Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 25 страниц)
– Китобларни қайга олиб кетди, дединг?
– Биллоҳ, бундан бехабармен, устод. Бироқ кўнглингиз тўқ бўлсин: барча нодир китобларни йиғиб, ўн олти сандиққа жойлаб, тўрт туяга ортиб, кеча тунда олиб кетди. Ургут тоғларига қараб кетганини билурмен, устод…
Мирзо Улуғбек ниманидир санаётгандай кўзларини юмиб:
– Тўрт туя китоб, – деди. – Ўн олти сандиқ… – у ўрта бармоғидаги ёқут кўзли тилла узугини ўйнаганича ўйланиб қолди.
– Бу сандиқлар қайға яширилди, билмоғим керак, дарвеш, – деди у ниҳоят.
– Мавлоно эртан қайтади, устод…
– Эрта тонг йўлда бўлурмен, дарвеш, – деди Мирзо Улуғбек. – Доруссалтанадан кетурмен… Олисларга кетурмен…
Мирзо Улуғбек кўзларини юмганча секин уф тортди, пешонасидаги ажинлари қуюқлашиб, сўлғин чеҳрасида бўлакча бир ғамгинлик акс этди.
– Мавлонога бу сўзингизни етказамен, – деди Қаландар. – Сиз билан учрашмоқ йўлини ахтарамиз, устод…
– Йўқ! – Мирзо Улуғбек секин бош чайқади. – Али Қушчи яширинмоғи лозим. Уни қидирмишлар. Ва лекин… китоблар қайда? Мен буни билмоғим даркор. Токи… Мусофир юртига кетмоқдамен. Ўз элимга қайтмоқ насиб бўлурми, йўқми – буни ёлғиз ҳақ таоло биладур, дарвеш…
Қаландар юраги “шиғ” этиб:
– Иншооллоҳ, насиб бўлар, – деди.
Мирзо Улуғбек ялт этиб қаради, гўё ниманидир эсламоқчи бўлгандай қалин қошларини чимириб бир зум тикилиб турди. Қаландарнинг киртайган кўзлари, бошидаги кулоҳи билан эгнидаги эски хирқаси нечундир ҳарамда кўрган нозанинни эсига солди. Бир зум дарпарда орқасида ногиронгина бош эгиб турган бону, унинг ёйилиб кетиб, тақимига тушган майин сочлари, хаёлий гўзал ҳусни кўз олдига келди. Икки ошиқ-маъшуқнинг мунгли достони ёдига тушиб, нозаниннинг тақдирини сўрагиси ҳам келди. Лекин Қаландарнинг кўнглига озор беришдан қўрқиб:
– Кечиргайсен, дарвеш, – деди. – Сенинг олдингда гуноҳкормен. Суюкли юртинг, муқаддас Яссини бадхоҳ Бароқхон зулмидан қутқара олмадим. Сен ғурбат чекдинг, ўғлим… – Мирзо Улуғбек кўзига ёш олиб қучоғини ёзди. – Бу яхшилигинг мандин қайтмаса, худодан қайтгай, ўғлим…
15
Али Қушчи эртасига чошгоҳ пайтида қайтди. У эшагини йўрттириб олдинда келар, тўрт туяни етаклаб олган Мирам Чалабий эса хийла орқада қолган эди.
Қаландар уларни Кўҳак тоғи этагида бурноғи кун кечаси узатиб қўйган ўзан бўйида кутиб олди.
