Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 19 (всего у книги 25 страниц)
14
– Яна йиғламоқни бошладингизми, мавлоно? Уч ой бўлди, туну кун кўз ёши тўкасиз? Фойдасини кўрдингизми? – Али Қушчи қўлларини кўксида қовуштирганича муздай деворга суяниб турарди. Зимистон хонанинг бир бурчидан мавлоно Муҳиддиннинг йиғи аралаш заиф овози эшитилди:
– Фойдаси бўлур эди, агарчи сиз сўзимга кирсангиз…
– Таассуфлар бўлғайким, сизнинг сўзингизга киролмасмен. Юз маротаба айтдим…
– Қайсарлик қиласиз. Бу қайсарлигингиз билан ўзингизни ҳам, каминадай ногирон бир фақирни ҳам бу жаҳаннамга тириклайин кўммишсиз!.. – Қоронғида пиқ-пиқ йиғи овози эшитилди. Мислсиз мунг ва изтиробга тўла бу ингичка товуш Али Қушчининг кўксини тешиб ўтгандай бўлиб, қўллари билан қулоқларини босди, кўзларини чирт юмиб олди. Мана икки ойдан ошди, аҳвол шу: туну кун йиғи, нола, таъна-маломат… Али Қушчи бошига тушган ҳамма мусибатга – очликка, совуққа, нафасни бўғувчи қўланса ҳидга, кана ва суваракларнинг хуружига – ҳаммасига бардош қилишга тайёр, лекин бу овоз, ногирон гўдакнинг йиғисидай бу зорли йиғи юрагини тилка-тилка қилаётгандай қийналар, изтироб чекар эди. Биринчи кунлари у мавлононинг йиғисини эшитганда ўзи ҳам кўз ёшларини тиёлмай тўлғанди, уни ёш боладай юпатишга уринди, сабр-тоқатга чақириб, ялиниб-ёлворди, узоқ-узоқ насиҳатлар қилди. Лекин бу насиҳатлар мавлононинг қулоғига кирмас, кўз ёшларини булоқдай оқизиб, нола чеккани чеккан эди. Бир томони мавлонога ҳам қийин, у ҳибсга тушган дастлабки кунлари қаттиқ ётиб қолди, кечалари оловдай ёниб алаҳлаб чиқар, ёмон тушлар кўриб уввос тортиб уйғониб кетар, кўзларига алланималар кўриниб қоронғи бурчакка тиқилиб олар ва бир нималар деб пичирлар эди. Шундай пайтларда Али Қушчи унинг ақлидан озишидан ё ўлиб қолишидан қўрқиб ваҳимага тушар, гўё бунга ўзи айбдордай кечаси билан мижжа қоқмай қийналиб чиқар, айни замонда юрагидаги сирни оча олмаслигини, бу сирни очишга ҳаққи йўқ эканини тушуниб икки ўт ўртасида ёнар эди. У мавлоно Муҳиддинга қўлидан келганича ёрдам беришга, унинг жонига ора киришга уринарди, келган овқатнинг кўпроқ қисмини унга берар, кечалари чакмонини унинг устига ёпиб, ўзи тонг отгунча тор хонани айланиб чиқарди. У энди фақат шундай пайтларда, мавлоно Муҳиддин уйқуга кетиб, ўзи эса совуқдан тишларитишларига тегмай тор ҳибсхонани гир айланиб юрган пайтларидагина ором оладиган бўлди. Шундай бедор тунларнинг бирида унинг хаёлига ғалати бир фикр келди…
Сўнгги йилларда Али Қушчи катта бир рисола ёза бошлаган эди. “Рисолаи дар фалакиёт” деб номланган бу китоб коинот илмининг энг мураккаб масалаларига бағишланган эди.
У рисоланинг муқаддимасини, тўғрироғи, муқаддиманинг биринчи қисмини ёзиб тугатган эди ҳам. Ҳандаса илмининг асосларига бағишланган бу қисмда, Али Қушчи нуқта, чизиқ, сатҳ, тўғри ва эгри чизиқ, мутасави, тўғри мутасави чизиқлар ва ниҳоят, доира тушунчаларига батафсил тўхтаган, лекин табиат масалаларига доир иккинчи қисмини ҳали бошлай олмаган эди.
Али Қушчи кечалари, мавлоно Муҳиддиннинг кўзи илинганда, зимистон хонани секин айланаркан, ногаҳон хаёлига шу рисолани давом эттириб, уни ниҳоясига етказиш фикри келди. Рост, қоғозқаламсиз коинот илмининг чигал масалаларини ечиш қийин. Лекин не чора? Қоғоз-қалам йўқ деб, умри беҳуда ўтадими? Бир чорасини қилмоқ керак. У рисола устида қайта-қайта ўйларкан, бу иш кўнглига катта тасалли беришини сезиб қолди. У тор хонани оҳиста айланиб фалак илмининг мураккаб қонунларини идрок этаркан, ҳибсда ётгани батамом эсидан чиқар, кўнглидаги барча ташвиш, барча ғам-андуҳ гўё тўзғиб кетар, ҳатто қалбидаги сўнмас дард, энаси Тиллабиби тўғрисидаги нотинч ўйлар ҳам хаёлидан кўтарилар эди. Мана бугун ҳам мавлоно Муҳиддин мизғиб кетгандай бўлиб, ҳибсхона жимиб қолиши билан Али Қушчининг хаёли яна ўша суюкли рисоласига кетди. Лекин фикрларини бир жойга тўплаб, энди чор унсур – ўт, ҳаво, сув ва тупроқдан ташкил бўлмиш жисмларнинг таркиби ҳақида ўйлашга киришган ҳам эди, мавлоно Муҳиддин уйғониб кетиб, яна кўз ёшини бошлади. Шу сабабми, унинг ноласи бугун ҳар кунгидан ҳам баттар таъбини хира қилди. “Бу не фозилким ҳаётни теран идрок этмаса, идрок этиб, сабр-тоқат қилмаса? – деди у куйиниб. – Наҳотким, бу зот ўша риёзиёт илмида ҳеч бир аллома бас келолмайдиган, машҳур ва маълум мавлоно Муҳиддин ҳазратлари бўлса? Эй, парвардигори олам! Бошимга не савдолар солсанг солғайсен ва лекин бу бандангдай беқарор ва субутсиз қилмагайсен!”
