Электронная библиотека » Одил Ёкубов » » онлайн чтение - страница 14

Текст книги "Улуғбек хазинаси"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 12:20


Автор книги: Одил Ёкубов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 14 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
5

Қаландар Қарноқий бир ҳафтагача уста Темур Самарқандийнинг ғоридан чиқмай ётди.

У кундуз устага қарашар, дамни босар, чўғда тобланган темирларни сандонга қўйиб, оғир босқон билан уста хоҳлаган шаклларга келтириб берар, қозон-товоқ, чойдиш ва қумғонларни тузатар, қозон қайнатар, хуллас, бир амаллаб кун ўтказар эди.

Гоҳо устанинг ғорига ҳамсоя ҳунарманд ва косиблар, теримчилар, чилангарлар, мисгарлар, суяктарош ва сангтарошлар, сандиқчи ва бешиксозлар, михчи ва тақачилар, этикдўз ва гиламдўзлар йиғилишар, устозлари Темур бобога аталган совға-саломларини қўлтиқлашиб, оға-ини Қалқонбек билан Босқонбек кириб келишар, шундай пайтларда ўчоқда қора қумғон биқирлаб, суҳбат қизир, доруссалтанадаги барча янгиликлар ўртага ташланар эди. Шаҳарда аҳвол оғир, хусусан, косиб ва ҳунармандларнинг иши касод, дўконлар ҳамон берк, нарх-наво эса, кундан-кунга ошиб борарди. Ахир пировардида гап айланиб яна Мирзо Улуғбек давридаги осойишта замонларга бориб тақалар, шундай пайтларда ёш усталар, айниқса оға-ини Қалқонбек билан Босқонбек қизишиб кетиб:

– Аттанг! Пошшо ҳазратлари биздай камбағалларни ёрдамга чорламади-да! – деб қолишарди. – Барча дарвозаларни тақа-тақ ёпиб, бу нобакор шаҳзодани шаҳарга йўлатмас эдик!

Кўпчилик бу гапларни маъқуллар, Қаландар эса, устоднинг кўз ёши аралаш айтган сўнгги васияти эсига тушиб, ўрнидан туриб кетарди-ю, бир четга чиқиб, уф тортиб ётиб оларди. Ёлғиз уста бошидаги кигиз қалпоғини тўғрилаб:

– Ҳей, хом сут эмган бандалар! – деб кулиб қўярди. – Туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр, деганлар. Шаҳар қамал бўлса кимга қийин? Боз сизу биздай йўқсилларга қийин. Қамал бўлиб, аъёну боёнлар чўзилса, биздай йиртиқ чопонлар узилади. Қамалдан сўзламанг, болам!

Бу суҳбатлар билан кун ўтгани билинмас, лекин узун қиш кечалари уйқуси қочиб, тонг отгунча тўлғаниб чиқар эди. Астасекин ҳудудсиз кенгликларга ўрганиб қолган дашт фарзандига бошда ғаройиб кўринган устанинг ғори ҳам қоронғи гўрдай туюлиб, юраги сиқиладиган бўлиб қолди. Гоҳо у тўлиб кетиб, ғордан чиққиси, теварак-атрофдаги қишлоқларни айланиб қайтгиси келарди. Лекин биринчи куни кечасиёқ Мирам Чалабий келиб, Али Қушчининг саломини топширди. “Эҳтиёт бўлсин, шаҳарга чиқмасин!”

Қаландар видолашиб кетган куни кечасиёқ расадхонага Қашқир бошлиқ бир гуруҳ дарвешлар келиб, уни роса қидиришган, “топиб берасен”, деб Али Қушчига зуғум қилишган эмиш. Қаландар Қарноқий буни Али Қушчи айтмаса ҳам билар, чунки ғойиб бўлганини эшитган шайхнинг важоҳатини тасаввур қила олар, кечаю кундуз изғиб юрган дарвешларнинг “Ё олло, дўст, ё олло”си ҳам уни ер-кўкдан қидиришаётганларидан далолат берарди.

Сўнгги кунларда айниқса кечалари, Қаландар ўз эли, суюкли Қарноқни, болалик чоғлари ўтган қир ва адирларни, балиқ тутиб, чўмилиб юрган тиниқ сойларни, баҳор пайтлари қўйнини довуччага тўлдириб ўйнаб ўсган ўрикзор боғларни кўп ўйлайдиган бўлди. Буни ўйлаганида негадир қипчоқлар олиб қочиб кетган суюкли синглисини кўп эслар эди. Баъзан, назарида, синглиси Қарноққа қайтиб келгандай, қайтиб келиб, Қоровултепа ёнбағридаги улкан гўристонда, ота-энасининг қабри тепасида йиғлаб ўтиргандай туюларди. Гўё синглиси ҳам гўристонда ўтириб уни ўйлаётгандай, хаёлан унга илтижо қилиб:

“Қайда қолдингиз, қайларда юрибсиз, оғажоним?” деб бўзлаётгандай бўларди. – Киндик қонингиз тўкилган элингизни ташлаб қайларда тентираб юрибсиз? Ота-энамизнинг қабрига сиз чироқ ёқмасангиз, ким ёқади, ёлғизим?”