Кечаси Мирзо Улуғбек билан бўлган учрашув, устоднинг гаплари, кўзига ёш олиб, қучоқлаб видолашгани уни титратиб юборди. Айниқса, аълоҳазратларининг мусофирлик тўғрисида айтганлари, “Мусофир юртига кетмоқдамен, ўз элимга қайтмоқ насиб бўлурму, йўқму – билмаймен, шу сабаб – китоблар қайга яширилган – билмоғим даркор, дарвеш” – деган гаплари унинг кўнглини вайрон қилди. У ўша ердаёқ, Мирзо Улуғбек билан қучоқлашиб видолашаётгандаёқ, устоднинг бу сўнгги тилаги, сўнгги васиятини ўринлатишга қасам ичиб қўйди. “Боғи майдон”дан расадхонага ўтиб, бомдодгача айланиб юрди-да, шубҳали бир кимса йўқлигига кўзи етгач, хуржунини елкасига ташлаб, сойга тушди.
Али Қушчилар кетган кечаси кимсасиз ўзанда бу кун бири ёш, бири кекса, икки йилқичи йилқи ёйиб, гулхан ёқиб ўтиришарди. Елкасига хуржун ташлаб олган дарвешни кўрган йилқичилар ийиб кетиб, уни қимиз ва яхна гўшт билан меҳмон қилишди. Лекин Қаландарга на гўшт татиди, на қимиз! Тонг отиб, офтоб чиққач, у бир жойда ўтиролмай қолди. Дам Кўҳак тепасига чиқиб олисолисларга, ҳарир туман билан ўралган Ургут тоғларига тикилар, дам йилқичилар олдига қайтиб тушар, лекин кўп ўтиролмай, яна қирга чиқиб кетар эди. Ниҳоят, тоғларни чулғаган кўкимтир туман сал тарқагач, олисдаги қир ёнбағрида қатор тизилган туялар кўринди. Қаландар йилқичи чолнинг отига яйдоқ миниб, туяларга қараб чопди.
Эски кулоҳини бостириб кийиб, отини аёвсиз қамчилаб келаётган Қаландарни кўрган Али Қушчи, эшагини тўхтатиб, сой бўйига чиқиб турди.
– Ҳа, Қаландар, не бўлди? Осойишталикму?
– Иншоллоҳ, осойишталик, устод…
Эгардан сакраб тушган Қаландар шоша-пиша кечаси бўлган учрашувни айтиб берди. Али Қушчи сабрсизланиб:
– Қайси йўлдан кетганини биласенми? – деб сўради.
– Кеш йўлидан…
– Отингни менга бер! – деди Али Қушчи буйруқ оҳангида.
– Устод! Онҳазратим сизни ғанимлар кўзидан йироқ бўлсин дедилар, камина ўзим бориб келур…
– Отингни бер ё пиёда кетамен!..
Қаландар тунда амир Жондор бошлиқ бир гуруҳ сипоҳлар уни қидириб келганини айтмоқчи бўлди-ю, кўнглини ғаш қилгиси келмади.
– Устод!..
Али Қушчи ғамгин бош тебратиб:
– Устод! – деб такрорлади. – Фақир ҳам ўз устодимни кўргим келади, иним! Ким билур, букун кўрмасам, юз кўришмоқ насиб бўлурму, йўқму? Отингни бер, Қаландар!
– Тўхтанг, устод. Бўлмаса бирга бўламан. Сизни ёлғиз юборолмаймен, давлатпаноҳ сизни эҳтиёт қилмоқни каминага топширгандур, устод.
Қаландар Мирам Чалабий етаклаб келаётган туяларни гаровга бериб, йилқичилардан яна бир от олди. Жандаси билан кулоҳини ечиб, ёш йилқичининг чакмони ва ағдарма телпагини кийди. Улар икки отда сой ёқалаб, қирга чиққанларида офтоб терак бўйи кўтарилган эди… Тунов кунги бўрон ва изғиринлардан сўнг табиат гўё қаҳридан тушган, юмшаган, майинлашган. Офтоб ҳам куз офтобига ўхшамас, кўкламдагидай илиқ, мулойим. Тиниқ осмонда сўфитўрғайлар тинимсиз вижирлашади, мусаффо ҳавода ипакдай майин, оппоқ мезонлар унсизгина сузиб юради.
