Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 25 (всего у книги 25 страниц)
– Бўстонимнинг гули! Боғимнинг булбули! Кўзингни оч, олтиним!..
Кимдир лабига дир-дир титраган чойнак тутди. Хуршида бону қуруқшаган лаблари билан бир-икки қултум сув ичди, ичаркан, негадир кўз олдига кўксидаги ўқ-ёйини чангаллаганича отнинг бўйнига муккасидан йиқилган Қаландар келди, қулоқлари остида унинг: “Бону!” деб қичқирган товуши янграб кетгандай бўлди-ю, тирноқларигача ачишиб бетоқат тўлғонди… Қаердандир олисдан, гўё туман орасидан, бобосининг овози эшитилди:
– Ёнидан жилма, кампир… Ҳовлида амир Жондор кутиб ўлтирибди. Мен табибдан хабар оламен…
Амир Жондор!.. Бонунинг назарида, бу икки сўз мисоли симоб янглиғ қулоқларини тешиб ўтди. Амирнинг мудҳиш иши, бонуни силтаб ташлаб, узган ўқи, сўнг, унинг фарёдларига қулоқ солмай, отига ўнгариб олиб қочганлари эсига тушиб, инграб юборди. Ногаҳон миясида бир сўз ярқ этди: “Оғу!”
Ҳа, ҳа, токчада, унинг зеб-зийнатлари солинган тилла қутичасида, узукнинг кўзига яширинган мошдаккина оғу бор. Бу оғуни у ҳарамда топдириб олган, лекин ичишга улгурмаган, Мирзо Улуғбек ҳазратлари ҳарамдан бўшатгач, тилла узугининг кўзига яшириб қўйган эди!..
Хуршида бону кўзлари бежо ёниб, уйнинг токчаларига қаради. Тилла қутича кўринмас эди…
Бону талвасаланиб ўтирган энагасига қаради:
– Энажон. Қутичам, зеб-зийнатларим қайда?
– Ўрнида, оппоғим, ўрнида! – кампир шоша-пиша ўрнидан туриб, икки дарича ўртасидаги токча олдига борди, тилла ва кумуш баркашларнинг орқасига қўл суқиб, таниш тилла қутичани олди.
Хуршида бону қалтироқ қўллари билан қутичани очиб, ажиб товланган қимматбаҳо тошлар ва зеб-зийнатларни титкилашга тутинди: мана ўша, катта ёқут кўзли тилла узук!..
– Энажон!.. – Хуршида бону кампирни уйдан чиқаришнинг баҳонасини тополмай дудуғланди. – Энажон, бир пиёла сув беринг!..
– Сув? – деди кампир тушунмай. – Мана, узум шарбати бор, болам.
– Йўқ, йўқ, сув беринг, энажон, совуқ сув!..
Саросимада қолган шўрлик кампир куймаланганича ташқарига югурди.
Хуршида бону игнача билан узукнинг ёқут кўзини кўчирди. Тангрига шукур! Қора майиздеккина оғу узукнинг кўзига ёпишиб қолган эди. Хуршида бону уни тирноғининг учи билан кўчириб олди, лекин оғзига солишдан олдин, кўнгли бир хил бўлиб, зебзийнатларга тўла чароғон хонага, шифтдаги олтин қандилга, нозик ўймакорлик билан ишланган қуббасимон токчалардаги мунаққаш идишларга бир-бир тикилди.
Бундан бир йил муқаддам, ҳафтада уч марта, худди шу музайян меҳмонхонага унинг дугоналари, доруссалтана зодагонларининг ожизалари йиғилишар эди. Ўртага тутилган ҳарир парданинг бу томонига ёзилган ипак кўрпачаларда ўтиришиб, қиқир-қиқир кулишиб уни – чеҳрасидан аллақандай нур ёғилиб турадиган девқомат мударрисни кутишар эди…
Қаландар Қарноқий кириб келиши билан юзларини ипак дурралар билан тўсиб олган нозанинлар бўйинлари ва қўлларидаги қимматбаҳо зеб-зийнатларини, оёқларидаги қўш-қўш тилла ҳалҳолларини8585
Ҳалҳол – оёққа тақиладиган олтин ҳалқа.
[Закрыть] нафис жаранглатишиб, бир-бирларини туртишиб, шоирнинг эътиборини тортмоқчи бўлишар, лекин жўрттага қовоғини уюб олган Қаландар Қарноқий, бошини китобдан кўтармас, кўтарганда эса ёлғиз унга – Хуршида бонуга нигоҳ ташлар эди…
Бону ўпкаси тўлиб, кўзларини юмаркан, эсига сўнгги видо онлари тушди. Ўшанда, никоҳ хутбасидан кейин, Қаландар уни иягидан ушлаб бошини кўтарди, гўё уни биринчи бор кўраётгандай юзига узоқ тикилиб турди, кейин бўлакча бир меҳр билан ёшли кўзларидан оҳиста ўпаркан:
– Хуршидам! – деди овози дарз кетиб. – Ўзимнинг шаръий манкуҳам!..
Шаръий манкуҳам!.. О парвардигори олам! Нечун ул масъуд дамларни ўзинг инъом этиб, нечун тағин ўзинг маҳрум қилдинг? У дарвешнинг ёзуғи не?