Шу-шу, тонг отгунча мижжа қоқмас эди. Кўз олдидан икки сой ўртасидаги тепаликка жойлашган кўҳна қалъа кетмай қоларди. Қалъа баланд кунгурадор пахса девор билан ўралиб, айланасидан чуқур хандақ ўтарди. Қалъа катта эмас, ундаги ҳамма уйлар, тор кўчалар бир-бирига туташиб кетар, томда ўйнаган болалар бир зумда бутун қалъани айланиб чиқишар эди. Эрта кўкламда уйларнинг ясси томлари ям-яшил майса билан қопланар, баъзи томларда ҳатто лолақизғалдоқлар очилар, шундай пайтларда том устлари варрак учирган болалар, копток ўйнаган қиз-келинчакларга тўлиб, қалъа аллақандай яшнаб кетарди… Кейин сойнинг у юзидаги Қоровултепага посбонлар қўйилиб, эркаклар ёшу қари баб-баравар қўшга чиқишар, адирларга арпа-буғдой сочишар, боғларда, токзорларда ишлашар эди. Ниҳоят, боғлардаги ўриклар довучча тукканда қишлоқ аёллари, барча қиз-жувон, ёш-яланглар сайилга чиқишарди. Тор қалъада қамалиб ўтган узун қиш кунларидан кейин бу сайил ажиб бир шодиёнага айланарди. Ёв бостириб келиб, Қаландарнинг суюкли синглисини олиб қочиб кетган ўша машъум кун ҳам худди шундай яхши бошланган эди…

Уларнинг боғи сойнинг у юзида, “Қоровултепа”нинг шундай тагида, қалин қайрағочлар билан ўралган қишлоқ қабристонининг ёнида эди.

У маҳалда Қаландар энди ўн олтига кириб, айни кучга тўлган, қўшни қизларнинг дилига чўғ солиб юрган хушқомат, норғул йигит эди. Отаси ўша куни туякашлар билан Ясси бозорига майдачуйда олиб кетган эди. Қаландар қора қашқа йўрғасини четан араваларига қўшиб, онаси, синглиси ва яна бир гуруҳ қўшни қизларни боғларига ўзи олиб чиқди. Кўйлагининг енгларини билагигача шимариб, қора тепчима дўпписини чаккасига қўндириб олган Қаландар, очиқ кўксини шабадага тутиб, тол хипчинини ўйнатиб бораркан, назарида гўё аравада эмас, қанот боғлаб осмонда учиб кетаётгандай туюларди. Чунки аравада, синглисини қуршаб олган дугоналари орасида, кўпдан бери унинг юрагига чўғ солиб юрган ўн олти яшар бир қиз ҳам бор эди… Бошига гулдор қизил дурра ўраган, эгнига бўздан бўлса ҳам, ўзига ярашган қизил кўйлак кийган бу қиз, Қаландар қараганда, катта-катта ҳуркак кўзларини қаёққа яширишини билмай, “лов” этиб ёниб кетар, ёнидаги дугоналари эса қийқириб кулишиб, бечорани баттар уялтиришар эди.

Аравалар боғларга етиши билан қиз-келинчаклар садафдай сочилиб кетишди… Қалин ўрикзор ва шафтолизорлар орасида қизларнинг кўк, қизил, сариқ рўмоллари лип-лип учарди. Қаландарнинг назарида булар қизлар эмас, кўкатлар орасига сочилган лолақизғалдоқлар, дарахт шохларида учиб-қўниб юрган митти капалаклар эди… У кун бўйи гўё туш кўраётгандай хаёлий бир ҳолатда юрди. У гоҳ қиз-келинчакларга ўчоқ қуриб берар, гоҳ сув ташир, гоҳ ўрикка чиқиб, довучча отаркан, қиз-келинчаклар орасида фақат қўшни қизни кўрар, улкан боғда ундан бошқа ҳеч ким йўқдай туюлар эди. Қиз ҳам дам-бадам унга мурожаат қилар, гоҳ ўтин ёриб беришини, гоҳ сойдан сув келтиришини илтимос қилар, гоҳ нозланиб, ўрик шохларини эгиб беришини сўрар, лекин Қаландар сал дадилроқ ҳаракат қилса, ўзини чакалакзорларга уриб, кийикдай тутқич бермас эди…

Қисқагина баҳор куни гўё ширин тушдай бир лаҳзада ўтдикетди. Кечқурун товоқларига ялпиз сомса, рўмолчаларига довучча тугиб, қулоқларига бинафшаранг нохатак, чучмўма ва бўтакўзлар тақиб олган қиз-келинчаклар яна араваларга чиқишди. Қир ёнбағрида кўклам шабадасидай ёқимтой лапарлар, ҳазин ёр-ёрлар янгради. Лекин аравалар биринчи боғлардан чиқиб, ҳали сойга етмаган ҳам эдики, орқадаги “Қоровултепа” томонидан “Қоч, ҳа, қоч! Ёв келди, ёв!” деган қичқириқлар эшитилди-ю, кўп ўтмай, ер-кўкни от туёқларининг дупури тутди.

Қаландар қора қашқа йўрғасини аёвсиз қамчилаб, аравани тарақлатиб бораркан, бир зум ўгирилиб қаради. “Қоровултепа”да кўринган юз чоғлиқ отлиқлар қилич ва чўқморларини бошлари узра ўйнатиб, аллақандай совуқ қийқириқ билан қора бўрондай бостириб келарди. У ер-бу ерда ёвга қарши от чоптириб бораётган қишлоқ йигитлари қўринар, лекин улар жуда оз эди. Қир бағрини хотин-халажнинг фарёди, ёш болаларнинг йиғиси тутди…

Қаландар жон ҳолатда атрофига аланглади. Сой бўйига арқонлаб қўйилган ва жанг нафасини сезиб, ер депсиниб кишнаётган кимнингдир арғумоғини кўрди-да, йўрғанинг жиловини синглисига тутқазиб, аравадан сакраб тушди. Бетоқат юлқинган арғумоқни нўхталаб сапчиб минди, аравани гир айланиб, чўқморини олди ва энасининг фарёдига қулоқ солмай орқага, ёв томонга от солдириб кетди.