Зимистон хонанинг бир бурчидан мавлоно Муҳиддиннинг ингичка, ногирон овози эшитилди:
– Эй, парвардигор! Бу қайсарликдан энди не фойда? Бу куфр китоблар алҳол кимга керак?!
Али Қушчи гўё юрагига биров ниш ургандай қалтираб кетди.
– Не дедингиз, биродари азиз? Куфр китоблар?! Бу… бу қабиҳ сўзни айтмоққа қандай юзингиз чидади, мавлоно Муҳиддин?!
– Виждондан сўзламанг! Ношаръий китоблар битиб, гуноҳи кабирга ботмасак, Оллоҳ таоло бошимизга бу кулфатларни солмас эди, мавлоно!
Али Қушчи асабий кулди.
– Бу сўзни бир бандаи ғофил айтса ажабланмас эдим… Лекин сиздай етук алломанинг оғзидан эшитмоқ… ақлга сиғмайди, мавлоно. Зеро, бу уқубатни сиз билан меним бошимга ҳақ таоло эмас… – осийлик қилсам ўзинг кечиргайсен, парвардигори олам!.. – Ҳақ таоло эмас, ўз падари бузрукворига қилич кўтарган бир падаркуш солгандур, мавлоно!
– Тангри таоло лозим ва лобид кўрмаса бу ғурбат бўлмас эди!
Али Қушчининг асабий пирпираган лабларига кинояли табассум югурди.
– Ҳа, тангри таоло лозим кўрса шу букун бу ғурбатдан соқит бўлурсиз!
– Иншооллоҳ, шундай. Ва лекин бунинг учун шаҳзодага муқовамат6969
Муқовамат – қаршилик.
[Закрыть] қилмай гуноҳимизга иқрор бўлмоғимиз даркор.
– Сўзингизда мантиқ йўқдур, азизим! Хўп, камина шаҳзода билан ўшал такаббур шайх айтгандай бедин китобларни яшириб ғайришаръий юмуш қилибмен ва бунинг жазосини тортмоқдамен. Ва лекин сиз-чи? Сиз жаннатмакон устоднинг васиятидан юз ўгириб, бу сирни очдингиз. Куфр китоблар яширилганига Қуръони шарифни ўпиб иқрор бўлдингиз. Ҳақ сўзми бу?
– Хўш?
– Ҳақ сўз бўлса сиз нечун жазо тортмоқдасиз? Тангри таоло нечун сизга бу жазони лойиқ кўрадур?
– Фақир сизнинг гуноҳингизга куйганмен!
– Йўқ! – деди Али Қушчи ҳансираб. – Сиз каминанинг гуноҳимга эмас, ўз гуноҳларингизга куймишсиз. Ул алломалар сарвари, ҳокими одил, устод Мирзо Улуғбекнинг сўнгги тилагини оёқ ости қилганингиз учун Оллоҳ таоло сизга бу интиқомни лозим ва лобид кўрмишдур. Зеро… сўзимни бўлмагайсиз, мавлоно! Зеро, худованди каримнинг бандаи мўъминлари бўлмиш аҳли дониш лар битган бу нодир китобларни яширмоқ гуноҳ эмас, уларни аҳли фасод гумроҳлар қўлига топшириб, йўқ қилмоқ гуноҳи кабирдур, мавлоно!
– Йўқ қилмоқ нияти йўқдур!..
– Йўқ бўлса нечун аҳли донишлар яратган бу дурдоналарни макруҳ деб атайдур? О, мавлоно, мавлоно! – Али Қушчи юраги тарс ёрилиб кетаётгандай бўлиб қаттиқ уф тортди. – Не чора, устод Мирзо Улуғбек пешанамизга сиғмади! Ул алломаи воҳид Мовароуннаҳр осмонида порлаб турган бир шамс эди. Бу шамсни сўндирган жоҳил уламоларнинг муддаоси менга аёндур. Зеро, Амир Темур урушларидан чарчаб, устод даврида енгил нафас олган бу шўрлик эл, надоматлар бўлғайким, тағин мустабид шоҳ чангалига тушди. Мустабидлар эса, илми маърифатга дўст бўлолмайдур. Зеро, бири сув бўлса, бири олов, бири зиё бўлса, бири зулматдур, мавлоно! – Али Қушчи нафас етмай томоғини силади-ю, жим қолди. Ўртага чўккан жимликда қаердандир бир бурчакдан мавлоно Муҳиддиннинг йиғламсираган маҳзун товуши келди:
– Не қилай, азизим, не қилай?
– Сабот қилинг, биродар. Зеро, барча мустабид шоҳларнинг кучи қиличида бўлса, аҳли донишларнинг иқтидори шундаким – улар зулматдан сўнг офтоб чиқишини биладур. Ойнинг ярми қоронғи бўлса, ярми ёруғдир. Фақат бу офтобни сабот билан кута билмоқ керакдур. Токи сабот қилмоқ ҳам муқовамат қилмоқ билан тенгдур, мавлоно!..
– Ё раббий! Бу ғурбатда ҳам муқоваматни ўйлайдур!