Али Қушчи билан Қаландар Самарқанд девори яқинидан ўтадиган катта йўлдан юрмай, қир ва адирларга от солдириб кетишди. Қирларда қўй галалари чумолидай ўрмалаб юрар, баланд адирларда ёнбошлаб ётган чўпон-чўлиқлар учрар, хазон тўшалган қирмизи ранг боғларда қиз-жувонларнинг гулдор рўмоллари ҳилпираб қолар, болаларнинг қий-чуви қулоққа чалинар эди. Улар пастқамга тушганда кунгурадор девор билан ўралган улкан шаҳар боғлар ортида қолар, лекин қирга чиққанларида, худди кафтдай кўринар эди. Турнақатор уйлар, ҳовличалар, олисдан баркашдеккина кўринган майдонлар устида осмонга бўй чўзган улуғвор масжид ва мақбараларнинг ложувард ва тилларанг гумбазлари офтобда ял-ял ёниб, шаҳарга бўлакча бир гўзаллик ва маҳобат бахш этар эди. Тўйган қўзичоқдай мудраган бу қирларга, офтобда эркаланган бу осуда боғларга қараган одам ҳозир бу элда бўрон ва довуллар бўлаётганини тасаввур этолмас, мамлакат осойишта ҳаёт кечираётгандай туюларди…
“Водариғ! Нечун шундай! Нечун бу коинот, бу табиат, бу қир ва адирлар бундай соф, мусаффо, беғубор? Нечун одамлар бундай нопок, носамимий яшайдилар? Шон-шуҳрат, салтанат, тожу тахт учун бу ёлғон дунёда бир-бирига шунчалар нобакорлик қиладилар, бир-бирини кўролмайдилар?”
Али Қушчи Қаландарга билдирмай оғир хўрсиниб қўйди. Қаландар топиб келган хабар уни ҳам титратиб юборди. Устод уни Кўксаройга чақириб, кўнглидаги дарду аламларини айтгандан бери, Али Қушчи устодининг тақдири оғир бўлишини, унинг бошига кўп савдолар тушишини кутиб юрар эди. Лекин бунчалик бўлишини, “Зижи Кўрагоний”ни яратган алломалар сарвари ўз юртидан, ўзи барпо этган даргоҳдан бадарға қилиниб, гўё ялангоёқ бир гадодай она юртидан қувилишини кутмаган эди. Шаҳриёри фалак-иқтидор ҳисобланмиш устоднинг тақдири бунчалар ғариб бўлса, бошқа маърифат аҳлининг тақдири не бўлади? Унинг ўз тақдири-чи?
Али Қушчи яна ўша эски, совуқ туйғу ёпирилиб келаётганини пайқаб қолиб, ўзидан ижирғаниб кетди.
Меҳрибон устоз! Ўз бошида шунча савдолар туриб, уни – Али Қушчини ўйлабди. Қочсин, шаҳзода одамларининг кўзига тушмасин дебди! Нечун бундай дедингиз, устод! Наҳот Али Қушчи ғанимлар қўлига тушишдан қўрқиб, сизни сўнг бор кўриш, сўнгги васиятингизни эшитиш бахтидан бенасиб бўлса?… Йўқ, Али Қушчи ундай нонкўр эмас. Бошига қилич келса ҳам сизнинг яхшилигингизни эсидан чиқармас, устод!
Улар боғ ва экинзорлардан ўтиб, ўрилган буғдойзорлар, қир ва адирлар оша, Кеш йўлига чиқиб олишди. Лекин карвон йўлидан юрмай яна қир бағирлаб, ўрилган буғдойзорларни оралаб кетишди. Зеро, катта йўлда гоҳ Кешга, гоҳ Кешдан Самарқандга қараб от чоптириб ўтаётган суворийлар кўриниб қолар, шундай пайтларда, Али Қушчи билан Қаландар қирни паналаб, катта йўлдан узоқлашиб кетардилар… Мана, Димишқ қишлоғи ҳам ортда қолди. Ана, офтоб ҳам ғарбга ёнбошлаб, ҳаво совий деди, қаршидаги тоғлардан салқин шабада эсиб, осмонни қора қўнғир булутлар қоплай бошлади…
Кўзлари аланг-жаланг бўлиб ён-верига қараб бораётган Қаландар орқадаги Димишқ боғлари орасидан чиққан тўрт нафар суворийни кўриб қолди. Катта йўлда отларни елдириб кетаётган суворийлар ҳам негадир тўхтадилар.
– Сипоҳлар, устод! – деди Қаландар. – Чопинг!
У отининг бошини пастқамга бурди, лекин катта йўлга тикилиб қолган Али Қушчи жойидан жилмади. Тўртта суворийнинг иккови йўлда қолиб, иккови улар томонга от солдириб келарди.
– Устод! – Али Қушчи шундай деб хитоб қилди-да, отига қамчи босди. Лекин сурмаранг салласининг печини ҳавода ҳилпиратиб, унга томон от елдириб келаётган Мирзо Улуғбек ҳазратлари “тўхта”, деган маънода қўлини силкитди. Али Қушчи тиззадан келадиган шувоққа сакраб тушиб, етиб келган устодига пешвоз чиқди, отининг жиловидан олиб, узангисини ушлади. Мирзо Улуғбекнинг мижжаларида ёш томчилари милтиради.
– Мавлоно Али… ўғлим! Ҳақ таолога шукурким, сени кўрдим… – у лаблари титраб, қучоғини очди. Али Қушчи ҳам юраги зирқираб юзини устоднинг юзига босди…
Кўксаройдаги учрашувдан кейин ўтган бир ҳафта ичида устод ўзини жуда олдириб қўйган, кенг пешонаси, юзи, лабларининг четидаги ажинлари қуюқлашган, лунжлари ичига ботиб, қийғир бурни сўррайиб қолган, фақат кўзлари… теран мунг чўккан кўзларида ҳам қандайдир аламли дард, ҳам кишини ўзига тортувчи бир меҳр бор эди. Али Қушчи уни доим шоҳона либосларда кўриб, ўрганиб қолгани учунми, устоднинг уст-боши ҳам юпунроқ кўринди. Эгнида қора жун чакмон, бошида сурмаранг оддий салла, оёғида қора сахтиён этик, устод узоқ сафарга отланган камбағал бир йўловчига ўхшар эди.
Устод билан шогирд кўришиб бўлгунча олисроқда ийманиб турган Қаландар билан Муҳаммад Хисрав ҳам яқинроқ келиб салом беришди. Мирзо Улуғбек улардан хижолат чеккандай салласининг учи билан кўзларини артиб, маъюс жилмайди. Жилмайганда кўзларининг теграсидаги ажинлари баттар қуюқлашиб, юрагидаги дард сўлғин юзига яна қалқиб чиқди. Али Қушчи унинг маҳзун чеҳрасидан кўзини олиб қочаркан, нима дейишини билмай:
– Савоби азим юмушни ният қилибсиз, устод, – деди. – Ҳақ таоло ниятингизга етказгай.
Мирзо Улуғбек маъюс кулимсираб қўйди-да, Али Қушчини қўлтиқлаб пастқамга бошлади.
– Не бўлди? Юмушни ўринлатдингму?
– Ўринлатдим, устод! Энг нодир китоблар, энг қимматли қўлёзмаларни танлаб бир жойга яширдим. Шундай жойга яширдимким, бу жоҳил уламолар минг йил ахтариб тополмайдур.
– Қайга?
– Эсингизда борму, устод? Бундан ўн беш йил муқаддам, йилқи йили кузда, архар овига чиқиб, тоғда селда қолган эдик…
Мирзо Улуғбекнинг пешонасидаги ажинлари тарқаб, чеҳраси ёришиб кетди.
– “Аждар ғор!” – деди у шивирлаб.
– Хотирангизга тасанно, устод!
– Боракалло, Али! Бу ўй қайдан келди хаёлингга?
– Бир табаррук зот сабаб бўлди, устод.
– Хазинани “Аждар ғор”га кўмганингни мендан бошқа ким биладур?
– Шогирдингиз Мирам Чалабий… Энди билса иним Қаландар биладур…
– Мавлоно Муҳиддин кўмак бермадиму?
– Йўқ… – Али Қушчи четга қараб секин бош чайқади. У мавлоно Муҳиддиннинг уйида бўлган суҳбатни айтгиси келди-ю, уни ёмонлашга тили бормади. У ҳам бир бандаи ожиз. Яхши бўлсин, ёмон бўлсин, йигирма йил бир мадрасада таҳсил кўришди, мударрислик қилишди.
Мирзо Улуғбек “ҳмм…” деб қўйди. У мўйловининг учини лаблари билан ҳимариб, кўзларини юмиб, бир лаҳза хаёлга толди, сўнг ҳушини йиғиб:
– Ўғлим Али! – деди. – Кўриб турибсен, фақир ўз улусим, суюкли юртим Мовароуннаҳрдан бадарға қилиниб, мусофирликка маҳкум этилмишмен. Ва лекин Оллоҳнинг ҳифзи ҳимоятига инонамен. Дилимда умидим сўнгани йўқ. Тирик бўлсам… она юртимга, бу эл, бу тупроққа қайтурмен… – Мирзо Улуғбек ғам-андуҳ тўла кўзлари билан теварак-атрофига, орқада қолган Димишқ боғларига, булут билан қопланган олисдаги Ургут тоғларига қаради, гўё энг азиз жигарбандлари билан видолашаётгандай узоқ тикилиб турди. – Йўқ, агарчи қайтмоқ насиб этмаса, агарчи пешонамга тоабад дарбадарлик битилган бўлса… муродим Истамбул ё Қоҳира мадрасаларидан бирининг тупроғини ялаб ўтмоқдур. Қолган беш кунлик умримни таҳсилу тафаккурга бахш этмоқдур. Насиб қилса бошлаб қўйган рисолаларимни ёзиб тамом қилурмен!… – Мирзо Улуғбекнинг чеҳрасидаги маҳзунлик тарқаб, сўник юзига қизиллик югурди. Кўзлари илҳом билан порлаб кетди. – Ва лекин, бу ниятимга етиб, осойишта ишламоқ насиб қилса, бу хазинадаги кўп китобларга муҳтож бўламен. Шунда ўзим келмасам-да, тайинли одам топиб юборамен! Англадингми, Али!
– Англадим, устод! Лекин тилла…
– Тилладан сўзлама! – деди Мирзо Улуғбек, қовоғини уйиб. – Сенинг бошинг омон бўлса шунинг ўзи улкан ганждур, Али! У жавоҳиротни сенга инъом этганмен… Ишқилиб, эҳтиёт бўл. Алҳол Самарқанддан кетиб бир жойга яшириниб турганинг маъқулдур.
Али Қушчи оҳиста бош чайқайди.
– Камина расадхонани, кутубхонани ташлаб, қайга кетамен, устод? Кетганда қайга борамен?.. Умрим шу илм даргоҳида, расадхонада ўтди. Сиз кетганда унда лоақал мен бўлай. Майдонга тушган алп манглайини қашимайдур. Бошга тушганини кўрамен, устод.
Мирзо Улуғбекнинг кўзлари яна жиққа ёшга тўлди.
– Худога шукурлар бўлғайким, оқибатли фарзанд ато қилмасада, сендай ўғил ато қилди! Илойим бошинг тошдан бўлғай. Мовароуннаҳр бахтига, илм-маърифат ва аҳли ирфон бахтига умринг боқий бўлғай, ўғлим!… – Мирзо Улуғбек кўз ёшларини артиб, қучоғини очди. Устод билан шогирд, гўё абадул-абад дийдор кўришмасликларини сезгандай, унсиз йиғлашиб узоқ видолашишди.
16
Али Қушчилар билан хайр-маъзур қилиб, Кеш йўлига чиқиб олган Мирзо Улуғбек гўё ҳаммомга тушган одамдай енгил тортди. Назарида, гўё эрталаб оламни қоплаган қора булут тарқаб, борлиқ чарақлаб кетган эди.
Ҳа, у ўз умрида қанча хатолар қилмасин, қанча янглишмасин, илм-маърифат йўлида қирқ йил қилган меҳнати зое кетмабди. Али Қушчидай шогирдлари бор экан, унинг асарлари изсиз йўқолмайди. Фақат ипакдай майин мезонлар сузиб юрган бу масъум далалар, хазон тўшалган яримяланғоч боғлар, шувоқ ва ёвшан билан қопланган бу қўнғир қирлар, ҳарир туман қўйнидаги юксак тоғлар… булардан жудо бўлмоқ… Ё раб! Яна ўша ўй, ўша ғам-андуҳ! Ўзинг сабот ато қилгайсен, халлоқи олам!..
Унинг хаёлини от туёқларининг дупури бўлди. Орқадаги қирдан икки суворий қўл силкитишиб қуюндай учиб келар, адир тепасида эса, учинчи отлиқ кўринар, у ҳам сипоҳми, йўқми, билиб бўлмас эди.
Мирзо Улуғбек нечундир юраги увушиб, отининг жиловини тортди. Қуюндай учиб келган суворийлар кўпикка чўмилган арғумоқларини аранг тўхтатишди. Бўлиқ қорабайир минган, кўзлари қисиқ, мўғул башара суворий камоли эҳтиром билан қўл қовуштириб, салом берди. Иккинчи сипоҳ ҳам қўлларини кўксига қўйиб, таъзим қилди.
– Аълоҳазратлари яхши ниятлариға етиб, ҳажлари қабул бўлғай! Ҳақ таоло умрларини боқий қилғай!
Ясовулнинг ширин ишшайиб, узун дуо қилишларида аллақандай сирли ва совуқ бир нарса бор эди. Мирзо Улуғбек юрагидаги шубҳани қувишга уриниб, илжайган бўлди.
– Дуои жонларинг мустажоб қабул, ўғлонлар! Хўш, сўзланг. Ё дуо қилмоқ ниятида Самарқанддан от чоптириб келдиларингму?
Мўғул башара ясовул яна тавозе билан бош эгди.
– Дуо бирла шаҳзодаи жувонбахтнинг сиздай падари бузрукворига йўллаган саломини келтирдим…
– Хўш?
– Шаҳзодаи жувонбахтнинг тилаги шуким, сиздай зоти олий қиблагоҳини ўз номига ярашуқ иззат-икром ила кузатмоқдур!
Мирзо Улуғбек ясовулнинг қийиқ кўзларига тик боқди.
– Шаҳзодаи жувонбахтга бориб айтгайсен: Муҳаммад Тарағай тахтга ўлтирмоққа эмас, Маккаи мукаррамага йўл тутгандур. Бу яхши ниятни кўнглига жо қилиб, ҳажга отланган осий бандага шон-шавкат даркор эрмасдур, ўғлон!
– Боракалло сизга, валинеъмат! Ва лекин шаҳзодаи жувонбахт сиздай зоти олийнинг фақир бир гадодай Мовароуннаҳр сарҳадидан чиқиб кетмоғини тахт ва салтанат шаънига нолойиқ деб биладурлар. Ул соҳиби тож сизга уч туя озиқ-овқат ва саруполар инъом этдиларким, бу карвон субҳидам етиб келадур. Ўшал дақиқагача мана шу қишлоққа… – Ясовул қамчиси билан чап то мондаги қир ёнбағрига жойлашган кичик бир қишлоқни кўрсатди. – Тунамоғингизни лутфан илтимос этадурлар…
Мирзо Улуғбекнинг кўзи яна орқадаги қирда от ўйнатиб турган одамга тушди. Нечундир у амир Султон Жондорга ўхшаб кетди-ю, кўнглига яна қора шубҳа ёпирилиб келди.
– Анов ким? Амир Жондор эмасму?
– Амир Жондор? – кулди мўғул башара суворий. – Амир Жондор не қилади катта йўлда.
Ясовул ундан розилик сўраб турмай, отининг бошини қишлоқ томонга бурди.
“Водариғ! Бошимда тағин не савдолар бор?.. Шаҳзодага не керак? Мовароуннаҳрдан ҳайдади. Тожу тахт, салтанат – барини олди. Алҳол ўз ҳолимга қўйса бўлмасму?..” Мирзо Улуғбек бошини кўтариб узоқ тоғларга қаради, қаради-ю, хаёлига яна бояги ўйлар келди:
“Нечун бунчалар титрайсен, эй Муҳаммад Тарағай? Бундан ёмон не бўлур? Бошинг кетурми? Она юртинг, суюкли элингдан айрилиб, ёт элларда дарбадар бўлиб ўлгунча ўз тупроғингда ўлганинг аъло эмасму! Нечун қалтирайсен Мирзо Улуғбек?” У одатдагидай ўзидан киноя қилиб кулган бўлди. Лекин юрагига қуйилиб келаётган аллақандай қора шубҳа гўё осмонни қоплаётган қора булутдай тобора қуюқлашиб борарди. Фақат қишлоққа яқинлашиб, ҳовлилар устида сузган ҳарир кўкимтир тутунни кўрганида, кечки подадан қайтган сигирларнинг бўкириши, болаларнинг йиғиси, қўйларнинг маъраши қулоғига кирганда, димоғига эса тандирдан узилган иссиқ нон ҳиди “гуп” этиб ургандагина, миясини чулғаб олган қора хаёллар сал тарқаб, фикри равшанлашгандай бўлди…
От чоптириб, илгарилаб кетган суворийлар уларни қишлоқ чеккасидаги ҳовли олдида кутиб олиб, ичкарига бошлашди. Ҳовли ички-ташқи бўлиб, ички ҳовлининг тўрида олди айвон пастқамгина уй бор эди. Суворийлар хонадонни ҳайдаб чиқишганми, бошқами, ишқилиб, ҳовли ҳам, уй ҳам бўм-бўш, ҳаммаёқ сув қуйгандек жимжит эди. Суворийлар Мирзо Улуғбек билан ҳожининг юкларини ички ҳовлига олиб кириб бердиларда, отларни етаклаб қаёққадир чиқиб кетдилар. Мирзо Улуғбекнинг ҳамроҳлари ташқи ҳовлига жойлашган, улар инларига кириб кетган каламушлардай жимиб қолган, у ердан тиқ этган товуш эшитилмас эди. Бу жимлик ва кимсасизликда аллақандай мудҳиш бир нарса бор эди. Боя сал тарқаган қора шубҳа қайта ёпирилиб келаётганини сезган Мирзо Улуғбек, майда-чуйда юмуш билан овунишга тутинди. Хуржунларини қоронғи хонага олиб кирди, токчадаги мойчироқни ёқди. Сўнг, оппоқ олтой пўстинини елкасига ташлаб, ҳовлига чиқди. Ҳовлининг бир четида қуруқ шохшабба уюлиб ётар эди. Мирзо Улуғбек ичкарида куйманиб юрган ҳожини чақирди.
– Қани, ҳожим, ҳаж йўлида заҳмат чекмоқ савоб ўлур. Гулхан ёқиб исинайлик.