Маъюс хаёлларга чўмган Хуршида бону қўлидаги оғуни тамом эсидан чиқарган эди, даҳлизда шип-шип оёқ товушини эшитиб ҳушига келди. “Гуноҳкор бандангни ўзинг кечиргайсен!”
Бону майиздеккина заҳарни оғзига солди-да, бир қултум совуқ шарбат ичиб ўзини ёстиққа ташлади.
Эшикдан кирган кампир куймаланиб келиб, ёнига чўккалади.
– Сув келтирдим, болам, кўзингни оч!..
Хуршида бону бошини кўтарди, бир қултумгина сув ичиб, яна ўзини ёстиққа ташлади. Сув томоғидан ўтиши билан ичакларига, йўқ, юрагининг остига чўғ теккандай бўлиб “жаз” этди-ю, бесаранжомланиб ингради.
Кампир қўллари қалтираб, яна лабларига пиёла тутди.
– Сенга не бўлди, болажоним?..
Бонунинг юрагига теккан чўғ энди мисоли қиздирилган темирга айланиб, ичакларини жаз-жаз куйдира бошлаган эди. У бетоқат бўлиб бошини кўтарди. Назарида, бутун меҳмонхона, шифтдаги олтин қандил, токчалардаги биллур идишлар, деворларга осилган шерозий гиламлар, ҳаммасини ўт олган, ҳаммаси ловиллаб ёна бошлаган эди. Уйни тутгач бу ўт орасида отининг бўйнини қучоқлаб, питирлаб ётган Қаландар Қарноқий кўринди…
– Энажон!
– Энажон деган тилгинангдан ўргилай! Сув берайми? Мана сув…
– Энажон! – Хуршида бону аллақандай чарақлаб кетган кўзларини кампирга тикди. – Энажон, мен ўламен. Ўлсам… бувамга тилагимни айтинг…
– Қайдаги сўзларни айтасен, болам!..
– Ўлсам… Гўрим Қаландар… Қаландар Қарноқийнинг гўри билан… бир бўлсин!
– Болам! Болажоним! Бу сўзни қайдан топдинг? Қайси Қаландар?..
Хуршида бону кўнгли озиб ўқчиди-ю, ўзини тутиб, кўзларини юмди.
– Нечук эсингиздан чиқди, энажон? Дадамнинг шогирди… Мусофир шоир Қаландар… гўримиз бир бўлғай… – Хуршида бону гапиролмай, мис жомга қараб талпинди.
Кампир бир зум кўзларини катта очиб қотиб қолди, сўнг, фарёд солганича, ташқарига отилди…
27
Ўша куни Оқсарой ёнидаги ҳовлисига келган Али Қушчи, намози асрдан кейин иссиқроқ кийиниб, уйдан чиқди. У мавлоно Муҳиддинни кўришга аҳд қилган эди. Мавлоно Муҳиддин қанча хиёнат қилмасин, номига номуносиб қанча тубанликларга бормасин, унинг ақлдан озиб, занжирбанд қилинганини эшитган Али Қушчи чидаб туролмади. Орадан нималар ўтмасин, улар салкам чорак аср борди-келди қилишган, бир мадрасада таълим олиб, таълим беришган эди. Шу сабабданми, бошқами, мавлоно Муҳиддин тўғрисидаги гаплар уни титратиб юборди. Айни замонда мавлоно Муҳиддиннинг ақлидан озиши тўғрисидаги, хусусан, расадхонадаги куфр китобларни ёндириш маросимига кириб бориб, шайх Низомиддин Хомуш билан шаҳзодага айтган гаплари ҳақидаги миш-мишларни эшитганда Али Қушчининг хаёлига яна ўша эски ўйлар келди: ҳа, бу фоний дунёда ҳақ ва адолат йўқ, деган сўзлар бекор! Яхшиликка яхшилик, ёмонликка ёмонлик қайтгусидур! Ва лекин… Лекин бу ўйлар унинг қалбида тунов кунгидай исёнкор туйғулар эмас, аксинча, аллақандай маъюс ҳислар уйғотди. Ҳайҳот! Мавлоно Муҳиддиндай ўткир фозил, фалакиёт ва илми риёзиёт бобида юксак чўққиларни забт этган зукко аллома, бу ҳақиқатни билмаса ё билмоқдан қўрқса не чора?
Али Қушчи ҳар эҳтимолга қарши, Салоҳиддин заргарнинг уйига тўғри борадиган катта кўчалардан юрмай, айланма йўллар ва тор кўчалардан кетди. Шаҳар бундан етти-саккиз ой муқаддам қандай бўлса шундай, мубҳам бир ҳаёт кечирар, кўча ва гузарларда одам сийрак, расталар, дўконлар ёпиқ, ҳаммаёқ жим-жит эди, лекин бу жимликдан қандайдир совуқ бир таҳликанинг нафаси келар, шунинг учун ҳам ҳаммаёқ тақа-тақ беркилган. Фақат кунлар узайган, илиган, вақт намози асрдан ўтса ҳам, ҳали шафақ сўнмаган, шаҳар ҳарир нимпушти дарпарда билан ўралгандай тиниқ қизғиш шуълага чўмилган эди.
“Боғи шамол” томондан юрган Али Қушчи, Салоҳиддин заргар гузарига яқинлашиб қолган эди, кўча юзидаги эшиклардан бири очилиб, бошига қундуз телпак, эгнига кимхоб тўн кийган, юмюмалоқ бир одам чиқди. Али Қушчи ўзини кўриб-кўрмаганликка олиб, ўтиб кетмоқчи эди, лекин кимхоб тўнли юм-юмалоқ одам, пилдираб келиб қўл қовуштирди.
