Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 17

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 17 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
10

Салоҳиддин заргар ўғлини кутиб, тонг отгунча мижжа қоқмади. Тиқ этган товуш эшитилса юраги ўйнаб, эшикка тикилиб тонг оттирди. Мавлоно Муҳиддиндан дарак бўлмади. Уни Кўксаройда олиб қолганларига энди шубҳа қолмади. Кўксаройда олиб қолишнинг маъносини яхши тушунган, сарой тагидаги зиндон ва ертўлалар тўғрисида бир-биридан мудҳиш гаплар эшитган Салоҳиддин заргар, ваҳима босиб, ўзини қаерга қўйишни билмай қолди. Умри бино бўлиб, хасталикдан чиқмаган, қиздай нимжон ва ногирон фарзанди бу зах ҳибсхоналарга, кана ва бургаларга тўла машъум зиндонларга тушса… не бўлади? Ҳоли не кечади? Неча кунга бардош бера олади? Наҳот у қариган чоғида ёлғиз ўғлидан, кўзининг гавҳаридан айрилиб қолса? Ўзинг мадад бергайсен, парвардигори олам!.. Бир оёғи ерда бўлса, бир оёғи гўрда турганида у қайға боради? Додини кимга айтади? Арз қилиб борадиган бирдан-бир одам шайх Низомиддин Хомуш бўлса… Заргар унинг айтганини қиламан деб, бу уқубатга гирифтор бўлди. Лекин шайхдан бошқа кимга боради? Ким унинг жонига ора киради?

Салоҳиддин заргар ўйлай-ўйлай яна шайхнинг оёғига бош уришга аҳд қилди. У бомдод намозини ўқиб бўлгач, эгнига туя жунидан тўқилган илиқ чакмонини, бошига гуллик олача тақясини кийиб, устидан оқ шойи салласини ўради. Токчадаги пўлат қутичаларнинг бирини очиб, нафис товланган зеб-зийнатлар орасидан бири фируза, бири ёқут кўзли иккита тилла узук олди. Одатда у шайх ҳазратларини йўқлаб борганида битта қимматбаҳо зийнат инъом қилар эди, бугун нечундир унинг ёнига яна биттасини қўшди, сўнг, бандига дур қадалган серҳашам асосини қўлига олиб, уйдан чиқди.

Осмон оқара бошлаган, боғдаги юксак оқ теракларнинг учлари ялтираб қолган, лекин ҳали офтоб чиқмаган эди. Салоҳиддин заргар ҳовлидаги токларнинг тагидан ўтиб, дарвозага бориб қолганида, орқадан:

– Бува… буважон! – деган овоз эшитилди.

Енгилгина кийинган Хуршида бону, юзига ташлаб олган ҳарир дуррасини ҳилпиратиб, чопқиллаб келди… Ранги ўчган, уйқусиз кўзларида мунгли изтироб, лаблари йиғлашга тайёр гўдакнинг лабларидай пирпираб учарди:

– Буважон, қайға?.. Бизни ташлаб қайга борасиз?

Салоҳиддин заргар суюкли набирасининг кўзлари жиққа ёшга тўлганини кўриб, ўзи ҳам қулт этиб ютинди.

– Қўрқма, болам. Тезда қайтамен. Дадангдан… хабар олиб қайтамен.

– Кўксаройга борасизму? – деди бону шивирлаб. – Кўксарой… Кўксаройга борманг, буважон!

Чол секин бош чайқади.

– Йўқ, Кўксаройга эмас, бошқа бир жойга бориб келамен… Дадангдан хабар топмоқ даркор, болам…

– Дадам… – Хуршида бону гапиролмай кафтларини юзига босиб, йиғлаб юборди. – Дадам бечорага қийин бўлур, буважон, мен биламен, қийин бўлур…

Салоҳиддин заргар сергакланди. Оппоқ қошлари бир-бирига туташиб:

– Нени биласен? – деб сўради.

– Буважон! Мавлоно Али Қушчи зиндонга тушган эмиш. Шаҳзода барча илм аҳлларини қирғин қилмоқ ниятида эмиш…

– Ким айтди? Қайдан эшитдинг бу сўзни? – Салоҳиддин заргарнинг чўққи соқоли диккайиб, кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Хуршида бону айтмайдиган гапни айтиб қўйганини сезиб, бошини эгди.

– Эшитдим… эшитиб, қўрқиб кетдим, буважон…

Салоҳиддин заргар қовоғини солди.

– Қўрқма, болам. Шаҳзода илм аҳлини эмас, даҳрийларни, дини исломияга қилич кўтарган диёнатсиз кофирларни қувғин қилур. Сенинг даданг эса, ҳақ таолони тилидан ҳам, дилидан ҳам қўймаган бир фақиру ҳақирдур. Иншооллоҳ, тангри таоло уни ўз паноҳида сақлар… Бор, юмушингни қил, болам! – Салоҳиддин заргар набирасининг пешанасидан ўпди-да, дарвоза томон йўналди.

