ёзиб намоз ўқиди. Намоздан кейин яна хаёл денгизига шўнғиди. Қанча фурсат ўтди? Тонг отдими ё унга шундай туюлдими? Башарти тонг оттириш шундай қийин бўлса, бир умр ҳибсга маҳкум қилинган мазлумлар қандай бардош қилар экан?..

Вақт ўтмоқдами ё тўхтаб қолдими, билиб бўлмас эди, дақиқалар шундай секин ўтар эдики, назарида, табиатнинг азалий қонуни бузилган, кун чиқиб ботиши, қоронғи тун ёруғ кун, зулмат зиё билан алмашиши тўхтаган, бутун мавжудот ҳаракатсиз жой-жойида қотиб қолган эди. Тун билан куннинг фарқини у фақат бир нарсадан билар, кечаси девор кавакларидан чиқадиган кана ва бургалар кўпаяр, кундузлари негадир камаяр эди. Ҳар куни икки маҳал темир тасмалар қоқилган оғир эшикнинг кафтдеккина даричаси очилиб, қоровул пиёланинг юзидеккина арпа кулча билан бир чети кемтик сопол косада совуқ сув берарди. Али Қушчи бу сувнинг ярмини ичиб, ярми билан юз-қўлларини ювган бўлар, арпа кулчани учга бўлиб, бир қултум сув билан уч маҳал тановул қиларди.

Ҳибсга тушганининг учинчи ёки тўртинчи куни тун ярмидан ошган эди чамаси, канаю бургалар билан олиша-олиша энди кўзи илинган Али Қушчи эшик зулфинларининг шалдир-шулдурини эшитиб, чўчиб уйғонди. Темир қопланган оғир эшик ёғланмаган ғилдиракдай зорли ғичирлаб очилди-да, қўлларига машъал ушлаган одамлар кўринди.

Бир неча кундан бери ёруғ кўрмаган Али Қушчи машъалга тоб беролмай кўзини юмди. Кўзини қайта очганида эса, беихтиёр юраги ҳаприқиб кетди. Бўсағада… лабини қилич кесиб, тиртиқ бўлиб қолган, бир кўзи ғилай кўса ясовул билан (Али Қушчи уни қаердадир кўрган эди) амир Султон Жондор тархон турар, уларнинг орқасида машъал ушлаган икки нафар ясовул кўринарди.

Оёғига қизил сахтиён этик, устига кўк мовут чакмон кийиб, белини кумуш камар билан боғлаган, бошига эса қундуз телпак кийиб, учига қизил попилтириқ тақиб олган (бу попилтириқ амирлик аломати эди) амир Султон Жондор тархон ичкарига кирмоқчи бўлиб бир қадам босди-да, иккиланиб тўхтади. Унинг қалин қошлари остига яширинган сал қисиқ кўзлари Али Қушчига синовчан тикилган, гўё унинг иродаси букилганми, йўқми, билмоқчи эди. Ниҳоят, у барваста қаддини оғир тебратиб:

– Мавлоно Алоуддин ибн Муҳаммад Али Қушчи ҳазратлари саломат бўлсинлар! – деб хитоб қилди.

“Киноя қилмоқчи!” – хаёлида деди Али Қушчи. – Беихтиёр устодга хиёнат қилган лашкарбошилар тўғрисидаги мишмишлар эсига тушди. Бундан чиқди, Мирзо Абдуллатиф билан тил бириктириб, устодга чоҳ қазиган амирлардан бири шу каззоб Султон Жондор экан-да! Минг ҳийлаю найранглар билан устоднинг камоли ишончини қозониб, амирлик лавозимига кўтарилган, катта давлат орттириб, ном чиқарган бу иблис алҳол уни мазах қилармишми? – Али Қушчи шу топда ажал билан ўйнашаётганини билса ҳам, пичингдан ўзини тутолмади:

– Шаҳриёри фалак-иқтидор Мирзо Улуғбек ҳазратларининг ўнг қўли бўлмиш амир Султон Жондор тархон жаноблари бу гулшани фирдавсга хуш кептилар!

Амир Жондорнинг кўзларидаги синовчан ифода сўниб, пешанаси тиришди. У ер остидан ғилай ясовулга бир қараб қўйди. Сўнг, бир ҳатлаб ичкарига кирди-да, норғул гавдаси билан эшикни тўсиб, қиличининг бандини ушлаб-ушлаб қўйди.