– Э-э, ассалому алайкум, биродари азиз!..
Али Қушчи бир зум гарангсиб қолди.
Пилдираб келиб таъзим қилган кимхоб тўнли бу юм-юмалоқ кимса… бундан етти ой муқаддам дарвешлар хирқасига ўраниб, яшириниб юрган шоир Мирюсуф Хилватий эди…
– Сиз зоти шарифни ҳибсда кўп азият чекмиш, деб эшитган эдим, кўриб бисёр масрур бўлдим, мавлоно, бисёр масрур бўлдим…
– Оллоҳга шукур, – деди Али Қушчи, нима дейишини билмай.
– Барча илм аҳлини тазйиқ қилган ул хунхўр падаркушдан ҳазар, алҳазар! Аммо тахтимизнинг валиаҳди Мирзо Абдулло кўп соҳиби карам, кўп олижаноб зот деб эшитган эдим, сизни кўриб бунга имоним комил бўлди, мавлоно…
Али Қушчи яна нима дейишини билмай:
– Иншооллоҳ шундай бўлсин, – деб қўйди.
– Бунга шубҳа қилмагайсиз, мавлоно. Мана, камина ул тождори мусулмононинга бир мадҳ битдим, тиласангиз ўқиб берамен, мавлоно! – Мирюсуф Хилватий шундай деб, қўйнидан зар матога ўралган кафтдеккина бир китобчани олди-да, Али Қушчининг розилигини олмасданоқ томоқ қириб ўқий кетди:
Бобонгиз фатҳ этиб шуҳрат қозонди жумла дунёни,
Бу олам кўрмагай эмди, анингдек зоти аълони.
– Шоир Хилватий!
– Лаббай? – Мирюсуф Хилватий илҳом билан порлаган кўзларини китобдан узиб, Али Қушчига қаради.
– Камина бу шеърингизни кўп эшитганмен. Боракалло, сизга!
Али Қушчи оғзи очилганича анграйиб қолган Мирюсуф Хилватийни кўчанинг ўртасида қолдириб, йўлида давом этди. У бир-бир босиб, шоирдан узоқлашиб бораркан, дард билан бош тебратиб:
– О, хом сут эмган бандалар! – деб қўйди.
Шафақ сўнган, шаҳар узра майин қоронғилик қанот ёзмоқда эди.
Али Қушчи Салоҳиддин заргар яшайдиган гузарга етиб борганида ҳаммаёқ қоронғиликка чўмган эди, лекин… ажабо: ҳамиша ёпиқ турадиган қўш табақали темир дарвоза ланг очиқ эди! Дарвозадан кирган жойда, одатда қоровуллар ўтирадиган қоронғи бостирмада ҳеч ким кўринмас, лекин ўрдадай ҳовлида фонуслар ёнар, аллақандай жом ва қумғон кўтарган аёллар икки меҳмонхона орасида у ёқдан-бу ёққа югуришиб юришарди.
“Буларга не бўлди? Мавлоно омонми?”
Ҳовлига кирган жойда ҳайрон бўлиб тўхтаган Али Қушчи рўпарадаги катта меҳмонхонадан чиққан муштдеккина чолни кўриб, унга томон юрди, юрди-ю, беихтиёр яна тўхтади: икки букилиб, муштдеккина бўлиб қолган бу чол… Хожа Салоҳиддин заргар эди!..
Ҳовлидаги фонуслар ва дарчалардан тушган кўк, сариқ, қизғиш шуълада унинг кўзлари телбаларча ёнар, соқоли селкиллаб, боши сарак-сарак қиларди… Али Қушчи кўрган заргар унга қараб талпинди, кейин кўз ёши аралаш:
– Ўғлим… Алоуддин! – деди-да, меҳмонхонанинг мармар зинасига ўтириб қолди.
Али Қушчи чолнинг ёнига бориб чўккалади.
– Мавлоно эсонми, бузруквор?
Заргар бошини сараклатиб, меҳмонхонага ишора қилди, йиғламсираб:
– Мадад бергайсиз, мавлоно! – деди. – Табиб! Табиб бор!
Чолнинг сўзини мавлононинг ҳоли оғир, унга табиб келди, деган маънода тушунган Али Қушчи, ичкарига шошилди. Даҳлизда мис идишлар, чил-чил синган косалар, тўкилган овқатлар сочилиб ётар, ҳавони аллақандай қўланса ҳид тутган эди. Али Қушчи табиб билан олишаётган телба мавлонони кўришдан чўчигандай, даҳлизда журъатсизгина тўхтаб, нафасини ростлади-да, эшикни секин очди…
Чароғон меҳмонхонанинг тўрида, кўзлари бежо бир кампир сочлари тўзғиган беҳуш бир малакни қучоқлаб ўтирар, унинг ёнига бошига учлик оқ қалпоқ, эгнига оқ яктак кийган қотма бир одам тиз чўккан эди. Эшик очилганда бошига учлик оқ қалпоқ кийган одам ялт этиб қаради, сўнг, беҳуш малакни қучоқлаганича қотиб қолган кампирга бир нима деди-да, ўрнидан турди. Шу заҳотиёқ кампирнинг фарёди уйни зир титратди… Эшикдан қоқиниб-суриниб Салоҳиддин заргар кирди ва уйдан чиқаётган табибга тўқнашиб йиқилиб тушди. Табиб уни ўрнидан турғизмоқчи бўлган эди, чол унинг қўлини силтаб ташлаб, ўксиб йиғлаганича ўзини мурда устига ташлади:
– Бўстонимнинг гули! Очилмай сўнган ғунчам! Сен ўлгунча мен ўлсам бўлмасму? Қари қўйдай маъратиб, қари бувангни кимга ташлаб кетмишсен, қўзичоғим?.. Инонган фарзандим сен эдинг! Энди бу давлат, бу хонумоним кимга қолур, олтиним? Кимга?..
Муштдеккина бўлиб қолган заргарнинг гўдакларча фарёди Али Қушчини титратиб юборди. Кўзида ғилт-ғилт ёш, у деворга суянганича гарангсиб турарди. Айни замонда, энаганинг қўлида жонсиз ётган Хуршида бонуни таниган ҳамоноқ, хаёлидан: “Қаландар Қарноқий қайда? – деган фикр ўтди. – Унга не бўлди? Наҳот у бечора ҳам?.. Йўқ! Йўқ! У бечора дарвешни ўзинг асрагайсен, парвардигор…”
Меҳмонхонага фарёд солиб бир гуруҳ хотин-халаж кириб келди. Ҳаммаёқни қий-чув, йиғи тутиб кетди. Али Қушчи пешанасини муштлаб йиғлаётган заргарга тасалли беришини ҳам, чиқиб кетишини ҳам билмай ҳамон гангиб турган эди, кимдир секин қўлидан ушлади.
– Сизни биров йўқлаб келди, мавлоно…
– Қайдан келди?
– Қайдам. Мадраса талабасига ўхшайдур…
Али Қушчи юрагига ўрмалаган совуқ шубҳадан бадани жимирлаб, меҳмонхонадан чиқа бошлаган эди, Хуршида бонунинг тепасида йиғлаб ўтирган кампир:
– Ўғлим Али Қушчи! – деб унга қараб талпинди. Кампирнинг овози шундай алам билан янградики, уйни тутган қий-чув бир зум тинди. Али Қушчи эшикни очганича бўсағада тўхтади.
– Ўғлим Али Қушчи!.. Кўзимизнинг нури… нуридийдам, набирам, жон бераётиб тавалло қилган эди… – кампир гапиролмай юзини шапатилаганича уввос тортди. Ҳамма, ҳатто Салоҳиддин заргарнинг ўзи ҳам йиғидан тўхтаб, унга тикилиб қолди.
– Набирам не деган эди? Тилаги не эди унинг? – Сўзла, кампир! – деди Салоҳиддин заргар, овози қалтираб. Кампир енгининг учи билан кўзини артиб:
– Нуридийдам, набирам, – деди ўксиб, – мусофир шоир Қаландар билан гўримиз бир бўлсин деган эди…
“Мусофир шоир Қаландар билан гўримиз бир бўлсин?! Ё раббий, бу кампир не дейди?..”
Бўсағада гарангсиб турган Али Қушчининг хаёлини Салоҳиддин заргарнинг:
– Шоир, Қаландар?! – деган хитоби бўлди. Ҳозиргина пешанасини муштлаб, гўдаклардай нола чекиб ётган чол ўрнидан туриб кетган, кўзлариб чақнаб айланасига қарар, лекин, чамаси ҳеч кимни кўрмас эди.
– Бу сўзни қайдан топдинг, кампир?! Мен ким, хожа Салоҳиддин заргар, бўстонимнинг гули, ёлғиз набирам, кўзимнинг нури, суюкли набирамни ўшал гадо билан бир ерга кўмаменми? Не деб алжирайсен, кампир?
– Қўзичоғим, – деди кампир йиғлаб. – Қўзичоғимнинг илтижоси…
– Бас! Ёлғиз набирамнинг бошига етган ўшал гадо! Ҳам ўзининг бошига етди ул бетавфиқ, ҳам гулимнинг!
Заргар гапини тугатмаган ҳам эди, кишанларнинг шарақлаши эшитилиб, эшикда… мавлоно Муҳиддин кўринди.
Эгнидаги бўз кўйлагининг ёқаси киндигигача йиртилган, қоқ суяк бадани дир-дир титраган, соқол-мўйловларига тупук сачраган мавлоно Муҳиддин эшикда тўхтаб:
– Тўй? – деди бошини ғалати ликиллатиб. – Бу хонадонда тўй бўладиру, фақирни таклиф қилмайдур!
Мавлоно Муҳиддин мудҳиш ишшайиб бир Али Қушчига, бир жой-жойларида қотиб қолган аёлларга қаради. Сўнг, тўрда сочлари тўзғиб ётган бонуга кўзи тушди, тушди-ю, чуқур ботган бежо кўзларида нимадир ярқ этди. Ярқ этганда тупук сачраган юзидаги мудҳиш ифода саросима билан, саросима изтироб билан алмашди. У яна бир Али Қушчига, бир тирик мурдадай карахт бўлиб қолган отасига қаради, кейин овозининг борича:
– Қизим! – деб чақирди. Бу чинқириқ, гўё қоқ суяк баданни тешиб чиққан бу нидо, шифтдаги олтин қандил, беҳисоб токчаларга терилган ҳисобсиз зеб-зийнат ва олтин баркашларни янгратиб юборди.
– Қизим! Ёлғизим! – Мавлоно Муҳиддин занжирбанд қўлларини ёзганича олдинга талпинди, лекин оёқлари чалиниб кетиб, бўсағага гурсиллаб йиқилди-ю, ўқ теккан қушдай питирлаб қолди.
Мавлонога интилган Али Қушчи эшикдан югуришиб кирган бир неча кишини кўрди-да, юраги зирқираб, ўзини ташқарига олди. У ҳовлига чиқиши билан кимдир ёнига югуриб келди.
– Устод!..
Али Қушчи зўрға ҳушини йиғиб ёнидаги одамга қаради.
– Мирам Чалабий?
– Устод! Қаландар Қарноқий оламдан ўтибди…
– Қачон? – Али Қушчи беихтиёр орқага тисарилди. – Ким хабар қилди?
– Хабарни уста бобо етказди. Боя хуфтонда жасадини Ургутдан олиб келишган эмиш…
Али Қушчи турган жойида чайқалиб кетиб, устунни ушлаб қолди-да, тез юриб ҳовлидан чиқди. Дарвозага борганида меҳмонхонада кўтарилган фарёдни эшитиб беихтиёр тўхтади. Тошни эритадиган бу фарёд орасидан Салоҳиддин заргарнинг “ўғлим!” деган нидоси аниқ эшитилиб турарди.
Али Қушчи, бир лаҳза иккиланиб тургач, юраги зирқираганича дарвозадан чиқди.
* * *
Қаландар Қарноқийни эрта бомдодда, Тиллабиби ётган қабристонга, муштипар кампирнинг ёнига дафн этишди. Дафн маросимида мавлоно Али Қушчи билан уста, Мирам Чалабий билан Мавлоно Коший, Ургутдан марҳумнинг жасадини олиб келган уч-тўрт деҳқон ва Қалқонбек билан Босқонбек бошлаб келган беш-олти темирчилар қатнашди.
Бир кундаёқ ўзини олдириб, мункайиб қолган уста, марҳумнинг жасадини гўрковга ҳам бермай лаҳадга ўз қўли билан қўйди, гувалаларни ўзи териб, ўзи тупроқ тортди. Сўнг, қабр тепасига тиз чўкиб, узоқ тиловат қилди. Чолнинг қора қурум босган серажин юзида, юмуқ кўзларида, аллақандай ҳорғин овозида чуқур қайғу, гўё уста мусофир бир дарвешни эмас, ўз ўғлини тупроққа берган эди. Али Қушчи чолнинг маҳзун овозидан кўнгли эриб, энаси қабри ёнида ер чуқилаб ўтираркан, кўз олдидан кечагина видолашган Қаландар Қарноқийнинг шиддатли қиёфаси кетмас ва негадир ҳақ ва адолат тўғрисида ўйлаган ўйлари қайта-қайта эсига тушарди…
“Ҳайҳот! Нечук бундай қиласен, парвардигори олам? Нечук адолат қиличингни дам шаҳзодадай мустабид қонхўрлар бошига соласен, дам бу мусофир, янглиғ бир бечоранинг орзуумидларини чил-чил синдирасен! Умри гадоликда ўтган бу нотавон камбағалнинг гуноҳи не? Ҳукмингда инсоф ва адолат борми? Агарчи бор бўлса, бу мислсиз жабр нечун? Нечун?”
Али Қушчи елкасида кимнингдир қўлини сезиб, бошини кўтарди. Тепасида Мирам Чалабий турар, одамлар ўринларидан қўзғалишган эди.
Уфқ улкан гулхандай ловиллаб ёнар, олисдан қорли тоғлар чиқаётган офтоб нурида кумуш сочилгандай ялтиллар, кекса қайрағочлар билан ўралган эски қабристонни қушлар нағмаси тутган эди…
Улар қабристондан чиқиб, катта йўлга етганларида Мирам Чалабий билан Мансур Коший тўхтади.
– Ижозат этсангиз, биз шаҳарга қайтамиз, – деди Мансур Коший. – Сиз-чи, устод?
– Мен… – Али Қушчи асосига суяниб, мункайиб кетаётган устанинг кетидан тикилди. – Мен устанинг ёнида бўламен. Бошимизга оғир мусибат тушганида шул қамбағал косиблар ёрдам қўлини чўзган эдилар. Энди биз ҳам бу чолни ёлғиз қолдирмайлик.
Коший “маъқул”, деган маънода бош ирғади.
– Бу тилагингиз мақбулдур, устод. Иншооллоҳ, юрт тинчиб қолур. Тинчиб қолса келиб хабар оламиз…
Мансур Коший сўзини тугатмаган ҳам эдики, Мирам Чалабий:
– Устод! – деди ҳаяжонланиб. – Энди аҳволимиз не бўлади?.. Не юмуш қиламиз?
Али Қушчи Мирамнинг сўзларига жавоб бермай, Ургут тоғларига тикилди. Мирам Чалабийнинг назарида, устод “Аждар ғор”ни қидираётгандай туюлиб, ўзи ҳам офтобда ғалати ялтиллаган юксак чўққиларга кўз тикди… Али Қушчи чуқур тин олиб:
– Шу букунгача не иш қилган бўлсак шу юмушни қиламиз, болам! – деди. – Устод, жаннатмакон Мирзо Улуғбек ҳазратлари ёққан илм шамини ўчирмоқ гуноҳи азим бўлур. Зеро… – Али Қушчининг овози тўсатдан титраб кетди-ю, бўлакча бир самимият касб этди. – Зеро, илм аҳлининг ғанимлари бўлмиш мустабид шоҳлар келиб кета берар, аммо бу маскан, бу заҳматкаш халқ абадул-абад ҳаётдур. Шу юрт ҳурмати, келгуси авлодлар ҳурмати, устод бошлаган улуғ ишни охирига етказмоқ даркор, чироғим.
Али Қушчи Мирам Чалабийни ҳаяжон билан қучиб, елкасини қоқиб қўйди.
Улар қучоқлашиб видолашдилару, ажрашдилар: Мирам Чалабий билан Мансур Коший шаҳар томон йўл олдилар, Али Қушчи эса уста Темур Самарқандийнинг орқасидан кетди…
* * *
Саккиз юз етмиш иккинчи ҳижрий йилнинг куз кунларидан бири эди. Нонуштани Самарқандда қилиб йўлга чиққан юз туялик катта карвон пешинда Доргомдан ўтиб, бепоён ялангликка чиқиб олди. Бир-бирига туташиб кетган боғлар, гавжум қишлоқлар ортда қолди, олдинда, то олис-олислардаги довон тоғларигача тептекис дашт ястаниб ётар, фақат у ер-бу ердагина ясси тепаликлар, ярим хароба кўҳна қўрғонлар, беш-олти уйдангина иборат кичик-кичик қишлоқлар кўзга чалинар эди.
Карвоннинг бошида, бўйинларига офтобда ялт-ялт этган мис қўнғироқлар осилган нортуяларнинг олдида тўрт нафат суворий от ўйнатиб борар, карвоннинг охирида ҳам тўрт нафар навкар кузатиб келар эди. Қарийб ярим фарсаҳ жойга чўзилган бу катта карвон аҳли орасида зарбоф ва кимхоб тўн кийган савдогарлар, бола-чақаларини соябон араваларга ўтқазиб, ўзлари от ўйнатиб бораётган кибор зодагонлар, эшак ва хачир минган фуқаро ва ҳатто бошларидаги кулоҳларини тебратиб, ҳамду сано ўқиб пиёда кетаётган дарвешлар ҳам бор эди. Карвонни кузатиб бораётган бу оломон орасида бошларига мударрислар киядиган учлик қора бахмал такя кийиб, устидан енгилгина дастор ўраган, эгниларига эса қора чакмон устидан енгсиз оқ жома кийган икки киши кескин ажралиб турар, улардан бири – етмишларга бориб қолган бўлса ҳам, кўринишидан бардам, калта қирқилган қордай оппоқ соқоли ўзига хўп ярашган, нигоҳи ўткир, хушсурат бир чол, иккинчиси элликлардан ошгач, лекин соқол-мўйловига деярли оқ тушмаган бир мўйсафид эди.
Саман отини бир меъёрда йўрғалатиб бораётган қотма, хушқомат чол қорамағиздан келган шиддатли чеҳрасига ярашган қалин қошларини чимириб, дам орқага, боғлар ортида қолган Самарқандга тикилар, дам ўнг қўлдаги Ургут тоғларига қадалиб-қадалиб қарар, у бир нимадан безовталанаётганга ўхшар, чуқур ботган ўйчан кўзларида ҳам теран бир қайғу, ҳам аллақандай тараддуд сезилиб турарди…
Карвон олдиндаги ясси қирга чиқиб, олисда “Қароқчи тепа” деган қишлоқ кўриниши билан чол отининг бошини чапга буриб, катта йўлдан узоқлаша бошлади. Унинг орқасидан ёнидаги шериги ҳам отининг бошини бурди. Лекин улар йўлдан узоқлашмаган ҳам эдиларки, отлиқ навкарлардан бири орқаларидан қувиб етди.
– Мавлоно Али Қушчи? Қайга йўл олдингиз?
Олдинда бораётган оқ соқолли хушқомат чол ўгирилиб қаради. Унинг кўзлари қисилиб, лабларига истеҳзоли табассум югурди:
– Қўрқманг! Қочмоқ ниятим йўқдур! Зеро, бу юртдан кетмоқни ўз идроким билан ихтиёр этганмен.
Ясовул хижолат чеккандай томоқ қириб:
– Карвондан қолиб кетасиз, деб қўрқамен, мавлоно, – деди.
– Карвон “Қароқчи тепа”да тунайдими?
– Балли!
– Бир раъкат намоз ўқиб, қувиб етамен.
Ясовул истар-истамас отининг бошини буриб, катта йўлда узоқлашиб бораётган карвонни қувиб кетди.
Али Қушчи кафтини қошларининг устига тутиб, Ургут тоғларига узоқ тикилиб турди, сўнг, дардли хўрсиниб отдан тушаркан:
– Мавлоно Коший! – деди ёнидаги шеригига юзланиб. – Мирам Чалабий шу ерга келур. Унинг йўлини пойлаб турсангиз. Камина ҳозир қайтамен…
Али Қушчи отининг жиловини Мансур Кошийга ушлатди-да, ўзи қир ёнбағридаги шувоқзорга қараб кетди…
“Эй дариғ! Худди ўша жой. Ўша пастқамлик!”
Ҳа, ўшанда ҳам худди мана шундай кун ботай-ботай деб турган кечки пайт эди. Кеч куз бўлса ҳам, осмон беғубор, кун илиқ эди… У маҳалда раҳматли Қаландар Қарноқий ҳам ҳаёт эди. Улар олдин сипоҳлардан ҳадиксираб пастга, пистирмага қочган, кейин эса, устодни таниб, отларининг бошини орқага бурган эдилар, устод ҳам – покиза руҳи гулшани бақода8686
Гулшани бақо – жаннат.
[Закрыть] масрур бўлғай! – устод ҳам уларни таниб, от чоптириб келган эди. Улар худди мана шу шувоқзорда узоқ қучоқлашиб турган, устод, кўзида ҳалқа-ҳалқа ёш, унга сўнгги васиятларини айтган, сўнгги тилакларини сўзлаб, видолашган эди. Эртасига эса, машъум хабар доруссалтанани, наинки доруссалтанани, буткул Мовароуннаҳрни зир титраган эди.
Эвоҳ! У замонларга салкам йигирма йил бўлибди! Бу орада қанча сувлар оқиб кетди. Не-не ҳодисалар юз берди, не-не одамлар оламдан ўтди. Аммо бу ер, бу осмон, ҳарир туман билан ўралган бу юксак тоғлар… ўшанда қандай бўлса шундай турибди. Гўё йигирма йил эмас, йигирма кун ҳам ўтмагандай, устоднинг маҳзун чеҳраси, ғам тўла ўйчан нигоҳи ҳамон кўз олдидан кетмайди. Бир зум кўзини юмса унинг босиқ, мунгли овозини эшитгандай бўлади… Ўшанда, бундан йигирма йил муқаддам, устод мана шу пастқамликда туриб, Али Қушчи билан сўнг бор видолашганида, бу элга қайтмоқ, бу юрт, бу масканни кўрмоқ насиб бўладими, йўқми, деб ғам чеккан, бу ўй, бу ташвишдан кўнгли вайрон эди. Мана энди унинг ўзи ҳам шу ўй, шу ғам билан банддур. Самарқанддан кетмоққа аҳд қилгандан бери, бу ғам туну кун хаёлидан кўтарилмай, юрагини қон қилади. Лекин не чора? У қутлуғ зот оламдан ўтгач, Мовароуннаҳр осмонини чулғаган зулмат булутлари тарқармикин, деган умидда йигирма йил ўтди. Йигирма йил зулмат ичида яшаб бўлса ҳам, устоднинг васиятларини рўёбга чиқармоққа уринди. Бидъат ва хурофот маддоҳларидан яшириб, устоднинг китобларига шарҳлар битди, илми риёзиёт ва илми фалакиёт бобида рисолалар ёзди, қисқаси, устод ёққан илм шамини ўчирмасликка уринди… Гоҳ Абусаид Мирзо, гоҳ эшон Хўжа Аҳрор хуфиялар юбориб, яширилган китобларни топиб беришга даъват этишди, бирда катта рутбалар ваъда беришса, бирда таҳдид қилишди. Али Қушчи барига чидади, йўқчиликда яшаса ҳам катта инъомларга учмади, устодга берган сўзидан қайтмади, сир-асрорини очмади. Лекин бундан не фойда? Устоднинг илми фалакиёт бобида яратган буюк асарлари жаҳон илм аҳлига ҳамон бориб етмади. Шу пок ният, Мирзо Улуғбек битган рисолаларни, илм бобида қилган улуғ кашфиётларини жаҳонга таратмоқ, илм аҳлига етказмоқ нияти энди уни она юртини ташлаб кетмоққа ундади. Она юртини? Йўқ, у киндик қони тўкилган бу тупроқни, барча аждодлари, суюкли энаси Тиллабибининг хоки ётган бу юртни эмас, элни зулмат қўйнига ташлаган хоқонларни, илм аҳлига қилич кўтарган жоҳил гумроҳларни тарк этмоқдадур! У устоднинг асарларини жаҳон илм аҳлига етказолмай ўлиб кетмасам, деб қўрққан эди, хайрият, Абдураҳмон Жомий билан Мир Алишер Навоий ҳазратлари Ҳиротда туриб ёрдам қўлларини чўздилар, Мовароуннаҳр сарҳадидан чиқмоққа ижозатнома олиб бердилар. Мавлоно Али Қушчи у зоти шарифларга кўнглида таҳсинлар айтиб, дуо қилиб, йўлга шайланди… Аммо… яна ўша ўй, ўша ташвиш унинг кўнглини вайрон қилди: киндик қоним тўкилган бу заминга, суюкли она юртимга, яхши-ёмон салкам етмиш йил умр кечирган бу заҳматкаш элимга қайтиб келмоқ насиб бўлурми, ё қолган беш кунлик умрим дарбадарликда ўтиб, хоким мусофир юртида қолиб кетурми, деган фикр уни ларзага солади, буни ўйласа ўпкаси тўлиб, кўзига ғилт-ғилт ёш келади… Мана ҳозир ҳам, жаннатмакон устод билан сўнг бор видолашган бу пастқамликни, унинг табаррук изи қолган бу шувоқзорни кўрганида кўнгли бир хил бўлиб, тиз чўкди-ю, қиблага қараб саждага бош эгди.
“Э, парвардигори олам! Мусофирликда бошимга не кулфатлар солсанг ҳам розимен, аммо хокимни бу тупроқдан бебаҳра қилмагайсен!..”
Мавлоно Али Қушчи кўзларини юмганича кўкка тавалло қилиб узоқ ўтирди. Сўнг, раҳматлик уста Темур Самарқандий ясаб берган пўлат пичоғи билан ерни ковлаб бир сиқим тупроқ олди. Бу тупроқни кеча энаси Тиллабиби қабридан олган бир сиқим тупроққа қўшиб, белига тугди-да, ўрнидан турди, тураркан, катта йўлдан тушиб келаётган икки отлиқни кўрди. Отлиқларнинг бири Мансур Коший, иккинчиси ўттиз беш-қирқ яшар чамасидаги малла соқол, кўзлари кўм-кўк ёш мударрис эди.
Ёш мударрисни кўрганида Али Қушчининг чеҳрасидаги маҳзунлик илиқ табассум билан алмашиб, отлиқларга пешвоз чиқди. Уни кўрган ёш мударрис ҳам отдан сакраб тушиб, қўл қовуштирди.
– Ассалому алайкум, устод!
– Ваалайкум ассалом, ўғлим Мирам! – Али Қушчи бир ёш мударрисга, бир эгар устидаги икки ёни қаппайиб турган хуржунга қаради. – Қалай, “Аждар ғор”да осойишталикми?
– Осойишталик, устод, осойишталик! – деди Мирам Чалабий мулойим кулимсираб. – Устоднинг сандиғини очдим. Барча қўлёзмаларидан бир нусхадан, “Зижи Кўрагоний”дан уч нусха олдим, мавлоно…
– Жаннатмакон Қозизода Румий китоблари эсингдан чиқмадими, ўғлим?
– Йўқ, устод. Ул зоти олийнинг “Риёзиёт”идан бир нусха, Ғиёсиддин Жамшид ҳазратларининг “Ҳандаса”сидан бир нусха олдим, устод…
– Боракалло, ўғлим! – деди Али Қушчи. – Барча сандиқлар жойидами?
– Жойида, устод!
– Ғорнинг оғзини яхши беркитдингми?
– Беркитдим, устод…
– Балли, ўғлим. Хуржунни отимга юкла! – Али Қушчи ҳарир туман орасидан элас-элас кўриниб турган олис тоғларга тикилди, гўё баланд чўққилар орасига яширинган “Аждар ғор”ни кўрмоқчи бўлгандай, узоқ қадалиб қаради. Лекин кун ботган, бояги сийрак булутлар қалинлашиб, тоғ чўққиларини қоплаган эди.
Али Қушчи оғир хўрсиниб, қаршисида бош эгиб турган шогирдларига қаради, гўё ўз-ўзига гапираётгандай оҳиста сўзлади:
– Ҳануз хотирамда. Ўша машъум кечадан сал олдин устод билан худди мана шу ерда учрашиб, видолашган эдик. Раҳматлик устод бу нодир хазинани сақламоқни фақирга юклаган эди. Энди, камина буни икковинга, икковингни Оллоҳга топширамен… Абадул-абад эсларингда бўлғай: Мовароуннаҳр донишларининг ақл дурдоналари йиғилган бу ноёб хазина бўлғуси авлодларга, узоқ зурриётларимизга хизмат қилур. Зероким, Мовароуннаҳр элини чулғаган бу зулмат қанчалик чўзилмасин, бир кун эмас, бир кун бу қора булутлар тарқаб, офтоб чиқажакдур… Ноумид шайтон, фақир ҳам, Мовароуннаҳрни чулғаган бу зулмат тарқаган кунда қайтамен, деган умиддамен. Ва лекин қайтмай мусофирликда оламдан ўтсам… бу хазинани кўз қорачиқларингиздай сақлангиз, сўнг, инонган шогирдларингизга топширингиз, улар ҳам ўз шогирдларига топширғай. Ва шу йўсин зурриётлардин зурриётларга ўтиб, элимиз осмонига офтоб чиққанда яшайдурган бахтли авлодларимизга етиб боргай… Сенлардин тилайдурған бошқа тилагим йўқ. Фақир сиздай шогирдларимдин минг бор розимен. Агарчи осий банда дилларинга озор берган бўлсам, кечиринглар…
– Розимиз, устод.
– Мингдан-минг розимиз!..
Али Қушчи аввал Мансур Коший билан, сўнг Мирам Чалабий билан қучоқлашиб видолашди. Али Қушчи кўз ёшларини яширмай юм-юм йиғлаётган суюкли шогирди Мирам Чалабийни пешанасидан ўпаркан, устод Мирзо Улуғбек ҳам кўзи гирён, уни қучоқлаб узоқ видолашгани эсига тушиб, томоғи ғип бўғилди…
Мирам Чалабий билан Мансур Коший уни катта йўлгача кузатиб қўйишди. Али Қушчи тепага чиққунча орқасига қарай-қарай борди. Тепага чиққач, оёқларини узангига тираб, сўнг марта орқасига қаради.
Шогирдлари пастда қўл силкитишиб турар, Самарқанд, Самарқандгина эмас, яқиндаги боғлар ҳам кўринмас, гўё бутун олам унинг тирқираб оқаётган кўз ёшларига ғарқ бўлган эди. Али Қушчи қўлини сўнг бор силкитиб, шогирдлари билан видолашдида, кўз ёшларини артиб, отининг бошини довонга бурди…
1970-1973.