– Сиз бўлса жон сақламоқни ўйлайсиз! Лекин жон сақламоқ аҳдида бу тубан падаркушнинг оёғига йиқилиб, устоднинг васиятига хиёнат қилганда, не бўлдингиз? Камина билан бир зиндонда ётибсиз.
– Агар-чи, сиз бу йўлдан қайтсангиз эди…
– Йўқ, қайтмасмен! Қайтмасмен! – деди Али Қушчи қоронғида энтикиб. – Устоднинг покиза руҳига хиёнат қилиб бу нодир хазинани маҳв этгандан кўра фақир бу қабрга тириклайин кўмилганим мақбулдур! Бу нуқусил ақл7070
Нуқусил ақл – калтабинлар маъносида.
[Закрыть] гумроҳларга бош эгиб, бўлғуси насллар, авлод ва аждодлар лаънатига қолгандан, бу зиндонда чириб кетганим яхшидур!
Али Қушчи жим қолиши билан қоронғи бурчакда яна мавлоно Муҳиддиннинг шикаста товуши эшитилди:
– Устод йўлида ўз жонингизга қасд қилдингиз. Дуруст. Фақирга раҳм-шафқат қилмадингиз. Дуруст. Ва лекин энангизга раҳм қилсангиз бўлмасми?
– А?
– Бечора кампир! Унинг ҳоли не кечди?
Али Қушчи индамади, қоронғида унинг оғир энтикиб, аллақандай вишиллаб нафас олгани эшитилди, холос.
Мавлоно Муҳиддин унинг энг нозик жойига теккан, усиз ҳам безиллаб турган ярасини шафқатсиз тирнаган эди…
Ҳибсга тушибдики, Али Қушчининг кўз олдидан ўша машъум манзара – кутубхонага тўсатдан бостириб кирган навкарлар ва остонада йиқилиб қолган энаси Тиллабиби кетмас эди. Ҳар сафар Али Қушчи буни эслаганида вужуд-вужудигача қақшаб, ўзини қўярга жой тополмай қоларди. Бу сафар юраги қаттиқ ачишди-ю, аъзойи бадани бўшашиб, ердаги бўйрага ўтириб қолди.
У бетиним безиллаган юрагига қўлини қўйиб, узоқ ўтирди, нечундир маъсум болалик чоғлари, ёзда энаси ва падари поки билан бирга соябон аравада қовун сайлига чиқадиган пайтлари эсига тушди.
Шаҳар ташқарисида, Обираҳмат томонларда, уларнинг боғлари, қовун полизлари бўларди.
Али Қушчи айниқса қовун сайлини яхши кўрар, полизлар тепасига тикилган қамиш капаларни, асалдай ширин қовунлар кўнглига текканда палак оралаб, хом сапча топиб, тошга ёриб ейишларини, кечқурунлари чайлалардан кўтариладиган аччиқ тутун ҳидини, ҳудудсиз даштда бўладиган кўпкар суронларини севар, қиши билан боққа кўчиб чиқадиган бу завқли дамларни соғиниб кутарди.
Қишлоқда уларнинг қариндошлари, сон-саноқсиз амма-холалари бўларди. Юзлари туршакдай буришиб қолган, лекин тилларидан бол томган бу меҳри дарё амма-холалар кичкина Алини кўрганда атрофида гиргиттон бўлишар, юз-кўзларидан ўпишиб, бири ҳовуч-ҳовуч майиз, бири туршак, бири ёнғоқ билан чўнтакларини тўлдириб юборишарди. Энаси Тиллабиби бўлса, бу айланиб-ўргилишлардан қўрқар, ҳар куни кечқурун исириқ тутатиб, унинг бошидан айлантирар, кечалари эса муштдеккина бўлиб, унинг бошида тонг отгунча ўтириб чиқарди…
Муштипар она! Ўғлининг болалик чоғларидагина эмас, Али Қушчи кап-катта йигит бўлиб, улоқ, пойга ва човгон7171
Човгон – тўп ўйини
[Закрыть] ўйинларига қатнашиб юрадиган пайтларида ҳам Тиллабиби унинг орқасидан қолмас, гоҳо: “Эҳтиёт бўл, бўталоғим!” деб қичқирганча асов отлар орасига кириб кетар эди. Энасининг бу қилиқларидан уялган Али Қушчи ҳарчанд илтимос қилмасин, ялиниб-ёлвормасин, ҳатто қаттиқ-қуруқ сўзламасин, фойда бермас, Тиллабиби: “Бўталоғим!” деб қичқирганича орқасидан югургани югурган эди…
Али Қушчининг хаёлини яна мавлоно Муҳиддиннинг йиғламсираган товуши бўлди:
– Дилингизга озор берган бўлсам, кечиргайсиз, ҳабибим. Не қилай?..
Али Қушчи индамади. Шу пайт ташқарида, қаердадир олисда, дукур-дукур оёқ товушлари эшитилгандай бўлди. Али Қушчи нафасини ичига ютиб деворга суянди. Мавлоно Муҳиддин ҳам ҳиқиллашдан тўхтаб, бирдан жимиб қолди. Ташқаридаги гурс-гурс қадамлар яқинлашиб оғир қулфларнинг шарақ-шуруғи сукутни бузди.
“Ўзинг шафе бўлғайсен, парвардигор!” – пичирлади мавлоно Муҳиддин. Али Қушчи ҳамон деворга суяниб тикка турар, юраги увишиб, оёқлари қалтирай бошлаган эди.
Темир қоплаган оғир эшик оҳиста ғичирлаб очилиб, қўлида шам ушлаган зиндонбеги, унинг кетида иккита сипоҳ кўринди. Али Қушчи шамнинг хира шуъласида амир Султон Жондор билан ғилай ясовулни таниди. Амир Жондор ташқарида қолди, ғилай ясовул эса зиндонбегининг қўлидан шамини олиб ичкарига кирди. Шамни боши узра баланд кўтариб:
– Мавлоно Муҳиддин! Қайдасиз? – деб сўради.