– Мавлоно Али, – деди у қовоғини солиб. – Камина илм-фандан йироқ, қўрс бир навкар эдим. Аммо сиз… сизни ақли зукко аллома деб эҳтиром қилар эдим. Таассуфлар бўлғайким, қаттиқ янглишибмен.

– Ҳайҳот! Фикримиз бир ердан чиққандур!

– Не фикр?

– Бандаи ғофил ҳам сизни раҳматлик устоддан кўп яхшилик кўрган, унинг энг содиқ амирларидан бири деб ўйлаган эдим. Надоматлар бўлғайким, фақир ҳам қаттиқ янглишибмен!

Амир Султон Жондор бир қадам олдинга юрди. Унинг уйқусизликдан киртайиб қолган кўзларида ҳайратга ўхшаш бир нарса милт этди, лекин иккинчи дақиқада бу ҳайрат сўниб қиличини ярмигача суғуриб олди, кейин негадир қайта “шақ” этиб қинига солди, тақасимон чиройли мўйловининг учлари ғалати дикрайиб, ғилай ясовулга юзланди: “Олиб чиқ!”

У шундай деб бош ирғади-да, шитоб билан юриб ҳибсхонадан чиқди. Ғилай ясовулнинг ишораси билан унинг кетидан Али Қушчи ҳам чиқди.

8

Мирзо Абдуллатиф Али Қушчини ҳибсга олишга фармон берган куниёқ усиз ҳам ёпилган расадхона билан Улуғбек мадрасасининг дарвозаларига қулф уриб, ҳамма толиби илмларни тарқатиб юборишга, илм аҳли устидан эса назорат олиб боришга ҳукм чиқарди. Шаҳзода бу фармонга имзо чекиб, муҳр босаркан, қўли қалтирамади ҳам, зотан, шайх Низомиддин Хомуш келиб кетганидан кейин унинг кўнгли хийла тинчиди. Доруссалтана ва Кўксаройдаги ҳаёт аста-секин ўз изига туша бошлади. Ҳар субҳидам унга юкуниб, арзи эҳтиром қилгани барча зоти шарифлар, аркони ҳарб ва аркони давлат, аъён ва боёнлар, бек ва бекзодалар Кўксаройга ташриф буюришадиган бўлди. Эгниларига лаъл ва дур қадалган зарбоф тўн, авраси кимхоб, тулки ва сувсар пўстин, бошларига қимматбаҳо қундуз телпак, тулки тумоқ ва олтин ранг сувсар бўрк кийган бу кибру ҳаво асилзодалар, Мирзо Абдуллатифнинг чиқишини кутиб, саломхонада лашкардай саф тортиб туришадиган, шаҳзода кўринганда эса гўё Мирзо Абдуллатиф эмас, соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний тирилиб келгандай, икки букилиб саждага бош эгадиган бўлишди. Улар шаҳзоданинг ҳар бир сўзини жон қулоқлари билан эшитишар, ҳар бир гапини фармони ҳумоюн деб билишар эди. Кеча эрталаб доруссалтана савдогарлари номидан элчи бўлиб, бир гуруҳ савдогарлар юкуниб келишди. Улар қуруқ келишмаган, ўн икки нортуяга той-той шойи ва ипак, мовут ва кимхоб матолар, ҳинд чойи ва Чин мамлакатининг биллур идишларини ҳадя қилиб олиб келишган эди. Савдогарлар Абдуллатифга сиҳат-саломатлик, улуғ бахт ва шон-шавкат тилаб чиқиб кетишди. Улар чиқиши билан саройбон кириб, таъзим қилди:

– Шоир Мирюсуф Хилватий давлатпаноҳимга изҳори ихлос ниятида ташриф буюрмишлар!

– Шоир Мирюсуф Хилватий?..

Шаҳзода бу шоирнинг номини қаердадир эшитган, ҳатто унинг девонига ҳам кўзи тушган эди, у масжиди жомега шошаётган бўлса ҳам, негадир суюниб кетиб, шоирни таклиф қилди.

Эшикдан бошига гуллик гилам дўппи, эгнига узун банорас тўн кийган юмалоққина бир одам кириб, пойгакка тиз чўкди-да, кафтларини гиламга теккизиб, лабларига, қош-кўзларига суртди.

Шоирнинг бу хатти-ҳаракати шундай тез ва кулгили чиқдики, шаҳзода беихтиёр илжайиб, уни курсига таклиф қилди. Лекин Мирюсуф Хилватий кўзларини юмганича лаби-лабига тегмай бидирлай кетди:

– Фақиру хақир сиздай адолат масканининг шамси зиёси, салтанат тожининг дурри гавҳари, назм илмининг маликул каломи5454
  Маликул калом – сўз подшоси.