Боғлар орасидан шўнғиб чиққан, устларига қора жун чакмон, бошларига қора кигиз телпак кийган ўн чоғлик саҳройи, “Ёв қочди, ҳо, ёв қочди!” деган қийқириқ билан тўғри унга томон бостириб келарди…

Қаландар зорли кишнаган арғумоғини ёв тўдасига соларкан, рапидадай кенг юзи ваҳимали бужмайган, оғзи қийқириқдан бир томонга қийшайиб кетган биринчи отлиқни мўлжалга олди. Отлар тўқнашиб осмонга сапчиганда қўлидаги чўқморини даст кўтариб ялпоқ юзли саҳройининг бошига зарб билан туширди-ю, эгардан қалпоқдай учириб юборди. Қаландар кетма-кет етиб келган иккинчи отлиқни ҳам чапақайлаб уриб йиқитди, лекин қуюндай ёпирилиб келган ўн чоғлиқ суворий унинг арғумоғини суриб кетди, ўзи эса бошига тушган сўйилнинг зарбидан кўзларидан юлдузлар чақнаб, ағдарилиб тушди. Отдан йиқилаётганда сўнгги бор кўргани синглисининг катта очилган кўзлари-ю, қўшни қизни отига улоқдай ўнгариб олган қора чакмонли қалмоқ башара саҳройи бўлди… У қандай омон қолганини билмайди. Чамаси эгардан учиб кетганида ёв уни ўлдига чиқариб, устидан от чоптириб ўтиб кетди… Водариғ! Нечун ўша машъум жангда омон қолди? Бу дарбадарлик, бу кўргиликлардан эзилиб, мусофирликда хор бўлиб юргунча ўша жанг-жадалда ўлиб кетса бўлмасмиди?

Бу қирғиндан кейин бир ҳафта ўтар-ўтмас, сал ўзига келган Қаландар юз чоғлиқ қишлоқ ёш-яланглари билан ёв устига отланди. Яссидан қуйироқда, даштда, беомон жанг бўлди. Қарноқ йигитлари арслондай олишди, лекин ғанимлар кўплик қилди. Гўё бутун саҳро қарноқликларга қарши отлангандай, тўп-тўп бўлиб ёпирилиб келаверди. Бу жангда Қаландарнинг қиблагоҳи ҳалок бўлди. Унинг ўзи ҳам биқинидан ўқ еди. Йигитлар уни қонга беланган ҳолда, жанг майдонидан беҳуш олиб чиқишди… Шу-шу, мадад сўраб бу ёққа келди, келди-ю, дарбадар бир мусофир бўлиб қолди. Энди уни бу элда ушлаб турадиган не қолди? Бирдан-бир умиди Хуршида бону бўлса… ҳақ таоло ундан ҳам айирди, умрининг охирида милт этган бу нур, бу бевафо дунёда ялт этган ўша ёлғиз юлдузни ҳам кўп кўрди. Ҳа, у энди кетмоғи лозим. На ўзига, на элга нафи тегди, энди ақалли қиблагоҳи билан волидаи меҳрибонининг қабрига шам ёқсин, тирикликларида фарзандлик бурчини ўтай олмади, лоақал ўлганларида руҳларини шод этсин…

Эрталаб нонушта маҳалида Қаландар устага ёрилди, кўнглидаги бор дардини айтди.

Уста Темур Самарқандий қўй терисидан тикилган ағдарма телпагини тўғрилаб, наякидан сарғайиб кетган соқол-мўйловларини тутамлаб, узоқ сукутга толди. Тепадаги туйнукдан қуйилиб турган бир ҳовучгина шуълада унинг қора қурум босган серажин юзи, жимир-жимир терлаган ялтироқ пешанаси, қимтилган лабларида теран бир маҳзунлик акс этарди.

– Болам Қаландар, – деди уста ниҳоят. – Сен бу ғариб кулбамга кириб келганингда, фақир теримга сиғмай суюнган эдим. Ўғлим йўқ эди, худо мен ғариби нотавонга ҳам фарзанд ато қилди, ўлсам қабримга шам ёқиб, қуръон ўқийдурган бир зурриёт инъом этди, деб суюнган эдим. Не дейман, зорим бор, зўрим йўқ, ўғлим.

Устанинг чеҳрасидаги маҳзунлик, овозидаги дард Қаландарнинг юрагига наштардек санчилди. У нима дейишини билмай:

– Отахон, – деди ер чизиб. – Иншооллоҳ, қабрингиз шамсиз, руҳингиз дуосиз қолмас. Доруссалтанада сизни билмаган, сиз табаррук зотни иззату икром қилмаган бир бандаи мўмин йўқдур. Бир ёқда косиблар, бир ёқда шогирдларингиз Қалқонбек билан Босқонбек, бир ёқда мавлоно Али Қушчи…

– Оллоҳга шукур, ўғлим, – деди уста унинг оғзидан сўзини олиб. – Бу гапни айтишдан мурод – сени ниятингдан қайтармоқ эмас, меҳрим-мурувватимни изҳор қилмоқ эди, холос. Уста Темур Самарқандий мусофирлик нелигини билади, болам… Бировнинг юртида султон бўлғунча, ўз юртингда ултон бўл, дерлар. Қаъда қаримайдур. Ўз элингга бориб ота-энанг мозорини тавоф қилиб, руҳларини шод этмоқни ният қилибсен, илоҳим ниятингга ет, ўғлим. Лекин йўлинг олис, сафаринг хатарли, болам. Не керак? Бу ғариб кулбада не бор – тилаганингни ол, болам! Мавлоно Али Қушчига айт – тилладан берсин…

– Йўқ, отахон, мендай бир гадога тилла не керак? Ўзингиз айтар эдингиз: девонанинг ишини худо ўнглар деб. Бир-икки кунлик нон-туз бўлса бас, йўлда не кўп, эл кўп, юрт кўп… Мавлоно Али Қушчи билан албатта видолашамен, аммо тилла керак эмасдур, отахон…

Уста Темур Самарқандий катта қоқсуяк кафтини унинг тиззасига қўйиб маъюс кулди.