Хонанинг бир бурчида ғужанак бўлиб ётган мавлоно Муҳиддиндан садо чиқмади. У беҳуш йиқилиб қолганга ўхшарди.
– Гунг бўлдингми, мавлоно? – деди ғилай сансираб. – Соҳиби карам давлатпаноҳимнинг инояти-ла ҳибсдан озод бўлдинг! Тур ўрнингдан!
– Лаббай? Ҳа, ҳа!.. – Мавлоно Муҳиддин, ғилайнинг сўзига ниҳоят эндигина тушунгандай апил-тапил ўрнидан турди. Лекин ёруққа чиқмади. У қоронғи бурчакда ивирсиб ниманидир қидирар, алланималарни пичирлаб, гўё ақлидан озган одамдай ўзини у ёқдан-бу ёққа отар эди.
– Мавлоно, чиқ зиндондан! – деди ғилай бақириб. У қўлидаги шамни баландроқ кўтариб деворга суяниб турган Али Қушчига қаради.
“Ё раб! Ўзинг шафқат қилгайсен!” – деди Али Қушчи юраги музлаб. Лекин ясовул индамади. У кўзларини ғалати ўйнатиб бир ишшайди-да, хонадан чиқди.
“Наҳот тўхтамас? Наҳот бир сўз айтмай, бу совуқ гўрда тириклайин қолдириб кетар?”
Темир қопланган оғир эшик оҳиста ғичирлаб ёпилди. Йўлакдан тушиб турган хира ёруғлик сўниб, ҳибсхона яна мудҳиш қоронғиликка чўмди.
Али Қушчи аъзойи бадани бўшашиб бўйрага тиз чўкаркан, мавлоно Муҳиддинга айтган бояги гаплари эсига тушди, хаёлидан: “Ғурури ғолиб келиб айтган бояги такаббур сўзлар учун кўк юборган бир интиқом эмасму бу?” деган фикр ўтди. Лекин иккинчи дақиқада қалбида яна ўша исёнкор туйғулар жўш урди: “Виждон амрига бўйсунган садоқати зоҳир бир қулингга бу жазони лозим ва лобид топиб, тубанликка юз тутган ул субутсизга меҳр-шафқат инъом этсанг… адлу инсоф қайда, эй парвардигори олам?” – деди у хаёлан, сўнг, пешанасини ғадир-будир деворга қўйиб пичирлади:
“Бошга тушганни кўз кўрар, сабр қил, Али, сабр!”
15
Қаландар Қарноқий айтган Кўҳак қирининг этагида Қашқирни юзига ниқоб кийган бир кимса кутиб олди-да, жилға бўйидаги ёнғоқзор томон бошлаб кетди. Лекин ёнғоқзорга етмай тўхтади, кафтларини оғзига тутиб, зағчадай қағ-қағ қилди. Дарҳол ёнғоқзордан ҳам “қағ-қағ”лаган овозлар эшитилди-да, уч нафар отлиқ кўринди. Отлиқлар Қашқирни қуршаб олиб, ёнғоқзорнинг орқасидаги жарликка бошлаб тушишди. Жарликнинг тубида Қаландар Қарноқий гулхан ёнида исиниб ўтирарди. Бу сафар Қаландар уни очиқ чеҳра билан қарши олди, ҳатто “Қашқир” ҳам демай, “Э, хуш келибсиз, ясовулбошим!” – деб ёнидан жой кўрсатди.
Қашқир Қаландарнинг ёнидаги харсанг тошга чўнқаяркан, тун ярмида чуқур жарликда гулхан ёқиб ўтирган девсиймо Қаландар ҳам, уни қуршаб олган ниқобли кимсалар ҳам йўлтўсар қароқчиларга ўхшаб кетди-ю, кўксига пинҳона тупириб қўйди.
Қаландар унга наяки тутиб:
– Хўш, не мужда келтирдинг, гапир, ясовул?! – деди.
Қашқир мужда эмас, нохуш хабар келтирганини ўйлаб питирлаб қолди.
– Сўзла, ясовул! – деди Қаландар. – Бургутнинг чангалидай панжалари билан унинг тиззасини қисиб.
Қашқир қўрқа-писа гапни мавлоно Муҳиддиндан бошлади. Лекин сўзини тугатмасданоқ Қаландар ўрнидан туриб кетди. Гўё гап мавлоно Муҳиддин эмас, ўз устида бораётгандай чуқур бир афсус билан:
– Аттанг, аттанг! – деб қўйди. – Ахир субутсизлик қилибдурда! Суф ундай алломаи замонга! – У гулханни чир айланиб Қашқирнинг рўпарасида тўхтади. Қовоғини солиб:
– Хўш? – деди. – Али Қушчининг аҳволи нечук? Уни қутқармоқ йўллари топилдими? Туйнук очишнинг иложи борми? Чамалаб кўрдингми?
– Кўрдим… Қаландар… Туйнук очишнинг иложи йўқдур. Зиндонлар Кўксаройнинг остида. Пойдеворлари мустаҳкам. Бўлса бир йўли бордур – амир Жондорни қўлга олмоқ даркор.
– Амирни қўлга олиб бўладиму?
– Камина қўйнига қўл солиб кўрдим.
– Хўш?
– Амир ҳам шаҳзодадан норозидур. Чамамда, шаҳзода амир Жондорга, амир шаҳзодага инонмайди.
Қаландар заҳарханда билан кулди.
– Иншооллоҳ, айтганинг келсин! Жаннатмакон устоднинг яхшиликларига мислсиз ёмонлик қилган эди бу амир. Кимки, яхшиликка ёмонлик қилса ёмонлиги ўзига қайтади. Уни қўлга олмоқ лозим бўлса, дарҳол қўлга олмоқ даркор.
Қашқир гулхан шуъласида кўзларини ўйнатиб бир ишшайиб қўйди.
– Қўлга олмоқ керак, тўғри. Аммо амир Султон Жондор тархоннинг нархи фақирнинг нархидан юқори туради…
Қаландар қўлини силтади.
– Ҳа, муғамбир! Иш битса бас – оғзингга сиғганини оласен!
– Балли! Аммо тилла-тилла деб, минг сўзлагандан, бир марта унинг ўзини кўрмоқ яхшидур, дарвеш!
Қаландар Қарноқий пўнғиллаб сўкинди-да, белбоғидан бешолти танга олиб, Қашқирнинг оёқлари остига ташлади. Тошга теккан олтин тангалар қоронғида даранглаб юмалаб кетди. Қашқир шоша-пиша уларни йиғиштириб олиб, қўйнига яшираркан, Қаландарга қараб кўзини қисди.
– Сенга айтадурган тағин бир сўзим бор, Қаландар.
– Не сўз? Яхшиликму?
Қашқир гулхан атрофида ўтирганларга ҳадиксираб қаради.
– Бу хабарни ёлғиз сенга айтмоғим маъқул…
Қаландар бепарво кулди…
– Бу йигитларга ўзимга инонгандай инонамен, Қашқир. Сўзла сўзингни!
Қашқир елкасини учирди.
– Мавлоно Муҳиддиннинг амир Иброҳимбекнинг ўғлига никоҳланган бир ожизаси бор эди… Сулувликда донғи оламга кетган…
Қарноқий бетоқат бўлиб:
– Сўйла, ғилай! – деб бақириб юборди.
– Биласен, раҳматлик шаҳзода Абдулъазиз амир Иброҳимбекнинг ўғлини қатл қилдириб, бу нозанинни ўз ҳарамига олган эди…
Қаландар унинг кўкрагидан “шап” ушлаб ўрнидан турғазди.
– Нечук чўзасен? Тезроқ сўзла, баттол!
– Сўзим шуким, – деди Қашқир ғулдираб. – Бу гулрухсор нозанинга Мирзо Абдуллатифнинг ишқи тушибдур…
– Хуршида бонуни қайдан кўрибди бу хунрез?
– Ҳи-ҳи-ҳи, ёқамни қўйиб юбор, дарвеш… – Қашқир Қаландарнинг қўлидан зўрға чиқиб, бўйнини силади. – Шаҳзода бу гулрухсорга ишқ қўйса мен бечоранинг гуноҳим не? Қайдан кўрибди деб, ҳайрон бўласен? Кўрмаса таърифини етказганлар бордур, дарвеш!
– Сенга ўхшаган ғаламислар!.. Хўш, сўзла, муддаоси не шаҳзоданинг?
– Муддаоси ҳарамга олмоқ! Айш қилмоқ!..
– Оғзингни юм, қузғун! – Қаландар бошини қўллари орасига олиб оғир тебранди. – Қачон?
– Буни бир билса, амир Жондор билади, холос!
Қаландар бошини чангаллаганича сукутга толди. Ўртадаги гулханнинг сўна бошлаган шуъласида унинг серсоқол ялпоқ юзи, бир нуқтага тикилган кўзлари, бутун важоҳати аллақандай қўрқинчли, гўё у ҳозир ўрнидан сакраб туриб ҳамма ёқни ағдартўнтар қилиб юборадиганга ўхшарди. Гулхан теварагида ўтирган, қалпоқларини қошларигача бостириб кийиб олган йигитлар ҳам жим, ҳеч кимдан садо чиқмасди. Қашқир бу йигитларга тикилиб қарагиси, уларни таниб олгиси келар, лекин қўрқар эди.
Қаландар бошидаги кулоҳини юлиб олиб, қаттиқ ғижимлади.
“О, инсоф нелигин билмаган шаҳватпараст хоқон! Ҳарамингда занжирбанд этилган ўнлаб канизлар, ипсиз боғланган бахтсиз малаклар етмасмиди? Энди келиб-келиб, унинг ёлғиз умиди, кўзининг нури, кўнглининг гулига кўз тикасенму? Қалбида милтираб турган сўнгги шуълани сўндириб, бор-йўғидан жудо қиласенму? Сенда инсофу адолат борми, эй нобакор палид?..”
Тўсатдан Қаландар шитоб билан ўрнидан турди.
– Сенга бир сўзим бор, Қашқир. Қанча тилла керак бўлса аямаймен: мавлоно Али Қушчини қутқармоқ йўлини ахтариб кўргайсен. Унгача овқат-повқат бериб турмоқнинг чорасини топгайсен. Бу ишда менга айтадурган сўзинг бўлса… мана бу йигит воситачи бўлур. – Қаландар четроқда ўтирган Босқонбекка имо қилди. – Қачон, қай жойда учрашмоқни сўзлашиб олинглар.
Қаландар шундай деди-да, “кетдик!” деган маънода қўл силтаб, қантариғлиқ турган отларга томон йўналди.
16
Хуршида бону тонг палла ҳовлидан эшитилган аллақандай овозлардан, у ёқдан-бу ёққа югуриб ўтаётган одамларнинг оёқ товушларидан уйғониб кетди. Ёнида ётган энагасининг тўшаги бўш, хонада ҳеч ким йўқ эди. Хуршида бону юраги “шиғ” этиб, ўрнидан турди-да, елкасига бахмал камзулини ташлаб, ҳовлига чиқди.
Қаршидаги меҳмонхонаннг даричалари чароғон, шоҳи дарпардаларда қучоқлашиб кўришаётган одамларнинг соялари акс этарди. “Дадам! Дадамлар қайтибдур!” деган фикр миясида чақмоқдай чақнади-ю, уй тўла эркак экани ҳам эсидан чиқиб, меҳмонхонага қараб югурди… Хуршида бону кирганида дадаси, тўғрироғи, дадасига ҳам ўхшаган, ҳам ўхшамаган, соч-соқоли ўсиб, кўзлари ичига ботиб, чўпдай озиб кетган қоқ суяк бир чол (ҳа, ҳа, дадаси худди бобосидай чолга ўхшаб қолган эди!) кўз ёшлари тирқираб, одамлар билан қучоқлашиб кўришар эди. Хуршида бону ёш боладай пиқ-пиқ йиғлаган бу юпун чолга тикилиб, бир лаҳза лол бўлиб қолди-ю, кейин ҳўнграб юбориб, ўзини унинг қучоғига отди…
Бир лаҳза уйлари тўйхонага айланди. Қассоблар келишиб боғларида қўй сўйишди, ошпазлар ош дамлашди. Кун бўйи уйларидан одам аримади. Қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, савдогарлар, шоирлар ва фозиллар, эркак ва аёллар, хуллас, одам узилмади. Сочини олдириб, соқол-мўйловини қиртишлатиб, бошига оппоқ салла ўраб, эгнига заррин тўн кийиб олган дадаси ҳамон оғир касалдан турган хастага ўхшаса ҳам, бир-икки кундаёқ ўзига келиб, одам башара бўлиб қолди. Хуршида бону дадасини, хусусан, бир кундаёқ эгик қаддини ростлаб, бурунгидай илдам одимлаб, нуфузли меҳмонларни ўзи кутиб олиб, ўзи кузатиб қўяётган буваси Салоҳиддин заргарни кўрганида, негадир қайта-қайта Қаландарнинг гаплари эсига тушар ва мавлоно Али Қушчини ўйлар эди… “Мавлоно Али Қушчи ҳам ҳибсдан чиққанмикин ё ҳамон зиндонда кулфат тортиб ётганмикин?.. Ё дадаси… Йўқ, йўқ, дадаси Қаландар ўйлаган одам эмас! Агар Қаландарнинг айтганлари рост бўлганда дадаси уч ойдан бери зиндонда изтироб чекиб ётмас эди. Бундай ғариб, бундай аянчли ҳолга тушмас эди!..”
Хуршида бону дадаси билан тўйиб-тўйиб суҳбатлашгиси, ундан ҳол-аҳвол сўрагиси, айни замонда мавлоно Али Қушчининг ҳолини билгиси келар, лекин уйларидан ҳамон одам узилмас эди. Букун тушдан кейин келувчилар хиёл сийраклашиб, уйлари бир оз тинчиган эди, кечқурун сарой маҳрамларига ўхшаш уч-тўртта басавлат, кибор одамлар кириб келишди-ю, Салоҳиддин заргардан тортиб, хизматкорларигача – ҳамма яна саросимага тушиб қолди. Улар кетгандан кейин эса, билъакс, уйлари аллақандай мудҳиш сукутга чўмди. Бу жимлик ва уйдагиларнинг хаттиҳаракатлари худди дадасини ҳибсга олиб кетган машъум тундаги хатти-ҳаракатларга ўхшарди. Қаттиқ шамол туриб, қор аралаш ёмғир ёға бошласа ҳам, буваси Салоҳиддин заргар авраси мовут сувсар пўстинини кийиб, шоми ғарибонда қаёққадир кетди, хизматкор ва қоровуллар эшик ва дарвозаларни тақа-тақ ёпиб, ҳужраларига кириб олишди, энагаси эса нечундир йиғлаб кириб ётиб қолди. Не бўлди? Ё дадасининг бошига бошқа бир уқубат тушдими? Уқубат тушса ундан, Хуршидадан нечун яширишади?
Катта меҳмонхонанинг дарчалари ёруғ, чамаси, дадаси уйғоқ эди. Хуршида бону эгнига қундуз ёқали қизил барқут камзулини ташлаб, ўз хонасидан чиқди. Дадаси меҳмонхонанинг тўрида, қора мовут чакмонига ўраниб, чордона қуриб, сариқ сахтиён жилдли катта бир китобни ўқиб ўтирарди. У қизининг кирганини сезмади ҳам. Хуршида бону оёқ учида юриб бориб, унинг рўпарасига оҳиста чўнқайди. Чўнқайганда кумуш шамдондаги шамлар “лип” этди-ю, дадаси чўчиб бошини кўтарди. Унинг чуқур ботган катта-катта кўзларида қўрқув аралаш таажжуб акс этди.
– Кел, қизим.
Дадасининг ганч девордай оқарган сўлғин юзини, қўрқув чўкиб аянчли жовдираб турган маҳзун кўзларини кўрганида бонунинг ўпкаси тўлиб, “қулт” этиб ютинди.
– Дадажон… кўп қийналибсиз, азоб чекибсиз…
Мавлоно Муҳиддин бошидаги учлик қора духоба тақясини тўғрилаб, ўзининг майин, ўксик товуши билан:
– Ҳақ таолонинг бу кўрсатганига ҳам шукур, қизим, – деди. – Мана, эсон-омон дийдор кўришдик…
– Ҳа, парвардигоримга минг қатла шукур, бир балои азимдан қутулмишмиз, – пичирлади бону. – У кўнглига тугиб қўйган гапларини айтишга ийманар, бу гаплар усиз ҳам аранг ўтирган отасининг ўксик руҳига озор беришидан чўчир, айни замонда Қаландар Қарноқийнинг сўзлари ёдидан ҳеч кўтарилмас эди. У Қаландарнинг айтганлари ёлғон бўлиб чиқишини, мавлоно Али Қушчи ҳам дадаси билан баб-баравар ҳибсдан озод қилинганини эшитгиси келар, шундай бўлишини дил-дилидан истар эди.
– Дадажон! – деди у, хиёл ўзини босиб. – Бу машъум зиндонда ёлғиз ўзингиз ётдингизми?
Мавлоно Муҳиддин кўзларини юмиб, оҳиста бош чайқади.
– Йўқ, қизим, Али Қушчи… ўзинг билган мавлоно Али Қушчи билан бирга бўлдик…
Хуршида бону ранги ўчиб, бир энтикиб қўйди.
– Мавлоно Али Қушчи… ул зоти шариф ҳам зиндондан чиқдими?
– Йўқ, болам, ҳануз зиндонда…
– Сабаб, дадажон?
Мавлоно Муҳиддин вужудига совуқ бир нарса теккандай жунжикиб, қизига қўрқинқираб қаради. Унинг чуқур ботган маъюс кўзларида аллақандай шубҳа жилваланди.
– Оллоҳнинг хоҳиши шу бўлса начора, болам?
Мавлоно кўзини қизининг нигоҳидан олиб қочди. Ганчдай оқарган сўник юзига қизиллик югурди.
“Чин! Қаландарнинг сўзлари чин!”
Хуршида бонунинг хаёллари қуюндай тўс-тўполон бўлиб кетди.
– Дадажон! – деди у юрагидаги даҳшатли шубҳа билан олишиб. – У бечора… бечора мавлононинг аҳволи оғирму?
Мавлоно Муҳиддин қизига қарамай бош ирғади.
– Оғир, қизим, оғир…
– Нечук у бечорани қийнайдилар? Нечук зиндондан чиқармайдилар, дадажон?
Мавлоно Муҳиддиннинг чеҳрасидаги қизиллик оҳиста сўниб, юзи яна оқара бошлади, сўррайиб қолган узун бурнининг катаклари керилди.
– Айб мавлононинг ўзидадур, қизим. Ул зот бисёр ўжар, бисёр қайсардур. Бу замонда… – Мавлоно қоронғи даричага ҳадиксираб қараб қўйди, овозини пасайтириб давом этди: – Тахтга… Мирзо Абдуллатифдай мустабид шоҳ ўлтирганда қайсарлик қилиб бўлурму, қизим?
– Дадажон, мен бир сўз эшитдим… – деди Хуршида бону, деди-ю, дудуғланиб қолди. Мавлоно Муҳиддин бошини кўтариб қизига қаради. Унинг кўзлари қисилган, чеҳрасидаги маҳзунлик аллақандай совуқ бир ифода билан алмашган эди.
– Қай сўз?
Хуршида бону отасининг бесаранжом кўзларига тоб беролмай ерга қаради.
– Мавлоно Али Қушчи… Мирзо Улуғбек ҳазратларининг кўп нодир китобларини яширган эмиш…
– Бу сўзни қайдан эшитдинг?
Хуршида бону бошини кўтармади. Дадасининг овозида ҳам тараддуд, ҳам аллақандай шафқатсиз бир оҳанг бор эди. Лекин бонуни бу шафқатсизлик эмас, тамом бошқа нарса чўчитар, миясини “Чин! Чин! Бечора мавлоно зиндонда ётибдур!” – деган фикр аёвсиз пармалар эди.
– Бу сўзни қайдан эшитдинг, дейман?
– Ҳамма айтадур…
– Ҳамма деб кимни айтасен?
– Ҳамма… ҳамсоялар… Бирга таҳсил кўрган дугоналарим…
– Бирга таҳсил кўрган дугоналар!.. – деди мавлоно Муҳиддин аллақандай ижирғаниб. – Мирзо Улуғбек шариати мустафони дастуриламал тутмаган такаббур шоҳ эди. Зеро, муслималар ҳам ўқисин деб, уларни йўлдан уриб, гуноҳга ботгандур!
Хуршида бонунинг эсига негадир яна ўша эртакдай қизиқ ёзилган рисола тушди. Мирзо Улуғбек битган ва Мовароуннаҳр тарихига бағишланган бу рисолани бир кечадаёқ ўқиб чиққани, сўнгра муҳаббат билан оққа кўчириб бергани ёдига келди, келди-ю, тўсатдан ҳўнграб юборди.
– Дадажон! Сизга не бўлди, дадажон?
Бирдан сергакланган мавлоно Муҳиддин қизига ҳайрат билан тикилди. Хуршида бону юзини кафтлари орасига яшириб ўтирар, ёқут кўзли нафис тилла узуклар тақилган оппоқ нозик бармоқлари орасидан сизиб чиққан ёш томчилари бурнининг четларидан юмалаб тушиб, иягидаги чуқурчага қуюларди. Мавлоно Муҳиддин унга Мирзо Улуғбек билан Али Қушчини ёмонлаб хато қилганини дарҳол пайқади: у ўзини Мирзо Улуғбекнинг энг суюкли шогирдиман деб фахрланиб юрганларидан бону хабардор эди. Ҳайҳот! Эндиликда фақат Али Қушчи эмас, ўз жигаргўшаси, суюкли фарзанди, нури чашми ҳам ундан ҳазар қилади!.. Мавлоно Муҳиддин хўрлиги келиб, кўзига ёш олди.
– Қўй, қизим, ул машъум кунларни эсимга солма. Отанг кўр ган мусибатни Оллоҳ таоло ҳеч бир бандасига раво кўрмағай! Не қилай, мавлоно Али Қушчининг тақдири каминанинг қўлида эмас. Даданг ногирон бир бечора! – Мавлоно Муҳиддин ўпкаси тўлиб, гапиролмай қолди. Лекин сезгир одам, бу сафар кўз ёшлари қизининг кўнглини эритолмаганини пайқадию, қаттиқ оғриниб, бошини хам қилди. У қизига қаттиқроқ гапиргиси келди. Лекин… боя Кўксаройдан амир Жондор бошлиқ бир-икки нуфузли аъёнлар келиб, шаҳзоданинг тилагини изҳор этишди, эрта-индин Хуршида бонуни саройга, Мирзо Абдуллатифнинг ҳарамига олиб кетишларини, унгача ҳозирлик кўриб қўйишларини тайинлашди… Яна Кўксарой! Яна ҳарам!.. Аввал шаҳзода Абдулъазиз ҳарами, энди Мирзо Абдуллатиф ҳарами! Бу машъум хабарни эшитган хожа Салоҳиддин заргар ўзини қаёққа қўйишини билмай, ахийри маслаҳат излаб қаёққадир кетди. Бу шум хабар мавлонони ҳам титратиб юборди, лекин кўз олдига салкам уч ой ётган мудҳиш ҳибсхона келди-ю, розилик беришдан бошқа чора тополмади. Ҳозир Хуршида бону оҳиста кириб келганда мавлоно Муҳиддин шуни ўйлаб қўрқиб кетган эди. Йўқ, энагаси бу шум хабарни унга айтмабди чамаси, бону мавлоно кутгандай арз қилиб йиғламади, билъакс, тамом бошқа нарсадан сўз очди. Энди у қизига не дейди? Бу машъум хабарни унга қандай айтади?
Мавлоно Муҳиддин қизининг сўзлари оғир ботганини билдирмай:
– Бор, қизим, – деди. – Бу юмуш ожизаларнинг юмуши эмас. Ўз юмушингни бил, болам.
Хуршида бону секин ўрнидан турди, унсизгина одимлаб, эшикка томон йўналди.
– Хуршида! Қизим…
Бону тўхтади, бошини бир томонга эгганича, дадасига қаради. Шамнинг хира шуъласида унинг чеҳраси аниқ кўринмас, лекин бошини бир томонга эгиб, жимгина туришида аллақандай мажруҳлик, йўқ, чексиз бир дард бор эди. Мавлоно Муҳиддин юраги зирқираб кетди-ю, айтмоқчи бўлган гапини ичига ютди.
– Бу бечора падарингни кечиргайсен, қизим… Тақдири азал шу нарсани лозим кўрса не чора? Энаганг айтар… Афв эт, қизим…
Мавлоно Муҳиддин лаблари пирпирлаб, рўмолчасини кўзларига тутди. Хуршида бону бирдан ёпирилиб келган аллақандай шубҳадан эти увишиб, гандираклаганича меҳмонхонадан чиқди.
Ташқарида ҳамон қор аралаш ёмғир ёғар, бўрон қутурар, боғдаги кекса дарахтлар аянчли ғийтиллар, гўё совуқдан нола чекиб зорланар эди. Ҳовлида ҳеч ким кўринмас, фақат дарвоза томонда қоровулларнинг гангир-гунгир овозлари эшитиларди. Хуршида бону севалаб ёғаётган ёмғирни сезмасдан, ҳовлининг ўртасидаги ишкомнинг муздай устунига суянди.
“Бу бечора падарингни кечиргайсен, қизим… Энаганг айтар. Тақдири азал шуни лозим кўрса не чора?.. Нени лойиқ кўради? Энагам нени айтади?.. Афв эт, қизим!.. О, дадажон! Дадажон!..”
Ногаҳон бонунинг қулоғига кимдир “Хуршида!.. Хуршида бону!” деб шивирлаётгандай туюлиб, сесканиб кетди. Овоз боғ томондан келарди… Бону юраги гурс-гурс уриб бир-икки қадам юрди. Боғ эшик қийғоч очиқ эди.
– Бону…
“Қаландар! Дадамлардан мавлоно Али Қушчини сўрамоқ ниятида келгандур…”
Хуршида бону қаёққа қочишини билмай, атрофига аланглади, лекин шу пайт эшикда Қаландарнинг новча, забардаст қомати кўринди.
– Бону! Тўхтанг, бир сўзим бор сизга!..
Хуршида бону қўрқа-писа дарвозахонага қаради-да, оёқ учида юриб, боғ эшикка яқинлашди. Қаландар чекиниб ўзини боққа олди.
– Бону…
– Нечун келдингиз? – Хуршида бону деворга ҳолсизгина суяниб, юзини кафтлари орасига яширди. – Мен бечорани қийнаб не қиласиз?
– Тўхтанг, бону!.. – деди Қаландар тўсатдан амирона оҳангда. – Дадангиз… сизга ҳеч нарса демадими?
– Айтди… Сиз ҳақ сўзни сўзлабсиз. Бироқ не чора? Дадам… ногирон бир бечора…
– Тўхтанг, бону. Букун бу даргоҳга Кўксаройдан биров келмадими?
Боя тушда келган нотаниш, аммо юриш-туришларидан сарой маҳрамларига ўхшаган калондимоғ одамлар эсига тушган бону яна эти жунжикиб:
– Келди, – деди.
– Улар не муддаода келганлар… – Қаландар сўзини айтолмай дудуғланиб қолди-ю, ўзидан ғижиниб, шафқатсизлик билан: – Шаҳзода сизни ўз ҳарамига олмоқ ниятида эканини эшитдингизми? – деб сўради. Хуршида бону ялт этиб Қаландарга қаради, қоронғида унинг нафас етмай энтиккани эшитилди.