[Закрыть]
шаънига бир шеър битган эдим, сиздай таъби назм лозим топсангиз ўқиб берсам…

Шаҳзода яна ўзини кулгидан тутолмай:

– Сиздай сўз султони лутфан шеър битибдур, нечун лозим топмасмен? – деди. – Бош устига. Ўрнингиздан туринг, азизим!

Мирюсуф Хилватий банорас тўнининг кенг этаклари орасида оёқлари чалишиб, ўрнидан турди, қўлтиғидан ипак матога ўралган бир китобчани олиб очди ва анордай қип-қизил, юмюмалоқ юзи илҳомдан лов-лов ёниб, овози ҳаяжондан титраб, ўқий кетди:

 
Бобонгиз фатҳ этиб шуҳрат қозонди жумла дунёни,
Бу олам кўрмагай эмди анингдек зоти аълони.
Падари покингиз умрин нури раҳматга тўлдирди,
Олиб шоҳиста отиға Хоқони Саид унвони.
Фалак асрорига илкин кўтариб нораво султон,
Фалак қаҳрига учраб ўз бошига солди ғавғони.
Амирул муъминин тахти узукка мос лаъл янглиғ,
Ярашгай, қутлуғ ўлсун, мулки ислом аҳли сарбони…
 

Охирги мисраларга етганда Хилватийнинг овози ҳаяжондан титраб кетди-ю, кўзларини китобдан узиб, шаҳзодага қўрқибгина қаради. Унинг илҳомдан гул-гул ёнган юмалоқ юзида, қўрқув чўккан кўзларида шундай зўр бир илтижо бор эдики, шаҳзода беихтиёр:

– Тасанно сизга, азизим, тасанно! – деб юборибди.

Бўш вақтларида ўзи ҳам шеър машқ қилган ва бутун бир девон битган Мирзо Абдуллатифга Мирюсуф Хилватийнинг шеъри унча маъқул бўлмади. Гарчи сўнгги байти лабида табассум уйғотса ҳам, шаҳзода бундай яланғоч назмни эмас, маъноси пардалироқ нозик шеърларни хуш кўрарди. Лекин… саройга машҳур шоирлар ва фозилларни йиғиб, асъасаю дабдабали ҳаёт кечириш ишқида ёнган Мирзо Абдуллатиф учун бу… биринчи қалдирғоч эди. У саройбонни чақириб, Хилватийнинг эгнига зарбоф тўн ёпишни буюрди ва уни ўзи билан масжиди жомега таклиф қилди.

Бугун Мирзо Абдуллатиф шайх Низомиддин Хомушнинг тилаги билан Бибихоним масжидига лутфан ташриф буюриб, хутба ўқиши лозим эди. Шаҳзода Кўксаройдан биринчи чиқиши эди. Шунинг учунми бошда кўнгли негадир ғаш бўлиб, саройбонга кўпроқ сипоҳ тайин қилишни буюрди. Саройбон эллик нафар суворий тайинлаган экан, бунга сарой маҳрамлари ва девон аҳли қўшилиб, Самарқанд кўчаларидан от чоптириб ўтишганда, гўё катта қўшин бостириб келаётгандай, ҳаммаёқ тасир-тусур бўлиб кетди. Кўчаларда ҳамон одам сийрак эди. Кўксаройдан Бибихоним масжидига борадиган катта кўчанинг икки юзидаги дўконларнинг аксарияти берк, фақат кулоллар ва сангтарошлар растасида ғур-ғур ва тарақ-туруқ овозлар эшитилар, ҳатто гузар ва чорраҳалар ҳам илгаригидай гавжум эмас эди. Бу ҳолат негадир шаҳзоданинг кўнглини хижил қилди, у шаҳар доруғаси Мироншоҳга айтиб, барча савдогар ва дўконларга дўконларини очдирмоқни дилига тугиб қўйди. Регистон майдонидан ўтаётганида ҳам шундай бўлди. Аллақандай ҳувиллаб қолган Мирзо Улуғбек мадрасасининг бўм-бўш саҳнига кўзи тушганида, қатл кечаси хуржун кўтариб кирган амир Султон Жондорнинг сирли ишшайиши эсига тушиб, эти увишиб кетди… Бу мудҳиш туйғу фақат масжиди жомега яқинлашгандагина хиёл тарқади…

Бибихоним масжидининг қўштавақали залворли дарвозаси олдида уни Шайх Низомиддин Хомуш бошлиқ буткул доруссалтана уламойи забардастлари, шаҳар доруғаси Мироншоҳ бошлиқ аъён ва боёнлари қарши олди.