– Эвоҳ, ёшлик қиласен, болам. Сен кўп дилинг пок йигитсен, биламен. Ва лекин бу осий бандалар шу иблис маъданни деб, бирбирининг бошини еса, фисқи фасод қилиб, бир-бирига чоҳ кавласа не чора? Бу сариқ маъдан бирда кишига офат келтирса, бирда иззату икром келтиради. Қари билганини пари билмас, сўзимга инон, болам: йигит кишига гоҳо бойлик ҳам керак бўлади… Бас! Сен уялсанг, ўзим айтамен, Алига.

Қаландар кун бўйи йўл ҳозирлигини кўрди. Уста Темур Самарқандий қаёққадир кетиб, қўй жунидан тўқилган иссиқ чакмон билан қўй терисидан тикилган ўзиникидай қора телпак топиб келди, ўзи ясаган пўлат ханжарини инъом қилди. Қаландар Қарноқий хуржуннинг бир кўзига нон, туз, қалампир, талқон, иккинчи кўзига кийим-кечак ва оғир йўлда керак бўладиган майда-чуйда буюмлар – қумғон, пиёла, қошиқ, товоқ солиб тахт қилиб қўйди.

Маслаҳат билан у тунда, ғор теварагида ивирсиб юрган турқитаровати совуқ ғаламислар йўқолиб, кўчалар тинчиганда ғордан чиқиб, расадхонага борадиган бўлди. Лаҳим орқали расадхонага кириб Али Қушчи билан видолашадиган, сўнг Қалқонбек билан Босқонбек шай қилиб турадиган отга миниб, йўлга чиқадиган бўлди. Лекин негадир алламаҳалгача ғор теварагида қаланғиқасанғиларнинг шарпаси тинмади. Ниҳоят, вақт тун ярмидан ошганда тинчигандай бўлди-ю, Қаландар чакмонини кийиб, белини боғлади.

Мойчироқ шуъласида уста Темур Самарқандий Қаландарни бағрига босиб, кўзига ёш олиб хайрлашди, пешанасидан ўпиб, оқ йўл тилади. Лекин худди шу маҳал, уста кетмондай кафтларини очиб, оқ фотиҳа бераётганида, ногаҳон эшик тақиллаб қолди. Қаландар дарҳол ўзини панага тортди. Уста эса қўлига мойчироқ олиб, эшик томон кетди.

– Ким бу, қора тунда уйқу бермай, дайдиб юрган?

Ташқаридан ингичка ҳаяжонли овоз эшитилди:

– Маъзур кўргайсз, уста, бу – мен, Мирам Чалабиймен…

– Не дединг? Қайси Мирам?

Қаландар елкасидаги хуржунини ерга ташлаб, устанинг орқасидан қоронғи йўлкага шўнғиди.

– Отахон! Мавлононинг шогирди бу! Ижозат беринг – эшикни очай!

Мирам Чалабий ғорга кирди-ю, юришга чамаси келмагандай, деворга суяниб қолди. Мойчироқнинг хира шуъласида яланг оёқ, яланг бош Мирам, мажнунсифат бир девонага ўхшар, ўзиям совуқданми, қўрқувданми дир-дир титрар, тиши тишига тегмай шақиллар эди.

– Не бўлди? Сўзла, иним! – деди Қаландар, юраги мудҳиш бир туйғудан музлаб.

– Устод… устодни зиндонга солдилар.

– Қачон?

– Кеча хуфтонда. Шоми ғарибонда беш-олти нафар ясовул расадхонага бостириб кирди, ҳаммаёқни остин-устун қилиб, ахийри олдиларга солиб олиб кетди…

– Кеча олиб кетса… нечук тунда келмадинг? Нечук дарҳол хабар бермадинг?

– Сабаби… – Мирам Чалабий гапиролмай қуруқшаган лабларини ялади. – Сабаби момом… Тиллабиби бор эдилар. У киши йиғлайвериб эсимни олдилар.

– О, бечора! – деди уста. – Қайси зиндонга солмишлар? Хабар топдингму?

– Топдим. Кўксарой зиндони!..

– Ё раббий! – устанинг қўлидаги мойчироқ қалтираб кетди.

Қаландар Қарноқий забардаст қомати билан тор йўлкани қоядай тўсиб турар, унинг ҳуши бошидан учиб, хаёллари тўзғиб кетган, фақат кўнглининг бир четида бир ҳафтадан бери тузган режалари, уйқусиз тунларда қилган орзу-умидлари – ҳаммаси ипи узилган маржондай сочилиб кетганини, энди ҳеч қаёққа кетолмаслигини, то устоднинг тақдири бир ёқли бўлмагунча бу юртдан жилолмаслигини тушунди, назарида, сўнгги пайтларда кўп эслаган синглиси ҳам ўз энаси эмас, гўё Тиллабиби тўғрисида қайғуриб йиғлагандай туюлди.

– Ясовулларнинг қидиргани не? Китобларму?

– Китоблар, – деди Мирам Чалабий. – Тағин олтин қидирмишлар. Расадхонада олтин бор эмиш. Астағфирулло!..

“Мавлоно Муҳиддин! – деди Қаландар кўнглида. – Мавлоно Муҳиддин сирни очган! Мавлоно эмас, малъун айғоқчи! Аллома эмас, риёкор жосус!..”

У кўзини юмиб деворга суянди. – Не қилмоқ керак? Бу ерда қолганда унинг қўлидан не келади? Устодга ёрдам бера оладими, йўқми? Аммо… ёрдам беролмайман, деб устодни, қаноти қайрилган қушчадай эшикда қалтираб турган бу ёш талабани, лол бўлиб қолган бу кекса устани аросатда қолдириб кетмоқ виждондан бўлурми? Одамийликка кирурми?

– Болам Қаландар, – деди уста. – Муллавачча совуқда дилдираб қолибди, бир пиёла иссиқ сув бер бунга, болам!..

“Мавлоно Муҳиддиннинг уйига бормоқ керак! Бориб ёқасидан ғип бўғмоқ керак! Ё сўзидан қайтсин, ё…”

– Ҳа, ҳа, тўрга ўтинг, мулла, – деди Қаландар. У тисарилиб Мирам Чалабийга йўл берди. Чўғдай қизиган миясида эса хаёллар қуюндай чарх урар, бир-биридан дадил, мардона режалар қуйилиб келмоқда эди. “Боғ томонда эшик бор! Сўнгги марта Хуршида бону билан учрашишга аҳдлашганида Қаландар боққа кириб, бону ётадиган уйнинг кичкинагина даричасини қоққанда, ул гулрухсор шу эшикдан чиқиб келган эди. Боғ томондаги шу эшикдан кира олса бас – мавлононинг меҳмонхонасига ўтиб олиш осон. Меҳмонхонага кириб, мавлонога юзма-юз келса бас – унга не дейишини ўзи билади. Ҳа, дарҳол бормоқ керак, фурсатни бой бермай, мавлонони ғиппа бўғмоқ, уни бу йўлдан қайтармоқ лозим, билъакс, устоднинг ҳаёти…”

6

Уйнинг тўрида қизил Самарқанд бахмалига зар тикиб ўтирган Хуршида бону ҳовлида шип-шип оёқ товушини эшитиб, бошини кўтарди. Йўқ, бу дадасининг заифгина одимлашига ўхшамас, кавушнинг асабий “дук-дук”ига, асонинг “тақ-тақ”и қўшилар, бу – бобоси Салоҳиддин заргар эди. Боя хуфтонда тўрт нафар отлиқ навкар келиб, отасини олиб кетгандан бери бобоси бир лаҳза ўтирмади. Асоси билан ерни қаттиқ тақиллатиб, кавушини дук-дук босиб кўчага чиқади-киради, чиқади-киради… Бобоси ҳар чиқиб-кирганида бонунинг юраги увишиб, игна тутган нозик бармоқлари титраб кетади; боя қоронғида тўфондай ёпирилиб кирган ясовуллар кўз олдига келиб, ўтирган жойида карахт бўлиб қолади. Ҳар сафар ясовулларнинг дағал овозларини, нағал қоқилган этикларнинг бетакаллуф гурсиллашини, айниқса қўрқувдан икки букилиб, титраб-қақшаб қолган отасининг дир-дир титрашини эсласа ёдига шу йил кўкламда содир бўлган бошқа бир мудҳиш воқеа тушиб, юраги ўйнаб кетади…

Тўй бўлганига уч ойдан ошган, Қаландардан тамом умидини узган Хуршида бону, тақдирга тан бериб, ўз мирзасига ўргана бошлаган пайтлар эди. Бир кун кечқурун Кўксарой девонида хизмат қилган ёш мирза уйга ранги ўчиб, алланимадан васвасага тушиб кириб келди. Хуршида бону худди шу бугунгидай ўз хонасида зар тикиб, хаёлга чўмиб ўтирарди. Эшикда қалтироқ босиб турган мирзани кўриб, юраги музлаб кетди. Мирза секин юриб келиб, уни қўлидан ушлаб ўрнидан турғазди-да, юзига узоқ тикилди. Мирзанинг бежо кўзларида ҳам қўрқув, ҳам унсиз изтироб, ҳам аллақандай шафқатсиз бир нарса бор эди. Уни биринчи бор бу ҳолатда кўрган Хуршида бону беихтиёр орқасига тисарилиб: “Сизга не бўлди, мирзам?” – деди. Мирза жавоб бермай, уни нозик белидан қучиб ўзига тортди-ю, лабларидан, юзидан, кўзларидан ўпа бошлади. Унинг бўсасида эҳтирос эмас, кишини чўчитадиган телбаларча бир нарса бор эди. Ниҳоят у ўпишдан тўхтаб:

– Дарҳол кийим-кечагингни йиғиштир! – деди қалтираб. – Зеб-зийнатларингни қутига сол! Иссиғроқ кийин! Ҳозир узоқ сафарга чиқурмиз. Тезроқ бўл! Тезроқ! – Мирза шундай деди-да, югурганича хонадан чиқиб кетди.

Хуршида бону юрагини чулғаб олган совуқ шубҳа ва қўрқувдан гарангсиб, дам зеб-зийнатлар тўла қутичаларига, дам кийимкечаклар солинган сандиқларга югурди. Ниҳоят, хиёл ҳушини йиғиб, ичидан олмахон мўйнаси қопланган қора мовут камзулини, оёғига кобулий этикчасини кийди, бошига оқ туянинг жунидан тўқилган иссиқ рўмолини ўради, зеб-зийнатларини тилла қутичага солиб, дарича ёнига борди.

Ҳовлида югур-югур бошланган, шивир-шивир овозлар эшитилар, эшиклар шарақ-шуруқ очилиб-ёпилар эди. Қош қорайиб қолган, яқиндаги масжиддан азон айтган муаззиннинг мунгли нидога ўхшаш овози қулоққа чалинар, лекин ҳовли ва уйлар зимзиё, ҳеч қаерда милт этган чироқ йўқ, фақат кашта тикиш учун шам ёққан Хуршида бонунинг хонасигина ёруғ эди.

Сал ўтмай мирза қайтиб кирди. У бошига тулки тумоқ, эгнига пўстин кийиб, белидаги кумуш камарига қилич тақиб олган эди. У Хуршида бонуни янги либосда кўриб, яна боягидай бир дақиқа тикилиб қолди.

Кейин яна боягидай юзларидан, кўзларидан телбаларча ўпаркан:

– Нечук Оллоҳ сенга бу жамолни бермиш? – деди аламли дард билан. – Нечун мен ғарибни сеҳрингга банди қилмиш? Йиғиштирилиб бўлдингму? Зеб-зийнатларни олдингму? Юр, отлар тайёр… – мирза гапини тугатмай, тўсатдан қулоғини динг қилганича қотиб қолди. Ташқи ҳовлида қандайдир тўполон бошланган, от туёқларининг дупури, қиличларнинг шарақ-шуруғи эшитилар эди. Меҳмонхонада кимдир дод солиб уввос тортди, заифалар қий-чув кўтарди… Бу қий-чувдан ҳушёр тортган мирза эшикка отилди, ўзига бўйсунмаган қалтироқ қўллари билан зулфинларни солишга уринди. Лекин шу маҳал, ҳовлида нағал қоқилган этикларнинг сескантирувчи гурсиллаши эшитилди. Зум ўтмай, кимдир эшикни шитоб билан тепди. Узилиб кетган эшик зулфини беҳуш турган Хуршида бонунинг қулоғи остидан ўтиб, токчага бориб тушди-ю, кумуш баркашларни даранглатиб юборди.

Мирза жонҳолатда қилични яланғочлаб қора тўфондай ёпирилиб кириб келаётган навкарларга ташланди. Лекин ёпирилиб кирган навкарларнинг бир қисми уни чалиб қулатиб, устига чиқиб олишди, бир қисми Хуршида бонуга ташланишди. Кимдир унинг бошига қора мато ташлаб, бўғиб олди, кимдир даст кўтарди… Хуршида бону навкарлар қўлида қушдай питирлаб, бошидаги қора матони юлқилаб очаркан, ерда бўғизланган қўйдай талпинаётган мирзани кўрди. Навкарлардан бири уни аёвсиз тепкилар, яна бири қўлларини орқасига қайириб, чилвир билан боғлар эди…

Хуршида бону Кўксаройда ҳушига келди. У шифти қуббасимон чароғон хонада, қалин ипак кўрпалар устида ётар, бўйинлари ва қўлларидаги қат-қат зеб-зийнатларини нафис жаранглатиб югуришиб юрган ёш канизлар унинг бурнига биллур шишачаларни тутишиб, аллақандай ўткир ва хушбўй дориларни ҳидлатишар, пешанасига, ёноқларига атиргул сувларини суртишарди. Сал ўтмай, ҳарам бекаси кириб зўрлаб оғзига қуйгандай қилиб бир пиёла шароб ичирди-да, ҳаммомга олиб кетди. Кейин олдига шаҳзода кирди…

Хуршида бону шаҳзоданинг сарак-сарак қилган боши, шаҳват билан ёнган кўзлари, негадир дир-дир титраган узун нимжон гавдаси эсига тушди-ю, тирноқларигача зирқираб кетди…

Ажаб! Боққа қараган дарича тиқирлагандай бўлдими? – Хуршида бону кўйлагининг ёқасини ушлаганича бўйи бараваридаги тош панжарали даричага тикилиб қолди. Аксига олиб, энагаси ҳам ухлаб қолган эди. Бечора кампир, дадасининг қайтишини пойлай-пойлай ҳозиргина боши ёстиққа теккан эди, дарҳол пинакка кетди… Бону ёш боладай ғужанак бўлиб ётган энагасига қўрқибгина кўз ташлади… Ҳа, қўрққанга қўша кўринур дегандек, унга дарича тиқирлагандай туюлгандир… Йўқ, яна тиқирлади. Тўхтаб-тўхтаб уч марта тиқирлади… “Ё парвардигор! Ёлғиз у, шоир Қаландар Қарноқий мана шундай тўхтаб-тўхтаб уч марта тиқирлатар эди! Хуршида бону ҳаяжондан қимир этолмай, кўзларини катта очганича даричага тикилиб ўтирарди… Наҳот Оллоҳ гадойи Қаландар бўлса? Уми? Бошқами? Қаландар не қилади келиб? Муддаоси не?.. Хайрият, жимиб қолди. Шамолга ўхшайди… Бону ўша машъум воқеадан бир ҳафта олдин Қаландарни дарвозалари ёнида кўргани эсига тушиб, беихтиёр кўзига ёш олди…