Улар уйга бир қучоқ қуруқ шох-шабба олиб кириб, танча ўрнига гулхан ёқишди. Қуруқ буталар гувиллаб ёниб, хонага сал файз киргандай бўлди.
Намозгар пайти яқинлашмоқда эди. Мирзо Улуғбек таҳорат олгани турди-ю, ҳовли эшиги шарақлаб очилганини эшитиб, сесканиб кетди. Зум ўтмай уй эшиги ҳам шарақлаб очилиб, остонада эгнига узун қора чакмон, бошига катта қора телпак кийган, яғриндор бир одам пайдо бўлди. Гулхан шуъласида унинг бурни пучуқ тунд юзи, қора телпакли катта боши қора қузғундай ваҳимали кўринди. Мирзо Улуғбек уни қаердадир учратган эди.
“Сайид Аббос!” – Мирзо Улуғбек уни таниб, ўрнидан сакраб турди. У бор кучини йиғиб, Аббоснинг кўксига зарб билан мушт урди. Лекин Сайид Аббос тебраниб кетса ҳам, ўзини тутиб, Мирзо Улуғбекнинг ёқасидан ғип бўғди. Шу пайт эшик яна шарақлаб очилиб, уйга мўғул башара суворий отилиб кирди-да, аълоҳазратларига ташланди…
“Ҳожи қайда? Бу маълунларнинг муддаоси не?” – Мирзо Улуғбекнинг кўзи ярим қоронғи хонанинг бурчагига тиқилиб олган ҳожига тушди. Ҳожи бошини чакмонига буркаб, ғужанак бўлиб ётар, бўлаётган олишувга қарамас эди. Сайид Аббос билан мўғул башара суворий Мирзо Улуғбекнинг қўлларини орқасига қайириб, ҳовлига судраб чиқишди.
Поймол бўлган ғурур ва ҳақорат туйғусидан ларзага тушган Мирзо Улуғбек лабларини тишлаб, инграб юборди. “Ё парвардигори олам! Худди қурбонлик қўйдай судрайдилар. Қайси ёзуқларим учун бу надомат, бу хўрлик?… Қайдасен, ўғлим Али? – Али Қушчини эслаши билан кўзига яна ёш келди. – Аттанг! Боя нечун уни орқага қайтарди? Бу нобакор шаҳзоданинг қўл остидан чиққунча бирга бўл деса бўлмасмиди?”
Мирзо Улуғбек яқинлашаётган оёқ товушини эшитиб кўзини очди, очди-ю, тубсиз осмон қаърида, тез учиб ўтаётган қора булутлар орасида милт-милт ёнган юлдузларни кўрди. Миясида нимадир ярқ этиб, кенг даштда, бобосининг қароргоҳида ўтган илиқ бир оқшом эсига тушди. Кўз олдига тепаси очиқ ипак чодир ёнида бошини силаб ўтирган момоси Сароймулк хоним келди. Момосининг қўш-қўш олтин узук тақилган оппоқ нозик бармоқлари қуш парларидай майин, қулоғи остида янграган овози ариқ жилдирашидай ёқимли эди: “Уйқинг келмаса юлдузларни томоша қилгайсен, қулуним. Юлдузлар – осмонда учиб юрган худонинг фаришталаридур! Фаришталар меҳрибон бўладур. Уйқунг келмаса юлдузларга қарайсен, тойчоғим…”
Мирзо Улуғбек ўпкаси тўлиб, калима келтира бошлади, лекин кўз ёши аралаш тепасига келиб тўхтаган Сайид Аббоснинг қора қузғун важоҳатини, боши узра кўтарган қиличини кўрди, кўрди-ю ижирғаниб кўзларини юмаркан: “Алвидо, Али! Умидим ёлғиз сендан! Илоҳим менинг бошимга тушган бу савдолар сенинг бошингга тушмагай!.. Ё раб, ёзуғим недур меним?” деб пичирлади.