Масжиднинг салкам ўн минг намозхон сиғадиган ҳовлиси одамга лиқ-лиқ тўлган эди. Бу ерга барча масжидларнинг имомлари, барча дин пешволари йиғилган эди, бир бурчакда гадолар ва дарвешлар, яна бир бурчакда яқин-атрофдаги бозорлардан кирган фуқаро кўринар, лекин кўпчилик оппоқ салла ўраб, зарбоф ва бахмал тўнлари устидан оқ чакмон ва оқ ридо кийган пешвойи дин ва уламойи киромлар бўлгани учунми, оқ мармар тўшалган кенг ҳовли гўё оқ кўпикка чўмган денгиз сатҳидай тўлқинланиб, ажиб бир манзара касб этган эди. Шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари шаҳзодани қўлтиғидан олиб, саждага бош эгган оқ саллалар олдидан масжиди жоменинг муҳташам пештоқлари тагидаги юксак мармар супага бошлаб борди. Китоб шаклида ясалган мармар курсига зарҳал жилдли “Каломуллои шариф” қўйилган эди. Мирзо Абдуллатиф масжид пештоқлари тагидаги баланд меҳробга чиқиб, хутба ўқиди. У шариати мустафо, ҳадиси шариф ва Қуръони мажиддан ёдга оят ва калималар келтириб ваъз айтганда, динул ислом ғанимларига қатли ом тилаб, эндиликда мулки ислом Мовароуннаҳрда мусулмонобод даврон ва явми саодат5555
  Явми саодат – саодатли кунлар.


[Закрыть]
бошланганини зикр этганида салкам ўн минг намозхоннинг “омин ё раббулоламин!” деган жўр хитобидан осмонўпар гумбазлар янграб кетди… Шаҳзодадан кейин шайх Низомиддин Хомуш ҳазратлари хутбаи давлат ўқиб5656
  Хутбаи давлат ўқимоқ – ҳукмронликни эълон қилмоқ.


[Закрыть]
, барча уммати мустафоларнинг пушти паноҳи, салтанатнинг қиблагоҳи, тождори, мусулмонон аталмиш шаҳзода ҳақига узоқ дуо қилди. Яна ўн минг намозхоннинг баравар “илоҳи омини”дан юксак пештоқлардаги каптарлар “дув” кўтарилиб, масжиди жоме ларзага келди.

Бу намоздан кейин шаҳзоданинг дилидаги шубҳалар тўзғиб, кўнгли яна ҳам равшан тортди. Рост, Балхдан келган хуфиялар нохуш хабар келтиришди. Ҳирот ҳокими, амакиваччаси Султон Муҳаммад Мирзо Улуғбек қатл қилинганини эшитиб, Мовароуннаҳрга қўшин тортиб келмоқчи бўлган эмиш. Лекин бирламчи, Мирзо Абдуллатиф унга сулҳ-салоҳ таклиф этиб, дарҳол бошқа элчи юборди, иккиламчи, Султон Муҳаммад қиш фаслида юриш қила олмаслигига кўзи етар эди. Хуллас, бу жиҳатдан ҳам тинчиди. Фақат бир нарса уни ҳамон қийнар, кечалари ёпирилиб келадиган мудҳиш ваҳимадан қутула олмас эди. Кўзи бир зум илинса бас, гўё хонага биров киргандай: шамширини яланғочлаб тепасида тургандай туюлиб, уйғониб кетарди. Уйғонгандан кейин эса ҳар бир шарпадан юраги ўйнаб, тонг отгунча мижжа қоқмай юриб чиқарди. Шундай пайтларда хаёлини бири-биридан совуқ, бири-биридан мудҳиш ўй-фикрлар чулғаб олар, доруссалтанада унга қарши фитна уюштирилаётгандай, бу фитнанинг тепасида ўз жигарбандлари Мирзо Абдулла билан Абусаид Мирзо тургандай туюлар, назарида, фитначилар бу икки шаҳзодани ҳибсдан озод қилиб қочириб юборгандай бўларди-ю, кечалари улар ётган зиндон ва ертўлаларни айланиб келгиси келар, фақат саройдан чиқишга журъат этолмас эди. Эрталаб эса, саломга келган амирларнинг кўзларига қадалиб-қадалиб қарар, кимки кўзини олиб қочса, унга нисбатан кўнглида ёмон бир шубҳа уйғонарди. Сарой маҳрамлари, ҳатто балхлик мулозимларидан икки киши хилватда суҳбатлашиб турганини кўрса юраги орқасига тортиб кетар, назарида, уларнинг шивир-шивирлари бежиз эмасдай, гўё унга қарши иғво қилишаётгандай бўларди.