“Ё раббим! Бу машъум хабарни, мавлоно Али Қушчи зиндонга тушганини қайдан эшитмиш?”

Бостирманинг тагида челакка ўт ёқиб, исиниб ўтирган қоровул Салоҳиддин заргарни кўриб, ўрнидан сакраб турди. Белбоғидаги калитлар орасидан биттасини олиб, дарвозага қараб чопган эди, заргар тўхтатди.

– Тунда ҳовлига бирда-ярим одам келмадими?

– Йўқ, хожам, одам тугул, пашшани ҳам йўлатмадим!

– Ҳм… сергак бўл… Каминадан берухсат бир одам кирса каллангни оламен! – Салоҳиддин заргар қўлидаги асоси билан ерни дўқ-дўқ уриб, дарвозадан чиқди. Лекин Хуршида бонунинг айтганлари-ю, бу сўзларни қайдан эшитди, деган фикр “Мозори шариф”га етиб боргунча кўнглидан чиқмади.

“Мозори шариф”га ёндош шайхнинг ҳовлиси олдидаги очиқ майдоннинг ҳар жой-ҳар жойида қаландарлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, гулхан ёқиб исиниб ўтиришар, масжид рўпарасидаги хонақоҳнинг олдида бошқа бир гуруҳ дарвешлар қозон қайнатишарди.

Салоҳиддин заргар ташқари ҳовлидаги чинор тагида ўтириб шайхнинг чақиришини кута бошлади. Одатда у камдан-кам кутар, заргар келиши билан шайх дарҳол чақиртириб оларди. Бу сафар шайх ҳузурида мўътабар бир зот бўлса керак, ички ва ташқи ҳовлидаги муридлар оёқ учида юришар, бир-бирларининг қулоқларига шивирлашиб сўзлашар, турнақатор бўлишиб, ошхонадан ичкарига кумуш баркашларда овқат ташишар эди… Аҳёнаҳёнда аллақандай қаландарлар, тунд юзли ясовуллар от чоптиришиб келишар, уларни ҳеч ким куттирмас, келишлари билан ичкари ҳовлига олиб кириб кетишар эди. Ниҳоят, қиздай нозик ёш мурид келиб, заргарни ичкарига таклиф қилди…

Салоҳиддин заргар, ёш муриднинг кетидан ички ҳовлига томон юраркан, гўё ҳозир шайхдан нохуш гап эшитадигандай, юраги увишиб кетди. У ёш муридни билагидан секин ушлаб тўхтатди.

– Пиримнинг ҳузурида бирор кимса борми?

– Бордур. Букун шайхул машойих эшон Убайдулло Хўжа Аҳрор ҳазратлари қадам ранжида қилгандур…

Салоҳиддин заргар беихтиёр тўхтаб, камзулининг чўнтагидаги қимматбаҳо узукларни пайпаслаб кўрди. Кўнглидан: “Худо дилимга солмиш!” деган фикр ўтиб, бирдан енгил тортди.

Эшон Убайдулло Хўжа Аҳрор кенг меҳмонхонанинг тўрида, шайх Низомиддин Хомушнинг ўнг қўлида, ипак кўрпачалар устида тасбеҳ ўгириб, оҳиста тебраниб ўтирарди. Шайхнинг новча тик қомати ёнида тўладан келган, яғриндор эшон ҳазратлари ўтовдай юм-юмалоқ ва миқти кўринар эди. Унинг важоҳати ҳам бошқача, кўксига тушган учлари жингалак қоп-қора соқолида, қалин қошларида битта ҳам оқ тук йўқ, гўштдор бурунли қипқизил чиройли юзида бир қарашдаёқ кишини зир титратадиган пинҳоний бир иқтидор бор эди. У қаршисига тиз чўкиб, камоли эҳтиром билан салом берган Салоҳиддин заргарга ер остидан бир қараб қўйди-да, бошини ҳам қилиб, тасбеҳ ўгиришда давом этди. Шайх Низомиддин Хомуш лаблари пичирлаб фотиҳа ўқигач:

– Не арзи ихлосинг бор, хожа Салоҳиддин, – деди. – Фурсат зиқ. Мана, шаҳри Шошдин валинеъмат пирим қадам ранжида қилмишлар…

Салоҳиддин заргар ўтирган жойида тавозе билан таъзим қилди.

– Оллоҳга шукурким, соҳибназар пушти паноҳимнинг муборак қўлларини олмоққа мушарраф этмишдур…

– Сўзла, заргар! Доруссалтанада не сўз бор? Аҳли тижорат орасинда не хабар бор?

Шайх одатда бундай шоширмас, унинг сўзларига камоли эътибор билан қулоқ соларди. Салоҳиддин заргар юраги увишиб:

– Пирим! – деди овози қалтираб. – Шу кеча Кўксаройдан сипоҳлар келиб, ёлғиз фарзандим… мавлоно Муҳиддинни олиб кетган эдилар. Қайтиб келмади, пирим…

Шайх ҳазратларининг лабларига билинар-билинмас кулгу югурди.

– Қайтмаса… зурриётингиз мавлоно Муҳиддин шаҳзодага ёқиб қолгандур?..

– Пирим!..

– Ёҳуд, билъакс, мутараддид6464
  Мутараддид – беқарор.


[Закрыть]
фарзандингиз ўз биродари Али Қушчи билан юзлашганда бу даргоҳи табаррукда қилган аҳду иқрорини тардид6565
  Тардид қилмоқ – рад этмоқ.


[Закрыть]
қилгандур?

– Иншооллоҳ бундай бўлмас, пирим, зеро, ўғлим тавба-тазарру қилиб, оёғингизга бош ургандур…

– Тавба-тазарру қилиб!.. – деди эшон Хўжа Аҳрор. Унинг юмуқ кўзлари бирдан чарақлаб очилди. – Ул сарвари коинотнинг қудратига шак келтириб, фалак сирларини очмоққа жазм этган ўғлинг нечун эмди тавба-тазарру қиладур? Муртад шоҳнинг суюкли шогирди нечун ўз устоди васиятларидан юз ўгирадур?

Салоҳиддин заргар тили калимага келмай ғулдираб қолди.

– Беайб парвардигор… осий ббанда… гуноҳини афв этгайсиз, пирим!

– Осий банда! – деди Хўжа Аҳрор соқолини серкиллатиб. – Сени яхши биламен, заргар! Ул шоҳи бетавфиқни пушти паноҳ айлаб, унинг меҳри муруввати ила бойлик орттириб, энди тавбатазарру қиласен!

– Пирим! Садоқати зоҳир қулингиз…

– Шукрона билдириб, ул раббул оламиндан осий фарзандингнинг дуои жонини тилаб истиғфор тортгайсен, эй бандаи ғофил. Зероким, ҳақ таолога шак келтириб, уммати ҳақиқатларни излол6666
  Излол этган – тўғри йўлдан урган.


[Закрыть]
этган барча муртадларнинг интиқоми шул эрур, бандаи бероҳ. Халлоқи олам ҳеч бир бандасининг гуноҳини интиқомсиз қолдирмайдур. Ҳа!

Салоҳиддин заргар икки букилганича пешанасини гиламга қўйиб, жим қолди. Мудҳиш қўрқув уни гангитиб қўйган, хаёлида фақат: “Ё раббано! Ўзинг шафе бўлғайсен!” деган фикр такрорланар, лекин тили калимага келмас эди.

– Инналлоҳо маасобирин. Сабр қилинг, заргар… – Шайх Низомиддин Хомуш эшон ҳазратларига бир қараб қўйди-да, ёстиғи остидан шақилдоғини олиб, шақиллатди. Эшикда дарҳол ёш мурид пайдо бўлди.

– Девона Довулбек келдими?

– Келмиш, пирим.

– Айт, кирсин!

Салоҳиддин заргар кимдир ёнига “гурс” этиб чўккалаганини эшитиб, қўрқибгина кўз қирини ташлади. Унинг ёнида жулдур кийимли дарвеш эмас, белига ойсимон эгри қилич таққан, бошига дубулға кийган бир кўзи ғилай сипоҳ чўккалаб ўтирарди.

– Хўш, қочоқдин хабар топдингми, дарвеш?

– Йўқ, пирим…

– Бир қочоқни тополмасанг… нечун сени қаландарбоши қилдим? Нечун уддабурон деб, Кўксаройга ясовулбоши қилдим, Қашқир?

– Гуноҳкормен, пирим. Не чора, доруссалтанада титмаган жойим, кирмаган тешигим қолмади…

– Қайси қочоқ? – эшон Хўжа Аҳрор сергакланиб, бир Қашқирга, бир шайхга қаради. Шайх аллақандай ўнғайсизланиб оппоқ қошларини силаб қўйди.

– Қаландар Қарноқий деган бир бетавфиқ, пирим. Тунов куни сўзлаб берган эрдим… Шоҳи шарир маҳв бўлган куни қочиб кетган эди, ҳануз топилмайдур.

Қаландар Қарноқийнинг номини эшитган Салоҳиддин заргар бошини сал кўтариб, қулоқ солди. Нечундир набирасининг бояги сўзлари эсига тушиб, юраги шиғ этди.

Эшон Хўжа Аҳрор таассуф билдириб бошини чайқади:

– Оллоҳ кўнглимга солган эди, тақсир. Иблис шиор шоҳнинг қўлида таҳсил кўрган бир бепарҳезга инонмоқ…

– Синаб кўрмоқ ниятида эдим, пирим. Орқасида хуфиялар бор эди, мана… – шайх қовоғини солиб Қашқирга қаради, Қашқир ўтирган жойида питирлаб:

– Иншооллоҳ, топамиз, пирим, – деб бидирлади. – Ер ютса-да, топамиз, у бадбахтни!

Шайх кўнгилсиз гапни бошқа ёққа бурмоқчи бўлиб:

– Хўш, – деди. – Бу одамни танийсенми, дарвеш?

Қашқир Салоҳиддин заргарга қиё боқиб, ишшайди.

– Бу зоти шарифни танимайдурған кимса буткул Мовароуннаҳрда йўқдур, пирим.

– Бул зотнинг зурриёти мавлоно Муҳиддин ҳибсга олинган эмиш, хабаринг борму?

Қашқирнинг лабидаги табассум сохта ғамгинлик билан алмашди.

– Надоматлар бўлғайким, бу нохуш юмуш фақирга юкланган эди, пирим.

– Хўш? Сўзла!..

– Мавлоно Муҳиддин ҳибсда, бетавфиқ Али Қушчи билан бир жойда ётибди, пирим.

– Нечун? Ё сўроқ қилинмадиму?

– Йўқ, сўроқ қилингандур. Мавлонога тасанноким, пиримга қилган аҳди иқроридин қайтмабдур.

– Бўлмаса… сабаб, ҳибсга соладур?

Қашқир елкасини учирди.

– Давлатпаноҳ буни лозим топса, бандаси не қилсин, пирим? Давлатпаноҳ айтмишким, сўзлаган сўзинг ҳақиқат бўлса, бу сўзни Али Қушчининг бўйнига қўясен! Бўйнига қўйиб, ул палидни инсофга келтирасен, сўнг, ҳибсдан озод қиламен…

– Пирим! – Салоҳиддин заргар инграб юборди. У ўзини шайхнинг оёқлари остига ташламоқчи эди, лекин эшоннинг: “Бас! Фармони ҳумоюн амри вожибдур!” деган хитобини эшитиб, ялт этиб қаради. Эшон Хўжа Аҳрор, қалин қора қошлари остида ёниб турган кўзларини унга қадаб, олдинга энгашиб ўтирар, худди Салоҳиддин заргар эътироз билдирса, қўлидаги тасбеҳини унга қараб отадигандай туюларди.

– Валлоҳи аълам биссавоб! Ва илло бу бедиёнат шақийлар нинг6767
  Шақийлар – ёвузлар.


[Закрыть]
жазоси шулдир! – деди эшон, ўзини ёстиққа ташлаб. – Фарзандинг мавлоно Муҳиддин шул дўзахийлар ила бир товоқдан ош еб, худованди каримдан қўрқмай, куфр китоблар битган эди. Эндиликда бу гуноҳи азим юмушларининг жазосини тортмоғи даркор. Жазосини қанча кўп тортса, гуноҳи, иншооллоҳ, шунча тез ювиладур! Бунга йиғламоқ эмас, шукрона билдирмоқ даркор, хожа Салоҳиддин!

– Пирим! Сиз Али Қушчини билмассиз…

– Билурмен! – Эшон қўлларини ёстиққа тираб, қаддини ростлади. – Ҳақ таолодан қўрқмаган ул галаи сакларнинг барини билурмен. Ношаърий расадхонага йиғилган куфр китобларни яширмоқдин муддаолари не? Буни ҳам билурмен. Муддаолари бул макруҳ китобларни, бединлар маскани бўлмиш расадхонаю мадрасаларни асраб қолмоқ ва инчунин, барча уммати мустафоларни тўғри йўлдан урмоқдур! Бас, аларни қатли ом қилмоқ шаҳзодадай амирул мўъмининга вазифаи шаръийдур, хожа Салоҳиддин!

Салоҳиддин заргар эшоннинг шиддатли чеҳрасидан, аллақандай илҳом билан порлаган сеҳрли нигоҳидан кўзларини олиб қочаркан: “Ё раббий! Ўзинг мадад қилгайсен! – деб пичирлади. – Нечун Али Қушчининг сўзини буларга етказдим? Нечун анинг сирини очдим?..”

– Кўзингни арт, заргар! – деди эшон. – Ул осий зурриётингга ҳифзи ҳимоятни бандасидан эрмас, тангри таолодан сўрагайсен! Калимаи шаҳодатни арз қилиб, лайлу наҳор истиғфор айтгайсен! Ўрнингдан тур, эй бандаи бероҳ!

Салоҳиддин заргар бу ўктам овозга бўйсуниб, ўрнидан тураркан, мадад кутиб сўнгги марта шайх Низомиддин Хомушга қаради. Лекин шайх хижолат бўлиб томоқ қирди-да, кўзини олиб қочди.

Салоҳиддин заргар нигоҳини чулғаб олган туман орасида эшикни аранг топди ва гандираклаб хонадан чиқди. Даҳлизда кўксини чангаллаганича бир зум деворга суяниб турди. Шу пайт қўли ён чўнтагидаги тилла узукларга тегди, тегди-ю, кўнгли бир хил бўлиб кетди. Пирига атаган узукларни бермай қайта олиб кетиш ёмон бир нарсанинг аломати эди. У бир ўйи қайтиб кирмоқчи бўлди-ю, журъат этмади. Юрагини чулғаб олган мудҳиш туйғудан дармонсизланиб, гандираклай-гандираклай уйдан чиқди.

11

Хуфтонда уста Темур Самарқандийнинг ғоридан чиқиб кетган Қаландар Қарноқий тун ярмидан ошганда қайтиб келди-да, босқоннинг ёнидаги пўстакка юзтубан тушиб ётиб олди. Устанинг саволига қисқагина қилиб: мавлоно Муҳиддин ҳам зиндонга тушибди, отахон, деб қўя қолди. У хаёлан ҳамон Салоҳиддин заргарнинг боғида юрар, кўз олдида ҳамон Хуршида бонунинг ёш билан ювилган маъюс юзи турар, қулоқлари остида ҳамон унинг ўксик овози янграр эди.

Букун у мавлоно Муҳиддиннинг уйига иккинчи марта борди, бориб яна тунов кунгидай боққа қараган таниш дарчани чертди. Одатдагидай уч марта чертди. Хуршида бону уни кутиб ўтирган эканми, лаҳза ўтмай боғ эшик очилиб, кимдир чиқди. Кобулий кавушларнинг енгил “шип-шип”идан Қаландар дарҳол таниди: бону!

Хуршида бону, бир-бир босиб келиб, ёнғоқ тагида турган Қаландар Қарноқийнинг рўпарасида тўхтади. У салом бердими, йўқми, Қаландар билмай қолди. Бону, гўё салом қилгандай бошини эгганича жимгина турарди. Эгнида, тўпиғига тушган узун кўйлак устидан кийган қора бахмал мурсак, бошида рўмол ўрнига қора духоба ёпинчиқ, ҳатто юзига тутган ҳарир ипак дурра ҳам қоп-қора бўлиб туюлди Қаландарга. Қоронғида унинг юзи аниқ кўринмас, лекин духоба ёпинчиқ ўраган бошини эгиб, жимгина туриши яхшиликдан дарак бермас эди. Қаландар қуруқшаган лабларини ялаб:

– Иншооллоҳ, яхшилик бўлғай, – деди. – Мавлоно… қайтдими, бону?

Хуршида бону секин бош чайқади:

– Йўқ…

– Астағфирулло! Нечук?

Хуршида бону бошини кўтариб қаради. Унинг йирик оҳу кўзлари қоронғида қандайдир совуқ нур сочиб, ялтиллаб кетгандай туюлди.

– Мен қайдан билай? Ҳар нечук, мавлоно Али Қушчига чоҳ қазиган кимсани зиндонга ташламаслар…

Қаландар ўзини тутолмай:

– Водариғ! – деб юборди. Бонунинг сўзларидаги аламли таъна унинг юрагига заҳарли наштар бўлиб қадалди. Хуршида бону, бўғилиб кетаётгандай энтикиб-энтикиб нафас оларди.

– Сиз… қўрқманг деган эдингиз… Дадангизга шикаст етмайди, тезда қайтади, деган эдингиз. Қани қайтгани?

Қаландар, юраги увишиб, бонунинг чақнаб турган кўзларидан кўзини олиб қочди.

– Ғофил банда, гуноҳимдан ўтгайсиз, бону…

– Дадам бечора ногирон бир одам. У кишини зиндонга солиб, чиритамен деб, қўрқитмоқ осондур. Бироқ Оллоҳ шоҳид: у зот ўз виждонини сотмайди. Ўз аҳбобига хиёнат қилмайди…

Хуршида бону кўз ёшларидан “ғип” бўғилиб, гапиролмай қолди. Қаландарнинг кўксига қадалган заҳарли наштар, гўё буралиб-буралиб юрагини тилка-тилка қилиб юборгандай бўлди.

– Кечиргайсиз, бону, – зўрға дея олди у. – Мен ўйлаган эдим, ғофил банда…

– Ногирон, ожиз одам, зиндонга қандай бардош қилади? – деди Хуршида бону. – Ҳоли не кечади? Бечора отам!

Бу сафар бонунинг аламли овози Қаландарга нечундир дарвоза олдидаги ўша машъум учрашувни эслатди. Ўшанда ҳам бонунинг “мирзам!” деб чақирган овози аламли фарёдга тўла эди, ҳозир ҳам. Гарчи у ҳозир оҳиста гапирса ҳам, сўзларида ўша дард, ўша фарёд, йўқ, қандайдир чуқур бир илтижо бор, гўё бошига тушган бу савдода ёлғиз ундан, Қаландардан нажот кутарди!

Эвоҳ! Қаландар бонуга, юзини кафтлари билан яшириб, унсиз йиғлаётгн бу санамга нима дейди? Уни қандай юпатади?

Қаландар, гўё мотам тутгандай қора либосларга ўраниб олган бу нозик санамни бағрига босиб, ёш тўла кўзларидан ўпиб тин читгиси келар, аллақандай дил сўзларини топиб, юпатишни истар, лекин, кўнглига қаттиқ озор берган одам, унга яқинлашишга журъат қилолмас эди.

– Қўйинг, бону, йиғламанг, – деди у ниҳоят. – Ноумид шайтон. Оллонинг меҳри дарёдур…

Бону унсиз титраб йиғлашда давом этар, унинг сўзларига қулоқ солмас эди.

– Иншооллоҳ биз ҳам қараб турмасмиз. Бир йўлини топамиз, ҳаракат қиламиз, бону…

Хуршида бону бошини бир томонга эгиб, унга қиё боқди. Унинг ёш тўла кўзларида умид учқунлари милтиради.

– Бобом бечора қайға боришни, кимга арз қилишни билмайдур.

– Ҳа, қийин, – деди Қаландар фиғони чиқиб, – бу бераҳм мустабид барча илм аҳлини йўқ қилмоққа жазм этгандур. Устод ёққан илму маърифат машъалин сўндириб, буткул Мовароуннаҳрни зулмат қаърига чўктирмоққа азм қилгандур. Лекин, иншооллоҳ, бу қора ниятига етмас! Зеро, маърифат машъалин ўчириб, элни зулматга солмоқни ният қилган бирон-бир мустабид машъум мақсадига етмагандур!..

Қаландар бунинг ҳаммасини ёниб-ўртаниб гапирди-ю, бирдан жим қолди: унинг олдида бош эгиб пиқ-пиқ йиғлаб турган бу санам ундан бундай улуғ хитоблар эмас, кўнглига тасалли берадиган сўзларни кутар, нажот тиларди.

– Иншооллоҳ, бир йўли топилиб қолар, бону, – деди у. – Сўзимга инонинг, биз ҳам қараб ётмасмиз, шу букундан ҳаракат қиламиз… Қаландар сўзини тугатолмади. Шу пайт, боғ эшик шарақлаб очилиб, олдин аёл киши, унинг кетидан яна бир одамнинг соялари кўринди.

– Хуршида! Қайдасен, болам?

– Энагам! Бувам! – қўрқиб шивирлади Хуршида бону. У қўлини Қаландарнинг қўлига қўйди. Бонунинг мулойим кафти чўғдай эди.

Қаландар чўғдай ёнган бу қўлларни қисаркан, бутун вужуди ловиллаб кетди. – Қўрқманг, бир йўлини қиламиз, бону! Мен тағин келамен!.. – У орқага тисарилиб, ўзини дарахтлар панасига оларкан, Хуршида бонунинг:

– Лаббай, буважон! – деган мулойим товушини эшитди.

Қаландар қоронғи кўчалардан, пана-пастқам жойлардан юриб, орқага қайтаркан, хаёлидан: “Не қилмоқ даркор?” деган бир фикр чиқмас, нигоҳи олдидан бонунинг ёш билан ювилган маъсум чеҳраси кетмас эди. Унинг қулоқлари остида ҳамон бонунинг аччиқ таъналари янграр эди, лекин бу сўзлар қанчалик аламли бўлмасин, Қаландар букун бир нарсани аниқ сезди: бону ундан ниманидир кутар, унга суянмоқ истарди. Бу истак, Хуршида бонунинг овозидаги бу пинҳоний илтижо уни ҳам суюнтирар, ҳам аллақандай чўчитар, “Не қилмоқ даркор? Бу икки устодни қандай қутқармоқ керак?” деган фикрни қайта-қайта эсига солиб, юрагини зирқиратар эди.

Қаландар тўсатдан олдинда “ярқ” этган олов кўриб, тўхтади. Қўлларида машъал ушлаган икки навкар унга етмай чапга бурилиб кетди.

У қаёққа кетаётган эди? Боши оғиб қаёққа келиб қолди? Ҳа, у Тиллабибидан хабар олгани Гўри Амир томонга, Али Қушчининг Оқсарой ёнидаги ҳовлисига кетаётган эди.

Қаландар ён-верига синчиклаб қаради. У заргарлар растасидан ўтиб, Кўксаройга яқинлашиб қолган эди. Олдинда, баландликда, кунгурадор девор билан ўралган қора гумбазлар қоронғида чўнг қоялардай совуқ маҳобат билан юксалиб турар, у ерда милт этган чироқ кўринмас, муаззам сарой, гўё ҳаётсиз ташландиқ бир қасрдай жимжит ва ваҳимали туюларди…

Гўё ташландиқ қабрга ўхшаган бу сарой, теран сукутга чўмган бу гумбазлар, негадир ёд бўлиб кетган мисраларни эсига солди:

 
Тотлиғ-тотлиғ еганлар,
Турлук-турлук еганлар,
Олтун тахт ўлтурғанлар,
Туфроқ аро ётмишлар…
 

Мавлонолар тушган зиндон, қабристонга ўхшаган бу саройнинг қаерида? Унга туйнук очиб бўладими?

Қаландар дарахтларни паналаб олдинга юрди, лекин сал ўтмай қалъа томондан яна машъал ушлаган посбонлар кўринди. Афтидан, посбонлар тун бўйи сарой атрофида айланиб юришар эди.

Қаландар шарпасиз одимлаб орқага чекинди. Пана-пастқам жойлардан, дарвешлигида кўрган тор кўчалардан юриб, Оқсаройга ўтди. Ўтишга ўтди-ю, лекин кўнгли вайрон бўлди. Тиллабиби қаттиқ иситмада, чўғда ётгандай тўлғаниб, алаҳсираб ётган экан, Қаландарни ўғлим Али деб ўйлаб, бўйнига осилиб олди, ёш чиқмаган нурсиз кўзларини юмиб, юз-кўзларидан ўпди, кейин, ўғли эмаслигини билгач, уввос тортиб йиғлади-ю, йиқилиб қолди…

Қаландар Тиллабибининг аламли фарёдини қайта эшитаётгандай бўлиб, бошини чопонига буркаб, ғужанакланиб ётиб олди. Уни ҳатто устани кўргали келган Қалқонбек билан Босқонбек ҳам ўрнидан турғизолмади. Оға-ини темирчилар одатдагидай ҳазиллашиб: “Э, оға, қўйинг, шу ёлғон дунёнинг ташвишларини! Девонанинг ишини худо ўзи ўнглабди!” деб, тегажоқлик қилиб кўришди ҳам, бўлмади, Қаландар турмади, ўзи билан ўзи олишиб, ич-этини еб ётаверди.

Вақт тун ярмидан оғиб, Қалқонбек билан Босқонбек энди қўзғалишган эди, эшик яна тақиллаб қолди.

Қўлига лип-лип этган мойчироқни олиб, қоронғи йўлакка кириб кетган уста, эшикда ким биландир узоқ гаплашиб тургач, Мирам Чалабийни эргаштириб кирди.

– Бу йигит бир кимсани бошлаб келибди, – деди уста Қаландарга. – Бегона одам, кирсинми?

Мирам Чалабий салом бериб, олдинга ўтди.

– Мавлоно Коший! Барча толиби илмлар уни сизга йўллабдур, шоир.

– Менга йўллабди?! – Қаландар ҳайрон бўлиб ўрнидан турди. – Қани? Чақир! Кирсин!

Улуғбек мадрасасининг энг ёш мударриси ҳисобланган мавлоно Коший ибн Муиниддин ғорга киргач, қоронғига ўрганолмай кафти билан кўзларини тўсиб бир лаҳза турди. Кейин, гўё Қаландар Қарноқий эмас… бутун оламга донғи кетган улуғ аллома билан кўришаётгандай камоли эҳтиром билан салом берди. Қаландар ҳам, ёш бўлса-да, устоднинг ҳурматини қозонган бу машҳур алломани кўриб суюниб кетди. Унинг келиши, ҳар нечук бу оғир, қора кунларда оламда яхшилар ҳам борлигидан далолат берарди.

Уста, оловдондаги иссиқ қўрни ағдариб, устига саксовул ташлади, супага намат ёзиб, меҳмонларни ўтиришга таклиф қилди. Қаландар ҳамон ғорга кўниколмай, кўзлари аланг-жаланг бўлиб ўтирган Кошийнинг тиззасига қўлини қўйди.

– Сизни каминага муллаваччалар юборган эмиш, биродар? Улар каминани қайдан эшитибдур?

Мавлоно Коший иягидаги сийрак соқолини силаб кулди. Гулхан шуъласида унинг сўлғин юзига қон югуриб, кўзлари чақнаб кетди.

– Сизнинг донғингиз бутун Мовароуннаҳрга кетгандур, шоир. Алхусус, сиз дарвешликни тарк этиб, мавлоно Али Қушчининг қанотлари остига қайтганингизни эшитган толиби илмларнинг ҳурмати чексиздур.

Қаландар Қарноқий ғамгин кулимсираб, гулханга тикилди. Мавлоно Кошийнинг сўзлари унинг қалбидаги ярани қайта тирнади. “Дарвешликни тарк этиб, илм даргоҳига қайтганидан не фойда, на ҳибсдаги устозларининг жонига ора кира олди, на бонунинг дардига малҳам бўла олди!”

Қаландар оғир хўрсиниб, Кошийга қаради:

– Хўш, илм аҳли орасида не сўз, не хабар бор, биродар?

Коший ўйчан кўзларини гулхандан узмай:

– Барча талабалар, барча илм аҳли ғам-андуҳдадур, шоир, – деди. – Биласиз – мадрасалар ёпилгандур. Илм аҳлининг тақдири не бўлади, ҳануз қоронғидур.

– Ғам-андуҳдин не фойда? Ғам-андуҳ кишига ёр бўлмайди, биродар.

– Ҳақ гап! – деди Мирам Чалабий, гулхан шуъласида кўзлари чақнаб. – Толиби илмлар айтган эмиш: Али Қушчини дарҳол қутқармоқ керак, деган эмиш. Нечун буни айтмайсиз, мавлоно Коший?

Коший қўра ёнида гулхан ёқиб ўтирган ака-укаларга ҳадиксираб қаради, Қаландар кулимсираб: “Қўрқманг, азизим, булар ўзимизнинг йигитлар”, дегач:

– Ҳа, – деди бош ирғаб. – Кеча оқшом каминанинг ҳузурига бир гуруҳ талабалар келдилар. Ўзларини чоҳга отишга ҳозир муллаваччалар, бошимиз кетса ҳам мавлоно Али Қушчини қутқарамиз, дейдилар.

– Қай йўсин?

– Ётган зиндонини билсак туйнук очар эдик дейдилар.

Дам босаётган Қалқонбек Кошийнинг сўзларига қулоқ солиб турган экан:

– Боракалло! Зап йигитлар экан! – деб хитоб қилди. – Не дейсиз, оға?

– Не дейман, балли, дейман, иним! – кулди Босқонбек, қора қумғонни оловдан оларкан. – Кўкрагида ёли бор бундай йигитлар топилса биз ҳам қўшиламиз! Қаландар оғамдай тун-кун ғам чекиб ётмаймиз. Қалқон бўл деса, қалқон бўламиз, бос деса босамиз. Лаббай, Қаландар оға?

Қаландар ака-ука темирчиларнинг гапларига бир кулиб қўйди, лекин кўз олдига кунгурадор девор билан ўралган қаср, машъал кўтариб сарой теварагида айланиб юрган бояги посбонлар келиб ўйланиб қолди. Уста эса, бошини сараклатиб:

– Ҳе, хом сут эмган бандалар! – деб кулди.

– Нечук куласиз, отахон? – деди Қалқонбек.

– Шунинг учунким, бу сарой, бу зиндонларни ким қурганини билмайсиз. Бу зиндон, бу саройларни оламни зер-забун қилган, кимсан Амир Темур қурдиргандур!

– Бўлмаса не қиламиз, отахон?! – деди Мирам Чалабий куйиниб. – Маслаҳат беринг: не қиламиз?

– Ҳа, йўл топмоқ керак. – Қаландар бошини қўллари билан сиқиб, оғир тебранди. – Йўл топмоқ керак!

Уста катта ялпоқ кафти билан серажин юзини силаб, гулханга тикилиб ўтирар, мўйловга ўхшаган қалин қошлари остидаги кўзлари юмуқ, лаблари қимтилган эди.

– Фақир буни кўп ўйладим. Ўйлай-ўйлай шу хаёлга келдим: уларни қутқарса олтин қутқаради. Бошқа чора йўқ!

– Олтин? – ҳамма бирдан жимиб қолди. Ҳатто Қалқонбек ҳам дам босишдан тўхтаб, яқинроқ келиб ўтирди.

– Ҳа, олтиндан бошқа нарса бу ишда ёрдам беролмас, – деди чол. – Эсларингда бўлсин: шаҳзоданинг саркардалари орасида бир одам йўқким, олтинга сотилмасин! Қармоқ ташлаб, улардан бирини илинтирмоқ даркор. Али Қушчининг қутлуғ бошини қутқармоқ учун олтин-жавоҳирларни аямаслик лозим. Мирзо Улуғбекдай донишманд ҳам буни ўйлаган бўлса ажаб эрмас! – Чол, сир-асрорни очиб қўймадимми, деган маънода Қаландарга қаради. Лекин Қаландар сўна бошлаган гулханга тикилиб, ҳамон хаёлга толиб ўтирарди. Уста олтиндан гап очиши билан унинг эсига негадир Қашқир тушди. У боя хуфтонда Қашқирни узоқдан кўрган эди. Қашқир ясовуллар кийимида, бошида дубулға, белида ойсимон эгри қилич, остида бўлиқ тўриқ арғумоқ, расадхона ёнида ўн чоғлик суворий билан от чоптириб ўтиб кетди. У отда шундай савлат тўкиб ўтирар эдики, Қарноқий ўз кўзларига ишонмай қолди!.. Ҳа, чол ҳам, Қашқирга қармоқ ташлаб кўрмоқ керак деди. Тавба! Нечук бу фикр унинг хаёлига аввалроқ келмади?

Коший Қаландарнинг сукутига бошқа маъно берди чамаси:

– Олтин билан иш битса бир иложи топилур, – деди. – Барча талабалар, барча илм аҳли қўлидан келган ёрдамини аямас!

– Олтиндан бурун уста айтган қармоққа илинадурган балиқни топмоқ керак! – деди Қаландар.

Коший ака-ука темирчиларга яна бир қараб қўйгач:

– Балиқ ҳам топилур, – деди, овозини пасайтириб. – Камина амир Султон Жондор деган бир одамни биламен. Узоқ қариндош бўлур…

– Амир Султон Жондор? У виждонсиз амир шаҳзоданинг ўнг қўли эмиш!

– Демакким, наҳанг экан-да! – кулди Мирам Чалабий.

– Наҳангким, наҳангларнинг наҳанги. Аммо қайдам, тузоққа тушадиму, йўқму?

– Қўрқма, болам. Наҳанг бўлса… қармоққа тушмаса илмоққа тушади! Аммо хўрак каттароқ бўлмоғи даркор! – Уста Темур Самарқандий шундай деб, қўлини фотиҳага очди. – Бу юмушда худованди карим омад бергай, овларинг ўнгидан келгай, болаларим, илоҳи омин!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации