Текст книги "Улуғбек хазинаси"
Автор книги: Одил Ёкубов
Жанр: Современная русская литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 18 (всего у книги 25 страниц)
12
Кўксаройдан итдай чарчаб қайтган амир Султон Жондор тўшакка кириб, энди кўзи илинган ҳам эди, кимдир елкасидан секин туртди.
– Маъзур тутгайсиз, амирим, Кўксаройдан чопар келмиш.
Амир Жондор кўзларини зўрға очди. Тепасида ёш маҳрами тавозе билан қўл қовуштириб турарди.
– Саройдин келди?
– Саройдин, амирим…
– Чақир! – Амир Жондор уф тортиб, кўзини юмди. Мана, неча ойдурким, ҳар куни аҳвол шу: туну кун тинчлик йўқ. Шаҳзода кечани кеча демай, кундузни кундуз демай чопар юборгани-юборган, гўё у қадимий асилзодалар авлодидан бўлган бообрў лашкарбоши амир Султон Жондор тархон эмас, зоти паст бир маҳрамдай майда-чуйда юмушларни ҳам унга юклагани-юклаган.
Шаҳзода фақат отасини эмас, жигаргўшаси Абдулъазизни ҳам унинг – амир Жондорнинг қўли билан қатл қилди…
Амир Жондор ўша машъум кечани ўйларкан, қатл пайтида ияги қалтираб, ёш боладай юм-юм йиғлаган Абдулъазиз гўё уйга кириб келаётгандай бўлди-ю, ялт этиб эшикка қаради, сўнг, вужудини совуқ тер босиб:
“Осий бандангни ўзинг кечиргайсен, парвардигор!” – деб пичирлади.
Ҳа, бу малъун шаҳзода кўп тубан юмушларни унинг қўли билан қилди. Ўзи бўлса… ўзи сўнгги пайтларда ёмон бир одат чиқарди. Тун ярмигача, аксарият тонг отгунча ухламайди, салтанат ишларини, девонга оид барча ёзишмаларни тунда қилади, иш йўқ пайтларида эса базм қуради. Лекин унинг базмлари ҳам қилиқларидай совуқ. Илгари, Мирзо Улуғбек даврида, доруссалтананинг машҳур шоир ва фозиллари, машшоқ ва хонандалари тўпланадиган чорхари базмхонада ёлғиз ўзи ўтириб, бода ичади, аллақандай мунгли хаёлга чўмиб, оғир тебраниб, машшоқларнинг ғамгин куйларини эшитади, аҳён-аҳёнда ҳарам канизларидан бир-иккитасини чақиртириб, рақсга туширади, лекин аксарият, канизларни ҳайдаб юбориб, яна машшоқларга маҳзун куйлар чалдиради. Ўхтин-ўхтин кўнгли суҳбат тусаб қолган пайтларида амир Жондорни ёхуд қўшни хонада кутиб ўтирган девон бекларидан битта-яримтасини таклиф қилиб, қўлига бир коса бода тутиб меҳмон қилган бўлади… Эй, парвардигори олам! Унинг бошига не кўйларни солдинг? Амир Султон Жондор тархон Мирзо Улуғбекдан юз ўгириб, Мирзо Абдуллатифга юкунганида унинг умиди шу эдими? Шаҳзоданинг ўнг қўли, инонган тоғи, садр аъзами6868
Садр аъзам – биринчи вазир.
[Закрыть] бўламен, деб ўйламаган эдими? Шаҳзода шунчаки номига тахтда ўлтирар, салтанатни эса мен тебратамен, буткул Мовароуннаҳр оёқларим остида бўлади, деган умидда эмасмиди? Барча зоти шарифлар, барча бек ва бекзодалар, бой ва савдогарлар, аркони ҳарб ва аркони давлат, аъён ва боёнлар менинг дарвозамда қўл қовуштириб туради, менинг давлатим, менинг кошонам доруссалтанада энг бадавлат, энг муҳташам бўлади, ҳарамимга эса Мовароуннаҳрнинг энг хушрўй нозанинларини йиғамен, деган ишончда эмасмиди? Шу умидда шаҳзоданинг барча буйруқларини фармони ҳумоюн деб билган, энг тубан, энг разил топшириқларини бажо келтирган эмасмиди? Хўш? Бунинг эвазига ундан не яхшилик кўрди? Бойлиги, шон-шавкати ортдими? Ҳарамидаги бирорта малакни инъом қилдими? Йўқ! Амир Жондор, Салоҳиддин заргарнинг набирасига кўз тиккан эди, заргарга шаръий куёв бўлиб, донғи буткул доруссалтанага кетган бу санамни никоҳимга оламан деган ниятида эди, бу ниятига ҳам етолмади. Энди совчи юбораман, деб турганда, шаҳзода мавлоно лекин, шаҳзоданинг бу ишлари каминага ҳам ёқмайдур.
“Шайтонга дарс берадиган бу Қашқирнинг нияти не? Кўнглимга қўл солиб, сир олмоқму ё бошқа муддаоси борму?”
Амир Жондор кумуш камарини боғлаган бўлиб, унга қарамай сўради:
– Қайси юмушларини айтасен?
– Қайси бирини айтай, амирим? Ўзига маҳрам қилиб олди. Дуруст. Аммо маҳрамликдан не фойда?
“Эй дариғ! Бу не ҳол? Жонимни, бошимни тикиб хизматини қилсам ҳам инонмайди, айғоқчи устига айғоқчи қўяди!”
Тунов куни мавлоно Коший келиб қўйнига қўл солиб кўрди. Аллақандай норози одамлар тўғрисида сўзлади, ҳаммаёқ нотинч, фуқаронинг аҳволи танг, доруссалтанада қаҳатчилик, савдо-сотиқ касод, деб арз қилди, ахийри Али Қушчи билан мавлоно Муҳиддинни суриштириб, олтин ва жавоҳирларга шама қилди. Амир Жондор бир ўйи уни сўзи устида шап ушлаб, шартта зиндонга тиқмоқчи ҳам бўлди-ю, қариндошлик андишасида уришибсўкиб, ҳайдаб чиқарди. Букун бўлса… Илоннинг ёғини ялаган бу муғамбир қўйнига қўл солиб кўрмоқда!..
Амир Жондор қиличини тақиш баҳонасида ҳамон Қашқирга қарамай:
– Сенга ҳайронмен, ғилай, – деди. – Мирзо Улуғбек даврида кўча-кўйда тиланчилик қилиб юрган бир гадо букун шаҳзоданинг муруввати билан ясовул бўлдинг. Тағин не керак сенга, Қашқир?
– Ясовулликдан не фойда? Номи улуғ, супраси қуруқ, амирим!
– Супранг қуруқ бўлса мен не қилай, ясовул бўлдинг, ҳаракат қил, Қашқир!
– Ёлғиз отнинг чанги чиқмас! Қарс икки қўлдан чиқадур, амирим! Бир юмуш бор.
– Не юмуш?
– Хўп десангиз айтамен, аммо қўрқманг. Кўп содиқ одамлар бор…
“Содиқ одамлар? Фаришта тўнидаги бу иблис не дейди? Фитна борми… ё мени синаб кўрмоқчими?”
Амир Жондор шартта бурилиб, Қашқирни гирибонидан ушлаб ўзига тортди.
– Жонингдан умидинг бўлса тўғрисини сўзла: ким сенга мени синамоқни топширди? Шаҳзодами ё шайх Низомиддин Хомуш ҳазратларими? Қорнингни ёриб, ичагингни салла қиламен. Сўзла, иблис! – Амир Жондор ясовулнинг томоғини ғиппа бўғиб олди. Унинг қўллари бургутнинг панжасидай қаттиқ эди. Ясовулнинг ғилай кўзи қинидан чиқиб, олайиб кетди.
– Ким юборди, сўзла, ифрит!
– Биллоҳ ёлғон сўзласам! Бердисини айтгунча белимни синдирманг, амирим…
– Бердиси не? Фитнами?
– Йўқ, олтин, амирим, олтину жавоҳир!..
– Барча фитна, барча қабоҳат олтину жавоҳирдан бошланур! Хўш, қай кўчада ётгандур олтину жавоҳирлар?
– Кўчада эмас, сизнинг қўлингизда, зиндонда ётибди, амирим!
“Зиндонда ётибди! Пирига дўст бўлмаган бу шайтон басир не дейди? Кимни айтади? Шаҳзода Абдуллоними ё шаҳзода Абу Саидними?”
Амир Жондор Қашқирнинг гирибонидан ушлаган қўлларини қаттиқроқ сиқди.
– Кўзингни ўйнатмай очиқ сўзла, шайтон!
Қашқир жон талвасасида унинг қўлида питирлаб хириллади:
– Икки аллома… Али Қушчи билан мавлоно Муҳиддин…
“Аждаҳонинг кўзини чўқиган қузғун! Икки мавлонони қутқариб не қилади? Олтин-жавоҳирларни ким беради? Салоҳиддин заргарми?”
Амир Жондор Қашқирни қаттиқроқ бўғмоқчи бўлди-ю, негадир Коший билан бўлган суҳбат эсига тушиб, қўйиб юборди. Қорнидан тойиб кетган кумуш камарини тўғрилаб, эшикка томон юраркан, пичинг қилди:
– Билиб қўй, Қашқир! Икки кемага оёқ қўйган ғарқ бўлур! Амир Султон Жондор олтин-жавоҳирларга сотилмайди!
Кундуз ёққан қор яхлаб, аёз бошланган эди. Совуқда пишқириб, ер депсиниб турган отлар, туёқлари остидан кўчган муз парчаларини сачратиб, тош йўлни қарсиллатиб чопиб кетди.
Шаҳар кўчалари гўристондай жимжит ва зимистон эди. Ҳар куни бу маҳал эшитилиб турадиган қоровулларнинг шақилдоғи ҳам эшитилмас, қаландарларнинг “ҳақ дўст, ё олло”си ҳам қулоққа чалинмас, кечаси машъал ёқиб даҳа-даҳаларни айланиб юрадиган суворийлар ҳам кўринмас эди.
Амир Жондор олдинда от чоптириб бораркан, ҳамон Қашқирнинг сўзларини ўйларди. У шайтонга тузоқ қўйган бу ясовулнинг илмоғига чап берганидан хурсанд эди. Токи бошига кулоҳ, эгнига хирқа кийиб, кўча-кўйда гадолик қилиб юрган бу дарвешни анчадан бери танир, уни саройда ясовул кийимида кўриб аввал ажабланган, кейин бу ишда шайх Низомиддин Хомушнинг қўли борлигини пайқаб қолган эди… Ҳа, шайхнинг шахсий айғоқчиси ҳисобланмиш бу одамдан эҳтиёт бўлмоқ даркор. Лекин айни замонда Қашқирнинг сўзлари унга тинчлик бермас, ҳамон хаёлидан чиқмас эди… Қашқир “кўп садоқатли одамлар бор”, деди. Қандай одамлар? Мақсадлари не? Наҳот доруссалтанада фитна бўлса-ю, амир Султон Жондор бехабар бўлса? Қаердадир Мирзо Улуғбекнинг суюкли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир яшириниб юрибди. Унинг номини эшитса шаҳзода ҳам дағ-дағ қалтираб қолади. Сўнгги кунларда шаҳар доруғаси Мироншоҳ ҳам камнамо бўлиб қолди. Шайхулислом Бурҳониддин эса, бошдаёқ шаҳзодага рўйхуш бермаган эди, ҳозир қорасини ҳам кўрсатмайди. Эҳтиёти шарт. Ҳар нечук, Қашқир айтган одамларни билиб қўймоқ даркор. Зеро, бу телба шаҳзодага суянмоқ – кўланкага суянмоқ билан баробар. Бойқушнинг кўзларига ўхшаган кўзлари ёмон… Бу кўзлардан қўрқмоқ жоиз…
Амир Жондорнинг хаёлини Кўксарой олдидаги майдонда гулхан ёқиб ўтирган ясовулларнинг овози бўлди. Отлиқларни кўриб, ўрниларидан сакраб турган ясовуллар, амир Жондор билан Қашқирни таниб, жойларига қайтишди. Амир Жондор, отининг жиловини дарвозада қарши олган соқчига тутқазиб, ичкари кирди. Уни сарҳовуз ёнида кутиб олган балхлик занжисифат саройбон саломхонага эмас, негадир ҳарамга ёндош меҳмонхонага бошлади.
Мирзо Абдуллатиф ҳарамга ёндош бу шоҳона хонанинг тўрида, қават-қават шоҳи кўрпачаларда ёнбошлаб ётар, олдидаги хонтахтада бир лаган бедана кабоб билан шаффоф май тўла биллур хитой идиши турарди. Шифтдаги қандил ва токчалардаги олтин шамдонларга терилган шамларнинг кўпчилиги ўчирилган, меҳмонхона ғира-шира эди. Шунинг учунми, тўрда ёнбошлаб ётган шаҳзода амир Жондорнинг юрагида аллақандай ёмон бир шубҳа уйғотди. У қўл қовуштирганича пойгакка чўккаламоқчи эди, лекин шаҳзода ўрнидан қўзғалиб, “бери кел!” деб ишора қилди. Уйқусизликдан киртайиб қолган кўзларини амирнинг кўзларига қадаб, одатдаги саволини берди:
– Хўш, амир? Доруссалтанада не мужда бор?
“Тағин беҳурмат қилиб санлайди!” – Амир Жондор унинг кўзларидан кўзини олиб қочаркан, бошини қуйироқ эгди:
– Иншооллоҳ, осойишталик, давлатпаноҳ.
– Осойишталик бўлса нечун кўзингни яширасен?
Амир Жондор зўраки жилмайди:
– Соябони марҳаматимнинг нурли чеҳрасидан кўз қамашадур…
– Хушомадни биласен, тулки! – деди шаҳзода мастона кулимсираб. – Ва лекин билиб қўй, амир, юрагингда не муддаонг бор – кўзингдан кўриб турибмен.
– Зоти олийларга шон-шавкат тиламоқдан бошқа муродим йўқдур. Салтанатингиз бундан ҳам зиёд…
– Бас! Салтанат ташвишларидан чарчаганмен! – деди шаҳзода. – Кўнглим бошқа бир нимарсани истайди, шуаро тили билан айтганда гул искамоқни тилайди, амирим!
Амир Жондор бирдан енгил тортиб, шаҳзодага қаради, кўзлари мастона сузилиб, жилмайиб ўтирганини кўриб, ўзи ҳам жилмайди.
– Сиз пушти паноҳим искамоқ тиласа ҳарамда гул кўпдур…
– Мен истаган гул ҳарамда йўқдур! – шаҳзода шундай деб, ёстиғи тагидан тилла шақилдоғини олиб, шақиллатди. Эшикда балхлик саройбон кўринди.
– Ҳарам бекасига айт! Кирсин!
Саройбон орқаси билан юриб чиққач, шаҳзода амирга бир пиёла май қуйиб узатди.
– Камина бир гулнинг таърифини эшитдим, амир. Кўнгил шу гулни искамоқни тилайдур…
Жодуликдин ҳар дам ул оҳу кўзинг жон куйдурур,
Гул мисоли икки лабинг лаъли маржон куйдурур…
– Хўш, шеър нечук, амир?
– Аъло, валинеъматим! – амир Жондор бир сипқоришда пиёлани бўшатди, аллақандай шубҳадан кўнгли ғаш бўлиб:
– Сиздай офтоби олам искамоқни тилаган бу гулрухсор қайси гулшаннинг гули экан? – деб сўради.
Мирзо Абдуллатиф унга жавоб бермай, эшикни секин очиб кирган ҳарам бекасига юзланди. Юзига ҳарир ҳаворанг парда ташлаб олган бека, эшикдан кирган жойида икки қўлини кўксига қўйиб, салом берди.
– Ул гулрухсорнинг таърифини мана, бекам айтадур, – деди шаҳзода. – Келинг, бекам, ўлтиринг, тортинманг.
Ҳарам бекаси учига дур қадалган зардўзи кавуши билан гиламни товушсизгина босиб келиб, шаҳзоданинг рўпарасига назокат билан тизза букди. Шаҳзода илжайганича унга ҳам бир пиёла май қуйиб тутди. Ҳарам бекаси таъзим билан пиёлани олди, қўш-қўш узук тақилган нозик бармоқлари билан юзидаги ҳарир ипак пардани кўтариб, майдан бир ҳўплади-да, сузук кўзларини Мирзо Абдуллатифга тикди.
Бека ўттиздан ошган, лекин ҳануз латофатини йўқотмаган, оппоқ юзининг ўнг томонида катта қора холи бор, кўҳлик жувон эди. Амир Жондор унинг пуштиранг ипак кўйлак ва қизил мовут мурсак остида лорсиллаб турган бўлиқ қоматига, пиёлани олаётганда очилган оппоқ қўлларига тикилиб, қулт этиб ютинди. Буни пайқаб қолган шаҳзода қовоғини солди.
– Бекам, ул гулнинг таърифини қилинг амирга…
Ҳарам бекаси ўртасига кўкимтир хол қўйилган қийғоч қошларини чимириб, амирга қаради.
– Амирим ул гулрухсорни кўрмаса-да, таърифини эшитгандур. Шаҳзода Абдулъазиз ҳуснда тенгсиз у нозанинни амир Иброҳимбек ўғлидан тортиб олган эди…
Амир Жондор чўчиб шаҳзодага қаради. Мирзо Абдуллатиф Абдулъазизнинг номини эшитган ҳамон чеҳрасидаги табассум сўниб, юпқа лаблари ҳимарилди, айни замонда негадир кўзлари қисилиб, амир Жондорга қадалди. Амир беихтиёр кўзини олиб қочаркан, хаёлидан: “Эй, дариғ! Бу не кўргулик! – деган фикр ўтди. – Бир умидим шу малак эди…”
– Хўш? Нечук индамайсен, амир? – деди шаҳзода…
– Ул гулнинг таърифини эшитганмен, валинеъмат. Ва лекин…
– Хўш? Сўзла!
Амир Жондор пешанасидан қуйилган совуқ қатраларни сидириб ташлаб, ер остидан ҳарам бекасига кўз ташлади. Шаҳзода буни пайқаб қолиб, бекага имо қилди: “Чиқиб тур!”
Бека истар-истамас ўрнидан туриб, эшикка томон йўналди. Шаҳзода тоқатсизланиб амирга юзланди.
– Не сўзинг бор? Сўзла, амир!
Амир Жондор нима қилишини, нима дейишини билмай талмовсираб қолди.
– Давлатпаноҳ! Ул санам шаҳзода Абдулъазизнинг ҳарамида бўлған. Очилмаган гул-ғунчалар кўпдур.
– Гоҳо очилмаган гулдан очилган гулнинг иси хушбўй бўладур, амир…
– Иккиламчи, маълумингиз бўлғай, бу гул ҳибсда ётган мавлоно Муҳиддиннинг гулшанидан бўлур. Ҳибсда ётган бир кимсанинг ожизасини ҳарамга олмоқ… Сиздай салтанат соҳибининг шон-шавкатига лойиқ бўлурму, ҳазратим?
– Ҳмм… – Мирзо Абдуллатифнинг пешанаси тиришди, ингичка мўйлови асабий қимирлаб:
– Хўш, – деди. – Мавлоно Али Қушчи қалай? Ҳамон иқрор бўлмадиму?
– Худодан қўрққан банда иқрор бўлур, валинеъмат. Бу қайсар нобакор…
– Бас! – шаҳзода қўлларини парқу ёстиқларга тираб, қаддини ростлади. – Иқрор бўлишни тиламаса зиндонда чириб кетсин! Аммо мавлоно Муҳиддинни қамоқдан чиқаргайсен!
Амир Жондор дами ичига тушиб, индамай қолди. Шаҳзода яна бир пиёла шароб қуйиб унга узатаркан:
– Ма, ич, амир, – деди ва кулди. – Билиб қўй, биздай амирулмўминин қўлидан ёлғиз сен май ичурсен.
– Қуллуқ, давлатпаноҳ. Тангрининг марҳамати ёғилиб, салтанатингиз бундан ҳам улуғ бўлсин, илоҳи омин!..
– Омин. Хўш, ул гулрухсор қачон муҳайё бўлади?
Амир Жондор юрагига бир нарса санчилгандай бўлиб, яна шаҳзодага қаради, қаради-ю, унинг синовчан қадалиб қолганини кўриб илжайишга мажбур бўлди.
– Ҳар қалай, маслаҳат шуким, бир ҳафта сабр қилгайсиз, давлатпаноҳ. Салоҳиддин заргар доруссалтанада энг давлатманд, энг баобрў зотлардандур. Унинг камоли иззатини ерга урмай, ўртага одам қўймоқ даркор, давлатпаноҳ…
– Ўзинг совчи бўласен, амир! Аммо ул гулрухсорга кўзингни тикмагайсен. Гулга тикилган кўзингни ўйиб, бошингни сапчадек узиб ташлаймен, амир!.. – Шаҳзода тўсатдан кўзларини қисиб, хохолаб кулиб юборди.
“Бу иблиснинг ҳазили ҳам турқи-тароватидай совуқдир!” Амир Жондор оғир, норғул гавдасини базўр кўтариб ўрнидан турди, кўз олди қоронғилашиб, хонада чиқди-ю, деворни ушлаб қолди. Хаёлида яна ўша аламли фикрлар қуюндай чарх урди.
“Эй дариғ! Бошимга не савдолар солдинг? Ул даҳрий шоҳдан юз ўгириб, бу шаҳзоданинг этагини тутиб, кўрган яхшилигим шу бўлдими? Бир умидим шу гулрухсор эди, бу умидим ҳам Чинмочин чиннисидай чил-чил синдими?” – Амир Жондор хонада қандайдир шарпа эшитиб, кўзини очди. Эшикда балхлик занжисифат саройбон турар, саройбоннинг мушук кўзларига ўхшаган кўк кўзларида, таажжуб, йўқ, аллақандай шубҳа бор эди. Амир Жондор қаддини ростлаб, белидаги камарини тўғрилади.
– Ғилай қайда?
– Ғилай? – деди саройбон тушунмай.
– Ғилай ясовулни айтамен! – Амир Жондор бир кўзини қийшайтириб кўрсатди. Саройбон тушуниб кулиб юборди.
– Дарвозахонада ўлтирибди.
Амир Жондор кўксидаги туғённи босиб, оғир одимлаб хонадан чиқди.
13
Қашқир бир жойда ўтиролмай торгина дарвозахонада қафасга тушган бўридай бетоқат айланиб юрарди. Деворларига суворий совутлар – жибо ва дубулға, қилич ва қалқон осилган дарвозахонада Қашқирдан бошқа ҳеч ким йўқ, ясовуллар дарвоза олдидаги майдонда гулхан ёқиб, исиниб ўтиришарди. У дам-бадам тўхтаб, сарой томонга қулоқ солар, лекин у кутган товуш – нағал қоқилган оғир этикларнинг таниш гурс-гурси эшитилмас, ҳаммаёқ жимжит эди.
Қашқирнинг талвасага тушиши бежиз эмас, у амир Жондордан, тўғрироғи, амир унинг бояги гапларини шаҳзодага айтиб қўйишидан қўрқарди. Бу гап оғзидан қандай чиқиб кетганини Қашқир ўзи ҳам билмай қолди, лекин сўнгги кунларда унинг бошига шундай савдолар тушдики, кўнглидаги розини айтмай чораси қолмади.
Бундан бир ҳафта муқаддам, Қашқирни яна шайх Низомиддин Хомуш чақиртирди. Шайх ундан Кўксаройда содир бўлаётган воқеаларни, шаҳзоданинг бошқа эл-улуслар билан олиб бораётган ёзишмаларини, саркардаларнинг ўзаро муносабатларини, девон бекларининг юмушларини – барини бир-бир суриштирди. Мирзо Улуғбек навкарлари ва шогирдлари, илм аҳлидан кимлар ҳибсга олиниб, кимлар эркка чиқарилганини, хуллас, сўраб-суриштирмаган сир-асрори қолмади. Қашқир пирининг барча сўроқларига жавоб берди, шайх ундан рози бўлгандай эди, лекин сўроқ охирида сўз айланиб яна ном-нишони ўчган Қаландар Қарноқийга бориб тақалди-ю, пири уни қаттиқ койиди. Унга инониб, саройга тайинлаганида, шаҳзоданинг шахсий ясовулларидан бири қилиб кўйганида, қаёқдаги мусофир бир гадони тутолмасанг не қилиб юрибсен, деган сўзларни айтиб, шундай койиди, шундай писанда қилдики, Қашқир пирининг олдидан ер бўлиб, кўнгли чўкиб чиқди.
Ойсиз, зим-зиё, совуқ бир кеча эди. Ғилай аламини арғумоғидан олмоқчи бўлгандай, уст-устига қамчи босди. Лекин қабристон ёнидаги дарвешлар хонақосига яқинлашиб ҳамду сано ўқиётган қаландарларнинг “ё Оллоҳ дўст, ё олло”сини эшитганида, тўсатдан кўнгли бир хил бўлиб кетди. Исириқ ҳиди анқиган хонақоҳга кириб, жулдур кийимли Оллоҳ гадолари орасида ўтиргиси, уларга қўшилиб зикр тушгиси, кўкнори отиб ё наша чекиб узоқ хаёлга толгиси келди. Бу бевафо фоний дунёнинг барча ташвишларини кўнглида зил бўлиб ётган ҳамма ғам-андуҳларини эсидан чиқариб, бир зумга бўлса ҳам, беғам-беташвиш гадога айланиш истаги уни йўлдан бурилишга ундади.
Шифти қуббасимон яримқоронғи хонақоҳда бири зикр тушиб, бири наяки чекиб, яна бири кун бўйи эшикма-эшик юриб топган чақаларини санаб, қора дуд орасида аридай ғувиллашиб ўтирган зоҳидлар Қашқирни қий-чув билан қарши олишди. Бирови уни даргоҳи илоҳийни тарк этган муртад ва кофир, деб сўкса, бирови бошидаги дубулғаси ва эгнидаги совутларига ёпишиб кулги қилди, яна бирови дарҳол қўлига наша тутуни буруқсиган чилим тутди. Наша жуда ўткир эканми ё Қашқир анчадан бери чекмай юргани учунми, бир-икки тортишдаёқ кўз олдини аллақандай туман қоплади, кўнглидаги барча қайғулари тўзғиб, ўзини бошқа бир оламга кириб қолгандай ҳис қилди. У бошидаги дубулғаси, эгнидаги совутини ечиб, кулоҳ кийиб, зикр тушди, кейин бир кафт кўкнори ичиб узоқ хаёлга толди, гадоликда, йўқсилликда ўтган умрини ўйлаб ўпкаси тўлиб йиғлади, ниҳоят хонақоҳнинг қоронғи бир бурчига кириб ухлаб қолди.
У уйғониб кетгач, қанча ухлаганини, қаерда, кимлар орасида ётганини анчагача эслай олмади. Хонақоҳда фақат битта мойчироқ тутаб турар, жулдур хирқаларига ўраниб олган дарвешлар ерга ташланган бўйраларда бир-бирининг пинжларига кириб, пинакка кетишган эди. Қашқир дубулғаси билан қиличини аранг топиб, қўланса ҳидга тўла хонақоҳдан чиққанида тун ярмидан ошиб кетган, булутлар орасида бир ҳовуч чўғдай милтираган Ҳулкар тиккага келган эди.
Қашқир совуқда депсиниб турган бетоқат арғумоғига миниб, қамчи урди… “Мозори шариф” билан Кўксарой ораси анча бор, йўл шаҳар чеккасидаги боғлар, камбағал-косиблар даҳасидаги тор кўчалар, пастак дўкончалардан иборат расталар, пана-пастқам жойлардан ўтар эди. Яланғоч боғлар, токзорлар ҳувиллаб ётар, ҳаммаёқ гўристондай осуда эди… Қашқир боғлардан ўтиб, бозор майдонига чиқди. Сўнг, эскифурушлар растаси олдидан от чоптириб ўтиб, анҳор бўйлаб кетди. Анҳор бўйида темирчи ва чилангарлик дўконлари жойлашган бўлиб, бу ерда ҳам қоровуллар кўринмас эди. Қашқир тўсатдан нечундир юраги ҳувиллаб, отини яна қамчилади. Темирчилик охиридаги чорраҳадан ўнг қўлга бурилиб кулолчилар растасига чиқилар, сўнг, бешиксоз ва эгарсозлар растасидан ўтиб Кўксарой майдонига борилар эди.
Қашқир темирчилик растасининг охирига борганида, баногоҳ олдидан уч нафар отлиқ чиқди. Қашқир уларни тунда шаҳар оралаб юрган суворийлар деб ўйласа ҳам, сесканинқираб, ўзини сал чапга олди. Лекин отлиқлар унга йўл бериш ўрнига қуюндай бостириб келишарди. Қашқир жонҳолатда отининг бошини бурмоқчи бўлди, лекин шу пайт суворийлардан бири ён томондан бостириб келиб бошига қора жун қопга ўхшаган бир нарсани ташлади-да, ипидан тортиб, томоғидан ғип бўғиб олди. Қашқир қоп ичида питирлаб қиличига ёпишди, лекин кимдир қўлларидан “шап” ушлаб орқасига қайирди-да, чилвир билан маҳкам боғлади. Сўнг, эгарга ўнгариб олиб, от чоптириб кетди. Қашқир олача қоп ичида нафаси қайтиб талпиниб кўрди. Бақирай деса кимдир қопнинг боғичини қаттиқроқ тортади-ю, томоғини яна “ғип” бўғиб оларди… Отлиқлар, Қашқирнинг чамасида, бирикки фарсаҳ йўл юришди, қандайдир жарликлардан, ариқлардан ўтишди. Ниҳоят, тўхтаб, уни отдан ағдариб олишди-да, худди гўрга судраб кириб кетаётгандай судраб кетишди. Қашқир даҳшат ичида “тириклайин кўммоқчилар!” деган хаёлга борди. “Вой-дод!” деб бақирган бўлди-ю, ҳушидан кетди.
Қашқир ҳушига келганда чиндан ҳам гўрсимон бир унгурда ётар, тепасида соқол-мўйловлари ўсиб кетган уч-тўрт одам турарди. Қўлларидаги мойчироқ шуъласида юз-кўзларини танғиб олган, соқол-мўйловлари ўсиб кетган бу одамлар Қашқирнинг кўзига ажал бўлиб кўринди-ю, аъзойи бадани музлаб, кўзини қайта юмди. Кимдир ёнига тиз чўкиб, юзига бир пиёла сув сепди.
– Бас, Қашқир! Муғамбирлик қилмай кўзингни оч!
Дўриллаб эшитилган бу товуш алланечук таниш эди. Қашқир кўзини секин очди-ю, тили калимага келмай анграйиб қолди: тепасида энгашиб турган, соқол-мўйлови ўсиб кетган бу кимса… Қаландар Қарноқий эди.
– Қаландар! – деди Қашқир шивирлаб.
– Қалай, ўхшайманми? – Қарноқий кўзини қисиб кулди. – Қани, ўрнингиздан туринг, ясовулим! Гадолик йўлини тарк этган бу қочоқни ушлаб зиндонга солинг!
Қарноқий шундай деб, Қашқирни ёқасидан ушлаб ўрнидан турғазди. – Хўш, жанда ўрнига бу совут, кулоҳ ўрнига дубулға, асо ўрнига қилич муборак бўлғай, иблиси лаин?
Қашқир тушимми, ўнгимми дегандай, кўзини яна юмиб очди… Йўқ, бу кўраётганлари туш эмас, у чиндан ҳам гўрдай совуқ, яримқоронғи ғорда турар, атрофини қора чакмон кийиб, юз-кўзларини қора мато билан танғиб олган, соқол-мўйловлари ўсиб кетган қароқчисифат одамлар қуршаб олган, улар орасида уч ойдан бери дом-дараксиз кетган девқомат Қаландар Қарноқий ҳам бор эди…
Қўрқувдан дир-дир титраган Қашқир, ҳамон гарангсиб кўзлари олазарак бўлиб турарди.
– Ҳа, ясовул? Нечук индамайсен? Ё жандангни совутга алмашганинг учун худонинг қаҳрига учраб гунг бўлиб қолдингми?
Қашқир бошини кўтармай минғирлади:
– Не қилай? Камина бир фақиру ҳақир… Оллоҳнинг хоҳиши…
– Бу фақиру ҳақир қанча бегуноҳнинг ёстиғини қуритиб, қанча мўмин-мусулмоннинг бошини қиличдан ўткарди? Қанча бечорани зиндонга ташлади?
– Худонинг хоҳиши шу эса, не чора?
– Худога тил теккизгунча ўз гуноҳингдан сўзлаб тавба-тазарру қил, эй каззоб! Мавлоно Али Қушчи билан мавлоно Муҳиддинни ҳибсга олган сенми?
– Ммен. Лекин… ёлғиз қилмадум бу юмушни…
– Сўзингни англамадим?..
– Амир Жондор тархон бош-қош бўлмиш.
– Бас! Бу икки зот қайда ётганини биласенми?
Қашқирнинг дилида, гўё зимистонда шам ёнгандай нимадир милт этди. У оҳиста бошини кўтарди. Юзларини боғлаб олган номаълум кимсалар ҳамон уни қуршаб турар, лекин ҳеч бири индамас, ҳеч бирини таниб ҳам бўлмас, ёлғиз соқол-мўйлови ўсиб кетган паҳлавон жусса Қаландар Қарноқий унинг рўпарасида туриб сўроққа тутмоқда эди.
– Биламен…
– Билсанг… уларни қутқармоқнинг иложи борми?
– Қутқармоқ?
– Қочирмоқнинг иложи топилурми, муғамбир?
Қашқирнинг дилида милт этган шам, гўё ёруғроқ ёниб, кўнгли ёришиб кетди. У “иложи топилур!” деб юборгиси келди-ю, кўзи Қаландарнинг ўқдай қадалиб турган кўзларига тушиб, тили ғулдираб қолди.
– Ббуни ўйлаб ккўрмоқ даркор. Ҳибсхонага амир Жжондорсиз кириб бўлмас.
Қаландар уни билагидан ушлаб қаттиқ сиқди.
– Сўзимга қулоқ сол, Қашқир, бу разил юмушларинг эвазига падаркуш шаҳзодадан қанча тилла олдинг?
Қашқир аллақандай кўнгли ўксиб:
– Бир бечора гадойга тиллани ким берадур, – деди. – Марҳамат қилса қорнимизни тўйдирар, бўлмаса у ҳам йўқ…
– Бўлмаса сўзимни эшит, Қашқир: агарчи бу икки мавлонони қутқармоққа ёрдам берсанг… қўлингга юз тилла санаб берамен!..
“Юз тилла! – деди Қашқир ичида. – Юз тиллани қайдан олади, бу гадо!”
Тўсатдан Али Қушчининг қўлида қолган Амир Темур олтинлари тўғрисидаги мишмишлар эсга тушиб, Қашқирнинг кўзи чарақлаб кетди.
– Қайдам, одамларнинг кўнглига қўл солиб кўрмоқ даркор, – деди у эҳтиёткорлик билан. – Бу ёқда амир Жондор бор, бу ёқда девонбеги, зиндонбеги, соқчилар…
Қаландар унинг билагини қаттиқроқ сиқди.
– Муддаонг савдолашмоқми? Нархини оширмоқми?
– Йўқ, йўқ! Қийинлигини айтамен.
– Қийинлигини фақир ҳам билади. Осон бўлса юз тилла ваъда қилмас эрдик.
– Мақсад аён. Чорасини қидириб кўрамен, – деди Қашқир, қўлини бўшатишга уриниб.
– Тўхта, Қашқир! Мавлонолар ётган зиндон саройнинг қай ерида? Аниқ билиб келасен. Уларни қочирмоқ қийин бўлса… зиндонга туйнук очиб кирмоқнинг чораси борми? Буни ҳам билиб келасен…
– Қуллуқ… – Қашқир яна қўлини бўшатмоқчи бўлди, лекин Қарноқий боягидан ҳам қаттиқроқ сиқди.
– Тўхта! Энди охирги сўзимни эшит, Қашқир; мен биламен, сен шайх Низомиддин Хомуш ҳазратларининг амри билан фақирни излаб юрибсен. Шайх менинг бошимға тилла ваъда қилғандур. Тўғриму?..
– Тўғри…
– Яхши билиб қўй, Қашқир, фақирнинг бошини тиллага сотмоқни ўйласанг, ўз бошинг кетади! Бу сирни ошкор этсанг, биздан қочиб қутулмассен! Осмонга чиқсанг, оёғингдан судраб тушамен. Оғзимдан ютиб, қулоғимдан чиқарамен. Уқдингми? Бас! Сенга бир ҳафта муҳлат берамен. Бир ҳафтадан кейин… Кўҳак тоғининг этагидаги ёнғоқзорда, тун ярмида учрашурмиз… Бу сўз маъқул бўлса, каломуллои шарифни қўлингга олиб қасамёд қилгил!
Юзига ниқоб тортган серсоқоллардан бири ёстиқдай келадиган қуръонни қўлига тутқазди. Қашқир уни олиб ўпди, кўзларига суртди…
– Биллоҳи азим…
Қашқир лабларини пичирлатиб қасамёд қилиб бўлган ҳамон даврадагилардан бири қўлидан қуръонни тортиб олиб, бошига бояги қора жун қопни ташлади, бошқалари қўлларини қайириб боғлади, кейин ерга йиқитишиб, гўё бир қоп гўштдай судраб кетишди. Ғордан чиққанларидан кейин бўлса керак, уни кўтариб эгарга ўнгариб олишди-да, қаёққадир от чоптириб кетишди. Улар яна боягидай узоқ йўл юришди, қандайдир жарликлардан, ариқлардан от сакратиб ўтишди. Ниҳоят, бир жойда эгардан тушуришиб, қопнинг боғичини ечдилар-да, ўзлари тасир-тусир от чоптириб кетишди… Қашқир жон талвасасида боғични бўшатиб, бошини қопдан чиқарганида суворийларнинг қораси ўчган, фақат узоқлашиб бораётган от туёқларининг дупуригина эшитилар, чилвири белига боғланган арғумоғи ёнида депсиниб турарди… Қашқир теварак-атрофига разм солди. Уни Зарафшон бўйидаги тўқайзорга ташлаб кетишган, олисда Қаландар айтган Кўҳак тоғи элас-элас қорайиб кўринарди… Қашқир уст-бошини пайпаслаб ушлаб кўрди. Қароқчилар ҳеч нарсага тегмаган – белидаги қиличи, бошидаги дубулғаси – ҳаммаси ўрнида эди… Қашқир отига миниб шаҳар томон йўл олди… У бир неча кунгача гўё бунинг ҳаммасини тушида кўргандай хаёли паришон бўлиб юрди. У нима қилишини билмас эди. Бир-икки марта шайх ҳазратларининг оёғига йиқилиб, содир бўлган воқеани айтиб беришга жазм қилди, лекин ҳар сафар уни ўйлаганида кўз олдига қабрга ўхшаган ғор, уни қуршаб олган қароқчи сифат кимсалар келар, Қаландарнинг “Билиб қўй, Қашқир, бу сирни ошкор этсанг биздан қочиб қутулмассен. Осмонга чиқсанг оёғингдан тортиб тушурмиз!” деган сўзлари эсига тушарди.
Қашқир ҳамон туш кўраётгандай паришонхотир бўлиб юрса ҳам, Қаландарнинг топшириғини унутмади, баъзи нарсаларни зимдан суриштириб кўрди. Лекин Али Қушчи билан мавлоно Муҳиддин ётган ҳибсхонага кириш амримаҳол эди. Бунинг учун ё амир Жондорни қўлга олиш, ё девонбегининг муҳри босилган фармон бўлиши, ёхуд зиндонбегининг қўйнига қўл солиб кўриш керак эди. Қашқир ўйлай-ўйлай, ахири амир Жондорни қўлга олишга аҳд қилди. У кўпдан бери амир Жондорни зимдан кузатиб юрар, сўнгги пайтларда амир аллақандай бесаранжом бўлиб қолганини ҳам сезар эди. Ёлғиз амир Жондор эмас, барча сарой аҳли осойишини йўқотган, ҳамма бир-биридан қўрқар, бирбирига айғоқчилик қилар, зотан, саройда фароғат қолмаган эди.
Қашқир қулай фурсат тополмай юриб, ахири шу бугун ёрилган эди. Лекин амир Жондор ҳушёрлик қилди. Кўнглини очмади…
– Ҳа, Қашқир, нечук қафасга тушган оч қашқирдай тиним билмай айланасен?
Қашқир ёмон бир иш устида қўлга тушгандай ялт этиб қаради. Дарвозахонанинг эшигида амир Жондор турар, унинг бароқ қошлари остига яширинган кўзлари синовчан қисилган, қовоғи уйилган эди.
“Шаҳзода сирни очибди. Уйим куйди!”
Амир Жондорнинг мийиғига кулгу югурди.
– Нечук қалтирайсен, Қашқир? Мана, фармон! Бор, мавлоно Муҳиддинни ҳибсдан чиқариб олиб кел!
Қашқирнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
– Али Қушчи гуноҳига иқрор бўлганми?
– Али Қушчи ўлганда иқрор бўлур! Мавлоно Муҳиддинни айтамен.
– Али Қушчи иқрор бўлмаса, нечук мавлоно Муҳиддин ҳибсдан бўшатилур?
– Сабаби… – Амир Жондор заҳарханда билан кулди. – Сабаби, давлатпаноҳнинг ишқи мавлоно Муҳиддиннинг ожизасига тушибди.
– Қайси ожизаси? – деди Қашқир ҳайрон бўлиб. – Шаҳзода Абдулъазиз хуштор бўлиб, амир Иброҳимбекнинг ўғлидан тортиб олган малак эмасми?
– Сен билмаган сир-асрор йўқ, муғамбир!
– Биламен. Сабаби… Қаландар Қарноқий деган бир дарвеш… Қашқир сўзини охирига етказмай ғудраниб қолди.
– Қайси Қарноқий? Не деб ғулдирайсен, шайтони басир?
– Э-э, амирим, бир девона бор эди, шу санамни деб ҳушидан айрилған… Хўш, зиндонга тушамизми?
– Ўзинг тушиб, олиб чиқ!
– Сиз тушмасангиз, зиндонбеги фақирга инонмас, амирим.
– Хўп, юр! – деди амир, лекин дарвозахонадан чиқишдан олдин Қашқирнинг елкасидан ушлаб тўхтатди. – Тўхта, Қашқир. Боя бир сўз айтган эдинг…
– Қайси сўз?
– Ишончли кишилар бор деган эдинг…
Қашқир ҳадиксираб эшикка қаради, сўнг амирнинг қулоғига эгилиб шивирлади:
– Кўксарой бу сўзни айтадурған жой эмасдур, амирим… Бошқа пайт айтамен.