Аксига олиб, боя намози жумадан қайтаётганларида шайх Низомиддин Хомуш яна мавлоно Али Қушчидан сўз очиб, хиёл тинчиган кўнглига қайта ғулу солди: бир қанча алломаи бетаҳоратларнинг номи ва хорижий бединлар юртидан келтирилган, китоблар рўйхатини тутқазиб, эҳтиёт бўлмоқ кераклигини, зеро, салтанат осойишталигини бузадиганлар шу бетавфиқлар эканини уқтирди, фитна ҳам, мўъмин-мусулмонларни йўлдан урувчи риндона кайфиятлар ҳам шулардан келишини қайта-қайта таъкидлади.

“Фитна” сўзини эшитган шаҳзода титраб кетди. У саройга қайтган заҳотиёқ Али Қушчини чақиртириб сўроққа тутмоқчи бўлди-ю, тунда келадиган уйқусизлик балосини ўйлаб, бу юмушини кечасига қолдирди. Мана ҳозир, девонбеги келтирган барча мухорабаи дигарларга5757
  Мухорабаи дигар – кечки ёзишмалар.


[Закрыть]
имзо чекиб бўлиб, унга ижозат бердида, амир Султон Жондорни Али Қушчига юборди. Ўзи эса тахтга ўтириб хаёлга толди.

Ажабо: бу учрашув уни негадир қаттиқ ҳаяжонлантирар, ҳатто чўчитар эди.

Мирзо Абдуллатиф мавлоно Али Қушчини бир неча бор кўрган эди. Ҳиротдан Мовароуннаҳрга келиб, отаси Мирзо Улуғбек билан овга чиққан пайтларида, Кўксарой ва “Боғи майдон”да берилган зиёфатлар чоғида кўрган, ҳатто отаси иккисининг фалакиёт сирлари тўғрисида қилган суҳбатларини ҳам эшитган эди. Эсида бор, бу учрашувларда шаҳзодани бир нарса ҳайратга солган, у ҳам бўлса Али Қушчининг чеҳрасидаги қатъият ва аллақандай кишини ўзига асир қилувчи салоҳият эди. Қорачадан келган бу новча, қотма одамнинг жуссасидан куч ёғилиб турар, кенг пешанаси, ўткир кўзларида чуқур заковат акс этар, қийғир бурунли узунчоқ юзида бўлакча бир шиддат, мардлик, бир сўзли одамлардагина бўладиган зўр иқтидор сезилиб турарди.

Шаҳзода бу одамга қизиқиб қолиб, ўша маҳалдаёқ унинг коинот сирларига, илми риёзиёт ва ҳандасанинг мураккаб масалаларига бағишланган рисолаларини топдириб ўқиб чиққан, ўқиб чиқиб, унинг дақиқ фанлар борасидаги заковатига, илмининг ўткирлигига, салоҳиятига дилида таҳсинлар айтган эди. Ҳа, шайхнинг сўзида жон бор, Мирзо Улуғбек ўз бисотидаги бойлиги ва йиққан куфр китобларини яширмоққа жазм этган экан, Али Қушчидан ишончлироқ бир кимсани тополмас эди.

Шаҳзода ҳозир Мовароуннаҳрдан Хуросонгача донғи кетган, Мирзо Улуғбекнинг ўнг қўли ҳисобланган бу одам билан юзмаюз келади, юлдузлар сирини, демакким, осий бандалар муқаддаротини5858
  Муқаддарот – тақдир.