Унинг тўйидан кейин Қаландар тарки дунёликка юз тутганини бону эшитган эди. Лекин уни бу аҳволда, бошида эски кулоҳ, эгнида жулдур жанда, соч-соқоли ўсиб кетган бир девона қиёфасида кўраман деб, ўйламаган эди. Шунинг учунми, “мирзам!” деб юборганини ўзи ҳам билмай қолди. Хайрият, кўрган туши эсига тушиб, мирзадан девонага хайри эҳсон беришини сўради-ю, бек ҳеч нарсани сезмади, олтин тангани Қаландарнинг оёқлари остига даранглатиб ташлади-да, ҳовлига кириб кетди…

Ўша кечаси мирзанинг бетоқат бўсалари, эҳтиросли қучишлари мисоли оғу бўлиб туюлди бонуга. Ўзиям, мирза ухлагач, тонг отгунча йиғлаб чиқди. Бир зум кўзини юмса нигоҳи олдида Қаландарнинг қиёфаси, “мирзам” деганида чарақлаб кетган кўзлари намоён бўларди-ю, эсига бурунги шоир Қаландар тушар, шу уй, шу меҳмонхонада бир-бирларига шеърлар ўқиб ўтган масъуд дамлар хаёлида жонланиб, тинган кўз ёшлари қайта тирқираб оқарди… Ё раб! Дарича яна тақирлади! Бир… икки, уч… тўхтаб-тўхтаб уч марта тиқирлади!…

Хуршида бону юраги гурс-гурс уриб, энагасига қаради… Шоир Қаландар Қарноқий унга ошиқ бўлиб, дарича чертиб келиб юрган маҳалда аввал ҳамиша энагаси чиқиб хабар олар, шундан кейингина бону чиқарди… Ана, яна чертди! Тўхтаб-тўхтаб уч марта чертди…

Хуршида бону шоша-пиша ўрнидан турди, бошига иссиқ тивит рўмолини ўради, мовут камзулини ёпиниб, оёғига бежирим кобулий кавушини илди-да, оёқ учида юриб хонадан чиқди. У ер-бу ерида тош фонуслар милтираган ўрдадай ҳовлидан ўтиб, боғ эшикнинг олдига борганда Хуршида бону нафаси оғзига тиқилиб, яна тўхтади… Шоир Қаландарми, бошқами? Қаландар! Ундан бошқа ким бўлади? Сарой сипоҳлари боғдан келиб, дарича чертиб юрмайди! Бироқ у бўлса… Нечун келди? Муддаоси не?.. Э, парвардигор, ўзинг мадад бергайсен!

Хуршида бону хира шуъла тушиб турган бобосининг даричасига бир қараб қўйди-да, эшик занжирини оҳистагина олди. Япроқлари тўкилиб, ҳувиллаб қолган боғ устида, ариқ бўйида қулоч ёзган кекса ёнғоқ тепасида, гўё масжид гумбазига қадалган кумуш ҳилолдай бир тилим ой ялтиллаб турар, унинг заиф шуъласида боғ аллақандай ғариб туюлар, яланғоч дарахтлар юпун гадолардай дилдираб қолган эди.

Даричанинг тагида ҳеч ким кўринмади. Хуршида бону дук-дук урган юрагини ҳовучлаганича ёнғоқ томонга юрди. У ерда бир нима чирс этиб сингандай бўлди. Хуршида бону тўхтаб, қоронғига тикилди. Ёнғоқ шохлари орасида бошига кулоҳ кийган барваста бир одамнинг қораси кўринди… Ўша! Шоир Қарноқий!..

Хуршида бону дармонсизланиб ариқ бўйидаги толга суянди. Ёнғоқ тагидаги қора кўлага қалин шохлар орасидан мўралаб, секин шивирлади:

– Энагажон. Қўрқманг, бу – мен, девона Қаландар…

– “Қаландар!…” – Хуршида бону нечундир ўпкаси тўлиб, кўзига ёш олди-ю, тол тагидан чиқди.

– Хуршида бону?.. Сиз… Сизму?

– Ҳа, мен… – Қаландар Қарноқийнинг товушидаги қўрқув ва ҳаяжон Хуршида бонуга хиёл дадиллик берди. У оҳиста юриб, ёнғоққа яқинлашди. У ерда осилиб ётган шохларни журъатсизгина суриб, Қаландарнинг юзига қиё боқди. Қаландар осмондаги ойга тескари тургани учунми, унинг жанда кийган барваста гавдаси, соқол босган юзи қоп-қора ва аллақандай ваҳимали кўринарди. Илгари, бу хонадонга тез-тез келиб юрган маҳалда у қўйдай ювош, қизлардай тортинчоқ кўринар, чеҳраси ҳам бошқача, жуда мулойим эди. Фақат синовчан қадалган кўзлари қоронғида аллақандай чақнаб турарди…

– Афв этгайсиз, бону, – деди Қаландар, – қиблагоҳингиз… мавлонога бир оғиз сўзим бор. Иложи бўлса йўқлаб берсангиз…

Қаландарнинг товуши нотаниш, бўғиқ эди.

– У киши… уйда йўқдур… – Хуршида бону яна ўпкаси тўлиб, энтикиб-энтикиб гапирди. – Сипоҳлар келиб, у кишини Кўксаройга олиб кетмишлар…

– Қачон?

– Боя хуфтонда. Тўрт нафар сипоҳ уйимизга бостириб кириб, олиб кетмишлар…

– Эй дариғ! – Қаландар беихтиёр бонуга томон бир қадам ташлади.

Ёнғоқ шохлари орасидан қуйилиб турган ой шуъласида бонунинг чеҳраси ҳеч ўзгармагандай туюлди унга. Ўша, иягига томон ингичкаланиб кетадиган узунчоқ мулойим юз, кенг, силлиқ пешана, гўё уста санъаткор чизгандай қоп-қора қошлар тагида маъсум мўлтираб турган серкиприк кўзлар, ўша, хиёл ҳимарилиб турадиган, учларида чуқурчалари бор латиф лаблар… Фақат жуда озгану, бурунгидан ҳам хипчароқ, нозикроқ кўринади.

Хуршида бону унинг тикилиб қараганини кўриб, кўзларини олиб қочди, беихтиёр қуйилиб келаётган кўз ёшларини яширишга тиришиб, бошини эгди…

 
“Топиб ёлғиз, дилим рози баён этмоққа ожизмен,
Узун тунлар хаёлингда ўтур бедор, билмайсен…”
 

Қаландарнинг юрагини маъюс куйдай тиниқ бир ҳис чулғаб олди. У илгари, мавлоно Муҳиддиннинг таълимхонасида бону билан ёлғиз учрашган маҳалларида шундай бўлар, иягини кафтларига қўйиб, унинг шеърларига жимгина қулоқ солиб ўтирадиган бу маъсума Қаландарнинг дилида қайноқ эҳтиросдан ҳам нашъали, чексиз бир меҳр уйғотарди… Қаландар кўнгли бир хил бўлиб:

– Қўрқманг, бону, – деди. – Падарингизга шикаст етмас.

– Иншооллоҳ, айтганингиз келсин, – деди Хуршида бону пичирлаб. – Мана, тун яримдан ошди, ҳануз дарак йўқ…

– Қўрқманг, бурни ҳам қонамайди падарингизнинг!

Қаландарнинг овозидаги кинояни сезган бону бошини кўтарди.

– Сиз қайдан биласиз?

– Биламен, бону. Токи… – Қаландар ойдинда жовдираб турган маъсум кўзларга кўзи тушиб, тилини тишлади. Хаёлидан: “Нега бу бечорага қаҳримни сочамен, унинг гуноҳи не?” деган фикр ўтди. Бечора бону! У худди шу ерда, шу ёнғоқ остида, мана шундай осуда тунда юрак ютиб унинг ёнига чиққан эмасмиди? Шу нозик қадди-қомати, ёшлиги, маъсумлиги ҳолида у билан қочишга журъат қилган эмасмиди? Умрида йўқчилик ва қийинчилик нималигини билмаган қиз, суюкли хонадонини тарк этиб, у билан дарбадар ҳаёт кечиришга, йўқчилик ва қаҳатчиликларга бардош беришга бел боғлаган эмасмиди? Шунда Қаландар шу маъсумига тенг бўлолмай, унинг иродасини букиб, аҳдидан қайтарган эмасмиди? Энди нега унга зарда қилади? Нега отасининг гуноҳини унинг юзига солиб юрагини тиғлайди?

Хуршида бону сабрсизланиб:

– Нечун индамайсиз! – деб сўради.

– Сабаби… бу сир-асрорни сиз билмаганингиз яхшидур, бону.

– Нега? – Бонунинг овозидаги тараддуд, чеҳрасидаги тортинчоқ мулойимлик совуқ бир қатъият билан алмашди.

– Негаким, бу сирни айтсам дилингиз оғрийди, бону…

– Дилимни оғритишдан қўрқсангиз нечун сўз очдингиз? Сўз очиб яна нечун яширасиз? Сўзланг! – Хуршида бону иссиқ қўлини Қаландарнинг қўлига қўйди. – Бошимда қилич турса ҳам сўзланг!

Унинг овози нафрат аралаш бўлакча бир алам билан янграб кетди-ю, бунинг сабабига тушунган Қаландар, беихтиёр бошини эгди.

– Кечиргайсиз, бону, фақир сизнинг олдингизда гуноҳкормен…

– Қўйинг! – деди бону пичирлаб. – Барини Оллоҳдан кўрдим.

– Биллоҳ, чин сўзим шу! Айб сизда эмас, мавлонода ҳам эмас, каминададур…

– Не чора?..

– Не чора! – Қаландар жандасининг ёқасини юлқиб очди, нафаси етмай бўйнини, жундор кўкрагини ишқади. – Ўша пайтда нечук сўзингизга кирмадим, нечук сиз билан бирга элимга қочмадим, нечук саҳрода ғанимлар қўлида ўлиб кетмадим? Мана, неча ой бўлдиким, шуни ўйлаймен, шу дард юрагимни тиғлайди, бону!

Хуршида бону бошини бир томонга эгиб, пастки лабини тишлаб жимгина турарди. Унинг кўнглидаги бояги аламли туғён сўниб, кўзига яна ёш келди. Ўша ёз оқшоми, Қаландарни илк бор девона қиёфасида кўрганида ҳам худди шундай бўлган, дилидаги барча адоват, барча гина-кудуратлари эсидан чиқиб, кечаси билан йиғлаб чиққат эди… Мана энди, унинг дардларини ўз оғзидан эшитиб, яна кўнгли вайрон бўлди, негадир унинг бир маҳаллар инъом этган шеъридан бир байт эсига тушди:

 
“Дарди ҳолимдин санам ғофил агар огоҳ эсанг,
Ҳеч ғаним йўқ, сен менга гар дилбару дилхоҳ эсанг…”
 

“Ё раб! Гадолик йўлини ихтиёр этган бу дарвеш эски дардни қўзғаб не қилади? Нечун келди? Муддаоси не унинг?”


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации