Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 23 (всего у книги 25 страниц)
Чаноқийга чақирилганлар келиб бўлди чамаси, дарвозада турган навкарлар қўлларидаги машъалларини ўчириб, қўрғонга кириб кетишди, қўрғондаги гулханлар ҳам сўнди, фақат бир жойда ёнаётган оловнинг шуъласи кўзга чалинар, у ерда кабоб пиширилаётган бўлса керак, қовурилган гўшт ва пиёз ҳиди димоққа гуп-гуп уриб, Қашқирнинг иштаҳасини қитиқлар эди…
Қашқир чалқанча ётиб, осмон тўла ғуж-ғуж юлдузларга тикилди. Назарида, осмонни тўлдириб юборган бу оппоқ юлдузлар гўё унга кўз қисиб, мазах қилаётгандай, улар гўё юлдуз эмас, олам сирларидан хабардор аллақандай жонли нарсалардай бўлиб туюлди. Мирзо Улуғбек ҳазратларини шаҳриёри фалак-иқтидор дегувчи эдилар, бу ҳудудсиз коинотнинг барча сир-асроридан воқиф дониши жаҳон дегувчи эдилар. Шу сабаб уламойи киромлар у зоти шарифни ҳам ёмон кўришар, ҳам ундан қўрқишар эди… Филҳақиқат: бу сўзда бир ҳикмат борга ўхшайдиким, кимки у дониши жаҳонга ғанимлик қилса, ҳоли вой бўлди. Мирзо Улуғбек ҳазратларига қилич кўтарган баттоллардан бири Сайид Аббос эди. У ҳам ҳақ таолонинг қаҳрига йўлиқди. Аълоҳазратларининг тузини еб, тузлиғига туфлаган қанча амиру умаро қатлу қирғинга учради. Энди навбат шаҳзоданинг ўзига келди…
Қашқир боя йўлда ўйлагани эсига тушиб, эти жунжикиб кетди. Йўқ, “падаркуш” деган ном чиқариб, дуоибад бўлган у саллоҳга юкуниб бўлмайди! Бу чаноқийга Мироншоҳ билан Шайхулислом Бурҳониддиндай зоти олийлар, амир Султон Жондор билан Бобо Ҳусайн Баҳодирдай саркардалар йиғилмишми, бас, шаҳзоданинг куни саноқликдур!..
Қашқирнинг дилини водийни чулғаган қора шом янглиғ қора ғам чулғаб олди. Хаёлидан: “Бу жаҳаннамга, ҳеч бир кимсани омон қолдирмайдурган бу икки ўт орасига нечун тушиб қолдим!” деган фикр келиб, кўнгли алғов-далғов бўлиб кетди. Лекин қанча ўйламасин, бу бетизгин ғам, бетасалли саволга жавоб тополмади.
Қашқир ота-онасини эслай олмас, эсини танибдики, бир нарсани билар, у ҳам бўлса Самарқанд бозори эди. У донғи мағрибдан машриққа кетган шу улкан бозорда мешкобчи, карвонсаройларда фаррош, ҳаммомларда гўлахлик қилиб катта бўлди. Қилмаган иши, кирмаган кўчаси қолмади. Ўғирлик ҳам қилди, каллакесарлик ҳам. Ахийри гуноҳларини ювмоқ ниятида зоҳидликни ихтиёр этиб, хилватга кирган эди, хилватда ҳам осойиш топмади… Сабийлик ёшида бир ўғри-каззобнинг қўлига тушиб ўғри бўлган эди, гўшанишинлик пайтларида шайх Низомиддин Хомушнинг назарига тушиб, айғоқчи бўлди, алҳол бу баттол амирнинг тузоғига илиниб, икки ўт орасида қолди… Мана, ёши қирқдан ошди, лекин бу бебақо дунёга келиб, не ёруғлик кўрди?..
Қашқир лабларида шўртак бир нарса сезиб, негадир ўпкаси тўлди-ю, ўзини тутолмай пиқ-пиқ йиғлаб юборди.
Бас! Бу гуноҳ йўлдан қайтмоқ, бегуноҳ мўминлар қонига ботган бу шаҳри азимдан бош олиб чиқиб кетмоқ даркор. Бошқа чора йўқдур!..
Қашқир аламли хаёллар уммонига чўмиб, пинакка кетган экан, кимдир елкасидан туртиб уйғотди.
– Отларни эгарла, ясовул. Меҳмонлар тарқаладур!
Қашқир кўзларини ишқалади, шоша-пиша ўрнидан турди. Қаршидаги юксак чўққилар ортидан олтин баркашдай ялтиллаган тўлин ой кўтарилмоқда, ойнинг гўё сут билан йўғрилгандай майин шуъласига чўмилган водий, баланд тоғлар, сойнинг у юзида элас-элас кўринган боғлар, шарқираб оқаётган жилға, қўрғон теварагида кишанларини шарақлатиб ўтлаб юрган отлар, бутун олам аллақандай ғалати, хаёлий бир манзара касб этган эди. Қашқир бояги қўрғон ва бояги сой эмас, гўё бошқа бир оламга келиб қолгандай бир дақиқа ҳайрон бўлиб қолди, кейин дарвозада ғала-ғовур бошланганини эшитиб, шоша-пиша, отларни юганлаб, айилларини тортди. У отларни етаклаб дарвозага борганда, ичкаридан қоронғида оққушдай ажиб товланган оқ тулпорини ўйнатиб Бобо Ҳусайн Баҳодир чиқди, доруға Мироншоҳ билан Шайхулислом Бурҳониддин жаноблари эса дарвозада амир Жондор билан хайрлашмоқда, бошқа навкарлар улардан йироқроқда қўл қовуштириб туришарди.
Амир Жондор “нечун кутдирасен?” дегандай, Қашқирга бир ўқрайиб қаради-да, Мироншоҳ ва шайхулислом жаноблари билан тезроқ хайрлашиб, қорабайирини жиловидан олди. Четроқда турган сипоҳларнинг бири югуриб келиб уни қўлтиғидан кўтармоқчи бўлди. Лекин, одатда, отга ўзи минолмайдиган амир Жондор, бу сафар сипоҳни итариб ташлаб, бир талпинишда оғир гавдасини эгарга олди.
– Хўш, омон бўлинг, пирим!
– Оллоҳга топширдим, амир!
Амир Жондор бетоқат арғумоғини уст-устига қамчилаб, қўрғон ортидаги қирга чиққунча от чоптириб борди, қирга чиққач, отини жиловидан тортиб, пастга, ой шуъласида қорайиб кўринган қўрғонга ўгирилиб қаради. Қўрғон олдида ҳамон аллақандай кўлагалар ғимирлаб юрарди.
– Хўш, чаноқийга қайси зоти олийлар ташриф этмиш, танидингми, ясовул?
Қашқир одатдагидай эҳтиёткорлик билан жавоб берди:
– Қайдам, қоронғида унча танимадим, амирим!..
– Муғамбирлик қиласен, шайтони басир!
– Биллоҳи азим, амирим.
– Билмасанг билиб қўй: бул чаноқийга доруссалтана доруғаси Мироншоҳ билан Шайхулислом Бурҳониддин жаноблари лутфан ташриф буюрмишлар! Боя нечун шошганимни энди уқдингми, ғилай?
– Уқдим, амирим! – Қашқир саман отини ниқтаб, амирга яқинроқ борди. – Чаноқийда не маслаҳат бўлди? Бу дарбадарлик ғурбатидан қачон халос бўлурмиз, амирим?
– Сабру тоқат қилғайсен, ғилай! – деди амир Жондор ва нечун кулди. – Сабот қилсанг тезда бу ғурбатдан халос бўлиб, шаҳзоданинг ҳарамига кирасен, унинг сулув нозанинларини қучиб ётасен, ғилай!
“Шаҳзоданинг куни битгандур!”
Қашқир кундуз болохонада кўрган санам тўғрисида гапни айтадиган пайт келганини сезиб, юраги ўйнаб кетди. Кейин бояги маъюс ўйлари эсига тушиб, бир зум иккиланди, лекин… тарки одат амримаҳол, риёкорликка ўрганган одам, қиқирлаб кулди:
– Амирим ўз сўзида турадими, йўқми – билмасмен. Аммо бу дарбадарликдан қутулган кунда фақир сизга ҳуснда тенгсиз бир париваш тортиқ қиламен, бошингиз кўкка етадур, амирим!..
– Қайси париваш? – Амир Жондор арғумоғини қамчилаб Қашқирнинг устига бургутдай бостириб келди. – Илоннинг ёғини ялаган шайтони басир! Сен мавлоно Муҳиддиннинг ожизаси қайга яширинган – биласен! Билиб туриб мендан сир тутасен!
Қашқир отини жиловидан тортиб орқага тисарилди.
– Амирим…
– Сўзла, иблиси лаин, қайга яширгансен ул малакни?
Қашқир бир ўйида амирни тўғри Хуршида бону яшириниб ётган жойга бошлаб боргиси келди-ю, Қаландарнинг таҳдидли сўзлари эсига тушиб, ўзини тийди. Агар бону ётган жойни айтса, бу ҳирсли қўтас уни ҳозироқ бу хатарли юмушга ундашдан тоймайди.
– Амирим, бу дарбадарликдан қутулган куни беш-ўн нафар навкар берасиз, топиб келамен. Ҳозир ул малакни қидирмоқдан фойда йўқ!
Амир ўзича пўнғиллаб сўкинди, кейин:
– Эрта эмас, бириси куни тилаган навкарингни берамен, – деди. – Топиб келмоғинг аниқму, шайтон?
– Аниқ, амирим!
24
“Боғи майдон”ни бир сайр қилиб келиш ниятида чиққан Мирзо Абдуллатиф, боғни кўргач, Кўксаройга қайтгиси келмай қолди. Пешинда қуйган жаладан кейин боғ гўё чўмилган келинчакдай очилиб кетди. Ёмғирда ювилган дарахтлар, хиёбонларнинг икки ёнида саф тортган сарвлар аллақандай мулойимлашиб, яшнаб, бўлакча бир гўзаллик касб этди. Арчалар орасида товланган оқ, сариқ, нафармон ва қизил гул косачаларини лим-лим тўлдирган тиниқ томчилар, гўё нафис пиёлачаларга қуйилган майдай гул-гул ёнди, борлиқни булбул хониши тутди. Гўё ҳар бир шох, ҳар бир япроқ тагига яшириниб олган булбуллар тобора авжга чиқар, бошқа ҳамма қушлар овозини босиб, яйраб-яйраб тўлиб-тошиб сайрашарди.
Абу Саид Мирзо қочганидан кейин яна васваса босиб, уйқу кўрмай изтиробда юрган шаҳзода гўё кўнглидаги барча ташвиш ва ғам-андуҳлардан соқит бўлгандай енгил тортди. Майин қизил қум сепилган, беҳад катта боғнинг энг хилват жойларигача олиб борадиган хиёбонларни, ҳилол ва юлдузлар шаклида ясалиб, бўлакча бир меҳр билан парвариш қилинган мўъжаз гулзорларни айланаркан, шаҳзода болалик ва ўсмирлик чоғларида бу гулгун масканда ўтган маъракалар, дабдабали тўйлар, хушовоз хонандалар, товусдек раққосалар иштирокида берилган базми жамшидлар эсига тушиб, нечундир кўзига ёш келди. Ёдида бор: қайси бир улкан маъракага у олис Хуросондан жаннатмакон бобоси Шоҳруҳ Мирзо билан бирга келганди. Худди мана шундай илиқ кўклам пайтлари эди. Камида бир туман суворий кузатиб келган бу катта карвоннинг бошида, устига ипак соябонлар тутилган кобулий араваларда, энагаси Гавҳаршод бегим канизагу жориялари билан савлат тўкиб ўтирарди. Юзларига ҳарир ипак дурра ташлаб олган бу гўзал канизлар шаҳзоданинг юрагини жазиллатар, у дам от ўйнатиб соябонли аравалар атрофида гир айланар, дам арғумоғини аёвсиз қамчилаб, йироқ-йироқларга чоптириб кетарди. Бобоси Шоҳруҳ Мирзо тез юришни ёқтирмас, у энг яқин муқарраблари, хусусан, уламолар ва дин пешволари билан суҳбатлашганича, карвон бошида отини секин йўрттириб борар, лекин невараларининг шўхликларини тақиқ этмас, билъакс, улар от ўйнатиб, қиличбозлик қилиб юрганларини кўрса хушнуд бўлиб кулиб қўяр эди. Кечқурунлари эса, катта карвон кенг даштда, бўлиқ ўтлоқларда қўнар, қир ёнбағирларига ранго-ранг ипак чодирлар тикилар, ҳаммаёқда лов-лов гулханлар ёнар, Ҳиротнинг машҳур баковуллари барра қўзилардан кабоб қилишар, доривор ўтлар солинган хушбўй шўрвалар пиширишар… Шунда қоронғиликка чўмган кенг дашт улкан лашкар қароргоҳини эслатиб, шаҳзоданинг хаёлини олиб қочар, юрагида жўшқин, пўртанавор истаклар уйғотар эди. У гоҳ даштдаги отларнинг кишнашига, гоҳ яқин чодирлардаги гўзал канизакларнинг майин кулгиларига, зеб-зийнатларининг нафис жаранглашларига қулоқ солиб, осмонга сочилган беҳисоб юлдузларга тикилиб ётаркан, олам беғубор, ёруғ бир маскан бўлиб туюлар эди унга. Юраги улуғ жангу жадаллар, дабдабаю асъасалар, шон-шавкату тожу тахт ишқида ёнар, лекин бу тожу тахт унга шон-шавкату улкан бахт эмас, бундай ғурбат ва изтироб келтирар, деган хаёл етти ухлаб тушига ҳам кирмас эди… Кошкийди, ўша беғубор ўспиринлик йиллари бир дақиқагина қайтиб келса?..
Шаҳзоданинг дилини маъюс, аммо ҳар кунги мудҳиш туйғуларга ўхшамаган, аллақандай покиза ҳислар чулғаб олди. Шаҳзода мажруҳ қалбини илиқ нурга йўғирган бу эсдаликлар олами билан видолашгиси келмай бир-бир босиб “Чил устун”га қайтди. Кун ботганми, йўқми, билиб бўлмас, лекин деворлари кўк, сариқ, пуштиранг хитой кошинлари билан безатилган “Чил устун” кошонаси гўё улкан бир гулхан ичида қолгандай ял-ял ёниб кўзни олар, фақат кошонанинг тўрт бурчидаги ложувард минораларгина бўлакча жилоланиб, оловга бўй бермаган тош устунлардай бу ажиб гулхандан ажралиб турарди…
Шаҳзода кошона олдида қўл қовуштириб турган маҳрамлар ёнидан ўтиб, оқ мармар зинанинг пиллапояларини бир-бир босиб, иккинчи ошиёнага чиқди. Иккинчи ошиёнанинг зарҳал безаклардан чарақлаб кетган серҳашам хонасида уни балхлик занжисифат саройбон кутиб олди. Шаҳзода унинг таъзимига эътибор ҳам бермай айвонга чиқди. Четларига ўймакор панжара ясалган катта айвонга ипак кўрпачалар тўшалган, ўртадаги хонтахтага баркаш-баркаш ноз-неъматлар қўйилган эди. Бу ердан, тепаликка қурилган бу кошонанинг айвонидан, ёмғирда чўмилган кўз илғамас улкан боғ, қизил қум сепилган хиёбонлар, ҳилол ва юлдуз шаклидаги гулзорлар янада гўзалроқ, янада сўлимроқ кўринарди. Олисда, Кўҳак қирининг ортида, ҳарир кўкиш туман орасидан кўтарилган юксак тоғлар кўзга чалинар, Самарқанд дарахтлар орасидан аниқ кўринмас, лекин берироқда, яшил япроқлар орасида, яна бир юксак бино кўзни қамаштириб чарақлар, бу – шафақ жилоланган расадхона пештоқлари эди…
Шаҳзоданинг хаёлини саройбоннинг журъатсиз овози бўлди:
– Давлатпаноҳ, афв этгайлар. Қайтмоқ даркор. Тезда доруссалтана дарвозалари беркиладур…
“Дарвоза беркиладур?.. Йўқ, у Кўксаройга қайтмайди. У букун шу боғда, шу кошонада тунайди. Шояд бу боғда тунаб, юрагини эзган мудҳиш васвасадан қутулса, шояд!..”
– Мусаллас борму? – деди шаҳзода кўзларини юксак тоғлардан узмай.
– Бор, давлатпаноҳ… – Саройбон оёқ учида юриб, меҳмонхонага кириб кетди-да, дарҳол қайтиб чиқди. Шаҳзода унга қарамаса ҳам, кўзачадан қуйилаётган шаробнинг майин қултиллашини эшитди.
– Марҳамат қилгайсиз, давлатпаноҳ…
Шаҳзода гулдор хитой косасида қип-қизил ёниб турган қуюқ майни бир кўтаришда сипқориб, “тағин” деб имо қилди. Иккинчи қадаҳни ҳам бўшатиб, саройбонга қайтариб бераркан:
– Букун шу жойда тунаймен, – деди. – Баковуллар борму?
– Хизматингизга мунтазирдур, давлатпаноҳим…
– Айт, бедана кабоб пиширсинлар!
– Бош устига…
– Тўхта! – шаҳзода кулимсираганича саройбоннинг қўлидан гулдор чинни идишни олиб хонтахтага қўйди. Унинг дилида қандайдир янги бир тилак, шўхлик, сафо истаги туғилган эди.
– Кўксаройга чопар юбор! Ҳарам бекасига айтсин: беш-олтита ёш канизлар билан хонандаларни олиб, дарҳол етиб келсин… Уқдингму? – шаҳзода яна кулимсираб, саройбонга кўз қисди:
– Букун бирга айш қиламиз. Канизлар орасидан кўнглингга ёққанини танлаб оласен!..
– Тасанно, давлатпаноҳим! – Саройбон кулимсираб, орқаси билан юриб чиқиб кетди.
Шаҳзода мунаққаш чинни идишдан яна бир пиёла май қуйиб ичди-да, хонтахтадаги ноз-неъматлардан бир-икки чуқилаб, ипак кўрпачага ёнбошлади…
Боғлар ортидаги шафақ сўнган, осмонда, сийрак булутлар орасида илк юлдузлар ёнган эди. Пастдан саройбоннинг ўктам овози, дукур-дукур оёқ товушлари эшитиларди. Сал ўтмай, бу овозлар ҳам тинди-ю, кошона теран сукутга чўмди. Шаҳзода бутун аъзойи баданига роҳатбахш бир нарса қуйилиб, бўғин-бўғинларигача бўшашиб, майинлашиб бораётганини сезди-да, бошини парқу ёстиққа ташлади, кўзлари илиниб бораркан, кўнглидан: “Шояд шу бугун барча ғурбатлардан халос бўлсам!” деган фикр ўтди. Лаблари пичирлаб: “Ё раббим! Ўз ҳифзи ҳимоятингда сақлаб, раҳм-шафқатингни дариғ тутмагайсен!” деб қўйди.
Шаҳзода туш кўрди. Гўё у Кўксаройда, ҳарамхонага ёндош ўрдадай кенг, муҳташам хонада катта базми жамшид қураётган эмиш. Базмга барча амирлар ва нуфузли беклар, девон ва сарой маҳрамлари ва шаҳзоданинг энг яқин муқарраблари йиғилган эмиш. Баковуллар олтин баркашларда таом устига таом тортишар, май дарё бўлиб оқар эмиш. Пойгакда ўтирган машҳур созандалар жон олувчи дилрабо куйлар чалармиш, хонанинг тўридаги ҳарир парда орқасида эса яримяланғоч нозанинлар зеб-зийнатларини ёқимли жаранглатиб, нозу карашмалар билан минг мақомда хиромон қилармиш… Тўсатдан эшикдан амир Султон Жондор тархон кириб, саждага бош эгармиш. Шаҳзода амир Жондорни кўриб, ўрнидан туриб кетармишу:
– Ушланглар бу фитначини! – деб бақирармиш. – Бу каззоб доруссалтанада яшириниб, бизга чоҳ қазиб юргандур!
Тўрда ўтирган бир неча амирлар ўринларидан сакраб туриб, қиличларини яланғочлар эмиш. Лекин амир Жондор бунга парво қилмай, шаҳзодага юзланиб яна таъзим қилармиш.
– Пушти паноҳим! Фақир фитна-фасоддан йироқ садоқати зоҳир қулингиздурмен! – дермиш.
– Содиқ қулим бўлсанг қайларда юрибсен, баттол? – деб бақирар эмиш шаҳзода.
– Садоқати зоҳир қулингиз сиздай валинеъмат пушти паноҳимга кийик овлаб, тоғларда юрган эдим. Букун бир кийикнинг бошини келтирдим! Уни есангиз барча ғурбат, барча хасталикдан фориғ бўлиб, қушдай енгил тортасиз, давлатпаноҳ! – Амир Жондор шундай деб, эшикдан кимнидир имлаб чақирармиш. Хонага дастурхон ёпилган катта олтин баркаш кўтариб, нотаниш бир навкар кириб келармиш. Амир Жондор унинг қўлидан баркашни олиб, шаҳзодага узатармиш:
– Барча дардингизга даво бўладур, татиб кўринг, давлатпаноҳ!
Шаҳзода баркашни олиб, дастурхонни очармиш. Олтин баркашда… қонга бўялган унинг ўз боши тиржайиб ётармиш!.. Баркаш қўлидан тушиб, қонга бўялган боши ерга юмалаб кетармиш…
Шаҳзода дод солиб қичқирганича… уйғониб кетди. У тушидагина эмас, ўнгида ҳам дод солиб бақириб юборди чамаси, чанг ва сетор овози келаётган ёндош хонадан балхлик саройбон билан яна бир маҳрам югуриб чиқди. Улар чиққанда, шаҳзода, ўнг қўлида яланғоч қилич, чап қўли билан айвоннинг устунини қучоқлаганича сармаст одамдай чайқалиб турар, унинг бу туриши, олазарак кўзлари, бутун важоҳати шундай мудҳиш эдики, югуриб чиққан саройбон билан маҳрам яқин келолмай бўсағада тўхтаб қолишди.
– Сиз… сизга не бўлди, давлатпаноҳ!
Балхлик саройбоннинг таниш овози шаҳзодани хиёл ҳушига келтирди. У ҳозир кўрганлари туш эканини эндигина тушуниб, бўшашиб кўзини юмди. Лекин кўзини юмиши билан нигоҳи олдига яна олтин баркашда тиржайиб ётган ўз боши келиб, бир ирғиб тушди-ю, қилич яланғочлаганича қаршисида турган саройбон томон юрди. Саройбон билан унинг орқасига яшириниб олган маҳрам, саросима ичида, ўзларини четга олишди. Бошидаги тождор телпаги бир томонга оғиб кетган, кўзлари қинидан чиқаёзган шаҳзода гандираклай-гандираклай чароғон хонага кирди. Пойгаҳда қути ўчиб турган бир неча машшоқ ва хонандалар уни кўриб, ўзларини зинадан пастга отдилар, тўрда, ипак парда орқасида бир-бирларининг пинжларига кириб олган канизаклардан бири додлаб юборди.
– Йўқол! – бақирди шаҳзода пойгаҳда тўхтаб. – Йўқол бу даргоҳдин!
Яримяланғоч канизлар, гўё ҳурккан кийиклардай, бир-бирларини туртиб-суришиб, мармар зиналардан пастга отилишди.
Шаҳзода уларнинг диркиллаган оппоқ танларидан кўзини олиб қочаркан: “У ерда ҳам яланғоч канизлар, бу ерда ҳам яланғоч канизлар, – деган фикр хаёлидан ўтди. – Эй дариғ! Тушимми бу ё ўнгимми? Бошимда яна не савдолар бор, халлоқи олам!..”
Чароғон хона уни хиёл ўзига келтирди. У қиличини қинига солиб, хонанинг ўртасида тўхтади. Лекин юраги ҳамон гурс-гурс урар, нафаси етмай ҳансирар эди…
“Оллоҳга шукурким, туш экан. Туш! Лекин қонга бўялган ўз боши!.. Эй, дариғ! Осий банданг бошига тағин не савдолар соласен? Тақдир нени раво кўрадур?”
“Тақдир” сўзи шаҳзодага негадир мавлоно Али Қушчини эслатди.
“Филҳақиқат, ул жомиул улум8383
Жомиул улум – барча илмлар эгаси.
[Закрыть] зойича кўриб, шаҳзоданинг тақдирини сўзлаб бермоғи лозим эди!” – Шаҳзода кўзлари бежо ёниб, эшикда қотиб турган занжисифат саройбонга қаради.
– Дарҳол Кўксаройга чопар йўлла! Мавлоно Али Қушчини олиб қайтсин!
– Давлатпаноҳ! – Айвон эшигида турган саройбон журъатсизгина одимлаб, ичкарига кирди. – Тун ярмидан ошмиш. Доруссалтана дарвозалари ёпилгандур!
Шаҳзода қалтироқ босиб, унга томон юрди.
– Чопарнинг илкига ёрлиқ битиб, муҳр босиб бер! Ёхуд ўзинг бирга бор! Бас! Мавлонони ер остидан бўлса-да, дарҳол топиб келасен. Уқдингму?
Саройбон жимгина бош эгганича пастга тушиб кетди.
Шаҳзода ҳолсизланиб деворга суянди. Мудҳиш қўрқув уни карахт қилиб қўйган, у ҳолдан тойиб “шилқ” этиб йиқилиб тушишга тайёр, лекин йиқилиб тушишдан қўрқар, зеро, кўзини юмса олтин баркашда қонга беланиб тиржайиб ётган ўз бошини кўришини билар эди. Нигоҳи олдидан кетмаётган бу даҳшатли манзарани унутиш умидида у яна бир пиёла май ичди. Лекин аксига олиб, бу сафар мусаллас унинг юрагини баттар увиштирди. У гўё эшикдан ҳозир амир Жондор кириб келадигандай, кириб келиб дастурхон ёпилган машъум баркашни узатадигандай, яна бир лаҳза гаранг бўлиб турди. Бутун вужуди қулоққа айланиб, пастдаги овозларга қулоқ солиб қотиб тураркан, олазарак кўзлари тўсатдан токчадаги китобларга тушди. Айвонга чиқадиган эшикнинг устидаги қуббасимон токчага терилган бу китобларга, афтидан, ҳеч ким тегмаган, уларнинг кўк, сариқ, қизил чарм жилдлари олтин қандилга терилган шамлар шуъласида хил-хил жило таратиб камалакдай товланарди.
Шаҳзода нигоҳи олдидаги совуқ манзарани қувиш умидида кўк чарм жилдига зарҳал безак солинган қалин китобни олди: Низомий Ганжавий!..
Шаҳзода ёшлигида, мадрасада таълим олиб юрган чоғларида Низомийнинг мусиқадай тиниқ шеърларини, пурҳикмат ривоятлари ва достонларини кўп мутолаа қилган эди. Шу сабабданми, шаҳзоданинг дилида умидга ўхшаш қандайдир бир нарса “милт” этди. Гўё хаёлини чулғаб олган мудҳиш жумбоққа Низомий Ганжавийдан жавоб топадигандай шоша-пиша китобни очиб, биринчи мисраларига кўз югуртирди, югуртирди-ю, ҳудди бошига оғир гурзи тушгандай чайқалиб кетди. Кўз олди қоронғилашиб, кўк чарм жилдлик оғир китоб, худди тушида кўрган олтин баркашдай, қўлидан сирпаниб тушиб йиртиқ варақлари гиламга сочилиб кетди…
Ё раб! Ҳозир китобни очганда дафъатан кўзи тушган илк мисралар… тушида кўрган қонли калладан ҳам даҳшатли эди… Шаҳзода юрагини чангаллаганича кўзини юмди, лекин зарҳал ҳарфлар билан битилган сирли мисралар худди бояги қонли калладай кўз олдидан кетмай, оловдай ловиллаб турарди. Шаҳзода дилига даҳшат солган бу икки байтни охиригача ўқидими, йўқми, ўзи ҳам билмас эди. Лекин ундаги “Падаркуш, тожу тахт, олти ой…” деган сўзлар худди қиздирилган темир билан ўйиб ёзилгандай миясини жаз-жаз куйдириб, нигоҳи олдида ял-ял ёниб турарди. “Падаркуш… тожу тахт… олти ойдан ошмайдур…”
“Унинг тахтга ўтирганига неча ой бўлди?.. Шаъбон ойи эди. Букун раббиул аввал8484
Раббиул аввал – 1450 йил май ойига тўғри келади.
[Закрыть] … олти ой… бўлмиш!”…
Шаҳзода турган жойида гиламга тиз чўкиб, саждага бош қўяркан, кўксидан аччиқ фарёд аралаш бир нидо отилиб чиқди:
“Осий бандангга ўзинг шафқат қилгайсен, эй парвардигори олам! Ва лекин ёзуғим недур? Қудратингга шак келтириб, ҳақ йўлидан тойган ул бетавфиқ галаи сакларни қатли ом қилганимми? Бединлар битган макруҳ китобларни ўтга ёққанимми?.. Осий бандангга аён қил, ёзуғи недур унинг, недур?”
Шаҳзода ер ўпганича кўкка тавалло қилиб, раҳм-шафқат тилар, юм-юм йиғлаб, телбаланиб алланималарни сўзлар эди…