[Закрыть]
билган алломаи мунажжим билан мунозара қилади. Йўқ, мунозара эмас, уни сўроққа тутмоғи, йўқолган тиллаларни, макруҳ китобларини топтирмоғи керак… Шаҳзода буни ўйлаганда яна Али Қушчининг шиддатли чеҳраси, қаҳр билан чақнаб турган ўтли нигоҳи, мардонавор қиёфаси эсига тушди-ю, бир ўйида амир Жондорни қайтаргиси, мавлонони сўроқ қилишни унинг ўзига юклагиси келди. Лекин ажабо: шайх ҳазратлари Али Қушчи тўғрисида сўзлагандан бери бу одам унинг хаёлидан чиқмай қолди, уни кўргиси, у билан баҳс қилгиси, унинг ўйларини билгиси келар эди. Мана ҳозир ҳам, хаёлига ғалати бир фикр келиб, ўрнидан туриб кетди. Башарти Али Қушчи яхшилик билан ўз гуноҳига иқрор бўлиб, олтин ва жавоҳирларни қайтарса, куфр китоблар яширинган жойни кўрсатса, уни девонга олса бўлмасми? Мағрибдан машриққача донг чиқарган бу мунажжим саройда, шаҳзоданинг ёнида бўлса ёмон бўладими? Даҳрий шоҳнинг энг салоҳиятли шогирди ва маслаҳатгўйи ҳисобланмиш бу алломаи замон Кўксаройда, шаҳзоданинг муқарраблари қаторида қўл қовуштириб турса… шу билан барча фисқи фасод гаплар, қабиҳ мишмишларга чек қўйилмасми?.. Али Қушчи келса, Мирзо Улуғбекнинг бошқа шогирдлари, машҳур шоирлар, муаррихлар, барча илм аҳли саройга келмасми?.. Букун шоирлардан бири ўз изми-ихтиёри билан кириб келди, лекин шаҳзода Мирюсуф Хилватийдай сертакаллуф, аммо тўпори шоирларни эмас, Али Қушчидай донғи оламга кетган алломаи давронларни тиз чўктиргиси келарди…

Қўшни хонада оёқ товушлари эшитилди. Шаҳзода негадир юраги ўйнаб шошқалоқлик билан ўзини олтин курсига ташладида, унинг силлиқ суянчиқларини маҳкам ушлаб олди. Рахларига тилла тасмалар қоқилиб зийнатланган оғир эшик секин очилиб, амир Султон Жондор кўринди.

– Бандини келтурдим, давлатпаноҳ…

Шаҳзода “Кирсин!” деган маънода бош ирғади.

Амир Жондор орқага чекиниб, унинг ўрнига Али Қушчи кирди, кирди-ю, билинар-билинмас бош ирғаб салом берган бўлдида, мадори қуригандай кўзларини юмиб, деворга суянди.

Мирзо Абдуллатиф қаҳри келиб: “Тиз чўк, эй нобакор!” деб бақиргиси келди, лекин дилида уйғонган қизиқсиниш устун келиб, ҳайрат билан тикилиб қолди. Бошига дарвешларнинг кулоҳига ўхшаган мўрисимон қалпоқ, эгнига қора жун чакмон кийган бу новча, қоқ суяк одам, гўё ҳеч ўзгармаган эди. Қорамағиздан келган узунчоқ озғин юзида, лабларини қимтиб, очиқ кўксини керинқираб, гўё шаҳзодани кўрмагандай кўзларини юмиб туришида биринчи кўришидаёқ шаҳзодани ҳайратга солган ўша шуур, ўша қатъият бор, фақат қисқагина чўққи соқолига биттаяримта оқ тушган… “Устози қандай такаббур бўлса, бу ҳам шундай такаббур!” – хаёлидан ўтди шаҳзоданинг.

Али Қушчи, гўё унинг фикрига тушунгандай кўзини очди-ю, қандилдаги шамларнинг чароғон шуъласига тоб беролмай, қайта юмди…

Ҳайҳот! Атиги бир ҳафта-ўн кун аввал бу чароғон хонада, бу олтин тахтда жаннатмакон устод ўлтирган эди! Худди шу олтин курсида ўтириб, унга, Али Қушчига кўнглидаги дардларини изҳор этган, сўнгги васиятларини, тилакларини айтган эди. Энди бу курсида… ўз пушти паноҳини қатл қилган бу риёкор қотил, у падаркуш ўтирибди… Ҳа, унинг риёкор бир қотил, хунхўр бир падаркуш экани чеҳрасидан, сийрак мўйловининг совуқ дикрайишидан, бежо ёнган кўзларидан кўриниб турибди. Кўкимтир тусга кирган заҳил юзида ёмон бир хасталикнинг нишонаси, кўзларида аллақандай қўрқув, йўқ, қўрқув эмас, телбалик бор!..

“Кўзларини очмайди. Мендай соҳиби тождан ҳайиқмайди!”

Шаҳзода қўлларини олтин курсининг суянчиғига тираб, шитоб билан ўрнидан турди.

– Мавлоно Али! – деди у киноя билан. – Бу даргоҳга ухлагани келмагандурсиз? Очинг кўзингизни!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации